ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Хўжалик судлари томонидан айрим қонун актларини қўллаш масалалари /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 01.12.2011 й. 234-сон "Мулк ижараси шартномасига оид фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини иқтисодий судлар томонидан қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

01.12.2011 й.

N 234


МУЛК ИЖАРАСИ ШАРТНОМАСИГА ОИД

ФУҚАРОЛИК ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ НОРМАЛАРИНИ

ИҚТИСОДИЙ СУДЛАР ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАШНИНГ

АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ижара шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни кўришда мулк ижараси тўғрисидаги фуқаролик қонунчилигининг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Мулк ижараси шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни ҳал қилишда судлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), "Ижара тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) ва бошқа қонунчиликни қўллашлари лозим.

2. Ижарага берувчининг ижарага олувчи билан муносабатларини тартибга солувчи асосий ҳужжат бўлиб ижара шартномаси ҳисобланади. Ижара шартномасининг шартларини баҳолашда судлар ФК 364-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан шундай ҳолларда талаб қилинадиган шаклда келишувга эришилган бўлса, шартнома тузилган ҳисобланишини инобатга олишлари лозим.


3. Судлар эътиборга олишлари керакки, ФК 537-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, ушбу моддада қайд этилган ижара объектларидан ташқари, бошқа истеъмол қилинмайдиган ашёлар ҳам ижара объекти бўлиши мумкин. Кўп маротаба фойдаланишга мўлжалланган бўлиб, бунда ўзининг дастлабки кўринишини узоқ вақт давомида сақлаб қолувчи ва аста-секин яроқсиз ҳолга келувчи ашёлар истеъмол қилинмайдиган ашёлар деб тан олинади (маиший техника, мебель ва бошқалар).


4. ФКнинг 539-моддасига кўра, ижара шартномаси бир йилдан ортиқ муддатга мўлжалланган бўлса, тарафлардан биронтаси юридик шахс бўлган ҳолларда эса муддатидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт. Шундан келиб чиқиб, бундай тоифадаги ишларни кўришда судлар ҳар бир ҳолатда шартномани талаб қилиб олишлари керак.

Судларнинг эътибори ФК 539-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ кўчмас мулк ижараси шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш мажбурий эканлигига қаратилсин. Бир йилдан кам муддатга тузилган бино ва иншоотларнинг ижара шартномалари бу қоидадан истисно ҳисобланади.

Кўчмас мулк ижараси шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ва муддатлари қонунчилик билан тартибга солинади.

Кўчмас мулк ижараси шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик ФКнинг 112-моддасига асосан унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади. Бунда ФКнинг 114-моддасида назарда тутилган битимларни ҳақиқий эмаслигининг оқибатлари қўлланилади.

Шу билан бирга, судлар шуни назарда тутишлари лозимки, тарафлардан бири битимни давлат рўйхатидан ўтказишдан бош тортган ҳолда, иккинчи тараф ижара шартномасини рўйҳатдан ўтказишга мажбурлаш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

ФК 384-моддасининг биринчи қисмига кўра, шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш тўғрисидаги келишув ҳам, агар қонунчиликдан, шартнома ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, шундай шаклда тузилади. Бундан келиб чиқиб, давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган кўчмас мулк ижараси шартномасини ўзгартириш ҳақидаги тарафларнинг келишуви ҳам, шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланиб, рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Ижара шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги фуқаролик қонунчилигининг талаби иккиламчи ижара шартномасига ҳам татбиқ этилади.

5. ФК 538-моддасининг мазмунидан келиб чиқиб, мулкнинг эгаси ёхуд қонун ёки мулкдор томонидан мулкни ижарага бериш ваколати берилган бошқа шахслар ижарага берувчи бўлиши мумкин. Ижарага берувчининг мулкдор эканлиги масаласини аниқлашда судлар мулкка бўлган ҳуқуқни белгиловчи (эгалик ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, олди-сотди шартномаси, кадастр ҳужжатлари, транспорт воситасига техник паспорт ва бошқалар) ва ижарага берувчи ҳақиқатда ҳам мулкдор эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилишлари лозим.

Судлар назарда тутишлари керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги "Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида''ги 102-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ давлат мулки фақат Қорақалпоғистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги давлат унитар корхоналари шаклидаги давлат мулкини ижарага бериш марказлари орқали ижарага берилади.

6. ФКнинг 540-моддасига кўра мулк ижараси шартномаси бўйича умумий қоида таъриқасида ижара муддатини белгилаш ҳуқуқи тарафларнинг ўзларига берилган бўлиб, бунда ижара муддати муҳим шарт ҳисобланмайди. Ижара муддати билан боғлиқ низоларни кўриб чиқишда судлар ҳисобга олишлари керакки, тарафлар ушбу муддатларни ижара муносабатларини тартибга солувчи қонунчиликда назарда тутилган чекловларни ҳисобга олган ҳолда белгилашлари лозим.

Агар қонун билан айрим турдаги мулк ижараси шартномалари учун энг кўп (охирги) муддати белгиланган бўлиб, шартнома эса белгиланган ушбу охирги муддатдан ортиқ муддатга тузилган бўлса, бундай шартнома белгиланган охирги муддатга тенг муддатга тузилган ҳисобланади.

Агар қонун билан айрим турдаги мулк ижараси шартномалари учун энг кам (чекланган) муддати белгиланган бўлиб, шартнома эса белгиланган ушбу энг кам муддатидан кам муддатга тузилган бўлса, бундай шартнома ФКнинг 116-моддасига кўра ўз-ўзидан ҳақиқий эмас ҳисобланади.


7. ФК 541-моддасининг учинчи қисмига кўра, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулк барча мансуб ашёлари ва унга алоқадор ҳужжатлар билан бирга ижарага топширилади (техник паспорт, сифат сертификати ва ҳоказо). Агар бундай мансуб ашёлар ва ҳужжатлар топширилган бўлмаса, ва уларсиз ижарага олувчи мол-мулкдан унинг ўз вазифаси бўйича фойдалана олмаса, ёхуд шартнома тузиш пайтида мўлжаллашга ҳақли бўлган анча нарсасидан маҳрум бўлса, у ижарага берувчидан бундай мансуб ашёлар ва ҳужжатларни топширишни, ёхуд шартномани бекор қилишни, шунингдек зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

ФК 541-моддасининг тўртинчи қисмига асосан, ижара шартномасида мол-мулкни топшириш муддати кўрсатилмаган ҳолларда, ижарага берувчи ижарага олувчига оқилона муддатда мол-мулкни топширишга мажбур. Бунда ижарага берувчини ижарага олувчига мол-мулкни, мансуб ашёлар ва (ёки) ҳужжатларини топшириш учун зарур бўлган муддат "оқилона муддат" деб тушунилиши лозим.

Агар ижарага берувчи ижарага олувчига ижарага берилган мол-мулкни шартномада кўрсатилган муддатда, башарти шартномада бундай муддат кўрсатилган бўлмаса, оқилона муддатда топширмаган бўлса, ижарага олувчи Фуқаролик кодексининг 331-моддасига мувофиқ бу мол-мулкни ундан талаб қилиб олиш ва ижронинг кечикканлиги туфайли етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ёки шартномани бекор қилиш ва унинг бажарилмаганлиги сабабли етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.


8. Судлар ҳисобга олишлари керакки, ФК 549-моддасининг биринчи қисмига кўра, ижарага топширилган мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқнинг ижарага берувчидан бошқа шахсга ўтиши натижасида ижарага берувчининг ўзгариши, бошқа шахс мулкни сотиб олишда ижара шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар ҳақида огоҳлантирилмаганлигидан қатъи назар, аввалги, ижарага берувчининг ижара бўйича барча мажбуриятлари тўла ҳажмда унга ўтади. Янги ижарага берувчи шартноманинг амал қилиш муддати тугагунга қадар ижарага берилган мулкни қайтаришни ёки иштирокчиларнинг таркиби ўзгаришини асос қилиб, шартнома шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли эмас.


9. Мулк ижараси шартномаси ҳақ эвазига тузиладиган шартнома ҳисобланади, шу сабабли ижарага олувчининг асосий мажбуриятларидан бири мулкдан фойдаланганлик учун ҳақни, яъни ижара ҳақини ўз вақтида тўлашдир. Ижара ҳақини тўлаш муддатлари тарафлар томонидан белгиланади ва шартномада кўрсатилади. Ижара ҳақини тўлаш муддати муайян сана ёки давр билан белгиланиши мумкин. Ижара шартномасида ижара ҳақини тўлаш муддати кўрсатилмаган ҳолларда ФК 544-моддасининг иккинчи қисми қоидалари қўлланилади.

Судлар назарда тутишлари лозимки, ижарага олувчининг ижара ҳақини тўлаш мажбурияти ижарага берилган мулк унга топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади. Агар ижарага берувчи ижара объектини ижарага олувчига шартномани тузиш пайтида ёки шартномада белгиланган бошқа муддатда топширмаган бўлса, у мулкдан фойдаланганлик учун тўловларни тегишли даврда амалга оширишни талаб қилишга ҳақли эмас.

Шунингдек, ижара шартномаси муддати тугаганидан кейин ҳам ижарачи ижарага олинган мулкдан амалда фойдаланишни давом эттираверса, ижарага олувчи бутун фойдаланган давр учун ижара ҳақини тўлашга мажбур.

ФК 541-моддаси иккинчи қисмининг мазмунига кўра, мулкни ижарага берувчи томонидан ижарага олувчига топширилиши топшириш далолатномаси асосида амалга оширилади. Шу билан бирга судлар шуни инобатга олишлари лозимки, агар тарафларнинг шартномавий ҳуқуқий муносабатларга киришганлиги ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқланса, топшириш далолатномасининг мавжуд эмаслиги ижарага берувчининг ижара ҳақини ундириш тўғрисидаги талабларини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла олмайди.

Мулкдан фойдаланганлик учун тўлов миқдори ва уни аниқлаш шартлари ижара шартномасида кўрсатилмаган бўлса, бундай шартнома тузилмаган ҳисобланади. Бундай ҳолатда, агар мулк ижарага олувчига шундай шартномага асосан берилган бўлса, ижарага берувчи мулкни қайтаришни ва ФКнинг 1023-моддасига асосан мулкдан фойдаланганлик ҳақини талаб қилишга ҳақли.

10. Судларга тушунтирилсинки, ижара шартномаси ҳақиқий эмас деб топилганда, ФКнинг 114-моддасида назарда тутилган оқибатлар қўлланилади ва тарафларнинг ҳар бири бошқасига шартнома бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб беришга мажбур. Ижарага олувчининг олган нарсаси мулкдан фойдаланишда ифодаланганлиги учун, у фойдаланганлик қийматини пул билан қайтариши шарт. Бунда фойдаланганлик қиймати ижара шартномасида белгиланган ижара ҳақининг миқдоридан келиб чиқиб аниқланади, шартномада ижара ҳақининг миқдори назарда тутилмаган ҳолларда эса, фойдаланганлик қиймати ФКнинг 356-моддасига мувофиқ аниқланади.


11. ФК 551-моддасининг биринчи қисми ижарага берувчининг талаби бўйича суд томонидан мулк ижараси шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ҳолатлари рўйхатини ўз ичига олади. Ижара шартномасида ижарага берувчининг талаби билан шартномани муддатидан олдин бекор қилишнинг бошқа асослари ҳам назарда тутилиши мумкин. Бироқ, назарда тутиш лозимки, ФК 551-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган асослар рўйхати тарафлар келишувига биноан қисқартирилиши мумкин эмас.


11.1. Агар шартномани муддатидан олдин бекор қилиш ҳақидаги талаб ФК 551-моддасига асосан билдирилган бўлса, шартномани муддатидан олдин бекор қилиш тартиби ҳақидаги махсус норма қўлланилади. Бунда назарда тутиш лозимки, ижарага берувчининг шартномани муддатидан олдин бекор қилиш ҳақидаги талаби судга ижарага олувчига мажбуриятларни бажариш зарурлиги ҳақидаги ёзма огоҳлантириш юборилганидан кейингина берилиши мумкин. Мазкур талабни бажармаслик низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя қилмаслик деб баҳоланиши лозим.

ФКнинг 552-моддаси ФКнинг 551-моддасидан фарқли равишда ижарага олувчининг зиммасига ижарага берувчига белгиланган муддатда мажбуриятни бажариш ёки шартнома шартларининг бузилишини бартараф этиш ҳақида ёзма огоҳлантириш юбориш мажбуриятини юкламайди, бундай ҳолатда ФК 384-моддасининг иккинчи қисми қоидалари қўлланилади.


12. Судлар ФК 553-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ шартномани қайтадан тузилган деб тан олиш учун иккита шарт мавжуд бўлиши зарурлигини назарда тутишлари лозим: 1) шартноманинг муддати тамом бўлганидан кейин ҳам ижарага олувчи мулкдан фойдаланишни давом эттираётганлиги; 2) ижарага берувчи бунга эътироз билдирмаганлиги. Бундай ҳолда шартнома номуайян муддатга қайтадан тузилган ҳисобланади ва тарафлардан ҳар бири ФК 540-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган муддатда бошқа тарафни хабардор қилган ҳолда истаган вақтда ундан воз кечишга ҳақли.

ФК 553-моддаси тўртинчи қисмининг номуайян муддатга ижара шартномасини тузишга тегишли қоидалари ФК 546-моддасидаги иккиламчи ижара шартномасининг муддати ижара муддати билан чегараланиши ҳақидаги қоидаларни ҳисобга олган ҳолда иккиламчи ижара шартномасига нисбатан ҳам қўлланилади.


13. Судлар прокат ижаранинг бир тури сифатида қуйидаги хусусиятларга эга эканлигини назарда тутишлари лозим: 1) прокат шартномаси бўйича ижарага берувчилар сифатида фақат улар учун мол-мулкни ижарага бериш асосий тадбиркорлик фаолияти ҳисобланадиган хўжалик юритувчи субъектлар бўлиши мумкин; 2) прокат нарсаси фақатгина кўчар мулк бўлиши мумкин; 3) прокат шартномаси оммавий шартнома бўлиб, ижарага берувчи ФКнинг 358-моддаси талабларига мувофиқ унга мурожаат қилган ҳар қандай шахс билан шартнома тузишга мажбур ва бир шахсни бошқа шахсга нисбатан афзал кўришга ҳақли эмас. Ҳисобга олиш керакки, хўжалик юритувчи субъект оммавий шартномани тузишдан асоссиз бош тортганда, ижарага олувчи шартномани тузишга мажбурлаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.


13.1. Прокат шартномаси ёзма шаклда тузилади, бунда шартномани давлат рўйхатидан ўтказиш ёки нотариал тасдиқлаш талаб қилинмайди.


13.2. ФК 559-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ прокат шартномаси бир йилгача муддатга тузилади. Судлар назарда тутишлари зарурки, ФК 540-моддасининг учинчи қисми мазмунидан келиб чиқиб, бир йилдан ортиқ муддатга тузилган прокат шартномаси бир йил муддатга тузилган деб ҳисобланади.


13.3. ФК 559-моддасининг иккинчи қисмига кўра, прокат шартномаларига нисбатан мулк ижараси шартномасини номуайян муддатга қайтадан тузиш ва ижарага олувчининг мулк ижараси шартномасини қайтадан тузишга имтиёзли ҳуқуқи ҳақидаги қоидалар қўлланмайди. Судлар ҳисобга олишлари лозимки, бу қоидадан айнан шу ижарага берувчи билан янги муддатга прокат шартномасини тузиш имконияти йўқлиги келиб чиқмайди, бироқ бу ҳолатда шартнома умумий асосларда тузилади.


13.4. Прокат шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни кўришда судлар эътиборга олишлари лозимки, ФКнинг 237-моддасида белгиланган қоидадан истисно тариқасида, 559-моддасининг учинчи қисмида ижарага олувчининг прокат шартномаси бўйича мажбуриятларни бажаришни истаган вақтда рад этишга ҳақлилиги назарда тутилган. Ушбу қоидадан келиб чиқиб, ижарага олувчининг прокат шартномасини бажаришни рад этиши унинг ижарага берувчи томонидан сўзсиз қабул қилинишига олиб келади.

14. Судлар назарда тутишлари лозимки, транспорт воситаларини ижарага бериш шартномаси ижара шартномасининг алоҳида тури ҳисобланади ва у ёзма шаклда тузилиши шарт.

Қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак, бундан ФК 565-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Судлар назарда тутишлари керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги "Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсга беришни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 38-сонли қарори билан тасдиқланган "Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 3-банди мазмунидан келиб чиқиб, автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномалари нотариал тасдиқланади.

Нотариал тасдиқланган автомототранспорт воситасини ижарага бериш шартномаси Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органида ҳисобга олинади.


15. Бино ва иншоотларни ижарага бериш тўғрисидаги шартномалардан келиб чиқадиган низоларни кўришда судлар ижарага берувчида мулкни ижарага бериш ҳуқуқи мавжудлигини аниқлашлари лозим. Ижарага берувчининг бино ёки иншоотни ижарага бериш ҳуқуқини баҳолашда судлар қуйидагиларни ҳисобга олишлари зарур:

- шахс, агар унинг кўчмас мулкка нисбатан оператив бошқариш ҳуқуқи рўйхатдан ўтказилмаган бўлса, мулкни ижарага беришга ҳақли эмас;

- хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида унитар корхонага бириктирилган кўчмас мулкни мулкдор унитар корхонанинг розилигиз ижарага беришга ҳақли эмас;

- мулкдорнинг розилигисиз унитар корхона томонидан тузилган хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида унга тегишли кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаси ФКнинг 116-моддаси талабларига кўра ўз-ўзидан ҳақиқий эмас ҳисобланади.


16. ФК 574-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси ёзма шаклда тарафлар томонидан имзоланган битта ҳужжат тарзида тузилади. Судлар ҳисобга олиши зарурки, ФК 366-моддасининг тўртинчи қисми қоидалари кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларига нисбатан қўлланилмайди ва бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномасининг ёзма шаклда тузилиши ҳақидаги талабга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.


17. Шартномани давлат рўйхатидан ўтказиш заруратини баҳолашда судлар ҳисобга олишлари керакки, бино (иншоот)ни ижарага бериш шартномасининг амал қилиш муддати жорий йилнинг бирор-бир ойининг 1-санасидан кейинги йилнинг олдинги ойи 30-санасигача (31-санасигача) белгиланганда, ФК 574-моддасининг тўртинчи қисмини қўллаш мақсадида бир йилга тенглаштирилган деб тан олинади.

17.1. Судлар ҳисобга олишлари керакки, ижара шартномасининг амал қилиш муддати давомида тарафлар бир йилдан кам бўлган муддатга янги шартнома тузган бўлсалар, бу шартномаларнинг муддатлари қўшилмайди ва янги шартномани давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинмайди.

Номуайян муддатга тузилган бино ва иншоотни ижарага бериш шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинмайди. Бироқ, назарда тутиш лозимки, бир йилдан кам муддатга тузилган бино ва иншоотни ижарага бериш шартномаси бўйича тарафларнинг ҳуқуқий муносабатлари бир йилдан ортиқ муддатда давом этса, бундай шартнома давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт.

18. ФК 575-моддасининг биринчи қисмига кўра, бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси бўйича ижарага олувчига бундай кўчмас мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқларини топшириш билан бир вақтда ер участкасининг ана шу кўчмас мулк жойлашган ва ундан фойдаланиш учун зарур қисмига бўлган ҳуқуқлар ҳам топширилади. Бундан келиб чиқиб, судлар назарда тутишлари лозимки, ижара объекти жойлашган ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи қонунга мувофиқ вужудга келади.

Тегишли ер участкасига ҳуқуқлар бино ёки иншоотнинг ижара шартномасида қайд этилган бўлиши лозим. Ижара шартномасида бундай маълумотларнинг мавжуд бўлмаслиги ер участкасидан фойдаланиш шарти бўйича келишувга эришилмаган ҳисобланади. Бироқ назарда тутиш керакки, тегишли ер участкасидан фойдаланиш шарти бўйича келишувга эришилмаганлиги асосида бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб рад этилиши лозим, чунки ер участкасига бўлган ҳуқуқ ижарага берилган бино ёки иншоотга бўлган ҳуқуқдан ҳосил бўлади ва бу шартнинг мавжуд эмаслиги ижара шартномасининг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди.


19. ФК 364-моддасининг биринчи қисми талабларидан келиб чиқиб, ижара предмети ва ижара ҳақининг миқдори ҳақидаги шартлар бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномасининг муҳим шартлари ҳисобланади.


19.1. Судлар ижара предмети ҳақидаги маълумотларнинг етарлилигига баҳо беришда иш ҳолатларидан келиб чиқишлари лозим, лекин бунда предмет индивидуал аниқланган ва шартноманинг ўзида белгиланган бўлиши лозимлигини ҳисобга олишлари зарур.


19.2. Ижара шартномасида ижарага олувчига топширилиши лозим бўлган мулкни аниқлаш имконини берувчи маълумотлар мавжуд бўлмаса, тарафлар ижара предмети ҳақидаги шарт бўйича келишмаган, шартнома эса тузилмаган ҳисобланади.


19.3. Агар бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномасининг предмети аниқ белгиланмаган бўлса ва ижарага берувчи шартномани давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича зарур ҳаракатларни амалга оширмаётган бўлса, судда ижарага берувчини шартномани рўйхатдан ўтказишга мажбурлашга қонуний асослар мавжуд эмас, чунки шартнома тузилмаган ҳисобланади.


19.4. Коммунал хизматлар тўлови бўйича шартнома шарти ижара тўловининг шарти сифатида баҳоланмаслиги лозим, чунки коммунал хизматлар ижара ҳақидан ташқари тўланади ва ижара ҳақининг таркибига кирмайди. Шу муносабат билан коммунал хизматлар учун тўловларнинг амалга оширилмаганлиги факти, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома шартларининг жиддий бузилиши ҳисобланмайди ва тегишинча бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш учун асос сифатида хизмат қилмайди.


19.5. Ижара объектининг муддатидан олдин (ижара шартномасининг амал қилиши тугагунига қадар) бўшатилиши ижарага олувчининг ижара ҳақини тўлаш бўйича мажбуриятларини тугашига асос бўлмайди, ижара объектини топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида ижарага берувчига топшириш ҳоллари бундан мустасно.


19.6. Ижара шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг ижарага берилган бино ёки иншоотдан фойдаланганлик учун ижара ҳақининг ундируви ушбу шартномада белгиланган миқдорда амалга оширилади.


19.7. Шартномани тузиш пайтида ёки шартнома билан белгиланган бошқа муддатда ижарага берилган бино ёки иншоотни топшириш мажбуриятини бажармаган ижарага берувчи ижарага олувчидан ижара ҳақини тўлашни фақатгина унга ижара объектини амалда топширганидан сўнг талаб қилишга ҳақли.


19.8. Судлар назарда тутишлари лозимки, ижарага олувчининг унга топширилмаган ижарага берилган мол-мулкни ундан ҳақиқатда фойдаланиб келаётган учинчи шахсдан талаб қилиш ҳақидаги даъвоси асоссиз ҳисобланади ва қаноатлантирилмайди.

Олий хўжалик суди раиси

Д. Мирзакаримов

Олий хўжалик суди

Пленумининг котиби, судья

   

М. Израилбекова

              

























Время: 0.0382
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск