язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган ҳужжатлар/ Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.07.2018 й. 597-сон "Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий-ижтимоий муассасалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида" 2011 йил 23 августдаги 240-сон қарорига қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

30.07.2018 й.

N 597



ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

"ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ

САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИНИНГ ТИББИЙ-ИЖТИМОИЙ

МУАССАСАЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМЛАРНИ

ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА" 2011 ЙИЛ 23 АВГУСТДАГИ

240-СОН ҚАРОРИГА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА



Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларида сақланаётган, тиббий ёрдамга муҳтож бўлган шахсларни соғлиқни сақлаш органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларига белгиланган тартибда жойлаштириш ҳамда уларнинг соғлиғини тиклаш чора-тадбирларини амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий-ижтимоий муассасалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида" 2011 йил 23 августдаги 240-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2011 й., 8-сон, 71-модда) иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларида сақланаётган муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга биометрик паспорт расмийлаштириб бериш ҳамда шахси ва яшаш жойи аниқланган шахсларни доимий яшаш жойларига жўнатиш тартибини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритсин.


3. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                              А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 30 июлдаги

597-сон қарорига

ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий-ижтимоий

муассасалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш

ҳақида" 2011 йил 23 августдаги 240-сон қарорига

киритилаётган қўшимчалар


1. 1-илова қуйидаги мазмундаги III-1-боб билан тўлдирилсин:


"III-1. Ички ишлар органларининг муайян яшаш

жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш

марказларида сақланаётганларни "Саховат"

интернат уйларига жойлаштириш


17-1. Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларида (кейинги ўринларда реабилитация марказлари деб аталади) сақланаётган мазкур Низомнинг 11-бандида кўрсатилган шахслар "Саховат" интернат уйларига жойлаштирилади.

"Саховат" интернат уйларига жойлаштириш учун юбориш белгиланган тартибда реабилитация маркази бошлиғининг буйруғи асосида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Махсус комиссияси қарорига мувофиқ амалга оширилади.

17-2. Реабилитация марказларидан "Саховат" интернат уйларига юборилаётганлар мазкур Низомнинг 11 ва 12-бандларида кўрсатилган кўрсаткичлар бўйича тиббий кўрикдан ўтказилади.

Тиббий кўрик реабилитация марказлари тиббиёт ходимлари ва тегишли мутахассис шифокорлар томонидан амалга оширилади. Тиббий кўрик натижалари бўйича ёзма хулоса расмийлаштирилади.

17-3. Реабилитация марказларида сақланаётган шахсларни "Саховат" интернат уйларига жойлаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

"Саховат" интернат уйларига жойлаштириш тўғрисида реабилитация марказида сақланаётган мазкур Низомнинг 11-бандида кўрсатилган шахсларнинг реабилитация маркази бошлиғи номига берилган аризаси;

"Саховат" интернат уйига расмийлаштирилаётганнинг шахси тўғрисидаги маълумотлар;

"Саховат" интернат уйларига жойлаштирилаётганнинг соғлиғи ҳолати бўйича тиббий хулоса;

ҳудудий тиббиёт бошқармасидан олинган руҳий-асаб касалликлари, силга қарши курашиш, онкологик ҳамда тери-таносил касалликлари диспансерларининг хулосалари;

"Саховат" интернат уйига жойлаштирилаётганнинг 2 та (6 см х 4 см ҳажмли) фотосурати;

"Саховат" интернат уйига расмийлаштирилаётганнинг ногиронлиги аниқланган тақдирда белгиланган тартибда тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронлик тўғрисидаги маълумотноманинг нусхаси ҳам тақдим этилади.

Мазкур бандда кўрсатилган барча ҳужжатлар реабилитация марказлари томонидан тўпланади.

17-4. Реабилитация марказларида "Саховат" интернат уйларига жойлаштирилаётган ҳар бир шахс учун икки нусхада шахсий йиғмажилд юритилади, унга ушбу Низомнинг 17-3-бандида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар тикиб қўйилади.

"Саховат" интернат уйларига жойлаштирилаётганларнинг шахсий йиғмажилдлари бир нусхаси сақлаш учун "Саховат" интернат уйи директорига белгиланган тартибда тақдим этилади".


2. 2-илова қуйидаги мазмундаги III-1-боб билан тўлдирилсин:


"III-1. Реабилитация марказларида сақланаётганларни

"Мурувват" интернат уйларига жойлаштириш


19-1. Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларида (кейинги ўринларда реабилитация марказлари деб аталади) сақланаётган мазкур Низомнинг 13-бандида кўрсатилган шахслар "Мурувват" интернат уйларига жойлаширилади.

"Мурувват" интернат уйларига жойлаштириш учун юбориш белгиланган тартибда реабилитация маркази бошлиғининг буйруғи асосида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Махсус комиссияси қарорига мувофиқ амалга оширилади.

19-2. Реабилитация марказларидан "Мурувват" интернат уйларига юборилаётганлар мазкур Низомнинг 13 ва 14-бандларида белгиланган кўрсаткичлар бўйича тиббий кўрикдан ўтказилади.

Тиббий кўрик реабилитация марказлари тиббиёт ходимлари ва тегишли мутахассис шифокорлар томонидан амалга оширилади. Тиббий кўрик натижалари бўйича ёзма хулоса расмийлаштирилади.

19-3. Реабилитация марказларида сақланаётганларни "Мурувват" интернат уйларига жойлаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

"Мурувват" интернат уйига расмийлаштирилаётган шахснинг шахси тўғрисидаги маълумотлар;

"Мурувват" интернат уйларига жойлаштирилаётган шахснинг соғлиғи ҳолати бўйича тиббий хулоса;

ҳудудий тиббиёт бошқармасидан олинган руҳий-асаб касалликлари, силга қарши курашиш, онкологик ҳамда тери-таносил касалликлари диспансерларининг хулосалари;

"Мурувват" интернат уйига жойлаштирилаётганнинг 2 та (6 см х 4 см ҳажмли) фотосурати;

белгиланган тартибда тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронлик тўғрисидаги маълумотноманинг нусхаси.

Мазкур бандда кўрсатилган барча ҳужжатлар реабилитация марказлари томонидан тўпланади.

19-4. Реабилитация марказларида "Мурувват" интернат уйларига жойлаштирилаётган ҳар бир шахс учун икки нусхада шахсий йиғмажилд юритилади, унга ушбу Низомнинг 19-3-бандида санаб ўтилган ҳужжатлар тикиб қўйилади.

"Мурувват" интернат уйларига жойлаштирилаётганларнинг шахсий йиғмажилдлари бир нусхаси сақлаш учун "Мурувват" интернат уйи директорига белгиланган тартибда тақдим этилади".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 1 август