язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган ҳужжатлар/ Алоқа/ Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг 27.05.2019 й. 198-сон "Умумий фойдаланиш телекоммуникация тармоғида телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги Буйруғи (АВ томонидан 11.06.2019 й. 1323-7-сон билан рўйхатга олинган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

11.06.2019 й.

N 1323-7




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ

ВА КОММУНИКАЦИЯЛАРИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ ВАЗИРИНИНГ

27.05.2019 й.

N 198


БУЙРУҒИ



Умумий фойдаланиш телекоммуникация

тармоғида телефон алоқаси хизматларини

кўрсатиш қоидаларига ўзгартиришлар

ва қўшимча киритиш тўғрисида



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги ПҚ-4160-сон "Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг "Бизнес юритиш" йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, БУЮРАМАН:


1. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директорининг 2003 йил 19 декабрдаги 359-сон буйруғи (рўйхат рақами 1323, 2004 йил 15 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 11-сон, 130-модда) билан тасдиқланган Умумий фойдаланиш телекоммуникация тармоғида телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.


2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Вазир                                                                 Ш. Садиков






Буйруққа

илова



Умумий фойдаланиш телекоммуникация

тармоғида телефон алоқаси хизматларини

кўрсатиш қоидаларига киритилаётган

ўзгартишлар ва қўшимча


1. 3-бандда:

учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"абонент линияси - телефон станциясидан абонентнинг телефон аппаратига борувчи, бутун узунлиги бўйича ўралган симлар жуфти;";

тўртинчи хатбошидаги "абонент қурилмаси" деган сўзлар "охирги (терминал) қурилма" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги ўн тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"абонентнинг шахсий ҳисобварағи - абонент томонидан фойдаланиладиган алоқа хизматлари учун ҳақ тўлашга мўлжалланган, алоқа хизматларидан фойдаланишда абонент томонидан киритиладиган ва сарфланадиган пул маблағлари тўғрисидаги пул эквивалентида ифодаланган ахборотдан иборат бўлган телекоммуникация операторининг автоматлаштирилган ҳисоб-китоблар тизимидаги таҳлилий электрон ҳужжат;";

ўн тўртинчи - йигирма тўртинчи хатбошилар тегишли равишда ўн бешинчи - йигирма бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

ўн саккизинчи хатбошидаги "олдиндан буюртмани қабул қилмасдан телефончи ёрдамида" деган сўзлар "буюртмани қабул қилгандан кейин телефончи ёрдамида зудлик билан" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги йигирма иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"олдиндан ҳисоб-китоб тизими - ҳисоб-китоб тизими, бунда хизматлар фақат абонентнинг шахсий ҳисобварағида телекоммуникация операторининг тариф режаси билан белгиланган етарли маблағлар бўлганда тақдим этилади;";

йигирма иккинчи - йигирма бешинчи хатбошилар тегишли равишда йигирма учинчи - йигирма олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

йигирма тўртинчи хатбошидаги "абонент қурилмалари ўртасида алоқанинг ўрнатилиши. Телефон боғланишдан сўзлашувни юритиш ҳамда маълумотлар ёки факсимиль хабарларни узатиш" деган сўзлар "охирги қурилмалар ўртасида алоқанинг ўрнатилиши" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


2. 14-банднинг биринчи хатбошидаги "барча абонентларга" деган сўзлар "барча абонентларга қарздорлиги сабабли телефон алоқаси хизматлари узиб қўйилганда ҳам фойдаланувчилар томонидан тенг равишда" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


3. 21-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ариза рўйхатга олингандан кундан бошлаб 10 кун ичида телекоммуникация оператори қабул қилинган қарор тўғрисида ариза берувчига хабар қилиши керак.".


4. 24-банднинг иккинчи хатбошисидан иккинчи жумла чиқариб ташлансин.


5. 66-банднинг "б" кичик бандида:

иккинчи хатбошидаги "тўламаганда, бу ҳақда абонентни узиб қўйишдан камида 5 кун олдин телефон орқали хабар қилиб ёки ёзма равишда" деган сўзлар "тўланмаганда, бу ҳақда абонентни узиб қўйишдан камида 5 кун олдин телефон, ёзма ёки электрон хабар билан E-mail ёки SMS орқали" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Агар абонент телефон алоқасидан фойдаланиш тўхтатиб қўйилгандан кейин 60 кун ичида телефон алоқаси хизматларига ҳақ тўлаш бўйича қарздорлигини ёпмаса, телекоммуникация оператори Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига мувофиқ бир томонлама тартибда Шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эга. Бу ҳақда оператор абонентга мазкур банднинг "б" кичик банди иккинчи хатбошисида белгиланган усуллардан бири орқали камида 10 кун олдин хабар бериши керак;".


6. 89-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"Абонент телекоммуникация оператори ёки провайдерининг Call-марказига қўнғироқ қилганда IVR (олдиндан ёзиб олинган овозли хабарлар тизими)ни эшитиш вақти ёки автоинформаторнинг аудио-хабарлари боғланишнинг тарификацияланадиган давомийлигига киритилмайди.".


7. 100-банддаги "бланкига киритилган" деган сўзлар "бланкига киритилган ёки автоматлаштирилган ҳисоб-китоблар тизимининг" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


8. 102-бандда:

биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"102. Телефон алоқаси хизматлари учун абонентга - юридик шахсга қуйидагилардан иборат ҳисоб тақдим этилади:";

иккинчи хатбошидаги "оператори реквизитларининг номи" деган сўзлар "операторининг номи, банк реквизитлари ва" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

тўртинчи ва тўққизинчи хатбошилардан "(олдиндан тўлов тўланганда)" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"Абонент - жисмоний шахсга унинг талабига асосан ҳисоб-китоб қилинган хизматлар ва тўловлар тўғрисидаги ахборот тақдим этилади.".


9. 107-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"107. Ойлик телефон алоқаси хизматларини ҳисоб-китоб қилиш ҳисоб-китоб (жорий) ойининг биринчи саналарида амалга оширилади. Шаҳарлараро ва халқаро телефон алоқаси хизматларини ҳисоблаш, маҳаллий сўзлашувларни вақтбай ҳисобга олиш ва бошқа бир марталик тўловлар (масалан, пулли маълумотнома хизмати ва ҳ. к.) хизмат кўрсатишни тугатиш ва коммуникация ускунаси орқали маълумотларни қайта ишлаш факти бўйича амалга оширилади.

Олдиндан ҳисоб-китоб тизимида ҳар ойлик хизматлар бўйича ҳисоблаш фақат абонентнинг шахсий ҳисобварағида телекоммуникация операторининг тариф режаси билан белгиланган етарлича маблағлар бўлганда амалга оширилади. Абонентнинг шахсий ҳисобварағида етарлича маблағлар бўлмаганда, телекоммуникация оператори абонентни мазкур Қоидаларнинг 66-банди "б" кичик бандининг иккинчи хатбошисида берилган усуллардан бири орқали огоҳлантириб, абонентнинг телекоммуникация операторининг тармоғидан фойдаланишини вақтинча тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга.

Ҳисоб-китоб тугагач, абонентларга барча хизматларнинг тўлови учун битта ҳисоб тақдим этилади. Ҳисобланган телефон алоқаси хизматлари учун тўлов ҳисоб-китобда кўрсатилган санадан кечиктирилмаган муддатда амалга оширилади.

Ҳисобларни тўлаш муддати ҳисоб тақдим этилгандан бошлаб 20 кундан ошмаслиги керак.

Агар 15 кунлик тўлов муддати тугаганидан кейин тўлов амалга оширилмаса, абонентларга мазкур Қоидаларнинг 66-банди "б" кичик бандининг иккинчи хатбошисида берилган усуллардан бири орқали кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлаш зарурлиги тўғрисида хабар қилинади.

Хабар берилгандан сўнг абонент ҳисобланган хизматлар учун 5 кун ичида тўловни амалга оширмаса, телекоммуникация оператори абонент қурилмасини ўчириш йўли билан абонентнинг телефон алоқа тармоғидан фойдаланишини вақтинча тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга.

Телекоммуникация оператори ва абонент ўртасида тўловни ундириш бўйича келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, келишмовчиликлар суд тартибида ҳал этилади.

Телекоммуникация тармоғидан рухсатсиз фойдаланиш йўли орқали бегона шахслар томонидан телефон алоқаси хизматларидан фойдаланиш натижасида келиб чиқадиган келишмовчиликларда бажарилган сўзлашувларнинг кимга тегишлилигини аниқлаш учун белгиланган тартибда текширилиши керак. Текширув натижалари билан рози бўлмаса, абонент судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.".


10. 1 ва 2-иловадан "М.Ў." қисқартмаси чиқариб ташлансин.


11. Ушбу ўзгартишлар Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 11 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 17 июнь, 24-сон, 446-модда