Внимание!

NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Инвестициялар / Умумий қоидалар /

Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олишнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 21.09.2021 й. 592-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 21 сентябрдаги

592-сон қарорига

1-ИЛОВА



Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш

учун энг яхши таклифни танлаб олишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Регламент Вазирлар Маҳкамаси томонидан қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентида бўлган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш ва ушбу лойиҳани амалга ошириш учун ижарага ер участкаси бериш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ер участкаси - ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларига эга бўлган, жисмоний ва юридик шахсларга ажратилмаган, давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган қисми;


"YERELEKTRON" автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда - "YERELEKTRON" ААТ) - ер участкаларини бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ва унга киритилган ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун автоматлаштирилган ахборот тизими;


ишчи орган - вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги;

йирик инвестиция лойиҳаси - вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларида қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида қиймати камида 5 миллион АҚШ доллари эквивалентида бўлган инвестиция лойиҳаси;

очиқ электрон портал - интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадида бўш турган ер участкасини аниқлаш, чегарасини белгилаш имконини берувчи ахборот тизими;


талабгор - амалга ошириш учун таклиф сифатида йирик инвестиция лойиҳасини тақдим этган жисмоний ва юридик шахслар;


Ҳукумат комиссияси - Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси;


энг яхши таклиф - Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланган мезонлар асосида энг юқори балл тўплаган йирик инвестиция лойиҳаси;


ғолиб - энг яхши таклифни тақдим этган талабгор.


3. Йирик инвестиция лойиҳаси доирасида:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда - фақат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун қишлоқ хўжалиги мақсадларида;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда - қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш мумкин.

Якка тартибдаги уй-жой ва кўп квартирали уйлар қурилишини назарда тутувчи лойиҳалар йирик инвестиция лойиҳаси ҳисобланмайди ва кўриб чиқилмайди.


4. Танланган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан кам бўлган қийматдаги йирик инвестиция лойиҳаси бўйича таклифлар кўриб чиқилмайди.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматини аниқлаш ушбу танланган ер участкаси жойлашган туман (шаҳар)да сўнгги 6 ой давомида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинган ер участкаларининг 0,01 гектар майдонининг ўртача нархидан келиб чиқиб Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан белгиланади.


5. Йирик инвестиция лойиҳаси бўйича таклифлар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

а) киритиладиган (жалб қилинадиган) инвестиция миқдори;

б) ижара муддати давомида ер солиғи (ижара тўлови) суммасига нисбатан қўлланиладиган, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ белгиланадиган ставкага нисбатан оширувчи коэффициент миқдори;

в) ишлаб чиқариладиган жами маҳсулотлардан экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг улуши;

г) фаолиятида юқори технология ва илм-фан ютуқларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг умумий маҳсулотларига нисбатан улуши;

д) режалаштирилган йиллик товар айланмаси миқдори;

е) иш билан таъминланадиган фуқароларнинг ўртача йиллик сони.


6. Максимал балл 100 га тенг бўлиб, у муҳимлилик даражасидан келиб чиқиб мезонлар бўйича қуйидагича тақсимланади:

а) биринчи даражали мезонга "0" баллдан "25" баллгача;

б) иккинчи даражали мезонга "0" баллдан "25" баллгача;

в) учинчи даражали мезонга "0" баллдан "20" баллгача;

г) тўртинчи даражали мезонга "0" баллдан "15" баллгача;

д) бешинчи даражали мезонга "0" баллдан "10" баллгача;

е) олтинчи даражали мезонга "0" баллдан "5" баллгача.

Мезонларнинг муҳимлилик даражаси таклиф этилаётган лойиҳанинг хусусиятидан келиб чиқиб Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланади.


7. Мезонлар бўйича балл Ҳукумат комиссияси томонидан берилади. Жами тўпланган балл мезонларнинг муҳимлилик даражасидан келиб чиқиб қуйидаги формула асосида ҳисобланади:


Тбалл = (Тткмакс) х Ммакс


бунда:

Тбалл - талабгорнинг баҳоланаётган мезон бўйича олган балли;

Ттк - талабгорнинг тегишли мезон бўйича берган таклифидаги кўрсаткич;

Тмакс - талабгорлар томонидан тегишли мезон бўйича берилган таклифлари орасидаги энг юқори кўрсаткич;

Ммакс - тегишли мезон бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан муҳимлилик даражасидан келиб чиқиб белгиланган максимал балл.


8. Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ер участкаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжати асосида:

а) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларига (чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар бундан мустасно):

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар - 30 йил муддатга;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар - 49 йилдан ошмайдиган муддатга;

б) хорижий жисмоний ва юридик шахсларга, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, шунингдек чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга 25 йилгача бўлган муддатга ижарага берилади.


9. Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш ушбу Регламентга 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.


10. Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш қуйидаги учта босқичда амалга оширилади:

биринчи босқич - ер участкасини танлаш ва ер участкасига оид материалларни тайёрлаш;

иккинчи босқич - йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадга мувофиқлигини аниқлаш ва муқобил таклиф қабул қилиш бўйича эълон бериш;

учинчи босқич - таклифларни баҳолаш ва ғолибни аниқлаш.


11. Бўш турган ер участкаси бўйича ҳужжатлар йиғма жилдини тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси (кейинги ўринларда - Давлат кадастрлари палатаси) томонидан "YERELEKTRON" ААТ орқали амалга оширилади.


12. Ер участкаси бўйича ҳужжатлар йиғма жилдини тайёрлаш учун Давлат кадастрлари палатаси томонидан Ер тузиш, давлат ер кадастри ва ерларни мониторинг қилиш бўйича лойиҳа-изланиш ишларига кетадиган вақтнинг намунавий меъёрларига мувофиқ ҳақ ушбу Регламентнинг 56-бандига мувофиқ тартибда қоплаб берилади.

Ер тузиш, давлат ер кадастри ва ерларни мониторинг қилиш бўйича лойиҳа-изланиш ишларига кетадиган вақтнинг намунавий меъёрлари Кадастр агентлиги томонидан тасдиқланади.



2-БОБ. ЙИРИК ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА

ОШИРИШ УЧУН ЕР УЧАСТКАСИНИ ТАНЛАШ ВА ЕР

УЧАСТКАСИ БЎЙИЧА ҲУЖЖАТЛАР ЙИҒМА

ЖИЛДИНИ ТАЙЁРЛАШ ТАРТИБИ


13. Талабгор йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун Ишчи органга давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ ариза билан мурожаат этади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш босқичлари, усуллари, механизмлари ва асослантирилган ҳисоб-китоб маълумотлари (бизнес-режа);

талабгор томонидан муқаддам муваффақиятли амалга оширилган лойиҳалар тўғрисида маълумот (портфолио);

йирик инвестиция лойиҳаси бўйича тақдимот материаллари.

Ариза қабул қилингандан сўнг талабгорга тегишли инвойс тақдим этилади. Талабгор инвойсга мувофиқ Ишчи органнинг махсус ҳисобварағига ўзининг йирик инвестиция лойиҳаси қийматининг камида 10 фоизига тенг кафолат маблағини жойлаштиради.

Кафолат маблағи Ишчи органнинг махсус ҳисобварағига келиб тушганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали текширилади.

Кафолат маблағи келиб тушганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқлангандан сўнг ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар Ишчи органга автоматик равишда юборилади.


14. Ариза давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этилганда мурожаатчидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Ариза Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилганда, мурожаатчидан Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этганда тўланадиган сумманинг 90 фоизи миқдорида йиғим тўланади.

Йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади;

60 фоизи - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига;

0,5 фоизи - тўловларни тасдиқлаш Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилганлиги учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар - Ишчи органнинг ҳисобварағига ўтказилади;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади;

11,25 фоизи - Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланганлик учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

0,5 фоизи - тўловларни тасдиқлаш Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилганлиги учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

55 фоизи - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига;

қолган маблағлар - Ишчи органнинг ҳисобварағига ўтказилади.

Давлат хизматлари кўрсатилганда йиғим тўланганлигини тасдиқлаш Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилади.

Ариза қайтариб олинганда ёки талабгор ғолиб деб топилмаганда ушбу йиғим суммаси қайтариб берилмайди.


15. Ишчи орган келиб тушган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни 3 иш куни ичида кўриб чиқади.

Ушбу Регламентнинг 13-бандида қайд этилган барча ҳужжатлар тўлиқ мавжуд бўлмаса Ишчи орган ҳужжатларни талабгорга бартараф этилиши лозим бўлган камчиликларни кўрсатган ҳолда қайтаради.

Ушбу банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатлардан бошқа асосларга кўра ҳужжатларни қайтаришга йўл қўйилмайди.


16. Талабгор томонидан тақдим этилган ҳужжатларда камчиликлар аниқланмаса, Ишчи орган йирик инвестиция лойиҳасини Ҳукумат комиссиясига кўриб чиқиш учун киритади.


17. Ҳукумат комиссияси йирик инвестиция лойиҳаси келиб тушган кундан бошлаб 10 иш куни ичида ушбу лойиҳани концептуал жиҳатдан кўриб чиқади ва уни амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги бўйича аниқ асос ва сабабларни кўрсатган ҳолда қарор қабул қилади.

Ҳукумат комиссиясининг қарорлари у қабул қилинган кундан кейинги иш кунидан кечикмаган ҳолда Ишчи органнинг расмий веб-сайти ва оммавий ахборот воситаларида давлат тилида, рус ва инглиз тилларида эълон қилинади.


18. Ҳукумат комиссияси томонидан йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмаслиги бўйича қарор қабул қилинган тақдирда, муқобил таклиф қабул қилиш бўйича эълон берилмайди ва танлов ўтказилмайди.

Бунда, талабгор йирик инвестиция лойиҳаси ва уни амалга ошириш учун танланган ер участкасини қайта кўриб чиқиб, умумий тартибда қайта мурожаат этиши мумкин.


19. Ҳукумат комиссияси йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб қарор қабул қилган тақдирда ушбу қарор қабул қилинган кундан кейинги иш кунидан кечикмаган ҳолда Давлат кадастрлари палатасига ариза бўйича бўш турган ер участкасини аниқлаш бўйича сўров юборади.


20. Давлат кадастрлари палатаси сўров келиб тушган кундан бошлаб 20 иш куни ичида электрон шаклда ер участкаси бўйича ҳужжатлар йиғма жилдини тайёрлайди ва уни Ишчи органга юборади.

Ер участкаси бўйича ҳужжатлар йиғма жилдига (кейинги ўринларда - ҳужжатлар йиғма жилди) қуйидагилар илова қилинади:

ер участкаси, жумладан, майдони (гектарда), ер участкасининг ер фонди тоифаси, мавжуд мажбуриятлар, қайси мақсадга мўлжалланаётганлиги, зарур ҳолда балл бонитети ва бошқалар ҳақида қисқача маълумот;

ер участкасини топографик харитада (координатали нуқталари билан), ер участкасининг чегаралари ва манзилларини (аҳоли пункти ва кўчалар, кўча бўлмаганда эса - мавжуд объектдан метр ҳисобидаги масофа кўрсатилади) ҳамда ер ости ва ер усти муҳандислик тармоқлари М 1:500 дан М 1:1000 гача катталикда кўрсатилган ҳолда жойлаштириш режаси;

чегарадош ер участкаларидан фойдаланиш турлари кўрсатилган вазият билан боғлиқ схема;

ер участкасининг камида икки томондан ўраб турган объектлар билан биргаликдаги фотосурати (15х20 см);

лойиҳалаштирилаётган объектлар бўйича - атроф муҳитга таъсир кўрсатилиши тўғрисидаги баёнот лойиҳаси.


21. Ишчи орган ушбу Регламентнинг 20-бандида назарда тутилган ҳужжатлар йиғма жилдини олгандан сўнг, 2 иш куни ичида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ихтисослаштирилган эксперт бўлинмаларига давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш учун юборади. Давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш билан боғлиқ харажатлар ушбу Регламентнинг 56-бандига мувофиқ тартибда қоплаб берилади.

Давлат экологик экспертизасини ўтказиш Давлат экология қўмитасининг ихтисослаштирилган эксперт бўлинмалари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади ва давлат экологик экспертизаси хулосасини Ишчи органга юборади.

Давлат экологик экспертизаси хулосаси ижобий ёки салбий бўлиши мумкин.

Салбий хулосада қонунчилик нормаларига таянган ҳолда ер участкасини ажратиш имкони йўқлигининг асосланган аниқ сабаблари кўрсатилади.

Бунда, бошқа ер участкаси бўйича ҳужжатлар йиғма жилдини тайёрлаш умумий тартибда амалга оширилади.


22. Ишчи орган давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан сўнг, уни ҳамда ҳужжатлар йиғма жилдини 2 иш куни ичида тегишли хулоса олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасига (кейинги ўринларда - қурилиш бош бошқармаси) юборади.


23. Шаҳарсозлик ҳужжати мавжуд бўлган тақдирда, қурилиш бош бошқармаси 3 иш куни ичида ҳужжатлар йиғма жилдни кўриб чиқади, танланган ер участкаси бўйича хулоса тайёрлайди.

Хулосада шаҳарсозлик фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этиш талаблари баён этилади.


24. Шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, қурилиш бош бошқармаси Ишчи органдан ҳужжатлар йиғма жилдини олгандан сўнг 3 иш кунидан кечиктирмасдан уни кўриб чиқади ҳамда ўз хулосасини илова қилган ҳолда, ҳудудий архитектура шаҳарсозлик кенгашига (кейинги ўринларда - Кенгаш) келишиш учун юборади.

Кенгаш 5 иш кунидан кечиктирмасдан навбатдаги мажлисда ҳужжатлар йиғма жилдини кўриб чиқади ҳамда материалларни электрон рақамли имзосини қўйиш йўли билан келишади ҳамда келишилган материалларни қурилиш бош бошқармасига юборилади.


25. Қурилиш бош бошқармаси ўз хулосасини ва Кенгаш томонидан келишилган материалларни "YERELEKTRON" ААТ орқали электрон шаклда 1 иш куни ичида Ишчи органга электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳужжат шаклида юборилади.

Бунда хулоса ижобий ёки салбий бўлиши мумкин.

Ижобий хулосада ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи эгасига нисбатан шаҳарсозлик фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этиш талаблари баён этилади.

Салбий хулосада қонунчилик нормаларига таянган ҳолда ер участкасини ажратиш имкони йўқлигининг асосланган сабаблари кўрсатилади ҳамда тегишли ер участкасини бошқа мос келадиган жойдан танлаш ҳақида таклиф берилади.

Кенгаш материалларни келишишдан бош тортган тақдирда, қурилиш бош бошқармасига Кенгаш йиғилишининг баённомаси рад этишни асослаган ва қонунчилик ҳужжати нормасини аниқ кўрсатган ҳолда, ер участкаси жойини кўчириш ҳақидаги таклиф билан юборилади.


26. Қурилиш бош бошқармаси салбий хулоса берган ёки Кенгаш билан келишиш рад этилган тақдирда, Ишчи орган ер участкаси материалларини қайта ишлаш, шу жумладан берилган хулосага мувофиқ ажратиладиган ер участкаси жойлашувини ўзгартириш (келишишни рад этиш сабабларини асослаган ҳолда) ҳуқуқига эга.

Бунда, Ишчи орган 2 иш куни ичида қурилиш бош бошқармасининг салбий хулосаси ёки Кенгашнинг келишишни рад этиш баён қилинган таклифни кўриб чиқади ҳамда ҳужжатлар йиғма жилдини қурилиш бош бошқармасининг хулосаси ёки Кенгаш йиғилишининг баённомасини илова қилган ҳолда Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармасига қайта ишлаш учун юборади.

Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаси 10 иш куни ичида ҳужжатлар йиғма жилдини қайта ишлайди, ҳужжатлар йиғма жилдини шакллантиради ва уни Ишчи органга такроран юборади.

Бунда янгиланган ҳужжатлар йиғма жилдини қайта ишлаш ва тайёрлаш бўйича ишлар учун ҳақ ундирилмайди.

Ишчи орган ҳужжатлар йиғма жилдини олгандан кейин 1 иш куни ичида уни қурилиш бош бошқармасига мазкур Регламентнинг 23 ва 24-бандларида белгиланган тартибда хулоса олиш ёки Кенгаш келишувини олиш учун такроран юборади.


27. Қурилиш бош бошқармаси ижобий хулосаси ёки Кенгаш билан электрон шаклда келишуви олинган кундан кейин 1 иш куни ичида Ишчи орган ҳужжатлар йиғма жилдини қуйидаги ваколатли ташкилотларга юборади:

а) хулоса олиш учун қуйидаги давлат органлари ва ташкилотларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмаларига:

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги;

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати;

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси;

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси;

"Ўзсувтаъминот" АЖ;

"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ;

"Ҳудудгазтаъминот" АЖ;

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ;

"Ўзтрансгаз" АЖ;

б) келишиш учун:

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг ҳудудий бошқармасига - маданий мерос ёдгорликлари муҳофаза қилинадиган зонада жойлашган ер участкалари бўйича;

тегишли ҳудудлар ва иншоотлардан режим асосида фойдаланадиган ҳамда улардан фойдаланадиган ташкилотга - бўш ер участкалари саноат ерлари, темир йўллар ва автомобиль йўллари, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадлардаги ерлар таркибига кирган ҳудудларда жойлашганда;

Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий органларига - бўш ер участкаси автомобиль турар жойлари ва йўл ҳаракати хавфсизлигига таъсир қиладиган бошқа объектлар учун ажратилганда;

Туризм ва маданий мерос вазирлигининг ҳудудий бош бошқармасига - туризм инфратузилмасини ривожлантириш учун белгиланган ва туристик рекреацион зоналарда жойлашган ер участкалари бўйича.

Ер участкаларининг жойлашуви уларнинг бош режаларида, шунингдек, батафсил режалаштириш лойиҳаларида белгиланган ҳамда шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда назарда тутилган функционал мақсадига мос келадиган аҳоли пунктларидаги ер участкаларига оид материаллар бўйича санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳамда Давлат ёнғин назорати органининг хулосаларини олиш талаб этилмайди.


28. Ваколатли ташкилотлар ҳужжатлар йиғма жилди келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни ичида ҳужжатлар йиғма жилдини келишади ёки тегишли хулосалар беради.


29. Ваколатли ташкилотнинг хулосаси "YERELEKTRON" ААТ орқали электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон шаклда ёки хулосанинг кўчирилган нусхаси тарзида Ишчи органга юборилади. Бунда ижобий ёки салбий хулоса берилиши мумкин.

Ижобий хулосада ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи эгасига нисбатан шаҳарсозлик, санитария, табиатни муҳофаза қилиш, ёнғинга қарши ва бошқа фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этиш талаблари баён этилади.

Салбий хулосада қонунчилик ҳужжатининг аниқ нормасига таянган ҳолда бўш ер участкасини ажратиш имкони йўқлигининг асосланган сабаблари кўрсатилади.


30. Ер участкалари бўйича материалларни келишиш тегишли ер участкаси бўйича розилик резолюциясини ваколатли ташкилотнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаш йўли билан "YERELEKTRON" ААТ орқали амалга оширилади.

Келишув ҳеч қандай изоҳлар ва шартларсиз амалга оширилади.

Келишув рад этилган ҳолатда, Ишчи органга "YERELEKTRON" ААТ орқали ваколатли ташкилотнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзда хат ёки хатнинг кўчирилган нусхаси қонунчилик ҳужжатларининг аниқ нормасига таянган ҳолда, бўш ер участкасини ажратиш имкони йўқлигининг асосланган сабаблари кўрсатиб юборилади.


31. Ваколатли ташкилот билан келишилмаганда ёки салбий хулоса олинганда, Ишчи орган ҳужжатлар йиғма жилдини қайта ишлаб, уларни ушбу Регламентга мувофиқ такроран келишиш (улар бўйича хулоса олиш) ҳуқуқига эга.


32. Ваколатли ташкилотлар салбий хулоса берган тақдирда ёки келишувни рад этиш тўғрисида хат йўллаган тақдирда, Ишчи орган ваколатли ташкилотларнинг эътирозларидан келиб чиққан ҳолда, 3 иш куни ичида ер участкасининг жойлашган жойини ва ҳужжатлар йиғма жилдини қайта кўриб чиқиб, ваколатли ташкилотларнинг хулоса ва хатларини илова қилган ҳолда, уларни Давлат кадастрлари палатасига қайта ишлаш учун юборади.

Бунда, Давлат кадастрлари палатаси 3 иш куни ичида ҳужжатлар йиғма жилдини қайта ишлайди ҳамда Ишчи органга такроран юборади. Ҳужжатлар йиғма жилдини қайта ишлаш ва янгиланган материаллар тайёрлаш ишлари учун тўлов ундирилмайди.


33. Ажратиладиган ер участкасининг жойлашган жойи қайта кўриб чиқилгандан сўнг ва қайта ишланган материаллар олингач, Ишчи орган кейинги иш кунидан кечиктирмасдан ҳужжатлар йиғма жилдини ушбу Регламентнинг 23-30-бандларида белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун ваколатли ташкилотларга такроран юборади.

Бунда такроран юборилган ҳужжатлар йиғма жилди ваколатли ташкилотлар томонидан 2 иш куни ичида кўриб чиқилиши керак.


34. Ишчи орган қурилиш бош бошқармаси, Кенгашнинг ва ваколатли ташкилотларнинг ижобий хулосалари олиб ва келишувларини олгандан кейин 2 иш куни ичида ҳужжатлар йиғма жилдини Ҳукумат комиссиясига тақдим этади.



3-БОБ. ЙИРИК ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАСИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН ЭНГ ЯХШИ

ТАКЛИФНИ ТАНЛАБ ОЛИШ


35. Ҳукумат комиссияси ҳужжатлар йиғма жилди келиб тушган кунидан кейинги иш кунидан кечикмаган ҳолда мезонларнинг муҳимлилик даражасини белгилаш ҳамда биринчи талабгорнинг аризасида кўрсатилган фаолият йўналиши бўйича муқобил таклиф қабул қилиш бўйича эълон бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ушбу қарор у қабул қилинган кундан кейинги иш кунидан кечикмаган ҳолда Ишчи органга юборилади.


36. Ишчи орган, Ҳукумат комиссияси қарори келиб тушган кунидан кейинги иш кунидан кечикмаган ҳолда, муқобил таклиф қабул қилиш бўйича ўзининг расмий веб-сайтида эълон жойлаштиради. Эълонда қуйидагилар кўрсатилади:

а) йирик инвестиция лойиҳаси йўналиши (фаолият тури);

б) таклиф этилаётган ер участкаси ҳақида маълумотлар (манзили, майдони ва бошқалар);

в) Ҳукумат комиссияси қарори билан белгиланган мезонларнинг муҳимлилик даражаси кетма-кетлиги;

г) таклифларни қабул қилишнинг тўхтатиладиган вақти ва санаси.

Йирик инвестиция лойиҳаси бўйича муқобил таклифлар ушбу Регламентнинг 13-14-бандларига мувофиқ тақдим этилади.


37. Эълон қўшимча равишда марказий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши лозим.


38. Йирик инвестиция лойиҳасига муқобил таклифлар Ишчи органнинг расмий веб-сайтида эълон берилган кундан бошлаб 60 кун давомида (60-кун соат 24-00 га қадар) қабул қилинади.

Эълонда кўрсатилган муқобил таклифлар қабул қилишнинг вақти якунлангандан сўнг, таклифлар қабул қилинмайди.

Талабгорлар муқобил таклифлар қабул қилиш муддати давомида ўз муқобил таклифларини ўзгартириши ёки қайтариб олишга ҳақли.


39. Йирик инвестиция лойиҳасига берилган муқобил таклифлар ишчи орган томонидан ушбу Регламентнинг 15 ва 16-бандларида назарда тутилган тартибда ва муддатда Ҳукумат комиссиясига кўриб чиқиш учун киритади.

Ишчи орган томонидан муқобил таклифлар ошкор этилишига йўл қўйилмайди.


40. Ҳукумат комиссияси мажлислари, агар уларнинг ишида Ҳукумат комиссияси аъзоларининг умумий сонининг учдан икки қисми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.

Зарурат бўлганда, Ҳукумат комиссияси мажлисига лойиҳанинг хусусиятига қараб вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари таклиф қилинади.

Мажлисни ўтказишга кворум бўлмаган тақдирда, Ҳукумат комиссияси қарорига асосан мажлис бошқа кунга қолдирилади.

Ишчи орган Ҳукумат комиссияси мажлисини ўтказиш санаси ва жойи ҳақида ушбу мажлис ўтказиладиган кундан камида 2 кун олдин ўзининг расмий веб-сайтида эълон беради.


41. Ҳукумат комиссияси мажлисларида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиши мумкин, уларнинг иштирокини чеклашга йўл қўйилмайди.


42. Ҳукумат комиссияси мажлисини ўтказиш ваколатли бўлганда таклифлар талабгорларнинг иштирокида кўриб чиқилади ҳамда ушбу Регламентнинг 7-бандида кўрсатилган тартибда баҳоланади.

Бунда, белгиланган тартибда чақирилган талабгор Ҳукумат комиссияси мажлисига келмаган тақдирда, Ҳукумат комиссияси мажлиси давом эттирилиши мумкин.

Берилган балларнинг йиғиндисига кўра, энг юқори балл тўплаган таклиф йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича энг яхши таклиф деб танлаб олинади ҳамда қарор билан тасдиқланади.


43. Ҳукумат комиссияси қарорида қуйидагилар кўрсатилади:

а) комиссия раҳбари, комиссия аъзолари ҳамда кун тартиби тўғрисида маълумот;

б) йирик инвестиция лойиҳаси бўйича келиб тушган талабгорларнинг муқобил таклифлари тўғрисида маълумот;

в) комиссия аъзолари томонидан талабгорларнинг муқобил таклифларига берилган баллар тўғрисида маълумот;

г) ғолиб тўғрисида маълумот.

Ҳукумат комиссияси қарори комиссия раиси томонидан тасдиқланади.


44. Ҳукумат комиссияси мажлислари аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади ҳамда Ишчи органнинг расмий веб-сайтида реал вақт режимида трансляция қилинади.


45. Агар талабгорларнинг таклифларига берилган баллар тенг бўлиб қолса, улар орасидан биринчи даражали мезон бўйича юқори балл олган йирик инвестиция лойиҳаси танлаб олинади. Бунда ҳам берилган баллар тенг бўлиб қолса, давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали эрта ариза берган талабгор ғолиб деб топилади.


46. Ишчи орган Ҳукумат комиссияси қарори асосида ер участкасини ижарага бериш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжати лойиҳасини тайёрлайди ва белгиланган тартибда Ҳукуматга киритади.

Ер участкасини ижарага бериш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжати лойиҳасида мазкур Регламентнинг 5-бандидаги йирик инвестиция лойиҳаси бўйича таклифларни баҳолаш мезонларидан келиб чиқиб, инвестиция мажбуриятлари кўрсатилади.


47. Ер участкасини ижарага бериш тўғрисидаги Ҳукуматга киритилган ҳужжат лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентида белгиланган тартибда қабул қилинади.


48. Ер участкаси ижарага бериш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжати қабул қилинган кундан бошлаб 1 иш куни ичида Ишчи органга юборилади.

Ишчи орган 1 иш куни ичида Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатини тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги ва ғолибга тақдим этади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳужжати ғолиб ва тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги ўртасида ер ижара шартномасини имзолаш учун асос ҳисобланади.

Туман (шаҳар) ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳужжати келиб тушган кундан бошлаб 3 иш куни ичида Ер ижара шартномасини тузиш бўйича ғолибга таклиф юборади. Ер ижара шартномасида ғолибнинг инвестиция мажбуриятлари ҳам акс эттирилади.


49. Ер ижара шартномаси имзоланган кундан кейинги иш куни унинг нусхалари туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан:

а) давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармаларига - ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун;

б) ишчи органга - инвестиция мажбуриятларини мониторинг қилиб бориш учун юборилади.


50. Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сон қарори билан тасдиқланган Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом асосида талабгор номига ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ер ижара шартномаси келиб тушган кундан бошлаб икки иш куни ичида давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди.

Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ушбу Регламентнинг 56-бандига мувофиқ тартибда ундирилади.


51. Ажратилган ер участкасида йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширишни бошлашга ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин йўл қўйилади.


52. Вазирлар Маҳкамаси мустақил равишда ушбу Регламентнинг 5 ва 6-бандларида назарда тутилган мезонлар бўйича шартларни кўрсатган ҳолда йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича эълон беришга ҳақли.

Эълон бўйича таклифлар ушбу Регламентга мувофиқ тақдим этилади ва кўриб чиқилади.


53. Агар ушбу Регламентнинг 38-бандида назарда тутилган муддат ичида муқобил таклиф келиб тушмаса, биринчи таклифни берган талабгор ягона иштирокчи сифатида баҳоланмаган ҳолда ғолиб деб топилади.


54. Ғолиб деб топилмаган талабгорларнинг кафолат маблағлари Ҳукумат комиссиясининг қарори қабул қилинган кундан бошлаб 5 иш куни ичида қайтариб берилади.


55. Ғолибнинг кафолат маблағи инвестиция мажбуриятлари бажарилиши 50 фоиздан ошган тақдирда қайтариб берилади.

Ғолиб инвестиция мажбуриятларини умуман бажармаганда ёки 50 фоиздан кам бажаргандан сўнг инвестиция лойиҳасини амалга оширишдан бош тортган тақдирда кафолат маблағи қайтариб берилмайди.


56. Ер участкаси бўйича ҳужжатлар йиғма жилдини тайёрлаш, давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш ҳамда ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ғолибнинг кафолат маблағлари ҳисобидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжати қабул қилинган кундан бошлаб 5 иш куни ичида қоплаб берилади.



4-БОБ. ЕР УЧАСТКАСИНИНГ ИЖАРА МУДДАТИНИ

УЗАЙТИРИШ ҲАМДА ЕРГА БЎЛГАН ҲУҚУҚ

ТУРИНИ ЎЗГАРТИРИШ ТАРТИБИ


57. Ер участкасининг ижара муддатини узайтириш ҳамда ерга бўлган ҳуқуқ турини ўзгартиришга қуйидаги асосларга кўра йўл қўйилади:

а) инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилганлиги - ишчи органнинг ижобий хулосаси асосида;

б) ер қонунчилиги ҳужжатлари бузилишига йўл қўйилмаганлиги - Кадастр агентлигининг ижобий хулосаси асосида;

в) тупроқ унумдорлигининг пасаймаганлиги, унумдор қатлам олинмаганлиги, қишлоқ хўжалиги экинлари экилганлиги - Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ижобий хулосаси асосида, башарти ажратилган ер участкаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўлса.


58. Ғолиб ушбу Регламентнинг 8-бандида кўрсатилган ижара муддатининг камида учдан икки қисми ўтгандан сўнг, бироқ ижара муддати якунланишига камида 6 ой қолгунга қадар ер участкасининг ижара муддатини узайтириш ёки ерга бўлган ҳуқуқ турини ўзгартиришни сўраб ишчи органга ариза беришга ҳақли.


59. Ишчи орган:

а) 2 иш куни ичида ер участкасининг ижара муддатини узайтириш ёки ерга бўлган ҳуқуқ турини ўзгартириш юзасидан талабгорнинг аризасини кўриб чиқади ҳамда хулоса тақдим этиш учун Кадастр агентлиги ва (ёки) Қишлоқ хўжалиги вазирлигига сўров юборади;

б) 5 иш куни ичида инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилганлиги ёки бажарилмаганлиги тўғрисида хулоса тайёрлайди.


60. Сўров келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида:

а) Кадастр агентлиги ердан фойдаланувчи томонидан ижара муддати давомида ер қонунчилиги ҳужжатлари бузилишига йўл қўйилганлиги ёки йўл қўйилмаганлиги тўғрисида;

б) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тупроқ унумдорлигининг пасайганлиги ёки пасаймаганлиги, унумдор қатлам олинганлиги ёки олинмаганлиги, қишлоқ хўжалиги экинлари экилганлиги ёки экилмаганлиги тўғрисида хулоса тайёрлайди ва ишчи органга юборади.


61. Ишчи орган талабгорнинг аризасини унга ўзининг ҳамда Кадастр агентлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хулосаларини илова қилган ҳолда Ҳукумат комиссиясига юборади.


62. Ҳукумат комиссияси талабгорнинг аризаси ва тақдим этилган хулосаларни 5 иш куни ичида кўриб чиқиб, ер участкасининг ижара муддатини узайтириш ёки ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ўзгартириш мақсадга мувофиқлигини кўриб чиқади.


63. Ушбу Регламентнинг 57-бандида назарда тутилган хулосаларнинг бири ёки бир нечтаси салбий бўлса, ер участкасининг ижара муддатини узайтириш мақсадга мувофиқ эмас деб топилишига асос ҳисобланади.


64. Қуйидагилар ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ўзгартириш мақсадга мувофиқ эмас деб топилишига асос ҳисобланади:

а) ушбу Регламентнинг 57-бандида назарда тутилган хулосаларнинг бири ёки бир нечтаси салбий бўлиши;

б) "Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонунга асосан ер участкаси хусусийлаштирилмайдиган ер участкаси бўлганида ҳамда ижарачи ер участкаларини хусусийлаштириш субъектлари ҳисобланмаганда.


65. Ҳукумат комиссияси томонидан ер участкасининг ижара муддатини узайтириш ёки ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ўзгартириш мақсадга мувофиқ деб топилганда, ишчи орган тегишли ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади.


66. Вазирлар Маҳкамаси тегишли ер участкасининг ижара муддатини узайтириш ёки унга бўлган ижара ҳуқуқини "Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонун талаблари асосида ўзгартирилиши тўғрисидаги ҳужжатни белгиланган тартибда қабул қилади ва унинг нусхаси ижарачига юборилишини таъминлайди.


67. Ижарачи Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжати асосида:

а) туман (шаҳар) ҳокимлиги билан ушбу Регламентнинг 8-бандида назарда тутилган муддатга ер ижара шартномаси тузади;

б) "Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ ер участкасини хусусийлаштириши мумкин.

Бундай ҳолатда инвестиция мажбуриятлари юклатилмайди.


68. Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди.



5-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ МАЖБУРИЯТЛАРИ

ИЖРОСИНИ МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


69. Инвестиция мажбуриятлари ижросининг мониторинги Ишчи органнинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.


70. Ер участкасидан мақсадли ва самарали фойдаланиш устидан давлат назоратини Кадастр агентлигининг, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари бўйича эса - Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.


71. Ишчи орган, Кадастр агентлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бошқармалари биргаликда ҳар чоракда бир маротаба инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши ва инвестиция мажбуриятлари ижросини ҳамда ажратилган eр участкасидан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳолатларини мониторинг қилиб боради.

Ишчи органнинг ҳудудий бошқармалари инвестиция лойиҳаси ижросининг мониторинги амалга ошириладиган кун ва вақт ҳақида камида уч кун олдин талабгорни ёзма равишда хабардор қилиши шарт.

Мониторинг натижалари бўйича талабгор ҳамда Инвестиция вазирлиги, Кадастр агентлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бошқармалари вакиллари иштирокида мониторинг далолатномаси тузилади ҳамда тўрт нусхада тасдиқланади.

Мониторинг далолатномасининг бир нусхаси талабгорга топширилади ҳамда қолган учта нусхаси Инвестиция вазирлиги, Кадастр агентлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бошқармаларида сақланади.


72. Мониторинг давомида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ажратилган ер участкасидан белгилангандан кўра бошқа мақсадларда фойдаланиш ёки ер участкаси ўз вақтида фойдаланишга киритилмаганлиги, инвестиция мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги ҳолатлари аниқланганда ер участкасини ижарага бериш шартномаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинади.

Мазкур Регламентга мувофиқ қўлга киритилган ер участкасида қурилган бино ва иншоотлар инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилмагунга қадар бегоналаштирилиши мумкин эмас. Инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилмасдан бино ва иншоотларни бегоналаштириш инвестиция мажбуриятларини бузиш деб баҳоланади ва ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилишга асос бўлади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


73. Инвестиция мажбуриятлари доирасида юзага келган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тарафларнинг ўзаро келишуви ёки суд тартибида ҳал этилади.


74. Талабгорлар ушбу Регламент талаблари бузилиши, Ишчи орган, Кадастр агентлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хулосалари ҳамда уларнинг ҳудудий бошқармалари мониторинг далолатномаси, Ҳукумат комиссияси қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилишлари мумкин.


75. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Маъмурий регламентга

1-ИЛОВА



Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш

учун энг яхши таклифни танлаб олиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар



I. ЕР УЧАСТКАСИНИ ТАНЛАШ ВА ЕР УЧАСТКАСИГА ОИД МАТЕРИАЛЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ

1-босқич

Талабгор


Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали Ишчи органга ариза ва тегишли ҳужжатларни юборади ва унинг махсус ҳисобварағига кафолат маблағини жойлаштиради.


Заруратга кўра







2-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


Талабгорнинг аризаси ва ҳужжатларини кўриб чиқади:


1. Ҳужжатларда камчиликлар аниқланса уларни кўрсатган ҳолда талабгорга қайтаради.


2. Ҳужжатларда камчиликлар аниқланмаса, Ҳукумат комиссиясига кўриб чиқиш учун киритади.


3 иш кунида







3-босқич

Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси


Ҳужжатларни концептуал жиҳатдан кўриб чиқади ва йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги бўйича қарор қабул қилади.


10 иш кунида


Қабул қилинган қарорни Ишчи органнинг расмий веб-сайти ва ОАВда эълон қилади.

(Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмаслиги бўйича қарор қабул қилинган тақдирда муқобил таклиф қабул қилиш бўйича эълон берилмайди ва танлов ўтказилмайди)


Қарор қабул қилинган кундан кейинги иш кунидан кечикмай


Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб қарор қабул қилинган тақдирда Давлат кадастрлари палатасига бўш турган ер участкасини аниқлаш бўйича сўров юборади.


Қарор қабул қилинган кундан кейинги иш кунидан кечикмай







4-босқич


Давлат кадастрлари палатаси


Ер участкаси бўйича ҳужжатлар йиғма жилдини ва унга илова қилинадиган материалларни тайёрлайди ҳамда уларни Ишчи органга юборади.


20 иш кунида







5-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


Ер участкаси бўйича ҳужжатлар йиғма жилдини ва унга илова қилинадиган материалларни тегишли Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ихтисослаштирилган эксперт бўлинмаларига давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш учун юборади.


2 иш кунида







6-босқич

Давлат экология қўмитасининг ихтисослаштирилган эксперт бўлинмалари


Давлат экологик экспертизасини ўтказади ва давлат экологик экспертизаси хулосасини Ишчи органга юборади.


Қонунчиликда белгиланган муддатларда







7-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


Давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан сўнг, уни ҳамда ер участкаси бўйича ҳужжатлар йиғма жилдини тегишли хулоса олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасига юборади.


2 иш куни ичида







8-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси


Шаҳарсозлик ҳужжати мавжуд бўлган тақдирда ҳужжатлар йиғма жилдини кўриб чиқади, танланган ер участкаси бўйича хулоса тайёрлайди.


3 иш куни ичида

Шаҳарсозлик ҳужжати мавжуд бўлмаган тақдирда эса ҳужжатлар йиғма жилдини ҳудудий архитектура шаҳарсозлик кенгашига юборади.


Архитектура шаҳарсозлик кенгаши


Ҳужжатлар йиғма жилдини кўриб чиқади ва материалларни келишади ҳамда уларни Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасига юборади.


5 иш куни ичида






Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси


Ўз хулосасини ва Архитектура шаҳарсозлик кенгаши томонидан келишилган материалларни "YERELEKTRON" ААТ орқали электрон рақамли имзо билан тасдиқлаган ҳолда Ишчи органга юборади.


1 иш куни ичида







9-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


Ҳужжатлар йиғма жилдини ваколатли органларга хулоса олиш ва келишиш учун "YERELEKTRON" ААТ орқали юборади.


1 иш куни ичида







10-босқич

Ваколатли ташкилотлар (Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Автомобиль йўллари қўмитаси, Кадастр агентлиги, Санитария-

эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, "Ўзсувтаъминот" АЖ, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ, Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги, Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги)


Ҳужжатлар йиғма жилдини ваколат доирасида "YERELEKTRON" ААТ орқали розилик резолюциясини қўйган ҳолда келишади ёки тегишли хулосалар юборади.


5 иш куни ичида







11-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


Ижобий хулосалар ҳамда розилик резолюциялари олингандан сўнг, уларни ҳамда ҳужжатлар йиғма жилдини Ҳукумат комиссиясига тақдим этади.


2 иш куни ичида







II. ЙИРИК ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

МАҚСАДГА МУВОФИҚЛИГИ АНИҚЛАШ ВА МУҚОБИЛ

ТАКЛИФ ҚАБУЛ ҚИЛИШ БЎЙИЧА ЭЪЛОН БЕРИШ

12-босқич

Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси


Мезонларнинг муҳимлилик даражасини белгилаш ҳамда муқобил таклиф қабул қилиш бўйича эълон бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қабул қилган қарорни Ишчи органга юборади.


1 иш куни ичида



1 иш куни ичида







13-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


Муқобил таклиф қабул қилиш бўйича эълон беради.


1 иш куни ичида







14-босқич

Талабгорлар


Ишчи органга муқобил таклиф тақдим этади.


60 кун давомида






Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


Талабгорларнинг муқобил таклифини кўриб чиқиб Ҳукумат комиссиясига юборади.


Таклиф келиб тушган кундан бошлаб 3 иш куни ичида

III. ТАКЛИФЛАРНИ БАҲОЛАШ ВА ҒОЛИБНИ АНИҚЛАШ

15-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


Ҳукумат комиссияси мажлисини ўтказиш санаси ва жойи ҳақида эълон беради.


Мажлис ўтказиладиган кундан камида 2 кун олдин







16-босқич

Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси


Таклифларни талабгорларнинг иштирокида кўриб чиқади, баҳолайди, ғолибни аниқлайди ва тегишли қарор қабул қилади.

(Ҳукумат комиссиясининг мажлислари жараёни аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади ҳамда Ишчи органнинг расмий веб-сайтида реал вақт режимида трансляция қилиб борилади)


Мажлис давомида







17-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


Ҳукумат комиссияси қарори асосида ер участкаси ажратиш тўғрисида ҳужжат лойиҳасини тайёрлайди ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.


2 иш куни ичида







18-босқич

Вазирлар Маҳкамаси


Ҳужжат лойиҳасини кўриб чиқади ва тасдиқлайди.


10 иш куни ичида


Тасдиқланган қарорни Ишчи органга юборади.


1 иш куни ичида







19-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


Вазирлар Маҳкамасининг қарорини тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги ва ғолибга тақдим этади.


1 иш куни ичида







20-босқич

Туман (шаҳар) ҳокимлиги


Ер ижара шартномасини тузиш бўйича ғолибга таклиф юборади.


3 иш куни ичида


Имзоланган Ер ижара шартномасини нусхаларини:

а) Давлат кадастрлари палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаларига - ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун;

б) ишчи органга - инвестиция мажбуриятларини мониторинг қилиб бориш учун юборади.


Шартномаси имзоланган кундан кейинги иш куни







21-босқич


Давлат кадастрлари палатасининг тегишли ҳудудий бошқармалари


Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди.


2 иш куни ичида

       





Маъмурий регламентга

2-ИЛОВА



Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш

учун танловда иштирок этиш бўйича

АРИЗА

       

1

Ариза берувчи шахс:




фуқаронинг Ф.И.О. ва паспорт маълумотлари

ёки юридик шахснинг номи ва СТИР


2

Таклиф этилаётган фаолият тури:




ариза берувчи томонидан кўрсатилади


3

Мезонлар бўйича таклиф:


3.1

киритиладиган (жалб қилинадиган) инвестиция миқдори




АҚШ долларда кўрсатилади


3.2

ишлаб чиқариладиган жами маҳсулотлардан экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг улуши




фоизда кўрсатилади


3.3

фаолиятида юқори технология ва илм-фан ютуқларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг умумий маҳсулотларига нисбатан улуши




фоизда кўрсатилади


3.4

режалаштирилган йиллик товар айланмаси миқдори




сўмда кўрсатилади


3.5

иш билан таъминланадиган фуқароларнинг ўртача йиллик сони




рақамда кўрсатилади


4*

Туман (шаҳар) номи




танланади


5*

Ер участкаси ҳажми (гектарда)




рақамда кўрсатилади

        

*) муқобил таклиф беришда талаб этилмайди



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 22 сентябрь













































Время: 0.0060
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск