Внимание!

NB! Мазкур Конун расмий эълон килинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради. Ушбу Қонун 26-моддаси биринчи қисми 1-бандининг 1, 2, 3, 5 ва 6-кичик бандлари ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан амалга киритилади.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июль, 2025 й. / Фуқаролик. Мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари /

Ўзбекистон Республикасининг 10.07.2025 й. ЎРҚ-1074-сон "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 15.10.2024 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 24.01.2025 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

10.07.2025 й.

N ЎРҚ-1074




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ФУҚАРОЛАРИНИ, ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОЛАРИНИ

ҲАМДА ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИ

ЯШАШ ЖОЙИ ВА ТУРГАН ЖОЙИ БЎЙИЧА

РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 15 октябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2025 йил 24 январда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини,

чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган

шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича

рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қонунчилик


Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини,

чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган

шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича

рўйхатдан ўтказиш асослари


Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, шунингдек қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган чет эл фуқароларининг ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйлаб эркин ҳаракатланишга, турар ва яшаш жойини танлашга доир конституциявий ҳуқуқини, бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни, шунингдек улар томонидан бошқа шахслар, давлат ва жамият олдидаги мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш (бундан буён матнда яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш деб юритилади) амалга оширилади.

Яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш рухсат этиш хусусиятига эга эмас.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмаганлиги, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини чеклаш учун асос бўлмайди.



4-модда. Яшаш жойи ва турган жой тушунчалари


Шахс мулкдор сифатида, ижара (иккиламчи ижара), текин фойдаланиш шартномаси бўйича ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа асосларга кўра доимий равишда (асосан) яшайдиган ҳамда ўзи яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган уй, квартира, хизмат турар жойи, махсус уй (ётоқхона, вақтинчалик уй-жой фонди уйи ёки ногиронлар, фахрийлар, ёлғиз қариялар учун интернат-уй, шунингдек болалар уйи ёки бошқа махсус мақсадли уй) ёхуд бошқа турар жой яшаш жойидир.

Шахс қонунчиликда назарда тутилган асосларда вақтинча яшайдиган жойлаштириш воситаси, даволаш муассасаси ёки шахснинг яшаш жойи ҳисобланмайдиган турар жой турган жойдир.

Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаган шахсларнинг ёки васийликдаги шахсларнинг қонуний вакиллари - тегишинча ота-оналари (ёлғиз отаси ёки онаси), фарзандликка олувчилари ёки васийлари яшайдиган жой мазкур вояга етмаган шахсларнинг ёки васийликдаги шахсларнинг яшаш жойи ҳисобланади.

Ўн тўрт ёшдан ўн олти ёшга қадар бўлган вояга етмаган шахсларнинг ёки ҳомийликдаги шахсларнинг қонуний вакиллари - тегишинча ота-оналари (ёлғиз отаси ёки онаси), фарзандликка олувчилари ёки ҳомийлари яшайдиган жой мазкур вояга етмаган шахсларнинг ёки ҳомийликдаги шахсларнинг яшаш жойи ҳисобланади.



5-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


бола - ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс;


васийликдаги ёки ҳомийликдаги бола (бундан буён матнда васийликдаги (ҳомийликдаги) бола деб юритилади) - ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган бола;


даволаш муассасалари - санаторийлар, даволаш пансионатлари, давлат клиникалари ва хусусий клиникалар, шифохоналар, касалхоналар ва бошқа тиббиёт муассасалари;


ёлғиз ота ёки она - болани тарбиялаётган ота (она), башарти боланинг туғилганлиги тўғрисидаги расмий ҳужжатларда ота-онасидан бири ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлмаса ёхуд бундай маълумотлар болани тарбиялаётган отанинг (онанинг) сўзларига асосан киритилган бўлса;


жойлаштириш воситалари - меҳмонхоналар, туристик базалар ва мажмуалар, дам олиш уйлари ва зоналари, пансионатлар, кемпинглар, мотеллар, меҳмон уйлари, ўтов ва чодирли оромгоҳлар, санаторийлар ҳамда меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш бўйича хизматлар) кўрсатиладиган бошқа объектлар;


идентификацияловчи ID-карта (бундан буён матнда идентификацияловчи карта деб юритилади) - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида идентификацияловчи карта эгасининг шахсини ва фуқаролигини, яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқлайдиган, эгасининг шахсига доир биографик ва биометрик маълумотлар киритилган электрон жисмга (чипга) эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси фуқаросига, чет эл фуқаросига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга бериладиган ҳужжат;


турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш - Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг, чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг турган жойи тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда қайд этиш;


фуқаролиги бўлмаган шахс - Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган ва ўзининг чет давлат фуқаролигига мансублигига доир далилга эга бўлмаган шахс;


чет эл фуқароси - Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига эга бўлмаган, бошқа давлат фуқаролигига ва ўзининг бошқа давлат фуқаролигига мансублигига доир далилга эга бўлган шахс;


яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш - Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда қайд этиш;


Ўзбекистон Республикасининг хорижда доимий яшовчи фуқароси - Ўзбекистон Республикасидаги яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтганлиги бекор қилинган ҳамда хорижга доимий яшаш учун чиқиб кетишга доир рухсатнома расмийлаштирган Ўзбекистон Республикаси фуқароси;


ҳаракатланиш ҳужжатлари - миллий паспортлар, шунингдек уларнинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжатлар бўлиб, улар асосида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ҳамда халқаро шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш (ундан чиқиш) ва унинг ҳудудида бўлиш ҳуқуқига эга бўлади;


"Е-mehmon" автоматлаштирилган ахборот тизими (бундан буён матнда "Е-mehmon" тизими деб юритилади) - жойлаштириш воситаларида ва даволаш муассасаларида фойдаланиладиган, жойлаштириш воситаларида яшовчи ёки даволаш муассасаларида стационар шароитда даволанаётган шахсларни турган жойи бўйича хабардор қилиш тартибида рўйхатдан ўтказишни амалга ошириш учун мўлжалланган автоматлаштирилган ахборот тизими;


"Е-xabar berish" автоматлаштирилган ахборот тизими (бундан буён матнда "E-xabar berish" тизими деб юритилади) - шахсларни турган жойи бўйича хабардор қилиш тартибида рўйхатдан ўтказишни амалга ошириш учун мўлжалланган автоматлаштирилган ахборот тизими;


"Manzil" автоматлаштирилган ахборот тизими (бундан буён матнда "Manzil" тизими деб юритилади) - шахсларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказишни амалга ошириш учун мўлжалланган автоматлаштирилган ахборот тизими.



6-модда. Яшаш жойи ва турган жой бўйича

рўйхатдан ўтказишнинг асосий қоидалари


Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиши шарт.

Шахсларнинг яшаши учун уй-жой майдонини берувчи турар жой мулкдори ёки турар жойни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ушбу шахсларни яшаш жойи ёки турган жойи бўйича ўз вақтида рўйхатдан ўтказиши керак.

Жойлаштириш воситаларида турган шахсларни турган жойи бўйича хабардор қилиш тартибида рўйхатдан ўтказиш жойлаштириш воситаларининг масъул ходимлари томонидан "E-mehmon" тизими орқали амалга оширилади.

Даволаш муассасаларида стационар шароитда даволанаётган шахсларни турган жойи бўйича хабардор қилиш тартибида рўйхатдан ўтказиш ушбу муассасаларнинг масъул ходимлари томонидан "E-mehmon" тизими орқали амалга оширилади.

ФҲДЁ органи томонидан боланинг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш чоғида ушбу маълумотлар мазкур ахборот тизими орқали ота-онасининг (ёлғиз отасининг ёки онасининг) яшаш жойига мувофиқ болани яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш учун автоматик равишда "Manzil" тизимига бир вақтнинг ўзида келиб тушади.

Ўн олти ёшга тўлмаган болани яшаш жойи (турган жойи) бўйича рўйхатдан ўтказиш унинг ота-онасининг (ёлғиз отасининг ёки онасининг), тутинган ота-онасининг ёки васийсининг (ҳомийсининг) аризасига асосан уларнинг яшаш жойи (турган жойи) бўйича амалга оширилади.

Тарбия, даволаш муассасаларида ва бошқа муассасаларда турган етим болалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, шунингдек қариялар уйларидаги шахсларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тегишинча тарбия, даволаш муассасалари ва бошқа муассасалар, шунингдек қариялар уйлари раҳбарларининг хатларига асосан ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Жазони ижро этиш муассасаларига жазони ўташ учун келтирилган шахсларни турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш жазони ижро этиш муассасалари раҳбарларининг хатларига асосан ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказганлик учун "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.



7-модда. Яшаш жойи ва турган жой бўйича

рўйхатдан ўтиш зарур бўлган муддатлар


Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўз яшаш жойи ёки турган жойи ўзгарган тақдирда, янги яшаш жойига ёки турган жойига келган кундан эътиборан ўн иш кунидан кечиктирмай тегишинча яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиши шарт.

Ўзбекистон Республикасининг хорижда доимий яшовчи фуқаролари Ўзбекистон Республикасига кирган кундан эътиборан ўн иш кунидан кечиктирмай яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиши шарт.

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасига кирган кундан эътиборан, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ёки қонунчилигида бошқача муддат назарда тутилмаган бўлса, уч иш кунидан кечиктирмай турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиши шарт.



8-модда. Ўзбекистон Республикаси бўйлаб эркин

ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш

ҳуқуқи чекланган ҳудудлар


Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи чекланиши мумкин:

чегара зонасида;

ёпиқ ҳарбий шаҳарчаларда;

ёпиқ маъмурий-ҳудудий тузилмаларда;

табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар рўй берган зоналарда, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлигига таҳдид соладиган бошқа жойларда;

юқумли касалликларнинг ҳамда юқумли бўлмаган оммавий касалликларнинг тарқалиши, одамларнинг заҳарланиш хавфи мавжуд бўлганлиги муносабати билан аҳолининг яшаши ҳамда хўжалик фаолияти учун алоҳида шартлар ва режимлар жорий этилган айрим ҳудудларда ҳамда аҳоли пунктларида;

ўта муҳим ва тоифаланган объектларда;

фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат эълон қилинган ҳудудларда.



2-БОБ. ЯШАШ ЖОЙИ ВА ТУРГАН ЖОЙ БЎЙИЧА

РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ СОҲАСИДАГИ

ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ


9-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг яшаш жойи ва турган жой бўйича

рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги давлат дастурларининг ҳамда бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва рўёбга чиқарилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди;

яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги маъмурий регламентларни тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



10-модда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар

вазирлигининг яшаш жойи ва турган жой бўйича

рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширади ҳамда назорат қилади;

яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасида мутахассислар тайёрланишини, қайта тайёрланишини ҳамда уларнинг малакаси оширилишини таъминлайди;

яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказишга доир услубий кўрсатмаларни, тавсияномаларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этишда иштирок этади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



11-модда. Яшаш жойи ва турган жой бўйича

рўйхатдан ўтказиш соҳасида давлат органлари,

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик


Ички ишлар органлари яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасида ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга оширади.



3-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ФУҚАРОЛАРИНИ ЯШАШ ЖОЙИ ВА ТУРГАН

ЖОЙИ БЎЙИЧА РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ


12-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини

яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш


Ўзбекистон Республикаси фуқароларини яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш:

ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида (шахсан мурожаат қилинганда);

давлат хизматлари марказларида (шахсан мурожаат қилинганда);

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали (хабардор қилиш тартибида) амалга оширилади.

Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш масаласида ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига ёки давлат хизматлари марказига мурожаат қилган рўйхатдан ўтаётган шахс қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) уй-жой майдонини бериш тўғрисидаги аризасини (розилигини), шахсан бориш имкони мавжуд бўлмаганда эса унинг (уларнинг) нотариал тартибда тасдиқланган аризасини (розилигини);

турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) паспортини (яшаш гувоҳномасини) ёки идентификацияловчи картасини;

рўйхатдан ўтаётган шахснинг паспортини ёки идентификацияловчи картасини;

ўн олти ёшга тўлмаган бола аризада кўрсатилган тақдирда, унинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни;

васийликдаги (ҳомийликдаги) бола ёки оилага тарбияга олинган (патронат) бола аризада кўрсатилган тақдирда, васийликни (ҳомийликни) тасдиқловчи ҳужжатларни ёки болани оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишувни.

Ўз ота-онасининг ёки ота-онасидан бирининг (ёлғиз отасининг ёки онасининг) яшаш жойи манзилида болани яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказишда мулкдорнинг (мулкдорларнинг) турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) талаб этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тасарруфидаги хизмат турар жойида (ётоқхонада) яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш турар жойнинг ҳужжатига (ордерга) ёки мазкур корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ёзма рухсатига асосан ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида (шахсан мурожаат қилинганда) амалга оширилади. Бунда рўйхатдан ўтаётган шахс ушбу модда иккинчи қисмининг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этади.

Ҳужжатларни қабул қилган масъул ходим ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текширади ва Ўзбекистон Республикаси фуқаросини яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровномани (аризани) шакллантиради, электрон сўровномага (аризага) тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар киритилади. Бунда электрон сўровнома (ариза) рўйхатдан ўтаётган шахс томонидан фойдаланувчини идентификация ва верификация қилиш воситалари орқали тасдиқланади, зарур бўлган тақдирда эса рўйхатдан ўтаётган шахс томонидан электрон сўровноманинг (аризанинг) қоғоздаги кўчирма нусхаси имзоланади. Шакллантирилган электрон сўровнома (ариза) "Manzil" тизимига юкланади.

Рўйхатдан ўтаётган шахс Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали яшаш жойи бўйича хабардор қилиш тартибида ўзини рўйхатдан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаросини яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровномани (аризани) шакллантиради, электрон сўровномага (аризага) ушбу модда иккинчи қисмининг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида санаб ўтилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар киритилади. Бунда электрон сўровнома (ариза) рўйхатдан ўтаётган шахс ҳамда турар жой мулкдори (мулкдорлари) томонидан фойдаланувчини идентификация ва верификация қилиш воситалари орқали тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросини яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровномани (аризани) кўриб чиқиш муддати бир иш кунидан ошмаслиги керак.

Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахсга яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги электрон ва (ёки) қоғоз шаклидаги маълумотнома расмийлаштирилади.



13-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини

турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш


Ўзбекистон Республикаси фуқароларини турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш:

ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида (шахсан мурожаат қилинганда);

ички ишлар органларининг таянч пунктларида ва маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларида (шахсан мурожаат қилинганда);

давлат хизматлари марказларида (шахсан мурожаат қилинганда);

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали (хабардор қилиш тартибида);

"E-xabar berish" тизими орқали (хабардор қилиш тартибида);

жойлаштириш воситаларида ёки даволаш муассасаларида "E-mehmon" тизими орқали (хабардор қилиш тартибида) амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтганлиги мавжуд эмаслиги уни турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асос бўлмайди.

Турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш масаласида ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига, ички ишлар органларининг таянч пунктига ёки маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканига, давлат хизматлари марказига мурожаат қилган рўйхатдан ўтаётган шахс қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) уй-жой майдонини бериш тўғрисидаги аризасини (розилигини), шахсан бориш имкони мавжуд бўлмаганда эса унинг (уларнинг) нотариал тартибда тасдиқланган аризасини (розилигини);

турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) паспортини (яшаш гувоҳномасини) ёки идентификацияловчи картасини;

рўйхатдан ўтаётган шахснинг паспортини ёки идентификацияловчи картасини;

ўн олти ёшга тўлмаган бола аризада кўрсатилган тақдирда, унинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни;

васийликдаги (ҳомийликдаги) бола ёки оилага тарбияга олинган (патронат) бола аризада кўрсатилган тақдирда, васийликни (ҳомийликни) тасдиқловчи ҳужжатларни ёки болани оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишувни.

Солиқ органларида ҳисобга олинган турар жойнинг ижара шартномаси тақдим этилганда турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) уй-жой майдонини бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) талаб этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) аризасида ёки солиқ органларида ҳисобга олинган турар жойнинг ижара шартномасида кўрсатилган, аммо бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилади.

Ўз ота-онасининг ёки ота-онасидан бирининг (ёлғиз отасининг ёки онасининг) турган жойи манзилида болани турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишда мулкдорнинг (мулкдорларнинг) турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) талаб этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тасарруфидаги хизмат турар жойида (ётоқхонада) турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш мазкур корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ёзма рухсатига асосан ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида (шахсан мурожаат қилинганда) амалга оширилади. Бунда рўйхатдан ўтаётган шахс ушбу модда учинчи қисмининг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этади.

Ҳужжатларни қабул қилган масъул ходим ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текширади ва Ўзбекистон Республикаси фуқаросини турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровномани (аризани) шакллантиради, электрон сўровномага (аризага) тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар киритилади. Бунда электрон сўровнома (ариза) рўйхатдан ўтаётган шахс томонидан фойдаланувчини идентификация ва верификация қилиш воситалари орқали тасдиқланади, зарур бўлган тақдирда эса рўйхатдан ўтаётган шахс томонидан электрон сўровноманинг (аризанинг) қоғоздаги кўчирма нусхаси имзоланади. Шакллантирилган электрон сўровнома (ариза) "E-xabar berish" тизимига юкланади.

Рўйхатдан ўтаётган шахс Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки "E-xabar berish" тизими орқали турган жойи бўйича хабардор қилиш тартибида ўзини рўйхатдан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаросини турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровномани (аризани) шакллантиради, электрон сўровномага (аризага) ушбу модда учинчи қисмининг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида санаб ўтилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар киритилади. Бунда электрон сўровнома (ариза) рўйхатдан ўтаётган шахс ҳамда турар жой мулкдори (мулкдорлари) томонидан фойдаланувчини идентификация ва верификация қилиш воситалари орқали тасдиқланади. Агар Ўзбекистон Республикаси фуқаросини турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровнома (ариза) солиқ органларида ҳисобга олинган турар жойнинг ижара шартномасига асосан шакллантирилса, турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) тасдиғи талаб этилмайди.

Жойлаштириш воситасида турган Ўзбекистон Республикаси фуқаросини турган жойи бўйича хабардор қилиш тартибида "E-mehmon" тизими орқали рўйхатдан ўтказиш учун жойлаштириш воситасининг масъул ходими томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаросини турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровнома шакллантирилади, электрон сўровномага рўйхатдан ўтаётган шахснинг паспортида ёки идентификацияловчи картасида (боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида) кўрсатилган маълумотлар киритилади.

Даволаш муассасасида стационар шароитда даволанаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаросини турган жойи бўйича хабардор қилиш тартибида "E-mehmon" тизими орқали рўйхатдан ўтказиш учун даволаш муассасасининг масъул ходими томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаросини турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровнома шакллантирилади, электрон сўровномага рўйхатдан ўтаётган шахснинг паспортида ёки идентификацияловчи картасида (боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида) кўрсатилган маълумотлар киритилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросини турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровномани (аризани) кўриб чиқиш муддати бир иш кунидан ошмаслиги керак.

Турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахсга турган жойи бўйича рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги электрон ва (ёки) қоғоз шаклидаги маълумотнома расмийлаштирилади.

Агар турган жойи бўйича рўйхатдан ўтганлик муддати тугаган бўлса, аммо шахс ушбу жойда бўлишни давом эттирса, у ўн иш куни ичида турган жойи бўйича янгидан рўйхатдан ўтиши зарур.



14-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яшаш

жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш


Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси фуқароси янги яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганда;

турар жой мулкдорининг аризасига кўра - турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига (бундан мазкур шахсларнинг турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи суд томонидан белгиланганлиги ёки тарафлар ўртасида келишув мавжудлиги ҳоллари мустасно) ёхуд ушбу Қонуннинг 20-моддасида белгиланган уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига риоя қилинган ҳолда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига нисбатан;

Ўзбекистон Республикаси фуқароси хорижга доимий яшашга кетаётганда;

озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг нотариал тартибда тасдиқланган ишончномаси ёки розилиги асосида;

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш тўғрисидаги шахсий мурожаати ёки бошқа шахснинг нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома асосидаги мурожаати бўйича.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш суд томонидан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси қўлланилмаган ҳолда рўйхатдан ўтказилган шахснинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш тўғрисидаги суднинг қонуний кучга кирган қарорига асосан;

шахсни турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш тўғрисидаги, шахсни бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги, шахсни вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ёки шахсни турар жойдан кўчириш ҳақидаги суднинг қонуний кучга кирган қарорига асосан;

шахснинг қалбаки ҳужжатлар ёки ҳақиқатга мос келмайдиган ҳужжатлар асосида яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлиги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаросини яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказган мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари аниқланганда - суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукмига асосан;

шахсга нисбатан умрбод озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазо тайинланганда - суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукмига асосан.

Турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи суд томонидан белгиланган шахсларнинг розилигисиз уларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш фақат суднинг қарорига асосан амалга оширилади.

Ушбу модданинг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш тўғрисидаги ахборот тегишинча ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари ҳамда судлар томонидан "Manzil" тизимига киритилади.

Ўзбекистон Республикасининг ўн олти ёшга тўлмаган фуқароларининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш уларнинг ота-онасининг (ёлғиз отасининг ёки онасининг), тутинган ота-онасининг ёки васийларининг (ҳомийларининг) яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш билан бир вақтда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси вафот этганда унинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш ўлим ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштириш чоғида ФҲДЁ органларидан идоралараро ахборот алмашиш тизими орқали олинган маълумотларга ёки ўлим ҳақидаги гувоҳнома тақдим этилганда турар жой мулкдорининг аризасига асосан ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Турар жой мулкдори (мулкдорлари) Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш учун ички ишлар органининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш тўғрисидаги аризани;

турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) паспортини (яшаш гувоҳномасини) ёки идентификацияловчи картасини;

турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ва яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганликни бекор қилиш учун асос бўлган ҳужжатни.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси ўзининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш учун ички ишлар органининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш тўғрисидаги аризани;

паспортини ёки идентификацияловчи картасини;

ўн олти ёшга тўлмаган бола аризада кўрсатилган тақдирда, унинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни.

Хорижда доимий яшашга кетиш учун рухсат олган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ўзининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш учун ички ишлар органининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш тўғрисидаги аризани;

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортини;

ўн олти ёшга тўлмаган бола аризада кўрсатилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси ўн олти ёшга тўлмаган фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортини.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижда доимий яшашга кетиш учун рухсатномани расмийлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Ушбу модданинг олтинчи, еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи қисмларида кўрсатилган ҳужжатларни қабул қилган масъул ходим ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текширади ва Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш тўғрисидаги электрон сўровномани (аризани) шакллантиради, электрон сўровномага (аризага) тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар киритилади. Бунда электрон сўровнома (ариза) ариза берувчи томонидан фойдаланувчини идентификация ва верификация қилиш воситалари орқали тасдиқланади, зарур бўлган тақдирда эса мазкур шахс томонидан электрон сўровноманинг (аризанинг) қоғоздаги кўчирма нусхаси имзоланади. Шакллантирилган электрон сўровнома (ариза) "Manzil" тизимига юкланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш тўғрисидаги электрон сўровномани (аризани) кўриб чиқиш муддати бир иш кунидан ошмаслиги керак.



4-БОБ. ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОЛАРИНИ ҲАМДА

ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИ ЯШАШ

ЖОЙИ ВА ТУРГАН ЖОЙИ БЎЙИЧА

РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ


15-модда. Ўзбекистон Республикасида доимий

яшовчи чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган

шахсларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш


Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида (шахсан мурожаат қилинганда) амалга оширилади.

Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш масаласида ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига мурожаат қилган рўйхатдан ўтаётган шахс қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) уй-жой майдонини бериш тўғрисидаги аризасини (розилигини), шахсан бориш имкони мавжуд бўлмаганда эса унинг (уларнинг) нотариал тартибда тасдиқланган аризасини (розилигини);

турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) паспортини (яшаш гувоҳномасини) ёки идентификацияловчи картасини;

рўйхатдан ўтаётган шахснинг идентификацияловчи картасини (яшаш гувоҳномасини);

ўн олти ёшга тўлмаган бола аризада кўрсатилган тақдирда, унинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни;

васийликдаги (ҳомийликдаги) бола ёки оилага тарбияга олинган (патронат) бола аризада кўрсатилган тақдирда, васийликни (ҳомийликни) тасдиқловчи ҳужжатларни ёки болани оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишувни.

Ўз ота-онасининг ёки ота-онасидан бирининг (ёлғиз отасининг ёки онасининг) яшаш жойи манзилида болани яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказишда мулкдорнинг (мулкдорларнинг) турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) талаб этилмайди.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тасарруфидаги хизмат турар жойида (ётоқхонада) яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш турар жойнинг ҳужжатига (ордерга) ёки мазкур корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ёзма рухсатига асосан ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида (шахсан мурожаат қилинганда) амалга оширилади. Бунда рўйхатдан ўтаётган шахс ушбу модда иккинчи қисмининг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этади.

Ҳужжатларни қабул қилган масъул ходим ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текширади ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросини (фуқаролиги бўлмаган шахсни) яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровномани (аризани) шакллантиради, электрон сўровномага (аризага) тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар киритилади. Бунда электрон сўровнома (ариза) рўйхатдан ўтаётган шахс томонидан фойдаланувчини идентификация ва верификация қилиш воситалари орқали тасдиқланади, зарур бўлган тақдирда эса рўйхатдан ўтаётган шахс томонидан электрон сўровноманинг (аризанинг) қоғоздаги кўчирма нусхаси имзоланади. Шакллантирилган электрон сўровнома (ариза) "Manzil" тизимига юкланади.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросини (фуқаролиги бўлмаган шахсни) яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровномани (аризани) кўриб чиқиш муддати бир иш кунидан ошмаслиги керак.

Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахсга яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги электрон ва (ёки) қоғоз шаклидаги маълумотнома расмийлаштирилади.



16-модда. Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи

чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни

турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш


Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш:

ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида (шахсан мурожаат қилинганда);

ички ишлар органларининг таянч пунктлари ва маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларида (шахсан мурожаат қилинганда);

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали (хабардор қилиш тартибида);

"Е-xabar berish" тизими орқали (хабардор қилиш тартибида);

жойлаштириш воситаларида ёки даволаш муассасаларида "Е-mehmon" тизими орқали (хабардор қилиш тартибида) амалга оширилади.

Турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш масаласида ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига, ички ишлар органларининг таянч пунктига ёки маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканига мурожаат қилган рўйхатдан ўтаётган шахс қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) уй-жой майдонини бериш тўғрисидаги аризасини (розилигини), шахсан бориш имкони мавжуд бўлмаганда эса унинг (уларнинг) нотариал тартибда тасдиқланган аризасини (розилигини);

турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) паспортини (яшаш гувоҳномасини) ёки идентификацияловчи картасини;

рўйхатдан ўтаётган шахснинг идентификацияловчи картасини (яшаш гувоҳномасини);

ўн олти ёшга тўлмаган бола аризада кўрсатилган тақдирда, унинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни;

васийликдаги (ҳомийликдаги) бола ёки оилага тарбияга олинган (патронат) бола аризада кўрсатилган тақдирда, васийликни (ҳомийликни) тасдиқловчи ҳужжатларни ёки болани оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишувни.

Солиқ органларида ҳисобга олинган турар жойнинг ижара шартномаси тақдим этилганда турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) уй-жой майдонини бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) талаб этилмайди.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) аризасида ёки солиқ органларида ҳисобга олинган турар жойнинг ижара шартномасида кўрсатилган, аммо бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилади.

Ўз ота-онасининг ёки ота-онасидан бирининг (ёлғиз отасининг ёки онасининг) турган жойи манзилида болани турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишда мулкдорнинг (мулкдорларнинг) турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) талаб этилмайди.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тасарруфидаги хизмат турар жойида (ётоқхонада) турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш мазкур корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ёзма рухсатига асосан ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида (шахсан мурожаат қилинганда) амалга оширилади. Бунда рўйхатдан ўтаётган шахс ушбу модда иккинчи қисмининг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этади.

Ҳужжатларни қабул қилган масъул ходим ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текширади ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросини (фуқаролиги бўлмаган шахсни) турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровномани (аризани) шакллантиради, электрон сўровномага (аризага) тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар киритилади. Бунда электрон сўровнома (ариза) рўйхатдан ўтаётган шахс томонидан фойдаланувчини идентификация ва верификация қилиш воситалари орқали тасдиқланади, зарур бўлган тақдирда эса рўйхатдан ўтаётган шахс томонидан электрон сўровноманинг (аризанинг) қоғоздаги кўчирма нусхаси имзоланади. Шакллантирилган электрон сўровнома (ариза) "E-xabar berish" тизимига юкланади.

Рўйхатдан ўтаётган шахс Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки "E-xabar berish" тизими орқали турган жойи бўйича хабардор қилиш тартибида ўзини рўйхатдан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросини (фуқаролиги бўлмаган шахсни) турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровномани (аризани) шакллантиради, электрон сўровномага (аризага) ушбу модда иккинчи қисмининг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида санаб ўтилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар киритилади. Бунда электрон сўровнома (ариза) рўйхатдан ўтаётган шахс ҳамда турар жой мулкдори (мулкдорлари) томонидан фойдаланувчини идентификация ва верификация қилиш воситалари орқали тасдиқланади. Агар Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросини (фуқаролиги бўлмаган шахсни) турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровнома (ариза) солиқ органларида ҳисобга олинган турар жойнинг ижара шартномасига асосан шакллантирилса, турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) тасдиғи талаб этилмайди.

Жойлаштириш воситасида турган Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни турган жойи бўйича хабардор қилиш тартибида "E-mehmon" тизими орқали рўйхатдан ўтказиш учун жойлаштириш воситасининг масъул ходими томонидан Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросини (фуқаролиги бўлмаган шахсни) турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровнома шакллантирилади, электрон сўровномага рўйхатдан ўтаётган шахснинг идентификацияловчи картасида ёки яшаш гувоҳномасида (боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида) кўрсатилган маълумотлар киритилади.

Даволаш муассасасида стационар шароитда даволанаётган Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни турган жойи бўйича хабардор қилиш тартибида "E-mehmon" тизими орқали рўйхатдан ўтказиш учун даволаш муассасасининг масъул ходими томонидан Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросини (фуқаролиги бўлмаган шахсни) турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровнома шакллантирилади, электрон сўровномага рўйхатдан ўтаётган шахснинг идентификацияловчи картасида ёки яшаш гувоҳномасида (боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида) кўрсатилган маълумотлар киритилади.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросини (фуқаролиги бўлмаган шахсни) турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровномани (аризани) кўриб чиқиш муддати бир иш кунидан ошмаслиги керак.

Турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахсга турган жойи бўйича рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги электрон ва (ёки) қоғоз шаклидаги маълумотнома расмийлаштирилади.

Агар турган жойи бўйича рўйхатдан ўтганлик муддати тугаган бўлса, аммо шахс ушбу жойда бўлишни давом эттирса, у ўн иш куни ичида турган жойи бўйича янгидан рўйхатдан ўтиши зарур.



17-модда. Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган

чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга

Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш

учун рухсатнома бериш


Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш учун рухсатнома бериш ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида шахсан мурожаат қилинганда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш учун рухсатномага эга бўлмаган, бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилмайди.

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш учун рухсатнома Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари рўйхати асосида берилади.

Чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш учун рухсатнома бериш тартиби ҳамда Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.



18-модда. Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи

чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган

шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан

ўтказилганлигини бекор қилиш


Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида янги яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтганда;

турар жой мулкдорининг аризасига кўра - турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга (бундан мазкур шахсларнинг турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи суд томонидан белгиланганлиги ёки тарафлар ўртасида келишув мавжудлиги ҳоллари мустасно) ёхуд ушбу Қонуннинг 20-моддасида белгиланган уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига риоя қилинган ҳолда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилган Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан;

давлат ҳокимияти органлари, республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари раҳбарларининг илтимосномасига асосан чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилган Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш учун рухсатномаларни бекор қилиш тўғрисидаги мазкур давлат органлари ва ташкилотларининг билдиришномаси асосида;

чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс қонунчиликда белгиланган тартибда хорижга доимий яшашга кетаётганда;

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг нотариал тартибда тасдиқланган ишончномаси ёки розилиги асосида;

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш тўғрисидаги шахсий мурожаати ёки бошқа шахснинг нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома асосидаги мурожаати бўйича.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш суд томонидан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси қўлланилмаган ҳолда рўйхатдан ўтказилган шахснинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш тўғрисидаги суднинг қонуний кучга кирган қарорига асосан;

шахсни турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш тўғрисидаги, шахсни бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги, шахсни вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ёки шахсни турар жойдан кўчириш ҳақидаги суднинг қонуний кучга кирган қарорига асосан;

шахснинг қалбаки ҳужжатлар ёки ҳақиқатга мос келмайдиган ҳужжатлар асосида яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлиги, шунингдек чет эл фуқаросини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказган мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари аниқланганда - суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукмига асосан;

шахсга нисбатан умрбод озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазо тайинланганда - суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукмига асосан.

Турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи суд томонидан белгиланган шахсларнинг розилигисиз уларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш фақат суднинг қарорига асосан амалга оширилади.

Ушбу модданинг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросининг (фуқаролиги бўлмаган шахснинг) яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш тўғрисидаги ахборот тегишинча ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари ҳамда судлар томонидан "Manzil" тизимига киритилади.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи ўн олти ёшга тўлмаган чет эл фуқароларининг (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг) яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш уларнинг ота-онасининг (ёлғиз отасининг ёки онасининг), тутинган ота-онасининг ёки васийларининг (ҳомийларининг) яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш билан бир вақтда амалга оширилади.

Чет эл фуқароси (фуқаролиги бўлмаган шахс) вафот этганда унинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш ўлим ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштириш чоғида ФҲДЁ органларидан идоралараро ахборот алмашиш тизими орқали олинган маълумотларга ёки ўлим ҳақидаги гувоҳнома тақдим этилганда турар жой мулкдорининг аризасига асосан ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Турар жой мулкдори (мулкдорлари) чет эл фуқаросининг (фуқаролиги бўлмаган шахснинг) яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш учун ички ишлар органининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

чет эл фуқаросининг (фуқаролиги бўлмаган шахснинг) яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш тўғрисидаги аризани;

турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) паспортини (яшаш гувоҳномасини) ёки идентификацияловчи картасини;

турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ва яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганликни бекор қилиш учун асос бўлган ҳужжатни.

Чет эл фуқароси (фуқаролиги бўлмаган шахс) ўзининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш учун ички ишлар органининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

чет эл фуқаросининг (фуқаролиги бўлмаган шахснинг) яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш тўғрисидаги аризани;

идентификацияловчи картасини (яшаш гувоҳномасини);

ўн олти ёшга тўлмаган бола аризада кўрсатилган тақдирда, унинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни.

Ушбу модданинг олтинчи, еттинчи ёки саккизинчи қисмларида кўрсатилган ҳужжатларни қабул қилган масъул ходим ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текширади ва чет эл фуқаросининг (фуқаролиги бўлмаган шахснинг) яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш тўғрисидаги электрон сўровномани (аризани) шакллантиради, электрон сўровномага (аризага) тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар киритилади. Бунда электрон сўровнома (ариза) ариза берувчи томонидан фойдаланувчини идентификация ва верификация қилиш воситалари орқали тасдиқланади, зарур бўлган тақдирда эса мазкур шахс томонидан электрон сўровноманинг (аризанинг) қоғоздаги кўчирма нусхаси имзоланади. Шакллантирилган электрон сўровнома (ариза) "Manzil" тизимига юкланади.

Чет эл фуқаросининг (фуқаролиги бўлмаган шахснинг) яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш тўғрисидаги электрон сўровномани (аризани) кўриб чиқиш муддати бир иш кунидан ошмаслиги керак.



19-модда. Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган

ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет

эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни

турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш


Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш:

ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида (шахсан мурожаат қилинганда);

жойлаштириш воситаларида ёки даволаш муассасаларида "Е-mehmon" тизими орқали (хабардор қилиш тартибида) амалга оширилади.

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни таклиф қилган (қабул қилаётган) жисмоний ва юридик шахслар уларни турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш учун ички ишлар органларининг ҳудудий миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) уй-жой майдонини бериш тўғрисидаги аризасини (розилигини), шахсан бориш имкони мавжуд бўлмаганда эса унинг (уларнинг) нотариал тартибда тасдиқланган аризасини (розилигини);

турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) паспортини (яшаш гувоҳномасини) ёки идентификацияловчи картасини;

рўйхатдан ўтаётган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатини;

ўн олти ёшга тўлмаган бола аризада кўрсатилган тақдирда, унинг ҳаракатланиш ҳужжатини;

агар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга оширса - қабул қилаётган юридик шахснинг белгиланган шаклдаги талабномасини.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган, Ўзбекистон Республикасига визасиз кириш режими белгиланган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар фуқаролари турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) аризасида кўрсатилган, аммо олти ойдан ортиқ бўлмаган муддатга турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилади.

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) аризасида кўрсатилган, аммо визасиз режим ўрнатилган муддатдан ёхуд берилган кириш ёки кириш-чиқиш визасининг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилади.

Ўз ота-онасининг ёки ота-онасидан бирининг (ёлғиз отасининг ёки онасининг) турган жойи манзилида болани турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишда мулкдорнинг (мулкдорларнинг) турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) талаб этилмайди.

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тасарруфидаги хизмат турар жойида (ётоқхонада) турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш мазкур корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ёзма рухсатига асосан ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида (шахсан мурожаат қилинганда) амалга оширилади. Бунда рўйхатдан ўтаётган шахс ушбу модда иккинчи қисмининг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этади.

Ҳужжатларни қабул қилган масъул ходим ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текширади ва бошқа давлат ҳудудида доимий яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаросини (фуқаролиги бўлмаган шахсни) турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровномани (аризани) шакллантиради, электрон сўровномага (аризага) тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар киритилади. Бунда электрон сўровнома (ариза) мулкдор (мулкдорлар) томонидан фойдаланувчини идентификация ва верификация қилиш воситалари орқали тасдиқланади, зарур бўлган тақдирда эса мулкдор (мулкдорлар) томонидан электрон сўровноманинг (аризанинг) қоғоздаги кўчирма нусхаси имзоланади. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тасарруфидаги хизмат турар жойида (ётоқхонада) турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишни амалга ошириш чоғида рўйхатдан ўтаётган шахс томонидан электрон сўровноманинг (аризанинг) қоғоздаги кўчирма нусхаси имзоланади. Шакллантирилган электрон сўровнома (ариза) "E-mehmon" тизимига юкланади.

Жойлаштириш воситасида турган, бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаросини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни турган жойи бўйича хабардор қилиш тартибида "E-mehmon" тизими орқали рўйхатдан ўтказиш учун жойлаштириш воситасининг масъул ходими томонидан бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаросини (фуқаролиги бўлмаган шахсни) турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровнома шакллантирилади, электрон сўровномага рўйхатдан ўтаётган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатида кўрсатилган маълумотлар киритилади.

Даволаш муассасаларида стационар шароитда даволанаётган, бошқа давлат ҳудудида доимий яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаросини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни турган жойи бўйича хабардор қилиш тартибида "E-mehmon" тизими орқали рўйхатдан ўтказиш учун даволаш муассасасининг масъул ходими томонидан бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаросини (фуқаролиги бўлмаган шахсни) турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровнома шакллантирилади, электрон сўровномага рўйхатдан ўтаётган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатида кўрсатилган маълумотлар киритилади.

Бошқа давлат ҳудудида доимий яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаросини (фуқаролиги бўлмаган шахсни) турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровномани (аризани) кўриб чиқиш муддати бир иш кунидан ошмаслиги керак.

Турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахсга турган жойи бўйича рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги электрон ва (ёки) қоғоз шаклидаги маълумотнома расмийлаштирилади.

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиши қоидаларига риоя этиши, шу жумладан ўзи турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзилда яшаши, ҳаракатланиш ҳужжатини ёнида олиб юриши, уни ваколатли давлат органлари мансабдор шахсларининг талабига биноан тақдим этиши, шунингдек ҳаракатланиш ҳужжати йўқолганда бу ҳақда ички ишлар органларини ҳамда уларни қабул қилган жисмоний ёки юридик шахсларни дарҳол хабардор қилиши шарт.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиши қоидалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.



5-БОБ. УЙ-ЖОЙ МАЙДОНИНИНГ ИЖТИМОИЙ

НОРМАСИ ҲАМДА ЯШАШ ЖОЙИ ВА ТУРГАН

ЖОЙ БЎЙИЧА РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШНИ

РАД ЭТИШ УЧУН АСОСЛАР


20-модда. Яшаш жойи ва турган жой бўйича

рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг

ижтимоий нормасига риоя этиш


Яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига риоя этиш талаб қилинади, бундан ушбу Қонуннинг 21-моддасида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бир киши ҳисобига ўн олти квадрат метрдан кам бўлмаган умумий майдон ҳажмида, ўриндиқли аравачада ҳаракатланадиган ногиронлар учун эса - йигирма уч квадрат метрдан кам бўлмаган ҳажмда белгиланади.



21-модда. Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши

чоғида ўзига нисбатан уй-жой майдонининг ижтимоий

нормаси қўлланилмайдиган шахслар рўйхати


Қуйидаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан уларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш чоғида ушбу Қонуннинг 20-моддаси қоидалари қўлланилмайди:

эрга (хотинга) нисбатан - бир-бирининг яшаш жойи бўйича уй-жой майдонига;

ота-оналар, фарзандларга нисбатан - бир-бирининг яшаш жойи бўйича уй-жой майдонига;

бува, буви, невараларга нисбатан - бир-бирининг яшаш жойи бўйича уй-жой майдонига;

васийликдаги (ҳомийликдаги), шунингдек оилага тарбияга олинган (патронат) шахсларга нисбатан - васийнинг (ҳомийнинг), тутинган отанинг ёки онанинг яшаш жойи бўйича уй-жой майдонига;

ака-укалар, опа-сингилларга нисбатан - бир-бирининг яшаш жойи бўйича уй-жой майдонига;

озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларга нисбатан - олдинги яшаш жойига, яъни ўз оила аъзоларининг, қариндошларининг ёки ҳукм қилингунига қадар ўзи биргаликда яшаб турган бошқа шахсларнинг уй-жой майдонига.



22-модда. Яшаш жойи ва турган жой бўйича

рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асослар


Яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

ушбу Қонунда кўрсатилган тегишли ҳужжатларнинг тақдим этилмаганлиги;

тақдим этилган маълумотларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслиги;

давлат божини тўламаганлик;

турар жойни ўтказиб бериш учун тақиқ қўйилганлиги ва (ёки) хатлаб қўйилганлиги;

ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган асосларга кўра, Ўзбекистон Республикаси бўйлаб эркин ҳаракатланишга, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига нисбатан чекловлар жорий этилганлиги;

ушбу Қонун 20-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган талабнинг бузилганлиги.

Яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказишни бошқа асосларга кўра рад этиш тақиқланади.

Яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш рад этилганлиги устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

Шахснинг яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтганлиги унда ўзи рўйхатдан ўтган турар жойга (уй-жой майдонига) бўлган мулк ҳуқуқи келиб чиқишига олиб келмайди.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


23-модда. Яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан

ўтиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш


Ички ишлар органларининг таянч пунктлари ҳамда маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари профилактика катта инспекторлари ва профилактика инспекторлари ўзлари хизмат қилаётган ҳудудда яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш учун жавобгардир.

Яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг фаолияти устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.



24-модда. Низоларни ҳал этиш


Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



25-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл

фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш

жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



26-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим

қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш


1. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 3, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 9, 193-модда, N 12, 269-модда; 1996 йил, N 5-6, 69-модда, N 9, 144-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 4-5, 126-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 3, 38-модда, N 5-6, 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6, 153-модда, N 7-8, 217-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда, N 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, N 1, 20-модда, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда, N 5, 67-модда, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 5, 90-модда, N 9, 171-модда; 2005 йил, N 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 9, 312-модда, N 12, 413, 417, 418-моддалар; 2006 йил, N 6, 261-модда, N 9, 498-модда, N 10, 536-модда, N 12, 656, 659-моддалар; 2007 йил, N 4, 158, 159, 164, 165-моддалар, N 9, 416, 421-моддалар, N 12, 596, 604, 607-моддалар; 2008 йил, N 4, 181, 189, 192-моддалар, N 9, 486, 488-моддалар, N 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, N 1, 1-модда, N 9, 334, 335, 337-моддалар, N 10, 380-модда, N 12, 462, 468, 470, 472, 474-моддалар; 2010 йил, N 5, 175, 179-моддалар, N 6, 231-модда, N 9, 335, 339, 341-моддалар, N 10, 380-модда, N 12, 468, 473, 474-моддалар; 2011 йил, N 1, 1-модда, N 4, 104, 105-моддалар, N 9, 247, 252-моддалар, N 12/2, 365-модда; 2012 йил, N 4, 108-модда, N 9/1, 242-модда, N 12, 336-модда; 2013 йил, N 4, 98-модда, N 10, 263-модда; 2014 йил, N 1, 2-модда, N 5, 130-модда, N 9, 244-модда, N 12, 341, 343-моддалар; 2015 йил, N 6, 228-модда, N 8, 310, 312-моддалар, N 12, 452-модда; 2016 йил, N 1, 2-модда, N 4, 125-модда, N 9, 276-модда, N 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, N 4, 137-модда, N 6, 300-модда, N 9, 510-модда, N 10, 605-модда; 2018 йил, N 1, 1, 4, 5-моддалар, N 4, 224-модда, N 7, 430, 431, 432-моддалар, N 10, 671, 673, 679-моддалар; 2019 йил, N 1, 1, 3, 5-моддалар, N 2, 47-модда, N 3, 161, 165, 166-моддалар, N 5, 259, 261, 267, 268-моддалар, N 7, 386-модда, N 8, 469, 471-моддалар, N 9, 591, 592-моддалар, N 10, 674, 676-моддалар, N 11, 787, 791-моддалар, N 12, 880, 891-моддалар; 2020 йил, N 1, 4-модда, N 3, 203, 204-моддалар, N 7, 449-модда, N 9, 539, 540-моддалар, N 10, 593, 596-моддалар, N 11, 651-модда, N 12, 691-модда; 2021 йил, N 1, 5, 7, 12, 13, 14-моддалар, N 2, 142-модда, N 3, 217-модда, N 4, 290, 293-моддалар, 4-сонга илова, N 8, 800, 802, 803-моддалар, N 9, 903-модда, N 10, 966, 967, 968, 973-моддалар, N 11, 1066-модда; 2022 йил, N 1, 1, 2-моддалар, N 2, 80, 81-моддалар, N 3, 215, 216-моддалар, N 4, 337-модда, N 5, 464, 465, 466, 467-моддалар, N 8, 787-модда, N 10, 981, 984-моддалар, N 12, 1188-модда; 2023 йил, N 3, 184, 185, 188, 189-моддалар, N 4, 265, 266, 268-моддалар, N 5, 319, 320-моддалар, N 7, 533, 534, 535, 537, 539-моддалар, N 8, 634-модда, N 10, 798-модда, N 11, 921, 923, 924-моддалар, N 12, 1004-модда; 2024 йил, N 1, 5, 7, 8, 9-моддалар, N 2, 102, 111, 115, 116-моддалар, N 3, 243, 245-моддалар, N 6, 530, 532-моддалар, N 7, 629-модда, N 8, 826, 829, 831-моддалар, N 9, 954, 964, 965-моддалар) қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:


1) 17-модда:

номининг ўзбекча матнидаги "Ажнабий фуқаролар" деган сўзлар "Чет эл фуқаролари" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

биринчи қисмининг ўзбекча матнидаги "ажнабий фуқаролар" деган сўзлар "чет эл фуқаролари" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


2) 223-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортсиз ёки идентификацияловчи ID-картасиз, амал қилиш муддати тугаганлиги сабабли алмаштирилиши лозим бўлган паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта билан яшаши, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи ID-картасиз (яшаш гувоҳномасисиз), амал қилиш муддати тугаганлиги сабабли алмаштирилиши лозим бўлган идентификацияловчи ID-картаси (яшаш гувоҳномаси) билан яшаши, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган айни бир ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортини ёки идентификацияловчи ID-картасини ёхуд хорижга чиқиш учун биометрик паспортини яроқсизлантириши ёки йўқотиб қўйиши, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи ID-картасини (яшаш гувоҳномасини) ёки ҳаракатланиш ҳужжатини, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросининг идентификацияловчи ID-картасини (яшаш гувоҳномасини) яроқсизлантириши ёхуд йўқотиб қўйиши, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган айни бир ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшаши, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган айни бир ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз яшашига йўл қўйилиши, худди шунингдек шахслар томонидан ўз турар жойларида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшашига йўл қўйилиши, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг еттинчи қисмида назарда тутилган айни бир ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Шахс ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун қуйидаги ҳолларда маъмурий жавобгарликка тортилмайди, агар у:

1) ўн саккиз ёшга тўлмаган бўлса;

2) олтмиш ёшдан ошган бўлса;

3) тўлиқ давлат таъминотида бўлса;

4) Ўзбекистон Республикаси ёки чет давлат ҳудудида табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (турар жойларнинг ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг ёнғинлари, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши) рўй берганлиги натижасида жабрланган бўлса (ушбу модданинг биринчи - олтинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун);

5) қонунга хилоф равишда ҳукм қилинган ёки ишда айбланувчи, судланувчи сифатида иштирок этишга жалб қилинган бўлиб, паспортининг ёки идентификацияловчи ID-картасининг амал қилиши суд ажримига кўра тўхтатиб турилган бўлса (ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун);

6) жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаётган бўлса ёки жазони ўтаб чиқиб, бир ой ичида идентификацияловчи ID-карта расмийлаштириш учун мурожаат қилса (ушбу модданинг биринчи - олтинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун);

7) учинчи шахсларнинг ғайриҳуқуқий ҳаракатлари ёки жиноят содир этилганлиги оқибатида паспортининг ёки идентификацияловчи ID-картасининг (яшаш гувоҳномасининг) яроқсиз ҳолга келганлиги ёки улар йўқолганлиги тўғрисида ариза берса (ушбу фактлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланган ҳолларда);

8) хизмат вазифаларини ёки фуқаролик бурчини бажариш чоғида, шунингдек енгиб бўлмас куч, охирги зарурат ёки зарурий мудофаа оқибатида паспортининг ёки идентификацияловчи ID-картасининг (яшаш гувоҳномасининг) яроқсиз ҳолга келганлиги ёки уларнинг йўқолганлиги тўғрисида ариза берса (ушбу ҳоллар қонунчиликда назарда тутилган тартибда аниқланган тақдирда).

Шахс ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолларда ҳам жавобгарликдан озод этилиши мумкин";


3) 223-3-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"223-3-модда. Паспортни ёки идентификацияловчи ID-картани

гаровга олиш ёхуд паспортни ёки идентификацияловчи

ID-картани қонунга хилоф равишда олиб қўйиш


Паспортни ёки идентификацияловчи ID-картани гаровга олиш, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Паспортни ёки идентификацияловчи ID-картани шахслардан қонунга хилоф равишда олиб қўйиш, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади";


4) 225-модда:

биринчи қисмининг диспозицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиши, яъни амал қилиш муддати тугаганлиги сабабли алмаштирилиши лозим бўлган ҳаракатланиш ҳужжатлари билан яшаши, турган жойи бўйича рўйхатдан ўтишнинг, кўчишнинг ёки яшаш жойини танлашнинг белгиланган тартибига риоя этмаганлиги, туриш муддати тугагач чиқиб кетишдан бўйин товлаши, худди шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ўтиш қоидаларига ўн суткагача риоя этмаганлиги";

иккинчи қисмининг санкциясидаги "ўн" деган сўз "ўн беш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

учинчи қисмининг санкциясидаги "йигирма" деган сўз "йигирма беш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

тўртинчи қисмининг санкциясидаги "йигирма" деган сўз "йигирма беш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

бешинчи қисмининг:

диспозициясидаги "вақтинча" деган сўз чиқариб ташлансин;

санкциясидаги "ўн" деган сўз "ўн беш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


5) 239-модданинг бешинчи қисмидаги "чет давлатлар фуқароларидан" деган сўзлар "чет эл фуқароларидан" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


6) 248-модда иккинчи қисмининг 3 ва 4-бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"3) ушбу Кодекснинг 54-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун - темир йўл вокзаллари ва аэропортлардаги бўлинмаларнинг бошлиқлари ва бошлиқ ўринбосарлари, 223-моддасининг биринчи - саккизинчи қисмларида, 223-1, 223-3, 224-моддаларида, 225-моддасининг биринчи - бешинчи қисмларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун - темир йўл вокзаллари ва аэропортлардаги бўлинмаларнинг, ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларининг (бўлимларининг, бошқармаларининг) бошлиқлари ҳамда бошлиқ ўринбосарлари, шунингдек ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳларининг катта мутахассислари;

4) ушбу Кодекснинг 47-моддаси биринчи қисмида, 47-3, 54, 56-1-моддаларида, 110-моддасининг биринчи қисмида (фуқароларга нисбатан), 111-моддасининг биринчи қисмида, 113-моддасининг биринчи, иккинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида, 114, 122, 123-моддаларида, 127-моддасида (товуш сигналини сабабсиз беришга доир қисмида), 128-6-моддасида, 147-моддасининг биринчи қисмида (автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратганлик, автомобиль йўлида ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаганлик, шунингдек йўлларни сақлаш қоидаларини бузганлик учун), 148-моддасида (ажратилган минтақаларда ва ёғоч кўприклардан 100 метргача бўлган масофада олов ёққанлик, тахта тўшамали кўприкларда чекканлик учун), 161-моддасида (фуқароларга нисбатан), 187-моддасининг биринчи қисмида, 188, 188-2, 192, 221-моддаларида, 223-моддасининг биринчи - саккизинчи қисмларида, 223-1, 223-3-моддаларида, 224-моддасининг биринчи қисмида, 225-моддасининг биринчи - бешинчи қисмларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун - ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика катта инспекторлари ва инспекторлари".


2. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган "Давлат божи тўғрисида"ги ЎРҚ-600-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, N 1, 1-модда, N 3, 201-модда, N 5, 298-модда, N 10, 593-модда, N 12, 691-модда; 2021 йил, N 1, 13-модда, 4-сонга илова, N 7, 661-модда, N 8, 800, 803-моддалар, N 10, 968-модда; 2022 йил, N 2, 76-модда, N 3, 214, 216-моддалар, N 4, 340-модда, N 5, 463, 464, 467-моддалар, N 12, 1186-модда; 2023 йил, N 2, 103-модда, N 3, 186-модда, N 4, 265, 269-моддалар, N 6, 444, 445-моддалар, N 7, 538-модда, N 9, 710-модда; 2024 йил, N 1, 5, 6, 7-моддалар, N 2, 101, 105, 107, 108, 111, 112-моддалар, N 7, 628-модда, N 8, 819, 823, 831-моддалар, N 9, 958-модда) қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:


1) 5-модда:

6-бандидаги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олганлик учун, шунингдек чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олганлик учун" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатга олганлик учун, шунингдек чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олганлик учун" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

12-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"12) чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга кириш, чиқиш ёки кириш-чиқиш визаларини берганлик ва уларнинг амал қилиш муддатини узайтирганлик, чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга кўп марталик кириш-чиқиш визаларини расмийлаштирганлик, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни кириш визасининг амал қилиш муддати даврига вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказганлик ва визанинг амал қилиш муддати узайтирилган даврда турган жойи бўйича рўйхатга олинган муддатини узайтирганлик учун, МДҲга аъзо давлатлар фуқароларини, шунингдек фуқаролик ҳақида белгилари мавжуд бўлмаган собиқ СССР паспортлари билан МДҲга аъзо давлатлардан келган шахсларни турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказганлик, чет эл фуқаросининг, шу жумладан МДҲга аъзо давлатлар фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида доимий яшашга оид ҳужжатларини кўриб чиққанлик ва рухсатнома расмийлаштирганлик, чет эл фуқаросига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат йўқолганлиги ҳақида маълумотномалар берганлик учун";


2) 13-модда биринчи қисми 4-бандининг ўзбекча матнидаги "хорижга чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификацияловчи ID-картасини ва Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификацияловчи ID-картасини ва Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортини" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


3) 15-модда биринчи қисмининг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказганлик учун давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод қилинади";


4) 22-модданинг иккинчи қисмидаги "доимий яшаш ва вақтинча турган жойи" деган сўзлар "яшаш жойи ва турган жойи" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


5) илова:

6-позициясининг:

"ж" бандидаги "доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи" деган сўзлар "яшаш жойи ёки турган жойи" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

"з" бандидаги "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказганлик учун" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказганлик учун" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

19-позицияси:

номидаги "кириш ёки кириш-чиқиш" деган сўзлар "кириш, чиқиш ёки кириш-чиқиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

"а" бандининг биринчи хатбошисидаги "кириш ёки кириш-чиқиш" деган сўзлар "кириш, чиқиш ёки кириш-чиқиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

"б" бандининг биринчи хатбошисидаги "кўп маротабали чиқиш-кириш" деган сўзлар "кўп маротабали кириш-чиқиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

"в" бандининг биринчи хатбошисидаги "вақтинчалик рўйхатдан ўтказганлик ҳамда визанинг амал қилиш муддати узайтирилган даврда вақтинчалик рўйхатдан ўтказишни узайтирганлик учун" деган сўзлар "турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказганлик ҳамда визанинг амал қилиш муддати узайтирилган даврда турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишни узайтирганлик учун" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

"г" бандининг биринчи хатбошисидаги "вақтинчалик рўйхатдан" деган сўзлар "турган жойи бўйича рўйхатдан" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

"д" бандидаги "доимий яшашга оид ҳужжатларини кўриб чиқиш ва расмийлаштирганлик учун" деган сўзлар "доимий яшашга оид ҳужжатларини кўриб чиққанлик ва рухсатномасини расмийлаштирганлик учун" деган сўзлар билан алмаштирилсин.



27-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 14 сентябрда қабул қилинган "Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида"ги ЎРҚ-296-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, N 9, 249-модда);


2) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-405-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, N 4, 125-модда) 23-моддаси;


3) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 23 сентябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-411-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, N 9, 276-модда) 21-моддаси;


4) Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 13 майда қабул қилинган "Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-616-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, N 5, 295-модда);


5) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 206-моддаси.



28-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



29-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ўн олти ёшга тўлган ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган шахсларга ёхуд Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларга ёки чет эл фуқаролари бўлган шахсларга янги идентификацияловчи ID-карталарни уларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки туғилган санаси ўзгарган, шу жумладан никоҳ қайд этилганлиги ёки никоҳдан ажралганлик муносабати билан фамилияси ўзгарган тақдирда, бир вақтнинг ўзида гербли гувоҳномаларни расмийлаштирган ҳолда мажбурий равишда расмийлаштириш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



30-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Ушбу Қонун 26-моддаси биринчи қисми 1-бандининг 1, 2, 3, 5 ва 6-кичик бандлари ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан амалга киритилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                       Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2025 йил 11 июль




























































































Время: 0.1157
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск