язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти/ Турли соҳалар ва ташкилотларда хисобларнинг ўзига хос хусусиятлари/ Коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб/ Умумий мол-мулкни, ер участкасини ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг мол-мулкини сақлаш бўйича жой мулкдорларининг мажбурий бадалларини шакллантиришда харажатлар таркибини аниқлаш ҳамда уй-жой фондига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича пудрат ташкилотларининг хизматлари учун рентабелликнинг чекланган даражасини жорий этиш бўйича Низом (ЎзР АВ 10.04.2007 й. 1672-сон билан рўйхатга олинган ЎзР МВ 25.12.2006 й. 104-сон, ЎзР ИВ 17-сон ва "Ўзкоммунхизмат" А 01-1371-сон Қарори билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2007 йил 10 апрелда 1672-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги,

Иқтисодиёт вазирлиги,

"Ўзкоммунхизмат" агентлигининг

2006 йил 25 декабрдаги

104, 17, 01-1371-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Умумий мол-мулкни, ер участкасини ва хусусий

уй-жой мулкдорлари ширкатининг мол-мулкини

сақлаш бўйича жой мулкдорларининг мажбурий

бадалларини шакллантиришда харажатлар таркибини

аниқлаш ҳамда уй-жой фондига хизмат кўрсатиш ва

таъмирлаш бўйича пудрат ташкилотларининг

хизматлари учун рентабелликнинг чекланган

даражасини жорий этиш бўйича

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида"ги Қонунига (ЎР ҚҲТ, 2006 й., 15-сон, 122-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 17 апрелдаги ПФ-2832-сон "Коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг янги босқичи тўғрисида"ги Фармонига (ЎР ҚҲТ, 2001 й., 8-сон), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 10 февралдаги ПҚ-3-сон "Уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорига (ЎР ҚҲТ, 2005 й., 5-6-сон, 30-модда), 2005 йил 11 февралдаги ПҚ-5-сон "Коммунал хизматлар тарифларининг асоссиз равишда ўсиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда улар учун ўз вақтида ва тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши учун истеъмолчиларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига (ЎР ҚҲТ, 2005 й., 5-6-сон, 30-модда), 2006 йил 25 июлдаги ПҚ-425-сон "1991 йилгача қурилган кўп хонадонли турар жой биноларининг умумфойдаланадиган жойлари ва муҳандислик коммуникациялари капитал таъмирланишини якунлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига (ЎР ҚҲТ, 2006 й., 30-сон, 291-модда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон "Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига (ЎР ҚТ, 1999 й., 2-сон, 9-модда), 2006 йил 12 апрелдаги 64-сон "Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатларини янада ривожлантириш ва турар жойларга хизматлар кўрсатишнинг аниқ бозорини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига (ЎР ҚҲТ, 2006 й., 15-сон, 127-модда) ва 2006 йил 30 майдаги 100-сон "Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг Намунавий уставини ҳамда Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати билан кўп квартирали уйдаги турар жойга мўлжалланмаган бино мулкдори ўртасидаги Намунавий шартномани тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига (ЎР ҚҲТ, 2006 й., 22-сон, 196-модда) асосан умумий мол-мулкни, ер участкасини ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг мол-мулкини сақлаш бўйича жой мулкдорларининг мажбурий бадалларини шакллантиришда харажатлар таркибини аниқлаш ҳамда уй-жой фондига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича пудрат ташкилотларининг хизматлари учун рентабелликнинг чекланган даражасини жорий этиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатини (бундан буён матнда ХУЖМШ деб юритилади) ташкил этишдан мақсад уй-жой фондини биргаликда бошқариш ҳамда уни сақлаш, асраш ва таъмирлашни, кўп квартирали уйдаги турар жой мулкдорларининг умумий мол-мулкидан (бундан буён матнда умумий мол-мулк деб юритилади) фойдаланишни таъминлашдан иборат.


2. Кўп квартирали уйдаги хусусий турар жой мулкдорлари (бундан буён матнда жой мулкдорлари деб юритилади) умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларни биргаликда зиммаларига олишга мажбур. Жой мулкдорининг умумий харажатлардаги улуши уйнинг умумий майдонидаги мулкдорга қарашли жой майдонига нисбатан мутаносиб равишда белгиланади.


3. Кўп квартирали уйдаги нотурар жой мулкдори ҳам умумий мол-мулкка нисбатан улушли мулк иштирокчиси ҳисобланади ва умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш бўйича умумий харажатларни зиммасига олишга мажбур.


4. Умумий харажатлар умумий мол-мулкни, уйлар яқин атрофидаги ҳудудларни (ер участкаларини) ва ХУЖМШнинг мол-мулкини сақлаш билан боғлиқ бўлган харажатларни ўз ичига олади.


5. Кўп квартирали уйлардаги турар жой ва нотурар жой мулкдорларининг умумий мол-мулкига уйнинг умумий жойлари (холлар, болалар аравачалари жойлари, чиқинди камералари ва бошқалар), таянч ва тўсиқ қурилмалар (деворлар, бостирмалар, пойдеворлар), квартиралар оралиғидаги ихоталанган (ўралма) пиллапоя, (йўлак ичидаги, ташқарисидаги, йўлакка киришдаги) зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ва бошқа шахталар (вентиляция шахталари, чиқинди шахталари ва бошқалар), даҳлизлар, чердаклар ва томлар, техник қаватлар ва ертўлалар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойлар ташқарисида ёки ичида жойлашган ва биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуналар ва қурилмалар киради.

Умумий мол-мулкдан ажратилган ҳамда ХУЖМШнинг маблағлари ҳисобига ва қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа йўллар билан қўлга киритилган мол-мулклар ХУЖМШнинг мол-мулки ҳисобланади.


6. Умумий мол-мулкни сақлаш умумий мол-мулкни техникавий ва санитария жиҳатдан яхши ҳолатини таъминлашга қаратилган ва ушбу мол-мулкни сақлаш ва улардан фойдаланишга зарур шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган бошқарув, техник ва санитария ҳолатини сақлаб туриш, хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва бошқа фаолиятни ўз ичига олади.


7. Даромадлар ва харажатларнинг йиллик сметасини тузиш ҳамда мажбурий бадалларни аниқлаш чоғида умумий мол-мулкни, ер участкасини ва ХУЖМШ мол-мулкини бошқариш функцияларини (ХУЖМШ бошқаруви, бошқарувчи (ижрочи директори), ҳар қандай ташкилий ҳуқуқий шаклдаги юридик шахс - бошқарувчи ташкилот томонидан) амалга ошириш бўйича ширкат аъзолари умумий йиғилиши қабул қилган қарордан келиб чиққан ҳолда бошқарув харажатлари шакллантирилади.


8. Шунингдек умумий мол-мулкка, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш элементлари мавжуд бўлган ер участкасига ва ХУЖМШ мол-мулкига хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш функцияларини (ХУЖМШ, жой мулкдорлари, пудратчилар - юридик ёки жисмоний шахслар томонидан) амалга ошириш бўйича ХУЖМШ аъзолари умумий йиғилиши қабул қилган қарорга асосан ХУЖМШ даромадлари ва харажатларининг йиллик сметасини тузиш ҳамда мажбурий бадалларни аниқлаш чоғида хизматлар кўрсатиш ва таъмирлаш харажатлари шакллантирилади.

Пудратчилар (ХУЖМШга шартнома бўйича хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган бошқарувчилари - хизмат кўрсатиш ташкилотлари) умумий мол-мулкка хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш ишларини ХУЖМШ, бошқарувчи (ижрочи директор) ёки бошқарувчи ташкилот билан тузиладиган шартнома асосида амалга оширади.


9. ХУЖМШ, бошқарувчи (ижрочи директор) ёки бошқарувчи ташкилотлар кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулкига хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш ва сақлаш бўйича харажатларни аниқлашда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган "Маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низом" (ЎР ҚҲТ, 2006 й., 2-сон, 9-модда), ушбу Низом, Ўзбекистон "Ўзкоммунхизмат" агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва бошқа вазирликлар ва идораларнинг тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва услубий ҳужжатларига амал қилади.


10. Харажатларни камайтиришни рағбатлантириш мақсадида ХУЖМШ, бошқарувчи (ижрочи директор) ёки бошқарувчи ташкилот билан тузиладиган шартнома асосида умумий мол-мулкка хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш ишларини амалга оширувчи пудратчилар (юридик ва жисмоний шахслар) ушбу хизматларга тарифларни шакллантиришда рентабелликнинг (соф фойданинг ишлаб чиқариш таннархига нисбати) чекланган даражасини 10 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда белгилайдилар.

ХУЖМШ томонидан жой мулкдорларига кўрсатиладиган пуллик хизматларга тарифларни шакллантиришда ҳам рентабелликнинг чекланган даражаси 10 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади.


11. ХУЖМШ нотижорат ташкилот бўлганлиги сабабли асосий фаолияти доирасида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинган. Даромадлар ва харажатлар сметасини тузиш, шунингдек мажбурий бадалларни аниқлаш чоғида юқоридаги тўловлар ҳисобга олинмайди.

12. Турар жойларга хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш ишларини амалга оширувчи пудратчи ташкилотлар (ХУЖМШга шартнома бўйича хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган бошқарувчилари - хизмат кўрсатиш ташкилотлари)нинг уй-жой эксплуатация хизматларига тарифларни тасдиқлаш ёки қайта кўриб чиқиш чоғида тарифнинг ошган қисмининг 10 фоизи уларнинг даромади ҳисобидан қопланади.


13. Пудратчи ташкилотлар томонидан ХУЖМШнинг умумий мол-мулкига техник хизматлар кўрсатиш ва уларни бошқариш шартномалари ҳамда турар жойларни ижарага олиш шартномалари уй-жой фондларини таъмирлаш, сақлаш ва бошқариш харажатларига киритилган ва уй-жой фондларини таъмирлаш, сақлаш ва бошқаришни амалга оширувчи корхоналар хизматларига тарифни шакллантиришда кўзда тутилган ишлар (кўрсатиладиган хизматлар)нинг турлари ва ҳажмлари рўйхатини ўзида акс эттириши керак.


14. ХУЖМШ даромадлар ва харажатларнинг йиллик сметасини тузишда мажбурий равишда уйларни ва уйлар яқин атрофидаги ҳудудларнинг техник ва санитария ҳолатларини баҳолаш пайтида аниқланган техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш, умумий мол-мулкни ва уйлар яқин атрофидаги ҳудудларни (ХУЖМШ ер участкасини) санитария ҳолатини сақлаб туриш, умумфойдаланиш жойларини ободонлаштириш бўйича ишлар (хизматлар)нинг, уларнинг ҳажмларини кўрсатган ҳолда, тўлиқ рўйхатларини ҳам тузади.


15. Агарда, ХУЖМШга бир нечта (икки ва ундан ортиқ) уйларнинг жой мулкдорлари бирлашган бўлса, бунда ҳар бир алоҳида уйнинг умумий мол-мулкининг техник ҳолатидан, уларга хизматлар кўрсатиш, уларни таъмирлаш ва сақлаб туриш бўйича ишлар (хизматлар)нинг турлари ва ҳажмларидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир уй учун мажбурий бадаллар ҳар хил миқдорларда белгиланиши мумкин.


16. Ҳар бир уйнинг жой мулкдорларининг мажбурий бадаллари қуйидагилардан ташкил топади:

а) ҳар бир алоҳида уйнинг умумий мол-мулкига хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш ва сақлаш харажатлари;

б) умумий ер участкаларини ободонлаштириш, уларни сақлаш ва бошқариш бўйича барча уйларга тегишли бўлган ва ХУЖМШнинг барча аъзоларига тақсимланадиган харажатлар (маъмурий харажатлар).

Мазкур банднинг "б" кичик бандида кўзда тутилган харажатлардан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган мажбурий бадалларнинг бир қисми ХУЖМШнинг ҳамма аъзолари учун бир хил ҳисобланади.


17. ХУЖМШ аъзоларининг мажбурий бадаллари миқдори ХУЖМШ аъзоларининг умумий йиғилиши қарори билан белгиланади.


18. Умумий мол-мулкни, ер участкасини ва ХУЖМШ мол-мулкини сақлаш бўйича жой мулкдорларининг мажбурий бадалларини шакллантиришда харажатлар сметасига киритилган ишлар ҳамда кўрсатиладиган хизмат турлари бўйича харажатларнинг ҳисоб-китоби мажбурий равишда амалга оширилади.


19. Умумий мол-мулкни, ер участкасини ва ХУЖМШ мол-мулкини сақлаб туриш бўйича жой мулкдорларининг мажбурий бадалларни тўлаш бўйича якуний ҳисоб-китоби ҳақиқатда бажарилган ишлар ҳажми, уларнинг сифати ва бажариш муддатлари тўғрисидаги маълумотлар асосида йил тугагандан сўнг амалга оширилади. Асосланган харажатлар мавжуд бўлганда тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинади: бунда тўловларнинг етмай қолган қисми ҳисобот йилидан кейинги даврда мажбурий бадалларни шакллантиришда ҳисобга олинади, аҳолидан олинган ортиқча тўловлар эса келгусидаги тўловларга ҳисоб-китоб қилинади.


20. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган "Маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом"га мувофиқ барча харажатлар қуйидагиларга гуруҳланади:

а) маҳсулот (ишлар, хизматлар)нинг ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган харажатлар;

б) асосий фаолиятнинг фойдасида ҳисобланадиган давр харажатларига киритиладиган харажатлар;

в) умумхўжалик фаолиятидан олинган фойда ёки зарарни ҳисоблашда ҳисобга олинадиган молиявий фаолият бўйича харажатлар;

г) даромад (фойда) солиғи тўлагунга қадар фойда ёки зарарни ҳисоблашда ҳисобга олинадиган фавқулодда харажатлар.



II. ХУЖМШНИНГ УЙ-ЖОЙ ФОНДИНИ САҚЛАШ

ВА ТАЪМИРЛАШ БЎЙИЧА ХИЗМАТЛАРНИ

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ВА СОТИШ

ХАРАЖАТЛАРИ ТАРКИБИ


21. Маҳсулот ва хизматларнинг ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган харажатлар уларнинг иқтисодий мазмунига кўра қуйидаги элементлар билан гуруҳларга ажратилади:

ишлаб чиқариш моддий харажатлари (қайтариладиган чиқитлар қиймати чиқариб ташланган ҳолда);

ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари;

ишлаб чиқаришга тегишли бўлган ижтимоий суғуртага ажратмалар;

асосий фондлар ва ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган номоддий активлар амортизацияси;

ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган бошқа харажатлар.



§-1. Ишлаб чиқариш билан боғлиқ моддий харажатлар


22. Ишлаб чиқариш билан боғлиқ моддий харажатларга қуйидагилар тегишли бўлади:

а) уй-жой фондини сақлаш ва таъмирлаш бўйича ишларни бажаришда, хизматлар кўрсатишда зарур таркибий қисм ҳисобланган четдан сотиб олинадиган хом ашё ва материаллар.

Прогноз учун таннархни калькуляция қилишда материалларнинг тасдиқланган меъёрий сарфи бўйича моддий харажатлар ҳисобга олинади;

б) уй-жой фондини меъёр даражасида сақлаш ва таъмирлашни таъминлаш учун ишлар, хизматларни ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиладиган харид қилинадиган материаллар, шунингдек асбоб-ускуналарни тузатиш учун эҳтиёт қисмлар, инвентарларнинг, хўжалик буюмларининг ва асосий воситаларга кирмайдиган бошқа меҳнат воситаларининг қиймати;

в) сотиб олинадиган, келгусида ушбу хўжалик юритувчи субъектда монтаж қилинадиган ёки қўшимча ишлов бериладиган бутловчи буюмлар ва ярим тайёр маҳсулотлар;

г) четдан сотиб олинадиган ёнилғининг барча турлари, хўжалик юритувчи субъектларнинг транспорти томонидан бажариладиган ишлаб чиқаришга хизмат кўрсатиш бўйича транспорт хизматлари;

д) сотиб олинадиган энергиянинг барча турлари (уй-жой фондини умумий фойданиш жойларини ёритиш, лифт хўжалигини ва уй хўжалигининг электр ускуналарини ишлашини таъминлаш учун электр энергияси), иситиш тизимларини ювиш ва иситиш мавсумига тайёрлаш учун ишлатиладиган сув;

е) ташқи юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажариладиган ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган ишлар ва хизматлар (кўча чиқиндиларини олиб кетиш, хандакларни тозалаш, кўп квартирали турар жой уйларнинг ертўлаларига кимёвий ишлов бериш);

ж) ХУЖМШ, бошқарувчи (ижрочи директор) ёки бошқарувчи ташкилот билан тузилган шартномага асосан умумий мулкка хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича пудратчиларнинг (ХУЖМШ шартномаси бўйича хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган бошқарувчилари - хизмат кўрсатувчи ташкилотлар) иш ва хизматлари;


23. "Моддий харажатлар" элементи бўйича акс эттириладиган моддий ресурслар қиймати сотиб олиш нархидан, қўшимча нарх (устама)дан, таъминот, ташқи иқтисодий ташкилотлар томонидан тўланадиган воситачилик тақдирлашларидан, товар биржалари хизматлари қийматидан, шу жумладан, брокерлик хизматларидан, божлар ва йиғимлардан, солиқлардан (корхона кейинчалик қарз суришиш, масалан, қўшилган қиймат солиғи тарзида қайтариб оладиганлардан ташқари), транспортда ташишга ҳақ тўлашдан, ташқи юридик шахслар томонидан амалга ошириладиган сақлаш ва етказиб беришга ҳақ тўлашдан келиб чиқиб шаклланади.



§-2. Ишлаб чиқариш хусусиятига эга

бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари


24. Ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари - бу уй-жой фондини сақлаш ва хизмат кўрсатишда қатнашувчи ишлаб чиқариш ходимларининг (ҳовли тозалигига қаровчи ходимлар ва фаррошлар, чиқинди камералари ва чиқинди узатгичларини тозаловчилар, таъмирлаш бригадаларининг ишчилари, лифтчилар ва лифтга диспетчерлик хизмати операторлари, режали жорий таъмирлаш бўйича ишчилар, чақирувлар бўйича носозликлар ва аварияларни бартараф этиш ишларида банд бўлган ишчилар, юкловчилар ва ҳ.к.) меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлган харажатлардир.


25. Ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари таркибига қуйидаги моддалар киритилади:

корхонада қабул қилинган меҳнатга ҳақ тўлаш шакллари ва тизимларига мувофиқ бажарилган нархномалар, тариф ставкалари ва лавозим маошларидан келиб чиқиб амалга оширилган, амалда бажарилган иш учун ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган ҳисобланган иш ҳақи, шу жумладан, хўжалик юритувчи субъектни мукофотлаш тўғрисидаги низомларда назарда тутилган рағбатлантирувчи тусдаги тўловлар;

иш режими ва меҳнат шароитлари билан боғлиқ бўлган компенсация тусидаги тўловлар, шу жумладан:

а) технологик жараён жадвалида назарда тутилган тунги вақтда, ишдан ташқари вақтда, дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунларда ишланганлик учун тариф ставкалари ва окладларга устамалар ва қўшимча ҳақ;

б) кўп сменали режимда ишлаганлик, касбларни бирга қўшиб олиб борганлик ва хизмат кўрсатиш зоналарини кенгайтирганлик учун устамалар;

в) Республика Ҳукумати томонидан тасдиқланган касблар ва ишлар рўйхати бўйича оғир, зарарли, алоҳида зарарли меҳнат ва табиий-иқлим шароитларида ишлаганлик учун устамалар, шу жумладан, ушбу шароитлардаги узлуксиз иш стажи учун устамалар:

ишчиларга тош, бетон ва темир-бетон конструкцияларда механизациялашган ускунани татбиқ этган ҳолда тешик, туйнук, ариқча, токча ҳосил қилишда;

сувоқчиларга юза қисмга қоришмани суваш ва текислаш ишларини қўлда бажаришда, қўлда ёки пневматик ускуна татбиқ этган ҳолда бетонли юзада чуқурчалар ҳосил қилишда;

г) меҳнатга ҳақ тўлашнинг районлар бўйича тартибга солинишига, шу жумладан, район коэффициентлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ чўл, сувсиз ва юқори тоғ жойларида ишлаганлик учун коэффициентлар билан белгиланган тўловлар;

д) ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш:

қонун ҳужжатларига мувофиқ навбатдаги (ҳар йилги) ва қўшимча таътиллар, навбатдаги (ҳар йилги) фойдаланилмаган ва қўшимча таътиллар учун компенсациялар, ўсмирларнинг имтиёзли соатлари, болани овқатлантириш учун оналар ишидаги танаффуслар, шунингдек тиббий кўриклардан ўтиш билан боғлиқ вақт учун ҳақ тўлаш;

донор ходимларга қонни текшириш, топшириш кунлари учун ва қон топширилган ҳар бир кундан кейин бериладиган дам олиш кунлари учун ҳақ тўлаш;

давлат вазифаларини бажарганлик учун (ҳарбий йиғинлар, фавқулодда вазиятлар бўйича йиғинлар ва бошқалар) меҳнат ҳақи тўлаш.


26. Белгиланган тартибга мувофиқ ишлаб чиқариш жараёнида қатнашувчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатларига киритиладиган тўловларнинг бошқа турлари.


§-3. Ишлаб чиқаришга тегишли бўлган

ижтимоий суғуртага ажратмалар


27. Қонун ҳужжатлари билан белгиланган меъёрлар бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларига ижтимоий тусдаги мажбурий ажратмалар.


§-4. Асосий воситалар ва ишлаб чиқариш аҳамиятига

эга бўлган номоддий активлар амортизацияси


28. Асосий воситалар ва ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган номоддий активлар амортизацияси бўйича харажатлар таркибига қуйидагилар киради:

а) асосий фонд (шу жумладан, фойдаланиш муддатига мувофиқ лизинг бўйича сотиб олинган)ларнинг дастлабки (тиклаш) қийматидан фоизларда ҳисобланган амортизация ажратмалари суммаси;

б) ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган номоддий активлар (Гудвилл (фирманинг нархи)дан ташқари) эскириши ҳар ойда хўжалик юритувчи субъект томонидан дастлабки қиймати ва улардан фойдали фойдаланиш муддатидан (бироқ хўжалик юритувчи субъект фаолияти муддатидан ортиқ бўлмаган) келиб чиқиб ҳисобланадиган меъёр бўйича маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархига тегишли бўлади. Фойдали фойдаланиш муддатини аниқлаш имкони бўлмаган номоддий активлар бўйича эскириш меъёри беш йил ҳисобига белгиланади, бироқ хўжалик юритувчи субъект фаолияти муддатидан ортиқ эмас.



§-5. Ишлаб чиқариш тусидаги бошқа харажатлар


29. Ишлаб чиқариш тусидаги бошқа харажатларни ҳисобга олишнинг навбатдаги комплекс моддалари мазкур бобнинг 1 - 4-параграфларида келтирилган харажатлар элементлари бўйича ажратилади:

Ишлаб чиқариш жараёнига хизмат кўрсатиш харажатлари:

а) ишлаб чиқаришни хом ашё, материаллар, ёнилғи, энергия, инструмент, мосламалар ва бошқа меҳнат воситалари ва буюмлари билан таъминлаш харажатлари;

б) асосий ишлаб чиқариш фондларини иш ҳолатида сақлаш харажатлари (техник кўрик ва қаров, ўртача, жорий ва мукаммал тузатиш харажатлари). Асосий ишлаб чиқариш воситаларини барча турда (жорий, ўртача, мукаммал) тузатишларни хўжалик юритувчи субъектнинг ўз кучи билан ўтказиш ишлаб чиқариш харажатларининг тегишли элементлари (моддий харажатлар, меҳнат ҳақи тўлаш харажатлари ва бошқалар) бўйича маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархига киритилади;

в) ёнғиндан сақлаш ва қўриқлашни ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг техникавий фойдаланиш қоидалари билан назарда тутилган бошқа махсус талабларни таъминлаш, улар фаолиятини назорат қилиш харажатлари.

Идорадан ташқари қўриқлаш харажатлари бундай қўриқлаш мавжуд бўлишини талаб қилувчи мазкур ишлаб чиқаришга махсус талаблар мавжуд бўлган тақдирда маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархига киритилиши мумкин.

г) ишлаб чиқариш жараёнига тегишли бўлган бошқарувнинг техник воситаларини, алоқа узелларини, сигнализация воситаларини, бошқарувнинг бошқа техник воситаларини, ҳисоблаш марказларини сақлаш ва уларга хизмат кўрсатиш харажатлари;

д) белгиланган меъёрлар доирасидаги ишлаб чиқариш ходимларини ишлаб чиқариш жараёнига тегишли бўлган хизмат сафарларига юбориш бўйича харажатлар.

е) ишлаб чиқариш жароҳатлари туфайли меҳнат қобилияти йўқолиши муносабати билан тегишли ваколатли идораларнинг қарорлари асосида ва қарорларисиз тўланадиган нафақалар. Касб касаллиги туфайли тўланадиган нафақалар.

ж) умумий фойдаланиладиган йўловчилар транспорти хизмат кўрсатмайдиган йўналишларда ходимларни иш жойига олиб бориш ва олиб келиш билан боғлиқ харажатлар.



III. ДАВР ХАРАЖАТЛАРИ


30. Давр харажатларига бевосита ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган харажатлар ва сарфлар: бошқарув харажатлари, маҳсулотни сотиш харажатлари ва умумхўжалик аҳамиятига эга бўлган бошқа харажатлар киради.


31. Мажбурий бадалларни шакллантиришда зарурий фойдани аниқлашда "Давр харажатлари"нинг қуйидаги моддалари ҳисобга олинади.



§-1. Хизматларни сотиш харажатлари


32. Хизматларни сотиш харажатларига қуйидагилар киради:

а) белгиланган меъёрлар доирасидаги реклама харажатлари;

б) тушум инкассациясини юритиш чиқимлари;

в) сотиш бўйича бошқа харажатлар.



§-2. Маъмурий харажатлар


33. Маъмурий харажатларга қуйидагилар киради:

а) мазкур Низомнинг II боби 2-параграфида санаб ўтилган бошқарув ходимларига тегишли бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари;

б) бошқарув ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларига нисбатан қонунчиликда белгиланган меъёрлар доирасидаги ижтимоий суғуртага мажбурий ажратмалар;

в) хўжалик юритувчи субъект ва унинг таркибий бўлинмаларини ташкил этиш ва уларни бошқариш харажатлари;

г) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 2 апрелдаги 154-сон қарорига мувофиқ бюджет ташкилотлари учун белгиланган йўл босиш лимити доирасидаги хизмат енгил автотранспорти ва хизмат микроавтобусларини сақлаш, ёллаш ва ижарага олиш харажатлари;

д) бошқарувнинг техник воситалари, алоқа узеллари, сигнализация воситалари, ҳисоблаш марказларини ва ишлаб чиқаришга тегишли бўлмаган бошқарувнинг бошқа техник воситаларини сақлаш ва уларга хизмат кўрсатиш харажатлари;

е) маҳаллий тармоқлар ва интернетдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган телекоммуникациялар хизматлари учун ҳақ тўлаш;

ж) белгиланган меъёр доирасидаги шаҳарлараро ва халқаро телефон сўзлашувлари учун тўловлар;

з) маъмурий бошқарув эҳтиёжлари учун бино ва жой ижара тўлови;

и) маъмурий аҳамиятга эга бўлган асосий воситаларни сақлаш ва таъмирлаш харажатлари, уларнинг эскириш (амортизацияси) харажатлари;

к) бошқарув ходимларининг белгиланган меъёр доирасидаги хизмат сафари харажатлари;

л) белгиланган меъёр доирасида вакиллик харажатлари.



§-3. Бошқа операция харажатлари


34. Бошқа операция харажатлари ўз ичига қуйидагиларни олади:

а) кадрлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлаш (янги ташкил этилаётган хўжалик юритувчи субъектда ишлаш учун, шунингдек хўжалик юритувчи субъектнинг ихтисосига тўғри келмайдиган кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, бундан мустасно) харажатлари;

б) маслаҳат ва ахборот хизматларига ҳақ тўлаш;

в) аудиторлик хизматларига ҳақ тўлаш;

г) саломатликни муҳофаза қилиш ва ходимларнинг ишлаб чиқариш жараёнида бевосита қатнашуви билан боғлиқ бўлмаган дам олишларни ташкил этиш тадбирлари;

д) компенсация тусидаги тўловлар;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларига кўра компенсация тўловлари;

қонун ҳужжатларига ёки хўжалик юритувчи субъектнинг ўзининг қарорига мувофиқ мажбурий прогул вақти ёки паст ҳақ тўланадиган ишни бажарганлик учун ҳақ тўлаш;

вақтинча меҳнат лаёқатини йўқотган тақдирда қонун ҳужжатлари билан белгиланган ҳақиқий иш ҳақи миқдоригача қўшимча ҳақ;

хўжалик юритувчи субъектнинг ишчиларига асосий иш жойи бўйича улар ишдан ажраган ҳолда малака ошириш ва кадрларни қайта тайёрлаш тизимида ўқиган вақтда иш ҳақи тўлаш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор бўлган аёлларга берилган қўшимча таътилга ҳақ тўлаш;

е) иш ҳақини ҳисоблашда ҳисобга олинмайдиган тўловлар ва харажатлар:

қонунчиликка мувофиқ болани икки ёшга тўлгунгача парвариш қилиш бўйича ҳар ойлик нафақани тўлаш бўйича харажатлар;

пенсияларга устамалар, пенсияга чиқаётган меҳнат фахрийларига бир йўла тўланадиган нафақалар;

қонунчиликка мувофиқ хўжалик юритувчи субъектлардан уларнинг қайта ташкил этилиши, ходимлар ва штатлар сонининг қисқариши муносабати билан бўшатиладиган ходимларга тўловлар;

ж) вақтинча тўхтатиб қўйилган ишлаб чиқариш қувватлари ва объектларини сақлаш харажатлари (бошқа манбалар ҳисобига қопланадиган харажатлардан ташқари);

з) банк ва депозитарий хизматларига тўловлар;

и) қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган ва хўжалик юритувчи субъект харажатларига киритиладиган бюджетга мажбурий тўловлар, солиқлар, йиғимлар, давлат махсус бюджетдан ташқари жамғармаларига ажратмалар;

к) ижарага берилган асосий воситаларни сақлаш харажатлари.



IV. МОЛИЯВИЙ ФАОЛИЯТ

БЎЙИЧА ХАРАЖАТЛАР


35. Молиявий фаолият бўйича харажатларга қуйидагилар киради:

банклар ва бошқа молия-кредит ташкилотлари кредитлари бўйича фоизлар (инвестиция даврида капитал қўйилмалар таркибига кирувчи инвестицияларга олинган банк ва бошқа молия-кредит ташкилотлари кредитлари фоизлари, шунингдек муддати ўтган ва узайтирилган ссудалар фоизларидан ташқари);

мол-мулкни узоқ муддатли ижарага олиш (лизинг) бўйича фоизларни (ижарага олиш бўйича муддати ўтган ва кечиктирилган тўловлар бундан мустасно) тўлаш харажатлари;

молиявий фаолият бўйича бошқа харажатлар.



V. ТУРАР ЖОЙНИНГ УМУМИЙ

МАЙДОНИНИНГ 1 КВ. М УЧУН МАЖБУРИЙ

БАДАЛНИ ҲИСОБЛАШ ТАРТИБИ


§-1. Турар жойнинг умумий майдонининг

1 кв. м учун мажбурий бадални ҳисоблаш тартиби


36. ХУЖМШ томонидан ушбу Низомга мувофиқ ишларнинг (хизмат) тўлиқ рўйхати ва ҳажми асосида ишлаб чиқилган даромад ҳамда харажатлар сметаси турар жойнинг 1 кв.м майдонини сақлаш ва таъмирлашга мажбурий бадални аниқлаш учун асос ҳисобланади.


37. Даромад қисми ХУЖМШ аъзоларининг мажбурий бадаллари (доимий, ойлик бадаллар), нотурар жой мулкдорларининг бадаллари ҳамда қонунларга мувофиқ бошқа даромад ва тушумлардан шаклланади.

Даромадлар сметаси ХУЖМШнинг умумий мулкини, ер майдонини ва мулкини сақлаш билан боғлиқ барча режалаштирилган харажатлар ва мавжуд молиявий мажбуриятларни қоплашни кўзда тутиши лозим.

Сметанинг харажатлар қисми даромадлар қисмидан ошиб кетиши мумкин эмас.


38. Турар жойнинг умумий майдонининг 1 кв.м сақлаш ва таъмирлашга мажбурий бадал қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:


(Х + Ф) - Д

Бз = ------------------------------------------ (сўм), бу ерда:

Мумум. * 12


Б - турар жойнинг умумий майдонининг 1 кв.м учун ХУЖМШ аъзосининг ойлик мажбурий бадали миқдори;

Х - ХУЖМШнинг бир йиллик режалаштирилаётган ишлаб чиқариш харажатлари суммаси;

Ф - режалаштирилаётган зарурий фойда (давр харажатлари ҳамда молиявий фаолият бўйича харажатлар) суммаси;

Д - ўрнатилган тартибда умумий харажатларни қоплашга йўналтириладиган (ХУЖМШ аъзоларининг мажбурий бадалидан тушумни ҳисобга олмаган ҳолда) бошқа даромад ва тушум манбалари, жумладан:

турар-жой уйлардаги ижарага берилган нотурар жойлар ва бошқа мулкларни ижарачиларидан ушбу уйларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича харажатларни қоплашга йўналтириладиган йиғим;

ХУЖМШга тегишли ҳудудда жойлашган индивидуал гараж ва бошқа бинолар эгаларидан тўловлар;

режалаштирилган аҳоли тўловлари тушумининг 100 фоиз бажарилиши шарти асосида коммунал хизмат кўрсатиш корхоналаридан ХУЖМШга ўрнатилган тартибда турар жойни таъмирлаш ва ХУЖМШга бириктирилган ҳудудни ободонлаштириш бўйича ишларни амалга оширишга йўналтириладиган ажратмалар;

қонунлар билан тақиқланмаган бошқа даромад ва тушумлар;

Мумум. - ХУЖМШ бошқарувида бўлган уй-жой фондининг умумий майдони.



§-2. Якуний қоидалар


39. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 15-сон, 161-модда.