язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Кассация инстанцияси қарорлари/ Шартномани тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 04.07.2011 й. 19-1103/243-сон Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

04.07.2011 й.

N 19-1103/243


(КЎЧИРМА)




Шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, агар бошқача тартиб шартномада назарда тутилган бўлмаса ёки унинг моҳиятидан англашилмаса, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади


Термиз ахборот технологиялари ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежи хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Термиз Фарм Сервис" МЧЖ билан 2007 йил 23 мартда тузилган 08/07-сонли ижара шартномасини бекор қилишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Иш апелляция тартибида кўрилмаган.

Кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони рад қилиш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни муҳокама қилиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, Термиз ахборот технологиялари ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ҳамда "Термиз Фарм Сервис" МЧЖ ўртасида 2007 йил 23 мартда 08/07-сонли ижара шартномаси имзоланиб, у Сурхондарё вилоят Нотурар биноларни ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш бошқармаси томонидан рўйхатга олинган.

Мазкур шартномага биноан даъвогар томонидан шартномада назарда тутилган кўчмас мулк дорихона сифатида фойдаланиш учун "Термиз Фарм Сервис" МЧЖга топширилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 27 июлдаги "Умумтаълим мактаблари битирувчиларини академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқитишни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-427-сонли Қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 29 октябрдаги "Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига изчил ўтишни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 473-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида коллеждаги талабаларга кенг шароит яратиш ва уларга қўшимча амалиёт хоналари ташкил этиш зарурияти туғилганлиги сабабли Термиз ахборот технологиялари ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежи томонидан вазиятнинг жиддий ўзгариши муносабати билан, тарафлар ўртасида тузилган шартномани бекор қилиш тўғрисидаги таклиф "Термиз Фарм Сервис" МЧЖга юборилган бўлса-да, мазкур таклиф жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган.

Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 4.1-бандида шартноманинг амал қилиш муддати 2012 йилнинг 1 апрелига қадар деб кўрсатилган бўлиб, шартноманинг 4.3-бандида шартнома бандларини бажариш, ўзгартириш ва унга амал қилиш бекор қилинган пайтда пайдо бўладиган баҳслар ва низолар тегишли давлат органлари орқали ҳал этилиши белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 383-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, агар бошқача тартиб шартномада назарда тутилган бўлмаса ёки унинг моҳиятидан англашилмаса, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.

Фуқаролик кодекси 384-моддасининг иккинчи қисмига биноан бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса - ўттиз қунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги "Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 102-сонли қарорининг 5-бандида 2009 йил 1 июнгача давлат мулкини ижарага бериш юзасидан илгари тузилган, шу жумладан, давлат мулкини балансида сақловчи билан тузилган шартномаларни хатловдан ўтказиш, уларни ҳисобга олиш чора-тадбирларини кўриш белгиланган бўлса-да, Давлат мулкини ижарага бериш маркази томонидан шартномани қайта расмийлаштириш чора-тадбирлари кўрилмаган.

Биринчи инстанция суди иш ҳолатларига атрофлича баҳо бериб, даъвони қаноатлантириш ҳақида қонуний тўхтамга келган, ҳал қилув қарорида баён қилинган ҳолатлар иш ҳужжатларига мувофиқ келади.

Шунинг учун судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2012 й., 5-сон