язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборот хавфсизлиги/ Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасида махсус ваколатли давлат органи томонидан экспертларни аккредитация қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.10.2018 й. 848-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 22 октябрдаги

848-сон қарорига

2-ИЛОВА



Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи

ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасида махсус ваколатли

давлат органи томонидан экспертларни аккредитация

қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи (кейинги ўринларда махсус ваколатли давлат органи деб аталади) томонидан экспертларни аккредитация қилишнинг ягона тартибини, шунингдек, болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот маҳсулотларини ёшга оид таснифлаш учун жалб этиладиган экспертлар Реестрини юритиш қоидаларини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


аккредитация - болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот маҳсулотларини ёшга оид таснифлаш мақсадида жалб этиладиган эксперт мақомини олиш учун ариза берувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг қўйиладиган талабларга мослигини махсус ваколатли давлат органи томонидан расман тасдиқлаш тартиби;


болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот маҳсулотларини ёшга оид таснифлаш мақсадида жалб этиладиган экспертлар реестри (кейинги ўринларда экспертлар реестри деб аталади) - болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот маҳсулотларини ёшга оид таснифлаш мақсадида жалб этиладиган экспертлар тўғрисидаги ҳимояланган маълумотлар базаси.



2-БОБ. БОЛАЛАРНИ УЛАРНИНГ СОҒЛИҒИГА

ЗАРАР ЕТКАЗУВЧИ АХБОРОТДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ

СОҲАСИДАГИ ЭКСПЕРТЛАРНИ МАХСУС ВАКОЛАТЛИ

ДАВЛАТ ОРГАНИ ТОМОНИДАН АККРЕДИТАЦИЯ

ҚИЛИШ ТАРТИБИ


3. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

4. Аккредитациядан ўтиш мақсадида мурожаат қилувчи жисмоний шахслар олий маълумотга, махсус билимларга, жумладан, педагогика, ёш психологияси, ёш физиологияси, болалар психиатрияси соҳаларига оид билимларга эга бўлиши лозим.


5. Аккредитациядан ўтиш мақсадида мурожаат қилувчи юридик шахслар ўз штатларида жисмоний шахсларга нисбатан қўйиладиган талабларга жавоб берадиган камида уч нафар мутахассисга ёки улар билан шартномавий муносабатларга эга бўлиши лозим.

Аккредитациядан ўтиш мақсадида мурожаат қилган юридик шахслар ушбу Низом талабларига мос келганда Агентлик уларга болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот маҳсулотларини эксперт ташкилоти сифатида (кейинги ўринларда эксперт ташкилоти деб аталади) ёшга оид таснифлаш ва экспертизадан ўтказиш ҳуқуқини берувчи аккредитация аттестатини беради.

Ариза берувчиларни аккредитация қилиш тартиби ушбу Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.


6. Аккредитация учун аризачилар ушбу Низомнинг 2 ва -иловаларидаги шакллар бўйича Агентликга аккредитация аттестатини тақдим этиш тўғрисида ариза беради. Ушбу ариза аризачи томонидан (жисмоний шахс) ёки юридик шахс номидан иш юритиш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан имзоланади.

7. Ариза электрон шаклда юборилганда у электрон рақамли имзо билан тасдиқланган бўлиши лозим.


8. Аризада экспертиза қилиниши режалаштирилаётган ахборот маҳсулотининг турлари ҳамда аризачининг экспертлик фаолияти соҳалари (педагогика, ёшга оид психология, ёшга оид физиология, болалар психиатрияси, дин, маданият ва ҳ.к.) кўрсатилади.


9. Аризага аризачининг экспертларга ва эксперт ташкилотларига қўйиладиган талабларга мослигини тасдиқловчи қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

экспертнинг тегишли соҳа бўйича олий маълумоти тўғрисида дипломи нусхаси;

мутахассислик бўйича иш стажини тасдиқловчи меҳнат дафтарчасининг нусхаси.


10. Агентлик ариза берган аризачилар бўйича ваколатли давлат ҳокимияти органларидан Юридик шахсларнинг ягона давлат реестри ва Якка тартибдаги тадбиркорларнинг ягона давлат реестридан кўчирмаларни сўраб олиш ҳуқуқига эга.

11. Ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар Агентликга аризачи томонидан бевосита, почта орқали жўнатиш йўли билан ёки Интернет тармоғидаги "Ягона интерактив давлат хизматлари портали" давлат ахборот тизими (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) ёки Агентликнинг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда тақдим этилади.

12. Ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинади ва унинг қабул қилиб олинган санаси кўрсатилган нусхаси аризачига қайтарилади.


13. Ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар почта орқали ёки ЯИДХП ёки Агентликнинг расмий веб-сайти орқали тақдим этилганда аризачи ҳужжатлар қабул қилингани ҳақида электрон шаклда тегишли хабарномани олади.

14. Ариза ушбу Низомда белгиланган талабларни бузган ҳолда расмийлаштирилган ва (ёки) аризага илова қилинган ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаган бўлса, Агентлик ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар рўйхатга олинган кундан эътиборан 5 иш куни мобайнида аккредитация қилиш мумкин эмаслиги ва ҳужжатларни қайтариш тўғрисида аризачига хабарнома жўнатади (кейинги ўринларда хабарнома деб аталади).

Ариза ва ҳужжатлар электрон шаклда тақдим этилганда аризачига 5 иш куни мобайнида хабарнома электрон шаклда жўнатилади.


15. Аккредитация қилиш учун тўлов ундирилмайди.


16. Аккредитация тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш, аккредитация қилиш, аккредитация қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш, аккредитацияни тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш мақсадида Агентлик ҳузурида Эксперт комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) ташкил этилади.

17. Комиссия таркиби Агентлик мансабдор шахсларидан ҳамда бошқа ижро этувчи ҳокимият органлари, илмий ва бошқа ташкилотларнинг жалб этиладиган мутахассисларидан шакллантирилади. Комиссия таркиби Агентлик Бош директори томонидан тасдиқланади.

18. Комиссия ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар қабул қилинган кундан эътиборан 30 иш кунидан ошмаган муддатда тақдим этилган ҳужжатлар асосида аризачининг белгиланган талабларга мувофиқлигини текширади ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар ва суҳбат натижалари асосида аккредитация қилиш ёки аккредитация қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


19. Аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан 5 иш кунидан ошмаган муддатда аризачига аккредитация тўғрисида хабарнома бевосита топширилади ёки буюртма почта билан юборилади ёки ушбу Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шакл бўйича аккредитация тўғрисидаги аттестат электрон кўринишда юборилади.


20. Аккредитация аттестати Агентлик Бош директори ёки унинг биринчи ўринбосари томонидан имзоланади ва бу ҳақда экспертлар реестрига тегишли қайд киритилади.

21. Комиссия томонидан аккредитация қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, Агентлик бундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан 5 иш куни мобайнида аризачига рад этишнинг сабабларини кўрсатган ҳолда хабарномани топширади ёхуд уни почта орқали юборади.

22. Аккредитация қилишни рад этиш тўғрисидаги қарор Комиссия томонидан ўтказиладиган суҳбат натижаларига кўра, шунингдек, ариза ва (ёки) унга илова қилинган ҳужжатларда қасддан ёлғон ахборот кўрсатилган ҳолларда қабул қилинади.


23. Аризачи аккредитация қилишни рад этиш тўғрисидаги қарор юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


24. Аккредитациянинг амал қилиш муддати беш йилни ташкил этади. Янги муддатга аккредитация қилиш экспертнинг аризаси асосида ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.


25. Аккредитация тўғрисидаги ҳужжат юридик шахснинг номи, жойлашган манзили, шунингдек, жисмоний шахс, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорнинг исми, фамилияси, отасининг исми (агар бўлса), яшаш жойи, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг реквизитлари ўзгарган тақдирда қайта расмийлаштирилиши лозим.


26. Аккредитацияни қайта расмийлаштириш учун аккредитациядан ўтган эксперт ва (ёки) унинг ҳуқуқий ворислари аккредитацияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризани, амалдаги аккредитация аттестатининг аслини ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхасини Агентликга тақдим этади ёки топширилганлик тўғрисидаги хабарнома билан биргаликда буюртма почта орқали юборади.

27. Агентлик қуйидаги ҳолларда аккредитациянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилади:

аккредитация қилинган экспертлар ва эксперт ташкилоти томонидан аккредитацияни тўхтатиб туриш тўғрисида ариза берилганда;

аккредитация қилинган эксперт ёки эксперт ташкилоти фаолиятида ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказишда қоидабузарликлар аниқланганда, шу жумладан, ахборот маҳсулотининг ёш таснифини белгилашда хатоликларга йўл қўйилганда, ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказишнинг белгиланган муддатига риоя этилмаганда;

эксперт ташкилотининг экспертлари сони ушбу Низомнинг 5-банди талабларига жавоб бермайдиган даражада қисқартирилганда.


28. Ушбу Низомнинг 27-бандида назарда тутилган асосларга кўра аккредитация аттестатининг амал қилиши олти ой муддатга тўхтатиб турилади.


29. Қоидабузарликлар аниқлангани муносабати билан аккредитациясининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинган эксперт ёки эксперт ташкилоти ушбу Низомнинг 28-бандида кўрсатилган давр мобайнида Агентликга қоидабузарликларнинг сабаблари ҳақида маълумот, шунингдек, бундан буён қоидабузарликларга йўл қўймаслик юзасидан кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида ҳисобот тақдим этишлари лозим.

30. Ушбу маълумот белгиланган муддатда тақдим этилмаганда Агентлик аккредитацияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.

31. Ушбу Низомнинг 27-банди иккинчи хатбошига мувофиқ тўхтатиб турилган аккредитация аттестатининг амал қилишини қайта тиклаш аккредитация қилинган эксперт ёки эксперт ташкилотининг аризаси асосида амалга оширилади.


32. Аккредитация аттестатининг амал қилиш муддати унинг амал қилиши тўхтатиб турилган вақтга узайтирилмайди.


33. Аккредитацияни бекор қилиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

аккредитация қилинган шахснинг ёки эксперт ташкилотининг аризаси асосида;

аккредитация қилинган жисмоний шахс вафот этганда;

эксперт ташкилоти сифатида аккредитация қилинган юридик шахс тугатилганда;

ушбу Низомнинг 29-банди талаблари бажарилмаган ҳолларда;

экспертлик фаолиятини амалга ошираётганда олинган ҳамда давлат, тижорат ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг махфийлиги таъминланмаганда ёхуд бундай маълумотлардан улар тақдим этилган мақсаддан бошқа мақсадда фойдаланилганда;

ариза ва (ёки) унга илова қилинган ҳужжатларда сохта ёки бузиб кўрсатилган ахборот тақдим этилгани аниқланганда;

суднинг қарори асосида;

аккредитация қилинган эксперт ва эксперт ташкилоти ушбу Низомга мувофиқ қўйилган талабларга мос эмаслиги аниқланганда, шунингдек, улар томонидан ишлаб чиқарувчилар билан тузилган шартномаларнинг шартлари сурункали бузилганда;

амалдаги қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда.


34. Аккредитация аттестатининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш, шунингдек, уни қайта кучга киритиш тўғрисидаги маълумотлар Экспертлар реестрига киритилади.



3-БОБ. ЭКСПЕРТЛАР РЕЕСТРИНИ

ЮРИТИШ ТАРТИБИ


35. Агентлик Экспертлар реестрини юритади ва унга қуйидаги маълумотларни киритиб боради:

аккредитация қилинган эксперт ёки эксперт ташкилоти тўғрисида;

аккредитация қилинган эксперт ёки эксперт ташкилоти экспертизадан ўтказишга ҳақли ахборот маҳсулотининг тури тўғрисида;

аккредитация тўғрисида қарор қабул қилинган сана;

аккредитация аттестатининг рақами ва берилган санаси;

аккредитациянинг амал қилиш муддати;

аккредитация аттестатининг амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш тўғрисидаги қарорлар қабул қилиниши учун асослар ва улар қабул қилинган саналар;

аккредитация аттестатининг амал қилишини бекор қилиш учун асос ва бекор қилинган сана;

аккредитация қилинган экспертлар ва эксперт ташкилотлари томонидан ўтказилган экспертизалар тўғрисида маълумот.


36. Экспертлар реестри бегона одамлар кириши тақиқланган жойларда сақланадиган ва ишлатиладиган электрон манбаларда, ахборотни йўқ қилиш, блоклаш, ўғирлаш ёки ўзгартиришнинг олдини оладиган шарт-шароитларда юритилади.


37. Экспертлар реестрига тегишли қайдни киритиш учун Агентлик томонидан белгиланган тартибда қабул қилинган қарор асос бўлади.

38. Экспертлар реестрига аккредитациядан ўтказиш, аккредитациянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ва бекор қилиш тўғрисида қайдларни киритиш қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш иш куни ичида амалга оширилади.


39. Манфаатдор томонларнинг Экспертлар реестридаги маълумотлардан (экспертлар таркиби, уларнинг исм-шарифлари, лавозимлари, унвонлари, электрон почта манзиллари) фойдаланиш имконияти Агентликнинг расмий веб-сайти орқали таъминланади. Комиссия фаолияти ва комиссия аъзолари тўғрисида батафсил маълумотлардан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ чекланган.


4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


40. Аккредитация қилинган экспертлар ва эксперт ташкилотлари ўз фаолиятини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ва ушбу Низом талабларига риоя этишлари шарт.


41. Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат назорати Агентлик, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва бошқа ваколатли давлат органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилади.

42. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Махсус ваколатли давлат органи томонидан болаларни

уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотлардан

ҳимоя қилиш соҳасида экспертларни

аккредитация қилиш

СХЕМАСИ

      

Босқич

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш

муддати

1-босқич




Аккредитациядан ўтиш учун талабгор юридик ёки жисмоний шахс-аризачи


Аккредитация учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлаб, Агентлик ёки унинг ҳудудий бўлимларига бевосита почта орқали ёки электрон шаклда "Ягона интерактив давлат хизматлари портали" ёки Агентликнинг расмий веб-сайт орқали тақдим этади.


Аризачининг хоҳишига кўра





2-босқич


Агентлик


1. Рўйхат бўйича ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни аризачига мазкур ҳужжатларни қабул қилиб олганлиги тўғрисидаги маълумотнинг нусхасини тақдим этган ҳолда қабул қилиб олади.


2. Ҳужжатларни кўриб чиқиб:

- аккредитация бўйича ишлар ўтказилганлиги;

- ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиши ва охирига етказилиши юзасидан қарор қабул қилади. 


5 иш кунида




3-босқич


Агентлик Эксперт комиссияси


Тақдим этилган ҳужжатлар асосида аризачининг белгиланган  талабларга мослиги ўрганиб чиқилади ва суҳбат ўтказиш ёрдамида:

- аккредитация аттестатини беради;

- аккредитация аттестатини бермаслик тўғрисида қарор қабул қилади.


30 кун

мобайнида




        

4-босқич


Агентлик


1. Аккредитация аттестати Агентлик Бош директори ёки унинг биринчи ўринбосари томонидан имзоланади ва болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот маълумотларини ёшга оид таснифлашни амалга оширувчи Экспертлар реестрида тегишли тартибда қайд этилади.

2. Аризачига аккредитация аттестатини почта орқали жўнатади ёки электрон шаклда тақдим этади.


1. Ҳужжатларни ўрганиш муддати доирасида




2. 5 иш куни ичида




        

5-босқич


Агентлик


Комиссия томонидан аккредитацияга рухсат бермаслик тўғрисида қарор қабул қилинган ҳолатларда аризачига мазкур қарорни топширади ёки қарор сабаблари кўрсатилган маълумотни почта орқали ёки электрон шаклда тақдим этади.


5 иш куни ичида




  





Низомга

2-ИЛОВА



Аккредитация қилиш тўғрисида

АРИЗА


(жисмоний шахслар учун)


1. Фамилияси, исми ва отасининг исми (агар мавжуд бўлса)





2. Яшаш жойи манзили




3. Шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари




4. Телефон рақами


5. Электрон почта манзили


6. Экспертизадан ўтказилиши режалаштириладиган ахборот маҳсулотининг тури

7. Олий маълумотга эгалигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг реквизитлари



8. Иш жойи


9. Иш стажи


10. Қўшимча таълимга эгалик тўғрисида маълумотлар

11. Илова қилинган ҳужжатлар рўйхати:





Имзо





Низомга

2a-ИЛОВА



Аккредитация қилиш тўғрисида

АРИЗА


(юридик шахслар учун)

1. Тўлиқ номи


2. Қисқартирилган номи (агар мавжуд бўлса)


3. Ташкилий-ҳуқуқий шакли


4. Жойлашган манзили


5. Телефон рақами


6. Электрон почта манзили


7. Олий маълумот ва махсус билимларга эга экспертизадан ўтказувчи мутахассисларининг сони



8. Мутахассисларнинг олий маълумотга эгалигини тасдиқловчи ҳужжатлар реквизитлари



9. Мутахассисларнинг иш стажи


10. Мутахассисларнинг қўшимча таълим олганликлари тўғрисида маълумотлар



11. Экспертизадан ўтказилиши режалаштирилган ахборот маҳсулотининг тури



Илова қилинган ҳужжатлар рўйхати:





Юридик шахс

раҳбарининг имзоси





Низомга

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири





( аккредитация қилувчи органнинг номи)


Экспертнинг болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи

ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги махсус давлат органи -

Ўзбекистон Матбуот  ва ахборот агентлигида аккредитация

қилинганлиги тўғрисида

АТТЕСТАТ



N _________

(аккредитация қилинган эксперт ёки эксперт ташкилотининг Ф.И.О.)

(аккредитация қилинган эксперт (эксперт ташкилоти) ахборот маҳсулотининг тури)


Берилган санаси __________________



Амал қилиш муддати ______________



Аккредитация қилган

органнинг раҳбари _______________________________________________



М.Ў.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 23 октябрь