язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборотлаштириш. Телекоммуникациялар тараққиёти/ Ўзбекистон Республикасида рақамли телевидение хизматларини кўрсатиш Қоидалари (АВ томонидан 07.06.2016 й. 2794-сон билан рўйхатга олинган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 10.05.2016 й. 143-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2016 йил 7 июнда 2794-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Ахборот технологиялари

ва коммуникацияларини

ривожлантириш вазирлигининг

2016 йил 10 майдаги

143-мҳ-сонли буйруғига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида рақамли

телевидение хизматларини кўрсатиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 17 апрелдаги ПҚ-1741-сонли "Ўзбекистон Республикасида рақамли телеэшиттиришга техник ва технологик ўтиш давлат дастури тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида ер усти (эфир) рақамли телевидение (бундан буён матнда рақамли телевидение деб юритилади) хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


абонент - рақамли телевидение хизматлари кўрсатилиши учун провайдер билан ёки унинг дилери орқали шартнома тузган юридик ёки жисмоний шахс;

дилер - провайдер билан тузилган шартнома асосида аҳолини провайдер хизматларига улаш жараёнида иштирок этувчи тадбиркорлик субъекти;


оператор - мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида рақамли телевидение тармоғига эга бўлган, унинг ишлаши, ривожланишини таъминловчи ва рақамли телевидение хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;


хизмат кўрсатиш зонаси - оператор ёки провайдер лицензия битими асосида алоқа хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўладиган ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ўрнатилган шартларга жавоб берадиган хизматлар сифатини таъминлаш учун техник имкониятларга эга бўлган ҳудуд;

провайдер - операторнинг рақамли телевидение тармоғи орқали тижорат асосида рақамли телевидение хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;


фойдаланиш учун очиқ рақамли теле-, радиоканал (бундан буён матнда очиқ теле-, радиоканал деб юритилади) - провайдер билан шартнома тузилмасдан ва ҳақ олинмасдан оператор томонидан фойдаланувчи ва абонентларга етказиладиган рақамли теле-, радиоканал;


фойдаланувчи - провайдер билан шартнома тузмаган, очиқ теле-, радиоканалларни қабул қилувчи юридик ёки жисмоний шахс;


қўшимча хизматлар - абонентнинг сўровига кўра провайдер томонидан рақамли телевидение хизматларидан алоҳида равишда кўрсатиладиган ва лицензия шартлари билан тартибга солинмаган хизматлар.


2. Оператор ва провайдернинг рақамли телевидение хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бўлган фаолияти ваколатли давлат органи томонидан берилган лицензия асосида ҳамда ваколатли давлат органи билан тузилган лицензия келишувига мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. РАҚАМЛИ ТЕЛЕВИДЕНИЕ ХИЗМАТЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ШАРТЛАРИ


3. Рақамли телевидение хизматлари фақат хизмат кўрсатиш зонасида кўрсатилади.


4. Рақамли телевидение хизматларидан фойдалана олиш учун фойдаланувчи ва абонент норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга жавоб берувчи ускуналарга эга бўлиши керак.


5. Фойдаланувчи ва абонентлар хизмат кўрсатиш зонасида очиқ теле-, радиоканалларни провайдер билан шартнома тузмасдан ва ҳақ тўламасдан қабул қилишлари мумкин.


6. Очиқ теле-, радиоканаллардан ташқари бошқа рақамли теле-, радиоканалларни қабул қилиш учун провайдер билан шартнома тузилиши ва ҳақ тўланиши керак.



3-БОБ. РАҚАМЛИ ТЕЛЕВИДЕНИЕ ХИЗМАТЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ УЧУН ШАРТНОМА ТУЗИШ


7. Очиқ теле-, радиоканаллардан ташқари бошқа рақамли теле-, радиоканалларни қабул қилиш учун юридик ёки вояга етган жисмоний шахс провайдер ёки дилерга бевосита (юридик шахслар ўз вакили орқали) ёки электрон тарзда мурожаат қилиши мумкин.


8. Бевосита мурожаат қилинганда провайдер ёки дилерга қуйидаги маълумотлар тақдим қилиниши керак:

фамилияси, исми ва шарифи (жисмоний шахслар учун);

номи, манзили, юридик манзили, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома рақами, СТИР (юридик шахслар учун);

рақамли телевидение хизматларидан фойдаланиш кўзланаётган манзил;

боғланиш маълумотлари (телефон рақами, электрон почта манзили - агар мавжуд бўлса).

9. Электрон тарзда мурожаат қилинганда провайдер ёки дилерга мазкур Қоидаларнинг 8-бандида кўрсатилган маълумотлар электрон шаклда тақдим қилиниши керак.

Электрон тарзда мурожаат қилинганда провайдер ёки дилер томонидан мурожаатчига бир иш куни ичида шартнома тузиш имконияти мавжуд бўлганда шартнома тузиш учун аниқ манзил ва вақт кўрсатилган жавоб ёки шартнома тузиш имконияти мавжуд бўлмаганда бунинг сабаблари кўрсатилган жавоб юборилади.


10. Шартнома тузиш имконияти мавжуд бўлганда провайдер ёки дилер шартномани тузиш вақтида мурожаатчи томонидан электрон тарзда тақдим қилинган маълумотларни уларнинг асл нусхалари билан солиштиради.


11. Провайдер ёки дилер рақамли телевидение хизматларидан фойдаланиш учун бевосита мурожаат қилинган куннинг ўзида ёки электрон тарзда мурожаат қилинганда провайдер ёки дилернинг жавобида кўрсатилган кунда шартномани тузади ёки тузишни рад этади.

Жисмоний шахснинг талаби бўйича провайдер ёки дилер вакиллари унинг яшаш жойига бориб рақамли телевидение хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиши мумкин.

12. Шартномани тузиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

мурожаатчи вояга етмаган жисмоний шахс бўлганда;

рақамли телевидение хизматларидан фойдаланиш кўзланаётган манзил хизмат кўрсатиш зонасига кирмаганда;

мазкур Қоидаларнинг 8-бандида кўрсатилган маълумотлар тўлиқ тақдим этилмаганда;

тақдим қилинган маълумотларнинг сохталиги ёки нотўғрилиги аниқланганда.


13. Шартномани рад этиш асослари мавжуд бўлмаганда провайдер ва мурожаатчи томонидан шартнома тузилади.


14. Абонентларга кўрсатиладиган рақамли телевидение хизматларининг рўйхати ва турлари операторга тегишли рақамли телевидение тармоқларининг техник имкониятлари ва абонентлар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда провайдер томонидан белгиланади ва шартномада кўрсатилади.


15. Рақамли телевидение хизматларини кўрсатиш учун шартнома оператор ва провайдер лицензиясининг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга расмийлаштирилади. Оператор ва провайдер лицензиясининг амал қилиш муддати узайтирилганда шартнома лицензиянинг янгидан белгиланган амал қилиш муддатигача узайтирилган деб ҳисобланади.

16. Рақамли телевидение хизматлари битта абонентга бир нечта ускуналар учун битта шартнома асосида ёки бир нечта алоҳида шартномалар асосида кўрсатилиши мумкин.



4-БОБ. РАҚАМЛИ ТЕЛЕВИДЕНИЕ ХИЗМАТЛАРИ

ВА ҚЎШИМЧА ХИЗМАТЛАР УЧУН ТЎЛОВЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ҲАМДА ТАРИФИКАЦИЯ


17. Рақамли телевидение хизматлари учун тўловлар абонент томонидан провайдер билан абонент ўртасида тузилган шартномага мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида амалга оширилади.


18. Қўшимча хизматлар учун тўловлар абонент ва фойдаланувчи томонидан улар билан провайдер ўртасидаги келишувга мувофиқ амалга оширилади.


19. Рақамли телевидение хизматлари учун тарифлар Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида провайдер томонидан белгиланади.


20. Абонент ўз хоҳишига кўра провайдер томонидан таклиф қилинган тариф-режасини танлаши ва ўзгартириши мумкин.


21. Провайдер томонидан тарифлар ўзгартирилганда у бу ҳақда абонентларни камида ўн кун олдин хабардор қилиши керак.


22. Провайдер абонентнинг талабига кўра абонент ҳисобварағида акс эттирилган ўзаро ҳисоб-китоблар ҳолати тўғрисидаги тўлиқ маълумотни (камида охирги ўн икки ой учун) бепул бериш имкониятини яратиши шарт.



5-БОБ. РАҚАМЛИ ТЕЛЕВИДЕНИЕ ХИЗМАТЛАРИНИ

КЎРСАТИШ. РАҚАМЛИ ТЕЛЕВИДЕНИЕ ХИЗМАТЛАРИНИ

КЎРСАТИШ ШАРТНОМАСИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ҲАМДА БЕКОР ҚИЛИШ


23. Абонент рақамли телевидение хизматларини кўрсатиш шартномаси тузилган ва танланган тариф режасига мувофиқ тўловни амалга оширган кундан бошлаб икки иш куни мобайнида ёки абонентнинг хоҳишига кўра ундан кўпроқ муддатда провайдер томонидан активация қилинади ва рақамли телевидение тармоғига уланади.

24. Рақамли телевидение хизматлари провайдернинг хизматлар тўғрисидаги ахборотига мувофиқ бўлиши керак.


25. Оператор ва провайдер рақамли телевидение хизматларини кўрсатиш жараёнида уларни шартнома, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқ ҳамда кечаю-кундуз ва сифатли кўрсатилишини таъминлаши шарт.


26. Провайдер қуйидаги хизматларни бепул кўрсатади:

кўрсатиладиган рақамли телевидение хизматлари ва қўшимча хизматлар тўғрисида ахборот бериш;

хизмат кўрсатиш зонаси тўғрисида ахборот бериш;

рақамли телевидение хизматлари ва қўшимча хизматлар учун тарифлар ва тариф-режалари тўғрисида ахборот бериш;

провайдер ва дилернинг реквизитлари ва ишлаш режими тўғрисида ахборот бериш;

ускуналарнинг техник носозликлари, шартли фойдалана олиш тизими билан боғлиқ муаммолар, смарт-картанинг йўқолганлиги, абонентнинг шахсий маълумотлари ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборотларни қабул қилиш.


27. Провайдер томонидан кўрсатиладиган бепул хизматлар рўйхати у томонидан мустақил кенгайтирилиши мумкин.


28. Рақамли телевидение хизматларининг сифати кескин тушиб кетганлиги ёки хизмат кўрсатиш тўхтаганлиги тўғрисида абонентдан мурожаат келиб тушганда провайдер томонидан тезкор чоралар кўрилиши ва камчиликлар бартараф этилиши зарур.


29. Рақамли телевидение хизматларини кўрсатиш шартномасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш провайдер ва абонентнинг ўзаро келишувига асосан амалга оширилади.


30. Рақамли телевидение хизматларини кўрсатиш шартномаси абонентнинг хоҳишига кўра провайдерга мурожаат қилиш орқали бекор қилиниши мумкин.


31. Рақамли телевидение хизматларини кўрсатиш шартномаси провайдер томонидан қуйидаги ҳолатларда бекор қилиниши мумкин:

рақамли телевидение хизматлари учун тўловлар абонент томонидан шартномада белгиланган муддатларда амалга оширилмаса;

оператор ёки провайдернинг лицензияси бекор қилинганда ёки унинг амал қилиши тугатилганда;

оператор ёки провайдернинг ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларнинг (форс-мажор ҳолатларнинг) натижасида рақамли телевидение хизматларини кўрсатиш имконияти мавжуд бўлмаганда.


32. Рақамли телевидение хизматларини кўрсатиш шартномаси провайдер томонидан бекор қилинганда, провайдер абонентни бунинг сабабларини кўрсатган ҳолда хабардор қилиши керак.


33. Рақамли телевидение хизматларини кўрсатиш шартномаси бекор қилинган тақдирда кўрсатилган ва кўрсатилмаган хизматлар учун провайдер ва абонент ўртасида қайта ҳисоб-китоб амалга оширилади.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


34. Шартномада кўрсатилган абонент ҳақидаги маълумотлар ўзгарганда абонент провайдерни бу ҳақда беш кун мобайнида хабардор қилиши керак.


35. Оператор ва провайдер режали профилактика ёки таъмирлаш ишларининг бошланиш вақти тўғрисида абонент ва фойдаланувчиларни камида бир сутка олдин хабардор қилиши керак.


36. Провайдер ва дилер ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида абонент ва фойдаланувчи тўғрисида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаши керак.


37. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


38. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 13 июнь, 23-сон, 275-модда