ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Октябрь, 2025 й. / Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари / Алоҳида соҳалар фаолиятини ташкил этиш /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.09.2025 й. 606-сон "Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот ҳамда Ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
27.09.2025 й.
N 606
ДРАМАТУРГЛАР УЧУН МАҲМУДХЎЖА
БЕҲБУДИЙ НОМИДАГИ МУКОФОТ ҲАМДА ЁШ
РЕЖИССЁРЛАР УЧУН БАҲОДИР ЙЎЛДОШЕВ
НОМИДАГИ МУКОФОТ ТЎҒРИСИДАГИ
НИЗОМЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2024 йил 22 ноябрдаги ПҚ-399-сон қарорига мувофиқ театр санъатида ижодий ҳамкорликни ривожлантириш, драматурглар ва ёш режиссёрларни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 ноябрдаги ПҚ-399-сон қарорига мувофиқ:
драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот ҳамда ёш режиссёрлар учун Ўзбекистон Республикаси халқ артисти ва санъат арбоби Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот (кейинги ўринларда - мукофотлар) таъсис этилганлиги;
ушбу мукофотлар бўйича танловлар ҳар икки йилда ўтказилиб, уларнинг ғолибларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирлаш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2026 йилдан бошлаб мукофотлар бўйича танловлар ғолибларини пул мукофоти, диплом ва статуэткалар билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
3. Қуйидагилар:
Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳамда ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотларга тавсия этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича комиссия таркиби 1-иловага мувофиқ;
Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки:
мукофотлар ўзбек драматургияси ва режиссураси соҳасида фаол ижод қилаётган моҳир драматурглар ва ёш режиссёрларга театр санъатини ривожлантириш ва театрлар репертуарини долзарб мавзудаги саҳна асарлари билан бойитишга қўшган муносиб ҳиссаси учун берилади;
мукофотларнинг диплом ва статуэткаларини тайёрлаш ҳамда ғолибларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Маданият вазирлигига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
Бунда мукофотларнинг диплом ва статуэткалари намунаси Маданият вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва Бадиий академия билан келишган ҳолда тасдиқланади.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А. Назарбеков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2025 йил 27 сентябрдаги
606-сон қарорига
1-ИЛОВА
Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий
ҳамда ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев
номидаги мукофотларга тавсия этилган
номзодларни кўриб чиқиш
бўйича комиссиянинг
ТАРКИБИ
1. О. Назарбеков |
- |
маданият вазири, комиссия раиси |
2. А. Таджиханов |
- |
маданият вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия раисининг ўринбосари |
3. Б. Ахмедов |
- |
маданият вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия раисининг ўринбосари |
4. Ш. Ризаев |
- |
Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори в.б |
5. С. Саидов |
- |
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси |
6. О. Хасанов |
- |
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари |
7. Ё. Ахмедов |
- |
Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси раиси |
8. Н. Сайфуллаев |
- |
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори |
9. М. Туляходжаева |
- |
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори |
10. О. Салимов |
- |
Ўзбекистон давлат драма театри бош режиссёри |
11. Лавозимига кўра |
- |
Маданият вазирлиги Театр ва цирк санъати фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи, комиссия масъул котиби |
Изоҳ. Мазкур Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтганда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2025 йил 2 октябрь