ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Аҳоли / Миллатлараро муносабатлар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.11.2019 й. ПФ-5876-сон "Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

15.11.2019 й.

N ПФ-5876



МИЛЛАТЛАРАРО МУНОСАБАТЛАР

СОҲАСИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ДАВЛАТ СИЁСАТИ КОНЦЕПЦИЯСИНИ

ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


Сўнгги йилларда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири - жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли катта ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қоидалари турмушга фаол татбиқ этилмоқда, бу қоидалар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари миллатидан қатъи назар Ўзбекистон халқини ташкил этишини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ўзининг ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг тили, урф-одати ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлишни, уларни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилишини эълон қилади ва кафолатлайди.

Ушбу мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилган бўлиб, у ўз фаолиятини юритмоқда ҳамда жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш бўйича давлат сиёсатини изчил амалга ошириб келмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элатларнинг вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари тақдим этган тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ва ижтимоий соҳада, илм-фан ва маданият соҳаларида самарали меҳнат қилиб, Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига ва унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга, республиканинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва имижини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Амалга оширилаётган устувор йўналишлар суръатини, кенг кўламли демократик ислоҳотларни, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий жиҳатдан эркинлаштириш ва жамият ҳаётининг бошқа жабҳаларида эришилган салмоқли муваффақиятлар таҳлили Ўзбекистон халқи ягона ғоя - Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича олижаноб мақсадлар ва ғоят муҳим вазифаларга эришишдан иборат ягона мақсад атрофида бирлашганлигини таъкидлаш учун барча асосларни беради.

Шу билан бирга, халқаро ва минтақавий муносабатларда давом этаётган глобаллашув ва трансформация, дунёда иқтисодий, сиёсий, миллий, диний ва бошқа зиддиятлар кучайиб, ахборот ва кибермаконларида қарама-қарши кураш ортиб бораётган бир шароитда миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида ўз ечимини тақозо этаётган бир қатор долзарб масалалар сақланиб қолмоқда, қуйидагилар шулар жумласидан:

миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида давлат органлари ва ташкилотларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик даражасини янада ошириш;

жамиятда юзага келиши мумкин бўлган можароли вазиятлар ва ихтилофларнинг барвақт олдини олиш ва уларни профилактика қилиш бўйича фаолиятни ташкил этиш асоси сифатида жойларда миллатлараро муносабатлар ҳолатини мониторинг қилиш тизими ва механизмларини йўлга қўйиш;

миллатлараро муомала маданиятини тарбиялаш, Ўзбекистон халқининг тарихи ва анъаналарини ўрганиш бўйича таълим, ахборот ва маданий-маърифий чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш;

миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида давлат органлари мутахассисларини, шунингдек, бошқа ташкилотлар ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги ишларни такомиллаштириш.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини изчил амалга ошириш ва янада такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:


1. Қуйидагилар миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини амалга ошириш жараёнида давлат органлари ва ташкилотларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан, шу жумладан оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштириш;

миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш, республикамизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини самарали амалга ошириш учун қўшимча ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш;

жамиятда кўп миллатли катта оила ҳис-туйғусини, республикамизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари камситилишига йўл қўймаслик;

миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, мамлакат ҳудудида ва ундан ташқарида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида халқаро ҳамкорликни ва чет мамлакатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантириш, ватандошларни қўллаб-қувватлаш ва хориждаги ўзбек диаспоралари билан яқин ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги обрў-эътибори ва имижини ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг давлат ва жамиятни ривожлантиришдаги устувор мақсадларни, илғор хорижий тажрибани эътиборга олган ҳолда миллатлараро муносабатларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш.


2. Қуйидагилар:

Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) 1-иловага мувофиқ;

2019-2021 йилларда Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" (кейинги ўринларда - "Йўл харитаси") 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, Концепция ва "Йўл харитаси"ни сифатли ва ўз вақтида бажарилишини мувофиқлаштириш ҳамда мониторинг қилиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси (кейинги ўринларда - Қўмита) томонидан амалга оширилади.

3. Қўмитанинг унинг тузилмасида илмий-амалий тадқиқотлар, методика ва экспертиза бўлими ўрнига юридик шахс тузмасдан, штатдаги ходимлар сони 4 нафардан иборат Миллатлараро муносабатлар бўйича илмий-амалий тадқиқотлар марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Қуйидагилар ташкил этилаётган Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

миллатлараро муносабатлар соҳасида тизимли асосда илмий, шу жумладан ижтимоий тадқиқотлар, шунингдек, мазкур йўналишдаги жараёнлар ривожининг мониторингини олиб бориш;

миллатлараро муносабатлар соҳасида илмий мақолалар, китоблар, илмий-тадқиқот материаллари, ахборот-таҳлилий шарҳлар тайёрлаш ва эълон қилиш;

етакчи маҳаллий ва хорижий олимлар, экспертлар ва мутахассислар иштирокида миллатлараро муносабатлар соҳасида илмий-назарий ва илмий-амалий конференциялар, анжуманлар, семинарлар, давра суҳбатлари, маърузалар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;

миллатлараро муносабатлар соҳасидаги муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этишда хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда Ўзбекистон шароитида ана шу тажрибадан фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда миллатчилик оқибатида юзага келиши мумкин бўлган можароли вазиятлар ва ихтилофларнинг барвақт олдини олиш ва уларни профилактика қилиш, шунингдек, мазкур соҳадаги хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича таклифлар ва тавсиялар тайёрлаш.


4. Қўмита бир ой муддатда:

бошқарув ходимларининг Қўмита зиммасига юкланган вазифаларни профессионал даражада амалга оширишга қодир бўлган, зарур назарий билимлар ва амалий кўникмаларга эга малакали кадрлар билан тўлдирилишини;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда давлат органлари ходимларининг, шунингдек, миллатлараро муносабатлар соҳасида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг (улар розилиги билан) малакасини ошириш бўйича махсус курслар ташкил этилишини таъминласин.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари зиммасига:

миллий маданий марказларни ривожлантиришга, улар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга, жамиятда миллатлараро тотувликни таъминлашда уларнинг салоҳиятини тўла-тўкис амалга оширишга қаратилган таклифларни тайёрлаш;

миллатлараро тотувликнинг ҳолати ва уни ривожлантириш тенденциялари тўғрисида тегишли ахборот, ахборот-таҳлилий ҳужжатлар, ҳисоботлар тайёрлаш ва уларни кейинчалик Қўмитага киритиш вазифалари юклансин.


6. Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини амалга оширишни таъминлаш бўйича Комиссия (кейинги ўринларда - Комиссия) тузилсин ва унинг таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

жамиятда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқодлари, ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдидаги тенглигини таъминлашга қаратилган миллатлараро муносабатларни такомиллаштириш ва тартибга солиш;

миллатлараро муносабатлар соҳасида ишлар ҳолатини жойларга чиқиб тизимли ўрганилишини ташкиллаштириш, Концепция ва "Йўл харитаси"ни амалга оширишда Қўмита, шунингдек, вазирлик ва идоралар фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, қилинган ишлар тўғрисида уларнинг раҳбарлари ҳисоботларини доимий равишда эшитиш.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

2020 йил 1 январга қадар миллатлараро муносабатлар соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этишни назарда тутувчи чора-тадбирлар комплексини;

2020 йил 1 февралга қадар миллатлараро муносабатлар соҳасида юзага келиши мумкин бўлган можароли вазиятлар ва ихтилофларнинг барвақт олдини олиш ва уларни профилактика қилиш мақсадида мазкур соҳа ҳолатини мониторинг қилиш тизимини ташкил этиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини тасдиқласин.


8. Қўмита манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш мақсадида дўстлик жамиятлари фаолияти такомиллаштирилишини назарда тутувчи чора-тадбирлар комплексини;

миллий маданий марказларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга ҳамда миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсатни амалга оширишда уларнинг ролини кучайтиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Қўмита:

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 октябрдаги 336-сон қарори билан тасдиқланган Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига;

вазирлик ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари (бир нусхада) мажбурий тарқатиладиган ташкилотлар рўйхатига;

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг статистика ахбороти мажбурий тарқатиладиган реестрга киритилсин.


10. Қуйидагиларга:

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг раҳбарларига - Концепция ва "Йўл харитаси"да белгиланган тадбирларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши ҳамда уларнинг амалга оширилиши тўғрисида Қўмитага ҳар чоракда ахборот тақдим этилиши юзасидан;

давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари - дўстлик жамиятлари раисларига - раҳбарлик қилаётган органлар ва ташкилотларнинг маъмурий биноларида хизмат хоналари дўстлик жамиятларига беғараз берилиши, шунингдек, белгилаб қўйилган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун барча зарур шароитлар яратилиши юзасидан;

Қўмита раиси Р.Д. Қурбоновга - Концепция ва "Йўл харитаси" амалга оширилиши тўғрисидаги йиғма ахборот мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича аниқ таклифлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда тақдим этилиши юзасидан шахсан жавобгар эканликлари кўрсатиб ўтилсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ушбу Фармоннинг мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил қилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-2993-сон қарорига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.


13. Қўмита манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


14. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                 Ш. Мирзиёев





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 15 ноябрдаги

ПФ-5876-сон Фармонига

2-ИЛОВА



2019-2021 йилларда Миллатлараро муносабатлар

соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати

концепциясини амалга ошириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Т/р

Тадбирларнинг номланиши

Амалга ошириш механизмлари

Амалга ошириш муддатлари

Масъул ижрочилар

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МИЛЛАТЛАРАРО МУНОСАБАТЛАР СОҲАСИДАГИ

ДАВЛАТ СИЁСАТИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЛАРИ,

МАҲАЛЛИЙ ИЖРО ЭТУВЧИ ҲОКИМИЯТ ОРГАНЛАРИНИНГ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ

ИНСТИТУТЛАРИ, ШУ ЖУМЛАДАН ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ БИЛАН ЎЗАРО

ҲАМКОРЛИК МЕХАНИЗМЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА ХОРИЖИЙ МАМЛАКАТЛАР

БИЛАН ДЎСТЛИК АЛОҚАЛАРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ

1.

Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик механизмларини такомиллаштириш.

1. Фуқароларнинг этномаданий талабларини ўрганиш, аниқлаш ва қаноатлантиришга, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга, миллатчилик оқибатида юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олишга кўмаклашаётган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси (кейинги ўринларда - ММХМДАҚ) қошидаги Жамоатчилик кенгашининг ролини ошириш.

2019 йил

1 декабргача


ММХМДАҚ (Р.Курбанов), СМТИ (Э.Арипов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Фуқаролик жамияти институти билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган илмий-маърифий тадбирларни тайёрлаш ва амалга ошириш.

2019-2021 йиллар давомида

2.

Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати амалга оширилиши учун масъул бўлган давлат органлари фаолияти устидан жамоат назоратини кучайтириш.

1. Мамлакатнинг нодавлат нотижорат ташкилотларини миллатлараро муносабатлар соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти устидан жамоат назоратини таъминлаш жараёнига жалб этиш бўйича ММХМДАҚ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Фуқаролик жамиятини ривожлантириш марказининг қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш.


2. Ишлаб чиқилган қўшма ҳаракатлар режасини миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари вакиллари иштирокида муҳокама қилиш.


3. Ҳаракатлар режасини тасдиқлаш ва амалга ошириш.

2019 йил

1 декабргача


ММХМДАҚ (Р.Курбанов), ЎзННТМА (Н.Алимов), "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати (А.Бурханов), ФЖРМ (Р.Камилов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

3.

Миллатлараро муносабатлар соҳасида илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашиш.

1. Миллатлараро муносабатлар соҳасида илмий-тадқиқот ва инновацион тадқиқотларнинг мавзуларини белгилаш.


2. Миллатлараро муносабатлар соҳасида илмий-тадқиқот ва инновацион тадқиқотлар танловини ўтказиш.


3. Танлов ғолибларини аниқлаш ва уларга лойиҳани амалга ошириш учун грант маблағлари ажратиш.


4. Лойиҳани амалга ошириш доирасида тадқиқотлар ўтказиш.


5. Илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишда ҳар томонлама ҳуқуқий ва ташкилий-техник ёрдам кўрсатиш.


6. Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш фаолиятини такомиллаштириш мақсадида тадқиқотларнинг натижаларидан фойдаланиш.

2019-2021 йиллар давомида

Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Абдурахманов), ММХМДАҚ (Р.Курбанов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Фанлар академияси (Б.Йўлдошев), манфаатдор вазирлик ва идоралар

4.

Миллатлараро муносабатлар соҳасида амалга оширилаётган давлат сиёсатини марказий ва маҳаллий телерадиоканаллар, газета ва журналларда ёритиш.

1. Миллатлараро муносабатлар соҳасида амалга оширилаётган давлат сиёсатига бағишланган телерадиоэшиттиришлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар, публицистик мақолалар туркумини тайёрлаш.

2020 йил

1 февралгача


МТРК (А.Ходжаев), Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (К.Алламжонов), ЎзА (А.Кўчимов), "Ўзбеккино" МА (Ш.Ризаев), Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси (С.Хакимов), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси (С.Саидов), ЭОАВМА (Ф.Абдухолиқов), ММХМДАҚ (Р.Курбанов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Тайёрланган материалларнинг мунтазам ёритиб борилишини ташкил этиш.

Жадвал бўйича

5.

Миллатлараро муносабатлар соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг кўламда тушунтириш мақсадида давлат органлари раҳбарларининг, фуқаролик жамияти институтлари мутахассислари, экспертлари ҳамда вакилларининг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларини, учрашувлар, тақдимотлар, давра суҳбатлари ҳамда бошқа тадбирларни ташкиллаштириш.

1. Ишчи гуруҳни тузиш.

2. Тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2019 йил

1 декабргача


ММХМДАҚ (Р.Курбанов), МТРК (А.Ходжаев), ЭОАВМА (Ф. Абдухолиқов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

3. Тадбирларни ўтказиш.

2019-2021 йиллар давомида

6.

Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларини ёритаётган оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш.

1. Маънавий-аҳлоқий қадриятлар ва умуммиллий идеалларни тарғиб қилувчи ва уларни жамоатчилик онгида мустаҳкамловчи истиқболли медиа-лойиҳалар, ахборот маҳсулотлари (телекўрсатувлар, шоу, фильмлар, мақолалар, роликлар ва ҳоказолар) ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш.


2. Миллатлараро ўзаро ҳамкорлик масалаларини оммавий-ахборот воситаларида энг яхши ёритиш танловларини ташкил этиш ва ўтказиш.


3. Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларининг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши мониторингини олиб боришда фуқаролик жамияти институтларига ва журналистлар ҳамжамиятига кўмаклашиш, мазкур соҳада журналистлар малакасини ошириш борасида улар учун семинарлар ўтказиш.


4. Турли миллатларнинг тилида нашр этиладиган оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, уларда ватанпарварлик, миллатлараро бағрикенглик, оилавий қадриятларни, Ўзбекистонда яшаб ўтган ва яшаб келаётган, жаҳон цивилизациясини ривожлантиришга бебаҳо ҳисса қўшган миллат ва элатлар атоқли вакилларининг маънавий-маданий ва илмий меросини тарғиб қилиш мавзусидаги материалларни чиқариш амалиётини кенгайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш.

2019-2021 йиллар давомида

МТРК (А.Ходжаев), Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (К.Алламжонов), ЎзА (А.Кўчимов), "Ўзбеккино" МА (Ш.Ризаев), Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси (С.Хакимов), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси (С.Саидов), ЭОАВМА (Ф.Абдухаликов), ССП (А.Икрамов), Маданият вазирлиги (Б.Сайфуллаев), ММХМДАҚ (Р.Курбанов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

7.

Этномаданий инфратузилмани, жумладан миллий маданий марказларнинг, шунингдек, фаолияти миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш доирасидаги вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган давлат муассасаларининг этномаданий инфратузилмасини ривожлантириш.

1. Жойлардаги мавжуд "Дўстлик уйлари" ҳолатини ўрганиш.


2019 йил

15 декабргача


ММХМДАҚ (Р.Курбанов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), ФЖРМ (Р.Камилов), ЎзННТМА (Н.Алимов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Ўрганиш натижаларини умумлаштириш ва "дўстлик уйлари" фаолиятини такомиллаштириш таклифлари баён этилган ахборот-таҳлилий маълумотнома тайёрлаш.

2020 йил

1 январгача

3. Этномаданий инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш.

2020 йил

10 январгача

4. Ҳаракатлар режасини амалга ошириш.

2019-2021

йиллар

давомида

II. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МИЛЛАТЛАРАРО МУНОСАБАТЛАР СОҲАСИДАГИ

ДАВЛАТ СИЁСАТИНИ САМАРАЛИ АМАЛГА ОШИРИШ ВА ХОРИЖИЙ МАМЛАКАТЛАР

БИЛАН ДЎСТЛИК АЛОҚАЛАРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ УЧУН ҚЎШИМЧА

ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ШАРТ-ШАРОИТЛАР ЯРАТИШ, РЕСПУБЛИКАДА

ЯШАБ ТУРГАН ТУРЛИ МИЛЛАТ ВА ЭЛАТ ВАКИЛЛАРИНИНГ ТИЛИ, МАДАНИЯТИ,

АНЪАНАЛАРИ ҲАМДА УРФ-ОДАТЛАРИНИ САҚЛАБ ҚОЛИШ ВА РИВОЖЛАНТИРИШ

8.

Қўшимча иш жойлари, шу жумладан мамлакатнинг олис ҳудудларида иш ўринларини яратиш учун халқ ҳунармандчилиги тармоқларини ривожлантириш.

1. Халқ ҳунармандчилиги тармоқларини ривожлантиришга кўмаклашиш.


2. Халқ ҳунармандларининг кўргазмаларини ўтказиш ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш.


3. Иш ўринларининг сайёр ярмаркаларини ўтказиш орқали аҳолини бандлик билан қамраб олиш чораларини кўриш.


4. Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда ҳуқуқий ёрдам бериш ва кўмаклашиш.

2019-2021 йиллар давомида

Маданият вазирлиги (Б.Сайфуллаев), "Ҳунарманд" уюшмаси (У.Абдуллаев), Меҳнат вазирлиги (Н.Ҳусанов), ССП (А.Икрамов), Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар

9.

Фуқаролар учун зарур ижтимоий-иқтисодий шароитларни яратиш ва Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг ўзига хос хусусиятларини сақлаб қолиш мақсадида Ўзбекистоннинг туристик маҳсулотини оммалаштириш, шу жумладан жойларда этнотуризмни ривожлантириш.

1. Этнотуризмни ривожлантириш бўйича халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиш.


2019 йил

15 декабргача


Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аккулов), ММХМДАҚ (Р.Курбанов), Маданият вазирлиги (Б.Сайфуллаев), ТИВ (А.Камилов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Ўзбекистон Республикасида этнотуризмни ривожлантириш чора-тадбирлари режасини ишлаб чиқиш.

2020 йил

15 январгача

3. Чора-тадбирлар режаси лойиҳасини тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2020 йил

1 февралгача


4. Этнотуризм соҳасидаги туристик лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишда ҳуқуқий, ахборот ва ташкилий-амалий ёрдам кўрсатиш.

Чора-тадбирлар режасига мувофиқ

10.

Фуқароларнинг она тилида таълим олиш имкониятини таъминлаш даражасини ошириш.

1. Ишчи гуруҳини тузиш.


2019 йил

1 декабргача


ХТВ (Ш.Шерматов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), МТВ (А.Шин) ММХМДАҚ (Р.Курбанов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Ўқитиш турли миллатларнинг тилларида олиб бориладиган таълим муассасаларининг тегишли ўқув-қуроллари ва зарур адабиётлар билан таъминланганлиги ҳолатини ўрганиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш.

2019 йил

31 декабргача

3. Ушбу соҳадаги ишларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2020 йил

15 январгача

III. ЖАМИЯТДА КЎП МИЛЛАТЛИ КАТТА ОИЛА ТУЙҒУСИНИ, РЕСПУБЛИКАДА

ИСТИҚОМАТ ҚИЛАЁТГАН ТУРЛИ МИЛЛАТ ВА ЭЛАТ ВАКИЛЛАРИ ЎРТАСИДА ДЎСТЛИК

ВА ТОТУВЛИКНИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАШ, ЁШ АВЛОДНИ ВАТАНГА МЕҲР-МУҲАББАТ ВА

САДОҚАТ РУҲИДА ТАРБИЯЛАШ, ФУҚАРОЛАРНИНГ ТЕНГ ҲУҚУҚЛИЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ,

УЛАРНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ КАМСИТИЛИШИГА

ЙЎЛ ҚЎЙМАСЛИК

11.

Аҳоли, шу жумладан болалар ва ёшларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, шаън ва қадр-қиммат, фуқаролик масъулияти, шунингдек, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданияти ҳис-туйғусини мустаҳкамлаш.

1. "Миллатлараро тотувлик - Ватанимиз тинчлиги ва гуллаб-яшнаши гарови" мавзусида акциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ўтказиш.


2019-2021 йиллар давомида


ММХМДАҚ (Р.Курбанов), ИҲММ (А.Саидов), ТИВ (А.Камилов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Маданият вазирлиги (Б.Сайфуллаев), Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси (С.Саидов), Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (К.Алламжонов), МТРК (А.Ходжаев), манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Миллий маданий марказларнинг вакиллари, олимлар, экспертлар, ёшлар, Ўзбекистонда аккредитация қилинган дипломатик корпус вакиллари иштирокида Халқаро бағрикенглик кунига (16 ноябрь) бағишланган халқаро конференция ўтказиш ҳамда уни оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи орқали кенг ёритиш.

Ҳар йили ноябрда

3. Миллий маданий марказлар ижодий жамоаларининг концертларини, халқ байрамлари ва миллий байрамларга бағишланган тантанали тадбирларда миллий маданий марказлар вакилларининг чиқишларини ташкиллаштириш.


4. Турли тиллардаги китобхонлар ўртасида хилма-хил танловларни ўтказиш, уларнинг ғолибларини таниқли шахслар (шоирлар, ёзувчилар, актёрлар, жамоат арбоблари ва бошқалар) иштирокида мукофотлашни ташкиллаштириш.

Жадвал бўйича

12.

Туркум давра суҳбатлари ва ижодий ишлар танловларини ташкил этган ҳолда ёшлар ўртасида "Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик" шиори остида маданий-маърифий тадбирлар ҳафталигини ўтказиш.

1. Маданий-маърифий тадбирлар ҳафталигини ўтказиш режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Ҳар йили

15 октябргача

ММХМДАҚ (Р.Курбанов), Маънавият ва маърифат маркази (М.Ходжиматов), Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси (С.Саидов), ХТВ (Ш.Шерматов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Материаллар тайёрлаш, (маърузаларнинг матнлари, тақдимотлар, тарқатма, тушунтирувчи ва мультимедиа материаллари)

Ҳар йили

30 октябргача


3. Маданий-маърифий тадбирлар ҳафталигини ўтказиш.

Ҳар йили

ноябрда

13.

Жамиятда ижтимоий-сиёсий барқарорлик ва миллатлараро тотувликни қўпоришга қаратилган экстремизм, ксенофобия, миллий устунлик ғояларини тарғиб қилиш ва тарқатишга нисбатан муросасизлик вазиятини шакллантириш.

1. Мутахассис ва олимлардан иборат тарғиботчилар гуруҳлари таркибини ҳамда чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш.


2019 йил

1 декабргача


ММХМДАҚ (Р.Курбанов), Маънавият ва маърифат маркази (М.Ходжиматов), ФЖРМ (Р.Камилов), ХТВ (Ш.Шерматов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Фанлар академияси (Б.Йўлдошев), манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Тушунтирувчи ва методик материалларни ишлаб чиқиш.


3. Тарғиботчилар гуруҳларини зарур методик материаллар (маърузалар матнлари, тақдимотлар, тарқатма материаллар ва бошқалар) билан таъминлаш.

2020 йил 1 январгача

4. Интерактив методлар ва мультимедиа воситаларидан фойдаланган ҳолда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида семинарлар ташкил этиш.

2019-2021 йиллар давомида

14.

Ксенофобия, миллий устунлик ғоялари ҳамда жамиятимиз учун ёт бўлган бошқа ғояларнинг тарқалишига қарши курашиш бўйича оммавий ахборот воситаларида публицистик, маърифий ва илмий-омамбоп материалларни жойлаштириш.

1. Ишчи гуруҳ тузиш ва ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш.


2019 йил

1 декабргача


Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (К.Алламжонов), МТРК (А.Ходжаев), ЭОАВМА (Ф.Абдухолиқов), Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси (С.Хакимов), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси (С.Саидов), ММХМДАҚ (Р.Курбанов), ИҲММ (А.Саидов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Ушбу мавзуга бағишланган публицистик, маърифий ва илмий-оммабоп материаллар тайёрлаш.

2020 йил

15 январгача

3. Ушбу мавзуларни телерадиоканалларида, босма нашрларда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб бориш.

Жадвал бўйича

15.

Фуқаролик жамияти институтининг вакиллари иштирокида Интернет тармоғи, шу жумладан ижтимоий тармоқларда миллатчилик ғояларини тарғиб қилишга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни ташкил этиш.

1. Миллатчилик ғояларини тарғиб қилишга қарши курашиш бўйича публицистик, маърифий ва илмий оммабоп материаллар тайёрлаш.

2020 йил

1 февралгача


ММХМДАҚ (Р.Курбанов), СМТИ (Э.Арипов), Маънавият ва маърифат маркази (М.Ходжиматов), Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев), ФЖРМ (Р.Камилов), ЎзННТМА (Н.Алимов), ИҲММ (А.Саидов), Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (К.Алламжонов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Мақсадли мавзуларга оид материалларни Интернет тармоғи веб-сайтларида жойлаштириш ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш.

2019-2021 йиллар давомида

3. Фуқаролик жамияти институтларининг вакиллар иштирокида Интернет тармоғи, шу жумладан ижтимоий тармоқларда миллатчилик ғоялари тарғиб қилинишига қарши курашиш бўйича семинарлар ва тренинглар ташкил этиш.


16.

Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат органлари мутахассисларини, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ташкил этиш.

1. Ишчи гуруҳ тузиш.


2019 йил

1 декабргача


Вазирлар Маҳкамаси (А.Арипов), ММХМДАҚ (Р.Курбанов), ДБА (Х.Азизов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Фанлар академияси (Б.Йўлдошев), манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Миллатлараро муносабатлар соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги тизимли ишларни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2020 йил

1 январгача

3. Чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш.

2019-2021 йиллар давомида


17.

Жамиятда юзага келиши мумкин бўлган миллатлараро ихтилофлар ва можароларнинг барвақт олдини олиш ва профилактика қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш.

1. Миллатлараро ихтилофларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш соҳасида хорижий мамлакатларнинг тажрибасини таҳлил қилиш.


2019 йил

15 декабргача


ММХМДАҚ (Р.Курбанов), СМТИ (Э.Арипов), ИИВ (П.Бобожонов), ТИВ (А.Камилов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Миллатлараро муносабатлар соҳасида, майда миллатлар вакилларини камситиш муаммолари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларни, шунингдек, улар юзасидан кўрилган чораларни таҳлил қилиш.

2020 йил

1 январгача

3. Ушбу соҳада юзага келиши мумкин бўлган зиддиятлар ва низоли вазиятларнинг барвақт олдини олиш мақсадида миллатлараро муносабатларнинг ҳолатини мониторинг қилиш тизимини ташкил этиш юзасидан амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2020 йил

1 февралгача

18.

Жамиятда миллатлараро муносабатларни сақлаб туриш ва ривожлантириш билан боғлиқ масалалар бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш ва унинг натижаларини кенг кўламда ёритиш.

1. Жамиятда миллатлараро муносабатларни сақлаб туриш ва ривожлантириш билан боғлиқ масалалар бўйича жамоатчилик фикрини дастурий тадқиқ этиш ва ўрганиш.


2. Миллатлараро муносабатлар соҳасида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириб берувчи мақсадли босма нашрлар ва видеомаҳсулотларни эълон қилиш ҳамда кенг жамоатчилик орасида, шунингдек, чет элларда тарқатиш.

2020 йил

1 февралгача

"Ижтимоий фикр" маркази (Р.Убайдуллаева), манфаатдор вазирлик ва идоралар

IV. МИЛЛАТЛАРАРО МУНОСАБАТЛАРНИ МУСТАҲКАМЛАШ МАҚСАДИДА

ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКНИ ВА ХОРИЖИЙ МАМЛАКАТЛАР БИЛАН ДЎСТЛИК

АЛОҚАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ, МАМЛАКАТ ҲУДУДИДА ВА УНДАН ТАШҚАРИДА

ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ, ЭРКИНЛИКЛАРИ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ

ҲИМОЯ ҚИЛИШ, ВАТАНДОШЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ВА ЧЕТ ЭЛЛАРДАГИ ЎЗБЕК

ДИАСПОРАЛАРИ БИЛАН ЯҚИН ҲАМКОРЛИКНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШ, ЎЗБЕКИСТОННИНГ

ЖАҲОН МАЙДОНИДАГИ ОБРЎ-ЭЪТИБОРИ ВА ИМИЖИНИ ОШИРИШ

19.

Миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш соҳасида ММХМДАҚнинг халқаро ташкилотлар билан муносабатларини йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш.

1. ММХМДАҚ билан Ўзбекистондаги халқаро ташкилотларнинг (БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲнинг соҳага оид тузилмалари ва бошқалар) ваколатхоналари ўртасида миллатлараро муносабатлар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида шартномалар ва бошқа ҳужжатларни имзолаш масаласини кўриб чиқиш.


2020 йил

1 январгача


ММХМДАҚ (Р.Курбанов), ТИВ (А.Камилов), СМТИ (Э.Арипов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Халқаро шартномалар ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва идоралараро келишиб олиш.

2020 йил

1 майгача

3. Ҳужжатларнинг лойиҳаларини хорижий томон билан келишиш.

2020 йил

июнгача


4. Хорижий томон билан ҳужжатларни имзолаш.

Томонларнинг келишуви бўйича


20.

Гуманитар, маданий, маърифий ва ахборот соҳаларида хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ММХМДАҚ билан хорижий мамлакатларнинг турдош ташкилотлари ўртасида шартномалар ҳамда бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва имзолаш.

1. Хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларини аниқлаш.


2. Халқаро шартномалар ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва идоралараро келишиб олиш.


3. Ҳужжатларнинг лойиҳаларини хорижий томон билан келишиш.


4. Ҳужжатларни имзолаш.

2020 йил

1 июлгача

ММХМДАҚ (Р.Курбанов), ТИВ (А.Камилов), Маданият вазирлиги (Б.Сайфуллаев), манфаатдор вазирлик ва идоралар

21.

Хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида дўстлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштириш.

1. Чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш, унда, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутиш:

дўстлик жамиятларининг раислари асосий иш жойида лавозимларидан озод қилинган тақдирда раиснинг вазифаларини тегишли лавозимларга янгидан тайинланган шахслар зиммасига юклаш;

дўстлик жамиятларига улар раисларининг асосий иш жойи жойлашган биноларда беғараз асосда хизмат хоналарини бериш ва барча зарур шарт-шароитлар билан таъминлаш;

дўстлик жамиятларини молиялаштиришнинг доимий манбаини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан тақдим этиладиган субсидияни аниқлаш.

2019 йил

1 декабргача


ММХМДАҚ (Р.Курбанов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси (А.Саидов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Чора-тадбирлар комплексини тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2019 йил

20 декабргача

22.

Тошкент шаҳрида "Марказий Осиё давлатларида миллатлараро тотувликни таъминлаш" мавзусида халқаро конференция ўтказиш.

1. Халқаро конференция ўтказишни ташкил этиш концепциясини ишлаб чиқиш ва уни молиялаштириш манбаларини белгилаш.

2020 йил

1 сентябргача


ММХМДАҚ (Р.Курбанов), ТИВ (А.Камилов), СМТИ (Э.Арипов), Молия вазирлиги (Т.Ишметов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Халқаро конференция иштирокчилари таркибини белгилаш.


3. Халқаро конференцияни ўтказишни ташкил этиш бўйича Ҳукумат фармойиши лойиҳасини тайёрлаш ва уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2020 йил

1 ноябргача

4. Конференцияни ўтказиш.

2021 йил

апрель

5. Конференция материаллари тўпламини нашр этиш, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, ҳамкорликни, ҳамжиҳатлик ва дўстона муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашадиган конференциянинг тавсияномаларини тайёрлаш ва қабул қилиш.

2021 йил

15 майгача

23.

Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик, ММХМДАҚнинг, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг фаолияти тўғрисида уч тилда (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) китоб-альбом нашр этиш.

1. Ишчи гуруҳ тузиш.


2019 йил

1 декабргача


ММХМДАҚ (Р.Курбанов), СМТИ (Э.Арипов), Фанлар академияси (Б.Йўлдошев), Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (К.Алламжонов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Бадиий академия (А.Нуриддинов), ТИВ (А.Камилов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


2. Материаллар йиғиш ва таҳлил қилиш.

2020 йил

1 январгача


3. Уч тилда китоб тайёрлаш ва нашр этиш.

2020 йил

апрель


4. Китобни дипломатик ва расмий йўллар орқали тарқатиш.

2020 йил

май

24.

Мамлакат ҳудудида ва ундан ташқарида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ватандошларни қўллаб-қувватлаш ва хориждаги ўзбек диаспоралари билан мустаҳкам ҳамкорликни амалга ошириш.

1. Хориждаги ўзбек диаспораларининг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш.


2. Миллий маданий эҳтиёжларни қондириш соҳасида ўзбек диаспораларининг ҳуқуқлари, шунингдек, хорижда яшовчи ватандош-ларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши фактларини мониторинг қилиш.


3. Хориждаги ўзбек диаспоралари билан ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш таклифларини ишлаб чиқиш.


4. Ўзбек диаспоралари ёшларини қўллаб-қувватлаш.


5. Ўзбек диаспораларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича мунтазам асосда ахборот, маданий-маърифий ва бошқа тадбирлар ўтказиб турилишини ташкиллаштириш.

2019-2021 йиллар давомида

ММХМДАҚ (Р.Курбанов), ТИВ (А.Камилов), Меҳнат вазирлиги (Н.Хусанов), ИИВ (П.Бобожонов), Маданият вазирлиги (Б.Сайфуллаев), Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (К.Алламжонов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

V. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ РИВОЖИ

УСТУВОРЛИКЛАРИНИ, ИЛҒОР ХОРИЖИЙ ТАЖРИБАНИ ЭЪТИБОРГА ОЛГАН

ҲОЛДА МИЛЛАТЛАРАРО МУНОСАБАТЛАРНИНГ ТАШКИЛИЙ-ҲУҚУҚИЙ

АСОСЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

25.

Миллатлараро муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида хорижий тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиш, кейинчалик қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш.

1. Миллатлараро муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида етакчи хорижий мамлакатларнинг тажрибасини ўрганиш бўйича мутахассислар, экспертлар ва олимлардан иборат ишчи гуруҳи тузиш.

2019 йил

1 декабргача


ММХМДАҚ (Р.Курбанов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), ТИВ (А.Камилов), СМТИ (Э.Арипов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Қонунчиликни такомиллаштиришга оид таҳлилий материаллар ва асосланган таклифлар тайёрлаш.

2020 йил

15 январгача


3. Таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2020 йил

1 февралгача

26.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси қошидаги Жамоатчилик кенгаши низомини қайта кўриб чиқиш ва янги таҳрирда тайёрлаш ҳамда унинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини қабул қилиш.

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси қошидаги Жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги низомни қайта кўриб чиқиш.


2020 йил

1 январгача


ММХМДАҚ (Р.Курбанов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси қошидаги Жамоатчилик кенгаши фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.


3. Жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш муаммоларини муҳокама қилиш юзасидан Жамоатчилик кенгаши мажлисларини ўтказиш.

Ҳар чоракда

     

Изоҳлар:


1) ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш соҳаси ва предметидан келиб чиққан ҳолда тадбирларни амалга ошириш шакли ўзгартирилиши, ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар эса бирлаштирилиши мумкин.


2) икки ва ундан кўпроқ бандлар бирлаштирилганда бирлаштирилаётган бандлар учун белгиланган энг кеч муддат бажариш муддати сифатида ўрнатилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 15 ноябрдаги

ПФ-5876-сон Фармонига

3-ИЛОВА



Миллатлараро муносабатлар соҳасида

Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини

амалга оширишни таъминлаш бўйича Комиссия

ТАРКИБИ

1. Қосимов Р.С.

-

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, Комиссия раиси

2. Саидов А.Х.

-

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори

3. Сайфуллаев Б.С.

-

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири

4. Камилов А.Х.

-

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири

5. Давлетов Р.К.

-

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири

6. Ташмухамедова Д.Г.

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази директори

7. Тошбоев С.Д.

-

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси

8. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари

9. Ходжиматов М.М.

-

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари

10. Камилов Р.Т.

-

Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази директори

11. Бурханов А.Э.

-

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракатининг раиси

12. Убайдуллаева Р.А.

-

"Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори

13. Алимов Н.Х.

-

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси раиси в.б.

14. Курбанов Р.Д.

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси

    

Изоҳ: Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига мазкур лавозимларга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юклатилган шахслар киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 15 ноябрдаги

ПФ-5876-сон Фармонига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2017 йил 23 майдаги "Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар

ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси

фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-2993-сон қарорига

киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча


1. 1-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Қўмита раисига, зарур ҳолларда, бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Қўмита тузилмасига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, Қўмита зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан юқори малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш ҳуқуқи берилсин".


2. Қуйидаги мазмундаги 3-1-банд билан тўлдирилсин:

"3-1. Давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари Қўмитанинг сўровига биноан Қўмита зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган тегишли ахборот ва статистик маълумотлар тақдим этилишини таъминласинлар".


3. 2-илова матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий

мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси

ТУЗИЛМАСИ

           










Раис


Жамоатчилик кенгаши







































































Раиснинг хорижий алоқалар ва ватандошлар билан ишлаш бўйича ўринбосари



Раиснинг миллатлараро муносабатлар ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари



Назорат-таҳлил ишлари бўйича бош мутахассис

1


Бош бухгалтер

1

















































Биринчи бўлим

1


Ишлар бошқарувчиси

1

МДҲ давлатлари билан алоқалар бўлими

2



Миллатлараро муносабатлар бўйича илмий-амалий тадқиқотлар маркази

4









































Кадрлар бўйича бош инспектор

1


Матбуот хизмати

2

Европа ва Америка давлатлари билан алоқалар бўлими

2














Миллий маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими

2




































Бош юрисконсульт

1


Кутубхона

1

Осиё, Африка ва Тинч океани минтақаси давлатлари билан алоқалар бўлими

2



















Маънавият ва маърифат бўлими

2

























Канцелярия

1


"Ўзбекистон" журнали таҳририяти








































Бошқарув ходимларининг чекланган сони - 27 нафар".

       

       

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 16 ноябрь


"Халқ сўзи", 2019 йил 19 ноябрь




































Время: 0.2213
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск