ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Иктисодий ишлар буйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 20.11.2023 й. 27-сон "Чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни иқтисодий судлар томонидан кўришда қонунчилик ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

20.11.2023 й.

N 27



ЧЕТ ЭЛЛИК ШАХСЛАР

ИШТИРОКИДАГИ ИШЛАРНИ ИҚТИСОДИЙ

СУДЛАР ТОМОНИДАН КЎРИШДА ҚОНУНЧИЛИК

ҲУЖЖАТЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ

МАСАЛАЛАРИ ҲАҚИДА


Ҳар кимнинг, шу жумладан, халқаро иқтисодий фаолият иштирокчиларининг суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси (24, 55, 139-моддалари), қонунчилик ҳужжатлари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва тамойиллари ҳамда халқаро шартномалар билан тан олинади ва кафолатланади.

Иқтисодий судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)нинг чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни юритишни тартибга солувчи нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:



I БОБ. УМУМИЙ МАСАЛАЛАР

ВА ИШДА ИШТИРОК ЭТУВЧИ ШАХСНИНГ

ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИНИ АНИҚЛАШ


1. Иқтисодий судлар томонидан чет эл ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар (бундан буён матнда чет эллик шахслар деб юритилади) иштирокидаги ишларни кўришда, шу жумладан, чет эл давлат суди ёки арбитраж қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш, шунингдек, чет эл давлат судининг топшириғини бажариш тўғрисидаги ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Нью-Йорк шаҳрида 1958 йил 10 июнда имзоланган "Чет эл мамлакатлари ҳакамлик қарорларини эътироф этиш ва ижро этиш тўғрисидаги"ги Конвенция (бундан буён матнда Нью-Йорк Конвенцияси деб юритилади), Киев шаҳрида 1992 йил 20 мартда имзоланган "Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисида"ги Битим (бундан буён матнда Киев Битими деб юритилади), Минск шаҳрида 1993 йил 22 январда имзоланган "Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатлар ва ҳуқуқий ёрдам тўғрисида"ги Конвенция (бундан буён - Минск Конвенцияси деб юритилади), Кишинев шаҳрида 2002 йил 7 октябрда имзоланган "Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида"ги Конвенция (бундан буён - Кишинев Конвенцияси деб юритилади), Гаага шаҳрида 1954 йил 1 мартда имзоланган "Фуқаролик процесси масалаларига доир" Конвенция, ҳуқуқий ёрдам бериш ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатлари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига амал қилишлари лозим.


2. Иқтисодий суд низо бўйича иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаш юзасидан чоралар кўради. Ишда иштирок этувчи шахснинг ҳуқуқий мақоми чет эллик шахс сифатида тасдиқланиши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 1158-моддаси асосида чет эл ҳуқуқини қўлланилишига сабаб бўлиши мумкинлигини эътиборга олиш лозим.


3. Чет эллик юридик шахснинг ҳуқуқий мақоми мазкур юридик шахс таъсис этилган давлатнинг ҳуқуқи билан белгиланади (рўйхатдан ўтган ёки ўзининг асосий жойлашган жойи бўлса).


4. Чет эл ҳуқуқи бўйича юридик шахс бўлмаган хорижий ташкилотларнинг фуқаролик ҳуқуқий мақоми ташкилот таъсис этилган давлат ҳуқуқи билан белгиланади.

Чет эллик жисмоний шахснинг ҳуқуқий мақоми у фуқароси бўлган ёки доимий яшайдиган (фуқаролиги бўлмаган шахс) давлатнинг ҳуқуқи билан белгиланади.

Чет эллик шахс - тадбиркорнинг ҳуқуқий мақоми у тадбиркор сифатида рўйхатидан ўтган давлат қонунчилигига мувофиқ белгиланади.


5. Чет эллик юридик шахснинг ҳуқуқий мақоми, қоида тариқасида, келиб чиққан давлатнинг савдо реестридан (регистридан) тегишли тартибда тасдиқланган кўчирма ёки муассаса ўша давлат қонунчилигида тан олинган ҳуқуқий мақомнинг бошқа эквивалент далиллари билан тасдиқланади.


6. Судлар тақдим этилган ҳужжатларни баҳолашда, савдо реестридан (регистридан) кўчирмада раҳбар сифатида ёки имзо қўйиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг даъвони, аризани, шикоятни имзолаган ёки ишончнома берган шахснинг реквизитларига мувофиқлигига эътибор қаратишлари лозим.


7. Судлар инобатга олишлари лозимки, даъво ариза юридик шахснинг ўзига эмас, балки алоҳида бўлинмасига (филиал, ваколатхона)га нисбатан тақдим этилган бўлса, ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан даъво аризасини қабул қилиш рад этилади. Агар бу ҳолат даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, иш юритиш ИПК 110-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ тугатилиши лозим.


8. Чет эллик шахснинг доимий муассасаси орқали Ўзбекистон Республикасида олиб бораётган фаолияти билан боғлиқ низолар бўйича даъво қаноатлантирилган тақдирда, ундириладиган сумма чет эллик шахснинг Ўзбекистон Республикасида "Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги 2019 йил 22 октябрдаги ЎРҚ-573-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддаси асосида очилган ҳисобрақамларидан ундирилишига судларнинг эътибори қаратилсин.


8.1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ олдиндан давлат божи тўлашдан озод қилинган чет эллик шахс судга даъво аризаси, ариза ва шикоят билан мурожаат қилганда, уларнинг даъво аризаси, ариза ва шикоятини қаноатлантириш рад этилганда, улардан ундирилиши лозим бўлган давлат божи ва бошқа суд харажатлари чет эллик шахснинг Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бораётган доимий муассасасининг ҳисобрақамларидан ундирилади.


8.2. "Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 17-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ Палатага аъзолик тадбиркорлик фаолияти субъекти ёки тадбиркорлик фаолияти субъектларининг бирлашмаси ёхуд тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган бошқа ташкилот, чет эл компанияларининг ваколатхоналари ва Палата ўртасида шартнома тузиш йўли билан расмийлаштирилишини эътиборга олган ҳолда, судлар шуни назарда тутиши лозимки, Палата унга аъзо ҳисобланган чет эллик шахслар манфаатида ҳам судларга даъво аризалари билан бир қаторда шикоятлар, аризалар бериши мумкин.



II БОБ. ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРНИНГ

ЧЕТ ЭЛЛИК ШАХСЛАР ИШТИРОКИДАГИ

ИШЛАР БЎЙИЧА ВАКОЛАТЛАРИ


9. Иқтисодий судларнинг чет эллик шахслар иштирокидаги ишлар бўйича ваколатлари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва ИПК 31-бобига асосан белгиланади.


10. ИПК 239-моддасининг биринчи қисмида Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари чет эллик шахслар иштирокида иқтисодиёт соҳасида юзага келадиган низолар бўйича ишларни кўриб чиқиши мумкин бўлган асослар (ҳолатлар) рўйхати, ИПК 240-моддасининг биринчи қисмида эса Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судларининг мутлақ ваколатларига киритилган чет эллик шахслар иштирокидаги низолар бўйича ишлар рўйхати келтирилган.


11. Агар тарафлардан ҳеч бўлмаганда бири чет эллик шахс бўлиб, улар ўзларининг иқтисодиёт соҳасида амалга оширган фаолияти билан боғлиқ юзага келган ёки юзага келиши мумкин бўлган низони кўриш бўйича Ўзбекистон Республикаси иқтисодий суди ваколатига эга деб белгиланган битимни тузсалар, башарти, бундай битим чет давлат судининг мутлақ ваколатларини ўзгартирмаса, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий суди ушбу низони кўриш бўйича мутлақ ваколатга эга бўлади.


12. Иқтисодий судларнинг ваколатларини белгилаш тўғрисидаги битим ёзма шаклда тузилиши керак.

Мазкур битим шартноманинг таркибий қисми бўлган шартнома шартида ёки алоҳида битим тарзида расмийлаштирилиши мумкин.

Агар битим тарафларнинг хоҳиш-иродаси улар томонидан имзоланган ҳужжатда ифодаланган бўлса ёки бундай битимни қайд этишни таъминловчи электрон ёхуд бошқа алоқа воситаларидан фойдаланилган ҳолда хатлар ёки хабарлар алмашиш йўли билан тузилган бўлса, бундай битим ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.


13. Тарафлар ўртасида тузилган битимда улар ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган иқтисодий низоларни Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судларида кўриш белгиланган бўлиб, бироқ низо айнан қайси иқтисодий судда кўрилиши белгиланмаган бўлса, низони кўриш лозим бўлган иқтисодий судни ва низони судловга тегишлилигини аниқлашда ИПК нормалари қўлланилади (5 боб, 2 параграф).


14. Тарафлар ўртасида низоларни халқаро арбитраж ёки ҳакамлик судига топшириш ҳақидаги келишувнинг мавжудлиги битим тарафининг иқтисодий судга даъво тақдим қилишига ва иқтисодий суд томонидан иш қўзғатилишига тўсқинлик қилмайди.


15. Судлар инобатга олишлари лозимки, агар тарафларнинг низони халқаро арбитраж ёки ҳакамлик судига кўриш учун топшириш тўғрисидаги келишуви мавжуд бўлиб, ҳакамлик судига мурожаат қилиш имконияти бой берилмаган ва ишнинг иқтисодий судда кўрилишига қарши бўлган жавобгар ўзининг низонинг мазмуни бўйича биринчи аризасидан кечиктирмай низони ҳакамлик судининг ёки арбитражнинг ҳал қилувига ўтказиш тўғрисида илтимоснома берса, иқтисодий суд ИПК 107-моддасининг 2-бандига асосан даъво аризасини кўрмасдан қолдириши лозим.

Агар жавобгар судга шу мазмундаги ариза ёки илтимосномани кўрсатилган муддатда тақдим қилмаган ёки жавобгар низони иқтисодий судда кўрилишига розилигидан гувоҳлик берувчи процессуал ҳаракатларни содир этган тақдирда (масалан, низо юзасидан фикрнома тақдим қилиш, бирор процессуал хусусиятдаги илтимоснома ёки ариза тақдим этиш ва бошқалар), у ишни халқаро арбитраж ёки ҳакамлик судига топширишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.


16. Агар низони чет давлат суди судловига топшириш тўғрисидаги битим Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судининг мутлақ ваколатини ўзгартирмаса, суд даъво аризасини (аризани) ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос равишда қабул қилишни рад этади, агар даъво аризаси (ариза) иш юритувига қабул қилинган бўлса, ИПК 110-моддасининг 1-бандига мос равишда иш юритиш тугатилади.


17. Агар тарафларнинг низони халқаро арбитраж ёки ҳакамлик судига кўриш учун топшириш тўғрисидаги келишуви мавжуд бўлса, ушбу битимни ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган ёки ўз кучини йўқотган ёхуд ижро этиб бўлмайдиган битим деб ҳисоблаган тақдирда, суд низони мазмунан кўриб чиқади (Нью-Йорк Конвенцияси 2-моддасининг учинчи банди). Бунда, иқтисодий суд келишувнинг ҳақиқийлигини, хусусан, битимнинг ёзма шаклига риоя этилганлиги, тарафларнинг муомала ва ҳуқуқ лаёқатига ҳамда шартнома тузиш эркинлигига риоя этилганлиги, келишувнинг ўз кучини йўқотган ёки йўқотмаганлиги (иқтисодий судда айни бир низо предмети бўйича низо юзасидан иш кўрилмаганлиги), шунингдек, низони халқаро арбитраж ёки ҳакамлик суди ҳал қиладиган низолар жумласига кириш ёки кирмаслигига баҳо бериши лозим.


17.1. Низони халқаро арбитражга кўриш учун топшириш тўғрисидаги келишув мавжуд бўлса, судлар келишувда кўрсатилган суд ҳақиқатда мавжудлигини текширишлари лозим.



III БОБ. ЧЕТ ЭЛГА МАНСУБ ҲУЖЖАТЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


18. ИПК 246-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган чет давлатлар муассасалари, ташкилотлари ва фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси муассасалари, ташкилотлари ва фуқароларига ёки чет эллик шахсларга нисбатан чет эл ҳуқуқи нормалари бўйича белгиланган шакл бўйича берилган, тузилган ёки тасдиқланган ҳужжатлар, агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида ёки Ўзбекистон Республикаси ҳамда бу ҳужжатлар келиб чиққан муассасалар ва ташкилотларнинг давлати иштирокчи бўлган халқаро шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари томонидан фақат консуллик легаллаштируви мавжуд бўлганда ёхуд уларга апостиль қўйилган бўлса, қабул қилинади.


19. Чет давлат ҳудудида тузилган ва иқтисодий судга тақдим қилинган расмий ҳужжатларни легаллаштириш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1997 йил 12 мартда 313-сон билан рўйхатга олинган ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 1997 йил 14 февралда тасдиқланган "Консуллик легаллаштириш тўғрисида"ги Йўриқномада белгиланган тартибда амалга оширилади.


20. Низони иқтисодий судда кўриб чиқишда чет давлат ҳудудида расмийлаштирилган ҳужжатларни легаллаштирилиши далиллар манбаини тасдиқлаш учун лозим, бироқ ҳужжатдаги маълумотларнинг мазмунан тўғрилигини аниқлаш мақсадида суд томонидан текширув ўтказилишини истисно қилмайди.


21. Судларга тушунтирилсинки, Гаага шаҳрида 1961 йил 5 октябрда имзоланган "Хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи" Конвенция (бундан буён матнда Гаага Конвенцияси деб юритилади) иштирокчиси бўлган чет давлатнинг расмий ҳужжатлари Конвенцияда назарда тутилган ҳолларда консуллик легаллаштирувисиз қабул қилинади.

Гаага Конвенцияси 1-моддасининг иккинчи қисмига кўра, чет давлатнинг расмий ҳужжатлари деб ўз моҳиятига кўра қуйидагилар тушунилади:

чет давлат ваколатли органлари ва мансабдор шахсларининг ҳужжатлари, шу жумладан, прокуратура, суд котибияти ёки суд ижрочиларининг ҳужжатлари;

маъмурий ҳужжатлар;

нотариал идоралар ҳужжатлари;

расмий қайдлар, рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги қайдлар, муайян санани тасдиқловчи визалар, нотариусда тасдиқланмаган ҳужжатдаги имзони тасдиқлаш каби қайдлар.

Шу билан бирга, судларнинг эътибори Гаага Конвенцияси талаблари дипломатик ёки консуллик агентлари томонидан бажарилган ҳужжатлар ҳамда тадбиркорлик ёки божхона операциялари билан бевосита боғлиқ бўлган маъмурий ҳужжатларга татбиқ этилмаслигига қаратилсин.


22. Гаага Конвенциясига мувофиқ бир давлатнинг ваколатли органлари томонидан тайёрланган ва бошқа давлат ҳудудида фойдаланишга мўлжалланган ҳужжатларга махсус штамп - "апостиль" қўйилади.

Апостиль билан тасдиқланган расмий ҳужжатни кейинчалик легаллаштириш талаб этилмайди ва расмий ҳужжатдан Гаага Конвенциясига аъзо барча иштирокчи давлатларда фойдаланиш мумкин.


23. Агар халқаро шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, чет давлат резидентлари томонидан унинг вакилига берилган ишончномалар апостиль билан тасдиқланиши лозим.


24. Судларнинг эътибори ФКнинг 1182-моддасига мувофиқ, ишончноманинг шакли ва амал қилиш муддати ишончнома берилган мамлакатнинг ҳуқуқи бўйича белгиланишига, агар Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқи талабларига риоя этилган бўлса, ишончнома шаклига риоя этилмаганлиги туфайли ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин эмаслигига қаратилсин.


25. Судлар Гаага Конвенциясида даъво аризалар, аризалар, шикоятлар, шартномалар (контрактлар), божхона ва тўлов ҳужжатларига апостиль қўйилиши назарда тутилмаганлигини инобатга олишлари лозим.


26. Судлар инобатга олишлари лозимки, судга даъво аризаси, ариза, шикоят билан мурожаат этишда, апостиль қўйилиши талаб этиладиган ҳужжатларга апостиль даъво аризаси судга топширилган санага қадар қўйилган бўлиши лозим.


27. Судлар Ўзбекистон Республикаси томонидан тузилган ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги халқаро шартномаларда белгиланган тартибга кўра, шартнома тарафи бўлган чет давлатларнинг расмий ҳужжатларини легаллаштирилмаган ва апостиль қўйилмаган ҳолда иш юритишга қабул қилишга ҳақли.

Бунда чет давлат томонидан расмий ҳужжат сифатида тан олинган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида худди шундай ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган расмий ҳужжат сифатида тан олиниши лозим.


28. ИПК 246-моддасининг иккинчи қисмига кўра, чет тилида тузилган ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судига тақдим этишда, ушбу ҳужжатларга уларнинг давлат тилидаги ёки иқтисодий суд ишлари юритилаётган тилдаги тегишли тарзда тасдиқланган таржимаси қўшиб топширилиши керак.

Мазкур тартибга риоя қилинмаган ҳолда тақдим қилинган ҳужжатлар иқтисодий суд томонидан иш юритувига қабул қилинмайди ва даъво аризаси ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда қайтарилади.

Агар даъвогар (аризачи) томонидан даъво ариза (аризани) судга тақдим этишда ИПК 246-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган талабларга риоя этилмаганлиги суд томонидан даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, иш мазмунан кўриб чиқилади.



IV БОБ. ЧЕТ ЭЛЛИК ШАХСЛАР

ИШТИРОКИДАГИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАРНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


29. Агар халқаро шартномаларда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, иқтисодий судлар чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб, ҳал этишга эътибор қаратиш лозим.

Ишни кўриш муддатини белгилашда судларнинг эътибори ишнинг мураккаблиги, чет эллик шахснинг ҳуқуқий мақоми, қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқни аниқлаш ва шарҳлаш юзасидан сўровномалар юбориш, тарафларни суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор қилиш, суд топшириқларини юбориш ва бошқа ҳолатлар инобатга олинишига қаратилсин.


30. Иқтисодий судлар ИПКнинг 239 - 240-моддаларида назарда тутилган чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни кўришда уларнинг суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида белгиланган тартибда хабардор қилиниши ҳамда процессуал ва бошқа ҳужжатларни таржима қилинишини инобатга олган ҳолда ИПКнинг 244-моддасида белгиланган махсус процессуал муддатларга риоя қилишлари лозим.


31. Чет эллик шахслар иштирокидаги ишлар, агар бу шахслар ёки уларнинг филиаллари, ваколатхоналари, доимий муассасалари, ёхуд уларнинг иш юритишга ваколатли бўлган вакиллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган ёки яшаётган бўлса, ИПКнинг 164-моддасида белгиланган муддатда кўрилади.

Агар чет эллик шахсларнинг иш юритишга ваколатли бўлган вакиллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетганлиги аниқланса ёки уларнинг филиаллари, ваколатхоналарининг Ўзбекистон Республикасида фаолияти тугатилган бўлса, иш ИПКнинг 244-моддасида белгиланган махсус процессуал муддатларда кўриб чиқилади.


32. Ишда иштирок этувчи чет эллик шахслар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида белгиланган тартибда хабардор қилинган ҳолларда, ишни кўриш муддати суд топшириқларини юбориш учун Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида белгиланган муддатда, шартномада бундай муддат белгиланмаган ёки шартнома мавжуд бўлмаган тақдирда, олти ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.


33. Агар иқтисодий судлар томонидан ишда иштирок этувчи шахсларни тегишли равишда хабардор қилиш учун белгиланган тартибда хорижий давлатларнинг ваколатли органларига суд топшириқлари юборилган бўлса, судлар ИПК 102-моддасининг 4-бандига мувофиқ иқтисодий иш бўйича иш юритишни тўхтатиб туришлари мумкинлигини инобатга олиш лозим.


34. Чет эллик шахслар иштирокидаги ишлар апелляция ва кассация инстанциясида ИПКда белгиланган муддатларда тегишли тартибда кўриб чиқилади.


35. Суд ишлари юритиладиган тил принципига мувофиқ иқтисодий судларнинг суд топшириқлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги органларига халқаро шартномаларда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, юборилаётган давлатнинг давлат тили ёки иш юритилаётган тилдаги тегишли тарзда тасдиқланган таржимаси қўшиб тақдим этилади.


36. Низолашаётган томонлар чет элга топшириладиган ҳужжатларнинг тегишли тартибда тасдиқланган таржималарини иқтисодий судга топширишлари мумкин.


37. Суд топшириғи ва ҳужжатлар чет давлат тилига таржима қилиш учун иқтисодий суд томонидан ИПКда белгиланган тартибда суд ишларини юритиш билан шуғулланувчи таржимонга ёки ихтисослашган ташкилотга юборилиши мумкин (таржима бюроси, Савдо-саноат палатаси ва бошқалар).

Судларга тушунтирилсинки, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонларга тўланиши лозим бўлган суммалар ва уларни тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 октябрдаги 570-сонли "Жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланиши лозим бўлган маблағларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори билан белгиланган.


38. Судлар ҳужжатларни чет тилига таржима қилиш учун тарафлар розилиги билан таржимонни ишга жалб қилиш мумкинлигини инобатга олишлари лозим.

Халқаро шартномаларда назарда тутилган ҳолларда, чет тилига таржима қилинган суд ҳужжатлари ва унга илова қилинаётган ҳужжатларнинг таржима қилган таржимоннинг имзоси нотариал тасдиқланиши лозим.


39. Чет элга топшириладиган ҳужжатларнинг чет тилига таржима қилиш харажатларини тақсимлаш ИПКда белгиланган тартибда амалга оширилади.


40. Таржимонларга тўланиши лозим бўлган сумма тегишли илтимоснома билан мурожаат қилган ишда иштирок этувчи шахс томонидан, шунингдек, суд топшириғига илова қилинадиган ҳужжатларни даъвогар (аризачи) томонидан суднинг депозит ҳисобварағига олдиндан ўтказилади.

Агар таржима қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар иккала тарафга тегишли бўлса, талаб қилинадиган суммани улар тенг бўлиб суднинг депозит ҳисобварағига ўтказади.

Агар ҳужжатлар суднинг ташаббуси билан таржима учун берилган бўлса, тўланиши лозим бўлган сумма суднинг депозит ҳисобварағидан тўланади.

Кейинчалик, мазкур сумма ишда иштирок этувчи шахслардан ИПКнинг 118-моддасига мувофиқ ундирилиб, суднинг депозит ҳисобварағига ўтказилади.


41. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, баъзи халқаро шартномаларга мувофиқ, суд топшириқлари ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар халқаро шартномада кўрсатилган тилда расмийлаштирилиши мумкин. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартнома (Пекин, 1997 йил 11 декабрь) 4-моддасининг иккинчи бандида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги илтимоснома ва тақдим этиладиган ҳужжатлар сўралаётган аҳдлашувчи томоннинг расмий тилида тузилади ва унга сўралаётган аҳдлашувчи томоннинг расмий тилига ёки инглиз ёхуд рус тилига таржимаси илова қилиниши назарда тутилган.



V БОБ. ЧЕТ ЭЛЛИК ШАХСЛАР ИШТИРОКИДА

ИҚТИСОДИЙ НИЗОЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШДА

СУД ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН

ҲУҚУҚНИ АНИҚЛАШ


42. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисмидир.


43. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилади.


44. Иқтисодий судлар томонидан халқаро шартномаларни қўллаш ва уларни талқин қилиш 1969 йил 23 майда Вена шаҳрида имзоланган "Халқаро шартномалар ҳуқуқи тўғрисида"ги Конвенцияси (бундан буён матнда Вена Конвенцияси деб юритилади) ҳамда "Ўзбекистон Республикасининг Халқаро шартномалари тўғрисида"ги 2019 йил 6 февралдаги ЎРҚ-518-сонли Қонуни ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.


45. Киев Битими иштирокчиси бўлган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидаги чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни кўриб чиқишда иқтисодий судлар ушбу Битим нормаларининг махсус хусусиятларини инобатга олишлари лозим.


46. Агар ҳуқуқий муносабатлар Киев Битими билан тартибга солинмаган бўлса, ишларни кўришда Кишинев Конвенцияси нормалари қўлланилади. Кишинев конвенцияси иштирокчилари бўлмаган МДҲ давлатлари билан муносабатларда Минск Конвенцияси қўлланилади.


47. Ўзбекистон Республикаси билан ҳуқуқий ёрдам тўғрисида икки томонлама халқаро шартномалар тузган давлатларнинг чет эллик шахслари иштирокидаги ишларни кўришда ушбу шартномаларнинг қоидалари қўлланилади.


48. Бошқа давлатларнинг чет эл шахслари иштирокидаги ишларни кўриб чиқишда универсал кўп томонлама шартномалар қўлланилади, хусусан, "Фуқаролик процесси масалаларига доир" Гаага шаҳрида 1954 йил 1 мартда имзоланган Конвенция, Гаага Конвенцияси.


49. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини қўллашда, судлар халқаро шартнома мажбурий бўлишига розилигини билдирган ва улар учун кучга кирган давлатларнинг таркибига эътибор қаратишлари лозим.

Шу билан бирга, шуни инобатга олиш керакки, агар шартноманинг кучга кириш тартибида якуний имзолашдан бошқача тартиб назарда тутилган бўлса, халқаро шартнома уни тузишда иштирок этган ва имзолаган давлат шартномани мажбурий бўлишига розилик билдирмаган бўлса, халқаро шартнома ўша давлат учун қўлланилмайди. Хусусан, Киев Битими уни имзолаган, бироқ ратификация қилмаган Молдова Республикаси билан муносабатларда қўлланилмайди.


50. Шунингдек, чет эллик шахслар иштирокидаги ишларда Ўзбекистон Республикаси қўшилган махсус кўп томонлама халқаро шартномалар нормалари қўлланилади. Хусусан, Вена шаҳрида 1980 йил 11 апрелда имзоланган "Халқаро товарлар олди-сотди шартномалари тўғрисида"ги Конвенция, унга қўшилган давлатларнинг тадбиркорлик субъектлари ўртасида маҳсулот етказиб бериш шартномаларидан келиб чиқадиган низоларга нисбатан, Оттава шаҳрида 1988 йил 28 майда имзоланган "Халқаро молиявий лизинг тўғрисида"ги УНИДРУА Конвенцияси, унга қўшилган давлатларнинг тадбиркорлик субъектлари ўртасида молиявий лизинг шартномаларидан келиб чиқадиган низоларга нисбатан, Женева шаҳрида 1956 йил 19 майда имзоланган "Юкларни халқаро йўлларда ташиш шартномаси тўғрисида"ги (ЮЙТК) Конвенция, унга қўшилган давлатларнинг тадбиркорлик субъектлари ўртасида юкларни халқаро йўлларда ташиш шартномаларидан келиб чиқадиган низоларга нисбатан қўлланилади.


51. Иқтисодий суд низони ҳал қилишда, Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид бўлмаган ва тарафлар шартномада тўғридан-тўғри кўрсатган ҳолларда халқаро иш одатларини, шунингдек, Халқаро савдо терминларини шарҳлаш Қоидалари (Инкотермс) ва Халқаро тижорат шартномалари принциплари (УНИДРУА)ни қўллаши мумкин.


52. Чет давлат ҳуқуқи нормаларини қўллашда иқтисодий суд ушбу нормаларнинг мазмунини уларнинг тегишли чет давлатда шарҳланишига ва амалда қўлланилишига мувофиқ ҳолда аниқлайди.


53. Судларнинг эътибори низони ҳар қандай инстанцияда кўриш давомида чет давлат ҳуқуқи нормалари мазмунини аниқлаш мақсадида кўмаклашишни ва тушунтириб беришни сўраб Ўзбекистон Республикаси ҳамда чет давлатларнинг ваколатли органларига ёки ташкилотларига суд топшириғи билан мурожаат қилиши ёхуд экспертларни жалб этиши мумкинлигига қаратилсин.


54. Чет давлат ҳуқуқи нормалари мазмунини аниқлаш мақсадида кўмаклашишни ва тушунтириб беришни сўраб, чет давлатларнинг ваколатли органларига ёки ташкилотларига алоҳида процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳақида суд топшириғи берилган тақдирда, иқтисодий судлар ИПК 102-моддасининг 4-бандига мувофиқ иқтисодий иш бўйича иш юритишни тўхтатишга ҳақли.


55. Ишда иштирок этувчи шахслар талабларига ёки эътирозларига асос қилиб келтираётган чет давлат ҳуқуқи нормалари мазмунини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши ва ушбу нормаларнинг мазмунини аниқлашда иқтисодий судга бошқача тарзда кўмаклашиши мумкин.


56. Агар кўрилган чораларга қарамай, чет давлат ҳуқуқи нормаларининг мазмуни аниқланмаса, иқтисодий судлар Ўзбекистон Республикасининг тегишли ҳуқуқ нормаларини қўллайди.



VI БОБ. ЧЕТ ДАВЛАТЛАР СУДЛАРИНИНГ

ВА АРБИТРАЖЛАРИНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИНИ

ТАН ОЛИШ ВА ИЖРОГА ҚАРАТИШ ҲАМДА ЧЕТ

ДАВЛАТ СУДИНИНГ ТОПШИРИҒИНИ ИЖРО

ЭТИШ ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАР


57. Судларга тушунтирилсинки, чет давлат суди деганда, суд ҳокимиятини амалга оширувчи давлат органи, арбитраж деганда эса, алоҳида ҳар бир иш бўйича тайинланган арбитраж ва доимий фаолият кўрсатувчи арбитраж органи тушунилади.


58. Иқтисодиёт соҳасида вужудга келадиган низолар ва бошқа ишлар юзасидан қабул қилинган чет давлат суди ёки арбитражнинг ҳал қилув қарорлари Ўзбекистон Республикасида, башарти, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома ва қонунларида бундай қарорларни тан олиш ва ижрога қаратиш назарда тутилган бўлса, тан олиниши ва ижрога қаратилиши мумкин.

Ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган қонуний кучга кирган суд ҳужжатигина тан олиниши ва ижрога қаратилиши мумкин.

Чет давлат судининг илтимоси бўйича бошқа процессуал ҳаракатлар (ашёвий далилларни текшириш, тарафларни эшитиш ва бошқалар) суд топшириғини ижро этиш жараёнида амалга оширилиши мумкин.


59. Киев Битимининг 4-моддасида назарда тутилган ваколатли суд деганда, қарори бошқа аҳдлашувчи тараф ҳудудида ижрога қаратилиши лозим бўлган, қайд этилган Битимнинг 4-моддаси қоидаларига мувофиқ низоларни кўриб чиқиш ҳуқуқига эга бўлган аҳдлашувчи тарафнинг суди тушунилади. Ўзбекистон Республикасида эса бундай судлар бўлиб иқтисодий судлар ҳисобланади.


60. Судлар эътиборга олишлари лозимки, чет давлат суди ёки арбитраж ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш ҳамда чет давлат судининг топшириғини ижро этиш билан боғлиқ ишлар, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ИПК қоидалари бўйича кўриб чиқилади.


61. Чет давлат суди ёки арбитраж ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда ишда иштирок этувчи шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида ИПКнинг 127-моддасида белгиланган тартибда хабардор қилинади.

Чет давлат суди ёки арбитраж қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимоснома ёзма шаклда берилиши ва ундирувчи ёки унинг вакили томонидан имзоланган бўлиши керак.

Илтимосномада қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

1) ариза берилаётган иқтисодий суднинг номи;

2) чет давлат судининг ёки арбитражининг номи ва жойлашган ери ҳамда унинг таркиби;

3) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номлари (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;

4) аризачи тан олиш ва ижрога қаратишни сўраётган чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарори тўғрисидаги маълумотлар;

5) аризачининг чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномаси;

6) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Чет давлат суди ёки арбитраж ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномада аризачи ёки унинг вакилининг телефон, факс рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

Илтимоснома ва унга илова қилинган ҳужжатлар халқаро шартномаларда кўрсатилган тилда баён этилиши керак.


62. Судлар эътиборга олишлари лозимки, иқтисодий суд чет давлат суди ёки арбитраж ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўришга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга ҳақли эмас.

Агар чет давлат суди ёки арбитражнинг ҳал қилув қарори қисман ижро этилган бўлса, суд бундай ҳолда чет давлат суди ёки арбитраж судининг ҳал қилув қарорининг ижро этилмаган қисмига ижро варақаси беради.

Чет давлат суди ёки арбитраж ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар қарздор жойлашган ердаги ёки яшайдиган жойдаги ёхуд, агар қарздор жойлашган ер ёки яшайдиган жой номаълум бўлганда, унинг мол-мулки жойлашган жойдаги иқтисодий суд томонидан қурилади.


63. Судлар чет давлат суди ёки арбитраж ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимоснома ИПК 107-моддасининг 6-бандида белгиланган асослар бўйича кўрмасдан қолдирилиши мумкин эмаслигини инобатга олишлари лозим.


64. "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 6-моддасининг иккинчи қисмига кўра, чет эл суди ёки арбитражининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси суди томонидан берилган ижро варақаси, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, ҳал қилув қарор қонуний кучга кирган вақтдан эътиборан уч йил ичида мажбурий ижро этиш учун топширилиши мумкин.

Бундан келиб чиқиб, судлар чет давлат суди ёки арбитраж ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ажримга асосан берилган ижро варақасида чет давлат суди ёки арбитраж суди ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган санани кўрсатишлари лозим.

Судларга тушунтирилсинки, ИПК 255-моддаси 1-қисмининг 6-бандига кўра, чет давлат судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижрога қаратиш муддати ўтган ва ушбу муддат суд томонидан тикланмаган бўлса, чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш рад этилади, шунингдек, ИПК 256-моддаси иккинчи қисмининг 3-бандига кўра чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш муддати ўтган бўлса, чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш рад қилиниши мумкин.


65. Чет давлат суди ёки арбитраж ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишни кўриш натижаси бўйича қабул қилинган ажрим устидан ИПКда белгиланган тартиб ва муддатларда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Чет давлат судининг суд топшириғини ижро этиш билан боғлиқ ишни кўриш натижаси бўйича қабул қилинган ажрим устидан шикоят қилинмайди (протест келтирилмайди).


66. Арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар иқтисодий судлар томонидан Нью-Йорк Конвенцияси асосида кўриб чиқилади.

Нью-Йорк Конвенциясининг 4-моддасига кўра, арбитраж ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни сўраётган тараф илтимосномани беришда тегишли тартибда тасдиқланган арбитраж ҳал қилув қарори ва арбитраж келишувининг асли ёки тегишли тартибда тасдиқланган нусхаларини тақдим этади. Агар ҳакамлик қарори ва келишуви расмий (ўзбек) тилида баён этилмаган бўлса, ушбу ҳал қилув қарорни тан олиш ва ижрога қаратишни сўраётган тараф бу ҳужжатларнинг расмий тилдаги таржимасини тақдим қилади. Таржима расмий ёки қасамёд қилган таржимон, дипломатик ёхуд консуллик муассасаси томонидан тасдиқланади.

Судлар эътиборга олишлари лозимки, арбитраж ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш Нью-Йорк Конвенциясининг 5-моддасида кўрсатилган асослар мавжуд бўлгандагина рад этилиши мумкин.

Бунда шуни назарда тутиш керакки, Нью-Йорк Конвенцияси 5-моддасининг 1-банди асосида арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни рад этишга ушбу бандда кўрсатилган ҳолатларни исботловчи далиллар мавжуд бўлган ҳоллардагина йўл қўйилади. Нью-Йорк Конвенцияси 5-моддасининг 2-банди асосида арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни рад этишга судга қандай далиллар тақдим этилганлигидан қатъий назар, йўл қўйилади.


67. Иқтисодий судларда чет давлат судининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар Киев Битими, Кишинев, Минск Конвенциялари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва чет давлатлар ўртасида тузилган ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар асосида кўриб чиқилади. Бунда Киев Битими, Минск, Кишинёв Конвенциялари ва Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномалари уларнинг иштирокчиси бўлган давлатларнинг суд ҳужжатларига нисбатан қўлланилиши инобатга олиниши лозим.

Агар Киев Битими ёки Минск, Кишинев Конвенциялари иштирокчиси бўлмаган ёхуд Ўзбекистон Республикаси билан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома тузмаган чет давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида илтимоснома берилган бўлса, бундай илтимосномани қабул қилиш ИПК 154-моддасининг 1-банди асосида рад этилади. Агар кўрсатилган ҳолат илтимоснома иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, иш бўйича ИПК 110-моддасининг 1-бандига мос ҳолда иш юритиш тугатилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси ва икки томонлама ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома имзолаган давлат, ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги кўп томонлама шартноманинг ҳам иштирокчилари бўлсалар, суд чет давлат суди қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги ишни кўриб чиқишда икки томонлама шартноманинг қоидаларини, у билан тартибга солинмаган ҳуқуқий муносабатлар қисми бўйича эса, ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги кўп томонлама шартнома қоидаларини қўллайди.

Судлар чет давлат суди ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномага халқаро шартномаларда назарда тутилган ҳужжатлар илова қилиниши шартлигига эътибор қаратишлари лозим.

Хусусан, ИПКнинг 251-моддасига кўра, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:

1) аризачи тан олиш ва ижрога қаратишни сўраётган чет давлат судининг ҳал қилув қарори ёки унинг чет давлатнинг ёки Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаси;

2) агар ҳал қилув қарори матнининг ўзида кўрсатилмаган бўлса, ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кирганлигини тасдиқловчи расмий ҳужжат;

3) ҳал қилув қарори қисман ижро этилганлиги тўғрисидаги ҳужжат, агар у тегишли чет давлат ҳудудида илгари ижро этилган бўлса;

4) ўзига қарши ҳал қилув қарори қабул қилинган ва суд процессида иштирок этмаган тараф ишни кўриш вақти ҳамда жойи тўғрисида ўз вақтида ва тегишли тартибда хабардор қилинганлигини англатувчи ҳужжат;

5) вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат;

6) чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси қарздорга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

7) агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

8) агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу модданинг 1 - 5-бандларида кўрсатилган ҳужжатларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси.

Агар чет давлат суди ҳал қилув қарорининг тан олиниши ва ижрога қаратилиши Киев Битими ёки Минск, Кишинев Конвенциялари асосида сўралаётган бўлса, илтимосномага илова қилинаётган ҳужжатлар давлат тили ёки рус тилига қилинган таржимаси билан бирга тасдиқланган ҳолда тақдим этилади.

Агар чет давлат суди ҳал қилув қарорининг тан олиниши ва ижрога қаратилиши Ўзбекистон Республикасининг икки томонлама ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги шартномаси асосида сўралаётган бўлса, илтимосномага илова қилинаётган ҳужжатлар ушбу шартномада белгиланган тилда баён этилиши лозим.

Судларнинг эътибори, чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги илтимосномани қаноатлантириш Киев Битимининг 9-моддасида, Минск Конвенциясининг 55-моддасида, Кишинев Конвенциясининг 59-моддасида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг икки томонлама шартномаларида кўрсатилган асослар мавжуд бўлгандагина рад этилиши мумкинлигига қаратилсин. Бунда халқаро шартномаларда кўрсатилган чет давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш асосларининг рўйхати тугал ҳисобланиши инобатга олиниши лозим.

Агар чет давлат суди ҳал қилув қарорининг тан олиниши ва ижрога қаратилиши Ўзбекистон Республикасининг икки томонлама ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги халқаро шартномаси асосида сўралаётган бўлса, қарорни тан олиш ва ижрога қаратиш мазкур шартномада назарда тутилган асослар бўйича рад этилади.

Чет давлат судининг ажримини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимоснома қарорни тан олиш ва ижрога қаратиш учун назарда тутилган тартибда кўрилади.


68. Иқтисодий судлар чет давлат судлари топшириғини ижро этиш ҳақидаги ишларни Киев Битими, Минск, Кишинев ва Гаага Конвенциялари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва чет давлатлар ўртасида тузилган ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар асосида кўриб чиқади.

Судларга тушунтирилсинки, Киев Битимининг 5-моддасига асосан ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда ёрдам сўралаётган ваколатли судлар ва бошқа органлар бундай ишларни кўришда ўз давлатининг қонунчилик ҳужжатларини қўллайдилар. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги илтимоснома билан мурожаат қилинганда, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари қўлланилади.

Иқтисодий суд томонидан айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги топшириқларни ижро этиш, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ИПКда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Иқтисодий суд ИПКнинг 247-моддасига мувофиқ айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисида чет давлат судлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ёки халқаро шартномаларида белгиланган тартибда ўзига берилган топшириқларни (чақирув қоғозларини ва бошқа ҳужжатларни топшириш, ёзма далиллар олиш, экспертиза ўтказиш, жойни кўздан кечириш ва бошқаларни) ижро этади.

Судлар назарда тутишлари керакки, топшириқ қуйидаги ҳолларда ижро этилмайди:

1) суд топшириғини ижро этиш Ўзбекистон Республикаси суверенитетига зид бўлса ёки Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигига таҳдид солса;

2) суд топшириғини ижро этиш Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судининг ваколатига кирмаса;

3) айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги суд топшириғини ўз ичига олган ҳужжатнинг ҳақиқийлиги аниқланмаса.

Чет давлат суди топшириғи билан боғлиқ ишни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади, у халқаро шартномаларда назарда тутилган тартибда сўраётган тарафга жўнатилади.

Чет давлат суди топшириғи ижро этилганда, ажримга ижрони тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Чет давлат суди топшириғи ижро этилмаган тақдирда, ажримда унинг ижро этилмаганлигининг сабаблари кўрсатилади.

Судлар агар суд топшириғи Ўзбекистон Республикаси билан ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақида шартнома имзоламаган, бироқ 1954 йил 1 мартда Гаага шаҳрида тузилган "Фуқаролик процесси масалаларига доир" Конвенция иштирокчиси бўлган давлатдан келиб тушган бўлса, чет давлат судининг топшириғи кўриб чиқиш учун қабул қилиниши шартлигини инобатга олишлари лозим.


69. Судларнинг эътибори чет эл арбитражлари иқтисодий судларга суд топшириғи (экспертиза ўтказиш, тарафлар эшитиш, гувоҳлар, экспертлар ва арбитраж муҳокамасининг бошқа иштирокчиларини сўроқ қилиш) беришга ҳақли эмасликларига қаратилсин.

Агарда бундай топшириқ тақдим этилган бўлса, уни қабул қилиш ИПК 154-моддасининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади. Агар кўрсатилган ҳолат топшириқ иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, иш бўйича иш юритиш ИПК 110-моддасининг 1-бандига мувофиқ тугатилади.



VII БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


70. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди чет эллик шахслар иштирокидаги низоларни кўришда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ҳамда халқаро нормаларни қўллашга доир суд амалиётини мунтазам равишда умумлаштириб бориши ва мазкур тоифадаги ишларни кўришда суд хатоларининг олдини олиш юзасидан чоралар кўриши лозим.

         

      

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

Б. Исламов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

Н. Хакимова

        

       

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)
















































































Время: 0.0257
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск