ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти / Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари / БҲХС (IFRS) /

(IFRS) 2 "Акцияга асосланган тўлов" Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 28-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

28-ИЛОВА



МОЛИЯВИЙ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IFRS) 2 "АКЦИЯГА АСОСЛАНГАН ТЎЛОВ"



Мақсад


1. Мазкур стандартнинг мақсади акцияга асосланган тўлов операцияларини амалга оширадиган ташкилот учун молиявий ҳисоботни тузиш қоидаларни белгилашдан иборат. Хусусан, ушбу стандарт ташкилотдан акцияга асосланган тўлов операцияларининг таъсирларини, жумладан ходимларга тақдим этиладиган акция опционлари бўйича операциялар билан боғлиқ харажатларни ўзининг фойда ёки зарар тўғрисидаги ҳисоботида ва молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботида акс эттиришни талаб этади.



Қўллаш доираси


2. Ташкилот, айрим ёки барча олинган товарлар ёки хизматларни аниқлаши ёки аниқламаслигидан қатъий назар, мазкур стандартни барча акцияларга асосланган тўлов операцияларини ҳисобга олишда қўллаши лозим, жумладан қуйидагиларга:

(a) улушли инструментлар билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операциялари,

(б) пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операциялари, ва

(в) товарлар ёки хизматларни олиш ёки харид қилишда келишув шартларига кўра ташкилотга ёки ушбу товар ёки хизматларнинг етказиб берувчисига ҳисоб-китобни ё пул маблағлари (ёки бошқа активлар) , ёки улушли инструментларни чиқариш йўли билан амалга ошириш танловини тақдим этувчи операциялар,

-6 бандларда келтирилган ҳолатлар бундан мустасно. Муайян тарзда идентификацияланадиган товарлар ёки хизматлар мавжуд бўлмаганда, бошқа ҳолатлар товарлар ва хизматлар олинганлигини (ёки олинишини) кўрсатиши мумкин ва бундай ҳолатда мазкур стандарт қўлланади.


3. [Чиқариб ташланган]


3A. Акцияларга асосланган тўлов операцияси товарлар ёки хизматларни қабул қиладиган ёки харид қиладиган ташкилот номидан гуруҳдаги бошқа ташкилот (ёки ҳар қандай гуруҳдаги ташкилотнинг акциядори) томонидан сўндирилиши мумкин. 2-банд қуйидаги ташкилотга нисбатан ҳам қўлланади:

(а) худди шу гуруҳ (ёки гуруҳнинг ҳар қандай ташкилоти акциядори)нинг бошқа ташкилоти акциялар асосидаги операциялар ва тўловлар бўйича ҳисоб-қитоб қилиш мажбуриятига эга бўлганда товарлар ёки хизматларни олаётган ташкилотга, ёки

(б) худди шу гуруҳдаги бошқа ташкилот товарлар ёки хизматларни қабул қилганда, акциялар асосидаги операциялар ва тўловлар бўйича ҳисоб-қитоб қилиш мажбуриятига эга бўлган ташкилотга,

бундан операция олувчи ташкилотга етказиб бериладиган товарлар ёки хизматларга ҳақ тўлаш мақсадида амалга оширилмаётганлиги аниқ бўлган ҳолатлар мустасно.


4. Мазкур МҲХС мақсадларида, ташкилот улушли инструментларининг эгаси сифатидаги ходимлар (ёки бошқа томон) билан операция акцияларга асосланган тўлов операцияси ҳисобланмайди. Масалан, агар ташкилот ўз улушли инструментлари муайян синфининг барча эгаларига ташкилотнинг қўшимча улушли инструментларини ҳаққоний қийматидан паст нархда харид қилиш ҳуқуқини берса, ходим эса ушбу синфдаги улушли инструментларнинг эгаси бўлганлиги сабабли, бундай ҳуқуқни қабул қилса, ушбу ҳуқуқни тақдим этишга ёки ундан фойдаланишга нисбатан мазкур МҲХСнинг талаблари қўлланмайди.


5. 2-бандда қайд этилганидек, мазкур МҲХС ташкилот товарлар ёки хизматларни қабул қиладиган ёки харид қиладиган акцияларга асосланган тўлов операцияларига нисбатан қўлланади. Товарлар заҳираларни, материаллар сарфларини, асосий воситаларни, номоддий активларни ва бошқа номолиявий активларни ўз ичига олади. Лекин, ташкилот, 3-сон МҲХСнинг Б1-Б4 бандларида қайд этилган умумий назорат остидаги ташкилотларни ёки бизнесларни бирлаштиришда, у 3-сон МҲХС "Бизнес бирлашувлари" (2008 йилдаги таҳрири)да таърифланган бизнес бирлашувида харид қилинган соф активларнинг бир қисми сифатида товарларни харид қиладиган операцияларга нисбатан ёки 11-сон МҲХС "Биргаликдаги фаолият бўйича келишувлар"да таърифланган қўшма корхонани ташкил этишдаги бизнесда ҳисса қўшишга нисбатан қўлламаслиги лозим. Демак, харид қилиш объекти устидан назорат эвазига бизнес бирлашувида чиқарилган улушли инструментлар мазкур МҲХСнинг қўллаш доирасига кирмайди. Лекин, харид қиладиган ташкилотнинг ходимлари мақомига эга ходимларга (масалан уклуксиз хизмат эвазига) тақдим этилган улушли инструментлар мазкур МҲХСнинг қўллаш доирасига киради. Шу каби, бизнес бирлашуви ёки бошқа хусусий капиталнинг реструктуризацияси сабабли акцияларга асосланган тўлов келишувларининг бекор қилиниши, алмаштирилиши ёки бошқа тарзда ўзгартирилиши мазкур МҲХСга мувофиқ ҳисобга олиниши лозим. 3-сон МҲХС бизнес бирлашувида чиқарилган улушли инструментлар харид қилиш объекти устидан назорат эвазига ўтказилган қийматни қоплашни бир қисми бўлиши (ва шу сабабли 3-сон МҲХСнинг қўллаш доирасида бўлади) ёки бирлашув амалга оширилган даврдан кейин тан олинадиган узлуксиз хизмат кўрсатиш эвазига бўлишини (ва шу сабабли мазкур МҲХС нинг қўллаш доирасида бўлишини) аниқлаш юзасидан кўрсатмани таъминлайди.


6. Ташкилотнинг 32-сон БҲХС "Молиявий инструментлар: тақдим этиш"нинг (2003 йилдаги таҳрирда) 8-10-бандларининг(1) ёки 9-сон МҲХС "Молиявий инструментлар"нинг 2.4-2.7-бандларининг қўллаш доирасидаги шартнома асосида товарлар ёки хизматларни қабул қиладиган ёки харид қиладиган акцияларга асосланган тўлов операцияларига нисбатан мазкур МҲХС қўлланмайди.


6A. Мазкур МҲХС "ҳаққоний қиймат" атамасини 13-сон МҲХС "Ҳаққоний қийматни баҳолаш"да келтирилган ҳаққоний қийматнинг таърифидан фарқли шаклда қўллайди. Шунинг учун, 2-сон МҲХС қўлланганда, ташкилот ҳаққоний қийматни 13-сон МҲХСга мувофиқ эмас, балки мазкур МҲХСга мувофиқ баҳолаши лозим.



Тан олиш


7. Ташкилот акцияларга асосланган тўлов операцияси асосида қабул қилинган ёки харид қилинган товарлар ёки хизматларни, товарларга эга бўлганда ёки хизматлар қабул қилинганда тан олиши лозим. Агар товарлар ёки хизматлар улушли инструментлар билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операциясида қабул қилинган бўлса, ташкилот хусусий капиталдаги тегишли ўсишни ёки агар товарлар ёки хизматлар пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операциясида харид қилинган бўлса, мажбуриятдаги тегишли ўсишни тан олиши лозим.


8. Акцияларга асосланган тўлов операциясида қабул қилинган ёки харид қилинган товарлар ёки хизматлар актив сифатида тан олиш мезонларига жавоб бермаган ҳолатда, улар харажатлар сифатида тан олиниши лозим.


9. Одатда, харажат товарлар ёки хизматларнинг истеъмолидан юзага келади. Масалан, хизматлар одатда тезда истеъмол қилинади, бунда контрагент хизмат кўрсатиши билан харажат тан олинади. Товарлар муайян давр мобайнида истеъмол қилиниши мумкин ёки захиралар кейинроқ сотилиши мумкин, бунда харажат товарлар истеъмол қилинганда ёки сотилганда тан олинади. Лекин, баъзида товарлар ёки хизматлар истеъмол қилинишидан ёки сотилишидан олдин харажатни тан олиш зарур бўлади, чунки улар актив сифатида тан олиш мезонларига жавоб бермайди. Масалан, ташкилот, товарларни янги маҳсулотни яратиш лойиҳасининг тадқиқот босқичининг бир қисми сифатида харид қилиши мумкин. Бундай товарлар истеъмол қилинмаган бўлишига қарамай, улар тегишли МҲХС асосида актив сифатида тан олиш мезонларига жавоб бермаслиги мумкин.



Улушли инструментлар билан сўндириладиган

акцияларга асосланган тўлов операциялари



Умумий маълумот


10. Улушли инструментлар билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияларида ташкилот қабул қилинган товарлар ёки хизматларни ва хусусий капиталдаги тегишли ўсишни бевосита қабул қилинган товарлар ёки хизматларнинг ҳаққоний қийматида баҳолаши лозим, бундан ҳаққоний қийматни ишончли баҳолаш мумкин бўлмаган ҳоллар мустасно. Агар ташкилот қабул қилинган товарлар ёки хизматларнинг ҳаққоний қийматини ишончли баҳолай олмаса, ташкилот уларнинг қийматини ва хусусий капиталдаги тегишли ўсишни, билвосита, тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қиймати асосида(2) баҳолаши лозим.


11. 10-банднинг талабларини ўхшаш хизматларни(3) кўрсатадиган ходимлар ва бошқа шахслар билан операцияларга нисбатан қўллаш учун, ташкилот қабул қилинган хизматларнинг ҳаққоний қийматини тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қиймати асосида баҳолаши лозим, чунки одатда 12-бандда изоҳланганидек, қабул қилинган хизматларнинг ҳаққоний қийматини ишончли баҳолаш мумкин бўлмайди. Мазкур улушли инструментларнинг ҳаққоний қиймати тақдим этиш санасида баҳоланиши лозим.


12. Одатда, акциялар, акция опционлари ёки бошқа улушли инструментлар пул маблағлари билан тўланадиган маошларига ва ходимларнинг бошқа даромадларига қўшимча тарзда, ходимлар иш ҳақи пакетининг бир қисми сифатида тақдим этилади. Одатда, ходимларнинг иш хақи пакетининг муайян компонентлари учун қабул қилинган хизматларни бевосита баҳолаш мумкин бўлмайди. Тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қийматини бевосита баҳоламасдан, мустақил тарзда жами иш хақи пакетининг ҳаққоний қийматини баҳолаш имконсиз бўлиши мумкин. Бундан ташқари, акциялар ёки акция опционлари асосий иш хақининг бир қисми сифатида эмас, балки рағбатлантириш бўйича келишувнинг бир қисми сифатида тақдим этилади, масалан ходимларга ташкилотда иш фаолиятини давом эттириш учун рағбат сифатида ёки ташкилот фаолияти натижаларини яхшилашда уларнинг интилишларини мукофотлаш учун. Акциялар ёки акция опционларини тақдим этиш орқали, бошқа иш хақига қўшимча тарзда, ташкилот қўшимча нафларга эга бўлиш учун қўшимча иш хақи тўлайди. Бундай қўшимча нафларнинг ҳаққоний қийматини баҳолаш қийин бўлиши эҳтимоли мавжуд. Қабул қилинган хизматларнинг ҳаққоний қийматини бевосита баҳолаш қийинлиги сабабли, ташкилот ходимнинг қабул қилинган хизматлари ҳаққоний қийматини тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қиймати асосида баҳолаши лозим.


13. 10-банднинг талабларини ходимлардан бошқа томонлар билан операцияларга нисбатан қўллаш учун, қабул қилинган товарлар ёки хизматларнинг ҳаққоний қиймати ишончли баҳолай олиниши тўғрисида рад этилиши мумкин бўлган фараз бўлиши лозим. Мазкур ҳаққоний қиймат ташкилот товарларни олганда ёки контрагент хизмат кўрсатган санада баҳоланиши лозим. Камдан-кам ҳолатларда, агар ташкилот қабул қилинган товарлар ёки хизматларнинг ҳаққоний қийматини ишончли баҳолай олмаслиги сабабли бундай фаразни инкор этса, ташкилот қабул қилинган товарлар ёки хизматларни ва хусусий капиталдаги тегишли ўсишни тақдим этилган улушли инструментларнинг ташкилот товарларни оладиган ёки контрагент хизмат кўрсатадиган санада баҳоланган ҳаққоний қиймати асосида баҳолаши лозим.


13A. Хусусан, агар қабул қилинган идентификацияланадиган товон (агарда мавжуд бўлса) тақдим этилган улушли инструментларнинг ёки мажбуриятнинг ҳаққоний қийматидан камроқ бўлиши мумкин бўлса, одатда мазкур ҳолат бошқа товон (яъни идентификацияланмайдиган товарлар ёки хизматлар) ташкилот томонидан қабул қилинганлигини (ёки қабул қилинишини) кўрсатади. Ташкилот мазкур МҲХСга мувофиқ қабул қилинган идентификацияланадиган товарлар ёки хизматларни баҳолаши лозим. Ташкилот қабул қилинган (қабул қилинадиган) идентификацияланмайдиган товарлар ёки хизматларни акцияларга асосланган тўловнинг ҳаққоний қиймати ва ҳар қандай қабул қилинган (қабул қилинадиган) идентификацияланадиган товарлар ёки хизматларнинг ҳаққоний қиймати ўртасидаги фарқ сифатида баҳолаши лозим. Ташкилот қабул қилинган идентификацияланмайдиган товарлар ёки хизматларни тақдим этиш санасида баҳолаши лозим. Лекин, пул маблағлари билан сўндириладиган операциялар учун мажбурият 30-33 бандларга мувофиқ сўндирилгунга қадар ҳар бир ҳисобот даври охирида қайта баҳоланиши лозим.



Хизматлар қабул қилинадиган операциялар


14. Агар тақдим этилган улушли инструментлар бўйича ҳуқуқлар дарҳол ўтказилса, контрагентдан мазур улушли инструментлар бўйича шартсиз эгалик ҳуқуқига эга бўлишидан олдин муайян хизмат муддатини якунлаши талаб этилмайди. Бунга зид далил мавжуд бўлмаганда, ташкилот, улушли инструментлар учун товон сифатида контрагент томонидан кўрсатилган хизматлар қабул қилинган, деб фараз қилиши лозим. Мазкур ҳолатда, тақдим этиш санасида ташкилот қабул қилинган хизматларни тўлиқ ҳажмда, хусусий капиталдаги тегишли ўсиш билан бирга тан олиши лозим.


15. Агар тақдим этилган улушли инструментлар бўйича ҳуқуқ контрагент муайян хизмат муддатини якунлашига қадар ўтказилмаса, ташкилот мазкур улушли инструментлар учун товон сифатида контрагент томонидан кўрсатиладиган хизматлар келгусида, ҳуқуқ ўтиш даври мобайнида қабул қилинади, деб фараз қилиши лозим. Ташкилот мазкур хизматларни улар контрагент томонидан ҳуқуқ ўтиш даври мобайнида кўрсатилиши билан, хусусий капиталдаги тегишли ўсиш билан бирга ҳисобга олиши лозим. Масалан:

(a) агар ходимга уч йиллик хизматни якунлаш шарти билан акция опционлари тақдим этилса, ташкилот, акция опционлари учун товон сифатида ходим томонидан кўрсатиладиган хизматлар келгуси уч йиллик ҳуқуқ ўтиш даври мобайнида қабул қилинади деб фараз қилиши лозим.

(б) агар ходимга акция опционлари маълум фаолият натижасига эришиш ва ташкилотда ушбу фаолият натижасига эришилгунга қадар ўз иш фаолиятини давом эттириш шарти билан тақдим этилса ва ҳуқуқ ўтиш даврининг муддати ушбу фаолият натижасига эришиш пайтига боғлиқ равишда ўзгарса, ташкилот акция опционлари учун товон сифатида ходим томонидан кўрсатиладиган хизматлар келгусида, кутилаётган ҳуқуқ ўтиш даври мобайнида қабул қилинади деб фараз қилиши лозим. Ташкилот кутилаётган ҳуқуқ ўтиш даврининг давомийлигини фаолият натижасининг энг катта эҳтимолли натижасига асосланган ҳолда, опционларни тақдим этиш санасида баҳолаши лозим. Агар фаолият натижасига эришиш шарти бозор шарти бўлса, кутилаётган ҳуқуқ ўтиш даврининг баҳоланган давомийлиги тақдим этилган опционларнинг ҳаққоний қийматини баҳолашда фойдаланиладиган фаразларга мос бўлиши ва кейинги даврларда ўзгартирилмаслиги лозим. Агар фаолият натижаси шарти бозор шарти бўлмаса, ташкилот лозим бўлганда, агар кейинги маълумотлар ҳуқуқ ўтиш даври давомийлигининг олдинги баҳоланишларидан фарқ қилишини кўрсатса, ҳуқуқ ўтиш даври давомийлигининг баҳоланишини қайта кўриб чиқиши лозим.



Тақдим этилган улушли

инструментларнинг ҳаққоний қиймати

асосида баҳоланган операциялар


Тақдим этилган улушли инструментларнинг

ҳаққоний қийматини аниқлаш


16. Тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қиймати асосида баҳоланадиган операциялар бўйича, ташкилот тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қийматини бозор нархларида (агар улар мавжуд бўлса) ушбу улушли инструментлар тақдим этилган шартларни ҳисобга олган ҳолда (19-22-бандлардаги талабларга мувофиқ) баҳолаш санасига аниқлаши лозим.


17. Агар бозор нархлари мавжуд бўлмаса, ташкилот тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қийматини, улушли инструментларнинг нархи ўзаро операцияларни амалга оширишни истаган хабардор мустақил томонлар ўртасидаги операцияда баҳолаш санасида қандай бўлишини баҳолаш мақсадида баҳолаш усулидан фойдаланган ҳолда баҳолаши лозим. Баҳолаш усули молиявий инструментларни баҳолаш бўйича умумий қабул қилинган баҳолаш услубиётларига мос бўлиши лозим ва операцияни амалга оширишни истаган, хабардор бозор иштирокчилари нархни белгилашда инобатга олиши мумкин бўлган барча омиллар ва фаразларни қамраб олиши лозим (19-22 бандлардаги талабларга мувофиқ).


18. Б иловада акциялар ва акция опционларининг ҳаққоний қийматини баҳолаш бўйича ходимларга акцияларни ёки акция опционларини тақдим этишнинг умумий хусусиятлари бўлган муайян шартларга асосий эътибор қаратиладиган қўшимча кўрсатма келтирилган.



Ҳуқуқларнинг ўтиш шартларини ҳисобга олиш


19. Улушли инструментларнинг тақдим этилиши ҳуқуқ ўтишининг муайян шартларини бажариш шартига боғлиқ бўлиши мумкин. Масалан, ходимга акцияларни ёки акция опционларини тақдим этиш, одатда, ходимнинг ташкилотда ўз иш фаолиятини белгиланган давр мобайнида давом эттириш шартига боғлиқ бўлади. Ташкилот фойдасининг маълум бир ўсишига ёки ташкилот акцияси нархининг маълум даражада ошишига эришиш каби фаолият натижасига эришиш шартлари бўлиши мумкин. Баҳолаш санасида акциялар ва акция опционларининг ҳаққоний қийматини баҳолашда бозор шартларидан фарқ қиладиган ҳуқуқ ўтиш шартлари ҳисобга олинмаслиги лозим. Бунинг ўрнига, бозор шартлари ҳисобланмайдиган ҳуқуқ ўтиш шартлари операция суммасини баҳолашда ҳисобга олинган улушли инструментларнинг миқдорини тузатиш орқали инобатга олиниши лозим, бунинг натижасида, якуний босқичда, тақдим этилган улушли инструментлар учун товон сифатида қабул қилинган товарлар ёки хизматлар бўйича тан олинган сумма ҳақиқатда ўтадиган улушли инструментларнинг миқдорига асосланган бўлиши лозим. Шундай қилиб, 21-банддаги талаблар инобатга олинган ҳолда, агар тақдим этилган улушли инструментлар, бозор шартлари ҳисобланмайдиган ҳуқуқ ўтиш шарти бажарилмаслиги сабабли ўтказилмаса, масалан контрагент белгиланган хизмат даврини якунламаса ёки маълум фаолият натижасига эришилмаса, кумулятив асосда қабул қилинган товарлар ёки хизматлар учун ҳеч қандай сумма тан олинмайди.


20. 19-банд талабларини қўллашда, ташкилот, ҳуқуқ ўтиши кутилаётган улушли инструментлар миқдорининг энг яхши мавжуд ҳисоб баҳосига асосланган ҳолда ҳуқуқ ўтиш даври мобайнида қабул қилинган товарлар ёки хизматлар бўйича суммани тан олиши лозим ва мазкур ҳисоб баҳосини, зарур бўлганда, агар кейинги маълумотлар ўтиши кутилган улушли инструментлар миқдори олдинги ҳисоб баҳоларидан фарқ қилишини кўрсатса, қайта кўриб чиқиши лозим. Ҳуқуқ ўтиш санасида, ташкилот, 21-банддаги талабларни инобатга олган ҳолда, якуний тарзда ўтган улушли инструментлар миқдорига тенглаштириш учун ҳисоб баҳосини қайта кўриб чиқиши лозим.


21. Ҳуқуқ ўтишида (ёки амалга оширилишида) шарт қилиб белгиланган акция нархи каби бозор шартлари тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қийматини баҳолашда инобатга олиниши лозим. Шунинг учун, улушли инструментларни бозор шартлари билан бирга тақдим этишда, ташкилот бошқа барча ҳуқуқ ўтиш шартларини қаноатлантирадиган контрагентдан қабул қилинадиган товарлар ёки хизматларни (масалан белгиланган хизмат даврида иш фаолиятини давом эттирадиган ходимдан қабул қилинадиган хизматларни) ушбу бозор шарти бажарилишидан қатъий назар тан олиши лозим.



Ҳуқуқлар ўтмаслиги шартларини ҳисобга олиш


21A. Шу каби, ташкилот тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қийматини баҳолашда барча ҳуқуқларнинг ўтмаслиги шартларини инобатга олиши лозим. Шунинг учун, ҳуқуқларнинг ўтмаслиги шартларига эга улушли инструментларни тақдим этиш учун, ташкилот бозор шартлари ҳисобланмайдиган барча ҳуқуқларнинг ўтиш шартларини қаноатлантирадиган контрагентдан қабул қилинадиган товарлар ёки хизматларни (масалан белгиланган хизмат даврида иш фаолиятини давом эттирадиган ходимдан қабул қилинадиган хизматларни) ушбу ҳуқуқларнинг ўтмаслиги шартлари бажарилишидан қатъий назар тан олиши лозим.



Револьвер шартни ҳисобга олиш


22. Револьвер шартига эга опционларда, тақдим этилган опционларни баҳолаш санасида ҳаққоний қийматини баҳолашда револьвер шарти инобатга олинмаслиги лозим. Бунинг ўрнига револьвер опциони, агар кечроқ тақдим этилса, янги опционни тақдим этиш сифатида тақдим этилган пайтда ҳисобга олишини лозим.



Ҳуқуқлар ўтиши санасидан сўнг


23. 10-22-бандларга мувофиқ қабул қилинган товарлар ёки хизматлар ва хусусий капиталдаги тегишли ўсиш тан олинган ҳолда, ташкилот ҳуқуқ ўтиш санасидан сўнг жами хусусий капиталга ҳеч қандай кейинги тузатишни амалга оширмаслиги лозим. Масалан, ташкилот, агар ходим унга ҳуқуқ ўтган улушли инструментлардан кейинчалик маҳрум бўлса ёки акция опционлари ҳолатида, опционлар амалга оширилмаса, ходимдан қабул қилинган хизматлар учун тан олинган суммани кейинчалик қайта тикламаслиги лозим. Лекин, мазкур талаб ташкилотни хусусий капитал ичидаги ўтказмани, яъни хусусий капиталнинг бир компонентидан бошқасига ўтказмани тан олишига тўсқинлик қилмайди.



Агар улушли инструментларнинг ҳаққоний

қийматини ишончли баҳолаш мумкин бўлмаса


24. 16-23-бандлардаги талаблар ташкилотдан тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қиймати асосида акцияларга асосланган тўлов операциясини баҳолаш талаб этилганда қўлланиши лозим. Камдан-кам ҳолатларда, ташкилот тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қийматини баҳолаш санасида 16-22 бандлардаги талабларга мувофиқ ишончли баҳолаш имконига эга бўлмаслиги мумкин. Фақатгина қуйидаги камдан-кам ҳолатларда, ташкилот:

(a) улушли инструментларни уларнинг ички қийматида баҳолайди, ушбу баҳолаш дастлаб ташкилот товарларни олганда ёки контрагент хизматни кўрсатганда ва кейинчалик ҳар бир ҳисобот даври охирида ва якуний сўндириш санасида амалга оширилиши ҳамда ички қийматдаги ҳар қандай ўзгариш фойда ёки зарарда тан олиниши лозим. Тақдим этилган акция опционлари бўйича акцияларга асосланган тўлов келишуви якуний тарзда опционлар амалга оширилганда, уларга нисбатан ҳуқуқ йўқотилганда (масалан ҳодимнинг ишдан кетиши) ёки опцион ўз кучини йўқотганда (масалан опцион муддатининг охирида) сўндирилади.

(б) қабул қилинган товарлар ёки хизматларни якуний ўтадиган ёки (ўринли бўлганда) якуний тарзда амалга ошириладиган улушли инструментлар миқдорига асосланган ҳолда тан олиши лозим. Ушбу талабни акция опционларига нисбатан қўллашда, масалан, ташкилот 14 ва 15-бандларга мувофиқ ҳуқуқ ўтиш даври мобайнида, агар мавжуд бўлса, қабул қилинган товарлар ёки хизматларни тан олиши лозим, бунда 15(б)-банддаги бозор шартига тегишли талаблар қўлланмайди. Ҳуқуқ ўтиш даври мобайнида қабул қилинган товарлар ёки хизматлар учун тан олинган сумма ўтказилиши кутилаётган акция опционлари миқдорига асосланган бўлиши лозим. Агар кейинги маълумотлар ўтказилиши кутилаётган акция опционлари сонининг олдинги ҳисоб баҳоларидан фарқ қилишини кўрсатса, ташкилот ушбу ҳисоб баҳосини, зарур бўлганда, қайта кўриб чиқиши лозим. Ҳуқуқ ўтиши санасида ташкилот якуний тарзда ўтган улушли инструментлар миқдорига тенглаштириш учун ҳисоб баҳосини қайта кўриб чиқиши лозим. Ҳуқуқ ўтиши санасидан сўнг, агар акция опционларига нисбатан ҳуқуқ кейинчалик йўқотилса ёки акция опционининг муддати охирида ўз кучини йўқотса, ташкилот қабул қилинган товарлар ёки хизматлар учун тан олинган суммани қайта тиклаши лозим.


25. Агар ташкилот 24-бандни қўлласа, 26-29-бандларни қўллаш талаб этилмайди, чунки улушли инструментлар тақдим этилган шартларига нисбатан ҳар қандай ўзгартиришлар 24-бандда белгиланган ички қиймат усулини қўллашда инобатга олинади. Лекин, агар ташкилот 24-банд қўлланган тақдим этилган улушли инструментларни сўндирса:

(a) агар сўндириш ҳуқуқ ўтиш даври мобайнида содир бўлса, ташкилот сўндиришни ҳуқуқ ўтишини тезлаштириш сифатида ҳисобга олиши лозим ва шу сабабли дарҳол ҳуқуқ ўтиш даврининг қолган қисми мобайнида қабул қилинган хизматлар учун акс ҳолда тан олиниши мумкин бўлган шундай суммани тан олиши лозим.

(б) сўндириш бўйича амалга оширилган ҳар қандай тўлов улушли инструментларни қайта сотиб олиш сифатида, яъни хусусий капиталдан чегириш сифатида ҳисобга олиниши лозим, бундан тўлов қайта баҳолаш санасида баҳоланган улушли инструментларнинг ички қийматидан ошган ҳолат мустасно. Ҳар қандай бундай ошган қисм харажат сифатида тан олиниши лозим.



Тақдим этилган улушли инструментлар

шартларининг ўзгариши, шу жумладан

бекор қилиш ва сўндириш


26. Ташкилот улушли инструментлар тақдим этилиши шартларини ўзгартириши мумкин. Масалан, у ходимларга тақдим этилган опционларнинг ҳаққоний қийматини оширадиган фойдаланиш нархини камайтириши (яъни опционларни қайта нархлаши) мумкин. Ўзгартиришлар таъсирларини ҳисобга олиш бўйича 27-29 бандлардаги талаблар ходимлар билан акцияларга асосланган тўлов операциялари ҳолатида ифодаланган. Лекин, ушбу талаблар тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қиймати асосида баҳоланган, ходимлардан бошқа томонлар билан акцияларга асосланган тўлов операцияларига нисбатан ҳам қўлланиши лозим. Кейинги ҳолатда, 27-29-бандлардаги тақдим этиш санасига ҳар қандай ҳаволалар ўрнига ташкилот, товарларга эга бўладиган ёки контрагент хизматни кўрсатадиган санага ҳавола қилиши лозим.


27. Ташкилот энг камида, агар ушбу улушли инструментлар тақдим этиш санасида белгиланган (бозор шартлари ҳисобланмайдиган) ҳуқуқ ўтиш шарти бажарилмаслиги сабабли ўтказилмаса, тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қиймат бўйича тақдим этиш санасида баҳоланган қабул қилинган хизматларни тан олиши лозим. Бу улушли инструментлар тақдим этилган шартларга нисбатан ҳар қандай ўзгартиришлардан ёки бекор қилишдан ёки сўндиришдан қатъий назар қўлланади. Шу билан бирга, ташкилот акцияларга асосланган тўлов келишувининг жами ҳаққоний қийматини оширадиган ёки бошқа ҳолларда ходимга манфаатли бўладиган ўзгартиришлар таъсирларини тан олиши лозим. Мазкур талабни қўллаш бўйича кўрсатма Б иловада келтирилган.


28. Агар улушли инструментларнинг тақдим этилиши ҳукуқ ўтиш даври мобайнида бекор қилинса ёки сўндирилса (ҳуқуқ ўтиш шартлари бажарилмаган ҳолатда бекор қилинган тақдим этишдан ташқари):

(a) ташкилот бекор қилишни ёки сўндиришни ҳуқуқ ўтишини тезлаштириш сифатида ҳисобга олиши лозим ва шу сабабли дарҳол бошқа ҳолларда ҳуқуқ ўтиш даврининг қолган қисми мобайнида қабул қилинган хизматлар учун тан олиниши мумкин бўлган суммани тан олиши лозим.

(б) тақдим этишнинг бекор қилиниши ёки сўндириш бўйича ходимга тўланган ҳар қандай тўлов хусусий капиталдаги улушни қайта сотиб олиш сифатида, яъни хусусий капиталдан чегириш сифатида ҳисобга олиниши лозим, бундан тўлов қайта баҳолаш санасида баҳоланган тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қийматидан ошган ҳолат мустасно. Ҳар қандай бундай ошган қисм харажат сифатида тан олиниши лозим. Лекин, агар акцияларга асосланган тўлов келишуви мажбурият компонентини ўз ичига олган бўлса, ташкилот мажбуриятнинг ҳаққоний қийматини бекор қилиш ёки сўндириш санасида қайта баҳолаши лозим. Мажбурият компонентини сўндириш бўйича амалга оширилган ҳар қандай тўлов мажбуриятни сўндириш сифатида ҳисобга олиниши лозим.

(в) Агар янги улушли инструментлар ходимга тақдим этилса ва ушбу янги улушли инструментлар тақдим этилган санада ташкилот тақдим этилган янги улушли инструментларни бекор қилинган улушли инструментларнинг ўрнини эгаллайдиган улушли инструментлар сифатида аниқласа, ташкилот ўрнини эгаллайдиган улушли инструментларнинг тақдим этилишини 27-бандга ва Б иловадаги кўрсатмага мувофиқ, улушли инструментларнинг дастлабки тақдим этилишининг ўзгартирилиши каби бир хил ҳисобга олиши лозим. Тақдим этилган қўшимча ҳаққоний қиймат, ўрнини эгаллайдиган улушли инструментлар тақдим этилган санада ўрнини эгаллайдиган улушли инструментларнинг ҳаққоний қиймати ва бекор қилинган улушли инструментларнинг соф ҳаққоний қиймати ўртасидаги фарқдир. Бекор қилинган улушли инструментларнинг соф ҳаққоний қиймати бевосита бекор қилишдан олдинги, уларнинг ҳаққоний қийматидан, юқоридаги (б) бандга мувофиқ хусусий капиталдан камайиш сифатида ҳисобга олинган ҳолда, улушли инструментларни бекор қилиниши бўйича ходимга тўланган ҳар қандай тўлов суммасининг чегирилганига тенгдир. Агар ташкилот тақдим этилган янги улушли инструментларни бекор қилинган улушли инструментларнинг ўрнини эгаллайдиган улушли инструментлар сифатида аниқламаса, ташкилот ушбу янги улушли инструментларни улушли инструментларнинг янги тақдим этилиши сифатида ҳисобга олиши лозим.


28A. Агар ташкилот ёки контрагент ҳуқуқлар ўтмаслиги шартини бажариш ёки бажармасликни танлай олса, ташкилот ҳуқуқ ўтиш даври мобайнида ташкилотнинг ёки контрагентнинг бу ўтмаслик шартини бажармаслигини бекор қилиш сифатида ҳисобга олиши лозим.


29. Агар ташкилот ходимга ҳуқуқи ўтган улушли инструментларни қайта сотиб олса, ходимга тўланган тўлов хусусий капиталдаги камайиш сифатида ҳисобга олиниши лозим, бундан тўлов қайта баҳолаш санасида баҳоланган тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қийматидан ошган ҳолат мустасно. Ҳар қандай бундай ошган қисм харажат сифатида тан олиниши лозим.



Пул маблағлари билан сўндириладиган

акцияларга асосланган тўлов операциялари


30. Пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операциялари бўйича ташкилот харид қилинган товарлар ёки хизматларни ва юзага келган мажбуриятни 31-33Г бандларнинг талабларига мувофиқ, мажбуриятнинг ҳаққоний қийматида баҳолаши лозим. Мажбурият сўндирилгунга қадар, ҳар бир ҳисобот даври охирида ва сўндириш санасида ташкилот мажбуриятнинг ҳаққоний қийматини қайта баҳолаши лозим ва ҳаққоний қийматдаги ҳар қандай ўзгаришлар давр учун фойда ёки зарарда тан олиниши лозим.


31. Масалан, ташкилот ходимларга уларнинг иш хақи пакетининг бир қисми сифатида акция қиймати ўсишидан фойда олиш ҳуқуқларини тақдим этиши мумкин, бунда ходимлар белгиланган давр мобайнида ташкилотнинг акция нархининг белгиланган даражадан ошишига асосланган ҳолда келгуси пул маблағлари тўловига (улушли инструментга эмас) нисбатан эгалик ҳуқуқига эга бўладилар. Муқобил тарзда, ташкилот, ўз ходимларига, мажбурий тарзда (масалан ишдан бўшашда) ёки ходим талаби билан сўндириладиган акцияларга (жумладан, акция опционлари амалга оширилганда чиқариладиган акцияларга) нисбатан ҳуқуқни тақдим этиш орқали уларга келгуси пул маблағлари тўловини олиш ҳуқуқини тақдим этиши мумкин. Бундай келишувлар пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияларига мисол бўлади. Акция қиймати ўсишидан фойда олиш ҳуқуқлари 32-33Г бандларидаги бази талабларни кўрсатиш учун фойдаланилади. Лекин, ушбу бандлардаги талаблар пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияларнинг барчасига қўлланади.


32. Ташкилот ходимлар томонидан хизмат кўрсатилиши билан қабул қилинган хизматларни ва ушбу хизматлар учун тўланадиган мажбуриятни тан олиши лозим. Масалан, айрим акция қиймати ўсишидан фойда олиш ҳуқуқлари тезда ўтади ва шу сабабли ходимлардан пул маблағлари тўловига нисбатан эгалик ҳуқуқини олиш учун белгиланган хизмат муддатини якунлаш талаб этилмайди. Бунга зид далил мавжуд бўлмаганда, ташкилот, акция қиймати ўсишидан фойда олиш ҳуқуқлари эвазига ходимлар томонидан кўрсатилган хизмат қабул қилинган деб фараз қилиши лозим. Шу тарзда, ташкилот қабул қилинган хизматларни ва улар учун тўланадиган мажбуриятни дарҳол тан олиши лозим. Агар акция қиймати ўсишидан фойда олиш ҳуқуқлари ходимлар белгиланган хизмат муддатини якунлагунга қадар ўтмаса, ташкилот, ходимлар хизматни кўрсатиши билан қабул қилинган хизматларни ва ушбу хизматлар учун тўланадиган мажбуриятни тан олиши лозим.


33. Мажбурият дастлаб ва сўндирулгунга қадар ҳар бир ҳисобот даври охирида акция қиймати ўсишидан фойда олиш ҳуқуқларининг ҳаққоний қийматида опцион нархини шакллантириш моделини қўллаш орқали, баҳоланиши лозим, бунда акция қиймати ўсишидан фойда олиш ҳуқуқлари тақдим этилган шартлар ва жорий санагача ходимлар томонидан кўрсатилган хизмат даражасида 33А-33Г бандлар талабларига мувофиқ ҳисобга олинади. Ташкилот пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов тақдим этиш шартларини ўзгартириши мумкин. Акцияларга асосланган тўлов операциясини, унинг таснифини пул маблағлари билан сўндириладиган синфдан улушли инструментлар билан сўндириладиган синфга ўзгартириш учун Б иловадаги Б44А-Б44В бандларда кўрсатма берилган.



Ҳуқуқ ўтиши ва ўтмаслиги

шартларини ҳисобга олиш


33A. Пул маблағлари билан ҳисоб-китоб қилинадиган акцияларга асосланган тўлов операцияси белгиланган ҳуқуқнинг ўтиш шартларини бажаришга боғлиқ бўлиши мумкин. Ташкилот фойдасининг маълум бир ўсишига ёки ташкилот акцияси нархининг маълум даражада ошишига эришиш каби фаолият натижасига эришиш шартлари бўлиши мумкин. Баҳолаш санасида пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўловнинг ҳаққоний қийматини баҳолашда бозор шартлари ҳисобланмайдиган ҳуқуқ ўтиш шартлари ҳисобга олинмаслиги лозим. Бунинг ўрнига, бозор шартлари ҳисобланмайдиган ҳуқуқ ўтиш шартлари операция натижасида юзага келадиган мажбуриятни баҳолашда ҳисобга олинган мукофотлар миқдорини тузатиш орқали инобатга олиниши лозим.


33Б. 33А банд талабларини қўллашда, ташкилот, ҳуқуқ ўтиш даври мобайнида қабул қилинган товарлар ёки хизматлар бўйича суммани тан олиши лозим. Мазкур сумма ҳуқуқ ўтиши кутилаётган мукофотларнинг миқдорининг энг яхши мавжуд ҳисоб баҳосига асосланган бўлиши лозим. Агар кейинги маълумотлар ўтказилиши кутилаётган мукофотлар миқдори олдинги ҳисоб баҳоларидан фарқ қилишини кўрсатса, ташкилот ушбу ҳисоб баҳосини, зарур бўлганда, қайта кўриб чиқиши лозим. Ҳуқуқ ўтиш санасида ташкилот якуний тарзда ҳуқуқи ўтган мукофотлар миқдорига тенглаштириш учун ҳисоб баҳосини қайта кўриб чиқиши лозим.


33В. Ҳуқуқ ўтишида (ёки амалга оширилишида) шарт қилинган мақсадли белгиланган акция нархи каби бозор шартлари ҳамда ҳуқуқ ўтмаслиги шартлари, пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўловнинг ҳаққоний қийматини баҳолашда ва хар бир ҳисобот даври охирида ва сўндириш санасида ҳаққоний қийматни қайта баҳолашда ҳисобга олиниши лозим.


33Г. 30-33В бандларини қўллаш натижасида, тақдим этилган пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов учун товон сифатида қабул қилинган, товарлар ёки хизматлар бўйича якунда тан олинган кумулятив сумма тўланган пул маблағларига тенгдир.



Тўлов манбаида ушлаб қолинадиган солиқ

мажбуриятлари бўйича нетто асосда сўндириладиган

акцияларга асосланган тўлов операциялари


33Д. Солиқ қонунчилиги ёки норматив ҳужжатлар ташкилотни ходимнинг акцияларга асосланган тўлов билан боғлиқ солиқ жавобгарлигини ходимдан ушлаб қолишга ва ушбу суммани, одатда пул маблағларида, ходим номидан солиқ органига ўтказишни талаб қилиши мумкин. Ушбу жавобгарликни бажариш учун, акцияларга асосланган тўлов келишувининг шартлари ташкилотга улушли инструментларини ходимнинг солиқ жавобгарлигининг пул маблағларига тенг қийматида акцияларга асосланган тўловнинг (яъни, акцияларга асосланган тўлов келишувида "нетто асосда сўндириш хусусияти" мавжуд) амалга оширилиши (ёки ўтиши) пайтида улушли инструментларнинг умумий сонидан ушлаб қолишга рухсат бериши ёки талаб қилиши мумкин.


33Е. 34-банд талабларидан истисно тариқасида, 33Д бандида таърифланган операция улушли инструментлар билан ҳисоб-китоб қилинадиган акциялар асосидаги тўлов бўйича операция сифатида, нетто-асосдаги ҳисоб-китоблар шарти бўлмаган ҳолатда у шу тарзда таснифланганидек, тўлиқ таснифланиши керак.


33Ё. Ташкилот ходимнинг акцияларга асосланган тўлов билан боғлиқ солиқ жавобгарлиги бўйича солиқ органларига тўловларни амалга оширишда акцияларни ушлаб қолиш учун мазкур стандартнинг 29-бандини қўллайди. Шунинг учун, амалга оширилган тўлов, сўндириш санасида тақдим этилган улушли инструментларнинг хаққоний қийматидан ошган холдан ташқари, тақдим этинган акцияларга нисбатан хусусий капиталдан чегириш сифатида ҳисобга олиниши лозим.


33Ж. 33Е банддаги истисно қуйидагиларга тадбиқ этилмайди:

(а) ташкилотнинг солиқ қонунчилигига ёки норматив ҳужжатларига мувофиқ акцияларга асосланган тўлов билан боғлиқ ходимнинг солиқ жавобгарлигига эга бўлмаган нетто асосда сўндириш хусусиятига эга акцияларга асосланган тўлов келишувига; ёки

(б) ташкилот ходимнинг акцияларга асосланган тўлов билан боғлиқ ортиқча солиқ жавобгарлигини ушлаб қоладиган хар қандай улушли инструментларига (яъни ташкилот ходимнинг солиқ жавобгарлигининг монетар қийматидан ортиқ миқдорда акцияларни ушлаб қолганда). Бундай ортиқча ушлаб қолинган акциялар, агар бу сумма ходимга пул маблағлари (ёки бошқа активлар) билан тўланган бўлса, пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов сифатида ҳисобга олинади.



Пул маблағлари муқобили билан амалга

оширилиши мумкин бўлган акцияга

асосланган тўлов операциялари


34. Келишув шартлари ташкилотга ёки контрагентга ташкилот операцияни пул маблағлари (ёки бошқа активлар) билан ёки улушли инструментларни чиқариш орқали сўндириш имкониятини таъминлайдиган, акцияларга асосланган тўлов операциялари, ташкилот ушбу операцияни ёки ушбу операциянинг компонентларини, агар ташкилотда пул маблағлари билан ёки бошқа активлар билан сўндириш бўйича мажбурият юзага келса ва ўша даражада пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияси сифатида ҳисобга олиши лозим ёки, агар бундай мажбурият юзага келмаса ва ўша даражада улушли инструментлар билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияси сифатида ҳисобга олиши лозим.



Келишув шартлари контрагентга сўндириш усулини

танлаш имкониятини берадиган акцияларга

асосланган тўлов операциялари


35. Агар ташкилот контрагентга акцияларга асосланган тўлов операциясини пул маблағлари(4) билан ёки улушли инструментларни чиқариш орқали сўндиришни танлаш ҳуқуқини тақдим этса, ташкилот қарз компонентини (яъни контрагентнинг пул маблағларидаги тўловни талаб қилиш ҳуқуқи) ва хусусий капитал компонентини (яъни контрагентнинг сўндиришни пул маблағлари билан эмас, балки улушли инструментлар билан талаб этиш ҳуқуқини) ўз ичига оладиган таркибли молиявий инструментни тақдим этган бўлади. Қабул қилинган товарлар ёки хизматларнинг ҳаққоний қиймати бевосита баҳоланадиган ва ходимлар бўлмаган бошқа томонлар билан операцияларда, ташкилот таркибли молиявий инструментнинг хусусий капитал компонентини товарлар ёки хизматлар қабул қилинган санада қабул қилинган товарлар ёки хизматларнинг ҳаққоний қиймати ва қарз компонентининг ҳаққоний қиймати ўртасидаги фарқ сифатида баҳолаши лозим.


36. Ходимлар билан операцияларни ўз ичига олган бошқа операциялар бўйича, ташкилот пул маблағлари ёки улушли инструментларга нисбатан ҳуқуқ тақдим этилган шартларни инобатга олган ҳолда, таркибли молиявий инструментнинг баҳолаш санасидаги ҳаққоний қийматини баҳолаши лозим.


37. 36-бандни қўллаш учун, контрагент улушли инструментни олиш учун пул маблағлари олиш ҳуқуқидан воз кечиши шартлигини ҳисобга олиб, ташкилот дастлаб қарз компонентининг ҳаққоний қийматини баҳолаши ва кейин хусусий капитал компонентининг ҳаққоний қийматини баҳолаши лозим. Таркибли молиявий инструментнинг ҳаққоний қиймати ушбу икки компонентларнинг ҳаққоний қийматларининг йиғиндисидир. Лекин, контрагент сўндириш усулини танлаш имкониятига эга бўлган акцияларга асосланган тўлов операциялари кўп ҳолларда бир сўндириш усули муқобилининг ҳаққоний қиймати бошқаси каби бир хил бўладиган тарзда тузилади. Масалан, контрагент акция опционларини ёки пул маблағлари билан сўндириладиган акция қиймати ўсишидан фойда олиш ҳуқуқлари танловига эга бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда, хусусий капитал компонентининг ҳаққоний қиймати нольга тенг ва шу билан бирга, таркибли молиявий инструментнинг ҳаққоний қиймати қарз компонентнинг ҳаққоний қийматига тенг бўлади. Аксинча, агар сўндириш усули муқобилларининг ҳаққоний қийматлари фарқ қилса, хусусий капитал компонентининг ҳаққоний қиймати одатда нолдан катта бўлади ва бунда таркибли молиявий инструментнинг ҳаққоний қиймати қарз компонентининг ҳаққоний қийматидан каттароқ бўлади.


38. Ташкилот қабул қилинган ёки харид қилинган товарлар ёки хизматларни таркибли молиявий инструментнинг ҳар бир компонентига нисбатан алоҳида ҳисобга олиши лозим. Қарз компоненти учун, ташкилот, пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияларига нисбатан қўлланиладиган талабларга (30-33 бандлар) мувофиқ, контрагент товарларни етказиб бериши ёки хизматларни кўрсатиши билан ташкилот харид қилинган товарлар ёки хизматларни ва ушбу товарлар ёки хизматлар бўйича тўлов мажбуриятини тан олиши лозим. Хусусий капитал компоненти учун (агар мавжуд бўлса), улушли инструментлар билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияларига нисбатан қўлланиладиган талабларга (10-29-бандлар) мувофиқ, контрагент товарларни етказиб бериши ёки хизматларни кўрсатиши билан ташкилот қабул қилинган товарлар ёки хизматларни ва хусусий капиталдаги ўсишни тан олиши лозим.


39. Сўндириш санасида, ташкилот мажбуриятни унинг ҳаққоний қийматида қайта баҳолаши лозим. Агар ташкилот сўндиришда пул маблағлари тўлашдан кўра улушли инструментлар чиқарса, мажбурият чиқарилган улушли инструментлар учун товон сифатида бевосита хусусий капиталга ўтказилиши лозим.


40. Агар ташкилот сўндиришда улушли инструментлар чиқаришдан кўра пул маблағлари тўласа, ушбу тўлов мажбуриятни тўлиқ сўндириши лозим. Олдин тан олинган ҳар қандай хусусий капитал компоненти хусусий капитал таркибида қолиши лозим. Сўндириш сифатида пул маблағларини олишни танлаш орқали, контрагент улушли инструментларни олиш ҳуқуқидан воз кечган бўлади. Лекин, мазкур талаб ташкилотни хусусий капитал ичидаги ўтказмани, яъни хусусий капиталнинг бир компонентидан бошқасига ўтказмани тан олишига тўсқинлик қилмайди.



Келишув шартлари ташкилотга сўндириш

усули танловини таъминлайдиган акцияларга

асосланган тўлов операциялари


41. Келишув шартлари ташкилотга пул маблағлари билан ёки улушли инструментларни чиқариш орқали сўндириш танловини таъминлайдиган акцияларга асосланган тўлов операцияси учун, ташкилот пул маблағлари билан сўндириш бўйича унинг мавжуд жавобгарликка эга ёки эга эмаслигини аниқлаши ва шунга мувофиқ тарзда акцияларга асосланган тўлов операциясини ҳисобга олиши лозим. Агар улушли инструментларда сўндириш танлови тижорий моҳиятга эга бўлмаса (масалан ташкилотнинг акциялар чиқариши қонун билан таъқиқланган бўлиши сабабли), ёки ташкилот пул маблағлари билан сўндириш бўйича олдинги шаклланган тажрибага ёки белгиланган сиёсатга эга бўлса, ёки умуман олганда контрагент пул маблағлари билан сўндиришни талаб этган пайтда пул маблағларида ҳисоб-китоб қилса, ташкилот пул маблағлари билан сўндириш бўйича мавжуд жавобгарликка эга бўлади.


42. Агар ташкилот пул маблағлари билан сўндириш бўйича мавжуд жавобгарликка эга бўлса, у операцияни 30-33 бандлардаги пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияларига нистабан қўлланадиган талабларга мувофиқ ҳисобга олиши лозим.


43. Агар бундай жавобгарлик мавжуд бўлмаса, ташкилот операцияни 10-29 бандлардаги улушли инструментлар билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияларига нисбатан қўлланадиган талабларга мувофиқ ҳисобга олиши лозим. Ҳисоб-китоб қилишда:

(a) агар ташкилот пул маблағлари билан сўндиришни танласа, пул маблағлари тўлови, қуйидаги (б) кичик бандда келтирилган ҳолатдан ташқари, хусусий капиталдаги улушнинг қайта сотиб олиш сифатида яъни хусусий капиталдан чегириш сифатида ҳисобга олиниши лозим.

(б) агар ташкилот улушли инструментлар чиқариш орқали сўндиришни танласа, қуйидаги (в) кичик бандда келтирилган ҳолатдан ташқари, кейинги ҳисобга олиш талаб этилмайди (хусусий капиталнинг бир компонентидан бошқасига ўтказилишидан ташқари, агар зарур бўлса).

(в) агар ташкилот сўндириш санасида юқорироқ ҳаққоний қийматга эга бўлган сўндириш усули муқобилини танласа, ташкилот тақдим этилган ортиқча қиймат, яъни тўланган пул маблағлари ва бошқа ҳолларда чиқарилиши мумкин бўлган улушли инструментларнинг ҳаққоний қиймати ўртасидаги, ёки чиқарилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қиймати ва бошқа ҳолларда тўланиши мумкин бўлган пул маблағларининг суммаси ўртасидаги фарқ (қайси бири ўринли бўлса) бўйича қўшимча харажатни тан олиши лозим.



Гуруҳ ташкилотлари ўртасида

акцияларга асосланган тўлов операциялари

(2009 йилдаги ўзгартиришлар)


43A. Гуруҳ ташкилотлари ўртасида акцияларга асосланган тўлов операциялари учун, ўзининг идивидуал ёки алоҳида молиявий ҳисоботида товар ёки хизматларни қабул қиладиган ташкилот қабул қилинган товарлар ёки хизматларни қуйидагиларни баҳолаш орқали улушли инструментлар билан ёки пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операциялари сифатида баҳолаши лозим:

(a) тақдим этилган мукофотларнинг характери ва

(б) ўзининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари.

Товар ёки хизматларни қабул қиладиган ташкилот томонидан тан олинган сумма акцияларга асосланган тўлов операциясини сўндирган консолидациялашган гуруҳ ёки гуруҳдаги бошқа ташкилот томонидан тан олинган суммадан фарқ қилиши мумкин.


43Б. Товарлар ёки хизматларни қабул қилувчи ташкилот қабул қилинган товарлар ёки хизматларни қуйидаги ҳолларда улушли инструментлар билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияси сифатида баҳолаши лозим:

(a) тақдим этилган мукофотлар ўзининг улушли инструментлари бўлса, ёки

(б) ташкилот акцияларга асосланган тўлов операциясини сўндириш бўйича жавобгарликка эга бўлмаса.

Ташкилот кейинчалик 19-21 бандларга мувофиқ фақат бозор шартлари ҳисобланмайдиган ҳуқуқ ўтиш шартларидаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда бундай улушли инструментлар билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операциясини қайта баҳолаши лозим. Бошқа барча ҳолатларда, товарлар ёки хизматларни қабул қилувчи ташкилот қабул қилинган товарлар ёки хизматларни пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияси сифатида баҳолаши лозим.


43В. Акцияларга асосланган тўлов операциясини гуруҳдаги бошқа ташкилот товарлар ёки хизматларни қабул қилганда ҳисоб-китоб қиладиган ташкилот бундай операцияни, агар у ташкилотнинг ўз улушли инструментлари билан сўндирилса, улушли инструментлар билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияси сифатида тан олиши лозим. Акс ҳолда, операция пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияси сифатида тан олиниши лозим.


43Г. Айрим гуруҳ операциялари қайта тўлов келишувларини ўз ичига олиб, ушбу келишувлар гуруҳнинг бир ташкилотидан бошқа ташкилотига товарлар ёки хизматлар етказиб берувчиларига тўланган акцияларга асосланган тўловлар учун компенсация тўлашни талаб этади. Бундай ҳолатларда, товарлар ёки хизматларни қабул қиладиган ташкилот 43Б бандга мувофиқ гуруҳ ичидаги компенсация келишувларидан қатъий назар, акцияларга асосланган тўлов операциясини ҳисобга олиши лозим.



Маълумотларни ёритиб бериш


44. Ташкилот молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчиларга давр мобайнида мавжуд бўлган акцияларга асосланган тўлов операцияларининг характерини ва миқдорини тушуниш имконини берадиган маълумотларни ёритиб бериши лозим.


45. 44-бандда белгиланган тамойилни амалга ошириш учун ташкилот камида қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) давр мобайнида мавжуд бўлган акцияларга асосланган тўлов операциясининг ҳар бир турининг тавсифи, жумладан ҳар бир келишувнинг умумий шартлари, масалан ўтиш талаблари, тақдим этилган опционларнинг максимум муддати ва сўндириш усули (масалан пул маблағлари билан ёки улушли инструментлар билан). Агар 44-банддаги тамойилни амалга ошириш учун ҳар бир келишув бўйича алоҳида ёритиб бериш зарур бўлмаса, акцияларга асосланган тўлов операцияларининг аҳамиятли даражада ўхшаш турларига эга ташкилот ушбу маълумотларни умумлаштириши мумкин.

(б) қуйидаги опцион гуруҳларининг ҳар бири учун акция опционларининг миқдори ва тортилган ўртача фойдаланиш нархларини:

(i) давр бошида амалда бўлган;

(ii) давр мобайнида тақдим этилган;

(iii) давр мобайнида уларга нисбатан ҳуқуқ йўқотилган;

(iv) давр мобайнида амалга оширилган;

(v) давр мобайнида муддати тугаган;

(vi) давр охирида амалда бўлган; ва

(vii) давр охирида амалга ошириладиган.

(в) давр мобайнида амалга оширилган акция опционлар учун амалга ошириш санасидаги тортилган ўртача акция нархи. Агар опционлар давр мобайнида мунтазам равишда амалга оширилган бўлса, ташкилот давр мобайнидаги тортилган ўртача акция нархини ёритиб бериши мумкин.

(г) давр охирида амалда бўлган акция опционлари учун, амалга ошириш нархларининг диапазони ва шартнома амал қилиш муддатининг тортилган ўртача қолдиғи. Агар амалга ошириш нархларининг диапазони кенг бўлса, амалдаги опционлар чиқарилиши мумкин бўлган қўшимча акцияларнинг миқдорини ва муддатини ва ушбу опционлар амалга оширилишида олиниши мумкин бўлган пул маблағларини баҳолашда мазмунга эга бўладиган диапазонларга бўлиниши лозим.


46. Ташкилот молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчиларга қабул қилинган товарлар ёки хизматларнинг ёки тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қийматини давр мобайнида қандай аниқланганлигини тушуниш имконини берадиган маълумотларни ёритиб бериши лозим.


47. Агар ташкилот ўзининг улушли инструментлари учун товон сифатида қабул қилинган товарлар ёки хизматларнинг ҳаққоний қийматини билвосита, яъни тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қиймати асосида баҳолаган бўлса, 46-банддаги тамойилни амалга ошириш учун, ташкилот камида қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) давр мобайнида тақдим этилган акция опционлари учун, баҳолаш санасидаги ушбу опционларнинг ҳаққоний қиймати ва ушбу ҳаққоний қиймат қандай баҳоланганлиги тўғрисидаги маълумотлар, жумладан:

(i) фойдаланилган опцион нархини шакллантириш модели ва ушбу моделдаги кирувчи маълумотлар, шу жумладан акциянинг тортилган ўртача нархи, амалга ошириш нархи, кутилаётган ўзгарувчанлик, опцион муддати, кутилаётган дивидендлар, рискдан-холи фоиз ставкаси ва моделдаги бошқа ҳар қандай кирувчи маълумотлар, шу жумладан фойдаланилган модел ва кутилаётган муддатидан олдин амалга оширишнинг таъсирларини инобатга олишда қилинган фаразлар;

(ii) кутилаётган ўзгарувчанлик қандай аниқланганлиги, жумладан кутилаётган ўзгарувчанлик олдинги ўзгарувчанликка асосланган даражанинг изоҳи; ва

(iii) опционни тақдим этишнинг ҳар қандай бошқа хусусиятлари, масалан бозор шартлари, ҳаққоний қийматни баҳолашда инобатга олинганлиги ва қандай инобатга олинганлиги.

(б) давр мобайнида тақдим этилган бошқа улушли инструментлар учун (яъни акция опционларидан ташқари), баҳолаш санасидаги ушбу улушли инструментларнинг миқдори ва тортилган ўртача ҳаққоний қиймати ва ушбу ҳаққоний қиймат қандай баҳоланганлиги тўғрисидаги маълумотлар, жумладан:

(i) агар ҳаққоний қиймат кузатиладиган бозор нархи асосида баҳоланмаган бўлса, у қандай аниқланганлиги;

(ii) кутилаётган дивидендлар ҳаққоний қийматни баҳолашда инобатга олинган ёки олинмаганлиги ва қандай инобатга олинганлиги; ва

(iii) тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳар қандай бошқа жиҳатлари ҳаққоний қийматни баҳолашда инобатга олинган ёки олинмаганлиги ва қандай инобатга олинганлиги.

(в) давр мобайнида ўзгартирилган акцияларга асосланган тўлов келишувлари учун:

(i) ушбу ўзгартиришларнинг изоҳи;

(ii) тақдим этилган қўшимча ҳаққоний қиймат (ушбу ўзгартиришлар натижасида); ва

(iii) ўринли бўлганда, юқоридаги (а) ва (б) бандларда белгиланган талабларга мувофиқ, тақдим этилган қўшимча ҳаққоний қиймат қандай баҳоланганлиги тўғрисидаги маълумотлар.


48. Агар ташкилот давр мобайнида қабул қилинган товарлар ёки хизматларнинг ҳаққоний қийматини бевосита баҳолаган бўлса, ташкилот ушбу ҳаққоний қиймат қандай аниқланганлигини, масалан ҳақконий қиймат ушбу товарлар ёки хизматлар учун бозор нархида баҳоланганлигини, ёритиб бериши лозим.


49. Агар ташкилот 13-банддаги фаразни рад этса, у ушбу фактни ва фараз нима учун рад этилганлигига изоҳни ёритиб бериши лозим.


50. Ташкилот акцияларга асосланган тўлов операцияларининг ташкилотнинг давр учун фойда ёки зарарига ва унинг молиявий ҳолатига нисбатан таъсирини молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчилар тушуниши имконини берадиган маълумотларни ёритиб бериши лозим.


51. 50-бандда белгиланган тамойилни амалга ошириш учун ташкилот камида қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) қабул қилинган товарлар ёки хизматлар актив сифатида тан олиш мезонига жавоб бермаган ва шу сабабли бевосита харажат сифатида тан олинган акцияларга асосланган тўлов операцияларидан юзага келадиган давр учун тан олинган жами харажатлар, жумладан жами харажатнинг улушли инструментлар билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операциялари сифатида ҳисобга олинган операциялардан юзага келадиган қисмининг алоҳида ёритиб берилиши;

(б) акцияларга асосланган тўлов операцияларидан юзага келадиган мажбуриятлар бўйича:

(i) давр охирига жами баланс қиймати; ва

(ii) давр охирига контрагентнинг пул маблағларига ёки бошқа активларига нисбатан ҳуқуқи ўтиши учун мажбуриятларнинг (масалан, акция қиймати ўсишидан фойда олиш ҳуқуқлари ўтган) давр охиридаги жами ички қиймати.


52. Агар мазкур МҲХСга асосан ёритиб берилиши талаб этилган маълумотлар 44, 46 ва 50-бандлардаги тамойилларга жавоб бермаса, ташкилот уларни жавоб бериши учун зарур бўлган қўшимча маълумотларни ёритиб бериши лозим. Масалан, ташкилот 33Е бандга мувофиқ ҳар қандай акцияларга асосланган тўлов операцияларини улушли инструментлар билан сўндириладиган операция сифатида таснифласа, акцияларга асосланган тўлов келишуви билан боғлиқ келгуси пул оқимларининг таъсирлари тўғрисида фойдаланувчиларни хабардор қилиш зарур бўлганда, ташкилот ходимларга солиқ жавобгарлигини сўндириш учун солиқ органига ўтказиладиган таҳминий суммани ёритиб бериши лозим.



Ўтиш қоидалари


53. Улушли инструментлар билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операциялари учун, ташкилот 2002 йил 7 ноябрдан сўнг тақдим этилган ва мазкур МҲХСнинг кучга кириш санасида ҳуқуқи ўтмаган акцияларнинг, акция опционларининг ёки бошқа улушли инструментларнинг тақдим этилишига нисбатан қўллаши лозим.


54. Агар ташкилот баҳолаш санасида улушли инструментларнинг аниқланган ҳаққоний қийматини ёритиб берган бўлса, ташкилотнинг бундай улушли инструментларнинг бошқа тақдим этилишига мазкур МҲХСни қўллаши маъқулланади, лекин талаб этилмайди.


55. Мазкур МҲХС қўлланган улушли инструментларнинг барча тақдим этилишлари учун, ташкилот қиёсий маълумотларни қайта ҳисоблаши ва ўринли бўлганда, тақдим этилган энг олдинги давр учун тақсимланмаган фойданинг давр бошига қолдиғига тузатиш киритиши лозим.


56. Мазкур МҲХС қўлланмаган улушли инструментларнинг барча тақдим этилишлари учун (2002 йил 7 ноябрда ва ундан олдин тақдим этилган улушли инструментлар), ташкилот бунга қарамасдан 44 ва 45-бандларда талаб этилган маълумотларни ёритиб бериши лозим.


57. Агар, МҲХС кучга киргандан сўнг, ташкилот мазкур МҲХС қўлланмаган улушли инструментларнинг тақдим этилиш шартларини ўзгартирса, шунга қарамасдан бундай ўзгартиришларни ҳисобга олиш учун 26-29 бандларни қўллаши лозим.


58. Мазкур МҲХС кучга кириш санасида мавжуд бўлган акцияларга асосланган тўлов операцияларидан юзага келадиган мажбуриятлар учун, ташкилот МҲХСни ретроспектив тарзда қўллаши лозим. Ушбу мажбуриятлар учун ташкилот қиёсий маълумотларни қайта ҳисоблаши, жумладан қиёсий маълумотлар қайта ҳисобланган ҳолда тақдим этилган энг олдинги давр учун тақсимланмаган фойданинг давр бошига қолдиғига тузатиш киритиши лозим, бунда ташкилотдан маълумотлар 2002 йил 7 ноябрдан олдинроқ бўлган даврга ёки санага тегишли бўлган қиёсий маълумотларни қайта ҳисоблаш талаб этилмайди.


59. Ташкилотнинг акцияларга асосланган тўлов операцияларидан юзага келадиган бошқа мажбуриятларга, масалан қиёсий маълумотлар тақдим этилган давр мобайнида ҳисоб-китоб қилинган мажбуриятларга МҲХСни ретроспектив тарзда қўллаши маъқулланади, лекин талаб этилмайди.


59A. Ташкилот 30-31, 33-33Ж ва Б44А-Б44В бандлардаги ўзгартиришларни қуйидагича қўллаши лозим. Ўтган даврлар қайта ҳисобланмаслиги лозим.

(a) Б44А-Б44В бандлардаги ўзгартиришлар, фақат ташкилот ушбу ўзгартиришларни биринчи марта ёки ундан кейин қўллаганда содир бўлган ўзгартиришларга қўлланади.

(б) 30-31 ва 33-33Г бандлардаги ўзгартиришлар, ташкилот ушбу ўзгартиришларни биринчи марта қўллаган санада мавжуд бўлмаган акцияларга асосланган тўлов операцияларига ва биринчи марта қўллаган санадан ёки ундан кейин тақдим этиш муддати билан акцияларга асосланган тўлов операцияларига нисбатан қўлланади. Ушбу ўзгартиришларни биринчи марта қўлланган кундан олдин тақдим этилган ҳуқуқ ўтмаган акцияларга асосланган тўлов операциялари учун, ташкилот ўша санада мажбуриятни қайта баҳолаши ва қайта баҳолаш таъсирини ўзгартиришлар биринчи марта қўлланган ҳисобот даврининг бошидаги тақсимланмаган фойдасида (ёки ўринли бўлса, хусусий капиталнинг бошқа компонентида) тан олиши лозим.

(в) 33Д-33Ж бандларга ўзгартиришлар ва 52 бандга ўзгартириш, ташкилот бу ўзгартиришларни биринчи марта қўллаган санада тақдим этилган ҳуқуқ ўтмаган (ёки ҳуқуқ ўтган, лекин амалга оширилмаган) акцияларга асосланган тўлов операцияларига ва биринчи марта қўллаган санадан ёки ундан кейин тақдим этиш муддати билан акцияларга асосланган тўлов операцияларига нисбатан қўлланади. Олдин пул маблағлари билан сўндириладиган операция сифатида таснифланган, лекин ҳозир ўзгартиришларга мувофиқ улушли инструментлар билан сўндириладиган операция сифатида таснифланган ҳуқуқ ўтмаган (ёки ҳуқуқ ўтган, лекин амалга оширилмаган) акцияларга асосланган тўлов операциялари (ёки уларнинг компонентлари) учун, ташкилот ушбу ўзгартиришларни биринчи марта қўлланган санада акцияларга асосланган тўлов мажбуриятининг баланс қийматини хусусий капиталга қайта таснифлаши лозим.


59Б. 59А банддаги талабларга қарамасдан, ташкилот 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ мазкур стандартнинг 53-59 бандларидаги ўтиш қоидаларига амал қилган ҳолда, 63Г бандга ўзгартиришларни, фақат ва фақат агар буни олдинги маълумотлардан фойдаланмасдан амалга ошириш мумкин бўлса, ретроспектив тарзда қўллаши лозим. Агар ташкилот ретроспектив қўллашни танласа, "Акцияларга асосланган тўлов операцияларининг таснифланиши ва баҳоланиши" (2-сон МҲХСга ўзгартиришлар) билан киритилган барча ўзгартиришлар учун амалга ошириши шарт.



Кучга кириш санаси


60. Мазкур МҲХС ташкилотлар томонидан 2005 йил 1 январь ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўлланиши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллаш маъқулланади. Агар ташкилот мазкур МҲХСни 2005 йил 1 январдан олдин бошланадиган давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


61. 3-сон МҲХС (2008 йил таҳрири) ва 2009 йил апрель ойида эълон қилинган "МҲХСларга такомиллаштиришлар" бўйича 5 бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2009 йил 1 июлдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот 3-сон МҲХС (2008 йил таҳририда)ни олдинги давр учун қўлласа, мазкур ўзгартиришлар ушбу олдинги давр учун қўлланиши лозим.


62. Ташкилот қуйидаги ўзгартиришларни ретроспектив тарзда 2009 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим:

(a) ҳуқуқлар ўтмаслиги шартларини ҳисобга олишга нисбатан 21А-банддаги талаблар;

(б) А иловадаги "ҳуқуқ ўтиши" ва "ҳуқуқ ўтиши шартлари" нинг қайта таҳрирланган таърифлари;

(в) бекор қилишларга нисбатан 28 ва 28А бандлардаги ўзгартиришлар.

Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2009 йил 1 январдан олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


63. Ташкилот 2009 йил июнь ойида эълон қилинган "Гуруҳдаги пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операциялари"га мувофиқ киритилган қуйидаги ўзгартиришларни ретроспектив тарзда 53-59 бандлардаги ўтиш шартларига 8-сон БҲХСга мувофиқ 2010 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим:

(a) 2-банднинг ўзгартирилиши, 3-бандни чиқариб ташланиши ва 3A ва 43A-43Г ва Б иловадаги Б45, Б47, Б50, Б54, Б56-Б58 ва Б60 бандларнинг киритилиши гуруҳ ташкилотлари ўртасидаги операцияларни ҳисобга олишга нисбатан.

(б) қуйидаги атамаларнинг А иловадаги ўзгартирилган таърифлари:

- пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операциялари,

- улушли инструментлар билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операциялари,

- акцияларга асосланган тўлов келишуви, ва

- акцияларга асосланган тўлов операцияси.

Агар ретроспектив қўллаш учун зарур маълумотлар мавжуд бўлмаса, ташкилот ўзининг индивидуал ёки алоҳида молиявий ҳисоботида олдин гуруҳнинг консолидациялашган молиявий ҳисоботида тан олинган суммаларни акс эттириши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ўзгартиришларни 2010 йил 1 январдан олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


63A. 2011 йил май ойида эълон қилинган 10-сон МҲХС "Консолидациялашган молиявий ҳисобот" ва 11-сон МҲХС бўйича 5-банд ва А илова ўзгартиришлар киритилган.


63Б. 2013 йил декабрь ойида эълон қилинган "2010-2012 йилларда МҲХСларни такомиллаштиришлар" бўйича 15 ва 19 бандларга ўзгартириш киритилган. А иловада "ҳуқуқнинг ўтиши шартлари" ва "бозор шартлари"нинг тарифига ўзгартириш киритилган ва "фаолият натижасига эришиш шартлари" ва "хизмат кўрсатиш шартлари"нинг тарифи киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2014 йил 1 июлдан ёки ундан кейин тақдим этиладиган акцияларга асосланган тўлов операцияларига перспектив тарзда қўллайди. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


63В. 2014 йил июль ойида эълон қилинган 9-сон МҲХС бўйича 6 бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 9-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


63Г. 2016 йил июнь ойида эълон қилинган "Акцияларга асосланган тўлов операцияларининг таснифланиши ва баҳоланиши" (2-сон МҲХСга ўзгартиришлар) бўйича 19, 30-31, 33, 52 ва 63 бандларга ўзгартиришлар киритилган ва 33А-33Ж, 59А-59Б, 63Г ва Б44А-Б44В бандлар ва уларнинг тегишли сарлавҳаси киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2018 йил 1 январь ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврларга нисбатан қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


63Д. 2018 йилда эълон қилинган "МҲХСлардаги "Концептуал асос"га ҳаволаларга ўзгартиришлар" А иловадаги улушли инструментнинг таърифига изоҳ ўзгартирилган. Ташкилот ушбу ўзгаришларни 2020 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Агар ташкилот бир вақтнинг ўзида "МҲХСдаги "Концептуал асос"га ҳаволаларга ўзгартиришлар" бўйича киритилган барча ўзгартиришларни қўлласа, бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ мазкур стандартнинг 53-59 бандларидаги ўтиш қоидаларига амал қилган ҳолда, 2-сон МҲХСга ўзгартиришларни ретроспектив тарзда қўлланиши лозим. Лекин, ташкилот ретроспектив қўллаш амалий имконсиз ёки ортиқча сарф ёки ҳаракат талаб этилишини аниқласа, ташкилот 2-сон МҲХСга киритилган ўзгартиришларни 8-сон БҲХСнинг 23-28, 50-53 ва 54Е бандларига мувофиқ қўллаши лозим.



Шарҳларнинг ўз кучини йўқотиши


64. 2009 йилнинг июнь ойида эълон қилинган "Гуруҳдаги пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операциялари" 8-сон МҲХСШҚ Шарҳи "2-сон МҲХСнинг қўллаш доираси" ва 11-сон МҲХСШҚ Шарҳи "2-сон МҲХС-Гуруҳ акциялари ва қайта сотиб олинган ўз акциялари операциялари" ўрнини эгаллайди. Ушбу ҳужжат билан киритилган ўзгартиришлар, олдин 8-сон МҲХСШҚ Шарҳи ва 11-сон МҲХСШҚ Шарҳида белгиланган қуйидаги талабларни инобатга олади:

(a) ташкилот, хусусан, айрим ёки барча қабул қилинган товарлар ёки хизматларни аниқлай олмайдиган операцияларни ҳисобга олишга нисбатан 2-банд ўзгартирилган ва 13А банд киритилган. Ушбу талаблар 2006 йилнинг 1 майдан бошланадиган ва ундан кейинги йиллик даврлар учун кучга эга бўлган.

(б) Б иловадаги Б46, Б48, Б49, Б51-Б53, Б55, Б59 ва Б61 бандлар гуруҳ ташкилотлари ўртасидаги операцияларни ҳисобга олишга нисбатан киритилган. Ушбу талаблар 2007 йилнинг 1 мартдан бошланадиган ва ундан кейинги йиллик даврлар учун кучга эга бўлган.

2-сон МҲХСнинг ўтиш қоидаларига амал қилган ҳолда, ушбу талаблар 8-сон БҲХСнинг талабларига мувофиқ ретроспектив тарзда қўлланган.

        

          




А ИЛОВА



АТАМАЛАР ТАЪРИФИ


Мазкур илова МҲХСнинг ажралмас қисмидир

         

         

пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияси


ташкилотнинг ёки гуруҳдаги бошқа ташкилотнинг улушли инструментларининг (жумладан акциялари ёки акция опционлари) нархига (ёки қийматига) асосланган суммаларда пул маблағлари ёки бошқа активларни товарлар ёки хизматларнинг етказиб берувчисига ўтказиш мажбуриятини ўз зиммасига олган ҳолда харид қилинган товарлар ёки хизматлар бўйича акцияларга асосланган тўлов операцияси.


ходимлар ва шу каби хизмат кўрсатувчи шахслар


Ташкилотга ўзининг хизматларини кўрсатадиган шахслар ва (а) юридик ёки солиқ мақсадлари учун ходимлар сифатида қараладиган шахслар, (б) юридик ёки солиқ мақсадлари учун ходимлар сифатида қараладиган шахслар сингари ўз раҳбарлигидаги ташкилот учун ишлайдиган шахслар ёки (в) улар кўрсатадиган хизматлар ходимлар томонидан кўрсатилган хизматларга ўхшаш шахслардир. Масалан, барча раҳбарият ходимларини, яъни ташкилот фаолиятини режалаштириш, бошқариш ва назорат қилиш бўйича ваколат ва масъулиятга эга шахсларни, шунингдек ижрочи бўлмаган директорларни ўзида ифодалайди.


улушли инструмент


Ташкилотнинг барча мажбуриятлари чегирилгандан сўнг унинг активларидаги қолдиқ улушни тасдиқлайдиган шартнома(5).


тақдим этилган улушли инструмент


Акцияларга асосланган тўлов келишуви асосида ташкилот томонидан бошқа томонга тақдим этилган ташкилотнинг улушли инструментига нисбатан (шартли ёки шартсиз) ҳуқуқ.


улушли инструментлар билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияси


Акцияларга асосланган тўлов операцияси бўлиб, бунда ташкилот

(a) товарлар ёки хизматларни ўзининг улушли инструментлари учун товон сифатида қабул қилади (жумладан акциялар ёки акция опционлари), ёки

(б) товарлар ёки хизматларни қабул қилади, лекин етказиб берувчилар билан операцияни сўндириш бўйича ҳеч қандай жавобгарликка эга бўлмайди.


ҳаққоний қиймат


Операцияларни амалга оширишни истаган хабардор мустақил томонлар ўртасидаги битимда активни айирбошлаш, мажбуриятни сўндириш ёки тақдим этилган улушли инструментни айирбошлаш мумкин бўлган қийматдир.


тақдим этиш санаси


Ташкилот ва контрагент келишувнинг шартлари бўйича умумий тушунчага эга бўлганда, ташкилот билан бошқа томон акцияларга асосланган тўлов келишувини тузадиган сана. Тақдим этиш санасида, белгиланган ўтиш шартлари, агар мавжуд бўлса, қаноатлантирилиши шарти билан ташкилот контрагентга ташкилотнинг пул маблағларига, бошқа активларига, ёки улушли инструментларига нисбатан ҳуқуқни тақдим этади. Агар ушбу келишув тасдиқлаш жараёнига (масалан, акциядорлар томонидан) шартли равишда бўлса, тақдим этиш санаси тасдиқлашга эришилган сана бўлади.


ички қиймат


Контрагент аъзо бўлиш (шартли ёки шартсиз) ҳуқуқига ёки қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган акцияларнинг ҳаққоний қиймати ва контрагент ушбу акциялар учун тўлаши талаб этилган (ёки этиладиган) нарх (агар мавжуд бўлса) ўртасидаги фарқдир. Масалан, ҳаққоний қиймати 20 п.б.(6) га тенг акция бўйича амалга ошириш нархи 15 п.б.га тенг акция опциони 5 п.б.га тенг ички қийматга эга.


бозор шарти


Улушли инструментларнинг амалдаги нархига, ҳуқуқ ўтишига ёки амалга оширилишига таъсир қиладиган ва ташкилотнинг улушли инструментларининг (ёки айнан бир гуруҳдаги бошқа ташкилотнинг улушли инструметлари) бозор нархига (ёки қийматига) боғлиқ бўлган фаолият натижасига эришиш шарти, масалан:

(a) белгиланган акция нарҳига ёки акция опционининг белгиланган ички қийматининг белгиланган суммасига эришиш; ёки

(б) бошқа ташкилотлар улушли инструментлари бозор нархларининг индексига нисбатан ташкилот улушли инструментларининг (ёки айнан бир гуруҳдаги бошқа ташкилотнинг улушли инструментлари) бозор нархига (ёки қийматига) асосланган аниқ мақсадга эришиш.

Бозор шарти контрагентдан белгиланган хизмат кўрсатиш муддатини (яъни хизмат кўрсатиш шартлари) якунлашни талаб қилади; хизмат кўрсатиш муддатига нисбатан талаб ошкора ёки назарда тутиладиган бўлиши мумкин.


баҳолаш санаси


Мазкур МҲХС мақсадлари учун, тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қиймати баҳоланадиган санадир. Ходимлар ва шунга ўхшаш хизматларни таъминлайдиган бошқа шахслар билан операциялар учун баҳолаш санаси тақдим этиш санасидир. Ходимлар (ва шунга ўхшаш хизматларни таъминлайдиган бошқа шахсалар) бўлмаган бошқа томонлар билан операциялар учун, баҳолаш санаси ташкилот товарларга эга бўладиган ёки контрагент хизмат кўрсатадиган санадир.


фаолият натижасига эришиш шарти


Ҳуқуқ ўтиш шарти бўлиб, қуйидагиларни талаб этади:

(а) контрагент белгиланган хизмат кўрсатиш муддатини (яъни хизмат кўрсатиш шарти) якунлаши; хизмат кўрсатиш муддатига нисбатан талаб ошкора ёки назарда тутиладиган бўлиши мумкин; ва

(б) (а) бандида талаб қилинган контрагент хизмат муддати давомида белгиланган фаолият натижасига эришиш мақсади(лари).

Белгиланган натижага эришиш мақсади(лари)га эришиш даври:

(a) хизмат кўрсатиш муддатининг якунидан ошмаслиги лозим; ва

(б) хизмат кўрсатиш муддатидан олдин бошланиши мумкин, бунда натижага эришиш мақсадининг бошланиш санаси хизмат кўрсатиш даврининг бошланишидан аҳамиятли даражада олдин бўлмайди.

Натижага эришиш мақсади қуйидагилар асосида таърифланади:

(a) ташкилотнинг ўз операциялари (ёки фаолиятлари) ёки айнан бир гуруҳдаги бошқа ташкилотнинг операциялари ёки фаолиятлари (яъни бозор шартлари бўлмаган); ёки

(б) ташкилот улушли инструментларининг ёки айнан бир гуруҳдаги бошқа ташкилотнинг улушли инструментларининг (жумладан акция ва акция опционлари) (яъни, бозор шарти) нархи (ёки қиймати).

Натижага эришиш мақсади ташкилот фаолиятининг тўлиқлигича ёки ташкилотнинг баъзи қисмига (ёки гуруҳнинг қисмига) тегишли бўлиши мумкин, масалан бўлинмага ёки алоҳида ходимга.


револьвер шарт


Опцион эгаси фойдаланиш нархини тўлаш учун пул маблағлари ўрнига, ташкилотнинг акцияларидан фойдаланган ҳолда олдин тақдим этилган опционлардан фойдаланганда, қўшимча акция опционларини автоматик тарзда тақдим этишни таъминлайдиган хусусиятдир.


револьвер опцион


Олдинги акция опционининг фойдаланиш нархини тўлашда фойдаланиладиган пайтда тақдим этилган янги акция опционидир.


хизмат кўрсатиш шарти


Контрагент томонидан ташкилотга белгиланган хизмат кўрсатиш муддати якунлаши давомида хизмат кўрсатиши талаб этилган ҳуқуқ ўтиши шартидир. Агар контрагент, сабабидан қатъий назар, ҳуқуқ ўтиши даври давомида хизмат кўрсатишни тўхтатса, у ушбу шартни бажармаган ҳисобланади. Хизмат кўрсатиш шарти натижага эришиш мақсадига эришишни талаб қилмайди.


акцияларга асосланган тўлов келишуви


Ташкилот (ёки гуруҳнинг(7) бошқа ташкилоти ёки гуруҳнинг ҳар қандай ташкилотининг ҳар қандай акциядори) билан бошқа томон (жумладан ходим) ўртасидаги бошқа томонга қуйидагиларни олиш ҳуқуқини тақдим этадиган келишув:

(а) ташкилотнинг ёки гуруҳдаги бошқа ташкилотнинг улушли инструментларининг (жумладан акциялари ёки акция опционлари) нархига (ёки қийматига) асосланган ташкилот пул маблағларининг ёки бошқа активларининг суммаси, ёки

(б) ташкилотнинг ёки гуруҳдаги бошқа ташкилотнинг улушли инструментлари (жумладан акциялари ёки акция опционлари),

агар мавжуд бўлса, тақдим этилган белгиланган ҳуқуқ ўтиши шартларига жавоб берган тақдирда.


акцияларга асосланган тўлов операцияси


Бу ташкилот қуйидагиларни амалга оширадиган операция ҳисобланади:

(a) товарлар ёки хизматлар етказиб берувчисидан (жумладан ходимдан) товарлар ёки хизматларни акцияга асосланган тўлов келишувида қабул қилади, ёки

(б) гуруҳдаги бошқа ташкилот товарлар ёки хизматларни қабул қилганда акцияга асосланган тўлов келишувига асосан етказиб берувчи билан операцияни сўндириш бўйича мажбуриятни ўз зиммасига олади.


акция опциони


Эгасига ташкилотнинг акцияларига белгиланган давр учун қатъий белгиланган ёки аниқланадиган нархда аъзо бўлиш жавобгарлигини эмас, балки ҳуқуқини берадиган шартномадир.


ҳуқуқ ўтиши


ҳуқуқ тақдим этилишидир. Акцияга асосланган тўлов келишувига мувофиқ, контрагентнинг ҳуқуққа эга бўлиши ортиқ ҳар қандай ҳуқуқ ўтиши шартларини бажариш шарт бўлмаганда, ташкилотнинг пул маблағлари, бошқа активлари ёки улушли инструментларини қабул қилиш ҳуқуқи контрагентга ўтади.


ҳуқуқ ўтиши шарти


Акцияга асосланган тўлов келишувига мувофиқ, контрагентга ташкилотнинг пул маблағлари, бошқа активлари ёки улушли инструментларини қабул қилиш ҳуқуқини берадиган хизматларни ташкилот қабул қилиши ёки қабул қилмаслигини аниқлаш шарти. Ҳуқуқ ўтиши шарти бу хизмат кўрсатиш шарти ёки фаолият натижасига эришиш шарти ҳисобланади.


ҳуқуқ ўтиши даври


Акцияга асосланган тўлов келишувнинг барча белгиланган ҳуқуқ ўтиши шартлари бажарилиши лозим бўлган даврдир.


         

          




Б ИЛОВА



ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА КЎРСАТМА


Мазкур илова МҲХСнинг ажралмас қисмидир.



Тақдим этилган улушли инструментларнинг

ҳаққоний қийматини баҳолаш


Б1. Мазкур илованинг Б2-Б41 бандларида ходимларга акциялар ва акция опционларини тақдим этишнинг умумий хусусиятлари бўлган муайян шартларини эътиборга олган ҳолда тақдим этилган акциялар ва акция опционларининг ҳаққоний қийматини баҳолаш муҳокама қилинади. Шунинг учун, у тўлиқ қамровли ҳисобланмайди. Бундан ташқари, қуйида муҳокама қилинган баҳолаш масалаларида асосан ходимларга тақдим этилган акциялар ва акция опционларини назарда тутилганлиги сабабли, акциялар ва акция опционларининг ҳаққоний қиймати тақдим этиш санасида баҳоланади деб фараз қилинади. Лекин, қуйида муҳокама қилинган баҳолаш масалаларининг кўпчилиги (масалан, кутилаётган ўзгарувчанликни аниқлаш) ходимлардан бошқа томонларга тақдим этилган акциялар ва акция опционларининг ҳаққоний қийматини ташкилот товарларни олган ёки контрагент хизмат кўрсатган санада баҳолаш ҳолатида ҳам қўлланади.



Акциялар


Б2. Ходимларга тақдим этилган акциялар учун, акцияларнинг ҳаққоний қиймати тақдим этилган акциялар бўйича шартларни (19-21-бандларга мувофиқ ҳаққоний қийматни баҳолашдан чиқариб ташланган ҳуқуқ ўтиши шартларидан ташқари) инобатга олган ҳолда ўзгартирилган ташкилот акцияларининг бозор нархида (ёки агар ташкилотнинг акциялари очиқ бозорда савдо қилинмаса, баҳоланган бозор нархида) баҳоланиши лозим.


Б3. Масалан, агар ходим ҳуқуқ ўтиши даври мобайнида дивидендларни олиш ҳуқуқига эга бўлмаса, ушбу омил тақдим этилган акциялар ҳаққоний қийматини баҳолашда инобатга олиниши лозим. Шу каби, агар акциялар ҳуқуқ ўтиши санасидан кейин акцияларни ўтказиш бўйича чекловлар мавжуд бўлса, ушбу омил инобатга олиниши лозим, лекин бу ҳуқуқ ўтиши давридан сўнг ўтказиш чекловлари операцияни амалга оширишни истаган, хабардор бозор иштирокчиси ушбу акцияга тўлаши мумкин бўлган нархга таъсир этадиган даражада бўлиши лозим. Масалан, агар акциялар катта ва ликвид бозорда фаол савдо қилинса, акцияларни ҳуқуқ ўтиши давридан сўнг ўтказиш бўйича чеклов операцияни амалга оширишни истаган, хабардор бозор иштирокчиси ушбу акцияларга тўлаши мумкин бўлган нархга нисбатан, агар мавжуд бўлса, аҳамиятсиз таъсирга эга бўлиши мумкин. Ўтказишга чекловлар ёки ҳуқуқ ўтиши даври мобайнида мавжуд бошқа чекловлар тақдим этилган акцияларнинг тақдим этиш санасидаги ҳаққоний қийматини баҳолашда инобатга олинмаслиги лозим, чунки ушбу чекловлар 19-21-бандларга мувофиқ ҳисобга олинадиган ҳуқуқ ўтиши шартларининг мавжудлигидан келиб чиқади.



Акция опционлари


Б4. Ходимларга тақдим этилган акция опционлари учун, кўп ҳолларда, бозор нархлари мавжуд бўлмайди, чунки тақдим этилган опционларга савдо қилинадиган опционларга нисбатан қўлланмайдиган шартлар белгиланган бўлади. Агар ўхшаш шартларга эга савдо қилинадиган опционлар мавжуд бўлмаса, тақдим этилган акция опционларининг ҳаққоний қиймати опцион нархини шакллантириш моделини қўллаш орқали баҳоланиши лозим.


Б5. Ташкилот операцияни амалга оширишни истаган, хабардор бозор иштирокчилари опцион нархини шакллантириш моделини танлашда қўллаши мумкин бўлган омилларни инобатга олиши лозим. Масалан, кўпгина ходимларнинг опционлари узоқ муддатларга эга бўлади ва одатда ҳуқуқ ўтиши санаси билан опционлар муддатининг охири ўртасидаги давр мобайнида амалга ошириладиган бўлади ва кўп ҳолларда муддатидан олдин амалга оширилади. Ушбу омиллар опционларнинг тақдим этиш санасидаги ҳақконий қийматини баҳолашда инобатга олиниши лозим. Кўпгина ташкилотлар учун, опцион муддати охиридан олдин амалга ошириш имкониятини бермайди ва кутилган муддатдан олдин амалга оширишнинг натижаларини мувофиқ тарзда акс эттирмаслиги мумкин бўлган Блэк-Шоулз-Мертон формуласини қўллашдан тўсиши мумкин. Ушбу модел кутилаётган ўзгарувчанлик ва моделнинг бошқа бошланғич маълумотлари опцион муддати давомида ўзгариши мумкинлигининг эҳтимолини инобатга олмайди. Лекин, нисбатан қисқа шартноманинг амал қилиш муддатларига эга бўлган ёки ҳуқуқ ўтиш санасидан сўнг қисқа давр ичида амалга оширилиши шарт бўлган акция опционлари учун, юқорида аниқланган омиллар ўринли бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолатларда, Блэк-Шоулз-Мертон формуласи опцион нархини шакллантириш моделининг қиймати билан аҳамиятли даражада бир хил бўлган қийматни келтириб чиқариши мумкин.


Б6. Опцион нархини шакллантириш моделларининг барчаси, камида, қуйидаги омилларни инобатга олиши лозим:

(a) опционнинг фойдаланиш нархи;

(б) опцион муддати;

(в) таянч акцияларнинг жорий қиймати;

(г) акция нархининг кутилаётган ўзгарувчанлиги;

(д) акциялар бўйича кутилаётган дивидендлар (агарда ўринли бўлса); ва

(е) опцион муддати бўйича рискдан-холи фоиз ставкаси.


Б7. Операцияни амалга оширишни истаган, хабардор бозор иштирокчилари нархни белгилашда кўриб чиқиши мумкин бўлган бошқа омиллар ҳам инобатга олиниши лозим (19-22 бандларга мувофиқ ҳаққоний қийматни баҳолашдан чиқариб ташланган ҳуқуқ ўтиши шартлари ва револьвер шартидан ташқари).


Б8. Масалан, ходимга тақдим этилган акция опциони одатда белгиланган даврлар мобайнида (масалан ўтиш даври мобайнида ёки қимматли қоғозларни тартибга солувчилар томонидан белгиланган даврлар мобайнида) амалга оширилмаслиги мумкин. Агар қўлланган опцион нархини шакллантириш модели бошқа ҳолларда опцион унинг муддати мобайнида ҳар қандай вақтда амалга оширилиши фараз қилинса, ушбу омил инобатга олиниши лозим. Лекин, агар ташкилот фақат опционлар муддати охирида амалга ошириладиган опционларни баҳолайдиган опцион нархини шакллантириш моделидан фойдаланса, уларни ҳуқуқ ўтиши даври (ёки опционлар муддати мобайнидаги бошқа даврлар) мобайнида амалга ошириш имконсизлигига нисбатан ҳеч қандай тузатиш талаб этилмайди, чунки модел опционлар ушбу даврлар мобайнида амалга оширилмаслигини назарда тутади.


Б9. Шу каби, ходимга тақдим этиладиган акция опциони учун одатий бўлган бошқа бир омил бу опционни муддатидан олдин амалга ошириш имкониятидир, масалан, опцион эркин ўтказиладиган бўлмаганлиги ёки ходим иш фаолияти тўхтатилганда барча ўтган опционларни амалга ошириши шартлиги. Муддатидан олдин амалга оширишнинг таъсирлари Б16-Б21 бандларда изоҳланганидек инобатга олиниши лозим.


Б10. Операцияни амалга оширишни истаган, хабардор бозор иштирокчилари акция опциони (ёки бошқа улушли инструмент) нархини белгилашда кўриб чиқиши мумкин бўлган омиллар тақдим этилган акция опционларининг (ёки бошқа улушли инструментларнинг) ҳаққоний қийматини баҳолашда инобатга олинмаслиги лозим. Масалан, ходимларга тақдим этилган акция опционлари учун, фақатгина алоҳида ходим нуқтаи назаридан опцион қийматига таъсир этадиган омиллар операцияни амалга оширишни истаган, хабардор бозор иштирокчиси томонидан белгиланиши мумкин бўлган нархни баҳолашда ўринли бўлмайди.



Опцион нархини шакллантириш модели

учун кирувчи маълумотлар


Б11. Таянч акциялар бўйича кутилаётган ўзгарувчанликни ва дивидендларни баҳолашдан мақсад опцион учун жорий бозор ёки келишилган айирбошлаш нархида акс эттирилиши мумкин бўлган кутилишларни тахмин қилишдир. Шу каби, ходимнинг акция опционларини муддатидан олдин амалга ошириш таъсирларини баҳолашдан мақсад - ходимларнинг амалга ошириш ҳатти-ҳаракати бўйича батафсил маълумотга эга ташқи томон тақдим этиш санасидаги мавжуд маълумотларга асосланган ҳолда ишлаб чиқиши мумкин бўлган кутилишларни тахмин қилишдир.


Б12. Кўп ҳолларда, келгуси ўзгарувчанлик, дивидендлар ва амалга ошириш бўйича ходимнинг ҳатти-ҳаракати бўйича ўринли кутишлар мавжуд бўлиши мумкин. Агар шундай бўлса, кутилаётган қиймат диапазонидаги ҳар бир суммани унинг тегишли содир бўлиш эҳтимолига тортилган ҳолда ҳисобланиши лозим.


Б13. Келгуси кутишлар, умуман олганда, тажрибага асосланади, лекин агар келгуси шартлар ўтмишдаги шартлардан фарқ қилиши асосланган тарзда кутилса, улар ўзгартирилади. Айрим ҳолатларда, идентификацияланадиган омиллар тузатиш киритилмаган аввалги тажрибанинг келгуси тажрибани прогноз қилишнинг маъқул бўлмаган инструменти ҳисобланишини кўрсатиши мумкин. Масалан, агар ташкилот бизнеснинг яққол фарқланадиган икки йўналишларидан бирига нисбатан аҳамиятли даражада камроқ хатарли бўлган йўналишни сотса, ўтмишдаги ўзгарувчанлик келгуси ўринли кутишлар учун энг яхши асосланган маълумотлар бўлмаслиги мумкин.


Б14. Бошқа ҳолатларда, олдинги маълумотлар мавжуд бўлмаслиги мумкин. Масалан, листингдан янги ўтган ташкилот ўз акцияси нархининг ўзгарувчанлиги бўйича кам олдинги маълумотларга, агар мавжуд бўлса, эга бўлади. Листинг қилинмаган ва янги листинг қилинган ташкилотлар қуйида батафсил муҳокама қилинади.


Б15. Умумий ҳолда, ташкилот ўтмишдаги тажрибага асосан келгуси тажрибани асосланган тарзда прогноз қилиш даражасини инобатга олмасдан, шунчаки ўзгарувчанлик, амалга ошириш бўйича ходимнинг ҳатти-ҳаракати ва дивидендлар ҳисоб баҳоларини олдинги маълумотларига асосланмаслиги лозим.



Кутилаётган муддатидан олдин амалга ошириш


Б16. Ходимлар кўп ҳолларда турли сабаблар туфайли акция опционларини муддатидан олдин амалга оширадилар. Масалан, ходимнинг акция опционлари одатда ўтказилмайдиган ҳисобланади. Бу кўп ҳолларда ходимларга ўз опционларини муддатидан олдин амалга оширишга сабаб бўлади, чунки у ходимлар учун ўз опционларини амалга оширишининг ягона йўлидир. Шунингдек, ишдан бўшайдиган ходимлардан одатда қисқа давр ичида ҳар қандай ҳуқуқ ўтган опционларни амалга ошириш талаб этилади, акс ҳолда акция опционларига нисбатан ҳуқуқ бекор қилинади. Ушбу омил ҳам ходимнинг акция опционларининг муддатидан олдин амалга оширилишига сабаб бўлади. Муддатидан олдин амалга оширишга сабаб бўладиган бошқа омиллар рискдан қочиш ва мулкни етарлича диверсификация қилмаслик ҳисобланади.


Б17. Опционларнинг муддатидан олдин амалга оширилишининг кутилаётган таъсири инобатга олинадиган воситалар қўлланадиган опцион нархини шакллантириш моделининг турига боғлиқ бўлади. Масалан, кутилаётган муддатидан олдин амалга ошириш опцион нархини шакллантириш моделида (масалан Блэк-Шоулз-Мертон формуласида) кирувчи маълумотлар сифатида фойдаланиш орқали опционнинг кутилаётган муддатининг баҳоланиши (ходимнинг акция опциони ҳолатида, тақдим этиш санасидан опционни кутилаётган амалга ошириш санасигача бўлган давр) инобатга олиниши мумкин. Муқобил тарзда, кутилаётган муддатидан олдин амалга ошириш шартноманинг амал қилиш муддатини кирувчи маълумот сифатида фойдаланадиган биномиал ёки шунга ўхшаш опцион нархини шакллантириш модели орқали моделлаштирилиши мумкин.


Б18. Муддатидан олдин амалга оширишни баҳолашда инобатга олинадиган омиллар қуйидагиларни ўз ичига олади:

(a) ҳуқуқ ўтиши даврининг давомийлиги, чунки акция опциони одатда ҳуқуқ ўтиши даврининг охирига қадар амалга оширилмайди. Шу сабабли, кутилаётган муддатидан олдин амалга оширишнинг натижаларини аниқлаш опцион ўтиши эҳтимолига асосланади. Ҳуқуқ ўтиши шартларининг оқибатлари 19-21-бандларда муҳокама қилинади.

(б) ўхшаш опционларнинг ўтган даврда амалда бўлган ўртача давр давомийлиги.

(в) таянч акцияларнинг нархи. Тажриба ходимлар акция нархи фойдаланиш нархидан юқори белгиланган даражага етган пайтда опционларни амалга оширишга интилишларини кўрсатиши мумкин.

(г) ходимнинг ташкилотдаги даражаси. Масалан, тажриба юқорироқ даражадаги ходимлар пастроқ даражадаги ходимларга (Б21-бандда батафсил муҳокама қилинган) нисбатан опционларни кейинроқ амалга оширишга интилишларини кўрсатиши мумкин.

(д) таянч акцияларнинг кутилаётган ўзгарувчанлиги. Ўртача олганда, ходимлар юқори ўзгарувчан акциялар бўйича опционларни паст ўзгарувчанликка эга акциялар бўйича опционларга нисбатан муддатидан олдин амалга оширишга интилишини кўрсатади.


Б19. Б17-бандда изоҳланганидек, опционнинг кутилаётган муддатидан олдин амалга оширилишининг таъсири опционнинг кутилаётган муддатининг баҳоланишини опцион нархини шакллантириш моделида дастлабки маълумотлар сифатида фойдаланиш орқали инобатга олиниши мумкин. Ходимлар гуруҳига тақдим этилган акция опционларининг кутилаётган муддатини баҳолашда, ташкилот ходимларнинг амалга ошириш ҳатти-ҳаракатлари тўғрисидаги батафсил маълумотларга асосланган ҳолда, ушбу баҳолаш учун бутун ходимлар гуруҳи бўйича асосланган тарзда тортилган ўртача кутилаётган муддатни ёки ходимларнинг кичик гуруҳлари бўйича асосланган тарзда тортилган ўртача муддатларни асос қилиб олиши мумкин (қуйида батафсил муҳокама қилинади).


Б20. Опцион тақдим этишнинг нисбатан ўхшаш хусусиятига эга ходимлар гуруҳларига ажратиш муҳим бўлиши мумкин. Опционнинг қиймати опцион амал қилиш муддатининг чизиқли функцияси ҳисобланмайди; муддат узайиши билан, қиймат камайиш суръатида ошиб боради. Масалан, агар бошқа барча эҳтимоллар тенг бўлганда, икки йиллик опцион бир йиллик опциондан юқорироқ қийматга эга бўлсада, у икки баробар қийматга эга эмас. Бу, кенгроқ фарқ қиладиган алоҳида муддатларни ўз ичига оладиган ягона тортилган ўртача муддат асосида опцион қийматини ҳисоблаш тақдим этилган акция опционларининг жами ҳаққоний қийматини ошириб акс эттириши мумкинлигини англатади. Тақдим этилган опционларни, ҳар бири ўзининг тортилган ўртача муддатида қамраб олинган муддатларнинг нисбатан тор диапазонига эга бир неча гуруҳларга ажратиш ушбу ошириб акс эттиришни камайтиради.


Б21. Биномиал ёки шунга ўхшаш моделлардан фойдаланишда шунга ўхшаш мулоҳаза қўлланади. Масалан, кенгроқ тарзда барча даражадаги ходимларга опционларни тақдим этадиган ташкилот тажрибаси, юқори даражадаги раҳбар ходимлар ўз опционларини ўрта даражадаги бошқарув ходимлари ўз опционларини сақлашига нисбатан узоқроқ сақлашга интилишларини ва қуйи даражадаги ходимлар эса бошқа ҳар қандай гуруҳга нисбатан ўз опционларини муддатидан олдин амалга оширишга интилишларини кўрсатиши мумкин. Шу билан бирга, иш берувчининг улушли инструментларининг, жумладан опционларнинг, маълум минимум суммасини сақлаши маъқулланадиган ёки талаб этиладиган ходимлар ушбу шарт остида бўлмаган ходимларга нисбатан, ўртача олганда, опционларни кейинроқ амалга ошириши мумкин. Бундай ҳолатларда, опционларни нисбатан ўхшаш амалга ошириш хусусиятига эга олувчилар гуруҳларига ажратиш тақдим этилган акция опционларининг жами ҳаққоний қийматининг аниқроқ баҳосини келтириб чиқаради.



Кутилаётган ўзгарувчанлик


Б22. Кутилаётган ўзгарувчанлик давр мобайнида нархнинг тебраниши кутилаётган қиймат ўлчовидир. Опцион нархини шакллантириш моделларида фойдаланилган ўзгарувчанлик кўрсаткичи давр мобайнида уклуксиз мураккаб фоиз бўйича ҳисобланган акция даромадлилигининг йил ҳисобидаги стандарт оғишлари ҳисобланади. Ўзгарувчанлик одатда йил ҳисобидаги, ҳисоблашда фойдаланилган давр муддатидан, масалан, кунлик, ҳафталик ёки ойлик кузатиладиган нархлардан қатъий назар қиёсий бўлган қийматларда ифодаланади.


Б23. Давр учун акция бўйича даромадлилик нормаси (ижобий ёки манфий бўлиши мумкин) акциядор дивидендлардан ва акция нархининг ўсишидан (ёки пасайишидан) қанча нафга эга бўлганлигини баҳолайди.


Б24. Акциянинг кутилаётган йил ҳисобидаги ўзгарувчанлиги узлуксиз мураккаб фоиз бўйича ҳисобланган даромадлилик даврнинг тахминан учдан икки қисмига тенг бўлиши кутиладиган диапазондир. Масалан, айтайлик 12 фоиз узлуксиз мураккаб фоиз бўйича ҳисобланган даромадлиликка эга акция 30 фоиз ўзгарувчанликка эга, бир йиллик акция бўйича даромадлилик - 18 фоиз (12%-30%) ва 42 фоиз (12%+30%) ўртасида бўлишининг эҳтимоли тахминан учдан иккига тенглигини англатади. Агар акция нархи йил бошида 100 п.б.га тенг бўлса ва ҳеч қандай дивидендлар тўланмаган бўлса, йил охиридаги акция нархи 83.53 п.б. (100 п.б. х e-0.18) билан 152.20 п.б. (100 п.б. х e0.42) ўртасида даврнинг тахминан учдан икки қисмида бўлиши кутилиши мумкин.


Б25. Кутилаётган ўзгарувчанликни баҳолашда инобатга олинадиган омиллар қуйидагиларни ўз ичига олади:

(a) ташкилот акцияларида савдо қилинадиган акция опционлари бўйича ёки агар мавжуд бўлса, опцион хусусиятларига (масалан конвертацияланадиган қарз инструментлари) эга ташкилотнинг бошқа савдо қилинадиган инструментлари бўйича ички ўзгарувчанлик.

(б) опционнинг кутилаётган муддати билан умуман олганда мутаносиб бўлган энг сўнги давр мобайнидаги акция нархининг олдинги ўзгарувчанлиги (опционнинг қолган шартнома амал қилиш муддатини ва кутилаётган муддатидан олдин амалга оширишни инобатга олган ҳолда).

(в) ташкилотнинг акциялари очиқ бозорда савдо қилинадиган даврнинг давомийлиги. Янги листинг қилинган ташкилот олдин листинг қилинган ўхшаш ташкилотлар билан қиёслаганда, юқори олдинги ўзгарувчанликка эга бўлиши мумкин. Янги листинг қилинган ташкилот бўйича кўрсатма қуйида келтирилган.

(г) ўзгарувчанликнинг ўзининг ўртача қийматига интилиш тенденцияси, яъни унинг узоқ муддатли ўртача даражаси ва кутилаётган келгуси ўзгарувчанлик олдинги ўзгарувчанликдан фарқ қилиши мумкинлигини кўрсатадиган бошқа омиллар. Масалан, агар ташкилот акциясининг нархи амалга оширилмаган қўшиб олиш таклифи ёки аҳамиятли қайта ташкил этиш сабабли баъзи маълум давр мобайнида жуда ўзгарувчан бўлган бўлса, ушбу давр олдинги ўртача йиллик ўзгарувчанликни ҳисоблашда инобатга олинмаслиги мумкин.

(д) нархларни кузатиш бўйича ўринли ва мунтазам оралиқлар. Нархларни кузатиш даврдан даврга мутаносиб бўлиши лозим. Масалан, ташкилот ҳар бир ҳафта учун якуний нархдан ёки ҳафта учун энг юқори нархдан фойдаланиши мумкин, лекин у айрим ҳафталар учун якуний нархдан ва бошқа ҳафталар учун энг юқори нархдан фойдаланмаслиги лозим. Шунингдек, кузатиш нархлари фойдаланиш нархи каби бир хил валютада ифодаланиши лозим.



Янги листинг қилинган ташкилотлар


Б26. Б25-банда изоҳланганидек, ташкилот опционнинг кутилаётган муддати билан умуман олганда мутаносиб бўлган энг сўнги давр мобайнидаги акция нархининг олдинги ўзгарувчанлигини кўриб чиқиши лозим. Агар янги листинг қилинган ташкилот олдинги ўзгарувчанлик бўйича етарли маълумотларга эга бўлмаса, шунга қарамасдан у савдо фаолияти мавжуд бўлган энг узун давр мобайнида олдинги ўзгарувчанликни ҳисоблаши лозим. У ўхшаш ташкилотлар фаолиятларининг қиёсий давридан фойдаланиб, уларнинг олдинги ўзгарувчанлигини ҳам инобатга олиши мумкин. Масалан, бил йил олдин листинг қилинган ва беш йиллик ўртача кутилаётган муддатга эга опционларни тақдим этадиган ташкилот айнан бир соҳадаги бошқа ташкилотларнинг олдинги ўзгарувчанлигининг тарзи ва даражасини ушбу ташкилотларнинг акциялари очиқ бозорда савдо қилинган биринчи олти йиллик учун инобатга олиши мумкин.



Листинг қилинмаган ташкилотлар


Б27. Листинг қилинмаган ташкилот кутилаётган ўзгарувчанликни баҳолашда маълумотларга эга бўлмайди. Бунинг ўрнига, қуйида инобатга олинадиган айрим омиллар келтирилган.


Б28. Айрим ҳолатларда, ходимларга (ёки бошқа томонларга) мунтазам равишда опционлар ёки акциялар чиқарадиган листинг қилинмаган ташкилот ўз акциялари учун ички бозорни ташкил этган бўлиши мумкин. Ушбу акция нархларининг ўзгарувчанлиги, кутилаётган ўзгарувчанликни баҳолашда инобатга олиниши мумкин.


Б29. Муқобил тарзда, ташкилот кутилаётган ўзгарувчанликни баҳолашда фойдаланиш учун, акция нархи ёки опцион нархи маълумотлари мавжуд бўлган ўхшаш листинг қилинган ташкилотларнинг олдинги ёки ички ўзгарувчанлигини инобатга олиши мумкин. Бу, агар ташкилот ўз акцияларининг қиймати учун ўхшаш листинг қилинган бошқа ташкилотларнинг акция нархларини асос қилган бўлса, ўринли бўлиши мумкин.


Б30. Агар ташкилот ўз акциялари қийматининг ҳисоб баҳоси учун ўхшаш листинг қилинган ташкилотларнинг акция нархларини асос қилмаган бўлса ва бунинг ўрнига ўз акцияларини нархлаш учун бошқа баҳолаш усулидан фойдаланган бўлса, ташкилот ушбу баҳолаш усулига мувофиқ кутилаётган ўзгарувчанликнинг ҳисоб баҳосини келтириб чиқариши мумкин. Масалан, ташкилот ўз акцияларини соф актив ёки фойда асосида баҳолаши мумкин. У ушбу соф актив қийматларининг ёки фойданинг кутилаётган ўзгарувчанлигини инобатга олиши мумкин.



Кутилаётган дивидендлар


Б31. Тақдим этилган акцияларнинг ёки опционларнинг ҳаққоний қийматини баҳолашда кутилаётган дивидендларни инобатга олиниши, контрагентнинг дивидендларга ёки дивиденд эквивалентларига нисбатан ҳуқуқлари мавжуд бўлишига боғлиқ.


Б32. Масалан, агар ходимларга опционлар тақдим этилган бўлса ва улар тақдим этиш санаси ва амалга ошириш санаси орасида таянч акциялар бўйича дивидендларга ёки эквивалентларига (пул маблағлари билан тўланиши мумкин ёки фойдаланиш нархини камайтиришга қўлланиши мумкин бўлган) дивиденд нисбатан ҳуқуққа эга бўлсалар, тақдим этилган опционлар худди таянч акциялар бўйича ҳеч қандай дивидендлар тўланмайдигандек баҳолаши лозим, яъни кутилаётган дивидендлар бўйича кирувчи маълумотлар нольга тенг бўлиши лозим.


Б33. Шу каби, ходимларга тақдим этилган акцияларнинг тақдим этиш санасидаги ҳаққоний қиймати баҳоланганда, агар ходим ҳуқуқ ўтиши даври мобайнида тўланадиган дивидендларни олиш ҳуқуқига эга бўлса, кутилаётган дивидендларга нисбатан ҳеч қандай тузатиш талаб этилмайди.


Б34. Аксинча, агар ходимлар ҳуқуқ ўтиши даври мобайнидаги (ёки опцион ҳолатида, амалга оширишдан олдин) дивидендлар ёки дивиденд эквивалентларига нисбатан ҳуқуққа эга бўлмасалар, акцияларга ёки опционларга нисбатан ҳуқуқларни тақдим этиш санасида баҳолашда кутилаётган дивидендлар инобатга олиниши лозим. Яъни, опцион тақдим этилишининг ҳаққоний қиймати баҳоланганда, кутилаётган дивидендлар опцион нархини шакллантириш моделининг қўлланишида инобатга олиниши лозим. Акция тақдим этилишининг ҳаққоний қиймати баҳоланганда, ушбу баҳолаш ҳуқуқ ўтиши даври мобайнида тўланиши кутилаётган дивидендларнинг дисконтланган қийматига камайтирилиши лозим.


Б35. Умуман олганда, опцион нархини шакллантириш моделлари кутилаётган дивиденд даромадлилигини талаб этади. Лекин, моделлар даромадлиликни эмас, балки кутилаётган дивиденд суммасидан фойдаланиш учун ўзгартирилиши мумкин. Ташкилот дивиденднинг кутилаётган даромадлилигидан ҳам, ёки у бўйича кутилаётган тўловлардан ҳам фойдаланиши мумкин. Агар ташкилот иккинчисидан фойдаланса, у дивидендлардаги ўсишларни олдинги ўзгаришини инобатга олиши лозим. Масалан, агар ташкилотнинг сиёсати дивидендларни ҳар йили тахминан 3 фоизга ошириш бўлса, унинг баҳоланган опцион қиймати опционнинг амал қилиш муддати мобайнида ўзгармас дивиденд суммасини назарда тутиши тўғрисидаги фараз, агар ушбу фаразни тасдиқлайдиган далил мавжуд бўлмаса, инобатга олинмаслиги лозим.


Б36. Умуман олганда, кутилаётган дивидендлар тўғрисидаги фараз очиқ тарзда мавжуд бўлган маълумотларга асосланиши лозим. Дивидендларни тўламайдиган ва буни амалга ошириш бўйича режаларга эга бўлмаган ташкилот кутилаётган дивиденд даромадлилигини нольга тенг деб қабул қилиши лозим. Лекин, дивидендларни тўлаш тажрибасига эга бўлмаган янги ташкилот ўз ходими акция опционларининг кутилаётган муддатлари мобайнида дивидендларни тўлашни бошлашни режалаштирган бўлиши мумкин. Ушбу ташкилотлар ўзларининг олдинги дивиденд даромадлилиги (ноль) билан гуруҳдаги мос қиёсий тенгдошининг дивиденд даромадлилигининг ўртача қийматининг ўртачасидан фойдаланиши мумкин.



Рискдан-холи фоиз ставкаси


Б37. Одатда, рискдан-ҳоли фоиз ставкаси фойдаланиш нархи ифодаланган валютага эга мамлакатнинг ноль-купонли давлат облигациялари эмиссияси бўйича жорий пайтда мавжуд бўлган тахминий даромадлилик бўлиб, бунда қолган муддат баҳоланадиган (опционнинг қолган шартноманинг амал қилиш муддати асосида ва кутилаётган муддатидан олдин амалга ошириш таъсирларини инобатга олган ҳолда) опционнинг кутилаётган муддатига тенг бўлиши лозим. Агар ҳеч қандай давлат облигациялари эмиссияси мавжуд бўлмаса ёки ҳолатлар ноль-купонли давлат облигациялари эмиссияси бўйича тахминий даромадлилик рискдан-холи фоиз ставкасини ифода этмаслигини кўрсатса (масалан, юқори инфляцияга эга иқтисодиёт), ўринли бўлган муқобил ставкадан фойдаланиш зарур бўлиши мумкин. Шунингдек, агар баҳоланадиган опционнинг кутилаётган муддатига тенг муддатга эга опционнинг ҳаққоний қийматини баҳолашда бозор иштирокчилари одатда ноль-купонли давлат облигациялари эмиссиясининг тахминий даромадлилигидан эмас, балки ўринли муқобил ставкадан фойдаланиш орқали рискдан-холи фоиз ставкасини аниқласа, ушбу муқобил ставкадан фойдаланиш лозим бўлади.



Капитал тузилмасига таъсирлар


Б38. Одатда, ташкилот эмас, балки учинчи томонлар савдо қилинадиган акция опционларини чиқарадилар. Ушбу акция опционлари амалга оширилганда, сотувчи опцион эгасига акцияларни етказиб беради. Ушбу акциялар мавжуд акциядорлардан харид қилинади. Шу сабабли, савдо қилинадиган опционларни амалга ошириш суюлтириш таъсирига эга бўлмайди.


Б39. Аксинча, агар акция опционлари ташкилот томонидан чиқарилса, ушбу акция опционлари амалга оширилганда янги акциялар чиқарилади (агар олдин қайта сотиб олинган ўз акциялар фойдаланилганда, ҳақиқатда чиқарилган ёки моҳиятан чиқарилган ҳисобланади). Акциялар амалга ошириш санасида жорий бозор нархида эмас, балки фойдаланиш нархида чиқарилиши туфайли, ушбу ҳақиқий ёки потенциал суюлтириш акция нархини камайтириши мумкин, бунинг натижасида опцион эгаси амалга оширишда бошқа ҳолларда акция нархини суюлтирмайдиган ўхшаш савдо қилинадиган опционни амалга оширишда оладиган фойда каби кўпроқ фойда кўрмайди.


Б40. Бу тақдим этилган акция опционларининг қийматига аҳамиятли таъсир кўрсатиши турли омилларга, масалан, аллақачон чиқарилган акциялар миқдорига нисбатан опционларни амалга оширишда чиқариладиган янги акцияларнинг миқдорига боғлиқ бўлади. Бундан ташқари, агар бозорда аллақачон опцион тақдим этилиши кутилса, бозор потенциал суюлтиришни аллақачон тақдим этиш санасидаги акция нархида инобатга олган бўлиши мумкин.


Б41. Лекин, ташкилот тақдим этилган акция опционларини келгусида амалга оширишнинг эҳтимолий суюлтириш таъсири тақдим этиш санасида уларнинг баҳоланган ҳаққоний қийматига нисбатан таъсирга эга бўлиши мумкинлигини инобатга олиш лозим. Опцион нархини шакллантириш моделлари ушбу потенциал суюлтириш таъсирини инобатга олиши учун мослаштирилиши мумкин.



Улушли инструментлар билан

сўндириладиган акцияларга асосланган

тўлов келишувларини ўзгартириш


Б42. 27-банд, улушли инструментлар тақдим этилган шартларга нисбатан ҳар қандай ўзгартиришлардан ёки ушбу улушли инструментлар тақдим этилишининг бекор қилиниши ёки сўндирилишидан қатъий назар, ташкилот камида тақдим этилган улушли инструментларнинг тақдим этиш санасидаги ҳаққоний қийматида баҳоланган қабул қилинган хизматларни тан олишини талаб қилади, бундан ушбу улушли инструментлар тақдим этиш санасида белгиланган ҳуқуқ ўтиши шартлари (бозор шартидан ташқари) қаноатлантирилмаслиги сабабли ўтмайдиган ҳолатлар мустасно. Шу билан бирга, ташкилот акцияларга асосланган тўлов келишувининг жами ҳаққоний қийматини оширадиган ёки бошқа ҳолларда ходим учун манфаатли бўлган ўзгартиришлар таъсирларини тан олиши лозим.


Б43. 27-банднинг талабларини қўллаш учун:

(а) агар ўзгартириш бевосита ўзгартиришдан олдин ва кейин баҳоланган тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қийматини оширса (масалан амалга ошириш нархини камайтириш орқали), ташкилот тақдим этилган қўшимча ҳаққоний қийматни тақдим этилган улушли инструментлар учун товон сифатида қабул қилинган хизматлар учун тан олинган суммани баҳолашда инобатга олиши лозим. Тақдим этилган қўшимча ҳаққоний қиймат ўзгартирилган улушли инструментнинг ҳаққоний қиймати ва дастлабки улушли инструментнинг ҳаққоний қиймати ўртасидаги фарқ бўлиб, иккиси ҳам ўзгартириш санасида баҳоланади. Агар ўзгартириш ҳуқуқ ўтиши даври мобайнида содир бўлса, тақдим этилган қўшимча ҳаққоний қиймат қабул қилинган хизматлар учун тан олинган суммани баҳолашда ўзгартириш санасидан ўзгартирилган улушли инструментлар ўтадиган санагача бўлган давр мобайнида инобатга олинади, бунда у дастлабки ҳуқуқ ўтиши даврининг қолган қисми мобайнида тан олинадиган дастлабки улушли инструментларнинг тақдим этиш санасидаги ҳаққоний қийматига асосланган суммага қўшимча тарзда бўлади. Агар ўзгартириш ҳуқуқ ўтиши санасидан сўнг содир бўлса, тақдим этилган қўшимча ҳаққоний қиймат дарҳол ёки агар ходимдан ушбу ўзгартирилган улушли инструментларга нисбатан шартсиз ҳуқуққа эга бўлишдан олдин қўшимча хизмат даврини якунлаш талаб этилса, ҳуқуқ ўтиши даври мобайнида тан олинади.

(б) шу каби, агар ўзгартириш тақдим этилган улушли инструментларнинг миқдорини оширса, ташкилот ўзгартириш санасида баҳоланган тақдим этилган қўшимча улушли инструментларнинг ҳаққоний қийматини тақдим этилган улушли инструментлар учун қийматни қоплаш сифатида қабул қилинган хизматлар учун тан олинган суммани юқоридаги (а) банднинг талабларига мос тарзда баҳолашда инобатга олиши лозим. Масалан, агар ўзгартириш ҳуқуқ ўтиши даври мобайнида содир бўлса, тақдим этилган қўшимча улушли инструментларнинг ҳаққоний қиймати қабул қилинган хизматлар учун тан олинган суммани баҳолашда ўзгартириш санасидан қўшимча улушли инструментлар ўтиш санасигача бўлган давр мобайнида инобатга олинади, бунда у дастлабки ҳуқуқ ўтиши даврининг қолган қисми мобайнида тан олинадиган дастлаб тақдим этилган улушли инструментларнинг тақдим этиш санасидаги ҳаққоний қийматига асосланган суммага қўшимча тарзда бўлади.

(в) агар ташкилот ҳуқуқ ўтиши даври шартларини ходимга манфаатли бўлган тарзда, масалан ҳуқуқ ўтиши даврини камайтириш орқали ёки фаолият натижасига эришиш шартини (ўзгаришлари юқоридаги (а) бандга мувофиқ ҳисобга олинадиган бозор шартидан ташқари) ўзгартириш ёки чиқариб ташлаш орқали ўзгартирса, ташкилот 19-21-бандлардаги талабларни қўллашда ўзгартирилган ҳуқуқ ўтиши шартларини инобатга олиши лозим.


Б44. Бундан ташқари, агар ташкилот тақдим этилган улушли инструментларнинг шартларини акцияга асосланган тўлов келишувининг жами ҳаққоний қийматини камайтирадиган ёки бошқа ҳолларда ходим учун манфаатли бўлмайдиган тарзда ўзгартирса, ташкилот шунга қарамасдан тақдим этилган улушли инструментлар учун товон сифатида қабул қилинган хизматларни ҳисобга олишни, худди ушбу ўзгартириш содир бўлмагандек, давом эттириши лозим (28-бандга мувофиқ ҳисобга олиниши лозим бўлган, айрим ёки барча тақдим этилган улушли инструментларнинг бекор қилинишидан ташқари). Масалан:

(a) агар ўзгартириш, бевосита ўзгартиришдан олдин ва кейин баҳоланган, тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қийматини камайтирса, ташкилот ҳаққоний қийматдаги ушбу камайишни инобатга олмаслиги лозим ва тақдим этилган улушли инструментларнинг тақдим этилган санадаги ҳаққоний қийматига асосланган ҳолда улушли инструментлар учун товон сифатида қабул қилинган хизматлар учун тан олинган суммани баҳолашни давом эттириши лозим.

(б) агар ўзгартириш ходимларга тақдим этилган улушли инструментларнинг миқдорини камайтирса, 28-банднинг талабларига мувофиқ, ушбу камайиш тақдим этишнинг ушбу қисмининг бекор қилиниши сифатида ҳисобга олиниши лозим.

(в) агар ташкилот ҳуқуқ ўтиши шартларини ходимга манфаатли бўлмаган тарзда, масалан ҳуқуқ ўтиши даврини узайтириш орқали ёки фаолият натижасига эришиш шартини (ўзгаришлар юқоридаги (а) бандга мувофиқ ҳисобга олинадиган бозор шартидан ташқари) ўзгартириш ёки қўшиш орқали ўзгартирса, ташкилот 19-21 бандлардаги талабларни қўллашда ўзгартирилган ҳуқуқ ўтиши шартларини инобатга олмаслиги лозим.



Акцияларга асосланган тўлов операциясини,

унинг пул маблағлари билан сўндириладиган

операция синфидан улушли инструментлар

билан сўндириладиган операция синфига

ўзгартиришни ҳисобга олиш


Б44А. Агар пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операциясининг шартлари ўзгариб, у улушли инструментлар билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операциясига айланса, бу ўзгартириш содир бўлган санадан шундай операция сифатида ҳисобга олинади. Хусусан:

(а) улушли инструментлар билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияси ўзгартириш санасида тақдим этилган улушли инструментларнинг ҳаққоний қийматида баҳоланади. Улушли инструментлар билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияси ўзгартириш санасида қабул қилинган товар ёки хизматларнинг ҳажмида хусусий капиталда тан олинади.

(б) Ўзгартириш санасида ушбу санада мавжуд бўлган пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операция учун мажбурият тан олиниши бекор қилинади.

(в) Ўзгартириш санасида тан олиниши бекор қилинган мажбуриятнинг баланс қиймати ва тан олинган хусусий капитал суммаси ўртасидаги ҳар қандай фарқ дарҳол фойда ёки зарарда тан олинади.


Б44Б. Агар ўзгартириш натижасида ҳуқуқ ўтиши даври узайтирилса ёки камайтирилса, Б44А банднинг талаблари ўзгартирилган ҳуқуқ ўтиши даврини ҳисобга олган ҳолга қўлланади. Б44А банддаги талаблар, агар ҳуқуқ ўтиши даври якунлангандан кейин содир бўлган бўлса ҳам қўлланади.


Б44В. Пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияси бекор қилиниши ёки сўндириш амалга оширилиши мумкин (ҳуқуқ ўтиш шартлари бажарилмаганда ҳуқуқ йўқотилиши натижасида бекор қилинган операциядан ташқари). Агар улушли инструментлар тақдим этилса ва тақдим этиш санасида ташкилот уларни бекор қилган пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўловни алмаштириш сифатида аниқласа, ташкилот Б44А ва Б44Б бандларини қўллаши лозим.



Гуруҳ ташкилотлари ўртасидаги

акцияларга асосланган тўлов операциялари

(2009 йилдаги ўзгартиришлар)


Б45. 43A-43В бандларда гуруҳ ташкилотлари ўртасидаги акцияга асосланган тўлов операцияларини ҳар бир ташкилотнинг индивидуал ёки алоҳида молиявий ҳисоботида ҳисобга олиниши назарда тутилади. Б46-Б61-бандларда 43A-43В бандлардаги талаблар қандай қўлланиши муҳокама қилинади. 43Г бандда изоҳланганидек, гуруҳ ташкилотлари ўртасидаги акцияга асосланган тўлов операциялари фактлар ва ҳолатларга боғлиқ тарзда турли сабаблар туфайли содир бўлиши мумкин. Шунинг учун, ушбу муҳокамалар тўлиқ қамровли эмас ва товарлар ва хизматларни қабул қилувчи ташкилот операцияни сўндириш учун ҳеч қандай жавобгарликка эга бўлмаса, ҳар қандай гуруҳ ичидаги қайта тўлов келишувларидан қатъий назар, операция бош ташкилотининг шўъба ташкилотига капитал қўйилмани ўтказиш ҳисобланади, деб фараз қилинади.


Б46. Қуйидаги мунозаралар асосан ходимлар билан операцияларга қаратилган бўлсада, у ходимлар бўлмаган бошқа товарлар ёки хизматлар етказиб берувчилари билан ўхшаш акцияларга асосланган тўлов операцияларига нисбатан ҳам қўлланади. Бош ташкилот ва унинг шўъба ташкилоти ўртасидаги келишув шўъба ташкилотдан бош ташкилотга ходимларга улушли инструментларни тақдим этилиши учун тўловни амалга оширишни талаб қилиши мумкин. Қуйидаги мухокама бундай гуруҳ ичидаги тўлов келишувларини қандай ҳисобга олишга қаратилмаган.


Б47. Гуруҳ ичидаги ташкилотлар ўртасидаги акцияларга асосланган тўлов операцияларида умуман олганда тўртта масала учрайди. Қулайлик мақсадида, қуйидаги мисолларда бош ташкилот ва унинг шўъба ташкилоти масалалари муҳокама қилинади.



Ташкилотнинг ўз улушли инструментларини

ўз ичига оладиган акцияларга асосланган

тўлов келишувлари


Б48. Биринчи масала ташкилотнинг ўз улушли инструментларини ўз ичига оладиган қуйидаги операциялар мазкур МҲХС нинг талабларига мувофиқ улушли инструментлар билан сўндириладиган ёки пул маблағлари билан сўндириладиган операция сифатида ҳисобга олиниши лозимлиги ҳисобланади:

(a) ташкилот ўзининг ходимларига ташкилотнинг улушли инструментларини (масалан акция опционларини) тақдим этади ва у ўз ходимлари олдидаги ўзининг жавобгарликларини бажариш учун улушли инструментларни (яъни сотиб олинган ўз акцияларини) бошқа томондан сотиб олишни танлайди ёки сотиб олиш талаб этилади; ва

(б) ташкилотнинг ходимларига ташкилотнинг улушли инструментларига (масалан акция опционларига) нисбатан ҳуқуқлар ташкилотнинг ўзи ёки унинг акциядорлари томонидан тақдим этилган ва ташкилотнинг акциядорлари зарур бўлган улушли инструментларни таъминлайди.


Б49. Ташкилот ўзининг улушли инструментлари учун товон сифатида хизматларни қабул қиладиган акцияларга асосланган тўлов операцияларини улушли инструментлар билан сўндириладиган операция сифатида ҳисобга олиши лозим. Бу, ташкилот бошқа томондан акцияларга асосланган тўлов келишуви асосида ўз ходимлари олдидаги ўзининг жавобгарликларини бажариш учун ушбу улушли инструментларни сотиб олишни танлаши ёки талаб этилишидан қатъий назар қўлланади. У қуйидагилардан ҳам қатъий назар қўлланади:

(a) ташкилотнинг улушли инструментларига нисбатан ходимларнинг ҳуқуқлари ташкилотнинг ўзи томонидан ёки унинг акциядор(лар)и томонидан тақдим этилганлиги; ёки

(б) акцияларга асосланган тўлов келишуви ташкилотнинг ўзи томонидан ёки унинг акциядор(лар)и томонидан сўндирилганлиги.


Б50. Агар акциядор ўз инвестиция объектининг ходимлари билан операцияни сўндириш жавобгарлигига эга бўлса, у ўзининг эмас, балки ўз инвестиция объектининг улушли инструментларини тақдим этади. Шунинг учун, агар унинг инвестиция объекти акциядор каби айнан бир гуруҳда бўлса, 43В-бандга мувофиқ, акциядор ўз жавобгарлигини пул маблағларида сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияларига нисбатан қўлланадиган талабларга мувофиқ акциядорнинг индивидуал молиявий ҳисоботида ва улушли инструментлар билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияларига нисбатан қўлланадиган талабларга мувофиқ акциядорнинг консолидациялашган молиявий ҳисоботида баҳолаши лозим.



Бош ташкилотнинг улушли инструментларини

ўз ичига оладиган акцияларга асосланган

тўлов келишувлари


Б51. Иккинчи масала айнан бир гуруҳдаги икки ёки ундан ортиқ ташкилотлар ўртасида гуруҳдаги бошқа ташкилотнинг улушли инструментларини ўз ичига оладиган акцияларга асосланган тўлов операцияларига тегишли. Масалан, шўъба ташкилоти ходимларига шўъба ташкилотига кўрсатилган хизматлар учун товон сифатида унинг бош ташкилотининг улушли инструментларига нисбатан ҳуқуқлар тақдим этилади.


Б52. Шунинг учун, иккинчи масала қуйидаги акцияларга асосланган тўлов келишувларига тегишлидир:

(a) бош ташкилот ўз улушли инструментларига ҳуқуқларни ўзининг шўъба ташкилоти ходимларига тўғридан-тўғри тақдим этади: шўъба ташкилоти ходимларига улушли инструментларни тақдим этиш мажбурияти (шўъба ташкилотида эмас) бош ташкилотда пайдо бўлади; ва

(б) шўъба ташкилот ходимларига ўз бош ташкилотининг улушли инструментларига нисбатан ҳуқуқларни тақдим этади: шўъба ташкилот ходимларига улушли инструментларни таъминлаш жавобгарлигига эга.



Бош ташкилот ўз шўъба ташкилотининг ходимларига

ўзининг улушли инструментларига нисбатан

ҳуқуқларни тақдим этади (Б52(a) банд)


Б53. Шўъба ташкилот ўз бош ташкилотининг улушли инструментларини шўъба ташкилоти ходимларига тақдим этиш жавобгарлигига эга эмас. Шунинг учун, 43Б бандга мувофиқ, шўъба ташкилот ўзининг ходимларидан қабул қилган хизматларни улушли инструментлар билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияларига нисбатан қўлланадиган талабларга мувофиқ баҳолаши лозим ва хусусий капиталдаги тегишли ўсишни бош ташкилотидан қўйилма сифатида тан олиши лозим.


Б54. Бош ташкилот шўъба ташкилоти ходимлари билан операцияни бош ташкилотнинг улушли инструментларини таъминлаш орқали сўндириш жавобгарлигига эгадир. Шунинг учун, 43В бандга мувофиқ, бош ташкилот ўз жавобгарлигини улушли инструментлар билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияларига нисбатан қўлланадиган талабларга мувофиқ баҳолаши лозим.



Шўъба ташкилот ўзининг ходимларига

ўз бош ташкилотининг улушли инструментларига

нисбатан ҳуқуқларни тақдим этиши (Б52(б) банд)


Б55. Шўъба ташкилот 43Б банддаги ҳеч қайси бир талабга жавоб бермаганлиги сабабли, у ўз ходимлари билан операцияни пул маблағлари билан сўндириладиган операция сифатида ҳисобга олиши лозим. Ушбу талаб шўъба ташкилот ўз ходимлари олдидаги ўзининг жавобгарликларини бажариш учун улушли инструментларга қандай эга бўлишидан қатъий назар қўлланади.



Ходимларга пул маблағлари сўндириладиган

тўловларни ўз ичига оладиган акцияларга

асосланган тўлов операциялари


Б56. Учинчи масала ташкилотнинг ўзининг етказиб берувчиларига талаб этилган тўловларни амалга ошириш жавобгарлигига эга бўлмаганда, ўзининг етказиб берувчиларидан (жумладан ходимлардан) товарлар ёки хизматларни қабул қилувчи ташкилот пул маблағлари билан сўндириладиган акцияга асосланган келишувларни қандай ҳисобга олиши лозимлиги ҳисобланади. Масалан, (ташкилотнинг ўзи эмас) бош ташкилот ташкилотнинг ходимларига талаб этилган пуллик тўловларни амалга ошириш жавобгарлигига эга бўлган қуйидаги келишувлар кўриб чиқилади:

(a) ташкилотнинг ходимлари ўзинг улушли инструментларининг нархига боғланган пуллик тўловларни олади.

(б) ташкилотнинг ходимлари унинг бош ташкилотининг улушли инструментларининг нархига боғланган пуллик тўловларни олади.


Б57. Шўъба ташкилот ўз ходимлари билан операцияни сўндириш жавобгарлигига эга эмас. Шунинг учун, шўъба ташкилот ўз ходимлари билан операцияни улушли инструментлар билан сўндириладиган операция сифатида ҳисобга олиши лозим ва хусусий капиталдаги тегишли ўсишни бош ташкилотдан қўйилма сифатида тан олиши лозим. Шўъба ташкилот 19-21 бандларга мувофиқ бажарилмайдиган бозор шарти бўлмаган ҳуқуқ ўтиши шартларидан юзага келадиган ҳар қандай ўзгаришларга нисбатан кейинги даврларда операция қийматини қайта баҳолаши лозим. Бу гуруҳнинг консолидациялашган молиявий ҳисоботида операцияни пул маблағлари билан сўндириладиган операция сифатида баҳолашдан фарқ қилади.


Б58. Бош ташкилот ходимлар билан операцияни сўндириш жавобгарлигига эга бўлганлиги ва товон пул маблағлари бўлганлиги туфайли, 43В бандда бош ташкилот (консолидациялашган гуруҳ) ўз жавобгарлигини пул маблағлари билан сўндириладиган акцияларга асосланган тўлов операцияларига нисбатан қўлланадиган талабларга мувофиқ баҳолаши лозим.



Гуруҳ ичидаги ташкилотлар ўртасида

ходимларни ўтказиш


Б59. Тўртинчи масала бирдан ортиқ гуруҳ ичидаги ташкилотларнинг ходимларини ўз ичига оладиган гуруҳ акцияларига асосланган тўлов келишувларига тегишли. Масалан, белгиланган давр учун гуруҳ ичида уклуксиз хизмат кўрсатишни якунлаш шарти билан, бош ташкилот ўз шўъба ташкилотларининг ходимларига ўз улушли инструментларига нисбатан ҳуқуқларни тақдим этиши мумкин. Бир шўъба ташкилотининг ходими дастлабки акцияларга асосланган тўлов келишуви бўйича бош ташкилотнинг улушли инструментларига нисбатан унинг ҳуқуқларига таъсир этмаган холда, иш фаолиятни бошқа шўъба ташкилотига белгиланган ҳуқуқ ўтиши даври мобайнида ўтказиши мумкин. Агар шўъба ташкилотлар ўз ходимлари билан акцияларга асосланган тўлов операциясини сўндириш жавобгарлигига эга бўлмаса, улар уни улушли инструментлар билан сўндириш операцияси сифатида ҳисобга олади. Ҳар бир шўъба ташкилот А-иловада таърифлангандек, улушли инструментларга нисбатан ҳуқуқлар бош ташкилот томонидан дастлаб тақдим этилган санадаги ушбу улушли инструментларнинг ҳаққоний қиймати асосида ходимдан қабул қилинган хизматларни ҳамда ходим ҳар бир шўъба ташкилотида ўтказган ҳуқуқ ўтиши даврининг қисмини баҳолаши лозим.


Б60. Агар шўъба ташкилот ўз ходимлари билан операцияни ўзининг бош ташкилотининг улушли инструментлари билан сўндириш жавобгарлигига эга бўлса, у операцияни пул маблағлари билан сўндириладиган операция сифатида ҳисобга олади. Ҳар бир шўъба ташкилот қабул қилинган хизматларни улушли инструментларнинг тақдим этиш санасидаги ҳаққоний қиймати асосида ходим ҳар бир шўъба ташкилотида ўтказган ҳуқуқ ўтиши даврининг қисми учун баҳолаши лозим. Шу билан бирга, ҳар бир шўъба ташкилот ходимнинг ҳар бир шўъба ташкилот билан хизмат даври мобайнида улушли инструментларнинг ҳаққоний қийматидаги ҳар қандай ўзгаришни тан олиши лозим.


Б61. Бундай ходим гуруҳ ичидаги бир ташкилотдан бошқасига ўтказилгандан сўнг, А иловада таърифланган бозор шартидан бошқа ҳуқуқ ўтиши шартига жавоб бера олмаслиги мумкин, масалан ходим хизмат даври якунланмасдан олдин гуруҳни тарк этиши мумкин. Бундай ҳолатда, ҳуқуқ ўтиши шарти гуруҳга хизмат кўрсатиш бўлганлиги сабабли, ҳар бир шўъба ташкилот 19-банддаги тамойилларга мувофиқ ходимдан қабул қилинган хизматларга нисбатан тан олинган олдинги суммани тузатиши лозим. Шу сабабли, агар бош ташкилот томонидан тақдим этилган улушли инструментларга нисбатан ҳуқуқлари ходимнинг бозор шартидан бошқа ҳуқуқ ўтиши шартига жавоб бера олмаслиги сабабли ўтказилмаса, ҳеч қандай сумма ушбу ходимдан қабул қилинган хизматлар учун кумулятив асосда гуруҳдаги бирорта ташкилотнинг молиявий ҳисоботида тан олинмайди.



---------------------------------------------------------

1) 32-сон БҲХСнинг номига 2005 йилда ўзгартириш киритилган.


2) Мазкур МҲХС "бўйича" сўзидан эмас, балки "асосида" сўзидан фойдаланади, чунки операция якуний босқичда 11 ёки 13-бандда (қайси бири ўринли бўлса) келтирилган санада баҳоланган, тақдим этиладиган улушли инструментларнинг ҳаққоний қиймати, 19-бандда изоҳланганидек, ҳуқуқи ўтказиладиган улушли инструментларнинг миқдорига кўпайтириш орқали баҳоланади.


3) Мазкур МҲХСнинг қолган қисмларида, ходимларга нисбатан барча ҳаволалар ўхшаш хизматларни кўрсатадиган бошқа шахсларни ҳам ўз ичига олади.


4) 35-43-бандлардаги пул маблағларига барча ҳаволалар ташкилотнинг бошқа активларини ҳам ўз ичига олади.


5) 2018 йилда эълон қилинган "Молиявий ҳисоботнинг концептуал асоси" мажбуриятни, ўтган ҳодисалардан келиб чиқадиган иқтисодий ресурсларни ўтказиш бўйича ташкилотнинг мавжуд жавобгарлиги сифатида таърифлайди.


6) Мазкур иловада, монетар суммалар "пул бирликлари (п.б.)"да белгиланади.


7) "Гуруҳ" атамаси 10-сон МҲХС "Консолидациялашган молиявий ҳисобот"нинг А иловасида ҳисобот берувчи ташкилот якуний бош ташкилоти нуқтаи назаридан "бош ташкилот ва унинг шўъба ташкилотлари" сифатида таърифланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь

















































































Время: 0.2302
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск