язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.08.2018 й. ПҚ-3919-сон "Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

23.08.2018 й.

N ПҚ-3919



ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ БОШҚАРУВ,

НАЗОРАТ ВА ШАХСИЙ ТАРКИБ БИЛАН

ИШЛАШНИНГ САМАРАЛИ ТИЗИМИНИ

ЖОРИЙ ЭТИШ БЎЙИЧА ЧОРА-

ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Мамлакатимизда ички ишлар органлари тизимини такомиллаштириш, уларнинг қуйи бўғинларини аҳолига янада яқинлаштирган ҳолда мустаҳкамлаш, барча даражадаги тузилмаларнинг вазифалари ва функцияларини аниқ белгилаш, замонавий хавф-хатарларни ҳисобга олган ҳолда куч ва воситаларни оқилона тақсимлашга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар ички ишлар органлари ролини ошириш, уларни ҳар бир ходим томонидан ўз хизмат бурчи - "Халқ манфаатларига хизмат қилиш"ни сўзсиз бажарадиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш имконини берди.

Шу билан бирга, ички ишлар органларининг кундалик фаолиятини ташкил этишда қатор тизимли камчиликлар мавжуд бўлиб, улар, куч ва воситалар бошқарувининг етарли даражада мувофиқлашмаганлиги, шахсий таркиб билан тарбиявий ишлар ва уларнинг касб маҳорати, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг мақсадли назорат-таҳлилини таъминлаш ҳолатининг паст даражадалиги намоён бўлмоқда.

Ички ишлар органлари фаолиятига самарали бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлаш тизимини жорий этиш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:


1. Қуйидагилар ички ишлар органларининг кундалик фаолиятини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари деб ҳисоблансин:

биринчидан, вужудга келаётган реал тезкор ва криминоген вазиятни ҳисобга олган ҳолда ички ишлар органларининг куч ва воситаларини мувофиқлаштирган тарзда тақсимлаш ва бошқаришнинг самарали механизмини жорий этиш;

иккинчидан, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида таҳлилий ишларни аниқланаётган амалий муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва криминоген вазиятни прогнозлашга йўналтириш мақсадида тубдан қайта кўриб чиқиш;

учинчидан, лавозимларни юқори маънавий-ахлоқий, ишчанлик ва касбий сифатларга эга номзодлар билан жамлашни назарда тутган ҳолда, ички ишлар органларига хизматга қабул қилишнинг сифат жиҳатдан янги, соддалаштирилган тартибини ўрнатиш;

тўртинчидан, шахсий таркиб билан тарбиявий ишларни олиб боришнинг самарали тизимини жорий этиш, шу жумладан илмий-психологик услубларни мақсадли қўллаш орқали уларнинг хизмат ва оилавий-маиший муаммоларини ўрганиш;

бешинчидан, қонунийликни сўзсиз таъминлаш, хизмат интизомига қатъий риоя қилиш ва ходимлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлашга қаратилган вазифаларни бажариш юзасидан таъсирчан идоравий назоратни ташкил қилиш;

олтинчидан, иш юритиш механизми ва ҳужжатлар айланиши тартибини такомиллаштириш, ички ишлар органлари тизимининг барча бўғинларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўз вақтида, бир хилда ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш.


2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ташкилий-инспекторлик ва ахборот-таҳлил бош бошқармаси, юридик таъминлаш бошқармаси, жисмоний, юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва иш юритиш бошқармаси негизида Ички ишлар вазирлигининг Ташкилий департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб юритилади) ташкил этилсин.

Белгилансинки, Департамент бош бошқармага тенглаштирилган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг девонини ташкил этиб, қуйидагилар унинг асосий вазифалари ҳисобланади:

республикада криминоген вазиятни тизимли таҳлил ва прогноз қилиш, ундаги ўзгаришларга ўз вақтида муносабат билдириш, ички ишлар органлари фаолиятини жиноятчилик ҳолати ва унга қарши курашиш натижаларини ўрганиш асосида режалаштириш;

ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш ва баҳолаш, уларни комплекс текшириш ва назорат қилиш, амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан иш натижадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамасининг ички ишлар органлари фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги қарорларини ўз вақтида, бир хилда ва тўлиқ бажарилиши устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш;

ички ишлар органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона ҳуқуқий сиёсат ва назоратни ташкил этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

ички ишлар органлари тизимида махфийлик тартиботига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, самарали иш юритиш ва ҳужжатлар айланишини ҳамда жисмоний ва юридик шахслар билан ишлаш тизимини йўлга қўйиш.


3. Ички ишлар органларининг ҳудудий, ҳарбий ва соҳавий тузилмалари, шунингдек, идоравий олий таълим муассасаларидаги ўз хавфсизлик бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг бевосита бўйсунувига ўтказилсин, уларнинг бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган бирликлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги марказий аппаратининг штатлар жадвалига киритилиб, тегишлича ҳудудий, ҳарбий ва соҳавий ички ишлар органлари, шунингдек, идоравий олий таълим муассасаларига мақсадли бириктирилсин.


4. Туман (шаҳар, тармоқ, саф) ички ишлар органлари бошлиқларининг кадрлар бўйича ўринбосарлари лавозимлари тегишлича туман (шаҳар, тармоқ, саф) ички ишлар органлари бошлиқларининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари лавозимига ўзгартирилсин ҳамда улар зиммасига:

шахсий таркибни хизматга содиқ бўлиш, қонунийлик ва хизмат интизомига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялаш бўйича фаолиятни ташкил этиш юзасидан шахсий жавобгарлик;

ички ишлар органлари ўз хавфсизлиги бўлинмаларининг шахсий таркиб ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва ходимлар томонидан содир этилган жиноятларни ўз вақтида аниқлаш бўйича вазифалари юклатилсин.

Белгилансинки, туман (шаҳар, тармоқ, саф) ички ишлар органлари бошлиқларининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари:

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Кадрлар бош бошқармаси ҳамда ўз хавфсизлиги бошқармаси бошлиқлари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва озод этилади;

ҳар ойда амалга оширилган чора-тадбирлар ва тарбиявий ишларнинг натижаси бўйича - бевосита Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари раҳбарлари, қонунийлик ва хизмат интизомини бузиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш масалалари юзасидан эса - ўз хавфсизлиги ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари олдида ҳисобот беради;

ички ишлар органлари ходимларига нисбатан рағбатлантириш ёки интизомий таъсир чораларини қўллаш бўйича тақдимномалар киритиш ҳуқуқига эга.


5. Барча даражадаги ички ишлар органлари бошлиқлари бўйсунувидаги шахсий таркиб билан тарбиявий ишлар, шунингдек, уларнинг оилавий-маиший муаммоларини доимий ўрганиш ва ҳал этиш бўйича ишлар самарадорлиги учун шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилсин.


6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

Департамент белгиланган вазифалар ижроси самарадорлигини мустақил ўрганиш, раҳбар ходимларига баҳо бериш ҳамда ички ишлар органларининг тезкор-хизмат фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқига эга;

олий таълим муассасаларини аъло баҳолар билан тамомлаган ички ишлар органлари ходимларининг фаолияти ва касбий ўсишига нисбатан Департамент томонидан назорат ўрнатилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Кадрлар бош бошқармаси томонидан тизимли мониторинг олиб борилади;

ички ишлар органлари таҳлилий ва юридик таъминлаш бўлинмаларига биринчи маротаба хизматга қабул қилинаётган номзодлар, истисно тариқасида, қабулнинг дастлабки танлов имтиҳонларидан озод этиладилар;

ички ишлар органларининг қабул ва аттестация, шу жумладан махсус унвонларни бериш бўйича комиссиялари фаолиятида психолог-мутахассислар иштирок этади ва улар индивидуал суҳбат ўтказиш натижаси бўйича ҳар бир номзод ва ходим бўйича якуний қарор қабул қилишда ҳисобга олинадиган хулоса беради.


10. 2019 йил 1 январдан бошлаб:

ҳудудий ички ишлар органлари фаолиятига оид муаммоларни олдиндан ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг сайёр ва тезкор мажлисларини ўтказиш ва улар фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича мақсадли қарорлар қабул қилиш;

ҳудудий ички ишлар органларини ҳар уч йилда камида бир маротаба текшириш ҳамда у ўтказилганидан сўнг бир йил ичида улар фаолиятини назорат тартибида ўрганиш амалиёти жорий этилсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси малака ошириш факультети, академик лицейлар билан ишлаш бўлими, моделлаштириш ва симуляция маркази ҳамда педагогик кадрлар тайёрлаш курси негизида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Малака ошириш институти (кейинги ўринларда - Малака ошириш институти) ташкил этилсин.

Белгилансинки:

Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилар таркиби ҳамда бошқарув ва хизмат кўрсатувчи ходимларининг мақоми ва пул таъминоти Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси касбий тайёргарлик факультетига тенглаштирилади;

Малака ошириш институти бошлиғига бошқа олий таълим муассасалари ва давлат органлари, шу жумладан хорижий малакали мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш ҳуқуқи берилади;

малака ошириш йиғинларига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тажрибали амалиётчи ходимлари ҳамда Академия профессор-ўқитувчилари жалб этилиши мумкин;

Малака ошириш институтига ички ишлар органлари ходимларини бошланғич тайёрлаш ва малакасини ошириш марказларининг ўқув-услубий жараёнини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилади;

жойларда ўқув йиғинларини ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг барча академик лицейларида Малака ошириш институтининг филиаллари (аудиториялари) ташкил этилади;

педагогик кадрлар тайёрлаш курси функцияси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг ўқув жараёнини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бошқармасига юклатилади.


14. Ички ишлар органлари бошқаруви, назорати ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури 6-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


15. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Малака ошириш институти ва унинг жойлардаги филиалларини жойлаштириш, жиҳозлаш, шунингдек, улар фаолияти хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тўлақонли фаолият кўрсатиши учун бошқа ташкилий масалаларни ҳал этишни таъминласин.


16. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг "Жиноятчиликка қарши курашда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлагани учун" идоравий кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин, ушбу кўкрак нишони билан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш, шахсларни қидириш ва кадрлар тайёрлаш соҳасида халқаро муносабатларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган ички ишлар органлари, шу жумладан хорижий полиция тузилмалари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари мукофотланади.


17. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

икки ҳафта муддат ичида ушбу қарор талабларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ташкилий департаменти ҳамда "Жиноятчиликка қарши курашда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлагани учун" идоравий кўкрак нишони тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Молия вазирлиги билан биргаликда халқаро стандартларни ҳамда фуқаролар онгида ички ишлар органлари тўғрисида ижобий тасаввурни шакллантириш заруратини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилма ходимларининг мутлақо янги махсус кийим-боши, атрибутикаси ва фарқловчи белгиларини жорий этиш тўғрисида таклиф киритсин;

бир ой муддатда ушбу қарор талабларини инобатга олган ҳолда Малака ошириш институтининг тузилмаси ва низомини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўз хавфсизлиги бошқармасининг янгиланган штатлар жадвалини тасдиқласин;

бир ой муддатда ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш, ротация ва ёш раҳбар кадрлар захирасини шакллантиришни тартибга солувчи идоравий ҳужжатларни ўрнатилган тартиб-таомилларни тубдан соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда танлов муддатларини қисқартиришни ҳисобга олган ҳолда танқидий қайта кўриб чиқсин;

бир ой муддатда ушбу қарор талабларини инобатга олган ҳолда ички ишлар органларида шахсий таркиб билан ишлаш бўйича психологлар гуруҳини, биринчи навбатда хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда тайёрлаш ва шакллантиришга йўналтирилган чора-тадбирларни ташкил этиш бўйича таклиф киритсин;

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда ички ишлар органлари кадрлар бўлинмалари фаолиятига кадрлар захирасини ҳисобга олиш, кадрлар силжишини мониторинг қилиш, ходимлар ротацияси ва хизматда кўтарилишини таҳлил қилишни назарда тутувчи "е-Kadr" марказлашган автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этишни таъминласин;

икки ой муддатда Департаментни устувор равишда таҳлилий ва ташкилий қобилиятга эга бўлган малакали мутахассислар билан жамланишини таъминласин;

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ушбу қарордан келиб чиқувчи қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклиф киритсин.


18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 7-иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.


19. Белгилансинки, ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари, Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар доирасида амалга оширилади.


20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш. Мирзиёев



*) 6-илова рус тилидаги матнда берилган.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 23 августдаги

ПҚ-3919-сон қарорига

7-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим ҳужжатларига киритилаётган

қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги "Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3216-сон қарорида 7-банд тўртинчи хатбошиси "Ички ишлар вазирлиги" деган сўзлардан кейин "Малака ошириш институти билан биргаликда" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги "Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3413-сон қарорида:


а) 1-иловада:


6-банд еттинчи хатбошиси "ташкилотларидан ходимлар" деган сўзлардан кейин "шунингдек, ички ишлар органларининг катта амалий иш тажрибасига эга пенсионерлари" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


14-банд қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Ички ишлар органлари таҳлилий ва юридик таъминлаш бўлинмаларига биринчи маротаба хизматга қабул қилинаётган номзодлар, истисно тариқасида, дастлабки танлов имтиҳонларидан озод этилади";


б) 2-иловада:


16-банд "хизмат интизомига риоя этилиши" сўзларидан кейин "ва тарбиявий ишлар самарали амалга оширилиши" деган сўзлар билан тўлдирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 24 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 27 август, 34-сон, 693-модда