язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Биринчи инстанция ҳал қилув қарорларига шарҳлар/ Банк фаолиятига оид масалалар/ Банк томонидан инкассо топшириқномалари ижроси бажарилмаганлиги учун молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги низо бўйича

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИГА

ШАРҲЛАР



Банк томонидан давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномалари ўз вақтида бажарилмаганлиги ёки ижроси кечиктирилганлиги, банкка ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўтказилмаган суммаси 0,5 фоизи миқдорида суд тартибида молиявий санкция қўлланилишига сабаб бўлади



Ишнинг мазмуни


Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Реслублика Кенгашининг 2012 йил 25 октябрдаги 06-45-сонли рухсатномасига ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг 2012 йил 26 ноябрдаги 720-хс-сонли буйруғига асосан очиқ акциядорлик тижорат банки филиалида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши юзасидан текшириш ўтказилган ва унинг якуни бўйича тегишли далолатнома тузилган.

Ўтказилган текширишда очиқ акциядорлик тижорат банки филиали томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 15 мартда 2342-сон билан рўйхатга олинган "Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисида"ги Йўриқнома талабларига риоя қилинмасдан, пул маблағлари мазкур Йўриқнома талаблари асосида мутаносиб равишда тақсимланмасдан, пул маблағлари бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга ўз муддатида ўтказиб берилмаганлиги аниқланган.

Туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи томонидан текшириш ҳужжатларини кўриб чиқиш натижалари бўйича 2012 йил 13 декабрда соли??а оид ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, очиқ акциядорлик тижорат банки филиалига нисбатан ҳисобланган 17,3 миллион сўм пеняни ихтиёрий равишда бюджетга тўлаб бериш тавсия этилган.

Аммо, ҳисобланган ушбу пеня суммаси ихтиёрий равишда тўлаб берилмаганлиги боис, туман давлат солиқ инспекцияси очиқ акциядорлик тижорат банки филиалига нисбатан Солиқ кодексининг 53-моддасига мувофиқ 17,3 миллион сўм миқдорида молиявий санкция қўллашни сўраб хўжалик судига ариза берган.


Аризачининг важлари


Суд мажлисида иштирок этган аризачи - туман давлат солиқ инспекцияси вакили аризадаги талабни қувватлаб, жавобгарда тақдим қилинган бухгалтерия ҳужжатлари асосида танлама усулида текшириш ўтказилганлигини, қисқа муддатли текшириш натижасида солиқ органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларига қўйилган тўлов топшириқномалари кечиктириб тўланганлиги учун тижорат банкига нисбатан 17,3 миллион сўм молиявий жарима ҳисобланганлигини баён қилиб, ушбу суммани тўлиқ қаноатлантириб беришни сўраган.


Жавобгарнинг важлари


Суд мажлисида иштирок этган жавобгар - очиқ акциядорлик тижорат банки вакили "Фермер хўжаликларида айланма маблағни шакллантириш, улардан фойдаланиш ва ҳисобини юритиш бўйича тавсиялар"га кўра, айланма маблағлар белгиланган барқарор фаолиятни таъминлашнинг асосий шарти бўлиб ҳисобланишини, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ҳамда маҳсулот етиштириш учун зарур айланма маблағларни тўлдириш мақсадида хизмат қилиши кўрсатиб ўтилганлигини, айланма маблағларни шакллантириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фермер хўжалиги раҳбари томонидан кўпинча нақд пул шаклида киритиладиган бадаллар ҳамда ҳомийлар маблағлари ҳисобидан нақд пул шаклида ёки пул ўтказиш йўли билан шакллантирилиши мумкинлиги қайд этиб ўтилганлигини, "Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисида"ги Йўриқноманинг 1-иловасига асосан қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилмайдиган банк ҳисобварақлари рўйхати кўрсатиб ўтилганлигини, унга кўра, 22626-сонли корхона ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари ундирув қаратилмайдиган ҳисоб рақами бўлиб ҳисобланишини билдириб, аризадаги талабни қисман қаноатлантиришни сўраган.


Суднинг ҳал қилув қарори


Аризачининг аризаси тўлиқ қаноатлантирилсин.

Жавобгар - очиқ акциядорлик тижорат банкига нисбатан 17,3 миллион сўм пеня қўллансин.


Шарҳ


Очиқ акциядорлик тижорат банки филиалида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 15 мартда 2342-сон билан рўйхатга олинган "Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисида"ги Йўриқнома талабларига риоя қилиниши юзасидан текшириш ўтказилган.

Текшириш натижасига кўра, пул маблағлари мазкур Йўриқнома талаблари асосида мутаносиб равишда тақсимланмасдан, бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар ҳисобига белгиланган муддатларда ўтказиб берилмаганлиги аниқланган. Демак, айнан мана шу ҳолатда давлат солиқ хизмати органи томонидан юридик шахсларнинг банкдаги ҳисобварақларига қўйилган инкассо топшириқномалари очиқ акциядорлик тижорат банки томонидан бажарилмаганлиги оқибатида бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга солиқ қарзлари ўз вақтида ундирилиши таъминланмаган.

Солиқ кодекси 53-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ банклар солиқ тўловчининг солиқни ва (ёки) бошқа мажбурий тўловни ўтказишга доир тўлов топшириқномаларини, шунингдек тегишли ваколатли органнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қонун ҳужжатларида белгиланган навбат тартибида ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномаларини Солиқ кодексида, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 15 мартда 2342-сон билан рўйхатга олинган "Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисида"ги Йўриқномада ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 15 апрелда 1122-сон билан рўйхатга олинган "Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисида"ги Низомда белгиланган тартибда бажаришлари шартдир.

Аммо, очиқ акциядорлик тижорат банки филиали мутахассислари томонидан мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талабларига мувофиқ, давлат солиқ хизмати органи томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг банкдаги ҳисобварақларига қўйилган инкассо топшириқномаларининг бажарилишини таъминлаш чоралари кўрилмаган.

Солиқ кодекси 63-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ солиқ қарзи суммасини ундириш солиқ тўловчининг барча банк ҳисобварақларида турган пул маблағларидан амалга оширилиши мумкин, қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратиш мумкин бўлмаган ҳисобварақлар бундан мустаснодир.

Солиқ кодекси 53-моддасининг олтинчи қисмида ва "Давлат солиқ хизмати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 7-моддасининг олтинчи қисмида банкнинг айби билан солиқ тўловчининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини ўтказиш топшириқномаси, тегишли ваколатли органнинг уларни ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномаси бажарилмаган (бажарилиши кечиктирилган) тақдирда, банкдан ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўтказилмаган суммаси 0,5 фоизи миқдорида пеня ундирилиши белгиланган.

Бунда қўлланиладиган пеня банкнинг ўз солиқ мажбуриятлари бажарилишини кечиктирганлиги учун эмас, балки банк мижозининг солиқ мажбуриятлари бажарилишини кечиктирганлиги учун банкка нисбатан белгиланган ҳуқуқий таъсир чораси ҳисобланади. Пеня ҳуқуқий табиати бўйича молиявий санкция ҳисобланади ва суд тартибида қўлланилади, албатта, банк содир этилган соли??а оид ҳуқуқбузарликдаги айбини тан олган ҳамда пеняни ихтиёрий равишда тўлаган ҳоллар бундан мустаснодир.

Туман давлат солиқ инспекциясининг аризасидаги талаби юридик шахс мақомига эга бўлмаган банк филиалига нисбатан қаратилган бўлса-да, хўжалик суди ариза жавоб бериши лозим бўлмаган шахсга нисбатан тақдим этилганлигини, банк филиали судда жавобгар бўла олмаслигини ҳисобга олиб, Хўжалик процессуал кодексининг 38-моддаси талабларига мувофиқ банк филиали қарашли бўлган Бош банкнинг ўзини мазкур хўжалик ишида жавобгар сифатида иштирок этиш учун жалб қилган. Чунки, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 16-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ банк филиали уни ташкил этган банк номидан банк фаолиятини амалга оширувчи алоҳида бўлинмадир.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 47-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ваколатхона ва филиаллар юридик шахс ҳисобланмайди. Улар ўзларини ташкил этган юридик шахс номидан мол-мулк билан таъминланадилар ҳамда у тасдиқлаган низомлар асосида иш олиб борадилар. Ваколатхона ва филиалларнинг раҳбарлари юридик шахс томонидан тайинланади ҳамда унинг ишончномаси асосида иш олиб боради. Ушбу масалалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2010 йил 18 июндаги 210-сонли қарорининг 37 - 37.3-бандларида таъкидлаб ўтилган.

Суд бундай вазиятда очиқ акциядорлик тижорат банки томонидан пеня суммаси ихтиёрий равишда тўлаб берилмаганлигини, тарафлар ўртасидаги низо бартараф этилмаганлигини инобатга олиб, тарафлар вакиллари иштирокида пеня суммасининг тўғри ҳисобланганлигини текшириб, туман давлат солиқ инспекциясининг аризасидаги талабини тўлиқ қаноатлантирган.

Хулоса шуки, банк томонидан давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномалари ўз вақтида бажарилмаганлиги ёки ижроси кечиктирилганлиги, банкка ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўтказилмаган суммаси 0,5 фоизи миқдорида суд тартибида молиявий санкция қўлланилишига сабаб бўлади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2013 й., 11-сон