язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Алоқа/ Радиоалоқа ва электрон алоқа/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.07.1998 й. 293-сон "Частота спектридан фойдаланиш, телерадиодастурларни шакллантириш ва тарқатиш ҳамда маълумотлар узатиш самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

10.07.1998 й.

N 293



ЧАСТОТА СПЕКТРИДАН ФОЙДАЛАНИШ,

ТЕЛЕРАДИОДАСТУРЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА ТАРҚАТИШ ҲАМДА МАЪЛУМОТЛАР УЗАТИШ

САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ ЮЗАСИДАН

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

  


"Оммавий ахборот воситалари тўғрисида" ва "Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ, шунингдек телевидение ва радио дастурларини шакллантириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни самарали мувофиқлаштиришни таъминлаш, радиочастота спектри, маълумотлар узатиш тармоқлари ва тизимларидан оқилона фойдаланишни, ахборот хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссияси 1-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.


2. Қуйидагилар Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссиясининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

давлат бошқаруви органлари ҳамда, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектларнинг, шу жумладан, хорижий хўжалик юритувчи субъектларнинг телевидение ва радио дастурларини шакллантириш ва тарқатиш, телекоммуникациялар тармоқларидан фойдаланган ҳолда маълумотлар узатиш ва телевидение ва радиоэшиттириш радиочастота спектридан оқилона фойдаланиш бўйича фаолиятларини мувофиқлаштириш;

телерадиоэшиттириш ва телекоммуникациялар хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;

хўжалик юритувчи субьектларнинг, шу жумладан, хорижий хўжалик юритувчи субъектларнинг улар томонидан электр алоқасининг, ахборотларга ишлов бериш ва маълумотларни узатиш тармоқларига оид қисмини, шу жумладан, "Интернет" тармоқларини, лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш, шунингдек телевидение ва радиоэшиттиришларни тарқатиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини лицензиялаш;

телерадиоэшиттириш ва телекоммуникациялар тармоқларидан фойдаланган ҳолда маълумотлар узатишга махсус рухсатномалар (лицензиялар)ни расмийлаштириш ишларини ташкил этиш;

радиочастота спектри ҳамда телевидение ва радиоэшиттириш эфир вақтидан бехатар ва оқилона фойдаланиш, маълумотлар узатиш тармоқлари ва тизимларини ривожлантириш чора-тадбирларини белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий телевидение ва радиоэшиттиришларни тарқатиш шартларини, мамлакатимиз телерадиоэшиттиришларини бошқа давлат ҳудудида тарқатиш, Ўзбекистон ахборот тармоғининг жаҳон тармоқларига интеграциялашуви тартиби ва шартларини белгилаш;

идоралараро норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилишини, келишиб олинишини ва тасдиқланишини, шунингдек қонун ҳужжатлари лойиҳалари тайёрланишини ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини ташкил этиш;

радиочастоталардан тўғри ва оқилона фойдаланилиши устидан назоратни ташкил этиш, телерадиоэшиттириш ва ахборотлар узатиш техника воситаларидан фойдаланишда қонун ҳужжатлари билан тақиқланган ахборотларни тарқатиш учун суиистеъмолликлар қилинишини бартараф этиш шароитларини яратиш.

радиочастоталарни тақсимлаш ва телерадиоэшиттиришлар соҳасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига якка тартибдаги лицензиялар беришни ташкил этиш ҳамда танловлар ўтказиш.

3. Идоралараро мувофиқлаштириш комиссиясига:

хўжалик юритувчи субъектларнинг, шу жумладан, хорижий хўжалик юритувчи субъектларнинг улар томонидан электр алоқасининг, ахборотларга ишлов бериш ва маълумотларни узатиш тармоқларига оид қисмини, шу жумладан, "Интернет" тармоқларини, лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш, шунингдек телевидение ва радиоэшиттиришларни тарқатиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи махсус рухсатнома (лицензия)лар бериш ва уларнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий оммавий ахборот воситаларининг телерадиомаҳсулотларини тарқатиш ҳуқуқини бериш ёхуд рад этиш (бекор қилиш) тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

давлат бошқаруви органларидан, ташкилотлар ва корхоналардан Комиссия ваколатларига кирувчи масалалар бўйича ахборотлар олиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ телевидение ва радиоэшиттиришларини тарқатиш бўйича чеклашлар белгилаш ҳуқуқи берилсин;

Идоралараро мувофиқлаштириш комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат бошқаруви органлари ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан, хорижий хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


4. Идоралараро мувофиқлаштириш комиссияси тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Идоралараро мувофиқлаштириш комиссиясининг жорий ишларини таъминлаш учун унинг ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон МТРК мутахассисларидан иборат 5 кишилик доимий ишловчи ишчи гуруҳ ташкил этилсин.

Ишчи гуруҳнинг штатлар жадвали 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий комплекси, Коммуникациялар комплекси, Давлат матбуот қўмитаси, Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги, "Ўзтелерадио" компанияси бир ҳафта муддатда, тасдиқланган штатлар жадвали доирасида, гуруҳ фаолият кўрсатаётган даврда унинг харажатларини таъминлаган ҳолда, ишчи гуруҳни юқори малакали мутахассислар билан бутласинлар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Аппарати Ишлар Бошқармаси ишчи гуруҳни Вазирлар Маҳкамаси биносига жойлаштирсин, зарур алоқа воситалари билан таъминласин.


6. Белгилансинки, Идоралараро мувофиқлаштириш комиссияси қарори асосида:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги белгиланган тартибда хўжалик юритувчи субъектларнинг, шу жумладан, хорижий хўжалик юритувчи субъектларнинг улар томонидан электр алоқасининг, ахборотларга ишлов бериш ва маълумотларни узатиш тармоқларига оид қисмини, шу жумладан, "Интернет" тармоқларини, лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш, шунингдек телевидение ва радиоэшиттириш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар беради ва уларнинг амал қилишини тўхтатади;

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги - қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда телерадиодастурларни оммавий ахборот воситалари сифатида давлат рўйхатидан ўтказади ва уларни Ягона давлат реестрига киритади;

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ва Ўзбекистон МТРК телерадиодастурларни тайёрлашда ва шакллантиришда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги конун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширадилар;

Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида радиоэлектрон воситаларни ва юқори частотали қурилмаларни сотиб олиш (бериш), лойиҳалаштириш, қуриш (ўрнатиш), фойдаланиш, сотиш ва уларни чет эллардан олиб келиш тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширадилар.

7. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан, хорижий хўжалик юритувчи субъектлар электр алоқасини, шу жумладан, ахборотларга ишлов бериш ва маълумотларни узатиш тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш, шунингдек телевидение ва радиоэшиттиришларни тарқатиш фаолиятини фақат Идоралараро мувофиқлаштириш комиссияси қарори асосида бериладиган махсус рухсатномалар (лицензиялар) асосида амалга оширадилар.

Идоралараро мувофиқлаштириш комиссияси телевидение ва радио дастурларини яратиш, шакллантириш ва тарқатиш (трансляция, ретрансляция қилиш), телекоммуникациялар тармоқларидан фойдаланган ҳолда маълумотлар узатиш билан шуғулланувчи барча хўжалик юритувчи субъектларни, шу жумладан, хорижий хўжалик юритувчи субъектларни жорий йилнинг 1 октябригача қайта рўйхатдан ўтказсин. Белгиланган муддатда қайта рўйхатдан ўтмаган хўжалик юритувчи субъектлар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ телевидение ва радиоэшиттириш фаолияти билан шуғyллaниш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар ва тугатиладилар.

2001 йил 1 январдан бошлаб телерадиодастурларни тарқатиш (трансляция, ретрансляция қилиш) ва маълумотларни узатиш учун лицензиялар беш йил муддатга берилади.

8. Белгилансинки, юридик ва жисмоний шахслар фойдаланишида бўлган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар 1999 йил 1 январгача Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлигида рўйхатдан (қайта рўйхатдан) ўтказилиши керак.

Кўрсатиб ўтилган муддатда рўйхатдан (қайта рўйхатдан) ўтказилмаган тақдирда радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланиш ноқонуний ҳисобланади ҳамда ушбу воситалар ва қурилмалар эгаларига нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ маъмурий таъсир чоралари кўрилади.


9. Қуйидагилар:

Давлат рўйхатидан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш), телерадиодастурларни шакллантириш ва тарқатиш ҳамда маълумотлар узатиш билан шуғулланиш фаолиятига лицензиялар бериш учун ҳужжатларни қабул қилиш ва расмийлаштириш тартиби 4-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Радиоэлектрон воситаларни ва юқори частотали қурилмаларни сотиб олиш (бериш), лойиҳалаштириш, қуриш (ўрнатиш), фойдаланиш, сотиш ва уларни чет эллардан олиб келиш тартиби тўғрисидаги Низом 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

10. Идоралараро мувофиқлаштириш комиссияси раиси (Л. Ахметов) бир ой муддатда Комиссиянинг иш режаси, доимий ишловчи ишчи гуруҳ тўғрисида Низом ишлаб чиқилишини ташкил этсин ва тасдиқласин, Вазирлар Маҳкамасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шу жумладан, алоқа соҳасидаги норматив ҳужжатлар, давлат, тармоқ стандартлари ва кўрсатилаётган хизматлар сифати талабларини бузганлик учун жазо чоралари қўллаш юзасидан таклифлар киритсин.


11. Коммуникациялар комплекси (Л. Ахметов) икки ой муддатда Олий Мажлисга киритиш учун "Радиочастота спектри тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини тайёрласин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 9-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин ва айримларига ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги амалдаги қонун ҳужжатларига Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарорларидан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида бир ой муддатда таклифлар киритсин.


14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Л.А. Ахметов ва А.А. Азизхўжаев зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                        И. Каримов

Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 10 июлдаги

293-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни

такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш

бўйича идоралараро мувофиқлаштириш

комиссияси ҳузуридаги ишчи гуруҳнинг

ШТАТЛАР ЖАДВАЛИ

Т/р

Лавозимларнинг номи


Ходимлар сони


Ягона тариф сеткаси

бўйича разряд


1.

Раҳбар


1

15

2.

Бош мутахассис


2

12

3.

Етакчи мутахассис


2

11


Жами:


5






Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 10 июлдаги

293-сон қарорига

9-ИЛОВА



I. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларига

ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш

2. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 1997 йил 31 июлдаги 380-сон қарорига 1а, 4 ва 4а-иловалардан "Электрмагнит мослиги маркази" сўзлари чиқариб ташлансин.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 28 августдаги 420-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1997 й., 8-сон, 30-модда) билан тасдиқланган Почта ва телекоммуникацияларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида Низомдаги:

II булимнинг 4-банди қуйидаги мазмундаги хат боши билан тўлдирилсин:

"Мулкчилик шакллари ва қайси идорага қарашлиликларидан қатъи назар, почта ва телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслардан норматив ҳужжатлар, давлат тармоқлар стандартлари талабларини, почта ва телекоммуникациялар соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини бузганлик учун санкциялар шаклида, монополияга қарши қонунчиликни бузганлик учун солинадиган иқдисодий санкциялар ва жарималардан бошқа, ундириладиган маблағлар";

III бўлим 5-бандининг учинчи хат боши қуйидаги мазмундаги хат боши билан тўлдирилсин:

"Ўзбекистон Республикаси қишлоқлари ва узоқ аҳоли яшаш жойлари телекоммуникация инфратузилмасини қайта жиҳозлаш ва уни янада ривожлантиришни мақсадли маблағ билан таъминлаш".



II. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматиминг

ўз кучини йўқотган қарорлари


Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 16 январдаги 13-сон қарори (ЎзССР ҚТ, 1991 й., 1-сон, 3-модда)га илова;

Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 13 августдаги 379-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1992 й., 8-сон, 25-модда);

Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 3 сентябрдаги 406-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1992 й., 9-сон, 27-модда)га илова;

Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 19 февралдаги 89-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1997 й., 2-сон, 6-модда)га илованинг 5-банди 6, 7-хат бошилари.



"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 1998 й., N 7, 26-модда.