язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Лицензиялаш ва сертификатлаштириш/ Телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.11.2000 й. 458-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 22 ноябрдаги

458-сон қарорига

2-ИЛОВА



Телекоммуникациялар соҳасидаги

фаолиятни лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Алоқа тўғрисида", "Телекоммуникациялар тўғрисида", "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги қонунларга мувофиқ ишлаб чиқилган ва телекоммуникациялар соҳасида лицензиялаш тартибини, лицензия талаблари ва шартларини белгилаб беради.


2. Телекоммуникациялар соҳасида юридик шахслар фаолияти турларини лицензиялашни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (кейинги ўринларда "лицензияловчи орган" деб юритилади) амалга оширади.

3. Телекоммуникациялар қуйидаги турларининг, яъни:

маҳаллий тармоқлар;

шаҳарлараро тармоқлар;

халқаро тармоқлар;

кўчма радиотелефон алоқа тармоқлари;

маълумотлар узатиш тармоқлари;

телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (трансляция қилиш) тармоқлари лойиҳалаштирилиши, қурилиши*, улардан фойдаланиш** ва уларнинг хизматлар кўрсатиши лицензияланиши шарт.

4. Юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар (якка тартибдаги тадбиркорлар)нинг телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятнинг лицензияланадиган турларини амалга ошириши тақиқланади.

5. Агар:

телекўрсатувнинг кабель тармоғи ва радиоэшиттиришнинг симли тармоғи бир муассаса, ўқув юрти ёки саноат корхонаси биноси ва ҳудуди билан чекланган ёхуд абонентларнинг умумий сони 10 тадан ортиқ бўлмаса;

юридик шахс маҳаллий, шаҳарлараро алоқа хизматлари кўрсатса, шунингдек дўкончалар, лавкалар, дўконлар, барлар, ресторанлар, дорихоналар, ўйин комплекслари, санаторийларда, автомобиль бош йўллари бўйида маҳаллий тармоқлар операторлари томонидан ажратилган телефон рақамларидан халқаро телефон сўзлашувлари хизматлари кўрсатса (алоқанинг таксофон хизматлари) ва факс бўйича ахборотни жўнатса (ва қабул қилса);

фаолият аҳолининг ҳаёти ва соғлигига хавф солувчи ҳамда қутқариш ва авария-тузатиш ишларини талаб этувчи табиий офатлар, эпидемиялар, йирик ҳалокатлар оқибатларини тугатиш билан, шунингдек фақат давлат бошқаруви, мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш мақсадларида фойдаланиш учун мўлжалланган телекоммуникациялар тармоғини ташкил этиш ва уларнинг ишлаши билан боғлиқ бўлса лицензия олиш талаб этилмайди;

телекоммуникациялар тармоқларидан (маҳаллий, радиотелефон, маълумотлар узатиш) телекоммуникациялар хизматлари кўрсатмасдан фақат ишлаб чиқариш-технология мақсадларида фойдаланилади.

Маҳаллий тармоқлар операторлари томонидан ажратилган телефон рақамларидан телекоммуникация хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, телекоммуникациялар операторлари билан тузилган шартномалар асосида амалга оширадилар.


II. ЛИЦЕНЗИЯЛАР


6. Телекоммуникациялар соҳасида фаолиятни амалга оширишга лицензиялар намунавий (оддий) ёки якка тартибдаги лицензиялар бўлиши мумкин.

Намунавий (оддий) лицензиялар жумласига телекоммуникациялар соҳасида ягона шартлар ва талаблар асосида фаолиятни амалга оширишга чекланмаган доирадаги юридик шахсларга бериладиган лицензиялар киради.

Якка тартибдаги лицензиялар жумласига юридик шахсларга алоҳида талаблар ва шартлар асосида бериладиган, лицензиатларга фаолиятнинг мазкур турини амалга оширишда мутлақ ҳуқуқлар берувчи, миқдорий чекланган лицензиялар киради. Якка тартибдаги лицензиялар аниқ шароитларга қараб миқдори, муддати, амал қилиш ҳудуди, фаолият объектига кўра чекланади. Бунда якка тартибдаги лицензияларнинг амал қилиш муддати 5 йилдан кам бўлиши мумкин эмас.

7. Якка тартибдаги лицензиялар маҳаллий, шаҳарлараро, халқаро тармоқлар, кўчма радиотелефон алоқа, маълумотлар узатиш, телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (трансляция қилиш) тармоқлари лойиҳалаштирилиши, қурилиши, улардан фойдаланиш ва телекоммуникация хизматлари кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширишга берилади.

Халқаро тармоқлар лойиҳалаштирилиши, қурилиши, улардан фойдаланиш ва телекоммуникациялар хизматлари кўрсатишга якка тартибдаги лицензия биринчи марта фақат битта даъвогарга берилади, унинг амал қилиш муддати тамом бўлгач фаолиятнинг мазкур турини амалга оширишга якка тартибдаги лицензиялар бошқа даъвогарларга ҳам берилиши мумкин.

Телекоммуникациялар соҳасида фаолиятнинг айрим турларига якка тартибдаги лицензиялар бериш танлов (тендер) асосида амалга оширилиши мумкин. Танловлар (тендерлар) ўтказиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Танловлар (тендерлар) ўтказиш шартлари, тендер таклифларини кўриб чиқиш муддатлари, малака талаблари, лицензия талаблари лойиҳалари ва лицензия бериш учун даъвогарларни танлаш шартлари, мезонлари матбуотда эълон қилинади.


8. Лицензия ҳар бир лицензияланадиган фаолият тури учун алоҳида берилади. Лицензия даъвогарининг аризасига мувофиқ лицензия лицензияланаётган фаолият турининг бир қисмига (қисмларига) берилиши мумкин.


9. Амалга оширилиши учун лицензия олинган фаолият тури фақат лицензияни олган юридик шахс томонидан амалга оширилиши мумкин. Лицензияларни ёки уларга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.

10. Амалга оширилиши учун лицензия берилган фаолият, агар лицензия талаблари ва шартларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амалга оширилиши мумкин.


11. Маҳаллий, шаҳарлараро, халқаро тармоқлар, кўчма радиотелефон алоқа тармоқлар лойиҳалаштирилиши, қурилиши, улардан фойдаланиш ва коммуникациялар хизматлари кўрсатишга лицензиялар 15 йилгача бўлган муддатга, бироқ камида 5 йил муддатга берилади. Бунда халқаро тармоқларини лойиҳалаштирилиши, қурилиши, улардан фойдаланиш ва телекоммуникациялар хизматлари кўрсатишга мазкур Низомга мувофиқ биринчи марта берилган якка тартибдаги лицензиянинг амал қилиш муддати 5 йилдан ортиқ бўлмайди.

12. Маълумотларни узатиш тармоқлари лойиҳалаштирилиши, қурилиши, улардан фойдаланиш ва улар хизматларини кўрсатишга ҳамда телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (трансляция ва ретрансляция қилиш)га лицензия 5 йил муддатга берилади.


III. ЛИЦЕНЗИЯЛАР БЕРИШ


14. Лицензия олиш учун лицензия даъвогари лицензияловчи органга қуйидагиларни тақдим этади:

а) лицензия бериш тўғрисида белгиланган шакл бўйича ариза, унда:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган ери (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банк муассасасидаги ҳисоб рақами зарурат бўлганда электрон манзили (1-илова);

юридик шахс амалга оширишни мўлжаллаган фаолиятнинг лицензияланаётган тури (унинг бир қисми) ҳамда фаолиятнинг мазкур тури амалга ошириладиган муддат кўрсатилади;

б) юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

в) лицензияловчи орган лицензия даъвогарининг аризасини кўриб чиқиши учун лицензия даъвогари энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

д) қуйидагилар:

телекоммуникациялар тармоқларини ишлатиш ва (ёки) улар хизматларини кўрсатиш учун лицензия олишда - телекоммуникациялар асосий техник воситаларининг (мулк ҳуқуқида ёки бошқа қонуний асосда мавжуд бўлган) тавсифи, радиочастоталарнинг диапазонлари ва номиналлари (улардан фойдаланишда) кўрсатилган ҳолда уларнинг рўйхати;

телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш ва (ёки) қуриш учун лицензия олишда - лойиҳалаштириш, қурилиш ишларини амалга ошириш учун зарур бўлган техник воситалар (мулк ҳуқуқида ёки бошқа қонуний асосда мавжуд бўлган) ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг рўйхати;

е) тармоқни ташкил этиш режаси ва ривожлантириш прогнози, белгиланган шакл бўйича бажариладиган ишларга қараб бошқа зарур маълумотлар (абонентлар, шаҳарлараро портлар, халқаро станция-лар, маълумотларни узатиш тизимлари ва тармоқлари, қоплаш зоналари сони ва телекоммуникацияларнинг аниқ тармоқлари ёки иншоотлари учун бошқа параметрлар);

ж) лицензия талабгори томонидан телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятнинг айрим турларига лицензия олиш учун қўйиладиган талаблар ва шартлар бажарилиши имкониятини тасдиқловчи ҳужжатлар;

санитария, ёнғин нормалари ва объектни қўриқлаш талабларига мувофиқлик тўғрисида тегишли органларнинг хулосаси;

Ўзбекистон Республикасининг радиочастоталаридан фойдаланиш ва уларни назорат қилиш бўйича органларнинг берилган частоталардан фойдаланиш имконияти, узатувчи қурилмалар қуввати тўғрисидаги маълумотлар (радиоалоқа воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ фаолиятга лицензия олишда);

бошқа шахсга тегишли асбоб-ускунадан фойдаланиш мўлжалланаётган тақдирда ушбу асбоб-ускуна ижарага олинганлиги (фойдаланилганлиги)ни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади. Тасдиқлаш шартнома ёки унинг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхасини тақдим этиш тарзида бўлиши мумкин;

телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш ва (ёки) қуриш учун лицензия олишда - олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг, телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш бўйича мутахассислар меҳнат дафтарчасининг нусхалари.

Ўз тармоғини яратиш ҳуқуқисиз маълумотларни узатиш тармоқлари, шу жумладан Интернет, маълумотларни узатиш операторлари тармоғи орқали провайдер хизматлари кўрсатишга лицензия олишда мазкур банднинг "г", "д" ва "е" кичик бандларида назарда тутилган ҳужжатлар тақдим этилмайди.

15. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан учинчи мамлакатларга хорижий теле ва радио станцияларнинг дастурларини ретрансляция қилиш учун лицензия бериш тўғрисида ариза берилганда халқаро битимларнинг тегишли шартларига мувофиқ қўшимча ҳужжатлар талаб этилади.


16. Ҳужжатлар лицензия даъвогари томонидан лицензияловчи органга бевосита, почта алоқа воситаси ёки ахборот тизимлари орқали электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақидаги хабарномани олган ҳолда, тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензия даъвогарининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

17. Лицензия олиш учун лицензияловчи органга тақдим этилган ҳужжатлар рўйхат бўйича масъул шахс (эксперт комиссияси котиби) томонидан қабул қилинади, уларнинг нусхалари ҳужжатлар кўрсатиб ўтилган орган томонидан қабул қилинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда лицензия талабгорига бевосита, почта алоқа воситаси орқали ёки ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали электрон шаклда юборилади (топширилади).

18. Нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни тақдим этганлик учун лицензия даъвогари қонунга мувофиқ жавоб беради.


19. Лицензияловчи орган томонидан лицензия даъвогарининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун фаолиятнинг ҳар бир тури бўйича Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Лицензия даъвогарларининг аризаларини кўриб чиққанлик учун йиғим суммалари лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.

Лицензия даъвогари берган аризасидан воз кечган ёки лицензияловчи орган томонидан лицензия бериш рад этилган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


20. Лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарорни лицензияловчи орган барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда лицензия даъвогарининг аризаси олинган кундан бошлаб йигирма кундан кечикмай қабул қилади.

Лицензиялар бериш тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш ва улар бўйича хулоса тайёрлаш учун лицензияловчи органда эксперт комиссияси ташкил этилади. Эксперт комиссиясига Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари раҳбарлик қилади, лицензиялаш масалалари унинг функционал вазифаларига киради. Эксперт комиссияси таркибига телекоммуникациялар техникаси ва технологияси, юриспруденция, радиочастота спекторидан фойдаланиш, бозор қайта ўзгартиришлари, телекоммуникациялар соҳасида Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг маркази назорат органи ва бошқа йўналишлар бўйича мутахассислар киритилади. Эксперт комиссияси тўғрисидаги низом ва унинг шахсий таркиби лицензияловчи орган томонидан тасдиқланади. Эксперт комиссияси бир ойда камида бир марта мажлис ўтказади.

Эксперт комиссияси лицензия талабгорининг барча зарур ҳужжатлар билан биргаликдаги аризаси олинган кундан бошлаб 15 кундан ошмайдиган муддатда тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва Телекоммуникациялар соҳасида тегишли фаолият турлари бўйича оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг маркази хулосасини ҳисобга олган ҳолда улар бўйича лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги эксперт хулосасини тайёрлайди.

Лицензияловчи орган беш кун муддатда эксперт комиссиясининг хулосаси асосида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Лицензияловчи орган зарурият бўлганда тегишли хулосалар тайёрлаш учун экспертларни ўз маблағлари ҳисобига шартнома асосида жалб этишга ҳақлидир.

Телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш мазкур Низомга 4-иловага мувофиқ схемага биноан амалга оширилади.

21. Лицензияловчи орган лицензия даъвогарини қабул қилинган қарор тўғрисида банк ҳисоб рақами реквизитлари ва давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида ёзма шаклда почта алоқаси ёки ахборот-коммуникация технологиялари воситаларини қўллаш орқали хабардор қилади.

22. Лицензиялар лицензия талабгори томонидан давлат божи тўлангандан ҳамда лицензия талабгори ва лицензияловчи орган томонидан лицензия битими имзолангандан кейин бир кун муддатда берилади.

23. Агар лицензиат унга лицензия бериш тўғрисидаги қарор қабул қилингани ҳақидаги хабарнома юборилган (топширилган) пайтдан эътиборан уч ой ичида лицензияловчи органга лицензия берганлик учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаган ёки лицензия шартномасини имзоламаган бўлса, лицензияловчи орган мазкур лицензияни бекор қилишга ҳақли.


24. Лицензия лицензиатларни телекоммуникациялар воситалари лойиҳалаштирилиши, қурилиши ва улардан фойдаланиш ҳамда хизматлар кўрсатиш бўйича амалдаги қоидаларда назарда тутилган зарур гувоҳномалар, сертификатлар ва бошқа ҳужжатлар олиш мажбуриятидан озод этмайди.


25. Лицензия бериш ёки лицензиянинг амал қилиш муддати узайтирилиши рад этилишининг сабаблари қуйидагилар бўлиши мумкин:

лицензия даъвогарининг ҳужжатларни лозим тарзда расмийлаштирмай тақдим этиши;

лицензия даъвогари тақдим этган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;

лицензия даъвогарининг лицензия талаблари ва шартларига, шунингдек танлов (тендер) шартларига номувофиқлиги.

Бошқа асосларга кўра, шу жумладан лицензия бериш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.


26. Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарнома лицензия даъвогарига ёзма шаклда почта алоқаси, ёхуд ахборот-коммуникация технологиялари воситаларини қўллаш орқали, рад этишнинг сабаблари ва лицензия даъвогари кўрсатилган сабабларни бартараф қилиб, ҳужжатларни кўриб чиқиш учун такрор тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

Лицензия талабгори лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабабларни бартараф этган тақдирда, ҳужжатларни такрорий кўриб чиқиш лицензия талабгорининг барча зарур ҳужжатлар билан бирга олган кундан бошлаб ўн кундан ошмаган муддатда амалга оширилади. Аризаларнинг такрорий кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгорларидан йиғим ундирилмайди.

Лицензия талабгорининг аризасини такрорий кўриб чиқишда лицензия беришнинг лицензия бериш рад этилиши тўғрисидаги билдиришномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этилишига йўл қўйилмайди.

Лицензия беришнинг рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

Эксперт комиссияси олти кундан ошмайдиган муддатда тақдим этилган ҳужжатларни такроран кўриб чиқади ва улар бўйича лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида эксперт хулосасини тайёрлайди.

Лицензияловчи орган тўрт кун муддатда эксперт комиссиясининг хулосаси асосида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

27. Лицензия даъвогари лицензияловчи органнинг лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.


28. Лицензиялар махсус бланкаларда расмийлаштирилади (3-илова). Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Лицензиялар бланкалари лицензияловчи органнинг буюртмаси бўйича "Давлат белгиси" давлат ишлаб чиқариш бирлашмасида босмахона усулида тайёрланади. Лицензияловчи органнинг раҳбари лицензия бланкалари ҳисобга олиниши, сақланиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун белгиланган тартибда жавоб беради.

29. Амал қилиш муддати тамом бўлмаган йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига даъвогарнинг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.

Бунда лицензиат йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензиянинг ҳақиқий эмаслиги тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон бериши, шунингдек лицензияловчи органга ушбу эълонни тақдим этиши шарт.

Лицензия дубликати берилганлиги учун лицензия бериш тўғрисида лицензия даъвогарининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.


30. Лицензиялар, лицензия битимлари Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири томонидан имзоланади.


IV. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


31. Фаолиятнинг тегишли турларига лицензия талаблари ва шартларида уларнинг хусусиятига боғлиқ равишда якка тартибдаги ва намунавий лицензиялар учун умумий бўлган қуйидаги асосий маълумотлар, тавсифлар, талаблар ва шартлар бўлиши керак:

лицензия доирасида амалга оширишга рухсат бериладиган телекоммуникациялар соҳасидаги фаолият турлари;

лицензиат томонидан қонун ҳужжатларига риоя этилиши;

лицензияланадиган фаолиятни амалга оширишга рухсат этиладиган ҳудуд чегараси;

асосий асбоб-ускуна ва иншоотларнинг техник тавсифлари;

радиочастоталарнинг ажратилган номиналлари ёки полосалари (телевизион каналларнинг номерлари, кўчма радио алоқа ва симсиз фойдаланиш стандартларининг номи ва бошқалар);

тармоқларни ривожлантиришни ташкил этиш режаси ва прогнози;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда телекоммуникацияларнинг техник воситаларини сертификациялашни таъминлаш;

кўрсатиладиган хизматларнинг белгиланган сифат меъёрларини таъминлаш;

фойдаланувчиларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларига риоя қилиш;

тармоқлараро қўшилишларни ташкил этиш, бошқа операторлар ва провайдерларга ўз тармоғидан фойдаланиш, шунингдек улар ўртасида ўзаро-ҳисоб-китоб шартлари ва тартиби;

техник протоколлар ва тармоқлараро қўшилишлар спецификацияларнинг номи, тармоқларни номерлаш режаси, телекоммуникациялар воситаларидан фойдаланиш тавсифлари;

давлат хавфсизлиги ва мудофаа қобилияти, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари манфаатлари йўлида ва алоҳида муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирларни ўтказишда телекоммуникациялар воситалари ишларини таъминлаш бўйича махсус талаблар;

берилган номиналлар ёки радиочастоталар полосаларидан фойдаланиш тартиби;

хизматлар кўрсатиш шартлари, тарифлар ва ахборот маълумотларини мижозларга етказиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари лицензияловчи органнинг расмий веб-сайти орқали етказиш;

телефон орқали гаплашишлар, телеграф ва телекоммуникациялар тармоқлари бўйича бериладиган бошқа хабарларнинг махфийлигини, ахборот хавфсизлигини, шу жумладан телекоммуникациялар объект-лари ва иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш;

фавқулодда ҳолатларда, шунингдек оператив-қидирув тадбирларини ўтказиш учун асбоб-ускуналарни ўрнатиш ва уларнинг ишлашини таъминлаш бўйича телекоммуникациялар тармоқларини тайёрлаб қўйиш ва уларни ишлатиш;

умумдавлат вазифаларини ҳал этиш учун телекоммуникацияларни ривожлантиришнинг миллий дастурларини амалга оширишда лицензиатнинг иштирок этиши;

атроф муҳитни ва инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, хавфсизлик техникаси ва меҳнатни муҳофаза қилиш, ёнғинга қарши хавфсизлик ва саноат санитарияси;

телекоммуникациялар тармоқлари, иншоотлари ва объектларини лойиҳалаш ва қуриш;

фаолиятни бошлаш ва хизматлар кўрсатиш шартлари ва муддати;

оператив-техник бошқарув тизими билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;

лицензияланадиган фаолият тўғрисидаги маълумотларни лицензияловчи ва назорат қилувчи органга бериш;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ телекоммуникациялар хизматларидан фойдаланишда имтиёзлар ва афзалликлар бериш;

телекўрсатувлар, радиоэшиттиришларни тарқатиш (трансляция қилиш) ва маълумотларни узатиш тармоқларидан фойдаланиш ва хизматлар кўрсатиш учун Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтиш.

телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш ва (ёки) қуриш учун лицензия олишда - юридик шахс штатида телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш ва қуриш бўйича камида беш йил иш стажига, олий техник маълумотга эга бўлган камида уч нафар мутахассиснинг мавжуд бўлиши;

қурилиш меъёрлари ва нормаларига, идоравий техник лойиҳалаштириш меъёрларига риоя қилиш;

Якка тартибдаги лицензияларда қўшимча равишда қуйидаги мажбурий талаблар ва шартлар бўлиши керак:

лицензиатлар томонидан қишлоқ жойлардаги, аҳоли сийрак ва бориш қийин бўлган туманлардаги фойдаланувчилар учун мажбурий равишда кўрсатиладиган хизматларнинг номи;

белгиланган тарифлар бўйича, шу жумладан қишлоқ жойларда, аҳоли сийрак ва бориш қийин бўлган туманларда универсал хизматлар кўрсатилишини таъминлаш;

умумий фойдаланиладиган телекоммуникациялар тармоқларига адолатлилик ва камситмаслик асосида рухсат бериш;

умумий фойдаланиладиган телекоммуникация тармоғини ривожлантириш режаси прогнози (белгиланган ҳудудни қамраб олиш, узатувчи аппарат қувватини ва абонентлар сонини кўпайтириш ва бошқалар).

Лицензия талаблари ва шартлари фаолиятнинг лицензияланаётган турининг хусусиятига қараб бошқа маълумот, талаб ва шартларни ўз ичига олади.



V. ЛИЦЕНЗИЯЛАРНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ

УЗАЙТИРИШ ВА УЛАРНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ


32. Лицензиянинг амал қилиш муддати тугагач, у лицензиатнинг аризасига биноан узайтирилиши мумкин.


33. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати тугашидан камида икки ой олдин берилиши лозим.


34. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади ва лицензиат йиғимлар ва давлат божларининг белгиланган миқдорида тегишлича ҳақ тўлайди.


35. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш илгари берилган лицензия бланкасига махсус белги қўйиш йўли билан амалга оширилади. Бунда лицензия шартномасининг амал қилиш муддати ўз-ўзидан худди шу муддатга узайтирилган ҳисобланади.

Телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятга берилган лицензияларнинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензия талаблари ва шартларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга олиб келмайди.


36. Лицензиат юридик шахс ўзгартирилганда, унинг номи ёки жойлашган ўрни (почта манзили) ўзгарган ҳолларда лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтгандан сўнг бир ой муддатда кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида лицензияловчи органга ариза бериши шарт.

37. Ҳужжатлар лицензиат томонидан лицензияловчи органга бевосита ёки почта алоқаси, ёхуд ахборот тизимлари орқали электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақидаги хабарномани олган ҳолда тақдим этилади.

38. Лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар лицензиат унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.

39. Лицензияни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризани олган кундан бошлаб беш кун ичида амалга оширилади.


40. Лицензия қайта расмийлаштирилганда лицензия даъвогарининг лицензия бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.

Йиғим суммаси лицензияловчи орган ҳисобрақамига ўтказилади.



VI. ДАВЛАТ БОЖИНИ ТЎЛАШ


41. Лицензия берганлик ва лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун давлат божи ундирилади.

Телекоммуникациялар соҳасидаги давлат божи лицензияни олиш билан бир вақтда ёҳуд ҳар йили тенг улушларда тўланади, унинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

42. Телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензияларни берганлик учун давлат божи лицензияловчи органнинг махсус ҳисоб-китоб рақамига ўтказилади ва улар қуйидагича тақсимланади:

50 фоизи Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бюджетдан ташқари жамғармасига йўналтирилади ва улардан қишлоқ жойларда телекоммуникацияларни ривожлантириш ва универсал хизматлар кўрсатишда кўрилган зарарларни қоплаш учун фойдаланилади;

50 фоизи - давлат бюджетига йўналтирилади.


VII. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


43. Лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши устидан назорат қонун ҳужжатларига мувофиқ Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси (кейинги ўринларда  назорат қилувчи орган деб аталади) томонидан амалга оширилади.

44. Назорат қилувчи орган ўз ваколати доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

лицензиатлар лицензия талаблари ва шартларига риоя этаётганлиги устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режадан ташқари текширувлар ўтказиш;

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари бузилганлигидан гувоҳлик берувчи фактлар мавжуд бўлган ҳолларда, лицензиат лицензия талаблари ва шартларига риоя этаётганлиги устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режадан ташқари текширувлар ўтказиш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши устидан текширувлар ўтказилаётганда юзага келадиган масалалар бўйича лицензиатдан зарур маълумотларни талаб қилиш ва олиш;

текширувлар натижалари Телекоммуникациялар соҳасида тегишли фаолият турлари бўйича оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг маркази хулосалари асосида лицензиат йўл қўйган лицензия талаблари ва шартларининг аниқ қоидабузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиат зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, шу жумладан Телекоммуникациялар соҳасида тегишли фаолият турлари бўйича оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг маркази хулосаси асосида бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги таклифни лицензияловчи органнинг кўриб чиқиши учун тақдим этиш.

Назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари бузилишларига йўл қўйилганлигини аниқлашган тақдирда ўз ваколатлари доирасида лицензия берган лицензияловчи органга аниқланган қоидабузарликлар ҳақида хабар қиладилар.



VIII. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ

ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ


45. Лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини қуйидаги ҳолларда ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриши мумкин:

лицензиат лицензия шартномасида назарда тутилган лицензия талаблари ва шартларини бузганлиги аниқланганда, шу жумладан, телекўрсатув, радиоэшиттиришларни тарқатиш (трансляция қилиш) ва маълумотлар узатиш тармоқларидан фойдаланиш ва хизматлар кўрсатиш учун Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида давлат рўйхатидан ўтган муддат тугаганда;

назорат қилувчи органнинг лицензиат зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи ёзма кўрсатмалари лицензиат томонидан бажарилмаганда.

Лицензиянинг амал қилишини ўн иш кунидан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш суд тартибида амалга оширилади.

46. Лицензияни тўхтатиб туриш учун асослар аниқланганда лицензияловчи ёки назорат қилувчи орган қоидабузилишларини бартараф этиш учун лицензиатга ёзма кўрсатма беради. Агар лицензиат ёзма кўрсатма олгандан сўнг белгиланган муддат мобайнида қоидабузилишларни бартараф этмаса, лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга ёки лицензиянинг амал қилишини ўн иш кунидан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш тўғрисида судга мурожаат қилади.

47. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори ёзма шаклда почта алоқаси, ёхуд ахборот-коммуникация технологиялари воситаларини кўллаш орқали, асосланган сабаблари кўрсатилган ҳолда, қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кундан кечикмай етказилади. Суднинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади.

48. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тиклаш тўғрисидаги қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши керак.


IX. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ

ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИШ


49. Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:

лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;

юридик шахс тугатилганда  тугатилган вақтдан бошлаб ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда  қайта ташкил этилган вақтдан бошлаб, унинг ўзгартирилиши бундан мустасно;

лицензиат лицензия талабларини ва шартларини мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда;

лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни лицензияловчи ёки назорат қилувчи орган ёхуд суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда;

лицензияловчи органнинг лицензия бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга зидлиги аниқланганда;

лицензиянинг амал қилиш муддати тўхтатилганда.

Лицензиянинг амал қилиши ушбу банднинг тўртинчи-олтинчи хатбошида назарда тутилган ҳолларда суд қарорига кўра, бошқа ҳоларда эса лицензияловчи органнинг қарорига кўра тўхтатилади.

50. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарори ёзма шаклда, почта алоқаси ёки ахборот-коммуникация технологиялари воситаларини қўллаш орқали, асосланган сабаблари кўрсатилган ҳолда, қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кундан кечикмай етказилади. Суднинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади.

Лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарорни олган кундан бошлаб ўн кун ичида лицензия лицензияловчи органга қайтарилиши ва йўқ қилиниши керак.

Лицензиянинг амал қилиши тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб тўхтатилади.


51. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин.



X. ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


52. Лицензия қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:

ушбу Низомнинг 23-бандида назарда тутилган ҳолатда;

лицензиатнинг аризаси бўйича;

лицензия сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.

Лицензия ушбу банднинг тўртинчи хатбошида назарда тутилган ҳолларда суд қарорига кўра, бошқа ҳолларда эса лицензияловчи органнинг қарорига кўра бекор қилинади.

Лицензияловчи органнинг лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори ёзма шаклда почта алоқаси ёки ахборот-коммуникация технологиялари воситаларини қўллаш орқали асосли сабаби кўрсатилган ҳолда, қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кундан кечикмай етказилади. Суднинг лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади. Лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарор лицензиат томонидан олинган кундан бошлаб ўн кун мобайнида лицензия лицензияловчи органга ва йўқ қилиш учун қайтарилади.

Лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши керак.

53. Лицензияловчи органнинг бекор қилиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин.



XI. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ


54. Лицензияловчи орган фаолиятнинг ҳар бир тури учун алоҳида лицензиялар реестрини юритади.


55. Ҳар бир реестрда қуйидагилар кўрсатилади:

лицензиат - юридик шахснинг номи ва унинг жойлашган ўрни (почта манзили);

телефон (факс) рақами;

банкдаги ҳисоб рақами;

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

лицензияларнинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензияларнинг амал қилиш муддати;

лицензияларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш асослари ва саналари;

лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва саналари;

лицензияларни бекор қилиш асослари ва саналари.


56. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.


XII. ЛИЦЕНЗИЯЛОВЧИ ВА НАЗОРАТ ҚИЛУВЧИ

ОРГАННИНГ ҚАРОРЛАРИ УСТИДАН

ШИКОЯТ ҚИЛИШ


60. Лицензияловчи органнинг қарори устидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.

Назорат қилувчи органнинг қарори устидан лицензияловчи органга ёки судга шикоят қилиниши мумкин.


*) Қурилиш шунингдек телекоммуникациялар тармоқларини реконструкция қилиш (кенгайтириш, қайта жиҳозлаш) билан боғлиқ ишларни ҳам ўз ичига олади.

**) Фойдаланиш шунингдек телекоммуникациялар тармоқларига техник хизмат кўрсатиш ишларини ҳам ўз ичига олади.





Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари

ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги




ни амалга ошириш



(фаолият тури ёки фаолият қисмининг номи)



ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун

АРИЗА


1. Аризачи  юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли


2. Фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш муддати


3. Банкнинг номи

Банк ҳисоб рақами _________________________________________

ФА (филиаллараро айланмалар)


4. Почта манзили 


5. Телефон ____________________________________________, зарурат бўлганда электрон манзил

6. Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати:


6.1.


6.2.


М.Ў.            Раҳбар

______________________

              (и.ш.о.)

________________________

               (сана)




Низомга

3-ИЛОВА



АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ

ВА КОММУНИКАЦИЯЛАРИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ ВАЗИРЛИГИ

МИНИСТЕРСТВО ПО РАЗВИТИЮ

ИНФОРМАЦИОННЫХ ТЕХНОЛОГИЙ

И КОММУНИКАЦИЙ


LITSENZIYA

ЛИЦЕНЗИЯ


PT N


Litsenziya turi

Вид лицензии


Berilgan sana

Дата выдачи


Litsenziyaning amal qilish muddati: _________________________ dan gacha

Срок действия лицензии с ________________________________ по


Litsenziyatning nomi

Наименование Лицензиата


USHBU LITSENZIYA BILAN FAOLIAT KO`RSATISHGA

RUXSAT ETILADI:

НАСТОЯЩЕЙ ЛИЦЕНЗИЕЙ РАЗРЕШЕНО

ОСУЩЕСТВЛЯТЬ ДЕЯТЕЛЬНОСТЬ:



ILOVA QILINGAN LITSENZIYA TALABLARI VA

SHARTLARIGA MUVOFIQ

В СООТВЕТСТВИИ С ПРИЛАГАЕМЫМИ

ЛИЦЕНЗИОННЫМИ ТРЕБОВАНИЯМИ И УСЛОВИЯМИ


M. O. Rahbarning imzosi:

М. П. Подпись руководителя


Litsenziyaning amal qilish muddati:  _________________________ dan gacha uzaytirildi

Срок действия лицензии продлен: с ________________________________ по


M. O`. Rahbarning imzosi:

М. П.  Подпись руководителя


Litsenziyaning amal qilish muddati:  _________________________ dan gacha uzaytirildi

Срок действия лицензии продлен: с ________________________________ по


M. O`. Rahbarning imzosi:

М. П. Подпись руководителя


(Ilova qilingan litsensya talablari va shartlari mazkur litsenzyaning ajralmas qismidir)

(Прилагаемые лицензионные требования и условия являются неотъемлемой частью настоящей лицензии)





Низомга

4-ИЛОВА



Телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш

СХЕМАСИ

Босқичлар




Субъектлар



Тадбирлар


Бажариш муддатлари





1-босқич

Лицензия

талабгори -

юридик шахс,

           

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 22 ноябрдаги 458-сон қарори билан тасдиқланган Телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги Низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди.

2. Ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси ёки ахборот-коммуникация технологиялари воситаларини қўллаш орқали электрон шаклда тақдим этади.

  

лицензия талабгори хоҳишига кўра































2-босқич

Ўзбекистон

Республикаси

Ахборот

технологиялари

ва коммуни-

кацияларини

ривожлантириш

вазирлиги

     

1. Лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар масъул шахс (эксперт комиссияси котиби) томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, нусхаси ҳужжатларни қабул қилиш санаси кўрсатилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).

2. Ҳужжатларни кўриб чиқиш учун эксперт комиссияга киритади.

3. Такроран тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун эксперт комиссияга киритади.

     

ҳужжатларни қабул қилиш кунида





























3-босқич



Эксперт

комиссияси

        

1. Тушган аризалар ва ҳужжатларни кўриб чиқади, улар бўйича лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида эксперт хулосалар тайёрлайди.

2. Лицензия талабгори томонидан лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилгандан кейин такроран тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади, улар бўйича эксперт хулосаси тайёрлайди.

       

1) барча зарур ҳужжатлар билан ариза олинган кундан бошлаб 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатда;

2) ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин 6 кун мобайнида































4-босқич

Ўзбекистон

Республикаси

Ахборот

технологиялари

ва коммуни-

кацияларини

ривожлантириш

вазирлиги

      

1. Эксперт хулосалар асосида лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

2. Лицензия талабгорини лицензия бериш тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақида ёзма равишда ёки ахборот тизимлари орқали электрон шаклда хабардор қилади.

Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда билдиришномада банк ҳисоб рақами реквизитлари ва давлат божини тўлаш муддати кўрсатилади.

Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ёзма равишда ёки ахборот тизимлари орқали электрон шаклда билдиришнома юборилади (топширилади).

3. Лицензиялар реестрига тегишли ёзувни ёзиб қўяди.

        

1) 5 кун мобайнида (ҳужжатлар қайта тақдим этилганда 4 кун муддатда)

2) қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида

3) лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда









































Лицензиат

       

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ҳамда лицензия битимини имзолайди. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

        

- лицензия талабгорига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган вақтдан бошлаб уч ой мобайнида



































5-босқич

















Лицензия

талабгори

       

1. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни кўриб чиқиш учун қайта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

2. Лицензия талабгорларининг аризалари қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

3. Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

        

- лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддатда






























6-босқич

Ўзбекистон

Республикаси

Ахборот

технологиялари

ва коммуни-

кацияларини

ривожлантириш

вазирлиги

       

1. Лицензия талабгори томонидан лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилгандан ҳамда лицензия битими имзолангандан кейин тегишли лицензия бланкаларини расмийлаштиради. Лицензия ва лицензия битими Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири томонидан имзоланади.

2. Расмийлаштирилган лицензия лицензияловчи орган томонидан лицензиатга берилади.

       

бир кун муддатда