язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Алоқа/ Радиоалоқа ва электрон алоқа/ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойданилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.09.2019 й. 778-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 17 сентябрдаги

778-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойданилаётган,

сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган

ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни

рўйхатга олиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойданилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил телефонлар ҳамда мобил алоқа модулига эга қурилмаларни (кейин ўринларда мобил қурилмалар деб аталади) рўйхатга олиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


GSMA (Global System for Mobile Communication Association) - GSM халқаро уюшмаси. Ишлаб чиқарувчини ва мобил қурилмалар моделини идентификациялаш имконини берадиган IMEI-кодлар рўйхатларини шакллантирадиган ташкилот;


IMEI (International Mobile Equipment Identifier) ёки халқаро ўзига хос идентификация коди (кейин ўринларда IMEI-код деб аталади) - 15 рақамдан иборат бўлган ва GSMA томонидан ажратиладиган, шунингдек, тармоқда GSM/UMTS/LTE стандартидаги мобил алоқа операторини идентификацияловчи серия рақами (IMEI-код SIM-карталар ишлашини таъминловчи барча мобил қурилмаларда мавжуд бўлиб, SIM-картанинг ҳар бир слотига алоҳида берилади. Агар мобил қурилмада SIM-карталарнинг икки ёки ундан кўп слотлари мавжуд бўлса, ушбу мобил қурилма икки ёки ундан ортиқ IMEI-кодларга ҳам эга бўлади);


MSISDN (Mobile Station Integrated Services Digital Network) - GSM/UMTS стандартларида алоқа учун хизматлар интеграциялаштирилган рақамли тармоқ мобил абонентининг рақами (масалан, +998 ХХ-ХХХ-ХХ-ХХ);


SIM-карта - ичига микросхема ўрнатилган идентификациялаш модули бўлиб, унинг ёрдамида абонент қурилмасини идентификациялаш, мобил алоқа тармоғида ундан фойдаланиш, шунингдек, GSM тармоғида абонент рақамидан рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилиш таъминланади;


SMS (Short Message Service) - мобил қурилма ёрдамида қисқа матнли хабарларни қабул қилиш ва узатиш имконини берадиган технология;


USSD (Unstructured Supplementary Service Data) - қисқа хабарларни узатиш режимида тармоқ абоненти ва сервис илова ўртасида интерактив ўзаро ҳамкорликни ташкил қилиш имконини берадиган GSM тармоқларидаги стандарт сервис;


абонент - мобил алоқа оператори билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш учун шартнома тузган жисмоний ёки юридик шахс;


импорт қилувчи - мобил қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиш учун олиб кирадиган тадбиркорлик субъекти;


IMEI-кодлар маълумотлар базаси - Тизим рўйхатга олувчилари, мобил алоқа операторлари, импорт қилувчилар, ишлаб чиқарувчи ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва жисмоний шахслар тақдим этадиган маълумотлар асосида Тизим оператори томонидан шакллантириладиган база. IMEI-кодлар маълумотлар базаси мобил қурилмалар IMEI-кодларининг оқ рўйхати, қора рўйхати, кул ранг рўйхати ва боғланган оқ рўйхатидан иборат;


оқ рўйхат - мобил қурилмалар IMEI-кодларининг рўйхати бўлиб, улар:

2019 йил 1 ноябргача бўлган даврда мобил алоқа операторларининг тармоқларига уларни улаш (активлаштириш) орқали автоматик режимда рўйхатга олинган;

ушбу Низомга мувофиқ рўйхатга олинган бўлади.

Оқ рўйхатга киритилган мобил қурилмаларга мобил алоқа хизматларидан мобил алоқа оператори билан тузилган шартномага ва амалдаги тарифга кўра белгиланган тартибда фойдаланишга рухсат берилади;


қора рўйхат - ушбу Низомда назарда тутилган тартибда рўйхатга олинмаган мобил қурилмалар, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ахборотига кўра йўқотилган ва ўғирланган мобил қурилмалар IMEI-кодларининг рўйхати ва мобил қурилмаларнинг клонланган ҳамда аниқланмаган IMEI-кодлар.

Қора рўйхатга киритилган мобил қурилмаларнинг абонентга қора рўйхатга киритилганлиги сабаби тўғрисида SMS-хабарномани юборган ҳолда, мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш чекланади (бир вақтнинг ўзида боғланган оқ рўйхатда бўлган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодлари бундан мустасно).

Мобил алоқа хизматларидан фойдаланишни чеклаш деганда ушбу мобил қурилма орқали исталган телекоммуникация хизматини олиш имконияти йўқлиги назарда тутилади;


кул ранг рўйхат - оқ ёки қора рўйхатларга киритилмаган, аммо мобил алоқа операторининг тармоғида биринчи тармоқ ҳодисаси пайтидан бошлаб 30 календарь кунидан кўп бўлмаган муддатга мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўладиган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодлари рўйхати;


боғланган оқ рўйхат - мобил қурилмалар IMEI-кодларининг рўйхати бўлиб, улар:

клонланган ёки аниқланмаган, аммо 2019 йилнинг 1 ноябригача бўлган даврда IMEI-кодни абонентнинг телефон рақами билан боғлаган ҳолда автоматик равишда рўйхатга олинган бўлади (IMEI - MSISDN);

GSMA талабларига жавоб берадиган, бошқа қурилма билан биргаликда IMEI-кодлар маълумотлар базасига киритилган IMEI-кодли янги мобил қурилма ҳисобланади ва IMEI-коднинг клонланганлиги аниқлангунига қадар анобнент томонидан Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчисига келиб, мобил қурилма хужжатларини IMEI-код ҳамда абонент телефон рақами билан биргаликда (IMEI - MSISDN) тақдим этилади.

Боғланган оқ рўйхатдаги IMEI-кодли мобил қурилмалардан фақат абонентларнинг боғланган мобил рақамлари томонидан фойданилади (IMEI - MSISDN);


мобил қурилма ҳужжатлари - техник паспорт, кафолат талони, мобил қурилма қутиси ёки аризада кўрсатилган мобил қурилманинг IMEI-коди рўйхатга олинадиган мобил қурилма IMEI-кодига мос келишини исботлаш учун асос бўлувчи бошқа ҳужжат;


клонланган IMEI-код - GSMA томонидан белгиланган бошқа мобил қурилма IMEI-кодининг белгилари ва рамзларини тўлиқ қайтарувчи мобил қурилманинг IMEI-коди;


мобил қурилмалар - мобил алоқа модулига эга бўлган мобил телефонлар ва қурилмалар;


аниқланмаган IMEI-код - GSMA томонидан белгиланган талабларга жавоб бермайдиган мобил қурилманинг IMEI-коди;


мобил алоқа оператори - мобил алоқа тармоғига эга бўлган, унинг қурилиши, ишлаши, ривожланишини таъминловчи ва лицензияга асосан мобил алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;


Тизим оператори - мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатга олувчи, Тизимнинг мунтазам ишлашини ва такомиллаштирилишини таъминловчи юридик шахс;


ЖШШИР - жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахснинг шахсий идетификация рақамини (ЖШШИР) аниқлаш тартибига мувофиқ унинг паспорти бўйича аниқлаш мумкин бўлган ва 14 рақамдан иборат шахсий идентификация рақами;


IMEI-кодларни текшириш - аниқланмаган ва клонланган IMEI-кодларни, шунингдек, йўқотилган ва ўғирланган мобил қурилмаларни аниқлаш учун мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини Тизим базаси билан таққослаш;


мобил қурилмаларни рўйхатга олиш - мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини Тизим оператори IMEI-кодларининг маълумотлар базасига киритиш;


Тизим рўйхатга олувчиси - мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатга олиш учун Тизим оператори билан шартнома тузган якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс;


Ўзбекистон Республикаси резиденти - Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтган юридик шахс ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган ёки исталган кетма-кет ўн икки ой давомида жами бўлиб бир юз саксон уч ва ундан кўп кун бўлган жисмоний шахс;


Ўзбекистон Республикаси норезиденти - Ўзбекистон резиденти ҳисобланмайдиган шахс;


роуминг - бир мобил алоқа операторининг абоненти бошқа мобил алоқа операторининг хизмат кўрсатиш ҳудудида бир давлат доирасида (миллий роуминг) ёки бошқа мамлакатда (халқаро роуминг) бўлганда унинг бошқа мобил алоқа операторининг тармоғидан фойдаланишини таъминловчи хизмат;


мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизими (кейинги ўринларда Тизим деб аталади) - ушбу Низомда назарда тутилган мобил қурилмаларни техник идентификациялаш параметрлари тўғрисидаги маълумотларни рўйхатга олиш, йиғиш, сақлаш ва қайта ишлаш учун фойдаланиладиган ахборот тизими;


тармоқ ҳодисаси - мобил қурилмани мобил алоқа операторининг тармоғига унинг абонент SIM-картасидан фойдаланиш орқали улаш.



2-БОБ. ТИЗИМНИНГ ВАЗИФАСИ

ВА ИМКОНИЯТЛАРИ


3. Тизим ушбу Низомнинг талабларига кўра мобил қурилмаларни рўйхатга олиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойданилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган барча мобил қурилмаларнинг IMEI-кодлари тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган ягона маълумотлар базасини яратиш, шунингдек, мобил қурилмалар IMEI-кодларининг оқ, кул ранг, қора, боғланган оқ рўйхатларини шакллантириш ва таъминлаш учун мўлжалланган.


4. IMEI-кодларни текшириш ва мобил қурилмаларни рўйхатга олиш билан боғлиқ барча жараёнлар Тизим ёрдамида амалга оширилади.


5. Импорт қилувчилар ва жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қурилмани ҳарид қилишдан аввал IMEI-коднинг мақомини текшириш ва аниқланмаган, клонланган, йўқотилган ва ўғирланган мобил қурилмаларни аниқлаш учун IMEI-кодларнинг маълумотлар базасига SMS/USSD сўров юборишлари ёки www.uzimei.uz манзил бўйича Тизим операторининг сайтига мурожаат қилишлари мумкин.

Мобил қурилманинг IMEI-кодини рўйхатга олиш ва мақомини текшириш билан боғлиқ Тизим операторидан барча SMS-хабарлар ва абонентлардан SMS/USSD сўровлар бепул асосда амалга оширилади.



3-БОБ. МОБИЛ ҚУРИЛМАЛАРНИ РЎЙХАТГА

ОЛИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


6. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойданилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш мажбурий ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро роумингда бўлган мобил қурилмалар бундан мустасно.


7. Клонланган ва аниқланмаган IMEI-кодли мобил қурилмалар Тизимда рўйхатга олинмайди.


8. Мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимида рўйхатга олиниши керак бўлган мобил қурилмалар турларининг рўйхати ушбу Низомга 1-иловада берилади.

Мобил қурилмаларни рўйхатга олиш ушбу Низомнинг 4, 5 ва 6-бобларида кўрсатилган талабларга мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчисига қилган мурожаатлари бўйича амалга оширилади.


9. Аввал рўйхатга олинган мобил қурилмалар қайта рўйхатга олинмайди.


10. Давлат томонидан қўриқланиши керак бўлган шахсларнинг хавфсизлиги, мамлакатда мудофаа қобилияти, хавфсизлик ва ички тартибни таъминлаш ва фавқулодда вазиятлар ҳолатида эҳтиёжларни таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатга олиш ваколатли органларнинг тегишли мурожаатлари бўйича алоҳида тартибда амалга оширилади.



4-БОБ. ИМПОРТ ҚИЛУВЧИ ВА ИШЛАБ

ЧИҚАРУВЧИ ТАШКИЛОТ ТОМОНИДАН

МОБИЛ ҚУРИЛМАЛАРНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ


11. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига/ҳудудида импорт қилувчилар томонидан олиб кириладиган ва ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш ушбу Низомга 2-иловадаги схема бўйича амалга оширилади.


12. Экспорт қилиш учун ишлаб чиқарилган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодлари рўйхатга олинмайди.


13. Импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи ташкилотлар (кейинги ўринларда ариза берувчи деб аталади) мобил қурилмаларни рўйхатга олишни:

Тизим операторига ўзи келиб мурожаат этиш орқали;

Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) орқали амалга оширишлари мумкин.


14. Мобил қурилмаларни рўйхатга олиш учун ариза берувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудига/ҳудудида олиб кирилган/ишлаб чиқарилган мобил қурилмаларнинг маркаси, модели, сони ва IMEI-кодлари кўрсатилган ҳолда, тегишли равишда ариза берувчининг турига қараб, ушбу Низомга ёки 3б-иловалардаги шаклга мувофиқ тўлдирилган анкетани тақдим этади.

Импорт қилувчилар анкетада олиб кирилган қурилмалар тўплами учун юк божхона декларациясининг (кейинги ўринларда ЮБД деб аталади) рақами ва санасини кўрсатади. Агар импорт қилувчи томонидан анкетада кўрсатилган ахборот ЮБДда акс эттирилган ахборотга мос келмаса, қурилмаларнинг бутун тўплами рўйхатга олинмайди.

Бунда мобил қурилмаларнинг маркаси, модели, сони тўғрисидаги ахборот ва улар IMEI-кодларининг рўйхати ариза берувчилар томонидан электрон кўринишда тақдим этилади.


15. Рўйхатга олиш учун ўзи келиб мурожаат қилиш тартибида тўлдирилган анкета Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчисининг масъул шахси томонидан қабул қилинади.

Масъул шахс томонидан ЯИДХП орқали электрон шаклда тақдим этилган мобил қурилмани рўйхатга олиш тўғрисидаги анкета унинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан қабул қилинади, шунингдек, рўйхат рақами берилган ҳолда автоматик равишда ЯИДХПда рўйхатга олинади.


16. Рўйхатга олиш учун ариза берувчи томонидан тақдим этиладиган мобил қурилмаларнинг сони чекланмаган.


17. Ариза берувчидан ушбу Низомнинг 14-бандида назарда тутилмаган ҳужжатлар ва маълумотларнинг тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


18. Мобил қурилмаларни рўйхатга олиш учун ушбу Низомнинг 14-бандида назарда тутилмаган қўшимча маълумотларни олиш зарур бўлганда, Тизим оператори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2014 йил 31 декабрдаги 377-сон қарори билан белгиланган тартибда бошқа ваколатли органлардан мустақил равишда уларни сўрайди ва олади.

Мобил қурилмаларни рўйхатга олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотга эга бўлган давлат органлари тегишли идоралараро сўровни олган пайтдан бошлаб бир иш куни ичида бундай ҳужжатлар ва ахборотни (архив маълумотларидан ташқари) тақдим этишга мажбур.


19. Ишончли бўлмаган ёки нотўғри маълумотлар берганлиги учун ариза берувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


20. Ариза берувчининг анкетасини кўриб чиқиш ва мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатга олиш 3 (уч) иш куни ичида амалга оширилади.


21. Рўйхатга олиш жараёни тугаганидан кейин Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчиси 1 иш куни ичида белгиланган тартибда ариза берувчига тўлаш учун ҳисобни тақдим этади.


22. Ариза берувчи томонидан тўлов амалга оширилгандан кейин Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчиси 1 иш куни ичида барча IMEI-кодларни оқ рўйхатга киритади ва агар мавжуд бўлса, рўйхатга олиб бўлмайдиган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодлари рўйхатини кўрсатган ҳолда, ариза берувчини анкетада кўрсатилган усул орқали рўйхатга олиш тугаганлиги тўғрисида хабардор қилади.



5-БОБ. ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР ТОМОНИДАН

МОБИЛ ҚУРИЛМАЛАРНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ


23. Абонентлар томонидан фойданиладиган ва 2019 йилнинг 1 ноябригача тармоқда актив (уланган) ҳолатда бўлган барча мобил қурилмалар рўйхатга олинади ва Тизим оператори IMEI-кодларининг маълумотлар базасига автоматик равишда киритилади (улар эгаларининг ҳеч қандай қўшимча аризалари талаб этилмайди).


24. Жисмоний шахслар томонидан Тизим операторининг базасида импорт қилувчилар ёки ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан аввал рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиб олинган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш талаб этилмайди.


25. Жисмоний шахс томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш ушбу Низомга 4-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.


26. Жисмоний шахслар томонидан, шу жумладан халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали олиб кирилган мобил қурилмалар дастлабки муваффақиятли тармоқ ҳодисаси кунидан бошлаб 30 календарь куни давомида рўйхатга олинади.


27. Мобил алоқа оператори мобил қурилмаси дастлабки муваффақиятли тармоқ ҳодисасидан ўтган абонентни 30 календарь куни давомида ушбу мобил қурилмани рўйхатга олиш зарурлиги ва кўрсатилган муддат тугаганидан кейин рўйхатга олинмаганда, унинг мобил алоқа хизматларидан фойдаланиши чекланиши тўғрисида хабардор қилиш чораларини кўради.

Хабар дастлабки муваффақиятли тармоқ ҳодисаси пайтида ва 30 кун муддат тугашидан беш кун олдин давлат, рус ва инглиз тилларида SMS-хабар жўнатиш орқали берилади.


28. Жисмоний шахслар мобил қурилмаларни рўйхатга олишни қуйидагича амалга оширишлари мумкин:

Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчисига ўзи келиб мурожаат этган ҳолда;

мобил алоқа тизимлари орқали (SMS ва/ёки USSD сўровлар);

почта алоқаси орқали;

ЯИДХП ёки Тизим оператори сайти орқали.

Жисмоний шахслар томонидан халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали олиб кирилган мобил қурилмалар фақат Тизим оператори ёки Рўйхатга олувчисига ўзи келиб мурожаат этиш орқали почта идентификаторининг штрих коди ва календарь штемпели бўлган конверт тақдим этилган ҳолда амалга оширилади.


29. Мобил қурилмаларни рўйхатга олиш учун жисмоний шахс қуйидагиларни тақдим этади:

ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ шакл бўйича тўлдирилган Анкетани, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган мобил қурилмаларнинг маркаси, модели, сони ва IMEI-кодлари;

ўзи келиб мурожаат этганда - Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчиси томонидан нусхани олиш учун фуқаролик паспортини;

анкета ЯИДХП орқали электрон шаклда тақдим этилганда жисмоний шахсдан фуқаролик паспорти ва электрон рақамли имзоси талаб этилмайди;

SMS орқали - абонент рўйхатдан ўтказиладиган мобил қурилманинг IMEI-коди ва ариза берувчининг ЖШШИР киритилган SMS-хабарни махсус рақамга юборади;

USSD сўрови орқали - абонент рўйхатдан ўтказиладиган мобил қурилманинг IMEI-коди ва ариза берувчининг ЖШШИР киритилган махсус USSD сўровини амалга оширади;

Тизим операторининг сайтида - абонент рўйхатдан ўтказиладиган мобил қурилманинг IMEI-коди, ариза берувчининг ЖШШИР ва телефон рақамини кўрсатади.


30. Рўйхатга олиш учун ўзи келиб мурожаат этиш тартибида тўлдирилган Анкета Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчисининг масъул шахси томонидан қабул қилинади.

Жисмоний шахс томонидан электрон шаклда ЯИДХП орқали тақдим этилган мобил қурилмани рўйхатга олиш тўғрисидаги Анкета унинг қабул қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан қабул қилинади, шунингдек, рўйхатга олиш рақами берилган ҳолда ЯИДХПда автоматик равишда рўйхатга олинади.


31. Жисмоний шахслар томонидан рўйхатга олиш учун кўрсатилган мобил қурилмалар олиб кирилган, шу жумладан халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали келтирилган мобил қурилмалар сони жисмоний шахслар учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган божхона чегараси орқали товарларни божсиз олиб киришнинг чекланган нормаларидан ошмаслиги лозим.

Жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар (сана, усул ва бошқа) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан электрон ахборот алмашиш орқали мурожаат этилган сана ва жисмоний шахснинг шахсий идентфикацион рақами қайд этилган ҳолда текширилади.

Божхона чегарасидан товарларни божсиз олиб кириш нормаларига риоя қилинмаган ҳолда, рўйхатдан ўтказиш божхона тўловлари импорт қилувчи сифатида тўлангандан сўнг амалга оширилади.


32. Жисмоний шахсдан ушбу Низомнинг 29 ва 31-бандларида назарда тутилмаган ҳужжатлар ва маълумотларнинг тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


33. Мобил қурилмаларни рўйхатга олиш учун ушбу Низомнинг 29 ва 31-бандларида назарда тутилмаган қўшимча маълумотларни олиш зарур бўлганда, Тизим оператори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2014 йил 31 декабрдаги 377-сон қарори билан белгиланган тартибда бошқа ваколатли органлардан мустақил равишда уларни сўрайди ва олади.

Мобил қурилмаларни рўйхатга олиш учун зарур бўлган ҳужжатлари ва ахбороти мавжуд бўлган давлат органлари тегишли идоралараро сўровни олган пайтдан бошлаб бир иш куни ичида бундай ҳужжатлар ва ахборотни (архив маълумотларидан ташқари) тақдим этишга мажбур.


34. Ишончли бўлмаган ёки нотўғри маълумотлар тақдим этганлиги учун жисмоний шахс қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


35. Жисмоний шахснинг Анкетасини кўриб чиқиш ва мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатга олиш 3 (уч) иш соати ичида амалга оширилади.


36. Рўйхатга олиш тугаганидан кейин Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчиси 1 иш соати ичида белгиланган тартибда жисмоний шахсга ҳисобни тақдим этади.


37. Жисмоний шахс томонидан тўлов амалга оширилгандан кейин Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчиси 1 иш соати ичида барча IMEI-кодларни оқ рўйхатга киритади ва агар мавжуд бўлса, рўйхатга олиб бўлмайдиган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодлари рўйхатини кўрсатган ҳолда, жисмоний шахсни анкетада кўрсатилган усул орқали рўйхатга олиш тугаганлиги тўғрисида хабардор қилади.


38. Рўйхатга олиш тўғрисидаги Анкетани кўриб чиқиш даврида жисмоний шахснинг мобил қурилмаси алоқа хизматларини чекламасдан, кул ранг рўйхатда туради.



6-БОБ. НОРЕЗИДЕНТЛАР ТОМОНИДАН

МОБИЛ ҚУРИЛМАЛАРНИНГ

РЎЙХАТГА ОЛИНИШИ


39. Норезидентларга дастлабки тармоқ ҳодисаси пайтидан бошлаб 30 календарь кун муддатида мобил алоқа хизматларидан фойдаланишга рухсат берилади.


40. Мобил алоқа оператори маҳаллий мобил алоқа операторининг SIM-картаси ўрнатилган мобил қурилмаси дастлабки муваффақиятли тармоқ ҳодисасидан ўтган норезидентни мобил қурилмадан 30 календарь кун давомида рўйхатга олинмасдан фойдаланиши мумкинлиги ва кўрсатилган муддат тугаганидан кейин рўйхатга олинмаганда мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш чекланиши тўғрисида хабардор қилиш чораларини кўради.

Хабар бериш дастлабки муваффақиятли тармоқ ҳодисаси пайтида ва 30 кун муддат тугашидан беш кун олдин рус ва инглиз тилларида SMS-хабарни жўнатиш орқали амалга оширилади.


41. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 30 календарь кундан ортиқ бўлган Ўзбекистон Республикаси норезидентлари мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари - жисмоний шахслар учун мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатга олиш тартибига мувофиқ Тизим оператори ёки Рўйхатга олувчисига ўзи келиб мурожаат этиш орқали рўйхатдан ўтказишлари зарур.



7-БОБ. МОБИЛ ҚУРИЛМАЛАРНИНГ

IMEI-КОДЛАРИНИ РЎЙХАТГА

ОЛИШ УЧУН ТЎЛОВ


42. Тизимда рўйхатга олиниши керак бўлган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатга олиш учун тўлов миқдорлари ушбу Низомга 6-иловада келтирилган.


43. Мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатга олиш учун тўлов Тизим операторининг махсус ҳисобрақамига келиб тушади ва келгусида ушбу маблағлар республика телекоммуникация инфратузилмасини, шу жумаладан қишлоқ ва чекка ахоли пунктлари, туристик ва рекреацион ҳудудларда ривожлантириш лойиҳаларини, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ давлат органларида амалга оширилаётган ахборот-коммуникация технологиялари жорий этиш лойиҳаларини мақсадли молиялаштириш учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади, Тизим оператори ўз фаолиятини юритиши учун унинг тасарруфида қолдириладиган маблағлар бундан мустасно.


44. Мобил қурилмада биттадан ортиқ IMEI коди бўлган тақдирда, рўйхатга олиш тўлови ҳар бир IMEI-код учун алоҳида амалга оширилади.



8-БОБ. ТИЗИМ ОПЕРАТОРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


45. Тизим оператори қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Тизимга кира олиш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилаш;

ахборот алмашиш учун белгиланган тартибда Тизимнинг бошқа ахборот тизимлари билан интеграциялашувини амалга ошириш;

мобил алоқа операторларидан зарур техник ахборотни, шу жумладан мобил қурилманинг ишлаш маълумотларини, реал вақт режимида мобил қурилма, шунингдек, тизим ишлаши доирасида белгиланган даврийлик билан амалга оширилган тармоқ ҳодисалари ва активлик параметрларини сўраш;

мобил алоқа операторларининг маблағлари ҳисобидан Тизимнинг ишлаши доирасида зарур ишларни бажариш бўйича мобил алоқа операторларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

мобил алоқа операторларининг тармоқларидаги Тизимнинг ишлашига таъсир кўрсатувчи камчиликларни уларнинг маблағлари ҳисобидан бартараф этиш бўйича мобил алоқа операторларининг фаолиятини мувофиқлаштириш.

Тизим оператори қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


46. Тизим оператори қуйидагиларга мажбур:

мобил алоқа операторлари билан биргаликда Тизим модулларини уларнинг ахборот тизимларига интеграциялаштириш;

Тизимнинг узлуксиз ишлаши ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

мобил алоқа операторларини Тизимнинг техник носозликлари тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш.

Тизим оператори қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.


47. Тизим оператори қуйидагиларга жавобгар бўлади:

Тизимнинг узлуксиз ишлаши ва ахборот хавфсизлиги;

махфий ахборотни тарқатмаслик ва уларни муҳофаза қилиш бўйича зарур чора-тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши.



9-БОБ. БОШҚА ИДОРАЛАР БИЛАН

ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК


48. Тизимнинг бошқа идоралар ва манфаатдор ташкилотлар билан ахборот алмашиш тартиби ва ўзаро ҳамкорлик қилиш шартлари ташкилотлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ўртасида тузилган ўзаро ҳамкорлик бўйича алоҳида шартномалар/келишувлар билан белгиланади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


49. Давлатнинг, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг хавфсизлиги ва мудофаа қобилиятини таъминлаш ҳамда ўта муҳим ижтимоий-сиёсий чора-тадбирларни ўтказишда Тизим оператори ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг сўрови бўйича мобил қурилмалар ишини мажбурий тўхтатиб туриш ва қайта тиклашни амалга оширади.


50. Ушбу Низомнинг талабларини бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

1-ИЛОВА



Мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос

идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш

тизимида рўйхатга олиниши керак бўлган

мобил қурилмалар турлари

РЎЙХАТИ

   

Т/р

GSM ассоциацияси базаси бўйича

мобил қурилмаларнинг номи

Рўйхатга олиш жараёни

1

SIM-модулли планшетлар (TABLET)

Рўйхатдан ўтказиш Тизим операторига мурожаат қилиш орқали амалга

оширилади

2

SIM-модулли смартфонлар (SMARTPHONE)

3

SIM-модулли мобил/функционал телефонлар (MOBILE PHONE /FEATURE PHONE)

4

SIM-модулли портатив қурилмалар, шу жумладан ЧШК (чўнтак шахсий компьютери) (PORTABLE (INCLUDED PDA)

5

Кўчма қурилмалар (HANDHELD)

(кнопкали телефонлар)

6

SIM-модулли адаптерлар (DONGLE)

Рўйхатдан ўтказиш биринчи тармоқ ҳодисасидан сўнг фойдаланувчи иштирокисиз Тизим оператори томонидан автоматик равишда амалга оширилади

7

SIM-модулли WLAN роутерлари (WLAN ROUTER)

8

IoT қурилмалари (IoT DEVICE)

Интернет буюмлари қурилмалари, машиналараро ўзаро ишлаш қурилмалари (SIM-модулли электр энергияси ҳисоблагичлари)

9

SIM-модулли транспорт воситалари (VEHICLE)

10

SIM-модулли электрон китоблар (E-BOOK)

11

Алоқа модуллари (MODULE)

GSM/GPRS ва GPS модули бўлган қурилмалар, (SIM-модулли GPS-трекерлари ва POS-терминаллар)

12

Компьютерлар (CONNECTED COMPUTER)

(SIM-модулли ноутбуклар)

13

SIM-модулли модемлар (MODEM)

14

SIM-модулли олиб юриладиган қурилмалар (WEARABLES)

(соатлар, фитнес-браслетлар)





Низомга

2-ИЛОВА



Импорт қилувчи ва ишлаб чиқарувчи ташкилот

томонидан мобил қурилмаларни рўйхатга олиш

СХЕМАСИ

     

Бос?ичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари



























1-босқич

Иморт қилувчи ёки ишлаб чиқарувчи ташкилот (Ариза берувчи)

Талаб этиладиган  барча ҳужжатларни тақдим этиш

(ушбу Низомнинг 14-бандига мувофиқ)

Зарур

бўлганда



























2-босқич

Тизим оператори

ёки Тизим рўйхатга олувчиси

Ариза берувчиларнинг Анкеталарини кўриб чиқиш, Тизимда мобил қурилмаларни рўйхатга олиш

3-иш куни мобайнида



























3-босқич

Тизим оператори

ёки Тизим рўйхатга олувчиси

Мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатга олиш учун тўловга ҳисоб тақдим этиш

Тизимда рўйхатга олингандан сўнг

1-иш куни мобайнида




























4-босқич

Тизим оператори

ёки Тизим рўйхатга олувчиси

Мобил қурилмаларни оқ рўйхатга киритиш, ариза берувчини рўйхатга олиш тугалланганлиги тўўрисида хабардор қилиш (Анкетада кўрсатилган усулда)

Тўлов амалга оширилгандан сўнг

1-иш куни мобайнида

     





Низомга

3а-ИЛОВА



(Намуна)



Тизим

Операторига/Рўйхатга олувчисига

АНКЕТА

(ишлаб чиқарувчи ташкилот томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида

сотишга мўлжалланган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш учун)

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилган _________ бирликдаги мобил қурилмалар учун IMEI-кодларини рўйхатга олишингизни сўрайман:

   

Т/р

IMEI

Мобил қурилмани ишлаб чиқарувчи

Мобил қурилма модели

1




2



















Хабар бериш усули:

+998 _____________ номерига SMS юбориш;

__________@__________ электрон почта манзилига хабар юбориш;

_____________________________________________________________________________________ манзили бўйича почта жўнатмаси орқали билдиришнома юбориш.



Ариза берувчининг реквизитлари

Масъул шахснинг Ф.И.О.______________________________

_____________________________________________________

Ташкилот СТИР: _____________________________________

ҳ/р: __________________________________________________

Телефон: _____________________________________________



20____й. "____" _______



(имзо)

(тўлдирилган сана)





Низомга

3б-ИЛОВА



(Намуна)



Тизим

Операторига/Рўйхатга олувчисига

АНКЕТА

(импорт қилувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида

сотиш учун мўлжалланган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш учун)

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига 20____й. "____" __________ даги __________________-сон ЮБДга мувофиқ олиб кирилган _________ бирликдаги мобил қурилмалар учун IMEI-кодларини рўйхатга олишингизни сўрайман:

  

Т/р

IMEI

Мобил қурилмани ишлаб чиқарувчи

Мобил қурилма модели

1




2



















Хабар бериш усули:

+998 _____________номерига SMS юбориш;

__________@__________ электрон почта манзилига хабар юбориш;

____________________________________________________________ манзили бўйича почта жўнатмаси орқали билдиришнома юбориш.



Ариза берувчининг реквизитлари

Масъул шахснинг Ф.И.О.______________________________

_____________________________________________________

Ташкилот СТИР: _____________________________________

ҳ/р: __________________________________________________

Телефон: _____________________________________________



20____й. "____" _______



(имзо)

(тўлдирилган сана)





Низомга

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний

шахслар томонидан олиб кирилган мобил

қурилмаларни рўйхатга олиш

СХЕМАСИ


Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари



























1-босқич

Жисмоний шахс

Талаб қилинадиган барча ҳужжатларни тақдим этиш (ушбу Низомнинг 29 ва 31-бандларига мувофиқ)

Биринчи тармоқ ҳодисаси кунидан бошлаб 30 календарь куни мобайнида



























2-босқич

Тизим оператори ёки

Тизим рўйхатга олувчиси

Жисмоний шахснинг анкетасини кқриб чиқиш, мобил қурилмаларни Тизимда рўйхатга олиш

3-иш соати мобайнида



























3-босқич

Тизим оператори ёки

Тизим рўйхатга олувчиси

Мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатга

олиш учун тўловга ҳисобни тақдим этиш

Тизимда рўйхатга олингандан кейин 1-иш соати мобайнида



























4-босқич

Тизим оператори ёки

Тизим рўйхатга олувчиси

Мобил қурилмаларни оқ рўйхатга киритиш, жисмоний шахсни рўйхатга олиш тугалланганлиги тўғрисида хабардор қилиш (анкетада кўрсатилган усулда)

Тўлов амалга оширилгандан сўнг

1-иш соати мобайнида

     





Низомга

5-ИЛОВА



(Намуна)



Тизим

Операторига/Рўйхатга олувчисига


АНКЕТА

(жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига

олиб кирилган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш учун)



Шахсий фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикасига олиб кирилган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказишингизни сўрайман:


Т/р

IMEI

Мобил қурилмани

ишлаб чиқарувчи

Мобил қурилма модели

1.




2.




...




...




...




...




Хабар бериш усули:

+998 _____________ номерига SMS юбориш;

хабарни __________@__________ электрон почта манзилига юбориш;

_____________________________________________________________________ манзили бўйича почта жўнатмаси орқали билдиришнома юбориш.



Ариза берувчининг реквизитлари



(жисмоний шахснинг Ф.И.Ш.)



Паспорт серияси _______ N ________________________________

Ким томонидан ва қачон берилган _________________________

_________________________________________________________



20____й. "____" _______



(имзо)

(тўлдирилган сана)





Низомга

6-ИЛОВА



Мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини

рўйхатга олиш учун тўлов

МИҚДОРЛАРИ

т/р

Ариза берувчи

Мобил қурилманинг битта IMEI-кодини рўйхатга олиш учун тўлов миқдори

Изоҳ

1

Импорт қилувчи

БҲМнинг 20% *


2

Ишлаб чиқарувчи**

БҲМнинг 10%

3

Жисмоний шахс

(резидент)

БҲМнинг 20%

Дастлабки тармоқ ҳодисаси пайтидан бошлаб 30 календарь куни мобайнида рўйхатга олиш шарти билан

БҲМнинг 25%

Дастлабки тармоқ ҳодисаси пайтидан бошлаб 30 календарь куни ўтгандан кейин рўйхатга олинганда

4

Жисмоний шахс

(норезидент)

Бепул

Чет эл SIM-картасидан (роумингдан) фойдаланилганда

Бепул

Маҳаллий мобил алоқа операторининг SIM-картасидан 30 календарь кунигача фойдаланилганда

БҲМнинг 20%

Маҳаллий мобил алоқа операторининг SIM-картасидан 30 календарь куни тугаганидан сўнг фойдаланилганда

   

*) БҲМ - базавий ҳисоблаш миқдори.


**) Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи субъект.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 18 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 23 сентябрь, 38-сон, 701-модда