язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан давлат назорати/ Назоратни амалга ошириш тартиби/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.07.2018 й. ПФ-5490-сон "Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

27.07.2018 й.

N ПФ-5490



ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ

ҚИЛИШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатда тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Ушбу мақсадда муқобил текширувлар ва режадан ташқари текширувларнинг барча турлари бекор қилинди, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги бир қатор лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари қисқартирилди ҳамда соддалаштирилди. Мазкур чора-тадбирлар мамлакатда ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро миқёсдаги рейтингига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолияти соҳасида бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда, уларнинг ҳал этилиши бизнесни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатли ҳимоясини таъминлаш имконини беради. Хусусан:

биринчидан, назорат қилувчи органлар ва инсофли тадбиркорлик субъектлари ўртасида ишончли ҳамкорликни ўрнатишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг қабул қилинганлиги амалдаги текширувлар тизимини, давлат назоратининг бошқа турларини, шунингдек, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тартибини тубдан қайта кўриб чиқишни талаб этади;

иккинчидан, қонун ҳужжатларида замон талабларига жавоб бермайдиган айрим ҳуқуқий механизмларнинг мавжудлиги сабабли солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар, пенялар ва молиявий жарималар бўйича қарздорликлар сунъий йўл билан йиғилиб бормоқда;

учинчидан, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келаётган давлат органларининг самарасиз ва ортиқча назорат функциялари амал қилмоқда;

тўртинчидан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларнинг ташкилий жиҳатлари ва тартиб-таомилларини комплекс тартибга солиш ҳамда уларнинг қонунийлиги мониторингини олиб боришнинг ягона яхлит тизими мавжуд эмаслиги назорат қилувчи органлар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ва ўтказиладиган текширувларнинг асослилигини холис баҳолаш имконини бермаяпти;

бешинчидан, ўтказиладиган текширувларнинг очиқлиги, ошкоралиги ва холислигини таъминловчи назорат қилувчи органлар фаолияти устидан мустақил жамоатчилик назорати тизими жорий этилмаган;

олтинчидан, кўчмас мулк объектларини бузиб, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашнинг амалдаги механизмидаги камчиликлар уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келмоқда, тадбиркорлик субъектларининг давлатга бўлган ишончига путур етказмоқда, шунингдек, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини пасайтирмоқда.

Бизнесни ривожлантиришдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада кучайтириш, мамлакатда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Савдо-саноат палатасининг мазкур Фармон кучга кирган вақтда мавжуд бўлган қатъий белгиланган солиқ ва ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликни, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари (суд чиқимлари бундан мустасно) бўйича қуйидагиларга ҳисобланган қарздорликни ҳисобдан чиқариш ҳақидаги таклифи маъқуллансин:

2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга ва 2018 йил 1 апрелдан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган (шу жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган) якка тартибдаги тадбиркорларга;

давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганлиги учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахсларга.

Ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган қарздорликларни ҳисобдан чиқариш, мазкур банднинг тегишли равишда иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган шахслар 2019 йил 1 июлга қадар муддатда тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолларда амалга оширилиши белгилансин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармалари билан биргаликда ушбу бандда кўрсатилган шахсларнинг тадбиркорлик ва молия-хўжалик фаолиятини тиклашда, шунингдек, уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишда фаол ёрдам берсин, бажарилган ишлар натижалари тўғрисидаги ойлик ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин.


2. Якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган жисмоний шахслардан тегишли фаолият тури бўйича белгиланган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган бир йиллик миқдордаги қатъий белгиланган солиқни бир йўла ундириш тартиби бекор қилинсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

а) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Олий суд билан биргаликда уч ой муддатда тадбиркорлик субъектлари - юридик шахсларга ҳисобланган ундириш умидсиз бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар, мазкур қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликни, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари (суд чиқимлари бундан мустасно) бўйича қарздорликни хатловдан ўтказсин, кейинчалик кўрсатилган қарздорликларни белгиланган тартибда ҳисобдан чиқариш чораларини кўрсин;

б) Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Марказий банки, Молия вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда:

солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги бўлган ва икки ой давомида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмаётган якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби;

молия-хўжалик фаолиятни амалга оширмаётган корхоналарни тугатиш тартибини соддалаштириш, шунингдек, фаолият кўрсатмаётган ташкилотлар ва муассислари узоқ муддат бедарак бўлган ташкилотларнинг умидсиз қарздорлигини ҳисобдан чиқариш механизмларини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


4. 2018 йил 1 сентябрдан:

тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинсин.


5. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 сентябрдан:

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи "хавфни таҳлил этиш" тизими натижалари асосида амалга оширилади;

назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт;

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланади;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг натижалари назорат қилувчи органлар томонидан текширув тамомлангандан кейин уч кун давомида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.

Белгилансинки, 2019 йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказилишининг қонунийлиги устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (кейинги ўринларда - ваколатли орган) томонидан амалга оширилади.

6. Қуйидагилар:

Ваколатли орган билан келишилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар турларининг рўйхати 1-иловага мувофиқ;

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхати 2-иловага мувофиқ;

Назорат қилувчи органлардан бошқа ташкилотларга ўтказилаётган айрим назорат функциялари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2018 йил 1 сентябрдан амалга киритилсин.


7. Назорат қилувчи органлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Савдо-саноат палатаси билан келишган ҳолда 2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда ўз фаолиятига "хавфни таҳлил этиш" тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги тегишли низомларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги назорат қилувчи органларга "хавфни таҳлил этиш" тизимини ўз фаолиятига жорий этишда кўмаклашсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда 2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимининг бошланғич версиясини ишлаб чиқсин ҳамда 2019 йил 1 январдан унинг қуйидагиларга имкон берувчи тўлиқ версиясини ишга туширсин:

а) ваколатли органга:

назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларида текширувларни ўтказиш юзасидан қабул қилинган қарорларнинг асослилигини ўрганиш ва текширувларни ўтказишга ноёб код билан рухсат бериш;

назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган текширувлар ўтказиш тартибига риоя этилаётганлиги устидан назоратни амалга ошириш;

б) назорат қилувчи органларга ўтказилган текширувлар натижаларини киритиш;

в) тадбиркорлик субъектларига ўз сўровларига кўра ўтказилаётган текширув ҳақидаги ахборотни қисқа хабар (SMS) кўринишида ҳамда реал вақт режимида Интернет тармоғи орқали олиш.


9. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда 2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ушбу Фармон қоидаларини инобатга олган ҳолда "Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ўрнатилган тартибда киритсин;

бир ой муддатда "Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга киргунга қадар амал қиладиган Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги вақтинчалик низомни ҳамда Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимини юритиш тартиби ҳақидаги низомни тасдиқласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги "Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5087-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик субъектлари - Палата аъзоларининг фаолиятида ўтказиладиган текширувлар мониторингини амалга ошириши ҳамда текширувларда иштирок этиши маълумот учун қабул қилинсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларга тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳамда якунлари юзасидан ҳар чоракда ваколатли органга ахборот тақдим қилиш тавсия этилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказиш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Марказий банкининг 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорларга Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган янги енгил автомобилларни банк корпоратив карталари орқали сотиб олиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


14. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография

ва давлат кадастри давлат қўмитаси (кейинги ўринларда "Давергеодезкадастр" қўмитаси деб юритилади) ва Адлия вазирлигининг 2018 йил 1 октябрдан кўчмас мулкка (ер участкалари, бино ва иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтларга) бўлган ҳуқуқни рўйхатга олиш тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштиришни бекор қилиш, тегишли ёзувни кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва улар билан тузилган битимлар давлат реестрига электрон шаклда киритиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


15. 2018 йил 1 октябрдан шундай тартиб жорий этилсинки, унга кўра:

кўчмас мулкка бўлган эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар тўғрисидаги, шу жумладан, ушбу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўтиши, чекланиши ва бекор қилиниши, шунингдек, улар билан тузилган битимлар ҳақидаги ахборот маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат нотариал идоралари, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ҳудудий тузилмалари, шунингдек, бошқа ваколатли органлар томонидан "Давергеодезкадастр" қўмитасининг ҳудудий органларига тегишли хатти-ҳаракатлар содир этилган кундан бошлаб бир кун муддатда ахборот-коммуникация тизимларидан фойдаланган ҳолда тақдим этилади;

"Давергеодезкадастр" қўмитасининг ҳудудий органлари ушбу банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ахборотга асосан кўчмас мулкка бўлган тегишли ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширади;

жисмоний ва юридик шахслар мурожаат қилганда, давлат ва бошқа ташкилотлар сўров юборганда "Давергеодезкадастр" қўмитасининг ҳудудий органлари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва улар билан тузилган битимлар давлат реестридан тегишли ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи электрон ва (ёки) қоғоз шаклдаги кўчирмани тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда ушбу банднинг талабларидан келиб чиққан ҳолда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва улар билан тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини қайта кўриб чиқсин.


16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи янги механизмини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармани (кейинги ўринларда - Жамғарма) ташкил қилиш;

Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг аниқ манбаларини белгилаш, уларда маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми маблағлари жалб қилинишини назарда тутиш;

давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилишини Жамғарма билан мажбурий тарзда келишиш тартибини жорий этиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг аниқ манбаларини назарда тутган ҳолда, Жамғарма фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарорини қабул қилсин.


17. 2018 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 4-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


18. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

Вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу Фармонга мувофиқлаштирсин.


19. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б. Муродов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.С. Қосимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 27 июлдаги

ПФ-5490-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ваколатли орган билан келишилган

ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида

ўтказиладиган текширувлар турларининг

РЎЙХАТИ

Т/р

Текширувларнинг турлари

Текширувларни ўтказиш муддатлари

1.

Қонунчилик бузилиши ҳолатлари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида ёки назорат қилувчи органлар ташаббуси билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг хавф-таҳлили натижалари асосида ўтказиладиган текширувлар.

1 кундан

10 кунгача

2.

Қуйидаги ҳолатларда ўтказиладиган молия-хўжалик фаолиятининг текширувлари:

Молия йили давомида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиқ қонунчилигининг мунтазам бузилиши ҳолатлари;

Энг кам иш ҳақининг юз баробаридан ортиқ миқдорда солиқ қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланганида (давлат солиқ хизмати органлари томонидан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилганидан сўнг);

устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ қонунчилиги бузилиши ҳолатларининг аниқланиши.

30 кундан ошмаган

ҳолда

Изоҳ:


Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тегишли текширувдан ўтказишнинг мазкур Фармон билан белгиланган энг узоқ муддати назорат қилувчи органларнинг асослантирилган талабномаси асосида фақат бир марта Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси рухсати билан узайтирилиши мумкин. Бунда тегишли текширувнинг узайтирилган муддати асосий муддатидан ошмаслиги керак.

Мазкур рўйхатнинг 2-бандида назарда тутилган текширувлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида"ги ПФ-5308-сон Фармонига мувофиқ тадбиркорлик субъектларини молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш эълон қилинган икки йиллик мораторий ўтгач амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишни ваколатли орган билан келишиш Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказилган ҳолда амалга оширилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 27 июлдаги

ПФ-5490-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона

тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли

органни хабардор этиш тартибида

ўтказиладиган текширувлар

РЎЙХАТИ

Т/р

Текширувлар (назорат функциялари)

Назорат қилувчи орган

Текширув муддати

1.

Ишончли ахборотлар мавжуд бўлганида қуйидагиларни қонунчиликда белгиланган тартибда олиб қуйиш:

тегишли рухсатномаларсиз ишлаб чиқилган ва сотилган алкоголь ва тамаки маҳсулотлар;

қалбаки акциз маркали ёки акциз маркаси мавжуд бўлмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотлар.

Тақиқланган товарлар (хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича тезкор тадбирлар ўтказиш.

Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

1 кун

2.

Сифатсиз ва/ёки контрафакт маҳсулотлар сотилишини олдини олиш мақсадида, фақатгина шундай маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича ишончли ахборотлар мавжуд бўлганда, ишлаб чиқарилаётган ёки сотилаётган дори маҳсулотларини назорат қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги

1 кун

3.

Атмосфера ҳавоси, тупроқлар, ер усти ва ер ости сувларини ифлослантирувчи манбалар, шунингдек, ваколатли орган билан келишилган объектларда ноқонуний ифлослантирувчи моддаларни чиқариш ва чиқиндилар мониторинги.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика санитария-эпидемиология назорати маркази

1 кун

4.

Рухсат берувчи ҳужжатлар мавжудлиги ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя қилинганлигини ўрганиш мақсадида барча қурилиш объектларида, шу жумладан якка тартибдаги уй-жой қуриш объектларида, молиялаштириш манбаларидан қатъий назар, қисқа муддатли инспекторлик текширувлар ўтказиш.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат қилиш инспекцияси, туманлар (шаҳарлар) бош архитекторлари

1 кун

5.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси ваколатига кирувчи масалалар бўйича текширувлар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси

30 кундан ошмаган ҳолда

6.

Саноат, радиациявий ва ядро хавфсизлик талабларига риоя қилиш ҳолати устидан, шунингдек ваколатли орган билан келишилган объектларда углеводород хом ашёли ер қаъридан фойдаланиш ва муҳофазасини назорат қилиш.

"Саноатгеоконтехназорат" ДИ

10 кундан ошмаган ҳолда

7.

"Ўзбекэнерго" АЖ объектларида ҳамда 35 кВ ва ундан юқори кучланишдаги электр тармоқларида ишларни олиб боришда хавфсизликни назорат қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Электр энергетика соҳасида назорат қилиш давлат инспекцияси

5 кундан ошмаган ҳолда

8.

Табиий, техноген, террорчилик-қўпорувчилик тусидаги фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олдини олиш ва улардан ҳимоя қилиш масалалари бўйича, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган объектларда фуқаро муҳофазаси талабларига риоя қилиш устидан назорат олиб бориш.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

10 кундан ошмаган ҳолда

9.

Барча ташкилотларда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланишни текшириш.

Бунда кўрсатилган текширувлар Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг буйруқларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат молия назорати бош бошқармаси

10 кундан ошмаган ҳолда

10.

Қуйидагиларни амалга ошириш:

сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлайдиган, истеъмолчиларни водопровод суви билан таъминлайдиган, оқава сувларни чиқариб ташлайдиган хўжалик юритувчи субъектлардан намуналар танлаб олиш йўли билан сут ва сут маҳсулотлари, водопровод суви ва оқава сувларни ҳар ойда лаборатория тадқиқотидан ўтказиш;

намуналар танлаб олиш йўли билан ун ва ош тузи ишлаб чиқарадиган корхоналарда I навли буғдой уни ҳамда ош тузи, тадбиркорлик субъектлари томонидан умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари овқатланиш блокларида тайёрланган овқат намуналари, овқатланиш блокларининг технологик жиҳозлари, ходимларининг махсус кийимлари ва қўлларини ҳар чоракда кўпи билан бир маротаба лаборатория тадқиқотидан ўтказиш;

қонун ҳужжатларига кўра тиббий кўрикдан ўтиши керак бўлган савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларида тиббий кўрикдан ўтиш дафтарчаларининг мавжудлигини олти ойда кўпи билан бир маротаба мониторингдан ўтказиш.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика санитария-эпидемиология назорати маркази

1 кун

11.

Давлат захиралари жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларида назорат функцияларини амалга ошириш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси

10 кундан ошмаган ҳолда

12.

Республика ҳудудини хорижий давлатлардан карантин ва бошқа хавфли зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари ва бегона ўтлар кириб келишидан муҳофаза қилиш, карантин ва бошқа хавфли зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари ва бегона ўтларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг тарқалишига йўл қўймаслик ва йўқ қилишни ташкил этиш, шунингдек, ўсимлик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш ҳамда ўсимликлар карантини бўйича тадбирлар ўтказилиши устидан назорат қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси

1 кун

13.

Тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар томонидан ерлардан мақсадли фойдаланилиши, ижара шартномаси бўйича мажбуриятларга мувофиқ, улар томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини (ғўза, дон ва бошқалар) экиш бўйича ўрнатилган талабларга риоя этилишини назорат қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси

5 кундан ошмаган ҳолда

14.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан белгиланмаган жойларда амалга оширилаётган, шунингдек келиб чиқишини исботловчи тегишли ҳужжатсиз гўшт ва сут маҳсулотлари савдоси устидан назорат.

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси

1 кун

15.

Прокуратура органлари билан келишилган рўйхатга мувофиқ, автомобилларга сиқилган ва суюлтирилган газ қуйиш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларида технологик жараён талаблари, саноат ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши устидан бир йилда бир мартадан кўп бўлмаган назорат тадбирлари.

"Саноатгеоконтехназорат" ДИ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси ва Ички ишлар вазирлиги билан бирга

1 кун

16.

Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича ишларни амалга ошириш устидан назорат ўтказишда тизимли текширишлар.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Сув хўжалиги вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслари қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда

5 кундан ошмаган ҳолда

17.

Электр, газ қувурлар ва газ тақсимоти тармоқларига, сув таъминоти ва сув чиқариш тизимларига ноқонуний уланиш, шунингдек, ҳисоблаш мосламаларига қасддан шикаст етказганлик, ҳисоблаш мосламалари кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш ҳолатларини текшириш.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси

1 кун

18.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ваколатига кирадиган масалаларга доир текширишлар.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси

30 кундан ошмаган ҳолда

19.

Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарлари, пахта шроти ва шелухасига бўлган нархларни асоссиз ва сунъий равишда ошириш, уларни харид қилиш, етказиб бериш ва сотишда суиистеъмол қилинишлар ва коррупция ҳолатларини аниқлаш бўйича тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

1 кун

20.

Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ кредит ташкилотлари фаолияти устидан назорат қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки

30 кундан ошмаган ҳолда

21.

Хазонларни, ғалла экинлари йиғиб олинганидан кейин далаларда сомонларни ёқишни, дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш, очиқ оловни қўллаган ҳолда баланд уйлар томларида битум эритишни ва ҳайвонларни ноқонуний овлашнинг олдини олиш бўйича тезкор назорат тадбирларини ўтказиш.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси

1 кун

22.

Белгиланган тартибда расмий равишда ўз фаолиятини тўхтатган даврда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини давом эттираётган жисмоний шахслар фаолиятида текширишлар ўтказиш.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси

1 кун

23.

Қуйидагиларни назорат қилиш:

юк ва йўловчи ташишни ташкил этувчи хўжаликларда техник воситаларнинг ишчи ҳолатида тутиш, эксплуатация қилиш ва таъминлаш;

идоравий темир йўлларига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларида локомотивлар, вагонлар, алоқа воситалари ва сигнализация, электр таъминотининг ишчи ҳолатида тутилишини таъминлаш.

"Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси

10 кундан ошмаган ҳолда

24.

Парвозлар хавфсизлиги масалалари бўйича ўтказилаётган текширувлар.

"Дававианазорат" давлат инспекцияси

1 кун

25.

Юридик шахс тугатилиши муносабати билан ўтказилаётган текширувлар

Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси

30 кундан ошмаган ҳолда

26.

Этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни ҳамда алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилувчи улгуржи корхоналарни қуйидаги мақсадларда текшириш;

ўлчов жиҳозлари, пломбалар ва бошқа мониторинг воситаларнинг бутлиги;

этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари қолдиқлари;

лицензия олишда тақдим этилмаган истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қувватлар мавжуд эмаслиги;

узум ва мевадан тайёрланган вино маҳсулотлари сифатининг амалдаги техник талабларга мослиги.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси

3 кундан ошмаган ҳолда

27.

Юридик шахслар томонидан ер қаърини геологик ўрганиш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, минерал хом-ашёни қайта ишлаш, шунингдек, кон ишларининг геологик-маркшейдерлик таъминоти соҳасида қонунчилик ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиши устидан текширувлар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси

10 кундан ошмаган ҳолда

28.

Ер қаъри фойдаланувчилари томонидан фойдали қазилмаларни қазиб олиш (чиқариш)нинг ҳақиқий ҳажмларининг маркшейдерлик ўлчов хулосаларига мувофиқлиги устидан йилига икки мартадан кўп бўлмаган мониторинг ўтказиш.

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясиЎзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда

5 кундан ошмаган ҳолда

29.

Ер қаъри бойликлари ва техноген минерал ҳосилалардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, шунингдек, ер қаъридан фойдаланиш учун рухсат ҳужжатларини олмай туриб, ўзбошимчалик билан фойдали қазилмаларни қазиб олишга йўл қўймаслик бўйича назорат тадбирларини ўтказиш.


Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси

1 кун

30.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ваколатига кирувчи масалалар бўйича текширувлар.


Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси


10 кундан ошмаган ҳолда


31.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ваколатига кирувчи масалалар бўйича текширувлар.


Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги


1 кун

      

Изоҳ.

Қуйидагилар:

ушбу иловада кўрсатилган назорат функциялари назорат органларининг тегишли ҳудудий тузилмалари томонидан амалга оширилиши мумкин;

4, 10, 14, 16, 17, 19 ва 31-бандларда кўрсатилган назорат функциялари якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ҳам амалга оширилади;

5-бандида кўрсатилган назорат функциялари 2018 йил 1 августдан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида тегишли текширишни ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган максимал муддати назорат органларининг асослантирилган буюртманомалари асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси рухсати билан фақат бир марта узайтирилиши мумкин. Бунда тегишли текширувнинг узайтирилган муддати текширувнинг асосий муддатидан ошмаслиги лозим.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 27 июлдаги

ПФ-5490-сон Фармонига

3-ИЛОВА



Назорат қилувчи органлардан бошқа ташкилотларга

ўтказилаётган айрим назорат функциялари

РЎЙХАТИ

    

Т/р

Назорат

функциялари

Назорат қилувчи орган

Назорат функциялари ваколатига

ўтказилаётган фуқаролик жамияти

институтлари ва бошқа ташкилотлар

Назорат қилувчи органда сақланиб қолинаётган назорат механизми

1.

Туроператорлик ва меҳмонхона хўжалиги соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш.

Ўзбекистон Республикаси

Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси

Хусусий туристик ташкилотлар уюшмаси ва туризм соҳасидаги бошқа жамоат бирлашмалари

Профилактика ишлари; туризм соҳасидаги хизматларни сертификатлаш

2.

Полиграфия соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш.

Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазирлиги

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги

Профилактика ишлари





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 27 июлдаги

ПФ-5490-сон Фармонига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз кучини

йўқотган деб ҳисобланаётган айрим ҳужжатлари

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 8 августдаги "Текширишларни тартибга солиш ва назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиришни такомиллаштириш тўғрисида"ги ПФ-1503-сон Фармонининг 2-4-бандлари.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 8 июндаги "Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг янгиланган таркибини тасдиқлаш тўғрисида"ги ПФ-2008-сон Фармони.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 19 ноябрдаги "Хўжалик юритувчи субъектларни текширишни ташкил қилишни тартибга солиш тўғрисида"ги ПФ-2114-сон Фармонининг 1-банди иккинчи - тўртинчи, олтинчи, еттинчи ва тўққизинчи хатбошилари, 3-банди иккинчи ва учинчи хатбошилари, 5, 6 ва 11-бандлари, шунингдек, 2-иловаси.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 3 августдаги "Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги ПФ-2678-сон Фармони.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 5 октябрдаги "Тадбиркорлик субъектларини текширишни янада қисқартириш ва унинг тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-3665-сон Фармонининг 1-банди иккинчи - бешинчи хатбошилари, 3, 4 ва 6-бандлари.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 28 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хўжалик юритувчи субъектларни текширишни ташкил қилишни тартибга солиш тўғрисида" 1998 йил 19 ноябрдаги ПФ-2114-сонли Фармонига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ПФ-3694-сон Фармони.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 27 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ПФ-4087-сон Фармони иловасининг 3-банди.


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 4 апрелдаги "Тадбиркорлик субъектларини текширишларни янада қисқартириш ва улар фаолиятини назорат қилишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-4296-сон Фармонининг 1-банди иккинчи ва учинчи хатбошилари.


9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 26 мартдаги "Ўзбекистон Республикасининг "Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги ПФ-4522-сон Фармони.


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги "Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-4725-сон Фармонининг 2-банди иккинчи - тўртинчи ва еттинчи хатбошилари.


11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 15 февралдаги ПҚ-2777-сонли қарори) ПФ-5027-сон Фармони иловасининг 1, 2, 4, 8-бандлари.


12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 июлдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субъектларини текширишни янада қисқартириш ва унинг тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2005 йил 5 октябрдаги ПФ-3665-сон Фармонига ўзгартириш киритиш тўғрисида"ги ПФ-5102-сон Фармони.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги "Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2777-сон қарорининг 2-банди учинчи хатбоши.


14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида"ги ПҚ-3454-сон қарори 11-иловаси изоҳининг 3-банди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 28 июль


"Халқ сўзи", 2018 йил 28 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 30 июль, 30-сон, 621-модда