ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти / Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари / БҲХС (IFRS) /

(IFRS) 10 "Консолидациялашган молиявий ҳисобот" Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 36-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

36-ИЛОВА



МОЛИЯВИЙ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IFRS) 10 "КОНСОЛИДАЦИЯЛАШГАН

МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТ"



Мақсад


1. Мазкур стандартнинг мақсади ташкилот бир ёки бир нечта бошқа ташкилотларни назорат қилган ҳолларда консолидациялашган молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш тамойилларини белгилашдан иборат.



Мақсадга мувофиқлиги


2. 1-бандда баён этилган мақсадга эришиш учун мазкур стандарт:

(a) бир ёки бир нечта бошқа ташкилотлар (шўъба ташкилот)ни назорат қилувчи ташкилот (бош ташкилот) томонидан консолидациялашган молиявий ҳисоботни тақдим этилишини талаб қилади;

(б) назорат қилиш тамойилини таърифлайди ва назорат қилишни консолидациялаш учун асос сифатида белгилайди;

(в) инвестор инвестиция объектини назорат қилаётганлигини ва инвестиция объектини консолидациялаш лозимлигини аниқлаш учун назорат қилиш тамойилини қандай қўллашни белгилайди;

(г) консолидациялашган молиявий ҳисоботни тайёрлаш мақсадида ҳисобга олиш талабларини белгилайди; ва

(д) инвестиция ташкилоти тушунчасини таърифлайди ва инвестиция ташкилоти учун муайян шўъба ташкилотини консолидациялашга нисбатан истисно ҳолатни белгилайди.


3. Мазкур стандартда бизнес бирлашувларини ҳисобга олиш талаблари ва бизнес бирлаштирилганда амалга ошириладиган консолидациялаш, шу жумладан бунда юзага келадиган гудвилга уларнинг таъсири кўриб чиқилмайди (3-сон МҲХС "Бизнес бирлашувлари"га қаранг).



Қўллаш доираси


4. Бош ташкилот ҳисобланган ташкилот консолидациялашган молиявий ҳисоботни тақдим этиши лозим. Мазкур стандарт барча ташкилотларга татбиқ этилади, бундан қуйидагилар мустасно:

(а) агар бош ташкилот қуйидаги шартларнинг барчасини қаноатлантирса, у консолидациялашган молиявий ҳисоботни тақдим этмайди:

(i) бош ташкилотнинг ўзи бошқа ташкилотга тўлиқ ёки қисман эгаликдаги шўъба ташкилоти бўлса, ва унинг бошқа мулкдорлари, шу жумладан бошқа ҳолларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган мулкдорлар бош ташкилот консолидациялашган молиявий ҳисобот тақдим этмаслиги тўғрисида хабардор қилинган ва бунга қарши эътироз билдирмаган бўлса;

(ii) бош ташкилотнинг қарз ва улушли инструментлари очиқ бозорда (ички ёки чет эл фонд биржасида ёки биржадан ташқари бозор, шу жумладан маҳаллий ва минтақавий бозорларда) савдо қилинмаса;

(iii) бош ташкилот ҳар қандай турдаги инструментларни очиқ бозорга чиқариш мақсадида ўз молиявий ҳисоботини қимматли қоғозлар бўйича комиссия ёки бошқа тартибга солувчи органга тақдим этмаган бўлса ва тақдим этиш жараёнида ҳам бўлмаса; ва

(iv) мазкур бош ташкилотнинг якуний ёки ҳар қандай оралиқ бош ташкилоти МҲХСларга мувофиқ тайёрланган ва фойдаланиш учун очиқ бўлган консолидациялашган молиявий ҳисоботни тақдим этса ва уларда мазкур МҲХСга мувофиқ шўъба такшилот консолидация қилинса ёхуд фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳоланса.

(б) [Чиқариб ташланган]

(в) [Чиқариб ташланган]


. 19-сон БҲХС "Ходимларнинг даромадлари" қўлланадиган мехнат фаолиятидан кейинги даромадлар дастурлари ёки ходимларнинг узоқ муддатли бошқа даромадларига нисбатан мазкур МҲХС қўлланмайди.


. Агар мазкур МҲХСнинг 31-бандига мувофиқ бош ташкилот ўзининг барча шўъба ташкилотларини фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳолаши лозим бўлса, бош ташкилот бўлган инвестиция ташкилоти консолидациялашган молиявий ҳисобот тақдим этмайди.



Назорат


5. Инвестор бирон-бир ташкилот (инвестиция объекти)да иштироки характеридан қатъий назар, инвестиция объекти устидан назоратга эгалигини баҳолаб, ўзининг бош ташкилот ҳисобланишини аниқлаши лозим.


6. Инвестор, агар инвестиция объектидаги иштирокидан даромадлар ўзгариши рискига мойил бўлса ёки бундай даромадларни олиш ҳуқуқига эга бўлса, шунингдек ушбу даромадларга инвестиция объектига бўлган ваколатларини амалга ошириш натижасида таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлса, инвестиция объектини назорат қилади.


7. Шундай қилиб, инвестор инвестиция объектини фақат ва фақат қуйидаги барча шартлар бажарилганда назорат қилади:

( а) инвестиция объектига нисбатан ваколатларга эга бўлса (10-14-бандларга қаранг);

( б) инвестиция объектида иштирок этишдан даромадлар ўзгариши рискига мойил бўлса ёки уни олишга нисбатан ҳуқуқга эга бўлса (15 ва 16-бандларга қаранг); ва

( в) инвесторнинг даромадлари миқдорига таъсир кўрсатиш мақсадида инвестиция объектига нисбатан ўз ваколатларини амалга ошириш имкониятига эга бўлса (17 ва 18-бандларга қаранг).


8. Инвестор инвестиция объекти устидан назорат мавжудлигини баҳолашда барча далиллар ва ҳолатларни кўриб чиқиши лозим. Агар далиллар ва ҳолатлар 7-бандда санаб ўтилган назоратнинг уч элементидан бири ёки бир нечтаси ўзгарганини кўрсатса, инвестор инвестиция объекти устидан назоратга эгалигини қайта баҳолаши лозим (Б80-Б85-бандларига қаранг).


9. Агар ўринли фаолиятни бошқариш учун биргаликдаги ҳаракат талаб этилса, икки ёки ундан ортиқ инвесторлар инвестиция объектини биргаликда назорат қилади. Бундай ҳолларда инвесторлардан бирортаси ҳам инвестиция объекти устидан индивидуал назоратга эга бўлмайди, чунки инвесторлардан бирортаси ҳам қолган инвесторлар билан ўзаро келишмасдан фаолиятни назорат қила олмайди. Ҳар бир инвестор инвестиция объектидаги ўз улушини 11-сон МҲХС "Биргаликдаги фаолият бўйича келишувлар", 28-сон БҲХС "Таъсир остидаги ташкилотларга ва қўшма корхоналарга инвестициялар" ёки 9-сон МҲХС "Молиявий инструментлар" каби тегишли МҲХСларга мувофиқ ҳисобга олади.



Ваколат


10. Инвестор ўринли фаолиятни, яъни инвестиция объектининг даромадига аҳамиятли таъсир кўрсатадиган фаолиятини бошқариш имкониятини берадиган ҳуқуқларга эга бўлса, у инвестиция объектига нисбатан ваколатга эга ҳисобланади.


11. Ваколат ҳуқуқлардан юзага келади. Баъзида ваколатни баҳолаш қийинчилик туғдирмайди, масалан, инвестиция объектига нисбатан ваколат акциялар каби улушли инструментлар орқали тақдим этилган овоз бериш ҳуқуқларининг бевосита ва ягона натижаси ҳисобланади ва ваколатни баҳолаш фақат тегишли акциялар пакети билан боғлиқ овоз бериш ҳуқуқларини инобатга олиш йўли билан баҳоланиши мумкин. Бошқа ҳолларда, баҳолаш мураккаб бўлади ва бир нечта омилларни инобатга олишни талаб қилиши мумкин (масалан, ваколат бир ёки бир нечта шартномавий келишувлар натижаси бўлса).


12. Ўринли фаолиятни бошқариш имкониятига эга бўлган инвестор, ҳатто бошқарувни амалга ошириш ҳуқуқлари ҳали амалга оширилган бўлмаса ҳам, ваколатга эга бўлади. Инвестор ўринли фаолиятни бошқараётганини тасдиқловчи далиллар унинг ваколатга эгалигини аниқлашда фойдали бўлиши мумкин, лекин бундай далиллар ўз-ўзидан инвестор инвестиция объектига нисбатан ваколатга эгалигини аниқлашда ҳал қилувчи омил ҳисобланмайди.


13. Агар икки ёки ундан ортиқ инвесторларнинг хар бири уларга турли хил ўринли фаолиятни бир томонлама тартибда бошқариш имкониятини берадиган мавжуд ҳуқуқларга эга бўлса, инвестиция объектининг даромадига аҳамиятли таъсир кўрсатадиган фаолиятни бошқариш имкониятига эга бўлган инвестор инвестиция объектига нисбатан ваколатга эга бўлади.


14. Инвестор, ҳатто бошқа ташкилотлар ўринли фаолиятни бошқаришда иштирок этиш имкониятини берадиган мавжуд ҳуқуқларга эга бўлса ҳам, инвестиция объектига нисбатан ваколатга эга бўлиши мумкин, масалан, бошқа ташкилот объектга аҳамиятли таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлганда. Лекин, фақат манфаатларни ҳимоя қилиш ҳуқуқларига эга бўлган инвесторда инвестиция объектига нисбатан ваколат мавжуд бўлмайди (Б26-Б28-бандларига қаранг) ва, бинобарин, бундай инвестор инвестиция объектини назорат қилмайди.



Даромадлар


15. Агар инвесторнинг инвестиция объектида иштирок этишдан оладиган даромадлари инвестиция объектининг фаолият кўрсаткичларига қараб ўзгариши мумкин бўлса, инвестор инвестиция объектида иштирок этишдан даромадлар ўзгариши рискига мойил бўлади ёки бундай даромадларни олиш ҳуқуқига эга бўлади. Инвесторнинг даромадлари фақат ижобий, фақат салбий ёки ҳам ижобий, ҳам салбий бўлиши мумкин.


16. Инвестиция объектини фақат бир инвестор назорат қилиши мумкинлигига қарамай, инвестиция объектининг даромадларида бир нечта томон иштирок этиши мумкин. Масалан, назорат кучига эга бўлмаган улушларнинг эгалари инвестиция объектининг даромадлари ёки уларни тақсимлашда иштирок этишлари мумкин.



Ваколат ва даромадлар ўртасидаги боғлиқлик


17. Агар инвестор нафақат инвестиция объектига нисбатан ваколатга эга бўлса ва инвестиция объектида иштирок этишдан даромадлар ўзгариши рискига мойил бўлса ёки бундай даромадларни олиш ҳуқуқига эга бўлса, балки инвестиция объектида иштирок этишдан даромадларга таъсир кўрсатиш учун ўз ваколатидан фойдаланиш имкониятига ҳам эга бўлса, инвестор инвестиция объекти устидан назоратга эга бўлади.


18. Шундай қилиб, қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган инвестор ўзининг принципал ёки агент ҳисобланишини аниқлаши лозим. Б58-Б72-бандларига мувофиқ агент ҳисобланадиган инвестор инвестиция объектини назорат қилмайди, балки ўзига берилган қарорлар қабул қилиш ҳуқуқини амалга оширади.



Ҳисоб юритишга нисбатан талаблар


19. Бош ташкилот ўхшаш операциялар ҳамда ўхшаш ҳолатлардаги бошқа ҳодисалар учун бир хил ҳисоб сиёсатидан фойдаланган ҳолда консолидациялашган молиявий ҳисоботни тайёрлаши лозим.


20. Инвестиция объектини консолидациялаш инвестор инвестиция объекти устидан назоратни олган пайтдан бошланади ва инвестор инвестиция объекти устидан назоратни йўқотган пайтда тугалланади.


21. Б86-Б93-бандларда консолидациялашган молиявий ҳисоботни тайёрлаш бўйича кўрсатма берилган.



Назорат кучига эга бўлмаган улушлар


22. Бош ташкилот назорат кучига эга бўлмаган улушларни молиявий ҳолат тўғрисидаги консолидациялашган ҳисоботда хусусий капитал таркибида, бош ташкилот мулкдорларига тегишли хусусий капиталдан алоҳида тарзда тақдим этиш лозим.


23. Бош ташкилотнинг шўъба ташкилот устидан назоратни йўқотишига олиб келмайдиган эгалик улушининг ўзгариши хусусий капитал билан боғлиқ операциялар (яъни мулкдорлар билан уларнинг мулкдор сифатида амал қилишидаги операциялар) сифатида ҳисобга олинади.


24. Б94-Б96-бандларда консолидациялашган молиявий ҳисоботда назорат кучига эга бўлмаган улушларни ҳисобга олиш бўйича кўрсатма берилган.



Назоратни йўқотиш


25. Агар бош ташкилот шўъба ташкилоти устидан назоратни йўқотган бўлса, ушбу бош ташкилот:

(a) собиқ шўъба ташкилотининг активлари ва мажбуриятларини молиявий ҳолат тўғрисидаги консолидациялашган ҳисоботда тан олишни бекор қилади.

(б) назорат йўқотилган санада собиқ шўъба ташкилотидага ҳар қандай инвестиция қолдиғини ҳаққоний қийматда тан олади ва бундай инвестицияларни ва собиқ шўъба ташкилотидан олинадиган ёки унинг фойдасига тўланиши лозим бўлган ҳар қандай суммаларнинг кейинги ҳисобини тегишли МҲХСда белгиланган тартибда амалга оширади. Мазкур ҳаққоний қиймат 9-сон МҲХСга мувофиқ молиявий активни дастлабки тан олишда унинг ҳаққоний қиймати ёки қўллаш ўринли бўлганда таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхоналарга инвестицияларнинг бошланғич қиймати сифатида инобатга олиниши лозим.

(в) собиқ назорат пакетига нисбатан назоратни йўқотиш билан боғлиқ фойда ёки зарарни тан олади.


26. Б97-Б99-бандларда назоратни йўқотишни ҳисобга олиш бўйича кўрсатма берилган.



Ташкилот инвестиция ташкилоти

ҳисобланишини аниқлаш


27. Бош ташкилот ўзининг инвестиция ташкилот ҳисобланишини аниқлаши лозим. Инвестиция ташкилоти бу:

( a) бир ёки ундан ортиқ инвесторлардан ушбу инвестор(лар)га инвестицияларни бошқариш бўйича хизматлар кўрсатиш мақсадида маблағлар оладиган;

( б) инвестор(лар) олдида ўз бизнесининг мақсади фақат капитал қийматининг ошишидан, инвестиция даромадидан ёки ҳар иккисидан даромадлар олиш мақсадида маблағларни инвестиция қилишдан иборат бўлган; ва

( в) ўзининг деярли барча инвестициялари бўйича фаолият натижаларини уларнинг ҳаққоний қиймати асосида баҳолайдиган ва аниқлайдиган ташкилотдир.

Б85А-Б85Л бандларда қўллаш бўйича тегишли кўрсатма келтирилган.


28. Ташкилот 27-бандда келтирилган таърифга мос келишини баҳолашда инвестиция ташкилотига хос бўлган қуйидаги хусусиятларга эгалигини кўриб чиқиши лозим:

(a) унда бирдан ортиқ инвестициялар мавжуд (Б85Н-Б85О-бандларига қаранг);

(б) у бирдан ортиқ инвесторга эга (Б85П-Б85С-бандларига қаранг);

(в) у ташкилотнинг ўзаро боғлиқ томонлари ҳисобланмайдиган инвесторларга эга (Б85Т-Б85У-бандларига қаранг); ва

(г) у капиталда эгалик улушларга ёки бошқа шунга ўхшаш улушларга эга (Б85Ф-Б85Х бандларига қаранг).

Ушбу ўзига хос хусусиятлардан бирининг йўқлиги ташкилотга инвестиция ташкилоти сифатида таснифланишини бекор қилмаслиги ҳам мумкин. Юқорида санаб ўтилган хусусиятларнинг барчасига эга бўлмаган инвестиция ташкилоти 12-сон МҲХС" Бошқа ташкилотлардаги улушларни ёритиб бериш" нинг 9А бандига мувофиқ талаб этиладиган маълумотларни қўшимча равишда ёритиб беради.


29. Агар далиллар ва ҳолатлар 27-бандда тавсифланган инвестиция ташкилотининг таърифини ташкил этувчи уч элементдан бири ёки бир нечтаси ёхуд 28-бандда тавсифланган инвестиция ташкилотининг хусусиятларидан бири ёки бир нечтаси ўзгарганини кўрсатса, бош ташкилот ўзининг инвестиция ташкилоти ҳисобланишини қайта баҳолаши лозим.


30. Агар бош ташкилот инвестиция ташкилоти мақомини йўқотаётган ёки инвестиция ташкилотига айланаётган бўлса, ўз мақомининг ўзгаришини бундай ўзгариш юз берган санадан бошлаб перспектив тарзда ҳисобга олиши лозим (Б100-Б101-бандларга қаранг).



Инвестиция ташкилотлари:

консолидациялашдан истисно


31. Инвестиция ташкилоти ўзининг шўъба ташкилотини консолидациялашни амалга оширмаслиги ёки унинг устидан назоратни олганда 3-сон МҲХСни қўлламаслиги лозим, бундан 32-бандда тавсифланган ҳолатлар мустасно. Бунинг ўрнига, инвестиция ташкилоти шўъба ташкилотидаги инвестицияни 9-сон МҲХСга мувофиқ фойда ёки зарар орқали хаққоний қийматда баҳолаши лозим(*).


32. 31-банд талабларига қарамай, агар инвестиция ташкилоти инвестиция ташкилоти бўлмаган шўъба ташкилотига эга бўлса ва унинг асосий мақсади ва фаолияти инвестиция ташкилотининг инвестиция фаолиятига тегишли бўлган хизматларни кўрсатиш бўлса, мазкур МҲХСнинг 19-26-бандларига мувофиқ у шўъба ташкилотини консолидациялаши лозим ва бунда ҳар қандай шу каби шўъба ташкилотларни харид қилганда 3-сон МҲХС талабларини қўллаши лозим.


33. Агар бош ташкилотнинг ўзи инвестиция ташкилот ҳисобланмаса, ўзи назорат қиладиган ташкилотларнинг барчасини, шу жумладан инвестиция ташкилоти ҳисобланадиган шўъба ташкилоти орқали назорат қиладиган ташкилотларни ҳам консолидациялаши лозим.

           

          




А ИЛОВА



АТАМАЛАР ТАЪРИФИ


Мазкур илова МҲХСнинг ажралмас қисмидир



консолидациялашган молиявий ҳисобот


бош ташкилот ва унинг шўъба ташкилотлари активлари, мажбуриятлари, хусусий капитали, даромади, харажатлари ва пул оқимларини ягона хўжалик субъектига тегишли деб тақдим этиладиган ташкилотлар гуруҳининг молиявий ҳисоботи.


инвестиция объекти устидан назорат


Инвестор, агар унинг инвестиция объектида иштирок этишидан даромадларнинг ўзгариши рискга мойил бўлса ёки бундай даромадларни олиш ҳуқуқига эга бўлса, шунингдек инвестиция объектига нисбатан ўз ваколатларини амалга ошириш орқали даромадларга таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлса, инвестиция объекти устидан назоратга эга бўлади.


қарорларни қабул қилувчи томон


Қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган, бошқа томонлар учун принципал ёки агент ҳисобланадиган ташкилот.


гуруҳ

Бош ташкилот ва унинг шўъба ташкилотлари.


инвестиция ташкилоти

Бу:

(a) бир ёки ундан ортиқ инвесторлардан ушбу инвестор(лар)га инвестицияларни бошқариш бўйича хизматлар кўрсатиш мақсадида маблағлар оладиган;

(б) инвестор(лар) олдида ўз бизнесининг мақсади фақат капитал қийматининг ошишидан, инвестиция даромадидан ёки ҳар иккисидан даромадлар олиш мақсадида маблағларни инвестиция қилишдан иборат бўлган; ва

(в) ўзининг деярли барча инвестициялари бўйича фаолият натижаларини уларнинг ҳаққоний қиймати асосида баҳолайдиган ва аниқлайдиган ташкилотдир.


Назорат кучига эга бўлмаган улуш


Бош ташкилотга бевосита ёки билвосита тегишли бўлмаган шўъба ташкилотдаги хусусий капитал.


бош ташкилот

Бир ёки бир нечта ташкилотларни назорат қилувчи ташкилот.


ваколат

Ўринли фаолиятни бошқариш имкониятини берадиган мавжуд ҳуқуқлар.


манфаатларни ҳимоя қилиш ҳуқуқлари


Бу мазкур ҳуқуқларга эга бўлган томонга ваколат бермаган ҳолда, манфаатларни ҳимоя қилишга мўлжалланган ҳуқуқлардир.


ўринли фаолият

Мазкур стандарт мақсадида ўринли фаолият - бу инвестиция объектининг инвестиция объекти даромадларига аҳамиятли таъсир кўрсатадиган фаолияти.


маҳрум қилиш ҳуқуқлари


Қарорларни қабул қилувчи томонни қарорлар қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳуқуқи.

шўъба ташкилоти

Бошқа ташкилотининг назорати остида бўлган ташкилот.

              

             

Қуйидаги атамалар 11-сон МҲХС (2011 йил таҳрири), 28-сон БҲХС (2011 йил таҳрири) ёки 24-сон БҲХС "Боғлиқ томонлар тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериш"да таърифланган ва мазкур МҲХСда юқоридаги МҲХСларда белгиланган маънода фойдаланилади:

- таъсир остидаги ташкилот;

- бошқа ташкилотдаги улуш;

- қўшма корхона;

- муҳим бошқарув ходими;

- боғлиқ томон;

- аҳамиятли таъсир.

            

         




Б ИЛОВА



ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА КЎРСАТМА


Мазкур илова МҲХСнинг ажралмас қисмидир. Ушбу илова 1-33-бандларнинг қўлланишини ифодалайди ва МҲХСнинг бошқа қисмлари билан тенг кучлидир.



Б1. Мазкур иловадаги мисоллар фаразларга асосланган ҳолатларни тасвирлайди. Мисолларнинг айрим жиҳатлари реал далиллар тарзида мавжуд бўлиши мумкин бўлсада, ушбу барча хусусий мисоллардаги ўринли далиллар ва ҳолатлар 10-сон МҲХСни қўллашда баҳоланиши зарур бўлади.



Назоратни баҳолаш


Б2. Инвестор ўзининг инвестиция объекти устидан назоратга эгалигини аниқлаш учун қуйидагиларни баҳолаши лозим:

(а) инвестиция объектига нисбатан ваколатга эгалигини;

(б) инвестиция объектида иштирок этишдан даромадлар ўзгариши рискига мойиллигини ёки уни олишга нисбатан ҳуқуқга эгалигини; ва

(в) инвесторнинг даромадлари миқдорига таъсир кўрсатиш мақсадида инвестиция объектига нисбатан ўз ваколатларини амалга ошириш имкониятига эгалигини.


Б3. Қуйидаги омилларни инобатга олиш назорат мавжудлигини аниқлашда кўмак бериши мумкин:

(а) инвестиция объектининг мақсади ва тузилмаси (Б5-Б8-бандларига қаранг);

(б) қайси фаолият ўринли ҳисобланиши ва мазкур фаолият юзасидан қарорлар қай тарзда қабул қилиниши (Б11-Б13-бандларига қаранг);

(в) инвестор эга бўлган ҳуқуқлар ўринли фаолиятни бошқариш имкониятини бериши (Б14-Б54-бандларига қаранг);

(г) инвестор объектда иштирок этишдан даромадлар ўзгариши рискига мойиллиги ёки бундай даромадларни олиш ҳуқуқларига эгалиги (Б55-Б57-бандларига қаранг); ва

(д) инвестор ўзининг даромадлари миқдорига таъсир кўрсатиш мақсадида инвестиция объектига нисбатан ўз ваколатини амалга ошириш имкониятига эгами (Б58-Б72-бандларига қаранг).


Б4. Инвестиция объекти устидан назоратни баҳолашда инвестор ўзининг бошқа томонлар билан муносабатлари характерини кўриб чиқиши лозим (Б73-Б75-бандларига қаранг).



Инвестиция объектининг мақсади ва тузилмаси


Б5. Инвестиция объекти устидан назоратни баҳолашда инвестор қайси фаолият ўринли ҳисобланиши ва мазкур фаолият юзасидан қарорлар қай тарзда қабул қилинишини, бу фаолиятни бошқариш имкониятига ҳозир ким эга эканлигини ва ушбу фаолиятдан даромадларни ким олаётганини аниқлаш учун инвестиция объектининг мақсади ва тузилмасини кўриб чиқиши лозим.


Б6. Инвестиция объектининг мақсади ва тузилмаси таҳлили натижасида инвестиция объекти устидан назорат эгасига инвестиция объектининг оддий акциялари каби мутаносиб овоз бериш ҳуқуқларини берадиган улушли инструментлар асосида амалга оширилиши равшан бўлиши мумкин. Бу ҳолда, агар қарорлар қабул қилиш жараёнига ўзгартиришлар киритадиган бирон-бир қўшимча келишувлар бўлмаса, назоратни баҳолашда асосий эътибор инвестиция объектининг операцион ва молиявий сиёсатини белгилаш учун етарли овоз бериш ҳуқуқларини қайси томон (агар улар мавжуд бўлса) амалга ошириши мумкинлигини аниқлашга қаратилади (Б34-Б50-бандларига қаранг). Энг оддий ҳолда, овоз бериш ҳуқуқларининг кўпчилик қисмига эга инвестор бошқа бирон-бир омиллар мавжуд бўлмаганда инвестиция объекти устидан назоратга эга бўлади.


Б7. Инвестор мураккаброқ вазиятларда инвестиция объекти устидан назоратга эгалигини аниқлашда Б3-бандидаги омиллардан айримларини ёки уларнинг барчасини кўриб чиқиши талаб этилиши мумкин.


Б8. Инвестиция объекти уни ким назорат қилишини аниқлашда овоз бериш ҳуқуқлари етакчи омил ҳисобланмайдиган, масалан, овоз бериш ҳуқуқлари фақат маъмурий вазифалар билан боғлиқ бўладиган, ўринли фаолиятни бошқариш эса келишув асосида амалга ошириладиган тарзда тузилган бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда, инвестиция объекти мақсади ва тузилмасининг кўриб чиқилиши шунингдек, инвестиция объектларини тузилишида режалаштирилган рискларни кўриб чиқишни, инвестиция объектини ташкил этишда иштирок этаётган бошқа томонларга ўтказилиши режалаштирилган рискларни, ҳамда инвестор бундай рискнинг барчасига ёки айримларига мойиллигини кўриб чиқишни ҳам ўз ичига олиши лозим. Рискларни кўриб чиқиш нафақат зарарлар рискини балки даромад олиш рискини ҳам ўз ичига олади.



Ваколат


Б9. Инвестиция объектига нисбатан ваколатга эга бўлиш учун инвестор унга ўринли фаолиятни бошқариш имкониятини берадиган мавжуд ҳуқуқларга эга бўлиши лозим. Ваколатни баҳолашда фақат реал ҳуқуқлар ва манфаатларни ҳимоя қилиш ҳуқуқлари ҳисобланмайдиган ҳуқуқлар ҳисобга олинади (Б22-Б28-бандларига қаранг).


Б10. Инвесторда ваколат амалда мавжудлигини аниқлаш қайси фаолият ўринли ҳисобланиши, ўринли фаолият юзасидан қарорлар қай тарзда қабул қилинишига, шунингдек инвестиция объектига нисбатан инвестор ва бошқа томонлар эга бўлган ҳуқуқларга боғлиқ бўлади.



Ўринли фаолият ва ўринли фаолиятни бошқариш


Б11. Кўпгина инвестиция объектлари учун операцион ва молиявий фаолиятнинг бир қатор турлари инвестиция объектларининг даромадларига аҳамиятли таъсир кўрсатади. Ҳолатга қараб, ўринли фаолият ҳисобланиши мумкин бўлган фаолият турларига мисол сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин, лекин улар билан чекланмайди:

(а) товарлар ёки хизматларни сотиш ва харид қилиш;

(б) молиявий активларни муддати мобайнида бошқариш (шу жумладан дефолт юз бериши далили бўйича);

(в) активларни танлаб олиш, харид қилиш ёки ҳисобдан чиқариш;

(г) янги маҳсулотлар ёки жараёнларни тадқиқ этиш ва ишлаб чиқиш; ва

(д) молиялаштириш тузилмасини аниқлаш ёки молиялаштиришни жалб қилиш.


Б12. Ўринли фаолият юзасидан қабул қилинадиган қарорларга мисоллар сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин, лекин улар билан чекланмайди:

(а) инвестиция объектининг операцион фаолияти ва капитали, шу жумладан бюджетлар тўғрисидаги қарорлар; ва

(б) инвестиция объекти ёки хизматларни етказиб берувчиларнинг муҳим бошқарув ходимларини тайинлаш ва мукофотлаш, шунингдек мазкур шахслар билан меҳнат ёки шартномавий муносабатларни тугатиш.


Б13. Айрим вазиятларда муайян ҳолатлар юзага келиши ёки маълум ҳодиса содир бўлишидан олдин ёки кейин амалга ошириладиган фаолият ўринли бўлиши мумкин. Агар икки ёки ундан ортиқ инвесторлар ҳозирги вақтда ўринли фаолиятни бошқариш имкониятига эга бўлса ва мазкур фаолият турли вақтда амалга оширилса, инвесторлар даромадларга аҳамиятли таъсир кўрсатувчи фаолиятни қайси инвестор бошқариш қарорларини қабул қилишини бир вақтда қарорлар қабул қилиш ҳуқуқларига эга томонларни ҳисобга олиб аниқлашлари лозим (13-бандга қаранг). Агар тегишли далиллар ёки ҳолатларда муайян ўзгаришлар юз берган бўлса, инвесторлар вақт ўтиши билан мазкур баҳолашни қайта кўриб чиқишлари лозим.

           

           


        

Қўллашга доир мисоллар

         

1-мисол

Икки инвестор дори воситасини ишлаб чиқиш ва сотиш мақсадида инвестиция объектини яратади. Инвесторларнинг бири дори воситасини ишлаб чиқиш ва тартибга солувчи органларнинг тегишли рухсатини олиш учун масъул; ушбу жавобгарлик дори воситасини ишлаб чиқиш ва тартибга солувчи органлар рухсатини олиш билан боғлиқ барча қарорларни бир томонлама тартибда қабул қилиш имкониятини ўз ичига олади. Тартибга солувчи орган дори воситасини маъқуллаши билан, бошқа инвестор уни ишлаб чиқариш ва сотишга киришади; бу инвестор маҳсулотни ишлаб чиқариш ва сотишга доир барча қарорларни бир томонлама тартибда қабул қилиши мумкин. Агар кўрсатилган фаолият турларининг барчаси - дори воситаларини ишлаб чиқиш, тартибга солувчи орган рухсатини олиш, дори воситаларини ишлаб чиқариш ва сотиш ўринли фаолият ҳисобланса, ҳар бир инвестор инвестиция объектининг даромадларига аҳамиятли таъсир кўрсатувчи фаолиятни бошқариш имкониятига эга ёки эга эмаслигини аниқлаши лозим. Шунга кўра, ҳар бир инвестор дори воситасини ишлаб чиқиш ва тартибга солувчи органлар рухсатини олиш ёки маҳсулотни ишлаб чиқариш ва сотиш инвестиция объектининг даромадларига аҳамиятли таъсир кўрсатадиган фаолият ҳисобланишини ва у мазкур фаолиятни бошқариш имкониятига эгалиги тўғрисидаги масалани кўриб чиқиши лозим. Қайси инвестор ваколатга эга эканлигини аниқлашда, инвесторлар қуйидаги масалаларни кўриб чиқишлари мумкин:

(а) инвестиция объектининг мақсади ва тузилмаси;

(б) инвестиция объектининг фойда меъёри, тушуми ва қийматини, шунингдек дори воситаси қийматини белгиловчи омиллар;

(в) ҳар бир инвесторнинг (б) кичик бандда санаб ўтилган омиллар юзасидан қарорлар қабул қилиш ваколатларини амалга ошириши натижасида инвестиция объектининг даромадларига кўрсатадиган таъсири; ва

(г) инвесторларнинг даромадлар ўзгариши рискига мойиллиги.


Мазкур мисолда инвесторлар қўшимча равишда қуйидаги масалаларни ҳам кўриб чиқишлари мумкин:

(д) тартибга солувчи органлар рухсатини олишдаги ноаниқлик ва бундай рухсатни олиш учун талаб этиладиган саъй-ҳаракатлар (инвесторнинг дори воситаларини ишлаб чиқиш ва тартибга солувчи органларнинг тегишли рухсатини олиш борасидаги самарали тажрибасини ҳисобга олган ҳолда); ва

(е) ишлаб чиқиш босқичи самарали якунланганидан сўнг инвесторларнинг қайси бири дори воситаси устидан назоратни амалга ошириши.



2-мисол

Инвестиция тузилмаси (инвестиция объекти) қарз инструментлари эгаси (қарз инструментларига инвестор) бўлган инвестор ва улушли инструментларни эгаси бўлган бошқа инвесторлар томонидан ташкил этилмоқда ва молиялаштирилмоқда. Улушли инструментларни чиқариш дастлабки зарарларни қоплаш ва инвестиция объектидан қолдиқ даромад олиш мақсадини кўзлайди. Улушларнинг 30 фоизига эгалик қилувчи улушли инструмент эгаси бўлган инвесторлардан бири активларни бошқарувчи ҳам ҳисобланади. Инвестиция объекти ўз даромадларидан молиявий активлар портфелини сотиб олиш учун фойдаланади ва инвестиция объектини бундай активлар бўйича асосий қарз ва фоизлар тўловларини амалга оширмаслик эҳтимоли билан боғлиқ кредит рискига олиб келади. Операция инвесторга қарз инструментлари сифатида бундай активлар бўйича тўловларни амалга оширмаслик эҳтимоли билан боғлиқ минимум кредит риски асосида сотилади чунки ушбу активларни хусусияти билан боғлиқ ва улушли инструментларни чиқариш инвестиция объектининг дастлабки зарарларини қоплаш учун мўлжалланган. Инвестиция объектининг даромадларига портфелни бошқариш доирасида активларни танлаш, харид қилиш ва ҳисобдан чиқариш юзасидан қарорлар қабул қилишни, шунингдек портфелдаги ҳар қандай активлар бўйича тўловлар амалга оширилмаган ҳолларда бошқарув ҳаракатларини ўз ичига оладиган активлар портфелини бошқариш борасидаги фаолияти аҳамиятли таъсир кўрсатади. Активлар дефолти портфель қийматининг белгиланган нисбатига етгунга қадар (яъни инвестиция объекти улушли инструментларни чиқариш натижасида олинган капитал портфели қиймати билан қамраб олинган) мазкур фаолиятни амалга оширишга активлар бошқарувчиси жавобгар бўлади. Шу вақтдан бошлаб, активларни қарз инструментларига эга инвесторнинг кўрсатмасига мувофиқ учинчи томон ҳисобланадиган ишончли бошқарувчи бошқаради. Инвестиция объектининг активлар портфелини бошқариш мазкур объектнинг ўринли фаолияти ҳисобланади. Активларни бошқарувчи ўринли фаолиятни дефолт активлари портфель қийматига нисбатан белгиланган нисбатга етгунга қадар бошқариш имкониятига эга; қарз инструментларига эгалик қилувчи инвестор ўринли фаолиятни дефолт активлар қиймати портфель қийматига нисбатан белгиланган нисбатдан ошганда бошқариш имкониятига эга бўлади. Активларни бошқарувчи ва қарз инструментларига эгалик қилувчи инвестор уларнинг ҳар бири инвестиция объектининг даромадларига кўпроқ аҳамиятли таъсир кўрсатувчи фаолиятни бошқариш имкониятига эгалигини, шу жумладан инвестиция объектининг мақсади ва тузилмасини таҳлил қилиши, шунингдек хар бир томон учун даромадларнинг ўзгариши рискини аниқлаши лозим.

             


          

          

Инвесторга инвестиция объектига нисбатан

ваколат берадиган ҳуқуқлар


Б14. Ваколат ҳуқуқлар натижасида юзага келади. Инвестиция объектига нисбатан ваколатга эга бўлиш учун инвестор ўринли фаолиятни бошқариш имкониятини берадиган мавжуд ҳуқуқларга эга бўлиши лозим. Инвесторга ваколат бериши мумкин бўлган ҳуқуқлар инвестиция объектига боғлиқ ҳолда фарқ қилиши мумкин.


Б15. Инвесторга инвестиция объектига нисбатан ваколат бериши мумкин бўлган индивидуал ёки жамланган ҳуқуқларга мисоллар сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин, лекин улар билан чекланмайди:

(а) инвестиция объектида овоз бериш ҳуқуқлари (ёки потенциал овоз бериш ҳуқуқлари) шаклидаги ҳуқуқлар (Б34-Б50-бандларига қаранг);

(б) инвестиция объектининг ўринли фаолиятга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муҳим бошқарув ходими тайинлаш, бошқа лавозимга ўтказиш ёки ишдан бўшатиш ҳуқуқлари;

(в) ўринли фаолиятни бошқарувчи сифатида бошқа ташкилотни белгилаш ёки четлатиш ҳуқуқлари;

(г) инвестиция объектига инвестор манфаатларидан келиб чиқиб бирон-бир битимларга қўшилиш хусусида кўрсатмалар бериш ёки бирон-бир битимларга ҳар қандай ўзгартиришлар киритишга вето қўйиш ҳуқуқлари; ва

(д) эгасига ўринли фаолиятни бошқариш имкониятини берадиган бошқа ҳуқуқлар (хусусан бошқариш тўғрисидаги шартномада кўрсатилган қарорларни қабул қилиш ҳуқуқлари).


Б16. Умуман олганда, агар инвестиция объекти даромадларга аҳамиятли таъсир кўрсатадиган турли операцион ва молиявий фаолиятни амалга ошираётган бўлса ва мазкур фаолиятни амалга ошириш доимий равишда фаолиятнинг асосий масалалари юзасидан қарорлар қабул қилишни талаб этса, инвесторга инвестиция объектига нисбатан ваколат бериши мумкин бўлган индивидуал ёки бошқа келишувлар билан жамланган ҳуқуқларга овоз бериш ҳуқуқлари ёки ўхшаш ҳуқуқлар киради.


Б17. Агар овоз бериш ҳуқуқлари инвестиция объектининг даромадларига аҳамиятли таъсир кўрсата олмаса, масалан, овоз бериш ҳуқуқлари фақат маъмурий масалаларга татбиқ этилса, ўринли фаолиятни бошқариш масалалари эса шартномавий келишувлар билан тартибга солинса, инвестор унга инвестиция объектига нисбатан ваколат берилиши учун етарли бўлган ҳуқуқларга эгалигини аниқлаш учун бундай келишувларни баҳолаши лозим. Инвестор унга бундай ваколатни бериш учун етарли бўлган ҳуқуқларга эгалигини аниқлаш учун инвестиция объектининг мақсади ва тузилмасини (Б5-Б8-бандларга қаранг) ҳамда Б51-Б54-бандлари ва Б18-Б20-бандларда баён этилган талабларни биргаликда кўриб чиқиши лозим.


Б18. Айрим вазиятларда, инвестор унга инвестиция объектига нисбатан ваколат бериш учун етарли ҳуқуқларга эгалигини аниқлаш қийин бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда, ваколатни баҳолашни амалга ошириш учун инвестор унда ўринли фаолиятни бир томонлама тартибда бошқариш имконияти амалда мавжудлигини кўриб чиқиши лозим. Юқоридагилардан ташқари, ваколат Б19 ва Б20-бандлардаги кўрсаткичлар билан бирга кўриб чиқилиши, инвесторнинг ҳуқуқлари унга инвестиция объектига нисбатан ваколатни бериш учун етарли ҳисобланиши тўғрисида далилларни таъминлаши мумкин бўлган қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш зарур, лекин улар билан чекланмайди:

(а) Инвестор, шартномада назарда тутилган тегишли ҳуқуққа эга бўлмай туриб, ўринли фаолиятга раҳбарлик қилиш имкониятига эга бўлган инвестиция объектининг муҳим бошқарув ходимларини тайинлаши ёки тасдиқлаши мумкин.

(б) Инвестор, шартномада назарда тутилган тегишли ҳуқуққа эга бўлмай туриб, инвестиция объектига аҳамиятли битимларга қўшилиш хусусида кўрсатмалар бериши ёки аҳамиятли битимларга инвестор манфаатларида ҳар қандай ўзгартиришлар киритишга вето қўйиши мумкин.

(в) Инвестор инвестиция объектининг бошқарув органи аъзоларини сайлаш учун номзодларни илгари суриш жараёнида ёки овоз бериш ҳуқуқларининг бошқа эгаларидан ишончнома олишда юқори мавқега эга бўлиши мумкин.

(г) Инвестиция объектининг муҳим бошқарув ходимлари инвесторнинг ўзаро боғлиқ томонлари ҳисобланади (масалан, инвестиция объектининг бош директори ва инвесторнинг бош директори - айни бир шахс).

(д) инвестиция объекти бошқарув органи аъзоларининг кўпчилик қисми- инвесторнинг ўзаро боғлиқ томонлари.


Б19. Айрим ҳолларда инвестор инвестиция объекти билан инвесторнинг манфаати пассив иштирок этиш билан чекланмаслигини назарда тутадиган алоҳида муносабатларда эканлигининг белгилари мавжуд бўлади. Шундай белгилардан бири ёки бир нечтасининг мавжудлиги инвестор ваколатга эгалик мезонларини қаноатлантиришини англатмаслиги мумкин. Лекин, инвесторда инвестиция объектида пассив иштирок этиш билан чекланмайдиган манфаатнинг мавжудлиги унга ваколат бериши ёки инвестиция объектига нисбатан унда ваколат мавжудлигини тасдиқловчи далиллар билан таъминлаш учун етарли бошқа турдош ҳуқуқларга эга эканлигини кўрсатиши мумкин. Масалан, қуйидаги вазиятлар инвесторнинг манфаати инвестиция объектида пассив иштирок этиш билан чекланмасдан бошқа ҳуқуқлар билан бирга ваколат мавжудлигини кўрсатиши мумкин:

(а) Инвестиция объектининг ўринли фаолиятни бошқариш имкониятига эга бўлган муҳим бошқарув ходимлари инвесторнинг амалдаги ёки собиқ ходимлари ҳисобланади.

(б) Инвестиция объектининг операциялари инвесторга боғлиқ бўлади, масалан, қуйидаги вазиятларда:

(i) инвестиция объекти ўз операцияларининг аҳамиятли қисмини молиялаштириши масалалари инвесторга боғлиқ бўлади;

(ii) инвестор инвестиция объекти мажбуриятларининг аҳамиятли қисми бўйича кафил ҳисобланади;

(iii) инвестиция объекти учун ўта муҳим хизматлар кўрсатиш, технологиялар, хом ашё ёки материаллар тақдим этиш масалалари инвесторга боғлиқ бўлади;

(iv) инвестор инвестиция объекти операциялари учун ўта муҳим ҳисобланадиган активларни, хусусан лицензиялар ёки савдо белгиларини бошқаради;

(v) инвестиция объекти муҳим бошқарув ходимлари билан боғлиқ масалаларда инвесторга тобе бўлади, масалан, инвесторнинг ходимлари инвестиция объектининг операциялари хусусида махсус билимларга эга бўлганда.

(в) инвестиция объекти операцияларининг аҳамиятли қисми инвестор иштирокида ёки унинг номидан амалга оширилади;

(г) инвесторнинг инвестиция объектида иштирок этишдан олинадиган даромадларнинг ўзгарувчан хусусияти билан боғлиқ рискга мойиллиги ёки унинг бундай даромадни олишга бўлган ҳуқуқи овоз бериш ҳуқуқи ёки бошқа ўхшаш ҳуқуқлардан номутаносиб тарзда кўп бўлади. Масалан, қуйидаги вазият юзага келиши мумкин: инвестор инвестиция объекти даромадларининг ярмидан кўпини олиш ҳуқуқига эга бўлса ёки бундай даромадлар ўзгариши билан боғлиқ рискнинг ярмидан ортиғига мойиллиги бўлса, лекин унинг инвестиция объектида овоз бериш ҳуқуқлари эллик фоиздан кам бўлган ҳолат.


Б20. Инвесторнинг инвестиция объектида иштирок этишдан олинадиган даромадларнинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ риски қанча юқори бўлса ёки инвесторнинг бундай даромадни олиш ҳуқуқлари қанча кўп бўлса, унга инвестиция объектига нисбатан ваколат берилиши учун етарли бўлган ҳуқуқларни олиш имкониятлари инвесторни шунча кўп рағбатлантиради. Шунинг учун, даромадларнинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ риск мойиллигининг юқорилиги инвесторда ваколат мавжудлигидан дарак беради. Лекин, инвестор рискининг даражаси ўз-ўзидан инвестор инвестиция объектига нисбатан ваколатга эгалигини белгиламайди.


Б21. Агар Б18-бандда баён этилган омиллар ҳамда Б19 ва Б20-бандларда баён этилган белгилар инвесторнинг ҳуқуқлари билан бирга инобатга олинса, Б18-бандда изоҳланган ваколатлар мавжудлигининг далилига кўпроқ аҳамият бериш лозим.



Реал ҳуқуқлар


Б22. Инвестор ваколатга эгалигини баҳолашда фақат инвестиция объекти билан боғлиқ (инвестор ва бошқа шахслар амалда эга) бўлган реал ҳуқуқларни мавжудлигини кўриб чиқади. Агар ҳуқуқ субъекти мазкур ҳуқуқни амалга ошириш имкониятига эга бўлса, бундай ҳуқуқ реал ҳисобланади.


Б23. Ҳуқуқнинг реаллигини барча далиллар ва ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда мулоҳаза асосида аниқлашни талаб қилади. Реал ҳуқуқлар мавжудлигини аниқлашда кўриб чиқилиши лозим бўлган омилларга мисол тариқасида қуйидагиларни келтириш мумкин:

( а) Субъект (субъектлар) ўз ҳуқуқларини амалга оширишига монелик қиладиган (иқтисодий ёки бошқа) тўсиқларнинг мавжудлиги. Бундай тўсиқларга шу жумладан қуйидагилар мисол бўлиши мумкин:

(i) ҳуқуқ субъекти ўз ҳуқуқларини амалга оширишига монелик қиладиган (ёки субъектни ўз ҳуқуқларини амалга оширишдан ўзини тийишга мажбур этадиган) молиявий санкциялар ва рағбатлар;

(ii) ҳуқуқ субъекти ўз ҳуқуқларини амалга ошириши йўлида молиявий тўсиқ яратадиган (ёки субъектни ўз ҳуқуқларини амалга оширишдан ўзини тийишга мажбур этадиган) ижро этиш ёки конвертация нархи.

(iii) ҳуқуқни амалга ошириш имкониятини камайтирадиган шартлар, масалан, ижро этиш муддатини қатъий чеклайдиган шартлар;

(iv) инвестиция объектининг таъсис ҳужжатларида ёки тегишли қонунлар ёки меъёрий ҳужжатларда ҳуқуқ субъектига ўз ҳуқуқларини амалга ошириш имконини берадиган аниқ, оқилона механизмнинг йўқлиги;

(v) ҳуқуқ субъекти ўз ҳуқуқларини амалга ошириш учун зарур маълумотларни олишга қодир эмаслиги;

(vi) ҳуқуқ субъекти ўз ҳуқуқларини амалга оширишига монелик қиладиган (ёки субъектни ўз ҳуқуқларини амалга оширишдан ўзини тийишга мажбур этадиган) операцион тўсиқлар ёки рағбатларнинг мавжудлиги (масалан, махсус хизматлар кўрсатишни хоҳлайдиган ёки бунга қодир бўлган ёхуд хизмат кўрсатиш ва тегишли даврда мазкур лавозимни эгаллаб турган бошқарувчи ихтиёрида бўлган улушни бошқаришда қатнашишга қодир бўлган бошқа бошқарувчиларнинг йўқлиги).

(vii) қонунлар ёки тартибга солувчи органларнинг ҳуқуқ субъекти ўз ҳуқуқларини амалга оширишига монелик қилувчи талаблари (масалан, агар чет эллик инвесторга ўз ҳуқуқларини амалга ошириш тақиқланган бўлса).

( б) Агар ҳуқуқни амалга ошириш бир нечта томонларнинг розилигини талаб қилса ёки бир нечта томонлар битта ҳуқуқ субъектлари ҳисобланса, мазкур томонларга ўз ҳуқуқларини коллектив асосда амалга ошириш имкониятини (агар улар буни исташса) берадиган белгиланган механизмнинг мавжудлиги ёки йўқлиги. Бундай механизмнинг йўқлиги ҳуқуқлар нореал бўлиши мумкинлигининг белгисидир. Ҳуқуқни амалга ошириш учун розилиги талаб этиладиган томонлар сони қанча кўп бўлса, ҳуқуқ реал ҳисобланиши эҳтимоли шунча кам бўлади. Лекин, аъзолари қарор қабул қилувчи шахслардан мустақил бўлган директорлар кенгаши бир нечта инвесторлар ўз ҳуқуқларини амалга ошираётганда биргаликда ҳаракат қилишлари учун механизм бўлиб хизмат қилиши мумкин. Шунинг учун, мустақил директорлар кенгаши томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган четлатиш ҳуқуқлари кўп сонли инвесторлар алоҳида-алоҳида амалга оширишлари мумкин бўлган шундай ҳуқуқларга қараганда реал ҳисобланади;

( в) ҳуқуқ эгаси бўлган томон ёки томонлар бундай ҳуқуқларни амалга оширишдан наф кўриши. Масалан, инвестиция объектидаги потенциал овоз бериш ҳуқуқлари эгаси (Б47-Б50-бандларига қаранг) инструментнинг ижро этиш ёки конвертация нархини ҳисобга олиши лозим. Агар инструментнинг ижро этиш баҳоси бозор баҳосидан юқори бўлса ёки инвестор инструментнинг ижро этилиши ёки конвертация қилиниши натижасида бошқа бирон-бир сабабга кўра наф кўрса (масалан, инвестор ва инвестиция объект ўртасида синергия эффекти амалга оширилиши натижасида), потенциал овоз бериш ҳуқуқлари шартлари реал бўлиши эҳтимоли кўпроқ бўлади.


Б24. Бундан ташқари, ўринли фаолиятни бошқариш юзасидан қарорлар қабул қилишда ҳуқуқларни амалга ошириш имконияти мавжуд бўлса, бундай ҳуқуқлар реал ҳисобланади. Одатда, ҳуқуқларни ҳозир амалга ошириш мумкин бўлса, улар реал ҳисобланади. Лекин, айрим ҳолларда ҳуқуқлар, ҳатто уларни ҳозир амалга ошириш мумкин бўлмаса ҳам, реал ҳисобланиши мумкин.

            

            


        

Қўллашга доир мисоллар


3-мисол

Инвестиция объекти акциядорларнинг йиллик йиғилишларини ўтказади ва уларда ўринли фаолиятни бошқариш юзасидан қарорлар қабул қилинади. Режа бўйича акциядорларнинг навбатдаги йиғилиши саккиз ойдан кейин ўтказилади. Бироқ индивидуал ёки бошқа акциядорлар билан бирга овозли акцияларнинг камида беш фоизига эгалик қилувчи акциядорлар ўринли фаолиятга оид жорий сиёсатга ўзгартириш киритиш учун навбатдан ташқари йиғилишни чақиришлари мумкин. Лекин, бошқа акциядорлар хабардор қилингандан кейин 30 кундан сўнг бундай йиғилиш ўтказилиши мумкин. Ўринли фаолиятга оид сиёсатга ўзгартиришлар фақат акциядорларнинг навбатдан ташқари ёки навбатдаги йиғилишларида киритилиши мумкин. Бу активларни сотиш бўйича муҳим битимларни тасдиқлашни, шунингдек, аҳамиятли инвестицияларни киритиш ёки ҳисобдан чиқаришни ўз ичига олади.

Юқорида баён этилган вазият қуйида келтирилган 3A-3Г мисолларига нисбатан қўлланади. Ҳар бир мисол алоҳида кўриб чиқилади.


3A мисол

Инвестор инвестиция объектидаги кўпчилик овозли акцияларнинг эгаси ҳисобланади. Инвесторнинг овоз бериш ҳуқуқлари реал ҳисобланади, чунки инвестор ўринли фаолиятни бошқариш юзасидан қарорларни бундай қарорлар талаб этилганда қабул қилиши мумкин. Инвестор ўзининг овоз бериш ҳуқуқларини фақат ўттиз кундан кейин амалга ошириши мумкинлиги инвесторни ўринли фаолиятни акциялар пакетини эгаллаган пайтдан бошлаб бошқариш жорий имкониятидан маҳрум этмайди.


3Б мисол

Инвестор инвестиция объекти акцияларининг назорат пакетини сотиб олиш учун тузиладиган форвард шартномаси томони ҳисобланади. Форвард шартномасини ижро этиш санаси 25 кундан кейин келади. Мавжуд акциядорлар ўринли фаолиятга оид жорий сиёсатни ўзгартира олмайдилар, чунки навбатдан ташқари йиғилиш камида 30 кундан кейин ўтказилиши мумкин ва бу муддат тугаганда форвард шартномаси ижро этилган бўлади. Шундай қилиб, инвесторнинг ҳуқуқлари моҳиятан юқорида, 3А мисолида келтирилган акциялар назорат пакетига эга бўлган акциядорнинг ҳуқуқлари билан тенг бўлади (яъни форвард шартномаси томони ҳисобланадиган инвестор ўринли фаолият юзасидан қарорларни, талаб этилганда қабул қилиши мумкин). Инвесторнинг форвард шартномаси - бу инвесторга ҳозир ҳатто форвард шартномаси ижро этилгунга қадар ҳам ўринли фаолиятни бошқариш имконини берадиган реал ҳуқуқдир.


3В мисол

Инвестор инвестиция объектининг акциялар назорат пакетини сотиб олиш учун реал опцион эгаси ҳисобланади, опцион 25 кундан кейин ижро этилиши мумкин ва уни ижро этиш баҳоси бозор баҳосидан ортиқ бўлади. Ушбу мисолда ҳам 3Б мисолидаги хулоса чиқарилиши лозим.


3Г мисол

Инвестор инвестиция объектининг акциялари назорат пакетини сотиб олиш учун форвард шартномаси томони ҳисобланади, бунда инвестиция объектига нисбатан бошқа турдош ҳуқуқлар харид қилинмайди. Форвард шартномасини ижро этиш муддати олти ойдан кейин келади. Юқорида келтирилган мисоллардан фарқли тарзда, инвестор ўринли фаолиятни жорий бошқариш имкониятига эга бўлмайди. Мавжуд акциядорлар ўринли фаолиятни жорий бошқариш имкониятига эга бўлади, чунки улар ўринли фаолиятга оид мавжуд сиёсатга ўзгартиришлар киритишни форвард шартномаси ижро этилишидан олдин амалга оширишлари мумкин.

             


           

             

Б25. Бошқа томонлар амалга ошириши мумкин бўлган реал ҳуқуқлар инвесторга мазкур ҳуқуқлар боғлиқ бўлган инвестиция объекти устидан назоратни амалга оширишига монелик қилиши мумкин. Бундай реал ҳуқуқлар ҳуқуқ субъектида қарорлар қабул қилиш имконияти мавжудлигини талаб қилмайди. Ҳуқуқлар ҳимоя ҳуқуқларигина ҳисобланмайдиган вақт мобайнида (Б26-Б28-бандларига қаранг) бошқа томонларнинг реал ҳуқуқлари, ҳатто бу ҳуқуқлар ҳуқуқ субъектига фақат ўринли фаолиятга доир қарорларни тасдиқлаш ёки уларга вето қўйиш жорий имкониятини берса ҳам, инвестор инвестиция объекти устидан назоратни амалга оширишига монелик қилиши мумкин.



Манфаатларни ҳимоя қилиш ҳуқуқлари


Б26. Ҳуқуқлар инвесторга инвестиция объектига нисбатан ваколат беришини баҳолашда инвестор унинг ҳуқуқлари, шунингдек бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиш ҳуқуқлари ҳисобланишини баҳолаши лозим. Ҳимоя қилиш ҳуқуқлари инвестиция объектининг фаолиятига туб ўзгартиришлар киритиш билан боғлиқ ҳолатлар ёки алоҳида вазиятларда қўлланилади. Лекин алоҳида вазиятларда қўлланадиган ёки муайян ҳодисаларга боғлиқ бўлган барча ҳуқуқлар ҳам манфаатларни ҳимоя қилиш ҳуқуқлари ҳисобланавермайди (Б13 ва Б53-бандларга қаранг).


Б27. Ҳимоя қилиш ҳуқуқлари ҳуқуқ субъектининг манфаатларини ҳимоя қилиш учун мўлжалланган ва унга мазкур ҳуқуқлар боғлиқ бўлган инвестиция объектига нисбатан ваколат бермайди, шу боис фақат ҳимоя қилиш ҳуқуқларига эга бўлган инвестор ваколатга эга бўлиши ёки бошқа томонда инвестиция объектига нисбатан ваколатнинг мавжудлигига монелик қилиши мумкин эмас (14-бандга қаранг).


Б28. Ҳимоя қилиш ҳуқуқларига мисол сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:

(а) кредиторнинг, қарз олувчи кредит рискининг кредитор зарарига аҳамиятли ўзгаришига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларига чеклашлар белгилаш ҳуқуқи.

(б) инвестиция объектида назорат кучига эга бўлмаган улуш эгаси ҳисобланадиган томоннинг одатдаги хўжалик фаолияти жараёнида зарур бўлган сарфлардан ортиқ капитал сарфларини маъқуллаш ёки улушли ёки қарз инструментларини чиқаришни маъқуллаш ҳуқуқи.

(в) агар қарз олувчи қарзни қайтаришнинг белгиланган шартларини бажаришга қодир бўлмаса, кредиторнинг қарз олувчининг активларини ҳибсга олиш ҳуқуқи.



Франчайзинг


Б29. Инвестиция объекти франшиза олувчи ҳисобланишига сабаб бўладиган франчайзинг келишуви кўпинча франшиза берувчига франшиза брендини ҳимоя қилиш мақсадидаги ҳуқуқларни беради. Франчайзинг келишуви, қоида тариқасида, франшиза берувчига франшиза олувчининг операциялари юзасидан қарорлар қабул қилиш бўйича муайян ҳуқуқларни беради.


Б30. Умуман олганда, франшиза берувчиларнинг ҳуқуқлари франшиза берувчилар ҳисобланмайдиган томонларнинг франшиза олувчининг даромадига аҳамиятли таъсир кўрсатадиган қарорлар қабул қилиш имкониятини чекламайди. Бундан ташқари, франшиза берувчининг франчайзинг келишувида назарда тутилган ҳуқуқлари франшиза берувчига франшиза олувчининг даромадига аҳамиятли таъсир кўрсатувчи фаолиятни жорий бошқариш имкониятини бермайди.


Б31. Франшиза олувчининг даромадига аҳамиятли таъсир кўрсатадиган қарорлар қабул қилиш жорий имкониятининг мавжудлиги ва франшиза брендини ҳимоя қилишга қаратилган қарорлар қабул қилиш имкониятининг мавжудлигини фарқлаш зарур. Франшиза берувчи, агар бошқа томонлар франшиза олувчининг ўринли фаолиятини жорий бошқариш имкониятини берадиган мавжуд ҳуқуқларга эга бўлса, франшиза олувчига нисбатан ваколатга эга бўлмайди.


Б32. Франшиза олувчи франчайзинг келишувига қўшилиш орқали ўз бизнесини франчайзинг келишуви шартларига мувофиқ, бироқ ўз ҳисобидан юритиш тўғрисидаги қарорни бир томонлама тартибда қабул қилади.


Б33. Франшиза олувчининг ташкилий-ҳуқуқий шакли ва унинг молиялаштириш тузилмаси сингари муҳим қарорлар устидан назорат, франшиза берувчи ҳисобланмайдиган тарафлар томонидан амалга оширилиши ва франшиза олувчининг даромадига аҳамиятли таъсир кўрсатиши мумкин. Франшиза берувчи томонидан кўрсатилаётган молиявий ёрдам даражаси қанча паст бўлса ва франшиза олувчи даромадларининг ўзгарувчанлиги туфайли франшиза берувчининг рискга мойиллиги қанча паст бўлса, франшиза берувчи фақат ҳимоя қилиш ҳуқуқларига эга бўлиши эҳтимоли шунча кўп бўлади.



Овоз бериш ҳуқуқлари


Б34. Кўпинча инвестор овоз бериш ҳуқуқлари ёки ўхшаш ҳуқуқлар ёрдамида ўринли фаолиятни бошқариш имкониятига эга бўлади. Агар инвестиция объектининг ўринли фаолиятини бошқариш овоз бериш ҳуқуқлари воситасида амалга оширилаётган бўлса, инвестор мазкур бўлимда баён этилган талабларни (Б35-Б50-бандлар) кўриб чиқиши лозим.



Кўпчилик овоз бериш ҳуқуқлари

билан боғлиқ ваколат


Б35. Инвестиция объектидаги овоз бериш хуқуқларининг ярмидан ортиғига эга бўлган инвестор, агар Б36-банд ёки Б37-банд қўлланмаса, қуйидаги вазиятларда ваколатга эга бўлади:

(а) ўринли фаолиятни бошқариш кўпчилик овоз бериш ҳуқуқлари эгасининг овоз бериши воситасида амалга оширилса, ёки

(б) ўринли фаолиятни бошқаришни амалга ошираётган бошқарув органи аъзоларининг кўпчилик овоз бериш ҳуқуқларининг эгасининг овоз бериши натижасига кўра тайинланса.



Ваколат мавжуд бўлмаган ҳолатда

кўпчилик овоз бериш ҳуқуқлари


Б36. Инвестиция объектидаги овоз бериш ҳуқуқларининг ярмидан ортиғига эга бўлган инвестор инвестиция объектига нисбатан ваколатларга эга бўлиши учун инвесторнинг овоз бериш ҳуқуқлари Б22-Б25-бандларга мувофиқ реал бўлиши ва инвесторга ҳозирги вақтда ўринли фаолиятни бошқариш имконини бериши лозим ва бу аксарият ҳолларда операцион ва молиявий сиёсатни белгилаш йўли билан амалга оширилади. Агар бошқа бирон-бир ташкилот унга ўринли фаолиятни бошқариш ҳуқуқини берадиган реал ҳуқуқларга эга бўлса ва бу ташкилот инвесторнинг агенти ҳисобланмаса, инвесторда инвестиция объектига нисбатан ваколатлар мавжуд бўлмайди.


Б37. Агар овоз бериш ҳуқуқлари реал бўлмаса, инвестор, ҳатто у инвестиция объектидаги кўпчилик овоз бериш ҳуқуқларига эга бўлса ҳам, инвестиция объектига нисбатан ваколатларга эга бўлмайди. Масалан, агар ўринли фаолиятни бошқариш ҳукумат, суд, маъмурият, қабул қилувчи, тугатувчи ёки тартибга солувчи орган томонидан амалга оширилаётган бўлса, инвестиция объектидаги овоз бериш ҳуқуқларининг ярмидан ортиғига эга бўлган инвестор ваколатларга эга бўлиши мумкин эмас.



Кўпчилик овоз бериш ҳуқуқларисиз

ваколатга эга бўлиш


Б38. Инвестор, ҳатто у инвестиция объектидаги кўпчилик овоз бериш ҳуқуқларидан камроғига эга бўлса ҳам, ваколатларга эга бўлиши мумкин. Инвестор, ҳатто у инвестиция объектидаги кўпчилик овоз бериш ҳуқуқларининг камроғига эга бўлса ҳам, ваколатларга эга бўлиши мумкин, масалан, қуйидагилар натижасида:

( а) инвестор ва овоз бериш хуқуқларининг бошқа эгалари ўртасидаги шартномавий келишув (Б39-бандга қаранг);

(б) бошқа шартномавий келишувда назарда тутилган ҳуқуқлар (Б40-бандга қаранг);

(в) инвесторнинг овоз бериш ҳуқуқлари (Б41-Б45-бандларга қаранг);

( г) потенциал овоз бериш ҳуқуқлари (Б47-Б50-бандларга қаранг); ёки

(д) (a)-(г) бандларида кўрсатилган ҳуқуқлар комбинацияси.



Овоз бериш хуқуқларининг бошқа эгалари

билан шартномавий келишув


Б39. Инвестор ва овоз бериш ҳуқуқларининг бошқа эгалари ўртасидаги шартномавий келишув инвесторга, ҳатто инвесторда бундай келишувсиз ваколатлар юзага келиши учун етарли овоз бериш ҳуқуқлари мавжуд бўлмаса ҳам, инвесторда ваколатлар мавжудлиги учун етарли бўлган овоз бериш ҳуқуқларини амалга ошириш ҳуқуқини бериши мумкин. Лекин шартномавий келишув инвесторга ўринли фаолият юзасидан қарорлар қабул қилиш учун бошқа овоз бериш хуқуқлари эгаларининг етарли миқдорига қандай овоз беришини белгилашини кафолатлаши мумкин.



Бошқа шартномавий келишувларда

назарда тутилган ҳуқуқлар


Б40. Қарорлар қабул қилиш бўйича бошқа ҳуқуқлар овоз бериш ҳуқуқлари билан бирга инвесторга ўринли фаолиятни жорий бошқариш имконини бериши мумкин. Масалан, шартномавий келишувда назарда тутилган ҳуқуқлар овоз бериш ҳуқуқлари билан бирга инвесторга ҳозирги вақтда инвестиция объектининг ишлаб чиқариш жараёнини ёки инвестиция объектининг даромадига аҳамиятли таъсир кўрсатадиган бошқа бирон-бир операцион ёки молиявий фаолиятини бошқариш имкониятини бериш учун етарли бўлиши мумкин. Лекин, бошқа ҳар қандай ҳуқуқлар мавжуд бўлмаса, инвестиция объектининг инвесторга иқтисодий жиҳатдан тобелиги (масалан, етказиб берувчининг ўз асосий харидорлари билан муносабатлари) инвесторга инвестиция объектига нисбатан ваколатлар бермайди.



Инвесторнинг овоз бериш ҳуқуқлари


Б41. Кўпчилик овоз бериш ҳуқуқларидан камига эга бўлган инвестор, агар унда ўринли фаолиятни бир томонлама тартибда бошқариш имконияти амалда мавжуд бўлса, ўзига ваколатлар берилиши учун етарли ҳуқуқларга эга бўлади.


Б42. Инвесторнинг овоз бериш ҳуқуқлари унга ваколатлар берилиши учун етарлилигини баҳолашда инвестор барча далиллар ва ҳолатлар, шу жумладан қуйидагиларни кўриб чиқади:

( а) Инвесторга қарашли бўлган овоз бериш ҳуқуқларига эга бўлиш миқдори бошқа овоз бериш ҳуқуқлари эгаларида жамланган хуқуқлар миқдори ва даражасига нисбати, бунда қуйидагиларга эътибор бериш зарур:

(i) инвесторга қарашли овоз бериш ҳуқуқлари қанча кўп бўлса, инвесторга ҳозирги вақтда ўринли фаолиятни бошқариш имкониятини берувчи мавжуд ҳуқуқларга эга бўлиши эҳтимоли шунча кўп бўлади;

(ii) инвесторга қарашли овоз бериш ҳуқуқлари бошқа акциядорларнинг овоз бериш ҳуқуқларига нисбатан қанча кўп бўлса, унга ўринли фаолиятни бошқаришни жорий имкониятини берувчи мавжуд ҳуқуқларга эга бўлиши эҳтимоли шунча кўп бўлади;

(iii) овоз беришда инвестор овозидан устунлик қилиш учун биргаликда ҳаракат қилиши мумкин бўлган томонлар сони қанча кўп бўлса, инвесторга ўринли фаолиятни бошқаришни жорий имкониятини берувчи мавжуд ҳуқуқларга эга бўлиши эҳтимоли шунча кўп бўлади.

( б) эгаси инвестор, овоз бериш ҳуқуқларининг бошқа эгалари ёки бошқа томонлар бўлган потенциал овоз бериш ҳуқуқлари (Б47-Б50-бандларига қаранг);

( в) бошқа шартномавий келишувларда назарда тутилган ҳуқуқлар (Б40-бандига қаранг); ва

( г) қарорлар қабул қилиниши лозим бўлган вақтда инвестор ўринли фаолиятни бошқариш имкониятига эга ёки эга эмаслигини кўрсатувчи ҳар қандай қўшимча далиллар ва ҳолатлар, шу жумладан олдинги акциядорлар йиғилишларида овозларнинг тақсимланиши хусусияти.


Б43. Агар ўринли фаолиятни бошқариш юзасидан қарорлар кўпчилик овози билан қабул қилинаётган ва инвесторнинг овоз бериш ҳуқуқлари бошқа ҳар қандай эгаси ёки эгалари уюшган гуруҳига нисбатан аҳамиятли миқдордаги овоз бериш ҳуқуқлари эгаси ҳисобланган ва бошқа пакетлар кенг тақсимланган бўлса, Б42(a)-(в) бандларда санаб ўтилган омиллар кўриб чиқилганидан кейин инвестор инвестиция объектига нисбатан ваколатларга эга эканлигини маълум бўлиши мумкин.

            

            


        

Қўллашга доир мисоллар


4-мисол

Инвестор инвестиция объекти овоз бериш ҳуқуқларининг 48 фоизини сотиб олди. Қолган овоз бериш ҳуқуқларининг эгалари минглаб акциядорлар ҳисобланади ва улардан бирортаси ҳам бир фоиздан ортиқ овоз бериш ҳуқуқига эга эмас. Акциядорлардан бирортасида ҳам бошқа акциядорлар билан маслаҳатлашиш ёки жамоавий қарорлар қабул қилиш бўйича хеч қандай келишув мавжуд эмас. Инвестор овоз бериш ҳуқуқларининг қанча улушини харид қилиш зарурлигини бошқа акциялар пакетларининг нисбий миқдоридан келиб чиққан ҳолда баҳолаб, назоратни эгаллаш учун 48 фоиздан иборат улуш етади, деган хулосага келди. Бу ҳолда, ўз пакетининг мутлақ миқдори ва бошқа акциялар пакетларининг нисбий миқдоридан келиб чиқиб, инвестор ўз ваколатлари мавжудлигининг бошқа ҳар қандай далиллари бор-йўқлиги тўғрисидаги масалани кўриб чиқмасдан, ваколатлар мавжудлиги мезонини бажариш учун етарли миқдорда иштирокчи сифатида улушга эга эканлиги тўғрисида хулоса чиқарган.


5 мисол

А инвесторга инвестиция объекти овоз бериш ҳуқуқларининг 40 фоизи тегишли, бошқа ўн икки инвесторнинг ҳар бирига эса инвестиция объекти овоз бериш ҳуқуқларининг 5 фоизи тегишли. Акциядорлар ўртасида тузилган келишув инвесторга ўринли фаолиятни бошқариш учун жавоб берадиган бошқарув аъзоларини тайинлаш, лавозимидан четлатиш ва уларнинг меҳнатига тўланадиган ҳақни белгилаш ҳуқуқини беради. Келишувни ўзгартириш учун акциядорлар умумий овозлари сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қабул қилинган қарор талаб этилади. Бу ҳолда А инвестор фақат акция пакетининг мутлақ миқдори ва бошқа акциялар пакетларининг нисбий миқдоридан келиб чиқиб, унга ваколатлар берилиши учун етарли ҳуқуқларга эгалиги хусусида хулоса чиқариш мумкин эмас, деган тўхтамга келган. Лекин, А инвестор бошқарув аъзоларини тайинлаш, лавозимидан четлатиш ва уларнинг меҳнатига тўланадиган ҳақни белгилаш ҳуқуқи келишувда назарда тутилганлигини инобатга олиб инвестиция объектига нисбатан ваколатларга эга, деган хулоса чиқариш учун етарли деган қарорга келган. А инвестор бу ҳуқуқни амалга оширмаслиги ҳам мумкинлиги ёки инвестор ўзининг бошқарув аъзоларини тайинлаш, лавозимидан четлатиш ва уларнинг меҳнатига тўланадиган ҳақни белгилаш ҳуқуқини амалга ошириши фактини А инвестор ваколатларга эгалигини баҳолашда эътиборга олинмайди.

             


             

          

Б44. Бошқа вазиятларда инвестор ваколатларга эга эмас деган хулосага келиш учун Б42(а)-(в) бандларда баён этилган омилларни кўриб чиқишнинг ўзи етарли бўлиши мумкин.

            

            


        

Қўллашга доир мисоллар


6-мисол

А инвестор инвестиция объекти овоз бериш ҳуқуқларининг 45 фоизи эгаси ҳисобланади. Бошқа икки инвесторнинг ҳар бирига инвестиция объекти овоз бериш ҳуқуқларининг 26 фоизи тегишли. Қолган овоз бериш ҳуқуқлари бошқа уч та акциядорларнинг ҳар бирига 1 фоиздан тегишли. Қарорлар қабул қилиш жараёнига доир бошқа бирон-бир келишув мавжуд эмас. Бу ҳолда А инвесторга қарашли акциялар пакети миқдорининг, шунингдек бошқа инвесторлар акциялар пакетларига нисбатан мазкур пакет миқдорининг таҳлили А инвестор ваколатларга эга эмас, деган хулоса чиқариш учун етарли. Инвесторни инвестиция объектининг ўринли фаолиятини бошқариш имкониятидан маҳрум қилиш учун қолган икки инвестор биргаликда ҳаракат қилишининг ўзи етарли.

             


              

           

Б45. Лекин, Б42 (a)-(в) бандда санаб ўтилган омиллар таҳлилининг ўзи етарли бўлмаслиги мумкин. Агар инвестор мазкур омилларни кўриб чиқиб, ўзи ваколатларига эгалигига шубҳа қилаётган бўлса, у қўшимча далиллар ва ҳолатларни кўриб чиқиши лозим, масалан, олдинги акциядорлар йиғилишларида овозларнинг тақсимланиши хусусиятидан келиб чиқиб бошқа акциядорлар мохиятан пассивлиги. Бу ўз ичига Б18-бандда баён этилган омилларни ҳамда Б19 ва Б20-бандларда тавсифланган белгиларни баҳолашни олади. Инвесторга қарашли овоз бериш ҳуқуқлари қанча кам ва овоз беришда инвестор овозидан устунликка эришиш учун биргаликда ҳаракат қилиши лозим бўлган томонлар сони қанча оз бўлса, инвесторнинг ваколатларга эга бўлиш ҳуқуқлари етарлилигини баҳолаш учун қўшимча далиллар ва ҳолатларга шунча кўп таяниш зарур бўлади. Б18-Б20-бандларида баён этилган далиллар ва ҳолатлар инвесторнинг ҳуқуқлари билан бирга кўриб чиқилган ҳолда, Б18-бандда тавсифланган ваколатлар мавжудлигининг далиллари Б19 ва Б20-бандларида тавсифланган ваколатларнинг мавжудлиги белгиларига қараганда аҳамиятли ҳисобланади.

            

              


        

Қўллашга доир мисоллар


7-мисол

Инвестор инвестиция объекти овоз бериш ҳуқуқларининг 45 фоизи эгаси ҳисобланади. Бошқа ўн битта акциядорларнинг ҳар бирига инвестиция объекти овоз бериш ҳуқуқларининг 5 фоизи тегишли. Акциядорларнинг бирортасида ҳам бошқа акциядорлар билан маслаҳатлашиш ёки жамоавий қарорлар қабул қилиш тўғрисида келишув мавжуд эмас. Бу ҳолда инвестор акция пакети мутлақ миқдори ва бошқа инвесторлар акциялари пакетлари нисбий миқдорининг таҳлили инвестор инвестиция объектига нисбатан ваколатларга эга бўлиши учун етарли ҳуқуқларга эгалигини аниқлашда ҳал қилувчи омил ҳисобланмайди. Инвестор ваколатларга эга ёки эга эмаслиги тўғрсидаги далилларни таъминлаши мумкин бўлган бошқа қўшимча далиллар ва ҳолатларни кўриб чиқиш талаб этилади.


8 мисол

Инвестор инвестиция объекти овоз бериш ҳуқуқларининг 35 фоизи эгаси ҳисобланади. Бошқа учта акциядорларнинг ҳар бирига инвестиция объекти овоз бериш ҳуқуқларининг 5 фоизидан тегишли. Қолган овоз бериш ҳуқуқлари кўп сонли акциядорларга тегишли бўлиб, уларнинг бирортаси ҳам 1 фоиздан ортиқ бўлмаган овоз бериш ҳуқуқига эга эмас. Акциядорлардан бирортасида ҳам бошқа ҳар қандай акциядорлар билан маслаҳатлашиш ёки жамоавий қарорлар қабул қилиш бўйича келишув мавжуд эмас. Инвестиция объектининг ўринли фаолиятига доир қарорлар тегишли акциядорларнинг йиғилишларида кўпчилик овоз билан маъқулланиши лозим; олдинги акциядорлар йиғилишида инвестиция объекти акциядорларининг 75 фоиз овози берилган. Бу ҳолда яқинда бўлиб ўтган акциядорлар йиғилишларида бошқа акциядорлар фаол иштирок этгани инвестор ўринли фаолиятни бир томонлама тартибда бошқариш имкониятига амалда эга бўлмаганини кўрсатади ва бунда инвестор етарли миқдордаги бошқа акциядорлар овоз бериши натижасида ўринли фаолиятни бошқаришни амалга оширганлиги аҳамиятга эга эмас.

             


           

          

Б46. Агар Б42(a)-(г) бандларида санаб ўтилган омиллар таҳлили натижасида инвесторда ваколатлар бор-йўқлиги ноаниқ бўлса, инвестор инвестиция объекти устидан назорат эга бўлмайди.



Потенциал овоз бериш ҳуқуқлари


Б47. Назоратни баҳолашда инвестор ваколатларга эгалигини аниқлаш учун ўзининг потенциал овоз бериш ҳуқуқларини, шунингдек бошқа томонларнинг потенциал овоз бериш ҳуқуқларини кўриб чиқади. Потенциал овоз бериш ҳуқуқлари - бу инвестиция объектида овоз бериш ҳуқуқларини олишга бўлган ҳуқуқлар, масалан, конвертация қилинадиган инструментлар ёки опционлар, шу жумладан форвард шартномаларидан келиб чиқадиган ҳуқуқлардир. Бундай потенциал овоз бериш ҳуқуқлари фақат улар реал бўлган ҳолда эътиборга олинади (Б22-Б25-бандларга қаранг).


Б48. Потенциал овоз бериш ҳуқуқларини кўриб чиқишда инвестор инструментнинг мақсади ва тузилмасини, шунингдек инвестиция объектида инвестор иштирокининг бошқа ҳар қандай шакллари, мақсади ва тузилмасини ҳам кўриб чиқиши лозим. Бу инструментнинг турли шартларини, шунингдек инвесторнинг аниқ кутишлари, далиллари ва бундай шартларга унинг розилиги сабабларини баҳолашни ўз ичига олади.


Б49. Агар инвестор инвестиция объекти фаолияти юзасидан қарорлар қабул қилиш бўйича овоз бериш ҳуқуқи ёки бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлса, инвестор бундай ҳуқуқлар потенциал овоз бериш ҳуқуқлари билан бирга ваколатлар беришини баҳолаши лозим.


Б50. Реал ҳисобланадиган потенциал овоз бериш ҳуқуқларининг ўзи ёки бошқа ҳуқуқлар билан бирга инвесторга ўринли фаолиятни бошқаришни жорий имкониятини бериши мумкин. Масалан, инвестор инвестиция объекти овоз бериш ҳуқуқларининг 40 фоизининг эгаси ҳисобланса ва Б23-бандга мувофиқ овоз бериш ҳуқуқларининг яна 20 фоизини харид қилиш опционларидан келиб чиқадиган реал ҳуқуқларга эга бўлса, айнан шундай вазият юзага келиши эҳтимоли мавжуд.

          

          


        

Қўллашга доир мисоллар


9-мисол

А инвестор инвестиция объекти овоз бериш ҳуқуқларининг 70 фоизига эгалик қилади. Б инвестор инвестиция объекти овоз бериш ҳуқуқларининг 30 фоизи, шунингдек А инвестор овоз бериш ҳуқуқларининг ярмини харид қилиш опционига эга. Опцион кейинги икки йил мобайнида қатъий белгиланган нархда ижро этилиши мумкин, бунда опционни ижро этиш баҳоси ва бозор баҳосининг нисбати опционга фойдасиз тус беради (ва опцион кўрсатилган икки йиллик давр мобайнида ижро этилмай қолиши кутилади). А инвестор ўзининг овоз бериш ҳуқуқларини амалга оширади ва инвестиция объектининг ўринли фаолиятини фаол бошқаради. Бу ҳолда А инвестор ваколатлар мавжудлиги мезонларини бажариши эҳтимоли мавжуд, чунки у ҳозирги вақтда ўринли фаолиятни бошқариш имкониятига эга. Б инвесторда овоз бериш ҳуқуқларини қўшимча сотиб олиш учун ҳозирги вақтда ижро этилиши (ва ижро этилган ҳолда Б инвестор инвестиция объекти акцияларининг назорат пакетини эгаллаш имкониятини бериши) мумкин бўлган опционлар мавжудлигига қарамай, мазкур опционларнинг шартлари уларни реал деб баҳолаш имконини бермайди.


10 мисол

А инвесторга ва бошқа икки инвесторларнинг ҳар бирига инвестиция объекти овоз бериш ҳуқуқларининг учдан бир қисми тегишли. Инвестиция объектининг тадбиркорлик фаолияти А инвестор билан узвий боғлиқ. Улушли инструментларига қўшимча равишда А инвестор исталган вақтда инвестиция объектининг оддий акцияларига қатъий белгиланган нархда "зарар билан" (бироқ, унчалик катта бўлмаган зарар билан) конвертация қилиниши мумкин бўлган қарз инструментларининг эгаси ҳисобланади. Агар қарз инструментлари конвертация қилинса, А инвестор инвестиция объектида овоз бериш ҳуқуқларининг 60 фоизи эгасига айланиши мумкин. Агар қарз инструментлари оддий акцияларга конвертация қилинса, А инвестор синергия натижасида наф кўрган бўлар эди. А инвестор инвестиция объектига нисбатан ваколатларга эга, чунки у инвестиция объекти овоз бериш ҳуқуқларининг эгаси бўлиш билан бир қаторда, реал ҳисобланадиган ва инвесторга ўринли фаолиятни бошқаришни жорий имкониятини берадиган потенциал овоз бериш ҳуқуқларига эга.

             


          

                

Овоз бериш ҳуқуқлари ва ўхшаш

ҳуқуқлар инвестиция объектининг даромадига

аҳамиятли таъсир кўрсатмайдиган вазиятда

ваколатларнинг мавжудлиги


Б51. Инвестиция объектининг мақсади ва тузилмасини баҳолашда (Б5-Б8-бандларига қаранг) инвестор ўзининг иштирокини ва инвестиция объектини ташкил этиш вақтида унинг тузилмасига доир қабул қилинган қарорларни кўриб чиқиши ва операцияларнинг шартлари ва иштирок этиш хусусиятлари инвесторга ваколатларга эга бўлиши учун етарли ҳуқуқлар беришини баҳолаши лозим. Инвестиция объектини ташкил этишда иштирок этиш инвесторга инвестиция объекти устидан назоратга эга бўлиши учун ваколатлар бермайди. Лекин, объектни ташкил этишда иштирок этиш инвесторга инвестиция объектига нисбатан ваколатлар берилиши учун етарли бўлган ҳуқуқларни олиш имконияти мавжуд бўлганини кўрсатади.


Б52. Бундан ташқари, инвестор шартномавий келишувларни, хусусан инвестиция объекти фаолиятининг бошида белгиланган сотиб олиш ҳуқуқи, сотиш ҳуқуқи ва тугатиш ҳуқуқини кўриб чиқиши лозим. Агар ушбу шартномавий келишувлар инвестиция объекти билан узвий боғлиқ бўлган фаолиятни назарда тутса, бундай фаолият, моҳиятига кўра инвестиция объекти умумий фаолиятининг ажралмас қисми ҳисобланади ва бунда мазкур фаолият инвестиция объектининг юридик доирасидан ташқарида амалга оширилиши мумкинлиги аҳамиятга эга бўлмайди. Шунинг учун, инвестиция объекти билан узвий боғлиқ бўлган шартномавий келишувда мужассамлашган аниқ ифодаланган ёки назарда тутиладиган қарорлар қабул қилиш ҳуқуқлари инвестиция объектига нисбатан ваколатлар мавжудлигини аниқлашда ўринли фаолият сифатида баҳоланиши лозим.


Б53. Айрим инвестиция объектлари учун ўринли фаолият фақат муайян вазиятлар юзага келганда ёки маълум ҳодисалар юз берганда мавжуд бўлади. Инвестиция объекти шундай ташкил этилган бўлиши мумкинки, унинг фаолиятини бошқариш ва унинг даромадлари олдиндан белгилаб қўйилиши мумкин, аммо бу ҳол муайян вазиятлар юзага келгунга ёки маълум ҳодисалар содир бўлгунга қадар давом этиши мумкин. Бу ҳолда фақат шундай вазиятлар юз берган ёки ҳодисалар содир бўлганда қабул қилинган инвестиция объекти фаолиятига доир қарорлар унинг даромадига аҳамиятли таъсир кўрсатиши ва, бинобарин, ўринли фаолият ҳисобланиши мумкин. Бундай қарорлар қабул қилишга қодир инвестор, ҳатто бундай вазиятлар ёки ҳодисалар юз берган бўлмаса ҳам, ваколатларга эга бўлади. Қарор қабул қилиш ҳуқуқи муайян вазият ёки ҳодисаларга боғлиқ эканлиги факти мазкур ҳуқуқларни ҳимоя ҳуқуқларига айлантирмайди.

           

            


        

Қўллашга доир мисоллар


11-мисол

Инвестиция объектининг таъсис ҳужжатларига кўра, у амалга оширадиган тадбиркорлик фаолиятининг ягона тури ўз инвесторлари учун дебиторлик қарзларини сотиб олиш ва унга ҳар кунлик асосда хизмат кўрсатиш ҳисобланади. Ҳар кунлик асосда хизмат кўрсатиш қарзнинг асосий суммаси ва мукофотни тегишли санада ундириш ва ўтказишни ўз ичига олади. Дебиторлик қарзи бўйича мажбуриятлар бажарилмаган ҳолларда инвестиция объекти, инвестор ва инвестиция объекти ўртасида тузилган алоҳида "пут" келишувида назарда тутилганидек, дебиторлик қарзини инвесторга автоматик сотади. Ўринли фаолиятнинг ягона тури дебиторлик қарзи бўйича мажбуриятлар бажарилмаган ҳолда мазкур қарзни бошқариш ҳисобланади, чунки бу инвестиция объектининг даромадига аҳамиятли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ягона фаолиятдир. Дефолт юз бергунга қадар дебиторлик қарзини бошқариш ўринли фаолият ҳисобланмайди, чунки бу инвестиция объектининг даромадига аҳамиятли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муҳим қарорлар қабул қилишни талаб этмайди - дефолт юз бергунга қадар амалга ошириладиган фаолият олдиндан белгиланган ва фақат пул маблағлари оқимини уларни тўлов муддати келишига қараб ундириш ва инвесторга ўтказишдан иборат. Демак, инвестиция объектининг мазкур объект даромадига аҳамиятли таъсир кўрсатадиган фаолиятини баҳолашда фақат инвесторнинг дефолт юз бергунга қадар активларни бошқариш ҳуқуқи ҳисобга олиниши лозим.

Ушбу мисолда инвестиция объектининг тузилмаси инвесторда даромадга аҳамиятли таъсир кўрсатадиган фаолиятга доир қарорлар қабул қилиш ваколатлари айнан қарорлар қабул қилиш бўйича ваколатлар талаб этилган вақтда мавжуд бўлишини кафолатлайди. "Пут" келишуви шартлари инвестиция объектини таъсис этиш ва операцияларнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Шунинг учун, "пут" келишуви шартлари инвестиция объектининг таъсис ҳужжатлари билан бирга инвестор инвестиция объектига нисбатан ваколатларга эга, деган хулосага келиш имконини беради (ҳатто инвестор дебиторлик қарзига эгалик қилишга фақат дефолт юз берганда киришиши ва муддати кечиктириб юборилган дебиторлик қарзини бошқаришни инвестиция объектининг юридик доирасидан ташқарида амалга оширишини ҳисобга олганда ҳам).


12 мисол

Инвестиция объектининг ягона активи дебиторлик қарзи ҳисобланади. Инвестиция объектининг мақсади ва тузилмасини кўриб чиқишда ўринли фаолиятнинг ягона тури дефолт юз берганда дебиторлик қазини бошқариш ҳисобланиши аниқланди. Муддати кечиктириб юборилган дебиторлик қарзини бошқариш имкониятига эга бўлган томон, қарз олувчилардан бири дефолт ҳолатига тушишидан қатъи назар, инвестиция объектига нисбатан ваколатларга эга бўлади.

             


           

          

Б54. Инвестор ишлаб чиқилган тузилмага биноан инвестиция объекти ўз фаолиятини давом эттиришини таъминлаш учун аниқ ифодаланган ёки назарда тутилган мажбуриятга эга бўлиши мумкин. Бундай мажбурият инвесторнинг даромадларнинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ рискга мойиллигини кучайтириши ва шу тариқа инвестор унга ваколатлар бериш учун етарли бўлган ҳуқуқларни олиши учун рағбатни кучайтириши мумкин. Шунинг учун, инвестиция объекти ўз фаолиятини ишлаб чиқилган тузилмага мувофиқ амалга оширишини таъминлаш мажбурияти инвесторда ваколатлар мавжудлиги белгиси бўлиши мумкин, бироқ бундай мажбурият ўз-ўзича инвесторга ваколатлар бермайди, худди шунингдек бирон-бир бошқа томонда ваколатлар мавжудлигига ҳам монелик қилмайди.



Инвестиция объектидан олинадиган даромаднинг

ўзгарувчанлиги билан боғлиқ рискга мойиллик ёки

бундай даромадларни олишга бўлган ҳуқуқлар


Б55. Инвестор инвестиция объекти устидан назоратга эгалигини баҳолашда инвестор инвестиция объектида иштирок этишдан оладиган даромади ўзгарувчанлик рискига мойиллиги мавжудлигини ва у бундай даромадни олиш ҳуқуқига эгалигини аниқлаши лозим.


Б56. Ўзгарувчан даромад - бу қатъий белигланмаган ва инвестиция объекти фаолиятининг натижаларига қараб ўзгариши мумкин бўлган даромад ҳисобланади. Ўзгарувчан даромад фақат ижобий, фақат салбий ёки ҳам ижобий, ҳам салбий бўлиши мумкин (15-бандга қаранг). Инвестор инвестиция объектидан олинаётган даромад ўзгарувчанлигини, шунингдек бундай даромаднинг ўзгарувчанлиги даражасини келишув моҳиятидан келиб чиқиб ва даромаднинг юридик шаклидан қатъий назар баҳолаши лозим. Масалан, инвестор қатъий белгиланган мукофотли облигация эгаси бўлиши мумкин. Ушбу стандарт контекстида қатъий белгиланган фоиз тўловлари ўзгарувчан даромад ҳисобланади, чунки улар дефолт рискига ва инвесторни облигация эмитентининг кредит рискига мойил қилади. Ўзгарувчанлик даражаси (яъни мазкур даромад қай даражада ўзгарувчан эканлиги) облигацияга оид кредит рискига боғлиқ. Шу каби, инвестиция объекти активларини бошқаришда муайян натижаларга эришганлик учун тўланадиган қатъий белгиланган ҳақ ҳам ўзгарувчан даромад ҳисобланади, чунки улар инвесторни инвестиция объекти жавобгарликнинг бажарилмаслиги рискига мойил қилади. Ўзгарувчанлик даражаси инвестиция объектининг тўловларни амалга ошириш учун етарли бўлган даромадни яратиш қобилиятига боғлиқ бўлади.


Б57. Даромадларга мисол сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:

(а) дивидендлар, инвестиция объектидан олинган бошқа иқтисодий нафнинг тақсимланиши (масалан, инвестиция объекти чиқарган қарз қимматли қоғозлардан олинадиган фоизлар) ва инвестор мазкур инвестиция объектига киритган инвестициялар қийматидаги ўзгаришлар;

(б) инвестиция объектининг активлари ёки мажбуриятларига хизмат кўрсатганлик учун тўланадиган ҳақ, кредит билан қўллаб-қувватлаш ёки ликвидликни таъминлаш учун гонорар ва бундан зарар кўриш риски, инвестиция объекти тугатилганда унинг активлари ва мажбуриятларида иштирокчи сифатидаги улушларнинг қолдиқ қийматлари, инвестор инвестиция объектида иштирок этишдан оладиган солиқ имтиёзлари ва унинг келгуси ликвидлигидан фойдаланиш имконияти;

(в) иштирокчи бўлган улушларнинг бошқа эгалари олиши мумкин бўлмаган даромад. Масалан, инвестор ўз активларидан инвестиция объектининг активлари билан бирга фойдаланиши мумкин, мисол учун, кўламдан иқтисод қилинишига эришиш, сарфларни қисқартириш, тақчил товарлар етказиб берувчиларини қидириш, инвесторнинг айрим активлари қийматини ошириш учун бошқа операциялар ёки активларга чеклашлар белгшилаш ёки патентланган билимлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиш мақсадида операцион функцияларни бирлаштириш.



Ваколат ва даромадлар ўртасидаги боғлиқлик


Топширилган ваколатлар


Б58. Қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган инвестор (қарорларни қабул қилувчи томон) инвестиция объекти устидан назоратга эгалигини баҳолашда у принципал ёки агент ҳисобланишини аниқлаши лозим. Инвестор ўзи учун агент сифатида иш олиб борадиган, қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган бирон-бир бошқа ташкилот бор-йўқлигини ҳам аниқлаши лозим. Агент - бу, энг аввало, бошқа томон ёки томонлар (принципал (лар)) номидан ва уларнинг манфаатларида фаолиятни амалга ошириш мақсадида жалб қилинган томон ва, бинобарин, агент ўзининг қарорлар қабул қилиш бўйича ваколатларини амалга оширишда инвестиция объекти устидан назоратга эга бўлмайди (17 ва 18-бандларга қаранг). Шундай қилиб, баъзан принципалнинг ваколатлари агентга ўтказилиши мумкин ва агент улардан фақат принципалнинг номидан фойдаланиши мумкин. Қарор қабул қилувчи шахс фақат бошқа томонлар мазкур шахс қабул қилаётган қарорлардан наф кўриши мумкинлиги учун агент ҳисобланмайди.


Б59. Инвестор ўзининг айрим масалалар ёки ўринли фаолият юзасидан қарорлар қабул қилиш бўйича ваколатларини агентга топшириши мумкин. Инвестор ўзи инвестиция объекти устидан назоратга эгалигини баҳолашда ўз агентига топширилган қарорлар қабул қилиш ҳуқуқларига бевосита инвестор ихтиёрида бўлган ҳуқуқлар сифатида қараши лозим. Принципаллар бир нечта бўлган ҳолда уларнинг ҳар бири ўзи инвестиция объектига нисбатан ваколатларга эгалигини Б5-Б54-бандларда баён этилган талабларни таҳлил қилиш йўли билан баҳолаши лозим. Б60-Б72-бандларда қарорларни қабул қилувчи томон агент ёки принципал эканини аниқлаш учун нима қилиш лозимлиги кўрсатилган.


Б60. Қарорларни қабул қилувчи томон бошқараётган инвестиция объекти ва инвестиция объектининг бошқа томонлари билан ўзаро муносабатларини мазкур муносабатларнинг барча жиҳатлари нуқтаи назаридан таҳлил қилиши лозим ва, айниқса, қуйида баён этилган омилларни таҳлил қилиши лозим:

(а) унинг инвестиция объекти устидан қарорлар қабул қилиш ваколатлари доираси (Б62 ва Б63-бандлари).

(б) бошқа томонларнинг ҳуқуқлари (Б64-Б67-бандлари).

(в) ҳақ тўлаш тўғрисидаги келишув(лар)га мувофиқ у олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳақ (Б68-Б70-бандлари).

(г) ўзи эгаси бўлган инвестиция объектидаги бошқа улушлардан олинадиган даромаднинг ўзгарувчанлиги муносабати билан қарорларни қабул қилувчи томоннинг рискка мойиллиги (Б71 ва Б72-бандлари).

Муайян далиллар ва ҳолатларга қараб ушбу омиллар ҳар бирига турлича вазн берилиши лозим.


Б61. Қарорларни қабул қилувчи томон агент эканлигини аниқлаш Б60-бандда санаб ўтилган барча омилларни баҳолашни талаб қилади, бундан томонларнинг бирортасида қарорларни қабул қилувчи томонни лавозимидан четлатиш ҳуқуқи (четлатиш ҳуқуқи) реал мавжуд бўлган ва бундай четлатиш сабабларини кўрсатмасдан амалга оширилиши мумкин бўлган ҳоллар мустасно (Б65-бандга қаранг).



Қарорлар қабул қилиш бўйича

ваколатлар доираси


Б62. Қарорларни қабул қилувчи томоннинг ваколатлари доираси қуйидаги омиллар таҳлили асосида баҳоланади:

(а) қарорлар қабул қилиш тўғрисидаги келишув(лар)га мувофиқ рухсат этилган ва қонунда белгиланган фаолият, ва

(б) қарорларни қабул қилувчи томоннинг мазкур фаолият юзасидан қарорлар қабул қилишда харакатларининг эркинлиги.


Б63. Қарорларни қабул қилувчи томон инвестиция объектининг мақсади ва тузилмасини, инвестиция объекти тузилмасига кирадиган рискни, ушбу инвестиция объекти ўз тузилмасига биноан тегишли томонларга ўтказиладиган рискни, шунингдек қарорларни қабул қилувчи томоннинг инвестиция объектини тузилмасини ишлаб чиқишдаги иштироки даражасини кўриб чиқиши лозим. Масалан, қарорларни қабул қилувчи томон инвестиция объекти тузилмасини ишлаб чиқишда аҳамиятли таъсирга эга даражада (шу жумладан қарорлар қабул қилиш ваколатлари доирасини белгилашда) иштирок этса, бу қарорларни қабул қилувчи томонда унга ўринли фаолиятни бошқариш имконини берувчи ҳуқуқларни олиш имконияти ва рағбат мавжуд бўлганини кўрсатади.



Бошқа томонларнинг ҳуқуқлари


Б64. Бошқа томонларнинг реал ҳуқуқлари қарорлар қабул қилувчи томонни инвестиция объектининг ўринли фаолиятини бошқариш имкониятига таъсир кўрсатиши мумкин. Четлатиш реал ҳуқуқи ёки бошқа ҳуқуқларнинг мавжудлиги қарорлар қабул қилувчи томон агент ҳисобланишига ишора қилиши мумкин.


Б65. Агар томонлардан бири четлатиш бўйича реал ҳуқуқларга эга бўлса ва қарорлар қабул қилувчи томонни сабабини кўрсатмасдан лавозимидан четлатиши мумкин бўлса, қарор қабул қилувчи томон агент ҳисобланади деган хулосага келиш учун етарли бўлади. Агар бундай ҳуқуқларга бир нечта томонлар эга бўлса (ва уларнинг бирортаси ҳам қарорлар қабул қилувчи томонни бошқа томонлар розилигисиз лавозимидан четлатиш мумкин бўлмаса), бундай ҳуқуқларнинг мавжудлиги ўз-ўзича қарорлар қабул қилувчи томон бошқа томонлар номидан ва уларнинг манфаатларида ҳаракат қилишини аниқлашда ҳал қилувчи омил ҳисобланмайди. Бундан ташқари, қарорлар қабул қилувчи томонни четлатиш ҳуқуқини амалга ошириш учун биргаликда ҳаракат қилишлари лозим бўлган томонлар сони қанча кўп бўлса ва қарорлар қабул қилувчи томоннинг бошқа иқтисодий манфаатлари (яъни тўланадиган ҳақ ва бошқа иштирок этиш улушлари) ҳажми ва уларнинг ўзгарувчанлик даражаси қанча катта бўлса, мазкур омилнинг салмоғи шунча кам бўлади.


Б66. Қарорлар қабул қилувчи томон агент ҳисобланишини аниқлашда четлатиш ҳуқуқлари сингари, бошқа томонларнинг қарорлар қабул қилувчи томоннинг ҳаракатларини чеклайдиган реал ҳуқуқларини ҳам таҳлил қилиш лозим. Масалан, ўз ҳаракатларини бошқа томонларнинг кўп бўлмаган қисми маъқуллашига эришиш шарт бўлган қарорлар қабул қилувчи томон, қоида тариқасида, агент ҳисобланади. (Б22-Б25-бандларда ҳуқуқлар реал эканлигини аниқлаш бўйича қўшимча кўрсатмалар берилган).


Б67. Бошқа томонлар ҳуқуқларининг таҳлили инвестиция объектининг директорлар кенгаши (ёки бошқа бошқарув органи) томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳуқуқларни ва қарорлар қабул қилиш бўйича ваколатларга уларнинг таъсирини баҳолашни ўз ичига олиши лозим (Б23(б) бандига қаранг).



Ҳақ тўлаш


Б68. Қарорлар қабул қилувчи томонга тўланадиган ҳақ миқдори ва бундай ҳақнинг инвестиция объекти фаолиятидан олиш мўлжалланаётган даромадга нисбатан ўзгарувчанлик даражаси қанча катта бўлса, қарорлар қабул қилувчи томон принципал ҳисобланиши эҳтимоли шунча юқори бўлади.


Б69. Қарорлар қабул қилувчи томон принципал ёки агент ҳисобланишини аниқлашда мазкур томон қуйидаги шартларнинг мавжудлигини кўриб чиқиши лозим:

( а) қарорлар қабул қилувчи томонга ҳақ тўлаш кўрсатилган хизматларга мос.

( б) ҳақ тўлаш тўғрисидаги келишув фақат шунга ўхшаш хизматларни кўрсатиш ва малака даражаси учун мустақил томонлар ўртасида тузалидиган келишувда одатда мавжуд бўлган муддатлар, шартлар ёки суммаларни ўз ичига олади.


Б70. Агар Б69(a) ва (б) бандларда баён этилган шартлар бажарилмаса, қарор қабул қилувчи томон агент бўлиб ҳисобланмайди. Лекин, мазкур шартларнинг бажарилиши, қарорлар қабул қилувчи томон агент ҳисобланади деган хулосага келиш учун етарли эмас.



Бошқа улушлардан олинадиган даромаднинг

ўзгарувчанлиги билан боғлиқ риск


Б71. Инвестиция объектида бошқа улушларга эга бўлган қарорлар қабул қилувчи томон (масалан, инвестиция объектига инвестициялар киритган ёки инвестиция объектининг фаолияти натижаларига нисбатан кафолатлар берган) ўзи агент ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигини баҳолашда бундай улушлардан олинадиган даромаднинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ рискини кўриб чиқиши лозим. Инвестиция объектида бошқа улушларга эгалик қилиниши қарорларни қабул қилувчи томон принципал бўлиши мумкинлигини кўрсатиши мумкин.


Б72. Қарорлар қабул қилувчи томон инвестиция объектидаги бошқа улушлардан олинадиган даромаднинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ рискни баҳолашда қуйидагиларни кўриб чиқиши лозим:

(а) унинг иқтисодий манфаатлари миқдори ва улар билан боғлиқ даромадларнинг ўзгарувчанлиги даражаси тўланадиган ҳақ ва бошқа манфаатларнинг барчасини ҳисобга олганда қанча катта бўлса, қарорларни қабул қилувчи томон принципал ҳисобланиши эҳтимоли шунча юқори бўлади.

(б) даромаднинг ўзгарувчанлиги риски бошқа инвесторларнинг рискидан фарқ қилиши; агар фарқ қилса, бу унинг ҳаракатларига таъсир кўрсатиши мумкинлиги. Масалан, бундай вазият қарорлар қабул қилувчи томон инвестиция объектидаги субординацияланган улушлар сақловчиси ҳисобланган ёки инвестиция объекти учун кредит сифатини оширишнинг бошқа шаклларини таъминлаган ҳолда юзага келиши мумкин.

Қарорлар қабул қилувчи томон инвестиция объектидан олинадиган даромаднинг умумий ўзгарувчанлиги рискига мойиллигини баҳолаши лозим. Мазкур баҳолаш, энг аввало, инвестиция объектининг фаолиятидан олиш кутилаётган даромаддан келиб чиқиб амалга оширилади, бироқ қарорлар қабул қилувчи томон инвестиция объектидан оладиган даромадларнинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ рискнинг энг юқори чегарасини ҳам ҳисобга олиши лозим.

            

            


        

Қўллашга доир мисоллар


13-мисол

Қарорлар қабул қилувчи томон (фонд бошқарувчиси) қимматли қоғозлар бозорида маҳаллий қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар талаб этувчи инвестиция мандатида баён этилган тор белгиланган параметрларга мувофиқ тартибга солинадиган фонд таъсис этмоқда, бозорга савдо учун киритмоқда. Фонд инвесторлар олдида ташкилотнинг қимматли қоғозлар бозорида муомалада бўлган акцияларининг диверсификация қилинган портфелига инвестициялар сифатида реклама қилинган. Белгиланган параметрлар доирасида фонд бошқарувчиси ўз капитали жойлаштириладиган активларни танлаш ҳуқуқига эга. Фонд бошқарувчисининг фонддаги инвестиция улуши 10 фоизни ташкил этади ва ўз хизматлари учун бозор даражасида фонд активлари соф қийматининг 1 фоизи миқдорида мукофот олади. Мукофот кўрсатилган хизматларга мос келади. Фонд бошқарувчиси зарарлар бўйича фонддаги 10 фоиз улуши доирасида жавоб беради. Фонд мустақил директорлар кенгашини таъсис этишга мажбур эмас ва уни таъсис этмаган. Инвесторлар фонд бошқарувчисининг қарорлар қабул қилиш бўйича ваколатларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган реал ҳуқуқларга эга эмас, бироқ фонд белгилаган лимитлар доирасида ўз улушларини муомаладан чиқаришлари мумкин.

Бошқарувчи инвестиция мандатида баён этилган параметрларга ва тартибга солувчи органларнинг талабларига мувофиқ ҳаракат қилишига қарамай, фонд бошқарувчиси ўзига фонднинг ўринли фаолиятини бошқаришни жорий имкониятини берадиган қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга: инвесторлар фонд бошқарувчисининг қарорлар қабул қилиш бўйича ваколатларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган реал ҳуқуқларга эга эмас. Фонд бошқарувчиси ўз хизматлари учун кўрсатилган хизматларга мос равишда бозор даражасида мукофот олади, шунингдек, фондда ўз улушига мувофиқ бўлган инвестицияга эга. Фонд бошқарувчисига тўланадиган ҳақ ва унинг инвестициялари уни фонд фаолиятидан олинадиган даромаднинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ рискга мойиллигини келтириб чиқаради, бироқ, бундай риск миқдори фонд бошқарувчисини принципал деб ҳисоблаш имконини берадиган даражада аҳамиятли эмас.

Ушбу мисолда фонд бошқарувчисининг фонддан олинадиган даромаднинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ рискини унинг чекланган параметрлар доирасида қарорлар қабул қилиш бўйича ваколатларини биргаликда кўриб чиқиш фонд бошқарувчиси агент ҳисобланишини кўрсатади. Шундай қилиб, фонд бошқарувчисининг ўзи фонд устидан назоратга эга эмаслиги тўғрисида хулоса чиқаради.


14 мисол

Қарорлар қабул қилувчи томон бир қатор инвесторларга инвестиция имкониятлари яратадиган фондни таъсис этади ва бозорга савдо учун киритади. Қарорларни қабул қилувчи томон (фонд бошқарувчиси) барча инвесторларнинг манфаатларидан келиб чиқиб ва фондни бошқариш тўғрисидаги келишувларга мувофиқ қарорлар қабул қилиши лозим. Шунга қарамай, фонд бошқарувчиси қарорлар қабул қилиш масалаларида мустақил ҳаракат қилиш учун кенг имкониятларга эга. Фонд бошқарувчиси ўз хизматлари учун бошқарилаётган активларнинг 1 фоизи миқдорида бозор даражасидаги мукофот ва, агар фойданинг белгиланган даражасига эришилган бўлса, фонд жами фойдасининг 20 фоизини олади. Мукофот кўрсатилган хизматларга мос келади.

Фонд бошқарувчиси барча инвесторларнинг манфаатларидан келиб чиқиб қарорлар қабул қилиши лозим бўлса-да, у фонднинг ўринли фаолиятини бошқариш доирасида қарорлар қабул қилиш масалаларида мустақил ҳаракат қилиш учун кенг имкониятларга эга. Фонд бошқарувчиси қатъий белгиланган мукофот суммасини ва фонд фаолиятининг натижалари асосида ҳисоблаб чиқиладиган, кўрсатилган хизматларга мос келадиган суммани олади. Бундан ташқари, тўланадиган ҳақ фонд бошқарувчисининг манфаатдорлигини ва бошқа инвесторларнинг фонд фалиятидан олинадиган даромаднинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ рискни юзага келтирмасдан фонд қийматини кўпайтиришдан манфаатдорлиги билан бир қаторга қўяди. Агар бу риск таъсири аҳамиятли бўлса, ушбу тўланадиган ҳақ алоҳида кўрилганда, фонд бошқарувчиси принципал ҳисобланишини кўрсатади.

Ҳолатлар далили ва юқорида келтирилган мисол таҳлили қуйида келтирилган 14A-14В мисолларига татбиқ этилади. Ҳар бир мисол алоҳида кўриб чиқилади.


14A мисол

Фонд бошқарувчиси фондда 2 фоизли инвестицияларга ҳам эга бўлиб, бу унинг манфаатдорлигини бошқа инвесторларнинг манфаатлари билан тенглаштиради. Фонд бошқарувчиси зарарлар бўйича фонддаги 2 фоиз улуши доирасида жавоб беради. Инвесторлар фонд бошқарувчисини фақат шартнома шартларини бузганлик учун оддий кўпчилик овоз билан четлатишлари мумкин.

Фонд бошқарувчисининг 2 фоиз миқдоридаги инвестициялари унинг фонд фаолиятидан олинадиган даромаднинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ рискка мойиллигини оширади, бироқ фонд бошқарувчиси принципал ҳисобланишига ишора қиладиган аҳамиятли рискни юзага келтирмайди. Бошқа инвесторларнинг фонд бошқарувчисини четлатиш ҳуқуқи ҳимоя ҳуқуқи сифатида баҳоланади, чунки у фақат шартнома шартлари бузилган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Мазкур мисолда фонд бошқарувчиси қарорлар қабул қилиш масалаларида мустақил ҳаракат қилиш учун кенг имкониятларга эга эканлиги ва даромадининг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ рискга мойилигига қарамай, юқорида қайд этилган фонд бошқарувчисининг рискка мойиллиги уни агент деб ҳисобланишини кўрсатади. Шундай қилиб, фонд бошқарувчиси ўзи фонд устидан назоратга эга эмаслиги тўғрисида хулоса чиқаради.


14Б мисол

Фонд бошқарувчиси фондда анча катта мутаносиб инвестицияларга эга ва ўз инвестициялари доирасида зарарларни қоплаш мажбуриятини олади. Инвесторлар фонд бошқарувчисини фақат шартнома шартларини бузганлик учун оддий кўпчилик овоз билан четлатишлари мумкин.

Мазкур мисолда бошқа инвесторларнинг фонд бошқарувчисини четлатиш ҳуқуқи ҳимоя ҳуқуқи сифатида баҳоланади, чунки у фақат шартнома шартлари бузилган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Фонд бошқарувчиси қайд этилган гонорар ва фонд фаолиятининг натижалари асосида ҳисоблаб чиқиладиган, кўрсатилган хизматларга мос келадиган гонорар олади. Фонд бошқарувчисининг инвестициялари унга тўланадиган ҳақ билан бирга фонд фаолиятидан олинадиган даромаднинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ рискка олиб келиши мумкин ва риск остидаги сумманинг катталиги фонд бошқарувчиси принципал ҳисобланишини кўрсатиши мумкин. Фонд бошқарувчисининг иқтисодий манфаатлари ва уларнинг ўзгарувчанлиги даражаси (тўланадиган ҳақ ва бошқа улушларни ҳисобга олганда) қанча катта бўлса, фонд бошқарувчиси таҳлил қилишда иқтисодий манфаатларга шунча кўп эътиборни қаратади ва фонд бошқарувчиси принципал ҳисобланиши эҳтимоли ҳам шунча кўп бўлади.

Масалан, ўзига тўланадиган ҳақ ва бошқа омилларни кўриб чиқиб, фонд бошқарувчиси 20 фоиз миқдоридаги инвестициялар ўзида фонд устидан назорат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тўғрисида хулоса чиқариш учун етарли деб ҳисоблаши мумкин. Лекин, бошқа вазиятда (яъни тўланадиган ҳақ миқдори ёки бошқа омиллар юқорида баён этилгандан фарқ қилганда) назорат қилиш ҳуқуқи инвестицияларнинг бошқа даражасида юзага келиши мумкин.


14В мисол

Фонд бошқарувчиси фондда 20 фоиз миқдорида инвестицияларга эга ва кўрилган зарарлар бўйича ўзининг шу 20 фоиз инвестицияси доирасида жавобгар бўлади. Фонднинг директорлар кенгаши мавжуд ва унинг барча аъзолари бошқа инвесторлар томонидан тайинланган бўлиб, фонд бошқарувчисига нисбатан мустақилдир. Директорлар кенгаши ҳар йили фонд бошқарувчисини тайинлайди. Агар директорлар кенгаши фонд бошқарувчиси билан шартнома муддатини узайтирмаслик тўғрисида қарор қабул қилган бўлса, фонд бошқарувчиси кўрсатаётган хизматларни шу соҳада ишлайдиган бошқа бошқарувчилар кўрсатишлари мумкин.

Фонд бошқарувчисининг 20 фоиз миқдоридаги инвестициялари унга тўланадиган ҳақ билан бирга фонд фаолиятидан олинадиган даромаднинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ рискка олиб келиши мумкин ва риск остидаги сумма шу даражада катта бўлиши мумкинки, бу фонд бошқарувчиси принципал ҳисобланишини кўрсатиши мумкин. Лекин, инвесторлар фонд бошқарувчисини четлатиш бўйича реал ҳуқуққа эга: директорлар кенгаши инвесторларга уларнинг қарорига биноан фонд бошқарувчисини четлатиш имконини берадиган механизмга эга.

Бу мисолда фонд бошқарувчиси таҳлил қилишда четлатиш бўйича реал ҳуқуқларга кўпроқ эътиборни қаратади. Шундай қилиб, бу мисолда фонд бошқарувчиси қарорлар қабул қилиш масалаларида эркин ҳаракат қилиш учун кенг имкониятларга эга эканлиги ва ўзи оладиган даромадларнинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ рискга йўлиққанига қарамай, бошқа инвесторларнинг реал ҳуқуқлари фонд бошқарувчиси агент ҳисобланишига ишора қилади. Шундай қилиб, фонд бошқарувчисининг ўзи фонд устидан назоратга эга эмаслиги тўғрисида хулоса чиқаради.


15 мисол

Инвестиция объекти активлар билан таъминланган, қайд этилган ставкали қимматли қоғозлар портфелини эгаллаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, қайд этилган мукофотли қарз ва улушли инструментлари билан молиялаштирилади. Улушли инструментлари қарз инструментларига инвесторларни илк зарарлардан ҳимоя қилиш ва инвестиция объектидан қолдиқ даромад олиш учун мўлжалланган. Келишув қарз инструментларига потенциал инвесторларга қимматли қоғозлар активлари билан таъминланган эмитентлар дефолтга учраши эҳтимоли билан боғлиқ кредит риски ва портфелни бошқариш билан боғлиқ фоиз рискига эга бўлган қимматли қоғозлар активлари билан таъминланган портфелга инвестициялар сифатида тавсифланган. Портфелни шакллантиришда улушли инструментлар сотиб олинган активлар қийматининг 10 фоизини ташкил этади. Қарорларни қабул қилувчи томон (активларни бошқарувчи) инвестиция объектининг проспектида баён этилган параметрлар доирасида инвестиция қарорларини қабул қилиш орқали муомаладаги активлар портфелини бошқаради. Активларни бошқарувчи ўз хизматлари учун қайд этилган гонорар (яъни ўзи бошқараётган активларнинг 1 фоизи миқдорида) ва фаолият натижалари асосида ҳисоблаб чиқиладиган гонорар (яъни даромаднинг 10 фоизи миқдорида) олади (агар инвестиция объектининг даромади белгиланган даражадан ошган бўлса). Мукофот кўрсатилган хизматларга мос келади. Активларни бошқарувчига инвестиция объекти улушли инструментларининг 35 фоизи тегишли. Улушли инструментларининг қолган 65 фоизи ва қарз инструментларининг барчаси мустақил бўлган учинчи томонлар ҳисобланадиган кўп сонли инвесторларга тегишли. Активларни бошқарувчи бошқа инвесторларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинган қарорга мувофиқ сабабларини кўрсатмасдан четлатилиши мумкин.

Активларни бошқарувчи қайд этилган гонорар ва фаолият натижалари асосида ҳисоблаб чиқиладиган, кўрсатилган хизматларга мос келадиган гонорар олади. Тўланадиган ҳақ активларни бошқарувчининг манфаатдорлиги ва бошқа инвесторларнинг портфель қиймати ошишидан манфаатдорлигини бир қаторга қўяди. Активларни бошқарувчи ҳақ тўлашдан ва фонд фаолиятидан олинадиган даромаднинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ рискга йўлиқади, чунки у хусусий капиталнинг 35 фоизига эгалик қилади.

Активларни бошқарувчи инвестиция объектининг проспектида баён этилган параметрлар доирасида ҳаракат қилсада, у ҳозирги вақтда инвестиция объектининг даромадига аҳамиятли таъсир кўрсатадиган инвестиция қарорларини қабул қилиш имкониятига эга. Айни вақтда, бошқа инвесторларда мавжуд четлатиш ҳуқуқлари таҳлил қилишда унча катта салмоққа эга бўлмайди, чунки бу ҳуқуқлар кўп сонли тарқоқ инвесторларга тегишли. Ушбу мисолда, активларни бошқарувчи капиталдаги ўз улушидан оладиган даромадларнинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ рискка кўпроқ эътибор беради. Мазкур улуш қарз инструментларига нисбатан субординацияланган хусусият касб этади. Хусусий капиталда 35 фоизли улушнинг мавжудлиги активларни бошқарувчи принципал ҳисобланишини кўрсатадиган даражада аҳамиятли бўлган зарар кўриш субординацияланган рискни ва инвестиция объектининг даромадларига бўлган ҳуқуқни юзага келтиради. Шундай қилиб, активларни бошқарувчи ўзи инвестиция объекти устидан назоратга эга эканлиги тўғрисида хулоса чиқаради.


16 мисол

Қарорларни қабул қилувчи томон (ҳомий) ўзаро боғлиқ бўлмаган учинчи томонлар ҳисобланадиган инвесторлар учун қисқа муддатли қарз инструментлари чиқарадиган кўп томонли кондуитга ҳомийлик қилади. Келишув потенциал инвесторларга юқори рейтингли ва активлар портфели эмитенти дефолтга учраши эҳтимоли билан боғлиқ минимал кредит рискидан иборат ўрта муддатли активлар портфелига инвестициялар сифатида таклиф этилган. Турли цедентлар юқори сифатли ўрта муддатли активларнинг портфелларини кондуитга сотадилар. Ҳар бир цедент ўзи кондуитга сотган активлар портфелига хизматлар кўрсатади ва дефолт юз берганда дебиторлик қарзини гонорар эвазига бошқаради. Ҳар бир цедент ўз активлар портфели кредитлари бўйича кўрилган илк зарарларни кондуитга берилган активларни ошиқча таъминлаш орқали ҳимоя қилади. Ҳомий кондуит шартларини белгилайди ва кондуитнинг операцияларини гонорар эвазига бошқаради. Гонорар кўрсатилган хизматларга мос келади. Ҳомий инструментларни кондуитга сотиш учун рухсат олган сотувчиларни тасдиқлайди, кондуит томонидан эгалланадиган активларни тасдиқлайди ва кондуитни молиялаштириш тўғрисида қарорлар қабул қилади. Ҳомий барча инвесторларнинг манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилиши лозим.

Ҳомий кондуитнинг қолдиқ даромадини олиш ҳуқуқига эга, у кондуитга кредит сифати ва ликвидликни қувватлаш бўйича хизматлар кўрсатади. Ҳомий таъминлайдиган кредит сифатини қувватлаш кўрилган зарарлар цедентлар томонидан қопланганидан сўнг кондуит барча активларининг 5 фоизигача бўлган миқдордаги зарарларни қоплайди. Сўндирилмаган активларга нисбатан ликвидликни таъминлаш хизматлари тақдим этилмайди. Инвесторлар хомийнинг қарорлар қабул қилиш бўйича ваколатларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган реал ҳуқуқларга эга эмас.

Ҳомий ўз хизматлари учун уларга мос келадиган гонорар олсада, ўзида кондуитнинг қолдиқ даромадини олиш, кредит сифати ва ликвидликни қувватлаш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқлари борлиги туфайли хомий кондуит фаолиятидан олинадиган даромаднинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ рискга йўлиқади (яъни кондуит ўрта муддатли активларни молиялаштириш учун қисқа муддатли қарз инструментларидан фойдаланишда ликвидлик рискига йўлиқади). Ҳар бир цедент кондуитнинг активлари қийматига таъсир кўрсатадиган қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга эканлигига қарамай, ҳомий қарорлар қабул қилиш масалаларида эркин ҳаракат қилиш учун кенг имкониятларга эга ва бу унга ҳозирги вақтда конудитнинг даромадига айниқса аҳамиятли таъсир кўрсатадиган фаолиятни бошқариш (кондуит шартларини белгилаш, активлар юзасидан қарорлар қабул қилиш) ва кондуитни молиялаштириш (бунинг учун янги инвестицияларни қидириш талаб этилади) имконини беради. Кондуитнинг қолдиқ даромадига бўлган ҳуқуқ ҳамда кредит сифати ва ликвидликни қувватлаш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳомийни кондуит фаолиятидан олинадиган даромаднинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ рискка йўлиқтиради ва бу риск бошқа инвесторларнинг рискидан фарқ қилади. Шунга кўра, риск остидаги сумма ҳомий принципал ҳисобланишини кўрсатади ва шундай қилиб, ҳомий ўзи кондуит устидан назоратга эга эканлиги тўғрисида хулоса чиқаради. Ҳомийнинг барча инвесторлар манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилиш мажбурияти ҳомийга принципал сифатида қаралишига монелик қилмайди.

             


         

         

Бошқа томонлар билан муносабатлар


Б73. Инвестор назорат мавжудлигини баҳолашда ўзининг бошқа томонлар билан муносабатларини, шунингдек бундай томонлар инвестор номидан иш кўришини (яъни "де-факто агентлар" ҳисобланиши)ни кўриб чиқиши лозим. Бошқа томонлар де-факто агентлар сифатида иш кўришини аниқлаш муносабатларнинг хусусияти билан бир қаторда, томонлар бир-бири ва инвестор билан қай тарзда ўзаро алоқа қилишини ҳам ҳисобга олиши мулоҳаза талаб қилади.


Б74. Бундай муносабатлар шартномавий келишувларни расмийлаштиришни талаб қилмайди. Агар инвестор томонга инвестор номидан ҳаракат қилишни топшириш имкониятига эга бўлса ёки бундай имкониятга инвестор фаолиятини бошқаришни амалга оширувчи шахслар эга бўлса, мазкур томон де-факто агент ҳисобланади. Бундай вазиятларда инвестор инвестиция объекти устидан назорат мавжудлигини баҳолашда ўз де-факто агентларининг қарорлар қабул қилиш ҳуқуқларини, шунингдек ўзининг ўзгарувчан даромад билан боғлиқ рискини ёки бундай даромадни де-факто агент орқали олиш ҳуқуқини ўз риски ва ҳуқуқлари билан бирга кўриб чиқиши лозим.


Б75. Қуйида инвестор билан муносабатлари хусусияти улар инвестор учун де-факто агент сифатида ҳаракат қилишлари мумкинлигидан далолат берадиган бошқа томонларга мисоллар келтирилган:

(а) инвесторнинг ўзаро боғлиқ томонлари;

(б) инвестиция объектида иштирокчи сифатидаги улушни бадал ёки инвестордан қарз сифатида олган томон;

(в) инвестиция объектида иштирокчи сифатидаги ўз улушини дастлаб инвесторнинг розилигисиз сотмаслик, бермаслик ва оғирлаштирмасликка рози бўлган томон (инвестор ва бошқа томон дастлаб маъқуллаш ҳуқуқига эга ва ҳуқуқлар битим тузмоқчи бўлаётган мустақил томонлар ўртасида келишилган шартларга асосланган);

(г) ўз операцияларини инвесторнинг субординацияланган молиявий ёрдамисиз молиялаштира олмайдиган томон;

(д) бошқарув органи аъзоларининг кўпчилиги ёки асосий бошқарув ходимлари инвесторнинг бошқарув органи аъзолари ва асосий бошқарув ходимлари билан айни бир шахслардан иборат бўлган инвестиция объекти;

(е) инвестор билан яқин бизнес муносабатларда бўлган томон масалан, профессионал хизматлар етказиб берувчи ва унинг асосий харидорларидан бири ўртасидаги муносабатлар.



Қайд этилган активлар устидан назорат


Б76. Инвестор инвестиция объектининг бирон-бир қисмини шартли мустақил ташкилот сифатида баҳоланишини кўриб чиқиши лозим ва агар шундай бўлса, унинг устидан назоратга эгалигини аниқлаши лозим.


Б77. Инвестор фақат ва фақат қуйидаги шартларнинг барчаси бажарилган ҳолда инвестиция объектининг қисмига шартли мустақил ташкилот сифатида қараши лозим:

Инвестиция объектининг қайд этилган активлари (ва, агар мавжуд бўлса, кредит сифатини қўллаб-қувватлаш) унинг қайд этилган мажбуриятлари ёки инвестиция объектидаги бошқа қайд этилган улушлар тўловининг ягона манбаси ҳисобланади. Қайд этилган мажбуриятларга эга бўлмаган томонлар қайд этилган активлар билан ёки бундай активлардан олинадиган пул маблағларининг оқимлари қолдиғи билан боғлиқ ҳуқуқлар ёки жавобгарликларга эга бўлмайди. Моҳиятига кўра, қайд этилган активлардан олинадиган даромаддан инвестиция объектининг қолган қисми фойдаланиши ва шартли равишда мустақил ташкилотининг бирон-бир мажбурияти инвестиция объекти қолган қисмининг активларидан тўланиши мумкин эмас. Шундай қилиб, шартли равишда алоҳида ташкилотнинг барча активлари, мажбуриятлари ва хусусий капитали инвестиция объектидан ажратилган бўлади. Бундай шартли равишда алоҳида ташкилот кўпинча "бункер" деб аталади.


Б78. Агар Б77-бандда баён этилган шарт бажарилган бўлса, инвестор ўзи инвестиция объектининг мазкур қисмига нисбатан ваколатларга эга ёки эга эмаслигини баҳолаш учун шартли равишда алоҳида ташкилотнинг даромадига аҳамиятли таъсир кўрсатаётган фаолиятни ва мазкур фаолият қандай бошқарилишини идентификация қилиши лозим. Шартли равишда алоҳида ташкилот устидан назорат мавжудлигини баҳолашда инвестор ўзи бундай шартли равишда алоҳида ташкилотда иштирок этишдан олинадиган даромаднинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ рискга мойиллигини ёки бундай даромадни олиш ҳуқуқига эга ёки эга эмаслигини, шунингдек инвесторнинг даромади миқдорига таъсир кўрсатиш мақсадида инвестиция объектининг қисмига нисбатан ўз ваколатларидан фойдаланиш имкониятини ҳам кўриб чиқиши лозим.


Б79. Агар инвестор шартли равишда мустақил ташкилоти устидан назоратга эга бўлса, у инвестиция объектининг тегишли қисмини консолидациялаши лозим. Бу ҳолатда бошқа томонлар инвестициялар объектининг ушбу қисмини унинг устидан назорат мавжудлигини баҳолашда ва ушбу инвестиция объектини консолидация қилишда чиқариб ташлайдилар.



Узлуксиз баҳолаш


Б80. Агар бирон-бир далиллар ёки вазиятлар 7-бандда санаб ўтилган назоратнинг уч элементининг бири ёки бир нечтасида ўзгаришлар юз берганини кўрсатаётган бўлса, инвестор ўзида инвестиция объекти устидан назоратнинг мавжудлигини қайта баҳолашни амалга ошириши лозим.


Б81. Агар инвестор инвестиция объектига нисбатан ўз ваколатларини амалга ошириши усулида ўзгаришлар юз берган бўлса, бундай ўзгаришлар инвестор инвестиция объектига нисбатан ўз ваколатларини қандай баҳолашида ўз аксини топиши лозим. Масалан, қарорлар қабул қилиш ҳуқуқларидаги ўзгаришлар аҳамиятга молик фаолиятни бошқариш бундан буён овоз бериш ҳуқуқлари ёрдамида амалга оширилмаслигини, бунинг ўрнига бошқа келишувлар, масалан, шартномалар бошқа томон ёки томонларга ҳозирги вақтда аҳамиятга молик фаолиятни бошқариш имкониятини беришини англатиши мумкин.


Б82. Инвестор инвестиция объектига нисбатан ваколатларни эгаллаши ёки йўқотиши инвесторнинг ўзи иштирок этмайдиган бирон-бир ҳодиса натижасида юз бериши мумкин. Масалан, инвестор илгари ўзига инвестиция объекти устидан назоратни қўлга киритишга монелик қилган бошқа бирон-бир томоннинг қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи амал қилиш муддатининг тугаши натижасида инвестиция объектига нисбатан ваколатларни қўлга киритиши мумкин.


Б83. Инвестор ўзининг инвестиция объектида иштирок этишдан олинадиган даромаднинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ рискка таъсир кўрсатадиган ўзгаришларни ёки бундай даромадни олишга бўлган ҳуқуқларини кўриб чиқади. Масалан, инвестиция объектига нисбатан ваколатларга эга бўлган инвестор, агар у даромад олиш ҳуқуқини йўқотган бўлса ёки бундан буён мажбуриятларга эга бўлмаса, инвестиция объекти устидан назоратни йўқотиши мумкин, чунки айни ҳолда инвестор 7(б) банди шартларини қаноатлантирмайди (масалан, фаолият натижалари асосида ҳисоблаб чиқиладиган гононарни олиш тўғрисидаги шартнома бекор қилинган бўлса).


Б84. Инвестор ўзи агент ёки принципал эканлигига илгари берган баҳоси ўзгаргани ёки ўзгармаганини кўриб чиқиши лозим. Инвестор ва бошқа томонлар ўртасидаги муносабатларда қайд этилган ўзгаришлар инвестор бундан буён агент сифатида иш кўрмаслигини англатиши мумкин. Масалан, инвестор ёки бошқа томонларнинг ҳуқуқларида бирон-бир ўзгариш юз берган бўлса, инвестор ўзининг принципал ёки агент сифатидаги мақомини қайта кўриб чиқиши лозим.


Б85. Агар бозор шароитларининг ўзгариши 7-бандда санаб ўтилган назорат уч элементининг бири ёки бир нечтаси ўзгаришига ёки принципал ва агент ўртасидаги муносабатлар ўзгаришига олиб келмаган бўлса, бозор шароитларининг ўзгариши (масалан, инвестиция объекти даромадларининг бозор шароитлари таъсирида ўзгариши) ўз-ўзича инвестор ўзида назорат мавжудлигига берган баҳо ёки унинг принципал ёки агент сифатидаги мақоми ўзгаришига олиб келмайди.



Ташкилот инвестиция ташкилоти

ҳисобланишини аниқлаш


Б85A. Ташкилот ўзи инвестиция ташкилоти ҳисобланишини баҳолашда барча далиллар ва ҳолатларни, шу жумладан ўз мақсади ва тузилмасини эътиборга олиши лозим. Инвестиция ташкилотининг 27-бандда кўрсатилган учала элементига ҳам эга бўлган ташкилот инвестиция ташкилоти ҳисобланади. Б85Б-Б85Л бандларида мазкур элементларнинг батафсил тавсифи келтирилган.



Бизнеснинг мақсади


Б85Б. Инвестиция ташкилоти таърифи, ташкилотнинг мақсади маблағларни инвестициялаш фақат капитал қийматининг ўсишидан даромад, инвестиция фаолиятидан даромад олиш (масалан, дивидендлар, фоизлар ёки мулкни ижарага беришдан олинадинган даромад) ёки ҳар икки турдаги даромадни олишдан иборат бўлиши лозимлигини талаб қилади. Ташкилотнинг инвестиция вазифалари кўрсатилган ҳужжатлари, хусусан инвестиция меморандуми, ташкилот чоп этадиган материаллар, шунингдек бошқа расмий ҳужжатлари одатда бизнеснинг инвестиция ташкилотига мос келувчи мақсадидан далолат беради. Қўшимча далиллар қаторига ташкилот ўзини бошқа томонларга (потенциал инвесторлар ёки потенциал инвестиция объектларига) қандай тақдим этиши киради; масалан, ташкилот ўз бизнесини капитал қийматининг ўсишига эришиш мақсадида ўрта муддатли инвестицияларни амалга ошириш сифатида тақдим этиши мумкин. Бундан фарқли ўлароқ, ўзини мақсади ўз инвестиция объектлари билан бирга маҳсулотни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ёки бозорда намойиш этишдан иборат бўлган инвестор сифатида тақдим этадиган ташкилот инвестиция ташкилоти мақсадига мос келмайдиган бизнес мақсадига эга бўлади, чунки у ўз инвестицияларидан даромад олиш билан бир қаторда, маҳсулотни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ёки бозорда намойиш этиш борасидаги фаолиятдан даромад олади (Б85З бандига қаранг).


Б85В. Ташкилот учинчи томонларга ва ўз инвесторларига инвестицияларни амалга ошириш билан боғлиқ хизматлар кўрсатиши мумкин (масалан, инвестиция киритиш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш, инвестицияларни бошқариш, инвестицивий қўллаб-қувватлаш бўйича хизматлар кўрсатиш), ҳатто агар ушбу фаолият турлари ташкилот учун аҳамиятли ҳисобланса ҳам, ташкилот инвестиция ташкилоти таърифига жавоб беради.


Б85Г. Инвестиция ташкилоти инвестицияларни амалга ошириш билан боғлиқ қуйидаги фаолият турларида ҳам, агар мазкур фаолият турларининг мақсади ўз инвестициялари объектларининг даромадини максималлаштириш (капитал қийматини ўсишидан ёки инвестиция даромадини олиш)дан иборат бўлса ва агар мазкур фаолият турлари инвестиция ташкилоти учун фаолиятининг алоҳида аҳамиятли йўналиши ёки алоҳида аҳамиятли даромад манбаи ҳисобланмаса, бевосита ёки ўз шўъба ташкилоти орқали иштирок этиши мумкин:

(a) инвестиция объектига бизнесни бошқариш бўйича хизматлар кўрсатиш ва фаолият стратегияси бўйича маслаҳатлар бериш; ва

(б) инвестиция объектига молиявий ёрдам кўрсатиш, хусусан қарз бериш, капитал тақдим этиш мажбуриятини олиш ёки кафолат бериш.


Б85Д. Агар инвестиция ташкилоти ўзига ёки бошқа томонларга хизматлар кўрсатадиган ёки инвестицияларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ва Б85В-Б85Г бандларда тавсифланган фаолиятни олиб борадиган инвестиция ташкилоти бўлмаган шўъба ташкилотига эга бўлса, у мазкур шўъба ташкилотни 32-бандга мувофиқ консолидациялаши лозим. Агар инвестицияга оид хизматлар ва фаолият кўрсатадиган шўба ташкилотининг ўзи инвестиция ташкилоти бўлса, инвестиция ташкилоти бўлган бош ташкилот ушбу шўба ташкилотни 31-бандга мувофиқ фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳолаши лозим.



Чиқиш стратегиялари


Б85Е. Ташкилотнинг инвестиция режалари ҳам унинг бизнеси мақсадидан далолат беради. Инвестиция ташкилотини бошқа ташкилотлардан фарқлаш имконини берадиган белгилардан бири инвестиция ташкилоти ўз инвестицияларини номуайян вақт мобайнида ушлаб туришни режалаштирмайди; у уларни фақат чекланган давр мобайнида ушлаб туради. Улушли инструментларга инвестициялар ва номолиявий активларга инвестициялар чекланмаган давр мобайнида ушлаб турилиши мумкин бўлгани боис, инвестиция ташкилоти чиқиш стратегиясига эга бўлиши ва стратегия доирасида ташкилот барча улушли инструментлари ва номолиявий активларга инвестицияларидан капитал қийматининг ўсишини қандай амалга оширмоқчи эканлигини тавсифлайди. Шунингдек, инвестиция ташкилоти чекланмаган давр мобайнида ушлаб турилиши мумкин бўлган қарз инструментлари, масалан, муддатсиз қарз инструментларига нисбатан чиқиш стратегиясига эга бўлиши лозим. Ташкилот ҳар бир алоҳида инвестиция бўйича чиқиш стратегиясини ҳужжатлаштиришга мажбур эмас, лекин турли инвестициялар ёки уларнинг портфеллари бўйича турли потенциал стратегияларни, шу жумладан инвестициялардан чиқиш асосли муддатларини идентификация қилиши лозим. Фақат мажбуриятлар бажарилмаcлиги, хусусан шартнома шартлари бузилиши ёки бажарилмаган ҳолларда амалга ошириладиган чиқиш механизмлари ушбу баҳолаш мақсадлари учун чиқиш стратегиялари ҳисобланмайди.


Б85Ё. Чиқиш стратегиялари инвестицияларнинг турларига кўра фарқ қилиши мумкин. Хусусий компанияларнинг акцияларига инвестициялар билан боғлиқ ҳолларда чиқиш стратегияларига мисоллар қимматли қоғозларни биржада бирламчи жойлаштириш, ёпиқ жойлаштириш, бизнесни сотиш, инвестиция объектида иштирокчи улушларни (инвесторларга) тақсимлаш, шунингдек активларни сотиш (шу жумладан инвестиция объекти активларини сотиш ва сўнг мазкур объектни тугатиш)ни ўз ичига олади. Очиқ бозорда савдо қилинадиган улушли инструментларга инвестициялар билан боғлиқ ҳолларда чиқиш стратегияларига мисоллар ёпиқ таклиф доирасида ёки очиқ бозорда инвестицияларни сотишни ўз ичига олади. Кўчмас мулк объектларига инвестициялар билан боғлиқ ҳолларда чиқиш стратегиясига кўчмас мулк объектини кўчмас мулк бозоридаги ихтисослашган дилерлар орқали ёки очиқ бозорда сотиш мисол бўлади.


Б85Ж. Инвестиция ташкилоти юридик, тартибга солиш, солиққа оид ёки шунга ўхшаш сабабларга кўра ташкил этилган бошқа ўзи билан боғлиқ инвестиция ташкилотига инвестицияларга эга бўлиши мумкин. Бу ҳолда, инвестор ҳисобланган инвестиция ташкилоти, агар инвестиция объекти ҳисобланадиган инвестиция ташкилоти ўз инвестициялари учун тегишли чиқиш стратегияларига эга бўлса, мазкур инвестицияларга нисбатан чиқиш стратегиясига эга бўлиш зарурати йўқ.



Инвестициялардан олинадиган даромад


Б85З. Ташкилот, агар ушбу ташкилот ёки ушбу ташкилотнинг таркибига кирувчи бошқа аъзо гуруҳлар (яъни, инвестиция ташкилотининг пировард бош ташкилоти томонидан назорат қилинадиган гуруҳлар) кўриб чиқилаётган ташкилотга инвестиция киритишдан, инвестиция объектига боғлиқ бўлмаган бошқа томонлар учун чекланган фойдани олишни ёки бошқа турдаги фойдани олишни мақсад қилган бўлса, фақатгина капитал қийматининг ўсишидан ёки инвестиция даромадларини ёки иккаласидан ҳам даромад олиш учун инвестиция киритган ҳисобланмайди. Бундай фойда қуйидагиларни ўз ичига олади:

( a) инвестиция объектининг жараёнлари, активлари ёки технологияларини харид қилиш, улардан фойдаланиш ёки уларни айирбошлаш. Бунга ташкилот ёки гуруҳнинг бошқа аъзоси бирон-бир инвестиция объектининг активлари, технологиялари, маҳсулотлари ёки хизматларини харид қилишга номутаносиб ёки мутлақ ҳуқуқларга эга бўлган ҳоллар киради; масалан, активнинг ишлаб чиқарилиши муваффақиятли бўлиши назарда тутилаётган ҳолларда инвестиция объектидан уларда мавжуд активни опцион воситаси орқали сотиб олиш;

( б) биргаликдаги фаолият бўйича келишувлар (11-сон МХҲСда таърифланган) ёки ташкилот ёки гуруҳнинг бошқа аъзоси ва инвестиция объекти ўртасида маҳсулотлар ёки хизматларни такомиллаштириш, ишлаб чиқариш, бозорда намойиш этиш ёки тақдим этиш тўғрисидаги бошқа келишувлар;

( в) инвестиция объектининг ташкилот ёки гуруҳ бошқа аъзосининг қарз шартномалари бўйича таъминот сифатидаги молиявий кафолатлари ёки активлари (бунда инвестиция ташкилотида инвестиция объектига инвестициясидан ўз қарзлари бўйича таъминот сифатида фойдаланиш имкониятини сақлаб қолади);

( г) ташкилотнинг ўзаро боғлиқ томони ушлаб турган, мазкур ташкилотдан ёки гуруҳнинг бошқа аъзосидан ушбу ташкилотнинг инвестиция объектида иштирокчи сифатидаги улушини сотиб олиш опциони;

( д) ташкилот ёки гуруҳнинг бошқа аъзоси билан инвестиция объекти ўртасида тузиладиган қуйидаги келишувлар, бундан Б85И-бандда тавсифланган ҳолат мустасно:

(i) ташкилот ёки гуруҳнинг бошқа аъзоси ёхуд инвестиция объектига нисбатан ўзаро боғлиқ томонлар ҳисобланмайдиган ташкилотларга берилмайдиган шартларда тузиладиган;

(ii) ҳаққоний бўлмаган қиймат бўйича тузиладиган; ёки

(iii) инвестиция объекти ёки ташкилот тижорат фаолиятининг, шу жумладан гуруҳ таркибидаги бошқа ташкилотлар тижорат фаолиятининг аҳамиятли қисмини ташкил этадиган.


Б85И. Инвестиция ташкилоти соҳа, бозор ёки географик минтақа доирасида биттадан ортиқ инвестиция объектига инвестицияларни амалга оширишни капитал қийматининг ўсишига эришишдан олинадиган даромад ва мазкур инвестиция объектларидан олинадиган инвестиция даромади кўпайишига олиб келадиган синергетик эффектдан фойда олиш мақсадида назарда тутадиган стратегияга эга бўлиши мумкин. Б85З(д) бандига қарамай, бундай инвестиция объектлари ўзаро хўжалик операцияларини амалга оширишлари туфайли, ташкилотни инвестиция ташкилоти сифатида таснифлаш имконияти истисно этилмайди.



Ҳаққоний қийматни баҳолаш


Б85Й. Инвестиция ташкилотининг таърифининг муҳим элементи шундаки, у ўзининг барча инвестициялари фаолияти натижаларини баҳолаш ва таҳлил қилишни уларнинг ҳаққоний қиймати асосида амалга оширади, чунки ҳаққоний қийматдан фойдаланиш, масалан, шўъба ташилотларини консолидациялаш ёки қўшма корхона ёки таъсир остидаги ташкилотларидаги улушли иштирок этиш усулларига нисбатан ўринлироқ маълумотларни беради. Таърифдаги мазкур элементга жавоб беришини кўрсатиш учун инвестиция ташкилоти:

( a) инвесторларга ҳаққоний қиймат тўғрисида маълумотлар беради ва МҲХСга мувофиқ ҳаққоний қиймат бўйича баҳолаш талаб этиладиган ёки бунга йўл қўйиладиган барча ҳолларда ўз молиявий ҳисоботида ўзининг барча инвестицияларини ҳаққоний қиймат бўйича баҳолайди;

( б) ички ҳисоботлар доирасида ҳаққоний қиймат тўғрисида маълумотларни ташкилотнинг (таърифи 24-сон БҲХСда изоҳлангани каби) муҳим бошқарув ходимларига тақдим этади ва бу ходимлар ҳаққоний қийматдан ташкилотнинг барча инвестициялари фаолияти натижаларини таҳлил қилиш ва инвестиция қарорларини қабул қилиш учун баҳолашнинг асосий кўрсаткичи сифатида фойдаланади.


Б85К. Б85Й(а) банди талабини бажариш учун инвестиция ташкилоти:

(a) инвестиция кўчмас мулк объектларининг барчасини 40-сон БҲХС "Инвестиция кўчмас мулки"га мувофиқ ҳаққоний қиймат бўйича баҳолаш модели ёрдамида ҳисобга олишни танлаши;

(б) таъсир остидаги ташкилотларга ва қўшма корхоналарга инвестицияларига нисбатан 28-сон БҲХСда назарда тутилган улушли қатнашиш усулини қўллаш бўйича озод қилишни танлаши; ва

(в) ўз молиявий активларини 9-сон МҲХС талабларига мувофиқ ҳаққоний қиймат бўйича баҳолаши лозим.


Б85Л. Инвестиция ташкилоти инвестиция киритиш фаолиятига тааллуқли бўлмаган бир қатор активларга, хусусан бош офис ва тегишли асбоб-ускуналарга эга бўлиши, бундан ташқари, унинг молиявий мажбуриятлари мавжуд бўлиши мумкин. Инвестиция ташкилоти таърифининг 27(в)-бандида кўрсатилган, ҳаққоний қиймат бўйича баҳолашни назарда тутадиган элементи фақат инвестиция ташкилоти инвестицияларига тегишлидир. Шунга кўра, инвестиция ташкилоти инвестициялаш билан боғлиқ фаолиятга тегишли бўлмаган мажбуриятларини ёки активларини ҳаққоний қиймат бўйича баҳолашига зарурат йўқ.



Инвестиция ташкилотига хос

бўлган хусусиятлар


Б85М. Ташкилот инвестиция ташкилоти таърифига жавоб беришини аниқлашда инвестиция ташкилотига хос хусусиятлардан бири мавжудлигини эътиборга олиши лозим (28-бандга қаранг). Бу хусусиятлардан бири ёки бир нечтасининг мавжуд эмаслиги ташкилотни инвестиция ташкилоти сифатида таснифлаш мумкин эмаслигига сабаб бўлмаслиги ҳам мумкин, бироқ бу мазкур ташкилот инвестиция ташкилоти ҳисобланишини аниқлашда қўшимча мулоҳаза юритиш зарурлигини кўрсатади.



Бир нечта инвестиция


Б85Н. Инвестиция ташкилоти ўз рискини диверсифкациялаш ва даромадни максималлаштириш учун, одатда, бир нечта инвестицияларга эгалик қилади. Ташкилот инвестициялар портфелига бевосита ёки билвосита эгалик қилиши мумкин, масалан, бир нечта инвестицияларга эгалиги бўлган инвестиция ташкилотига қилинган ягона инвестицияга эгалик қилиши.


Б85О. Айрим даврларда ташкилот фақат битта инвестицияга эгалик қилиши мумкин. Лекин фақат битта инвестиция мавжудлиги ташкилот инвестиция ташкилоти таърифига мос келишини кўрсатиши ҳам мумкин. Масалан, инвестиция ташкилоти қуйидаги ҳолларда фақат битта инвестицияга эгалиги бўлиши мумкин, агар ушбу ташкилот:

(a) тижорат фаолиятини амалга оширишнинг дастлабки босқичида бўлса ва мос келадиган инвестицияларни ҳали аниқламаган, бинобарин, бир нечта инвестицияларни хариди бўйича инвестиция режасини ҳали бажармаган;

(б) чиқиб кетган инвестициялар ўрнига янги инвестицияларни харид қилмаган;

(в) агар мазкур инвестиция айрим инвесторлар томонидан амалга оширилиши мумкин бўлмаса, инвесторларнинг маблағларини битта инвестицияга киритиш учун бирлаштириш мақсадида таъсис этилган (масалан, керакли минимал инвестиция миқдори айрим инвестор учун ҳаддан ташқари катта бўлганда); ёки

(г) ташкилот тугатиш жараёнида бўлганда.



Бир нечта инвесторлар


Б85П. Одатда инвестиция ташкилоти агар инвесторлар ҳар бири алоҳида ҳаракат қилганида бундай инвестициявий имкониятга эга бўлмаслиги мумкин бўлган инвестицияларни бошқариш хизматлари ва инвестиция имкониятларидан фойдаланиш учун ўз маблағларини бирлаштирган бир нечта инвесторларга эга бўлади. Бир нечта инвесторлар мавжудлиги ташкилот ёки у аъзо бўлган гуруҳнинг бошқа аъзолари капитал қийматининг ўсиши ёки инвестиция даромадидан бошқа шаклларда фойда олиши эҳтимолини камайтиради (Б85З-бандига қаранг).


Б85Р. Бошқа томондан, инвестиция ташкилоти кўп сонли инвесторларнинг манфаатларини ифода этадиган ёки қувватлайдиган бир нафар инвестор томонидан (ёки шу инвестор учун) тузилиши мумкин (масалан, пенсия жамғармаси, давлат инвестиция фонди ёки оилавий траст).


Б85С. Айрим даврларда ташкилот вақтинчалик асосда фақат битта инвесторга эга бўлиши мумкин. Масалан, инвестиция ташкилоти қуйидаги ҳолларда фақат битта инвесторга эга бўлиши мумкин:

(a) инвестиция ташкилоти якунланмаган дастлабки жойлаштириш босқичида ва мос келадиган инвесторларни аниқлаш борасида фаол иш олиб бораётган бўлса;

(б) ўзи қайта сотиб олган улушларни жойлаштириш учун мос келадиган инвесторларни аниқламаган бўлса; ёки

(в) тугатиш жараёнида бўлса.



Ўзаро боғлиқ бўлмаган инвесторлар


Б85T. Одатда инвестиция ташкилоти мазкур ташкилот ёки у аъзо бўлган гуруҳнинг бошқа аъзоларига нисбатан (таърифи 24-сон БҲХСда келтирилган) ўзаро боғлиқ томонлар ҳисобланмайдиган бир нечта инвесторларга эга бўлади. Ўзаро боғлиқ бўлмаган инвесторлар мавжудлиги мазкур ташкилот ёки у аъзо бўлган гуруҳнинг бошқа аъзолари капитал қийматининг ўсиши ёки инвестиция даромадидан бошқа шаклда фойда олиши эҳтимолини камайтиради (Б85З бандига қаранг).


Б85У. Лекин ташкилот ҳатто унинг инвесторлари ўзаро боғлиқ томонлар ҳисобланган ҳолда ҳам инвестиция ташкилоти таърифига мос келиши мумкин. Масалан, инвестиция ташкилоти ўз ходимлари гуруҳи (масалан, муҳим бошқарув ходимлари) ёки бошқа ўзаро боғлиқ инвестор(лар) учун мазкур ташкилот асосий инвестиция фондининг инвестицияларидан нусха кўчирувчи алоҳида "параллель" фонд таъсис этиши мумкин. Бу "параллель" фонд, ҳатто унинг барча инвесторлари ўзаро боғлиқ томонлар ҳисобланса ҳам, инвестиция ташкилоти мезонларига мос келиши мумкин.



Иштирок этиш улушлари


Б85Ф. Инвестиция ташкилоти одатда алоҳида юридик шахс ҳисобланади, лекин у алоҳида юридик шахс бўлиши талаб этилмайди. Инвестиция ташкилотида иштирок этиш улушлари, қоида тариқасида, капиталда улушли иштирок этиш ёки шунга ўхшаш улушли иштирок кўринишига эга бўлади (масалан, ширкат иштирокчилари улушлари) ва уларга инвестиция ташкилоти соф активларининг мутаносиб улушлари киритилади. Лекин, айримлари фақат муайян инвестиция ёки инвестициялар гуруҳига бўлган ҳуқуқларга эга ёки соф активлардаги улушлари турли нисбатларда белгиланган турли тоифадаги инвесторларнинг мавжудлиги ташкилотни инвестиция ташкилоти сифатида таснифлашга монелик қилмайди.


Б85Х. Бундан ташқари, тегишли МҲХСга мувофиқ капитал таърифига мос келмайдиган қарз инструментлари кўринишида аҳамиятли иштирок этиш улушларига эга бўлган ташкилот, агар мазкур ташкилот соф активларининг ҳаққоний қийматидаги ўзгаришлар қарз инструментлари эгасининг даромадлари ўзгарувчанлиги рискига мойиллигига сабаб бўлса, инвестиция ташкилоти таърифига мос келиши мумкин.



Ҳисоб юритишга нисбатан талаблар


Консолидациялаш тартиблари


Б86. Консолидациялашган молиявий ҳисоботда:

(а) бош ташкилотнинг активлари, мажбуриятлари, хусусий капитали, даромадлари, харажатлари ва пул маблағлари оқимлари моддаларини унинг шўъба ташкилотининг худди шундай моддалари билан бирлаштириш амалга оширилади.

(б) бош ташкилот шўъба ташкилотларининг ҳар бирига қилган инвестицияларининг баланс қиймати ва бош ташкилотнинг шўъба ташкилотларидан ҳар бирининг хусусий капиталидаги улушини ўзаро ҳисоб-китоб қилиш (чиқариб ташлаш) амалга оширилади (3-сон МҲХСда ҳар қандай тегишли гудвил ҳисобини юритиш тартиби тушунтирилади).

(в) гуруҳ ташкилотлари ўртасидаги операциялар билан боғлиқ гуруҳ ичидаги активлар ва мажбуриятлар, хусусий капитал, даромад, харажатлар ва пул маблағлари оқимлари бутунлай ҳисобдан чиқарилади (захиралар ва асосий воситалар каби активлар таркибида тан олинган гуруҳ ичидаги операциялар натижасида юзага келадиган фойда ёки зарарлар бутунлай чиқариб ташланади). Гуруҳ ичидаги зарарлар қадрсизланишдан далолат бериши мумкин ва у консолидациялашган молиявий ҳисоботда тан олиниши лозим. 12-сон БҲХС "Фойда солиқлари" гуруҳ ичидаги операциялардан олинган фойда ва зарарлар ҳисобдан чиқарилиши натижасида юзага келган вақтинчалик фарқларга нисбатан қўлланади.



Бир ҳил ҳисоб сиёсати


Б87. Агар гуруҳ аъзоларидан бирортаси ўхшаш операциялар ёки ўхшаш вазиятлардаги ҳодисалар ҳисобини юритиш учун консолидациялашган молиявий ҳисоботда фойдаланадиган ҳисоб сиёсатидан фарқ қиладиган ҳисоб сиёсатини қўллаган бўлса, консолидациялашган молиявий ҳисоботни тайёрлашда гуруҳ ҳисоб сиёсатига мувофиқликни кафолатлаш учун гуруҳ аъзосининг молиявий ҳисоботига тегишли тузатишлар киритилиши лозим.



Баҳолаш


Б88. Ташкилот шўъба ташкилотининг даромадлари ва харажатларини консолидациялашган молиявий ҳисоботига ташкилот шўъба ташкилот устидан назоратни олган пайтдан уни йўқотган пайтгача бўлган давр оралиғида киритади. Шўъба ташкилотининг даромадлари ва харажатлари консолидациялашган молиявий ҳисоботда харид санасида тан олинган активлар ва мажбуриятлар қийматлари асосида ҳисоблаб чиқилади. Масалан, умумлашган даромад тўғрисидаги консолидациялашган молиявий ҳисоботда харид санасидан кейин тан олинган эскириш харажатлари консолидациялашган молиявий ҳисоботда харид санасида тан олинган тегишли эскириш ҳисобланадиган активларнинг ҳаққоний қийматига асосланади.



Потенциал овоз бериш ҳуқуқлари


Б89. Потенциал овоз бериш ҳуқуқлари ёки потенциал овоз бериш ҳуқуқларини ўз ичига оладиган бошқа деривативлар мавжуд бўлганда, ташкилотнинг таъсир остидаги ташкилотдаги ёки қўшма корхонадаги улуши фақатгина мавжуд эгалик улушлари асосида аниқланади ва агар Б90-банд қўлланмаса, у потенциал овоз бериш ҳуқуқларининг ва бошқа дериватив инструментларнинг мумкин бўлган фойдаланилиши ёки конвертацияланишини акс эттирмайди.


Б90. Айрим ҳолларда ташкилот операция натижасида юзага келган иштирок этиш улуши билан боғлиқ даромад олиш имконини берадиган бевосита иштирок этиш улушига эга бўлади. Бундай ҳолларда, консолидациялашган молиявий ҳисоботни тайёрлашда бош ташкилот мутаносиб тақсимлаш ва назорат кучига эга бўлмаган улушлар ҳозирги вақтда ташкилотга даромад олиш имконини бераётган потенциал овоз бериш ҳуқуқлари ва бошқа дериватив инструментларнинг ижро этилиши эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.


Б91. 9-сон МҲХС консолидацияланадиган шўъба ташкилотларидаги иштирок этиш улушларига нисбатан татбиқ этилмайди. Потенциал овоз бериш ҳуқуқларини ўз ичига оладиган инструментлар моҳиятан жорий даврда таъсир остидаги ташкилотдаги ва қўшма корхонадаги эгалик улуши билан боғлиқ даромад олиш имкониятини берганда, бундай инструментлар 9-сон МҲХСнинг қўллаш доирасига кирмайди. Бошқа барча ҳолларда, шўъба ташкилотида потенциал овоз бериш ҳуқуқларига эга бўлган инструментлар 9-сон МҲХСга мувофиқ ҳисобда акс эттирилади.



Ҳисобот санаси


Б92. Консолидациялашган молиявий ҳисоботни тайёрлашда бош ташкилот ва унинг шўъба ташкилотининг фойдаланиладиган молиявий ҳисоботлари айни бир ҳисобот санасига тайёрланиши лозим. Агар бош ташкилот ҳисобот даврининг охири шўъба ташкилоти ҳисобот даврининг охиридан фарқ қилса, шўъба ташкилоти консолидациялаш мақсадларида бош ташкилот шўъба ташкилотининг молиявий маълумотларини консолидациялаш имкониятига эга бўлиши учун қўшимча молиявий маълумотларни бош ташкилотнинг молиявий ҳисоботи билан айни бир санага тайёрлайди, буни бажариш мумкин бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.


Б93. Агар буни бажаришнинг имкони бўлмаса, бош ташкилот шўъба ташкилотининг молиявий маълумотларини консолидациялашни мазкур субъектнинг энг сўнгги молиявий ҳисоботига, уларнинг тузилган санаси ва консолидациялашган молиявий ҳисобот санаси оралиғидаги даврда содир бўлган аҳамиятли ҳодисалар ёки операцияларнинг таъсири ҳисобга олинган ҳолда тузатишлар киритган ҳолда амалга ошириши лозим. Ҳар қандай ҳолда ҳам шўъба ташкилотининг молиявий ҳисоботи санаси ва консолидациялашган молиявий ҳисобот санаси ўртасидаги фарқ уч ойдан ошмаслиги, ҳисобот даврлари муддати ҳамда молиявий ҳисоботлар саналари ўртасидаги фарқ эса даврдан даврга мос келиши лозим.



Назорат кучига эга бўлмаган улушлар


Б94. Фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромаднинг ҳар бир компоненти бош ташкилотнинг ва назорат кучига эга бўлмаган улуш мулкдорлари ҳисобига киритилади. Жами умумлашган даромад, ҳатто бу назорат кучига эга бўлмаган улушларнинг салбий қолдиғига олиб келса ҳам, бош ташкилот ва назорат кучига эга бўлмаган улуш мулкдорлари ҳисобига киритилади.


Б95. Агар шўъба ташкилоти назорат кучига эга бўлмаган улушга тўғри келадиган ва улушли инструмент сифатида таснифланадиган муомаладаги имтиёзли кумулятив акцияларга эга бўлса, бош ташкилот фойда ва зарарлардаги ўз улушини бундай акцияларга мутаносиб дивидендлар суммасига (бу дивидендлар эълон қилингани ёки эълон қилинмаганидан қатъи назар) тузатганидан сўнг ҳисоблаб чиқади.



Назорат кучига эга бўлмаган улушлар

мутаносиб нисбатининг ўзгариши


Б96. Назорат кучига эга бўлмаган улушларга тегишли бўлган хусусий капиталнинг мутаносиб нисбати ўзгарган ҳолда, ташкилот уларнинг шўъба ташкилотидаги улушида юз берган ўзгаришни акс эттириш учун назорат улуши ва назорат кучига эга бўлмаган улушлар баланс қийматига тузатишлар киритиши лозим. Ташкилот назорат кучига эга бўлмаган улушларнинг тузатиш киритилган суммаси ва олинган ёки тўланган товон пулининг ҳаққоний қиймати ўртасидаги ҳар қандай фарқни тан олиши ва мазкур фарқни бош ташкилот мулкдорлари ҳисобига киритиши лозим.



Назоратни йўқотиш


Б97. Икки ёки ундан ортиқ келишувлар тузилган (операциялар ўтказилган) ҳолда бош ташкилот шўъба ташкилоти устидан назоратни йўқотиши мумкин. Лекин баъзи ҳолатлар бундай бир нечта келишувлар ягона операция сифатида ҳисобга олиниши лозимлигини кўрсатади. Келишувни ягона операция сифатида ҳисобга олиши лозимлигини аниқлашда бош ташкилот мазкур келишувларни барча шартларини ва уларнинг иқтисодий оқибатларини кўриб чиқиши лозим. Қуйида баён этилган омиллардан бири ёки бир нечтасининг мавжудлиги бош ташкилот бир нечта келишувлар ҳисобини юритишда уларни ягона операция сифатида акс эттириши лозимлигини кўрсатиши мумкин:

(а) улар бир вақтда тузилади ёки уларни тузиш муддати бир-бирига боғлиқ бўлади;

(б) улар умумий тижорат эффектига эришишга қаратилган ягона операцияни ташкил этади;

(в) бир келишувнинг юзага келиши ҳеч бўлмаса қолган келишувлардан бирининг юзага келишига боғлиқ бўлади;

(г) бир келишувни бошқа келишувлардан алоҳида кўриб чиқиш иқтисодий нуқтаи назардан мақсадга мувофиқ ҳисобланмайди, уни бошқа келишувлар билан бирга кўриб чиқиш эса иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди. Бунга акциялар бозор баҳосидан паст нархда чиқиб кетиши ва сўнг бу зарар акциялар бозор баҳосидан юқори нархда чиқиб кетиши билан қопланиши мисол бўлиши мумкин.


Б98. Агар бош ташкилот шўъба ташкилоти устидан назоратни йўқотган бўлса, у:

(a) қуйидагиларни тан олишни бекор қилади:

(i) шўъба ташкилотининг активлари (шу жумладан бошқа ҳар қандай гудвил) ва мажбуриятларини назорат йўқотилган санадаги баланс қиймати бўйича; ва

(ii) собиқ шўъба ташкилотининг ҳар қандай назорат кучига эга бўлмаган улушларининг назорат йўқотилган санадаги баланс қийматини (шу жумладан улар умумлашган даромадининг бошқа ҳар қандай компонентларини).

(б) қуйидагиларни тан олади:

(i) назорат йўқотилишига олиб келган операция, ҳодиса ёки вазият юзага келганда олинган мукофотнинг ҳаққоний қийматини (агар бундай мукофот олинган бўлса);

(ii) назорат йўқотилишига олиб келган операция, ҳодиса ёки вазият шўъба ташкилоти акцияларини мулкдорлар фойдасига тақсимлашни назарда тутса, мазкур тақсимлашни; ва

(iii) собиқ шўъба ташкилотида қолган ҳар қандай инвестицияларни уларнинг назорат йўқотилган санадаги ҳаққоний қиймати бўйича.

(в) агар бошқа МҲХС талаб қилса, шўъба ташкилотига тегишли бошқа умумлашган даромад таркибида Б99-бандда тавсифланган асосда тан олинган суммаларни даромад ёки зарар таркибига қайта таснифлайди ёки бевосита тақсимланмаган фойда таркибига ўтказади.

(г) бунинг натижасида юзага келадиган ҳар қандай фарқни бош ташкилот ҳисобига киритилган фойда ёки зарар таркибидаги даромад ёки зарар сифатида тан олади.


Б99. Агар бош ташкилот шўъба ташкилоти устидан назоратни йўқотган бўлса, у мазкур шўъба ташкилоти билан боғлиқ бошқа умумлашган даромад таркибида тан олинган барча суммаларни бош ташкилот тегишли активлар ёки мажбуриятлар ҳисобини бевосита ҳисобдан чиқарганда қўлланадиган асосга мувофиқ юритиши лозим. Шунинг учун, илгари бошқа умумлашган даромадлар таркибида тан олинган даромад ёки зарар тегишли активлар ёки мажбуриятлар чиқиб кетганда фойда ёки зарар таркибига қайта таснифланади, агар шўъба ташкилоти устидан назорат йўқотилган бўлса, бош ташкилот капитал таркибидаги даромад ёки зарарни фойда ёки зарар таркибига қайта таснифлайди (қайта таснифлашлаш бўйича тузатиш сифатида). Агар илгари бошқа умумлашган даромад таркибида тан олинган қайта баҳолаш қийматининг ўсиши актив чиқиб кетганда тақсимланмаган фойда таркибига бевосита ўтказилган бўлса, бош ташкилот қайта баҳолашдан қийматнинг мазкур ўсишини шўъба ташкилоти устидан назорат йўқотилган ҳолда тақсимланмаган фойда таркибига бевосита ўтказади.


Б99А. [Ушбу банд кучга кирмаган ўзгартиришларни назарда тутади ва шунинг учун ушбу таҳрирда келтирилмаган.]



Инвестиция ташкилоти мақомининг

ўзгаришини ҳисобга олиш


Б100. Агар ташкилот инвестиция ташкилоти мақомини йўқотган бўлса, у 31-бандга мувофиқ илгари фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қиймат бўйича баҳоланган барча шўъба ташкилотларига нисбатан 3-сон МҲХСни қўллаши лозим. Мақомнинг ўзгариш санаси шартли харид санаси сифатида қаралиши лозим. Шартли харид санасида юзага келадиган гудвил ёки фойдали хариддан олинадиган фойдани баҳолашда шўъба ташкилотининг шартли харид санасидаги ҳаққоний қиймати шартли равишда берилган мукофот сифатида қаралиши лозим. Ташкилот мақоми ўзгарган санадан бошлаб унинг барча шўъба ташкилотлари ушбу стандартнинг 19-24-бандларига мувофиқ консолидацияланиши лозим.


Б101. Агар ташкилот инвестиция ташкилотига айланган бўлса, у ўз мақоми ўзгарган санадан бошлаб шўъба ташкилотларини консолидациялашини тўхтатиши лозим, бундан 32-бандга мувофиқ консолидациялаш давом эттирилиши лозим бўлган шўъба ташкилотлари мустасно. Инвестиция ташкилоти 25 ва 26-бандлар талабларини, худди шўъба ташкилотлари устидан назоратни йўқотгани каби, консолидациялаши тўхтатилаётган шўъба ташкилотларига нисбатан қўллаши лозим.

          

       




В ИЛОВА



КУЧГА КИРИШ САНАСИ

ВА ЎТИШ ҚОИДАЛАРИ


Мазкур илова МҲХСнинг ажралмас қисми бўлиб, МҲХСнинг бошқа қисмлари каби тенг кучлидир.


Кучга кириш санаси


В1. Мазкур МҲХС ташкилот томонидан 2013 йил 1 январдан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўлланиши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот мазкур стандартни олдинги даврга нисбатан қўлласа, у мазкур фактни очиб бериши ва бир вақтнинг ўзида 11-сон МҲХС, 12-сон МҲХС, 27-сон БҲХС "Алоҳида молиявий ҳисобот" ва 28-сон БҲХС (2011 йилдаги таҳрири)ни қўллаши лозим.


В1A. 2012 йил июн ойида эълон қилинган "Консолидациялашган молиявий ҳисобот, биргаликдаги фаолият бўйича келишувлар ва бошқа ташкилотлардаги улушларни ёритиб бериш: ўтиш ҳолати бўйича кўрсатма" (10-сон МҲХС, 11-сон МҲХС ва 12-сон МҲХСга ўзгартиришлар) бўйича В2-В6-бандларга ўзгартиришлар ва В2А-В2Б, В4A-В4В, В5A ва В6A-В6Б бандлари киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2013 йил 1 январь ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврларга нисбатан қўллаши лозим. Агар ташкилот 10-сон МҲХСни ушбу муддатдан олдинги давр учун қўллайдиган бўлса, у мазкур тузатишларни шу олдинги давр учун қўллаши лозим.


В1Б. 2012 йил октябрь ойида эълон қилинган "Инвестиция ташкилотлари" (10-сон МҲХС, 12-сон МҲХС ва 27-сон БҲХСга ўзгартиришлар) бўйича 2, 4, В2А, В6А-бандлари ва А иловага ўзгартиришлар киритилган, шунингдек 27-33, Б85A-Б85Х, Б100-Б101 ва В3A-В3Е бандлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2014 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни муддатидан илгари қўллайдиган бўлса, у мазкур фактни ёритиб бериши ва "Инвестиция ташкилотлари"га киритилган барча ўзгартиришларни бир вақтда қўллаши лозим.


В1В. [Ушбу банд кучга кирмаган ўзгартиришларни назарда тутади ва шунинг учун ушбу таҳрирда келтирилмаган.]


В1Г. 2014 йил декабрь ойида эълон қилинган "Инвестиция ташкилотлари:консолидациялаш бўйича истиснони қўллаш" (10-сон МҲХС, 12-сон МҲХС ва 28-сон БҲХСларга ўзгартиришлар) бўйича 4, 32, Б85В, Б85Д ва В2А бандларга ўзгартиришлар ва -4Б бандлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2016 йил 1 январь ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврларга қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгаришларни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.



Ўтиш қоидалари


В2. Ташкилот мазкур стандартни ретроспектив тарзда 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ қўллаши лозим, В2А-В6-бандларида тавсифланган ҳолатлар бундан мустасно.


В2A. 8-сон БҲХСнинг 28-бандида келтирилган талабларга қарамай, мазкур стандартни биринчи марта қўллашда, шунингдек, кейинроқ, ушбу стандартга "Инвестиция ташилотлари" билан киритилган ўзгартиришларни биринчи марта қўллашда ташкилоти 8-сон БҲХСнинг 28(е) бандида талаб этилган миқдорий маълумотларни фақат мазкур стандартни биринчи марта қўллаш санасидан бевосита олдинги йиллик давр ("бевосита олдинги давр") учун тақдим этишининг ўзи кифоя қилади. Ташкилот мазкур маълумотларни жорий давр учун ёки олдинги қиёсий даврлар учун ҳам тақдим этиши мумкин, аммо буни амалга ошириш талаб этилмайди.


В2Б. Мазкур стандарт мақсадлари учун у биринчи марта қўлланаётган йиллик ҳисобот даврининг бошланиши мазкур стандартни дастлабки тарзда қўллаш санаси ҳисобланади.


В3. Дастлабки қўллаш санасида ташкилот ўзининг қуйидагилардаги иштирокининг олдинги тартибига тузатишлар киритиши назарда тутилмайди:

(a) 27-сон БҲХС "Консолидациялашган ва алоҳида молиявий ҳисобот" ва 12-сон ШДҚ "Консолидация - махсус мақсаддаги ташкилотлар"га мувофиқ ушбу санада консолидацияланиши лозим бўлган ва мазкур стандартга мувофиқ ҳам консолидациялаш талаб этиладиган ташкилотларда; ёки

(б) 27-сон БҲХС ва 12-сон ШДҚга мувофиқ ушбу санада консолидацияланиши лозим бўлмаган ва мазкур стандартга мувофиқ консолидациялаш талаб этилмайдиган ташкилотларда.


В3A. Дастлабки қўллаш санасида ташкилот инвестиция ташкилоти ҳисобланишини шу санада мавжуд далиллар ва ҳолатларга асосланган ҳолда баҳолаши лозим. Агар дастлабки қўллаш санасида ташкилот инвестиция ташкилоти ҳисобланиши тўғрисида хулоса чиқарган бўлса, у В5-В5A-бандларнинг талаблари ўрнига В3Б-В3Е-бандларнинг талабларини қўллаши лозим.


В3Б. 32-бандга мувофиқ консолидацияланадиган шўъба ташкилотларини истисно қилганда (уларга нисбатан қайси бирини қўлаш ўринли бўлишига қараб В3 ва В6-бандлари ёки В4-В4В бандлари қўлланади), инвестиция ташкилоти ҳар бир шўъба ташкилотига инвестициясини фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳолаши лозим. Инвестиция ташкилоти дастлабки қўллаш санасидан бевосита олдинги йиллик давр маълумотларига ҳам, бевосита олдинги давр бошидаги ҳолатга кўра хусусий капиталга доир маълумотларга ҳам қуйидагилар ўртасидаги фарққа нисбатан ретроспектив тузатишлар киритишни амалга ошириши лозим:

(a) шўъба ташкилотнинг олдинги баланс қиймати; ва

(б) инвестиция ташкилоти мазкур шўъба ташкилотга қилган инвестициянинг ҳаққоний қиймати.

Бошқа умумлашган даромад таркибида акс эттирилган ҳаққоний қийматга тузатишларнинг жамғарилган суммаси дастлабки қўллаш санасидан бевосита олдинги йиллик давр бошигача бўлган ҳолатга кўра тақсимланмаган фойда таркибига ўтказилиши лозим.


В3В. 13-сон МҲХС "Ҳаққоний қийматни баҳолаш"ни қўллаш санасига қадар инвестиция ташкилоти илгари инвесторлар ёки раҳбариятга тақдим этилган ҳаққоний қиймат кўрсаткичларидан, агар мазкур кўрсаткичлар яхши хабардор бўлган, бундай операцияни амалга оширишни истаган хабардор мустақил томонлар ўртасидаги битимда баҳолашни ўтказиш санасида инвестиция айирбошланиши мумкин бўлган суммани ўзида ифодаласа, фойдаланиши лозим.


В3Г. Агар В3Б-В3В бандларга мувофиқ шўъба ташкилотга инвестицияларни баҳолашнинг амалий жиҳатдан имкони бўлмаса (8-сон БҲХСда тавсифланганидек), инвестиция ташкилоти В3Б-В3В-бандларини қўллаш амалда мумкин бўлган энг олдинги давр бошидаги ҳолатга кўра, мазкур стандарт талабларини қўллаши лозим; бунда жорий давр айни шундай давр бўлиши мумкин. Инвестор, агар ушбу бандни амалда қўллаш мумкин бўлган энг олдинги даврнинг боши жорий давр ҳисобланмаса, дастлабки қўллаш санасидан бевосита олдинги йиллик даврга мансуб бўлган суммаларга ретроспектив тузатишлар киритишни амалга ошириши лозим. Ушбу бандни амалда қўллаш мумкин бўлган илк даврнинг боши жорий давр ҳисобланган ҳолда капитал таркибидаги тузатишлар жорий давр бошида тан олиниши лозим.


В3Д. Агар мазкур стандартни дастлабки қўллаш санасига қадар инвестиция ташкилотида шўъба ташкилотга инвестиция чиқиб кетаётган ёки унинг устидан назорат йўқотилган бўлса, инвестиция ташкилоти мазкур шўъба ташкилотига нисбатан илгари қўлланган ҳисоб сиёсатига тузатишлар киритиши талаб этилмайди.


В3Е. Агар ташкилот "Инвестиция ташкилотлари"ни 10-сон МҲХСни биринчи марта қўллаган даврдан кейинги даврга нисбатан қўллаётган бўлса, В3A-В3Д бандларидаги "дастлабки қўллаш санаси"га ҳавола "2012 йил октябрда эълон қилинган "Инвестиция ташкилотлари" (10-сон МҲХС, 12-сон МҲХС ва 27-сон БҲХСдаги) ўзгартиришлар биринчи марта қўлланаётган йиллик ҳисобот даврининг боши"га деб ўқилиши лозим.


В4. Агар дастлабки қўллаш санасида инвестор ўзи илгари 27-сон БҲХСва 12-сон ШДҚга мувофиқ консолидациялашмаган инвестиция объектини консолидациялаши лозимлиги тўғрисида хулоса чиқарган бўлса, инвестор қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

( a) агар инвестиция объекти бизнес ҳисобланса (3-сон МҲХС "Бизнес бирлашувлари"да таърифланганидек), стандартни дастлабки қўллаш санасида илгари консолидацияланмаган мазкур инвестиция объектидаги активлар, мажбуриятлар ва назорат кучига эга бўлмаган улушларни мазкур инвестиция объекти консолидацияланганлиги каби баҳолаш (ва шу тариқа 3-сон МҲХСга мувофиқ харид усули бўйича ҳисоб юритишни қўллаш)ни инвестор мазкур инвестиция объекти устидан назоратни олган санадан бошлаб, ушбу стандарт талаблари асосида амалга ошириш. Инвестор дастлабки қўллаш санасидан бевосита олдинги йиллик давр учун қиёсий маълумотларга ретроспектив тузатишлар киритиши лозим. Бевосита олдинги давр бошланишидан олдинроқ назорат олинган бўлса, инвестор бевосита олдинги давр бошидаги ҳолатга кўра қуйидагилар ўртасидаги фарқни хусусий капиталга тузатишлар киритиш сифатида тан олиши лозим:

(i) тан олинган активлар, мажбуриятлар ва назорат кучига эга бўлмаган улушлар қиймати; ва

(ii) инвестиция объектида инвестор иштирокининг аввалги баланс қиймати.

( б) агар инвестиция объекти бизнес ҳисобланмаса (3-сон МҲХСда таърифланганидек), илгари консолидациялашмаган мазкур инвестиция объектидаги активлар, мажбуриятлар ва назорат кучига эга бўлмаган улушларни ушбу инвестиция объектини консолидациялашдаги каби (3-сон МҲХСда тавсифланган харид усули ёрдамида, бироқ инвестиция объектига нисбатан гудвилни тан олмасдан) баҳолашни инвестор бундай инвестиция объекти устидан назоратни олган санадан бошлаб, ушбу стандарт талаблари асосида амалга ошириш. Инвестор дастлабки қўллаш санасидан бевосита олдинги йиллик давр учун қиёсий маълумотларга ретроспектив тузатишлар киритиши лозим. Бевосита олдинги давр бошланишидан олдинроқ назорат олинган бўлса, инвестор бевосита олдинги давр бошидаги ҳолатга кўра қуйидагилар ўртасидаги фарқни хусусий капиталга тузатишлар киритиш сифатида тан олиши лозим:

(i) тан олинган активлар, мажбуриятлар ва назорат кучига эга бўлмаган улушлар қиймати; ва

(ii) инвестиция объектида инвестор иштирокининг аввалги баланс қиймати.


В4А. Агар инвестиция объектининг активлари, мажбуриятлари ва назорат кучига эга бўлмаган улушларини В4(a) ёки (б) кичик бандларига мувофиқ (8-сон БҲХСда таърифланганидек) баҳолашнинг иложи бўлмаса, инвестор қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

(а) агар инвестиция объекти бизнес бўлса, 3-сон МҲХС талабларини шартли харид қилиш санасига қадар бўлган ҳолатга кўра қўллаш. Энг олдинги даврнинг боши шартли харид қилиш санаси ҳисобланиши лозим ва унга нисбатан В4(а) бандини қўллаш имконияти мавжуд, бунда жорий давр айни шундай давр бўлиши мумкин.

(б) агар инвестиция объекти бизнес бўлмаса, 3-сон МҲХСда тавсифланган харид қилиш усулини қўллаш, бироқ бунда шартли харид қилиш санасига қадар бўлган ҳолатга кўра инвестиция объектига нисбатан гудвилни тан олмаслик. Энг олдинги даврнинг боши шартли харид санаси ҳисобланади ва унга нисбатан В4(б) бандини қўллаш имконияти мавжуд, бунда жорий давр айни шундай давр бўлиши мумкин.

Инвестор, агар ушбу бандни амалий қўллаш мумкин бўлган энг олдинги даврнинг бошланиши жорий давр бўлмаса, инвестор дастлабки қўллаш санасидан бевосита олдинги йиллик даврни ретроспектив тарзда тузиши лозим. Агар шартли харид санаси бевосита олдинги давр бошидан олдин келган бўлса, инвестор бевосита олдинги давр бошидаги ҳолатга кўра қуйидагилар ўртасидаги фарқни хусусий капиталга тузатишлар киритиш сифатида тан олиши лозим:

(в) тан олинган активлар, мажбуриятлар ва назорат кучига эга бўлмаган улушлар қиймати; ва

(г) инвестиция объектида инвестор иштирокининг аввалги баланс қиймати.

Агар ушбу бандни амалий қўллаш мумкин бўлган энг олдинги даврнинг бошланиши жорий давр бўлса, хусусий капитал таркибига киритилган тузатиш жорий даврнинг бошида тан олиниши лозим.


В4Б. Агар инвестор В4-В4A бандларини қўллаётган ва бунда назорат ушбу стандартга мувофиқ 3-сон МҲХСнинг 2008 йилги янги таҳрири (3-сон МҲХС (2008)) кучга киргандан сўнг олинган бўлса, В4 ва В4А-бандларида 3-сон МҲХСга ҳаволалар 3-сон МҲХС (2008) га ҳаволалар сифатида қаралиши лозим. Агар назорат 3-сон МҲХС (2008) кучга кирган санага қадар олинган бўлса, инвестор 3-сон МҲХС (2008)ни ёки 3-сон МҲХС (2004 йилда эълон қилинган)ни қўллаши лозим.


В4В. Агар инвестор В4-В4A бандларини қўллаётган ва бунда назорат ушбу стандартга мувофиқ, 27-сон БҲХСнинг 2008 йилги янги таҳрири (27-сон БҲХС(2008)) кучга киргандан сўнг олинган бўлса, инвестор ушбу стандарт талабларини инвестиция объекти В4-В4A бандларига мувофиқ ретроспектив тарзда консолидациялашган барча даврларга нисбатан қўллаши лозим. Агар назорат 27-сон БҲХС (2008) кучга кирган санага қадар олинган бўлса, инвестор қуйидагиларни қўллаши лозим:

(a) мазкур стандарт талабларини инвестиция объекти В4-В4A бандларига мувофиқ ретроспектив тарзда консолидациялашган барча даврларга нисбатан; ёки

(б) 2003 йилда эълон қилинган 27-сон БҲХС талаблари (27-сон БҲХС(2003))ни 27-сон БҲХС(2008) кучга кирган санадан олдинги даврларга нисбатан ва мазкур стандарт талабларини кейинги даврларга нисбатан.


В5. Агар дастлабки қўллаш санасида инвестор илгари 27-сон БҲХС ва 12-сон ШДҚга мувофиқ консолидациялашган инвестиция объектини бундан буён консолидациялашни амалга оширмаслиги тўғрисида хулоса чиқарган бўлса, инвестор инвестиция объектида ўз иштироки улушини, агар ушбу стандарт талаблари инвестор инвестиция объектида улушни эгаллаган (бироқ ушбу стандартга мувофиқ унинг устидан назоратни олмаган) ёки инвестиция объекти устидан назоратни йўқотган пайтда амалда бўлганда мазкур улуш баҳоланиши мумкин бўлган сумма бўйича баҳолаши лозим. Инвестор дастлабки қўллаш санасидан бевосита олдинги йиллик давр учун қиёсий маълумотларга ретроспектив тузатишлар киритиши лозим. Агар инвестор инвестиция объектида иштирок этиш улушини эгаллаган (бироқ ушбу стандартга мувофиқ назоратни олмаган) ёки унинг устидан назоратни йўқотган сана бевосита олдинги давр бошидан олдин келган бўлса, инвестор бевосита олдинги давр бошидаги ҳолатга кўра қуйидагилар ўртасидаги фарқни ҳусусий капиталга тузатишлар киритиш сифатида тан олиши лозим:

(a) активлар, мажбуриятлар ва назорат кучига эга бўлмаган улушларнинг аввалги баланс қиймати; ва

(б) инвестиция объектида инвестор иштироки улушининг тан олинган қиймати.


В5A. Агар инвестиция объектида иштирок этиш улушини Б5-бандига мувофиқ (8-сон БҲХСда таърифланганидек) баҳолашнинг амалий имкони бўлмаса, инвестор ушбу стандарт талабларини В5 бандини амалда қўллаш мумкин бўлган энг олдинги давр бошида қўллаши лозим, бунда жорий давр айни шундай давр бўлиши мумкин. Инвестор, агар ушбу бандни амалий қўллаш мумкин бўлган энг олдинги даврнинг бошланиши жорий давр бўлмаса, инвестор дастлабки қўллаш санасидан бевосита олдинги йиллик даврни ретроспектив тарзда тузиши лозим. Агар инвестор инвестиция объектида иштирок этиш улушини эгаллаган (бироқ ушбу стандартга мувофиқ назоратни олмаган) ёки унинг устидан назоратни йўқотган сана бевосита олдинги давр бошидан олдин келган бўлса, инвестор бевосита олдинги давр бошидаги ҳолатга кўра қуйидагилар ўртасидаги фарқни ҳусусий капиталга тузатишлар киритиш сифатида тан олиши лозим:

(a) активлар, мажбуриятлар ва назорат кучига эга бўлмаган улушларнинг аввалги баланс қиймати; ва

(б) инвестиция объектида инвестор иштироки улушининг тан олинган қиймати.

Агар ушбу бандни амалий қўллаш мумкин бўлган энг олдинги даврнинг бошланиши жорий давр бўлса, хусусий капитал таркибига киритилган тузатиш жорий даврнинг бошида тан олиниши лозим.


В6. 23, 25, Б94 ва Б96-Б99-бандлари 27-сон БҲХСга 2008 йилда киритилган ва 10-сон МҲХСга ўтказилган ўзгартиришларни назарда тутади. Ташкилот В3-бандини қўллаган ёки унга В4-В5А бандларини қўллаш талаб этилган ҳолларни истисно қилганда, ташкилот мазкур бандларда баён этилган талабларни қуйидагича қўллаши лозим:

(а) Ташкилот Б94 бандида ифодаланган ўзгартиришларни биринчи марта қўллашдан олдинги ҳисобот даврлари учун фойда ёки зарарни қайта ҳисоблаб чиқмаслиги лозим.

(б) 23 ва Б96-бандларида назорат олинганидан кейин шўъба ташкилотида бевосита иштирок этиш улушларидаги ўзгаришлар ҳисобини юритишга қўйилган талаблар мазкур ўзгартиришлар ташкилот томонидан биринчи марта қўлланишидан олдин юз берган ўзгариштиришларга татбиқ этилмайди.

(в) Ташкилот, агар у 25 ва Б97-Б99-бандларида баён этилган ўзгартиришлар биринчи марта қўллашидан олдин назорат йўқотилган бўлса, собиқ шўъба ташкилотидаги инвестицияларнинг баланс қийматини қайта ҳисоблаб чиқмаслиги лозим. Бундан ташқари, ташкилот, агар у шўъба ташкилоти устидан назоратни 25 ва Б97-Б99-бандларида баён этилган ўзгартиришлар биринчи марта қўлланишидан олдин йўқотган бўлса, фойда ёки зарарни қайта ҳисоблаб чиқиши талаб этилмайди.



"Бевосита олдинги давр"га ҳаволалар


В6A. В3Б-В5А бандларида тавсифланган дастлабки қўллаш санасидан бевосита олдинги йиллик давр ("бевосита олдинги давр")га ҳавола этилганига қарамай, ташкилот бундан олдинги давлар учун тузатиш киритилган қиёсий маълумотларни тақдим этишга ҳақли, лекин талаб этилмайди. Агар ташкилот бундан олдинги даврлар учун тузатиш киритилган қиёсий маълумотларни тақдим этган бўлса, В3Б-В5А бандларида тавсифланган "бевосита олдинги давр"га ҳаволаларнинг барчаси "тақдим этилган тузатиш киритилган даврларнинг энг олдингиси"га ҳаволалар сифатида ўқилиши лозим.


В6Б. Агар ташкилот бундан ҳам олдинги даврлар учун тузатиш киритилмаган қиёсий маълумотларни тақдим этаётган бўлса, у тузатиш киритилмаган маълумотларни аниқ идентификация қилиши, бу маълумотлар бошқача асосда тайёрланганини кўрсатиши ва мазкур маълумотларни тайёрлаш асоси бўйича тушунтиришлар бериши лозим.



9-сон МҲХСга ҳаволалар


В7. Агар ташкилот мазкур стандартни қўлласа, лекин ҳали 9-сон МҲХСни қўлламаётган бўлса, мазкур стандартда 9-сон МҲХСга қилинган ҳар қандай ҳавола 39-сон БҲХС "Молиявий инструментлар: тан олиш ва баҳолаш"га ҳавола сифатида ўқилиши лозим. Тан олиш ва баҳолаш.



Бошқа МҲХСнинг ўз кучини йўқотиши


В8. Мазкур стандарт 27-сон БҲХС (2008 йилдаги таҳрири)да консолидациялашган молиявий ҳисоботга қўйилган талаблар ўрнини эгаллайди.


В9. Мазкур стандарт 12-сон ШДҚ "Консолидация - махсус мақсаддаги ташкилотлар" ўрнини ҳам эгаллайди.

            

           

-------------------------------------------------------

*) 10-сон МҲХС "Консолидациялашган молиявий ҳисобот"нинг В7-бандида: "Агар ташкилот мазкур стандартни қўллаётган бўлса, лекин 9-сон МҲХСни қўллашни бошламаган бўлса, мазкур стандартда 9-сон МҲХСга қилинган ҳар қандай ҳавола 39-сон БҲХС "Молиявий инструментлар: тан олиш ва баҳолаш"га ҳавола сифатида қаралиши лозим".

           

               

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь













































































Время: 0.2071
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск