ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Маҳсулот сифати. Стандартлаштириш. Сертификатлаштириш. Метрология / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 27.02.2023 й. ЎРҚ-819-сон "Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 15.07.2022 й. қабул қилинган, Cенат томонидан 27.12.2022 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

27.02.2023 й.

N ЎРҚ-819



ТЕХНИК ЖИҲАТДАН ТАРТИБГА

СОЛИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 15 июлда қабул қилинган

Cенат томонидан 2022 йил 27 декабрда маъқулланган

         

           

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

       

       

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

         

Ушбу Қонуннинг мақсади техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси

         

Ушбу Қонуннинг амал қилиши техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги техник регламентларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва қўллаш, мувофиқликни баҳолаш ҳамда давлат назоратини амалга ошириш чоғида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

санитария, фитосанитария ва ветеринария чоралари;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги чоралар;

бухгалтерия ҳисоби стандартлари;

қимматли қоғозлар эмиссияси стандартлари ва қимматли қоғозлар эмиссияси рисолалари, баҳолаш фаолияти стандартлари;

тиббий ёрдам стандартлари;

давлат таълим стандартлари билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.



3-модда. Техник жиҳатдан тартибга

солиш тўғрисидаги қонунчилик

          

Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



4-модда. Асосий тушунчалар

         

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


аризачи - мувофиқликни баҳолашни амалга ошириш учун маҳсулот тақдим этган жисмоний ёки юридик шахс;


давлат назорати органи - техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширишга ваколатли бўлган давлат бошқаруви органи;


ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили - ишлаб чиқарувчи (чет эл ишлаб чиқарувчиси) билан тузилган шартнома асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолашда ва уни муомалага чиқаришда ушбу ишлаб чиқарувчи номидан ҳаракатларни амалга оширадиган тадбиркорлик субъекти;


маҳсулот - фаолиятнинг моддий-ашёвий шаклда тақдим этилган ва хўжалик мақсадида ҳамда бошқа мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган натижаси;


маҳсулотни муомалага чиқариш - тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш доирасида маҳсулотни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш мақсадида етказиб бериш (реализация қилиш) ёки олиб кириш (ишлаб чиқарувчининг омборидан жўнатиш ёки омборга жойламасдан юклаб жўнатиш);


мувофиқлик тўғрисидаги декларация - ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ёки импорт қилувчи муомалага чиқариладиган маҳсулотнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлайдиган ҳужжат;


мувофиқликни декларациялаш - маҳсулотнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини мажбурий равишда тасдиқлаш шакли;


савдодаги техник тўсиқ - маҳсулот келиб чиққан мамлакатга (жойга) қараб маҳсулотга ва мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларига доир мажбурий талабларнинг турлича қўлланилиши оқибатида мамлакатлар ўртасидаги савдода юзага келадиган тўсиқ;


синаш лабораторияси - синашни амалга оширувчи юридик шахс ёки унинг таркибий бўлинмаси;


сотувчи - маҳсулотни реализация қиладиган, Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган тадбиркорлик субъекти;


техник жиҳатдан тартибга солиш - маҳсулотнинг хавфсизлигига, уни ишлаб чиқариш жараёнларига ва усулларига доир талабларни белгилаш, қўллаш ҳамда бажариш, шунингдек уларга риоя этилишини мувофиқликни баҳолаш ва давлат назоратини амалга ошириш орқали текшириш;


техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар - техник регламентлар ва стандартлар;


техник регламент - маҳсулот хавфсизлигининг қўлланилиши мажбурий бўлган тавсифлари ёки улар билан боғлиқ бўлган ишлаб чиқариш жараёнлари ва усуллари, қоидалар белгиланган ҳужжат;


хизмат - жисмоний ва юридик шахсларнинг эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган, натижалари ашёвий шаклга эга бўлмаган фаолият.



5-модда. Техник жиҳатдан тартибга

солишнинг асосий принциплари

         

Техник жиҳатдан тартибга солишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

техник регламентларни қўллашнинг бирлиги;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида тадбиркорлик субъектларининг камситилишига ва инсофсиз рақобатга йўл қўйилмаслиги;

техник жиҳатдан тартибга солишнинг ҳамда мувофиқликни баҳолашнинг бирлиги ва яхлитлиги;

мувофиқликни баҳолаш органларининг ишлаб чиқарувчилардан, сотувчилардан ва харидорлардан (истеъмолчилардан) мустақиллиги;

мувофиқликни мажбурий баҳолаш тартиб-таомилларини амалга оширишда синаш ҳамда ўлчаш қоидаларининг ва усулларининг бирлиги;

давлат назоратига ва мувофиқликни баҳолашга доир ваколатларнинг бир орган томонидан бирга қўшиб бажарилишига йўл қўйилмаслиги;

икки ва ундан ортиқ давлат назорати органида айни бир ваколатларнинг такрорланишига йўл қўйилмаслиги.



2-БОБ. ТЕХНИК ЖИҲАТДАН ТАРТИБГА СОЛИШ

СОҲАСИНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН

ТАРТИБГА СОЛИШ

            

          

6-модда. Техник жиҳатдан тартибга

солиш давлат тизими

         

Техник жиҳатдан тартибга солиш давлат тизимини қуйидагилар ташкил этади:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари;

стандартлаштириш бўйича миллий орган;

аккредитация органи;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиялари;

мувофиқликни баҳолаш органлари, синаш лабораториялари.



7-модда. Техник жиҳатдан тартибга

солиш соҳасидаги давлат сиёсатининг

асосий йўналишлари

         

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

техник жиҳатдан тартибга солишнинг иқтисодиётни, моддий-техника базасини ривожлантириш даражасига, шунингдек илмий-техник жиҳатдан ривожлантириш даражасига мувофиқлигини таъминлаш;

мазкур соҳани ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

мазкур соҳани халқаро (минтақавий) стандартлар билан уйғунлаштириш;

илғор инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш;

халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



8-модда. Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг техник жиҳатдан

тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари

            

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органларини белгилайди ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мувофиқликни баҳолашга доир фаолиятини мувофиқлаштиради;

техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурини тасдиқлайди;

техник регламентларни тасдиқлайди, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритади, шунингдек мазкур регламентларни бекор қилади;

мувофиқликни баҳолаш органини тайинловчи (нотификация қилувчи) органни белгилайди, унинг фаолияти соҳасини ва вазифаларини тасдиқлайди;

ахборот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилади, техник регламентлар, стандартлар, мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомиллари тўғрисида хабардор қилиш тартибини белгилайди;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида амалга оширилган мувофиқликни баҳолаш натижаларининг Ўзбекистон Республикасида тан олиниши тартибини тасдиқлайди;

мажбурий давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган, хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотлар рўйхатини тасдиқлайди;

мувофиқликни баҳолаш қоидаларини, мувофиқлик тўғрисидаги декларацияларни рўйхатдан ўтказиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, тугатиш тартибини белгилайди;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссияларининг фаолият юритиш тартибини белгилайди;

давлат назорати органларининг ваколатларини, уларнинг давлат назоратига доир фаолиятини мувофиқлаштириш тартибини, шунингдек давлат назорати органларининг аккредитация органи билан ҳамкорлиги тартибини тасдиқлайди;

тегишли чекловчи чораларни кўриш тартибини, хавфни баҳолаш мезонларини тасдиқлайди;

юқори хавф туғдирадиган маҳсулот тўғрисида тезкор равишда ўзаро хабар бериш тизимининг фаолият кўрсатиш тартибини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



9-модда. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга

солиш агентлигининг техник жиҳатдан тартибга

солиш соҳасидаги ваколатлари

           

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).

Махсус ваколатли давлат органи:

техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурларининг лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига умумлаштирилган таклифлар киритади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг техник регламентларни ишлаб чиқишга доир фаолиятини мувофиқлаштиради;

техник регламентларни тасдиқлаш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек мазкур регламентларни бекор қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиясини ташкил этади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилган тегишли техник регламентларни экспертизадан ўтказади;

техник регламентлар талабларига риоя этилишини таъминлайдиган ҳамда техник регламентларда белгиланган маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолаш учун зарур бўлган, намуналар олиш, синаш ва ўлчаш усулларини белгилайдиган стандартлар рўйхатларини тасдиқлайди;

мажбурий давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган, хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотлар рўйхатини шакллантиради, шунингдек мазкур маҳсулотларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди;

халқаро (минтақавий) стандартларнинг ҳамда техник регламентларнинг вазирликлар ва идоралар томонидан жорий этилишини мувофиқлаштиришни амалга оширади;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг мажбурий талабларини бузганликда айбдор бўлган ишлаб чиқарувчиларга, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилига, сотувчиларга, импорт қилувчиларга ёки ижрочиларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш юзасидан судга мурожаат қилади;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ эмас деб топилган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотлар реестрини юритади;

мувофиқлик сертификатларининг ва мувофиқлик тўғрисидаги декларацияларнинг реестрини юритади;

маҳсулотнинг, уни ишлаб чиқариш жараёнларининг ёки усулларининг техник регламентлар талабларига мувофиқлиги презумпциясини таъминлайдиган стандартлар рўйхатини тасдиқлайди;

техник регламентларни қўллаш бўйича услубий тавсияларни тасдиқлайди;

техник регламентларнинг маълумотлар базасини шакллантиради ва юритади;

Ўзбекистон Республикасининг мувофиқликни баҳолаш натижаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги бошқа масалаларга доир халқаро шартномаларини тузиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



10-модда. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги

ваколатли давлат бошқаруви органлари

         

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари (бундан буён матнда ваколатли давлат бошқаруви органлари деб юритилади) ўз ваколатлари доирасида:

махсус ваколатли давлат органига техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурларининг лойиҳалари бўйича таклифлар киритади;

техник регламентларнинг ишлаб чиқилишини таъминлайди;

техник регламентларни қўллаш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқилишини таъминлайди ва уларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссияларини ташкил этади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилган техник регламентларни экспертизадан ўтказади;

техник регламентларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек мазкур регламентларни бекор қилиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

техник регламентлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

техник регламентларнинг маълумотлар базасини шакллантиришда иштирок этади;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Ваколатли давлат бошқаруви органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



11-модда. Давлат ва хўжалик бошқаруви

органларининг техник жиҳатдан тартибга

солиш соҳасидаги ваколатлари

         

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ўз ваколатлари доирасида:

махсус ваколатли давлат органига техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурларининг лойиҳалари бўйича таклифлар киритади;

техник регламентлар ва уларни қўллаш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқилишини амалга оширади;

техник регламентларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида, шунингдек мазкур регламентларни бекор қилиш ҳақида таклифлар тайёрлайди;

техник регламентларнинг маълумотлар базасини шакллантиришда иштирок этади;

техник регламентларга риоя этилиши устидан назоратни қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



12-модда. Техник жиҳатдан тартибга солиш

соҳасидаги эксперт комиссиялари

         

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиялари махсус ваколатли давлат органи ва ваколатли давлат бошқаруви органлари ҳузурида шакллантирилади.

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиясининг таркибига давлат органларининг, иқтисодиётнинг тегишли тармоқларидаги тадбиркорлик субъектларининг вакиллари, илмий-тадқиқот институтларининг, лабораторияларнинг мутахассислари, шунингдек техник регламентлар экспертизаси учун зарур бўлган бошқа мутахассислар киради.

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиялари техник регламентлар лойиҳаларини, уларга доир ўзгартиш ва қўшимчаларни экспертизадан ўтказади, шунингдек амалдаги техник регламентларни бекор қилиш бўйича таклифлар ҳамда уларга оид хулосалар тайёрлайди.

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссияларининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



3-БОБ. ТЕХНИК РЕГЛАМЕНТЛАР

         

         

13-модда. Техник регламентларнинг мақсадлари

         

Техник регламентлар қуйидаги мақсадларда қабул қилинади:

маҳсулот хавфсизлиги талабларини белгилаш орқали фуқароларнинг ҳаётини ёки соғлиғини муҳофаза қилиш;

атроф-муҳитни, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш;

харидорларни (истеъмолчиларни) чалғитадиган ҳаракатларнинг олдини олиш;

энергия жиҳатдан самарадорликни ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш;

савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш;

ички ва ташқи бозорларда маҳсулотнинг рақобатбардошлилигини ошириш.



14-модда. Техник регламентларнинг мазмуни

          

Техник регламентларда маҳсулотнинг зарар етказиш хавфи ва хатари даражаси ҳисобга олинган ҳолда:

биологик хавфсизликни;

механик хавфсизликни;

кимёвий хавфсизликни;

ядровий ва радиациявий хавфсизликни;

ёнғин хавфсизлигини;

электр хавфсизлигини;

машиналарни ва асбоб-ускуналарни ишлатиш (улардан фойдаланиш) ҳамда утилизация қилиш хавфсизлигини;

электромагнит мослигини;

экологик хавфсизликни;

саноат ва ишлаб чиқариш хавфсизлигини;

портлаш хавфсизлигини;

ахборот хавфсизлигини;

синаш ва ўлчаш усулларининг бирлигини таъминловчи талаблар, шунингдек маҳсулот хавфсизлигини таъминлашга доир бошқа талаблар белгиланиши мумкин.

Техник регламентлар қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

қайси маҳсулотларга нисбатан хавфсизлик талаблари белгиланаётган бўлса, ўша маҳсулотларнинг тўлиқ рўйхатини;

хавф даражаси ҳисобга олинган ҳолда аниқланадиган мувофиқликни баҳолаш қоидалари, шакллари ва тартиб-таомилларини.

Техник регламентлар мувофиқликни тасдиқлаш схемаларини, берилган мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш тартибини, атамаларга, ўровга, тамғалашга ёки ёрлиқларга доир талабларни ва уларни қўллаш қоидаларини ўз ичига олиши мумкин.

Техник регламентларда маҳсулотнинг конструкциясига ва бажарилишига доир талаблар бўлмаслиги керак, бундан маҳсулотнинг конструкциясига ва бажарилишига нисбатан инсоннинг ҳаётига ва соғлиғига зарар етказилиши хавфи даражаси ҳисобга олинган ҳолдаги талаблар мавжуд эмаслиги сабабли маҳсулот хавфсизлиги таъминланмайдиган ҳоллар мустасно.

Техник регламентларда харидорларни (истеъмолчиларни) эҳтимол тутилган зарар тўғрисида ҳамда инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига зарар етказилиши хавфи қайси омилларга боғлиқ бўлса, ўша омиллар ҳақида хабардор қилишга тааллуқли талаблар мавжуд бўлиши мумкин.

Техник регламентларда маҳсулот хавфсизлигига доир қуйидаги махсус талаблар бўлиши мумкин:

қонунчиликда белгиланган айрим тоифадаги фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга доир талаблар;

табиий ҳамда техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятларда инсоннинг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга, атроф-муҳитга етказиладиган зарарни ҳамда моддий зарарни камайтиришга доир талаблар, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкига, давлат мулкига таҳдид солувчи трансчегаравий хавфли ишлаб чиқариш объектларига тааллуқли талаблар.

Давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган техник регламентлар қонунчиликда белгиланган тартибда ишлаб чиқилади ҳамда қабул қилинади.

Техник регламентлар тугал бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида тўғридан-тўғри амал қилади ҳамда фақат уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш йўли билан ўзгартирилиши ҳамда тўлдирилиши мумкин.



15-модда. Техник регламентларни ишлаб

чиқиш ва қабул қилиш тартиби

           

Техник регламентлар техник регламентларни ишлаб чиқишнинг тасдиқланган дастурига мувофиқ ишлаб чиқилади.

Халқаро (минтақавий) стандартлардан техник регламентлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда тўлиқ ёки қисман асос сифатида фойдаланилиши керак, бундан халқаро (минтақавий) стандартлар ёки уларнинг бўлимлари техник регламентларнинг ушбу Қонуннинг 13-моддасида белгиланган мақсадларига эришиш учун самарасиз ёхуд номувофиқ бўлган ҳоллар, шу жумладан иқлимга оид ва географик ўзига хос хусусиятлар туфайли самарасиз ёки номувофиқ бўлган ҳоллар мустасно.

Халқаро (минтақавий) стандартлар билан уйғунлаштирилган миллий стандартлардан техник регламентлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда тўлиқ ёки қисман фойдаланилиши ҳам мумкин.

Техник регламентлар талаблари ушбу Қонуннинг 13-моддасида белгиланган техник регламент мақсадларига нисбатан кўпроқ техник тўсиқларни юзага келтирмаслиги керак.

Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар ўз расмий веб-сайтларида техник регламентлар ишлаб чиқилиши тўғрисидаги хабарларни ушбу регламентлар ишлаб чиқилган кундан эътиборан ўн иш кунидан кечиктирмай эълон қилади ва манфаатдор тарафларни бу ҳақда хабардор қилади.

Агар техник регламентларни ишлаб чиқиш ёки техник регламентларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш маҳсулотнинг импортига ёки экспортига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлса ҳамда Ўзбекистон Республикаси томонидан чет давлатлар билан икки томонлама ёхуд кўп томонлама шартномалар тузилган бўлса, техник регламентларни ишлаб чиқувчи орган техник регламентларни ишлаб чиқиш сабабларини ушбу давлатларнинг сўровига кўра тушунтириб бериши керак.

Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар техник регламент лойиҳаси расмий веб-сайтда жойлаштирилган кундан эътиборан икки ой ичида унинг муҳокама қилинишини таъминлайди.

Техник регламентни ишлаб чиқувчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиясининг хулосаси олинганидан кейин техник регламент лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади.

Техник регламентлар расмий эълон қилинган пайтдан эътиборан камида олти ой ўтгач амалга киритилади.



16-модда. Техник регламентларни қайта

кўриб чиқиш ёки бекор қилиш

           

Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар бу регламентларнинг долзарблиги ва ушбу Қонуннинг 13-моддасида белгиланган мақсадларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан уларни қайта кўриб чиқади.

Агар техник регламентларнинг қабул қилинишига олиб келган ҳолатлар ёки сабаблар бошқа мавжуд бўлмаса ёхуд ўзгарган ҳолатлар ёки сабаблар савдога нисбатан камроқ чекловчи таъсир кўрсатадиган усуллардан фойдаланишга имкон берса, техник регламентларга тегишли ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар киритилади ёки техник регламентлар бекор қилинади.

Техник регламентлар:

кучга кирган кундан эътиборан;

техник регламентларни дастлабки тарзда қайта кўриб чиқиш натижаларига кўра уларга киритилган ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар кучга кирган кундан эътиборан;

тегишли ваколатли давлат органлари томонидан дастлабки тарзда қайта кўриб чиқиш натижаларига кўра улар ўзгаришсиз қолдирилганлиги тўғрисида ахборот тақдим этилган кундан эътиборан беш йилда камида бир марта қайта кўриб чиқилади.



17-модда. Стандартларнинг техник регламентларга

мувофиқлиги презумпцияси

           

Агар маҳсулот, уни ишлаб чиқариш жараёнлари ёки усуллари техник регламентда ҳавола берилган стандартлар талабларига жавоб берса, улар техник регламент талабларига мувофиқ деб топилади.

Маҳсулотнинг, уни ишлаб чиқариш жараёнларининг ёки усулларининг техник регламентлар талабларига мувофиқлиги презумпциясини таъминлайдиган стандартлар рўйхати махсус ваколатли давлат органи томонидан ўз расмий веб-сайтида эълон қилинади.



18-модда. Техник регламентларнинг

қўлланилиши ва ўтиш даври

           

Техник регламентлар маҳсулот келиб чиққан мамлакатдан ва (ёки) жойдан, шунингдек маҳсулотни ишлаб чиқарувчининг, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилининг, сотувчининг ёки импорт қилувчининг мулк шаклидан қатъи назар, бир хил тарзда ва тенг қўлланилади.

Агар техник регламентда стандартга ёки унинг алоҳида қисмига оид ҳавола мавжуд бўлса, мазкур стандарт ёки унинг алоҳида қисми бажарилиши шарт.

Техник регламентда уни амалга киритишнинг ўтиш даври вақтини белгиловчи муддати ва шартлари назарда тутилиши, бу давр мобайнида техник регламентнинг амалга киритилиши ҳамда маҳсулотнинг ишлаб чиқарилиши билан боғлиқ масалалар ҳисобга олиниши керак.

Агар техник регламентга киритилган маҳсулот муомалага чиқариладиган бўлса ва мазкур техник регламент талабларига мувофиқ бўлмаса, ўтиш даври мобайнида маҳсулотдан фойдаланиш тақиқланиши ёки чекланиши мумкин эмас.

Агар техник регламентни қайта кўриб чиқиш якунларига кўра маҳсулотга доир техник талаблар ўзгармаган ёки аҳамиятсиз тарзда ўзгарган бўлса, ўтиш даври белгиланмайди.

Техник регламентларда ёки улар тасдиқланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўтиш даврининг техник регламентларни қўллашга оид бошқа шартлари ҳам белгиланиши мумкин.

Ишлаб чиқарувчи кучга кирмаган техник регламент талабларини ўтиш даври мобайнида қўллаш, шунингдек маҳсулотнинг мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.



19-модда. Техник регламентларни қўллаш

бўйича услубий тавсиялар

           

Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар бир вақтнинг ўзида техник регламентларни қўллаш бўйича услубий тавсияларни ишлаб чиқади, ушбу тавсияларда техник регламентларда белгиланган қоидалар тушунтирилади ва улар мазкур регламентларнинг изчил қўлланилишини таъминлайди.

Техник регламентларни қўллаш бўйича услубий тавсиялар техник регламентларни ишлаб чиқувчиларнинг ва тегишли услубий тавсияларни тасдиқлаган ваколатли давлат бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларига тасдиқланган кундан эътиборан беш иш кунидан кечиктирмай жойлаштирилади.



20-модда. Хабардор қилиш

            

Янги техник регламент ишлаб чиқилган ёки амалдагиларига ўзгартишлар киритилган тақдирда, техник регламентларни ишлаб чиқувчилар манфаатдор тарафларни ахборот маркази орқали қуйидагилар тўғрисида хабардор қилади:

техник регламентни ишлаб чиқиш бошланганлиги ҳақида;

техник регламент татбиқ этилиши мумкин бўлган маҳсулот тўғрисида, ушбу регламент қайси мақсадга мувофиқ ишлаб чиқилаётган бўлса, ўша мақсад тавсифлаб берилган ва тушунтирилган ҳолда;

техник регламентнинг лойиҳаси бўйича фикр-мулоҳазалар олиш учун икки ой муддат берилиши ҳақида.

Техник регламентлар, стандартлар, мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомиллари тўғрисида хабардор қилиш тартиби ва тартиб-таомиллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



4-БОБ. МУВОФИҚЛИКНИ БАҲОЛАШ

ВА ТАСДИҚЛАШ

           

         

21-модда. Мувофиқликни баҳолаш

         

Мувофиқликни баҳолаш маҳсулотнинг, ишлаб чиқариш жараёнларининг, хизматларнинг, менежмент тизимларининг, ходимларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлашга доир фаолиятдир.

Мувофиқликни баҳолаш органи мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларини бажарадиган юридик шахсдир.

Мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомили техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлардаги тегишли талабларга риоя этилишини аниқлаш мақсадида тўғридан-тўғри ёки билвосита қўлланиладиган тартиб-таомилдир. Намуналар олиш, синаш ва текшириш, мувофиқликни баҳолаш ва тасдиқлаш, давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек уларнинг мажмуи мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомиллари жумласига киради.



22-модда. Мувофиқликни баҳолаш объектлари

         

Маҳсулот, ишлаб чиқариш жараёнлари, хизматлар, менежмент тизими ва ходимлар мувофиқликни баҳолаш объектларидир.

Мувофиқликни баҳолаш объектлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланади.



23-модда. Мувофиқликни тасдиқлаш шакллари

        

Мувофиқликни тасдиқлаш техник регламентларда ёки мувофиқликни баҳолаш қоидаларида белгиланган мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларини қўллаш орқали амалга оширилади.

Мувофиқликни тасдиқлаш мажбурий ёки ихтиёрий равишда бўлиши мумкин.

Техник регламентларда белгиланган мувофиқликни мажбурий равишда тасдиқлаш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

мувофиқликни декларация қилиш;

мажбурий сертификатлаштириш.

Мувофиқликни ихтиёрий равишда тасдиқлаш ихтиёрий сертификатлаштириш шаклида амалга оширилади.



24-модда. Мувофиқликни мажбурий

равишда тасдиқлаш

             

Мувофиқликни мажбурий равишда тасдиқлаш маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш орқали таъминланади.

Фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага чиқарилаётган маҳсулотгина мувофиқликни мажбурий равишда тасдиқлаш объекти бўлиши мумкин.

Мувофиқлик тўғрисидаги декларация ва мувофиқлик сертификати тенг юридик кучга эга ҳамда мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг ёки мувофиқлик сертификатининг амал қилиши вақтида муомалага чиқариладиган маҳсулотга нисбатан маҳсулотнинг яроқлилик муддати ёхуд хизмат муддати давомида Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амал қилади.

Мувофиқликни мажбурий равишда тасдиқлаш ишларининг қиймати маҳсулот келиб чиққан мамлакатдан ва (ёки) жойдан, шунингдек аризачининг мақомидан қатъи назар, мустақил равишда белгиланади.



25-модда. Мувофиқликни ихтиёрий

равишда тасдиқлаш

          

Мувофиқликни ихтиёрий равишда тасдиқлаш аризачининг ташаббусига кўра аризачи ва мувофиқликни баҳолаш органи ўртасидаги шартнома шартлари асосида амалга оширилади.

Маҳсулот, ишлаб чиқариш жараёнлари, хизматлар, менежмент тизими ҳамда стандартларда ва шартномалар шартларида қайси бошқа объектларга нисбатан талаблар белгиланган бўлса, ўша объектлар мувофиқликни ихтиёрий равишда тасдиқлаш объектлари бўлиши мумкин.

Мувофиқликни ихтиёрий равишда тасдиқлаш стандартларга, шартномалар шартларига мувофиқликни белгилаш учун амалга оширилиши мумкин.



26-модда. Мувофиқлик тўғрисидаги декларация

        

Мувофиқлик тўғрисидаги декларация, агар техник регламентларда назарда тутилган бўлса, мувофиқлиги мажбурий равишда тасдиқланиши лозим бўлган маҳсулотга нисбатан расмийлаштирилади.

Мувофиқлик тўғрисидаги декларация икки нусхада расмийлаштирилади.

Мувофиқликни декларация қилиш қуйидаги схемалардан бири бўйича амалга оширилади:

мувофиқлик тўғрисидаги декларацияни ўз далиллари асосида қабул қилиш;

мувофиқлик тўғрисидаги декларацияни ўз далиллари ҳамда мувофиқликни баҳолаш органи ва (ёки) аккредитация қилинган синаш лабораторияси (бундан буён матнда учинчи тараф деб юритилади) иштирокида олинган далиллар асосида қабул қилиш.

Ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ёки импорт қилувчи мувофиқлик тўғрисидаги декларацияни қабул қилувчи шахслардир.

Серияли ишлаб чиқариладиган маҳсулот ва маҳсулот туркуми учун мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилиши мувофиқликни тасдиқлаш схемаси билан белгиланади.

Расмийлаштирилган мувофиқлик тўғрисидаги декларация ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган шахсларнинг аризасига кўра, мувофиқлик сертификатларининг ва мувофиқлик тўғрисидаги декларацияларнинг реестрида аккредитация қилиш доираси маҳсулотнинг мазкур турини ўз ичига олган мувофиқликни баҳолаш органи томонидан рўйхатдан ўтказилиши лозим. Мувофиқлик тўғрисидаги декларация мувофиқлик сертификатларининг ва мувофиқлик тўғрисидаги декларацияларнинг реестрида рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан ҳақиқий деб ҳисобланади.

Аризачиларнинг доираси тегишли техник регламентда белгиланади. Агар учинчи тарафнинг мавжуд эмаслиги мувофиқликни тасдиқлаш мақсадларига эришилмаслигига олиб келса, техник регламентда мувофиқликни учинчи тараф иштирокида декларация қилиш схемаси белгиланади.

Маҳсулотнинг техник регламентларда белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш учун асос бўлиб хизмат қилган техник ҳужжатлардан, шахсий синаш ва ўлчаш натижаларидан ва (ёки) бошқа ҳужжатлардан далил сифатида фойдаланилади.

Мувофиқликни шахсий далиллар ва мувофиқликни баҳолаш органи иштирокида олинган далиллар асосида декларация қилиш чоғида аризачи ўз танловига кўра шахсий далилларидан ташқари лабораторияда ўтказилган синаш ва ўлчаш баённомаларидан фойдаланишга, сифат менежменти тизимининг сертификатини тақдим этишга ҳақли.

Сифат менежменти тизимининг сертификатидан мувофиқлик тўғрисидаги декларацияни қабул қилиш чоғида далиллар таркибида фойдаланилиши мумкин, бундан шундай маҳсулот учун техник регламентларда мувофиқликни тасдиқлашнинг бошқача шакли назарда тутилган ҳол мустасно.

Мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилиш муддати техник регламентда белгиланади.

Мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг бир нусхаси ва далиллар сифатида фойдаланилган материаллар аризачида, бошқа нусхаси эса уни рўйхатдан ўтказган мувофиқликни баҳолаш органида беш йил давомида сақланади.

Мувофиқлик тўғрисидаги декларацияларни рўйхатдан ўтказиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, тугатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



27-модда. Мувофиқлик сертификати

         

Мувофиқлик сертификати мувофиқликни баҳолаш объектларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатдир.

Мувофиқликни баҳолаш органи сертификатлаштиришни аризачи билан тузилган шартномага асосан амалга оширади.

Сертификатлаштириш мувофиқликни баҳолаш органи томонидан мувофиқликни баҳолаш объектларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш тартиб-таомилидир.

Маҳсулотнинг муайян турларини сертификатлаштириш учун қўлланиладиган сертификатлаштириш схемалари, аризачиларнинг доираси тегишли техник регламентларда белгиланади.

Мувофиқлик сертификати, башарти танланган мувофиқликни тасдиқлаш схемасига биноан барча тартиб-таомилларнинг бажарилиши ижобий натижалар берган бўлса, мувофиқликни баҳолаш органи томонидан аризачига берилади.

Мувофиқлик сертификатини олишда ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ёки импорт қилувчи аризачи бўлиши мумкин.

Мувофиқлик сертификатининг шакллари ва уларни расмийлаштириш тартиби махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.

Мувофиқлик сертификати мувофиқлик сертификатларининг ва мувофиқлик тўғрисидаги декларацияларнинг реестрида рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддати техник регламентларда ёки мувофиқликни тасдиқлаш схемаларидан келиб чиққан ҳолда, мувофиқликни баҳолаш қоидаларида белгиланади.



28-модда. Мувофиқлик белгиси

           

Мувофиқлик белгиси мувофиқликни баҳолаш объектлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқликни тасдиқлаш тартиб-таомилидан ўтганлиги тўғрисида харидорларни хабардор қилиш учун хизмат қилади.

Мувофиқлик белгиси мувофиқликни тасдиқлаш тартиб-таомилидан ўтган маҳсулотни тамғалашда қўлланилади.

Мувофиқлик белгисининг шакли, унга доир техник талаблар ва тамғалаш тартиби миллий стандартларда белгиланади.

Мувофиқлик сертификатига эга бўлган ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ёки импорт қилувчи мувофиқлик белгисини миллий стандартларда белгиланган, ўзи учун қулай бўлган ҳар қандай усулларда қўллашга ҳақли.

Мувофиқлиги мажбурий тасдиқланиши лозим бўлган ва техник регламентларда белгиланган талаблар бўйича мувофиқлиги тасдиқланишдан ўтмаган маҳсулотни мувофиқлик белгиси билан тамғалашга йўл қўйилмайди.

Маҳсулот маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан сертификатлаштирилганда мувофиқлик сертификатини берган сертификатлаштириш органи билан тузилган келишув асосида ушбу ишлаб чиқарувчиларга ва импорт қилувчиларга мувофиқлик белгисини қўллаш ҳуқуқи берилади ҳамда мувофиқлик белгисидан фойдаланганлик учун тўлов ундирилади.



29-модда. Аризачининг мувофиқликни

мажбурий равишда тасдиқлаш чоғидаги

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

          

Аризачи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

маҳсулотнинг муайян турлари учун тегишли техник регламентда назарда тутилган мувофиқликни тасдиқлаш шаклини ва схемасини танлаш;

аккредитация қилиш доираси аризачи сертификатлаштиришни мўлжаллаган маҳсулотга нисбатан татбиқ этиладиган ҳар қандай мувофиқликни баҳолаш органига мажбурий сертификатлаштиришни амалга ошириш учун мурожаат қилиш;

маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш учун техник ҳужжатлардан фойдаланиш;

ўзига мувофиқлик сертификатини берган мувофиқликни баҳолаш органидан сертификатлаштириш натижаларини тасдиқлайдиган ҳамда тақдим этиш шартлари, муддати сертификатлаштириш тўғрисидаги шартномада белгиланадиган ҳужжатларни ҳамда материалларни олиш.

Аризачи:

маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқлигини таъминлаши;

мувофиқлиги мажбурий тасдиқланиши лозим бўлган маҳсулотни мувофиқликни тасдиқлаш ишлари амалга оширилганидан кейин муомалага чиқариши;

маҳсулотга илова қилинадиган ҳужжатларда мувофиқлик сертификати ёки мувофиқлик тўғрисидаги декларация ҳақидаги маълумотларни кўрсатиши;

давлат назорати органларига, шунингдек манфаатдор шахсларга маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланганлиги тўғрисида далолат берувчи ҳужжатларни (мувофиқлик сертификатини, мувофиқлик ҳақидаги декларацияни ёки уларнинг кўчирма нусхаларини) ёхуд мувофиқлик сертификатининг ёки мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг рўйхатга олиш рақами ҳақидаги ахборотни тақдим этиши;

агар мувофиқлик сертификатининг ёки мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилиши тўхтатиб турилган ёхуд тугатилган бўлса, маҳсулотнинг реализация қилинишини тўхтатиб туриши ёки тугатиши;

сертификатлаштирилган маҳсулотни ишлаб чиқаришнинг техник ҳужжатларига ёки технологик жараёнларига киритиладиган ўзгартишлар тўғрисида мувофиқликни баҳолаш органини хабардор қилиши;

мувофиқлиги тасдиқланишдан ўтган ва техник регламентлар талабларига мувофиқ бўлмаган маҳсулотни ишлаб чиқаришни давлат назорати органларининг қарорлари асосида ўн иш кунига тўхтатиб туриши;

мувофиқлик сертификатининг ёки мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилиш муддати тугаган тақдирда, маҳсулотнинг реализация қилинишини тўхтатиб туриши ёки тугатиши шарт, бундан маҳсулотнинг қонунчиликка мувофиқ белгиланган яроқлилик муддати ёхуд хизмат муддати давомида мувофиқлик сертификатининг ёки мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилиши вақтида чиқарилган маҳсулот мустасно.



30-модда. Маҳсулотни синаш мақсадлари

         

Маҳсулотни синаш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

техник регламентларда ва стандартларда кўрсатилган маҳсулот намунасининг мувофиқлигини тасдиқлаш тавсифларини аниқлаш;

агар синаш мувофиқликни тасдиқлаш доирасидаги тартиб-таомил бўлса, мувофиқликни тасдиқлаш амалга оширилишини таъминлаш.

Синаш, агар бу мувофиқликни сертификатлаштириш ёки декларация қилишда қўлланиладиган мувофиқликни тасдиқлаш схемасида назарда тутилган бўлса, мувофиқликни баҳолаш доирасидаги тартиб-таомилдир. Синаш, агар бу техник регламентларда назарда тутилган бўлса, мувофиқликни баҳолашнинг мустақил шаклидир.

Синаш, агар бу мувофиқликни сертификатлаштириш ёки декларация қилиш чоғида қўлланиладиган мувофиқликни тасдиқлаш схемасида назарда тутилган бўлса, аккредитация соҳасига мувофиқ аккредитация қилинган лаборатория томонидан амалга оширилади.



31-модда. Мувофиқликни баҳолаш

органларига қўйиладиган талаблар

ва уларнинг мажбуриятлари

          

Мувофиқликни баҳолаш органи ва унинг ходимлари ўзи баҳолайдиган маҳсулотни лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш, етказиб бериш, ўрнатиш, ишлатиш ёки унга техник хизмат кўрсатиш учун жавобгар бўлмаслиги керак.

Мажбурий сертификатлаштиришни амалга ошириш чоғида маҳсулотни синаш ва ўлчаш аккредитация қилинган синаш лабораториялари томонидан ўтказилиши керак ҳамда уларнинг натижалари баённомалар тарзида расмийлаштирилади.

Мувофиқликни баҳолаш органлари синаш лабораторияларига аризачи тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишга ҳақли эмас.

Мувофиқликни баҳолаш органи синаш лабораторияси томонидан берилган баённомалар асосида мувофиқлик сертификатини бериш тўғрисида ёки уни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.



32-модда. Чет давлатларнинг мувофиқликни баҳолаш

органлари томонидан берилган мувофиқликни

баҳолаш натижаларини тан олиш

            

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ўтказилган мувофиқликни баҳолаш натижаларини Ўзбекистон Республикасида тан олиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



33-модда. Маҳсулотни давлат рўйхатидан ўтказиш

         

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажбурий равишда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган, хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларнинг рўйхатини тасдиқлайди.

Маҳсулотни давлат рўйхатидан ўтказишга фақат, агар маҳсулот Ўзбекистон Республикасида истеъмол қилиш (фойдаланиш) учун хавфсиз бўлса, рухсат берилади.

Махсус ваколатли давлат органи маҳсулотни давлат рўйхатидан ўтказишга ва мазкур маҳсулотдан хавфсиз фойдаланиш бўйича йўриқномани давлат тилида ишлаб чиқишга доир талабларни белгилайди.



34-модда. Мувофиқликни баҳолаш органини

тайинлаш (нотификация қилиш)

           

Тайинлаш (нотификация қилиш) соҳаси мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларининг ва маҳсулот турларининг рўйхати бўлиб, тегишли техник регламентга мувофиқ уларга нисбатан мувофиқликни баҳолаш органи тайинланади.

Мувофиқликни баҳолаш органлари қуйидаги ҳолларда мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларини тегишли техник регламентларга биноан учинчи тараф сифатида бажариш учун тайинланиши (нотификация қилиниши) мумкин, башарти улар:

мулк шаклларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг резидентлари - юридик шахслар бўлса;

сўнгги уч йил давомида маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолаш ишларини бажариш тажрибасига эга бўлса;

белгиланган соҳа доирасида маҳсулотни синашни амалга ошириш учун аккредитация қилинган ўз синаш лабораторияларига эга бўлса;

мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларини тайинланган (нотификация қилинган) органларни жалб этган ҳолда қўллаш назарда тутилган тегишли техник регламентларда белгиланган махсус талабларга, бундай талаблар техник регламентларда белгиланмаган тақдирда эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган махсус талабларга мувофиқ бўлса.

Тайинловчи орган:

мувофиқликни баҳолаш органлари билан манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлмаслигини таъминлаши;

ўзининг тайинлаш тўғрисидаги қарорлари беғаразлигини кафолатлаши;

мувофиқликни баҳолаш органини тайинлашга тааллуқли бўлган ҳар бир қарорнинг мувофиқликни баҳолаш органи билан аффилланмаган ваколатли шахслар ва мувофиқликни баҳолашни амалга ошираётган шахслар томонидан қабул қилинишини таъминлаши;

олинган ахборотнинг махфийлигини таъминлаши керак.



5-БОБ. ТЕХНИК ЖИҲАТДАН

ТАРТИБГА СОЛИШ СОҲАСИДА ДАВЛАТ

НАЗОРАТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

         

        

35-модда. Давлат назорати органлари

         

Техник регламентлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати давлат назорати органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.

Давлат назорати органларининг ваколатлари, уларнинг техник регламентлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратига доир фаолиятини мувофиқлаштириш тартиби, шунингдек давлат назорати органларининг аккредитация органи билан ҳамкорлиги тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Давлат назоратини амалга ошириш чоғида текширишлар қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказилади.

Назорат чоралари техник регламентларда белгиланган талаблар асосида, маҳсулот муомалага чиқарилаётган (истеъмолчига реализация қилинаётган) босқичда амалга оширилади, бундан ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Агар техник регламентларда маҳсулотни лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш, монтаж қилиш, ишга тушириш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш, ташиш, реализация ҳамда утилизация қилиш билан боғлиқ жараёнларга доир талаблар мавжуд бўлса, ушбу талабларнинг бажарилишини таъминлашга доир назорат чоралари ҳам қабул қилиниши керак.

Намуналарни олиш, текшириш, синаш ва (ёки) ўлчаш тарзидаги назоратни амалга оширишда давлат назорати органлари тегишли техник регламентларда белгиланган синаш ва ўлчаш усулларидан фойдаланади.

Хавфни баҳолашнинг аниқ мезонлари, давлат назорати органлари тегишли чекловчи чораларни танлайдиган шартлар ва ҳолатлар белгиланиши керак бўлган чекловчи чораларни кўриш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



36-модда. Давлат назорати органларининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

         

Давлат назорати органлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ишлаб чиқарувчидан, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилидан, сотувчидан ва импорт қилувчидан мувофиқлик сертификатининг ёки мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг рўйхатдан ўтказиш рақами ҳақида ахборот тақдим этилишини, агар бундай ҳужжатларнинг мавжуд бўлиши тегишли техник регламентда назарда тутилган бўлса, талаб қилиш;

қонунчиликда белгиланган тартибда назорат тадбирларини амалга ошириш;

техник регламентлар талабларининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш тўғрисида ишлаб чиқарувчига, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилига, сотувчига ва импорт қилувчига кўрсатмалар бериш;

мувофиқлик сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш зарурлиги тўғрисидаги ахборотни сертификатни берган мувофиқликни баҳолаш органига ва махсус ваколатли давлат органига юбориш;

мувофиқликни баҳолаш органига мувофиқлик сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида, декларацияни қабул қилган шахсга мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш ҳақида кўрсатма бериш ҳамда мувофиқлик сертификатининг, мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёхуд тугатиш ҳақида кўрсатма берилганлиги тўғрисидаги ахборотни аккредитация органига юбориш;

ишлаб чиқарувчини, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилини, сотувчини ва импорт қилувчини ушбу Қонунда ҳамда қонунчиликда назарда тутилган жавобгарликка тортиш;

ишлаб чиқарувчидан, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилидан, сотувчидан ва импорт қилувчидан маҳсулотнинг техник регламент талабларига мувофиқлигини мажбурий тасдиқлашни амалга ошириш чоғида фойдаланилган далиллар ҳамда бошқа ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилиш;

мувофиқлик сертификатининг, мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилишини қонунчиликда белгиланган тартибда тўхтатиб туриш, тугатиш ҳақида қарор қабул қилиш;

техник регламентлар талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотни муомалага чиқаришни тақиқлаш ёки тўхтатиб туриш, муомаладан чиқариш ёки чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳамда ушбу қарор ҳақида ўз ваколатларига мувофиқ тегишли давлат назорати органларини хабардор қилиш ва (ёки) ушбу маҳсулотдан фойдаланишни қоидабузарликлар бартараф этилгунига қадар тақиқлаш;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа чораларни зарар етказилишига йўл қўймаслик мақсадида қўллаш.

Давлат назорати органлари:

назорат тадбирлари давомида техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш бўйича тушунтириш ишларини амалга ошириши, мавжуд техник регламентлар ҳақида хабардор қилиши;

тижорат сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этмаслиги;

қонунчиликда белгиланган назорат тадбирларини амалга ошириш ва бундай тадбирлар натижаларини расмийлаштириш тартибига риоя этиши;

техник регламентлар талабларининг бузилишлари оқибатларини бартараф этиш юзасидан назорат тадбирлари натижаларига асосан чоралар кўриши;

маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ахборотни ишлаб чиқарувчига, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилига, сотувчига ва импорт қилувчига юбориши шарт.



37-модда. Давлат назорати органларининг

ва улар мансабдор шахсларининг жавобгарлиги

            

Давлат назорати органлари ва уларнинг мансабдор шахслари назорат тадбирлари ўтказилаётганда ўз ваколатларини (хизмат вазифаларини) бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ёки ғайриҳуқуқий ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этган тақдирда, белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Давлат назорати органлари айбдор бўлган ўз мансабдор шахсларига нисбатан кўрилган чоралар тўғрисида ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тадбиркорлик субъектларига бир ой ичида хабар қилиши шарт.



38-модда. Маҳсулотнинг техник регламентлар

талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ахборот

         

Муомалага чиқарилган маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисида ўзига маълум бўлиб қолган ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи ёки ижрочи мазкур ахборот олинган пайтдан эътиборан ўн кун ичида бу ҳақда давлат назорати органига хабар қилиши шарт.

Муомалага чиқарилган маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ахборотни олган ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи ёки ижрочи уни ишлаб чиқарувчига ўн кун ичида етказиши шарт.

Ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи ёки ижрочи ҳисобланмайдиган ва муомалага чиқарилган маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисида ўзига маълум бўлиб қолган шахс ушбу ахборотни давлат назорати органига юборишга ҳақли.

Давлат назорати органи муомалага чиқарилган маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ахборотни олгач, ахборот келиб тушганлиги ҳақида ишлаб чиқарувчини, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилини, сотувчини, импорт қилувчини ёки ижрочини беш кун ичида хабардор қилиши шарт.

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ эмас деб топилган маҳсулотлар реестридан маҳсулотни у мазкур реестрга киритилган кундан эътиборан олти ой ичида чиқариш, шунингдек мазкур маҳсулотни ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ва импорт қилувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва эркин муомалага чиқариш тақиқланади.



39-модда. Маҳсулотнинг техник регламентлар

талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисида ахборот

олинган тақдирда ишлаб чиқарувчининг, ишлаб

чиқарувчининг ваколатли вакилининг, сотувчининг

ва импорт қилувчининг мажбуриятлари

          

Агар амалга ошириладиган тадбирлар мазмунидан узоқроқ муддатни белгилаш зарурати келиб чиқмаса, ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ахборот олинган пайтдан эътиборан ўн кун ичида ушбу ахборотнинг ишончлилигини текшириши шарт. Ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи мазкур текширув материалларини давлат назорати органининг талабига кўра ушбу органга тақдим этиши шарт.

Маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ахборотнинг ишончлилиги тасдиқланган тақдирда, ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи зарар етказилишининг олдини олиш бўйича тадбирлар дастурини бундай ахборотнинг ишончлилиги тасдиқланган пайтдан эътиборан ўн кун ичида ишлаб чиқиши ва ушбу дастурни ўз ваколатларига мувофиқ давлат назорати органи билан келишиши шарт.

Зарар етказилишининг олдини олиш бўйича тадбирлар дастури харидорларни (истеъмолчиларни) зарар етказилиши хавфи мавжудлиги ва уни бартараф этиш усуллари, шунингдек бундай тадбирларни амалга ошириш муддатлари тўғрисида хабардор қилишга доир тадбирларни ўз ичига олади.

Агар зарар етказилишини бартараф этиш учун қўшимча харажатларни амалга ошириш зарур бўлса, ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи зарар етказилишини бартараф этишга доир барча тадбирларни ўз ҳисобидан амалга ошириши шарт, уларни амалга ошириш мумкин бўлмаган тақдирда эса, маҳсулотнинг чақириб олиниши тўғрисида эълон қилиши ва харидорларга маҳсулот чақириб олиниши муносабати билан етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаши шарт.

Маҳсулотнинг нуқсонларини бартараф этиш, шунингдек уни нуқсонлар бартараф этиладиган жойга етказиш ҳамда харидорларга ва (ёки) истеъмолчиларга қайтариш ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи томонидан ўз ҳисобидан амалга оширилади.

Маҳсулотни муомаладан чиқариш сотувчилар томонидан ўз тасарруфидаги тегишли маҳсулотнинг ушбу маҳсулотни ишлаб чиқарувчига қайтарилишини ва харидорларга (истеъмолчиларга) бундай маҳсулотни таклиф этиш тугатилишини назарда тутади.

Маҳсулотни чақириб олиш харидорларга (истеъмолчиларга) сотиб бўлинган тегишли маҳсулотнинг уни ишлаб чиқарувчига қайтарилишини назарда тутади.

Агар зарар етказилиши хавфини белгиланган тадбирларни амалга ошириш орқали бартараф этиш мумкин бўлмаса, ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи маҳсулотни ишлаб чиқаришни ва реализация қилишни дарҳол тўхтатиши, маҳсулотни чақириб олиши ҳамда маҳсулот чақириб олиниши муносабати билан юзага келган зарарларнинг ўрнини харидорларга (истеъмолчиларга) қоплаши, маҳсулотга доир мувофиқлик тўғрисидаги сертификатнинг ёки мувофиқлик ҳақидаги декларациянинг амал қилишини дарҳол тугатиши шарт.

Ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи зарар етказилишини бартараф этишга доир тадбирлар дастурининг бутун амалга оширилиш даврида харидорларга (истеъмолчиларга) зарур ҳаракатлар тўғрисида тезкор ахборот олиш имкониятини ўз ҳисобидан таъминлаши шарт.



40-модда. Маҳсулотнинг техник регламентлар

талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисида ахборот

олинган тақдирда давлат назорати

органларининг ҳаракатлари

         

Маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисида ахборот олинган тақдирда давлат назорати органлари олинган ахборотнинг ишончлилигини текширишни мумкин қадар қисқа муддатларда амалга оширади.

Олинган ахборотнинг ишончлилигини текширишни амалга ошириш чоғида давлат назорати органлари:

маҳсулот тўғрисидаги ёки маҳсулотга доир талаблар билан боғлиқ бўлган маҳсулотни лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш, монтаж қилиш, ишга тушириш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш, ташиш, реализация ҳамда утилизация қилиш жараёнлари тўғрисидаги қўшимча ахборотни, шу жумладан мажбурий мувофиқликни тасдиқлашни амалга ошириш чоғида ўтказилган тадқиқотлар (синаш) ва ўлчаш натижаларини ишлаб чиқарувчидан, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилидан, ижрочидан, сотувчидан, импорт қилувчидан ва бошқа шахслардан сўраб олишга;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига сўровлар юборишга;

зарур бўлганда, мутахассисларни олинган материалларни таҳлил қилиш учун жалб этишга;

ишлаб чиқарувчидан, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилидан, сотувчидан, импорт қилувчидан маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқлигини мажбурий равишда тасдиқлашни амалга ошириш чоғида фойдаланилган далилларни ва бошқа ҳужжатларни сўраб олишга ҳақли.

Маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ахборотнинг ишончлилиги тасдиқланган тақдирда, давлат назорати органи ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи томонидан зарар етказилишини бартараф этишга доир тадбирлар дастурини ўн кун ичида ишлаб чиқиш ҳақида ўз ваколатларига мувофиқ кўрсатма беради, уни бажаришга кўмаклашади ва унинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади.

Давлат назорати органи зарар етказилишини бартараф этишга доир тадбирлар дастурининг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш чоғида:

зарар етказилишини бартараф этишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари ва тартиби тўғрисидаги ахборотни тарқатишга кўмаклашади;

ишлаб чиқарувчидан, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилидан, сотувчидан, импорт қилувчидан ва бошқа шахслардан зарар етказилишини бартараф этишга доир тадбирлар дастурида кўрсатилган тадбирлар амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни сўраб олади;

зарар етказилишини бартараф этишга доир тадбирлар дастурида кўрсатилган муддатларга риоя этилишини текширади.

Техник регламентлар талабларига мувофиқ бўлмаган маҳсулотдан фойдаланиш чоғида фуқароларнинг ҳаётига ва соғлиғига зарар етказилишини ёхуд шундай зарар етказилиши хавфини бартараф этиш бўйича зудлик билан чоралар кўриш зарур бўлган тақдирда, давлат назорати органи:

ушбу маҳсулотнинг реализация қилинишини тўхтатиб туриш тўғрисида кўрсатма беради;

бу маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги ва ушбу маҳсулотдан фойдаланиш чоғида фуқароларнинг ҳаётига ёки соғлиғига зарар етказилиши хавфи тўғрисида харидорларни (истеъмолчиларни) оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилади;

ушбу маҳсулотни мажбурий равишда чақириб олиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш ҳақида қарор қабул қилади.

Ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи давлат назорати органининг ҳаракатлари устидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.

Давлат назорати органи ҳаракатларининг ғайриқонунийлиги тўғрисида суд қарори қабул қилинган тақдирда, давлат назорати органининг ҳаракатлари туфайли ишлаб чиқарувчига, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилига, сотувчига, импорт қилувчига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши лозим.



41-модда. Маҳсулотни мажбурий

равишда чақириб олиш

          

Ушбу Қонунда назарда тутилган кўрсатма бажарилмаган тақдирда, давлат назорати органи ўз ваколатларига мувофиқ, шунингдек зарар етказилишини бартараф этишга доир тадбирлар дастури ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи томонидан бажарилмаганлиги ҳақида ўзига маълум бўлиб қолган бошқа шахслар маҳсулотни мажбурий равишда чақириб олиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Маҳсулотни мажбурий равишда чақириб олиш тўғрисидаги даъво аризаси қаноатлантирилган тақдирда, суднинг қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай жавобгар томонидан оммавий ахборот воситалари орқали ёки бошқача усулда харидорлар (истеъмолчилар) эътиборига етказилади.

Жавобгар суднинг қарорини суд томонидан белгиланган муддатда бажармаган тақдирда, суднинг қарорини бажариш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда даъвогар маҳсулотнинг мажбурий равишда чақириб олиниши тўғрисида харидорларни (истеъмолчиларни) оммавий ахборот воситалари орқали ёки бошқача усулда хабардор қилишга ҳақли.



6-БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИНИНГ, СОТУВЧИНИНГ,

ИМПОРТ ҚИЛУВЧИНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ

                

      

42-модда. Ишлаб чиқарувчининг мажбуриятлари

      

Ишлаб чиқарувчилар:

хавфсиз маҳсулотни муомалага чиқариши;

мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилининг амалга оширилишини техник регламентга мувофиқ таъминлаши;

техник ҳужжатларни тузиши ва муайян вақт давомида уларни сақлаши;

мувофиқлик тўғрисидаги декларацияни техник регламентга мувофиқ тузиши ва тақдим этиши ҳамда уни кўрсатилган вақт давомида сақлаши;

агар техник регламентда назарда тутилган бўлса, ушбу Қонун талабларига биноан мувофиқлик белгисини қўйиши шарт.

Ишлаб чиқарувчи маҳсулотга техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ маҳсулотни идентификация қилиш имконини берувчи туркум ёки серия рақамини қўйиши шарт. Агар маҳсулотнинг ўлчами ёки бошқа хусусиятлари туфайли ишлаб чиқарувчи туркум ёки серия рақамини қўя олмаса, у ўровда ёки маҳсулотга илова қилинадиган ҳужжатларда кўрсатилиши керак.

Ишлаб чиқарувчининг айрим мажбуриятлари шартномага мувофиқ ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили зиммасига юклатилиши мумкин.

Ишлаб чиқарувчининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



43-модда. Сотувчининг мажбуриятлари

         

Сотувчи:

маҳсулотга техник регламентга мувофиқ мувофиқлик белгиси қўйилганлигини текшириши;

техник регламентга мувофиқ давлат тилидаги қўшимча ҳужжатлар ва маҳсулот хавфсизлиги тўғрисидаги ахборот мавжудлигини текшириши;

сақлаш ва транспортда ташиш шарт-шароитлари маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқлигини хавф остига қўймаслигини маҳсулот реализация қилингунига қадар кафолатлаши шарт.

Агар сотувчи маҳсулот техник регламентлар талабларига жавоб бермайди деб ҳисобласа, у маҳсулотни техник регламент талабларига мувофиқлаштириш мақсадида тузатиш чораларини кўриши шарт.

Агар кўрилган тузатиш чораларидан кейин маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги бартараф этилмаса, сотувчи ишлаб чиқарувчини, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилини ёки импорт қилувчини, шунингдек давлат назорати органларини бу ҳақда хабардор қилиши шарт.



44-модда. Импорт қилувчининг мажбуриятлари

         

Импорт қилувчи:

техник регламент талабларига жавоб берадиган маҳсулотни бозорда жойлаштириши;

маҳсулотни муомалага чиқаришда ишлаб чиқарувчи назарда тутилган мувофиқликни тасдиқлаш тартиб-таомилини амалга оширганлигини, техник ҳужжатларни ишлаб чиққанлигини, техник регламент талабларига мувофиқ маҳсулотга мувофиқлик белгисини қўйганлигини кафолатлаши;

маҳсулотнинг техник регламент талабларига мувофиқ эмаслигини бартараф этиш учун сақлаш ёки транспортда ташиш шарт-шароитларини назорат қилиши шарт.

Агар импорт қилувчи маҳсулот техник регламент талабларига жавоб бермайди деб ҳисобласа, у маҳсулот бозорга жойлаштирилгунига қадар унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича тузатиш чораларини кўриши шарт.

Агар кўрилган тузатиш чораларидан кейин маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги бартараф этилмаса, импорт қилувчи бу ҳақда ишлаб чиқарувчини ва давлат назорати органларини хабардор қилиши шарт.



45-модда. Юқори хавф туғдирадиган

маҳсулот тўғрисида тезкор равишда

ўзаро хабар бериш тизими

            

Юқори хавф туғдирадиган маҳсулот тўғрисида ахборот алмашиш мақсадида давлат назорати органлари ўртасида юқори хавф туғдирадиган маҳсулот ҳақида тезкор равишда ўзаро хабар бериш тизими яратилади ва фаолият кўрсатади.

Юқори хавф туғдирадиган маҳсулот тўғрисида тезкор равишда ўзаро хабар бериш тизими давлат назорати органлари юқори хавф туғдирадиган маҳсулотни аниқлаган тақдирда, улар томонидан тақдим этиладиган хабарлардан шакллантирилади.

Юқори хавф туғдирадиган маҳсулот тўғрисидаги хабар қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

тегишли маҳсулотни идентификация қилиш имконини берувчи маълумотларни;

маҳсулот келтириб чиқарадиган хавфнинг тавсифини, бундай маҳсулот намуналарини синаш натижасини;

хавфни бартараф этиш учун кўрилган чораларнинг (агар бундай чоралар кўрилган бўлса), шу жумладан ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ва (ёки) импорт қилувчи томонидан ўз ташаббусига кўра кўрилган чораларнинг хусусияти ва давомийлиги тўғрисидаги ахборотни;

ушбу маҳсулотнинг келиб чиқиши ва бозорга етказиб берилиши занжири ҳақидаги ахборотни;

халқаро, минтақавий ва чет эл хабар қилиш тизимлари ёрдамида ёки бошқа давлатларнинг ваколатли органларидан бошқача тарзда олинган маълумотларни.

Юқори хавф туғдирадиган маҳсулот тўғрисида тезкор равишда ўзаро хабар бериш тизимидаги маълумотлар давлат назорати органлари, божхона органлари, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органлари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назорати соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органлари фойдаланиши учун очиқ бўлиши керак.

Юқори хавф туғдирадиган маҳсулот ҳақида тезкор равишда ўзаро хабар бериш тизимининг фаолият кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



7-БОБ. ТЕХНИК ЖИҲАТДАН ТАРТИБГА

СОЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

         

        

46-модда. Қонунчиликда ва техник регламентда

белгиланган мажбурий талабларга риоя этилмаган

тақдирда ишлаб чиқарувчининг, ишлаб чиқарувчининг

ваколатли вакилининг, сотувчининг, импорт

қилувчининг жавобгарлиги

       

Белгиланган тартибда огоҳлантириш олганидан кейин техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликни давом эттирганлик ёки бартараф этмаганлик учун жисмоний шахслар қонунчиликка мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилади. Белгиланган тартибда огоҳлантириш олганидан кейин техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликни давом эттирганлик ёки бартараф этмаганлик учун юридик шахсларга нисбатан ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ жарима тарзидаги молиявий санкциялар қўлланилади.

Ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ёки импорт қилувчи томонидан қонунчиликда ва техник регламентда маҳсулотга доир назарда тутилган мажбурий талабларга риоя этилмаган тақдирда, уларга нисбатан:

ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилганда - мажбурий талабларга мувофиқ бўлмаган, реализация қилинган маҳсулот қийматининг эллик фоизигача миқдорда жарима тарзидаги молиявий санкциялар қўлланилади;

худди шундай ҳуқуқбузарлик ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган жарима тарзидаги молиявий санкция қўлланилган кундан эътиборан бир йил давомида такроран содир этилганда - мажбурий талабларга мувофиқ бўлмаган, реализация қилинган маҳсулот қийматининг юз фоизигача миқдорда жарима тарзидаги молиявий санкциялар қўлланилади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган жарима тарзидаги молиявий санкциялар суд тартибида қўлланилади, бундан маҳсулотни ишлаб чиқарувчилар, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакиллари, сотувчилар ёки импорт қилувчилар содир этилган ҳуқуқбузарликда айбдорлигини тан олган ва молиявий санкциялар суммаси бир ой муддатда ихтиёрий равишда тўланган ҳоллар мустасно.

Ундирилган жарима суммасининг эллик фоизи Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига, қолган қисми эса Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига йўналтирилади.

Агар маҳсулотга, уни ишлаб чиқариш жараёнларига ёки усулларига нисбатан қонунчиликда ва техник регламентда белгиланган мажбурий талабларга ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ёки импорт қилувчи томонидан риоя этилмаганлиги натижасида фуқароларнинг ҳаётига ёки соғлиғига, жисмоний ёки юридик шахсларнинг мол-мулкига, давлат мулкига, атроф-муҳитга, ҳайвонларга ёки ўсимликларга зарар етказилса ёки шундай зарар етказилиши хавфи юзага келса, ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи, импорт қилувчи, ижрочи етказилган зарарнинг ўрнини қонунчиликка мувофиқ қоплаши ҳамда бошқа шахсларга, уларнинг мол-мулкига, атроф-муҳитга зарар етказилишига йўл қўймаслик мақсадида чоралар кўриши шарт.

Зарарнинг ўрнини қоплаш мажбурияти шартнома ёки тарафлардан бирининг аризаси билан чекланиши мумкин эмас.

Ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун жарима тарзидаги молиявий санкцияни қўллаш тўғрисидаги қарор устидан ушбу Қонунга мувофиқ шикоят қилиниши мумкин.

Жаримани тўлаш юридик шахсларни маҳсулот харидорларига (истеъмолчиларига) етказилган зарар учун жавобгарликдан озод этмайди.



47-модда. Мувофиқликни баҳолаш

органларининг жавобгарлиги

         

Мувофиқликни баҳолаш қоидаларини бузган мувофиқликни баҳолаш органи ва унинг мансабдор шахслари, агар мазкур камчилик техник регламентлар талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотни ишлаб чиқаришга ёки аризачига зарар етказилишига, шу жумладан мувофиқлик сертификатини бериш асоссиз равишда рад этилиши, мувофиқлик сертификатининг ёхуд мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилиши тўхтатиб турилиши ёки тугатилиши натижасида фойданинг йўқотилишига олиб келса, қонунга ҳамда сертификатлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ жавобгар бўлади.

Аккредитация қилинган синаш лабораториялари (марказлари) тадқиқотларнинг (синашнинг) ва ўлчаш натижаларининг ишончсизлиги ёки нотўғрилиги учун қонунга ҳамда шартномага мувофиқ жавобгар бўлади.

Мувофиқликни баҳолаш натижалари бўйича ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолларда ҳуқуқбузарлик аниқланганлиги тўғрисида давлат назорати органларининг мансабдор шахслари томонидан баённома тузилади, баённома маъмурий жазони ва жарима тарзидаги молиявий санкцияларни қўллаш учун асос бўлиб, раҳбарнинг, бошқа масъул мансабдор шахсларнинг тушунтиришлари ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги билан боғлиқ ҳужжатлар билан бирга уч иш куни ичида судга топширилади.

Ҳуқуқбузарликлар учун жарима тарзидаги молиявий санкциялар миқдори ҳуқуқбузарликнинг хавф даражасига ва давомийлигига қараб қуйидагича белгиланади:

маҳсулотнинг мувофиқлиги нотўғри декларация қилинганлиги, мувофиқлиги тасдиқланиши шарт бўлган, илк бор муомалага чиқарилаётган маҳсулотнинг мувофиқлиги нотўғри декларация қилинганлиги ёки стандартлар мавжуд эмаслиги натижасида ёки ушбу маҳсулотга нисбатан техник регламентлар талаблари қўлланилганлиги учун мавжуд стандартларни қўллаб бўлмаслиги натижасида маҳсулот шахсий далиллар асосида нотўғри декларация қилинганлиги аниқланганда - базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари миқдорида жарима тарзидаги молиявий санкциялар;

мувофиқлик сертификатини беришни асоссиз равишда рад этганлик, мувофиқлик сертификатининг ёхуд мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилишини асоссиз равишда тўхтатиб турганлик ёки тугатганлик учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз баравари миқдорида жарима тарзидаги молиявий санкциялар;

сертификатлаштириш ишларини бажаришда белгиланган тартиб-таомиллар бузилган тақдирда - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз баравари миқдорида жарима тарзидаги молиявий санкциялар;

синаш лабораторияси томонидан маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолаш мақсадида амалга оширилган синаш натижаларининг нотўғри тақдим этилганлиги ва холисликни таъминламаслиги аниқланганда - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз баравари миқдорида жарима тарзидаги молиявий санкциялар.

Ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун жарима тарзидаги молиявий санкцияларни қўллаш тўғрисидаги қарор устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

Жарима тарзидаги молиявий санкцияларни тўлаш юридик шахсни маҳсулот истеъмолчиларига етказилган зарар учун жавобгарликдан озод этмайди.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

            

         

48-модда. Техник жиҳатдан тартибга солиш

соҳасидаги ишларни молиялаштириш

        

Техник регламентларни ишлаб чиқишни, қайта кўриб чиқишни, техник регламентларни қўллашга доир услубий тавсияларни ишлаб чиқишни, давлат назоратини амалга оширишни, шунингдек ваколатли давлат органларининг стандартлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирок этишини молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади.

Техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурида назарда тутилмаган техник регламентларни ишлаб чиқишга оид ишларни бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга йўл қўйилмайди.



49-модда. Низоларни ҳал этиш

            

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



50-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим

қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш,

шунингдек айрим қонун ҳужжатларини

ўз кучини йўқотган деб топиш

           

Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилсин:


1. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган "Метрология тўғрисида"ги 1004-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 7 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-614-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, N 4, 254-модда; 2021 йил, 4-сонга илова) 28-моддасига қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:

биринчи қисмдаги "техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг" деган сўзлар "ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатларнинг" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

иккинчи қисмдаги "техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг" деган сўзлар "ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатларнинг" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


2. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги 221-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, N 5-6, 59-модда; 2002 йил, N 4-5, 74-модда; 2003 йил, N 5, 67-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 12, 413-модда; 2006 йил, N 10, 536-модда; 2008 йил, N 4, 183-модда; 2010 йил, N 10, 380-модда; 2013 йил, N 10, 263-модда; 2014 йил, N 1, 2-модда; 2016 йил, N 4, 125-модда; 2017 йил, N 6, 300-модда, N 9, 510-модда; 2018 йил, N 1, 1-модда; 2019 йил, N 12, 891-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, N 1, 4-модда) 1-моддасининг саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"норматив ҳужжатлар - техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда бошқа ҳужжатлар (шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, давлат фармакопеяси ҳамда фармакопея мақолалари), техник тавсифлар, рецептуралар, шунингдек товарнинг (ишнинг, хизматнинг) сифатига ва хавфсизлигига доир мажбурий талабларни ўз ичига олган бошқа ҳужжатлар".


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган "Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида"ги 1006-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 йил, N 2, 50-модда);


2) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган "Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 1007-XII-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 йил, N 2, 51-модда);


3) Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 31 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 125-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, N 7-8, 217-модда.) IV бўлими;


4) Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 482-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, N 5, 67-модда) IX бўлими;


5) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 6 апрелда қабул қилинган "Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тартиб-таомиллари соддалаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-31-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 4, 157-модда) 1-моддаси;


6) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрда қабул қилинган "Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-59-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 10, 536-модда) 6-моддаси;


7) Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 23 апрелда қабул қилинган "Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида"ги ЎРҚ-213-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, N 4, 140-модда);


8) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 4 октябрда қабул қилинган "Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида"ги ЎРҚ-354-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, N 10, 262-модда);


9) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги ЎРҚ-355-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, N 10, 263-модда) 6-моддаси;


10) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 11 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-381-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, N 12, 343-модда) 5-моддаси;


11) Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-391-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, N 8, 312-модда) 43-моддаси;


12) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 20 январда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги ЎРҚ-401-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, N 1, 2-модда) 1-моддаси;


13) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-405-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, N 4, 125-модда) 22-моддаси;


14) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-416-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, N 12, 383-модда) 20 ва 24-моддалари;


15) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 13 июнда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги ЎРҚ-436-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 6, 300-модда) 32-моддаси;


16) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги ЎРҚ-446-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 9, 510-модда) 68 ва 72-моддалари;


17) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 24 декабрда қабул қилинган "Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-597-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 12, 891-модда) 15 ва 18-моддалари;


18) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 январда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-666-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, N 1, 13-модда) 9-моддаси;


19) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 38, 194 ва 219-моддалари.



51-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини,

етказилишини, моҳияти ва аҳамияти

тушунтирилишини таъминлаш

            

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



52-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

         

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



53-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

          

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

         

            

Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                          Ш. Мирзиёев

      

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 28 февраль


"Халқ сўзи", 2023 йил 28 февраль







































































Время: 0.1866
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск