язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Мазкур Коидалар расмий эълон килинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборотлаштириш. Телекоммуникациялар тараққиёти/ Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш Қоидалари (АВ томонидан 30.06.2020 й. 3275-сон билан рўйхатга олинган ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг 30.06.2020 й. 208-мҳ-сон буйруғига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2020 йил 30 июнда 3275-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

ахборот технологиялари

ва коммуникацияларини

ривожлантириш вазирининг

2020 йил 30 июндаги

208-мҳ-сон буйруғига

1-ИЛОВА



Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги, "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги, "Радиочастота спектри тўғрисида"ги, "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги, "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги ва "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидаларини белгилайди.



I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида телекоммуникация операторлари, провайдерлари, дилерлари ва эшиттирувчилар билан фойдаланувчилар ўртасида шартнома (келишув) асосида тақдим этиладиган телефон алоқаси, таксофонлардан телефон алоқаси, қўриқлаш сигнализацияси аппаратурасини ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, ахборот-маълумот, телеграф, маълумотлар узатиш тармоғи, Интернет, жамоат фойдаланиш жойларида Интернет тармоғидан симсиз фойдалана олиш, мобил алоқа, миллий ва халқаро роуминг, тижорат асосидаги кабелли, эфир, интерактив, IPTV (IP-телевидение), OTT (Over the Top) ва on-line телевидение хизматларини ташкил қилиш, шунингдек, улардан фойдаланиш, хизматларни кўрсатиш тартиби, шартлари ҳамда субъектларнинг жавобгарлиги, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.


2. Мазкур Қоидаларнинг амал қилиши қуйидагиларга татбиқ этилмайди:

идоравий телекоммуникация тармоқлари томонидан телекоммуникация хизматларини кўрсатишга, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардиянинг ажратилган алоқа тармоқларида, шунингдек, ички ишлаб чиқариш ва технологик вазифадаги алоқа тармоқларида телеграф хизматларини кўрсатишга, Глобал ҳаракатдаги шахсий йўлдош алоқа тармоқларида роуминг хизматларини кўрсатишга;

дастурларни чекланмаган томошабинларга бепул асосда эркин томоша қилиш учун тарқатувчи эфир телевидение тармоқларига;

бир ташкилот, (муассаса ёки корхона), шу жумладан, таълим муассасасининг бинолари ёки ҳудудлари билан чекланган кабель, эфир телевидениеси тармоқларига;

абонентларнинг умумий сони ўнтадан ошмайдиган кабель, эфир телевидениеси тармоқларига;

алоҳида телекоммуникация тармоқларига тааллуқли бўлган ҳамда Ўзбекистон Республикасида давлат бошқаруви, мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни қўриқлаш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган телевидение ва видеокузатув тармоқларига;

жисмоний шахсларнинг шахсий мулки бўлган ва индивидуал қабул қилишни ва эфир телерадиоэшиттириш дастурлари (шахсий эҳтиёжлари учун) тарқатилишини таъминлайдиган кабель, эфир телевидениеси тармоқларига.


3. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


абонент - телекоммуникациялар оператори ёки провайдери билан тузилган шартномага асосан телекоммуникациялар хизматларидан бевосита фойдаланувчи жисмоний ёки юридик шахс;


абонент қурилмаси - абонент мулки бўлган ёки унга вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланишга берилган телекоммуникациялар тармоқлари билан ўзаро боғланадиган, телекоммуникациялар тармоқлари орқали узатиладиган ёки қабул қилинадиган сигналларни ҳосил қилиш, ўзгартириш, қайта ишлаш учун мўлжалланган техник восита;


абонент линияси - телекоммуникация линиясининг оператор ёки провайдер телекоммуникация тармоғининг кириш нуқтасидан абонент розеткасигача ёки у мавжуд бўлмаганда абонент қурилмасигача бўлган қисми;


абонент рақами - телекоммуникация хизматлари кўрсатилиши учун шартноманинг амал қилиш даврида абонентга оператор (провайдер) томонидан ажратиладиган рақам;


абонент рақамининг кўчиб ўтиши - мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси асосида донор томонидан абонентга ажратилган абонент рақамини бошқа мобил алоқа оператори (реципиент) билан янги шартнома тузишда сақлаш ва ундан фойдаланиш учун амалга ошириладиган ташкилий-техник тадбирлар мажмуи;


абонент тармоғи - турар жой ёки жамоат биноси майдони чегарасида хизмат кўрсатиладиган абонентнинг техник воситалари, қурилмалари ва кабель линиялари мажмуи;


автоинформатор - чақираётган абонентга олдиндан ёзиб олинган нутқли хабар орқали ахборот тақдим этувчи мантиқий қурилма;


автоматик роуминг - мобил алоқа тармоғининг абонентига дастлабки аризасиз операторлар ўртасида роуминг тўғрисида шартнома тузилганлиги шарти билан бошқа мобил алоқа операторининг қамров ҳудудида кирувчи ва чиқувчи алоқага эга бўлиш имконини берадиган роуминг хизмати;


автоматик телефон станцияси (бундан буён матнда АТС деб юритилади) - телефон боғланишларнинг ва узилишларнинг автоматик равишда ўрнатилишини таъминловчи телефон станция;


автоматик хизмат кўрсатиш тизими - телефон алоқаси хизматларидан фойдаланувчи томонидан чақирилаётган абонент рақамини мустақил териш йўли билан оператор-телефонист ёрдамисиз ўрнатиладиган телефон боғланиш усули;


АТС таъсир зонаси - телефон станцияси ёки подстанциядан кабель (ҳаво) линиялари ёки радио фойдалана олиш воситалари орқали телефонлаштирилиши мумкин бўлган ҳудуд;


аутентификация - маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланувчи томонидан кўрсатилган идентификациялаш маълумотларининг ҳақиқийлигини аниқлаш;


ахборот-маълумот хизмати - фойдаланувчиларга, уларнинг ташаббусига кўра, оғзаки (товушли), чат ёки визуал сўров шаклида ифодаланган ахборотни (бир телефон боғланиш чегарасида) тақдим этувчи хизмат;


бирламчи оператор - бирламчи равишда рақамлаш ресурси ажратилган, бу ресурсдан абонентга абонент рақами биринчи марта кўчирилган мобил алоқа оператори ёки провайдер;


буюртма хизмат кўрсатиш тизими - олдиндан буюртма берган ҳолда оператор-телефонист ёрдамида алоқа ўрнатилиши;


дилернинг хизмат кўрсатиш пункти - дилер томонидан ташкил қилинадиган ва фойдаланиладиган хизмат кўрсатиш пункти;


домен номи - ахборот ресурсига ёки ахборот тизимига берилган, уларни Интернет тармоғида идентификациялаш учун хизмат қиладиган ноёб ном;


домен номлари тизими - Интернет тармоғида домен номларини бериш, рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тартиби;


Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (бундан буён матнда ЖШШИР деб юритилади) - ЖШШИРни аниқлаш тартибига мувофиқ жисмоний шахснинг паспорти бўйича аниқлаш мумкин бўлган ва 14 рақамдан иборат шахсий идентификация рақами;


дарҳол хизмат кўрсатиш тизими - абонентдан буюртмани қабул қилгандан кейин оператор-телефонист ёрдамида зудлик билан телефон боғланишнинг ўрнатилиши;


идентификациялаш - мавжуд маълумотлар асосида маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланувчининг шахсини аниқлаш;


йирик авария - маълум бир административ ҳудудда телекоммуникация хизматларини тақдим этишнинг тўхталишига олиб келадиган авария ҳолати;


Интернет тармоғи - ягона адрес ва номлар маконидан фойдаланиладиган, шлюзлар ёрдамида бирлаштирилган, ягона ТСР/IP протоколига мувофиқ ишлайдиган кўплаб тармоқлардан иборат глобал халқаро тармоқ;


Интернет хизматларидан фойдаланувчи - Интернет хизматларининг истеъмолчиси ҳисобланган юридик ёки жисмоний шахс;


Интернетдан жамоат бўлиб фойдаланиш пункти - керакли техник воситалар билан жиҳозланган, фойдаланувчиларнинг Интернет тармоғидан жамоа бўлиб фойдаланиш хизматлари кўрсатиладиган жой;


Интернет-провайдер - тижорат асосида Интернет тармоғидан фойдалана олиш хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;


кабелли, эфир, интерактив, IPTV (IP-телевидение), OTT (Over the Top) ва on-line телевидение телевидениеси (бундан буён матна эшиттирувчи деб юритилади) - эркин томоша қилиш мумкин бўлмаган кабелли телевидение каналларидан фойдаланган ҳолда теледастурлар ва бошқа телекоммуникация хабарларини муайян ҳудудда ишлаб чиқариш, шакллантириш ва тарқатишни таъминлайдиган тақсимлаш ва ташкилий-бошқарув жараёни билан шуғулланадиган субъект;


конференц-алоқа - учта ва ундан ортиқ абонентга бир вақтда телефон орқали мулоқот қилиш имконини берувчи хизмат;


кўчиб ўтган рақамлар марказлаштирилган базаси - мобил алоқа тармоқларида кўчиб ўтган абонент рақамлари маълумотлар базасини бошқариш учун аппарат-дастурий комплек;


кўчирилган рақамлар марказлаштирилган базаси (бундан буён матнда КРМБ деб юритилади) - мобил алоқа тармоқларида кўчирилган абонент рақамлари тўғрисидаги ахборотни, шу жумладан, ушбу низомда белгиланадиган маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар базасини бошқарувчи аппарат-дастурий комплекс;


КРМБ оператори - КРМБ шакллантирилиши, ишлаши, техник кузатилиши ва ривожланишини таъминлайдиган, унинг ресурсларидан фойдаланишни тақдим этадиган ташкилот;


кўчирилган рақамларнинг локал базаси - чақирув ёки бошқа хабарларни кўчирилган рақамга тўғри маршрутлаш учун мобил алоқа оператори томонидан ундан реал вақтда фойдаланиладиган, бу операторда бўлган кўчирилган рақамлар марказлаштирилган базасининг нусхаси;


кўчирилган рақамларнинг локал базасини КРМБ билан синхронлаш - муайян даврийлик билан амалга ошириладиган, кўчирилган рақамлар марказлаштирилган базасидаги ахборотнинг кўчирилган рақамлар локал базасига нусхасини кўчириш жараёни;


қисқа матнли хабар (SMS) (бундан буён матнда SMS деб юритилади) - қиска хабарлар маркази орқали мобил алоқа абонентларига қиска матнли хабарларни узатиш ва қабул қилиш учун мўлжалланган хизмат;


лицензия - юридик шахсга лицензияловчи орган томонидан берилган, лицензия талаблари ва шартларига сўзсиз риоя этган ҳолда фаолиятнинг лицензияланаётган турини амалга ошириш учун рухсатнома (ҳуқуқ);


лицензиянинг амал қилиш зонаси - лицензия шартномасида кўрсатилган ва оператор (провайдер) телекоммуникация хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган ҳудуд;


маршрут рақами (routing number, RN) - мобил телекоммуникация тармоғининг кўчирилган абонент рақамига чақирувларни амалга ошириш учун телекоммуникация тармоқларида фойдаланиладиган манзилли ахборот;


маҳаллий оператор - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний ва юридик шахсларга мобил алоқа хизматларини кўрсатувчи алоқа оператори (провайдери);


маҳаллий телефон алоқаси - битта аҳоли пункти ёки маъмурий ҳудуд доирасида жойлашган фойдаланувчилар ўртасидаги телефон боғланиши;


маълумот хизмати - фойдаланувчига телекоммуникация хизматлари оператори ёки провайдери томонидан кўрсатиладиган телекоммуникация хизматлари тўғрисидаги ахборотни тақдим этувчи хизмат;


маълумотлар узатиш - маълумотларни кейинги қайта ишлаш учун телекоммуникациялар воситалари ёрдамида сигналлар кўринишида бир пунктдан бошқа пунктга кўчириш;


маълумотлар узатиш тармоғи - маълумотлар узатилишини таъминлаш мақсадида маълум нуқталар ўртасида телекоммуникацияларни ташкил этиш учун тузилган телекоммуникациялар узеллари ва каналларининг мажмуи;


маълумотлар узатиш тармоғи хизматлари - операторнинг (провайдернинг) маълумотлар узатиш тармоғи орқали сигналлар ва ахборотнинг бошқа турларини қабул қилиш, узатиш ва қайта ишлаш бўйича фаолияти маҳсули;


маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланувчи - маълумотлар узатиш тармоғи хизматларининг истеъмолчиси ҳисобланган юридик ёки жисмоний шахс;


"механик" роуминг - роуминг хизматини кўрсатиш, бунда Роумер-абонент роуминг даврида хизмат кўрсатувчи оператордан бошқа абонент рақамини олади ва маҳаллий операторга тегишли бўлган ўзининг уяли рақами бўйича кирувчи чақирувларни қабул қилиш имконига эга бўлмайди;


мобил алоқа операторлари ўртасида роуминг тўғрисидаги шартнома - роуминг хизматини ишлаб чиқариш ва ундан потенциал мобил алоқа абоненти томонидан фойдаланиш тўғрисида келишаётган томонларнинг мажбуриятлари ва ҳуқуқлари тўғрисида, томонларнинг ўзаро жавобгарлик чоралари тўғрисидаги юридик ҳужжат;


мобил алоқа тармоғи - абонентларга мобил алоқа (овоз, маълумотлар узатиш ва бошқалар) хизматларини кўрсатувчи техник воситалар (коммутацион ва радиоускуна, абонент қурилмалари, уловчи линиялар, иншоотлар ва ҳ.к.) мажмуи. Мобил алоқа тармоқларига уяли, транк, локал-транк, радиал-зона тармоқлари киради;


мобил алоқа тармоғи оператори (провайдери)нинг дилери (бундан буён матнда дилер деб юритилади) - оператор (провайдер) номидан абонентларга хизмат кўрсатиш учун оператор (провайдер) билан шартнома тузган юридик шахс (бундан буён матнда дилерлик шартномаси деб юритилади). Дилер бир ёки бир нечта операторларнинг (провайдерларнинг) манфаатларини ифодалаши мумкин;


муаллифлик шартномаси - муаллифнинг мулкий ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисида муаллиф ёки унинг вориси томонидан тузиладиган шартнома;


оператор (провайдернинг) ишлаш зонаси - телекоммуникация оператори (провайдери) телекоммуникация хизматларини кўрсатадиган ҳудуд;


оператор (провайдер)-донор (бундан буён матнда донор деб юритилади) - телекоммуникациялар тармоғидан абонент рақами кўчириладиган мобил алоқа оператори (провайдери);


операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш пункти - оператор (провайдер) томонидан ташкил қилинадиган ва фойдаланиладиган хизмат кўрсатиш пункти;


оператор (провайдер)-реципиент (бундан буён матнда реципиент деб юритилади) - телекоммуникациялар тармоғига абонент рақами кўчириладиган мобил алоқа оператори (провайдери);


"пластик" роуминг - "механик" роумингнинг бир тури бўлиб, бунда абонент маҳаллий оператор билан олдиндан хизмат кўрсатувчи оператор ҳудудига бориши тўғрисида келишиб олади ва у орқали хизмат кўрсатувчи операторга тегишли бўлган бошқа абонент рақамини олади ҳамда маҳаллий операторга тегишли бўлган ўзининг уяли алоқа рақамига кирадиган чақирувларни янги рақамга қайта йўналтиради (манзиллайди);


телевидение тармоғида ретрансляция қилиш - телевидение дастурлари, радиодастурлар сигналлари ва телекоммуникациянинг бошқа хабарлари қабул қилинишини, уларнинг қайта ўзгартирилиши ва дастурлар таркибини ўзгартирмасдан тўлиқ ҳажмда абонентларга узатилишини таъминлайдиган кабелли, эфир, интерактив, IPTV (IP-телевидение), OTT (Over the Top) ва on-line телевидение тармоғининг асосий ишлаш режими;


телевидение тармоғида трансляция қилиш - телевидение дастурлари, радиодастурлар сигналлари ва телекоммуникациянинг бошқа хабарлари эшиттириш ташкилотига тааллуқли студия ускунасидан бевосита қабул қилинишини, уларнинг кейинчалик қайта ўзгартирилиши ва дастурлар таркибини ўзгартирмасдан тўлиқ ҳажмда абонентларга тарқатилишини (узатилишини) таъминлайдиган телевидение тармоғининг ишлаш режими;


телевидение тармоқлари - эркин томоша қилиш мумкин бўлмаган кабелли, эфир, IPTV (IP-телевидение), OTT (Over the Top) ва on-line телевидение каналлари орқали ҳар қандай ахборотни тарқатиш ва етказиб беришни таъминлайдиган телекоммуникация воситаларининг мажмуи;


телевидение хизматлари - эшиттирувчи (оператор, провайдер) билан тузилган шартнома асосида абонентларга тақдим этилувчи кабелли, эфир, IPTV (IP-телевидение), OTT (Over the Top) ва on-line телевидение хизматлари;


роумер-абонент - хизмат кўрсатувчи операторнинг (провайдернинг) мобил алоқа хизматларидан фойдаланувчи маҳаллий мобил алоқа операторининг абоненти;


роумер-ташриф буюрувчи - маҳаллий оператор тармоғи хизматларидан фойдаланувчи оператор - роуминг-шерикнинг абоненти;


роуминг - битта мобил алоқа оператори абонентининг битта давлат доирасида (миллий роуминг) ёки бошқа мамлакатда (халқаро роуминг) бўлган бошқа мобил алоқа операторининг хизмат кўрсатиш зонасида бўлганда бошқа мобил алоқа операторининг тармоғидан фойдалана олишини таъминловчи хизмат;


роуминг хизматини кўрсатувчи оператор - роуминг тўғрисидаги шартнома асосида ўз тармоғининг имкониятларидан фойдаланиб бошқа мобил алоқа операторининг (провайдерининг) абонентларига мобил алоқа хизматларини тақдим этувчи мобил алоқа оператори (провайдери) (роуминг-шерик/хизмат кўрсатувчи оператор (провайдер));


таксофон - телефон алоқани ўрнатиш, фойдаланувчиларга сўзлашувлар ва қўшимча хизматларни тақдим этиш учун мўлжалланган, фойдаланувчилар билан нақд пул ва нақд пулсиз тўлов воситалари (махсус жетон, тўлов картаси) ёрдамида дарҳол ҳисоб-китоб қилиш қурилмасидан иборат бўлган, шу жумладан, сўзлашув пунктларида ўрнатиладиган охирги абонент телефон қурилмаси;


тариф режаси - оператор (провайдер) томонидан абонентларга ёки абонентларнинг маълум гуруҳига ёки маълум чекланган ҳудудда бир ёки бир нечта хизматларидан фойдаланишни тақдим этадиган нархлар ва техник маълумотлар мажмуи;


тарификация бирлиги - оператор (провайдер) томонидан белгиланган тарификация тизимига боғлиқ бўлган кўрсатиладиган хизматнинг тўланадиган бирлиги;


телекоммуникация оператори (бундан буён матнда оператор деб юритилади) - мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида телекоммуникация (телефон алоқаси, маълумотлар узатиш, мобил алоқа, телевидение) тармоғига эга бўлган, унинг қурилиши, ишлаши, ривожланишини таъминловчи ва лицензияга асосан тегишли телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;


телекоммуникация хизматлари - операторнинг (провайдернинг) сигналлар ҳамда бошқа ахборот турларини телекоммуникация тармоқлари орқали қабул қилиш, узатиш, қайта ишлашга доир фаолияти маҳсули;


телекоммуникация хизматлари провайдери (бундан буён матнда провайдер деб юритилади) - фойдаланувчиларга операторлар тармоғи орқали тижорат асосида телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;


телекоммуникациялар тармоғи - овоз, маълумот, расм, видео ва бошқа шаклдаги сигналларни узатиш ва қабул қилишни таъминловчи телекоммуникация воситаларининг мажмуи;


телематик хизматлар - телекоммуникациялар тармоғи орқали ахборот узатилишини амалга оширувчи, аммо телефон алоқа, телеграф алоқа хизмати ёки маълумотлар узатиш хизмати ҳисобланмайдиган телехизматлар (факсимил, комфакс, хабарларни қайта ишлаш, видеотекст ва бошқалар);


телефон алоқаси хизматлари - операторнинг (провайдернинг) сўзлашувлар ва қўшимча хизматларни тақдим этишга доир фаолияти маҳсули;


телефон алоқаси хизматларидан фойдаланувчи - телефон алоқаси хизматларининг истеъмолчиси ҳисобланадиган жисмоний ёки юридик шахс;


телефон боғланиш - иккита телефон аппарати ёки четки қурилмалар ўртасида алоқанинг ўрнатилиши;


телефон тармоғи - аҳоли, муассасалар, ташкилотлар ва корхоналарнинг телефон алоқаси хизматларига бўлган эҳтиёжини таъминловчи АТС, коммутация узеллари, линиялари, каналлари, охирги (терминал) ускуналарининг жами;


техник қарши ҳаракат қилиш комплекси - Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоқларида халқаро овозли трафикни ўтказишда қонунчилик талаблари бузилганлиги ҳолатларини аниқлаш ва улар тўғрисида маълумотларни олиш жараёнларини автоматлаштириш ҳамда халқаро овозли трафикни ўтказиш тартибининг бузилишларига қарши ҳаракат қилиш тизими;


тизим ҳосил қилувчи роуминг-шерик - ўз ихтиёрида халқаро автоматик роумингни таъминловчи моддий-техник ва дастурий таъминот комплекси бўлган, маълумотлар узатиш каналлари ва сигнализация каналлари тармоғи мавжуд бўлган юридик шахс;


тўлов картаси - кодланган маълумотни сақлайдиган, тармоқ фойдаланувчисини идентификация қилиш ва чақирувни инициация қилиш имкониятини берувчи тўлов воситаси;


универсал хизматлар - умумий фойдаланишдаги телекоммуникациялар тармоқлари орқали барча фойдаланувчиларга кўрсатиладиган белгиланган сифатдаги мажбурий хизматлар тўплами (фойдаланувчиларнинг бу тармоқдан фойдаланишини таъминлаш, маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро телефон сўзлашувлари, телеграммалар жўнатиш ва бошқалар);


ўзини-ўзи обрўсизлантирган дилер - иши давомида қонун ҳужжатлари, ушбу Қоидалар, дилерлик шартномаси талабларининг қўпол равишда бузилишига йўл қўйган ва улар асосида дилерлик шартномаси бекор қилинган ва дилер сертификати чақириб олинган дилер;


фойдаланувчи - телекоммуникациялар хизматларининг истеъмолчиси ҳисобланган юридик ёки жисмоний шахс;


халқаро телефон алоқаси - Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги телефон алоқаси хизматларидан фойдаланувчи ва бошқа давлат ҳудудидаги телефон алоқаси хизматларидан фойдаланувчи ўртасида телефон алоқаси орқали боғланиш;


хато кўчириш - абонент талабномасисиз мобил алоқа операторлари (провайдерлари) томонидан абонент рақамининг кўчирилиши ("инсон омили" келтириб чиқарган хато сабабли, яъни техник тизимлар билан ўзаро ишлаганда ходимларнинг нотўғри хатти-ҳаракатлари сабабли абонентнинг талабномасида кўрсатилган рақамдан бошқа рақамнинг кўчирилиши);


хизмат кўрсатиш зонаси - оператор (провайдер) лицензия шартномаси асосида телекоммуникация хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўладиган ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ўрнатилган шартларга жавоб берадиган хизматлар сифатини таъминлаш учун техник имкониятларга эга бўлган ҳудуд;


хизмат кўрсатиш пункти - абонентлар ахборот-маълумот хизматларини олишлари, мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаларини тузишлари ва хизматларнинг бошқа турларини олишлари мумкин бўлган стационар савдо нуқтаси ва (ёки) хизмат кўрсатиш нуқтаси;


хизматларга абонент тўлов тизими - абонентнинг маълум (ҳисоб-китоб қилинадиган) вақт даври (ой, чорак, йил ва б.) учун тўловлари суммаси ҳақиқатда олинган хизматлар ҳажмига боғлиқ бўлмаган доимий миқдор ҳисобланадиган хизматларга ҳақ тўлаш тизими;


хизматларга ҳақ тўлашнинг вақтбай тизими - маълум (ҳисоб-китоб қилинадиган) вақт даври учун абонент тўловлари суммаси ахборотни узатиш ва бошқа телефон алоқаси хизматларини олиш учун телефон тармоғи линиялари ва иншоотларидан фойдаланилган вақтга боғлиқ бўлган хизматларга ҳақ тўлаш тизими;


хостинг хизматлари - Интернет тармоғида доимий бўладиган серверда ахборотни жойлаштириш учун техник ресурсларни тақдим этиш хизмати;


барча чақирувлар учун сўров (All Call Query) (бундан буён матнда All Call Query деб юритилади) - мобил телекоммуникация тармоғининг кўчирилган абонент рақамларига трафикни ўтказиш учун чақирувларни тўғридан-тўғри маршрутлаш методи, бунда чақирув ташаббускорининг тармоғи кўчирилган рақам тўғрисида ахборот олиш ва чақирувни белгиланган жойига кейинчалик маршрутлаш учун кўчирилган рақамларнинг операцион маълумотлар базасига сўровни амалга оширади;


eSIM - абонент қурилмасининг виртуал идентификация модули, унинг ёрдамида абонент қурилмасини идентификация қилиш, унинг мобил алоқа тармоғидан фойдалана олиши, шунингдек, абонент рақамидан рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилиш таъминланади;


GSM-шлюз - мобил алоқа тармоқлари ва телекоммуникацияларнинг бошқа тармоқлари ўртасида трафикни ўтказиш учун мўлжалланган аппарат-дастурий восита;


IMEI коди (International Mobile Equipment Identifier) ёки халқаро ўзига хос идентификация коди (бундан буён матнда IMEI-код деб юритилади) - 15 рақамдан иборат бўлган ва GSMA томонидан ажратиладиган, шунингдек, тармоқда GSM/UMTS/LTE стандартларида ишловчи мобил алоқа абонент қурилмасини идентификацияловчи рақам;


IP-адрес - TCP/IP технологиялари билан бошқариладиган маълумотлар узатиш тармоғида компьютерлар ёки узелларни идентификациялайдиган ноёб адрес;


IP-телевидение (IPTV) - телевидение, видео, аудио, матн, графика ва шу каби бошқа маълумотлар, IP протоколи асосидаги тармоқлар таъминланадиган, сифат, хавфсизлик, интерактивлик ва ишончлиликнинг талаб қилинадиган даражасини таъминлаш мақсадида бошқариладиган мультимедиа хизматлари;


IP-телефония - IP технологияси асосида пакетлар коммутацияланадиган маълумотлар узатиш тармоқлари орқали нутқли ахборот, жумладан, маҳаллий ва халқаро алоқани айирбошлаш хизмати;


IP-шлюз - IP тармоқлар ва телекоммуникацияларнинг бошқа тармоқлари ўртасида трафикни ўтказиш учун мўлжалланган аппарат-дастурий восита;


MSISDN (Mobile Station Integrated Services Digital Network) - GSM/UMTS стандартларида алоқа учун хизматлари интеграциялашган рақамли тармоқ мобил абонентининг рақами (масалан: +998 ХХ-ХХХ-ХХ-ХХ);


прогрессив маршрутлаш (Onward Routing) (бундан буён матнда Onward Routing деб юритилади) - мобил телекоммуникациялар тармоғининг кўчирилган абонент рақамларига трафикни ўтказиш учун чақирувларни тўғридан-тўғри бўлмаган маршрутлаш методи, бунда чақирув ташаббускорининг тармоғи донор тармоғига сўровни амалга оширади, донор эса, ўз навбатида, кўчирилган рақам тўғрисида ахборот олиш ва чақирувни белгиланган жойига кейинчалик маршрутлаш учун кўчирилган рақамларнинг операцион маълумотлар базасига сўровни амалга оширади;


SIM/RUIM-карта (бундан буён матнда SIM карта деб юритилади) - ичига микросхема ўрнатилган, олинувчи идентификация модули, унинг ёрдамида абонент қурилмасини идентификация қилиш, унинг мобил алоқа тармоғидан фойдалана олиши, шунингдек, абонент рақамидан рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилиш таъминланади;


SMS-шлюз - мобил телефондан фойдаланмасдан SMS хабарлар жўнатиш ва олиш имконини берадиган аппарат-дастурий восита;


Wi-Fi хизмати ташкилотчиси - маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланиш учун Wi-Fi технологияси бўйича ўзларининг четки ускуналаридан, мижозлар ёки ташриф буюрувчилар ҳисобланадиган тор доирадаги фойдаланувчиларга ускунадан фойдаланишни тақдим этадиган маълумотлар узатиш тармоғи оператори ёки маълумотлар узатиш тармоғи хизматлари провайдери ёхуд абонент - юридик шахс;


Wi-Fi хизматлари - маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланиш учун Wi-Fi технологияси бўйича четки ускуналарга фойдаланувчиларнинг чекланган доирасига ускунадан фойдаланишни тақдим этиш.


4. Телекоммуникация хизматлари қонун ҳужжатлари ва ушбу Қоидаларга мувофиқ оператор ёки провайдер ҳамда абонент ўртасида тўғридан-тўғри (ёхуд жисмоний шахслар учун дилер орқали) ёзма ёки электрон шаклда тузиладиган оммавий шартнома асосида тақдим этилади.

Оператор (провайдер) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида телекоммуникация хизматларини тақдим этиш билан боғлиқ бўлган маълумотларни абонентларга ёки истеъмолчиларга давлат тилида, шунингдек, бошқа тилларда тақдим этилишини таъминлайди.


5. Томонларнинг шартнома бўйича ҳуқуқлари ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларида ва ушбу Қоидаларда белгиланган ҳоллардагина бошқа шахсларга берилиши мумкин.


6. Операторлар ва провайдерларнинг телекоммуникация хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ фаолияти ўрнатилган тартибда олинган лицензия асосида ҳамда оператор (провайдер) ва лицензия берувчи орган ўртасида тузилган лицензия шартномасига мувофиқ амалга оширилади.


7. Фавқулодда вазиятлар (ҳарбий ҳаракатлар, зилзилалар, сув тошқинлари, ёнғинлар, эпидемиялар ва бошқалар)да телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган телекоммуникация тармоқлари ва воситаларидан, Интернетдан жамоат бўлиб фойдаланиш пунктларидан устувор фойдаланиш ҳамда марказлаштирилган бошқариш, шунингдек, уларнинг ишлашини чеклаш ёки тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга.


8. Эшиттирувчи, оператор ва провайдерлар томонидан фавқулодда вазиятларда телекоммуникация тармоқлари ва воситаларидан фойдаланиш пайтида уларга етказилган зарарлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.


9. Телекоммуникация хизматлари қонун ҳужжатларида кўзда тутилган имтиёзлар ва афзалликларни ҳисобга олиб барча абонентлар учун хизмат кўрсатишнинг бир хил шароитларини таъминлаган ҳолда кўрсатилади.


10. Телекоммуникация тармоғига мувофиқлик сертификатига эга абонент қурилмалари (телефон аппаратлари, рақамни автоматик аниқлаш функцияларига эга телефон аппаратлари, маълумотлар узатиш ва телематик хизматлар ускуналари (телефакс, телетекс, видеотекс ва бошқалар), радиотелефон алоқа воситалари, автожавоббергичлар, сигнализация қурилмалари) уланади.


11. Абонент қурилмаси абонентлар томонидан ўз ҳисобларидан сотиб олиниши ва уларнинг мулки ҳисобланиши ёки телекоммуникация оператори (провайдери, дилери, эшиттирувчи) томонидан шартнома шартларига мувофиқ берилиши мумкин, бунда абонент қурилмаси телекоммуникация оператори/провайдерининг мулки ҳисобланади ва шартномада белгиланган тартибда абонент ушбу қурилма учун моддий жавобгар бўлади.


12. Мобил алоқа тармоғи абонент қурилмаси IMEI-коди қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган бўлиши керак.


13. Оператор (провайдер) абонентларнинг умумий фойдаланиш тармоғидан узлуксиз фойдалана олишини таъминлашга мажбур.


14. Фойдаланувчилар билан бевосита ўзаро ишлайдиган операторнинг таркибий бўлинмалари (оператор, провайдер, дилер) томонидан ташкил қилинган абонент бўлимлари ва ривожланиш цехлари, телефон станцияларининг абонент участкалари, сўзлашув пунктлари ва жамоа бўлиб фойдаланиш пунктлари, таъмирлаш бюроси, маълумот хизматлари, сервис хизматлари, телекоммуникация хизматларига ҳақ тўлаш пунктлари)нинг иш режимлари оператор (провайдер, дилер) томонидан белгиланади.


15. Оператор, провайдер, дилер ва эшиттирувчилари томонидан маълумот хизматлари ташкил қилиниши керак, бунда фойдаланувчиларга қуйидагилар тўғрисида бепул маълумот берилади:

а) телекоммуникациялар тармоғидан фойдалана олиш тартиби;

б) телекоммуникациялар тармоғидан фойдалана олишни тақдим этиш нархи;

в) телекоммуникация хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш;

г) оператор (провайдер) томонидан кўрсатиладиган хизматлар ва уларнинг нархи;

д) мобил алоқа хизматларига тарифлар ва уларни алмаштириш имкониятлари (мобил алоқа хизматлари учун);

е) бепул кўрсатиладиган ахборот-маълумот хизматлари;

ж) телекоммуникация оператори (унинг филиаллари), провайдери, дилери жойлашган жойи ва иш режими;

з) абонент шахсий ҳисоб рақамининг ҳолати (ҳисобдаги пул маблағларининг қолдиғи, имтиёзли дақиқалар қолдиғи, ҳисобот давридаги маълумотлар, тўлаш учун ҳисобни тақдим этиш);

и) операторнинг мобил алоқа тармоғининг хизмат кўрсатиш зонаси тўғрисида ахборот (мобил алоқа хизматлари учун);

к) телекоммуникациялар соҳасида фойдаланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъул органнинг ишонч телефон рақамлари;

л) абонентдан техник носозликлар, SIM-карта ёки абонент қурилмаси йўқолганлиги (SIM-картадан фойдаланиш кўзда тутилмаган мобил алоқа стандартлари учун), абонентнинг шахсий маълумотлари ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборотни қабул қилиш;

м) мобил алоқа тармоқларида абонент қурилмасидан фойдаланиш имконияти (мобил алоқа хизматлари учун);

н) мобил алоқа тармоқларининг операторлари тўғрисида - роуминг хизматларини тақдим этиш бўйича шериклар (мобил алоқа хизматлари учун);

о) қонун ҳужжатларига асосан бошқа зарур маълумотлар.

Бепул ахборот-маълумот хизматларининг рўйхати оператор, провайдер, дилер ва эшиттирувчилар томонидан мустақил равишда кенгайтирилиши мумкин.


16. Ахборот-маълумот хабарлари бевосита оператор-телефонист орқали ёки автоинформатор ёрдамида, веб-сайт, мобил илова, ижтимоий тармоқлар орқали берилиши мумкин.


17. Оператор ва провайдерлар телекоммуникация тармоқлари орқали узатиладиган телефон сўзлашувлари ва бошқа хабарлар, шунингдек, уларга тааллуқли бўлган барча маълумотларнинг сир тутилишини таъминлаши шарт.


18. Телефон сўзлашувларини эшитиш, телекоммуникация тармоқлари орқали узатилаётган хабарлар билан танишиш, улар тўғрисидаги маълумотлар олишга, шунингдек, сўзлашувлар ва хабарлар сирларига доир бошқа чекланишларга фақат қонун билан белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади.


19. Оператор, провайдер ва дилерлар хизмат мажбуриятларини бажаришлари давомида уларга маълум бўлган абонентлар тўғрисидаги маълумотларни абонентнинг розилигисиз учинчи шахсларга бериш ёки тарқатишга ҳақли эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Абонент тўғрисидаги маълумотларга қуйидагилар киради:

а) абонент-жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, ЖШШИР;

б) абонент-юридик шахс ходимларининг шахсий маълумотлари, абонент манзили ёки охирги терминал ускуна ўрнатиладиган манзили, абонентни ва унинг охирги терминал ускунасини айнан идентификациялаш имконини берадиган тахаллуси, абонент рақамлари ва бошқа маълумотлар.


20. Оператор ва провайдерлар томонидан яратилган ва абонентлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар базалари конфиденциал тусдаги ҳужжатлар сифатида ҳимояланиши керак.


21. Абонентлар тўғрисидаги маълумотлардан бу абонентларнинг розилигисиз ахборот-маълумот хизмат кўрсатилиши учун фойдаланиш мумкин эмас.


22. Фойдаланувчилар ахборот ресурсларидан фойдалана олиш учун тенг ҳуқуқларга эга бўлиб, улар сўраётган ахборотни олиш учун бу ресурсларнинг эгалари олдида асослашга мажбур эмаслар, бундан қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланиш чекланган ахборот мустасно.


23. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хабарларни узатиш технологик жараёнларида ягона ҳисоб-китоб ва ҳисобот бериш вақти - маҳаллий вақт ўрнатилади.


24. Ахборотни узатиш халқаро технологик жараёнларида ҳисоб-китоб ва ҳисобот бериш вақти давлатлараро келишувлар ва шартномаларга мувофиқ белгиланади.


25. Телеграф хизматларини кўрсатаётганда истеъмолчи ва алоқа корхонаси ўртасидаги муносабатлар квитанция ёки назорат-касса машинасининг чеки билан ёки шартнома билан ҳужжатлаштирилади.


26. Таксофонлар кўчаларда, майдонларда, бозорларда, алоқа бўлимларида, аэропортларда, вокзалларда, метро бекатларида, автобус бекатларида, дўконларда, таълим муассасаларида, шаҳар жамоат транспорти бекатларида, тиббиёт ва даволаш муассасаларида, махсус жиҳозланган сўзлашув пунктларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг бино ва иншоотларида ҳамда бошқа жойларда келишув асосида ўрнатилиши мумкин. Таксофонлар алоҳида турувчи ҳамда ихчам ҳолатда жойлаштирилган бўлиши мумкин.


27. Ўрнатилган таксофонлар техник талабларга, стандартларга, санитария ва гигиена, ёнғинга қарши норма ва қоидаларига мос келиши керак.


28. Таксофонлар ўрнатилган жойларда қуйидагилар бўлиши шарт:

а) таксофондан фойдаланиш бўйича йўриқнома, таксофонларни эксплуатация қилувчи оператор ёки провайдер тўғрисида ахборот (номи, манзили, телефон рақамлари);

б) тақдим этиладиган хизматлар тарифи тўғрисида ахборот;

в) маълумот кўринишидаги ахборот (фавқулодда тезкор хизматлар ҳамда таксофонларни таъмирлаш хизматининг телефон рақамлари, яқин атрофда жойлашган таксофоннинг манзили ва бошқалар);

г) махсус жетонлар ва тўлов карталарини сотиб олиш жойлари тўғрисидаги ахборот.


29. Оператор томонидан таксофонларга телефон рақамлари ажратилган ҳолларда, шундай таксофонлардан кирувчи чақирувларни қабул қилиб олиш учун фойдаланиш мумкин.


30. Интернетдан жамоат бўлиб фойдаланиш пунктининг иш режими жамоат фойдаланиш жойининг интернет-провайдери томонидан белгиланади.


31. Телекоммуникация хизматларини кўрсатишда оператор, провайдер, дилер ва эшиттирувчиларнинг ўзаро муносабатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ улар ўртасида тузилган шартномалар билан тартибга солинади.


32. Телекоммуникация тармоқларида радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар учун радиочастота спектридан фойдаланиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


33. Телекоммуникация тармоқларида фойдаланиладиган ва мажбурий сертификатланиши керак бўлган телекоммуникациянинг техник воситалари мувофиқлик сертификатларига эга бўлиши керак.


34. Телекоммуникация хизматларига тарифлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда белгиланади.


35. Телевидение хизматлари оператор ва провайдерлари телевидение дастурларининг мазмунини таҳрир қилиш, ўзгартириш ва тўлдиришга ҳақли эмас.


36. Оператор, провайдер, дилер ва эшиттирувчилар телекоммуникация тармоқларида ахборот хавфсизлигини таъминлашда:

ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қонун ҳужжатларига риоя қилиши;

одамларнинг денгиздаги, ердаги, ҳаводаги, космик фазодаги хавфсизлигига, Ўзбекистон Республикасида мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни сақлаш соҳасидаги кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар ўтказишга доир барча хабарларга, шунингдек, йирик авариялар, фалокатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолатлар тўғрисидаги хабарларга мутлақ устуворлик бериши;

техник воситалардан Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш, уруш ва зўравонликни, шафқатсизликни, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этиш, давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган ўзга сирни ошкор этиш, жиноий жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа хатти-ҳаракатларни содир қилиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўймасликка қаратилган чораларни кўриши керак.


37. Эшиттирувчилар, операторлар ва провайдерлар телевидение тармоқларида аҳолини фавқулодда вазиятлар хавфидан хабардор қилишни ташкил қилиш учун зарур бўлган воситалар ўрнатилишини ва улардан фойдаланишни таъминлашлари шарт.


38. Эшиттирувчилар, операторлар ва провайдерларнинг телевидение тармоқлари ва техник бинолари қўриқлаш, ҳимоялаш ва хавфсиз фаолиятини таъминлаш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга жавоб бериши шарт.


39. Интернет-кафеларда вояга етмаганларнинг ота-онасидан бири ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ҳамроҳисиз тунги вақт (соат 22:00 дан 6:00 гача) Интернет тармоғидан фойдаланиш учун жамоат фойдаланиш жойларида бўлишига йўл қўймаслик ҳамда видеокузатув камераларини қўллаб (видео ёзувни 90 кун сақлаган ҳолда), ташриф буюрувчилар хавфсизлиги чоралари кўрилиши керак.


40. Оператор ва провайдерлар ҳар бир абонентга, шу жумладан, абонентнинг шахсий ҳисоб рақамида маблағлар бўлмаган ҳолда, тегишли хизматлар учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган ягона рақамларни абонент томонидан териш ёрдамида фавқулодда тезкор хизматларни бепул ва кеча-кундуз давомида чақириш имкониятини таъминлаши керак. Фавқулодда тезкор хизматларга қуйидагилар киради:

ёнғин хавфсизлиги хизмати;

ички ишлар органлари;

тез тиббий ёрдам;

газ тармоғининг авария хизмати;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарув хизмати.


41. Абонент шартномаси бекор қилинганидан сўнг, оператор (провайдер) маълумотлар базасидан абонентларнинг шахсий маълумотларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўқ қилишлари шарт.



II БЎЛИМ. ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ

ХИЗМАТЛАРИНИ ТАҚДИМ ЭТИШ


1-БОБ. ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ

ХИЗМАТЛАРИНИ КЎРСАТИШ


1-§. Телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш


42. Оператор (провайдер) томонидан кўрсатиладиган телефон алоқаси хизматлари универсал ва қўшимча хизматларга бўлинади.


43. Универсал телекоммуникация хизматлари рўйхати ҳамда ушбу хизматларга тарифлар Телекоммуникация хизматларига тарифларини шакллантириш ва тартибга солиш тўғрисида низомга (рўйхат рақами 959, 2000 йил 18 август) мувофиқ белгиланади.


44. Фойдаланувчиларга кўрсатиладиган телефон алоқаси хизматлари рўйхати операторга (провайдерга) тегишли лицензия ҳамда телекоммуникация тармоқлари ва воситаларининг техник имкониятларидан келиб чиқиб белгиланади.


45. Оператор (провайдер) томонидан қўшимча ва бепул телефон алоқаси хизматлари кўрсатилиши мумкин.


46. Қуйидагилар қўшимча телефон алоқаси хизматлари ҳисобланади:

а) телефон аппаратлари ва бошқа абонент қурилмаларини қайта ўрнатиш, қайта улаш (улаш схемасини ўзгартириш);

б) параллел телефон аппаратларини ўрнатиш;

в) телекоммуникация тармоғининг алоқа каналларини ва физик занжирларини ижарага бериш;

г) маълумот-ахборот хизматлари, бундан ушбу Қоидаларда кўрсатилган маълумотномаларни бериш қўшимча хизматлари мустасно;

д) маълумотлар узатиш хизматлари ва телематик хизматлардан (электрон почта, факсимиль хабарларни узатиш хизмати, ахборот ресурсларидан фойдалана олиш хизмати ва ҳ.к.) фойдаланиш имконияти;

е) телеграммаларни телефон орқали бериш;

ж) чақирилаётган абонентда рақамни автоматик аниқлаш функцияларига эга телефон аппарати бўлганда маҳаллий телекоммуникация тармоғининг чақираётган абонент рақамини аниқлаш, шунингдек, абонент талабига кўра ҳисоб тафсилотларини бериш;

з) абонент мурожаатига асосан абонент рақамини ўзгартириш;

и) чақирилаётган шахсга хабар қилган ҳолда халқаро телефон боғланиш;

к) бошқа ҳудуддан (аҳоли пунктидан) чақирилаётган абонентнинг телефон рақами тўғрисидаги маълумот бериш;

л) шартномада белгиланган вақтда телефон боғланишни тақдим этиш;

м) чақирилаётган шахс ҳисобидан шаҳарлараро телефон боғланиш;

н) телефонограммани узатган ҳолда абонент ўрнига сўзлашиш;

о) конференц-алоқа хизмати.

Телефон алоқа тармоғидан фойдаланишни тақдим этиш хизматининг нархига коммутация станциясидан абонентнинг телефон розеткасигача абонент линияларининг ташкил этилиши ҳисобга олинган станция ва линия ускунасининг нархи киради.

Телефон тармоғидан фойдаланишнинг тақдим этилиши тўловида охирги тақсимлаш қурилмасидан телефон розеткасигача бўлган шаҳар телефон тармоғида узунлиги 20 м дан кўп бўлмаган ва қишлоқ телефон тармоғида узунлиги 40 м дан кўп бўлмаган абонент линиясининг нархи ҳисобга олинади.

Бепул қўшимча телефон алоқаси хизматларига қуйидагилар киради:

а) телефон тармоғининг таъмирлаш бюросини чақириш;

б) чақирилаётган абонентнинг аҳоли пункти/оператори коди тўғрисида маълумотнома бериш;

в) чақирилаётган мамлакат ва чақирилаётган аҳоли пунктининг халқаро коди тўғрисида маълумот бериш;

г) маҳаллий ва халқаро телефон алоқаси хизматлари учун тарифлар тўғрисида маълумот бериш;

д) автоматик телефон алоқасидан фойдаланиш тартиби тўғрисида маълумот бериш;

е) халқаро телефон боғланишни буюртма қилиш учун буюртма бериш хизматларини чақириш индекслари тўғрисида маълумот бериш.

Мазкур бандда кўрсатилган бепул хизматлар рўйхати камайтирилиши мумкин эмас.


47. Ушбу Қоидаларда кўрсатилган қўшимча телефон алоқаси хизматлари рўйхати (бепул ёки пуллик) қонун ҳужжатлари талабларини ҳисобга олган ҳолда оператор ва провайдерга тегишли бўлган телекоммуникация тармоқлари ва воситаларининг техник имкониятларидан келиб чиқиб ўзгартирилиши ёки тўлдирилиши мумкин.


48. Таксофон орқали қуйидаги пуллик хизмат турлари кўрсатилади:

а) маҳаллий телефон сўзлашувлари;

б) шаҳарлараро телефон сўзлашувлари;

в) халқаро телефон сўзлашувлари;

г) ахборот-маълумот хизмати оператор-телефонистлари билан телефон алоқаси.



2-§. Шаҳарлараро ва халқаро телефон

алоқаси хизматларини кўрсатиш


49. Шаҳарлараро ва халқаро телефон боғланиш автоматик хизмат кўрсатиш тизими, буюртма хизмат кўрсатиш тизими ва дарҳол хизмат кўрсатиш тизими бўйича амалга оширилиши мумкин.


50. Оператор ва провайдер автоматик алоқа йўналишларининг борлиги, шаҳарлар кодлари тўғрисида ва автоматик телефон алоқасидан фойдаланиш тартиби тўғрисида фойдаланувчиларни хабардор қилишга мажбур (ОАВ, маълумот-ахборот хизматлари, Интернет тармоғи орқали, сўзлашув пунктларида).


51. Буюртма хизмат кўрсатиш тизимида чақираётган шахсга буюртмани қабул қилиш вақтида шаҳарлараро ва халқаро телефон боғланишга берилган буюртмани бажариш муддати хабар қилиниши керак.

Буюртма чақираётган шахснинг ихтиёрига кўра ёки буюртманинг амал қилиш муддати тугаши билан бекор қилиниши мумкин.


52. Буюртма бўйича шаҳарлараро телефон боғланиш тақдим этилиши керак бўлган вақт оператор (провайдер) томонидан мустақил равишда белгиланади, аммо буюртма қабул қилинган пайтдан бошлаб ёки чақираётган шахс томонидан сўзлашув учун белгиланган вақтдан бошлаб бир соатдан ошмаслиги керак. Кўрсатилган вақт тугаши билан чақираётган шахснинг розилиги билан бажарилмаган буюртма ушбу Қоидаларнинг 55-бандига мувофиқ бошқа вақтга кўчирилади ёки бекор қилинади.

Буюртма бўйича халқаро телефон боғланиш тақдим этилиши мумкин бўлган вақт оператор (провайдер) томонидан мустақил равишда белгиланади ва буюртмани қабул қилиш вақтида фойдаланувчига етказилади.

Чақираётган шахснинг талаби бўйича буюртма хизмат кўрсатиш тизимида шаҳарлараро ва халқаро телефон боғланишлар буюртма қабул қилинган вақтдан бошлаб 30 дақиқа (шошилинч буюртма) ичида тақдим этилиши мумкин. Шошилинч буюртмалар қабул қилинадиган йўналишлар рўйхати оператор (провайдер) томонидан белгиланади ва фойдаланувчилар эътиборига ҳавола қилинади.


53. Шаҳарлараро ва халқаро телефон боғланишга буюртма хизмат кўрсатиш тизимида буюртманинг амал қилиш муддати чиқувчи станция учун маҳаллий вақт билан соат 08:00 да тугайди.

а) телефон аппаратидан телефон аппаратига телефон боғланишлар учун - буюртма берилган кундан кейинги кунга;

б) шахсий телефон боғланишлар ва конференц-алоқа учун - буюртма берилган кундан кейин иккинчи кунга.

Халқаро телефон боғланиш учун буюртманинг амал қилиш муддати яна 8 соатга узайтирилиши мумкин, агар бу тегишли станциялар ёки эксплуатация қилиш ва трафикнинг ўтиш вақтидаги фарқ сабабли зарур деб тан олинган бўлса.


54. Шаҳарлараро телефон алоқа технологик жараёнларида ягона ҳисобга олиш-ҳисобот (технологик) вақт - маҳаллий вақт қўлланилади.

Халқаро телефон алоқасида ҳисобга олиш-ҳисобот вақти миллий алоқа маъмуриятларининг халқаро келишувлари билан белгиланади.


55. Фойдаланувчиларга шаҳарлараро ва халқаро телефон алоқаси хизматларини кўрсатишнинг техник имконияти бўлмаганда оператор (провайдер) сўзлашувлар сони ва уларнинг давомийлигига чекловларни киритади, буюртма ва дарҳол хизмат кўрсатиш тизимида алоқа тўлиқ бўлмаганда - буюртмаларни қабул қилишни рад этади.

Шаҳарлараро ва халқаро телефон алоқаси хизматларига чекловлар киритилганлиги тўғрисида фойдаланувчи буюртмани қабул қилиш вақтида ёки буюртма ва дарҳол хизмат кўрсатиш тизимларида телефон боғланиш тақдим этилаётган вақтда хабардор қилиниши керак.

Телефон алоқасидан фойдаланишда узоқ муддатли чекловлар юзага келган ҳолда оператор (провайдер) бу ҳақда ОАВ, маълумот хизматлари ёки телекоммуникация хизматларидан оммавий фойдаланиш пунктларида эълон беришдан фойдаланиб фойдаланувчиларни хабардор қилиш чораларини кўриши керак.


56. Буюртма хизмат кўрсатиш тизимида телефон боғланишини тақдим этиш навбати сўзлашув тоифасига, буюртманинг шошилинчли эканлигига ва келиб тушиш вақтига боғлиқ бўлади.


57. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида оператор-телефонист ёрдамида тақдим этиладиган шаҳарлараро телефон сўзлашувларининг қуйидаги тоифалари белгиланган:

ҳар қандай навбатдан ташқари ва алоҳида пароллар бўйича;

ҳукуматга оид;

оддий.


58. "Ҳар қандай навбатдан ташқари" тоифа бўйича сўзлашувлар фақат қонун ҳужжатларига мувофиқ, амалдаги оддий тариф бўйича ҳақ тўлаган ҳолда абонент томонидан кўрсатилган исталган телефон бўйича бундай сўзлашувларни олиб бориш ҳуқуқидан фойдаланадиган мансабдор шахсларга тақдим этилади. Абонентнинг талабига кўра сўзлашувлар алоқанинг ишлаш жадвалини бузган ва қуйи тоифадаги бўлиб ўтаётган сўзлашувни узиб қўйган ҳолда тақдим этилади.


59. "Ҳар қандай навбатдан ташқари" тоифасидаги буюртмалар билан бир қаторда "Фалокат" пароли бўйича сўзлашувларга буюртмалар бажарилади. Ушбу пароль бўйича сўзлашувлар амалдаги оддий тариф бўйича ҳақ тўлаган ҳолда фойдаланувчи томонидан кўрсатилган исталган телефондан, шунингдек, сўзлашув пунктидан тақдим этилади. Ҳалокатга учраган денгиз, дарё ва ҳаво кемаларидан хабарларни узатиш учун шаҳарлараро телефон сўзлашувларига тўлов ундирилмайди.


60. Операторларга шартнома асосида тўланган вақтинча амал қилувчи паролларни киритиш ҳуқуқи берилади. Пароллар бўйича буюртмалар оддий тоифадаги буюртмалардан олдин берилади.


61. "Ҳукуматга оид" тоифасидаги шаҳарлараро телефон сўзлашувлари "ҳар қандай навбатдан ташқари" сўзлашувларидан кейин алоқанинг ишини бузмасдан ва бўлиб ўтаётган сўзлашувларни узиб қўймасдан амалдаги оддий тариф бўйича тақдим этилади. Сўзлашувлар фақат бундай сўзлашувларни олиб бориш ҳуқуқи берилган мансабдор шахсларга ва фақат рўйхатга олинган телефонлардан тақдим этилади.


62. Ҳеч бир бошланган сўзлашув оператор (провайдер) томонидан узиб қўйилиши мумкин эмас, "Ҳар қандай навбатдан ташқари" тоифасидаги ва "Фалокат" пароли бўйича сўзлашувни тақдим этиш зарур бўлган ҳоллар бундан мустасно. Сўзлашув тугаганидан кейин фойдаланувчига узиб қўйилган сўзлашувни тугатиш имкони берилади.


63. Буюртма бўйича билдиришномали телефон боғланишлар сўзлашув учун белгиланган вақтни ҳисобга олган ҳолда тарифидан қатъи назар ушбу (буюртма) тоифадаги буюртмалар ичидан энг биринчи навбатда тақдим этилади.


64. Шаҳарлараро ва халқаро телефон боғланишга буюртмани қабул қилишда дарҳол хизмат кўрсатиш тизимида абонент телефон гўшагини қўймасдан, шу заҳоти, амалдаги оддий тариф бўйича чақирилаётган абонент билан телефон орқали боғланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дарҳол хизмат кўрсатиш тизими техник воситаларнинг тайёрлик даражасига қараб киритилади.



3-§. Телекоммуникация тармоқларида ахборот-маълумот

хизматларини кўрсатиш


65. Маҳаллий телекоммуникация тармоқларида ахборот-маълумот хизматларининг қуйидаги турлари кўрсатилади:

учта ёки тўртта сонли рақамдан фойдаланиб, ахборот-маълумот хизматлари;

фойдалана олиш учун махсус хизмат кўрсатиш боғламасида қисқа рақамлари ажратиладиган ахборот-маълумот хизматлари;

фойдалана олиш учун абонент рақамлари ажратиладиган ахборот-маълумот хизматлари.


66. Ахборот-маълумот хизматларидан фойдалана олиш учун рақамлар ажратилиши телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланадиган рақамлаш тизими ва режасига мувофиқ амалга оширилади.


67. Қуйидагилар ахборот-маълумот хизматларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) фойдаланувчиларга маълумотлар бериш:

маҳаллий телекоммуникация тармоқларининг телефон рақамлари (ташкилотлар, муассасалар ва корхоналар телефонлари) тўғрисида;

қўшимча телефон алоқа хизматларини кўрсатувчи ташкилотларнинг телефон рақамлари тўғрисида;

маҳаллий телефон тармоқларининг телефон узеллари таъмирлаш бюросининг телефон рақамлари тўғрисида;

б) манзилли, муассасавий, қўл ва электрон картотекаларини яратиш ҳамда уларга маҳаллий телекоммуникация тармоқларини реконструкция қилиш билан боғлиқ барча ўзгаришларни ўз вақтида киритиш;

в) телефон маълумотномаларини тайёрлаш.


68. Оператор (провайдер) телекоммуникация хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бўлган ахборотни абонентларга тақдим этиш мақсадида ахборот-маълумот бериш бўйича хизмат кўрсатиш тизимини яратади.

Қуйидаги маълумотлар оператор (провайдер) томонидан абонентнинг сўровига мувофиқ 24 соат мобайнида ҳеч қандай чекловларсиз тақдим этилиши шарт:

маълумотлар узатиш тармоғининг кўрсатиладиган хизматлари тўғрисидаги;

маълумотлар узатиш тармоғидан фойдаланиш хизматларига бўлган тарифлар тўғрисидаги;

абонентга унинг шахсий ҳисобварағининг ҳолати ва маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланиш ҳақини тўлаш бўйича қарздорлик тўғрисидаги, жумладан, абонентга уланган хизматлар (маълумотлар узатиш вақти, тезлиги, олинган ва (ёки) узатилган ахборот ҳажми, шунингдек, лимитланган трафикли тарифлардаги трафик қолдиғи) тўғрисидаги;

техник носозликлар тўғрисидаги.


69. Операторларнинг (провайдерларнинг) фаолияти йўналишлари ва вазифаларига мувофиқ ахборот-маълумот хизматлари томонидан операторларнинг (провайдерларнинг) техник имкониятларидан келиб чиқиб бошқа ахборот ҳам берилиши мумкин.


70. Операторлар (провайдерлар) ахборот-маълумот хизматлари кўрсатишда қуйидаги функцияларни амалга оширади:

берилаётган ахборот сифатининг ишлаб чиқариш назорати;

белгиланган шакллар бўйича бирламчи ҳисоб ва ҳисоботни юритиш;

кўп сменали иш графигини ҳисобга олиб кадрларни жой-жойига қўйиш;

кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириш;

маълумотнома картотекаларини эксплуатация қилиш ва юритиш;

маълумотнома картотекаларига тузатишлар киритиш учун ахборот олиш мақсадида маҳаллий телекоммуникация тармоқларининг телефон узеллари билан ўзаро ишлаш;

эксплуатация қилиш қоидалари ва йўриқномаларига мувофиқ техник воситаларни эксплуатация қилиш;

меҳнатни илмий ташкил қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникасига доир чора-тадбирларни ўтказиш.


71. Маҳаллий телекоммуникация тармоқларининг ахборот-маълумот хизмати маълумот хизматининг махсус аппаратураси базасида ташкил қилинади, унинг таркибига коммутация ускунаси оператор-телефонистлар столлари, картотека ускунаси, диспетчер ва ишлаб чиқариш назорати пультлари киради.


72. Ахборот-маълумот хизматлари шаҳарлар, туманлар, ташкилотлар жойлашган кўчалар номларидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни киритиб, ўз маълумотлар базасини ўз вақтида янгилашлари керак.


73. Чақирув келиб тушганда оператор-телефонист дарҳол ва аниқ ўзининг шахсий рақамини айтиши керак (масалан, "бешинчи", "ўттиз саккизинчи" ва ҳ.к.). Агар фойдаланувчи жавоб бермаса, "Маълумотнома хизмати жавоб беради" деб такрорлайди. Иккинчи марта ҳам жавобни олмагандан кейин, оператор-телефонистга алоқани узишга ҳақли. "Ҳа", "Эшитаман", "Алло" ва б. сўзларни айтишга рухсат берилмайди.


74. Оператор-телефонист ёнида ишлаётган телефончи операторга халақит қилмаслик учун овозни баландламасдан талаб қилинаётган ахборотни аниқ ва равшан бериши керак.


75. Оператор-телефонист фақат фойдаланувчи унга берилган ахборотни тўғри такрорлагандан кейингина алоқани узишга ҳақлидир. Агар фойдаланувчи ахборотни нотўғри такрорлаган бўлса, оператор-телефонист уни такрорлашга мажбур.


76. Оператор-телефонист биринчи талаб бўйича фойдаланувчига ўзининг шахсий рақамини такрорлаши керак.


77. Оператор-телефонист фойдаланувчилар билан хушмуомалали бўлиши, ҳеч қандай танбеҳлар билдирмаслиги ва у билан айтишмаслиги керак.


78. Фойдаланувчилар шикоят қилганда оператор-телефонист уларни дарҳол катта оператор-телефонист билан улаши керак.


79. Оператор-телефонист маълумот берилаётган материални, картотеканинг тузилиши ва маълумот материалларининг унда жойлашиш принципларини яхши билиши керак. Оператор-телефонист барча махсус хизматлар рақамларини (101, 102, 103, 104, 1050) ёддан билиши керак.


80. Агар оператор-телефонист маълумотни беришга қийналса, у фойдаланувчига: "Илтимос, бир оз кутиб туринг" деб катта оператор-телефонистга мурожаат қилиши шарт. Катта оператор-телефонистнинг тушунтиришларини олиб, кутиб турган фойдаланувчига хизмат кўрсатади. Маълумот олиш учун ёнида ишлаётган оператор-телефонистга мурожаат қилиш қатъиян ман қилинади.


81. Оператор-телефонист фойдаланувчи сўровини эътибор билан эшитиши ва зарур бўлганда берилган саволни такрорлашини сўраши керак: "Илтимос, маълумотни қайтаринг" ёки "Илтимос, аниқроқ қайтаринг". Агар иккинчи бор сўровдан кейин оператор-телефонист фойдаланувчини деярли эшитмаса ёки умуман эшитмаса, у: "Сизни эшитмаяпман, илтимос қайта қўнғироқ қилинг" деб жавоб бериши керак.


82. Агар фойдаланувчи саволни нотўғри ифодалаган бўлса, оператор-телефонист фойдаланувчидан унга айнан қандай ахборот кераклигини аниқлаштиришни хушмуомалалик билан сўраши ва шундан кейин яна маълумот хизматини кўрсатиши керак.


83. Агар фойдаланувчи ушбу хизматга тегишли бўлмаган ахборот беришни сўраса, у ҳолда унга тегишли ахборот-маълумот хизматларининг телефон рақамларини айтиш керак.


84. Телефон рақамлари тўғрисидаги ахборотни бераётганда телефоннинг бешта белгили рақамини оператор-телефонист шундай айтиши керак: битта рақам алоҳида ва қолган тўртта рақамлар иккитадан. Масалан, 5-44-32 - беш, қирқ тўрт, ўттиз икки. Телефоннинг еттита белгили рақами шундай айтилади: учта рақам бирга ва тўртта рақам иккитадан. Масалан: 71 278-34-23 - етти бир, икки етти саккиз, ўттиз тўрт, йигирма уч (50 дан 99 гача қўшиб рақамлар рақамларга ажратган ҳолда айтилади: 2-75-58 - икки, етти беш, беш саккиз).


85. Агар фойдаланувчи телефон шикастланганлиги тўғрисида хабар қилмоқчи бўлса, оператор-телефонист қайси телефон рақами шикастланганлигини сўраши шарт ва фойдаланувчига телефон алоқа узелининг тегишли автоматлаштирилган таъмирлаш бюросининг рақамини хабар қилиши керак.


86. Оператор-телефонист қуйидаги ҳолларда фойдаланувчини катта оператор-телефонист билан улашга мажбур:

оператор-телефонист фойдаланувчи саволини тушунмаганда;

оператор-телефонист маълумот материалида фойдаланувчига керак бўлган ахборотни топа олмаганда;

фойдаланувчи шикоят билан мурожаат қилганда;

фойдаланувчи томонидан берилган савол маълумот хизматининг ваколатига кирмаганда.


87. Ахборот-маълумот хизматининг оператор-телефонист қуйидаги ҳолларда маълумот беришни рад этишга ҳақли:

корхона, муассаса, ташкилотнинг тўлиқ, қисқартирилган ёки шартли номи кўрсатилмаган;

якка тартибда фойдаланиладиган хонадон телефони абонентининг исм-шарифи ёки манзили айтилмаган бўлса, маълумот материалида эса, шу фамилиядаги шахслар кўп бўлса;

жамоа бўлиб фойдаланиладиган хонадон телефон ўрнатилган аниқ манзил кўрсатилмаган бўлса;

маълумот материалида сўралаётган ахборот бўлмаса;

фойдаланувчи унга маълумот хизмати бўйича иккитадан ортиқ маълумотлар беришни сўраса, бунда оператор-телефонист фойдаланувчига у маълумот хизматини иккинчи бор чақирганлигини айтиши керак.



4-§. Телефон тармоқларида қўриқлаш қурилмасини

ўрнатиш ва хизмат кўрсатиш


88. Телефон тармоқларида сигнализация ускуналарини ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатишни ташкил этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли органлар (бундан буён матнда қўриқлаш хизмати деб юритилади) томонидан амалга оширилади.


89. Юридик ва жисмоний шахсларга қарашли корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, хонадонлар ҳимоя қилиш объектлари ҳисобланади.


90. Телефон станцияларини лойиҳалаш ва реконструкция қилишда қўриқлаш сигнализацияси аппаратини жойлаштириш учун кроссда ва кросс яқинида, маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда, технологик лойиҳалашнинг нормативларига мувофиқ майдонли аппаратура хонасини жиҳозлаш кўзда тутилиши лозим.

Оптик толали алоқа линиялари орқали ташкил этилган кичик сиғимли телефон станцияларида қўриқлаш сигнализация аппаратуралари алоҳида шкафларда ўрнатилади.


91. Хавфсизлик сигнализация тизимининг таркибига хабарларни узатиш тизимлари рамкаларига абонент линияларини кроссировка қилиш ишлари 5 кун муддат ичида телефон тармоқлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳимоя бўлаклари ва кросснинг станцион рамкаларидан қўриқлаш сигнализацияси рамкаларигача бўлган кроссировкаси телефон тармоқлари ходимлари томонидан амалга оширилади.


92. Қўриқланадиган объектлардаги абонент линияларининг телефон розеткасига хабарларни узатиш тизимларининг якунловчи (терминал) қурилмаларини улаш қўриқлаш хизмати томонидан амалга оширилади.


93. Хабарларни узатиш тизимлари ускуналарига техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи қўриқлаш хизматининг мутахассисларига хабарларни узатиш тизимлари ускуналари ўрнатилган телефон станциялари биноларига кириш учун телефон тармоқлари маъмурияти томонидан махсус гувоҳномалар ёки рухсатномалар берилади.


94. Кечки ва тунги пайт, таътил ва дам олиш кунлари қўриқлаш хизмати ходимларининг кўрсатилган биноларга киришлари телефон тармоқлари диспетчерининг рухсати асосида бўлади.

Қўриқлаш хизмати ходимлари бажарадиган ишлар телефон тармоқлари ходимлари томонидан назорат қилинади. Қўриқлаш бошқармаси ходимлари томонидан бажарилган барча ишлар махсус журналда қайд этилиши лозим.


95. Телефон линияларидан қўриқлаш мақсадида фойдаланилаётган абонентларнинг абонент карталарида қўриқлаш пульти белгиси бўлиши, рамка рақами ва сигнализация штифти кўрсатилиш лозим.


96. Объектларни қўриқлаш даври мобайнида абонент линияларини кроссдан текшириш фақатгина қўриқлаш хизматининг буюртмасига биноан амалга оширилади. Текширув учун буюртмалар бошқа шахслардан қабул қилинганда, кўрсатилган линиялар текшируви қўриқлаш сигнализацияси ўчирилганидан кейин, фақатгина қўриқлаш хизматининг рухсати билан амалга оширилади.


97. Қўриқлаш сигнализациялари учун ишлатиладиган тақсимлаш жавонлари, қути, бокс ва громполоса штифтлари телефон тармоқлари ходимлари томонидан бўёқ билан маркирланиши (белгиланиши) лозим.


98. Телефон станцияси кросслари ва линияларда таъмирлаш ҳамда профилактика ишлари ўтказилганда, қайта пайка қилинганда вa кабелларни алмаштириб қайта уланганда (станция ва линия иншоотларида) телефон тармоқлари ходимлари учун телефон линияларининг маркирланган симлари жуфтлиги жойма-жой алмаштирилишига, шунингдек, улардан хизмат алоқаси учун фойдаланилишига рухсат берилмайди.


99. Қўриқлаш сигнализацияси учун ишлатиладиган линияларда профилактик режа асосида иш олиб боришлари тўғрисида телефон тармоқлари ходимлари қўриқлаш хизмати иш бошланишидан уч кун, ишлар шошилинч (режадан ташқари) бажарилиши керак бўлганда бевосита мазкур ишлар бажарилишидан олдин огоҳлантиради.


100. Қўриқлаш хизмати буюртмасига биноан, алоқа линиялар параметрлари ўлчовини телефон тармоқлари 15 кун ичида амалга оширади. Зарур бўлганда, қўриқлаш хизматининг мутахассислари ўлчовларда қатнашадилар. Телефон тармоқлари линиялари параметрларини белгиланган нормаларга мувофиқлаштиришни таъминлайди ёки техник имконият мавжуд бўлганда линияларни алмаштиради.


101. Қўриқлаш сигнализацияси юзага келиши билан боғлиқ бўлган сабаб туфайли телефон алоқаси бузилган бўлса, телефон тармоқлари ходимлари бу ҳақда қўриқлаш хизматига хабар беради ва қўриқлаш хизмати ходимлари билан биргаликда носозлик сабабини икки соат ичида аниқлаб, уни бартарф этиш чораларини кўради.

Қўриқлаш сигнализациясининг уч соатдан ортиқ вақт орқалиғидаги носозлик, телефон алоқасининг сифатли ишлашига таъсир кўрсатган ҳолда, телефон тармоқлари ходимлари қўриқлаш сигнализациясини телефон линиясидан узиб қўяди.


102. Марказий кузатув пультлари ва телефон станциясини боғлайдиган тўғри симлари бўлган кабеллар шикастланиши ёки таъмирланиши вақтида телефон тармоқлари томонидан техник имконият мавжуд бўлса уч соат ичида заҳира алоқаси тақдим этилади. Бундай имконият мавжуд бўлмаган ҳолда шикастланишлар белгиланган муддатларга мувофиқ, қўриқлаш хизматини хабардор қилган ҳолда бартараф этилади.

Қўриқлаш сигнализацияси учун фойдаланиладиган абонент телефон линияларидаги шикастланишлар, телефон тармоқлари ходимлари томонидан биринчи навбатда бартараф этилади.


103. Абонент линияларини қайта улаш, жуфтлик схема бўйича телефонларни ёқиш ҳамда қўриқлаш сигнализацияси фаолиятини тўхтатиб, телефонлар жойини алмаштириш қўриқлаш хизмати раҳбариятини олдиндан ёзма равишда огоҳлантирган ҳолда телефон тармоқлари томонидан амалга оширилади. Бунда қўриқлаш сигнализацияси аппаратурасини улаш учун тўлов ундирилмайди.


104. Қўриқлаш сигнализацияси учун телефон линияларидан фойдаланганда рўйхатдан ўтказиш ва абонент тўловлари амалдаги тарифларга мувофиқ қўриқлаш хизматидан ундирилади.


105. Қўриқлаш хизматига уланган объектлар телефонлари ўчирилганида ёки абонент мазкур Қоидаларни бузганлиги сабабли алоқа хизмати кўрсатилишидан тўхтатилганда, бу ҳақда кросс ходимлари қўриқлаш хизматини огоҳлантиради.



5-§. Телеграф алоқаси хизматларини кўрсатиш


106. Операторлар қуйидаги телеграф хизматларини кўрсатади:

телеграммалар қабул қилиш, юбориш;

абонент телеграф тармоғи бўйича сўзлашувлар олиб бориш;

"телекс" тармоғи бўйича сўзлашувлар олиб бориш;

телеграф каналларини ижарага бериш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа хизматлар.


107. Телеграф алоқасидан фойдаланилганда телеграммаларнинг қуйидаги турларидан фойдаланилади:

"топширилганлиги тўғрисидаги хабарнома билан";

"почта орқали буюртмали" етказиб бериш билан";

"жўнатувчи томонидан кўрсатилган муддатда етказиб бериш билан";

"бадиий бланкда етказиб бериш билан";

"тасдиқланган";

"жавоби тўланган";

"схемали";

"криптограмма";

"перфотасмадаги криптограмма".


108. Телеграммалар ишлов берилишига қараб қуйидаги тоифаларга бўлинади:

оддий;

шошилинч;

тоифадан ташқари;

навбатдан ташқари;

олий ҳукуматга оид;

ҳукуматга оид.

Телеграммаларга ишлов бериш уларнинг тоифаларига мувофиқ амалга оширилади.


109. Ишлов беришдаги мутлақ устунлик денгиз, ер, ҳавода ва космик фазода инсон ҳаётининг хавфсизлигига тегишли, шунингдек, мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини ўтказиш, йирик авариялар, фалокатлар, эпидемиялар тўғрисидаги хабарлар бўлган телеграммаларга берилади.


110. "Оддий" телеграммаларга тоифаси тўғрисида белгиси бўлмаган телеграммалар киради.


111. "Шошилинч" тоифасига шошилинч тарифлар бўйича тўланадиган телеграммалар киради.


112. "Тоифадан ташқари" телеграммаларига "Ҳаво" ("Воздух"), "Ракета", "Мобилизацион", "Самолёт" белгилари бўлган телеграммалар киради.


113. "Навбатдан ташқари" телеграммаларга "Авария", "Шторм", "Авиа" белгилари бўлган телеграммалар киради.

"Авария" белгили телеграммага - ҳаво ва дарё флотларида, темир йўлларда ва автотранспортда, саноат корхоналаридаги ҳодисалар ва алоқа воситаларининг ҳолати, ҳалокатлар, авариялар тўғрисидаги телеграммалар киради.

"Шторм" белгили телеграммага - ҳаво ва дарё флотлари, темир йўл ва автомобиль транспорти учун хавфли об-ҳаво ҳодисалари (бўрон, тўфон, туман ва ҳ.к.), шунингдек, табиий офатлар (зилзила, тошқин, ўрмон ёнғинлари ва бошқалар) тўғрисидаги огоҳлантириш телеграммалари киради.

"Авиа" белгили телеграммага - самолётларнинг учиши, келиши ва мажбурий қўниши тўғрисидаги хабарлар, шунингдек, об-ҳаво тўғрисида маълумотли телеграммалар киради.

"Ҳукуматга оид" ва "Олий ҳукуматга оид" телеграммаларини бериш ҳуқуқидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ мансабдор шахслар фойдаланади.


114. "Топширилганлиги тўғрисидаги хабарнома билан" телеграммани юбораётганда жўнатувчи белгиланган жойда телеграммани 24 соат ичида, телеграф иши жадвал бўйича сеанслар билан амалга ошириладиган пунктларга манзилланган телеграммалар учун телеграммани қабул қилган пайтдан бошлаб 48 соат ичида топширилиши тўғрисида хабарномани олади.


115. "Жавоби тўланган" телеграммалар адресатнинг жўнатувчига у томонидан тўланган ахборот ҳажмидаги тўланган жавобини таъминлайди.

"Топширилганлиги тўғрисидаги хабарнома билан", "жавоби тўланган", "банклардан ўтказма" турдаги телеграммалар фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қабул қилинади.


116. "Почта орқали буюртмали етказиб бериладиган" телеграммалар алоқа корхоналари бўлмаган аҳоли пунктларига манзилланади. Бундай телеграммалар адресатга шахсан қўлига топшириб етказилади, бу телеграмманинг ўтиш вақтини узайтиради.


117. "Жўнатувчи томонидан кўрсатилган муддатда етказиб бериш билан" телеграммалари адресатга жўнатувчи томонидан кўрсатилган муддатда телеграммани етказиб беришни таъминлайди ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларига, республиканинг вилоят ва туман марказларига юбориш учун етказиб бериш санасидан камида бир сутка олдин алоқа корхоналари томонидан қабул қилинади.


118. "Бадиий бланкларда етказиб бериш билан" телеграммалари жўнатувчининг хоҳишига кўра телеграммалар адресатларига бадиий бланкларда етказиб бериш билан қабул қилинади. Бундай телеграммалар фақат телеграф алоқаси бўлган пунктларга манзилланиши мумкин.


119. "Тасдиқланган" телеграммаларида алоқа корхонаси телеграммада хабар қилинаётган қандайдир фактни, жўнатувчининг имзосини ёки телеграммада юборилаётган ишончномани тасдиқлаши мумкин.

Истеъмолчи телеграммада хабар қилинаётган фактни тасдиқловчи расмий маълумотномани, гувоҳномани ёки бошқа ҳужжатни тақдим этиши керак.

Тасдиқланган телеграммалар белгиланган тартибда расмийлаштирилади.


120. "Схемали" телеграммалар айнан бир хил матнни алоқа корхонаси томонидан олдиндан тузилган, рўйхатдан ўтказилган ва киритилган схема бўйича турли телеграф пунктларига узатилишини таъминлайди. Схемали телеграммалар юридик шахслар томонидан берилиши мумкин.


121. Телеграф жўнатмаларини манзиллаш Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

Давлатлараро ахборот ва жўнатмалар икки томонлама битимлар, шунингдек, халқаро битимлар ва шартномалар билан белгиланган тилларда ишлов берилади.

Телеграмманинг манзили:

хат-хабарлар Ўзбекистон Республикасида ҳудудида манзилланганда давлат ёки рус тилида, бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасига қорақалпоқ тилида;

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларига юборилганда - рус тилида ёки белгиланган мамлакат тилида;

узоқ хориж мамлакатларига манзилланганда - белгиланган мамлакат тилида, лотин алифбоси ҳарфлари билан ёзилган бўлиши керак.


122. Телеграммалар очиқ (умумқабул қилинган) ёки шартли (кодланган) тилда ёзилиши мумкин. Агар ёзув давлат тилида ёки рус тилида тузилган бўлса, ҳарфлар ва рақамлар билан кўрсатилган завод, савдо белгилари ва маркалари ёки фақат рақамлардан иборат бўлган статистик ва бошқа маълумотларни ўз ичига олса, телеграмма очиқ (умуқабул қилинган) тилда ёзилган деб ҳисобланади. Жисмоний шахслардан телеграммалар фақат очиқ тилда (умуқабул қилинган) қабул қилинади.

Агар ёзув шартли белгилар ёки шартли қийматга эга бўлган оддий сўзлар ёрдамида тузилган бўлса, телеграмма шартли (кодланган) тилда ёзилади деб ҳисобланади. Бундай телеграммалар фақат юридик шахслардан қабул қилинади.


123. Таркибида ахлоқсиз, ҳақоратли ва инсон қадр-қимматини камситувчи сўзлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлиги ва давлат манфаатларига қарши қаратилган матн бўлган ҳамда фақат манзилдан иборат (матнсиз) телеграммалар қабул қилинмайди.


124. Республика ҳудудида истеъмолчиларга телеграф хизматларини кўрсатиш маҳаллий вақтни кўрсатган ҳолда амалга оширилади.


125. Алоқа корхоналарида телеграммани қабул қилиш белгиланган иш режимига мувофиқ амалга оширилади.


126. Алоқа корхоналари истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш маданиятини, телеграф хабарларининг сир сақланишини таъминлашлари шарт.


127. Телеграф тармоғидаги абонент телеграф станциялари ва телекс тармоқлари истеъмолчиларга тармоғига ва телекс тармоғига уланган корхоналар ва ташкилотлар ўртасида тўғридан-тўғри сўзлашувларни олиб бориш ва ахборотни узатиш имконини яратиб беради. Истеъмолчиларнинг абонент қурилмаларини абонент телеграф станциясига ва телекс халқаро тармоғига улаш истеъмолчилар ва алоқа корхоналари ўртасида тузилган шартномалар билан расмийлаштирилади.


128. Телеграф каналлари алоқа корхонаси ва истеъмолчи ўртасидаги шартнома асосида ижарага берилади. Телеграф каналларини ижарага бериш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


129. Истеъмолчининг хоҳишига кўра алоқа корхонаси томонидан қуйидаги қўшимча телеграф алоқа хизматлари кўрсатилиши мумкин:

а) истеъмолчининг оғзаки аризалари бўйича:

берилган телеграммани бекор қилиш ёки телеграммани юборишдан аввал унинг манзилини ўзгартириш;

телеграммани адресатга етказилган (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида) кундан кейин 2 ой ичида унинг топширилганлигининг тасдиғини олиш;

"талаб қилингунга қадар" белгиси билан манзилланган телеграммаларни белгиланган бир ой муддатдан ташқари, кейинги бир ой мобайнида сақлаб туриш;

телеграмма берилган кундан бошлаб икки ой мобайнида телеграмманинг тасдиқланган нусхасини олиш;

б) истеъмолчининг ёзма аризаси бўйича:

телеграммани бошқа манзилга қайта жўнатиш ёки етказиб бериш;

телеграммаларни почта қутиларида ва абонент шкафларида қолдириш;

ўзларининг телеграммалари, шу жумладан, телеграмма жўнатувчиларининг манзиллари тўғрисидаги барча маълумотларни жўнатувчиларга ва адресатларга бериш.


130. Алоқа корхоналари мазкур Қоидаларга зид бўлмаган ва амалда бажарилиши мумкин бошқа хизматларни ҳам кўрсатиши мумкин.



6-§. Маълумотларни узатиш тармоғи, шу жумладан,

интернет хизматларини кўрсатиш


131. Маълумотлар узатиш тармоғи хизматлари рўйхати оператор ёки провайдер ҳамда абонент ўртасида тузиладиган маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатиш шартномасида белгиланган бўлиши керак.


132. Маълумотлар узатиш тармоғи орқали хизматларнинг қуйидаги турлари тақдим этилиши мумкин:

маълумотлар узатиш тармоғидан фойдаланиш (турли стандартлар бўйича), трафик транзити, шунингдек, маълумотлар узатишнинг халқаро тармоқларидан, жумладан, Интернетдан фойдаланиш;

реал вақтда ахборот ресурслари ва ахборот тизимларидан фойдаланиш;

электрон хабарлар қабул қилиш ва узатиш (шу жумладан, электрон почта);

конфиденциал ахборотни криптографик ва бошқача муҳофаза қилиш;

кичик (қуйи) тармоқ ажратиш;

домен ва домен номлари тизимини рўйхатга олиш ва олиб бориш;

IP-адрес ажратиш ва тутиб туриш;

IP-телефония ва IP-телевидение (IPTV);

хостинг хизматлари.

Оператор ёки провайдер қонун ҳужжатларига мувофиқ маълумотлар узатиш тармоғининг бошқа хизматларини ҳам кўрсатиши мумкин.


133. Wi-Fi хизмати ташкилотчиси бўлган абонент-юридик шахс томонидан чекланган доирадаги фойдаланувчиларга бепул ёки пуллик асосда Wi-Fi хизматлари кўрсатиши мумкин. Фойдаланувчиларнинг чекланган доирасини аниқлаш шартлари Wi-Fi хизмати ташкилотчиси томонидан белгиланади. Wi-Fi хизматини кўрсатишда сессиянинг амал қилиш давомийлиги 24 соатдан ошмаслиги керак.


134. Wi-Fi хизмати ташкилотчиси ўз ҳудудида бепул Wi-Fi хизматини ташкил этиш оператор ёки провайдер билан тузилган шартномага мувофиқ оператор ёки провайдернинг аппарат-дастурий воситалари асосида амалга оширилиши мумкин.


135. Wi-Fi хизмати ташкилотчиси:

оператор ёки провайдер билан биргаликда, фойдаланувчиларнинг шахсини идентификациялаш ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланилган веб-ресурслари (log-файллар) ҳисобини юритиш бўйича аппарат-техник чора-тадбирлар кўриши;

оператор ёки провайдер билан биргаликда, ахборот ресурслари ҳимоя қилинишини таъминлашга, Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этишга, уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни, шунингдек, порнографияни тарғиб қилишга қаратилган ахборотнинг ва тарқатилиши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган бошқа ахборотнинг тарқатилишига йўл қўймасликка қаратилган чораларни кўриши керак.


136. Wi-Fi хизмати абонент - юридик шахс томонидан кўрсатилган тақдирда, абонент - юридик шахс ва оператор (провайдер) ўртасида тузиладиган шартномада фойдаланувчиларга Wi-Fi хизмати тақдим этиши тўғрисида маълумот кўрсатилиши, шунингдек, фойдаланувчилар шахсини идентификациялаш бўйича кўриладиган чоралар белгиланиши зарур.


137. Фойдаланувчилар шахсини идентификациялаш мобил телефон рақами бўйича ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотлар асосида амалга оширилган бошқа рўйхатдан ўтиш маълумотлари (авиачипталар, темир йўл чипталари, меҳмонхонада рўйхатдан ўтиш маълумотлари ва шу каби бошқа маълумотлар), шунингдек, Push-хабарлар (абонент қурилмаси экранида акс этувчи қисқа хабар) орқали амалга оширилиши мумкин.

Фойдаланувчини мобил телефон рақами бўйича идентификациялашда, фойдаланувчининг мобил телефон рақамига SMS-хабар воситасида бир марталик пароль (One Time Password - OTP) юборилади ва фойдаланувчи аутентификация қилинади. Бунда бир марталик паролнинг (One Time Password - OTP) активлик муддати чекланган бўлиши (10 дақиқадан кўп бўлмаслиги) керак.


138. Оператор (провайдер) Ўзбекистон Республикасининг "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ абонентларга ўзи томонидан кўрсатиладиган маълумотлар узатиш хизматлари тўғрисида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт.

Оператор (провайдер) томонидан абонентга қуйидаги маълумотлар тақдим этилиши зарур:

операторнинг (провайдернинг) номи, почта манзили, фойдаланувчилар ва абонентлар билан ҳамкорлик қиладиган филиалларининг номи, улар жойлашган жой, иш тартиби ва алоқа телефонлари;

операторга (провайдерга) берилган лицензия рақами ва амал қилиш муддати;

маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатиш тартиби ва шартлари;

фойдаланиладиган абонент интерфейслари ва маълумотлар узатиш протоколлари;

маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатишдаги чекловлар;

тариф режалари;

муайян тариф режаси, маркетинг кампаниялари доирасида ёки тадбирлар ўтказиш даврида маълумотлар узатиш тармоғидан фойдаланиш хизматларини тақдим этишда имтиёзлар ёки чегирмалар;

маълумотлар узатиш тармоғидан фойдаланишнинг бепул ва пуллик хизматлари рўйхати;

маълумотлар узатиш тармоғи хизматларига ҳақ тўлаш муддатлари ва шакллари;

абонентларнинг ариза ва шикоятларини кўриб чиқиш тартиби;

ахборот-маълумот хизматининг ва техник таъминлаш хизматининг телефон рақамлари (мавжуд бўлганда);

ахборот-маълумот бериш бўйича хизмат кўрсатиш тизими тўғрисидаги маълумотлар;

маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатиш ҳудудларида техник имкониятлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар.


139. Оператор (провайдер) билан абонент ўртасида тузиладиган шартномада қуйидаги маълумотлар мажбурий равишда кўрсатилиши шарт:

шартнома тузилган жой ва сана;

операторнинг (провайдернинг) номи;

операторнинг (провайдернинг) ҳисобварағи реквизитлари;

операторга (провайдерга) берилган лицензия реквизитлари;

шартноманинг амал қилиш муддати;

абонент тўғрисидаги маълумотлар;

ҳисоб-китоб шакли ва тартиби;

томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

тариф режаси, хизматларнинг нархлари;

хизматнинг қайси технология бўйича тақдим этилиши;

шикастланишларни бартараф этиш муддатлари;

сифат кўрсаткичлари (маълумотлар узатишнинг максимал тезлиги, маълумотлар узатишнинг минимал кафолатланган тезлиги, маълумотлар узатиш кечикишининг максимал вақти);

форс-мажор ҳолати;

кўрсатиладиган хизматлар рўйхати (зарур бўлганда).

Шартномада томонлар ўртасидаги келишувга асосан қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.


140. Абонент оператор (провайдер) билан шартнома тузганидан кейин, оператор (провайдер) уланиш усулига боғлиқ ҳолда, абонентга уланиш учун зарур параметрларни етказади (IP-адрес ва бошқа адрес реквизитлари), маълумотлар узатиш тармоғида ишлаш ва фойдаланиш тартиби тўғрисида йўл-йўриқ кўрсатади, фойдаланувчининг зарур ускунасини (компьютер, модем, факс) ва зарур дастурий таъминотни тавсия қилади.


141. Оператор (провайдер) маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бўлган ахборотни абонентларга тақдим этиш мақсадида ахборот-маълумот бериш бўйича хизмат кўрсатиш тизимини яратади.

Қуйидаги маълумотлар оператор (провайдер) томонидан абонентнинг сўровига мувофиқ 24 соат мобайнида ҳеч қандай чекловларсиз тақдим этилиши шарт:

маълумотлар узатиш тармоғининг кўрсатиладиган хизматлари тўғрисидаги;

маълумотлар узатиш тармоғидан фойдаланиш хизматларига бўлган тарифлар тўғрисидаги;

абонентга унинг шахсий ҳисобварағининг ҳолати ва маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланиш ҳақини тўлаш бўйича қарздорлик тўғрисидаги, жумладан, абонентга уланган хизматлар: маълумотлар узатиш вақти, тезлиги, олинган ва (ёки) узатилган ахборот ҳажми, шунингдек, лимитланган трафикли тарифлардаги трафик қолдиғи тўғрисидаги;

техник носозликлар тўғрисидаги.



7-§. Жамоат фойдаланиш жойларида интернет

хизматларини тақдим этиш


142. Жамоат фойдаланиш жойининг интернет-провайдери қуйидаги хизматларни тақдим этиши мумкин:

а) Интернет тармоғидан фойдалана олиш;

б) Интернет тармоғига уланиш ва тармоқ ресурсларидан фойдаланиш масалалари бўйича маслаҳатлар;

в) жамоат фойдаланиш жойи интернет-провайдерининг компьютеридан файлларни фойдаланувчи компьютерига узатиш.

Жамоат фойдаланиш жойининг интернет-провайдери томонидан қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа хизматлар ҳам кўрсатилиши мумкин.


143. Тақдим этилаётган хизматлар учун тарифлар жамоат фойдаланиш жойининг интернет-провайдери томонидан мустақил равишда ўрнатилади.



8-§. Мобил алоқа хизматларини тақдим этиш


144. Абонентларга оператор (провайдер) томонидан кўрсатиладиган мобил алоқа хизматларининг рўйхати операторга тегишли бўлган мобил алоқа тармоғининг техник имкониятларини ҳисобга олган ҳолда оператор (провайдер) томонидан белгиланади.


145. Абонентларга кўрсатиладиган мобил алоқа хизматлари шартнома шартларига, шунингдек, операторнинг (провайдернинг) хизматлар тўғрисидаги ахборотига мувофиқ бўлиши керак.


146. Оператор (провайдер) абонентга хизмат кўрсатиш зонасида мобил алоқа хизматларидан кечаю-кундуз фойдаланиш имконини таъминлашга мажбур.


147. Оператор (провайдер) ахборот-маълумот хизмати тизимига эга бўлиши ва пуллик ҳамда бепул ахборот-маълумот хизматларини кўрсатишга мажбур.

Оператор ёки провайдер тармоқ ичида унинг ахборот-маълумот хизматига бепул қўнғироқлар қилиш имконини таъминлаши керак.


148. Оператор (провайдер) пуллик ахборот-маълумот хизматларининг рўйхатини мустақил равишда белгилайди.


149. Оператор (провайдер) тақдим этиладиган хизматлар, уларни тақдим этиш ва мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш тартиби, ушбу хизматларга тарифлар, мобил алоқадан фойдаланишда чекланишлар тўғрисида абонентларни, шунингдек, мобил алоқа хизматларини кўрсатиш учун шартномани тузиш истаги бўлган жисмоний ва юридик шахсларни хабардор қилишга мажбур.

Хизматларнинг пуллик эканлиги тўғрисида абонентларни олдиндан хабардор қилмасдан айрим пуллик хизматлар учун тўлов ундирилган ҳолда ушбу хатти-ҳаракат кўрсатилмаган хизматлар учун ундирилган тўловга тенглаштирилади.

Тарифлар, хизматларни кўрсатиш тартиби, ҳисоб-китоблар шакли ва тартиби ўзгарган ҳолда, оператор (провайдер) бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали ва оператор (провайдер) томонидан танланган исталган бошқа усулда абонентни хабардор қилиши лозим.

Оператор тармоғида мобил алоқа хизматлари кўрсатилишининг тўхталишига олиб келадиган йирик авариялар юз берганда ҳамда учинчи шахс талаби бўйича ижара асосида ўрнатилган телекоммуникация иншоотларини кўчириш зарурати юзага келганда оператор (провайдер) абонентларни бу ҳақда, шунингдек, хизматларни кўрсатиш тикланишининг тахминий муддатлари тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали ёки оператор (провайдер) томонидан танланган исталган бошқа усулда хабардор қилишга мажбур.



9-§. Роуминг хизматини ташкил қилиш ва тақдим этиш


150. Мобил алоқанинг миллий роуминг хизмати юридик ва жисмоний шахслар - маҳаллий операторларнинг (провайдерларнинг) абонентларига улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлганда хизмат кўрсатувчи операторларнинг (провайдерларнинг) хизмат кўрсатиш зонасида маҳаллий операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш зонасининг ташқарисида улар фойдаланишлари учун тақдим этилади.


151. Мобил алоқанинг халқаро роуминг хизмати юридик ва жисмоний шахслар - маҳаллий операторларнинг (провайдерларнинг) абонентларига улар Ўзбекистон Республикасининг ҳудудидан ташқарида бўлганда хорижий операторлар - роуминг-шерикларнинг хизмат кўрсатиш зонасида ҳамда юридик ва жисмоний шахслар - хорижий операторлар - роуминг-шерикларнинг абонентларига улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маҳаллий операторларнинг (провайдерларнинг) хизмат кўрсатиш зонасида бўлганда фойдаланиш учун тақдим этилади.


152. Миллий ва халқаро роуминг хизматлари, одатда, автоматик равишда амалга оширилади.

Автоматик роумингни ташкил қилишнинг имкони бўлмаганда "механик" ёки "пластик" роумингни ташкил қилишга йўл қўйилади.

Айнан битта оператор тармоғи ичида амалга ошириладиган технологик роуминг (мобил оператор томонидан бир давлатнинг бир ҳудудида қайд қилинган абонентга ўша давлатни бошқа ҳудудида ҳам телекоммуникация хизматлари тақдим қилиниши) роуминг хизмати ҳисобланмайди.


153. Автоматик роумингни ташкил қилишда Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоқларида қабул қилинган сигнализация тизимларининг тегишли протоколлари ва спецификацияларидан фойдаланиш керак.


154. Роуминг хизматини тақдим этиш мобил алоқа операторлари (провайдерлари) ўртасида роуминг тўғрисидаги шартнома асосида амалга оширилади.


155. Халқаро роумингни ташкил қилиш ва тақдим этиш шартномаси Ўзбекистон Республикаси мобил алоқа операторлари (провайдерлари) ва хорижий операторлар ўртасида, миллий роумингни эса - Ўзбекистон Республикаси мобил алоқа операторлари (провайдерлари) ўртасида тузилади.


156. Мобил алоқа операторлари (провайдерлари) ўртасида роуминг тўғрисидаги шартнома қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилади ва рўйхатга олинади.


157. Роуминг тақдим этиш учун роуминг тўғрисидаги шартноманинг амал қилиш муддати оператор (провайдер) лицензиясининг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак.


158. Маҳаллий оператор (провайдер) ва хорижий оператор ўртасидаги роуминг тўғрисидаги шартнома халқаро ҳуқуқ нормаларига ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилади.


159. Маҳаллий оператор (провайдер) мобил алоқа хизматларини тақдим этиш учун абонент билан шартнома тузаётганда роумингни тақдим этиш шартлари тўғрисида уни хабардор қилиши керак.


160. Хизмат кўрсатувчи оператор абонентга унинг маҳаллий оператор (провайдер) билан шартнома муносабатларида белгиланган хизматлар рўйхатини тақдим этишга мажбур.


161. Маҳаллий оператор (провайдер) роумер ҳақиқийлигини идентификацияламасдан хизмат кўрсатувчи оператор томонидан роуминг тақдим этилиши учун жавобгар бўлмайди.


162. Роуминг хизмати учун абонент томонидан маҳаллий операторга (провайдерга) ҳақ тўлаш улар ўртасида тузилган мобил алоқа хизматларини тақдим этиш шартномасининг шартларига мувофиқ амалга оширилади.


163. Миллий роуминг хизматларини тақдим этишда маҳаллий операторлар (провайдерлар) ўртасида юзага келган низолар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ суди томонидан ҳал қилинади.


164. Халқаро роуминг хизматини тақдим этишда маҳаллий оператор (провайдер) ва хорижий оператор (ёки тизим ҳосил қилувчи роуминг-шерик) ўртасида юзага келган низолар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳал қилинади.


165. Маҳаллий ва хизмат кўрсатувчи операторлар (провайдерлар) роумингни ташкил қилишда ахборот хавфсизлигини таъминлаш талабларига риоя қилишлари шарт.


166. Роумер-ташриф буюрувчиларнинг абонент терминалларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.



10-§. Мобил алоқа тармоқларида абонент рақамларини

кўчириш хизматини тақдим этиш


167. Абонент учун абонент рақамини кўчириш хизмати мобил алоқа операторлари (провайдерлари) томонидан тақдим этилади.


168. Абонент рақамини кўчириш абонентга 30 календарь кун мобайнида кўпи билан бир марта тақдим этилади.


169. Кўчириладиган рақамлар сифатида фақат мобил алоқа операторлари (провайдерлари) учун ажратилган рақамлар қўлланилиши мумкин.

Рақамни кўчириш оқибатида рақамни териш форматининг ўзгартирилишига йўл қўйилмайди.


170. Абонент рақамларини кўчириш хизматини тақдим этиш учун фойдаланиладиган рақамларнинг мобил алоқа тармоқларига ва аксинча кўчирилиши тақиқланади.


171. КРМБ оператори абонент рақами кўчирилишини таъминлаш учун мобил алоқа операторлари (провайдерлари) томонидан тақдим этиладиган ахборотни йиғиш, уни қайта ишлаш, сақлаш ва узатиш жараёнларини автоматлаштиради ва мувофиқлаштиради.


172. Абонент рақамларини кўчириш, кўчирилган абонент рақамлари тўғрисидаги маълумотларни ўзгартириш, абонент рақамини кўчириш хизматини тўхтатиб туриш ва кўчирилган абонент рақамини бирламчи операторга қайтариш жараёнига тегишли ахборот билан алмашиш КРМБ оператори орқали амалга оширилади.


173. КРМБни шакллантириш, юритиш, ишлаши ва техник кузатуви, шу жумладан, ундаги ахборот ва маълумотларни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш, узатиш, шунингдек, КРМБдан фойдалана олиш имкониятини тақдим этиш Ўзбекистон Республикасининг "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Қонуни талабларига риоя қилган ҳолда КРМБ оператори томонидан таъминланади.


174. Мобил алоқа тармоқларининг абонент рақамлари тўғрисидаги ахборот ва абонент рақамини кўчириш жараёнини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар мобил алоқа операторлари (провайдерлари) томонидан Ўзбекистон Республикасининг "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Қонуни талабларига риоя қилган ҳолда КРМБ операторига тақдим этилади.


175. Мобил алоқа тармоқлари операторларининг (провайдерларининг) КРМБдан фойдаланиши КРМБ оператори ва мобил алоқа тармоқлари операторлари (провайдерлари) ўртасида тузилган шартномага мувофиқ амалга оширилади.


176. КРМБда қуйидаги ахборотлар сақланади ва (ёки) қайта ишланади:

мобил алоқа хизматларини кўрсатиш тўғрисида бошқа мобил алоқа операторлари (провайдерлари) билан янги шартномаларни тузишда абонентларда сақланадиган кўчирилган абонент рақамлари тўғрисида;

абонент рақамини кўчириш санаси ва вақти тўғрисида;

рақамлаш ресурсининг мобил алоқа операторига (провайдерига) тегишлилигини кўрсатиб, белгиланган тартибда мобил алоқа операторларига (провайдерларига) ажратилган рақамлаш тўғрисида.


177. КРМБ ишлашини ва техник кузатувини таъминлаш мақсадида КРМБ оператори қуйидаги тадбирларни амалга оширади:

а) КРМБ кечаю кундуз ишлашини таъминлаш;

б) мобил алоқа операторларидан (провайдерларидан) келиб тушадиган ахборотни йиғиш, сақлаш ва қайта ишлаш;

в) КРМБдаги ахборот муҳофазасини таъминлаш;

г) абонент рақамини кўчириш ва тўғри маршрутлашни амалга ошириш учун зарур бўлган, КРМБда мавжуд бўлган ахборотдан алоқа операторларининг фойдалана олиш имкониятларини тақдим этиш.


178. КРМБдаги ахборотни муҳофаза қилиш, шунингдек, ундан фойдалана олиш қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда таъминланади.


179. Мобил алоқа тармоқларида абонент рақамини кўчириш учун талабнома (бундан буён матнда талабнома деб юритилади) абонентдан қуйидаги тартибда қабул қилинади:

а) абонент реципиентнинг офисида мижозларга хизмат кўрсатиш пунктида шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этган ҳолда;

б) абонент шахсини тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотлари киритган ҳолда реципиентнинг расмий веб-сайтида электрон кўринишда;

в) абонент шахсини тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотларни мобил илова орқали электрон кўринишда.

Донор билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома тузилган пайтдан бошлаб абонентда унинг шахсий маълумотларида ўзгаришлар (фамилияси ўзгарганда, паспорти алмашганда ва ҳ.к.) юз берган ҳолда, талабномани беришдан олдин донор билан тузилган шартномага тегишли ўзгартиришлар киритилиши керак.


180. Мобил алоқа тармоқларида абонент рақамларини кўчириш абонентдан олинган талабнома асосида 8 иш соатидан кўп бўлмаган вақт давомида мобил алоқа оператори (провайдери) томонидан таъминланади.


181. Реципиент:

абонентдан талабнома қабул қилади;

талабнома тўғри тўлдирилганлигини текширади, уни рўйхатга олади ва КРМБга сўров юборади ёки КРМБ томонидан талабномани мобил илова орқали олинганлигини тасдиқлайди;

абонент билан янги шартнома тузади ва реципиентга бириктирилган ҳамда абонент томонидан талабномада кўрсатилган тариф режасига уланган рақамлаш диапазонидаги вақтинча рақамли янги SIM картани беради.

Электрон рўйхатдан ўтгандан кейин абонент SIM-картани олиш ва шартномани имзолаш учун оператор (провайдер) офисига келиши кераклиги тўғрисида хабардор қилинади. Агар реципиент абонентга eSIM қўллаб-қувватлаш билан қурилмалар учун хизматларни тақдим этса, оператор (провайдер) шартномани масофадан тузиш имконияти билан актив eSIMга рақам кўчирилишини таклиф қилиши мумкин.


182. Шартнома тузиш пайтида вақтинча рақамли SIM-карта активлаштирилади ва абонент ҳақиқий кўчирилгунча реципиентнинг алоқа хизматларидан фойдаланиши мумкин.

Абонент рақамини кўчириш рад этилганда абонент унга берилган SIM-карта орқали реципиентнинг алоқа хизматларидан фойдаланишни давом эттириши мумкин. Бунда айнан шу реципиентга абонент рақамини кўчириш учун талабнома такроран берилганда алоқа хизматларини кўрсатиш тўғрисида янги шартномани тузиш талаб этилмайди.


183. Реципиентдан абонент рақамини кўчириш тўғрисида КРМБга берилган сўровда қуйидаги маълумотлар бўлади:

а) жисмоний шахслар учун:

абонентнинг паспорт маълумотлари (паспорт тури, серияси ва рақами, ЖШШИР, паспорт берилган сана ва ким томонидан берилганлиги);

абонент рақами;

б) юридик шахслар учун:

ташкилотнинг СТИР;

абонент рақами ёки абонент рақамларининг рўйхати;

абонент рақамларини тўлиқ ёки қисман кўчиришни танлаш тўғрисидаги кўрсатма.

Бунда, абонент рақамининг тўлиқ кўчирилишини танлаш абонент томонидан абонент рақамлари рўйхатида акс эттирилган барча абонент рақамлари кўчирилишини кўзда тутади. Агар абонент рақамларидан биттасини бўлса ҳам кўчириш рад этилган бўлса, у ҳолда сўров рўйхатда акс эттирилган барча абонент рақамлари бўйича тўлиқ рад этилган ҳисобланади.

Абонент рақами қисман кўчирилишини танлаш кўчириш учун донор томонидан тасдиқланган абонент рақамларининг рўйхатида абонент томонидан акс эттирилган абонент рақамларининг фақат қисми кўчирилишини кўзда тутади. Бунда бир ёки бир нечта абонент рақамлари бўйича кўчиришни рад этиш рўйхатдаги донор тасдиқлаган абонент рақамларини кўчириш учун рад жавоби ҳисобланмайди.


184. КРМБ оператори реципиентдан абонент рақамини кўчириш сўровини олганда қуйидаги шартларга риоя қилинганлигини текширади:

КРМБда реципиент томонидан мобил алоқа тармоқларида абонент рақамини кўчириш учун сўровнинг тўғри тўлдирилганлигини. Бунда тўғри тўлдирилганлиги сўровнинг талабномага мувофиқ тўғри ва аниқ тўлдирилганлиги билан аниқланади. Ушбу шарт бажарилмаганда КРМБ оператори реципиентни хабардор қилган ҳолда талабномани рад этади. Реципиент камчиликларни бартараф этади ва КРМБ операторига янги сўровни юборади;

абонент рақамини кўчириш имкониятини тасдиқлаш - охирги кўчирилган пайтдан бошлаб камида 30 календарь куни ўтганлиги, бундан хато кўчирилган ҳолатлар мустасно;

абонент рақамини кўчириш учун актив талабномалар йўқлиги.

Ушбу банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиларидаги шартлар бажарилмаган ҳолда КРМБ оператори реципиентга абонент рақамини кўчириш рад этилганлиги тўғрисида хабар қилади, бу ҳақда реципиент вақтинча рақамли SIM картага SMS хабарни юбориш орқали, рад этиш сабабини кўрсатган ҳолда абонентни хабардор қилади.


185. Реципиентдан абонент рақамини кўчириш тўғрисидаги сўров қабул қилинганда КРМБ оператори донорга абонент рақамини кўчириш тўғрисидаги сўровни юбориб, реципиентга кейин кўриб чиқиш учун талабнома қабул қилинганлиги тўғрисида хабар қилади.


186. Донор КРМБ операторидан абонент рақамини кўчириш сўровини олганда қуйидаги шартларга риоя қилинганлигини текширади:

абонент шахсий маълумотларининг ишончлилигини. Бунда ишончлилик КРМБдан сўровда келиб тушган шахсий маълумотларнинг донор ва абонент ўртасидаги мобил алоқа хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномада кўрсатилган маълумотлар билан мослиги билан аниқланади;

донор билан тузилган алоқа хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома бўйича донор томонидан текшириш пайтида абонент қарзларининг йўқлиги, роуминг хизматларидан ташқари;

абонентда донор олдидаги шартнома бўйича мажбуриятларининг йўқлиги.

Бунда мазкур бандда кўрсатилган шартлардан биттаси бўлса ҳам бажарилмаса, донор КРМБ операторига абонент рақамини кўчиришни рад этиш тўғрисидаги асосланган билдиришнома юборади, бу ҳақда КРМБ оператори реципиентга хабар қилади, реципиент эса, ўз навбатида, вақтинча рақамли SIM картага SMS-хабарни юбориб, рад этиш сабабини кўрсатган ҳолда абонентни абонент рақамини кўчириш рад этилганлиги тўғрисида хабардор қилади.


187. Донор томонидан талабномани кўриб чиқиш муддати КРМБ операторидан сўровни олган пайтдан бошлаб ҳисобланади ва 3 иш соатидан кўп бўлмаган вақтни ташкил қилади. Бунда кўриб чиқиш ажратилган муддатдан ошиб кетганда КРМБ автоматик равишда реципиент ва донорга абонент рақами кўчирилиши мумкинлиги тўғрисида хабар қилади, КРМБ талабномани ўз вақтида тасдиқламаган донор томонидан бузилишга йўл қўйилганлигини қайд қилади.


188. Донор томонидан КРМБ операторига абонент рақамини кўчириш мумкинлигини тасдиқлаш мобил алоқа хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномани бекор қилиш учун асос бўлиб ҳисобланади.


189. Донордан абонент рақамини кўчириш имконияти тўғрисида билдиришномани олгандан кейин КРМБ оператори реципиент ва донорга абонент рақамини техник кўчириш бошланиши тўғрисида хабар қилади, реципиент эса, ўз навбатида, бу ҳақда вақтинча рақамли SIM картага SMS-хабарни юбориб абонентни хабардор қилади.


190. КРМБ операторидан абонент рақамини техник кўчиришни бошлаш тўғрисидаги хабарни олгандан кейин:

реципиент абонент рақамини ўз маълумотлар базасига киритиш, шу жумладан, биллинг тизимлари ва абонентларни идентификациялаш маълумотлар базасига киритиш зарур хатти-ҳаракатларни бажаради, шунингдек, SIM-картадаги вақтинча рақамни талабномада абонент томонидан кўчириладиган сифатида кўрсатилган рақамга алмаштиради ва КРМБ операторига абонент рақамини ўз тармоғида рўйхатга олиш ишлари тугалланганлиги тўғрисида хабар қилади;

донор абонент рақамини ўз биллинг тизимидан чиқариш бўйича керакли ишларни бажаради ва абонент деактивация қилинганлиги тўғрисида КРМБ операторига хабар қилади.


191. КРМБ оператори донордан рақам деактивация қилинганлиги тўғрисида ва реципиентдан абонент рақами рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги хабарларни олгандан кейин абонент рақами кўчирилганлиги тўғрисидаги маълумотларни КРМБга киритади ҳамда барча телекоммуникация операторларини (провайдерларини) кўчирилган абонент рақами бўйича маршрутлашни ўзгартириш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади.

Ажратилган муддатдан ошиб кетган ҳолда КРМБ маршрутлаш ўзгарганлигини ўз вақтида тасдиқламаган оператор (провайдер) томонидан бузилишга йўл қўйилганлигини қайд қилади. Бузилиш тўғрисидаги бундай ахборот кейинчалик назорат қилувчи ваколатли органни хабардор қилиш учун КРМБ базасида рўйхатга олинади.


192. Телекоммуникация операторлари (провайдерлари) КРМБдан операторидан хабарни олгандан кейин кўчирилган абонент рақами бўйича маршрутлашга ўзгартиришлар киритадилар ва ўз тармоқларида ишлар тугатилганлиги тўғрисида КРМБ операторига тасдиқ юборадилар.


193. КРМБ оператори кўчирилган абонент рақами бўйича маршрутлаш ўзгарганлиги тўғрисида телекоммуникация операторларидан (провайдерларидан) тасдиқни олганларидан кейин ёки бу операция учун ажратилган муддат ошиб кетган ҳолда барча телекоммуникация операторларига (провайдерларига) абонент рақамини кўчириш муваффақиятли тугалланганлиги тўғрисида хабар юборади. Ажратилган муддат ошиб кетган ҳолда КРМБ маршрутлаш ўзгарганлигини ўз вақтида тасдиқламаган оператор (провайдер) томонидан бузилишга йўл қўйилганлигини қайд қилади. Бузилиш тўғрисидаги бундай ахборот кейинчалик назорат қилувчи ваколатли органни хабардор қилиш учун КРМБ базасида рўйхатга олинади.


194. Реципиент КРМБ операторидан абонент рақамини кўчириш муваффақиятли тугалланганлиги тўғрисидаги хабарни олгандан кейин бу ҳақда кўчирилган рақамли SIM картага SMS-хабарни юбориш орқали абонентни хабардор қилади.


195. Донор томонидан абонент рақамининг кўчирилиши тўғрисида сўров тасдиқлангунча абонент абонент рақамини кўчириш хизматларини рад этиши мумкин.


196. Аввал бир оператордан (провайдердан) бошқа операторга (провайдерга) кўчирилган абонент рақамини кўчириш жараёни абонентнинг талабномаси бўйича 183-195-бандларда кўрсатилган кетма-кетликда бажарилади.


197. КРМБ оператори орқали абонент рақамини кўчириш процедуралари билан боғлиқ барча хатти-ҳаракатлар сўров олинганлигини мажбурий синхрон тасдиқлаган ҳолда бажарилади.


198. Алоқа тармоқларида кўчирилган абонент рақамлари учун уланишларнинг маршрутланишини таъминлаш учун қуйидаги технологиялар қўлланилади:

а) мобил алоқа тармоқларидан чақирувни бошлаб беришда кўчирилган рақамларнинг локал базасидан фойдаланган ҳолда "All Call Query";

б) қайд қилинган алоқа тармоқларидан чақирувни бошлаб беришда "All Call Query" ёки "Onward Routing".


199. Оператор (провайдер) қуйидагиларни таъминлайди:

кўчирилган абонент рақамларига ўз тармоғидан уланишларни тўғри маршрутлашни таъминлаш учун зарур бўлган кўчирилган рақамларнинг локал базасини шакллантириш, унинг ишлаши ва техник кузатиш;

КРМБ операторига талабномада абонент томонидан кўрсатилган абонент рақамлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш;

кўчирилган абонент рақамларини ўзининг рақамлаш ресурсига киритиш ва мазкур Қоидаларида белгиланган тартибда тузилган шартноманинг амал қилиш муддатида мобил алоқа хизматларини кўрсатиш;

донор томонидан бошқа операторнинг тармоғига кўчирилиши керак бўлган рақамнинг берилиши;

абонент рақамини кўчириш ва кўчирилган абонент рақами бўйича ўз тармоқларида хизматларни лозим даражада кўрсатиш учун ўз тармоқларини техник жиҳатдан тайёрлаш;

фойдаланилаётган технология, тақдим этилаётган мобил алоқа хизматининг тури, абонент томонидан алоқа хизматларига ҳақ тўлаш усулидан қатъи назар мобил алоқа тармоқларида абонент рақамларини кўчириш;

аҳолига мобил алоқа тармоқларида абонент рақамларини кўчириш шартлари тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш;

белгиланган муддатларда реципиент ва абонент ўртасида шартнома бекор қилинганда кўчирилган абонент рақамини донорга қайтариш.


200. КРМБ оператори қуйидагиларни таъминлайди:

КРМБни шакллантириш ва техник кузатиш ҳамда операторлар (провайдерлар) томонидан абонент рақамларини кўчириш учун унинг ресурсларидан фойдалана олиш имконини яратиш;

абонент рақамларини кўчириш жараёнида юзага келадиган масалалар бўйича операторлар (провайдерлар) ўртасида ўзаро ишлашни ташкил этиш;

КРМБнинг кўчирилган абонент рақамлари тўғрисидаги ахборотни актуаллаштириш (маълумотларни синхронлаш) учун КРМБга уланган операторларнинг (провайдерларнинг) кўчирилган рақамларнинг локал базаси билан ўзаро ишлаши;

кўчирилган абонент рақамлари тўғрисидаги ахборотни КРМБга киритиш (абонент рақамларини кўчириш жараёнида ахборотни янгилаш);

кўчирилган абонент рақамлари тўғрисидаги маълумотлардан рухсатсиз фойдалана олишдан ҳимоялаш;

операторларни (провайдерларни) кўчирилган абонент рақамига хизмат кўрсатувчи мобил алоқа операторининг (провайдерининг) алмашганлиги тўғрисида хабардор қилиш.


201. Абонент рақамларини кўчириш жараёнида юзага келадиган реципиент ва донорнинг ўзаро ишлашлари фақат КРМБ оператори орқали амалга оширилади.


202. КРМБда абонент рақамларини кўчириш жараёни, шу жумладан, ахборот алмашиш автоматлаштирилган режимда амалга оширилади.


203. Мобил алоқа операторлари (провайдерлари) ўз тармоқларида, абонент рақамининг кўчирилишини таъминлаш бўйича барча харажатларини, шу жумладан, КРМБга уланиш ва абонентларга кўчириш жараёнларида кўзда тутилган SMSларни жўнатиш учун алоқа каналларини ижарага олиш харажатларини ўз ҳисобларидан амалга оширадилар.


204. Мобил алоқа операторлари (провайдерлари) томонидан абонент рақамларидан, шу жумладан, кўчирилган абонент рақамларидан фойдаланганлик учун тўлов абонентга мобил алоқа хизматларини кўрсатувчи оператор (провайдер) томонидан амалга оширилади.

Абонент рақамини кўчириш хизмати учун абонент томонидан тўланадиган ҳақ миқдори реципиент томонидан мустақил равишда белгиланади.


205. Абонент томонидан абонент рақамини кўчириш хизмати учун тўланадиган ҳақ бир марталик ҳисобланади ва мобил алоқа хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномани тузишда реципиентга тўланади.


206. Оператор (провайдер) ва КРМБ операторининг ўзаро ишлаши ва ўзаро ҳисоб-китоблари жараёни оператор (провайдер) ва КРМБ оператори ўртасида тузилган шартнома билан белгиланади.


207. Мобил алоқа тармоқларида абонент рақами кўчирилганда абонентнинг шахсий ҳисоб рақамида сарфланмаган пул маблағлари мавжуд бўлганда, ушбу маблағларни қайтариш мазкур Қоидаларга ва донор билан тузилган мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасига мувофиқ донор томонидан амалга оширилади.

Телефон алоқа тармоқларидан чақирув бошланганида "Onward Routing" хизматлари тақдим этилганлиги учун телефон ва мобил алоқа тармоқларининг операторлари (провайдерлари) ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар ушбу операторлар (провайдерлар) ўртасида тузилган шартнома шартлари билан белгиланади.


208. Абонентнинг донор олдида кўчирилган рақам бўйича кўрсатилган роуминг хизматлари учун қарздорлиги мавжуд бўлганда донор абонент рақами реципиент тармоғига кўчирилган санадан бошлаб 30 календарь кун давомида кўрсатилган роуминг хизматларига ҳақ тўлаш учун ҳисобни тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Бунда, донор КРМБ оператори орқали абонент рақамини, қарздорлик суммасини ва қарздорликни тўлаш муддатини кўрсатган ҳолда реципиентга сўров юборади. Қарздорликни бартараф этиш (тўлаш) муддати 7 иш кунидан ошмаслиги керак.

КРМБ оператори донорнинг кўчирилган абонент рақамининг қарздорлиги тўғрисида реципиент юборилган сўровини олганда, сўровнинг 30 календарь кун давомида тақдим этилганлиги текширилади, агар сўров ушбу муддатга риоя қилинган ҳолда юборилганда КРМБ оператори донорнинг сўровини тасдиқлаб ва реципиентга абонент томонидан қарздорликни тўлаш зарурлиги тўғрисида хабар юборади, агар сўров ушбу муддатда тақдим этилмаганлиги аниқланганда, КРМБ оператори донорга сўровнинг рад этилиши ҳақида хабар юборади.

Реципиент КРМБ операторидан кўчирилган абонент рақами бўйича абонент томонидан қарздорликни тўлаш тўғрисидаги хабарномани олган пайтдан бошлаб 15 дақиқа ичида қуйидагилар ҳақида хабардор қилади:

абонентнинг донор олдидаги қарздорлигини тўлаш зарурлиги тўғрисида SMS-хабарномани жўнатиш йўли билан;

абонентни хабардор қилиш вақти тўғрисида КРМБ операторини.

КРМБ оператори реципиент томонидан абонент хабардор қилинган пайтидан бошлаб абонентнинг қарздорлигини тўлаш учун белгиланган вақтни ҳисоблаш бошланганлигини КРМБда қайд қилади ва бу ҳақда донорни хабардор қилади.

Абонент томонидан қарздорликни бартараф этиш тўғрисида реципиентдан хабарнома олинган вақтдан бошлаб 7 иш куни давомида қарздорлик бартараф этилмаган (тўланмаган) тақдирда, донор КРМБ операторига реципиент томонидан абонент учун алоқа хизматларини блокировка қилиш сўровини юборади.

Реципиент абонент донор олдидаги қарздорлигини тўлиқ тўлагунига қадар КРМБ операторидан хабарномани олган пайтдан бошлаб абонентга хизматлар кўрсатишни тўхтатади. Бунда реципиент абонентга қарздорликни тўлаш зарурлиги тўғрисида SMS хабарни юборади.

Абонент қарздорлигини бартатараф этганда (тўлаганда), донор 15 дақиқа ичида КРМБ операторига қарздорлик тўланганлиги ва абонент рақами блокировкадан чиқарилганлиги тўғрисида хабар юборади, бу ҳақда КРМБ оператори реципиентга хабар қилади.


209. Реципиент билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси бекор қилинганда, кўчирилган абонент рақами бир иш куни ичида бирламчи операторга қайтарилиши керак.

Бунда, реципиент томонидан КРМБ операторига абонент рақамини бирламчи операторга қайтариш тўғрисидаги сўров (бундан буён матнда сўров деб юритилади) юборилади.


210. КРМБ оператори қуйидаги ҳолларда абонент рақамини қайтаради:

рақам реципиентга тегишли бўлганда;

рақамни кўчириш актив жараёни бўлганда ёки бўлмаганда;

рақамни қайтариш сўровининг формати тўғри тўлдирилганда.


211. Сўров тасдиқлаганда КРМБ оператори реципиентга ва бирламчи операторга рақамни қайтариш тўғрисида хабарнома юборади, бунда параллел равишда операторларни (провайдерларни) тармоқда конфигурациянинг ўзгариши ва маршрутлашни ўзгартириш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади.


212. Бирламчи оператор КРМБ оператори орқали реципиентни қайтарилган абонент рақами олинганлиги тўғрисида хабардор қилади.


213. Абонент рақами хато кўчирилганда реципиент КРМБ операторига аниқланган хато ва абонент рақамининг қайтарилиши тўғрисида хабар юборади.


214. КРМБ оператори абонент рақамини қайтариш мумкинлигини, абонент рақамининг донорга тегишлилигини, актив кўчириш жараёни борлигини текширади. Текширув муваффақиятли ўтганда, КРМБ оператори реципиентга абонент рақамини қайтариш ва донорга хато рақамни қайтариш тўғрисида хабар юборади.

Абонент рақамини хато кўчиришни қайтариш сўровида хатоликлар аниқланганда КРМБ оператори реципиентга абонент рақами хато кўчирилганлигини қайтаришни рад этиш тўғрисида хабар юборади.

Реципиент хатоларни бартараф этади ва КРМБ операторига қайта сўровни юборади.


215. Донор КРМБ операторидан хато кўчирилган абонент рақами қайтарилганлиги тўғрисидаги хабарни олиб, сўровни текширади.


216. Абонент рақами хато кўчрилганлиги аниқланган ҳолда, бундай абонент рақамини қайтариш жараёни абонентнинг ёзма аризаси ёки донорнинг ахборот-маълумот хизматига мурожаати асосида донор томонидан бошлаб берилади. Бунда абонентнинг айби билан бўлмаган хато кўчирилган абонент рақамини қайтариш учун тўлов ундирилмайди.


217. Донор КРМБ операторига хато кўчирилган абонент рақамини қайтариш тўғрисидаги сўровни юборади.


218. КРМБ оператори хато кўчирилган абонент рақамини қайтариш сўровини олганда уни абонент рақамини кўчириш мумкинлиги юзасидан текширади, бу жараён қуйидагилардан иборат:

абонент маълумотларини тўлдириш;

ушбу абонент рақамини кўчириш учун актив талабномаларнинг борлиги.


219. Текширув муваффақиятли бўлган ҳолда КРМБ оператори донорга сўровни олганлигини тасдиқлайди ва уни хато кўчирилган абонент рақами бўлган мобил алоқа операторига (провайдерига) юборади.


220. Хато кўчирилган абонент рақамини қайтариш сўровида хатоликлар аниқланганда КРМБ оператори донорга сабабини кўрсатган ҳолда хато кўчирилган абонент рақамининг қайтарилиши рад этилганлиги тўғрисида хабар юборади.


221. Мобил алоқа оператори (провайдери) КРМБ операторидан хато кўчирилган абонент рақами қайтарилганлиги тўғрисидаги хабарни олиб, сўровни текширади. Текширув натижалари бўйича хато кўчирилган абонент рақами бўлган мобил алоқа оператори (провайдери) КРМБ операторига хато кўчирилган абонент рақамини қайтариш бошланганлигини ёки у рад этилганлигини тасдиқлайди.


222. Агар хато кўчирилган абонент рақами бўлган мобил алоқа оператори (провайдери) 30 дақиқа ичида хато кўчирилган абонент рақамини қайтариш ёки рад этиш тасдиқланганлиги тўғрисида КРМБ операторини хабардор қилмаса, КРМБ оператори донорга хато кўчирилган абонент рақами қайтарилганлигини тасдиқлаш тўғрисида автоматик равишда хабар қилади.


223. Донор КРМБ операторидан хато кўчирилган абонент рақами қайтарилганлиги тўғрисида хабар олган пайтдан бошлаб 30 дақиқа ичида абонентга хизматни активация қилади. Хизматлар муваффақиятли активация қилингандан кейин донор КРМБ операторига абонент рақами активация қилинганлигини тасдиқлайди.


224. КРМБ оператори хато кўчирилган абонент рақами бўлган мобил алоқа операторига (провайдерига) абонент рақами муваффақиятли активация қилинганлиги тўғрисида ва телекоммуникация операторларига - тармоқдаги маршрутлаш ўзгарганлиги тўғрисида хабар юборади. Бунда хато кўчирилган абонент рақами бўлган мобил алоқа оператори (провайдери) 30 дақиқа ичида абонент рақамини деактивация қилади.


225. Оператор (провайдер) КРМБ операторидан хабар олган пайтдан бошлаб 30 дақиқадан кечиктирмай кўчирилган абонент рақами бўйича маршрутлашга ўзгартиришлар киритади ва КРМБ операторидан хабарни олган пайтдан бошлаб бир соатдан кечиктирмай КРМБ операторига ўз тармоғида маршрутлаш ўзгарганлигини тасдиқлайди.


226. Хизматлар, тариф режаси, хато кўчирилган абонент рақами баланси хато кўчириш пайтидаги ҳолатгача донор томонидан тикланади.



11-§. Телевидение хизматларини ташкил қилиш ва тақдим этиш


227. Эшиттирувчи, оператор, провайдер телевидение хизматлари фаолиятини лицензия асосида амалга оширади.


228. Эшиттирувчи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатидан ўтган бўлиши шарт, бундан телерадио дастурларига ва сигналларига ишлов бермасдан, ретрансляция қилувчилар мустасно.


229. Эшиттирувчи дастурларини тарқатиш (трансляция, ретрансляция қилиш) ва сотиш, шунингдек, олинган дастурларни тарқатиш (трансляция, ретрансляция қилиш) ва сотиш фаолиятини хусусий ёки алоҳида муаллифлик шартномалари асосида амалга оширади.


230. Телевидение тармоқлари орқали қонун билан тақиқланган маълумотларни тарқатишга йўл қўйилмайди. Реклама ва эълонлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тарқатилади.


231. Эшиттирувчи, оператор, провайдер томонидан кўрсатиладиган телевидение хизматларининг турлари ва рўйхати телевидение тармоғининг техник имкониятлари, ер усти ва йўлдош эфир эшиттириш дастурлари сигналларини қабул қилиш шартлари ва абонентлар эҳтиёжларига асосан белгиланади.


232. Қуйидагилар телевидениенинг ёрдамчи хизматлари ҳисобланади:

абонент ускунасини улаш схемасини ўзгартириш, янги элементларни монтаж қилиш ва улаш;

абонент тармоғи ёки ускунасини абонентнинг талабномасига кўра вақтинчалик ўчириш ва қайтадан улаш;

абонент линиялари (абонент тармоғи), абонент розеткалари, абонент антеннаси ва абонент кабелларини алмаштириш, монтаж қилиш, улаш (ўчириш);

абонент линияси (абонент тармоғи), розеткалари, кабеллари ва ускунасини таъмирлаш, созлаш ва унга техник хизмат кўрсатиш;

абонент ускунасини созлаш ишлари хизмат кўрсатувчи томонидан тарқатилаётган сигнал параметрларига ўзгартиришлар киритилиши натижасида содир бўлиши бундан мустасно.


233. Ёрдамчи хизматлар телевидение хизматларини кўрсатиш учун тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан ҳам кўрсатилиши мумкин. Ушбу хизматларнинг нархи телевидение хизматларига тарифларни аниқлашда ҳисобга олинади.


234. Телевидение хизматлари телевидение тармоқлари эшиттирувчилари (операторлари, провайдерлари) абонентлар билан ёзма ёки электрон шаклда тузиладиган шартномалар асосида кўрсатилади.


235. Телевидение хизматларини кўрсатиш қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилади:

телевидение тармоғида режали профилактика ёки таъмирлаш ишларини бажариш вақтида ёки абонент ускунасига электр энергиясининг берилиши тўхтатилганда;

телевидение дастурлари, радиодастурлар ёки телекоммуникациянинг бошқа хабарлари сигналларини операторга (провайдерга) боғлиқ бўлмаган сабабга кўра телевидение тармоғининг киришига бериш, жумладан, дастурларни эфир орқали трансляция қилиш тўхтатилганда;

телевидение тармоғи орқали одамларнинг денгиздаги, ердаги, ҳаводаги, космик фазодаги хавфсизлигига, мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни сақлаш соҳасидаги кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар ўтказишга доир барча хабарлар, шунингдек, йирик авариялар, фалокатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолатлар тўғрисидаги хабарлар тарқатилаётганда.


236. Телевидение хизматлари абонент хоналарида параметрлари тегишли стандарт ва техник нормаларга мувофиқ соз ҳолатда ишлайдиган абонент тармоғи ва абонент ускунаси мавжуд бўлганда кўрсатилади.


237. Телевидение хизматларининг кўрсатилиши одамларнинг соғлиғи ёки хавфсизлигига таҳдид солса, хизматлар кўрсатиш рад этилиши мумкин. Абонентга телевидение хизматлари кўрсатишнинг рад этиш сабаблари оператор (провайдер) томонидан асослаб берилиши керак.



2-БОБ. ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ ХИЗМАТЛАРИНИ

КЎРСАТИШГА ШАРТНОМАЛАР ТУЗИШ

ВА БЕКОР ҚИЛИШ


1-§. Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш

шартномасини тузиш ва бекор қилиш


238. Телекоммуникация хизматлари оператор (провайдер, эшиттирувчи) ва абонент ўртасида қонун ҳужжатларига мувофиқ ёзма ёки электрон шаклда тузиладиган шартномага асосан тақдим этилади.


239. Оператор (провайдер) шартномани бевосита ёки ўзининг тижорат вакили - дилер орқали тузишлари мумкин.


240. Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш шартномаси жисмоний ва юридик шахслар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилади.


241. Жисмоний ва юридик шахслар аризани оператор (провайдер, эшиттирувчи)нинг расмий веб-сайти орқали интерактив усулда юборишлари мумкин. Бунда электрон аризалар ёзма аризаларга тенглаштирилади ва кўриб чиқилиши керак.


242. Телекоммуникация хизматларига уланиш учун ариза:

муомала лаёқатига эга бўлган жисмоний шахс томонидан;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган юридик шахс, шунингдек, унинг филиали ёки ваколатхонаси томонидан берилиши мумкин.

Телефон хизмати учун - доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ёки ушбу турар жойнинг эгаси ёки ижарага олувчиси ҳисобланадиган жисмоний шахс томонидан берилиши мумкин.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан телекоммуникация хизматларига уланиш учун ариза бериши мумкин.


243. Ариза ушбу ҳудудда телекоммуникация тармоқлари хизматларини кўрсатиш лицензиясига эга исталган операторига (провайдерига, эшиттирувчига) берилиши мумкин.

Аризалар оператор (провайдер, эшиттирувчи) томонидан белгиланган тартибда рўйхатга олинади. Оператор (провайдер, эшиттирувчи) аризани қабул қилишдан бош тортишга ҳақли эмас.


244. Бевосита мурожаат қилинганда операторга (провайдерга, эшиттирувчига) ёки дилерга қуйидаги маълумотлар тақдим қилиниши керак:

фамилияси, исми, отасининг исми, турар жойи, шахсини тасдиқловчи ҳужжат реквизитлари (серияси, рақами ва ЖШШИР) - жисмоний шахслар учун;

номи (фирма номи), банк реквизитлари, жойлашган манзили, СТИР - юридик шахслар учун);

боғланиш учун маълумотлар (телефон рақами, электрон почта манзили - агар мавжуд бўлса);

телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш кўзланаётган манзил.

Электрон тарзда мурожаат қилинганда ушбу бандда кўрсатилган маълумотлар электрон шаклда тақдим қилинади.

Электрон тарзда мурожаат қилинганда оператор (провайдер, эшиттирувчи) томонидан мурожаатчига бир иш куни ичида шартнома тузиш имконияти мавжуд бўлганда шартнома тузиш учун аниқ манзил ва вақт кўрсатилган жавоб ёки шартнома тузиш имконияти мавжуд бўлмаганда бунинг сабаблари кўрсатилган жавоб юборилади.


245. Шартномани тузиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

мурожаатчи вояга етмаган жисмоний шахс бўлганда, бундан ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги бўлган ҳоллар мустасно;

телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш кўзланаётган манзил оператор (провайдер, эшиттирувчи) хизмат кўрсатиш зонасига кирмаганда;

мурожаатчи томонидан маълумотлар тўлиқ тақдим этилмаганда;

тақдим қилинган маълумотларнинг сохталиги ёки нотўғрилиги аниқланганда.


246. Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш шартномаси оммавий шартнома ҳисобланади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ шартномани тузиш техник имконияти бўлганда аризаларни бериш навбати тартибида тузилади.

Шартнома икки нусхада тузилади ва томонлар тарафидан имзоланади.

Шартнома томони сифатида намоён бўладиган ариза берувчи абонент мақомига эга бўлади.


247. Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш шартномасини тузишда ажратилган абонент рақами оператор (провайдер) маълумот хизматининг маълумотлар базасига киритилади. Абонентнинг аризасига кўра рақам оператор (провайдер) маълумот хизматининг маълумотлар базасидан чиқарилиши мумкин.


248. Тузилган шартнома икки томонлама шартнома бўлиб, у тузилган вақтдан бошлаб кучга киради, муддатсиз ҳисобланади, агар шартномада бошқаси белгиланмаган бўлса.


249. Жисмоний шахс билан шартнома тузиш учун техник имкониятнинг йўқлиги кўрсатилган шартномани тузиш учун техник имконият бўлган, аризани кечроқ берган бошқа жисмоний шахс билан шартнома тузиш учун тўсиқ бўла олмайди.


250. Оператор (провайдер, эшиттирувчи) фақат техник имконият бўлмаганда шартнома тузишдан бош тортиш ҳуқуқига эга.


251. Шартномада қуйидагилар акс этган бўлиши лозим:

шартнома предмети;

шартнома тузилган сана ва жойи;

оператор (провайдер, эшиттирувчи) номи (фирма номи);

операторнинг (провайдернинг, эшиттирувчининг) банк реквизитлари;

абонент тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, турар жойи, шахсини тасдиқловчи ҳужжат реквизитлари (серияси, рақами ва ЖШШИР) - жисмоний шахс учун, номи (фирма номи), банк реквизитлари, жойлашган манзили, СТИР - юридик шахс учун), абонент билан боғланиш маълумотлари (телефон рақами, электрон почта манзили - агар мавжуд бўлса);

абонентга тақдим этилган абонент рақами (телефон ва мобил алоқаси хизматлари учун), абонентни идентификация рақами (маълумотлар узатиш ва Интернет, телевидение хизматлари учун);

шартномани тузишда абонент томонидан танланган тариф режаси ва хизматлар рўйхати;

шартнома дилер орқали тузилган ҳолда - дилернинг реквизитлари (фирма номи, шахсий рақами, имзоси ва муҳри);

мобил алоқа хизматлари учун - абонент оладиган рақам (SIM-карта)дан фойдаланиш истаги бўлган мобил алоқа абонент қурилмасининг асосий турлари, жумладан, мобил телефон, USB-модем, электр энергияси/сув/газ ҳисоблагичлари, онлайн тўловлар терминаллари ёки ускунанинг бошқа турлари;

тақдим этиладиган телевидение ва радиоэшиттириш дастурлари (телевидение хизматлари учун);

кўрсатиладиган ишлар (хизматлар кўрсатиш) номи ва ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) шартлари ва муддатлари;

шартнома баҳоси ва ишлар бажаришнинг (хизматлар кўрсатишнинг) кафолати;

ишларга (хизматларга) ҳақ тўлаш ва ҳисоб-китоблар тартиби, муддатлари ва шакли;

ҳисобни етказиб бериш усули;

томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

шикоятларни кўриб чиқиш тартиби;

кўрсатилаётган хизматлар сифатига доир буюртмаларни қабул қилиш телефон рақамлари (ёки қисқа рақамлар) ва корхонанинг "Ишонч телефони" рақамлари;

шартноманинг амал қилинишини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш ва абонентнинг шахсий ҳисоб рақамида қолган пул маблағларини қайтариш шартлари.

Мазкур бандда келтирилган маълумотлар операторнинг (провайдернинг, эшиттирувчининг) абонентлар базасига киритилган бўлиши керак.

Шартномадаги абонент тўғрисидаги маълумотлар ўзгариши билан боғлиқ ўзгаришлар қўшимча тўлов ундирилмасдан киритилиши керак.

Шартномада қонун ҳужжатларига ва мазкур Қоидаларга зид келмайдиган бошқа маълумотлар ва/ёки шартлар бўлиши мумкин.


252. Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш учун шартнома оператор (провайдер, эшиттирувчи) лицензиясининг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга расмийлаштирилади. Оператор (провайдер) лицензиясининг амал қилиш муддати узайтирилганда шартнома лицензиянинг янгидан белгиланган амал қилиш муддатигача узайтирилган деб ҳисобланади.


253. Оператор (провайдер, эшиттирувчи) ва абонент ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоб даври, агар шартномада бошқа муддат кўрсатилмаган бўлса, қоида тариқасида, бир календарь ойга тенг деб белгиланади.


254. Оператор (провайдер, эшиттирувчи) абонентни алоҳида ҳақ эвазига кўрсатиладиган қўшимча телекоммуникация хизматларидан фойдаланишга мажбурлашга ҳақли эмас.


255. Оператор (провайдер, эшиттирувчи) битта хизматни кўрсатиш технологик жиҳатдан бошқа хизмат билан шарт қилиб қўйилган ҳолатдан ташқари, телекоммуникациянинг битта хизматини кўрсатиш учун телекоммуникациянинг бошқа хизматларини кўрсатишни шарт қилиб қўйишга ҳақли эмас.

Хизматлар тўпламини ўзгартириш, янги хизматларни улаш (масалан, роуминг хизматини улаш), хизматлар учун фойдаланилаётган тарифни ўзгартириш ва шу кабиларни автоматик (абонент томонидан танланганлигини тасдиқламасдан) ўзгартиришга йўл қўйилмайди. Аввал абонентнинг сўрови билан уланган телекоммуникация хизматларини абонентга хабар қилган ҳолда, унинг ўзи ўчирмагунча, автоматик узайтиришга йўл қўйилади.


256. Шартнома қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:

абонентнинг ташаббуси билан исталган вақтда;

операторнинг (провайдернинг, эшиттирувчининг) ташаббуси бўйича, ушбу Қоидалар ва/ёки шартнома шартларида белгиланган талаблар абонент томонидан бузилганда;

абонент - жисмоний шахс вафот этганда ёки абонент - юридик шахс тугатилган ҳолда, тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда;

абонентнинг шахсий ҳисобидаги маблағлар тугаган кундан бошлаб 60 кундан кўп вақт ўтгандан кейин;

абонентнинг мобил рақами бошқа оператор (провайдер) тармоғига кўчиб ўтганида;

шартномада ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.


257. Шартнома бекор қилинганда томонлар ўзларининг барча мажбуриятлари бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширишлари керак.


258. Абонент операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш пунктларида шартномани бошқа шахснинг номига унинг иштирокида ва розилиги билан қайта расмийлаштириши мумкин.

Бунда, оператор (провайдер) ва амалдаги абонент ўртасида тузилган шартнома бекор қилинади ва рақам номига қайта расмийлаштирилаётган шахс билан белгиланган тартибда янги шартнома тузилади.


259. Оператор (провайдер, эшиттирувчи) абонент билан тузилган шартнома бекор қилингач абонентнинг шахсга доир маълумотларини қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзининг маълумотлар базасидан йўқ қилишлари шарт.

Дилер абонент тўғрисидаги маълумотларни операторга (провайдерга) тақдим этганидан сўнг ўзига маълум бўлган шахсга доир маълумотларни қонун ҳужжатларига мувофиқ йўқ қилиши шарт.



2-§. Телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш шартномасини

тузиш ва бекор қилишнинг алоҳида шартлари


260. Жисмоний ва юридик шахсларнинг шартномани тузиш учун мурожаати шартномани тузиш учун техник имконият бўлганда, қуйидагилар белгиланган тартибда оператор томонидан қаноатлантирилади:

жисмоний шахс учун - ариза берувчининг шахсини ҳамда кўрсатилган манзил бўйича доимий яшаш жойи бўйича ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи ҳужжат ёки турар жойга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат;

юридик шахс учун - юридик шахснинг эгалик ҳуқуқи ёки ижарага олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси.


261. Шартномани янги шахс номига тузиш тўғрисидаги аризани қайта расмийлаштириш ариза берувчининг розилиги билан амалга оширилади, бундан ариза берувчининг кўчиб кетиши ёки ушбу турар жойга эгалик ҳуқуқи янги шахс номига ўтказилганлиги билан боғлиқ ҳолатлар мустасно.


262. Телефон алоқа кабелларида бўш абонент линияларининг йўқлиги шартномани тузишга тўсқинлик қилса, етишмайдиган алоқа линияларини ўтказиш бўйича қурилиш ишлари ариза берувчининг маблағлари ҳисобидан (у рози бўлганда), шу жумладан, оператор томонидан берилган техник шартлар асосида пудрат шартномасини тузиш йўли орқали ўтказилиши мумкин. Ариза берувчи мазкур ишлар унинг ҳисобидан бажарилишига рози бўлганда телекоммуникация операторига техник шартларни олиш учун ариза беради. Техник шартларни бериш муддати 3 иш кунидан ошмаслиги керак.


263. Томонларнинг келишувига кўра ариза берувчига телефон тармоғидан фойдалана олишнинг бир қисмини ёки ҳаммасини бажариш учун техник шартлар берилиши мумкин, бунда шартномада қурилишдан ташқари ишлар учун тўлов кўзда тутилади. Қурилишдан ташқари ишлар учун тўлов телефон тармоғидан фойдалана олиш учун тўловда кўрсатилган нормадан ошадиган материаллар сарфланганда телефон тармоғидан фойдаланилганлик учун тўловдан ташқари ундирилади. Бу ишлар учун ҳақ ариза берувчи томонидан материалларнинг нархи ва бажарилган ишлар бўйича тўланади.


264. Тўлиқ ёки қисман ариза берувчининг ҳисобидан қурилган телекоммуникация воситалари ва иншоотлари техник хизмат кўрсатиш, беғараз фойдаланиш ёки мулк сифатида телекоммуникация операторига берилиши мумкин. Телекоммуникация воситалари ва иншоотларини бериш тартиби ва эксплуатация қилиш шартлари ариза берувчи ва телекоммуникация оператори ўртасидаги шартнома билан белгиланади.

Агар қурилган телекоммуникация воситалари ва иншоотлари техник хизмат кўрсатиш, фойдаланишга ёки мулкига берилмаган бўлса, у ҳолда уларни эксплуатация қилиш Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг норматив ҳужжатларига мувофиқ абонент томонидан мустақил амалга оширилади.

Техник шартларни сўралаётган параметрларда бериш имконияти бўлмаган ҳолларда телекоммуникация оператори 3 иш куни ичида асосланган рад жавоби ва рад этишнинг аниқ сабаблари ҳамда қонун ҳужжатларининг нормалари кўрсатилган ёзма жавобни тайёрлайди.

Ариза берувчи телекоммуникация операторидан ёки телекоммуникация воситалари ва иншоотларини лойиҳалаштириш лицензиясига эга бўлган бошқа ташкилотдан олинган техник шартлар асосида лойиҳа-смета ҳужжатларига буюртма бериш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи лойиҳа-смета ҳужжатларининг мустақил экспертизасини ўтказиш ҳуқуқига эга.


265. Телефон тармоғидан фойдалана олишни таъминлаш ишлари бажарилганидан кейин телекоммуникация оператори ариза берувчи билан шартнома тузади.


266. Телефон тармоғидан фойдалана олишни таъминлаш ишларини бажариш муддатлари:

техник имкониятни ўрганиш ва техник имконият бўлмаган тақдирда ариза берувчига асосланган рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган жавобини бериш 7 кундан ошмаслиги керак;

техник имконият бўлганда шартнома тузилган кундан бошлаб 10 иш кунида уланишни амалга ошириш;

техник имконият бўлмаганда, етишмайдиган алоқа линиялари ариза берувчининг ҳисобидан ўтказилишини ҳисобга олган ҳолда - пудрат шартномаси тузилган санадан бошлаб 180 кунгача бўлиши керак.


267. Жисмоний шахслар, мансабдор шахслар, ташкилотларнинг айрим тоифалари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ телекоммуникация тармоғидан фойдаланишни таъминлаш навбати ва хизматлардан фойдаланиш тартиби қисмида устунликлар белгиланиши мумкин. Жисмоний шахслар, мансабдор шахслар, ташкилотлар айрим тоифаларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


268. Абонент худди АТСнинг хизмат кўрсатиш ҳудудидаги янги турар жойга кўчиб ўтганда унинг аризасига кўра ва шартномани тузиш учун техник имконият мавжуд бўлганда абонент кўчиб ўтган уй бўйича қаноатлантирилмаган аризалар, шу жумладан, бундай шартномани навбатдан ташқари тузиш имтиёзларига эга шахслардан олинган қаноатлантирилмаган аризалар бўлишидан қатъи назар аввал ажратилган абонент рақамидан фойдаланиб шартнома қайта расмийлаштирилади.

Абонент АТС таъсир зонасидан ташқарида бўлган худди ўша телекоммуникация операторининг ишлаш зонасидаги янги яшаш жойига кўчганда унинг аризаси бўйича ва шартномани тузиш учун техник имконият мавжуд бўлганда шартнома янги абонент рақамини ажратган ҳолда қайта расмийлаштирилади.


269. Янги АТС ишга туширилиши ва маҳаллий телефон тармоқларининг реконструкция қилиниши, янги технология жорий этилиши муносабати билан абонент рақамларини алмаштириш абонентларга автоматик қўнғироқ қилиш ёки ёзма хабарнома билан уларни камида 20 кун олдин ҳамда ахборотни 30 кун олдин телекоммуникация операторининг расмий веб-сайтида олдиндан жойлаштириш йўли билан бепул бажарилади.

Абонент рақамини алмаштириш шартномага тегишли ўзгартиришларни киритиш йўли билан расмийлаштирилади.



3-§. Мобил алоқа хизматларини кўрсатиш учун

шартнома тузишнинг алоҳида шартлари


270. Мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси фақат абонент - жисмоний шахс шахсан бўлганда ва у томонидан паспортнинг асл нусхаси (ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат) тақдим этилганда ёки унинг вакили шахсан иштирок этганда ва у томонидан паспортнинг асл нусхаси (ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат) ва белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома тақдим этилганда тузилади.


271. Мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузишдан олдин оператор (провайдер, дилер) ушбу абонент билан илгари тузилган амалдаги шартномаларнинг мавжудлигини маълумотлар базаси билан солиштиради.

Бунда, халқаро овозли трафикни ўтказиш тартибини бузган абонент билан шартнома имзолаш қонунчиликда белгиланган асосда амалга оширилади.


272. Илгари тузилган амалдаги шартномалар бўйича ушбу операторнинг (провайдернинг) бешта ва ундан ортиқ рақамларига эга бўлган абонент - жисмоний шахс билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш учун мазкур Қоидаларда кўрсатилган шартлар таъминланганда фақат операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш пунктларида амалга оширилади.

Ушбу операторнинг (провайдернинг) бешта ва ундан ортиқ рақамларини олиш учун абонент - юридик шахс билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш ушбу миқдордаги рақамларга эҳтиёж ёзма равишда асослаб берилганда ва ушбу Қоидаларда кўрсатилган шартлар таъминланганда операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш пунктларида амалга оширилади.


273. Мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси фақат оператор (провайдер) ёки дилернинг мулкида, хўжалик юритувида, тезкор бошқарувида бўлган ёки ижарасига олинган бинода, бинонинг бир қисмида жойлашган хизмат кўрсатиш пунктларида, шунингдек, савдо фаолиятини амалга ошириш учун мўлжалланган ва бир ёки бир нечта иш жойларига мўлжалланган савдо залларига эга стационар савдо объектлари ва зоналаридаги жиҳозланган савдо жойларида тузилади.

Истисно ҳолларда хизмат кўрсатиш пунктига келиш имкониятига эга бўлмаган жисмоний шахсларнинг якка тартибдаги талабномалари бўйича яшаш жойига бориб оператор (провайдер) томонидан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузишга йўл қўйилади.

Стационар бўлмаган савдо объектларида мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаларини тузиш тақиқланади, қишлоқ, узоқда жойлашган, етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида абонентларга хизмат кўрсатиш учун махсус жиҳозланган транспорт воситаларида алоқа оператори (провайдери) томонидан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаларини тузиш ҳоллари бундан мустасно.


274. Ўзбекистон Республикасидаги аэропортлар, вокзаллар ҳамда турист-ахборот марказлари ҳудудларида чет эл фуқаролари - сайёҳлар (туристлар) билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш соддалаштирилган тартибда амалга оширилади.

Чет эл фуқаролари - сайёҳлар (туристлар)дан турар жойи (шу жумладан, вақтинчалик яшаш жойи) кўрсатилиши талаб этилмайди.

Шартномага фақатгина чет эл фуқаролари - сайёҳлар (туристлар) учун, уларни қайси мамлакатдан ва қанча муддатга ташриф буюрганликлари ҳақидаги маълумотлар киритилади.

Чет эл фуқаролари - сайёҳлар (туристлар)га хизмат кўрсатиш даври уларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиши муддати билан чекланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида мазкур SIM-карталар орқали роуминг хизматидан фойдаланиш тақиқланади.

Битта чет эл фуқароси паспортига учтадан кўп абонент рақами расмийлаштирилишига йўл қўйилмайди.



III БЎЛИМ. ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ ОПЕРАТОР

ВА ПРОВАЙДЕРЛАРИНИНГ ХУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


1-БОБ. ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ ОПЕРАТОРЛАРИ

ВА ПРОВАЙДЕРЛАРИНИНГ ХИЗМАТЛАРНИ

КЎРСАТИШДАГИ ҲУҚУҚЛАРИ


1-§. Телекоммуникация оператор ва провайдерларининг

умумий ҳуқуқлари


275. Оператор (провайдер) телекоммуникация хизматларини кўрсатишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

абонент ва/ёки фойдаланувчиларга хизматлар кўрсатиш;

фойдаланувчиларнинг айби билан телекоммуникация тармоқларида юз берган ҳодисалар натижасида унга етказилган зарар ўрнини қоплаш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик ва жисмоний шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш;

абонент ёки фойдаланувчи ушбу Қоидаларни бузганлиги ёки уларга кўрсатилган телекоммуникация хизматлари учун белгиланган муддатда ҳақ тўламаганлиги сабабли унинг хатти-ҳаракатлари бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ даъво қилиш;

абонент шартнома шартларини бузганда телекоммуникация хизматидан фойдаланишни тўхтатиб қўйиш;

телекоммуникация тармоқларида хабарларни узатишда хавфсизликни таъминлаш ва тармоқ абонент/фойдаланувчиларига кўрсатиладиган хизматларнинг тегишли сифатини таъминлаш мақсадида қонун ҳужжатларига мувофиқ телекоммуникация хизматлари кўрсатишнинг тўхтатилишини назарда тутадиган техник тадбирларни ўтказиш.

Оператор (провайдер) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



2-§. Телефон алоқа хизматларини кўрсатувчи

оператор ва провайдерларнинг ҳуқуқлари


276. Оператор (провайдер) абонент қурилмасини телефон алоқа тармоғидан вақтинча узиб қўйиш йўли билан абонентнинг телефон алоқа тармоғидан фойдалана олишини қуйидаги ҳолларда тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга:

а) белгиланган муддатларда маҳаллий ва халқаро телефон алоқаси хизматларига ҳақ тўланмаганда, бу ҳақда абонентни узиб қўйишдан камида 10 кун олдин телефон, ёзма ёки электрон хабар билан электрон почта манзилга ёки қисқа матнли хабар орқали хабардор қилган ҳолда;

б) абонент томонидан операторга (провайдерга) тегишли телекоммуникация ускунаси нормал ишлашининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган абонент қурилмасини эксплуатация қилиш қоидалари бузилганда.

Абонентнинг телефон тармоғидан фойдаланишининг вақтинча тўхтатиб қўйилишига олиб келган бузилишлар бартараф этилгандан ва кўрсатилган хизматлар учун абонент томонидан тўлов киритилгандан, шунингдек, абонентнинг айби билан абонент қурилмаси ишламай турган вақт учун абонент тўлови киритилгандан кейин сутка давомида фойдаланишни тиклаш амалга оширилади. Бунда телефон алоқа тармоғидан фойдаланиш тикланганлиги учун тўлов ундирилмайди.

Агар абонент телефон алоқасидан фойдаланиш тўхтатиб қўйилгандан кейин 60 кундан ортиқ муддат ичида телефон алоқаси хизматларига ҳақ тўлаш бўйича қарздорлигини бартараф этмаса, оператор (провайдер) Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига мувофиқ бир томонлама тартибда шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эга. Бу ҳақда оператор (провайдер) абонентга мазкур банднинг "а" кичик бандида белгиланган усуллардан бири орқали камида 10 кун олдин хабар бериши керак.



3-§. Оператор ва провайдерларнинг мобил алоқа

хизматларини кўрсатишдаги ҳуқуқлари


277. Мобил алоқа хизматларини кўрсатишда операторлар (провайдерлар) қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзини ўзи обрўсизлантирмаганлар ичидан дилерларни мустақил равишда танлаш ва дилер билан тузиладиган шартнома шартларига мувофиқ уларнинг фаолияти учун мукофотлар белгилаш;

оператор (провайдер) номидан абонентларга хизмат кўрсатиш учун дилерлар билан шартномалар тузиш. Бунда дилер билан шартнома маълум муддатга тузилади ва шартномани тузишда оператор (провайдер) дилерга тузилган шартноманинг реквизитлари, унинг амал қилиш ва узайтириш муддати кўрсатилган дилер сертификатини беради. Сертификат дилернинг хизмат кўрсатиш пунктлари сонига тўғри келадиган миқдордаги асл нусхаларда берилади;

абонент томонидан мобил алоқанинг айрим хизматлари ёки мобил алоқа хизматлари тўпламлари учун махсус тарифлардан (тариф режаларидан) операторнинг (провайдернинг) белгиланган талабларига мувофиқ мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш. Хизматлардан мақсадсиз фойдаланиш аниқланганда, абонентга хабар қилган ҳолда бошқа тариф режасига ўтказиш;

абонент томонидан оператор тармоғида овозли трафикни ўтказиш тартиби бузилишлари қайд этилган ҳолларда ушбу абонентга телекоммуникация хизматларини кўрсатишни тўхтатиш;

абонент томонидан кетма-кет 90 календарь кун мобайнида мобил алоқа хизматларини олиш ҳуқуқини берадиган транзакциялар амалга оширилмаганда, мобил алоқа хизматларини кўрсатишни тўхтатиш.


278. Мобил алоқа хизматларини кўрсатишда дилер қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оператор (провайдер) номидан абонентларга хизмат кўрсатиш учун операторлар (провайдерлар) билан шартномалар тузиш;

оператор (провайдер) номидан абонентларга хизмат кўрсатиш шартномасининг шартларига, қонун ҳужжатлари ва ушбу Қоидалар талабларига мувофиқ оператор (провайдер) номидан абонентлар билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаларини тузиш;

абонентларга оператор (провайдер) номидан хизмат кўрсатиш учун тузилган шартномага мувофиқ оператордан (провайдердан) мукофотлар олиш;

оператор (провайдер) томонидан абонентларни улаш ва уларга хизмат кўрсатиш шартлари тўғрисидаги ишончли ахборотни оператордан (провайдердан) олиш;

абонентларга сотилган абонент қурилмаларига кафолатли ва кафолат муддатидан кейин хизмат кўрсатилишини таъминлаш;

дилер томонидан оператордан (провайдердан) сотиб олинган ёки олинган абонент қурилмалари учун мувофиқлик сертификатларининг тасдиқланган нусхаларини оператордан (провайдердан) олиш;

оператордан (провайдердан) дилернинг ўз мажбуриятларини бажариши учун зарур бўлган SIM-карталар, ҳужжатлар, шартномалар, бланкали маҳсулотлар, ахборот-сўровнома маълумотлари, реклама ва бошқа материалларни олиш;

оператор (провайдер) томонидан кўрсатиладиган мобил алоқа хизматлари учун абонентлардан тўловни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилиш;

абонентларга хизмат кўрсатишни амалга ошириш.



4-§. Операторлар ва провайдерларнинг маълумот

узатиш хизматларини кўрсатишдаги хуқуқлари


279. Маълумот узатиш хизматларини кўрсатишда оператор ва провайдерлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

абонент томонидан маълумотлар узатиш тармоғининг фойдаланилган веб-ресурсларининг ҳисобга олинишини (log-файлларининг юритилишини) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил қилиш;

операторни (провайдерни) огоҳлантирмасдан маълумотлар узатиш тармоғига GSM, IP ёки SMS-шлюзлар уланганда, шу жумладан, маълумотлар узатиш тармоғида махсус аппарат-дастурий воситаларини ўрнатиш йўли билан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда хизматлар кўрсатишни бир томонлама тўхтатиш.



5-§. Эшиттирувчилар, операторлар ва провайдерларнинг

телевидение хизматларини кўрсатишдаги ҳуқуқлари


280. Телевидение хизматларини кўрсатишда эшиттирувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз дастурларини телевидение тармоғи орқали шартнома асосида тарқатиш;

дастурларини бош муҳаррир томонидан эшиттириш сеткаси тасдиқлангандан кейин узатиш;

хусусий ёки алоҳида муаллифлик шартномалари бўйича олинган дастурларни тарқатиш (трансляция, ретрансляция қилиш) ва сотиш, шунингдек, олинган дастурларни тарқатиш (трансляция, ретрансляция қилиш) ва сотиш ҳуқуқини учинчи шахсларга бериш;

ўз телевидение дастурлари трансляциясини шартнома асосида ёзиш ва унинг тарқатилишини таъминлаш;

телевидение тармоқларини лойиҳалаш, қуриш ва модернизациялашда зарур техник воситаларни мустақил танлаш.


281. Телевидение хизматларини кўрсатишда оператор эшиттирувчи (эшиттирувчилар) билан тузилган шартнома асосида уларнинг телевизион дастурлари тарқатилишини амалга оширади.


282. Телевидение хизматларини кўрсатишда оператор эшиттирувчи (эшиттирувчилар) қуйидаги ҳуқуқларга эга:

эшиттирувчиларнинг телевидение дастурларини шартнома асосида трансляция ва ретрансляция қилиш;

провайдерлар ва абонентлар билан телевидение тармоғи хизматларини кўрсатиш тўғрисида шартномалар тузиш ҳамда уларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш;

провайдер ва абонентларга лицензияда назарда тутилган ҳажмда ва белгиланган стандартларга мувофиқ келадиган телевидение хизматларини кўрсатиш;

провайдерлар ва абонентлар томонидан хизматлар учун тўлов бўйича шартнома мажбуриятлари ҳамда телевидениенинг тармоғи ёки абонент ускунасини техник эксплуатация қилиш қоидалари бузилганда, телевидение хизматларидан фойдаланишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш;

телевидение тармоғини ташкил қилиш ва ривожлантиришда техник воситаларни мустақил танлаш.


283. Телевидение провайдери телевидение дастурларининг сигналларини оператор (операторлар) билан тузилган шартнома асосида қабул қилади ва уларнинг тарқатилишини амалга оширади.


284. Телевидение провайдери қуйидаги ҳуқуқларга эга:

телевидение дастурларининг сигналлари берилишини қонун ҳужжатларига мувофиқ таъминлаш;

абонентлар билан телевидение тармоғи хизматларини кўрсатиш тўғрисида шартномалар тузиш ва уларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш;

телевидение тизимларини ташкил қилиш ва ривожлантиришда техник ечимлар ва воситаларни танлаш.



6-§. Провайдерларнинг таксофон хизматини

кўрсатишдаги хуқуқлари


285. Таксофон хизматини кўрсатишда провайдер қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оператор томонидан шартнома шартлари бузилган тақдирда оператор хизматларини рад этиш;

оператордан узилишларда ёки телекоммуникация тармоғидан лозим даражада фойдаланилмаганда тўловларнинг қайта ҳисобланишини талаб қилиш;

фойдаланувчиларга таксофон орқали телефон алоқа хизматларини кўрсатиш бўйича техник сиёсатни мустақил равишда белгилаш ва ташкилий тадбирларни амалга ошириш;

оператор ёки фойдаланувчининг айби билан етказилган моддий зарар қопланишини талаб қилиш;

ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда ваколатли давлат органларига ёки судга мурожаат қилиш.



2-БОБ. ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ ОПЕРАТОРЛАРИ

ВА ПРОВАЙДЕРЛАРИНИНГ ХИЗМАТЛАРНИ

КЎРСАТИШДАГИ МАЖБУРИЯТЛАРИ


1-§. Телекоммуникация оператор ва провайдерларининг

умумий мажбуриятлари


286. Оператор ва провайдерлар телекоммуникация хизматларини кўрсатишда қуйидагиларга мажбур:

ўз фаолиятини лицензия шартлари ва ушбу Қоидаларга мувофиқ амалга ошириш;

кўрсатилаётган хизматлар сифатини амалдаги стандартлар, қоидалар, нормалар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлишини таъминлаш;

амалдаги шаклларга мувофиқ статистика ҳисоботларини белгиланган тартибда ва муддатларда ваколатли органларга тақдим этиш;

телекоммуникация тармоқлари бўйлаб узатиладиган телефон сўзлашувлари ва барча турдаги маълумотларни сир сақлаш;

фойдаланувчиларга телекоммуникация хизматларини кўрсатиш шартлари ва тартиби, шу жумладан, хизматлар учун тарифлар ўзгарганлиги тўғрисидаги батафсил ахборотни тақдим этиш;

телекоммуникация тармоқларидан рухсатсиз фойдалана олиш ҳолатларига йўл қўймаслик чораларини кўриш;

абонентларга шартнома шартлари бажарилмаганлиги ёки тегишли даражада бажарилмаганлиги, шунингдек, кўрсатилаётган хизматлар сифатини амалдаги стандартлар, қоидалар, нормалар ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлишини таъминланмаганлиги ҳамда абонентнинг розилигисиз кўрсатилган хизматлар учун қонун ҳужжатларига мувофиқ зарар ўрнини қоплаш;

шартномада белгиланган муддатларда телекоммуникация алоқаси хизматларини кўрсатиш;

хизматлар, кечаю-кундуз кўрсатилишини таъминлаш;

кўрсатилган хизматларнинг камчиликларини шартномада, қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда бартараф этиш;

телекоммуникация хизматларини кўрсатиш зонасига лицензиянинг амал қилиш ҳудудида жойлашган барча аҳоли пунктларини, магистрал автомобиль йўлларини ва темир йўлларини, стратегик муҳим объектларни киритиш мақсадида тақсимотга ҳамда телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган билан келишилган режага мувофиқ мобил алоқа тармоғини ривожлантириш ва модернизациялаш бўйича ишларни изчиллик билан босқичма-босқич олиб бориш;

оператор ва провайдер тармоғидаги IP протоколи асосида ишловчи қурилмаларни IPv6 протоколи версиясини қўллаб-қувватлашини таъминлаш;

абонентларни тармоқларда бўладиган йирик авариялар, уларни реконструкция қилиш тўғрисида ҳамда ишларни тугатишнинг тахмин қилинган муддатлари тўғрисида оммавий ахборот воситаларида, ўзининг расмий веб-сайтида ёки SMS орқали хабардор қилиш;

фойдаланувчи билан муомала қилиш этикасига риоя қилиш, телефон орқали сўзлашувда ўз лавозимини, фамилияси ёки шахсий рақамини айтиш;

абонент мурожаат қилганда унинг талабига кўра шахсий ҳисоб рақамининг ҳолати ва қарздорлиги мавжудлиги тўғрисида хабардор қилиш;

ўз веб-сайтлари орқали тақдим этиладиган тарифлар ўзгарганлиги тўғрисидаги батафсил ахборотни ўз вақтида тақдим этишга ва маълумотларни янгилаш;

ахборот ресурслари ҳимоя қилинишини таъминлашга, Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этишга, уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни, шунингдек, порнографияни тарғиб қилишга қаратилган ва тарқатилиши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган бошқа ахборотнинг тарқатилишига йўл қўймасликка қаратилган чораларни кўриш;

абонент/фойдаланувчиларнинг мурожаатларини (ёзма ёки ахборот-коммуникация тизимлари орқали) келиб тушган кундан бошлаб ўн беш кун ичида, материалларни қўшимча ўрганиш зарур бўлганда абонентни ёзма огоҳлантирган ҳолда бир ойгача бўлган муддат ичида кўриб чиқиш;

абонентлар операторнинг (провайдернинг) ахборот-маълумот хизматига қўнғироқ қилиб боғланишида тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш. Бунда абонентлар операторнинг (провайдернинг) ахборот-маълумот хизматига қўнғироқ қилиб боғланишларида маълум бир абонентларга бошқа абонентларга нисбатан устуворлик (боғланиш вақти, хизмат кўрсатиш вақти ва ҳ.к.) тақдим этилишига йўл қўйилмайди.


287. Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текширув ўтказилиши, қўшимча материалларни талаб қилиш ёки бошқа чораларни кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари мурожаат қилувчига хабар қилган ҳолда операторнинг (провайдернинг) раҳбари томонидан истисно тариқасида бир ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Таклиф операторга (провайдерга) келиб тушган кундан бошлаб бир ой муддатгача кўриб чиқилади, қўшимча кўриб чиқишни талаб қиладиган таклифлардан ташқари, бу ҳақда ёзма шаклда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга беш кун ичида хабар қилинади.


288. Ушбу Қоидаларни фойдаланувчилар эътиборига етказиш, шунингдек, уларни ўз расмий веб-сайтида жойлаштиришга мажбур.


289. Телекоммуникация тармоғидаги шикастланишлар абонент талаблари тақдим этилган кундан бошлаб белгиланган муддат ичида оператор (провайдер) томонидан бартараф этилиши керак. Телекоммуникациялар тармоғида шикастланишларни бартараф этиш нормативларда белгиланган муддатлардан ортиқ бўлмаслиги керак, агар янада қисқа муддатлар шартномада белгиланмаган бўлса.


290. Оператор ва провайдерларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлари ҳам бўлиши мумкин.



2-§. Телефон алоқаси хизматларини кўрсатувчи

оператор ва провайдерларнинг мажбуриятлари


291. Оператор ва провайдерлар телефон алоқа хизматларини кўрсатишда қуйидагиларга мажбур:

а) телефон алоқаси абонентнинг айби билан бузилмаган ҳолларда абонент томонидан таъмирлаш бюросига талабнома берилган вақтдан бошлаб талабнома ёпилган пайтгача абонент қурилмасининг бутун ишламаган вақти учун ҳар ойлик тўлов ҳисобланадиган барча телефон алоқаси хизматлари учун қайта ҳисоб-китоб қилишга;

б) буюртма бўйича халқаро телефон алоқасидан фойдаланганда ҳамда сўзлашувлар учун вақтбай тўлов тизими жорий қилинганда сўзлашувнинг минимал ҳақ тўланадиган давомийлигини абонентлар эътиборига етказишга;

в) техник сабабларга кўра абонент рақамини алмаштириш тўғрисида камида 10 кун олдин абонентни тегишли тарзда хабардор қилишга;

г) маҳаллий телефон алоқаси хизматларининг нархини ҳисобга олиш тизимининг ўзгарганлиги тўғрисида оммавий ахборот воситаларида ва ўзининг расмий веб-сайтида камида уч ой олдин эълон қилиш;

д) оммавий ахборот воситаларида ва ўзининг расмий веб-сайтида янги тарифлар кучга киришидан камида 15 кун олдин универсал телефон алоқаси хизматларига тарифларни ўзгартириш тўғрисидаги қарорни нашр қилишга;

е) абонент қурилмасининг узилишига олиб келган бузилишлар бартараф этилгандан, телефон алоқаси хизматларига ҳақ тўлаш қарздорлиги тугатилганда ва абонент айби билан абонент қурилмаси ишламаган вақти учун абонент тўлови киритилгандан кейин телефон алоқаси хизматларига ҳақ тўланмаганлиги ёки абонент қурилмасини эксплуатация қилиш қоидалари бузилганлиги учун ўчирилган абонент қурилмасини бепул тармоққа улашга;

ж) телекоммуникация тармоғи орқали кўрсатилаётган маҳаллий телефон алоқаси хизматлари коммутацион қурилмадан телекоммуникация тармоғининг кира олиш нуқтасидаги абонент розеткасигача ёки у мавжуд бўлмаганда абонент қурилмасигача бўлган қисмига қадар хизмат кўрсатишга.


292. Оператор (провайдер) томонидан тақдим этиладиган ахборотда:

а) операторнинг (провайдернинг) номи ва унинг таркибий бўлинмаларининг номи, улар жойлашган жой (почта манзили), боғланиш учун телефон рақамлари, расмий веб-сайти ва иш тартиби;

б) фойдаланувчиларга кўрсатиладиган универсал ва қўшимча (пуллик ва бепул) телефон алоқаси хизматлари рўйхати;

в) телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш шартлари ва тартиби;

г) телефон алоқаси хизматларини кўрсатишдаги чекловлар;

д) телефон алоқаси хизматлари учун тарифлар ва бу хизматларни кўрсатиш ҳамда ҳақ тўлашдаги имтиёзлар;

е) телефон алоқаси хизматларига ҳақ тўлаш тартиби ва шакллари;

ж) янги АТСни эксплуатацияга киритиш муддатлари ва мавжуд АТСлар абонент сиғимини кўпайтириш;

з) шартномаларни тузиш тартиби, аризаларни қондириш муддатлари ва шартномаларни тузиш навбатининг ҳаракати;

и) телекоммуникация тармоқларида қўллашга рухсат берилган абонент қурилмаларининг рўйхати;

к) маълумот, шошилинч тезкор хизматлар ва таъмирлаш бюросининг телефон рақамлари;

л) фойдаланувчи ушбу Қоидалар билан танишиши мумкин бўлган жой тўғрисидаги ахборот.

Кўрсатилган ахборот шартномаларни тузишда оммавий ахборот воситалари, маълумот-ахборот хизматлари ёки телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш жойларида мижозлар билан ўзаро ишлар хизматлари орқали кўргазмали ва фойдаланиш қулай бўлган шаклда бепул абонентлар эътиборига етказилади.


293. Оператор (провайдер) телекоммуникация воситалари ва иншоотларидан фойдаланиб у томонидан кўрсатилган, аммо айни дамда телефон алоқаси хизматлари бўлиб ҳисобланмаган хизматларга (масалан, қўриқлаш сигнализацияси, Интернет тармоғи хизматлари ва бошқа) ҳақ тўланмаган ҳолда абонентнинг телекоммуникация тармоғидан фойдалана олишини тўхтатиб туришга ҳақли эмас.


294. Оператор (провайдер) абонент розилигисиз алоҳида тўлов эвазига кўрсатиладиган қўшимча хизматлар тақдим этилишини талаб қилиб туриб олишга ҳақли эмас.


295. Оператор (провайдер) томонидан таксофон орқали телефон алоқа хизматлари бевосита кўрсатилган ҳолда, оператор қуйидагиларга мажбурдир:

фойдаланувчини таксофон орқали сифатли телефон алоқа хизматларидан фойдаланишини таъминлаш;

таксофонлар, кабиналар ва ярим кабиналарнинг соз ҳолатда сақланишини таъминлаш;

таксофон орқали телефон алоқа хизматларини кўрсатиш тартиби ва шартлари ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборотни фойдаланувчиларга тақдим этиш;

фойдаланувчилар учун қулай бўлган (савдо тармоғи, алоқа бўлими ва ҳоказо) жойларда махсус жетон ёки тўлов карталари сотилишини таъминлаш;

фойдаланувчиларнинг шикоятларини қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда кўриб чиқиш.



3-§. Мобил алоқа операторларининг

(провайдерларининг) мажбуриятлари


296. Мобил алоқа хизматларини кўрсатишда оператор (провайдер) қуйидагиларга мажбур:

хизмат кўрсатиш зонаси доирасида мобил алоқа хизматларини сифатли, ўз вақтида ва кечаю кундуз кўрсатилишини таъминлаш;

абонент шартноманинг бекор қилиниши вақтигача қарзини ва олдиндан тўловнинг зарур суммаси тўлиқ ҳажмда тўлаганида абонентга мобил алоқа хизматлари кўрсатилишини тиклаш;

абонентнинг ёзма (хизмат кўрсатувчи операторнинг веб-сайтида абонентнинг шахсий кабинети орқали) мурожаатига асосан бир йилгача абонент рақамидан фойдаланиш даври ичида абонент шахсий ҳисобварағидаги ўзаро ҳисоб-китобларнинг жорий ҳолати тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш. Узоқроқ муддат ва ушбу ахборотни тақдим этиш шартлари шартномада белгиланиши мумкин;

хизматлар кўрсатилиши тўхтаган ҳолларда абонент тўловини қайта ҳисоблаб чиқиш;

SIM-карта ёки абонент қурилмаси (SIM-картадан фойдаланиш кўзда тутилмаган мобил алоқа стандартлари учун ва eSIM) йўқолганда абонентнинг ёзма аризаси бўйича ёки абонент учун қулай бўлган, оператор (провайдер) томонидан ўрнатилган, бошқа усулда берилган хабар бўйича хизматларнинг кўрсатилишини зудлик билан тўхтатиш;

абонент - юридик шахсга мобил алоқа хизматларини кўрсатиш учун у билан тузилган шартноманинг нусхасини тақдим этиш;

абонент - жисмоний шахсга мобил алоқа хизматларини кўрсатиш учун у билан тузилган шартноманинг нусхасини ёки мобил алоқа хизматларини кўрсатиш учун оммавий шартнома тузилганлигининг тасдиғини тақдим этиш;

дилерлар учун оператор (провайдер) билан биргаликда ишлашнинг тенг имкониятларини қўллаш;

дилерлар томонидан улар зиммасига юкланган мажбуриятларнинг қатъий бажарилишини назорат қилиш, дилерларга нисбатан у билан тузилган шартнома шартларига мувофиқ шартномани бекор қилиш ва дилер сертификатини қайтариб олишгача бўлган жазо чораларини қўллаш;

дилерларда ходимларнинг минимал сони ҳар бир хизмат кўрсатиш пунктига биттадан ходим, аммо битта дилерга камида иккитадан ходим бўлганда абонентларни улаш учун дилерларга операторнинг (провайдернинг) тизимидан фойдаланишни тақдим этиш;

ўзининг хизмат кўрсатиш пунктларида ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлаш, жумладан, видеокузатув камераларини қўллаган ҳолда (видео ёзувни 90 кун сақлаган ҳолда);

ўзини-ўзи обрўсизлантирган дилерлар билан шартномалар тузмаслик;

ўзининг расмий веб-сайтида дилерларнинг рўйхатини уларнинг тўлиқ номларини, юридик манзили ва хизмат кўрсатиш пунктларини кўрсатган ҳолда юритиш;

ўзининг расмий веб-сайтида расмий ахборотни, шу жумладан, тақдим этиладиган хизматлар рўйхатининг ўзгариши тўғрисидаги ахборот, тарифлар, прайс-варақлар, хизматларни тақдим этиш тартиби ва шартлари ва ҳ.к.ни ўз вақтида эълон қилиш;

дилернинг ходимларига ушбу Қоидаларнинг талаблари ва оператор (провайдер) ҳамда дилер ўртасидаги шартнома шартларига мувофиқ дилер томонидан ўз мажбуриятларини бажариш учун зарур ва етарли бўлган даражада операторнинг (провайдернинг) маълумотлар базасидан шахсан фойдаланишни тақдим этиш;

дилерни SIM-карталар, ҳужжатлар, шартномалар, бланк маҳсулотлари, унинг ўз мажбуриятларини бажариши учун зарур бўлган ахборот-сўровнома маълумотлар билан, шунингдек, ўз молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, реклама ва бошқа материаллар билан таъминлаш;

ушбу Қоидаларнинг талаблари ва оператор (провайдер) ҳамда дилер ўртасидаги шартнома шартларига мувофиқ дилер томонидан ўз мажбуриятларини бажариш учун зарур ва етарли бўлган даражада дилер ходимларини ўқитишни ва ҳар икки йилда малакасини оширишни ташкил қилиш;

дилер томонидан қўпол қоида бузишларга йўл қўйилганда дилер билан тузилган шартнома шартларига мувофиқ унга нисбатан шартномани бекор қилиш ва дилер сертификатини қайтариб олишгача бўлган жавобгарлик чораларини қўллаш;

аввал тузилган шартномалар бўйича ушбу операторнинг (провайдернинг) бешта ва ундан кўп рақамларига эга абонент - жисмоний шахс билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини фақат операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш пунктларида тузилишини таъминлаш;

аввал тузилган шартномалар бўйича ушбу операторнинг (провайдернинг) бешта ва ундан кўп рақамларига эга бўлган абонент - жисмоний шахс билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузишда янги уланиш тўғрисида абонентнинг ушбу оператор (провайдер) билан аввал тузилган шартномалар бўйича мавжуд бўлган барча рақамларига SMS хабар орқали хабардор қилишни амалга ошириш;

SIM-картани алмаштириш, шунингдек, абонентнинг аризаси бўйича рақамни бошқа абонент қурилмасига қайта дастурлаш (SIM-картадан фойдаланишни кўзда тутмайдиган мобил алоқа стандартлари учун) хизматларини кўрсатиш фақат операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш пунктларида амалга оширилишини таъминлаш;

дилер орқали тузилган мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси асосида абонентга мобил алоқа хизматларини тақдим этиш;

абонент тўғрисидаги маълумотлар онлайн режимида операторнинг (провайдернинг) маълумотлар базасига киритилгандан кейин бир ҳафта муддатдан кечиктирмасдан дилердан тузилган мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси нусхасини, абонент паспорти (ёки унга тенглаштирилган, шахсини тасдиқловчи ҳужжат)нинг нусхасини тегишли ҳужжатлар билан бирга олиш. Ҳужжатларни олишнинг бошқа муддати узоқда ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган дилерлар учун дилерлик шартномасида оператор (провайдер) томонидан ҳақиқий имкониятлардан келиб чиқиб транспорт инфратузилмасининг мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши мумкин;

ўзини-ўзи обрўсизлантирган дилерлар тўғрисидаги маълумотларни, операторниг (провайдернинг) мижозларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берувчи дилер сертификатдан маҳрум қилинган дилернинг реквизитлари, таъсисчилари ва бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ахборотлаштириш ва телекоммуникациялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига марказлаштирилган онлайн базага киритиш учун дарҳол юбориш;

ўзининг расмий веб-сайтида мобил алоқа хизматларининг турлари ва стандартлари бўйича хизмат кўрсатиш зонасини намойиш этувчи интерактив онлайн электрон картани, шунингдек, аҳоли пунктларининг рўйхатини юритиш;

халқаро трафикнинг ноқонуний ўтказилиши ҳамда GSM, IP ёки SMS шлюзлардан яширин фойдаланишга қарши чораларни кўриш, шу жумладан, тармоқда махсус аппарат-дастурий воситаларни ўрнатиш йўли билан;

операторнинг (провайдернинг) мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъй назар ваколатли ташкилот топшириғи билан ажратиладиган қисқа рақамлар созлаш бўйича тегишли ишларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида GSM стандартида ишлайдиган барча оператор (провайдер) кўчиб ўтган рақамларнинг марказлаштирилган базасига уланиш;

абонент томонидан донорга роуминг хизматлари учун аниқланган қарздорлик тўланмаган тақдирда хизмат кўрсатишни тўхтатиб қўйиш;

абонентнинг оператор тармоқларида абонент рақамини кўчиб ўтиш хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига тўсқинлик қилмаслик;

мунтазам равишда ўз телекоммуникация тармоқларида халқаро трафикни ўтказиш тартиби бузилишларининг олдини олиш, аниқлаш ва тугатишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш ва абонентнинг ҳаракатларини таҳлил қилиш ёки тегишли тадбирларни амалга ошириш йўли билан абонент рақамларини фаол аниқлаш принципларига асосланган воситалар ва тизимларни қўллаш.


297. Оператор (провайдер) абонентларга қуйидаги ахборотларни абонентларга бепул тақдим этишга мажбур (шу жумладан, дилерлар орқали):

мобил алоқа тармоқларида абонент қурилмасидан фойдаланиш имконияти тўғрисида;

кўрсатилаётган хизматларнинг рўйхати, шунингдек, уларни кўрсатиш тартиби ва шартлари ўзгарганлиги тўғрисида;

хизмат кўрсатиш зонаси ўзгарганлиги тўғрисида;

хизматларга тарифлар ўзгарганлиги тўғрисида янги тарифлар жорий қилингунга қадар камида 10 кун олдин;

операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш пунктлари иш режими ўзгарганлиги тўғрисида;

ўз реквизитларининг ўзгарганлиги тўғрисида;

SMS, шунингдек, абонентларнинг USSD сўровларига USSD хабарларни жўнатиш йўли орқали бепул ёки имтиёзли дақиқалар, SMS, Интернет трафик ва бошқа хизматларнинг тугаганлиги тўғрисида.


298. Мобил алоқа хизматларини кўрсатишда дилер қуйидагиларга мажбур:

хизмат кўрсатиш пунктларини фақат оператор, провайдер ёки дилернинг тасарруфида, хўжалик юритувида, тезкор бошқарувида ёки ижарасида бўлган бинода, бинонинг қисмида, шунингдек, стационар савдо нуқталарининг жиҳозланган савдо жойларида ва савдо фаолиятини амалга ошириш учун мўлжалланган ва бир ёки бир нечта иш жойлари учун мўлжалланган савдо залларига эга зоналарда жойлаштириш. Дилернинг хизмат кўрсатиш пунктини стационар бўлмаган савдо объектларига жойлаш тақиқланади;

дилернинг барча хизмат кўрсатиш пунктларида дилерлик хизматларини тақдим этиш ҳуқуқи тўғрисидаги дилер сертификатининг асл нусхаси бор бўлишини ва кўринадиган жойга қўйилишини таъминлаш;

дилернинг барча хизмат кўрсатиш пунктларини малакали ходимлар билан тўлдириш;

дилер томонидан хизмат кўрсатиш пунктларида оператор (провайдер) ахборотига кўра аввал тузилган шартномалар бўйича ушбу операторнинг (провайдернинг) бешта ва ундан кўп рақамларига эга бўлган абонент - жисмоний шахс билан операторнинг (провайдернинг) мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузишга йўл қўймаслик;

дилернинг хизмат кўрсатиш пунктларида SIM-картани алмаштириш хизматларини кўрсатишга йўл қўймаслик (узоқ ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудлардаги дилернинг хизмат кўрсатиш пунктлари бундан мустасно);

абонент маълумотлари онлайн режимида операторнинг (провайдернинг) маълумотлар базасига киритилгандан кейин бир ҳафта муддатдан кечиктирмай операторга (провайдерга) абонент билан тузилган мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси нусхасини, абонент паспорти (ёки унга тенглаштирилган, шахсини тасдиқловчи ҳужжат)нинг нусхасини тегишли ҳужжатлар билан бирга операторга (провайдерга) тақдим этиш. Ҳужжатларни тақдим этишнинг бошқа муддати узоқда ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган дилерлар учун дилерлик шартномасида оператор (провайдер) томонидан реал имкониятлардан келиб чиқиб транспорт инфратузилмасининг мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши мумкин;

абонентларнинг SIM-карта ёки абонент қурилмаси (SIM-картадан фойдаланишни кўзда тутмайдиган мобил алоқа стандартлари учун) йўқолганлиги тўғрисида ёзма аризаларини қабул қилиш ва тегишли ахборотни операторга (провайдерга) юбориш;

дилернинг хизмат кўрсатиш пунктларида ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлик чораларини таъминлаш, шу жумладан, видеокузатув камераларини қўллаб видеоёзув ва товушни камида 90 кун сақлаган ҳолда;


299. Дилер абонентларга операторнинг (провайдернинг) қуйидаги ахборотини тақдим этишга мажбур:

мобил алоқа тармоғида абонент қурилмасидан фойдаланиш имконияти тўғрисида;

кўрсатиладиган хизматлар рўйхатининг, шунингдек, уларни кўрсатиш тартиби ва шартларининг ўзгариши тўғрисида;

операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш зонаси ўзгариши тўғрисида;

абонентларга хизмат кўрсатиш пунктлари иш режимининг ўзгариши тўғрисида;

оператор (провайдер) реквизитларининг ўзгариши тўғрисида;

аввал тузилган шартномалар бўйича ушбу операторнинг (провайдернинг) бешта ва ундан кўп рақамларига эга бўлган абонент - жисмоний шахс билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузишда бундай абонентни фақат операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш пунктларида уланишини кўзда тутадиган чекловлар тўғрисида;

SIM-картани алмаштириш хизматларини фақат операторнинг (провайдернинг) хизмат кўрсатиш пунктларида кўрсатиш бўйича чекловлар тўғрисида.


300. Дилернинг ходимлари томонидан йўл қўйилган қоида бузишлар учун улар билан бир қаторда дилерлик хизмати кўрсатиш пунктининг бевосита раҳбари ва дилер - юридик шахснинг раҳбари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


301. Дилер томонидан қонун ҳужжатлари, ушбу Қоидалар ва оператор (провайдер) билан тузилган шартнома талабларининг қўпол бузилишига йўл қўйилиши у билан дилерлик шартномасини бекор қилиш ва дилерни ўзини ўзи обрўсизлантирган дилерлар реестрига киритиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Абонентнинг хабари бўлмаган ёки унинг розилигисиз, имзоларни қалбакилаштириб, сохта ҳужжатлар бўйича, паспортнинг (ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг) асл нусхасини текширмасдан абонент шартномасининг расмийлаштирилиши қўпол қоида бузиш ҳисобланади.



4-§. Операторлар ва провайдерларнинг маълумотлар

узатиш хизматларини кўрсатишдаги мажбуриятлари


302. Оператор ва провайдерлар маълумот узатиш хизматларини кўрсатишда қуйидагиларга мажбур:

а) Wi-Fi хизмати кўрсатиш вақтида фойдаланувчиларнинг шахсини идентификациялаш ҳамда фойдаланилган Интернет тармоғининг веб-ресурслари (log-файллар) ҳисобини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юритиш бўйича аппарат-техник чора-тадбирлар кўриш ва уларни 3 ой ичида сақланишини ташкиллаштириш;

б) абонентларга ўзининг веб-сайтида ва (ёки) оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда, шунингдек, абонентлар ва фойдаланувчилар билан ишлаш жойларида қуйидаги ахборотларни тақдим этиш:

хизматларни кўрсатиш тартиби ва шартлари ўзгарганлиги, шу жумладан, хизматлар учун тарифлар ўзгарганлиги тўғрисида ўзгартиришлар кучга киришидан камида 10 кун олдин;

иш вақти, почта манзили ва банк реквизитлари ўзгарганлиги тўғрисида - тегишли ўзгаришлар киритилган вақтдан бошлаб;

в) шартноманинг бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги, шунингдек, абонентнинг аризасига кўра хизматлар кўрсатилмаганлиги ёки шартномада белгиланган даражадаги сифатга эга хизматлар кўрсатилмаганлиги учун қайта ҳисоб-китоб қилиш;

г) абонентнинг жорий ҳолати, шу жумладан, маълумотлар узатиш вақти, тезлиги, олинган ва (ёки) узатилган ахборотнинг ҳажми тўғрисида батафсил ахборотни тақдим этиш;

д) халқаро трафик ноқонуний ўтказиш, шу жумладан, GSM, IP ёки SMS-шлюзлардан, жумладан, тармоқда махсус аппарат-дастурий воситаларини ўрнатиш йўли билан ноқонуний фойдаланишга қарши курашиш чораларини кўриш.


303. Операторларга (провайдерларга) хизматларга уланиш учун ариза келиб тушганда қуйидаги муддатларда иш кўриши керак:

техник имкониятни ўрганиш ва техник имконият бўлмаган тақдирда ариза берувчига асосланган рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган жавобини бериш 7 кундан ошмаслиги керак;

техник имконият бўлганда шартнома тузилганган кундан бошлаб 10 иш кунида уланишни амалга ошириш;

техник имконият бўлмаганда, етишмайдиган алоқа линияларини ариза берувчининг ҳисобидан ўтказилишини ҳисобга олган ҳолда пудрат шартномаси тузилган санадан бошлаб 180 кунгача бўлиши керак.

Оператор (провайдер) абонентни ҳақ тўлаш эвазига қўшимча хизматлар кўрсатишга ёки маълум бир хизматни кўрсатиш учун бошқа хизматларни олишга мажбурлашга, шунингдек, абонентдан кўрсатилмаган хизматлар учун тўлов ундиришга ҳақли эмас.

Оператор (провайдер) абонентни ҳақ тўлаш эвазига қўшимча хизматлар кўрсатишга ёки маълум бир хизматни кўрсатиш учун бошқа хизматларни олишга мажбурлашга, шунингдек, абонентдан кўрсатилмаган хизматлар учун тўлов ундиришга ҳақли эмас.



5-§. Эшиттирувчилар, операторлар ва провайдерларнинг

телевидение хизматларини кўрсатишдаги мажбуриятлари


304. Эшиттирувчи амалга оширадиган фаолияти турига кўра қуйидагиларга мажбур:

ўз фаолиятини қонун ҳужжатлари, муаллифлик шартномалари, шунингдек, мазкур Қоидалар асосида амалга ошириш;

чет эл оммавий ахборот воситаларининг дастурлари ёки маҳсулотларини тегишли қонун ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари талаблари асосида тарқатиш;

эфирга чиқишда, узлуксиз эшиттиришларда эса, бир кеча-кундузда камида тўрт марта тенг тақсимлаган ҳолда ўз номини эълон қилиш;

ҳар ҳафталик телевидение дастурлари тўғрисидаги ахборотни даврий босма нашрларда ва Интернет тармоғида эълон қилиш йўли билан абонентларга етказиш.


305. Телевидение хизматларини кўрсатишда оператор қуйидагиларга мажбур:

ўз фаолиятини қонун ҳужжатлари, муаллифлик шартномалари, шунингдек, мазкур Қоидалар асосида амалга ошириш;

эшиттирувчининг телевидение дастурларини ўзгартириш ва қўшимчаларсиз трансляция қилиш;

телевидение тармоғининг техник ҳолатини мазкур тизимларни лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ тарзда сақлаш;

кўрсатиладиган хизматлар сифатини амалдаги стандартларга мувофиқ таъминлаш.


306. Телевидение хизматларини кўрсатишда провайдер қуйидагиларга мажбур:

ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириш;

телевидение дастурларининг ўзгартириш ва қўшимчаларсиз узатилишини таъминлаш;

уй ёки хонадон ичидаги телевидение тармоқларининг техник ҳолатини мазкур тизимларни лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ сақлаш;

кўрсатиладиган хизматлар сифатини амалдаги стандартларга мувофиқ таъминлаш.



6-§. Провайдерларнинг таксофон хизматини

кўрсатишдаги мажбуриятлари


307. Таксофон хизматини кўрсатишда провайдерлар қуйидагиларга мажбур:

ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириш;

телекоммуникация тармоғидан фойдаланиш учун операторга тўловни ўз вақтида амалга ошириш;

операторнинг иш сифатини пасайтиришга ёки телекоммуникация тармоқларини шикастлантиришга қаратилган хатти-ҳаракатлар қилмаслик;

фойдаланувчининг таксофон орқали сифатли телефон алоқа хизматларидан фойдаланишини таъминлаш;

таксофонлар, кабиналар ва ярим кабиналар соз ҳолатда сақланишини таъминлаш;

таксофон орқали телефон алоқа хизматларини кўрсатиш тартиби ва шартлари ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборотни фойдаланувчиларга тақдим этиш;

фойдаланувчилар учун қулай бўлган (савдо тармоғи, алоқа бўлими ва ҳоказо) жойларда махсус жетон ёки тўлов карталари сотилишини таъминлаш;

фойдаланувчиларнинг шикоятларини қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда кўриб чиқиш.



IV БЎЛИМ. АБОНЕНТЛАР ВА ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


1-БОБ. АБОНЕНТЛАР ВА ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ


1-§. Абонентлар ва фойдаланувчиларнинг умумий ҳуқуқлари


308. Жисмоний ёки юридик шахс телекоммуникация оператори ёки провайдери билан шартнома тузишдан олдин оператор ёки провайдердан:

тақдим этиладиган асосий ва қўшимча телекоммуникация хизматлари рўйхати;

тақдим этиладиган телекоммуникация хизматлари нархи ва тарифлар;

алоқани ва абонентнинг телекоммуникация тармоғидан фойдалана олишни ташкил қилиш усуллари;

уланиш ва хизмат кўрсатиш тартиби;

телекоммуникация хизматларини тақдим этиш қоидалари;

кафолатланган хизмат кўрсатиш даражаси, сифат даражаси, оператор (провайдер) серверида абонент ахборотининг ҳимояланганлигини таъминлашнинг кафолатланган даражаси ва бошқа маълумотларни, ахборотларни олишга ҳақли.


309. Абонентлар ва фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) умумий фойдаланиш телекоммуникация тармоғидаги хизматлардан фойдаланиш учун оператор ва провайдерлар билан шартномалар тузиш;

б) ўз абонент қурилмасини ушбу Қоидалар ва қонун ҳужжатларида белгиланган шартлар ва тартибда тармоққа улаш;

в) оператордан (провайдердан) ушбу Қоидаларда белгиланган мажбуриятларини, шунингдек, унинг телекоммуникация тармоқлари хизматларини тақдим этиш шартномаси бўйича мажбуриятларини бажаришини ҳамда ўз вақтида сифатли хизмат кўрсатилишини талаб қилиш;

г) шартномада кўзда тутилган телекоммуникация хизматларидан амалдаги тарифларга, хизматларнинг тавсифи ва хизматлар сифатига мувофиқ, шунингдек, оператор (провайдер) томонидан кўрсатиладиган қўшимча хизматлардан фойдаланиш;

д) оператордан (провайдердан) телекоммуникация хизматларини кўрсатиш учун шартномада белгиланган мажбуриятларнинг бажарилишини талаб қилиш;

е) оператор (провайдер) томонидан шартномада келишилган шартлар бузилган ҳолда телекоммуникация хизматларидан воз кечиш ва оператор (провайдер) билан шартномани қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш;

ж) телекоммуникация хизматлари кўрсатилмаганлиги ёки тегишли сифатга эга бўлган хизматлар кўрсатилмаслиги натижасида оператор (провайдер) томонидан етказилган зарар ўрнининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланишини талаб қилиш, устидан шикоят қилиш, ҳамда маънавий зарар ўрнининг тўлдирилишини талаб қилиш;

з) абонент ва фойдаланувчилар оператор (провайдер) томонидан телекоммуникация хизматларини кўрсатиш муддатлари бузилганда, агар шартномани ўз вақтида бажариш бошланмаган ёки ишлар (хизматлар) шартномада белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлганда, шунингдек, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар сифати шартнома шартларида белгиланганидан паст даражада бўлганда, камчиликларини бепул бартараф этиш, оператор (провайдер) билан келишув бўйича телекоммуникация тармоғи хизмати кўрсатилиши мумкин бўлган янги муддатни белгилаш, телекоммуникация тармоғи хизматининг нархини қайта ҳисоблашни талаб қилиш;

и) қонун ҳужжатларида кўзда тутилган имтиёзлар ва афзалликлар берилишини талаб қилиш, имтиёзлар ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар тақдим этилгандан бошлаб имтиёзлар ва афзалликлар амал қилади, шунингдек, шартномага тегишли ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш;

к) шартномада кўзда тутилмаган ва абонент ёки фойдаланувчи томонидан талаб қилинмаган телекоммуникация хизматлари учун ҳақ тўлашни рад этиш;

л) фавқулодда тезкор хизматларни чақиришда, шунингдек, шартномада кўзда тутилган ҳолларда телекоммуникация хизматларидан бепул фойдаланиш;

м) унга розилигисиз тақдим этилган телекоммуникация хизматлари учун тўловни тўлашни рад этиш;

н) оператор (провайдер) томонидан тақдим этилаётган телекоммуникация хизматлари бўйича аризалар, таклифлар ва эътирозлар билан операторга (провайдерга) мурожаат этиш;

о) мобил иловада рўйхатдан ўтган ҳолда оператор (провайдер) билан ўзаро муносабат ўрнатиш;

п) агар телекоммуникация хизматини кўрсатиш муддатларига риоя қилмасликка енгиб бўлмайдиган куч сабаб бўлган бўлса, оператор (провайдер) билан келишиб телекоммуникация хизматини бажаришнинг янги муддатини белгилаш, бу ҳақда телекоммуникация хизматини бажариш учун белгиланган муддат тугагунига қадар абонентга ёки фойдаланувчига хабар қилинади;

р) уларнинг ҳуқуқлари бузилганда ваколатланган давлат органларига ёки судга мурожаат қилиш.

с) белгиланган тартибда операторнинг (провайдернинг) расмий веб-сайтларида рўйхатдан ўтиш ва тақдим этилаётган интерактив хизматлардан фойдаланиш.


310. Ахборот-маълумот хизматларини ёки маълумот хизматларини кўрсатиш жараёнида камчиликлар аниқланганда абонентлар ва фойдаланувчилар ўз танлови бўйича қуйидагиларни талаб қилишга ҳақли:

ахборот-маълумот хизматлари ва маълумот хизматларининг камчиликларини бепул бартараф этиш;

телекоммуникация хизматлари кўрсатилмаганлиги ёки лозим даражада бўлмаган сифатли телекоммуникация хизматлари кўрсатилмаганлиги натижасида етказилган зарарлар ўрнини тўлдириш, маънавий зарарларнинг компенсация қилиш.


311. Фойдаланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) жамоат фойдаланиш жойининг интернет-провайдери томонидан кўрсатиладиган хизматлардан фойдалана олиш;

б) жамоат фойдаланиш жойининг интернет-провайдери томонидан ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатилишига;

в) жамоат фойдаланиш жойининг интернет-провайдери томонидан тақдим этиладиган хизматлар сифатининг ёмонлашишига ёки бошқа оқибатларга олиб келадиган катта камчиликларга йўл қўйилган ҳолда фойдаланувчи ўз хоҳиши билан қуйидагиларни талаб қилишга ҳақли:

камчиликларни бепул бартараф этиш;

тақдим этилган хизматларнинг нархини мос равишда камайтириш;

хизматларни такроран тақдим этиш;

шартномани бекор қилиш;

улар ҳуқуқлари бузилган ҳолда ваколатланган давлат органларига ёки судга мурожаат қилиш.


312. Фойдаланувчи жамоат фойдаланиш жойининг интернет-провайдеридан қуйидаги ахборотни олиш ҳуқуқига эга:

жамоат фойдаланиш жойининг фирма номи;

жамоат фойдаланиш жойининг жойлашган жойи (юридик манзили);

жамоат фойдаланиш жойининг иш режими;

тақдим этиладиган хизматлар рўйхати;

тақдим этиладиган хизматлар нархи, тарифлар;

хизматларни кўрсатиш бўйича бошқа ахборотни.

Абонент ва фойдаланувчи қонун ҳужжатларида ва ушбу Қоидаларда белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



2-§. Телефон алоқа хизматлари абонентлари

ва фойдаланувчиларининг ҳуқуқлари


313. Телефон алоқа хизматлари абонентлари ва фойдаланувчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

абонентнинг айбисиз алоқа бўлмаган даврда таъмирлаш бюросида унинг талабномаси мавжуд бўлганида, шунингдек, фойдаланувчининг аризасисиз қўшимча пуллик хизматлар ва бошқалар тақдим қилинганда телефон алоқаси хизматлари учун тўловларни қайта ҳисоблашни ёки ушбу хизматлардан фойдаланганлик учун пул маблағларининг қайтарилишини талаб қилиш;

маҳаллий телефон алоқаси хизматлари учун вақтбай тўлов тизимидан фойдаланган ҳолда тўланган давр учун ҳисоб тақдим этилганда алоҳида тўлов эвазига бўлиб ўтган телефон боғланишлар расшифровкасини (ҳисобнинг батафсил тавсифини) талаб қилиш.


314. Телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш муддатлари бузилганда абонент ўз танловига кўра:

телекоммуникация операторига шаҳарлараро ва халқаро телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш кераклиги давомида янги муддатни тайинлаш ва ушбу хизматнинг нархини пасайтиришни талаб қилиш;

шартномани бекор қилиш ва зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.


315. Агар телекоммуникация оператори телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш жараёнида камчиликларга йўл қўйса, абонент ўз хоҳишига кўра:

телефон алоқаси хизматларининг камчиликларини бепул бартараф этиш;

телефон алоқаси хизматларини қайта тақдим этиш;

халқаро, шаҳарлараро ва маҳаллий телефон алоқаси хизматларининг нархларини камайтириш;

етказилган зарарларни қоплаш билан шартномани бекор қилиш.



3-§. Телеграф алоқа хизматлари

фойдаланувчиларининг ҳуқуқлари


316. Фойдаланувчи алоқа корхонасининг ишлаш тартиби, кўрсатилаётган хизматлар, телеграммаларнинг ўтиш муддатлари, телеграф алоқа хизматларини кўрсатиш қоидалари ва ушбу хизматлар учун тарифлар бўйича керакли ва ишончли ахборотни талаб қилишга ҳақли.



4-§. Таксофон орқали телефон алоқа хизматлари

фойдаланувчиларининг ҳуқуқлари


317. Таксофон орқали телефон алоқа хизматлари фойдаланувчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

таксофонларни эксплуатация қилувчи операторни (провайдерни) таксофонларнинг сифатсиз ишлаши, кабина ва ярим кабиналарнинг қониқарсиз ҳолати тўғрисида арз қилиш;

таксофон орқали телефон алоқа хизматларини тақдим этиш билан боғлиқ таклифлар ва даъволар билан операторга (провайдерга) мурожаат қилиш;

операторнинг (провайдернинг) айби билан телефон алоқа хизматлари кўрсатилмаганлиги ёки сифатсиз кўрсатилганлиги натижасида келтирилган зарар ўрнини қопланишини талаб қилиш.



5-§. Мобил алоқа хизматлари абонентлари

ва фойдаланувчиларининг ҳуқуқлари


318. Мобил алоқа хизматлари абонентлари ва фойдаланувчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

барча хизматлар турлари бўйича батафсил ҳисобни барча амалга оширилган уланишларнинг санаси ва вақти, уларнинг давомийлиги ва абонент рақамларини кўрсатган ҳолда абонент рақамидан фойдаланган бир йилгача давр учун оператор (провайдер) томонидан белгиланган тартиб ва шартларда олиш. Ушбу ахборотни тақдим этишнинг каттароқ муддати ва шартлари шартномада белгиланиши мумкин;

ушбу Қоидалар ва шартномалар шартларига риоя қилган ҳолда, шунингдек, муайян ҳудудда (аэропорт, самолёт, антенна майдони ва ҳ.к.) амал қиладиган алоҳида фармойишлар ва қоидаларни ҳамда тўсқинлик қилиши ёки хавфли вазиятлар юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларда (тиббиёт муассасалари, ёқилғини сақлаш ва қайта юклаш ҳудуди, портлаш ишларини ўтказиш жойларида ва ҳ.к.) чекланишларни ҳисобга олган ҳолда, техник талабларга мос бўлган абонент қурилмасидан фойдаланиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оператор (провайдер) тармоқларида абонент рақамини кўчиб ўтиш хизматидан фойдаланиши.



2-БОБ. АБОНЕНТЛАР ВА ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРНИНГ

МАЖБУРИЯТЛАРИ


1-§. Абонентлар ва фойдаланувчиларнинг

умумий мажбуриятлари


319. Абонентлар ва фойдаланувчилар қуйидагиларга мажбур:

а) оператор (провайдер) билан тузилган шартнома шартларига риоя қилиш;

б) унга тегишли бўлган абонент қурилмаси ёрдамида кўрсатиладиган телекоммуникация хизматлари учун шартномада белгиланган муддатларда ва тўлиқ ҳажмда тўловни тўлаш;

в) телекоммуникация тармоғидан давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни узатиш учун фойдаланишга йўл қўймаслик;

г) телекомммуникация тармоғи орқали Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этишга, уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек, порнографияни тарғиб қилишга қаратилган ахборотни ва тарқатилиши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган бошқа ахборотни тарқатмаслик;

д) телекоммуникация тармоғи ёрдамида фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатмаслик;

е) қонун ҳужжатларига асосан телекоммуникация тармоғи орқали тарқатилиши тақиқланган ахборотлардан тижорат ёки нотижорат мақсадларда тарқатиш учун фойдаланмаслик;

ж) телекоммуникация тармоқлари иш сифатининг пасайишига ёки телекоммуникация тармоқларининг шикастланишига олиб келадиган ҳаракатларни бажармаслик;

з) операторни (провайдерни) ўзининг абонент қурилмаси, тармоғи ва дастурий таъминотидаги барча носозликлар ёки ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилиш;

и) ўз хоналарида жойлашган абонент тармоғи ва абонент қурилмасини техник эксплуатация қилиш қоидаларига риоя қилиш;

к) маълумотлар базаларидан рухсатсиз фойдаланмаслик ва операторнинг (провайдернинг) дастурий воситаларини ўзгартирмаслик;

л) операторга (провайдерга) етказилган зарарни қонун ҳужжатларига мувофиқ қоплаш;

м) таркибида компьютер вируслари ёки тармоқ учун зарар етказиши мумкин бўлган ахборотни ёки дастурий таъминотни эълон қилмаслик ёки узатмаслик;

н) компьютер ахборотидан, яъни ахборот-ҳисоблаш тизимлари, тармоқлари ва уларнинг таркибий қисмларидаги ахборотлардан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланмаслик;

о) телекоммуникация тармоғида тақдим этилган ахборот ва интеллектуал мулк объекти учун муаллифлик ҳуқуқларини бузмаслик;

п) телевидение тармоқларида бошқа шахсларнинг бериладиган сигналга уланиш ҳолатларига йўл қўймаслик;

р) оператор (провайдер) вакилларига уларни текшириш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш учун телекоммуникация иншоотлари ва қурилмалари жойлашган ҳудудларга киришни таъминлаш.


320. Абонент ва фойдаланувчига қонун ҳужжатларида ва ушбу Қоидаларда назарда тутилган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



2-§. Телефон алоқа хизматлари абонентлари

ва фойдаланувчиларининг мажбуриятлари


321. Телефон алоқа хизматлари абонентлари ва фойдаланувчилари қуйидагиларга мажбур:

оператор (провайдер) билан тузилган шартномага мувофиқ телефонлаштирилган турар-жойдан кўчиш, сотиш, алмаштириш, ижарага бериш, ижарага (иккиламчи ижарага) олиш, фамилия, турар-жой манзили, реквизитлари, корхона номининг ўзгариши, телефон алоқаси хизматларига тўлаш ва кўрсатиш бўйича имтиёзларни олиш ёки йўқотган ҳолларда бир ой муддат ичида оператор (провайдер) билан шартномани қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш;

абонент линиясини ва қурилмасини ўз уйида яхши ҳолатда сақлаш.

Якка тартибда фойдаланадиган телефонга эга абонент, шунингдек, ташкилотлар (шу жумладан, меҳмонхоналар, ётоқхоналар, санаторийлар, дам олиш уйлари, чет эл ваколатхоналари ва халқаро ташкилотлар)даги телефон эгалари уларнинг телефонларидан амалга оширилган маҳаллий ва халқаро телефон боғланишларга ҳақ тўлаш учун жавобгар бўлади.



3-§. Телеграф алоқа хизматлари

фойдаланувчиларининг мажбуриятлари


322. Телеграф алоқа хизматлари фойдаланувчилари қуйидагиларга мажбур:

таксофондан фойдаланиш бўйича йўриқномага мувофиқ фойдаланиш, таксофонлар, кабиналар ёки ярим кабиналарнинг шикастланишига йўл қўймаслик;

тақдим этилган сўзлашув тўлови учун таксофонларнинг ушбу типи учун мўлжалланган нақд пул ва нақд пулсиз тўлов воситаларидан (махсус жетон, тўлов картаси) фойдаланиш.



4-§. Маълумот узатиш хизматлари абонентлари

ва фойдаланувчиларининг мажбуриятлари


323. Маълумот узатиш хизматлари абонентлари ва фойдаланувчилари қуйидагиларга мажбур:

телекоммуникация хизматларини кўрсатиш учун GSM, IP ёки SMS-шлюзлар ёки шунга ўхшаш аппарат-дастурий воситалардан фойдаланиш нияти бўлганда, бу ҳақда операторни (провайдерни) огоҳлантириш;

маълумотлар узатиш тармоғидан халқаро трафикни ноқонуний ўтказиш мақсадида фойдаланмаслик, шу жумладан, GSM ва IP-шлюзлар орқали.



5-§. Мобил алоқа хизматлари абонентлари

ва фойдаланувчиларининг мажбуриятлари


324. Мобил алоқа хизматлари абонентлари ва фойдаланувчилари қуйидагиларга мажбур:

а) SIM-карта ёки абонент қурилмаси (SIM-картадан фойдаланиш кўзда тутилмаган мобил алоқа стандартлари учун ва eSIM) йўқолганлиги тўғрисида операторнинг (провайдернинг) Call-марказига зудлик билан қўнғироқ қилиб хабар қилиш, кейинчалик операторга (провайдерга) ёки дилер орқали ёзма аризани тақдим қилган ҳолда. Абонент томонидан ушбу шартларга риоя қилинмаган ҳолда у йўқотилган SIM-карта ёки абонент қурилмасидан (SIM-картадан фойдаланиш кўзда тутилмаган мобил алоқа стандартлари учун ва eSIM) фойдаланган ҳолда олинган оператор (провайдер) томонидан кўрсатилган мобил алоқа хизматларига тўлов бўйича оператор (провайдер) абонентнинг улар йўқолганлиги ва хизматлар кўрсатишни тўхтатиш истаги тўғрисидаги аризасини олган вақтигача мажбуриятга эга, агар хабар қилишнинг абонент учун қулай бўлган бошқа усули оператор (провайдер) томонидан кўзда тутилмаган бўлса;

б) маълумотлар ўзгаргани ҳақида операторга (провайдерга) 15 кун ичида хабар бериш:

жисмоний шахс учун - фамилияси, исми, отасининг исми, доимий яшаш жойи бўйича ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинганлиги ва паспорт маълумотлари ҳақиқий паспортни кўрсатиш йўли билан;

юридик шахс учун - номи (фирма номи), юридик манзили ўзгарганлиги, шунингдек, юридик шахс тугатилганлиги тўғрисида хабар қилиш;

в) мобил алоқа хизматлари кўрсатиш шартномасини тузаётганда ушбу оператор (провайдер) билан аввал тузилган шартномалар бўйича актив рақамларнинг мавжудлиги тўғрисида хабар қилиш;

г) мобил алоқанинг айрим хизматлари ёки мобил алоқа хизматларининг тўпламлари учун оператор (провайдер) томонидан белгиланган шартларга мувофиқ махсус тарифлар (тариф режалари)дан мақсадли фойдаланишни таъминлаш;

д) олинган абонент рақамидан GSM, IP ёки SMS шлюзларда ёки аналог ускуналарда фойдаланиш ёки телекоммуникация хизматлари кўрсатиш ёки оммавий SMS жўнатмалар учун фойдаланиш истаги бўлганда, буни олдиндан оператор (провайдер) билан келишиш;

е) шартнома тузишда олинадиган рақам (SIM-карта) бирга фойдаланиладиган абонент қурилмасининг асосий турлари (уяли телефон, USB-модем, электр энергияси/сув/газ ҳисоблагичлари, онлайн тўлов терминаллари, GSM, IP ёки SMS шлюзлар ёки ускунанинг бошқа турлари)ни кўрсатиш;

ж) абонент рақамидан шахсий мақсадларда ёки ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун (якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар учун) фойдаланиш, спамга, фирибгарликка, оператор (провайдер) билан олдиндан келишмасдан оммавий SMS-жўнатмаларга, шунингдек, бошқа ноқонуний фойдаланишга йўл қўймаслик;

з) абонент рақамидан халқаро трафикни ноқонуний ўтказиш учун фойдаланмаслик, шу жумладан, GSM ва IP шлюзлардан фойдаланиб.

и) ўрнатилган ҳимоя тизимларини четлаб ўтган ҳолда телекоммуникация тармоғидан фойдаланиш ҳамда халқаро трафикни ўтказиш мақсадида телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланмаслик, шунингдек, мазкур мақсадлар учун мўлжалланган махсус дастурий ёки аппарат воситаларини қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) сақлаш ва уларнинг фаолиятига йўл қўймаслик;

к) абонент рақами кўчиб ўтган тақдирда, донор билан тузилган мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси бўйича мобил алоқа тармоғи хизматлари учун мавжуд қарзни тўлаши.



V БЎЛИМ. КЎРСАТИЛГАН ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ

ХИЗМАТЛАРИ УЧУН ҲИСОБ-КИТОБЛАР ВА ТЎЛОВЛАР


325. Телекоммуникация хизматлари учун тарифлар қонун ҳужжатларига мувофиқ шакллантирилади ва тартибга солинади.


326. Қонун ҳужжатларига мувофиқ жисмоний шахсларнинг айрим тоифалари учун телекоммуникация хизматларига ҳақ тўлаш ва телекоммуникация тармоғидан фойдаланишни тақдим этиш бўйича имтиёзлар белгиланиши мумкин.


327. Телекоммуникация хизматларига ҳақ тўлаш шакли ва тартиби тарафлар ўртасида тузиладиган телекоммуникация хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномада белгиланади.

Телекоммуникация хизматлари учун ҳисоб-китобларни бу хизматларни кўрсатган оператор (провайдер, эшиттирувчи) ёки шартнома асосида улар томонидан ваколатланган шахс олиб боради.


328. Телекоммуникация хизматлари учун тарифларни белгилаш, ҳисоб-китоблар ва барча тўловлар Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида амалга оширилади.


329. Кўрсатилган телекоммуникация хизматлари учун ҳисоб-китобларни амалга оширишда хорижий валютадан, шунингдек, хорижий валютадаги тўлов ҳужжатларидан фойдаланишга қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, тартиб ва шартларда йўл қўйилади.


330. Ҳисоб-китоблар шакли ва тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ, операторнинг (провайдернинг) технологик имкониятлардан келиб чиқиб абонент билан келишилган ҳолда оператор (провайдер) томонидан белгиланади ҳамда шартномада акс эттирилади ва ҳисоб-китоблар амалга оширилади.


331. Телекоммуникация хизматлари учун тарифлар қонун ҳужжатларига мувофиқ томонлар ўртасида тузиладиган шартномада белгиланилади.

Телекоммуникация хизматларига тарифлар айрим хизматлар ёки хизматларнинг тўпламига тарифлар (тариф режалари) кўринишида белгиланиши мумкин.

Тариф режасида сутканинг турли вақтлари, ҳафта кунлари, дам олиш, байрам (ишланмайдиган) ва бошқа кунлар бўйича, шунингдек, кўрсатилаётган телекоммуникация хизматларининг тўплами ва ҳажми бўйича дифференцияланган тарифлар белгиланиши мумкин.

Оператор ва провайдерларнинг белгиланган талаблари бўйича телекоммуникациянинг айрим хизматлари ёки хизматларининг тўпламлари учун (масалан, USB-модемлар, электр энергияси/сув/газ ҳисоблагичлари, онлайн тўлов терминаллари, GSM, IP ёки SMS шлюзлар ёки ускунанинг бошқа турларида фойдаланиш учун, шунингдек, муайян тоифалардаги шахсларга тақдим этиладиган) махсус тарифлар (тариф режалари) белгиланиши мумкин.


332. Телекоммуникация хизматлари учун тарифлар ва тариф режаларини шакллантиришда тарификациянинг қуйидаги турлари қўлланиши мумкин:

абонентлик, бунда муайян давр (ҳисоб-китоб даври) учун абонентнинг тўлов миқдори ҳақиқатда олинган телекоммуникация хизматларининг ҳажмига боғлиқ бўлмаган доимий катталик ҳисобланади;

вақтбай, бунда абонентнинг тўлов миқдори ҳисоб-китоб даври давомида тақдим этилган абонентнинг ташаббуси билан амалга оширилган уланишлар давомийлигининг суммасига боғлиқ бўлади;

ҳар бир кўрсатилган телекоммуникация хизмати учун, бунда тўлов миқдори амалда кўрсатилган хизмат учун аниқланади.

Тариф режаларини шакллантиришда тарификациянинг бир нечта турларини бирга қўшишга йўл қўйилади.


333. Оператор, провайдер кўрсатилаётган телекоммуникация хизматлари учун ҳисоб-китоб даврини мустақил белгилайди.


334. Телекоммуникация хизматлари учун тўлов нақд пул ва нақд бўлмаган тўловлар орқали амалга оширилади.

Телекоммуникация хизматлари учун тўлов қуйидагича амалга оширилади:

хизматлар кўрсатилганидан кейин тўлов тўлаш;

хизматлар кўрсатилишидан олдин тўлов тўлаш;

шартномада белгиланган ёки ҳисобда кўрсатилган ҳисоб-китоб даври муддатига кечиктирилган тўлов тўлаш йўли билан.

Абонент ўз хоҳишига кўра, 12 ойдан кўп бўлмаган муддат учун телекоммуникация хизматлари учун абонентлик тўловларини олдиндан тўлаб қўйиши мумкин ва бунда тариф ўзгарса ҳам қиймат қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.


335. Телекоммуникация хизматлари учун ҳисоб-китоб ва тўловлар хизматлар кўрсатиш вақтида амалда бўлган тарифлар бўйича амалга оширилади.

Тарифларни ўзгартириш тўғрисидаги ахборот оператор (провайдер) томонидан оммавий ахборот воситаларида, ўзининг расмий веб-сайтида ёки SMS орқали камида ўн беш кун олдиндан эълон қилиниши лозим, ушбу муддатдан сўнг абонент тўлови ўзгартирилган тарифларга мувофиқ ҳисобланади.


336. Оператор (провайдер, эшиттирувчи) ва абонент ўртасида тўловни ундириш бўйича келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, келишмовчиликлар суд тартибида ҳал этилади.

Бегона шахслар томонидан телекоммуникация тармоғига рухсатсиз уланиш ва фойдаланиш натижасида келиб чиқадиган келишмовчиликларда бажарилган сўзлашувларнинг кимга тегишлилиги белгиланган тартибда текширилиши (аниқланиши) керак. Текширув натижаларидан рози бўлмаган абонент судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


337. Телекоммуникация хизматлари учун тўловлар нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда амалга оширилиши мумкин.


338. Телекоммуникация хизматлари учун тўловлар қабул қилинишини оператор, провайдер, эшиттирувчи, дилер мустақил равишда ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фаолият олиб борадиган тўлов агентлари орқали ташкил қилиши мумкин.


339. Шартнома бекор қилинган ҳолларда абонент аванс сифатида киритилган пул маблағларини қайтариш учун операторга (провайдерга, эшиттирувчига) мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолда оператор (провайдер, эшиттирувчи) ўн беш кун муддат ичида пул маблағларининг фойдаланилмаган қолдиғини қайтаришга мажбур.


340. Телефонлаштирилган турар жойга нисбатан эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган тартибда ушбу доимий яшаш жойи бўйича ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинмаган шахсларга ўтганда шартнома тузилган ҳолда фойдалана олиш тақдим этилганлиги учун тўловлар қўлланилади.


341. Маҳаллий телефон боғланишлар хизматлари учун абонент тўлов тизимини ёки хизматлар учун вақтбай тўлов тизимини қўллаган ҳолда тўланади.

Маҳаллий телефон боғланишларни вақтбай ҳисобга олиш техник имконияти бўлмаганда хизматлар учун абонент тўлов тизимидан фойдаланилади.

Маҳаллий телефон боғланишларни вақтбай ҳисобга олинишини таъминлаш техник воситаларининг тайёр бўлишига қараб хизматлар учун вақтбай тўлов тизими киритилади.

Вақтбай тўлов тизимида телефондан фойдаланганлик учун тўлов миқдори телефон боғланишларнинг маълум давомийлиги учун белгиланган қайд қилинган катталикдан ва қайд қилинган катталикдан ташқари телефон боғланишнинг давомийлигига боғлиқ бўлган ўзгарувчан катталикдан ташкил топади.


342. Автоматик маҳаллий, халқаро телефон алоқадан фойдаланганлик учун хизматларга тўлов вақтбай тўлов тизимида абонент томонидан фақат унга тегишли бўлган абонент қурилмасидан чиқадиган телефон боғланишлар учун тўланади, бундан чақирилаётган абонент ёки операторнинг (провайдернинг) ҳисобидан кўрсатиладиган хизматлар мустасно.


343. Оператор-телефонист ёки автоматик усул билан тақдим этилган халқаро телефон боғланишларга телефон боғланишнинг давомийлигига боғлиқ ҳолда амалдаги тарифлар бўйича тўлов тўланади.


344. Маҳаллий (хизматларга вақтбай тўлов тизимида), халқаро телефон боғланишда телефон боғланишларининг давомийлигини ҳисобга олиш оператор томонидан қабул қилинган тарификация бирлигига мувофиқ юритилади.


345. Маҳаллий ва халқаро телефон боғланишларининг тарификация бирлиги миқдори ва тўлиқ бўлмаган тарификация бирлигини тўлаш тартиби фойдаланилаётган коммутацион техниканинг техник имкониятларига боғлиқ ҳолда белгиланади. Бунда тарификация бирлиги бир дақиқадан кўп бўлмаслиги керак.


346. Автоматик маҳаллий (хизматларга вақтбай тўлов тизимида), шаҳарлараро ва халқаро телефон боғланишдан фойдаланганда телефон боғланишининг давомийлиги исталган шахс ёки абонент қурилмасининг жавоб бериш пайтидан чақираётган ёки чақирилаётган шахс ёки абонент қурилмасининг "отбой" вақтигача ҳисобланади.


347. Жавоб сигнали чақирилаётган шахснинг жавобига тенглаштириладиган ва телефон боғланишининг давомийлигини ҳисоблаш боши бўлиб хизмат қиладиган абонент қурилмасига қуйидагилар киради:

маълумотлар узатиш аппаратураси (модем ва бошқалар);

факсимиль аппарати;

автожавоббергич билан таъминланган абонент қурилмаси;

рақамни автоматик аниқловчи телефон аппарати;

абонент йўқ бўлганда унинг ўрнига жавоб берадиган ва ахборот билан алмашишни таъминлайдиган (ёки имитация қиладиган) бошқа абонент қурилмаси.


348. Агар абонент линияси йўқ бўлган абонентлар хизматига ўтказилган ёки абонент бўлмаганда унинг ўрнига фойдаланиладиган (хабарларни ёзиб олувчи ёки маълумотлар билан алмашиш учун хизмат қиладиган) қурилма билан уланганда, бу хизмат ёки бу қурилмага абонентнинг сўровига кўра у учун жавоб берадиган шахс сифатида қаралади. Бундай ҳолда телефон боғланиш ўрнатилади ва тўлов ҳисобланади.

Абонент операторнинг (провайдернинг) Call-марказига қўнғироқ қилганда олдиндан ёзиб олинган овозли хабарлар тизимини эшитиш вақти ёки автоинформаторнинг аудио хабарлари боғланишнинг тарификацияланадиган давомийлигига киритилмайди.


349. Конференцалоқа хизматининг давомийлиги барча чақирилаётган шахслар чақираётган шахс билан телефон боғланиш ўрнатилгандан кейин ҳисобланади, чақираётган шахснинг "отбой" сигнали бошланиш пайтидан тугайди.


350. Боғланиш учун буюртма (оператор-телефонист орқали) халқаро телефон боғланишлар тақдим этилганда тўланиши керак бўлган телефон боғланишининг минимал давомийлиги белгиланади. Бунда минимал давомийликдан кам давом этган телефон боғланишига минимал давомийликдаги телефон боғланиши сифатида тўлов тўланади.

Телефон боғланишининг кўрсатилган минимал давомийлиги бир дақиқадан ошмаслиги керак.


351. Маҳаллий (хизматлар учун вақтбай тўлов тизимида), халқаро телефон боғланиши учун тўлов телефон боғланиши ўрнатилишидан бошлаб жорий суткада амал қиладиган тариф бўйича амалга оширилади.


352. Чақираётган шахс у томонидан буюртма берилган олдинроқ ўрнатилган шаҳарлараро ёки халқаро телефон боғланишни рад этганда, бундай телефон боғланиш тақдим этилган вақтда абонентдан боғланишга буюртма қилинган тариф бўйича сўзлашув дақиқасининг нархи ва телефон боғланиши пайтига оператор-телефонист томонидан бажарилган хизматларнинг тўлиқ қиймати миқдорида тўлов ундирилади.


353. Агар чақирилаётган шахс билан билдиришномали шаҳарлараро ва халқаро телефон боғланиш кўрсатилган манзил бўйича чақирилаётган шахснинг турмаслиги сабабли билдиришнома бу шахсга топширилмаганлиги ёки топшириш имконияти йўқлиги сабабли бўлиб ўтмаган бўлса, чақирилаётган шахсдан хизмат нархи миқдорида тўлов ундирилади.

Агар чақирилаётган шахс билан билдиришномали шаҳарлараро ва халқаро телефон боғланиш чақирилаётган ёки чақираётган шахснинг сўзлашув пунктига келмаганлиги ёки чақирилаётган шахснинг кўрсатилган телефон рақами бўйича бўлмаганлиги сабабли телефон боғланиши учун тайинланган вақтдан кейин бир соат ичида бўлиб ўтмаса, тўлов хизматининг нархи миқдорида ундирилади.


354. Агар чақираётган шахс халқаро телефон боғланишга буюртма бераётганда чақирилаётган абонент қурилмасининг нотўғри абонент рақамини кўрсатган бўлса, у ҳолда у ушбу буюртма учун амалдаги тарифлар бўйича ўрнатилган телефон боғланишининг ҳақиқий давомийлигига ҳақ тўлайди.


355. Автоматик хизмат кўрсатиш тизими бўйича тақдим этилган маҳаллий (хизматлар учун вақтбай тўлов тизими) ёки халқаро телефон боғланишда абонентга ҳисобни тақдим этиш учун магнит ташувчи (магнит тасмалар, дисклар)га ёзилган қийматни ҳисоблаш аппаратурасининг маълумотлари, оператор-телефонист ёрдамида халқаро телефон боғланиш тақдим этилганда - оператор-телефонист томонидан буюртма бланкига киритилган ёки автоматлаштирилган ҳисоб-китоблар тизимининг, шунингдек, электрон коммутаторларнинг магнит ташувчилари (магнит тасмалар, дисклар)га ёзилган маълумотлар асос бўлиб ҳисобланади.


356. Маҳаллий шаҳарлараро ва халқаро телефон сўзлашувлари хизматлари учун тўловлар сўзлашув пунктларида боғланиш учун буюртма қилишда фойдаланувчи буюртма қилинаётган телефон сўзлашувининг давомийлиги ва буюртмада кўрсатилган қўшимча пулли хизматлар учун олдиндан ҳақ тўлаши керак. Компьютер билан жиҳозланган сўзлашув пунктида телефон орқали сўзлашувдан кейин тўловни амалга оширишга йўл қўйилади.

Олдиндан тўловни тасдиқлаш учун фойдаланувчига мажбурий тартибда буюртма бланкидан йиртиб олинадиган талон берилади. Мазкур талонда тақвим штемпелининг ёки талонни берган телекоммуникация оператори касса аппаратининг изи бўлиши керак.


357. Агар сўзлашув буюртмада кўрсатилган вақтдан кам давом этса ёки умуман бўлиб ўтмаган бўлса, фойдаланувчига пулнинг қолган қисми ёки бутун тўланган сумма қайтарилади. Ҳисоб-китоб қилиш учун фойдаланувчи йиртиб олинадиган талонни қайтариши керак.

Пулнинг қолган қисми берилганда йиртиб олинадиган талон фойдаланувчидан олиб қўйилади ва бу талон ўрнига ундан ундирилган сумма учун квитанция берилади. Квитанция ҳар бир сўзлашув учун бепул берилади.


358. Кўрсатиладиган телеграф хизматларига ҳақ тўлаш белгиланган тарифларга мувофиқ амалга оширилади.


359. Таксофон орқали телефон алоқа хизматига ҳақ тўлаш учун махсус жетон, тўлов картаси, танга ва миллий валютанинг тегишли купюраси ишлатилади.


360. Таксофон орқали маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро телефон алоқаси хизмати учун тарифлар қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


361. Таксофон орқали шаҳарлараро ва халқаро телефон алоқасининг тарификация бирлигининг ўлчови ҳамда тарификация бирлигининг тўлиқ бўлмаган бирлигини тўлаш тартиби оператор (провайдер) томонидан фойдаланиладиган коммутация техникасининг техник имкониятларига боғлиқ ҳолда белгиланади. Бунда тарификация бирлиги бир дақиқадан кўп бўлмаслиги керак.


362. Таксофон орқали телефон сўзлашувининг давомийлиги чақирилувчи абонент ёки абонент қурилмасининг жавобидан то чақирувчи ёки чақирилувчи абонентнинг ёки абонент қурилмасининг узилишигача ҳисобланади.


363. Чақирилувчи шахснинг жавобига тенглаштирилган, жавоб сигнали телефон сўзлашуви давомийлиги ҳисобининг бошланиши бўлган абонент қурилмасига қуйидагилар киради:

маълумотлар узатиш аппаратураси (модем ва бошқалар);

факсимиль аппарати;

автожавоб бергич билан жиҳозланган абонент қурилмаси;

чақирилувчи абонентга махсус сигнализация тизими ёрдамида телефон аппарати трубкасининг кўтарилишини имитация қилиш воситасида чақирувчи абонент номерини аниқлаш имконини берадиган махсус қурилма билан таъминланган телефон аппарати;

абонент бўлмаганда унинг ўрнини босадиган ва ахборот алмашинувини таъминлайдиган (ёки имитация қиладиган) бошқа абонент қурилмаси.


364. Маълумотлар узатиш тармоғи оператори (провайдери) автоматлаштирилган ҳисоб-китоб тизимлари ёрдамида абонентга кўрсатилган хизматлар (маълумотлар узатиш вақти, тезлиги, олинган ва (ёки) узатилган ахборот ҳажми, шунингдек, абонент пул маблағларининг ҳаракати ва бошқалар) тўғрисидаги ахборот ҳисобини юритади.


365. Оператор (провайдер) шартнома асосида ҳисоб-китобларни амалга ошириш мақсадида бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматларга ҳақ тўлаш тўғрисида абонентга ахборот тақдим этади. Бунда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт:

оператор (провайдер) реквизитлари ва мурожаат учун телефон рақамлари;

ҳисоб-китоб даври;

бажарилган ишлар нархи;

тақдим этиладиган хизматлар рўйхати, ҳар бир хизмат учун ҳисоб-китоб даври ва улар учун тўланадиган сумма;

қўшилган қиймат солиғи суммаси (агар ундирилса);

умумий тўланадиган сумма;

ҳисоб тақдим этилган сана;

ҳақ тўлаш муддати.


366. Оператор (провайдер) томонидан абонентнинг ҳисобварағи юритилган тақдирда, тўлов тўғрисида кўрсатилган ахборот оператор (провайдер) ва абонент ўртасидаги шартнома шартларининг ўзгаришлари билан боғлиқ абонентнинг ҳисобварағи бўйича баланс тузатишларини, шунингдек, келиб тушган ва абонентнинг ҳисобварағида акс эттирилган олдинги ҳисоб-китоб давридаги хизматлар учун абонентнинг тўловлари тўғрисидаги ахборотларни ўз ичига олиши керак.


367. Мобил алоқа тармоғи бўйича уланиш давомийлигининг тарификация бирлиги оператор (провайдер) томонидан белгиланади, аммо бир дақиқадан кўп бўлмаслиги керак.

Мобил алоқа тармоғида ҳар бир интернет сессияни алоҳида ҳисобга олган ҳолда маълумотлар узатиш трафигининг ҳар бир йўналиши бўйича узатилган ва олинган маълумотлар ҳажмининг тарификация бирлиги оператор (провайдер) томонидан белгиланади, аммо 16 Kb дан кўп бўлмаслиги керак.

Бошқа операторнинг (провайдернинг) мобил алоқа тармоғидаги ҳар бир интернет сессияни алоҳида ҳисобга олган ҳолда роумингда Интернет-трафикни яхлитлаш халқаро роуминг тўғрисидаги келишувга кўра белгиланади, аммо маълумотлар узатиш трафигининг ҳар бир йўналиши бўйича тарификация бирлиги 16 Kb дан кўп бўлмаслиги керак.


368. Уланишнинг давомийлигини ҳисобга олиш оператор (провайдер) томонидан қабул қилинган тарификация бирлигига мувофиқ олиб борилади.


369. Тўлов миқдорини аниқлаш учун фойдаланиладиган мобил алоқа тармоғи бўйича уланиш давомийлиги чақирилувчи абонент ёки абонент жавоб берган деб тенглаштирилган жавоб сигнали бўлган ускуна жавоб берган секунддан бошлаб чақирувчи ёки чақирилувчи абонент ёки шу ускуна сўзлашуви тугаган вақтгача ҳисобланади.

Оператор (провайдер) томонидан белгиланган минимал ҳисобланган вақт бирликларида ҳисобланган уланишлар давомийлиги тўлиқ бирликкача яхлитланади.

Оператор (провайдер) томонидан белгиланган трафик ҳажмининг минимал ҳисоб-китоб бирликларида ҳисобланган ишлатилган маълумотлар узатиш трафигининг ҳажми тўлиқ бирликкача яхлитланади.

Оператор (провайдер, эшиттирувчи) ушбу Қоидаларга нисбатан абонент ҳолатини ёмонлаштирмайдиган мобил алоқа хизматлари тарификацияси қоидаларини мустақил белгилайди.


370. Абонент томонидан ушбу Қоидаларда белгиланган талаблар, шунингдек, шартнома шартлари бузилган ҳолларда, бузилишлар бартараф этилгунга қадар оператор (провайдер) мобил алоқа хизматлари кўрсатилишини тўхтатиш ҳуқуқига эга.

Бунда, мобил алоқа тармоғидан фойдалана олиш ва абонент томонидан фавқулодда тезкор хизматларни чақириш имконияти сақланади.


371. Оператор (провайдер) томонидан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш тўхтатилгандан кейин абонент шартнома ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган муддатда аниқланган бузилишларни бартараф этиш ҳуқуқига эга. Аниқланган бузилишлар бартараф этилгандан кейин мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш тикланади.


372. Кредитга тақдим этилган мобил алоқа хизматлари учун тўлов муддатини оператор (провайдер) мустақил белгилайди.


373. Абонент рақамини кўчириб ўтиш хизматлари учун тўлов ва реципиент билан мобил алоқа хизматларини кўрсатиш бўйича шартнома тузиш абонент томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


374. Мобил алоқа хизматларини кўрсатиш бўйича имзоланган шартнома асосида операторга (провайдерга) мобил алоқа хизматлари тўлови амалга оширилади.


375. Ҳар бири резидент ҳисобланган мобил алоқа операторлари (провайдерлари) ўртасидаги ҳисоб-китоблар қонун ҳужжатларига мувофиқ миллий валютада амалга оширилади.


376. Маҳаллий операторнинг хизмат кўрсатувчи хорижий операторлар (роуминг-шериклар) билан ва тизим ҳосил қилувчи роуминг-шериклар билан ҳисоб-китоблари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро қоидаларга мувофиқ бажарилади.



VI БЎЛИМ. ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ ХИЗМАТЛАРИНИ

КЎРСАТИШ ШАРТНОМАСИ ТОМОНЛАРИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


377. Оператор (провайдер) тузилган шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ҳамда телекоммуникация хизматларини кўрсатиш муддатларини ва шикастланишларни бартараф этиш муддатларини бузганлиги учун қуйидаги ҳолларда абонент олдида жавобгардир:

телекоммуникация тармоғидан фойдалана олишни таъминлаш муддатларининг бузилиши;

шартномада белгиланган телекоммуникация хизматларини кўрсатиш муддатларининг бузилиши;

шартномада кўрсатилган ва абонент томонидан талаб қилинган телекоммуникация хизматларининг барча турларини кўрсатмаганлик;

телекоммуникация хизматларини сифатсиз кўрсатиш;

телекоммуникация хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ ахборотнинг тақдим этилмаганлиги, тўлиқ тақдим этилмаганлиги ёки ўз вақтида тақдим этилмаганлиги;

шартномани бажариш натижасида операторга (провайдерга) маълум бўлган абонент тўғрисидаги маълумотларнинг тарқатилишини чеклаш тўғрисидаги талабларнинг бузилиши.


378. Мажбуриятларни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик фойдаланувчининг айби билан ёки енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар (форс-мажор) оқибатида содир этилган бўлса, оператор (провайдер) абонент/фойдаланувчи олдида жавобгар бўлмайди.


379. Телеграф хизматида жўнатувчи томонидан манзил нотўғри кўрсатилганлиги сабабли телеграмма топширилмаган бўлса, оператор абонент/фойдаланувчи олдида жавобгар бўлмайди.


380. Телекоммуникация тармоғида юзага келган носозлик ёки шикастланишлар шартномада белгиланган муддатда бартараф этилмаган тақдирда, оператор (провайдер, эшиттирувчи) абонентнинг талабига кўра шартномада белгиланган миқдорда жарима (пеня) тўлайди.

Оператор (провайдер, эшиттирувчи) томонидан жарима (пеня) тўланганлиги уларни шартнома бўйича зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан озод этмайди.


381. Ушбу Қоидалар ва шартномада кўзда тутилган ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда, томонлар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


382. Томонлар ўз мажбуриятларини бажармаган ҳолларда, телекоммуникация хизматларини кўрсатиш шартномасини бекор қилиш тартиби ва шартлари абонент ва оператор (провайдер, эшиттирувчи) ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.


383. Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ низоли масалалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.


384. Агар мобил алоқа операторининг (провайдерининг) жавобгарлиги дилернинг айби билан юзага келган бўлса, оператор (провайдер) дилердан у билан тузилган шартномага ва қонун ҳужжатларига мувофиқ етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.


385. Оператор, провайдер, Wi-Fi хизмати ташкилотчиси ўз ихтиёрида (бевосита бошқаруви ва назорати остида) бўлмаган маълумотлар узатиш тармоғининг ресурслари, серверлари ва сегментлари мазмуни, улардан фойдаланиш имконияти ва ишлаш қобилияти учун жавобгар бўлмайди.


386. Абонент ўз мажбуриятларини бажармаганлиги, шу жумладан, шартномага мувофиқ белгиланган муддатда хизматлар учун ҳақ тўламаганлиги учун шартномага мувофиқ жавобгар бўлади.


387. Оператор (провайдер, эшиттирувчи) қонун ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа ҳолатларда ҳам жавобгардир.


388. Абонент томонидан қилинган шикоят ёзма, оғзаки ва/ёки электрон шаклда амалга оширилади, у операторга (провайдерга, эшиттирувчига) келиб тушган кун рўйхатга олиниши керак.

Телекоммуникация хизматларини кўрсатишни рад этиш, шартномадан келиб чиқадиган мажбуриятларни ўз вақтида бажармаслик ёки лозим даражада бажарилмаслик билан боғлиқ масалалар юзасидан шикоятлар телекоммуникация хизматлари кўрсатилган, уни кўрсатиш рад этилган ёки ҳисоб тақдим этилган кундан бошлаб 6 ой ичида берилади.


389. Ёзма шаклда берилган шикоятга шартнома нусхаси, шунингдек, кўриб чиқилиши зарур бошқа ҳужжатлар илова қилинади, бу ҳужжатларда шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги тўғрисидаги маълумотлар, етказилган зарар қопланиши тўғрисида даъво қилинган ҳолда - етказилган зарар факти ва миқдори тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши керак.



VII БЎЛИМ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


390. Мазкур Қоидалар талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


391. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси, Савдо-саноат палатаси ҳамда Электрон технологияларни ривожлантириш маркази билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 30 июнь