язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қурилиш ва архитектура/ Ўзбекистон Республикаси Ягона қурилиш Регламенти (I қисм) (ЎзР ВМ 20.08.2013 й. 229-сон қарорига 3-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 20 августдаги

229-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ягона қурилиш

РЕГЛАМЕНТИ

(I қисм)


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Регламент шаҳарсозлик фаолиятини, хусусан шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаси бериш, ваколатли органларнинг ўзаро ҳамкорлиги, дастлабки рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш ва тайёрлаш, лойиҳаолди ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш, келишиш ва тасдиқлаш, объектларни қуриш ва реконструкция қилиш тартибини, шунингдек тартиботларни амалга ошириш муддатлари ва қийматини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламини ифодалайди.


2. Ушбу Регламентда назарда тутилмаган нормалар ва қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси (кейинги ўринларда "Давархитектқурилиш" қўмитаси деб аталади) томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган шаҳарсозлик соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Ушбу Регламент амалга киритилган пайтдан бошлаб шаҳарсозлик соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир илгари қабул қилинган норматив ҳужжатларнинг ушбу Регламентга зид бўлмаган қисми қўлланади.



II. ШАҲАРСОЗЛИК ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

УЧУН ЕР УЧАСТКАСИ БЕРИШ ТАРТИБИ


3. Юридик ва жисмоний шахсларга шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаси бериш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида ва Шаҳарсозлик кодексида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланади.


4. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 23-моддасига мувофиқ ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) ажратиш тартибида амалга оширилади.

Ер участкаларини ажратиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Берилган (реализация қилинган) ер участкасига эгалик қилишни ва фойдаланишни бошлаш ер участкасига ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар берилгунгача тақиқланади.


5. Юридик ва жисмоний шахсларга шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкалари бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкаси бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.


6. Юридик ва жисмоний шахсларга шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктлари ташқарисидан, шунингдек икки ва ундан ортиқ туманлар ва вилоятлар ҳудудида жойлаштириладиган объектлар қурилиши учун ер участкалари бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган эҳтиёжлар, шунингдек икки ва ундан ортиқ туманлар (шаҳарлар) ёки вилоятлар ҳудудида жойлаштириладиган объектлар қурилиши учун аҳоли пунктлари ташқарисидан ер участкаси бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.


7. Юридик ва жисмоний шахсларга шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун Тошкент шаҳрида ер участкалари бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Тошкент шаҳрида ер участкалари бериш тартибини янада такомиллаштириш ва улардан мақсадли фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2008 йил 22 августдаги 189-сон қарори билан ташкил этилган Комиссия билан келишган ҳолда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 31 декабрдаги 292-сон қарори билан тасдиқланган Тошкент шаҳрида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ ер участкалари бериш амалиётини ўрганиш бўйича Комиссия томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.


8. Юридик ва жисмоний шахсларга шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун Тошкент вилояти Қибрай, Зангиота, Тошкент, Бўстонлиқ ва Паркент туманлари ҳудудларида ер участкалари бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Тошкент вилоятида юридик ва жисмоний шахсларга ер участкалари бериш тартибини янада такомиллаштириш ва улардан мақсадли фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2009 йил 20 январдаги 16-сон қарори билан ташкил этилган Комиссия билан келишган ҳолда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 18 февралдаги 45-сон қарори билан тасдиқланган Тошкент вилоятида юридик ва жисмоний шахсларга шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ ер участкалари бериш амалиётини ўрганиш бўйича Комиссия томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

9. Юридик ва жисмоний шахсларга Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектлари қуриш учун ер участкалари бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 октябрдаги 277-сон қарори билан ташкил этилган Комиссия билан келишган ҳолда Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектлари қуриш учун ер участкалари ажратиш бўйича низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

11. Жисмоний шахсларга якка тартибда уй-жой қурилиши учун ер участкалари бериш (реализация қилиш) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги 272-сон қарори билан тасдиқланган Якка тартибда уй-жой қурилиши тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.


12. Ер участкаларини танлаш ва ажратиш материаллари давлат экологик экспертизасидан ўтказиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ келишилиши ва экологик экспертизадан ўтказилиши керак.

13. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 23-моддасига мувофиқ эгалик қилинаётган, ижарага берилган ва мулк бўлган ер участкасини бериш (реализация қилиш) фақат ушбу ер участкаси белгиланган тартибда олиб қўйилгандан (сотиб олингандан) сўнг амалга оширилади.

Ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор аҳоли пунктлари ҳудудларини ва аҳоли пунктлари оралиғи ҳудудларини ривожлантириш ва қуриш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида қабул қилинади.

Юридик ва жисмоний шахслардан ер участкалари ёхуд уларнинг бир қисми олиб қўйилган тақдирда зарарларни қоплаш, шунингдек бузилиши лозим бўлган уйлар, ишлаб чиқариш бинолари ва бошқа иморатлар, иншоотлар ва экинлар учун ҳисоб-китоб қилиш "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорларининг, шунингдек қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш миқдорларини ва қоплаш суммасининг ҳисоб-китоби "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 146-сон қарори билан тасдиқланган Ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорларининг кўрган зарарларини, шунингдек қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.


14. Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини танлаш ва ажратишга доир материалларни тайёрлаш муддатлари, ишлар таркиби ва материаллар тўплами, шунингдек уларни ваколатли органлар билан келишиш тартиби:

аҳоли пунктларида ер участкалари беришда - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкалари бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ;

аҳоли пунктлари ташқарисидан, шунингдек икки ва ундан ортиқ туманлар (шаҳарлар) ёки вилоятлар ҳудудида жойлаштириладиган объектлар қурилиши учун ер участкалари беришда - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган эҳтиёжлар, шунингдек икки ва ундан ортиқ туманлар (шаҳарлар) ёки вилоятлар ҳудудида жойлаштириладиган объектлар қурилиши учун аҳоли пунктлари ташқарисидан ер участкалари бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ;

Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектлари қуриш учун ер участкалари беришда - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 октябрдаги 277-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектлари қуриш учун ер участкалари ажратиш бўйича низомга мувофиқ;

якка тартибда уй-жой қурилиши учун ер участкалари бериш (реализация қилиш)да - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги 272-сон қарори билан тасдиқланган Якка тартибда уй-жой қурилиши тўғрисидаги низомга мувофиқ белгиланади.

15. Ер участкаларини танлаш ва ажратишга доир материалларни тайёрлашда ишлар қийматини аниқлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 30 майдаги 150-сон қарори билан тасдиқланган Қурилиш соҳасида рухсат берувчи тусдаги ҳужжатларни бериш тартиботларини амалга ошириш муддатлари ва қийматини белгилашда табақалаштирилган ёндашув тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.


16. Ер участкаси чегараларини натурага кўчириш:

шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида, Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектлари қуриш учун, якка тартибда уй-жой қурилиши учун, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида доимий фойдаланиш учун ва узоқ муддатли ижарага ер участкалари беришда - Қурилишда муҳандислик қидирувлари геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри лойиҳа илмий-текшириш институти ("ЎзГАШКЛИТИ" ДУК) вакилларини жалб этган ҳолда туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бўлимлари (бошқармалари) томонидан;

аҳоли пунктлари ташқарисидан, икки ва ундан ортиқ туманлар ёки вилоятлар ҳудудида, шунингдек махсус индустриал зоналар ҳудудида жойлаштириладиган объектлар қурилиши учун ер участкалари беришда - "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси таркибига кирувчи хўжалик ҳисобидаги давлат корхоналари томонидан таъминланади.

Ер участкалари чегараларини натурага кўчиришга доир ишларни бажариш тартиби, муддатлари ва қиймати ушбу Регламентнинг 14-бандида кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ белгиланади.


17. Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ва бу ҳақда гувоҳнома бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган эҳтиёжлар учун ер участкалари бериш, шунингдек объектларни қуришга рухсатномалар бериш тартибини тубдан соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2013 йил 25 февралдаги 54-сон қарори талаблари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ва тегишли гувоҳнома бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



III. ИЛГАРИ БЕРИЛГАН ЕР УЧАСТКАСИДА ҚЎШИМЧА

ОБЪЕКТ   ҚУРИШ,   МАВЖУД   ОБЪЕКТЛАРНИ   ҚАЙТА

ИХТИСОСЛАШТИРИШ ВА РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ,

ШУНИНГДЕК   ТУРАР   ЖОЙЛАРНИ   НОТУРАР   ЖОЙ

ТОИФАСИГА,  НОТУРАР   ЖОЙЛАРНИ   ТУРАР  ЖОЙ

ТОИФАСИГА  ЎТКАЗИШ УЧУН РУХСАТ  БЕРУВЧИ

ҲУЖЖАТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


18. Илгари берилган ер участкасида қўшимча объект қуриш, мавжуд объектларни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.


19. Турар жойларни нотурар жой тоифасига, нотурар жойларни турар жой тоифасига ўтказиш учун рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.



IV. АРХИТЕКТУРА-РЕЖАЛАШТИРИШ

ТОПШИРИҒИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ ВА ТЕХНИК

ШАРТЛАРНИ ОЛИШ ТАРТИБИ


20. Объектнинг қурилиши (реконструкция қилиниши)ни лойиҳалаштириш учун архитектура-режалаштириш топшириғини (I ва II қисм) ишлаб чиқиш тартиби:

объектнинг янгидан берилган ер участкасида қурилиши учун - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкалари бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда;

илгари берилган ер участкасида қўшимча объект қуриш, мавжуд объектларни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш, шу жумладан, турар жойларни нотурар жой тоифасига, нотурар жойларни турар жой тоифасига ўтказиш учун - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган.


21. Архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш муддатлари ва ишлар қиймати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 30 майдаги 150-сон қарори билан тасдиқланган Қурилиш соҳасида рухсат берувчи тусдаги ҳужжатларни бериш тартиботларини амалга ошириш муддатлари ва қийматини белгилашда табақалаштирилган ёндашув тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ белгиланади.


22. Архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш учун зарур бўлган фойдаланиш ташкилотлари томонидан бериладиган объектни муҳандислик коммуникациялари тармоқларига улаш учун техник шартларни олиш ва тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкалари бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланган.

Фойдаланиш ташкилотларида объектни муҳандислик коммуникациялари тармоқларига улаш учун техник шартларни олишни туманлар (шаҳарлар) архитектура ва қурилиш бўлимлари (бошқармалари) "бир ойна" тамойили бўйича амалга оширадилар.

Объектни электр энергияси, сув, иссиқлик ва газ таъминоти тармоқларига улаш, шунингдек канализация ва телефон тармоғига улаш учун техник шартларни бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли туман (шаҳар) фойдаланиш ташкилотлари томонидан амалга оширилади.



V. ЛОЙИҲА-ҚИДИРУВ ИШЛАРИНИ БАЖАРИШ,

ОБЪЕКТЛАРНИ ҚУРИШ (РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ)

УЧУН ЛОЙИҲАОЛДИ ВА ШАҲАРСОЗЛИК ҲУЖЖАТЛАРИНИ

КЕЛИШИШ ВА ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


23. Лойиҳа-қидирув ишларини бажаришда субъектлар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, шунингдек бошқа қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.


24. Объектни қуриш (реконструкция қилиш) учун лойиҳаолди ва шаҳарсозлик ҳужжатлари фаолиятнинг ушбу турини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахс - лойиҳа ташкилоти томонидан ишлаб чиқилади.

Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини яратиш фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 30 апрелдаги 126-сон қарори билан тасдиқланган Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини яратиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

Кўприклар ва тоннелларни лойиҳалаштириш бўйича фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 24 сентябрдаги 410-сон қарори билан тасдиқланган Кўприклар ва тоннелларни лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

Мудофаа объектларини лойиҳалаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 24 сентябрдаги 410-сон қарори билан тасдиқланган Мудофаа объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

Хавфи юқори бўлган объектларни ҳамда потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 24 сентябрдаги 410-сон қарори билан тасдиқланган Хавфи юқори бўлган объектларни ҳамда потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.


25. Лойиҳа ва қидирув ишларига пудрат шартномаси, лойиҳалаштириш топшириғи, шунингдек архитектура ва қурилиш органи томонидан объектни қуриш (реконструкция қилиш)ни лойиҳалаштириш учун берилган архитектура-режалаштириш топшириғи (I ва II қисмлар) лойиҳа-қидирув ишларини бажариш учун асос ҳисобланади.


26. Муҳандислик-техник изланишлар тегишли лицензияларга эга бўлган юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Топографик ва муҳандислик-геодезия ишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 14 ноябрдаги 510-сон қарори билан тасдиқланган Геодезия ва картография фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда лицензияланади.

Лойиҳалаштириш ва қуриш учун муҳандислик-техник қидирувлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 30 апрелдаги 126-сон қарори билан тасдиқланган Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини яратиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда лицензияланади.


27. Лойиҳалаштириш ва қуриш учун муҳандислик-техник қидирувлар буюртмачи (лойиҳа ташкилоти) томонидан берилган техник топшириқлар асосида, шунингдек шаҳарсозлик фаолияти соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бажарилади.


28. Муҳандислик-техник қидирувлар қиймати "Давархитектқурилиш" қўмитаси томонидан тасдиқланадиган баҳоларга ва ресурс смета нормалари тўпламларига мувофиқ белгиланади.

"Давархитектқурилиш" қўмитаси таркибига кирмайдиган ташкилотлар томонидан топографик ва муҳандислик-геодезия ишларини бажаришда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан тасдиқланган баҳолардан фойдаланиш мумкин.


29. Инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш (дастлабки техник-иқтисодий асослаш, дастлабки техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар, техник-иқтисодий асослаш, техник-иқтисодий ҳисоб-китоб босқичлари) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 7 июндаги 110-сон қарори билан тасдиқланган Инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.


30. Объектни қуриш (реконструкция қилиш) учун шаҳарсозлик ҳужжатлари (ишчи лойиҳа, ишчи ҳужжатлар босқичлари) бинолар ва иншоотларни қуриш (реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш)ни лойиҳалаштиришга техник нормалар ва талабларни белгилайдиган шаҳарсозлик фаолияти соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатларга, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ ишлаб чиқилади.


31. Ресурс сметаларини тузиш ва қурилиш қийматининг жорий нархлардаги ҳисоб-китоби қурилиш қийматини шартномавий жорий нархларда аниқлаш қоидаларига ва "Давархитектқурилиш" қўмитаси томонидан тасдиқланадиган ресурс смета нормалари тўпламларига мувофиқ амалга оширилади.


32. Марказлаштирилган манбалар маблағлари ҳисобига қурилаётган объектлар қурилиши қийматини шартномавий жорий нархларда белгилаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 июндаги 261-сон қарори билан тасдиқланган Объектларни қуриш қийматини шартномавий жорий нархларда белгилаш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низомда белгиланган.

Қурилиш бир йилдан ортиқ давом этган тақдирда, жорий нархларда танлов савдолари (тендерлар) натижалари бўйича тузилган пудрат шартномалари (контрактлар) бўйича марказлаштирилган манбалар маблағлари (давлат капитал қўйилмалари) ҳисобига қурилаётган объектлар қурилишининг иккинчи ва кейинги йилларида шартномавий жорий нархларини аниқлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 июндаги 261-сон қарори билан тасдиқланган Объектлар қурилишининг иккинчи ва кейинги йилларида шартномавий жорий нархларда қурилиш шартномавий қийматини аниқлаштириш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.


33. Марказлаштирилган манбалар ҳисобига молиялаштириладиган объектлар қурилишини, шу жумладан, фойдаланишга тайёр ҳолда амалга ошириладиган объектлар қурилишини ташкил этиш, молиялаштириш ва кредитлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 сентябрдаги 395-сон қарори билан тасдиқланган Марказлаштирилган манбалар ҳисобига қурилишни ташкил этиш, молиялаштириш ва кредитлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 декабрдаги ПҚ-3437-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисида низомга асосан шакллантирилади.

34. Ҳисоб-китоб (смета) қиймати 2,0 млрд. сўм ва ундан ортиқ бўлган объектларни қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли рўйхатлари, молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 7 февралдаги 31-сон қарори билан тасдиқланган Қурилиши ва реконструкция қилиниши Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати даражасида тасдиқланиши лозим бўлган объектларнинг манзилли рўйхатларини тасдиқлаш бўйича Ҳукумат комиссияси тўғрисидаги низом билан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати даражасида тасдиқланиши керак.


35. Ижтимоий ва хўжалик аҳамиятига молик объектларни қуриш (реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш) қиймати дастлабки белгиланган қийматига нисбатан ортиқ бўлиши натижасида лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш масалалари Қурилиши ва реконструкция қилиниши Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати даражасида тасдиқланадиган объектларнинг манзилли рўйхатларини тасдиқлаш бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

Лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалаларнинг Ҳукумат комиссияси томонидан кўриб чиқилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 7 февралдаги 32-сон қарори билан тасдиқланган Ҳисоб-китоб (смета) қиймати ошириб юборилган объектлар бўйича хулосалар тайёрлаш ва уларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.


36. Объектни қуриш (реконструкция қилиш) учун шаҳарсозлик ҳужжатлари Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармалари ҳузуридаги Архитектура-шаҳарсозлик кенгашида келишилиши керак.

Архитектура-шаҳарсозлик кенгашида объектни қуриш (реконструкция қилиш) учун шаҳарсозлик ҳужжатларини келишиш тартиби:

объектни янгидан берилган ер участкасида қуриш учун - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкалари бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда;

илгари берилган ер участкасида қўшимча объектни қуриш, мавжуд объектларни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш, шу жумладан, турар жой биноларини нотурар жой бинолари тоифаларига ўтказиш учун - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган.


37. Лойиҳаолди ҳужжатларини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 7 июндаги 110-сон қарори билан тасдиқланган Инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Объектни қуриш (реконструкция қилиш) учун шаҳарсозлик ҳужжатлари шаҳарсозлик фаолияти соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар билан белгиланган тартибда буюртмачи томонидан тасдиқланади.


38. Объектни лойиҳа ҳужжатларини айни бир вақтда ишлаб чиқиш билан (параллел лойиҳалаштириш) бирга қуришга истисно ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги 305-сон қарори билан тасдиқланган Объектлар қурилишини лойиҳалаш ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан айни бир вақтда амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида йўл қўйилади.


VI. ОБЪЕКТНИ ҚУРИШ (РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ)

УЧУН ЛОЙИҲАОЛДИ ВА ШАҲАРСОЗЛИК ҲУЖЖАТЛАРИНИ

ДАВЛАТ ЭКСПЕРТИЗАСИДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


39. Шаҳарсозлик кодексининг 27-моддасига мувофиқ, объектни қуриш (реконструкция қилиш) учун лойиҳаолди ва шаҳарсозлик ҳужжатлари давлат экспертизасидан ўтказилиши керак.


40. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 7 июндаги 110-сон қарори билан тасдиқланган Инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомига мувофиқ:

а) марказлаштирилган манбалардан ресурслар (давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари, айрим тармоқлар ва корхоналарнинг махсус фондларидан Ҳукумат қарорлари билан ҳосил бўлган маблағлар, Ўзбекистон Республикаси кафолати остида ёки унинг номидан жалб этиладиган хорижий кредитлар, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари) ҳисобига амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг;

б) улар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида қарорлари асосида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар бериш назарда тутиладиган инвестиция лойиҳаларининг;

в) маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимларга мувофиқ амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг;

г) устав фондида давлатнинг улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар томонидан, марказлаштирилмаган манбалар ҳисобига амалга ошириладиган, 10 млн. АҚШ долларидан ортиқ қийматли инвестиция лойиҳаларининг;

д) молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, 10 млн. АҚШ долларидан ортиқ қийматли стратегик фойдали қазилма бойликларини қазиб олиш ва қайта ишлашни назарда тутувчи инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ҳужжатлари давлат экспертизасидан ўтказилиши керак.


41. Объектни қуриш (реконструкция қилиш) учун шаҳарсозлик ҳужжатларини давлат экспертизасидан ўтказиш шаҳарсозлик фаолияти соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар талаблари ҳисобга олинган ҳолда:

янгидан берилган ер участкасида объектни қуриш учун - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкалари бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда ва муддатларда;

илгари ажратилган ер участкасида қўшимча объект қуриш, қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда ва муддатларда ўтказилади.


42. Объектни қуриш (реконструкция қилиш) учун лойиҳаолди ва шаҳарсозлик ҳужжатларини давлат экспертизасидан ўтказиш бўйича ишлар (хизматлар) қиймати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 30 майдаги 150-сон қарори билан тасдиқланган Қурилиш соҳасида рухсат берувчи тусдаги ҳужжатларни бериш тартиботларини амалга ошириш муддатлари ва қийматини белгилашда табақалаштирилган ёндашув тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ белгиланади.


43. Объектни қуриш (реконструкция қилиш) учун лойиҳаолди ва шаҳарсозлик ҳужжатлари бўйича давлат экспертизасининг ижобий хулосаси:

унинг буюртмачи томонидан тасдиқланиши;

лойиҳалаштиришнинг кейинги босқичларини ишлаб чиқиш;

Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияларида қурилиш-монтаж ишларига рухсатномани рўйхатдан ўтказиш ва олиш;

молиялаштирувчи органларда ва банк муассасаларида молиялаштиришни очиш;

объектни қуриш учун пудрат ташкилотларини танлаш бўйича танлов савдолари ўтказиш учун асос ҳисобланади.



VII. КАПИТАЛ ҚУРИЛИШДА ТАНЛОВ САВДОЛАРИ

(ТЕНДЕР) ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


44. Марказлаштирилган манбалар, давлат бошқаруви органлари ва давлат корхоналарининг маблағлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектлар бўйича капитал қурилиш билан боғлиқ товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилиш, шу жумладан, пудрат ташкилотини танлаш танлов савдолари натижалари бўйича амалга оширилади.

Ушбу банднинг биринчи хатбошиси талаблари тавсиявий тусга эга бўлган молиялаштиришнинг бошқа манбалари ушбу қоидалардан истисно ҳисобланади.


45. Капитал қурилишда танлов савдолари (тендер)ни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 3 июлдаги 302-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида капитал қурилишда танлов савдолари тўғрисидаги низом билан тартибга солинади, унда:

танлов савдолари қатнашчилари, уларнинг ҳуқуқлари, мажбурияти ва жавобгарлиги;

танлов савдолари шакллари;

оферт тақдим этиш тартиби ва талабгорларга қўйиладиган малака талаблари;

танлов ҳужжатларининг таркиби, тузилиши, уларни ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартиби;

танлов савдоларини тайёрлаш ва ўтказиш, уларнинг якунларини чиқариш, шунингдек буюртмачи билан пудратчи ўртасидаги шартнома мажбуриятлари бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш тартиби белгиланган.


46. Танлов савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш, шу жумладан, танлов ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш шартнома асосида амалга оширилади.



VIII. ҚУРИЛАЁТГАН ОБЪЕКТНИ РЎЙХАТДАН

ЎТКАЗИШ ВА ҚУРИЛИШ-МОНТАЖ ИШЛАРИНИ

БАЖАРИШГА РУХСАТНОМА ОЛИШ ТАРТИБИ


47. Шаҳарсозлик кодексининг 54-моддасига мувофиқ, объектларни қуришга рухсатнома "Давархитектқурилиш" қўмитасининг тегишли таркибий бўлинмасида рўйхатдан ўтказилиши керак.

Объектни қуришга рухсатнома - ер участкасининг мулкдори, эгаси ёки ундан фойдаланувчининг ер участкасида қурилишни амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.

Объектни қуришга рухсатнома қурилиш-монтаж ишларини бажаришга рухсатнома шаклида берилади.


48. Қурилиш-монтаж ишларини бажаришга рухсатномани рўйхатдан ўтказиш ва бериш Давлат архитектура-қурилиш назоратининг ҳудудий инспекциялари томонидан:

янгидан берилган ер участкасида объектни қуриш учун - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкалари бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда ва муддатларда;

илгари ажратилган ер участкасида қўшимча объект қуриш, мавжуд объектларни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.


49. Қуйидагиларга:

якка тартибда уй-жой қуриш объектларига (Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш дастурига киритилган объектлардан ташқари);

турар жойлар тоифасидан нотурар жойлар тоифасига ўтказиладиган хоналарга;

мавсумий ишлар ва узоқ яйловлардаги чорвачилик учун вақтинчалик иморатлар ва маиший хоналарга;

мобиль алоқа станцияларини монтаж қилишга;

амалдаги муҳандислик тармоқларини ўзгартиришни талаб этмайдиган алоҳида қурилаётган кичик (300 куб метрдан ортиқ бўлмаган) объектларга;

конни қазиш ишларига;

улар бўйича технологик ресурс тамом бўлган ва объектни реконструкция қилиш ёки йўналишини қайта ўзгартириш талаб этилмайдиган технологик ва муҳандислик асбоб-ускуналари бирлигини таъмирлаш ва алмаштиришга қурилиш-монтаж ишларини бажаришга рўйхатдан ўтказиш ва рухсатномани бериш талаб этилмайди.


50. Қурилиши юридик ва жисмоний шахслар томонидан олиб борилаётган объектларда қурилиш-монтаж ишларини бажаришнинг сифати ва тўлиқлиги устидан назорат функциялари текширувини амалга оширишга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 30 майдаги 150-сон қарори билан тасдиқланган Қурилиш соҳасида рухсат берувчи тусдаги ҳужжатларни бериш тартиботларини амалга ошириш муддатлари ва қийматини белгилашда табақалаштирилган ёндашув тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган миқдорларда бажарилган (бажариладиган) қурилиш-монтаж ишлари қийматидан маблағ ажратиш тартибида ҳақ тўланади.



IX. ОБЪЕКТНИ ҚУРИШ (РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ)

ВА ФОЙДАЛАНИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


51. Объектни қуриш у билан қурилиш-пудрат шартномаси тузилган қурилиш-пудрат ташкилоти томонидан (пудрат усулида) ёхуд юридик ва жисмоний шахсларнинг ўз кучи билан (хўжалик усулида) амалга оширилади.


52. Агар объектни қуриш қурилиш-пудрат ташкилоти томонидан амалга оширилган тақдирда қурилиш-пудрат ташкилотининг:

қурилиш нормалари ва қоидаларига риоя қилиш;

қурилиши тугалланган объектнинг белгиланган тартибда қабул қилиш комиссияси томонидан қабул қилиб олинишини ташкил этишни таъминлаш мажбурияти юридик ёки жисмоний шахслар билан қурилиш-пудрат ташкилоти ўртасидаги шартноманинг мажбурий шарти ҳисобланади.

Қабул қилиш чоғида аниқланган камчиликлар қурилиш-пудрат ташкилоти томонидан унинг ўзининг ҳисобидан бартараф этилади.

Ушбу бандда назарда тутилган талаблар объектни ўз кучлари билан қурувчи буюртмачилар (қурувчилар)нинг бажариши учун ҳам мажбурий ҳисобланади.


53. Буюртмачи билан пудрат ташкилоти ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ва "Хўжалик юритувчи субъектларнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.


54. Баландликларда саноат альпинизми усуллари билан қурилиш ва монтаж ишларини бажариш, кўприклар ва тоннеллар, мудофаа объектлари, шунингдек юқори хавфли ва потенциал хавфли ишлаб чиқариш объектларини қуриш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Қурилиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида" 2003 йил 24 сентябрдаги 410-сон қарори билан тасдиқланган низомларда белгиланган тартибда лицензияланиши керак.


55. Объектни қуриш (реконструкция қилиш) тартибига қўйиладиган техник талаблар шаҳарсозлик қурилиши соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир шаҳарсозлик (лойиҳа) ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларга мувофиқ тартибга солинади.


56. Пудрат ташкилоти (қурувчи) қурилиш ишларини бажариш жараёнида шаҳарсозлик қурилиши соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар билан белгиланган тартибда ижро этувчи ҳужжатларни юритишга мажбурдир.


57. Рўйхатдан ўтказилган объектларда қурилиш-монтаж ишларини бажаришнинг барча босқичларида Давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекцияси Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексида, "Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан назорат қилади.

Назорат функцияларини амалга оширишда Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекциясининг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 29 июлдаги 222-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитасининг Давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекцияси тўғрисидаги Намунавий низомда белгиланган.


58. Ўзбекистон Республикаси шаҳарсозлик кодексининг 14-моддасига мувофиқ, буюртмачилар (қурувчилар) лойиҳалаштириш устидан назоратни амалга оширишга ва қурилиш сифати устидан техник назорат қилишга, шунингдек шаҳарсозлик қурилиши соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар билан белгиланган тартибда объектни қуриш (реконструкция қилиш)га доир шаҳарсозлик ҳужжатларининг амалда татбиқ этилиши юзасидан муаллифлик назоратини таъминлашга мажбур.


59. Юридик ва жисмоний шахслар қурилиш тугаллангандан кейин етти кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкалари бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда "Давархитектқурилиш" қўмитасининг ваколатли бўлинмалари томонидан бинолар ва иншоотларнинг, муҳандислик ер ости коммуникацияларининг рақамли ижровий топографик харитага туширилишини таъминлайдилар.

Бинолар ва иншоотларнинг, муҳандислик ер ости коммуникацияларининг рақамли ижровий топографик харитага туширилишига қўйиладиган техник талаблар шаҳарсозлик қурилиши соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар билан белгиланади.


60. Қурилиши (реконструкция қилиниши) тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиб олиш:

янгидан берилган ер участкасида объектни қуриш учун - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкалари бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда;

илгари берилган ер участкасида қўшимча объект қуриш, мавжуд объектларни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш қоидалари шаҳарсозлик соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар билан белгиланади.


61. Туман (шаҳар) ҳокимининг қурилиши тугалланган объектни қабул қилиш далолатномасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкалари бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси таркибига кирувчи хўжалик ҳисобидаги давлат корхоналарининг бинолари ва иншоотларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос ҳисобланади.



Х. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


62. Шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширувчи давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари, юридик ва жисмоний шахслар шаҳарсозлик фаолияти соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ёнғин хавфсизлиги ва санитария қоидалари талаблари бажарилишини таъминлаш учун жавоб берадилар.


63. Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида юзага келган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 26 август, 34-сон, 455-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 8-сон, 59-модда