ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ташқи иқтисодий фаолият / Инсонпарварлик ва техник ёрдам /

Ташқи беғараз кўмак маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларни тайёрлаш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 29.12.2021 й. 786-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 29 декабрдаги

786-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ташқи беғараз кўмак маблағлари

ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларни

тайёрлаш, амалга ошириш ва мониторинг

қилиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ташқи беғараз кўмак маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларни тайёрлаш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан уларни тайёрлаш ва амалга оширишнинг бошқача тартиби белгиланган лойиҳаларга нисбатан татбиқ этилмайди.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ахборот тизими - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан жорий этиладиган ва юритиладиган "Ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини электрон тарзда келишиш, мониторинг қилиш ва ҳисобга олиш" бўйича автоматлаштирилган ахборот тизими;


ваколатли орган - лойиҳаларни тайёрлаш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юкланган Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги;


грант - қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган фаолиятни амалга ошириш учун мақсадли йўналтирилган ёки мақсадли бўлмаган асосда пул ёки натура шаклида донорлар томонидан кўрсатиладиган ташқи беғараз кўмак тури;


донор билан ҳамкорлик дастури - маълум бир давр учун Ўзбекистон Республикасининг донорлар билан ҳамкорлигининг асосий йўналишларини белгилаб берувчи ҳамда ташқи беғараз кўмак ҳисобига молиялаштириш учун таклиф этилаётган лойиҳалар рўйхатини ўз ичига олган ҳужжат;


лойиҳа битимлари - лойиҳаларни молиялаштириш учун асос бўладиган ҳужжатлар мажмуаси (алмашинув ноталари, молиявий шартномалар ва бошқалар);


лойиҳа ижрочиси - лойиҳани амалга ошириш учун ташқи беғараз кўмак олувчига товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчи, тақдим қилувчи юридик ёки жисмоний шахс (ёки уларнинг консорциуми);


лойиҳа таклифи - амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳанинг асосий параметрларини аниқлайдиган, донорнинг методологиясига мувофиқ тайёрланган ва донорнинг лойиҳа бўйича тайёргарлик кўриши ва қарор қабул қилиши учун асос бўладиган ҳужжат;


лойиҳа ҳужжатлари - донор ва ташқи беғараз кўмак олувчилар ўртасида келишилган лойиҳани молиялаштириш ва амалга ошириш муддатлари тўғрисида батафсил маълумотлардан ташкил топган ҳамда донор (лойиҳа ижрочисига) лойиҳани амалга ошириши учун асос бўладиган ҳужжатлар тўплами;


мувофиқлаштирувчи кенгаш - Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш механизмларини ва донорлар билан ишлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 10 октябрдаги ПФ-5848-сон Фармони билан ташкил этилган Ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш;


ташқи беғараз кўмак берувчи донорлар (кейинги ўринларда - донорлар) - ташқи беғараз кўмак маблағини тақдим қилувчи, фаолияти Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлар, хорижий компаниялар ва жамғармалар;


ташқи беғараз кўмак маблағлари - ташқи беғараз кўмак берувчи донорлар томонидан тақдим этиладиган техник кўмак ва грант, мақсадли беғараз кўмак маблағлари, жумладан, пул ва товарлар (ишлар, хизматлар);


ташқи беғараз кўмакни олувчилар - Ўзбекистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек фаолиятида фойда олишни мақсад қилмаган юридик ва жисмоний шахслар (донорлар ва ваколатли органнинг бошқа келишувлари бундан мустасно);


ташқи беғараз кўмак лойиҳаси (кейинги ўринларда - лойиҳа) - донорлар томонидан пул, товарлар (ишлар, хизматлар) сифатида тақдим қилинадиган ташқи беғараз кўмак лойиҳаси ҳисобига қисман ёки тўла таъминланган, донорлар ва ташқи беғараз кўмак олувчилар билан келишилган умумий мақсадли ташкилий-техник тадбирлар мажмуи;


ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш дастури - ваколатли орган томонидан тасдиқланадиган истиқболли ва устувор лойиҳалар ҳамда донорларга ташқи беғараз кўмак маблағлари ҳисобига молиялаштириш учун таклиф этилаётган лойиҳаларнинг йиғма рўйхатини ўз ичига олган ҳужжат;


техник кўмак - асбоб-ускуналар ва технологияларни сотиб олиш, тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш, илмий ёки бошқа тадқиқотларни ўтказиш, ходимларни даволаш, ўқитиш, малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, маслаҳат хизматлари кўрсатиш ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мақсадлар учун пул ёки натура шаклида донорлар томонидан кўрсатиладиган ташқи беғараз кўмак тури;


ягона реестр - ваколатли орган томонидан доимий равишда шакллантириладиган ва унинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган амалга оширалаётган лойиҳаларнинг рўйхати.


4. Ташқи беғараз кўмак олувчилар бир лойиҳа бўйича қиймати 100 минг АҚШ долларидан ошмайдиган ташқи беғараз кўмак маблағларни жалб этиш учун мустақил равишда донорлар билан музокаралар олиб боради, бунда имзоланган лойиҳа битимларининг нусхаларини ваколатли органга мажбурий тартибда тақдим этади.


5. Ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш дастурлари ва донорлар билан ҳамкорлик дастурларини келишиш, тасдиқлаш, ҳисобга олиш шунингдек ташқи беғараз кўмак олувчилар ва лойиҳа ижрочилари томонидан киритилган маълумотлар асосида ташқи беғараз кўмак лойиҳаларининг амалга оширилишини мониторинги тегишли вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимига бепул уланиши орқали олиб борилади.



2-БОБ. ТАШҚИ БЕҒАРАЗ КЎМАК МАБЛАҒЛАРИ

ҲИСОБИГА МОЛИЯЛАШТИРИЛАДИГАН

ЛОЙИҲАЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ ТАРТИБИ


6. Ташқи беғараз кўмак маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни тайёрлаш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схемага асосан амалга оширилади.


7. Ваколатли орган ҳар йили 1 февралга қадар ташқи беғараз кўмак олувчиларни тегишли параметрларни кўрсатган ҳолда донорлар маблағлари ҳисобига амалга оширилиши учун таклиф қилинган лойиҳаларни қабул қилиш бошланганлиги тўғрисида хабардор қилади.


8. Ташқи беғараз кўмак олувчилар ҳар йили 1 мартга қадар донорлар томонидан молиялаштириш учун таклиф этилаётган истиқболли ва устувор лойиҳаларнинг рўйхатини лойиҳа таклифлари билан бирга ушбу Низомга 2 ва 3-иловаларга мувофиқ уларнинг устуворлик кўрсаткичларининг тартиб рақамини кўрсатган ҳолда ваколатли органга тақдим этади.

Лойиҳа таклифлари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурлари, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар, Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурлари, саноат ва ҳудудларни ривожлантириш дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларини ҳисобга олган ҳолда ташқи беғараз кўмак олувчилар томонидан шакллантирилади.


9. Ваколатли орган тақдим этилган лойиҳа таклифларни ҳамкорлик йўналишларига, донорларнинг молиявий имкониятларига, шунингдек ривожланишнинг давлат дастурларига мувофиқлиги юзасидан кўриб чиқади ҳамда 1 апрелга қадар амалга ошириш учун таклиф этилаётган истиқболли ва устувор лойиҳаларнинг йиғма рўйхатини (кейинги ўринларда - йиғма рўйхат) ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шакллантиради.

Лойиҳа таклифлари ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ ташқи беғараз кўмак олувчилар томонидан ишлаб чиқилади.

Донорлар томонидан талаб этилган ҳолатларда, ташқи беғараз кўмак олувчилар лойиҳа таклифларини донор томонидан сўралган шаклга мувофиқ ишлаб чиқиб, ваколатли органга киритади.


10. Ваколатли орган донорларга тақдим этиш учун лойиҳа бўйича қўшимча маълумотларни ташқи беғараз кўмак олувчилардан сўраб олиш ҳуқуқига эга.


11. Ташқи беғараз кўмак олувчилардан келиб тушган лойиҳа таклифларнинг йиғма рўйхатини шакллантириш жараёнида юзага келган келишмовчиликлар тегишли ташқи беғараз кўмак олувчилар иштирокида мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши доирасида бартараф этилади.


12. Ваколатли орган 15 апрелга қадар шакллантирилган йиғма рўйхат асосида ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш дастурини тасдиқлайди ва ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради.


13. Ваколатли орган:

тегишли ташқи беғараз кўмак олувчилар билан биргаликда донорлар билан маблағларни жалб қилиш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий таррақиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда донорлар томонидан маъқулланган лойиҳалар асосида донорлар билан ҳамкорлик йўналишларини, шу билан бирга лойиҳаларнинг барча параметрларини ўз ичига олган ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.


14. Донорлар билан ҳамкорлик дастури тасдиқланган кундан бошлаб беш кун ичида ваколатли органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Донорлар билан ҳамкорлик дастури кўрсаткичларига аниқлик киритиш ва уларни ўзгартириш ваколатли орган томонидан мувофиқлаштирувчи кенгаш билан келишилган ҳолда амалга оширилади.


15. Зарурат туғилганда, донорлар билан ҳамкорлик дастурларига киритилган лойиҳалар учун лойиҳа битимлари имзоланади. Бунда, ташқи беғараз кўмак олувчилар лойиҳа битимларини ўз вақтида имзоланишини таъминлайди.



3-БОБ. ТАШҚИ БЕҒАРАЗ КЎМАК МАБЛАҒЛАРИНИ

ЖАЛБ ҚИЛИШ ВА ДОНОРЛАР БИЛАН ҲАМКОРЛИК

ДАСТУРЛАРИГА ҚЎШИМЧА ЛОЙИҲАЛАРНИ

ИШЛАБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


16. Тасдиқланган ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш дастурлари ва донорлар билан ҳамкорлик дастурларига янги лойиҳаларни киритиш учун ташқи беғараз кўмак олувчилар ваколатли органга ташқи беғараз кўмак лойиҳалари таклифи ва салоҳиятли донорлар кўрсатилган тушунтириш хатини тақдим этади.

Агар лойиҳанинг ташаббускори донор бўлса, у ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ лойиҳа таклифини бевосита ваколатли орган орқали ташқи беғараз кўмак олувчига кўриб чиқиши учун тақдим этади.

Ташқи беғараз кўмак олувчилар ўтказилган таҳлиллар асосида ваколатли органга лойиҳа таклифини, амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосани ҳамда лойиҳани ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш дастурига киритиш тўғрисидаги таклифни тақдим этади.

Агар лойиҳа таклифини қайта ишлаш зарур бўлса, ваколатли орган лойиҳа ҳужжатларини ташқи беғараз кўмак олувчиларга ёки донорга мавжуд камчиликларни кўрсатган ҳолда қайтаради.


17. Ташқи беғараз кўмак олувчиларнинг мақсадга мувофиқлик тўғрисидаги хулосаси ва таклифларини кўриб чиқиш натижалари асосида ваколатли орган ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш дастурига ва зарурат бўлса, донор билан ҳамкорлик дастурига ўзгартириш ва қўшимчалар киритади.


18. Ташқи беғараз кўмак олувчилар лойиҳаларни сифатли ишлаб чиқилиши, заруратга кўра, донорлар, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, лойиҳалаш ва илмий-тадқиқот институтлари мутахассислари ва мустақил экспертларни жалб қилган ҳолда уларни тайёрлаш тартибига риоя қилиниши учун жавоб беради.


19. Ташқи беғараз кўмак олувчилар донорлар томонидан келиб тушган лойиҳа таклифлари нусхаларини улар қабул қилган кундан бошлаб бир иш куни ичида ваколатли органга кўриб чиқиш ва уларни амалга ошириш устидан мониторинг қилиш учун мажбурий тартибда киритади.



4-БОБ. ТАШҚИ БЕҒАРАЗ КЎМАК МАБЛАҒЛАРИНИ

ЖАЛБ ЭТИШНИ НАЗАРДА ТУТУВЧИ БИТИМЛАР

ЛОЙИҲАЛАРИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


20. Ўзбекистон Республикаси билан хорижий давлатлар ҳамда халқаро ҳукуматлараро ташкилотлар ўртасидаги давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро халқаро шартномалар тоифасига кирувчи битимларни ишлаб чиқиш, келишиш ва имзолаш "Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида"ги Қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.


21. Мазкур Низомнинг 20-бандида кўрсатилган халқаро шартнома тоифасига кирмайдиган ва давлат органлари ташқи беғараз кўмак олувчилар ҳисобланган битимлар лойиҳалари улар томонидан донорлар билан биргаликда ишлаб чиқилади ва манфаатдор вазирликлар ва идораларга келишиш учун киритилади.

Манфаатдор вазирликлар ва идоралар ишлаб чиқилган битим лойиҳаларини экспертлар даражасида кўриб чиқиб, киритилган кундан бошлаб беш кун муддатда тегишли хулоса беради.

Ташқи беғараз кўмак олувчилар манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган ва келишилган битим лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритади.

Вазирлар Маҳкамаси битим лойиҳаларини келишиш ва имзолаш ёки қайта ишлаб чиқиш юзасидан бир ҳафта муддатда тегишли топшириқ беради.

Ваколатли орган ташқи беғараз кўмак олувчилар билан биргаликда келишилган ва тасдиқланган битим лойиҳалари устидан музокаралар олиб борилишини ва имзоланишини таъминлайди.



5-БОБ. ТАШҚИ БЕҒАРАЗ КЎМАК

ЛОЙИҲАЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ


22. Ташқи беғараз кўмак олувчиларнинг раҳбарлари имзоланган лойиҳа ҳужжатлари ва битимларини кучга кириши учун зарур бўлган барча шартларни бажарилишини таъминлайди.


23. Лойиҳа ижрочиси ҳар бир донор томонидан ўзининг тартибига мувофиқ танланиб олинади.


24. Лойиҳа ижрочиси алоҳида ёки консорциум таркибида бўлган юридик ёки жисмоний шахс бўлиши мумкин.


25. Ҳар бир лойиҳа тегишли лойиҳа ҳужжатлари ва имзоланган лойиҳа битимига мувофиқ амалга оширилади.


26. Лойиҳа ижрочиси лойиҳани амалга ошириш учун қонунчилик хужжатларида белгиланган тартибда маҳаллий ва (ёки) хорижий мутахассисларни, узоқ муддатли (олти ойдан ортиқ) ёки қисқа муддатли (олти ойгача) шартнома асосида жалб қилиши мумкин.

Давлат органлари ва идоралари томонидан тадбиркорликка оид барча беғараз кўмак лойиҳаларини амалга оширишда Савдо-саноат палатаси лойиҳа ҳамкори сифатида жалб қилинади.

27. Лойиҳа ташқи беғараз кўмак олувчиларининг раҳбарлари ташқи беғараз кўмак лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш ҳамда тасдиқланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш ва ўзлаштиришда бевосита иштирок этган ходимларга нисбатан ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари, ташқи беғараз кўмак маблағлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ўн беш бараваригача бироқ ўзлаштирилган ташқи беғараз кўмак маблағлари суммасининг икки фоизидан ошмайдиган миқдорда бир марталик мукофотлаш тарзидаги рағбатлантириш чораларини қўллайди.


28. Амалга оширилаётган ташқи беғараз кўмак лойиҳаларининг ҳисобини юритиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш мақсадида ваколатли орган лойиҳаларни рўйхатдан ўтказади.


29. Амалга оширилаётган лойиҳаларни рўйхатдан ўтказиш учун ташқи беғараз кўмак олувчилар ёки донор ваколатли органга лойиҳа юзасидан барча ҳужжатлар (лойиҳа таклифи, лойиҳа битими ва бошқалар), шу билан бирга лойиҳани амалга ошириш бўйича тармоқ жадвалини акс эттирувчи аризани тақдим этади.

Ваколатли орган тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш давомида лойиҳа ташқи беғараз кўмак олувчилардан ёки донордан қўшимча маълумотларни талаб қилиб олиши мумкин.


30. Ваколатли орган рўйхатдан ўтказилган лойиҳаларнинг ягона реестрини юритади, уларнинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимига доимий равишда киритилишини таъминлайди.



6-БОБ. ТАШҚИ БЕҒАРАЗ КЎМАК ЛОЙИҲАЛАРИНИ

МОДДИЙ-ТЕХНИК ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ


31. Товарлар (ишлар, хизматлар)ни ташқи беғараз кўмак ҳисобига сотиб олиш донорлар томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


32. Лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз ва преференциялар тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар суммаси, башарти донорлар билан битимларда ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини амалга оширишга қўшадиган ҳиссаси ҳисобланади.


33. Лойиҳа билан ташқи беғараз кўмак пулшаклида берилиши назарда тутилган тақдирда, бюджет ташкилотлари, вазирликлар, идоралар ва давлат мақсадли жамғармалари томонидан олинган ташқи беғараз кўмак маблағлари Ягона ғазна ҳисобварағига жойлаштирилади.


34. Ташқи беғараз кўмак маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларга солиқ ва божхона имтиёзлари Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, Божхона кодекси, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этилади.

Бунда, товарлар (ишлар ва хизматлар)нинг ташқи беғараз кўмакка тегишлилиги ташқи беғараз кўмак олувчилар ёки донор томонидан тақдим этилган ариза, лойиҳа ҳужжатлари, битимлари ва рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумоти ҳамда ваколатли органнинг тегишли хулосаси асосида аниқланади.


35. Ташқи беғараз кўмак олувчилар лойиҳа тугаган кундан бошлаб беш йил мобайнида ҳар йили ваколатли органга ва тегишли статистика органига ташқи беғараз кўмак орқали тақдим этилган товарлар (ишлар ва хизматлар)дан фойдаланиш ёки маблағларнинг сарфланиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.


36. Ўзбекистон Республикаси солиқ ва божхона органларига, заруратга кўра, солиқ ва божхона расмийлаштируви учун товарларнинг ташқи беғараз кўмакка тегишлилиги тўғрисидаги хулосалар ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисидаги лойиҳа ҳужжатлари ва битимларига мувофиқ ваколатли орган томонидан берилади.


37. Ташқи беғараз кўмак маблағлари донор ёки ваколатли орган билан келишилмасдан мақсадсиз ишлатилган тақдирда, мазкур имтиёзнинг амал қилиши божхона тўловлари ва солиқларни тўлаш мажбуриятлари тикланган ҳолда бекор қилинади.


38. Лойиҳа ташқи беғараз кўмак олувчиларига ташқи беғараз кўмакни жалб этиш тўғрисидаги битимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ харажатларни бюджетдан ташқари жамғармалар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига қоплаш ҳуқуқи берилади.



7-БОБ. ТАШҚИ БЕҒАРАЗ КЎМАК

ЛОЙИҲАЛАРИ АМАЛГА ОШИРИЛИШИНИ

МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


39. Ишлаб чиқилаётган ва ягона реестрга киритилган лойиҳалар мониторинг объектлари ҳисобланади.


40. Ташқи беғараз кўмак лойиҳалари амалга оширилишини мониторинг қилиш ваколатли орган томонидан қуйидагиларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш орқали амалга оширилади:

тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари ва лойиҳа битимлари, шу жумладан, лойиҳани амалга ошириш бўйича тармоқ жадваллари ва бошқа тегишли маълумотларни акс эттирувчи ҳужжатлар;

донорлар, ташқи беғараз кўмак олувчилар ва лойиҳа ижрочиси томонидан тақдим этилган тезкор маълумотлар;

ваколатли орган мониторингни ташкил қилиш учун вазирликлар, идоралар, халқаро ташкилотлар ва консалтинг компанияларининг мутахассисларини жалб қилишга ҳақли.


41. Мониторинг қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

лойиҳаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш;

ташқи беғараз кўмак олувчилар ва лойиҳа ижрочиси фаолиятини мувофиқлаштириш, лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ўз вақтида ҳал этиш учун уларнинг жавобгарлигини ошириш;

лойиҳаларнинг ишлаб чиқишга ва амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаш ва ўрганиш, уларни ҳал этиш бўйича тезкор чораларни кўриш;

донорлар олдида лойиҳалар бўйича олинган мажбуриятларни ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш устидан назорат ўрнатиш, уларнинг бажарилишини таъминлашга кўмаклашиш.


42. Ташқи беғараз кўмак олувчилар ҳар чоракда (ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай) ваколатли органга ва Молия вазирлигига ўзлаштирилган ташқи беғараз кўмак маблағларива амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисида ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ маълумотни тақдим этадилар.

Молия вазирлиги ташқи беғараз кўмак маблағлари мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади ҳамда мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш юзасидан тизимли чораларни кўради.


43. Ташқи беғараз кўмак олувчиларининг раҳбарлари тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги учун шахсан жавоб берадилар.


44. Ваколатли орган:

лойиҳаларнинг амалга оширилиши тўғрисидаги, шунингдек, қўшимча таҳлилий маълумотлар асосида тенденцияларни ўрганади;

лойиҳаларни амалга оширишдаги бюрократик тўсиқларни аниқлайди, имтиёзлар ва преференциялар тизимининг самарадорлигини таҳлил қилади;

лойиҳаларни амалга ошириш учун норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқади;

ташқи беғараз кўмаклар маблағларини жалб қилиш самарадорлигини ошириш учун заруратга кўра Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ҳужжатларини тайёрлаш ишларини ташкил этади;

вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнида муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш ҳамда амалга оширишни таъминлаш учун зарур бўлган бошқа тадбирларни ташкил этади;

доимий равишда донорлар билан амалга оширилаётган лойиҳаларни, шу жумладан уларни амалга оширишдаги муаммоларни муҳокама қилади.


45. Лойиҳалар мониторинги натижалари ҳар чоракда ваколатли орган томонидан Вазирлар Маҳкамасига маълумот тариқасида тақдим этилади.



8-БОБ. МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ КЕНГАШНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


46. Қуйидагилар мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

донорлар билан доимий мулоқот платформасини шакллантириш, ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини молиялаштириш ва амалга ошириш билан боғлиқ муаммоли масалаларни ва мунозарали масалаларни кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикасининг донорлар билан ҳамкорлигининг устувор йўналишларини белгилаш, ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини амалга ошириш учун ҳамкорлик географиясини кенгайтириш ва молиялаштиришнинг янги салоҳиятли манбаларини излаш бўйича тизимли ишлар олиб бориш;

ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини келишиш ва ишлаб чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва механизмларини такомиллаштириш, улардан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш ва уларнинг ҳажмларини кўпайтириш, донорлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича қилинган ишлар тўғрисида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасаларининг ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи ходимларининг ҳисоботларини тинглаш.


47. Мувофиқлаштирувчи кенгаш унга юкланган вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги фукцияларни бажаради:

ҳамкорликни кенгайтириш ва лойиҳаларни амалга ошириш таклифларини кўриб чиқиш;

ташқи беғараз кўмак маблағлари ҳисобига молиялаштириш таклиф этилаётган устувор ва истиқболли лойиҳаларни танлаб олиш мезонларини, шунингдек, дастурларни шакллантиришда юзага келадиган келишмовчиликларни кўриб чиқиш ва муҳокамалар асосида тегишли қарор қабул қилиш;

давлат бошқаруви органларининг, хўжалик бирлашмаларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, юридик ва жисмоний шахсларининг ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини мувофиқлаштириш ва ишлаб чиқиш тартибига ўзгартириш ва кўшимчалар киритиш тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш;

ташқи беғараз кўмак олувчилар томонидан олинган ва ўзлаштирилган ташқи беғараз кўмак маблағларини ҳамда амалга оширилаётган ташқи беғараз кўмак лойиҳалари бўйича маълумотларни ўрганиб чиқиш ва ўзлаштириш жараёнини оптималлаштириш бўйича уларга тегишли кўрсатмалар бериш.


48. Ташқи беғараз кўмак олувчиларининг мурожаатлари мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан қуйидаги масалалар бўйича кўриб чиқилади:

ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш дастурига лойиҳа таклифларини киритиш ҳамда юзага келадиган келишмовчиликлар;

ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини ишлаб чиқиш ватасдиқлаш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

донорлар билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларини аниқлаш, шунингдек улар билан ўзаро алоқалар географиясини кенгайтириш;

ташқи беғараз кўмак олувчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;

ташқи беғараз кўмакка оид бошқа масалалар.


49. Ваколатли орган мувофиқлаштирувчи кенгаш қарори қабул қилинган кундан бошлаб уч кун муддатда келиб тушган мурожаатлар тўғрисида Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоларини хабардор қилади.


50. Мувофиқлаштирувчи кенгаш ўзига юклатилган вазифалар ва функциялар доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва тижорат банкларидан статистик ва таҳлилий маълумотларни олиш мақсадида сўров юбориш;

вазирликлар ва идораларга Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан ваколатлар доирасида кўрсатмалар бериш;

йиғилишларда юридик ва жисмоний шахсларнинг мувофиқлаштирувчи кенгаш зиммасига юклатилган вазифалар доирасидаги мурожаатларини тинглаш;

донорлар орасида сўровларномалар ўтказиш;

мувофиқлаштирувчи кенгаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиш мумкин.



9-БОБ. МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ КЕНГАШ ТАРКИБИ

ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


51. Юкланган вазифа ва функцияларни бажариш мақсадида Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси:

мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлисларида раислик қилади;

мувофиқлаштирувчи кенгаш иш режасига таклифлар киритади;

мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлисларини чақиради, мувофиқлаштирувчи кенгаш, унинг котиби фаолиятини, мажлисларда кўриб чиқилаётган масалалар тайёрланишини ва қабул қилинган қарорлар ижросини ташкил этади, шунингдек, ҳар чоракда томонларни уларнинг бажарилиши жараёнидан хабардор қилади;

томонлар ҳамкорлигига ва мувофиқлаштирувчи кенгаш қарорларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда улар ўртасида келишувга эришилишига кўмаклашади;

ўз ваколатлари доирасида бошқа функцияларни бажаради.


52. Юкланган вазифалар ва функцияларини бажариш мақсадида Кенгаш котиби:

мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси билан келишиш учун йиғилишларнинг муддатлари, ўтказилиш жойи ва кун тартиби бўйича таклифларни шакллантиради;

мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоларини навбатдаги йиғилишининг муддати, ўтказилиш жойи ва кун тартиби бўйича хабардор қилади, уларни зарур материаллар билан таъминлайди;

мувофиқлаштирувчи кенгашнинг баённомаларини юритади ва йиғилиш ўтказилишини ва иш юритишини ташкил этади;

тасдиқланган қарорларни мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоларига тарқатади;

мувофиқлаштирувчи кенгаш қарорларининг ижросини мониторинг қилади;

мувофиқлаштирувчи кенгаш раисининг мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолиятига оид топшириқларини бажаради;

мувофиқлаштирувчи кенгаш кун тартибига киритилган масалалар бўйича таҳлилий материалларни тайёрлайди.


53. Юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш мақсадида Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари:

мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилишида иштирок этади ва қарорларни қабул қилишда овоз беради;

мувофиқлаштирувчи кенгаш қарорларини ижро этиш натижалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашга ҳисобот тақдим этади;

мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилишининг кун тартиби ва масалаларни муҳокама қилиш тартиби бўйича таклифлар киритади;

мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилишларига материалларни тайёрлашда иштирок этади.

мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари мувофиқлаштирувчи кенгаш ўз вақтида ва самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.



10-БОБ. МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ

КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА ҚАРОРЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


54. Мувофиқлаштирувчи кенгаш ўз фаолиятини йиғилишлар шаклида амалга оширади, йиғилишлар бир йилда камида 4 марта ўтказилади.


55. Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилишлари мувофиқлаштирувчи кенгаш раисининг қарори, раис бўлмаган ҳолларда ўринбосарларининг қарори, шунингдек, мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси билан келишган ҳолда мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоларининг ташаббуси бўйича чақирилади.


56. Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилишда аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.


57. Кўриладиган масалалар бўйича қарорлар очиқ овоз бериш орқали кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳар бир аъзоси, шу жумладан, раис ҳам битта овозга эга бўлади. Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарорлари мувофиқлаштирувчи кенгашнинг барча аъзолари учун мажбурий хусусиятга эга.


58. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорини талаб қиладиган масалалар юзасидан тегишли таклифларни мувофиқлаштирувчи кенгаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.


59. Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилишларида кўриб чиқилган масалалар ва қабул қилинган қарорлар йиғилиш баённомаси шаклида расмийлаштирилади.


60. Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан қабул қилинган қарорга норози бўлган мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари (аъзоси) тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида ўз таклифлари ёки фикрларини ёзма равишда мувофиқлаштирувчи кенгаш масъул котибига тақдим этишлари мумкин.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


61. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Ташқи беғараз кўмак маблағлари ҳисобига

молиялаштириладиган лойиҳаларни тайёрлаш,

амалга ошириш ва мониторинг қилиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар



1-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


Ташқи беғараз кўмакни олувчиларни донорлар маблағлари ҳисобига амалга оширилиши учун таклиф қилинган лойиҳаларни қабул қилиш бошланганлиги тўғрисида хабардор қилади.


Ҳар йили 1 февралга қадар







2-босқич

Ташқи беғараз кўмак олувчилар


Донорлар томонидан молиялаштириш учун таклиф этилаётган истиқболли ва устувор лойиҳаларнинг рўйхатини, лойиҳа таклифлари билан бирга, уларнинг устуворлик кўрсаткичларининг тартиб рақамини кўрсатган ҳолда ваколатли органга тақдим этади.

Лойиҳа таклифлари ташқи беғараз кўмак олувчилар томонидан ишлаб чиқилади.


Ҳар йили 1 мартга қадар







3-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


Тақдим этилган лойиҳа таклифлар кўриб чиқади ва таклиф этилаётган истиқболли ва устувор лойиҳаларнинг йиғма рўйхатини шакллантиради.


Ҳар йили 1 апрелга қадар







4-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


Шакллантирилган йиғма рўйхат асосида ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш дастурини тасдиқлайди ва веб-сайтига жойлаштиради.


Ҳар йили 15 апрелга қадар







5-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи беғараз кўмак олувчилари


Ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш дастури асосида донорлар билан ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш юзасижан тегишли чоралар кўради.

Зарурат бўлса, ташқи беғараз кўмак олувчилари ташаббуси асосида дастурларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритади.


Доимий асосда







6-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий таррақиёт вазирлиги, Молия вазирлиги


Донорлар томонидан маъқулланган лойиҳалар асосида, улар билан ҳамкорлик йўналишларини, шу билан бирга лойиҳаларнинг барча параметрларини ўз ичига олган донор билан ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.


Белгиланган муддатларда







7-босқич

Ташқи беғараз кўмак олувчилари, тегишли вазирлик ва идоралар, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


Донорлар билан ҳамкорлик дастурларига киритилган лойиҳалар учун лойиҳа битимларини имзолайди.


Заруратга кўра







8-босқич

Ташқи беғараз кўмак олувчилари


Ҳар бир лойиҳа тегишли лойиҳа ҳужжатлари ва имзоланган лойиҳа битимига мувофиқ амалга оширади.


Келишувларга мувофиқ







9-босқич

Ташқи беғараз кўмак олувчилари


Лойиҳа ижрочилари ҳар бир донор томонидан ўзининг тартибига мувофиқ танланиб олинади.


Келишувларга мувофиқ







10-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


Амалга оширилаётган ташқи беғараз кўмак лойиҳалари ҳисобини юритиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш мақсадида лойиҳаларни рўйхатдан ўтказади.


Белгиланган муддатларда







11-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


Рўйхатдан ўтказилган лойиҳаларнинг ягона реестрини юритади, уларнинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимига киритади.


Доимий асосда







12-босқич

Ташқи беғараз кўмак олувчилари


Товар (иш, хизмат)ларни ташқи беғараз кўмак ҳисобига сотиб олиш донорлар томонидан белгиланган тартибда амалга оширади.


Келишувларга мувофиқ







13-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


Товар (иш ва хизмат)нинг ташқи беғараз кўмакка тегишлилиги бўйича тегишли хулосаси тақдим этади.


Зарур ҳолларда







14-босқич

Ташқи беғараз кўмак олувчилари


Ўзлаштирилган ташқи беғараз кўмак маблағлари ва амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисида маълумотни ваколатли органга ва Молия вазирлигига тақдим этади.


Ҳар чоракда







15-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


Ташқи беғараз кўмак лойиҳалари амалга оширилишини мониторинг қилади.


Ҳар чоракда







16-босқич

Молия вазирлиги


Ташқи беғараз кўмак маблағлари мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади ҳамда мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш юзасидан тизимли чораларни кўради.


Доимий асосда

          





Низомга

2-ИЛОВА



Донорлар томонидан молиялаштириш учун таклиф

этилаётган истиқболли ва устувор лойиҳаларнинг

РЎЙХАТИ

Т/р

Лойиҳа номи

Донор номи

Грант

(техник кўмак)

қиймати (минг.

долл.)


Лойиҳани амалга

ошириш учун асос

ҳужжатлар

Лойиҳа

мақсади


Амалга

оширилган

ишлар


1

...






..







Раҳбар

(имзо)

Ф.И.О.

      





Низомга

3-ИЛОВА



Лойиҳа таклифи


(лойиҳанинг номи)


I. Ариза берувчи ташкилот тўғрисида маълумотлар:


а) номланиши ва реквизитлари;

б) фаолиятининг асосий тури;

в) илгари амалга оширилган лойиҳалари.


II. Лойиҳанинг мақсади:


III. Лойиҳанинг вазифалари:


IV. Кутилаётган натижалар ва лойиҳани амалга ошириш самараси:


V. Лойиҳа доирасида назарда тутилаётган тадбирлар:


VI. Лойиҳани амалга ошириш назарда тутилаётган муддат:


VII. Лойиҳанинг умумий суммаси:


VIII. Берилаётган грант суммаси:


IX. Кутилаётган харажатлар тоифаси:


а) жорий харажатлар;

б) асбоб-ускуналар;

в) ўқитиш;

г) маслаҳат хизматлари;

д) бошқа харажатлар (номи кўрсатилади).


X. Боғланиш учун масъул шахс:


а) Ф.И.О.;

б) лавозими;

в) телефони;

г) электрон почта манзили.


XI. Лойиҳа амалга ошириладиган ҳудуд:






Низомга

4-ИЛОВА



Ташқи беғараз кўмак маблағлари

(грант) ҳисобига молиялаштириладиган

истиқболли ва устувор лойиҳаларнинг

ЙИҒМА РЎЙХАТИ

Т/р

Лойиҳа номи

Донор номи

Грант

(техник кўмак)

маблағлари қиймати

(минг. долл.)


Лойиҳа

мақсади


Амалга оширилган ишлар


1







...







    





Низомга

5-ИЛОВА



20_____ йилнинг ______ чорагида олинган

ва ўзлаштирилган ташқи беғараз кўмак маблағлари

ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳалар тўғрисида

МАЪЛУМОТ

Олувчи



(тўлиқ номи)

Телефон, эл. манзил


N

Лойиҳа номи


Донор

номи


Лойиҳа

бошланиши

(ой, йил)


Лойиҳа

якуни

(ой, йил)


Ҳолати

(бошланган, амалга

оширилмоқда,

якуналанган, ишлар

олиб борилмоқда,

Донор билан ишлар

олиб борилмоқда)


Лойиҳа

қиймати

(млн. долл.)



1

2

3

4

5

6

Ўзлаштириш

суммаси

(млн. долл.)

Соҳа


Лойиҳани

амалга

оширишда асос

ҳужжатлар


Ташқи беғараз

кўмак маблағлари

иштирокидаги

лойиҳаларнинг

мақсади ва амалга

оширишда

кутилаётган

натижалар


Лойиҳа амалга

ошириш жойи


Амалга

оширилган

ишлар


7


8

9

10

11

12

               


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 29 декабрь















































Время: 0.2004
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск