язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунчилик/ Ер ости бойликларини муҳофаза қилиш/ Фойдали қазилмаларни қазиш чоғида ер қаърини муҳофаза қилишнинг ягона Қоидалари (ЎзР ВМ 04.12.2018 й. 983-сон қарорига 5-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 4 декабрдаги

983-сон қарорига

5-ИЛОВА



Фойдали қазилмаларни қазиш чоғида ер

қаърини муҳофаза қилишнинг ягона

ҚОИДАЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидалар фойдали қазилмалардан оқилона, комплекс фойдаланиш ва ер қаърини муҳофаза қилишнинг ягона талабларини белгилайди.


2. Қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдали қазилмалар конларини қазиш, фойдали қазилмаларни қазиш корхоналарини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, тугатиш ва консервация қилишни амалга оширувчи барча юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланади.


3. Фойдали қазилмалар конларини қазишга "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари бажарилган ва қуйидагилар мавжуд бўлган ҳолларда йўл қўйилади:

фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензия;

белгиланган тартибда тасдиқланган фойдали қазилмалар захиралари ҳисоблаб чиқилган ҳисобот;

қидириб топилган конни саноат йўли билан ўзлаштириш учун қабул қилиш-бериш далолатномаси;

янги корхоналар қуриш ёки ишлаб турганларини кенгайтириш, реконструкция қилиш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳамда конни ишлатишга давлат экология экспертизасидан ўтказилган тасдиқланган лойиҳа;

кон ажратилганлигини тасдиқловчи далолатнома;

ер участкаси ажратилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

давлат комиссиясининг корхонани қабул қилиш ёки унинг бир қисмини фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги далолатномаси;

сувдан махсус фойдаланишга ёки сув истеъмолига рухсатнома, зарур ҳолларда - Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Давлат захиралар комиссиясининг (кейинги ўринларда "ДЗК" деб аталади) ер ости сувлари захираларини тасдиқлаш бўйича протоколи;

кон ишларини ривожлантириш режаси;

қидириб топилаётган қудуқларнинг керни ва кейинги геологик ўрганишлар ҳамда конни қазиш учун зарур намуналарнинг дубликатлари.


4. Корхона тозалаш ва ўтказиш комплексларига, ер қазишда, кон-транспорт машиналари ва механизмларига, кон ишларини олиб боришда ҳамда фойдали қазилмаларни янада тўлиқроқ, комплекс ажратиб олишда хавфсизликни таъминловчи, лойиҳада кўзда тутилган бошқа техника воситаларига, шунингдек, тутувчи асбоб-ускуналаргаҳамда зарарли моддалар чиқинди ва оқоваларининг атроф муҳитга таъсирини йўқотувчи ёки камайтирувчи тозалаш иншоотларига эга бўлиши лозим.


5. Фойдали қазилмалар қазиб олиш учун ер қаъри кон ажратишни тасдиқловчи лицензия ва далолатномага асосан фойдаланишга берилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Кон ажратмалари фойдали қазилмалар конларини қазиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси ва унинг минтақавий инспексиялари (кейинги ўринларда "Инспекция" деб аталади) томонидан белгиланган тартибда берилади.


6. Корхоналар қуриш ва фойдали қазилмалар конларини қазиш учун ер участкаси ажратиш кон ажратмаси Ўзбекистон Республикасининг ер ҳақидаги қонунларида белгиланган тартибда расмийлаштирилгандан сўнг амалга оширилади.


7. Фойдали қазилмаларни тажриба-саноат кўламида кавлаб олиш лицензия асосида, кон ажратмаси бермасдан (нефть ва газ конларидан ташқари), фойдали қазилмаларни бойитиш ва қайта ишлаш технологиясини ишлаб чиқиш ёки такомиллаштириш, фойдали қазилмалар конларини саноат йўли билан ишга туширишнинг оқилона усуллари ва методларини танлаш, шунингдек, техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш мақсадида ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш жараёнида амалга оширилади.

Тажриба-саноат кўламида кавлаб олиш Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси ва Инспекция билан келишилган мустақил лойиҳа бўйича амалга оширилади.


8. Кон ишларини ривожлантириш режалари ер қаърини муҳофаза қилинишини таъминлаш қисми бўйича - Инспекция билан ва саноат хавфсизлигини таъминлаш қисми бўйича - Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда юқори ташкилот томонидан тасдиқланади.

Кон ишларини ривожлантириш режалари лойиҳага мувофиқ бир йилга ишлаб чиқилади.

Кон ишларини ривожлантиришнинг йиллик режасига ҳар бир ер ажратмаси бўйича ҳисобланган нобудгарчилик ва сифатнинг бузилиши нормативлари киради.

Кон ишларини ривожлантириш режаларида қазиб чиқариш, қазишга жалб этилишида фойдали қазилмаларнинг камайиши ва сифатнинг бузилишини оптималлаштириш чора-тадбирлари, зарур бўлганда илгари консервация қилинган ва балансдан ташқари захиралар, биргаликда жойлашган фойдали қазилмалардан фойдаланиш ва юзаси очилган жинслар, махсус ағдарилган тупроқдаги нокондицион минерал хом ашёнинг йиғилиши, фан ва техника ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этиш, шунингдек, истиқболли технологик қарорлар ва ер қаърини муҳофаза қилиш соҳасидаги илмий-тадқиқот ва тажриба ишларининг натижалари назарда тутилиши лозим.

Кон ишларини ривожлантириш дастурлари ҳамда камайиш ва сифатнинг бузилишини нормативларини тузиш ва келишиш тартиби Инспекция томонидан тасдиқланган намунавий методик кўрсатмалар, шунингдек, вазирликлар ва идоралар томонидан Инспекция билан келишган ҳолда тасдиқланган тармоқ методик кўрсатмалари билан аниқланади.


9. Нодир геология тоғ жинслари очилмалари, минералогик ҳосилалар, палеонтология объектлари ва белгиланган тартибда қўриқхона ёхуд табиат, тарих ва маданият ёдгорликлари деб эълон қилинган ер қаъри участкалари сақланишини бузувчи ҳар қандай фаолият тақиқланади.

Нодир геология тоғ жинслари очилмалари ва минералогик ҳосилалар мавжуд бўлган ер қаъридан фойдаланишда метеоритлар, палеонтологик, археологик ҳамда бошқа фан ва маданият учун қизиқиш уйғотувчи объектларга дуч келинган тақдирда тегишли участкадаги ишлар дарҳол тўхтатилади ҳамда юқори ташкилот ва манфаатдор давлат органларига бу ҳақда хабар берилади.

Ушбу участкада ишларни янгидан бошлашга манфаатдор давлат органлари билан келишилган ҳолда рухсат этилади.


10. Ер қаъридан фойдаланувчилар ер қаъридан фойдали қазилмаларни ажратиб олиш ва улардан комплекс фойдаланишда улар эришган юқори кўрсаткичлар учун меҳнат жамоалари ва алоҳида ходимларни моддий ва маънавий тақдирлаш чораларини кўришлари, шунингдек минерал хом ашёни қазиб олиш ва унга дастлабки ишлов беришда унинг нобудгарчилиги камайишига кўмаклашувчи меҳнатни ташкил этишнинг илғор тажрибасини жорий этишлари лозим.

Корхоналарнинг ходимлари ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунчиликка ва ушбу Қоидаларга риоя этилишига фаол кўмаклашишлари зарур. Фойдали қазилмаларнинг асоссиз нобудгарчилигига олиб келувчи ёки олиб келган қоида бузилишини сезган ходим зудлик билан бу ҳақда техника назоратининг тегишли шахсига ёки корхона маъмуриятига чора кўриш учун хабар бериши лозим.


11. Қазиб чиқариладиган минерал хом ашёдан захираларни тасдиқлаш чоғида ДЗК қарорида назарда тутилмаган мақсадларда ёки бу қарорни бузиб фойдаланилган тақдирда фойдали қазилмалар қазиб олиш ман этилади.


12. Фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва минерал хом ашёни қайта ишлашга тайёрлашни амалга оширувчи вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва ер қаъридан фойдаланувчилар конни комплекс ўзлаштириш ва минерал-хом ашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш учун тўлиқ жавоб берадилар.


13. Мазкур Қоидалар талаблари корхоналар хизматлари, бўлинмалари ва алоҳида мансабдор шахсларининг ишлаб чиқариш фаолиятини тартибга солувчи тегишли тармоқ ҳужжатларида (техник фойдаланиш қоидалари, уставлар, низомлар, йўриқномалар ва шу кабилар) акс этиши лозим.



2-БОБ. ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМАЛАРНИ ҚАЗИБ

ОЛУВЧИ КОРХОНАЛАРНИ ЛОЙИҲАЛАШТИРИШ,

ҚУРИШ ВА ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН АСОСИЙ ТАЛАБЛАР


14. Фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва минерал хом ашёни қайта ишлаш корхоналарини лойиҳалаштириш тасдиқланган захиралар ва мўлжалланаётган қурилиш участкасида техника хавфсизлиги ва ҳудуднинг экологик ҳолатини ҳисобга олиб ер қаърининг ўрганилиши асосида амалга оширилади.


15. Корхона жойлашадиган жой - фойдали қазилмаларни қазиб олувчи корхона қурилиши учун майдон Ўзбекистон Республикаси ер ости бойликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, ер, сув тўғрисидаги қонунларга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ, шунингдек, қурилиш бўйича йўриқномалар талабларига мувофиқ танланади.


16. Фойдали қазилмаларни қазиб олувчи корхоналар жойлашадиган жойлар лойиҳалаш ишлари бошлангунга қадар маҳаллий ҳокимият органлари, кончилик муносабатлари соҳасидаги махсус ваколатли бошқарув органлари, бошқа манфаатдор органлар билан келишилади.


17. Лойиҳалаш ташкилоти - бош лойиҳачи, зарур ҳолларда махсус лойиҳалаш ва қидирув ташкилотларини жалб этиб буюртмачининг топшириғига биноан асословчи ҳисоб-китоблар, фойдали қазилмаларни қазиб олиш корхонасини қуриш учун танланган турли майдонларда жойлаштиришнинг техник-иқтисодий қиёслаш вариантларини амалга оширади ва оқилона вариант бўйича таклиф тайёрлайди. Бу материаллар ва таклифлар ҳажми ҳамда таркиби объектларнинг мураккаблиги билан белгиланади ва конлардан, қазиб олинадиган фойдали қазилмалардан оқилона, комплекс фойдаланиш ва ер қаърини муҳофаза қилиш бўйича мўлжалланаётган қарорларнинг самарадорлиги тўғрисида хулосалар тайёрлаш учун етарли бўлиши лозим.


18. Асословчи ҳисоб-китоблар, фойдали қазилмаларни қазиб олувчи корхоналарни жойлаштириш вариантларини техник-иқтисодий қиёслаш ва оқилона вариант бўйича таклифлар билан биргаликда материалларни лойиҳалаш ташкилоти - бош лойиҳачи Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси, Инспекция ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига хулоса бериш учун жўнатади, уларнинг вакиллари корхона қурилиши учун майдонча танлашда иштирок этишлари керак.

19. Фойдали қазилмаларни қазиб олувчи корхона қурилиши учун майдон танлаш учун буюртмачи томонидан белгиланган тартибда комиссия тузилади, унда Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси, Инспекция ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси вакиллари албатта иштирок этишлари зарур.

Фойдали қазилмаларни қазиб олувчи корхона қурилиши учун майдон танлаш тўғрисидаги (комиссиянинг барча аъзолари имзоланган) далолатнома белгиланган тартибда тасдиқланади ва у фойдали қазилмаларни қазиб олувчи корхона жойлашадиган жой келишилганлиги тўғрисидаги ҳужжат ҳисобланади.


20. Фойдали қазилмаларни қазиб олувчи корхона қурилиши учун майдон танланган тақдирда буюртмачи лойиҳани ишлаб чиқиш бошлангунига қадар белгиланган тартибда фойдали қазилмалар жойлашган жойларда иморат қуришга рухсатномани расмийлаштириши лозим.


21. Корхона лойиҳаси, шу жумладан, конни тажриба-саноат йўли билан қазиш лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси қонунлари, лойиҳалаш ва қуриш бўйича амалдаги норматив ҳужжатлар, хавфсизлик ва техник фойдаланишнинг тармоқ нормалари ва қоидалари, шунингдек, ушбу Қоидалар талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Лойиҳада Давлат захиралари комиссиясининг захираларни тасдиқлаш бўйича қарорлари ва тавсияларини бажаришни таъминловчи чора-тадбирлар назарда тутилиши зарур.


22. Корхона лойиҳаси, шу жумладан, конни тажриба-саноат йўли билан қазиш лойиҳаси ҳамда юқори ташкилот томонидан тасдиқланган лойиҳалаштириш бўйича топшириққа асосан ишлаб чиқилади. Ер ости бойликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва ушбу Қоидалардан чекинилган корхоналар лойиҳалари улар тасдиқлангунига қадар ер қаърини муҳофаза қилиш қисми бўйича Инспекция билан келишилиши лозим.


23. Корхона лойиҳаси қуйидагиларни назарда тутиши лозим:

корхонанинг ер усти ва ер ости иншоотлари жойлашуви, фойдали қазилмаларни очиш усуллари ва қазиб олиш тизимлари ишлаб чиқариш жараёнларида ер ости бойликларини тўлиқ, комплекс ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ қазиб олиш ва асосий ҳамда улар атрофида жойлашган фойдали қазилмалар захираларидан самарали фойдаланишни таъминловчи механизация ва автоматлаштириш воситаларини қўллаш, шунингдек, ер қаърини сақлаш ёки балансдан ташқари захираларни кейинчалик саноат йўли билан ўзлаштириш учун йиғиш;

қазиб олинган фойдали қазилмаларни минерал хом ашёни бойитиш ва самарали қайта ишлашнинг истиқболли схемаларини қўллашни таъминлайдиган, унинг таркибидаги саноат аҳамиятига эга бўлган компонентларни оқилона, комплекс ажратиб олиш имконини берадиган тарзда тайёрлаш;

фойдали қазилмалар конларини қазиш чоғида кон устидаги очиқ ва аралаш жинслардан ҳамда ишлаб чиқариш чиқитларидан оқилона фойдаланиш;

ишлаб чиқаришнинг зарарли чиқитларини зарарсизлантириш ёки кўмиш;

йўл-йўлакай қазиб олинган, вақтинча фойдаланилмайдиган фойдали қазилмалар, шунингдек, фойдали қазилмалар компонентлари бўлган ишлаб чиқариш чиқитларини алоҳида йиғиш ва сақлаш ҳамда фойдали қазилмалар ва ишлаб чиқариш чиқитларини фойдаланишга жалб этиш муддатлари, хом ашёнинг камайиши ва бузилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар;

корхонани қуриш ва унинг ишлаши жараёнида очилган ер қаърини геологик ўрганиш, қазиб олишни ва қайта ишлашнинг кон-геологик шароитларини прогнозлаштириш учун зарур бўлган ҳажмда геологик ва маркшейдер ҳужжатларини тайёрлаш;

қазиб олинадиган минерал хом ашёнинг миқдори ва сифатини ишончли ҳисоблаш бўйича техник воситалар;

корхонанинг геологик ва маркшейдер хизматлари таркиби, уларнинг техник жиҳозланиши;

корхона ходимлари ва аҳоли хавфсизлигини, ер қаъри, атмосфера ҳавоси, ер, ўрмонлар, сув ва атроф табиий муҳитнинг бошқа объектлари, бинолар, иншоотлар, қўриқхоналар, табиат, тарих ва маданият ёдгорликлари ер қаъридан фойдаланиш билан боғлиқ ишларнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилинишини таъминловчи чора-тадбирлар;

техника хавфсизлигига оид чоралар;

ер қаъридан фойдаланишда бузилган ер майдонлари ва сув омборларини хавфсиз ҳолатга, шунингдек, улардан амалдаги қонунчиликка мувофиқ халқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш.

Корхона лойиҳасида атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш чоралари бошқа масалалар билан бир қаторда:

ерларни кон қазишга ажратиш учун бериш статистикасини камайтириш;

минерал хом ашёни зарарли чиқариш ва оқизишларни атроф табиий муҳитига энг кам чиқарган ҳолда қазиш ва уни дастлабки қайта ишлаш технологияларини танлаш;

атроф табиий муҳитнинг ҳолатини назорат қилишни ташкил этиш ҳамда ер қаъридан фойдаланиш билан боғлиқ атроф табиий муҳитдаги ўзгаришларни баҳолашни прогнозлаштириш масалаларини ҳал этишни ҳам назарда тутиши лозим.


24. Икки ва ундан кўп корхоналар жойлаштириладиган йирик фойдали қазилма конларини қазишда конни ўзлаштириш ва қазишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи комплекс лойиҳаси ишлаб чиқилиши зарур:

конни ер қаъридан энг тўлиқ ажратиб олиш ва асосий ҳамда улар билан бирга жойлашган фойдали қазилмалар, шунингдек, улардаги компонентлардан комплекс фойдаланиш имконини таъминловчи шахта (карьер) майдонларига оқилона тақсимлаш, шунингдек корхона ходимлари ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари;

ҳар бир корхонанинг энг оқилона қувватларини асослаш, қатламлар, маъдан жисмлари ва ҳар хил тур (кўриниш) ва шакллардаги фойдали қазилмалар тизимларини уларга қўшимча ишлов бериш ва асоссиз нобуд қилишни истисно этувчи қазишларнинг навбати билан амалга оширилиши;

корхоналарни ишлатиш учун зарур бўлган ер устидаги бинолар ва иншоотлар билан биргаликда корхоналарнинг асосий ва ёрдамчи саноат майдонларини, шу жумладан, фойдали қазилма омборлари, очиқ ва аралаш жинслар ағдармаларини, шунингдек, турар жой посёлкалари ва коммуникацияларни, темир йўл ва автомобиль йўлларини, электр узатиш ва алоқа линияларини, сув ва иссиқлик таъминотини, тозалаш иншоотлари бўлган канализацияларни ва бошқа объектларни энг мақбул жойлаштириш;

алоҳида корхоналарни қуриш ва ишга туширишнинг навбат билан амалга оширилиши;

алоҳида корхоналар ва умуман кон бўйича тўлиқ капитал харажатлар ва техник-иқтисодий кўрсаткичлар.

Конни ўзлаштириш ва умуман қазишнинг комплекс лойиҳаси белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси, Инспекция ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади ва унга асосан ушбу конда жойлашадиган алоҳида корхоналарнинг лойиҳалари ишлаб чиқилади.

25. Корхона лойиҳасида қабул қилинган конни очиш схемалари, қазиш усуллари ва тизими хавфсизлик шартларига жавоб берувчи ҳамда ер қаъридан фойдали қазилмалар захираларини халқ хўжалиги нуқтаи назаридан ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш талаблари ҳисобга олиниб баҳоланадиган тугатиладиган баланс захиралари бирлигига (тонна, куб. м) энг кўп иқтисодий самара билан мақбул даражада тўла ва сифатли ажратиб олишни таъминловчи, вариантларни танлаб вариантлар бўйича техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар билан асосланган бўлиши лозим. Корхоналар лойиҳаларида қазишнинг усуллари ва тизимларини асослашда шу билан бирга шахта майдонларини ёнбошдан марказга томон қазиб бориш, қазиш участкаларини майдон нуқтаи назаридан тайёрлаш вариантлари кўриб чиқилиши, шунингдек, қазилма бирликларининг мақбул параметрлари белгиланган бўлиши лозим.

Лойиҳалар доирасида амалга оширишга қабул қилинган вариантлар ишларнинг хавфсизлигини таъминлаши, конларнинг энг бой участкалари ва маҳсулдор қатламлар, руда жисмлари ва уюмлари танлаб қазилишини ҳамда кондаги қолган баланс захиралари камайишига, шунингдек, қатламлар, руда жисмлари ва уюмлар қайтадан ишланишини (бунинг оқибатида уларда бўлган фойдали қазилмалар саноат аҳамиятини йўқотиши ёки бутунлай исроф бўлиши мумкин) истисно этиши зарур.


26. Агар ишлаётган корхонада балансдан ташқари захиралар, асосий фойдали қазилмалар билан бирга жойлашган бошқа фойдали қазилмаларнинг балансдаги захираларини қазиш лойиҳада кўрсатилмаган ва амалда иш олиб борилаётган бўлса, корхона биргаликда жойлашган фойдали қазилмаларни қазиб олиш тартиби ва шартларини, зарур ҳолларда эса уларни махсус ағдармаларда йиғиш ва келгусида фойдаланиш учун сақлаш тартибини назарда тутувчи лойиҳага қўшимчани ишлаб чиқиши белгиланган тартибда тасдиқлаши керак.

Лойиҳага қўшимчаларни ишлаб чиқишда хом ашёни қазиш ва қайта ишлашнинг истиқболли технологиялари қўлланилган ҳолда ундан янада тўлароқ комплекс фойдаланиш таъминланиши ва қуйидагилар ҳисобга олиниши лозим:

балансдан ташқари ва биргаликда жойлашган фойдали қазилмаларнинг ўрганилганлик даражаси, сифати ва жойлашиш ҳолати;

истеъмолчиларнинг мавжудлиги ва ушбу фойдали қазилмаларга эҳтиёж прогнози.


27. Қийин кон-геология шароитларида жойлашган конлардаги корхоналар лойиҳаларида мураккаб табиий шароитларнинг ер ости бойликларидан оқилона, комплекс фойдаланишга зарарли таъсирини бартараф этувчи ёки анча камайтирувчи ва кон ишларини хавфсиз олиб боришни, ер қаърини ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ишларида хавфсизликни таъминловчи чора-тадбирларни назарда тутувчи махсус бўлим бўлиши зарур.

Бундай корхоналарни қуриш ва ишлатиш кўмир ва сланец шахталаридаги хавфсизлик қоидаларининг, рудали, норуда ва сочма конларни ер ости усули билан қазишда ягона хавфсизлик қоидаларининг, Фойдали қазилмалар конларини очиқ усулда қазишда ягона хавфсизлик қоидаларининг, Иншоотлар ва табиий объектларни кон ишларининг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш қоидалари (кўрсатмалар)нинг тегишли талаблари, шунингдек, кўрсатиб ўтилган Қоидаларда ва ушбу Қоидаларда қайд этилган махсус йўриқномалар талаблари қатъий бажарилган ҳолда амалга оширилиши керак.


28. ДЗК томонидан комплекс минерал хом ашёдан кўп мақсадли фойдаланиш белгиланганда корхона лойиҳасида конни ўзлаштириш ва қазиб олинадиган хом ашёни қўллашнинг оқилона варианти белгиланиши керак.


29. Табиий тошли қурилиш материаллари, гипс, оҳактош, тошли ва калий тузларини ер ости усулида қазиб олувчи корхоналарнинг лойиҳаларида қазилмаларни фойдали қазилмаларни қазиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда ишлатиш учун узоқ муддат сақлашни таъминлаш ҳисобга олинган ҳолда уларни мақсадли тайёрлаш кўриб чиқилиши зарур.


30. Янги корхоналарни қуришда ва ишлаётганларини реконструкция қилишда, шунингдек уларда горизонтлар ва қазиш участкалари тайёрлашда тасдиқланган лойиҳаларга ўзгартиришларни лойиҳани ишлаб чиққан лойиҳалаш ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси, Инспекция ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси билан олдиндан келишмасдан, шунингдек, лойиҳани тасдиқлаган ташкилотнинг ўзгартиришлар киритишга ёзма рухсатисиз ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунчилик ҳамда ушбу Қоидалар талаблари бузилишига олиб келувчи бирор-бир ўзгартириш киритиш ва четга чиқиш тақиқланади.

31. Қурилиши (реконструкция қилиниши, кенгайтирилиши) тасдиқланган лойиҳага мувофиқ тугалланган ва фойдаланишга тайёрланган корхоналар буюртмачи томонидан давлат қабул комиссияларига қабул қилиш учун тавсия этилиши керак.

Давлат қабул комиссияларининг таркиби, уларни тайинлаш ва иш тартиби қонунчилик билан белгиланади.

Қурилиши тугалланган объектларни давлат қабул комиссиялари томонидан фойдаланишга қабул қилиш далолатномалар билан расмийлаштирилади.


32. Лойиҳа қарорларининг қазиладиган кон ва қазиб олинадиган фойдали қазилмалардан оқилона, комплекс фойдаланишни, ер қаъри ҳамда атроф табиий муҳит муҳофаза қилинишини таъминлаш қисмидаги асосий маълумотлар давлат экология экспертизасидан ўтиши лозим бўлган лойиҳанинг таркибидаги махсус "Ер ости бойликлари ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш" бўлимида акс эттирилиши зарур.



3-БОБ. КОН ИШЛАРИНИ ГЕОЛОГИК

ВА МАРКШЕЙДЕРЛИК ЖИҲАТИДАН

ТАЪМИНЛАШ ВА ЗАХИРАЛАРНИ

ҲИСОБГА ОЛИШ


33. Фойдали қазилмалар конларини қазишни, фойдали қазилмалар қазиш корхоналарини лойиҳалаш ва қуришни амалга оширувчи вазирликлар, идоралар, корхоналар ва бошқа ер қаъридан фойдаланувчилар геологик ва маркшейдерлик хизматларига эга бўлишлари керак.

Фойдали қазилмаларни қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун қазувчи корхоналарда, агар ушбу корхонада геология-маркшейдерлик хизматлари мавжуд бўлмаса, геология-маркшейдерлик юқори идора томонидан марказлаштирилган тартибда амалга оширишга йўл қўйилади.

Ушбу хизматларнинг тузилмаси, вазифалари, мажбуриятлари ва ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланадиган идоравий геологик хизмат тўғрисидаги намунавий низом, шунингдек, Инспекция билан келишган ҳолда вазирликлар ва идоралар томонидан тасдиқланган кўрсатиб ўтилган хизматлар тўғрисида тармоқ низомлари билан белгиланади.


34. Корхоналар зарур ҳолларда қазиладиган конларнинг минерал хом ашё негизини мустаҳкамлаш ва ўрганилган захираларнинг ишончлилигини ошириш мақсадида дастлабки қидирувни ва эксплуатация қидирувини амалга оширишлари лозим.

Корхоналар:

конларнинг мураккаб участкаларида қайта ишлашнинг кон-геология шароитларини ўрганиш мақсадида геология ишларини амалга оширишлари;

фойдали қазилмалар конларидан янада тўлароқ ва комплекс фойдаланиш, кон ишларини самарали ва хавфсиз амалга ошириш, ер қаърини, бинолар, иншоотлар ва табиат объектларини кон қазиш ишларининг зарарли таъсиридан муҳофаза қилишни таъминлаш мақсадида маркшейдерлик ишларини бажаришлари;

белгиланган геология ва маркшейдерлик ҳужжатларини юритишлари;

фойдали қазилмалар захираларининг ҳолати ва ҳаракати, нобуд бўлганлиги ва сифатсизланишини ҳисобга олиши, шунингдек, йўл-йўлакай қазиб олинадиган, вақтинча фойдаланилмайдиган фойдали қазилмалар ва фойдали компонентлар бор бўлган ишлаб чиқариш чиқитларининг ҳисобга олинишини таъминлашлари зарур.

Кон ишларини ўз вақтида ва сифатли геологик ва маркшейдерлик жиҳатидан таъминламасдан, шунингдек, фойдали қазилмаларнинг ҳолати ва захираларнинг ҳаракати, нобуд бўлиши ва сифати пасайишини ҳисобини юритмасдан конларни қазиш ва корхоналарни қуриш (реконструкция қилиш) тақиқланади.


35. Қазилаётган кон доирасидаги геология ишлари тасдиқланган лойиҳа, тармоқ норматив ҳужжатлари ва кўрсатмаларига мувофиқ, шунингдек, ДКЗ йўриқномалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитасининг методик низомлари ҳамда кўрсатмалари ва ишларни хавфсиз олиб боришга оид қоидалар талабларига риоя қилинган ҳолда олиб борилади.

Режалаштириш ва фойдаланиш мақсадида қидириш Инспекция билан келишилган кон ишларининг йиллик режалари бўйича амалга оширилади.


36. Конларни ёки уларнинг айрим участкаларини дастлабки қидиришда ва фойдаланиш мақсадида ўрганиш корхона ёки корхона томонидан берилган геологик топшириқ бўйича ихтисослаштирилган ташкилот томонидан амалга оширилади.


37. Конларнинг етарлича пухта ўрганилмаган қисмларини, (ёнбошлар, чуқур горизонтлар, алоҳида участкалар) пухта ўрганиб чиқиш босқичма-босқич, корхоналар лойиҳалари ҳамда кон ишларини ривожлантириш режалари билан боғлиқ ҳолда амалга оширилиши керак.

Фойдаланиш мақсадида ўрганиш тайёрлов ва тозалаш ишлари ривожланишидан олдин бажарилиши ҳамда корхона фаолият кўрсатган бутун муддат мобайнида амалга оширилиши зарур.


38. Конларни дастлабки қидириш бўйича ишларнинг лойиҳаларида қуйидагилар назарда тутилиши лозим:

мақсадли топшириқ, ишларнинг йўлга қўйилишини ва вазифаларини асослаш;

қабул қилинган геологик, геофизик, гидрогеологик, бурғилаш ва геология муҳандислиги ишлари комплексини ўтказишнинг, шунингдек технологик ва кўзланган топшириқни бажариш учун зарур бўлган изланишлар бошқа турларининг методикаси ва технологияси;

ишларнинг амалдаги ҳажмлари ҳисоб-китоби;

фойдали қазилмалар захираларининг кўпайиши бўйича, уларни ўрганишнинг даражаларига қараб захираларни янада юқори тоифаларга ўтказиш бўйича, шунингдек, конларнинг ёки уларнинг айрим участкаларининг геологик хусусиятларини аниқлаш бўйича кутилаётган натижалар.

Конлар ёки уларнинг қисмларини қазишнинг қийин кон-геология шароитларида (тоғ массалари ва газларнинг тўсатдан отилиши, тоғ зарбалари, сув ва тошқинларнинг уриб кетиши, кўчки ҳодисалари ва шу кабилар) пухта ўрганиб чиқиш лойиҳаларида кон ишларини самарали ва хавфсиз олиб боришни таъминлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш учун махсус тадқиқотлар ўтказиш назарда тутилиши керак.

Дастлабки қидириш лойиҳалари конни пухта ўрганиб чиқиш мақсадлари учун капитал, тайёрлов, қирқма кон қазилмалари ва бурғилаш қудуқларидан энг тўлиқ фойдаланишни назарда тутиши зарур.

Қидирув ишлари олиб борилган кон қазилмалари фойдаланиш мақсадидаги ишларда максимал даражада фойдаланилиши лозим.


39. Геологик, гидрогеологик, геофизик, технологик ва бошқа ишларнинг корхонани қуриш ва ишлатиш, пухта ўрганиш ва фойдаланиш мақсадидаги ўрганиш жараёнида олинган натижалари кон ишлаб чиқариши, шу жумладан капитал, тайёрлов ва тозалаш ишларини лойиҳалаш, оқилона режалаштиришни геологик асослаш учун ўз вақтида ишлаб чиқилиши ҳамда фойдаланилиши керак.

Корхонани қуриш ва ундан фойдаланиш, пухта ўрганиб чиқиш ҳамда фойдаланиш мақсадида ўрганиш чоғида олинган батафсил ўрганиш маълумотлари ва амалдаги маълумотлар ўртасида тафовутлар мавжуд бўлган тақдирда қиёслаш материалларини корхона билан батафсил ўрганишни амалга оширган ташкилот биргаликда кўриб чиқиши лозим. Катта тафовутлар бўлса материаллар ДЗКга кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

Корхона ва ихтисослашган ташкилот ўтказилган геологик-қидирув ишлари натижалари юзасидан белгиланган тартибда геологик ҳисоботлар тайёрлашлари лозим.

Кон ишларини, шунингдек, улар ишлаб чиқаришини олдиндан геологик асослашларсиз лойиҳалаш ва режалаштиришга йўл қўйилмайди.


40. Барча қидириб топилган кон қазилмалари ва бурғилаш қудуқлари геологик жиҳатдан ҳужжатлаштирилади, уларда фойдали қазилмалар жисмлари топилганда ва бошқа зарур ҳолларда, улар, шу жумладан, лойиҳага мувофиқ технологик синовдан ўтказилади.

Турли мақсадлардаги капитал, тайёрлов, қирқма ва тозалаш кон қазилмалари ва бурғилаш қудуқлари геологик жиҳатдан ҳужжатлаштирилади ва синовдан ўтказилади.

Корхона геологик ишларда назарда тутилган барча фойдали компонентлар ва зарарли аралашмаларни кимёвий, спектрал ва синаб таҳлил қилишнинг бошқа турларини бажаришни, шунингдек, фойдали қазилмаларнинг ҳамда саноат аҳамиятига эга бўлган улардаги компонентларнинг технологик ўхшашликларини тадқиқ қилишни ўз вақтида таъминлаши зарур.


41. Бирламчи геологик ҳужжатларни тузишнинг ўз вақтидалиги ва сифатлилигини геологик хизматнинг юқори мансабдор шахси йилнинг ҳар чорагида мажбурий текширувдан ўтказиши шарт.


42. Кон ишлари технологиясини қийинлаштириши ёки уларни тўхтатиши мумкин бўлган кон-геология шароитларидаги барча ўзгаришларни геологик хизмат зудлик билан геология ишлари бўйича йўриқномага мувофиқ корхона раҳбарларига маълум қилиши лозим.


43. Бирламчи геологик ҳужжатлаштириш асосида йиғма геологик ҳужжатлар тузилиши зарур.

Бирламчива йиғма геологик ҳужжатларнинг мажбурий тўплами ва мазмуни геология ишлари йўриқномасида белгиланади.

Мураккаб қурилмадаги ёки фойдали компонентлар ва зарарли аралашмалар нотенг тақсимланган конлар учун конни ёки унинг бир қисмини махсус график ҳужжатлар тузиб махсус батафсил геометриклаштиришни амалга ошириш мажбурийдир.


44. График геология ҳужжатлари маркшейдер асосида коннинг график ҳужжатлари учун қабул қилинган шартли белгиларга риоя қилинган ҳолда тузилиши лозим.

Чизмалар учун уларнинг хизмат қилиши ва сақланиши бўйича белгиланган муддатларни таъминловчи материаллар қўлланилиши зарур.

Геологик иш ҳужжатлари амалдаги маълумотлар тўпланишига қараб, аммо ҳар ойда камида бир марта тўлдириб борилади. Йиғма геологик ҳужжатлар йилнинг ҳар чорагида тўлдирилади. Геологик ҳужжатларни тўлдиришда кечикишга йўл қўйилмайди.

Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун фойдали қазилмаларни қазиб олувчи корхоналарда иш ҳужжатларини ҳар чоракда, йиғма ҳужжатларни ҳар ярим йилликда бир мартадан тайёрлашга рухсат берилади.


45. Конни пухта ўрганиб чиқиш, фойдаланиш мақсадида ўрганиш ва қазиш жараёнида бажарилган синовдан ўтказиш ва бошқа геология ишлари маълумотларига геология ҳужжатлари бўйича фойдали қазилмаларнинг алоҳида қазилмалари, участкалари, фойдали қазилмалар жисмлари ва умуман коннинг балансдаги ва балансдан ташқари захираларини ҳисоблаш ёки қайта ҳисоблаш учун контурлари, жойлашув элементлари, сифати ва технологик ўхшашликлари белгиланиши ва аниқлаштирилиши лозим.

Балансдаги захиралар контурлари уларни ҳисоблаш ёки қайта ҳисоблаш учун белгиланган тартибда тасдиқланган тегишли кондициялар асосида аниқланади.


46. Қурилаётган ва фаолият кўрсатаётган корхоналарда қуйидаги маркшейдерлик ишлари бажарилиши лозим:

геодезия ва маркшейдерлик таянч ҳамда хариталаш тармоқларини ўз вақтида яратиш ва улар асосида кон график ҳужжатларини тузиш ва мунтазам тўлдириб бориш учун зарур бўлган маркшейдерлик ўлчовлари ва ҳисоблашларнинг барча комплексини амалга ошириш, кон ишлаб чиқариши учун турли кон-геометрик вазифаларни ҳал этиш;

ер юзасидаги ва ер остидаги турли объектлар қурилиши лойиҳаси параметрларини натурага чиқариш, кон ишларини ривожлантириш лойиҳалари ва режаларига мувофиқ кон қазилмаларига ва қидириб топилган қазилмаларга йўналишлар топшириғи бериш, шунингдек, уларга риоя қилиш устидан назорат ўрнатиш;

кон жисмларининг сурилиши, ер юзаси, бинолар, иншоотларнинг деформациялари, карьерлар поғоналари ва бортларининг барқарорлигини асбоблар орқали кузатишни амалга ошириш;

ҳимояловчи ва тўсувчи целиклар ҳамда кон ишларини хавфсиз юритиш чегараларини ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш ҳамда уларни кон график ҳужжатларига киритиш;

аралаш қатламлар (уюмлар)да целиклардан юқори кон босими отилиши ва газодинамик кўринишлар (отилиб чиқишлар, кон зарбалари) ишлатилаётган қазилмаларида сув ва газнинг хавфли отилиб чиқиши эхтимоли бўлган хавфли зоналарини аниқлаш ва уларни ўз вақтида кон график ҳужжатларига киритиш;

хавфли ҳудудлар яқинида ва доирасида кон ишларини олиб бориш хавфсизлигига доир тасдиқланган тадбирларга маркшейдерлик жиҳатидан таъминлаш хизмати бўйича риоя этилишини назорат қилиш;

фойдали қазилмалар жойлашган майдонларда ўзбошимчалик билан иморат қуришларга йўл қўймасликни назорат қилиш.


47. Маркшейдерлик ишлари уларни бажариш муддатларига қатъий риоя қилган ҳолда Маркшейдерлик ишларини амалга оширишга оид йўриқномалар ва бошқа норматив ҳужжатлар талабларига, шунингдек, ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунчиликка, хавфсизлик қоидалари ва нормаларига, техник фойдаланиш қоидаларига ва ушбу Қоидаларга риоя қилган ҳолда бажарилиши лозим.

Махсус усулларни, техник воситалар ва асбоб-ускуналарни қўллашни талаб этувчи маркшейдерлик ишлари ихтисослаштирилган ташкилотлар (бюролар) томонидан бажарилиши зарур.


48. Геология-қидирув, тоғ-кон ва қурилиш ишларини олиб бориш маркшейдерлик ишларни таъминламасдан бажариш тақиқланади.


49. Ҳар бир корхонада уларни олган мансабдор шахслар бажариши мажбурий бўлган геологик ва маркшейдерлик кўрсатмалар дафтарлари бўлиши ва улар мунтазам юритилиши керак. Бу кўрсатмалардан фойдаланиш корхона раҳбари ёки бош муҳандиси томонидан мунтазам назорат қилиниши керак.


50. Фойдали қазилмалар захираларининг ҳолати ва ҳаракати, камайиш ва сифати бузилишини ҳисоблаш, захираларни уларнинг қазишга тайёрлиги даражаси бўйича ҳисоблаш тармоқ йўриқномалари ва фойдали қазилмалар захираларини ҳисоблаш ва 5-гр. шаклидаги ҳисобот баланслари тузиш бўйича йўриқномалар талабларига мувофиқ амалга оширилади. Йўл-йўлакай қазиладиган, вақтинча фойдаланилмайдиган фойдали қазилмалар, кон ишлаб чиқаришининг очиқ жинслари ва чиқитларини ҳисоблаш тармоқлар йўриқномаларига мувофиқ амалга оширилади.


51. Захираларнинг ҳолати ва ҳаракатини, фойдали қазилмаларнинг нобуд бўлиши ва сифати пасайишини ҳисобга олиш қуйидаги асосий талабларга риоя этилган ҳолда бажарилиши лозим:

ҳам ДЗК томонидан тасдиқланган фойдали қазилмалар захиралари, ҳам ДЗК талабларига мувофиқ ҳисоблаб чиқилган захиралари ҳисобга олиниши керак;

фойдали қазилмалар захиралари В, С1 ва С2 тоифалари бўйича ва фойдали қазилмаларнинг конлари, участкалари, горизонтлари, алоҳида маъданли жисмлар, шахта майдонлари, ўйиш бирликлари, қазиш усуллари ва тизимлари, асосий саноат (технология) турлари ва навлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисобга олинади;

фойдали қазилмалар захиралари қазиб олиш ва қайта ишлаш чоғида бўлиши мумкин бўлган сифат пасайиши ва нобудгарчиликлардан қатъий назар, уларнинг ер қаърида мавжудлиги бўйича ҳисобланади;

фойдали қазилмалар захираларини қазиб олиш, нобуд бўлиши, уларнинг саноат аҳамиятини йўқотиши ҳамда тасдиқланмаслиги натижасида уларни корхоналар ҳисобидан чиқариш Фойдали қазилмалар захираларини корхоналар ҳисобидан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомга (Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 декабрдаги 983-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ амалга оширилади;

захираларни ҳисобдан чиқариш геология ва маркшейдерлик ҳужжатларида ҳисобга олиш элементлари бўйича алоҳида акс эттирилиши ҳамда махсус Ҳисобдан чиқарилган захиралар дафтарига киритилиши лозим;

ҳам асосий ва ҳам улар билан бирга жойлашган фойдали қазилмалар захиралари ва улардаги компонентларнинг кўпайиши ва уларни ўрганилиши даражасига кўра янада юқори тоифага ўтказиш уларни амалдаги геология материаллари бўйича ҳисоблаб чиқишга асосан амалга оширилади ва белгиланган тартибда тасдиқланади.


52. Захираларнинг ҳолати ва ҳаракатини, нобудгарчилиги ва сифат пасайишини ҳисобга олиш захираларнинг бирламчи ҳисоби, йиғма ҳисоби ва йиллик ҳисобот балансини ўз ичига олади.

Бирламчи ҳисобга олиш геология-қидирув, капитал, тайёрлов ва қирқма қазилмаларни тайёрлаш ҳамда тозалаш қазишларини амалга ошириш жараёнида бажарилган геология ва маркшейдерлик ишлари материаллари асосида қазилмалар бирликлари бўйича амалга оширилади.

Бирламчи ҳисобга олиш маълумотларига асосланиб горизонтлар, участкалар, кон (шахта майдони) ва умуман корхона бўйича захираларнинг ҳолати ва ҳаракати, нобуд бўлиши ва сифати пасайишининг йиғма ҳисоби амалга оширилади.


53. Захираларнинг йиллик ҳисобот баланси корхона томонидан фойдали қазилмалар захиралари, нобуд бўлиши ва сифати пасайишининг ҳар йили биринчи январдаги ҳолатига кўра бирламчи ва эркин ҳисобга олишга асосан тузилади.

Корхона захираларининг ҳар йилги ҳисобот балансига кейинги геология-қидирув ишлари ва кон қазиш чоғида захираларнинг кўпайганлиги натижасида ўзгарганлигини, саноат аҳамиятини йўқотганлиги сифатида ёки тасдиқланмаганлиги оқибатида ҳисобдан чиқарилишини асословчи материаллар илова қилиниши лозим.


54. Баланс захираларни ҳисобдан чиқариш ёки уларни саноат аҳамиятини йўқотган конлар бўйича балансдан ташқари гуруҳга ўтказиш Инспекция билан келишган ҳолда, ДЗКнинг тегишли қарори мавжуд бўлганда амалга оширилади.


55. Захираларнинг қазишга тайёрланганлиги даражаси бўйича ҳолати ва ҳаракатини ҳисобга олиш корхоналар томонидан:

очилган, тайёрланган ва қазишга тайёр бўлган захиралар;

қазиш усуллари, кон турлари ва қўлланиладиган қазиш тизимлари бўйича алоҳида;

қазилма бирликлари бўйича амалга оширилади.


56. Фойдали қазилма захираларининг қазишга тайёрланганлиги даражаси бўйича ҳолати ва ҳаракатини ҳисобга олиш маълумотлари, шунингдек қазиб олиш бўйича режали топшириқларга асосан корхоналарнинг геологик, маркшейдерлик ва бошқа хизматлари очилган, тайёрланган ҳамда қазишга тайёр бўлган захираларнинг ўрнини тўлдириш, конни янада тўлароқ, комплекс ўзлаштиришни таъминловчи кон ишларининг йўналтирилиши ва ривожлантирилишига оид таклифларни тайёрлашлари лозим.



4-БОБ. КОН ИШЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИ

РЕЖАЛАШТИРИШ ВА ЛОЙИҲАЛАШТИРИШ


57. Кон ишларини ривожлантириш ҳамда фойдали қазилмалар конларини қазиш жараёнларини режалаштириш ва лойиҳалаштириш ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунчилик, корхона лойиҳаси, амалдаги норматив ҳужжатларга қатъий мувофиқ равишда амалга оширилиши ва кон ишлаб чиқариши технологиясининг конни қазишнинг тўғрилигини, ер қаъри ва табиий муҳитдан оқилона, комплекс фойдаланиш, уни муҳофаза қилишни таъминловчи барча масалаларни ҳал этишни назарда тутиши лозим.


58. Кон ишларини ривожлантиришнинг истиқболли режалари қуйидагиларни назарда тутиши лозим:

конни пухта ўрганиб чиқиш ва фойдаланиш мақсадида қидириш;

конни ёки унинг бир қисмини қазишнинг қазиш чоғида ер қаъридан фойдали қазилмаларни мақбул даражада ажратиб олишни таъминловчи ва бой участкаларни танлаб қазишни, коннинг саноат аҳамиятини пасайтиришни ва уни қазиш шароитларини қийинлаштиришни истисно этувчи режалилиги;

қўлланилаётганларни такомиллаштириш ва қазишнинг янги истиқболли йўллари ва тизимларини, шунингдек, ер қаъридан фойдали қазилмаларни ажратиб олиш даражасини ошириш, меҳнат хавфсизлигини, бинолар, иншоотлар ва атроф табиий муҳитни кон ишларининг зарарли таъсиридан муҳофаза қилишни яхшилаш мақсадида қазиб олишнинг янги технологияларини жорий этиш;

очилган, тайёрланган ва қазишга тайёр бўлган захираларни корхонага белгиланган топшириқлар (нормативлар)га мувофиқ тўлдириш;

балансдан ташқари ва фойдали қазилмаларнинг илгари консервация қилинган балансдаги захираларини сақлаш ёки уларни ишлатишга қўшиш;

очилган ва аралаш жинслардан фойдаланиш;

техника хавфсизлиги, конни ёки унинг бир қисмини фойдали қазилмалар сифатини ва коннинг саноат аҳамиятини туширувчи ёки уни қазишни қийинлаштирувчи сув тошиб кетиши, сув ўтиши, ёнғинлар ва бошқа омиллардан муҳофаза қилиш чоралари;

бўшлиқларни тўлдириш тартиби ва муддатлари;

бинолар, иншоотлар, атроф табиий муҳитни кон ишларининг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш чоралари;

агар бундай қазиш ер бағридан фойдали қазилмаларни ажратиб олишни кўпайтирадиган ёки сифати пасайишини камайтирадиган бўлса бўш жинсларни қазилган бўшлиқларда қолдириб фойдали қазилмалар захираларини селектив йўл билан қазишни қўллаш;

кон ишлари томонидан бузилган ерларнинг унумдорлигини тиклаш.

Кон ишларини ривожлантиришнинг истиқболли режаларини ишлаб чиқишда корхонанинг бош лойиҳачиси иштирок этиши керак.

Техниканинг ривожланиши, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва минерал хом ашёни қайта ишлаш технологияларининг такомиллашиши, товар маҳсулотга техник регламентлар ёки стандартларнинг ўзгариб бориши баробарида иқтисодий жиҳатдан оқланган балансдан ташқари захираларни балансга ўтказиш учун шароитлар яратиш чоғида истиқболли режаларда минерал хом ашё бўйича кондициялар ва белгиланган тартибда қайтадан тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши зарур.


59. Кон ишларини ривожлантиришнинг йиллик режалари режалаштирилаётган йилда товар маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича ер қаърини муҳофаза қилиш ва минерал ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича корхонага берилган режали топшириқлардан келиб чиққан ҳолда истиқболли режаларни аниқлаштириш ва қуйидагиларни назарда тутиши керак:

конларни қазишнинг ер қаъридан асосий ва улар билан бирга жойлашган фойдали қазилмаларни энг тўлиқ ажратиб олишни таъминловчи усуллари ва тизимларини қўллаш;

режалаштирилган қазиш тизимининг фойдали қазилмаларни ер қаъридан оқилона ажратиб олиш ва ҳар бир қазилма бирлиги бўйича кон ишларининг хавфсизлиги бўйича кон-геология шароитларига мувофиқ бўлиши;

конни тайёрлаш ва қирқма қазилма ҳамда очиш ишлари режалаштирилган ҳажмларининг захираларнинг очилган, тайёрланган ва қазишга тайёр бўлган топшириқлари (нормативлари)га, шунингдек, фойдали қазилмаларни қазиб олишга оид топшириқларга мувофиқ бўлиши;

фойдали қазилмаларнинг тасдиқланган кондицияларга мувофиқ қазиб олиниши;

ер қаъридан асосий ва улар билан бирга жойлашган фойдали қазилмаларни ва улардаги компонентларни ажратиб олиш кўрсатгичларини яхшилашга қаратилган тажриба-конструкторлик, илмий-тадқиқот ва бошқа ишларни олиб бориш;

бир йўла қазилаётган қазилма бирликларининг фойдали қазилмаларни талаб этилган миқдор ва сифатда қазиб олишни таъминлайдиган оқилона миқдори;

қазилаётган қазилма бирликларининг оқилона юкламаси;

кон участкаларининг энг яхши, яъни энг бой ёки қулай шароитларда жойлашган қазиш ишларида ажратиб олинадиган захираларнинг йўл қўйиладиган ҳажмлари;

ҳар бир қазилма бирлигидан фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва уларни тугатишнинг календарь жадвалларига риоя этиш.


60. Кон ишларини ривожлантиришнинг йиллик режаларида қуйидагилар мавжуд бўлиши керак:

кон ва қазилма бирликларининг қисқача геологик тавсифи;

қазишнинг қўлланилаётган тизимлари ва қазишга тайёрланганлиги даражаси бўйича корхоналарнинг захиралар билан таъминланганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

қазиб олиш бўйича режали топшириқлар, қазилма бирликлари бўйича нобудгарчилик ва сифат пасайишининг белгиланган нормативлари бажарилишининг кутилаётган маълумотлари;

режалаштирилаётган йилда қазиб олиш ҳажмлари ва нобудгарчилик ва сифат пасайиши нормативлари тўғрисидаги маълумотлар;

конни қазишга тайёрлашни (ёки карьерлардаги очиш ишлари) бажариш ҳажмлари, йўналишлари ва муддатлари;

кон ишларининг йилнинг ҳар чораги ёки ойлар бўйича тузилган (вертикал ёки горизонтал бўйича проекция) режаси ва коннинг бошқа зарур график ҳужжатлари;

янгидан қазиш бошланган қазилма бирликлар бўйича фойдаланиш нобудгарчиликлари ва сифат пасайиши нормативларининг техник-иқтисодий ҳисоб-китоблари;

жорий йилда рухсат этилган нормативдан юқори нобудгарчиликлар тўғрисидаги маълумотлар ва уларнинг юзага келиши сабаблари;

фойдали қазилмаларни уларни қазиб олишда режалаштирилган даражада олиш, шунингдек, захиралардан оқилона, комплекс фойдаланишни таъминлашга оид тадбирлар;

қазиб олинадиган фойдали қазилмалар сифатини бошқариш тартиби;

вақтинчалик целиклардан уларга зарурат камайганда фойдали қазилмалар захираларини қазиб олишга оид тадбирлар;

вақтинча фойдаланилмайдиган фойдали қазилмаларни қазиш ва омборларга жойлаш, шунингдек, бирга жойлашган ёки очиқ жинсларда жойлашган фойдали қазилмаларни қазиб олиш тартиби;

очилган жинсларни ва кавланган кон чиқитларини ағдармаларда, чиқинди сақлаш жойларида ва шламтиндиргичларда жойлаштириш схемаси;

коннинг қазиб олинаётган, уни бошқа корхоналар қазиб олиши мумкин бўлмаган қисмига туташ бўлагида жойлашган фойдали қазилма бойликларини қазиш тартиби;

қазиб бўлинган кон қазилмаларини халқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сақлаш ва фойдаланишга оид тадбирлар;

вақтинча фаол бўлмаган захираларнинг мавжудлиги ва уларни қазиб олиш ва тугатиш тартиби ҳамда муддатлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, кон ишларининг кўп горизонталлиги ва тарқоқлигини қисқартириш бўйича тадбирлар;

ғамлаш учун қўйиш ишлари режалари ва лойиҳаларини бажариш чора-тарбирлари;

ишлар ҳажми ва кон ҳамда кон ишлари участкаларини қуритиш тартиби;

бўшлиқлар борлиги ва уларни тўлдириш тўғрисидаги маълумотлар;

кон ишларини хавфсиз юритишни таъминлаш тадбирлари;

табиий муҳитни тиклаш ва муҳофаза қилишга оид тадбирлар.


61. Тайёрлаш ва тозалаш ишларини ишлаб чиқиш тизимлари, технологик схемалари ва қазилган маконни бошқариш йўллари, қабул қилинадиган кон ишларини ривожлантириш режаларида шунингдек қуйидагилар таъминланиши лозим:

жисмлардан фойдали қазилмаларни минимал кондицион қувватлар ва чекланган сифат билан ажратиб олиш;

қазиб олиш чоғида нураш, оксидланиш, ўзидан ўзи ёниш ва шу кабилар натижасида фойдали қазилмалар сифати пасайишининг олдини олиш;

вақтинча консервация қилинадиган захираларни муҳофаза қилиш;

турли мақсадлардаги целикларда нобудгарчиликларни истисно қилиш ёки камайтириш.


62. Конни ер ости усулида қазишда тайёрлов қазилмалар жойлашиши ва йўналиши захираларни энг кўп ажратиб олиш ва кон қазилмаларини самарали сақлаб туриш ҳисобга олинган ҳолда режалаштирилади. Кон қазилмаларининг фойдали қазилма жисмлари контуридан ташқарида жойлашиши варианти албатта кўриб чиқилади.


63. Фойдали қазилмаларнинг нобудгарчилиги ва сифати пасайиши нормативлари кон ишларини ривожлантиришнинг йиллик режаларида ҳисоблаб чиқилади ва қазилма бирликларининг барча асосий ва қазиш учун лойиҳада назарда тутилган улар билан жойлашган фойдали қазилмалари бўйича кон-геология шароитларини аниқ ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқилади ва белгиланади.

Қазилма бирлиги доирасида фойдали қазилмалар жойлашувининг кон-геология шароитлари, қазиб олиш (тозалаш) ишлари технологияси, шунингдек, нобудгарчилик ва сифат пасайишини нормалашда ҳисобга олинадиган техник-иқтисодий кўрсаткичлар ўзгарган тақдирда нобудгарчилик ва сифат пасайишининг белгиланган нормалари Инспекция билан келишган ҳолда ўз вақтида қайтадан кўриб чиқилиши ва белгиланган тартибда тасдиқланиши лозим.


64. Кон ишларини ривожлантиришнинг йиллик режаларида қуйидагиларни назарда тутиш тақиқланади:

коннинг бой участкаларини фойдали қазилмалар баланс захираларининг асоссиз нобудгарчилигига олиб келадиган тарзда танлаб қазиш;

қазилаётган ва коннинг унга қўшни бўлган участкалари саноат аҳамияти пасайишига ёки уларни келажакда қазиб олиш шароитларининг қийинлашувига, шунингдек, ер қаърида корсервацияланган захираларнинг асоссиз кўпайишига олиб келиши мумкин бўлган тайёрлаш ва тозалаш ишлари ҳамда уларни амалга ошириш навбатларини йўналтириш;

фойдали қазилмаларнинг баланс захираларини келажакда қазиш мумкин бўлмаган ёки қийинлашадиган карьер (шахта) майдонлари чегарасида ёки тугатилган захиралар контурларида қолдириш;

саноат аҳамиятини йўқотган, белгиланган тартибда хисобдан чиқарилмаган баланс захиралари бўлган участкаларни режа лойиҳасидан чиқариш;

қазилма бирликларидаги майдаланган фойдали қазилмаларни қазиб олишни, агар бу кон ишлари технологиясида назарда тутилмаган бўлса, кейинги даврларга қолдириш.


65. Ҳар бир қазилма бирлиги учун уни қазиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилиши лозим. Бу лойиҳани ишлаб чиқиш учун корхона лойиҳаси ва кон ишларини ривожлантириш режаси асос ҳисобланади.

Қазилма бирлиги лойиҳасида қуйидагилар техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар билан асосланиши зарур:

ер қаъридан фойдали қазилмаларни ажратиб олиш (ер қаъридан ажратиб олиш коэффициенти);

фойдали қазилмаларнинг қазиб олиш чоғида сифат пасайиши ёки сифатининг ўзгариши (сифат ўзгариши коэффициенти);

турли хилдаги ва навдаги фойдали қазилмаларни қазиш чора-тадбирлари;

қазиш бирлигининг оқилона параметрлари;

ажратиб олишнинг амалдаги кўрсаткичларини белгилашнинг зарур тўлиқлиги, ишончлилиги ва тезкорлигини таъминловчи (тўғридан-тўғри, билвосита ёки комбинацияланган) фойдали қазилмаларни қазиб олиш кўрсаткичлари ҳисобини аниқлаш усуллари.


66. Қазилма бирлигини қазиш бўйича лойиҳа ер ости усулида қазиш учун ишлаб чиқилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

геологик тавсифнома;

қазилиши лозим бўлган захиралар, шу жумладан, қазилма контурига киритилган балансдан ташқари захиралар тўғрисидаги маълумотлар;

фойдаланиш учун қидириш ва қазиш бирлигини қазишга тайёрлаш усули;

қазиш тизими ва унинг асосий параметрлари тавсифи;

тозалаш ва тайёрлаш қазилмаларини шамоллатиш схемаси;

кон босими ва қазилманинг мустаҳкамланишини бошқариш паспорти;

тозалаш ва тайёрлаш ишларини механизациялаш воситаларининг рўйхати;

етказиб бериш, ташиш ва электр таъминоти схемаси;

бурғилаш-портлатиш ишлари лойиҳаси (паспорти);

фойдали қазилмаларнинг нобудгарчилиги ва сифати пасайиши нормативлари;

ишларнинг хавфсизлигини таъминлаш. жинсларнинг отилиб чиқиши билан курашиш, газсизлантириш, ўзидан ўзи ёниш, ер ости сувлари ва турдош қазилмаларнинг қуюқ оқовалари билан тўлиб қолиш ва шу кабиларнинг олдини олиш тадбирлари;

тозалаш ва тайёрлаш жойларида ишларни ташкил этиш жадваллари ва асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлар, қазиш бирлигини қазишнинг чекланган муддатлари;

планограммага мувофиқ қазиб чиқаришда фойдали компонент таркиби пастки меъёрининг техник-иқтисодий асосланиши (конни фойдали қазилма ва аралашма жинсларни қулатган ҳолда ер ости усулида қазиш чоғида);

қазиб олинадиган фойдали қазилмадаги фойдали компонентдаги чекланган брак қазилма.

Қазилма бирлигининг лойиҳаси белгиланган тартибда тасдиқланган бўлиши керак.


67. Ҳар бир қазилма бирлиги учун фойдали қазилмалар ҳолати ва ҳаракатини (кўмир ва ёқилғи сланецдан ташқари) ҳисобга олиш паспорти юритилиши лозим, унинг шакли ва таркиби тармоқ йўриқномаси билан белгиланади.



5-БОБ. КОННИ ОЧИШ ВА ТАЙЁРЛАШ


68. Кон ёки унинг бир қисмини очиш усули ва схемаси, шунингдек, асосий очиш қазилмаларининг жойлашув ўринлари қуйидагиларни таъминлаши лозим:

кон ажратмаси доирасидаги асосий ва улар билан бирга жойлашган фойдали қазилмаларни ер қаъридан энг кўп ва иқтисодий мақсадга мувофиқ ҳолда ажратиб олиш;

кон ишларининг хавфсизлиги;

саноат аҳамиятига эга бўлган алоҳида жойлашган, ажратиб қўйилган маъданли жинслар, қатламлар ва уюмларни қазиб тугатиш имконияти;

конни сувга тўлиб кетишдан, сув босиши ва бошқа нобудгарчиликларга олиб келувчи, фойдали қазилмалар сифатини ва коннинг саноат аҳамиятини пасайтирувчи ёки уни қазишни қийинлаштирувчи омиллардан муҳофаза қилиш;

аралашма жинсларни қазиб олинган бўшлиққа жойлаштириш имконияти.


69. Корхонанинг саноат майдони ва асосий очиш қазилмалари (стволлар, штольнялар ва бошқалар) одатда рудасиз участкаларда ёхуд нокондицияли ёки паст сифатли фойдали қазилмалар жойлашган майдонларда жойлаштирилиши лозим.

Бу талаб бажарилиши мумкин бўлмаган ҳолларда саноат майдончалари ва асосий очиш қазилмаларини улар остидаги сақлаш целикларида фойдали қазилмаларнинг энг кам миқдори консервацияланган ва корхона тугатилиши чоғида энг кам талафотлар билан ажратиб олинадиган шартларда фойдали қазилмалар жойлашган майдонларга жойлаштиришга йўл қўйилади.


70. Саноат майдонлари ва асосий очиш қазилмаларини жойлаштиришнинг барча вариантларида уларга кон қазишнинг зарарли таъсири истисно этилиши керак.


71. Фойдали қазилмалар конларини очиш ва тайёрлаш корхона лойиҳасига мувофиқ амалга оширилиши лозим. Амалдаги кон-геология шароитлари лойиҳадагига мос келмаса, унга ўз вақтида ва белгиланган тартибда тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши зарур.


72. Очиш ва тайёрлаш ишларини амалга оширишнинг танланган усуллари, ҳажмлари ва муддатлари қазиш учун белгиланган очилган, тайёрланган ва қазишга тайёр бўлган захираларнинг белгиланган миқдорини таъминлаши лозим.


73. Конни очиш ва қазишга тайёрлаш жараёнида қуйидагилар таъминланиши зарур:

лойиҳада назарда тутилган кон қазилмалари йўналишлари ва параметрларининг жойлашиш ўринлари, ҳимояловчи целиклари ўлчамлари, қазишни ўтказишнинг технологик схемаларига риоя қилиниши устидан назорат;

фойдаланиш учун қидириш ва бошқа геология ишлари тўлиқ ҳажмда бажарилиши;

кон босими чиқишини, кон массивининг қурилиши ва конни қазиш чоғида юзага келувчи бошқа ҳодисаларни кузатиб бориш.


74. Кон қазилмаларини очиш ва тайёрлашни фойдали қазилмалар қазиб олиш билан биргаликда олиб борувчи корхоналар:

зарур ҳолда асосий ва улар билан бирга жойлашган фойдали қазилмаларни селектив йўл билан қазиб олишни амалга ошириши;

уларни қазиб олиш ва нобудгарчилиги ҳисобини юритиши;

истеъмолчи бўлмаган ҳолда қазиб олинган фойдали қазилмаларни омборларга жойлаштиришни ва сақланишини таъминлаши лозим.


75. Конни (шахта майдонини) очиш ва тайёрлаш жараёнида балансдаги ва балансдан ташқари захиралари бўлган фойдали қазилмаларнинг унга ёндош жисмлари (қатламлар, уюмлар) участкаларини бузишга йўл қўйилмайди. Бунда тегишли асослашларсиз қуйидагилар тақиқланади:

кўрсатилган участкаларда кон қазиш ишларини бажариш, шунингдек, уларга ағдармаларни аралаштириш;

жисм (қатлам, уюм)лар участкаларини кейинчалик уларни ишлатиш мумкин бўлмайдиган шароитлар яратиб қазиш;

карьернинг лойиҳадаги контурларига ёндош бўлган жойларда фойдали қазилмалар сақланиши ва кон ишларини олиб боришнинг хавфсизлигини таъминловчи чораларни кўрмасдан конни тайёрлаш ишларини бажариш;

ер ости усулида қазиш участкаларида ағдармаларни устига қулаб тушган жисмлар билан аралаштириш;

тайёрлов ишларини ўтказиш жараёнида геологик бузилиш зоналарининг фаоллашувига йўл қўйиш;

қазилма бирликларини тугатишга далолатномаларсиз қазиб бўлинган майдонларда жинслар қолдиқларини жойлаштириш, ўтиш йўллари қуриш, турли коммуникациялар ва шу кабиларни ўтказиш;

очиш поғоналари майдонларида технологик йўллар қуриш чоғида фойдали қазилмалардан балластлаш материали сифатида фойдаланиш.


76. Ер ости капитал кон қазилмаларини муҳофаза қилиш лойиҳада назарда тутилиши, иншоотлар ва табиий объектларни кон ишларининг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш қоидалари ёки бошқа тегишли ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилиши лозим. Бунда қуйидагилар таъминланиши зарур:

тайёрлов қазилмалари фойдали қазилма (қатлам, уюм)лар жисмларига нисбатан, шунингдек, қазилган бўшлиқ ва геологик бузилишларга нисбатан оқилона жойлашиши;

тайёрлаш ва тозалаш жойлари жинсларидан кон қазилмаларини муҳофаза қилиш мақсадида сунъий целиклар (полосалар)ни ишга тушириш учун ва қазилган бўшлиқни ғамлаб қўйиш ёки қазилмаларни сақлашни таъминловчи оқилона ўлчамдаги фойдали қазилмалар целикларини қолдириш учун фойдаланиш.


77. Фаолият кўрсатаётган корхоналарда фойдали қазилмалар целиклари билан муҳофаза қилинадиган ер ости тайёрлов қазилмаларини тугатиш чоғида захиралар целиклардан махсус лойиҳа бўйича ажратиб олиниши лозим. Захираларни ажратиб олишнинг тўлиқлиги техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар билан белгиланади.


78. Тайёрлов ишлари имкони борича фойдали қазилма конларининг тегишли участкаларини ўз вақтида қидириб топишни таъминлаши зарур.


79. Конларни очиқ усулда қазиш чоғида очилган жинсларнинг фойдали қазилмалардан энг кам нобудгарчилик ва сифат пасайиши билан ажралиши, шунингдек, очилган жинсларнинг қазилган бўшлиққа жойлаштирилиши таъминланиши керак.

Қазишга тайёрланган фойдали қазилмалар тозаланган майдонлари сифати геологик хизмат томонидан назорат қилиниши керак.


80. Тайёрлаш ишларини бажаришда катта сув оқими бўлган шароитларда қуритиш самарадорлигини ошириш, кон қазилмаларининг барқарорлигини ва фойдали қазилмаларни янада тўлиқ қазиб олиш, шунингдек, кон ишларини хавфсиз олиб боришни таъминлаш мақсадида бошланғич гидро-геологик маълумотлар ва ҳисоб-китоб параметрларини аниқлаш амалга оширилади.


81. Тайёрлов қазилмаларини тайёрлаш чоғида кон босими ва кон жисмларининг сурилиши мунтазам кузатиб борилиши лозим.

Кузатишларни таҳлил қилиш натижаларига кўра сурилиш бурчаклари аниқланиши, ер юзаси ва хавфли зоналар чегараларининг деформацияланиши кенглиги белгиланиши, балансдаги ва қаердаки бу мақсадга мувофиқ бўлса - балансдан ортиқча силжиш зонасига тушувчи фойдали қазилмаларни қазишнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилувчи тадбирлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши зарур.


82. Юқори сувли горизонтлар ва сув тўлиб қолган кон қазилмаларида сизот қазилмаларини қазиш қуйидагиларни назарда тутувчи махсус лойиҳа асосида амалга оширилади:

узунлиги ер ости кон қазилмалари устини мустаҳкамлаш ва бошқариш паспортида кўрсатиладиган олдини олувчи қудуқларни бурғилаш;

қазилмага сув ўтиб кетишининг олдини олувчи ва одамларни хавфсиз олиб чиқиш ва асбоб-ускуналарни сақлашни таъминловчи қурилмалар;

сизот сувларини самарали чиқариш.


83. Корхона бош маркшейдери ва бош геологи корхона бош муҳандисини кон ишларининг сув ўтиб кетиши, лой, бўтана ва зарарли газлар бўйича хавфли бўлган зоналар чегараларига келиб қолиши, шунингдек, кон ишлари билан бу чегараларнинг кесишуви ва улардан чиқиши тўғрисида бир ойдан кечикмай ёзма равишда хабардор этиши лозим.

Сув, лой, бўтана ва зарарли газлар бехосдан ўтиб кетишининг олдини олиш бўйича ҳамда фойдали қазилмаларнинг мумкин бўлган нобудгарчилигининг олдини олишга оид чора-тадбирларни амалга оширмасдан туриб хавфли зоналар чегараларида кон ишларини бажариш тақиқланади.


84. Кон қазилмаларининг барқарорлигига салбий таъсир этувчи ер ости ишларида машғул бўлган одамлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи, шу билан бирга фойдали қазилма захираларининг асоссиз нобудгарчилигига олиб келиши мумкин бўлган омиллар аниқланганда кон ишларини олиб бориш хавфсизлиги ва ер қаърини муҳофаза қилишни таъминлашга оид чора-тадбирлар кўрилмагунига қадар тўхтатиб турилиши лозим.


85. Конни бир вақтнинг ўзида очиқ ва ер ости усулида қазишда фойдали қазилмаларнинг асоссиз нобудгарчилигига йўл қўймаслик ҳамда ишларни бажариш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида корхона лойиҳаси ва кон ишларини ривожлантириш режаларида назарда тутиладиган махсус чора-тадбирлар амалга оширилиши зарур.

Бунда камарлар қияликлари ва тупроқлари ҳамда карьер бортларининг ҳолати инструментал ва визуал кузатиш, шунингдек, ер ости бўшлиқлари ва қазилмаларининг иш майдонлари, йўллари ҳамда коммуникациялари сифатида ўз вақтида ҳаракатдан тўхтатиш устидан мунтазам назорат олиб борилиши керак.



6-БОБ. ҚАЗИШ (ТОЗАЛАШ) ИШЛАРИ


86. Қазиш (тозалаш) ишлари қатъий тартибда қазилма бирлигини қазиш лойиҳаси ва кон ишларини ривожлантириш режаларига мувофиқ олиб борилиши лозим.

Лойиҳада назарда тутилган меҳнат шароитлари хавфсизлигини, қазиб олиш бўйича реал топшириқларининг бир маромда бажарилиши ҳамда фойдали қазилмаларни ажратиб олишнинг тўлақонлилигини таъминловчи тайёрлов ва қирқма (тахтловчи) қазилмалар тайёрлангунига қадар қазиш (тозалаш) ишларига киришиш тақиқланади.


87. Қазиш ишларида қўлланиладиган қазиш механизмлари ва комплекслари фойдали қазилмаларнинг қазилаётган жисм (қатламлар, уюмлар)лар параметрларига мос бўлиши зарур.


88. Фойдали қазилмаларнинг қазишга тайёр захиралари миқдори, уларнинг сифати, фойдаланишдаги нобудгарчилик ва сифат пасайиши нормативлари қазилма бирликлари, шахталар ва карьерлар бўйича белгиланади.


89. Ер ости қазилма бирлигини фойдаланишга қабул қилиш учун хўжалик юритувчи ташкилотнинг буйруғи билан таркибига Инспекция ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси вакили албатта киритиладиган қабул комиссияси тайинланади.

Қазилма бирлигини фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги далолатномада қазилма бирлигининг геологик тавсифи, қазиладиган захиралари, геометрик параметрлари, шунингдек, ўтказилган қидирув, тайёрлаш ва қирқма (тахтлаш) ишларининг лойиҳага, хавфсизлик қоидалари ва нормаларига мувофиқлиги кўрсатилиши лозим.

Қазилма бирлигини фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги далолатнома комиссияни тайинлаган ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.


90. Корхонада бир вақтнинг ўзида фойдаланишда бўлган қазилма бирликларининг сони:

сифати бўйича турлича бўлган фойдали қазилма захираларини ер қаъридан фойдали қазилмаларни тўлиқ ва комплекс ажратиб олиш ҳамда белгиланган сифатдаги минерал-хом ашёга эришишни таъминловчи нисбатларда қазиб олишни;

кон ишларини концентрациялашни таъминлаши зарур.

Фойдали қазилма конларининг фойдали қазилмаларнинг асоссиз нобудгарчилигига ёки қолган балансдаги захиралар қийматининг пасайишига олиб келувчи бой ёки осон олинадиган участкаларини танлаб қазиш мақсадида қўшимча қазилма бирликларини фойдаланишга киритиш тақиқланади.


91. Корхоналар тозалайдиган қазиш жараёнида:

балансдаги захираларнинг қолдирилиши, консервацияланиши ҳамда руда жисм (қатлам, қават)ларининг кичик қувватларида ва аралаш жинслар билан қўшилганда нобуд бўлишига йўл қўймасликлари;

вақтинча фаол бўлмаган захираларнинг шаклланишига йўл қўймасликлари;

тозалаш забойларида мунтазам геологик кузатувлар олиб боришлари ҳамда кон ишларини тезкор бошқариш учун ўз вақтида геологик прогнозларни таъминлашлари;

ашёвий таркиб ва технологик ўхшашликларни ўрганишлари, синов натижаларини умумлаштиришлари, фойдали қазилмалар сифати ўзгаришининг қонунийлигини аниқлашлари;

қазиб олиш, ер қаъридан ажратиб олиш, ҳар бир қазилма бўйича нобудгарчилик ва сифат пасайиши кўрсаткичлари ҳисобини олиб боришлари лозим.


92. Тозалаш ишларини амалга оширишда:

фойдали қазилмаларнинг бой ёки осон олинадиган участкалари жисмлари (қатламлари)ни фойдали қазилмаларнинг балансдаги ва балансдан ташқари захираларининг асоссиз нобудгарчилигига олиб келадиган тарзда танлаб қазиш;

фойдали қазилма захираларини келажакда уларни қазишнинг қийинлашувига, бу захираларнинг тўлиқ ёки қисман нобуд бўлишига олиб келадиган ҳолда қолдирилиши (консервацияланиши);

фойдали қазилма захираларини уларнинг нобуд бўлишига олиб келадиган ҳолда қазиб қўйиш;

нормадан ортиқча нобудгарчилик ва сифат пасайишига йўл қўйиш;

шахта (карьер) майдонлари чегараларида ёки қазиб бўлинган захиралар контурларида фойдали қазилма захираларини қазиб олишнинг белгиланган муддатларини бузиш (бунинг оқибатида уларни қазиш қийинлашиб ёки мумкин бўлмай қолса) тақиқланади.


93. Корхоналар ногабаритлар, газ ва чанг чиқиндилари чиқишини пасайтириш, фойдали қазилмаларнинг ўта майдалашиб кетишини бартараф этиш, аралашма жинслар билан қўшилганда сифат пасайиши ҳамда нобудгарчиликни камайтириш мақсадида бурғилаб портлатиш ишлари параметрларини доимий такомиллаштириб боришлари лозим.


94. Қазилма бирлиги контурларида қазилма бирлиги лойиҳасида қазиш назарда тутилмаган нокондицияли фойдали қазилмалар аниқланган тақдирда бундай захираларни ер қаърида қолдириш ёки қазиб чиқариш тўғрисидаги қарор техник-иқтисодий ҳисоб-китобларга таянган ҳолда қабул қилиниши зарур.


95. Қазилма бирлигини қазиш тугаганидан сўнг бир ой муддатда унинг тугатилиши бўйича далолатнома расмийлаштирилиши лозим.

Далолатномада қазилма бирлигининг бошланғич балансидан ортиқча захиралари, тугатилган захиралар ва қазиб чиқарилган фойдали қазилмалар миқдори, нобудгарчилик ва сифат пасайишининг нормативдаги ва амалдаги қиймати ва ер қаъридан фойдали қазилмалар ва компонентларни ажратиб олишнинг тўлақонлилиги ва сифатини белгилайдиган бошқа кўрсаткичлар, шунингдек, кон қазилмаларининг ҳолати келтирилади.

Далолатнома корхонанинг бош муҳандиси томонидан тасдиқланади.


96. Кўп компонентли фойдали қазилмаларда ажратиб олишнинг тўлақонлилиги ва сифатини баҳолаш саноат аҳамиятига эга бўлган асосий ва йўл-йўлакай компонентлар бўйича ҳам амалга оширилади.

Ер қаъридан фойдали қазилмаларни ажратиб олиш, нобудгарчилик ва сифат пасайиши кўрсаткичларини аниқлаш қазиш усули ва тизими, қазилма бирликлари бўйича алоҳида дастлабки ҳисоблар асосида ва қазиб олиш чоғида фойдали қазилмаларни аниқлаш, нормалаш, ҳисобга олиш ва иқтисодий баҳолаш бўйича Инспекция тасдиқлаган намунавий методик кўрсатмалар ҳамда тегишли тармоқ йўриқномалари талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.


97. Фойдали қазилмаларнинг нобудгарчилиги ва сифати пасайиши миқдорлари тўғридан-тўғри, комбинацияланган ва билвосита усуллар билан аниқланади. Билвосита комбинацияланган усулларни қўллашга Инспекция билан келишган ҳолда йўл қўйилади.

Қазиш чоғида фойдали қазилмалар нобудгарчилигини аниқлаш усуллари:

нобудгарчилик миқдорини талаб этилган аниқлик билан ҳисоблаб чиқишни;

нобудгарчиликни бевосита қазиб чиқаришнинг технологик жараёнида уларнинг юзага келиши турлари ва жойлари бўйича аниқлашни;

нормативдан ортиқча нобудгарчиликларни аниқлашни таъминлаши зарур.


98. Карьерларда қазиб чиқаришни белгилаш, ҳисобга олиш ва назорат қилиш Инспекция томонидан тасдиқланган. Карьерларда қазиб чиқариш ва очишни белгилаш ва назорат қилиш бўйича тармоқлараро йўриқнома талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.

Конларни ер ости усулида қазишда қазиб чиқарилган фойдали қазилмани ҳисобга олиш учун, шунингдек, йилига 1 млн тонна ва ундан кўп маҳсулдорликдаги карьерлар (қирқмалар)да оғирликни тортиш қурилмаларини қўллаш мажбурийдир.

Целикдаги жинсларнинг зичлиги белгиланган усул бўйича аниқланади. Геологик қурилиш бўйича оддий конлар учун зарур тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда методикани тузиш корхоналарнинг геологик хизматига юкланади, кон-геология шароитларига кўра мураккаб конлар учун эса илмий-тадқиқот ташкилотлари жалб этилиши лозим.


99. Қазиб чиқарилган фойдали қазилмалар сифатини аниқлаш синаш орқали амалга оширилади. Синаш усуллари, синов миқдори, синаш даврийлиги кўрсаткичларини аниқлаш усуллари, синашга танлаш ва таҳлил лабораториялари ишини назорат қилиш усуллари корхона раҳбари тасдиқлаган йўриқнома билан белгиланади.


100. Нормативдан юқори нобудгарчилик ва нормативдан ортиқча сифат пасайиши қазиш бирликлари бўйича амалдаги ва нормативдаги нобудгарчилик ҳамда сифат пасайиши ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.

Нормативдан юқори нобудгарчиликлар юзага келган вазиятлар Инспекция иштирокида кўриб чиқилиши лозим.

Нормативдан юқори нобудгарчилик учун айбдор шахслар қонунчиликда назарда тутилган тартибда жавоб берадилар.

Корхона нормативдан юқори нобудгарчилик ва нормативдан ортиқча сифат пасайиши юзага келган жойлар ва уларнинг сабабларини аниқлаши ҳамда кейинчалик бунга йўл қўймаслик чораларини ишлаб чиқиши ва амалга ошириши зарур.


101. Тозалаш ишларини бажариш чоғида фойдали қазилмаларни ажратиб олишнинг тўлиқлиги ва сифат кўрсаткичларининг ишончлилигини белгилаш, ҳисобга олиш ҳамда баҳолаш маркшейдерлик ва геология хизматлари, техник-назорат хизматлари томонидан, зарур ҳолларда корхонанинг бўлинмалари ва хизматларини жалб этган ҳолда амалга оширилади. Қазиб чиқаришда фойдали қазилмаларни ажратиб олиш ва уларнинг нобудгарчилиги ўз вақтида ва ишончли ҳисобга олинишини назорат қилиш учун корхонанинг бош муҳандиси жавоб беради.


102. Минерал хом ашёга амалдаги кондициялар параметрларига қўшимча сифатида фойдали қазилма захираларидан янада тўлароқ фойдаланишни таъминлаш учун Инспекция билан келишиб қазиб чиқарилган фойдали қазилмалардаги фойдали компонентларнинг муайян яроқсиз қисмини қўллаш мумкин.

Яроқсиз қисмлар муайян қазилма бирлиги ёки улар гуруҳига мансуб бўлиши ва аниқ кон-геологик, технологик ва иқтисодий шароитларни ҳисобга олиб белгиланиши лозим.


103. Қазилма бирликларини тўлиқ қазиб олмаслик ман этилади. Истисно вазиятларда (бу бошқа коннинг янада бой участкаларини танлаб қазишга ёки фойдали қазилмаларнинг қўшимча нобудгарчилигига олиб келмаган шароитда) Инспекция билан келишган ҳолда қазиб бўлинмаган балансдаги фойдали қазилма захиралари билан қазилма бирликларини вақтинча, лекин кўпи билан бир йилга қолдиришга йўл қўйилади.


104. Корхоналар ер қаъридан фойдали қазилмаларни ажратиб олишнинг тўлиқлиги ва сифатини ошириш мақсадида қуйидагилар бўйича доимий чораларни кўришлари лозим:

пухта қидириш ва фойдаланиш мақсадида қидириш усулларини кон қазиш технологияларини, ер қаъридаги фойдали қазилмалар ва қазиб чиқарилган минерал хом ашё сифатини назорат қилиш усулларини такомиллаштириш;

истиқболли кон техникасини жорий этиш;

балансдан ташқари захиралар, шунингдек, илгари ер қаърида қолдирилган ёки ушбу конда қабул қилинган технология бўйича қазилмайдиган коннинг локал участкаларидаги захираларни қазишга жалб этиш.

Конни ер ости усулида қазишда, шунингдек:

фойдали қазилма целикларини жинс бўйича изоляциялаш зоналари билан алмаштириш имконияти;

ёнғин ўчирилган участкалардаги фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг мақсадга мувофиқлиги;

захираларни уларнинг зарурати қолмаган ҳимоялаш ва барьер целикларидан чиқариб олиш имконияти;

ўта тақчил ва қимматли фойдали қазилма конларини янада тўлароқ қазиб олиш учун қазилган бўшлиқни бурмалаш;

қазилмалар тупроғини маъдан майдаларидан пухта тозалашни ташкил этиш;

сизот ва шахта сувларини тозалаш чоралари ҳам кўриб чиқилиши зарур.

Бу масалалар бўйича қарорлар техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар асосида ҳамда табиатни муҳофаза қилиш талаблари, хавфсизлик қоида ва нормаларига риоя этилган шароитда қабул қилиниши лозим.


105. Тажриба-саноат йўли билан янги қазиш тизимлари ва уларнинг параметрларини жорий этиш ва амалдагиларини такомиллаштиришга белгиланган тартибда тасдиқланган ҳамда Давлат экология қўмитаси, Инспекция ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси билан келишилган махсус лойиҳага биноан йўл қўйилади.

Тажриба-саноат ишларини амалга ошириш учун участкалар ўз шароитлари бўйича кон учун намунавий, иш ҳажмлари эса шунга яраша бўлиши лозим. Назарда тутилган ишлар учун бой маъданлар ёки фойдали қазилма конларининг захиралари сифати ўртачадан юқори бўлган бошқа участкаларини ажратиш тақиқланади.


106. Конни очиқ усулда қазишда оқилона параметрларни белгилаш ва уларнинг деформацияланишини бартараф этиш мақсадида карьер бортлари, поғоналар ва тоғ жинслари қиялик ҳолатини кузатиш мажбурий тартибда амалга оширилиши лозим.

Мураккаб кон-геологик ва гидрогеологик шароитлардаги конларни қазишда карьер бортлари поғоналарининг ва тоғ жинслари қияликларининг оқилона параметрларини аниқлаш учун илмий-тадқиқот ташкилотлари жалб этилиши зарур.

Карьер бортлари, поғоналар ва тоғ жинслари қияликларининг деформацияланиши, уларнинг юзага келиши сабаблари ва иқтисодий зарарлар ҳажми кўрсатилган ҳолда мажбурий тартибда ҳужжатлаштирилади. Деформацияланган поғоналар ва карьер бортларида ишларни олиб бориш хавфсизлик чораларини кўрмасдан амалга ошириш тақиқланади.


107. Шифт ва камерлараро целикларни қолдирадиган ҳамда тозалаш маконини табиий ушлаб туриш тизими билан конни ер ости усулида қазишда корхоналар (зарур ҳолларда ихтисослаштирилган ёки илмий-тадқиқот ташкилотларини жалб этган ҳолда) улардаги деформацияларни ўз вақтида аниқлаш, целикларнинг яроқлилиги муддатлари ҳамда оқилона ўлчамларини белгилаш, фойдали қазилмалар нобудгарчилигини энг кам даражага келтириш ва ишларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун шифтлар, тупроқлар ҳамда целиклар ҳолатини мунтазам кузатиб боришлари лозим.


108. Конларни руда ҳамда аралашма жинсларни қулатиш тизимлари билан қазишда майдаланган фойдали қазилмаларни чиқариш планограммасига қатъий риоя этиш, кон жинсларининг қулаш ва сурилиш зоналарини, сурилиш бурчакларини аниқлаш ҳамда юзанинг чўкиши катталигини аниқлаш ва юза ва ер ости объектларини кон ишларининг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш чораларини ишлаб чиқиш мақсадида мунтазам кузатиб бориш лозим. Кон жинсларининг қулаши ёки сурилиши зоналарида жойлашган фойдали қазилма захираларидан фойдаланиш ёки уларни муҳофаза қилиш масалаларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш мажбурийдир.


109. Фойдали қазилмани қазиб чиқарадиган ҳар бир корхона томонидан қуйидаги имкониятлар кўриб чиқилиши лозим:

илгари конни ёки унинг бир қисмини қазишда қолдирилган фойдали қазилма захираларини қазиб чиқариш;

таркибида фойдали компонентлар бўлган бостирилган ўйиқларни қазиш;

тугатилган балансдаги захиралар зонасида жойлашган балансдан ташқари захиралар участкаларини қазиш;

фойдали қазилмалар ҳамда аралашма жинсларнинг ўпирилиши йўли билан қазиш тизимларида қазилган бўшлиқда қолдирилган фойдали қазилмаларни қазиш;

аралашма ва очиш жинслари ағдармаларидан фойдали қазилмаларни ажратиб олиш.

Бундай ишлар лойиҳалаш ташкилоти томонидан тузилган ҳамда Инспекция ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси билан келишган ҳолда белгиланган тартибда тасдиқланган махсус лойиҳа асосида амалга оширилиши лозим.

Лойиҳа қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

фойдали қазилма захираларини қазишни техник-иқтисодий баҳолаш;

корхонанинг асосий кон ишларига боғлиқ тайёрлаш ва тозалаш ишларининг методикаси ва технологияси;

кон ишларини бажаришнинг хавфсизлик чоралари.



7-БОБ. МУРАККАБ КОН-ГЕОЛОГИК

ШАРОИТЛАРДАГИ КОНЛАРНИ ҚАЗИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ҚЎШИМЧА ТАЛАБЛАР


110. Мураккаб кон-геологик ва бошқа табиий шароитлардаги конларга қуйидаги конлар киради:

газ, қўққисдан отилиш ва тоғ зарблари бўйича хавфли бўлган конлар;

ўз-ўзидан ёнишга мойил фойдали қазилмалар;

сувда осон эрийдиган фойдали қазилмалар;

сочмалар;

қимматбаҳо, ярим қимматбаҳо, зебу-зийнат тайёрланадиган тошлар ва пьезо-оптика хом ашёси;

ҳавзалар тубида, ҳовузлар ҳамда сув оқимлари тагида, ўпирилишлар, кўчки, сел, карст хавфи бўлган ва юқори сейсмик ҳолатдаги зоналарда жойлашган конлар;

катта чуқурликларда, ўз-ўзидан ўпирилишга мойил бўлган жинсларда, шунингдек, таркибида тез маъданлашадиган сув бўлган жинсларда жойлашган конлар.


111. Ушбу бўлимнинг 1-бандида кўрсатилган конларни қазишда ишлаётган корхоналарда хавфсизлик қоидалари ва меъёрларини ҳамда мураккаб табиий омилларнинг фойдали қазилма захираларидан оқилона, комплекс фойдаланишга зарарли таъсирининг олдини олишни ҳисобга олиб ишлаб чиқилган махсус тадбирлар амалга оширилиши лозим.


112. Кўплаб сув босган, қуюқ оқова ҳамда карст бўшлиқлари мавжуд бўлган фойдали қазилмалар конларида сувли горизонт ва сув босган жинсларнинг тўсатдан сув тошишига ҳамда фойдали қазилмаларнинг асоссиз нобудгарчилигига олиб келувчи сурилишларга сабаб бўлувчи кон ишлари технологиясини қўллаш тақиқланади.


113. Ўз-ўзидан ёнишга мойил фойдали қазилма ва жинслар конларини қазиш Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан тасдиқланган махсус йўриқномаларга мувофиқ амалга оширилиши зарур.

Майдаланган фойдали қазилма узоқ вақт тозаланган бўшлиқда қолдириладиган қазиш тизимини қўллаш, шунингдек, майдаланган қазилмаларни қазилган бўшлиқда қолдириш тақиқланади.


114. Ер ости усулида қазиб олинадиган сувда тез эрийдиган фойдали қазилмалар конларида кон қазилмаларига сув ўтиб кетишини бартараф этувчи тадбирлар амалга оширилиши лозим. Бундай фойдали қазилмаларни шахта усулида қазиладиган конлар майдонида ер ости усулида танлаб эритмага ўтказиш усулида қазиб олиш тақиқланади.


115. Кон ишлари жараёнида халқ хўжалиги ёки илмий қийматга эга бўлган қимматбаҳо, ярим қимматбаҳо ва зебу-зийнат ясаладиган тошлар, оптик ва пьезо электрик кристаллар, музей ва коллекция намуналари, друзлар ёки бошқа табиат маҳсулотлари намоён бўлган тақдирда корхона раҳбарияти уларни сақлаш ва кейинчалик қазиб олиниши учун шароитлар яратиш учун жавоб беради.

Юқорида санаб ўтилган фойдали қазилмалар топилмалари белгиланган тартибда қидирилиши ҳамда уларнинг захиралари корхона раҳбари томонидан тасдиқланган ва тегишли кончилик ташкилоти билан келишилган махсус лойиҳа бўйича ажратиб олиниши лозим. Лойиҳада фойдали қазилмалар нобудгарчилиги ёки бузилишини бартараф этувчи массивдан ажралиши, транспортда ташиш ва сақлаш усуллари назарда тутилиши зарур. Ҳисоблаш тарозида тортиш йўли билан амалга оширилади.


116. Ушбу бўлимнинг 6-бандида санаб ўтилган, шунингдек, қоплама ва бинокорлик тошларининг қимматли турлари бўйича фойдали қазилма конларини эркин қазиш чоғида қазиб олишнинг уларнинг табиий сифати бузилишига ёки пасайишига олиб келувчи усулларини ҳамда қазиш тизимларини, шунингдек, усулларини қўллаш тақиқланади.



8-БОБ. ҚАЗИБ ЧИҚАРИЛГАН ФОЙДАЛИ

ҚАЗИЛМАЛАРНИ   ЮКЛАБ   ЖЎНАТИШ

ҲАМДА ҚАЙТА ИШЛАШГА ТАЙЁРЛАШ


117. Корхоналар лойиҳа, техник регламентлар ёки стандартлар талабларига мувофиқ қазиб олинган фойдали қазилмаларни истеъмолчи томонидан минерал хом ашёни қайта ишлаш чоғида унинг таркибидаги саноат аҳамиятига эга бўлган компонентлар энг тўлиқ ажратиб олинишини, шунингдек, унинг товар сифати сақланишини таъминлаш мақсадида юклаб жўнатиш ва қайта ишлашга тайёрлашни амалга оширишлари лозим.

Корхоналар фойдали қазилмалар ва компонентларни энг тўлиқ ажратиб олиш ҳамда улардан комплекс фойдаланишни таъминловчи минерал хом ашёни етказиб бериш бўйича техник регламентлар ёки стандартларни аниқлаштиришга оид таклифларни киритишлари зарур.


118. Конларни қазиш чоғида минерал-хом ашёни қайта ишлаш технологиясини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида ундан технологик намуна олиш мунтазам амалга оширилиши лозим. Бунда технологик намуналарнинг минерал таркиб, асосий физик ўхшашликлар ва бошқа тавсифлар бўйича мақбуллиги таъминланиши керак.


119. Минерал хом ашё технологик намуналарини танлаб олишга техник шартлар қуйидаги асосий параметрлар белгиланишини назарда тутиши лозим:

технологик намунанинг умумий оғирлиги ва унинг таркибий қисмлари оғирлиги;

фойдали қазилмалар ва уларнинг ўхшашликларининг табиий ёки технологик турлари, навлари;

ҳар бир фойдали қазилма тури, навининг ўртача кимёвий ва минералогик таркиби, таркибидаги зарарли аралашмалар;

намунанинг танлаш чоғидаги сифат пасайиши.

Ҳар бир технологик намуна учун танлаб олинганлиги тўғрисида далолатнома тузилади ҳамда тармоқ йўриқномасига мувофиқ паспорт тўлдирилади.


120. Истеъмолчига етказиб бериладиган ёки қайта ишлашга жўнатиладиган қазиб олинган минерал хом ашёга кон ишлаб чиқаришининг ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ қатъий ҳисоб ва назоратга олинадиган якуний маҳсулоти сифатида қаралиши лозим.


121. Корхона минерал хом ашёни самарали тайёрлаш ва унинг миқдорини ва товар сифатини йўқотмасдан истеъмолчига етказиб беришни таъминловчи махсус техник восита ва қурилмалар иншоотига, шунингдек, қазиб чиқарилган фойдали қазилмаларнинг минимал захирасига эга бўлиши зарур.

Қазиб чиқарилган минерал хом ашёни йиғиш, омбор ва бункерлар сиғими ҳамда уларнинг қурилмаси корхона маҳсулдорлиги, фойдали қазилманинг қиймати ва физик-механик ўхшашликларини, хом ашёни тайёрлаш, шу жумладан, унинг сифатини барқарорлаштириш, мустақил оқимлар, тур ва навларнинг ажратилиши бўйича технологик операцияларни бажариш зарурияти, шунингдек, механик нобудгарчиликларни бартараф этишни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Қимматли фойдали қазилмаларни атмосфера омилларининг қазиб чиқарилган минерал хом ашёнинг сақланиши ва сифатига таъсир кўрсатадиган шароитда уларни очиқ омборларга тўплашга йўл қўйилмайди. Очиқ омборлардан фойдаланишга алоҳида ҳолларда юқори ташкилот томонидан албатта фойдали қазилмалар нобудгарчилиги ва сифати пасайишининг олдини олиш бўйича махсус чоралар кўрилган шароитда рухсат этилиши мумкин.


122. Қазиб чиқарилган минерал хом ашё истеъмолчига унинг техник назорат хизмати ёки корхонанинг бошқа ваколатли махсус хизмати томонидан қабул қилингандан сўнг ҳамда унинг техник регламентлари ёки стандартларига мос бўлган шароитда юклаб жўнатилади.

Минерал хом ашёни етказиб беришнинг техник талаблари манфаатдор органлар билан келишилиши ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланиши зарур.

Қазиб чиқарилган минерал хом ашёни қайта ишлаш чоғида фойдали компонентларни ажратиб олишнинг камайишига олиб келувчи техник регламентлар ёки стандартларни бузган ҳолда етказиб бериш тақиқланади.


123. Омборларда тўпланган ва сақланаётган, кейинчалик юклаб жўнатишга тайёрланаётган ва юклаб жўнатилаётган минерал хом ашёнинг миқдори ҳамда сифатини ҳисобга олиш ва назорат қилиш техник назорат хизмати ёки бошқа махсус ваколатли хизмат томонидан амалга оширилади.

Қазиб чиқарилган минерал хом ашё миқдори ва сифатини ҳисобга олиш ва назорат қилиш маълумотлари корхона бўйича: ер қаърида тугатилган, қазиш чоғида нобуд қилинган, қазиб чиқарилган ва юклаб жўнатилган қазилмалар, товар маҳсулотлар, ағдарма маҳсулотлар ва улар таркибидаги фойдали компонентлар захираларининг жамланма балансини тузишни таъминлаши лозим.


124. Омборларда тўпланган ва сақланаётган, юклашга тайёрланаётган ва юклаб жўнатилаётган минерал хом ашё сифати ҳамда миқдорини ҳисобга олиш ва назорат қилиш тартиби ва уни ташкил этиш тармоқ йўриқномаси ёки корхонанинг юқори ташкилот тасдиқлаган йўриқномаси билан белгиланади. Йўриқнома намуналарни танлашнинг тартиби, усули ва такрорланиши даражасини, тортиш қурилмалари, товар хом ашё сифати ҳамда миқдорини ҳисоблаш ва назорат қилиш пунктларининг жойлашишини, аниқланган компонентлар ва физик-механик ўхшашликлар, шунингдек, намунани таҳлил қилиш ҳамда уларнинг аниқлигини назорат этиш усулларини белгилаши лозим.

Олинган ахборотлар ишончлилигининг пасайишига олиб келувчи товар хом ашё миқдори ҳамда сифатини ҳисоблаш ва назорат қилиш пунктларини жойлаштиришга қўл қўйилмайди.


125. Қимматли фойдали қазилмалар қазиб чиқаришни амалга оширувчи корхоналар технологик жараёнда тақдим этиладиган намуналарни танлаш учун махсус қурилмаларга ёки қазиб олинадиган минерал хом ашё сифатини узлуксиз аниқловчи приборга эга бўлишлари зарур.


126. Корхоналарга минерал хом ашё етказиб бериш қуруқ массани қайта ҳисоблашни ҳамда юклаб жўнатилаётган хом ашёнинг товар сифатини ишончли ва тезкор аниқлашни таъминлаган ҳолда оғирлик ҳисоби асосида амалга оширилиши лозим.

Қазиб чиқарилган фойдали қазилмаларни юклаб жўнатишни ҳисоблашнинг вақтинча бошқа усулларини қўллашга истисно ҳолларда Инспекция билан келишиб оғирликнинг ҳисобини мажбурий назорат қилган ҳолда йўл қўйилади.


127. Корхоналар (жўнатувчи ва қабул қилиб олувчи) транспорт сиғимларини мунтазам назорат қилиш ва тозалашни амалга оширишлари лозим.

Минерал хом ашёни юклаб жўнатиш чоғида транспортда ташишда унинг нобуд бўлишини бартараф этиш бўйича, шунингдек, хом ашёнинг музлаб қотиб қолиши, ёпишиб қолиши ва унинг ифлосланиши ва сифатининг пасайишига қарши чоралар кўрилади. Темир йўл вагонларига юклаб жўнатишда, бундан ташқари, минерал хом ашё ҳаво оқимининг таъсиридан, зарур бўлганда атмосфера ёғинларининг зарарли таъсиридан сақланиши керак.


128. Қазиб чиқарилган фойдали қазилмалар миқдори ва сифатининг геологик ва маркшейдерлик маълумотларига қайта ишловчи ишлаб чиқариш (бойитиш фабрикаси)нинг ҳисобга олиш маълумотлари бўйича тузатишлар киритишга йўл қўйилмайди. Қазиб чиқарилган, юклаб жўнатилган ҳамда қайта ишланган минерал хом ашё миқдори ва сифатини аниқлашда мунтазам равишда ҳар хилликлар юзага келган тақдирда манфаатдор корхоналар ва ташкилотлар томонидан бу чалкашликлар сабабини аниқлаш ва уларни тузатиш бўйича ўз вақтида биргаликдаги чоралар кўрилиши лозим.


129. Истеъмолчига юклаб жўнатиладиган товар хом ашёсининг ҳар бир гуруҳига технологик турлар, навлар ҳамда улар таркибидаги саноат аҳамиятига эга бўлган асосий ва қўшимча компонентлар бўйича минерал хом ашё миқдори ва сифати кўрсатиладиган сертификат ёки товар паспорти расмийлаштирилган бўлиши лозим. Сертификатлар ва товар паспортларининг нусхалари операция ўтказилган йил мобайнида корхонада сақланади ҳамда қазиб чиқарилган фойдали қазилмаларни юклаб жўнатишнинг шакли ва тўлдириш тартиби тармоқ йўриқномаси билан белгиланадиган ҳисоблаш дафтарини тўлдириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Истеъмолчига товар хом ашёни узлуксиз жўнатишда (конвейерлар, пневмогидротранспорт қурилмалари ва жўнатишнинг бошқа узлуксиз технологияси ёрдамида) Жўнатишни ҳисоблаш дафтари жўнатилган минерал хом ашё миқдори ва сифатини бевосита юклаш жараёнида махсус тарозида тортиш қурилмалари ва приборлари ёрдамида аниқлаш маълумотлари бўйича тўлдирилади.


130. Қазиб чиқарилган, аммо вақтинча фойдаланилмайдиган минерал хом ашё кейинчалик қайта ишлашга жалб этилиши учун тўпланиши, ҳисобланиши, сақланиши лозим.

Тўплаш чоғида минерал хом ашёнинг сув эрозияси, ўзидан ўзи ёниши ва бошқа сабаблар билан нобуд бўлиши ёки бузилишини бартараф этиш тадбирлари кўрилиши зарур. Омбор (ағдарма) ҳудуди сизот ва тошқин сувлари босишидан ҳимоя қилинган бўлиши керак.

Вақтинча фойдаланилмайдиган хом ашёни сақлаш жойларини шахта майдонларининг қулаш зоналарида, сурилиш зоналарида ҳамда бевосита шахта (карьер) майдонларини қазиш контурларига яқин жойларда жойлаштириш тақиқланади.


131. Вақтинча фойдаланилмайдиган минерал хом ашёни тўплаш ҳосил бўлган хом ашё ҳажмини инструментал ўлчашни таъминлаган ҳолда уни сақлаш ва кейинчалик қайта ишлаш технологияси ҳамда муддатларига қараб турлар ва навларга ажратилиб амалга оширилади.

Фойдаланилмайдиган минерал хом ашёни сақлаш жойларининг ҳар бири бўйича корхона бош муҳандиси тасдиқлайдиган шаклдаги паспорт юритилиши лозим.


132. Кўп компонентли минерал хом ашёдан комплекс фойдаланиш таъминланмаган тақдирда уни юклаб жўнатиш тақиқланади.

Қазиб олинган фойдали қазилмаларни юклаб жўнатишни ҳисобга олишнинг бошқа усуллари вақтинча қўлланилишига тарозида ҳисобга олиш усулларига истисно ҳолларда ва Инспекция билан келишилиб йўл қўйилади.



9-БОБ. КОНЛАРНИ ҚАЗИШДА АТРОФ ТАБИИЙ

МУҲИТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ


133. Фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш корхоналарини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда улардан фойдаланишда табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги талабларига мувофиқ ер қаъридан фойдаланиш билан боғлиқ ишларнинг зарарли таъсиридан аҳоли ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги таъминланиши, атмосфера ҳавоси, ерлар, ўрмонлар, сувлар, ҳайвонот дунёси ҳамда атроф табиий муҳитнинг бошқа объектлари, бинолар ва иншоотлар муҳофаза қилиниши, шунингдек, қўриқхоналар, табиат, тарих ва маданият ёдгорликлари қўриқланиши зарур.


134. Корхоналар табиий муҳит ҳолатини ҳамда лойиҳада назарда тутилган табиатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилишини мунтазам назорат қилиб боришлари керак. Корхоналарнинг тегишли хизматлари табиий муҳитнинг ифлосланиши ва ўзгаришини самарали назорат қилиш учун зарур техник воситалар билан таъминланиши зарур.

Агар фойдали қазилма конларини қазиш чоғида лойиҳавий қарорларни анчагина ёки тўлиқ ўзгартиришни талаб этувчи атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш бўйича янада самарали чораларни қўллаш зарурати пайдо бўлса, корхона бош лойиҳачига лойиҳанинг тегишли бўлимларини ўзгартириш юзасидан техник топшириқ бериши шарт.


135. Фойдали қазилмалар конларини қазувчи, уларга фойдаланиш учун берилган қишлоқ хўжалиги ерлари ёки ўрмонзорлар, сув ҳавзалари ва қирғоқ олди зоналарида геология-қидирув, қурилиш ва бошқа ишларни бажарувчи корхоналар бу ерларда зарурият қолмагач уларни ўзларининг ҳисобидан қишлоқ, ўрмон ёки балиқчилик хўжаликларида фойдаланиш учун яроқли ҳолга, назарда тутилаётган ишлар бошқа ерларда амалга оширилганда уларни ўз йўналиши бўйича фойдаланиш мумкин бўладиган ҳолга келтиришлари зарур. Ер участкаларини яроқли ҳолга келтириш ишларининг бориши жараёнида бунинг имконияти бўлмаганда ишлар тугатилганидан сўнг, ер майдонларини фойдаланишга берган органлар белгилаган муддатларда, белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳаларга мувофиқ амалга оширилади.

Корхоналар фойдали қазилмалар конларини қазишда ва тупроқ қатламини бузиш билан боғлиқ бошқа ишларни бажаришда тупроқнинг ҳосилдор қатламини четга суриб қўйишлари, сақлашлари ва қайта тикланадиган ерларга ёки каммаҳсулли ерларга келтиришлари лозим.

Фойдали қазилмалар конларини қазишда кон ишлари технологиясига табиатни муҳофаза қилишнинг қуйидаги талаблари қўйилади:

фойдали қазилмаларни қазиб чиқаришда ер имкони борича кам сарфланиши, яъни қазиб чиқариладиган минерал хом ашё бирлигига ер ресурслари сарфи минимал даражада бўлиши;

карьер қурилиши ва кондан фойдаланиш жараёнида ернинг бузилиш ва тикланиш режими энг қулай бўлиши, яъни ернинг бузилиши ва қайта тикланиши орасидаги вақт минимал даражада бўлиши, бузилишларнинг асосий қисмини (айниқса, маҳсулдор майдонларда) қазишнинг иложи борича кейинги даврларига қолдириш;

қазилган бўшлиқ ва бўш жинслар ағдармаларини шакллантиришнинг бузилган ерлардан кейинчалик фойдаланишнинг қабул қилинган йўналишларига асосан қайта тиклаш талабларига жавоб бериши;

кон қазиш комплекси объектларида атмосферага энг кам миқдорда чиқинди чиқарувчи машина ва механизмлардан фойдаланиш;

зарарли моддалар отилиб чиқишининг камайишини, чиқадиган газларни чанг тутиш ва газ тозалаш қурилмаларида тозалашни таъминловчи технологик жараёнларни такомиллаштириш ва соддалаштириш;

чангтутгич ва газ тозалаш қурилмаларидан фойдаланиш ва улар ишини ҳамда бошқа табиатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилишини назорат қилишни пухта ташкил этиш;

ер ости сувларининг озиқланиши, ҳаракати ва камайиши шароитларининг ўзгаришига олиб келувчи, воронка (чуқур) ҳосил бўлиши, деформацияланиш ва ер юзасининг чўкиши, тез аралашадиган жинсларнинг танлаб эритмага ўтказилишига олиб келувчи гидрогеологик ва муҳандислик-геологик ҳолатлар билан биргаликда олиб бориладиган фойдали қазилмалар конларини очиш усуллари ва қазиш тизимини қўллаш, шунингдек, кон-тайёрлаш ишларини бажариш тақиқланади;

очиқ сув ҳавзаларига маъданланган сувлар, аччиқ ва ишқорли карьер, шахта ва сизот сувларининг тушишига йўл қўймаслик;

маъданланган сувларни тозалашнинг термик, мембран, ион алмашиш ва гидротехник усулларини қўллаш;

карьерларда кон ишларини ривожлантиришни осилма ёндан остки ёнга қараб амалга ошириш, бунда руданинг нобудгарчилиги ва жинсларнинг аралашиб кетиши сезиларли даражада кам бўлади;

горизонтал ва қияликдаги конларни очиқ усулда қазишда ички ағдарма ҳосил қилиш усулида қазиб чиқариш имконини берувчи очиш схемаси ва қазиш тизимини қўллаш; ташқи ағдарма ҳосил қилиш усулида қазиб чиқариш технологиясини қўллаш тақиқланади; ташқи ағдарма ҳосил қилиш усулида очиш схемаси ва қазиш тизими истисно ҳолларда (руда жисмларининг тиккасига қулаши, конни қазишнинг мураккаб геологик ва кон-техник шароитлари) Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси билан келишиб қўлланади;

карьерларнинг қабул қилинган параметрлари, қазиш тизимлари ва поғоналар элементлари атроф табиий муҳитга энг кам юкламани таъминлаши зарур;

келгусида утилизация қилинадиган ва қайта тикланмайдиган очиш жинслари ағдармалари, ишлаб чиқаришнинг бошқа чиқиндилари, вақтинча фойдаланилмайдиган минерал хом ашё омборлари алоҳида жойлаштирилиши керак;

хом ашёнинг ҳар бир турига бир хилда бориш мумкин бўлишини ва эгаллаш майдонининг энг кам бўлишини таъминлаш, техноген конларни яратиш ва қазишнинг технологик жараёнларида минимал меҳнат сарфи ва юқори тежамлиликни таъминлаш.


136. Фойдали қазилмалар конларини қазишда тупроқнинг сув ва ҳаводан нураши ривожланишини, турланишини, ботқоққа айланишини ёки ерларнинг ҳосилдорлиги йўқолишининг бошқа шаклларини бартараф этувчи ёки унга тўсқинлик қилувчи чора-тадбирлар амалга оширилиши лозим.

Очиш жинслари ағдармалари, ишлаб чиқаришнинг бошқа чиқиндилари, вақтинча фойдаланилмайдиган, келажакда фойдаланиладиган ва қайта тикланмайдиган минерал хом ашё сақлаш жойлари атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш талабларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилиши зарур.


137. Корхоналар аҳолининг ичимлик ва маиший эҳтиёжларини биринчи навбатда қондириш, уларни ифлосланиш ва камайишдан сақлаш, оқова ва шахта сувларининг табиат объектларига зарарли таъсиридан огоҳ қилиш ва уларни бартараф этиш мақсадида ер усти ва ости сувларидан оқилона фойдаланишни таъминлашлари лозим.

Агар бундай таъсирга балиқчилик хўжалиги ҳавзалари тушиб қолса, унда табиатни муҳофаза қилиш органлари билан келишилган, балиқлар, бошқа сув жониворлари ва ўсимликларини муҳофаза қилишни ва уларнинг кўпайиши учун шароитларни таъминловчи чора-тадбирлар ҳам амалга оширилиши керак.


138. Корхоналар сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолининг белгиланган режалари, технологик нормалари ва қоидаларига риоя қилишлари, шунингдек, корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти таъсиридаги зонада ер ости ва ер усти сувларининг ҳолатини гидрогеологик кузатиш ва назорат қилишни амалга оширишлари лозим.


139. Тозаланмаган оқова ва шахта сувларини сувли объектларга оқизиб юбориш тақиқланади. Оқова ва шахта сувларини сувли объектларга оқизиш шартлари сув ҳақидаги қонунчилик талабларига жавоб бериши зарур.

Оқизиб юбориладиган сувлардаги турли хил ифлослантирувчи моддаларнинг таркибига доир талаблар бузилган тақдирда бу бузилишларнинг сабаблари аниқланади ва уларни тугатиш чоралари кўрилади. Оқава ва шахта сувларини даволаш тоифасига киритилган сув объектларига, шунингдек, балиқларнинг увулдириқ сочиш ва тўйиниш жойлари ҳамда қишлайдиган чуқурларига оқизиш тақиқланади.

Сув истеъмоли ва сув ажратиш ҳисоби сув ҳақидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши лозим.


140. Конларни қазишда ер ости сувли горизонтлар очилган бўлса, корхоналар бу ҳақда сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни тартибга солиш органларига ўз вақтида хабар қилишлари зарур.

Бурғилаш ишларини бажарувчи корхоналар табиий қудуқларни тартибга солиш қурилмалари билан жиҳозлашлари, бу қудуқларни белгиланган тартибда консервация қилишлари ёки тугатишлари лозим.


141. Қуйидагиларни:

оқова ва шахта сувларини тозалаш учун қурилмалар билан таъминланмаган корхоналар ва уларнинг объектларини;

сув қабул қилувчи ва бошқа иншоотларнинг белгиланган тартибда тайёрлангунига қадар конлардаги қуритиш тизимларини;

тасдиқланган лойиҳага мувофиқ балиқ сақлаш қурилмаларисиз сув олиш иншоотларини;

сувни тартибга солиш қурилмалари билан таъминламасдан ва тегишли ҳолларда санитария муҳофазаси зоналарини белгиламасдан сувдаги бурғилаш қудуқларини;

сув омборлари, чиқинди омборлари ва гидроағдармаларни (уларни тўлдириш) лойиҳада назарда тутилган ўзанларни тайёрлаш, шу жумладан бу объектларни фильтрацияга қарши экранлар билан жиҳозлашга оид чора-тадбирларни амалга оширмай фойдаланишга топшириш тақиқланади.


142. Фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш, бурғилаб портлатиш ишлари, жинслар ағдармалари, ишлаб чиқариш чиқиндилари омборларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш атмосфера ҳавосини ифлослантиришни бартараф этиш ёки қисқартириш усуллари бўйича Давлат экология қўмитаси органлари билан келишилган қоидаларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

Аҳоли пунктларида атмосфера ҳавосини чанг, зарарли газлар, сассиқ моддалар билан ифлослантирувчи манба ҳисобланувчи жинслар ағдармалари ва чиқинди омборларини жойлаштириш, шунингдек чиқиндиларни корхона ҳудудида ва аҳоли пунктларида махсус қурилмалардан ташқарида ёқиш тақиқланади.

Корхоналар атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи чиқиндиларни ўз вақтида улардан хом ашё сифатида фойдаланувчи корхоналарга ёки ихтисослаштирилган полигонларга олиб чиқишлари лозим.


143. Конларни қазиш чоғида атмосферага чиқадиган чиқитларнинг йўл қўйилиши мумкин (бунга барча ифлослантириш манбаларидан отилиб чиқишлар киради) нормативларига қатъий риоя қилиниши зарур.

Атмосфера ҳавосига тегишли нормативлар ўрнатилмаган кимёвий, физик ва биологик омилларнинг зарарли таъсирига Давлат экология қўмитаси органлари томонидан муайян муддатга берилган рухсатномалар бўйича фақат истисно вазиятларда йўл қўйилиши мумкин. Ушбу муддат мобайнида бу омилнинг атмосферага зарарли таъсирининг йўл қўйилиши чегараси нормативлари белгиланиши ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга оид чора-тадбирлар амалга оширилиши лозим.

Ифлослантирувчи моддалар йўл қўйиладиган отилиб чиқиш бўйича белгиланган нормативлардан ошиб кетган ҳолларда корхона зудлик билан бу ҳақда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органга хабар бериши ва йўл қўйилган бузилишни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриши зарур.


144. Фаолияти атмосферага ифлослантирувчи моддаларнинг чиқиши билан боғлиқ бўлган корхоналар, ифлослантириш манбалари пайдо бўлган вақтдан қатъи назар, атмосферага ифлослантирувчи моддаларнинг чиқишини тутиш, тўхтатиш ёки тозалаш учун иншоотлар, асбоб-ускуналар ва аппаратлар билан жиҳозланган бўлиши лозим ҳамда бу иншоотлар, асбоб-ускуналар ва аппаратларнинг тўхтовсиз, самарали ишлашини ва соз ҳолатда сақланишини, шунингдек, ифлослантирувчи моддалар миқдорининг ва уларнинг таркиби мунтазам ҳисобини амалга оширишлари зарур.



10-БОБ. ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМАЛАР ҚАЗИБ

ЧИҚАРИШ КОРХОНАЛАРИНИ ТУГАТИШ

ВА КОНСЕРВАЦИЯ ҚИЛИШ


145. Фойдали қазилмалар захираларини қазиш тугаллангач, шунингдек, техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар ва бошқа асослашлар бўйича конни ёки унинг бир қисмини қазишни давом эттириш мақсадга номувофиқ топилса ёки мумкин бўлмаса конни қазаётган корхона ёки шу корхонанинг тегишли қисми тугатилади ёхуд консервация қилишга ўтказилади.

Корхона тўлиқ ёки қисман тугатилганда ёхуд консервация қилинганда кон қазилмалари ва бурғи қудуқлари аҳоли хавфсизлиги, атроф табиий муҳитни, бинолар ва иншоотларни муҳофаза қилишни, консервация қилинганда эса конлар, кон қазилмалари ҳамда бурғи қудуқларини вақтинча тўхтатишнинг бутун даври мобайнида муҳофаза қилишни ҳам таъминловчи ҳолга келтирилиши лозим.


146. Корхона ёки унинг бир қисмининг тугатилишига фойдали қазилмаларнинг балансдаги захиралари тўлиқ қазиб бўлингандан сўнг, уларнинг кўпайиши, конни қайта қазиш ҳамда балансдан ташқари захираларни қазиб чиқаришга ҳаракат қилишнинг истиқболи бўлмаган тақдирда ва захираларнинг саноат аҳамиятини йўқотган қолдиқлари ҳисобдан чиқарилган шароитда йўл қўйилади.

Корхонани тугатишда кон қазилмалари ва бурғи қудуқларидан бошқа халқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш имкониятлари тўғрисидаги масала ҳал этилиши лозим.

Фойдали қазилма конларини қазишда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Инспекция ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси билан келишган ҳолда ер ости кон қазилмаларини узоқ муддат сақлаш ва ундан аниқ мақсадларда кейинчалик самарали фойдаланиш имкониятини таъминловчи мақсадли тайёрлаш амалга оширилган корхонани ёки унинг бир қисмини тугатиш тақиқланади.

147. Корхона ёки унинг бир қисмини консервация қилишга кон ёки унинг алоҳида участкаларини техник-иқтисодий, кон-геологик ва бошқа сабаблар бўйича қазиш вақтинча мумкин бўлмаган ёки қазишни давом эттириш мақсадга мувофиқ бўлмаган ҳолларда, асосий кон қазилмалари ва иншоотларини, уларнинг ҳолатини назорат қилиб, мажбуран сақлаган ҳолда йўл қўйилади.


148. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги уларда фойдали қазилмалар қазиб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган объектларни жойлаштириш истиқболли деб ҳисоблаган кон қазилмалари мажбуран консервация қилинади.

Бундай қазилмаларнинг консервация қилиниши тартиби ҳамда қазилма вақтинча тўхтатилиши зарур бўлган муддат Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан ҳисобга олинган қазилмаларни тугатишга истисно ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан келишган ҳолда йўл қўйилади.


149. Хавфсизликни таъминлаш, фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг тўлиқлиги ва ер қаърини муҳофаза қилиш ҳамда кон қазилмаларини бошқа халқ хўжалиги мақсадлари учун сақлаш юзасидан корхоналарни тўлиқ ёки қисман тугатиш ва консервация қилиш тартиби, шунингдек, материалларни расмийлаштириш Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Инспекция ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан тасдиқлаган йўриқнома билан белгиланади.

150. Корхона ёки унинг бир қисмини тугатиш ва консервация қилиш Инспекция ва бошқа манфаатдор органлар билан келишилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган махсус лойиҳа асосида амалга оширилади.

Лойиҳалар тегишли тайёргарлик ишлари ва бевосита корхонани тугатиш ёки консервация қилишларини ўз ичига олиши ва қуйидагиларни назарда тутиши лозим:

балансдаги ҳамда иқтисодий жиҳатдан қазиб олиш мақсадга мувофиқ бўлган балансдан ташқари захираларни қазиб олиш тартиби ва жадвали;

конни такрорий қазишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги, шунингдек, омборларда сақланаётган нокондицион фойдали қазилмалар ва ишлаб чиқариш чиқитларидан халқ хўжалигида фойдаланиш тўғрисидаги масалалар ҳамда уларнинг сақланишини таъминлаш чора-тадбирларининг ҳал этилиши;

аҳоли хавфсизлиги, ер қаъри ва атроф табиий муҳитни, бинолар, иншоотларни муҳофаза қилишни таъминлаш, шунингдек, сув ва газ ўтиши (тошиши)ни, ер ости ёнғинларининг тарқалиши ва шунга ўхшашларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар;

кон қазилмалари ва бурғи қудуқларидан бошқа халқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш масалаларини ҳал этиш;

корхона ёки унинг бир қисмини тугатиш ёки консервация қилиш усуллари;

ер устидаги ва сувли объектларни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ кейинчалик халқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш чоралари;

кон хусусияти, очиш схемаси ва қазиш тизими билан боғлиқ бошқа лойиҳавий қарорлар.

Ер ости бўшлиқларининг катта ҳажмларига эга бўлган корхоналарни тугатиш бўйича лойиҳаларга ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот ташкилотларининг хулосалари олиниши лозим.


151. Корхона ёки унинг бир қисмини тугатиш ва консервация қилишда қуйидагилар тақиқланади:

лойиҳада назарда тутилган захираларни тўлиқ қазиб олиш ва ер қаърини муҳофаза қилишни таъминловчи барча чора-тадбирлар бажарилгунига қадар фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш ишларини тўхтатиб туриш;

ер ости ёнғинлари тўлиқ ва ишончли бартараф этилмаган ҳолларда кон қазиб чиқариш корхонаси ёки унинг бир қисмини тугатиш ва "қуруқ" вақтинча тўхтатиш;

сувга аралашадиган (табиий тузлар, гипслар ва шу кабилар) фойдали қазилмалар қазиб чиқарувчи корхона ёки унинг бир қисмини "намли" вақтинча тўхтатиш;

қазилган бўшлиқ ва омборларда ўз-ўзидан ёнишга мойил фойдали қазилмаларни қолдириш;

фойдали қазилмалар қазиб чиқариш ишларини узоқ вақт тўхтатиб туриш оқибатида коннинг бузилиши ёки ер қаъридаги фойдали қазилмалар захиралари сифатини анча пасайтириши, шунингдек, кон қазилмаларининг қолган фойдали қазилма захираларини ажратиб олиш мақсадга мувофиқ бўлмай қоладиган бузилишига олиб келувчи ҳолатларда корхонани тўлиқ ёки қисман консервация қилиш.


152. Ишларни тўхтатиш даврида тўлдирилган геологик ва маркшейдерлик ҳужжатларининг асл нусхалари сақлаш учун белгиланган тартибда топширилади.

Корхона тугатилганда, шунингдек, беш йилдан ортиқ муддатга консервация қилинганда кон ажратиш далолатномаси Ўзбекистон Республикаси Инспекцияга қайтарилади.


153. Корхона тўлиқ ёки қисман тугатилгандан ёки консервация қилингандан сўнг Инспекция ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси органларининг розилигисиз ва тегишли вазирлик (идора), маҳаллий ҳокимиятнинг буйруғи (фармойиши, қарори) билан расмийлаштирилган рухсатисиз кон қазилмаларидан бирон-бир мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.

154. Кон ишлари туфайли бузилган майдонларда иморат қуриш фақат сурилиш жараёни тугагач, Инспекция ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси органларининг рухсатномаси олингач ва қуриладиган объектларга кон ишларининг зарарли таъсирини бартараф этиш бўйича махсус тадбирлар ўтказилгандан сўнг амалга оширилиши мумкин.


11-БОБ. ЯГОНА ҚОИДАЛАР БУЗИЛГАНЛИГИ

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


155. Ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишида ҳамда ушбу Қоидаларнинг бажарилмаслигида айбдор бўлган мансабдор шахслар ва муҳандис-техник ходимлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жиноий, маъмурий, интизомий ёки бошқа жавобгарликка тортиладилар.


156. Корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилганлиги ва ушбу Қоидаларнинг бажарилмаганлиги оқибатида етказилган зарарларни Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан белгиланадиган миқдорда ва тартибда қоплашга мажбурдирлар.


157. Ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши ва ушбу Қоидаларнинг бажарилмаслиги туфайли етказилган зарар қопланиши билан боғлиқ ҳолда уларнинг айби билан корхона харажат қилишига сабаб бўлган мансабдор шахслар ва муҳандис-техник ходимлар белгиланган тартибда моддий жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 5 декабрь