язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборотлаштириш. Телекоммуникациялар тараққиёти/ Ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини лойиҳалаштириш, тайёрлаш, ишлаб чиқариш, реализация қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 21.11.2007 й. 242-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2007 йил 21 ноябрдаги

242-сон қарорига

ИЛОВА



Ахборотнинг криптографик ҳимоя

воситаларини лойиҳалаштириш, тайёрлаш,

ишлаб чиқариш, реализация қилиш, таъмирлаш

ва улардан фойдаланиш фаолиятини

лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини лойиҳалаштириш, тайёрлаш, ишлаб чиқариш, реализация қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Ахборотнинг криптографик ҳимояси соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда лицензияловчи орган деб аталади) томонидан амалга оширилади.

3. Ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини лойиҳалаштириш, тайёрлаш, ишлаб чиқариш, реализация қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш фаолияти юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилади.


4. Қуйидагиларнинг:

давлат сири бўлган маълумотларга эга бўлган ахборотнинг;

эгаси давлат ташкилотлари бўлган маҳфий ахборотнинг;

идоравий мансублигидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, ташкилотлар томонидан давлат ташкилотлари учун товарлар етказиб беришда ва хизматлар кўрсатишда улардаги маҳфий ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини лойиҳалаштириш, тайёрлаш, ишлаб чиқариш, реализация қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш фаолияти лицензияланади.


5. Электрон ҳужжатда электрон рақамли имзо яратилишини ва электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлиги тасдиқланишини таъминлайдиган электрон рақамли имзо воситалари қисмини қўлланиш билан боғлиқ бўлган фаолият лицензияланмайди.


6. Лицензия фаолиятнинг ҳар бир тури учун алоҳида берилади. Лицензия талабгорининг аризасига мувофиқ лицензия фаолият турининг бир қисмига (қисмларига) берилиши мумкин.


7. Лицензия беш йилдан кам бўлмаган муддатга берилади. Талабгорнинг аризасига кўра лицензия беш йилдан кам бўлган муддатга берилиши мумкин. Лицензиянинг амал қилиш муддати лицензия берилган кундан ҳисобланади.



II. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


8. Ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини лойиҳалаштириш, тайёрлаш, ишлаб чиқариш, реализация қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартларига қуйидагилар киради:

лицензиат томонидан ахборотнинг криптографик ҳимояси соҳасидаги қонун ҳужжатларига мажбурий риоя қилиш;

лицензияланадиган фаолиятнинг аризада кўрсатилган тури бўйича ахборотнинг криптографик ҳимояси соҳасидаги фаолиятни тартибга солувчи техник ва методик ҳужжатларнинг, шу жумладан ички низомлар, йўриқномалар, методикаларнинг мавжуд бўлиши;

ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини тайёрлаш ва ишлаб чиқаришда Ўзбекистон Республикаси давлат стандартлари ҳисобланадиган криптографик алгоритмларни ёхуд ахборотнинг криптографик ҳимоя воситалари соҳасидаги ваколатли орган томонидан тавсия қилинадиган стандартларни қўлланиш;

мувофиқлик сертификатига эга бўлган ахборотларни криптографик ҳимоя қилиш воситаларидан, шунингдек ахборотларни криптографик ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли орган билан келишилган ҳолда фойдаланиладиган криптотизимлардан фойдаланиш;

давлат сирларига тегишли деб топилган маълумотларга эга бўлган ахборотни, шунингдек ҳимоя қилиниши қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ахборотни криптографик ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширишда давлат сирларидан фойдаланиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган рухсатномага эга бўлган мутахассисларнинг лицензия талабгорида мавжуд бўлиши;

буюмларни тайёрлаш, ишлаб чиқариш ва реализация қилишнинг боришини, уларнинг техник ва техник-иқтисодий тавсифномаларини, лицензияга мувофиқ амалга оширилган тадбирлар ҳамда кўрсатилган хизматлар сони ва сифатини акс эттирувчи ўз фаолияти тўғрисидаги маълумотларни белгиланган шаклда лицензияловчи органга тақдим этиш;

давлат сирига тегишли деб топилган маълумотларни, ҳимоя қилиниши зарурлиги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ахборотни, амалий фаолияти давомида ишонилган тижорат сирларини ошкор қилмаслик;

юридик шахс учун - лицензия талабгорининг доимий штатида ахборотни ҳимоя қилиш соҳасида махсус тайёргарликка ва камида уч йил иш стажига эга бўлган камида икки нафар мутахассиснинг мавжуд бўлиши, шунингдек талаб қилинадиган мутахассислар бўлмаган тақдирда айрим иш турларини бажариш учун мутахассисларни жалб этиш бўйича тегишли шартноманинг мавжуд бўлиши;

жисмоний шахс учун - бажариладиган ишлар (хизматлар) талабларига ва характерига мувофиқ бўлган олий маълумотнинг, махсус тайёргарликнинг, шунингдек фаолиятнинг лицензияланаётган тури бўйича иш тажрибасининг мавжуд бўлиши;

мутахассислар учун ҳуқуқларни, функционал вазифаларни, маҳфийлик режими бўйича талабларни белгиловчи ички қоидаларнинг мавжуд бўлиши;

мутахассисларнинг ҳар икки йилда камида бир марта малака оширишдан ўтиши;

мутахассисларнинг лицензияловчи органда аттестациядан ўтган бўлиши. Аттестациядан ўтиш тартиби ва муддатлари лицензияловчи орган томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади;

тайёрланаётган ва ишлаб чиқарилаётган ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларида турли даражалардаги протоколларнинг амалга оширилишини назарда тутувчи, ахборотнинг криптографик ҳимоя воситалари маълумотларини, шунингдек улар негизида қурилган ахборот-коммуникация тизимларини умумий фойдаланиладиган тармоққа ва тизимга киритиш имконини берувчи техник ва технологик ечимларни қўлланиш;

лицензияланаётган фаолиятнинг аризада кўрсатилган тури бўйича барча зарур ишларни амалга ошириш учун бинолар ва ишлаб чиқариш қувватларининг, шу жумладан ахборотни техник ҳимоя қилиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва стандартлар талабларига мувофиқ бўлган ахборотлаштириш бинолари ва (ёки) объектларининг мавжуд бўлиши;

норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ иш юритишни ва объектнинг ички режимини амалга ошириш;

норматив талабларга мувофиқ бўлган техник ўлчаш ва назорат қилиш воситаларининг, инструментлар ва приборларнинг мавжуд бўлиши.



III. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


9. Лицензия олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

лицензия бериш тўғрисида ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади: юридик шахс учун - юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банк муассасасидаги ҳисоб рақами; жисмоний шахс учун - фамилияси, исми, отасининг исми, фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари; талабгор амалга оширишни мўлжаллаётган фаолиятнинг лицензияланадиган тури (унинг қисми) ҳамда фаолиятнинг кўрсатиб ўтилган тури амалга ошириладиган муддат;

лицензия талабгори томонидан ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

лицензияланадиган фаолиятнинг аризада кўрсатилган тури бўйича барча зарур ишларни амалга ошириш учун бино ва ишлаб чиқариш қувватлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар;

мутахассисларнинг маълумоти бўйича мутахассислиги, эгаллаб турган лавозими, лицензияланадиган фаолият бўйича иш стажи кўрсатилган ҳолда лицензияланадиган фаолият бўйича ишларни бевосита амалга оширадиган мутахассислар тўғрисидаги маълумотлар;

давлат сирларига тегишли деб топилган маълумотлар билан ходимларнинг таниша олишини тасдиқлайдиган ҳужжатлар (ишларнинг тегишли турини амалга оширишда).


10. Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


11. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга бевосита ёхуд олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали етказиб берилади.


12. Лицензия олиш учун лицензияловчи органга юборилган ҳужжатлар масъул шахс томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси кўрсатиб ўтилган орган томонидан ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).


13. Нотўғри ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



IV. АРИЗАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ

ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


14. Лицензия бериш тўғрисидаги ариза лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади. Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган ёки лицензияловчи орган лицензия беришни рад этган тақдирда тўланган йиғим қайтарилмайди.

Ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини лойиҳалаштириш, тайёрлаш, ишлаб чиқариш, реализация қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш бўйича фаолиятни лицензиялаш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


15. Лицензияловчи орган лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорни ариза олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилади.

Лицензияловчи орган қарор қабул қилиш учун зарурият бўлса ўз маблағлари ҳисобига:

жойнинг ўзига бориб фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш учун талаб қилинадиган шарт-шароитлар талабгорда мавжуд эканлигини баҳолаш;

тегишли хулосаларни тайёрлаш учун экспертларни шартнома асосида жалб этиш ҳуқуқига эга.


16. Лицензияловчи орган тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилади.

Қабул қилинган қарор тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳамда лицензиатнинг имзолаши учун лицензия битими илова қилинган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).

Ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини лойиҳалаштириш, тайёрлаш, ишлаб чиқариш, реализация қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия бериш ва лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Лицензия берилганлиги учун давлат божи республика бюджетига ўтказилади.


17. Лицензияловчи орган ва лицензиатнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайдиган лицензия битимида қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, эгаллаб турган лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият турининг номи;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини лицензияловчи орган томонидан назорат қилиш тартиби.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва лицензияловчи орган учун бир нусхадан тузилади.


18. Лицензиялар қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланган, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлган махсус бланкаларда расмийлаштирилади.

Лицензия бланкаси намунаси лицензияловчи орган томонидан тасдиқланади ва лицензияловчи орган буюртманомасига кўра "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан босмахона усулида тайёрланади. Лицензияловчи орган лицензиялар бланкалари сақланиши учун жавоб беради.

Лицензия лицензиат томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва лицензия битими имзолангандан кейин уч кун муддатда расмийлаштирилади ва берилади.

Расмийлаштирилган лицензиялар лицензияловчи органнинг раҳбари (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади. Ушбу Низомнинг VIII бўлимида белгиланган тартибда реестрга тегишли ёзув қайд этилади.


19. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, лицензияловчи орган кўрсатиб ўтилган лицензияни бекор қилиш ҳуқуқига эга.


20. Лицензия бериш фақат "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида белгиланган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензияловчи органнинг лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарори, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.


21. Лицензия беришнинг рад этилиши тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

22. Лицензия талабгори томонидан лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади. Талабгорларнинг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун лицензия йиғими ундирилмайди.


23. Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатишган муддат тамом бўлгандан кейин берилган ариза янги берилган ариза деб ҳисобланади.


V. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

УНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ

УЗАЙТИРИШ, ДУБЛИКАТ БЕРИШ


24. Юридик шахс - лицензиат ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Жисмоний шахс - лицензиатнинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки яшаш жойи ўзгарган тақдирда, лицензиат қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида Ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини лойиҳалаштириш, тайёрлаш, ишлаб чиқариш, реализация қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга юридик шахслар - лицензиатлар қўшиб юборилган тақдирда, лицензияни ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

Лицензиянинг амал қилиши лицензияланадиган фаолият турининг бир қисми (қисмлари) учун тўхтатилган тақдирда, лицензия қайта расмийлаштирилади.

25. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензияловчи орган лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияларни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияларни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан ёки лицензиянинг амал қилишини лицензияланадиган фаолият турининг бир қисми (қисмлари) учун тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияларни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.


26. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензиатнинг аризасига кўра амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати ўтгунга қадар икки ойдан кечикмай берилиши керак.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


27. Йўқолган ёки амал қилиш муддати ўтмаган яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин. Лицензиялар дубликатлари беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.

Дубликат беришда лицензияловчи орган томонидан "ДУБЛИКАТ" белгиси қўйилган янги лицензия берилади, унда олдинги лицензияда кўрсатилган амал қилиш муддати қайд этилган бўлиши керак.



VI. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


28. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лицензияловчи орган томонидан амалга оширилади.


29. Лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда лицензияловчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текшириш;

лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳоллар мавжуд бўлган тақдирда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режадан ташқари текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида, лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиатга аниқланган бузилишларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш.

Назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўз ваколатлари доирасида лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари бузилишлари аниқланганда лицензияловчи органга аниқланган бузилишлар тўғрисида хабар қилади.



VII. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ ВА

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


30. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, уни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22 - 24-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, уни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензияловчи орган қарорининг асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.



VIII. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


31. Лицензияловчи орган лицензиялар реестрини юридик ва жисмоний шахслар учун алоҳида юритади.

Лицензияларнинг ҳар бир реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

лицензиатлар тўғрисидаги асосий маълумотлар:

лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензияларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияларни бекор қилишнинг асослари ва санаси.

Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтида жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ бўлади.




Низомга

ИЛОВА



Ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини

лойиҳалаштириш, тайёрлаш, ишлаб чиқариш,

реализация қилиш, таъмирлаш ва улардан

фойдаланиш фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Лицензия талабгори

      

1.Лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди.

2. Лицензияловчи органга ҳужжатларни бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисида билдиришнома билан почта алоқаси орқали тақдим этади.

       

- лицензия талабгори хоҳишига кўра



2-босқич

Лицензияловчи орган

          

1. Масъул шахс ҳужжатларни рўйхат бўйича қабул қилади, унинг нусхаси ҳужжатларни қабул қилиш санаси кўрсатилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).

2. Ҳужжатларни кўриб чиқади ва лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

3. Лицензия талабгори томонидан лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилгандан кейин ҳужжатлар қайта тақдим этилган тақдирда ҳужжатларни кўриб чиқади.

       

1) ҳужжатлар қабул қилинган кунда

2) ариза олингандан кейин 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатда

3) ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин 10 кун мобайнида


3-босқич

Лицензияловчи орган

         

1. Лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.

2. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган ёзма билдиришнома юборилади (топширилади).

         

- тегишли қарор қабул қилингандан кейин 3 кун мобайнида


Лицензиат

        

Лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ҳамда лицензия битимини имзолайди.

         

- лицензия талабгорига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган вақтдан бошлаб уч ойдан кечикмай

4-босқич

Лицензия талабгори

       

Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабабларни бартараф этади, ҳужжатларни қайта тақдим этади.

       

- лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддатда, бироқ ўттиз кундан кечикмай

5-босқич

Лицензияловчи орган

      

1. Лицензиат томонидан лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган ҳамда лицензия битими имзоланган тақдирда тегишли лицензия бланкаларини расмийлаштиради.

2. Лицензиатга имзоланган лицензияларни беради.

3. Реестрга тегишли ёзувни киритади.

      

- лицензия битими имзолангандан ва давлат божи тўлангандан кейин 3 кун муддатда



6-босқич

Лицензияловчи орган раҳбари (унинг ўринбосари)

Расмийлаштирилган лицензияларни имзолайди.

- лицензия битими имзолангандан ва давлат божи тўлангандан кейин 3 кун муддатда



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 46-47-сон, 471-модда.