язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пул ва бюджет тизими. Бюджетдан ташқари фондлар/ Бюджет тизими/ Маҳаллий бюджет/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.06.2017 й. 445-сон "Маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтириш захираларини аниқлаш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

29.06.2017 й.

N 445



МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТЛАРНИНГ

ДАРОМАДЛАР БАЗАСИНИ КЕНГАЙТИРИШ

ЗАХИРАЛАРИНИ АНИҚЛАШ ИШЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида" 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сон ва "Маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 7 июндаги ПФ-5075-сон фармонларини ижро этиш юзасидан, шунингдек маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтириш ва янги ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча маблағларни жалб қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Молия органлари ва давлат солиқ хизмати органлари, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушумларни кўпайтиришга ва солиқ солинадиган базани кенгайтиришга йўналтирилган ишларини такомиллаштириш борасидаги фаолиятини тартибга солиш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низом (кейинги ўринларда Вақтинчалик низом деб аталади) 1-иловага мувофиқ;

Туманлар (шаҳарлар) молия бўлимлари ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадлар параметрларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш ва маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

Туманлар (шаҳарлар) давлат солиқ инспекциялари ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадлар параметрларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш ва маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вақтинчалик низом талабларининг сўзсиз бажарилиши учун масъулият Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ва Давлат солиқ қўмитасига юклансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси мавжуд ресурсларни сафарбар этиш бўйича кунлик мониторинг олиб борилишини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадлари параметрларининг бажарилишига, шунингдек давлат мақсадли дастурларини барқарор молиялаштиришнинг муҳим омили сифатида маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминласинлар.


3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Вақтинчалик низом доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари давлат солиқ хизмати, молия органлари ва бошқа тегишли маҳаллий органлар ҳамда тижорат банклари билан биргаликда ҳар бир туман (шаҳар)нинг ўзига хос хусусияти ва салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда қўшимча манбаларни излаш ва шу асосда маҳаллий бюджет даромадлари базасини кенгайтириш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадлари параметрларини сўзсиз бажариш бўйича фаолият мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилишини таъминлайдилар.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтиришнинг қўшимча захираларини излаш ва шу асосда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши динамикаси ва тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда солиқ тушумларининг аниқлаштирилган прогнозларини кейинчалик давлат солиқ хизмати органларига етказиш учун вазирликнинг марказий аппаратидан малакали мутахассисларни ҳар ойда жойларга юборсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кучайтирсин, бунда қуйидагиларни таъминлашга алоҳида эътиборни қаратсин:

солиқ тўловчилар - жисмоний ва юридик шахсларнинг фаолияти устидан жойнинг ўзига чиқиб назорат қилувчи мансабдор шахсларга ҳар кунги йўл-йўриқ беришни ўз ичига қамраб оладиган коррупцияга қарши чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

лавозим ваколатларини шахсий бойлик орттириш мақсадида суиистеъмол қилишнинг, шунингдек қисқа муддатли текширишлар ва нақд пул тушуми хронометражини ўтказиш давомида функционал вазифалар лозим даражада бажарилмаслигининг ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилмасликнинг олдини олиш ва бунинг учун қонунчилик доирасида қатъий жазоларни қўллаш.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда ҳар бир ҳудуд ва ҳар бир солиқ тўловчи, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар турлари бўйича доимий янгилаб бориладиган тўлиқ маълумотлар базаси шакллантирилишини, шунингдек туман (шаҳар) даражасида ахборот тизимларининг самарали ва узлуксиз ўзаро ҳамкорлигини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда ҳар бир ҳисобот даври якуни бўйича Вақтинчалик низом бажарилишини танқидий таҳлил қилсин, кейинчалик қўшимча захираларни топиш ва шу асосда маҳаллий бюджетнинг даромад базаси кенгайтирилишини барбод қилган ёки ўзини четга олган давлат солиқ хизмати ва молия органларининг ҳудудий ва туман (шаҳар) бўлинмалари раҳбарлари ва мансабдор шахсларига нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган қатъий чораларни кўрсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                       А. Арипов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 10 июль, 27-сон, 614-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 6-сон, 125-модда