язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Алоқа/ Радиоалоқа ва электрон алоқа/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.12.2004 й. 592-сон "Телерадиоэшиттириш соҳасида радиочастота спектридан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида'ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

20.12.2004 й.

N 592



ТЕЛЕРАДИОЭШИТТИРИШ СОҲАСИДА

РАДИОЧАСТОТА СПЕКТРИДАН САМАРАЛИ

ФОЙДАЛАНИШНИ ТАЪМИНЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


"Радиочастота спектри тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, шунингдек радиочастота спектридан самарали фойдаланишни таъминлаш, фуқароларнинг маънавий эҳтиёжларига, замонавий техник талаблар ва стандартларга жавоб берадиган сифатли ва бадиий жиҳатдан юксак телерадиоэшиттиришларни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Белгилаб қўйилсинки, 2005 йил 1 февралдан бошлаб радиочастоталарни тақсимлаш ҳамда телевидение кўрсатувлари ва радиоэшиттиришларни тарқатиш (трансляция қилиш) соҳасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига якка тартибдаги лицензиялар бериш танлов асосида амалга оширилади.


2. Белгилансинки:

радиочастоталарни тақсимлаш ва телерадиоэшиттириш соҳасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига якка тартибдаги лицензиялар бериш учун танловларни ташкил этиш ва ўтказиш Ахборот фаолияти ҳамда маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштирувчи комиссияга юкланади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган, таъсис ҳужжатларида оммавий ахборот воситалари соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш назарда тутилган юридик шахслар танловда иштирок этиш учун қўйилади;

мазкур қарор чиққунга қадар берилган лицензиялар асосида телевидение кўрсатувлари ва радиоэшиттиришларни тарқатиш (трансляция қилиш) соҳасида фаолиятни амалга ошираётган хўжалик юритувчи субъектлар кўрсатиб ўтилган лицензиялар муддати тамом бўлгандан кейин танловда умумий асосларда қатнашадилар;

телерадиоэшиттириш соҳасида радиочастоталарни бериш юзасидан танлов ўтказиш ва унинг якунлари тўғрисидаги ахборот оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Асосий фаолияти давлат теле ва радиодастурларни тузиш ва тарқатиш (трансляция қилиш) ҳисобланган ёки устав фондида мулкнинг давлат улуши камида 50 фоизни ташкил этадиган корхоналарга радиочастоталар бериш ва телерадиоэшиттириш соҳасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига якка тартибдаги лицензияларни бериш танловдан ташқари асосда амалга оширилади.


3. Радиочастоталарни танлов йўли билан тақсимлаш ва телерадиоэшиттириш соҳасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига якка тартибдаги лицензиялар бериш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Идоралараро мувофиқлаштирувчи комиссия (А.Н.Арипов) танловни ўтказиш давомида:

тақдим этилган ҳужжатлар ва талабгор фаолиятининг Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг марказининг тегишли хулосасини ҳисобга олган ҳолда ҳар томонлама ўрганиб чиқилишини таъминласин;

телерадиодастурларнинг жанри, мазмунан хилма-хиллиги жамиятнинг маънавий эҳтиёжларига, режалаштирилаётган сетка ва эшиттириш ҳажмларига мувофиқлигини, замонавий талаблар ва стандартларга жавоб берадиган зарур теле ва радиоускуналар мавжудлигини, шунингдек лицензия талабгорининг молиявий-иқтисодий имкониятларини талабгор томонидан таклиф этилаётган эшиттириш концепциясини баҳолаш учун асосий мезонлар сифатида қабул қилсин;

танлов қатнашчилари телерадиоэшиттириш объектларининг санитария талабларига, ёнғин нормаларига, шунингдек қўриқлаш ва хавфсизлик режими таъминланишига мувофиқлигини ҳисобга олсин.


5. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (А.Н.Арипов) икки ҳафта муддатда телевидение кўрсатувлари ва радиоэшиттиришларни тарқатиш (трансляция қилиш) бўйича фаолиятни амалга ошираётган хўжалик юритувчи субъектларга мазкур қарорга мувофиқ радиочастоталар тақсимланиши ва телерадиоэшиттириш соҳасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига якка тартибдаги лицензиялар бериш тартиби етказилиши ва тушунтирилишини таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (А.А.Полвон-зода) манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда амалдаги қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                 И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 51-сон, 515-модда.


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2004 й., N 12, 109-модда.