язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар/ Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.04.2018 й. 309-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 26 апрелдаги

309-сон қарорига

ИЛОВА



Ички ишлар органларининг муайян яшаш

жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация

қилиш марказлари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси, "Ички ишлар органлари тўғрисида" ва "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари (кейинги ўринларда реабилитация марказлари деб аталади) фаолиятини тартибга солади.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


реабилитация маркази - муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни уларнинг шахси аниқлангунгача маъмурий суднинг ажрими асосида ўттиз суткадан кўп бўлмаган муддатга сақлаб туриш ва реабилитация қилиш учун мўлжалланган ички ишлар органлари тизимидаги давлат муассаса;


муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс - шахсини тасдиқловчи ҳужжати, шунингдек, бирон-бир манзилда доимий яшаш жойи ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинмаган, ғайриижтимоий хулқ-атворли, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган 18 ёшдан ошган шахс;

профилактика суҳбати - реабилитация марказларига қабул қилинган шахсни жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишга ишонтириш, ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ижтимоий ва ҳуқуқий оқибатларини ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қонунда белгиланган жавобгарликни тушунтириш;


реабилитация қилиш - муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш, шунингдек, уларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи.


3. Реабилитация марказлари юридик шахс бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.


4. Реабилитация марказлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларга амал қилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакили реабилитация марказига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга.

6. Реабилитация марказларида муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни сақлаш бўйича реабилитация марказларининг ички режимига мувофиқ қуйидаги махсус шарт-шароитлар таъминланади:

реабилитация марказларида сақланаётган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни ташқи салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш;

реабилитация марказлари ҳудудига бегона шахсларнинг эркин киришини ҳамда бу ерда сақланаётган шахсларнинг марказ ҳудудидан эркин чиқишини чеклаш;

реабилитация марказларида сақланаётган шахсларни доимий ва узлуксиз назорат қилиш, шахсий кўрикдан ўтказиш, уларнинг буюмлари, олаётган ва юбораётган почта жўнатмалари ҳамда йўқловларини кўздан кечириш.


7. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни аниқлаш, сақлаш ва уларни реабилитация қилиш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.


8. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий ишларни юритиш тўғрисидаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси талабларига асосан маъмурий судлар томонидан юритилади.



2-БОБ. РЕАБИЛИТАЦИЯ МАРКАЗЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Қуйидагилар реабилитация марказларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни сақлаш ва уларнинг шахсини аниқлаш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар билан профилактика тадбирларини амалга ошириш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш.


10. Реабилитация марказлари ўз зиммасига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни сақлаш ва уларнинг шахсини аниқлаш бўйича:

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни кеча-кундуз қабул қилиш ва рўйхатга олиш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни уларнинг шахсини ва психологик жиҳатдан мослигини ҳисобга олган ҳолда жойлаштириш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларга юкланган мажбуриятларни бажаришини ташкил этиш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган ҳар бир шахснинг давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизматлари орқали шахсини аниқлаш мақсадида уларни белгиланган тартибда текширувдан ўтказиш;


б) муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар билан профилактика тадбирларини амалга ошириш бўйича:

ғайриижтимоий хулқ-атворли, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдириш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишига имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бу ҳақида тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотларни хабардор қилиш;

доимий яшаш жойларига юборилиши лозим бўлган ғайриижтимоий хулқ-атворли, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган чет эл фуқаролари ҳақида тегишли давлат органлари ва ташкилотларни белгиланган тартибда хабардор қилиш;


в) муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш бўйича:

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар учун санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига жавоб берадиган моддий-маиший шароитлар яратиш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни белгиланган нормалар бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга психологик ёрдам кўрсатиш, яъни уларнинг психофизиологик мойилликлари, қобилиятлари, қизиқишлари ва бошқа ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда ижтимоий мослашув чора-тадбирларини амалга ошириш;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бандлик ва меҳнат муносабатлари органлари билан ҳамкорликда ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмаётган ва реабилитация марказларига жойлаштирилган меҳнатга лаёқатли муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни ишга жойлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, стационар шароитларда ёрдам кўрсатишга муҳтож деб топилган шахсларни белгиланган тартибда соғлиқни сақлаш органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларига юбориш;

қаровсиз қолган кексалар ва ногиронларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда "Саховат" кексалар ва ногиронлар учун интернат уйларига, руҳий касалликка чалинган ногиронларни "Мурувват" ногиронлар учун интернат уйларига, касалларни даволаш муассасаларига жойлаштириш чора-тадбирларини кўриш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг шахси аниқлангандан сўнг уларни доимий ёки вақтинча яшаш жойларига юбориш чораларини кўриш.

11. Реабилитация марказлари ўз зиммасига юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилиши учун жавоб беради.



3-БОБ. РЕАБИЛИТАЦИЯ МАРКАЗЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ, ҚАЙТА ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


12. Реабилитация марказлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан ташкил этилади, қайта ташкил этилади ва тугатилади.


13. Реабилитация марказлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида ҳамда Тошкент шаҳрида, шунингдек, зарурат бўлганда аҳоли зич жойлашган бошқа ҳудудларда ташкил этилади.


14. Реабилитация марказлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаларига бўйсунади.



4-БОБ. РЕАБИЛИТАЦИЯ МАРКАЗЛАРИГА

КЕЛТИРИЛГАН МУАЙЯН ЯШАШ ЖОЙИГА ЭГА

БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ

ВА РЎЙХАТГА ОЛИШ


15. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига қабул қилиш учун маъмурий суднинг ажрими асос ҳисобланади.


16. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар реабилитация марказларига кеча-кундуз қабул қилинади.


17. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома киритиш ҳақидаги қарор маъмурий суд томонидан қаноатлантирилган тақдирда, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс реабилитация марказига тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органларининг ходимлари томонидан келтирилади.


18. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар реабилитация марказларига қабул қилинаётганда уларнинг фотосуратлари ва бармоқ излари олиниб рўйхатга қўйилади, тиббий ва шахсий кўрикдан ўтказилади, буюмлари ва ашёлари кўздан кечирилади ҳамда кийимлари ва буюмлари дезинфекция қилинади.


19. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс реабилитация марказининг у билан бир жинсдаги ходимлари томонидан шахсий кўрикдан ўтказилади ва баённома билан расмийлаштирилади. Баённома шахсий кўрикни ўтказган ходимлар ва шахсий кўрикдан ўтказилган шахс томонидан имзоланади.


20. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслардан сақланиши, тарқатилиши, истеъмол қилиниши, фойдаланилиши тақиқланган ашёлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари олиб қўйилади.


21. Реабилитация марказларига олиб кирилиши тақиқланган ашёлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари қуйидагилардан иборат:

қонун ҳужжатлари билан муомалада бўлиши тақиқланган ёки чекланган ашёлар;

пуллар, қимматли қоғозлар, қимматбаҳо тошлар ва улардан ясалган буюмлар, турли маркадаги соатлар ва бошқа қимматликлар;

оптик асбоблар, кўзойнак бундан мустасно;

алкоголь маҳсулотлари, шунингдек, таркибида спирт бўлган атир ва бошқа маҳсулотлар;

барча турдаги радиоаппаратура, компьютер техникаси, ёзув машинкаси, нусха кўчириш воситалари;

алоқа воситалари, жумладан, уяли алоқа воситаси, радиотелефонлар, рациялар ва уларнинг барча турдаги қисмлари;

пичоқлар, қайчилар, устаралар, электр устара бундан мустасно, шунингдек, бошқа барча турдаги санчувчи ва кесувчи ҳамда инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли, жиноят қуроли сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёлар;

ойналар, камера деворига ўрнатилган ойна бундан мустасно;

ўйин карталари;

хамиртуруш ва ачитқилар;

уйда пиширилган, шунингдек, истеъмол қилиниши иситиш ва пиширишни талаб қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари.


22. Шахсий кўрик пайтида олиб қўйилган тақиқланган ашёлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари тавсифлари ва идентификациялаш рақамлари санаб ўтилган ҳолда баённомада кўрсатилади.


23. Тақиқланган ашёлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг реабилитация марказида сақланиш даврида реабилитация марказининг алоҳида хонасида ўрнатилган, ҳар бир хона учун алоҳида 4 тадан ячейкаси бўлган, рақамланган ва қулфланадиган махсус жиҳозланган шкафларда сақланади. Моддий-товар бойликларининг сақланиши учун реабилитация маркази навбатчиси жавобгар ҳисобланади.


24. Муомалада бўлиши тақиқланган ёки чекланган нарсалар аниқланганда олиб қўйилади, уларни сақлаш, топшириш ёки йўқ қилиш масалаларини ҳал этиш, шунингдек, ушбу ашёларни сақлаган муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга нисбатан белгиланган тартибда жавобгарлик масаласини ҳал этиш учун улар зудлик билан тегишли туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими)га хабар берилади.


25. Дори воситалари тиббий пунктга рўйхат бўйича топширилади, алоҳида сақланади ва реабилитация маркази тиббиёт ходимининг кўрсатмаси асосида муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг имзоси билан қайтарилади.


26. Реабилитация марказларига жойлаштирилган муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар реабилитация марказига олиб келинган муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш дафтарида қайд этилади ва улар учун ҳисобга олиш йиғма жилдлари юритилади.


27. Реабилитация марказларида ҳисобга олиш, рўйхатдан ўтказиш, ҳужжатларини юритиш тартиби ва тегишли ҳужжатларнинг намуналари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.



5-БОБ. РЕАБИЛИТАЦИЯ МАРКАЗЛАРИДА

МУАЙЯН ЯШАШ ЖОЙИГА ЭГА БЎЛМАГАН

ШАХСЛАРНИ САҚЛАШ


28. Реабилитация марказларига қабул қилинган шахслар реабилитация марказларида уларнинг шахси аниқлангунига қадар маъмурий суднинг ажрими асосида ўттиз суткадан кўп бўлмаган муддатга сақлаб турилади.


29. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар реабилитация марказларини ўзбошимчалик билан тарк этишига ва ҳуқуқбузарлик содир этилишига йўл қўйилмайдиган, хавфсиз шароитларда сақланади ва кеча-кундуз реабилитация марказлари ходимларининг назорати остида бўладилар.


30. Реабилитация марказларида сақланаётган муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни назорат қилиш реабилитация маркази ходимларидан иборат таркибда ташкил этиладиган навбатчилик гуруҳлари томонидан амалга оширилади.


31. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказларининг хоналарида алоҳида-алоҳида жойлаштириш уларнинг шахсини ва психологик жиҳатдан мослигини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Чекувчилар, қоидага кўра, чекмайдиганлардан алоҳида жойлаштирилади.

Қуйидаги шахслар алоҳида жойлаштирилиши шарт:

эркаклар ва аёллар;

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

юқумли касалликларга чалинган ёки тиббий кузатувга муҳтож бўлган беморлар;

реабилитация маркази бошлиғининг қарорига кўра, ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш манфаатларидан келиб чиқиб айрим шахслар.



6-БОБ. МУАЙЯН ЯШАШ ЖОЙИГА ЭГА

БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


32. Реабилитация марказларида сақланаётган шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

реабилитация марказлари ходимларидан сақлаш тартиби ва шароитлари, ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида ахборот олиш;

реабилитация маркази маъмуриятига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш;

адвокатнинг юридик ёрдами ҳамда таржимон хизматидан фойдаланиш;

уларнинг шахсий хавфсизлиги ва соғлигини таъминловчи шароитларда сақланиши, тегишли тиббий ёрдам олиш;

почта жўнатмалари ва йўқловларни олиш ва жўнатиш;

қариндошлари ёки бошқа шахслар билан учрашиш;

телефон орқали чекловларсиз сўзлашиш;

тунги вақтда узлуксиз саккиз соат ухлаш;

кундузги вақтда реабилитация маркази ҳудудидаги махсус ажратилган жойларда сайр этиш;

агар, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаса, диний расм-русумларни адо этиш;

белгиланган нормалар бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш, моддий-маиший шароитлар, ўқув-бадиий, ахборот материалларидан фойдаланиш, реабилитация марказларининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда радио, телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларидан ахборот олиш;

реабилитация марказларидан доимий ёки вақтинча яшаш жойларига юборилаётганда далолатнома асосида топширилган кийим-бошлари, тақиқланмаган буюмлари ва бошқа нарсаларини қайтариб олиш.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган чет эл фуқаролари ушбу бандда назарда тутилган ҳуқуқлардан ташқари, ўз давлатларининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан, Ўзбекистон Республикасида дипломатик ва консуллик муассасаларига эга бўлмаган мамлакатларнинг фуқаролари эса уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни ўз зиммасига олган давлатнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан алоқа қилиш ҳуқуқига эга.


33. Реабилитация марказларига қабул қилинган шахсларга қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

реабилитация марказининг кун тартибига қатъий риоя қилиш;

реабилитация маркази ходимларининг қонуний талабларини бажариш, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилмаслик;

санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига риоя этиш;

ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш;

реабилитация маркази мол-мулкига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш;

бошқа шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, шунингдек, ўзининг ҳамда бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи хатти-ҳаракатларни содир этмаслик.



7-БОБ. РЕАБИЛИТАЦИЯ МАРКАЗЛАРИГА

ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ШАХСЛАРНИ ТЕКШИРИШ

ВА РЕАБИЛИТАЦИЯ ҚИЛИШ


34. Реабилитация марказларида муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар текширувдан ўтказилади.

Текширувнинг асосий мақсади муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг шахсини аниқлаш, шу жумладан жиноят ва ҳуқуқбузарликларга алоқадорлиги ҳамда унга нисбатан жиноят содир этганлик учун ёки бедарак йўқолган шахс сифатида қидирув эълон қилинганлигини текшириш ва уларни реабилитация қилишдир.


35. Реабилитация марказларининг масъул ходимлари томонидан муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар билан улар ушбу марказларга олиб келинган вақтдан бошлаб йигирма тўрт соатдан кечиктирмасдан суҳбат ўтказилади.

Суҳбат давомида муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсдан уни текшириш учун зарур маълумот ва тушунтиришлар олинади ҳамда суҳбат натижалари ҳақида баённома тузилиб, уни ўтказган масъул ходим ва суҳбатлашилган шахс томонидан имзоланади.


36. Реабилитация марказларига қабул қилинган шахслар ички ишлар органларининг ахборот марказлари, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, шунингдек, эксперт-криминалистика хизматининг мавжуд электрон ахборот базалари орқали текширилади.

Электрон ахборот базаларида реабилитация марказларига қабул қилинган шахслар тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлмаган ҳолларда, уларнинг ўзи ҳақида берган тушунтиришлардан келиб чиқиб, улар яшаган жойлардаги туман (шаҳар) ички ишлар органларига фотосуратлари илова қилинган ҳолда сўров хатлари юборилади.


37. Туман (шаҳар) ички ишлар органлари томонидан реабилитация марказларининг сўров хатларига асосан фуқаролик ҳолати далолатномасини ёзиш бўлими ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига сўров хатлари юборилади ҳамда реабилитация марказларининг сўров хатлари келиб тушган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмай, шахснинг туғилганлик ҳақидаги далолатномасидан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг аҳолини рўйхатга олиш китобидан кўчирмаларни илова қилган ҳолда жавоб хатлари юборилади.


38. Реабилитация марказларига қабул қилинган шахслар орасида чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар аниқланса, бундай шахслар қабул қилинган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай, белгиланган тартибда уларнинг шахсларини аниқлаш анкеталари тўлдирилиб, тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига юборилади.

Шахсини аниқлаш анкетасига чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг 3,5 см х 4,5 см ўлчамдаги икки дона фотосурати, тушунтириш хати ҳамда таржимаи ҳоли илова қилинади.


39. Реабилитация марказларига қабул қилинган шахсларнинг жиноятларга алоқадорлигини, уларга нисбатан қидирув эълон қилинганлигини аниқлаш юзасидан текширувлар реабилитация марказларининг тезкор ходимлари томонидан амалга оширилади.


40. Реабилитация марказларида сақланаётган шахслар орасида қидирувда бўлган, жиноят ишида гумон қилинувчи ёки айбланувчи тариқасида иштирок этиш учун жалб қилинган, содир этилган жиноятларга алоқадор шахслар аниқланган тақдирда зудлик билан тегишли туман (шаҳар) ички ишлар бошқарма (бўлим)ларига хабар берилади.


41. Реабилитация марказларида сақланаётган шахсларнинг шахси аниқланиб, доимий яшаш жойларига жўнатилаётганда реабилитация марказлари навбатчилари томонидан уларга реабилитация марказларида сақланганлиги тўғрисида маълумотномалар берилади.


42. Фуқаролик паспортини йўқотган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг илтимосига кўра, уларга вақтинчалик шахсини тасдиқловчи маълумотнома берилади.

Вақтинчалик шахсини тасдиқловчи маълумотнома олиш учун реабилитация марказлари навбатчилари томонидан муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар ўзлари ҳақида берган тушунтиришлардан келиб чиқиб, доимий рўйхатда турган туман (шаҳар) ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига сўров хати юборилади. Сўров хатига муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг аризаси ва шахсига доир маълумотлар илова қилинади.

Сўров хатига асосан туман (шаҳар) ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси томонидан уч кун муддатда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс номига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда вақтинчалик шахсини тасдиқловчи маълумотнома расмийлаштирилиб, реабилитация марказига юборилади.

42-1. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар шахсини тасдиқловчи вақтинчалик маълумотнома билан туман (шаҳар) ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат этганда қуйидагилар амалга оширилади:

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги унинг туғилган вақти ва жойи, қаерда яшаганлиги, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги, ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандлари ва бошқа яқин қариндошлари, аввалги доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзили ҳақидаги маълумотларни аниқлаш орқали ўрганиб чиқилади;

Ўзбекистон Республикаси ёки бошқа давлат фуқаролигига мансублиги аниқланмаган тақдирда, туман (шаҳар) ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари шахсини тасдиқловчи вақтинча маълумотномани белгиланган тартибда беради, шунингдек, маҳаллий хокимликлар билан биргаликда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш, яшаш гувоҳномасини ҳужжатлаштириш чораларини кўради.

42-2. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти билан аввал ҳужжатлаштирилган, аммо уни йўқотиб қўйган ва доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинмаган (суд қарори билан доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан чиқариб юборилган ва/ёки доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйишга асослари мавжуд бўлмаган), муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга, истисно тариқасида, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинганлиги асосида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти қайта расмийлаштирилади.

42-3. Ушбу Низомнинг 42-1 ва 42-2-бандларида назарда тутилган ҳолларда фуқаролик паспортларни расмийлаштиришда ички ишлар органлари томонидан муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 21 ва 308-1-моддаларида назарда тутилган тартибда маъмурий жавобгарликдан озод этиш чоралари кўрилади.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг фуқаролик паспортларини расмийлаштириш учун давлат божлари туман (шаҳар) ички ишлар органлари миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларининг талабномасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни маъмурий жавобгарликдан озод этиш ва паспортни расмийлаштиришда давлат божини қоплаш учун тегишли хужжатларни расмийлаштириш ҳамда судларга ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

43. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг шахсини ўттиз сутка муддат давомида аниқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда, уларни реабилитация марказларига қайта жойлаштириш масаласини кўриб чиқиш учун сақлаш муддати тугашидан йигирма тўрт соат олдин реабилитация маркази бошлиғининг асослантирилган илтимосномаси маъмурий судга тақдим этилади.


44. Реабилитация марказларига қабул қилинган шахслар қуйидаги тартибда реабилитация қилинади:

соғлом ва меҳнатга лаёқатли 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар ва 55 ёшгача бўлган аёллар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бандлик ва меҳнат муносабатлари органлари билан ҳамкорликда бандлигини таъминлаш масаласини ҳал этиш учун тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органларига юборилади;

боқувчиси ва қаровчиси ҳамда доимий яшаш жойи бўлмаган 60 ёшдан ошган эркаклар ва 55 ёшдан ошган аёллар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қаровсиз қолган кексалар белгиланган тартибда тегишли ички ишлар органлари томонидан соғлиқни сақлаш органлари билан ҳамкорликда "Саховат" кексалар ва ногиронлар учун интернат уйларига, руҳий касаллик сабабли ногиронлар "Мурувват" ногиронлар учун интернат уйларига жойлаштирилади;

тиббий даволанишга муҳтож бўлган шахслар тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органлари томонидан соғлиқни сақлаш органлари билан ҳамкорликда белгиланган тартибда даволаш-профилактика муассасаларига юборилади.



8-БОБ. МУАЙЯН ЯШАШ ЖОЙИГА ЭГА БЎЛМАГАН

ШАХСЛАРНИНГ МОДДИЙ-МАИШИЙ

ВА ТИББИЙ ТАЪМИНОТИ


45. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талаблари ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган маиший шароитлар яратилади.


46. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар сақланадиган хоналар вентиляция жиҳозларига ва иситиш тизимига, шунингдек, табиий ва сунъий ёруғликка эга бўлиши керак. Хоналарнинг деразалари сунъий вентиляция тизими мавжудлигидан қатъи назар тоза ҳаво киришини таъминлаши лозим.


47. Реабилитация марказларида бир кишига тўғри келадиган яшаш майдонининг нормаси икки ярим квадрат метрдан, аёллар ва вояга етмаганлар учун эса уч квадрат метрдан кам бўлмаган ўлчамда белгиланади. Юқумли касалликларга чалинган беморлар, шунингдек, ҳомиладор аёллар ва болали аёллар сақланадиган хоналарда бир кишига тўғри келадиган яшаш майдони тўрт квадрат метрдан кам бўлмаслиги лозим.


48. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар шахсий кийим-боши, пойабзали ва якка тартибдаги шахсий гигиена воситаларидан фойдаланади. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларда шахсий гигиена воситалари бўлмаган тақдирда, улар реабилитация марказлари ҳисобидан ушбу воситалар билан таъминланадилар.


49. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг чўмилиб-ювиниши етти кунда камида бир марта амалга оширилади.


50. Реабилитация марказлари биноларини қуриш ва уларни жиҳозлаш ишлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига жавоб берадиган лойиҳалар асосида амалга оширилади.


51. Реабилитация марказларида қуйидагилар бўлиши лозим:

навбатчилик қисми, канцелярия, архив, реабилитация марказлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, тезкор хизмат ходимлари, инспекторлар, бухгалтер, тиббиёт хизмати ҳамда моддий жавобгар ходимлар учун хизмат хоналари;

реабилитация марказлари ходимлари учун алоҳида ювиниш, дам олиш ва маиший хизмат хоналари;

эркаклар ва аёлларни, шунингдек, ўзи билан вояга етмаган фарзанди бўлган аёлларни алоҳида жойлаштириш учун, бундан ташқари, янги келган ва тиббий кўрикдан ўтмаган шахслар учун алоҳида хоналар;

қабул қилиш блоки (тезкор хизмат ходимлари ва профилактика тадбирларини олиб борувчи инспекторларнинг хоналари);

коммунал-маиший хизмат блоки (муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар учун ювиниш, дезинфекция қилиш, кир ювиш, кийимларни қуритиш ва маиший хизмат хоналари);

ахборот-текширув блоки (қабул қилинган шахсларнинг шахсини, муқаддам содир этилган жиноятларга алоқадорлигини текшириш учун зарур компьютер техникаси, ички ишлар органлари электрон ахборот базаларига уланиш учун алоқа тармоғи, фото-видеоаппаратлар, бармоқ изларини олиш мосламалари билан жиҳозланган хизмат хоналари);

тиббий хизмат кўрсатиш блоки (шахсларни қабул қилиш ва тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда дори-дармонларни сақлаш хоналари);

овқатланиш блоки (ошхона, идиш ювиш хоналари);

спорт майдончалари (волейбол ва баскетбол майдончалари, тренажёрлар ва бошқалар);

маданий ҳордиқ чиқариш блоки (маънавият ва маърифат хонаси, кутубхона).


52. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга реабилитация марказларида тиббий хизмат кўрсатиш реабилитация марказлари тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади. Тиббиёт ходими йўқлигида, қабул қилинган шахсларга биринчи тиббий ёрдам реабилитация марказлари ходимлари томонидан кўрсатилади.


53. Реабилитация марказларида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори қутилари бўлиши лозим.


54. Реабилитация марказларида сақланаётган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатишда тиббиёт ходимлари қуйидагиларни амалга оширадилар:

эпидемия ва юқумли касалликларга қарши зарур тадбирларни ўтказиш, бундай ҳолатлар аниқланганда, давлат санитария-эпидемиология назорати марказларига йигирма тўрт соат ичида тезкор хабар бериш;

амбулатор ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш;

белгиланган тартибда беморлар, махсус тиббий ёрдамга муҳтожлар консультацияларини ташкил қилиш;

белгиланган тартибда стационар даволанишга муҳтож бўлган шахсларни даволаш муассасаларига жойлаштириш ишларини ташкил қилиш ва амалга ошириш;

мутахассис шифокорлар ва маслаҳатчиларнинг тавсиялари ҳамда кўрсатмаларини бажариш;

дорилар, дезинфекция воситалари ва тиббий жиҳозларга эҳтиёжни ҳисобга олиш, уларни тўлдириш (сотиб олиш) ҳақида реабилитация марказлари бошлиғига белгиланган тартибда тегишли талабномаларни бериш, уларни сақлаш, бериш ва ҳисобга қўйишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиш;

жойлаштиришда, овқатланишни ташкил қилишда, сув билан таъминлашда, реабилитация марказларига қабул қилинган шахсларга санитария жиҳатидан ишлов берилишида санитария-эпидемиологик қоидаларга риоя этилишини тиббий жиҳатдан назорат қилиш.


55. Реабилитация марказларига қабул қилиш вақти ҳамда сақланиш даврида муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларда тан жароҳатлари аниқланган тақдирда, реабилитация марказларининг тиббиёт ходимлари томонидан далолатнома тузилади. Тиббий кўрик натижалари тўғрисида дарҳол тегишли туман (шаҳар) прокурорига хабар қилинади.


56. Атрофдагилар учун эпидемик хавф туғдираётган беморлар (ОИВ касаллиги/ОИТСга учраган беморлар, силнинг фаол шакллари, бошқа хавфли юқумли касалликлар, захм ва сўзакнинг юқумли шакллари билан касалланганлар) мутахассис шифокорлар томонидан кўрикдан ўтказилиб, ёзма хулосаси олинганидан сўнггина реабилитация марказларига жойлаштирилиши мумкин. Бундай ҳолларда улар бошқа шахслардан алоҳида сақлаб турилади.


57. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг соғлиғи бўйича шикоятлар ва кўрсатилган тиббий ёрдам натижалари реабилитация марказида сақланаётган муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш китобида қайд қилинади, бу китоб реабилитация маркази тиббиёт пунктида, тиббиёт ходими йўқлигида - реабилитация маркази навбатчисида сақланади.


58. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар тиббий кўрсатмалар бўйича ўзларига зарур бўлган дори воситалари ва препаратлардан реабилитация марказлари тиббиёт ходимларининг рухсати билан фойдаланишга ҳақли.


59. Суд-тиббий (суд-психиатрик) тасдиқланишига ҳамда реабилитация марказлари тиббиёт ходимларининг хулосаларига кўра, стационар шароитларда ёрдам кўрсатилишига муҳтож деб топилган шахслар белгиланган тартибда соғлиқни сақлаш органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларига юборилади.


60. Реабилитация марказларида муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг тиббий таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


61. Реабилитация марказлари ходимлари ва тиббиёт ходимлари мунтазам санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар ўтказилишини таъминлаши шарт.


62. Реабилитация марказларининг санитария ҳолати, шунингдек, профилактика ва эпидемияга қарши чора-тадбирларнинг бажарилиши Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг тиббиёт бўлимлари томонидан назорат қилинади.


63. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг розилиги билан улар реабилитация марказлари хоналаридаги санитария-гигиена, маиший шароитларни яхшилаш, шунингдек, ички ишлар органлари ёки реабилитация марказлари ҳудудини ободонлаштириш билан боғлиқ, давомийлиги суткасига икки соатдан кўп бўлмаган хўжалик ишларига жалб қилинади.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни хўжалик ишларга жалб қилиш уларнинг соғлиғи ҳолати ҳисобга олинган ҳолда ва навбати билан амалга оширилади. Меҳнатга лаёқатсиз шахслар хўжалик ишларига жалб қилинмайди.


64. Реабилитация марказларида сақланаётган шахсларни озиқ-овқат ва бошқа ашёвий таъминот буюмлари билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни иссиқ овқат билан таъминлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг масъул ходимлари умумий овқатланиш ташкилотлари билан иссиқ овқат етказиб бериш ҳақида шартнома тузади. Овқатланишнинг белгиланган нормасини ҳисобга олган ҳолда, шартномада овқатлар тури, кундузги рацион баҳоси ва овқатланиш учун ҳисоб-китоб қилиш тартиби кўзда тутилади.


65. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс овқат ейишдан бош тортган ҳолларда (очлик эълон қилганида) реабилитация маркази бошлиғи, унинг ўринбосари (уларнинг йўқлигида навбатчи) сабабларни аниқлайди ва очлик эълон қилиш сабабларини бартараф қилиш чораларини кўради. Очлик эълон қилган шахслар алоҳида хоналарга жойлаштирилади ҳамда уларга доимий тиббий кузатув белгиланади.


66. Тиббиёт ходимининг ёзма хулосаси асосида муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг соғлиғини назорат қилиб туриш ёки тиклаш чоралари кўрилади. Очлик эълон қилган шахснинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф туғилган пайтда тиббиёт ходими, унинг йўқлигида эса - реабилитация марказлари бўйича навбатчилар шошилинч тиббий ёрдам хизматларини чақиради.


67. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс вафот этган тақдирда унинг жасади эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошлари ёки қонуний вакилларига ёхуд дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахсларга топширилади.

Эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошларидан ёки вафот этган шахснинг қонуний вакилларидан ёки дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахслардан жасадни бериш тўғрисида ариза тушмаган тақдирда, вафот этган шахс қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда дафн этилади. Вафот этган шахс реабилитация марказларига қабул қилинган вақтда ундан олиб қўйилган тақиқланган ашёлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари реабилитация марказлари бошлиқларининг прокурор билан келишилган ва асослантирилган қарорларига кўра давлат даромадига ўтказилади.



9-БОБ. РЕАБИЛИТАЦИЯ МАРКАЗЛАРИДА

САҚЛАНАЁТГАН ШАХСЛАРНИ ДОИМИЙ

ЯШАШ ЖОЙЛАРИГА ЖЎНАТИШ


68. Реабилитация марказларида сақланаётган шахсларнинг шахси ва яшаш жойи аниқланганидан сўнг улар доимий яшаш жойларига жўнатилади ҳамда бу ҳақида шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида ажрим чиқарган суд йигирма тўрт соатдан кечиктирмай хабардор қилинади.


69. Реабилитация марказларида шахси ва яшаш жойи аниқланган шахсларни доимий яшаш жойларига жўнатиш бўйича реабилитация маркази бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан қарор қабул қилиниб, қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб йигирма тўрт соат ичида сақланаётган шахсни доимий яшаш жойига жўнатиш чоралари кўрилади.


70. Реабилитация марказларида шахси ва яшаш жойи аниқланган шахсларни доимий яшаш жойларига жўнатиш реабилитация марказлари навбатчилари томонидан амалга оширилади. Зарур бўлганда, реабилитация марказининг буюртманомасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан уларга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан йўл харажатлари учун пул берилади.

71. Доимий яшаш жойларига жўнатилаётган шахсларга уларнинг вақтинча сақлаш учун реабилитация марказларига топширган буюмлари ва бошқа нарсалари қайтариб берилади, шунингдек, улар билан профилактика суҳбати ўтказилади.


72. Реабилитация марказларида сақланаётган чет эл фуқаролари тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматлари орқали белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабардор қилинади ва уларни ўзлари яшайдиган давлатларга қайтариш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



10-БОБ. РЕАБИЛИТАЦИЯ

МАРКАЗЛАРИНИ БОШҚАРИШ


73. Реабилитация марказига белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари томонидан тайинланадиган бошлиқ раҳбарлик қилади.


74. Реабилитация маркази бошлиғи ўз ваколатлари доирасида:

реабилитация марказига раҳбарлик қилади, реабилитация маркази ваколати доирасига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда реабилитация маркази зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг тегишли тарзда бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

реабилитация маркази ходимлари ўртасида функционал вазифаларни тақсимлайди, улар зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади, реабилитация марказида сақланаётган шахсларнинг кун тартибини тасдиқлайди;

реабилитация марказининг иш режаларини тасдиқлайди;

реабилитация маркази ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, бошқа лавозимга ўтказиш, шунингдек, уларни рағбатлантириш ва уларга интизомий жазоларни қўллаш ҳақидаги таклифларни тегишлича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларига белгиланган тартибда тақдим этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


75. Реабилитация маркази бошлиғи йўқлигида унинг ваколатлари реабилитация маркази бошлиғининг ўринбосари томонидан амалга оширилади.


76. Реабилитация маркази бошлиғининг ўринбосари белгиланган тартибда тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари томонидан тайинланади.


77. Реабилитация маркази бошлиғининг ўринбосари ўз ваколатлари доирасида:

реабилитация маркази ходимлари фаолиятини бевосита назорат қилади ва уларнинг касбий тайёргарлигини ошириш ҳамда хизмат интизомига риоя этишларини ташкил этиш юзасидан реабилитация маркази бошлиғига таклифлар киритади;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бандлик ва меҳнат муносабатлари, соғлиқни сақлаш органлари билан ҳамкорликда реабилитация марказида сақланаётган шахсларнинг реабилитация қилиниши учун жавоб беради;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича реабилитация маркази ходимларининг хатти-ҳаракатларининг қонунийлиги, шунингдек, ходимлар томонидан қонун бузилишининг ҳар бир аниқланган ҳолати юзасидан белгиланган тартибда текширувлар ўтказилишини таъминлайди;

реабилитация марказида махфийлик тартиботига риоя этилиши, шу жумладан ахборотларни техник ҳимоялаш тадбирларини ташкил этади;

реабилитация маркази фаолияти бўйича ахборот-таҳлилий ва ҳисобот маълумотларини тайёрлайди ва бевосита тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларига белгиланган тартибда тақдим этади.

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



11-БОБ. РЕАБИЛИТАЦИЯ МАРКАЗЛАРИ

ХОДИМЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА

МАЖБУРИЯТЛАРИ


78. Реабилитация марказлари ходимлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар билан учрашувга келганларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини текшириш;

реабилитация марказларида кириш-чиқиш режимини ва объектнинг ички режимини таъминлаш чораларини кўриш, назорат ва текширувнинг техник воситаларини қўллаш, реабилитация марказлари ҳудудига кириб келаётган ва ундан чиқиб кетаётган транспорт воситаларини кўздан кечириш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни шахсий кўрикдан ўтказиш, бармоқ изларини рўйхатга олиш ва ушбу шахсларни фотосуратга олиш, уларнинг ёнидаги ҳужжатлар, пул маблағлари, қимматбаҳо буюмлар, нарсалар ва бошқа ашёларни кўздан кечириш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар томонидан олинадиган ва жўнатиладиган почта жўнатмаларини ва йўқловларни кўздан кечириш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслардан сақлаш, тарқатиш, истеъмол қилиш ва фойдаланиш тақиқланган ҳужжатларни, пул маблағларини, қимматбаҳо буюмларни, нарсаларни ҳамда бошқа ашёларни олиб қўйиш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслардан ва реабилитация марказлари ҳудудида турган бошқа шахслардан реабилитация марказлари ходимлари томонидан хизмат мажбуриятлари бажарилишига тўсқинлик қилувчи ҳаракатларни дарҳол тўхтатишни талаб қилиш, ушбу ҳаракатларга барҳам бериш, уларни бартараф этиш ва айбдорларни қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш юзасидан зарур чоралар кўриш.

Реабилитация маркази ходимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


79. Реабилитация марказлари ходимлари қуйидаги мажбуриятларни бажаради:

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслардан ва реабилитация марказлари ҳудудида турган бошқа шахслардан ушбу Низом талабларига риоя этишни талаб қилиш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни сақлаш тўғрисидаги ажримнинг бажарилишини ташкил этиш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс жойлаштирилган пайтдан бошлаб унга телефон орқали адвокатга, қариндошларига ёхуд бошқа шахсларга ўзини реабилитация марказига жойлаштирилганлиги тўғрисида қўнғироқ қилиш ёки хабар қилиш имкониятини бериши;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг адвокат, қариндошлари ва бошқа шахслар билан учрашувларини ташкил этиш;

реабилитация марказига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакилининг монеликсиз киришини ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслардан олиб қўйилган, шахсий кўрикдан ўтказиш ва ашёларни кўздан кечириш баённомаларида кўрсатилган ҳужжатлар, пул маблағлари, қимматбаҳо буюмлар, нарсалар ва бошқа ашёларнинг сақланишини, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар реабилитация марказларидан чиқиш пайтида уларнинг қайтариб берилишини ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўқ қилиб ташланишини таъминлаш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказида сақлаш тартиби ва шартлари, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар моддий-маиший шароитларининг белгиланган нормалари ва қоидаларини, уларнинг шахсий хавфсизлиги ва соғлигини таъминлайдиган шароитларда сақланишини, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг бошқа ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар ушбу Низомда белгиланган мажбуриятларни бажариши учун шароитлар яратиш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказларида сақлаш тартибига риоя этишини назорат қилиш;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларда тан жароҳатлари аниқланганлиги ҳақида прокурорга дарҳол хабар қилиш.

Реабилитация марказлари ходимлари зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



12-БОБ. РЕАБИЛИТАЦИЯ МАРКАЗЛАРИНИНГ

ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


80. Қуйидагилар реабилитация марказлари фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


81. Реабилитация марказлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда тезкор-техник, транспорт воситалари, мебель, жиҳозлар ва бошқа мол-мулк билан таъминланади.


82. Реабилитация марказларининг штат бирликлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади.


83. Реабилитация марказлари ходимларининг иш ҳақи қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


84. Реабилитация марказлари қонун ҳужжатларида белгиланган ҳисоботларни юритади.



13-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


85. Реабилитация марказлари фаолияти бевосита Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари, шунингдек, Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаларининг масъул ходимлари томонидан ҳар ойда камида икки маротаба текшириб турилиши лозим.


86. Реабилитация марказларида қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан назорат прокуратура органлари томонидан амалга оширилади. Назорат қилувчи прокурор реабилитация марказларига монеликсиз ва исталган вақтда киришга ҳақли.


87. Мазкур Низом қоидалари талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.






Низомга

ИЛОВА



Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни

аниқлаш, сақлаш ва уларни реабилитация қилиш

СХЕМАСИ

                            

Босқичлар

Субъектлар

Амалга ошириладиган чора-тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Туман (шаҳар)

ички ишлар органи

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни аниқлаб, ИИБга олиб келади, шахси аниқланмай қолган тақдирда ушбу шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида маъмурий судга илтимоснома киритади.

Доимий

2-босқич

Туман (шаҳар)

маъмурий суди

Туман (шаҳар) ИИБ бошлиғининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома киритиш ҳақидаги қарорини кўриб чиқади.

Илтимоснома тақдим этилгандан кейин

24 соат ичида

3-босқич

Реабилитация маркази

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар маъмурий суднинг ажримига асосан кеча-кундуз қабул қилинади ва сақланади. Сақлаш жараёнида муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга ҳуқуқуий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатилади, шунингдек, уларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади.

30 кун муддатда

4-босқич

Реабилитация маркази

Реабилитация маркази тиббиёт ходимининг хулосасига кўра, станционар шароитларда тиббий ёрдам кўрсатишга муҳтож деб топилган шахслар соғлиқни сақлаш органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларига жойлаштирилади.

Зудлик билан

Реабилитация маркази

Қаровсиз қолган қариялар "Саховат" кексалар ва ногиронлар учун интернат уйларига, руҳий касаллик сабабли ногиронлар "Мурруват" ногиронлар учун интернат уйларига жойлаштирилади.

Доимий


Реабилитация маркази


Шахси аниқлангандан сўнг ўзининг доимий яшаш жойларига жўнатилади.

Доимий






Туман (шаҳар)

ички ишлар органи

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар орасида қидирувда бўлган, жиноят ишида гумон қилинувчи ёки айбланувчи тариқасида иштирок этиш учун жалб қилинган ва содир этилган жиноятларга алоқадор шахслар аниқланган тақдирда, уларга нисбатан белгиланган тартибда жавобгарлик масаласини ҳал қилади.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бандлик ва меҳнат муносабатлари органлари билан ҳамкорликда ижтимоий фойдали меҳнат фаолияти билан шуғулланмаётган ва реабилитация марказларига жойлаштирилган меҳнатга лаёқатли шахсларни ишга жойлаштириш чораларини кўради.

Доимий








             


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 27 апрель