ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Архив / Январь, 2025 й. / Айрим тармоқларнинг фаолияти / Алоқа ва ахборот-коммуникацион технологиялар /

Ўзбекистон Республикасининг 27.12.2024 й. ЎРҚ-1015-сон "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 06.08.2024 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 23.10.2024 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

27.12.2024 й.

N ЎРҚ-1015



ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯЛАР ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 6 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2024 йил 23 октябрда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади телекоммуникациялар соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Телекоммуникациялар тўғрисидаги қонунчилик


Телекоммуникациялар тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Телекоммуникациялар тармоқларининг мудофаа, давлат хавфсизлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эҳтиёжлари учун ишлаши билан боғлиқ муносабатлар алоҳида қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг телекоммуникациялар тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


алоқа линияси - сигналлар узатгичдан қабул қилгичга узатилишини ва тарқатилишини таъминловчи қурилмаларнинг, иншоотларнинг ҳамда кабель линияларининг ва (ёки) радиолинияларнинг мажмуи;


домен номи - ахборот ресурсига ёки ахборот тизимига берилган, уларни Интернет жаҳон ахборот тармоғида идентификациялаш учун хизмат қиладиган ноёб ном;


домен номлари тизими - Интернет жаҳон ахборот тармоғида домен номларини бериш, рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тартиби;


тариф режаси - телекоммуникациялар оператори ва телекоммуникациялар хизматлари провайдери томонидан телекоммуникациялар хизматларидан фойдаланувчиларга бир ёки бир нечта хизматдан фойдаланиш учун тақдим этиладиган нархлар ва техник шартлар мажмуи;


тармоқлараро уланишлар - телекоммуникациялар хизматларидан фойдаланувчилар ўртасида ахборотнинг узатилиши ва қабул қилинишини таъминлайдиган турли телекоммуникациялар операторлари телекоммуникациялар тармоқларининг технологик ҳамкорлиги;


телекоммуникациялар - ахборотнинг белгилар, матнлар, тасвирлар, товушлар, видео тарзидаги ёки бошқа турдаги сигналларини ўтказгичли, радио, оптик ёки бошқа электромагнит тизимлардан фойдаланган ҳолда узатиш, қабул қилиш ва уларга ишлов бериш;


телекоммуникациялар воситалари (телекоммуникациялар инфратузилмаси) - телекоммуникациялар ускуналари, телекоммуникациялар иншоотлари, кабель линиялари ҳамда уларни бошқариш имконини берувчи тизимлар;


телекоммуникациялар иншоотлари (пассив телекоммуникациялар инфратузилмаси) - телекоммуникацияларнинг амалга оширилишини таъминловчи бинолар, мосламалар, таянчлар, мачталар, тарқатиш қутилари, шкафлар ва бошқалар;


телекоммуникациялар оператори (бундан буён матнда оператор деб юритилади) - мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида телекоммуникациялар инфратузилмасига эга бўлган, унинг ишлашини, ривожланишини таъминловчи ва телекоммуникациялар хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;


телекоммуникациялар тармоғи - алоқа линиялари ёки алоқа каналлари орқали ўзаро боғланган, телекоммуникацияларни амалга оширадиган ускуналар мажмуи;


телекоммуникациялар тармоқларини аттестациядан ўтказиш - телекоммуникациялар тармоқлари ҳимояланганлик ҳолатининг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги миллий стандартлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлашга қаратилган ташкилий-техник тадбирлар мажмуи;


телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш режаси - операторлар, телекоммуникациялар хизматлари провайдерлари ва фойдаланувчи қурилмалари ўртасида аниқ рақамларнинг бириктирилиши;


телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш тизими - операторлар, телекоммуникациялар хизматлари провайдерлари ва фойдаланувчи қурилмалари ўртасида рақамларни тақсимлаш ва уларга рақам (рақамлар ёки белгилар комбинациясини) бириктириш тартиби;


телекоммуникацияларнинг технологик хизматлари (бундан буён матнда технологик хизматлар деб юритилади) - операторлар ва телекоммуникациялар хизматлари провайдерлари томонидан ўзининг техник воситалари ҳамда тармоқлари орқали бошқа операторлар ва провайдерларга тақдим этиладиган, телекоммуникацияларни амалга оширишнинг технологик жараёнини таъминлайдиган хизматлар;


телекоммуникациялар ускуналари (актив телекоммуникациялар инфратузилмаси) - телекоммуникацияларни амалга ошириш учун мўлжалланган техник ускуналар ва уларга ўрнатилган дастурий таъминот;


телекоммуникациялар хизматлари - фойдаланувчиларга оператор ва телекоммуникациялар хизматлари провайдери томонидан телекоммуникациялар асосида тақдим этиладиган хизматлар;


телекоммуникациялар хизматлари провайдери (бундан буён матнда провайдер деб юритилади) - фойдаланувчиларга операторлар тармоғи орқали тижорат асосида телекоммуникациялар хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;


телекоммуникациялар хизматларидан фойдаланувчи (бундан буён матнда фойдаланувчи деб юритилади) - телекоммуникациялар хизматларининг истеъмолчиси бўлган юридик ёки жисмоний шахс;


телекоммуникацияларнинг универсал хизматлари (бундан буён матнда универсал хизматлар деб юритилади) - умумий фойдаланишдаги телекоммуникациялар тармоқлари орқали барча фойдаланувчиларга кўрсатиладиган белгиланган сифатдаги мажбурий хизматлар тўплами (фойдаланувчиларнинг ушбу тармоқдан фойдаланишини таъминлаш, маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро телефон сўзлашувлари, телеграммалар жўнатиш ва бошқалар);


фойдаланувчи қурилмаси - телекоммуникациялар тармоқлари билан ўзаро боғланадиган ва сигналларни шакллантириш, узатиш, қабул қилиш учун мўлжалланган фойдаланувчининг техник воситаси.



4-модда. Телекоммуникациялар тармоқларига

бўлган мулкчилик


Ўзбекистон Республикасида телекоммуникациялар тармоқлари оммавий ёки хусусий мулкда бўлиши мумкин.

Телекоммуникациялар тармоқларининг барча мулкдорлари тенг ҳуқуқларга эга бўлади ва қонунда кафолатланган тенг ҳимоядан фойдаланади.



5-модда. Телекоммуникациялар тармоқларининг ерлари


Телекоммуникациялар ускуналари ва иншоотларидан фойдаланиш, уларни сақлаш, қуриш, қайта қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш бўйича ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун операторларга ва провайдерларга берилган ерлар телекоммуникациялар тармоқларининг ерлари жумласига киради. Телекоммуникациялар тармоқларининг ерлари алоқа мақсадларига мўлжалланган ерлар таркибига киради.

Телекоммуникациялар фаолиятини таъминлаш учун ерлар қонунчиликда белгиланган тартибда берилади.

Телекоммуникацияларнинг кабель, радиореле ва ҳаво линияларидан фойдаланилишини таъминлаш мақсадида муҳофаза ҳудудлари белгиланади.

Муҳофаза ҳудудларини белгилаш тартиби, уларнинг ўлчамлари, ушбу мақсадлар учун ажратилган ерлардан фойдаланиш режими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



6-модда. Телекоммуникациялар тармоқлари


Телекоммуникациялар тармоқлари белгиланган мақсадига кўра умумий фойдаланишдаги, идоравий ва ажратилган телекоммуникациялар тармоқларига бўлинади.

Алоқа линияси умумий фойдаланиш, идоравий, ажратилган, шу жумладан умумдавлат вазифаларини бажарувчи телекоммуникациялар тармоқларининг ажралмас қисмидир.

Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатишнинг ягона принциплари, уларни тақдим этиш ва ҳақ тўлаш тартиби асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча юридик ва жисмоний шахсларга телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш учун мўлжалланган телекоммуникациялар тармоқлари умумий фойдаланишдаги телекоммуникациялар тармоқлари жумласига киради. Умумий фойдаланишдаги телекоммуникациялар тармоғида телекоммуникациялар хизматлари кўрсатиш қоидалари телекоммуникациялар соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг ишлаб чиқариш ва махсус эҳтиёжларини таъминлаш учун мўлжалланган, уларнинг ихтиёрида бўлган ва улар томонидан фойдаланиладиган телекоммуникациялар тармоқлари идоравий телекоммуникациялар тармоқлари жумласига киради. Идоравий телекоммуникациялар тармоқларидан бошқа фойдаланувчиларга телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш учун ҳам фойдаланилиши мумкин.

Ажратилган телекоммуникациялар тармоқлари жумласига фойдаланувчиларнинг муайян доирасига хизматлар кўрсатиш учун юридик шахсларнинг тижорат мақсадларида яратиладиган телекоммуникациялар тармоқлари киради.

Идоравий ва ажратилган телекоммуникациялар тармоқларининг операторлари томонидан хизматлар кўрсатиш қоидалари ушбу телекоммуникацияларнинг операторлари ёки провайдерлари томонидан қонунчиликка мувофиқ белгиланади.

Операторлар ва провайдерлар актив ҳамда пассив телекоммуникациялар инфратузилмасидан, шунингдек алоқа каналларидан, радиочастота спектридан қонунчиликка мувофиқ шартнома асосида биргаликда фойдаланиши мумкин.

Телекоммуникациялар тармоқларидаги йўлдош алоқа тизимлари ва каналларидан қонунчиликда белгиланган талаблар асосида фойдаланилади.



2-БОБ. ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯЛАР СОҲАСИНИ

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ


7-модда. Телекоммуникациялар соҳасидаги давлат

сиёсатининг асосий йўналишлари


Телекоммуникациялар соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш;

телекоммуникацияларни ягона илмий-техника сиёсати асосида халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқ ривожлантириш;

телекоммуникациялар соҳасидаги хизматлар сифатини таъминлаш;

мажбурий техник талаблар, нормалар ва қоидаларга риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

илғор инновацион, ахборот ва коммуникация технологиялари жорий этилишини рағбатлантириш;

халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



8-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

телекоммуникациялар соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

телекоммуникациялар соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

телекоммуникациялар соҳасида аҳоли, бизнес ва давлат ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш учун зарур шарт-шароитлар яратади;

телекоммуникациялар хизматлари турларини кенгайтириш, телекоммуникациялар инфратузилмасини модернизация қилиш чораларини амалга оширади;

телекоммуникациялар инфратузилмасини ҳимоя қилишнинг замонавий технологияларини жорий этиш чораларини кўради;

республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

лицензияларни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш тартиби ҳамда шартларини, шунингдек фаолиятнинг айрим турлари учун лицензиялар бериш бўйича танловлар (тендерлар) ўтказиш тартибини белгилайди;

телекоммуникациялар соҳасидаги тартибга солувчи органни (бундан буён матнда тартибга солувчи орган деб юритилади) белгилайди;

телекоммуникациялар соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикасининг телекоммуникациялар тармоқларидаги мобиль қурилмаларнинг ўзига хос халқаро идентификация кодларини рўйхатдан ўтказиш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



9-модда. Телекоммуникациялар соҳасидаги

ваколатли давлат органи


Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги телекоммуникациялар соҳасидаги ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади).

Ваколатли давлат органи:

телекоммуникациялар соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

телекоммуникациялар соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқади;

телекоммуникациялар соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва телекоммуникациялар фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади;

телекоммуникациялар соҳасида метрология ва стандартлаштиришга доир ишларни мувофиқлаштиради;

телекоммуникацияларнинг техник воситаларини сертификатлаштиришга доир ишларни ташкил этади;

операторлар ва провайдерларнинг телекоммуникациялар тармоқларининг ахборот хавфсизлигини таъминлашга доир фаолиятини мувофиқлаштиради;

телекоммуникациялар соҳасидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлайди;

республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, операторлар ва провайдерларнинг телекоммуникациялар тармоқлари ва хизматларини ривожлантириш масалаларига доир фаолиятини мувофиқлаштиради;

тармоққа рухсатсиз уланишда ва трафикни ўтказишда ҳимоя чораларининг четлаб ўтилиши устидан тегишли органлар билан биргаликда назорат ўрнатади;

телекоммуникациялар соҳасида инсон капиталининг яратилиши ва ривожлантирилишини ташкил этади;

телекоммуникациялар соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади;

давлат бошқаруви соҳасига замонавий телекоммуникациялар тармоқларини жорий этиш, уларни ривожлантириш ва улардан самарали фойдаланиш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда юридик ва жисмоний шахсларга интерактив давлат хизматлари кўрсатиш тизимини шакллантириш масалалари бўйича таклифлар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқади;

телекоммуникациялар соҳасидаги атамалар ва таърифларни белгилайди ҳамда тасдиқлайди;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Ваколатли давлат органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари талаблари барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.



10-модда. Телекоммуникациялар соҳасида

давлат назорати


Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича инспекция телекоммуникациялар соҳасида давлат назоратини амалга оширувчи органдир (бундан буён матнда давлат назорати органи деб юритилади).

Давлат назорати органи:

телекоммуникациялар соҳасидаги қонунчилик, норматив ҳужжатлар ва миллий стандартлар талабларига риоя этилиши;

ўз ваколатлари доирасида фойдаланувчилар ҳуқуқларининг таъминланиши ва кўрсатиладиган телекоммуникациялар хизматларининг сифатига риоя этилиши;

телекоммуникациялар тармоқлари ва хизматларини ривожлантиришга доир чоралар амалга оширилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Давлат назорати органи телекоммуникациялар соҳасида қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Давлат назорати органи ўз ваколатларига тааллуқли масалалар бўйича операторлар ва провайдерларнинг ўрганилиши ҳамда текширилишини (молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда) қонунчиликда белгиланган тартибда, давлат назорати органи бошлиғининг ўрганиш ва текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруғи асосида амалга ошириш ҳуқуқига эга.



11-модда. Телекоммуникациялар соҳасида

тартибга солиш


Тартибга солувчи орган телекоммуникациялар соҳасини тартибга соладиган, молиявий, тузилмавий жиҳатдан ва қарор қабул қилиш борасида мустақил бўлган юридик шахсдир.

Тартибга солувчи орган:

юридик шахсларнинг телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятини лицензиялашни, рухсат бериш тартиб-таомилларини қонунчиликка мувофиқ амалга оширади;

табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда ёки фавқулодда ҳолатда телекоммуникациялар инфратузилмаларидан устувор фойдаланиш ҳамда уларнинг фаолиятини тиклаш ва ривожлантиришга доир ишларни марказлаштирилган тарзда бошқаради, шунингдек уларнинг ишлашини белгиланган тартибда чеклайди ёки тўхтатиб туради;

телекоммуникациялар тармоқларини ва телекоммуникациялар иншоотларини қуриш учун лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизасини ўтказувчи юридик шахсларни аккредитация қилишни амалга оширади;

телекоммуникациялар хизматларининг айрим турлари, шунингдек тармоқлараро уланишлар тарифларини тартибга солади;

универсал хизматлар рўйхатини ва уларнинг сифатига доир талабларни белгилайди;

операторлар ва провайдерларнинг фаолият кўрсатиши учун тенг ҳамда адолатли рақобат муҳитини таъминлашга кўмаклашади;

телекоммуникациялар хизматлари бозорини эркин рақобат асосида шакллантириш ва ривожлантиришга кўмаклашади;

фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади, операторлар, провайдерлар ва фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар масалаларини кўриб чиқади;

телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш тизимини ишлаб чиқади ва телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш режасининг бошқарувини амалга оширади;

Интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментининг манзил майдонидан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, домен номлари тизимини белгилайди;

телекоммуникациялар воситаларини мажбурий равишда рақамли маркировкалашни амалга оширади;

тармоққа рухсатсиз уланишда ва трафикни ўтказишда ҳимоя чораларининг четлаб ўтилиши устидан тегишли органлар билан биргаликда назорат ўрнатади;

кўрсатилаётган телекоммуникациялар хизматлари сифатининг белгиланган талаблар ва нормаларга мувофиқлиги юзасидан мониторингни амалга оширади.



12-модда. Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг

ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат

ҳокимияти органларининг телекоммуникациялар

соҳасидаги мажбуриятлари


Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик ва жисмоний шахсларга электрон давлат хизматлари кўрсатиш мақсадида умумий фойдаланишдаги телекоммуникациялар тармоқларининг самарали ишлаши ҳамда ривожлантирилиши учун ўз ваколатлари доирасида шарт-шароитлар яратади.

Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи манфаатдор республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда жамоат, маъмурий, уй-жой ва саноат мақсадларидаги бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш учун топшириқларни ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва келишиш босқичларида қуйидаги талабларни мажбурий тартибда назарда тутиши керак:

биноларда телекоммуникациялар воситаларини ўрнатиш учун тегишли майдонлар ва муҳандислик инфратузилмаси уларга электр таъминоти келтирилган ҳолда ажратилишини;

биноларнинг ичида телефония, маълумотлар узатиш тармоқлари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғи, кабель ва эфир телевидениесини жамоавий қабул қилиш тизимлари, шунингдек "хавфсиз уй" тизими ҳамда қўриқлаш сигнализацияси кабелларини ўтказиш учун паст токли кабель шахталари мавжуд бўлишини;

жамоат, маъмурий, турар-жой ва саноат ҳудудларида алоқа линияларини ётқизиш ҳамда телекоммуникациялар воситаларини ўрнатиш учун тегишли ер участкалари ажратилишини;

вилоятлар ва туманлар марказларидаги мобиль алоқа тармоқлари базавий станцияларининг, шунингдек телекоммуникациялар операторлари ва провайдерлари марказий боғламаларининг, телерадиоэшиттириш объектларининг электр тармоқларидан ўчирилмайдиган объектлар рўйхатига киритилишини.



3-БОБ. ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯЛАР СОҲАСИДА

ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИШ


13-модда. Телекоммуникациялар соҳасида лицензиялаш

ва рухсат бериш тартиб-таомиллари


Юридик шахсларнинг телекоммуникациялар соҳасидаги айрим фаолият турлари лицензиялар ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Телекоммуникациялар соҳасидаги лицензиялар ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар асосида амалга ошириладиган фаолият турлари рўйхати қонун билан белгиланади.

Умумий фойдаланиш пунктлари, шу жумладан қишлоқ жойлардаги кичик тадбиркорлик субъектларининг умумий фойдаланиш пунктлари томонидан маълумотларни узатиш тармоқлари хизматларини кўрсатишга, қишлоқ жойлардаги кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро телекоммуникациялар тармоқлари хизматларини кўрсатишга доир фаолият учун лицензия талаб этилмайди.

Маълумотлар узатиш тармоқларидан банк, тўлов тизими, тўлов ташкилоти, шунингдек электрон тижорат платформаси хизматларини кўрсатиш учун ишлаб чиқариш-технологик жараёнда ва (ёки) сигналларни етказиб бериш мақсадида фойдаланилганда маълумотлар узатиш тармоқларидан фойдаланиш ва (ёки) уларнинг хизматларини кўрсатиш учун лицензия талаб этилмайди.

Телекоммуникациялар соҳасидаги айрим фаолият турлари учун лицензиялар бериш танлов (тендер) асосида амалга оширилиши мумкин. Танловларни (тендерларни) ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Операторлар ва провайдерлар томонидан лицензия, рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.



14-модда. Телекоммуникациялар соҳасида

сертификатлаштириш


Ўзбекистон Республикасида телекоммуникациялар тармоқларида фойдаланиладиган телекоммуникацияларнинг техник воситалари, шу жумладан фойдаланувчи қурилмалари қонунчиликка ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлиги юзасидан сертификатлаштирилиши лозим.

Телекоммуникациялар тармоқларидаги мобиль қурилмаларнинг халқаро ўзига хос идентификация кодлари рўйхатдан ўтказилиши керак.



15-модда. Телекоммуникациялар тармоқларини

аттестациядан ўтказиш


Давлат сирларини ёки махфий ахборотни ўз ичига олган ахборотга ишлов бериш учун мўлжалланган телекоммуникациялар тармоқлари ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги юзасидан мажбурий аттестациядан ўтказилиши лозим.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилмаган телекоммуникациялар тармоқларини аттестациядан ўтказиш ихтиёрий тусга эга бўлади.

Телекоммуникациялар тармоқларини аттестациядан ўтказиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.



16-модда. Телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш

тизими ва режаси, домен номлари тизими


Телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш тизими ва режаси, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментининг домен номлари тизими тартибга солувчи орган томонидан тасдиқланади.

Телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш ресурсларини ва домен номларини ҳисобга олиш, тизимлаштириш ва улардан фойдаланилиши устидан назорат тартибга солувчи орган томонидан амалга оширилади.

Телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш ресурсларидан операторлар ва провайдерлар томонидан, шунингдек домен номларидан юридик ва жисмоний шахслар томонидан фойдаланиш пулли асосда амалга оширилади.

Телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш ресурсларидан ва домен номларидан фойдаланганлик учун тўловларнинг миқдорлари ҳамда уларни тўлаш тартиби, шунингдек уларга доир имтиёзлар қонунчиликда белгиланади.



17-модда. Телекоммуникациялар соҳасида

рақобатни ривожлантириш


Телекоммуникациялар соҳасида инвестиция фаолиятини амалга оширувчи операторлар, провайдерлар, юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек ускуналарни ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар телекоммуникациялар инфратузилмасини ҳамда хизматлар бозорини ташкил этиш ва ривожлантиришда тенг равишда иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.

Ваколатли давлат органи ва тартибга солувчи орган рақобат соҳасидаги ваколатли давлат органи билан биргаликда телекоммуникациялар соҳасида рақобатни ривожлантиришга кўмаклашади, инсофсиз рақобат ва рақобатни чеклаш фактларига барҳам бериш, шунингдек истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан қонунчиликда белгиланган чора-тадбирларни кўради.

Инсофсиз рақобат, фойдаланувчиларнинг манфаатларини камситганлик, рақобатга тўсиқ бўлувчи ёки уни чекловчи бошқа бирор-бир ҳаракатга (ҳаракатсизликка) йўл қўйганлик учун операторлар ва провайдерлар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Тегишли давлат органларининг мансабдор шахслари бозор муносабатларига асоссиз равишда аралашганлиги, рақобатга тўсиқ бўлувчи ёки уни чекловчи бошқа бирор-бир ҳаракатга (ҳаракатсизликка) йўл қўйганлиги учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



18-модда. Универсал хизматлар


Умумий фойдаланишдаги телекоммуникациялар тармоқларининг операторлари ва провайдерлари барча фойдаланувчиларга белгиланган сифатга эга универсал хизматларни лицензия доирасида чекланмаган тарзда кўрсатади.

Универсал хизматлар рўйхати ва уларнинг сифатига доир талаблар тартибга солувчи орган томонидан белгиланади.



19-модда. Телекоммуникациялар хизматларига

доир тарифлар


Телекоммуникациялар хизматларига доир тарифлар бундай хизматларни кўрсатиш харажатлари ҳисобга олинган ҳолда, шартнома асосида қонунчиликка мувофиқ белгиланади.

Универсал хизматларга доир тарифлар тартибга солувчи орган томонидан фойдаланувчиларнинг манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда, қонунчиликда белгиланган тартибда тартибга солинади.

Технологик хизматларга доир тарифлар бундай хизматларни кўрсатиш харажатлари ҳисобга олинган ҳолда, операторлар ва (ёки) провайдерлар ўртасидаги шартномалар асосида қонунчиликка мувофиқ белгиланади.

Фавқулодда тезкор хизматларни (ёнғин-қутқарув бўлинмаларини, ички ишлар органларини, тез тиббий ёрдамни, газ тармоғининг авария хизматини ва бошқа хизматларни) чақириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасининг ишонч телефонларига қўнғироқлар барча фойдаланувчилар томонидан бепул асосда амалга оширилади. Фавқулодда тезкор хизматларнинг рўйхати қонунчиликда белгиланади.



20-модда. Телекоммуникациялар тармоқлари орқали

узатиладиган телефон сўзлашувларининг, электрон ва бошқа

хабарларнинг (маълумотларнинг) сир сақланиши


Телекоммуникациялар тармоқлари орқали узатиладиган телефон сўзлашувлари, шунингдек электрон ва бошқа хабарлар (маълумотлар) (бундан буён матнда хабарлар деб юритилади) сир сақланиши шарт.

Телекоммуникациялар тармоқлари орқали узатиладиган телефон сўзлашувлари ва хабарлар тўғрисидаги ахборот, шунингдек хабарлар операторлар ва провайдерлар томонидан фақат абонентларнинг ўзларига, бундай хабарларни жўнатувчиларга ва уларни олувчиларга ёки уларнинг қонуний вакилларига берилиши мумкин.

Телефонлар ва бошқа фойдаланувчи қурилмалари орқали олиб борилаётган сўзлашувларни эшитишга, телекоммуникациялар тармоқлари орқали узатиладиган хабарлар билан танишишга, улар тўғрисида ахборот олишга, шунингдек уларнинг сир сақланишини бошқача усулда чеклашга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ҳамда суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Телекоммуникациялар тармоғидан ўрнатилган ҳимоя тизимларини четлаб ўтган ҳолда фойдаланиш ва телекоммуникациялар тармоғидан халқаро трафикни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш тақиқланади.

Ушбу модда талабларининг бузилишига йўл қўйган мансабдор шахслар ва бошқа шахслар қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилади.



21-модда. Телекоммуникациялар инфратузилмасини

ривожлантириш


Телекоммуникациялар инфратузилмаси телекоммуникациялар воситалари мажмуидан иборатдир.

Телекоммуникациялар инфратузилмаси, мулк шаклидан қатъи назар, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектлари жумласига киради.

Телекоммуникациялар инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда реконструкция қилиш уларнинг эгалари томонидан ўз маблағлари, манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Умумдавлат вазифаларини ҳал этишга мўлжалланган телекоммуникациялар инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда реконструкция қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган ва қонунчиликда белгиланган тартибда молиялаштириладиган давлат дастурларига ва бошқа дастурларга асосан амалга оширилади.

Телекоммуникациялар инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этувчи юридик ва жисмоний шахсларга қонунчиликда белгиланган тартибда солиққа оид ва бошқа имтиёзлар берилиши мумкин.

Шаҳарларни, шаҳарчаларни ва бошқа аҳоли пунктларини, турар-жой даҳалари ва мажмуаларини, алоҳида бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш ҳамда ривожлантириш чоғида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари белгиланган нормативларга мувофиқ телекоммуникациялар воситаларини жойлаштириш учун бинолар ёки алоҳида хоналар қурилишини, ер ости алоқа линияларини қуриш учун жойлар ажратилишини назарда тутиши керак. Ушбу мақсадлар учун ер (жой) ажратилишини асоссиз равишда рад этган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва мансабдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Телекоммуникациялар воситалари, шу жумладан кабель канализацияси, кучсиз токли кабель шахталари, телекоммуникациялар ускуналарини жойлаштириш учун майдонлар ва бошқа зарур пассив телекоммуникациялар инфратузилмаси билан таъминланмаган жамоат, маъмурий, турар жой ҳамда саноат бинолари ва иншоотларини қуришга ҳамда фойдаланишга қабул қилишга йўл қўйилмайди.

Юридик шахслар телекоммуникациялар иншоотлари қурилишини шу мақсад учун берилган ер участкаларида белгиланган тартибда амалга оширишга, шунингдек бинолар ва иншоотларнинг томларига (таянчларга, кўприкларга, коллекторларга, ер ости йўлларига ва бошқа иншоотларга) ушбу ер участкалари, бинолар ва иншоотларнинг мулкдорлари (эгалари, ижарачилари) билан келишилган ҳолда телекоммуникациялар воситаларини ўрнатишга ҳамда хизмат кўрсатишга ҳақлидир.

Аҳоли пунктларининг, бинолар, йўллар, кўприкларнинг ва бошқа объектларнинг янгидан қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, шунингдек янги ерлар ўзлаштирилиши, мелиорация тизимлари ўзгартирилиши, фойдали қазилмалар қазиб олиниши, уларнинг эгаси ўзгариши муносабати билан телекоммуникациялар инфратузилмасини кўчириш ёки қайта қуриш мазкур объект эгасининг, ушбу объект қурилиши буюртмачисининг ёки ташаббускорининг ўз маблағлари ҳисобидан, операторлар ва провайдерларнинг техник шартлари бўйича амалга оширилади.

Операторлар ва провайдерлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида кабелларни ер остига ётқизиш ва кабелларни электр тармоқлари ҳамда юқори кучланишли линияларнинг таянчларига осиш йўли билан кабель алоқа линиялари қурилишини амалга ошириши мумкин.

Бинода яшовчилардан телекоммуникациялар хизматлари кўрсатилишига доир ариза мавжуд бўлган тақдирда, уй-жой мулкдорларининг ширкатлари ёки бошқарувчи ташкилотлар бино ичидаги мавжуд кабель шахталаридан, телекоммуникациялар ускуналарини ўрнатиш учун майдонлардан ва бошқа пассив телекоммуникациялар инфратузилмасидан операторлар ҳамда провайдерлар томонидан бепул фойдаланилишини рад этишга ёки бунга тўсқинлик қилишга ҳақли эмас.



22-модда. Тармоқлараро уланишлар


Тармоқлараро уланишлар технологик хизматларнинг бир туридир.

Тармоқлараро уланишлар турли телекоммуникациялар тармоқларидан фойдаланувчилар ўртасида ахборотни узатиш ва қабул қилиш учун амалга оширилади.

Уланаётган операторлар ва провайдерлар тармоқлараро уланишларни улаётган оператор ёки провайдернинг техник шартлари бўйича ҳамда телекоммуникациялар соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ва телекоммуникациялар фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга ошириши керак.

Тармоқлараро уланишлар тегишли телекоммуникациялар тармоқларининг операторлари ва провайдерлари ўртасидаги шартномалар асосида амалга оширилади.

Телекоммуникациялар тармоқларини ўзаро улаш, операторлар томонидан ўзаро хизмат кўрсатиш ҳамда улар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби ва шартлари тартибга солувчи орган томонидан тасдиқланади.



4-БОБ. ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯЛАР ТАРМОҚЛАРИНИНГ

ХАВФСИЗЛИГИ


23-модда. Операторлар ва провайдерларнинг махсус ваколатли

давлат органи билан ўзаро муносабатлари


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган операторлар ва провайдерлар телекоммуникациялар тармоқларида тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш учун фойдаланиладиган ускуналарни, дастурларни ҳамда аппарат-дастурий мажмуаларни қонунчиликда белгиланган тартибда махсус ваколатли давлат органи орқали ўз маблағлари ҳисобидан олиши, ўрнатиши ва уларнинг нормал ишлашини таъминлаши, шунингдек мазкур тадбирларни ўтказишнинг ташкилий, техник ва тактик усуллари ошкор этилишига йўл қўймаслик чораларини кўриши шарт.

Телекоммуникациялар тармоқларида тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда фойдаланиладиган ускуналарни, дастурларни ҳамда аппарат-дастурий мажмуаларни жорий этиш ва улардан фойдаланиш фақат махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Телекоммуникациялар тармоқларида тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда фойдаланиладиган ускуналар, дастурлар ҳамда аппарат-дастурий мажмуаларнинг миқдори ва таркиби операторлар ҳамда провайдерлар томонидан махсус ваколатли давлат органи билан келишилади.

Телекоммуникациялар тармоқларида тезкор-қидирув тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича махсус ваколатли давлат органининг кўрсатмалари операторлар ва провайдерлар томонидан бажарилиши, ушбу мақсадлар учун шарт-шароитлар яратилиши, шунингдек ўз ахборот тизимларига ва телекоммуникациялар тармоқларига бошқа ахборот тизимларини ҳамда телекоммуникациялар воситаларини ўрнатиш ва улаш масаласи махсус ваколатли давлат органи билан келишилиши шарт.

Операторлар ва провайдерларнинг махсус ваколатли давлат органи билан ўзаро муносабатлари тартиби қонунчиликда белгиланади.

Телекоммуникациялар тармоқларидан ёки воситаларидан шахс, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказувчи жиноий мақсадларда фойдаланилган тақдирда, бундай телекоммуникациялар тармоқларининг ёки воситаларининг ишлаши тўхтатилади.



24-модда. Табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда

ёки фавқулодда ҳолатда телекоммуникациялар

тармоқларини бошқариш


Одамларнинг қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғига ёхуд атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотларга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда ёки фавқулодда ҳолатда тартибга солувчи орган телекоммуникациялар инфратузилмасидан устувор фойдаланишга ҳамда уларнинг фаолиятини тиклаш ва ривожлантириш бўйича ишларни марказлаштирилган ҳолда бошқаришга, шунингдек уларнинг ишлашини чеклашга ёки тўхтатиб туришга ҳақли.

Операторлар ва провайдерлар ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳоллар тўғрисида аҳолини хабардор қилишни ташкил этиш учун зарур бўлган воситалар ўрнатилишини ва улардан фойдаланилишини таъминлаши шарт.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда телекоммуникациялар тармоқлари ҳамда воситаларидан фойдаланиш чоғида операторлар ва провайдерларга етказилган зарарларнинг ўрни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Операторлар ва провайдерлар одамларнинг денгиздаги, ердаги, ҳаводаги, космик фазодаги хавфсизлигига, мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни сақлаш соҳасидаги кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни ўтказишга тааллуқли барча хабарларга, шунингдек йирик авариялар, фалокатлар, эпидемиялар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар ҳақидаги хабарларга мутлақ устуворлик бериши керак.



25-модда. Телекоммуникациялар тармоқларида рўй

берган ҳодисалар оқибатларини бартараф этиш


Телекоммуникациялар тармоқларида рўй берган ҳодисалар (авариялар, шикастланишлар) оқибатларини бартараф этиш ушбу тармоқларнинг операторлари томонидан амалга оширилади.

Давлат органлари ва ташкилотлари операторларга телекоммуникациялар тармоқларида рўй берган ҳодисалар оқибатларини бартараф этишда кўмаклашади.

Телекоммуникациялар тармоқларида рўй берган ҳодисаларнинг оқибатларини бартараф этиш ишларини амалга ошириш телекоммуникациялар инфратузилмаси жойлашган ер участкаси, бино ёки иншоот мулкдорининг (эгасининг, ижарага олувчисининг) розилиги олинишини талаб этмайди. Ҳодисаларнинг оқибатларини бартараф этиш натижасида мулкдорга (эгалик қилувчига, ижарага олувчига) етказилган зарарларнинг ўрни тегишли оператор томонидан қопланиши лозим.

Телекоммуникациялар тармоқларида юридик ва жисмоний шахсларнинг айби билан рўй берган ҳодисалар натижасида операторлар ҳамда провайдерларга етказилган зарарларнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда ушбу шахслар томонидан қопланади.



5-БОБ. ОПЕРАТОРЛАР ВА ПРОВАЙДЕРЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


26-модда. Операторлар ва провайдерларнинг ҳуқуқлари


Операторлар ва провайдерлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фойдаланувчиларга телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш;

фойдаланувчиларнинг муайян гуруҳига ёки маълум чекланган ҳудудда алоҳида тариф режаларини ва имтиёзларни тақдим этиш;

фойдаланувчилар телекоммуникациялардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларини бузган тақдирда уларга хизмат кўрсатишни тўхтатиш;

юридик ва жисмоний шахслардан уларнинг айби билан юзага келган зарарларнинг ўрни қопланишини талаб қилиш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг қонунга хилоф ҳаракатлари устидан қонунчиликка мувофиқ шикоят қилиш;

давлат органларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги телекоммуникациялар хизматлари бозорига асоссиз аралашиши, эркин бозор муносабатларига ва рақобатга тўсқинлик қилиши устидан қонунчиликка мувофиқ шикоят қилиш ҳамда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш.

Операторлар ва провайдерлар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



27-модда. Операторлар ва провайдерларнинг мажбуриятлари


Операторлар ва провайдерлар:

телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни лицензия талаблари ва шартларига, шунингдек белгиланган қоидаларга мувофиқ амалга ошириши;

кўрсатилаётган хизматларнинг сифати қонунчилик ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлишини таъминлаши;

кўрсатилаётган хизматлар сифатини баҳолаш услубларини очиқ манбаларда кўрсатиши;

телекоммуникациялар тармоқлари орқали узатиладиган барча турдаги сўзлашувларнинг, хабарларнинг сир сақланишига риоя этиши;

хизматлар кўрсатиш шартлари ва тартиби тўғрисидаги, шу жумладан телекоммуникациялар хизматларининг тарифлари ўзгариши тўғрисидаги тўлиқ ахборотни фойдаланувчиларга ўз вақтида тақдим этиши;

қонунчиликка, шунингдек лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ ваколатли давлат органи билан келишувга кўра ўз тармоқларини изчиллик билан ривожлантириши ҳамда кенгайтириши;

телекоммуникациялар хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун, шунингдек хизматларни кўрсатмаганлик ёки лозим даражада сифатли хизматлар кўрсатмаганлик оқибатида фойдаланувчиларга етказилган зарарларнинг ўрнини қонунчиликка мувофиқ қоплаши;

ўзи кўрсатаётган хизматлар тўғрисидаги ахборотни бепул тақдим этиши, шунингдек абонентларни қўллаб-қувватлаш маркази орқали абонентларнинг мурожаатларини бепул қабул қилиши ва уларнинг ижросини таъминлаши шарт.

Операторлар ва провайдерларнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



6-БОБ. ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


28-модда. Фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари


Фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

умумий фойдаланишдаги телекоммуникациялар тармоқлари хизматларидан фойдаланиш;

ўз фойдаланувчи қурилмаларини қонунчиликда белгиланган шартлар асосида ва тартибда умумий фойдаланишдаги телекоммуникациялар тармоқларига улаш;

операторлар ва провайдерлар томонидан белгиланган қоидаларга мувофиқ ўз вақтида ва сифатли хизматлар кўрсатилишини талаб қилиш;

техник имкониятлар мавжуд бўлган тақдирда операторлар ва провайдерларни эркин танлаш;

муайян хизматларга доир алоҳида тариф режаларидан оператор томонидан белгиланган шартларга мувофиқ мақсадли фойдаланиш;

оператор ва провайдер шартномада келишилган шартларни бузган тақдирда телекоммуникациялар хизматларини рад этиш;

телекоммуникациялар хизматларини кўрсатмаганлик ёки лозим даражада сифатли хизматлар кўрсатмаганлик натижасида етказилган зарарларнинг ўрни қопланишини, маънавий зиённинг компенсация қилинишини талаб этиш;

ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда ваколатли давлат органларига ёки судга мурожаат қилиш.

Фойдаланувчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



29-модда. Фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари


Фойдаланувчилар:

телекоммуникациялар хизматларидан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиши;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлик сертификатига эга бўлган, халқаро ўзига хос идентификация кодлари рўйхатдан ўтказилган мобиль қурилмалардан фойдаланиши;

ўзига кўрсатилган хизматлар учун ҳақни ўз вақтида тўлаши;

иш сифатини пасайтиришга ёки телекоммуникациялар тармоқларини шикастлантиришга қаратилган хатти-ҳаракатлар қилмаслиги шарт.

Фойдаланувчиларнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



30-модда. Телекоммуникациялар хизматларидан

фойдаланишдаги имтиёзлар


Қонунчиликда фойдаланувчиларнинг айрим тоифаларига телекоммуникациялар хизматларидан фойдаланишга доир имтиёзлар белгиланиши мумкин.

Фойдаланувчиларнинг айрим тоифаларига телекоммуникациялар хизматларидан фойдаланишга доир белгиланган имтиёзлар берилиши муносабати билан операторлар ва провайдерларнинг маблағларини компенсация қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


31-модда. Телекоммуникациялар инфратузилмасини қўриқлаш


Телекоммуникациялар инфратузилмасини қўриқлаш тартиби қонунчиликда белгиланади.

Телекоммуникациялар инфратузилмасига шикаст етказилишига, унга рухсатсиз уланишга йўл қўйган юридик ва жисмоний шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



32-модда. Низоларни ҳал этиш


Ваколатли давлат органи, давлат назорати органи, тартибга солувчи орган, операторлар, провайдерлар ва фойдаланувчилар ўртасида юзага келадиган телекоммуникациялар соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



33-модда. Телекоммуникациялар тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик


Телекоммуникациялар тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



34-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 13 январда қабул қилинган "Алоқа тўғрисида"ги 512-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 йил, N 3, 159-модда);


2) Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 549-I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, N 3, 38-модда) IV бўлими;


3) Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 20 августда қабул қилинган "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги 822-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 9, 219-модда);


4) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1999 йил 20 августда қабул қилинган "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 823-I-сон Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 9, 220-модда);


5) Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 82-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, N 5-6, 153-модда) III бўлими;


6) Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 482-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, N 5, 67-модда) II бўлими;


7) Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 27 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 671-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, N 9, 171-модда) XIV бўлими;


8) Ўзбекистон Республикасининг 2005 йил 22 сентябрда қабул қилинган "Тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-7-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 9, 311-модда) 4-моддаси;


9) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 6 апрелда қабул қилинган "Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тартиб-таомиллари соддалаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-31-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 4, 157-модда) 6-моддаси;


10) Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 5 сентябрда қабул қилинган "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-107-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 9, 414-модда);


11) Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 30 декабрда қабул қилинган "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-314-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, N 12/2, 366-модда);


12) Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 29 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-345-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, N 12, 336-модда) 11-моддаси;


13) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-352-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, N 4, 98-модда) 31-моддаси;


14) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги ЎРҚ-372-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, N 5, 130-модда) 1-моддаси;


15) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 18 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-429-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 4, 137-модда) 1-моддаси;


16) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 23 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-542-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 5, 267-модда) 20-моддаси;


17) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 12 ва 110-моддалари;


18) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 октябрда қабул қилинган "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-721-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, N 10, 968-модда) 16-моддаси;


19) Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 6 июнда қабул қилинган "Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-775-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, N 6, 570-модда) 9-моддаси;


20) Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 3 ноябрда қабул қилинган "Стандартлаштириш тўғрисида"ги ЎРҚ-800-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, N 11, 1061-модда) 28-моддаси биринчи қисмининг 7-банди;


21) Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 23 октябрда қабул қилинган "Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-871-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2023 йил, N 10, 795-модда) 3-моддаси.



35-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



36-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



37-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 28 декабрь



















































































Время: 0.0998
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск