ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ташқи иқтисодий фаолият / Инсонпарварлик ва техник ёрдам /

Инсонпарварлик ёрдами юкларини қабул қилиш, ҳисобга олиш, манзилли тақсимлаш ва мақсадли фойдаланиш устидан назорат қилиш ҳамда инсонпарварлик ёрдами лойиҳаларини мониторинг қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.12.2021 й. 786-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 29 декабрдаги

786-сон қарорига

2-ИЛОВА



Инсонпарварлик ёрдами юкларини қабул

қилиш, ҳисобга олиш, манзилли тақсимлаш

ва мақсадли фойдаланиш устидан назорат қилиш

ҳамда инсонпарварлик ёрдами лойиҳаларини

мониторинг қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасида инсонпарварлик ёрдами юкларини қабул қилиш, ҳисобга олиш, манзилли тақсимлаш ва мақсадли фойдаланиш устидан назорат қилиш ҳамда инсонпарварлик ёрдами лойиҳаларини мониторинг қилишни тартибга солади.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Иктисодиёт ва молия вазирлиги;

донорлар - хорижий давлатлар, халқаро ва чет эл ҳукумати ҳамда ноҳукумат ташкилотлари, шунингдек бошқа юридик ва жисмоний шахслар;


Департамент - Ўзбекистон Республикаси Бош вазири котибиятининг Ахборот-таҳлил ва юридик таъминлаш департаменти;

Бўлим - Ўзбекистон Республикаси Бош вазири котибиятининг Ахборот-таҳлил ва юридик таъминлаш департаментининг Инсонпарварлик ёрдами юкларини қабул қилиш, ҳисобга олиш ва тақсимлаш ишларини мувофиқлаштириш бўлими;

инсонпарварлик ёрдами - аҳолига тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий соҳа муассасаларини қўллаб-қувватлаш, табиий офатлар, авариялар ва ҳалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини тугатиш учун дори воситалари ва тиббий буюмлар, озиқ-овқат, халқ истеъмоли товарлари, бошқа товарлар, шу жумладан асбоб-ускуналар, транспорт ва техника, ҳомийлик хайриялари, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш, шу жумладан, инсонпарварлик ёрдами юкларини ташиш, кузатиб бориш ва сақлаш учун бериладиган мақсадли беғараз ёрдам;


инсонпарварлик ёрдамини олувчи - Ўзбекистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ёки у ваколат берган давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек фаолияти фойда олишга қаратилмаган юридик ва жисмоний шахслар;


инсонпарварлик ёрдами юклари истеъмолчилари - тиббий ва ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли, ижтимоий соҳа муассасалари, инсонпарварлик ёрдамининг бевосита фойдаланувчилари бўлган Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари.


3. Инсонпарварлик ёрдами сифатида олинган товарлар божхона расмийлаштируви амалга оширилгандан кейин инсонпарварлик ёрдамини олувчилар томонидан "Инсонпарварлик ёрдами" ёзувини қайд этган, инсонпарварлик ёрдамини олувчининг реквизитларини кўрсатган ҳолда тамғаланади.


4. Тамаки маҳсулотлари, алкоголли маҳсулотлар, ҳарбий мақсаддаги товарлар, шунингдек олиб келиниши тақиқланган товарлар инсонпарварлик ёрдами юклари жумласига киритилиши мумкин эмас.


5. Инсонпарварлик ёрдами юкларини қабул қилиш, божхона расмийлаштируви, транспортда ташиш, тўплаш, сақлаш, хатловдан ўтказиш, юкларнинг хавфсизлиги бўйича қўриқлаш ва бошқа карантин тадбирларини ўтказиш, инсонпарварлик ёрдамини аниқ йўналтирилган тарзда тақсимлаш ва улардан самарали, мақсадли фойдаланиш учун масъулият:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан тузиладиган инсонпарварлик ёрдами бўйича ҳудудий комиссияларга (кейинги ўринларда - ҳудудий комиссиялар);

ижтимоий соҳа вазирликлари ва идоралари, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари томонидан тузиладиган инсонпарварлик ёрдами бўйича тармоқ комиссияларига (кейинги ўринларда - тармоқ комиссиялари) ҳамда инсонпарварлик ёрдамини олувчиларга юклатилади.


6. Инсонпарварлик ёрдами юкларини қабул қилиш, ҳисобга олиш, манзилли тақсимлаш ва мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қилиш ҳамда инсонпарварлик ёрдами лойиҳаларини мониторинг қилиш ушбу Низомга иловага мувофиқ схемага асосан амалга оширилади.



2-БОБ. ИНСОНПАРВАРЛИК ЁРДАМИ ЮКЛАРИНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ, ҲИСОБГА ОЛИШ, МАНЗИЛЛИ

ТАҚСИМЛАШ ВА МАҚСАДЛИ ФОЙДАЛАНИШ

УСТИДАН НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


7. Инсонпарварлик ёрдами сифатида Ўзбекистон Республикасига келтириладиган юкларнинг инсонпарварлик ёрдамига мансублигини кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш учун инсонпарварлик ёрдамини олувчи Департаментга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

донорлар билан инсонпарварлик ёрдами бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим, келишув, шартнома ёки дастур;

юкни жўнатувчининг юк инсонпарварлик ёрдамига мансублиги тўғрисидаги инвойси (счёт-фактура);

инсонпарварлик ёрдами юкини олувчининг юкдан фойдаланиш мақсади тўғрисидаги хати;

йўл-транспорт юк хатлари;

зарурат бўлганда, карантин ва бошқа инспекция хизматларининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ юкнинг республикага келтирилишига рухсат этилган юклар рўйхатига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси.

Тақдим этилган ҳужжатлар Бўлим томонидан кўриб чиқилади ва натижаси бўйича хулоса тайёрланади.

Юкларнинг инсонпарварлик ёрдамига мансублиги тўғрисида тайёрланган хулоса Бўлим бошлиғи томонидан имзоланади (тасдиқланади).

8. Имзоланган (тасдиқланган) хулоса белгиланган тартибда ваколатли органга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасига ижро учун юборилади.

9. Бўлимнинг хулосаси асосида юкларнинг божхона расмийлаштируви қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси Ўзбекистон Республикасига келтирилган инсонпарварлик ёрдами юклари ва юкларни олувчилар тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда ҳар чоракда Департаментга ҳамда ваколатли органга тақдим этиб боради.

11. Аэропортлар, темир йўл ва автотранспорт станцияларининг омборхоналарида сақланаётган инсонпарварлик ёрдами юкларини сақлаш, хабардор қилиш, божхона тартиб-қоидалари, декларациялаш, бекор туриб қолиш, тушириш-юклаш ишлари ва бошқа хизматлар учун божлар, йиғимлар ва бошқа турдаги тўловлар ундирилмайди.


12. Инсонпарварлик ёрдами юклари сифатини ва уларнинг хавфсизлигини назорат қилиш белгиланган тартибда тўлов ундирилмасдан давлат назоратининг ваколатли органлари томонидан амалга оширилади.


13. Инсонпарварлик ёрдами юкларининг уларни ташиш вақтидаги сақланиши тегишли транспорт ташкилотлари ва Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмалари томонидан тўлов ундирилмасдан амалга оширилади.


14. Инсонпарварлик ёрдамини олувчилар инсонпарварлик юкларининг ҳисобга олинишига, сақланишига, улардан мақсадлива самарали фойдаланилишига, товарларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширишга ҳамда уларнинг аниқ йўналтирилган ҳолда тақсимланишига масъул ҳисобланади.

Инсонпарварлик ёрдами сифатида келтирилган товарларни ҳисобга олиш ва сақлаш тижорат товарларидан алоҳида амалга оширилади.


15. Инсонпарварлик ёрдами юкларининг мақсадли фойдаланилиши ва уларни аниқ йўналтирилган ҳолда тақсимлаш устидан назорат ҳудудий ва тармоқ комиссиялари томонидан амалга оширилади.


16. Ҳудудий ва тармоқ комиссиялари шунингдек инсонпарварлик ёрдамини олувчилар инсонпарварлик ёрдами юкларини олинганлиги, мақсадли фойдаланилганлиги ҳамда аниқ йўналтирилган ҳолда тақсимланишини назорат қилинганлиги тўғрисидаги маълумотларни ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-санасидан кечикмай ваколатли органга ва Департаментга тақдим этиб боради.

17. Инсонпарварлик ёрдами юкларидан мақсадли фойдаланилиши ва уларнинг аниқ йўналтирилган тарзда тақсимланиши бўйича ўрганишлар белгиланган тартибда ваколатли орган томонидан тасдиқлаган жадвал бўйича, зарурат бўлганда, мустақил экспертларни жалб этган ҳолда ўтказилади.

Ваколатли орган томонидан ўрганиш натижаларига кўра тегишли маълумотнома Департаментга киритилади.

18. Инсонпарварлик ёрдамини олувчи ёки унинг истеъмолчиси ҳисобланадиган бюджет ташкилотларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишларни ўтказиш вақтида ваколатли орган томонидан уларни текшириш режаларига инсонпарварлик ёрдами юкларининг мақсадли фойдаланилиши ва уларнинг аниқ йўналтирилган тарзда тақсимланишини назорат қилиш ҳам киритилади.


19. Ўтказилган текширишлар якунлари бўйича далолатнома тузилади, унда инсонпарварлик ёрдами юкларини божхона расмийлаштируви, қабул қилиш, ҳисобга олиш ва аниқ йўналтирилган тарзда тақсимлаш талабларига мувофиқлиги, шу жумладан:

инсонпарварлик ёрдами юкларини сақлаш шароитлари ва тақсимлаш шартлари;

инсонпарварлик ёрдами сифатида келтирилган товарларда маркировканинг мавжудлиги;

олинган инсонпарварлик ёрдами юклари бўйича ҳисобга олиш ҳужжатларининг (ҳисобга олиш дафтарлари, китоблари ва бошқалар, шу жумладан электрон шаклда) мавжудлиги ва тўлиқлиги;

инсонпарварлик ёрдами юклари истеъмолчиларининг юкларнинг олинганлиги тўғрисида белги қўйилган ҳолдаги номлари кўрсатилган рўйхатларини тузиш;

инсонпарварлик ёрдами сифатида олинган фойдаланилмаган товарлар миқдорининг ҳисоби, сабаблари, фойдаланишга яроқлилик муддати ўтиб кетган товарлар (маҳсулотлар)ни кўрсатган ҳолда;

инсонпарварлик ёрдами бўйича келиб тушган фуқароларнинг мурожаатлари ва шикоятлари юзасидан амалга оширилган ишлар акс эттирилади.



3-БОБ. ИНСОНПАРВАРЛИК ЁРДАМИ

ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ АМАЛГА ОШИРИЛИШИНИ

МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


20. Донорлар томонидан инсонпарварлик ёрдами доирасида берилган маблағлар, товарлар ва хизматлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш инсонпарварлик лойиҳаларини амалга ошириш мониторингининг мақсади ҳисобланади.


21. Инсонпарварлик лойиҳалари мониторингининг мунтазам равишда ўтказилиши юзасидан масъулият ҳудудий ва тармоқ комиссияларига юкланади.


22. Инсонпарварлик ёрдами бўйича ҳудудий ва тармоқ комиссиялари томонидан инсонпарварлик ёрдами лойиҳаларининг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботлар ва унга тушунтириш хати ваколатли органга ҳамда Департаментга ҳар чоракда кейинги ойнинг 10-санасидан кечикмай тақдим этилади.


4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.





Низомга

ИЛОВА


Инсонпарварлик ёрдами юкларини қабул қилиш, ҳисобга

олиш, манзилли тақсимлаш ва мақсадли фойдаланилиши

устидан назорат қилиш ҳамда инсонпарварлик ёрдами

лойиҳаларини мониторинг қилиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар



1-босқич

Инсонпарварлик ёрдамини олувчилар


Донорлар томонидан инсонпарварлик ёрдамини олувчиларга инсонпарварлик юклари келиб тушади.


Зарур ҳолларда







2-босқич

Инсонпарварлик ёрдамини олувчилар


Юкларнинг инсонпарварлик ёрдамига мансублигини кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири котибиятининг Ахборот-таҳлил ва юридик таъминлаш департаментига (кейинги ўринларда - Департамент) зарур ҳужжатларни тақдим этади.


Белгиланган муддатларда







3-босқич

Департамент


1. Тақдим этилган ҳужжатлар Департаментнинг Инсонпарварлик ёрдами юкларини қабул қилиш, ҳисобга олиш ва тақсимлаш ишларини мувофиқлаштириш бўлими (кейинги ўринларда - Бўлим) томонидан кўриб чиқади ва натижаси бўйича хулоса тайёрланади.


2. Юкларнинг инсонпарварлик ёрдамига мансублиги тўғрисидаги тайёрланган хулоса Бўлим бошлиғи томонидан имзоланади (тасдиқланади).


3. Белгиланган тартибда тасдиқланган хулоса ваколатли органга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасига ижро учун юборилади.



Белгиланган муддатларда







4-босқич

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона кўмитаси


1. Хулосага асосан юкларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширади.


2. Ўзбекистон Республикасига келтирилган инсонпарварлик ёрдами юклари ва юкларни олувчилар тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда Департаментга ҳамда ваколатли органга тақдим этиб боради.


Белгиланган муддатларда



Ҳар чоракда







5-босқич

Ваколатли орган


1. Инсонпарварлик ёрдами юкларидан мақсадли фойдаланилиши ва уларнинг аниқ йўналтирилган тарзда тақсимланиши бўйича ўрганишлар белгиланган тартибда тасдиқланган жадвал бўйича, зарурат бўлганда, мустақил экспертларни жалб этган ҳолда ўтказади.


2. Ўрганиш натижаларига кўра тегишли маълумотномани Департаментга киритади.


Белгиланган муддатларда







6-босқич

Инсонпарварлик ёрдамини олувчилар


Инсонпарварлик юкларини ҳисобга олади, сақлайди, улардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлайди.


Белгиланган муддатларда







7-босқич

Инсонпарварлик ёрдамини олувчилар Ҳудудий ва тармоқ комиссиялар


Инсонпарварлик ёрдами юклари олинганлиги, улардан максадли фойдаланилганлиги ҳамда уларнинг аниқ йўналтирилган ҳолда тақсимланишини назорат қилади ва улар тўғрисидаги маълумотларни ваколатли органга киритади.


Ҳар чоракда







8-босқич

Ҳудудий ва тармоқ комиссиялари


Инсонпарварлик лойиҳалари мониторингини мунтазам равишда ўтказади ва инсонпарварлик ёрдами лойиҳаларининг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботларни ваколатли орган ва Департаментга тақдим этади.


Ҳар чоракда кейинги ойнинг 10-санасига қадар

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 29 декабрь

























































Время: 0.0080
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск