язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборотлаштириш. Телекоммуникациялар тараққиёти/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.05.2019 й. ПҚ-4328-сон "Электрон ҳукумат" тизими доирасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш сифатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

21.05.2019 й.

N ПҚ-4328



"ЭЛЕКТРОН ҲУКУМАТ" ТИЗИМИ

ДОИРАСИДА АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ

ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ СОҲАСИДАГИ ЛОЙИҲАЛАРНИ

ИШЛАБ ЧИҚИШ ВА АМАЛГА ОШИРИШ СИФАТИНИ

ЯХШИЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


"Электрон ҳукумат" тизими доирасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг самарали ва шаффоф механизмларини яратиш, мазкур соҳадаги лойиҳаларни, лойиҳа ва техник ҳужжатларни сифатли экспертизадан ўтказиш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5624-сон Фармонига мувофиқ:


1. "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази" ДУКнинг (кейинги ўринларда - Марказ) қўшимча вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

"Электрон ҳукумат" тизимини ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш доирасида лойиҳалар (кейинги ўринларда - лойиҳалар)нинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

иқтисодиётнинг турли тармоқларида "ақлли" ва бошқа истиқболли технологияларни, шунингдек, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш технологияларини жорий этишнинг концептуал ва услубий асосини шакллантириш;

жаҳон стандартлари талабларига мувофиқ "Электрон ҳукумат" тизимининг ривожланиш даражасини тавсифловчи статистик маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва ҳисобга олиш тизимини юритиш;

тадқиқотлар ўтказиш ва иқтисодиёт тармоқларини ахборотлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг ягона технологик сиёсатини таъминлаш;

"Электрон ҳукумат" тизимининг инфратузилмасини, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталини (кейинги ўринларда - ЯИДХП) ва давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўланган давлат божлари ва йиғимлар суммаси ҳисобини юритувчи Ягона биллинг тизимини (кейинги ўринларда - Ягона биллинг тизими), шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида янада ривожлантиришни таъминлаш;

лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштиришга йўналтириладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари, беғараз техник кўмаклашиш маблағлари (грантлар), халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари имтиёзли кредитларининг самарали ишлатилиши устидан мониторинг олиб боришда ваколатли органларга кўмаклашиш.


2. "Электрон ҳукумат" тизими ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш доирасида идоралараро ва идоравий ахборот тизимлари, маълумотлар базалари, дастурий маҳсулотлар яратиш ва жорий этиш бўйича лойиҳалар ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги бошқа лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Марказ фаолияти давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган барча лойиҳаларга татбиқ этилади. Бунда бошқа лойиҳалар ташаббускорлари (буюртмачилар) шартнома асосида техник топшириқ ёки тендер ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш учун мустақил равишда Марказга мурожаат қилишлари мумкин;

Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари, беғараз техник кўмаклашиш (грантлар) маблағлари, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг имтиёзли кредитлари ҳисобидан лойиҳаларни ишлаб чиқишни, амалга оширишни ва қўллаб-қувватлашни молиялаштириш Марказ билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 августдаги "Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳа бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3245-сон қарорида назарда тутилган давлат хизматлари учун тўланган давлат божлари ва йиғимлар суммасининг 10 фоизи миқдоридаги маблағлар, шунингдек, ЯИДХП орқали кўрсатиладиган давлатх изматларидан ташқари, Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматлари кўрсатилганлиги ва бошқа тўловларни амалга ошириш учун тўланган давлат божлари ва йиғимлар суммасининг 1 фоизи миқдоридаги маблағлар Марказнинг ваколатли банкдаги махсус ҳисоб рақамига ўтказилади;

2019 йил 1 июндан бошлаб қийматидан қатъи назар, нарх кўрсаткичларининг ўртача бозор даражасини ўрганиш якунлари бўйича дастлабки ҳисоб-китоблар асосида шакллантириладиган лойиҳанинг чекланган қиймати белгиланган ҳолда лойиҳаларнинг техник топшириқлари ва тендер ҳужжатлари Марказга экспертизага киритилади. Бунда, лойиҳаларнинг техник топшириқлари ва тендер ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида келишилмайди ва экспертизадан ўтказилмайди;

лойиҳанинг техник топшириғини ёки тендер ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш учун қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олмаган ҳолда, лойиҳа чекланган қийматининг 0,5 фоизи миқдорида (тендер ҳужжатлари бўйича - ҳар бир лот суммасидан), бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда тўлов ундирилади. Бунда, ушбу экспертиза 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш шарти билан амалга оширилади;

юклатилган вазифаларни бажаришда Марказ давлат ва нодавлат ташкилотлар, шу жумладан лойиҳа институтлари, инжиниринг ва консалтинг компаниялари, илмий-таълим муассасалари, шунингдек, халқаро, хорижий ва маҳаллий ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


4. Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

қонун ҳужжатларига мувофиқ кўрсатиладиган хизматлардан, шу жумладан лойиҳаларнинг техник топшириғи ёки тендер ҳужжатларини экспертизадан ўтказишдан олинган даромадлар;

электрон ҳукуматнинг ахборот тизимлари ва ресурсларини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, унинг моддий-техника базасини сақлаш, шакллантириш ва мустаҳкамлаш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш мақсадида давлат хизматлари учун ЯИДХП орқали тўланган давлат божлари ва йиғимлар суммасининг 10 фоизи миқдоридаги маблағлар, шунингдек, ЯИДХП орқали кўрсатиладиган давлат хизматларидан ташқари, Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматлари кўрсатилганлиги ва бошқа тўловларни амалга ошириш учун тўланган давлат божлари ва йиғимлар суммасининг 1 фоизи миқдоридаги маблағлар;

"Рақамли ишонч" рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) томонидан Марказ таъминоти учун топшириладиган мулк вамаблағлар;

Марказнинг вақтинча бўш маблағларини банкларда жойлаштиришдан олинган даромадлар;

халқаро молия ташкилотлари ва институтлари, шунингдек, донор мамлакатларнинг грантлари ва кредитлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан хорижий шахсларнинг хайриялари;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


5. Марказ 2022 йил 1 январга қадар ягона ижтимоий тўловдан ташқари барча турдаги солиқлар ва мажбурий тўловлар тўлашдан озод этилсин, бўшайдиган маблағлар моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, шунингдек, ходимларни моддий рағбатлантиришга мақсадли тарзда йўналтирилсин.


6. Марказ директорига Агентлик билан келишилган ҳолда Марказга юклатилган вазифаларни сифатли бажариш мақсадида шартнома асосида мустақил хорижий, миллий консультант ва экспертларни жалб этиш ҳуқуқи берилсин.


7. Марказ Агентлик биносида беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.


8. Агентлик бир ой муддатда юклатилган вазифаларни самарали бажариш учун Марказни мебель, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва бошқа зарур моддий-техник ресурслар билан жиҳозлашни таъминласин.


9. Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                        Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 22 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 27 май, 21-сон, 391-модда