язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар/ Ички ишлар органлари таянч пункти тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 18.04.2017 й. ПҚ-2896-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 18 апрелдаги

ПҚ-2896-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ички ишлар органлари

таянч пункти тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ички ишлар органлари таянч пунктлари (кейинги ўринларда - таянч пункти) фаолиятининг вазифалари ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини, профилактика инспекторларининг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, уларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда аҳоли билан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида ҳамкорлик қилиш тартибини белгилайди.


2. Таянч пунктлари туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари)нинг асосий қуйи бўғини ҳисобланиб, улар ички ишлар органларининг жамоатчилик билан ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда қишлоқлар, овуллар ва маҳаллаларда жамоат тартиби, фуқаролар хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликка қарши курашишни бевосита таъминлаш мақсадида ташкил этилади.

Таянч пунктлари ўз фаолиятини профилактика катта инспекторлари ва профилактика инспекторлари (кейинги ўринларда - профилактика инспекторлари) ҳамда профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари таркибида амалга оширади.

Таянч пунктлари фаолиятини ташкил этиш учун ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари ҳам жалб этилиши мумкин.



2-БОБ. ТАЯНЧ ПУНКТИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


3. Таянч пунктларининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ташкил этиш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини, уларга имкон берувчи шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш ва бартараф этиш;

жиноятларни аниқлаш, бартараф этиш ва фош этишда, тергов, суд ва суд ҳужжатларини ижро этишдан яшириниб юрган шахсларни, шунингдек бедарак йўқолган фуқароларни қидиришда иштирок этиш;

вояга етмаганлар ва ёшлар билан уларни Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга, ёш авлодни терроризм, диний экстремизм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоялашга йўналтирилган ишларни бевосита амалга ошириш;

аҳоли билан унинг энг муҳим муаммоларини ҳал этиш ва ижтимоий кескинликни юмшатиш масалаларида тўғридан-тўғри очиқ мулоқотни йўлга қўйиш;

ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг, ғайрижтимоий хулқ-атворга эга, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил, шунингдек ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашувини таъминлаш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш масалалари бўйича ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари, давлат органлари, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш.


4. Профилактика инспекторлари лавозимларига олий маълумотга эга, касбий, ахлоқий-руҳий ва жисмоний жиҳатдан тайёргарлик кўрган, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси шакллари ва усулларини амалда қўллаш кўникмаларига эга бўлган шахслар тайинланадилар.

Профилактика катта инспекторлари лавозимларига ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларида камида беш йиллик иш стажига эга бўлган шахслар тайинланадилар.


5. Профилактика инспектори лавозимига тайинлаш ва лавозимдан озод этиш Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (кейинги ўринларда - ИИББ), вилоятлар ички ишлар бошқармалари (кейинги ўринларда - ИИБ) бошлиқлари томонидан амалга оширилади.

Профилактика инспектори тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши қарори билан лавозимга тасдиқланиб, унинг мажлисида қуйидаги мазмундаги қасамёдни қабул қилган вақтдан бошлаб лавозимга киришган деб ҳисобланади:

"Мен, (фамилияси, исми, отасининг исми), ____-сонли таянч пункти профилактика инспектори лавозимига киришар эканман, ўз бурчимни ва менга ишониб топширилган ҳудудда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тинчлик, осойишталик, хавфсизлик ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш борасида менга юклатилган мажбуриятларни виждонан, ситқидилдан бажаришга қасамёд қиламан".


6. Профилактика инспектори лавозимига биринчи маротаба тайинланаётган шахслар, шунингдек, ушбу лавозимда уч йил хизмат қилган шахслар тегишлича ўрнатилган тартибда касбий тайёргарлик курсини ва малака оширишни ўтайдилар.


7. Биринчи бор лавозимга тайинланган профилактика инспекторига Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланадиган тартибда бир йил муддатга тажрибали профилактика инспекторлари орасидан мураббий бириктирилади.


8. Профилактика инспекторлари уч йилда бир марта уларнинг хизмат фаолиятлари ва эришган натижаларини баҳолаш, хизматларидаги интизом ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланадиган тартибда аттестациядан ўтадилар.


9. Профилактика инспекторлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонлари қуйидагилар ҳисобланади:

таянч пункти фаолияти, унинг ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини ҳал этишдаги ўрни тўғрисида ижобий жамоатчилик фикрининг шаклланганлиги;

қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботнинг, қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилишининг таъминланиши;

ўз вақтида ва тўлиқ ҳуқуқбузарликларнинг аниқланиши, уларни содир этган шахсларнинг топилиши, шунингдек жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига риоя этилишининг таъминланиши;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини ошириш бўйича чора-тадбирларнинг мукаммаллиги ва таъсирчанлиги;

фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жамият ва давлат манфаатларига сўзсиз риоя этилишининг таъминланиши;

ички ишлар органлари ҳисобида турган шахслар билан олиб борилган профилактик ишларнинг самарадорлиги;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасида давлат ташкилотлари, бошқа ташкилотлар ва аҳоли билан ҳамкорлик даражаси.


10. Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ва вилоятлар ИИБларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари ҳар чоракда профилактика инспекторлари фаолияти натижаларини кўриб чиқадилар, умумлаштирадилар ва баҳолайдилар, уларнинг натижалари бўйича таклифлар ишлаб чиқадилар ҳамда профилактика инспекторлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган чораларни амалга оширадилар.


11. Профилактика инспекторлари юқори даражадаги касбий кўникмалари ва ҳуқуқий маданияти, фидокорона меҳнати, мардлиги ва кўрсатган жасорати учун ўрнатилган тартибда рағбатлантириладилар.



3-БОБ. ПРОФИЛАКТИКА

ИНСПЕКТОРЛАРИНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ


12. Таянч пунктларига юклатилган вазифаларни бажариш учун профилактика инспекторлари қуйидаги ваколатларни амалга оширадилар:

қишлоқлар, овуллар ва маҳаллалардаги криминоген вазиятни, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларни ўрганадилар, шунингдек ўрганиш натижалари бўйича юқори турувчи ички ишлар органларига тегишли маълумот ва таклифларни тақдим этадилар;

ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича махсус профилактик чора-тадбирларни, шунингдек, ҳуқуқбузарликларни содир этишга мойил шахслар билан профилактика ишларини амалга оширадилар;

ўқувчиларининг таълим муассасаларидаги давоматини назорат қиладилар, ижтимоий хавфли ҳолатда бўлган ва таълим муассасаларига қатнамайдиган вояга етмаганлар ва ёшлар, шунингдек, ушбу тоифадаги шахсларнинг ота-оналари билан профилактика ишларини олиб борадилар;

тақиқланган ташкилотлар ҳамда террорчилик, экстремистик ва бошқа ғайриқонуний ва бузғунчилик йўналишидаги гуруҳлар фаолиятига алоқадор шахсларни аниқлайдилар;

ўрнатилган тартибда профилактик ҳисобга олишни, шу жумладан, ҳуқуқбузарликлар, уларни содир этган шахслар ва ҳуқуқбузарликлардан жабрланганлар ҳисобини юритадилар;

жиноятларни аниқлаш ва фош этиш ҳамда суриштирув, тергов, суд органлари ва суд ҳужжатларини ижро этишдан яшириниб юрган, жиноий жазодан бўйин товлаётган, бедарак йўқолган шахсларни ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда бошқа шахсларни қидириш, шунингдек, шахси номаълум мурдаларнинг шахсини аниқлаш бўйича тезкор қидирув тадбирларини амалга оширишга кўмаклашадилар;

аҳоли билан мунтазам равишда мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этишнинг мақбул йўлларини аниқлашга қаратилган учрашувлар ўтказиб борадилар;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа манфаатдор ташкилотларга ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ҳамда уларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган, шу жумладан, инфратузилмани ривожлантириш ва ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишларини ташкил этиш юзасидан таклифлар киритадилар;

давлат органлари, жамоат ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ҳамда уларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича тақдимномалар киритадилар;

ҳуқуқбузарликлардан жабрланган, ғайриижтимоий хулқ-атворга эга, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа турдаги ёрдамларни кўрсатиш, шунингдек уларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдиришга қаратилган чораларни амалга оширадилар;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, уларга қонунга ҳурмат ҳиссини сингдириш бўйича тадбирларни, шу жумладан, давлат органлари ва ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини жалб этган ҳолда, ўтказадилар;

жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қиладилар, уларнинг мурожаатларини, шу жумладан, тайёрланаётган ёки содир этилган ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги хабарларини қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда кўриб чиқадилар;

ўқотар қуролларни сақлаш қоидаларига риоя этилишини назорат қилишга кўмаклашадилар;

доимий яшаш жойини узоқ муддатга тарк этган шахсларни аниқлайдилар ва ҳисобини юритадилар, уларнинг чет элда бўлиш жойлари ва муддатларини аниқлаш юзасидан қариндошлари билан мунтазам иш олиб борадилар, узоқ муддат мобайнида чет элда бўлиб қайтган шахслар билан профилактик ишларни амалга оширадилар;

бириктирилган ҳудуддаги ҳар бир оилани айланиб чиқадилар ва уларни ўрганадилар, нотинч оилаларни аниқлайдилар, улар билан профилактик ишлар олиб борадилар, шу жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда уларнинг маиший ва бошқа муаммоли масалаларини ҳал этишга кўмаклашадилар;

озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жиноий жазога маҳкум қилинган шахслар, шунингдек қамоқда сақлаш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораси қўлланилган шахслар устидан ўрнатилган тартибда назоратни амалга оширадилар, улар билан профилактик ишлар олиб борадилар;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ва ички ишлар органлари маъмурий назоратига қўйилган шахсларга тарбиявий-профилактик таъсир чораларини, уларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган чекловлар қўллашни амалга оширадилар;

фуқаролар, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалаларида тушунтириш ишларини ташкил этадилар;

доимий ва вақтинча пропискасиз ёки турган жойи бўйича ҳисобда турмаган ёхуд бошқача тарзда паспорт-виза режими талабларини бузган ҳолда яшаётган шахсларни аниқлайдилар, фуқароларнинг турар жойлари ижараси ёки улардан текин фойдаланиш тўғрисидаги шартномаларнинг мавжудлигини текширадилар;

турар жой эгалари ва хусусий мулкдорлар ширкатлари томонидан уй-жой фонди ва уй атрофи ҳудудларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, шу жумладан, кўп қаватли уйларнинг чордоқ ва ертўлалари ҳамда бошқа қўшимча бино ва хоналардан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши бўйича чоралар кўрадилар;

эгасиз турар жойларни аниқлаш ва уларнинг сақланишини назорат қилиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўрадилар;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланиши ва истеъмол қилиниши, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва сотилишининг олдини олиш бўйича тадбирларни амалга оширади;

порнографик мазмундаги маҳсулотлар, фоҳишабозлик ва ОИВ/ОИТСнинг, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ёйилиши ҳамда фоҳишахоналарнинг сақланишига чек қўйиш, ички ишлар органлари соҳавий хизматларининг ушбу йўналишдаги ишларини мувофиқлаштириш бўйича тадбирлар ўтказадилар;

ҳуқуқбузарликлар содир этган вояга етмаганларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган таъсир чораларини қўллаш тўғрисида тегишли орган ва муассасаларга таклифлар киритадилар;

вояга етмаганларнинг назоратсизлиги, қаровсизлиги ва ҳуқуқбузарликлари ҳолатлари ҳамда уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитлар тўғрисида тегишли ташкилотларни ўрнатилган тартибда хабардор қиладилар;

таълим, маданий-кўнгилочар, спорт-соғломлаштириш муассасалари ва бошқа ташкилотларда (тўгараклар, клублар ва ҳ. к.) вояга етмаганлар билан олиб борилаётган тарбиявий ишлар аҳволини ўрганадилар;

васийлик ва ҳомийлик органларига етим болалар ва ота-оналар қаровисиз қолган болаларни жойлаштиришда кўмаклашадилар;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни ҳамда бу борадаги ишларнинг мувофиқлаштирилишини таъминлайдилар;

профилактика (катта) инспекторларининг ёрдамчиларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш ҳақида туман (шаҳар) ички ишлар органларининг бошлиқларига тавсиялар беради;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларининг ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари билан жиноятларни аниқлаш, уларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш бўйича ҳамкорлигини таъминлайдилар;

санитария, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва ёнғин хавфсизлиги соҳаларидаги қонунчиликка риоя этилиши бўйича чораларни амалга оширишда иштирок этадилар;

суд қарорлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилишида жамоат тартибини таъминлашда иштирок этадилар;

табиий офатлар ва бошқа фавқулодда ҳолатларнинг оқибатларини бартараф этишда жамоат тартибини таъминлайдилар.

Профилактика инспекторлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширишлари мумкин.


13. Профилактика катта инспектори, ушбу Низомнинг 12-бандида санаб ўтилган ваколатлар билан бирга, ички ишлар органлари таянч пункти ва профилактика инспекторлари фаолиятини ташкил этади ва умумий раҳбарликни амалга оширади.



4-БОБ. ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ, МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


14. Профилактика инспекторлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фуқаролар ва мансабдор шахслардан қонунчиликка риоя этиш ва ғайриқонуний ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиш;

ўз ваколатларини амалга оширишда фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини текшириш, уларнинг ёнларида тақиқланган буюм ва воситалар мавжуд деб гумон қилишга асослар бўлган тақдирда, шахсий кўрикдан ўтказиш ва уларнинг ашёларини кўздан кечириш, ҳуқуқбузарликнинг қуроли ёки бевосита предмети бўлган буюм ва ҳужжатлар аниқланган тақдирда, қонунчиликда назарда тутилган тартибда уларни олиб қўйиш;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ ўзларига тааллуқли бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш;

ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги мурожаатлар ва хабарларни ўрнатилган тартибда текшириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларга кириш, улардан тегишли маълумотларни сўраш ва олиш;

ўз иш юритувларида бўлган ишлар ва материаллар бўйича ҳолатларни аниқлаш мақсадида зарур тушунтиришлар, маълумотлар ва ҳужжатларни олиш учун фуқаролар ва мансабдор шахсларни чақириш;

фуқароларни, уларнинг розилиги билан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси чораларини амалга оширишда кўмаклашишга жалб этиш;

қонунда кўрсатилган ҳолатлар ва тартибда қурол ва махсус воситаларни қўллаш.

Профилактика инспекторлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


15. Профилактика инспекторлари қуйидагиларга мажбурдир:

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкини ҳимоя қилиш, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз ваколатлари доирасида зарур чоралар кўриш;

жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки бошқа ҳодиса содир этилган жойга дарҳол етиб келиш, ғайриқонуний қилмишларга чек қўйиш, фуқароларнинг хавфсизлигига қаратилган таҳдидларни бартараф этиш, ҳодиса ҳолатларини ҳужжатлаштириш, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки бошқа ҳодиса изларининг сақланишини таъминлаш;

жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки бошқа ҳодиса содир этилган жойда жабрланган, шунингдек ночор аҳволда қолган фуқароларга биринчи тиббий ёки бошқа турдаги ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш;

ўз хизмат мажбуриятларини бажариш муносабати билан унга маълум бўлган фуқароларнинг шахсий ҳаёти, шаъни ва қадр-қимматига тааллуқли маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этмаслик, хизмат маълумотлари, шунингдек, тижорат ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа сирларнинг махфийлиги ва сақланишини таъминлаш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирларини ўтказишда фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахслар мол-мулки хавфсизлигини таъминлаш;

чақирув бўйича келишдан бўйин товлаётган шахсларни мажбурий келтириш тўғрисидаги суд ажримлари, прокурорнинг, терговчининг ёки суриштирувчининг қарорларини тегишли ҳудудда бажарилишини таъминлаш;

қонун ҳужжатлари билан ички ишлар ходимлари учун белгиланган чеклов ва тақиқларга риоя этиш.

Профилактика инспекторларига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.


16. Профилактика инспекторлари ўз зиммаларига юкланган вазифа ва функцияларнинг талаб даражасида ва самарали бажарилиши учун масъулдирлар.



5-БОБ. ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРЛАРИНИНГ

ДАВЛАТ ТАШКИЛОТЛАРИ, БОШҚА ТАШКИЛОТЛАР

ВА АҲОЛИ БИЛАН ҲАМКОРЛИГИ


17. Профилактика инспекторларининг давлат ташкилотлари, бошқа ташкилотлар ҳамда аҳоли билан ҳамкорлигини ташкил этиш қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича қўшма тадбирларини режалаштириш ва ўтказиш;

коллегиал қарорларни талаб қилувчи вазифалардан келиб чиқиб қўшма йиғилишлар ўтказиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти натижалари ҳақида хабардор қилиб бориш;

фаолиятга баҳо бериш ва биргаликда амалга оширилган ишлар натижаларини ҳисобга олиш;

ҳамкорликни ташкил этишнинг илғор шакллари ва усулларини умумлаштириш ҳамда амалиётга татбиқ этиш.

Ҳамкорликнинг даражаси, доираси ва хусусиятидан келиб чиқиб, қонунчиликка мувофиқ бошқа тадбирлар ҳам амалга оширилиши мумкин.


18. Давлат органлари ва муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар профилактика инспекторларига ўз ваколатлари доирасида ўқув-методик, ахборот, маслаҳат ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлашлари мумкин.


19. Ахборот алмашиш ёзма сўровлар асосида амалга оширилади. Сўровга, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, у олинган кундан бошлаб ўн беш кундан кечиктирилмай жавоб берилиши лозим.


20. Профилактика инспекторлари маҳаллий аҳамиятга эга бўлган тадбирларни ўтказишда, оилавий-маиший низолар масалаларини ҳал этишда, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, ноқонуний диний ташкилотлар фаолиятига чек қўйиш чораларини кўришда, фуқароларнинг виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқларига риоя этилишини, диний қарашларнинг мажбуран сингдирилишига йўл қўйилмаслигини таъминлашда фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорлик қиладилар.


21. Профилактика инспекторлари ҳар ойда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳолати тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳисобот тақдим этадилар.


22. Профилактика инспекторлари фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) билан биргаликда қуйидагиларга қаратилган чораларни амалга оширадилар:

эгасиз турар жойларни аниқлаш ва уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сақланишини назорат қилиш;

виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши;

оилавий-маиший сабабларга кўра содир этилган ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан аёллар, вояга етмаганлар ва ёшлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар муҳокамасини ташкил этиш ва ўтказиш, мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш;

спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилиш натижасида фуқаронинг муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисида ёки фуқаронинг руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёки ақлий заифлиги) туфайли муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақида судга ариза бериш масалалари.

Профилактика инспекторлари фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) билан биргаликда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чораларни ҳам амалга оширишлари мумкин.

24. Профилактика инспекторлари туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталарининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари билан қуйидаги масалаларда ўзаро ҳамкорлик қиладилар:

аҳоли, айниқса, хотин-қизлар, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш бўйича фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва фаоллигини оширишга йўналтирилган тушунтириш ишларини ташкил этиш;

хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатиш эҳтимоли мавжуд оилаларда профилактик тушунтириш ишларини олиб бориш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш;

одам савдоси қурбонига айланган хотин-қизлар ва вояга етмаганларга уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашишлари учун ҳар томонлама кўмак бериш;

хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида эрта никоҳ, ўз жонига қасд қилиш, жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини ўрганиш, шунингдек, уларга йўл қўймаслик бўйича профилактика чораларини, шу жумладан, якка тартибдаги чораларни кўриш;

тинчлик ва осойишталикни таъминлашда фуқаролар огоҳлигини, хотин-қизлар фаоллигини ошириш;

диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш;

жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган хотин-қизларни хотин-қизлар қўмиталари ҳамда фуқаролар йиғинлари кафиллиги асосида афв этиш тўғрисида таклифлар киритиш;

озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ўтаётган ёхуд жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган, шу жумладан, диний экстремистик ғоялар таъсирига тушган шахсларнинг яқин қариндошлари билан профилактика ишларини олиб бориш ва уларга кўмаклашиш.

25. Профилактика инспекторлари фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиялари билан қуйидаги масалаларда ўзаро ҳамкорлик қилади:

фуқароларнинг ёт ғоялар, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик таъсири остига тушиб қолишлари, оилавий келишмовчиликлар шунингдек, ёшлар тарбиясига масъулиятсиз муносабатда бўлиш ҳолатларининг олдини олиш;

қўшнилар ва қариндошлар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ўзаро муносабатларини тиклаш бўйича чораларни кўриш;

ички ишлар органлари ҳисобида турган, айниқса, муқаддам судланган, ҳуқуқбузарликлар содир этаётган ва ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган шахслар билан профилактик ишларни амалга ошириш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларни ижтимоий мослаштириш.


26. Профилактика инспекторлари фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссиялари билан қуйидаги масалаларда ўзаро ҳамкорлик қиладилар:

аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;

оилаларнинг барбод бўлиш ҳолатларини бартараф этишга йўналтирилган тадбирларни ўтказиш;

хорижий давлатларга чиқаётган ва у ердан қайтган аёллар ҳисобини юритиш, улар билан тегишли профилактика ишларини амалга ошириш.


27. Профилактика инспекторлари фуқаролар йиғинининг маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссиялари билан қуйидаги масалаларда ўзаро ҳамкорлик қилади:

диний экстремизм, фундаментализм ва миссионерлик сабабларини ўрганиш, уларнинг салбий оқибатларини тушунтириш, шунингдек уларни бартараф этишга ва аҳолини огоҳликка чақиришга йўналтирилган чораларни амалга ошириш;

рўйхатдан ўтмаган диний ташкилотлар фаолиятига чек қўйиш, фуқароларнинг диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқига риоя этилишини таъминлаш, диний қарашларнинг мажбуран сингдирилишига йўл қўймаслик ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши билан боғлиқ бошқа масалаларни кўриб чиқиш чораларини кўриш.


28. Профилактика инспекторлари фуқаролар йиғинининг вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссиялари билан қуйидаги масалаларда ўзаро ҳамкорлик қилади:

вояга етмаганлар ва ёшларнинг маънавий-маърифий тарбияси, уларни спорт билан шуғулланишга жалб этиш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси;

ота-оналари ички ишлар органларида профилактик ҳисобида турувчи вояга етмаганларнинг турмуш тарзи ва хулқини ўрганиш;

васийлик ва ҳомийлик органларига етим болалар, ота-оналар қаровисиз қолган ёхуд ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирадиган ёхуд таъминлаш, тарбиялаш ва таълим бериш талабларига жавоб бермайдиган шароитда бўлган болалар тўғрисида маълумот тақдим этиш, шунингдек бундай болаларни тегишли давлат муассасаларига жойлаштиришда кўмаклашиш.


29. Профилактика инспекторлари экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссиялар билан қуйидаги масалаларда ўзаро ҳамкорлик қиладилар:

аҳолининг экологик маданиятини ривожлантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш чораларини кўриш;

табиий офатлар билан курашишга ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга фуқароларни жалб этиш;

бириктирилган ҳудудда жойлашган ташкилотлар раҳбарларининг фуқаролар йиғинида атроф муҳитни муҳофаза қилиш, санитария ҳолати ва ободонлаштириш юзасидан ҳисоботларини эшитиш бўйича таклифларни тайёрлаш.


30. Профилактика инспекторлари нодавлат нотижорат ташкилотлари билан қуйидаги масалаларда ўзаро ҳамкорлик қиладилар:

ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга йўналтирилган қўшма дастурларни ишлаб чиқиш;

ҳуқуқбузарликлар оқибатида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича ихтисослаштирилган муассасалар тузиш;

фуқароларни, айниқса, ёшларни маънавий, ахлоқий, ҳуқуқий, жисмоний ва меҳнат тарбиясини амалга оширишда иштирок этиш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ёки ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтган шахсларнинг ижтимоий реабилитацияси ва ижтимоий мослашувига кўмаклашиш;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш;

миллатлараро, маданиятлараро тотувлик ва фуқаролар тотувлиги ғояларини мустаҳкамлаш, кўп асрлик, анъанавий маънавий-ахлоқий ҳамда тарихий-маданий қадриятларни тиклаш ва сақлаш.


31. Профилактика инспекторлари фуқаролар йиғини органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларда ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишлари мумкин.


32. Профилактика инспекторларининг давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлиги уларнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикасида кўмаклашиш ва зарурий ёрдам кўрсатиш билан иштирок этишлари орқали амалга оширилади.


33. Профилактика инспекторлари туман ва шаҳар ички ишлар органларига ҳуқуқбузарликлар профилактикасида фаол иштирок этганлиги ёки алоҳида хизматлари учун фуқароларни рағбатлантириш ҳақида таклифлар киритишлари мумкин.


34. Профилактика инспекторлари қўшма тадбирларни, шу жумладан, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид "давра суҳбатлари", семинарлар ва ижтимоий сўровлар ташкил этиш орқали ўтказишлари мумкин.



6-БОБ. ТАЯНЧ ПУНКТЛАРИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА УЛАРНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИК

ТАЪМИНОТИ МАСАЛАЛАРИ


35. Таянч пункти криминоген вазият, аҳоли зичлиги ва жойларда фуқаролар хавфсизлиги ҳамда жамоат тартибини тегишли тарзда таъминлаш билан боғлиқ бошқа шарт-шароитлар инобатга олинган ҳолда қонун ҳужжатлари билан ўрнатилган тартибда ташкил этилади ва тугатилади.


36. Таянч пункти қуйидагиларни ўз ичига олувчи махсус жиҳозланган хоналарда жойлашади:

профилактика катта инспектори ва профилактика инспекторининг хизмат хонаси;

таянч пунктига хизматга жалб қилинадиган ички ишлар органларининг бошқа хизматлари ходимлари учун хизмат хонаси;

"Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмаси ва бошқа жамоат бирлашмалари вакиллари учун хизмат хонаси;

аҳоли билан тушунтириш ишларини олиб бориш зали;

ҳуқуқбузарларни ушлаб туриш хонаси;

дам олиш, ювиниш ва санитария-гигиена хоналари.


37. Таянч пунктлари учун ер майдони ва биноларни ажратиш, қурилиш, таъмирлаш ва капитал таъмирлаш, шунингдек мебель билан жиҳозлаш шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Таянч пункти туман, шаҳар ҳокимликлари балансида бўлади ва унинг биноси Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси розилигисиз бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга сотилмайди ёки берилмайди.


38. Таянч пунктларини зарурий техник воситалар, кўргазмали қўлланмалар, хизмат ҳужжатлари ва автотранспорт воситалари билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси ИИВ томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


39. Жамоат бирлашмалари билан доимий ва самарали ҳамкорликни таъминлаш мақсадида таянч пунктлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан бир бинода ёки унга яқин жойда жойлашади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


40. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 1 май, 17-сон, 288-модда