язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Маълумотларни тармоқлар орқали узатишни ташкиллаштириш. Интернет/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.11.2013 й. 312-сон "Тадбиркорлик субъектларини Интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.11.2013 й.

N 312



ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИ

ИНТЕРНЕТ ТАРМОҒИ ОРҚАЛИ ДАВЛАТ

РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ МЕХАНИЗМИНИ

ЖОРИЙ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида" 2012 йил 18 июлдаги ПФ-4455-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, рўйхатдан ўтказиш тартиботларини амалга оширишни электрон тизимга ўтказишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 2014 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини Интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизми (кейинги ўринларда электрон рўйхатдан ўтказиш деб аталади) жорий этилсин.


2. Белгилансинки:

электрон рўйхатдан ўтказиш таъсис ҳужжатларини масофадан туриб ва интерактив расмийлаштириш йўли билан намунавий шакллар асосида тайёрлаш имконияти бўлган Ўзбекистон Республикаси интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали амалга оширилади;

электрон рўйхатдан ўтказишда зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда рўйхатдан ўтказишга ариза бериш, шунингдек рўйхатдан ўтказилган таъсис ҳужжатларини ва тадбиркорлик субъектларининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани бериш электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда амалга оширилади;

кредит ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириладиган кредит ташкилотларига татбиқ этилмайди.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат статистика қўмитаси 2014 йил 1 январгача бўлган муддатда барча рўйхатдан ўтказувчи органларга уларнинг Интернет тармоғидаги тегишли идоравий сайтларидан фойдаланган ҳолда реал вақт режимида тадбиркорлик субъектларига солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) ва КТУТ коди берилиши имкониятини берсинлар.


4. Белгилансинки, электрон рўйхатдан ўтказиш механизмини жорий этиш ва такомиллаштиришга доир ишларни молиялаштириш Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат буюртмасини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси электрон рўйхатдан ўтказиш янги механизмининг амалда қўлланиши мониторингини таъминласинлар ва ҳисобот чораги якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига унинг фаолият кўрсатиши тўғрисида, шунингдек уни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсинлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


7. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўз идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                              Ш. Мирзиёев






Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 25 ноябрдаги

312-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 8-сон, 72-модда) билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомда:


а) 11-банднинг биринчи хатбошидаги "(шахсан келиб ёки почта орқали)" сўзлари "(шахсан келиб, почта алоқаси воситасида ёки Интернет тармоғи орқали)" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) қуйидаги мазмундаги 11-1-банд қўшилсин:

"11-1. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ушбу Низомда назарда тутилган ҳужжатлар, 12-банднинг "г" кичик банди тўртинчи хатбошида ва 72-банднинг бешинчи хатбошида кўрсатилганлар бундан мустасно, шу жумладан, бир вақтнинг ўзида рухсат берувчи ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳолда Интернет тармоғи орқали бир нусхада тақдим этилади ва ариза берувчининг электрон рақамли имзоси билан имзоланади. Қоғозда расмийлаштирилган ва (ёки) берилган сканер қилинган ҳужжатларни тақдим этишга йўл қўйилади.

Мансублигига кўра рўйхатдан ўтказувчи орган, фойдаланиш ташкилотлари, "Ергеодезкадастр" давлат қўмитасининг тегишли ҳудудий хизмати, туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан берилган, ушбу Низомда назарда тутилган электрон ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, ариза берувчи уларнинг асл нусхаларини Интернет тармоғи орқали тақдим этишга ҳақлидир";


в) 16, 17, 72-бандларнинг биринчи хатбошиларидаги "келган ҳолда ёки почта алоқаси орқали" сўзлари "келган ҳолда, почта алоқаси воситасида ёки Интернет тармоғи орқали" сўзлари билан алмаштирилсин;


г) 22-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"22. Рўйхатдан ўтказувчи орган тадбиркорлик субъектига Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат статистика қўмитасининг тегишли идоравий сайтларидан фойдаланиб реал вақт режимида Интернет тармоғидан олинган СТИР ва ХТУТ кодларини беради.

Рўйхатдан ўтказувчи органлар давлат рўйхатидан ўтказиш амалга оширилган кундан бошлаб бир кун мобайнида тадбиркорлик субъекти жойлашган жой бўйича давлат реестридан олинган унинг тўғрисидаги маълумотларни ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шакл бўйича:

юридик шахслар бўйича - статистика ва солиқ органларига, акциядорлик жамиятлари ҳисобланган юридик шахслар бўйича эса, - шунингдек қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига ҳам;

юридик шахс бўлмаган якка тадбиркорлар ва деҳқон хўжаликлари бўйича - солиқ органига расман тақдим этадилар";


д) 23-бандда:

иккинчи хатбошидаги "уларга солиқ тўловчининг идентификация рақамини беради ҳамда уни статистика ва рўйхатдан ўтказувчи органларга расман маълум қилади" сўзлари чиқариб ташлансин;

учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"давлат статистика органлари - рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан берилган статистика кодларини текширади ва юридик шахсни Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрига киритади";


е) 54-бандга қуйидаги мазмундаги хатбошилар қўшилсин:

"Тадбиркорлик субъектларига электрон шаклда берилган ҳужжатлар рўйхатдан ўтказувчи орган, фойдаланиш ташкилотлари, "Ергеодезкадастр" давлат қўмитасининг тегишли ҳудудий хизмати, туман (шаҳар) ҳокимлиги ваколатли шахсининг тегишли электрон рақамли имзоси билан имзоланади. Бунда ариза берувчи, шунингдек ўз сўрови бўйича шахсан келиб ёки почта алоқаси орқали қоғозларда расмийлаштирилган тегишли ҳужжатларни олиш ҳуқуқига ҳам эга.

Ариза берувчи томонидан тегишли электрон ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Интерактив давлат хизматлари ягона порталида фойдаланувчининг шахсий хонаси орқали олинган кун ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар берилган сана деб ҳисобланади, шахсий хонаси борлиги тўғрисида ариза берувчи рўйхатдан ўтказувчи органга маълум қилади";


ж) 57-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"57. Банк ҳисоб рақамларини очиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади";


з) 76-1-банднинг биринчи хатбошидаги "унинг дубликати берилиши мумкин" сўзлари "унинг дубликати берилади, шу жумладан, электрон шаклда берилади. Бунда олдин электрон шаклда берилган давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланади" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 2 сентябрдаги 413-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2004 й., 9-сон, 89-модда) билан тасдиқланган Тижорат фаолияти учун товарларни олиб келувчи юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомда:


а) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"2. Якка тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш жисмоний шахс яшайдиган жой бўйича давлат солиқ инспекциясида шахсан келиб ёки Интернет тармоғи орқали амалга оширилади.

Ушбу Низомда назарда тутилган ҳужжатлар якка тадбиркорни Интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган тақдирда улар ариза берувчининг электрон рақамли имзоси билан имзоланади. Қоғозларда расмийлаштирилган ва (ёки) берилган сканер қилинган ҳужжатларни тақдим этишга йўл қўйилади";


б) 4-бандда:

биринчи хатбошидаги "(шахсан келиб)" сўзлари "(шахсан келиб ёки Интернет тармоғи орқали)" сўзлари билан алмаштирилсин;

еттинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин: "Ариза берилаётганда паспорт кўрсатилади, якка тадбиркорни Интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш ҳоллари бундан мустасно";


в) 6-бандга қуйидаги мазмундаги хатбошилар қўшилсин:

"Якка тадбиркорга электрон шаклда бериладиган ҳужжатлар, ушбу банднинг учинчи хатбошида назарда тутилган ҳужжатлар бундан мустасно, давлат солиқ инспекцияси ваколатли шахсининг электрон рақамли имзоси билан имзоланади. Бунда ариза берувчи, шунингдек ўз сўровига кўра қоғозларда расмийлаштирилган тегишли ҳужжатларни шахсан келиб олишга ҳам ҳақлидир.

Ариза берувчи томонидан тегишли электрон ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Интерактив давлат хизматлари ягона порталида фойдаланувчининг шахсий хонаси орқали олинган кун ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар берилган сана деб ҳисобланади, шахсий хонаси борлиги тўғрисида ариза берувчи давлат солиқ инспекциясига маълум қилади".



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 2 декабрь, 48-сон, 625-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 11-сон, 84-модда