ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Хўжалик судлари томонидан айрим қонун актларини қўллаш масалалари /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 28.11.2014 й. 269-сон "Иқтисодий судлар томонидан битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги фуқаролик қонунчилиги нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

28.11.2014 й.

N 269


ИҚТИСОДИЙ СУДЛАР ТОМОНИДАН

БИТИМЛАРНИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИШ

ТЎҒРИСИДАГИ ФУҚАРОЛИК ҚОНУНЧИЛИГИ

НОРМАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ

МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Иқтисодий судлар томонидан битимларни ҳақиқий эмаслигини тартибга солувчи қонунчиликни тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Битимларни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда иқтисодий судлар (бундан буён матнда судлар деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади), "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) ва бошқа қонунчилик нормаларига амал қилиши лозим.

2. Судларнинг эътибори қаратилсинки, ФКнинг битимларни ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги нормалари бир тарафлама, икки тарафлама ва кўп тарафлама битимларга нисбатан ҳам қўлланилади.


3. Судлар битимни ҳақиқий эмас деб топиш тушунчасини шартномани бекор қилишдан фарқлашлари лозим. Битимнинг ҳақиқий эмаслигининг шартномани бекор қилишдан фарқи қуйидагилардан иборат:

битимларни ҳақиқий эмас деб топишга ФКнинг 115-126 моддаларида назарда тутилган асослар бўйича йўл қўйилади, шартномани бекор қилиш асослари эса ФКнинг 382-383-моддаларида назарда тутилган;

битимнинг ҳақиқий эмаслигига унинг ғайриқонунийлиги, бекор қилинишига эса шартномани бекор қилишга олиб келадиган ҳолатларнинг юзага келиши асос бўлади, бунда унинг қонунийлиги низолашилмайди;

ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир, шартномани бекор қилиш эса,  у амалда бўлган вақтдаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларга таъсир этмасдан, фақатгина келгусидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга дахл қилади.

шартномани бекор қилиш ҳақидаги талабни билдиришга шартнома амал қилишининг муддати мобайнида йўл қўйилади, битим эса унинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин ҳам ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


4. ФКнинг 11 ва 113-моддаларига, шунингдек ИПКнинг 26-моддасига кўра, суд битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва (ёки) уларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш тўғрисидаги даъволарни кўриб чиқишга ҳақли.

Суд томонидан битимнинг бир қисмини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво ҳам кўрилиши мумкин.

ФКнинг 128-моддасига мувофиқ, битимнинг ҳақиқий саналмаслиги битимга ҳақиқий саналмаган қисм қўшилмаса ҳам у тузилган бўлар эди, деб тахмин қилиш мумкин бўлса, унинг бошқа қисмларининг ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлмайди.

Бунда судлар назарда тутишлари лозимки, қонун талаблари асосида муҳим деб ҳисобланадиган шартлар, агар қолган шартлар битим иштирокчилари учун ҳуқуқ ва мажбуриятлар келтириб чиқармаса, ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин эмас.

Битимнинг бир қисми у ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги ёхуд низоли бўлганлиги сабабли ҳақиқий бўлмаслиги мумкин.


5. Битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво бўйича ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида суд битимнинг барча тарафлари ва бошқа манфаатдор шахсларни ишга жалб қилиш масаласини кўриб чиқиши лозим.


6. ФК 113-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, битим ФКда белгилаб қўйилган асосларга кўра, суд ҳақиқий эмас деб топганлиги сабабли ёки бундай деб топилишидан қатъи назар, у ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаганлиги сабабли ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Бунда судлар инобатга олишлари керакки, ФК ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво бериш имкониятини истисно этмайди.


7. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, низоли бўлган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб фақат ФКда кўрсатилган шахслар томонидан тақдим этилиши мумкин. Шу боис, суд муҳокамаси давомида даъвогарда низоли бўлган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво тақдим этиш ҳуқуқи мавжуд эмаслиги аниқланса, даъвони қаноатлантириш рад этилади.

Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимни ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш тўғрисидаги талабни бундай битим ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир қилувчи ҳар қандай манфаатдор шахс тақдим этиши мумкин. Шу билан бирга, суд ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини ўз ташаббуси билан ҳам қўллашга ҳақли.


8. Агар даъво аризасида ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида талаб қўйилмаган бўлса, бироқ унинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслигини даъвогар бундай битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш тўғрисидаги талабни асослашда келтирган бўлса, судлар фақатгина бундай битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида қарор мавжуд эмаслигига асосланиб даъвони қаноатлантиришни рад этишга ҳақли эмаслар, балки қарорнинг асослантирувчи қисмида даъвогарнинг важларига баҳо беришлари лозим.

Агар суд муҳокамаси пайтида жавобгар ўз эътирозларида битимнинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслигига асосланаётган бўлса, судлар жавобгарнинг эътирозларига баҳо беришлари ва улар асосли бўлган тақдирда, низонинг вужудга келишига сабаб бўлган битимнинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслигидан келиб чиқиб, иш бўйича қарор қабул қилишлари лозим.


9. Судлар ҳақиқий бўлмаган битимни тузилмаган битимдан фарқлашлари лозим.

Уни тузиш учун қонунчиликда белгиланган зарур шартлар мавжуд бўлмаган (қонун ҳужжатларида кўрсатилган барча муҳим шартлар бўйича келишувнинг мавжуд эмаслиги, оферта йўллаган шахс томонидан акцепт олинмаганлиги, мулкнинг топширилмаганлиги, агар уни топширилиши қонунчиликка мувофиқ шартнома тузиш учун талаб этилса ва ҳоказо) битим тузилмаган деб тан олинади.

Агар битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида талаб билдирилган бўлиб, у ФКнинг қоидаларига кўра тузилмаган деб ҳисобланса, бундай талабни қаноатлантириш рад этилади.


10. ФКнинг 109-моддасига мувофиқ қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳоллардан ташқари битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди.

Қонуннинг 11-моддасига кўра, хўжалик шартномаси битимлар тузиш учун назарда тутилган ёзма шаклда тузилади.

Шу муносабат билан, агар хўжалик шартномасининг ёзма шаклига риоя қилинмаган бўлса, битим тузилмаган ҳисобланади.


11. Агар қонунчилик талабларига ёки битим тарафларининг келишувига кўра, у нотариал тасдиқланиши ёки қонунчиликка мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлса, суд нотариал шаклига ёки давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя этилмаганлиги сабабли битимни ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.

Бунда судлар инобатга олишлари лозимки, ФК 115-моддасига мувофиқ битимнинг қонун талаб қиладиган шаклига риоя қилмаслик қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолдагина унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси 122-моддасининг учинчи қисмига кўра, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан тузган шартномалари, шунингдек уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар улар ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга киради.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларга нисбатан товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берганлик учун ҳақ ундириш тўғрисидаги даъволар кўрилаётганда шартнома Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси 122-моддасининг учинчи қисмида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаганлиги, шартноманинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди. Бундай ҳолатда шартнома тузилмаган деб ҳисобланади.

11.1. Агар нотариал тартибда тасдиқлаш талаб қилинадиган битим бир тараф томонидан тўлиқ ёки қисман бажарилиб, иккинчи тараф уни нотариал тартибда тасдиқлашдан бош тортаётган бўлса, суд битимни нотариал тартибда тасдиқлашни бажарган тарафнинг даъвосига кўра, ФКнинг 112-моддасига мувофиқ уни ҳақиқий деб топиши мумкин ва бундай ҳолатда унинг кейинчалик нотариал тартибда тасдиқланиши талаб этилмайди. Агар бундай битимни тузишга қонунчиликда чеклов (таъқиқ) белгиланган ёки тарафлар томонидан унинг барча асосий шартлари бўйича келишувга эришилмаган бўлса, битим суд томонидан ҳақиқий деб топилиши мумкин эмас.

Нотариал тартибда тасдиқлаш талаб қилинадиган битимни ҳақиқий деб топиш билан боғлиқ низоларни ҳал этишда унинг тузилганлиги, бир тараф томонидан тўлиқ ёки қисман бажарилганлиги ҳолати фақат ёзма далиллар билан тасдиқланиши мумкин, агар бошқача ҳолат қонунчиликда назарда тутилган бўлмаса.

11.2. Агар давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинадиган битим керакли шаклда тузилган бўлиб, аммо тарафлардан бири уни рўйхатдан ўтказишдан бош тортса, суд ФК 112-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ бошқа тарафнинг талаби асосида битимни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли, кейинчалик эса, бу битим суд қарорига мувофиқ рўйхатдан ўтказилади. Бундай ҳолатда битим бўйича тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари у давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади (ФК 366-моддаси).


12. ФК 116-моддасига кўра ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим бўлиб: қонунчилик талабларига мувофиқ келмайдиган мазмунда; ҳуқуқ-тартибот асосларига қарши мақсадда; ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ҳисобланади.

Бунда судлар назарда тутишлари лозимки, агар битимнинг бир ёки бир неча шартлари қонунчилик талабаларига зид бўлса, битимнинг мазмуни ушбу талабларга мувофиқ келмаслиги сабабли, ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топишда судлар, бу битим ҳуқуқ-тартибот асосларини таъминловчи, яъни конституциявий тузум асослари, давлатнинг мудофаа, хавфсизлик ва иқтисодий тизими (қурол-яроғнинг ноқонуний экспорти, солиқ тўловларидан бўйин товлаш ва бошқалар), фуқаро ва шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини қўриқловчи ва ҳимояловчи ҳуқуқ нормаларининг талаблари бузилганлиги ёхуд ижтимоий ахлоқ асослари, яъни жамиятда шаклланган эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ва ёмонлик, гуноҳ ва савоб ҳақидаги қарашларга зид ёки зид эмаслигини аниқлашлари лозим.


12.1. Битимни тузган шахс томонидан амалга оширилган имзонинг асллиги бўйича шубҳа мавжудлиги сабабли битимни ҳақиқийлиги юзасидан низолашилганда, билдирилган талаб асосли бўлса, битим ФКнинг 116-моддасига мувофиқ ҳақиқий эмас деб топилади.


12.2. ФК 129-моддасининг учинчи қисмига кўра вакил ўзига ваколат берган шахс номидан шахсан ўзига нисбатан ҳам, у айни бир вақтда вакили бўлган бошқа шахсга нисбатан ҳам битимлар тузиши мумкин эмас, тижорат вакиллиги бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Шу муносабат билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг турли субъектлари номидан айнан бир вакил томонидан, масалан бир тарафдан юридик шахс ва иккинчи тарафдан бошқа юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор номидан битимнинг тузилиши уни ФКнинг 116-моддасига асосан ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради, тижорат вакиллиги бундан мустасно.


13. Жиддий аҳамиятга эга бўлган янглишиш таъсирида тузилган битим янглишиш таъсирида ҳаракат қилган тарафнинг даъвоси бўйича суд томонидан ФКнинг 122-моддасига асосан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Янглишиш таъсирида тузилган битим деганда судлар тарафларнинг ҳақиқий хоҳиш-истагини акс эттирмайдиган, уни тузиш вақтида тарафлар назарда тутган ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлмаган битим эканлигини тушунишлари лозим. Тузилган битимга нисбатан қўлланиладиган қонун нормаларини нотўғри шарҳлаш, ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда битимнинг асл ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида нотўғри тасаввур этиш янглишишнинг мисоли бўлиши мумкин. Бунда қонунни билмасликка ҳавола қилиниши битимни ушбу асос билан ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди.

Янглишиш таъсирида ҳаракат қилган тараф янглишиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини ва битим предмети ёки моҳиятига таъсир этишини исботлаши лозим.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, битимни ушбу асос бўйича ҳақиқий эмас деб топиш учун янглишиш битимни тузиш пайтида мавжуд бўлиши ва унинг тузилиши учун муҳим аҳамият касб этиши керак.

Шунингдек, назарда тутиш керакки, янглишиш битимнинг бошқа иштирокчиларининг қасддан қилинган ҳаракатлари натижаси бўла олмайди. Янглишиш таъсири остида тузилган битим алдаш таъсири остида тузилган битимдан шу билан фарқ қиладики, агар алдаш атайин қилинса, янглишиш бошқа бирон шахснинг қасддан қилинган ҳаракатлари билан боғлиқ бўлмайди.

Бошқа тарафнинг айби эхтиётсизлик шаклида ифодалангандагина, битим янглишиш таъсирида тузилган ҳисобланади.


14. ФКнинг 123-моддасига мувофиқ алдаш, зўрлик, қўрқитиш, бир тараф вакилининг иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши таъсирида тузилган битим, шунингдек фуқаро оғир ҳолатлар юз бериши туфайли ўзи учун ўта ноқулай шартлар билан тузишга мажбур бўлган, иккинчи тараф эса бундан фойдаланиб қолган битим (асоратли битим) жабрланувчининг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ФК 123-моддасининг қоидалари жисмоний шахслар томонидан ҳам, юридик шахслар томонидан ҳам тузилган битимларга нисбатан татбиқ этилади.

ФКнинг 123-моддасида назарда тутилган асосларга кўра, битимларни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низоларни кўришда судлар, алдаш, зўрлик, қўрқитиш, бир тараф вакилининг иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши таъсирида ва оғир ҳолатлар юз бериши тушунчаларини бир-биридан аниқ фарқлашлари лозим.


14.1. Алдаш деганда, бошқа шахсга ёлғон маълумотлар тақдим этиш, шунингдек битимни тузишга таъсир этувчи фактлар ҳақида сукут сақлаш йўли билан қасддан чалғитиш тушунилади. Алдаш битим элементларига нисбатан ҳам, уни доирасидан ташқаридаги ҳолатларга ҳам, шу жумладан, битимни тузиш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларга ҳам тааллуқли бўлиши мумкин.

Алдаш, бир тарафнинг бошқа тарафни битим тузишга ундаш воситаси бўлганда, юридик аҳамиятга эга бўлади.


14.2. Битим зўрлик таъсирида тузилганлиги сабабли ҳақиқий эмас деб топилиши учун уни тузишга мажбурлаш мақсадида шахс (унинг яқин қариндоши ёки яқин шахси)га жисмоний таъсирнинг кўрсатилганлиги фактининг мавжудлиги зарур.

Зўрлик ғайриқонуний, бироқ жиноий жазога тортилиши шарт бўлмаган хатти-ҳаракатларда, масалан, тарафнинг хоҳиш-иродасига хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда таъсир қилишда намоён бўлиши керак.

Зўрлик деганда, битим иштирокчиси бўлган фуқарога ёхуд юридик шахс органи ва унинг вакилларига бевосита жисмоний таъсир қилишни тушуниш лозим. Зўрлик битим иштирокчисининг мол-мулкига таъсир қилишда, яъни уни йўқ қилиш ёки унга шикаст етказишда ҳам намоён бўлиши мумкин.


14.3. Қўрқитиш таъсирида тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун битим тузишга мажбурлаш мақсадида шахс (унинг яқин қариндоши ёки яқин шахси)га рухий таъсир кўрсатиш факти мавжуд бўлиши керак.

Қўрқитиш деганда, битимни тузишга мажбурлаш мақсадида жисмоний зўрлик қилиш, руҳан азоб бериш, ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш, молиявий аҳволи тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш ёки бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари билан шахснинг хоҳиш-иродасига рухий таъсир кўрсатиш тушунилади.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, белгиланган асос бўйича битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун қўрқитишнинг жиддийлиги ва унинг ҳаққонийлиги зарурий шарт ҳисобланади.


14.4. Бир тараф вакилининг иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши деганда, ушбу шахслар ўртасидаги келишув натижасида улардан бири учун ноқулай шартларда битим тузиш тўғрисидаги келишув тушунилиши лозим. Бунда шундай келишув иштирокчиси битимнинг тузилишидан қандайдир наф олганлиги ёки битим вакил қилинган шахсга зарар етказиш мақсадида тузилганлиги аҳамиятга эга эмас.


14.5. Битим иштирокчиларидан бири онгли равишда ўзи учун ўта ноқулай шартлар асосида тузишга мажбур бўлган битим, оғир ҳолатлар юз берган шароитда тузилган битим (асоратли битим) деб ҳисобланади.


15. Судлар инобатга олишлари лозимки, қалбаки битимлар қўзбўямачилик учун тузилган битимлардан фарқланади.

Қалбаки битимни тузишда тарафларннг мақсади қандайдир фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни ўрнатишга қаратилган бўлмайди. Бундай битим, қоида тариқасида, тарафлар ёки улардан бири учун ҳуқуқий оқибатни келтириб чиқаришга эришиш мақсадида тузилади (масалан, қарздорнинг мол-мулкини хатлашдан қочиш мақсадида уни номигагина бегоналаштирилиши).

Кўзбўямачилик учун битимни тузишда тарафларнинг мақсади бошқа битимни яшириш ҳисобланади. Шу муносабат билан кўзбўямачилик учун тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топиш, ФК 114-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган оқибатларни келтириб чиқармайди. Бундай ҳолатда тарафлар ҳақиқатда назарда тутган битимга оид қоидалар қўлланилади.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, кўзбўямачилик учун тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво кўрилаётганда, низолашилаётган битим ҳақиқатда қайси битимни яшираётганлиги аниқланиши лозим.

ФК 124-моддасининг мазмунига кўра, қалбаки битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ҳисобланса, кўзбўямачилик учун тузилган битим низоли битим ҳисобланади.


16. Судлар шуни эътиборга олишлари керакки, юридик шахс ҳуқуқ лаёқатидан ташқарига чиққан ҳолда тузган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш асослари ФКнинг 125-моддасида назарда тутилган. Бунда мазкур моддада битимни ҳақиқий эмаслигининг иккита асоси назарда тутилган: юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида белгиланган унинг фаолият мақсадларига зид равишда тузилган битимлар ва тегишли фаолият билан шуғулланишга лицензияси бўлмаган юридик шахс томонидан тузилган битимлар.


16.1. Судларнинг эътибори қаратилсинки, унитар корхоналар ва қонунда назарда тутилган бошқа ташкилотлардан ташқари тижорат ташкилотлари, агар уларнинг таъсис ҳужжатларида ташкилот шуғулланишга ҳақли бўлган фаолият турлари рўйхати қатъий белгиланган бўлмаса, улар қонунда таъқиқланмаган ҳар қандай тадбиркорлик фаолият тури билан шуғулланишлари мумкин.

Шу сабабли устав мақсадларига зид равишда тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишни кўришда судлар низолашилаётган битим тижорат ташкилотининг устав мақсадларига мувофиқ келишини аниқлаш мақсадида тижорат ташкилотининг таъсис ҳужжатларини ўрганишлари лозим.


16.2. Тегишли фаолият билан шуғулланиш учун лицензияси бўлмаган юридик шахс томонидан тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низоларни кўришда судлар шуни эътиборга олишлари зарурки, лицензияни олиш талаб этиладиган фаолият турларининг рўйхати "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида" Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан тасдиқланган. Шу сабабли, судлар инобатга олишлари лозимки, агар битим лицензияни олиш талаб этиладиган фаолият доирасида, лекин лицензия мавжуд бўлмаган ҳолда (лицензия умуман олинмаган, лицензиянинг амал қилиши тўхтатилган ёки тугатилган, лицензия бекор қилинган) тузилган бўлса, битим бундай асос билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

16.3. ФКнинг 125-моддасида назарда тутилган битимлар низоли бўлиб, уларни ҳақиқий эмас деб топиш ва ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш тўғрисидаги даъвони фақат юридик шахснинг муассиси (иштирокчиси) ёки ваколатли давлат органи бериши мумкин. Шу боис, ФКнинг 125-моддасига асосан битимни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида бошқа шахс, шу жумладан, битимдаги тараф даъво билан мурожаат қилган тақдирда, бундай даъвони қаноатлантириш рад этилади.


17. ФКнинг 126-моддасига кўра, агар шахснинг битим тузиш ваколатлари шартнома билан ёки юридик шахс ваколатлари унинг таъсис ҳужжатлари билан ишончномада, қонунда белгилаб қўйилганига нисбатан ёинки битим тузилаётган вазиятдан аниқ кўриниб турган деб ҳисобланиши мумкин бўлган ваколатларига нисбатан чеклаб қўйилган бўлса ва битимни тузиш пайтида бундай шахс ёки орган ана шу чеклашлар доирасидан чиқиб кетган бўлсалар, битимдаги иккинчи тараф мазкур чеклашларни билган ёки олдиндан билиши лозим бўлганлиги исботланган ҳоллардагина битим чеклаш белгиланишидан манфаатдор бўлган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Судлар инобатга олишлари лозимки, бундай асос билан битим кимнинг манфаатида чеклаш белгиланган бўлса, фақат ўша шахснинг даъвоси бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Шу боис, ФКнинг 126-моддасига асосан битимни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво билан бошқа шахс мурожаат қилган бўлса, бундай даъвони қаноатлантириш рад этилади.

Битим тузиш ваколатларини чеклаш белгиланишидан манфаатдор шахс битимни кейинчалик маъқуллаганда, ФКнинг 126-моддасида белгиланган битимни ҳақиқий эмас деб топиш асослари қўлланилмайди.

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, битим, агар у бўйича бошқа тараф қайд этилган чеклаш ҳақида билган ёки олдиндан билиши лозим бўлган ҳолатлар аниқланган тақдирдагина, ФКнинг 126-моддаси асосида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


17.1. Судларга тушунтирилсинки, корпоратив низоларга оид ишлар доирасидаги битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни кўриб чиқишда, аффилланган шахс билан тузилган битим ҳамда йирик битим тузиш тартиби қоидалари бузилган тақдирда ФКнинг 126-моддаси қўлланилади.

18. ФКнинг 380-моддасига мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар) билан бир қаторда шартнома тузиш ҳуқуқи ким ошди савдосининг предмети бўлиши мумкин.

Судлар назарда тутишлари керакки, агар ким ошди савдосининг предмети товарлар (ишлар, хизматлар) бўлса, ким ошди савдосининг натижалари ҳақидаги баённома шартнома кучига эга бўлади ва агар тарафлардан бири уни имзолашдан бош тортса, битим тузилмаган ҳисобланади ва ФК 380-моддасининг тўққизинчи қисмида назарда тутилган оқибатлар қўлланилади.


19. ФК 381-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, ким ошди савдосини ҳақиқий эмас деб топиш ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахс билан тузилган шартноманинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.

Шу боис, судлар инобатга олишлари лозимки, агар ким ошди савдосининг натижалари бўйича тузилган битимни савдо ўтказиш қоидалари бузилганлиги сабабли ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво берилган бўлиб, бироқ ким ошди савдосини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида талаб қўйилмаган бўлса, бундай даъвони қаноатлантириш рад этилади. Ким ошди савдоси белгиланган қоидаларга риоя қилинган ҳолда ўтказилган бўлсада, аммо ким ошди савдосининг натижалари бўйича тузилган битим ФКда назарда тутилган асослар бўйича ҳақиқий эмас бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Агар ким ошди савдосини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб суд томонидан қаноатлантирган бўлса, кейинчалик битимни ҳақиқий эмас деб топилиши талаб этилмайди. Бу ҳолатда тарафларнинг ҳар бири битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилиши мумкин.

Бунда судлар шуни инобатга олишлари керакки, суд муҳокамаси пайтида ким ошди савдолари натижалари бўйича тузилган битимнинг ФК қоидаларига мувофиқ ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги аниқланса, ким ошди савдолари ҳақиқий эмас деб топилишидан қатъий назар бундай битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатлари суд томонидан қўлланилиши мумкин.


20. Ҳақиқий бўлмаган битим, унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмаслигини инобатга олиб, судлар назарда тутишлари керакки, битимни ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллашда тарафлар битим тузишдан олдинги ҳолатга келтирилишлари лозим.


21. Битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш тўғрисидаги талаб низоли битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб билан ёки ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб билан бирга ёхуд алоҳида даъво кўринишида билдирилиши мумкин.

Бунда низоли битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини ушбу битимни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори мавжуд бўлган тақдирдагина қўллаш мумкин.


22. Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимни ҳақиқий эмаслиги оқибатлари даъвогарнинг ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаби қаноатлантирилганидан кейин ҳам, бундай қарор мавжуд бўлмаганда ҳам қўлланилиши мумкин. Бундай қарор мавжуд бўлмаганда, судлар битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллашни қарорнинг асослантирувчи қисмида ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим факти мавжудлиги тўғрисидаги хулосалари билан асослаб беришлари лозим.


23. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини ўз ташаббуси билан қўллаш суднинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқидир. Бунда инобатга олиш лозимки, низоли битимларга нисбатан судларга бундай ҳуқуқ берилмаган.


24. ФК 114-моддасининг иккинчи қисмига асосан битим ҳақиқий бўлмаганида тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши, олинган нарсани аслича қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, агар битим ҳақиқий эмаслигининг бошқа оқибатлари қонунда назарда тутилган бўлмаса, унинг қийматини пул билан тўлаши шарт.

Бунда судлар инобатга олишлари лозимки, олинган нарсани аслича қайтариб бериш имконияти бўлмаган ҳолларда (мол-мулкдан фойдаланиш, бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат) олинган нарсанинг ўрнини тўлдириш миқдори ўхшаш вазиятларда, одатда ўхшаш мол-мулкдан фойдаланиш (ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) учун олинадиган баҳо бўйича аниқланади.

Мол-мулкни натура шаклида қайтаришда судлар назарда тутишлари лозимки, мол-мулкни яхшиланиши учун қилинган харажатларнинг компенсацияси юзасидан талаб, у низоли характерга эга бўлганлиги сабабли, суд томонидан  алоҳида иш доирасида кўриб чиқилади, агар суд томонидан битимни ҳақиқий эмаслиги оқибатлари қўлланилаётганда компенсация бўйича қарши талаб билдирилмаган бўлса.


25. ИПК 149-моддаси иккинчи қисмининг 7-бандига мувофиқ, битимни ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш ҳақидаги талаб билдирилганда даъво аризасида ҳар бир тарафга нисбатан айнан қайси оқибатлар қўлланилиши кўрсатилиши лозим. Агар битимни ҳақиқий эмаслиги оқибатларини фақат даъвогарга нисбатан қўллаш сўралган бўлса, ФК 114-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ суд ўз ташаббуси билан битимни ҳақиқий эмаслиги оқибатларини бошқа тарафга нисбатан ҳам қўллаши лозим.

26. Битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллашда суд, қарорнинг хулоса қисмида ИПКнинг 180-моддасига мувофиқ пул маблағларининг ундирилишини, мол-мулкнинг олиб берилишини кўрсатиши лозим.

27. Судлар ҳисобга олишлари лозимки, битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатлари тузилмаган шартномага нисбатан қўлланилмайди.

Битим суд томонидан тузилмаган деб топилган ҳолларда ҳамда бундай битим юзасидан маълум хатти-ҳаракатлар (мол-мулк топширилган ёки тўлов тўланган) амалга оширилган бўлса, тузилмаган битим бўйича мажбуриятни бажарган шахс ФКнинг 1023-моддасига мувофиқ асоссиз орттирилган мол-мулкни ёки тўланган пул маблағларини қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.


28. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ФКнинг 114-моддасида белгиланган реституция кўринишидаги битимни ҳақиқий эмаслиги оқибатлари ФК 123-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган оқибатлардан фарқ қилади. Шу боис, агар битим ФКнинг 123-моддасига асосан ҳақиқий эмас деб топилса, иккинчи тараф жабрланувчига унинг битим бўйича бажарган ҳамма нарсасини қайтариб бериши керак (асли ҳолича ёки пул кўринишида), жабрланувчи томонидан битим бўйича иккинчи тарафдан олинган мол-мулк (ёки унинг қиймати) эса, давлат даромадига ўтказилади. Бунда мазкур оқибатлар битим тўлиқ ёки қисман бажарилган ҳолдагина суд томонидан қўлланилиши мумкин.


29. Манфаатдор шахс томонидан битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва битимни ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш тўғрисидаги киритилган даъво судлар томонидан иккита мустақил талабдан иборат бўлган даъво сифатида кўрилиши керак. Бундай даъволар бўйича давлат божи ҳар бир талаб учун алоҳида тўланиши лозим.

Агар суд ўз ташаббуси билан ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўлласа, давлат божи ундирилмайди.

Агар даъвогар томонидан битимни ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш тўғрисида талаб қўйилса, давлат божи ушбу талаб мулкий характерга эгалигидан келиб чиққан ҳолда тўланади.


30. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, битимларни ҳақиқий эмаслигини исботлаш мажбурияти даъвогар зиммасига юклатилади.


31. Битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабга, қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, умумий даъво муддати қўлланилади ҳамда даъво муддати фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланилади.

32. Битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни қаноатлантириш ҳақидаги ҳал қилув қарори юзасидан ижро варақаси берилмайди, шу билан бирга ҳақиқий бўлмаган битимнинг оқибатларини қўллаш ҳақидаги ҳал қилув қарори юзасидан - берилади.


33. Судлар мазкур тоифадаги низоларни кўришда қонун ҳужжатлари нормаларига қатъий риоя этишлари ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган ҳолда айбдор шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тегишли таъсир чораларини кўришлари лозим.


            

Олий хўжалик суди раиси

                     

               

К. Камилов

Пленум котиби,

Олий хўжалик суди судьяси

                

К. Давлетова

        














































Время: 0.0063
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск