ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Сув, сувдан фойдаланиш ва сув хўжалиги / Сувдан фойдаланиш ва муҳофаза қилишни бошқариш /

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.09.2023 й. 500-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 27 сентябрдаги

500-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги

Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини

ва сувдан фойдаланишни назорат

қилиш инспекцияси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

           

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг (кейинги ўринларда -Инспекция) мақомини, асосий вазифаларини, функцияларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Инспекция Ўзбекистон Республикасидаги ўта муҳим гидротехника иншоотлари хавфсизлиги ҳамда ер усти сувлари объектларида сувнинг оқилона бошқарилиши, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этилишини назорат қиладиган орган ҳисобланади.


3. Инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига (кейинги ўринларда - Вазирлик) бўйсунади ва унга ҳисобот беради.


4. Инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг буйруқларига ва мазкур Низомга амал қилади.


5. Инспекция ўз фаолиятини Вазирлик раҳбарлигида, шунингдек, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


6. Инспекциянинг қонунчилик ҳужжатлари ва ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари ва кўрсатмалари республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


7. Инспекция ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармалари юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.


8. Инспекциянинг расмий номи:


а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси;

қисқартирилган номи - "Сувхўжаликназорат" инспекцияси;


б) рус тилида:

тўлиқ номи - Инспекция по контролю за безопасностью объектов водного хояйства и водопользованием при Министерстве водного хозяйства Республики Узбекистан;

қисқартирилган номи - инспекция "Водхознадзор";


в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Inspection for сontrol of safety and water use of water management facilities under the Ministry of Water Management of the Republic of Uzbekistan;

қисқартирилган номи - "Watermanaginspection".



2-БОБ. "CУВХЎЖАЛИКНАЗОРАТ"

ИНСПЕКЦИЯСИНИНГ ТИЗИМИ

         

9. Инспекция тизимига қуйидагилар киради:

Инспекциянинг марказий аппарати;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармалари (кейинги ўринларда - ҳудудий бошқармалар);

"Гидротехника иншоотларининг диагностикаси маркази" давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда - Диагностика маркази).



3-БОБ. "СУВХЎЖАЛИКНАЗОРАТ"

ИНСПЕКЦИЯСИ ВА УНИНГ ҲУДУДИЙ

БОШҚАРМАЛАРИ ВАЗИФАЛАРИ

ҲАМДА ФУНКЦИЯЛАРИ


"Сувхўжаликназорат" инспекциясининг

асосий вазифалари ва функциялари

         

10. Қуйидагилар Инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўта муҳим гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини, ишончли ишлашини ҳамда қўриқланишини назорат қилиш;

ўта муҳим гидротехника иншоотларини жойлаштириш ва лойиҳалаштириш бўйича топшириқларни ҳамда улардан фойдаланиш бўйича қоидаларни келишиш, шунингдек, уларнинг хавфсизлиги қоидаларини ишлаб чиқиш ва мезонларини белгилаш;

ўта муҳим гидротехника иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, фойдаланишга қабул қилиш, консервациялаш ва тугатиш ишларида иштирок этиш ҳамда тегишли хулосалар бериш;

ер усти сувлари объектларида сувнинг оқилона бошқарилиши, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;

ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларидан фойдаланиш жараёнида уларнинг барқарор ишлашини назорат қилиш;

ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар юритилишини назорат қилиш.

Инспекция қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


11. Инспекция ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда гидротехника иншоотларининг техник ҳолати ҳамда бехатар ишлаши билан боғлиқ ҳодисаларнинг олдини олишга доир таклифларни ишлаб чиқади;

гидротехника иншоотларининг ҳолатини ва уларнинг хавфсизлик декларацияларига ва мезонларига мувофиқлигини текширишни ташкил этади;

гидротехника иншоотларининг техник ҳолатини жойида ўрганиш, натурада кузатиш ва диагностика қилиш ишларини амалга оширади;

тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда давлатлараро ва чегаравий сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш масалаларини чегарадош давлатлар билан тартибга солишда иштирок этади;

гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни амалга оширади;

хўжалик фаолиятини ёки бошқа фаолиятни амалга ошириш учун гидротехника иншоотлари ҳудудларидан, дарёлар ўзанлари ва уларга туташ иншоотларнинг қуйи ва юқори ҳудудларидан (сув муҳофазаси зоналарида ер участкалари бериш бундан мустасно) фойдаланишни келишади;

ваколатли органларга сув муҳофазаси зоналарини, сув омборлари, дарёлар, каналлар ва коллекторларнинг соҳилбўйи минтақаларини белгилаш ишларини ташкил этишда кўмаклашади, ушбу зоналар ва чизиқларга қўйиладиган талабларнинг бажарилишини назорат қилади;

гидротехника иншоотларини жойлаштириш ва уларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқишга доир техник топшириқларни ҳамда фойдаланиш бўйича қоидаларни келишади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлик декларацияларини давлат экспертизасидан ўтказади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди;

гидротехника иншоотлари кадастрини юритади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлик қоидаларини ишлаб чиқади ва мезонларини белгилайди;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасида қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

гидротехника иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини лойиҳа, буюртмачи ва пудрат ташкилотлари ҳамда тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар мутахассисларини жалб этган ҳолда ўрганади ҳамда тегишли таклиф ва хулосалар беради;

гидротехника иншоотларини фойдаланишга қабул қилиш бўйича ишчи ва Давлат комиссиялари таркибида иштирок этади ҳамда тегишли таклиф ва хулосалар беради;

гидротехника иншоотларини консервациялаш ва тугатиш бўйича лойиҳаларни ўрганиб чиқади ҳамда тегишли таклиф ва хулосалар беради;

сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли бўйича белгиланган тартибга сув хўжалиги ташкилотлари ва бошқа сувдан фойдаланувчилар, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчилари томонидан қатъий риоя этилишини назорат қилади;

сув хўжалиги объектларидан сув олиш лимитлари (вегетация ва новегитация даври учун) тасдиқланганлиги, уларга риоя қилиниши ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига амал қилинишини назорат қилади;

сув объектларидан олинадиган ва уларга қуйиладиган дастлабки сув миқдорининг ҳисоби тўғри ва аниқ юритилишини ўрганади;

сув ресурсларидан тежамли ва оқилона фойдаланиш учун сувдан фойдаланувчилар ҳамда сув истеъмолчилари жавобгарлигини кучайтириш, сувдан фойдаланиш маданияти даражасини ошириш бўйича зарур чоралар кўрилишини назорат қилади;

сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинган майдонларда ушбу технологиялардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини иш режаси асосида назорат қилади;

ирригация ва мелиорация тизимлари, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари, сув омборлари, насос станциялари ҳамда бошқа сув хўжалиги объектларида сув ресурсларининг самарали бошқарилишини назорат қилади;

ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг тасдиқланган сув олиш лимитлари бўйича сув ресурслари билан таъминланиши, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилишини назорат қилади;

ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларининг ҳолатига таъсир этувчи омилларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини назорат қилади;

сув ресурслари, ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларидан хўжасизларча фойдаланишнинг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилишини назорат қилади;

ваколати доирасидаги ишлар бўйича текширувлар ўтказади;

Инспекция томонидан сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича текширувлар "Ягона давлат назорати" ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилмасдан амалга оширилади;

сув ресурсларининг исрофгарчилиги, гидротехника, мелиорация иншоотларидан фойдаланиш ҳолатларини ўрганади;

аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан маъмурий жазолар қўллаш бўйича баённомалар расмийлаштиради;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида мансабдор шахсларни ёзма равишда огоҳлантиради;

давлат органлари ва ташкилотларига, шунингдек, идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, юридик шахслар ва уларнинг мансабдор шахсларига ҳамда жисмоний шахсларга бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар беради;

соҳада қонун бузилиши ҳолатларини ҳамда уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан ўз ваколати доирасида идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритади, Инспекция ваколати доирасидаги ишларни кўриб чиқади ва маъмурий жазолар қўллайди;

сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан сув олиш тартиби бузилганлиги учун жарима санкциялари қўллайди;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш амалиётини таҳлил қилади, уларнинг ҳисобини юритади ҳамда ушбу соҳада ягона амалиётни шакллантиради.

Инспекция қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.


12. Инспекция ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита ёки ҳудудий бошқармалар ҳамда Диагностика маркази орқали амалга оширади.



"Сувхўжаликназорат" инспекцияси марказий

аппаратининг асосий вазифалари ва функциялари


13. Қуйидагилар Инспекция марказий аппаратининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ҳудудий бошқармалар ҳамда Диагностика маркази билан биргаликда Инспекцияга юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлаш;

Инспекция марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар ҳамда Диагностика маркази фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини танқидий таҳлил қилиш ва таҳлил натижалари асосида зарур чоралар кўриш;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги ва сувдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Вазирликка киритиш.

Инспекция марказий аппарати қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


14. Инспекция марказий аппарати қуйидаги асосий функцияларни амалга оширади:

Инспекция ва унинг раҳбарияти фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлил жиҳатидан таъминлайди;

ҳудудий бошқармалар ҳамда Диагностика маркази фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришилишини сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чоралар кўради;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этади;

халқаро ҳамкорликни ташкил этади;

ҳудудий бошқармалар ҳамда Диагностика маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг буйруқлари бажарилишини тизимли назорат қилади;

ҳудудий бошқармалар ҳамда Диагностика маркази фаолиятини мувофиқлаштиради ва методик назорат қилади;

Инспекция ўз ваколати доирасида тегишли тезкор, ташкилий, кадрлар, молиявий ва бошқа масалаларни ҳал қилади.

Инспекция марказий аппарати қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



Ҳудудий бошқармаларнинг асосий

вазифалари ва функциялари

          

15. Қуйидагилар ҳудудий бошқармаларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Инспекцияга юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлашда иштирок этиш;

ўта муҳим гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги, ишончли ишлаши ҳамда қўриқланиши бўйича назорат ўрнатиш;

ўта муҳим гидротехника иншоотларини жойлаштириш ва уларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқишга оид техник топшириқларни келишиш;

ўта муҳим гидротехника иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, фойдаланишга қабул қилиш, консервациялаш ва тугатиш ишларида иштирок этиш ҳамда тегишли хулосалар бериш;

ер усти сувлари объектларида сувнинг оқилона бошқарилиши, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;

ирригация тизими ва суғориш тармоқларидан фойдаланиш жараёнида уларнинг барқарор ишлашини назорат қилиш.

Ҳудудий бошқармалар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


16. Ҳудудий бошқармалар қуйидаги асосий функцияларни амалга оширади:

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири ва Инспекция бошлиғининг буйруқларини бажаради;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, сув хўжалиги объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар, тегишли идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда ўта муҳим гидротехника иншоотларининг техник ҳолати ҳамда бехатар ишлаши билан боғлиқ ҳодисаларнинг олдини олишга оид таклифлар ишлаб чиқади;

гидротехника иншоотларининг техник ҳолати ҳамда бехатар ишлаши бўйича инспекторлик текширувлари ўтказади;

гидротехника иншоотларининг ҳолати ва уларнинг хавфсизлик декларацияларига мувофиқлигини текширади;

гидротехника иншоотларининг техник ҳолати ҳамда бехатар ишлашини ўрганиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар ишида иштирок этади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлик декларациялари белгиланган тартибда сифатли ишлаб чиқилиши ва экспертизага тақдим этилишини назорат қилади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги ва сувдан фойдаланиш соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этади;

хўжалик фаолиятини ёки бошқа фаолиятни амалга ошириш учун гидротехника иншоотлари ҳудудларидан, дарё ўзанлари ва уларга туташ иншоотларнинг қуйи ва юқори ҳудудларидан (сув муҳофазаси зоналаридан ер участкаларини бериш бундан мустасно) фойдаланишни келишади;

ваколатли органларга сув муҳофазаси зоналари, сув омборлари, сел-сув омборлари, дарёлар, каналлар ва коллекторларнинг соҳилбўйи минтақаларини белгилаш ишларини ташкил этишда кўмаклашади, ушбу зона ва чизиқларга қўйиладиган талабларнинг бажарилишини назорат қилади;

гидротехника иншоотларида авария ҳолатлари ва табиий офатларни бартараф этиш ишларида иштирок этади;

сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли бўйича белгиланган тартибга сув хўжалиги ташкилотлари ва бошқа сувдан фойдаланувчилар, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчилари томонидан қатъий риоя этилишини назорат қилади;

сув хўжалиги объектларидан сув олиш лимитлари (вегетация ва новегетация даври учун) тасдиқланганлиги, уларга риоя қилиниши ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига амал қилинишини назорат қилади;

сув объектларидан олинадиган ва уларга қуйиладиган дастлабки сув миқдорининг ҳисоби тўғри ва аниқ юритилишини ўрганади;

сув ресурсларидан тежамли ва оқилона фойдаланиш учун сувдан фойдаланувчилар ҳамда сув истеъмолчилари жавобгарлигини кучайтириш, сувдан фойдаланиш маданияти даражасини ошириш юзасидан зарур чоралар кўрилишини назорат қилади;

ирригация ва мелиорация тизимлари, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари, сув омборлари, насос станциялари ҳамда бошқа сув хўжалиги объектларида сув ресурсларининг самарали бошқарилишини назорат қилади;

ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг тасдиқланган сув олиш лимитлари бўйича сув ресурслари билан таъминланиши, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилишини назорат қилади;

ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларининг ҳолатига таъсир этувчи омилларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини назорат қилади;

сув ресурслари, ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларидан хўжасизларча фойдаланишнинг олдини олиш бўйича чоралар кўрилишини назорат қилади;

ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг юритилишини назорат қилади;

ваколати доирасидаги ишлар бўйича текширувлар ўтказади;

сув ресурсларининг исрофгарчилиги, гидротехника, мелиорация иншоотларидан фойдаланиш ҳолатларини ўрганади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида мансабдор шахсларни ёзма равишда огоҳлантиради;

давлат органлари ва ташкилотларига, шунингдек, идоравий бўйсунуви ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, юридик шахслар ва уларнинг мансабдор шахсларига ҳамда жисмоний шахсларга бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар беради;

соҳада қонун бузилиши ҳолатларини ҳамда уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан ўз ваколати доирасида идоравий бўйсунуви ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритади, ўз ваколати доирасидаги ишларни кўриб чиқади ва маъмурий жазолар қўллайди;

сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан сув олиш тартиби бузилганлиги учун жарима санкциялари қўллайди;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш амалиётини таҳлил қилади, уларнинг ҳисобини олиб боради ҳамда ушбу соҳада ягона амалиётни шакллантиради.

Ҳудудий бошқармалар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



4-БОБ. "СУВХЎЖАЛИКНАЗОРАТ"

ИНСПЕКЦИЯСИ ВА УНИНГ ҲУДУДИЙ

БОШҚАРМАЛАРИ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


"Сувхўжаликназорат" инспекциясининг

ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

           

17. Инспекция ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Инспекцияга юкланган вазифаларни бажариш учун давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалардан зарур бўлган ахборот, ҳужжатлар ва бошқа материалларни бепул олиш;

гидротехника иншоотларига монеликсиз кириш, уларнинг хавфсизлиги ва ишончли ишлаши юзасидан техник назоратни ташкил этиш масалалари, уларнинг қўриқланиши ҳамда муҳофаза зоналари ва соҳилбўйи минтақалари белгиланганлиги тўғрисидаги материаллар билан танишиш;

ўз ваколати доирасида қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар томонидан гидротехника иншоотларидан фойдаланишнинг техник ва хавфсизлик ҳолати бўйича назорат ўрнатилганлигини текшириш;

гидротехника иншоотларининг ҳолати, улардан фойдаланиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарлари ахборотини эшитиш;

тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлардан гидротехника иншоотлари техник ҳолатининг ишончлилиги, улардан фойдаланиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар бўйича қонунчилик ҳужжатлари, тадбирлар режалари, буйруқлар, йўриқномалар, маълумотлар ва бошқа материалларни талаб қилиш ва олиш, зарурат бўлганда, вазирликлар ва идоралар мутахассисларини жалб этиш;

ўта муҳим гидротехника иншоотларини техник соз ҳолатда сақлаш ва муҳофаза қилиш, уларнинг хавфсизлигини ва ишончли ишлашини таъминлаш ҳамда аниқланган камчиликларни, шунингдек, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотларга бажарилиши шарт бўлган кўрсатмалар киритиш;

гидротехника иншоотлари хавфсизлиги нормалари ва қоидалари қўпол равишда бузилган ҳолатларда гидротехника иншоотларини лойиҳалаштирувчи, қурувчи ва улардан фойдаланувчи ташкилотларга кўрсатмалар бериш ва уларни бажармаган тақдирда, лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланишни вақтинча тўхтатиш тўғрисида таклифлар киритиш;

ўта муҳим гидротехника иншоотларидан фойдаланиш ёхуд дарёлар ўзанлари ва уларга туташ иншоотларнинг қуйи ва юқори ҳудудларида хўжалик ва бошқа фаолиятни амалга ошираётган ташкилотлар фаолиятини, агар мазкур фаолият гидротехника иншоотларининг хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, белгиланган тартибда тақиқлаш ёки чеклаш;

ўта муҳим гидротехника иншоотларидан фойдаланувчи ташкилотлар раҳбарлари ва хавфсизлик талаблари учун масъул бўлган раҳбар-мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича юқори турувчи идораларга таклифлар киритиш;

Инспекцияга юкланган вазифаларни бажариш учун давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалардан зарурат бўлганда ахборот, ҳужжатлар ва бошқа материалларни бепул олиш;

текшириш ва таҳлиллар давомида аниқланган ҳолатларга аниқлик киритиш ёки қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда ходимларидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилиш;

текшириш ва таҳлиллар давомида аниқланган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда ходимларини жалб этиш, қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилиш;

зарур ҳолларда, давлат органлари ва назорат қилувчи органлар ходимларини ҳамда уларнинг воситаларини ўз функцияларини бажариш жараёнида жалб этиш;

сувдан фойдаланиш соҳасига оид қонунчилик ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талаблари бажарилишини назорат қилиш;

юкланган бошқа вазифаларни самарали амалга ошириш.

Инспекция қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


18. Инспекция ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавобгардир.



"Сувхўжаликназорат" инспекцияси марказий

аппаратининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

          

19. Инспекция марказий аппарати ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ҳудудий бошқармалар ҳамда Диагностика марказидан Инспекция марказий аппаратида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва ишлаб чиқиш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни сўраш ва олиш;

Инспекцияда кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш, ахборот ва таҳлилий материаллар, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаш учун белгиланган тартибда ҳудудий бошқармалар ҳамда Диагностика маркази раҳбарлари ва вакилларини жалб қилиш, бу мақсадларда эксперт ва ишчи гуруҳларни тузиш;

ҳудудий бошқармалар ҳамда Диагностика маркази раҳбарлари ва вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

тезкор ҳал этиш талаб қилинадиган ва Инспекцияга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича белгиланган тартибда ҳудудий бошқармаларга ҳамда Диагностика маркази раҳбарига топшириқ бериш;

ҳудудий бошқармалар ҳамда Диагностика маркази раҳбари томонидан марказий аппарат ва унинг раҳбарияти топшириқлари бажарилишини белгиланган тартибда ўрганиш ва текшириш.

Инспекция марказий аппарати қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


20. Инспекция марказий аппарати:

ҳудудий бошқармалар билан биргаликда Инспекцияга юкланган вазифалар ва функцияларнинг сифатли ва ўз вақтида самарали бажарилиши, марказий аппарат ходимлари ишини ташкил этиш, Инспекция фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни таъминлаш;

гидротехника иншоотлари хавфсизлиги ва сувдан фойдаланиш бўйича назорат тизимини ривожлантириш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва бошқа муаммоли масалалар бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл хариталар"нинг бажарилиши ва ўзига юкланган вазифаларнинг самарали амалга оширилиши учун жавобгардир.



Ҳудудий бошқармаларнинг ҳуқуқлари

ва жавобгарлиги

        

21. Ҳудудий бошқармалар ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Инспекция марказий аппарати, тегишли идоралар ва ташкилотлардан ўзларига юкланган вазифаларни комплекс амалга ошириш учун зарур бўлган материалларни олиш;

гидротехника иншоотларига монеликсиз кириш, уларнинг хавфсизлиги ва ишончли ишлаши юзасидан техник назоратни ташкил этиш масалалари, уларнинг қўриқланиши ҳамда муҳофаза зоналари ва соҳилбўйи минтақалари белгиланганлиги тўғрисидаги материаллар билан танишиш;

режали инспекторлик текширувларини ўтказиш учун "Сувхўжаликназорат" давлат инспекцияси марказий аппарати мутахассисларини жалб қилиш;

гидротехника иншоотларини техник соз ҳолатда сақлаш ва муҳофаза қилиш, уларнинг хавфсизлигини ва ишончли ишлашини таъминлаш ҳамда аниқланган камчиликларни, шунингдек, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши шарт бўлган кўрсатмалар киритиш;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги нормалари ва қоидалари қўпол равишда бузилган ҳолатларда гидротехника иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланишни вақтинча тўхтатиш тўғрисида таклифлар киритиш;

гидротехника иншоотларидан фойдаланиш ёхуд дарёлар ўзанлари ва уларга туташ иншоотларнинг қуйи ва юқори ҳудудларида хўжалик ва бошқа фаолиятни амалга ошираётган ташкилотлар фаолиятини, агар мазкур фаолият гидротехника иншоотларининг хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, белгиланган тартибда тақиқлаш ёки чеклаш;

гидротехника иншоотларидан фойдаланувчи ташкилотлар раҳбарлари ва хавфсизлик талаблари учун масъул бўлган раҳбар-мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича Инспекцияга таклифлар киритиш;

Инспекцияга юкланган вазифаларни бажариш учун давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалардан зарур бўлган ахборот, ҳужжатлар ва бошқа материалларни бепул олиш;

текшириш ва таҳлиллар давомида аниқланган ҳолатларга аниқлик киритиш ёки қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда ходимларидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилиш;

текшириш ва таҳлиллар давомида аниқланган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда ходимларини жалб этиш, қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилиш;

давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб берилган даъволар ҳамда аризалар юзасидан давлат божисиз судга ёки бошқа органга мурожаат этиш;

зарур ҳолларда, давлат органлари ва назорат қилувчи органлар ходимларини ҳамда уларнинг воситаларини ўз функцияларини бажариш жараёнида жалб этиш;

сув хўжалигига оид қонунчилик ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талаблари бажарилишини назорат қилиш;

юкланган бошқа вазифаларни самарали амалга ошириш.

Ҳудудий бошқармалар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


22. Ҳудудий бошқармалар:

Инспекция марказий аппарати билан биргаликда Инспекцияга юкланган вазифалар ва функцияларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

гидротехника иншоотлари хавфсизлиги ва сувдан фойдаланиш бўйича назорат тизимини ривожлантириш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва бошқа муаммоли масалалар бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл хариталар"нинг бажарилиши ва ўзига юкланган вазифаларнинг самарали амалга оширилиши учун жавобгардир.



5-БОБ. "СУВХЎЖАЛИКНАЗОРАТ"

ИНСПЕКЦИЯСИ РАҲБАРЛАРИНИНГ АСОСИЙ

ФУНКЦИОНАЛ ВАЗИФАЛАРИ

         

23. Қуйидагилар Инспекция бошлиғининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

Инспекция фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатлари ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан Инспекцияга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

Инспекция, шунингдек, ҳудудий бошқармалар ҳамда Диагностика маркази фаолиятига тегишли прогноз кўрсаткичларга сўзсиз эришишни таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилишини ташкил этиш ва амалга ошириш;

ўз ўринбосарининг ваколатларини белгилаш, Инспекция бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, ўз ўринбосари ва бошқа мансабдор шахсларнинг Инспекция фаолиятининг алоҳида қисмларига раҳбарлик қилиши учун уларнинг шахсий масъулият даражаларини белгилаш;

Инспекция фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, узоқ муддатли ва жорий иш режаларини, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш прогнозларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилишини назорат қилиш;

Инспекция тизимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Инспекциянинг кадрлар захирасини шакллантириш;

Инспекция ваколатига тегишли масалалар бўйича буйруқлар чиқариш, кўрсатмалар бериш ва зарур ҳолларда бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тегишли қарорларни қабул қилиш;

Инспекция раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлиш самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига тўлиқ мос равишда амалга ошириш ва ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

Инспекция ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Инспекция ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

Инспекция ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни талабларига мувофиқ Инспекция тизимида коррупция ва бошқа қонунбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқ амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларни аниқлаш, таҳлил қилиш, уларни юзага келтирувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш;

Ўзбекистон Республикасининг "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ самарали ташкил этиш, жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш, шахсий қабулларни мунтазам равишда ўтказиш, шу жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларга бориб қабул қилишни белгиланган муддатда ва тартибда амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, уларнинг фаолиятида Инспекция ходимлари ва раҳбарларининг фаол иштирок этишини ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

марказий аппарат ходимлари, ҳудудий бошқармалари ҳамда Диагностика маркази раҳбарларини белгиланган тартибда ишга қабул қилиш ва улар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш;

Диагностика маркази устави ва штат жадвалини тасдиқлаш;

ўз ваколати доирасида Инспекция ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш;

Инспекцияга юкланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, лойиҳа ташкилотлари, илмий ва таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини эксперт сифатида жалб қилиш;

зарур ҳолларда, вазирнинг келишув хатига асосан ходимларнинг штатдаги белгиланган умумий сони доирасида Инспекция тузилмасига ўзгартиришлар киритиш.

Инспекция бошлиғи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функционал вазифаларга ҳам эга бўлиши мумкин.


24. Қуйидагилар Инспекция бошлиғи ўринбосарининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

Инспекция бошлиғи вақтинча ишда бўлмаганда, тегишли буйруқ асосида унинг вазифаларини бажариш;

Инспекциянинг ўзи назорат қиладиган таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва бевосита бошқариш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

ўзи назорат қиладиган таркибий бўлинмалар томонидан прогноз кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш чораларини кўриш, бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиб бориш ва ушбу кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш;

ўзи назорат қиладиган таркибий бўлинмалар раҳбарларининг иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, ўзи назорат қиладиган таркибий бўлинмаларда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон Фармонига ва "Ijro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 31 майдаги ПҚ-5132-сон қарорига мувофиқ таркибий бўлинма раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

Инспекциянинг йиғилиш қарорлари, Инспекция бошлиғининг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги 322-сон қарори билан тасдиқланган Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик йўли билан маънавий, жисмоний ёки мулкий зарар етказилган шахсларни марказлаштирилган ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари асосида ишларни амалга ошириш;

хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлиш самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига тўлиқ мос равишда амалга ошириш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш.

Инспекция бошлиғи ўринбосари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функционал вазифаларга ҳам эга бўлиши мумкин.


25. Қуйидагилар Инспекция марказий аппарати ходимларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

Инспекция марказий аппаратига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

ўз ваколатлари доирасида ҳудудий бошқармалар ҳамда Диагностика маркази фаолиятини мувофиқлаштириш;

прогноз кўрсаткичларнинг бажарилишини мунтазам таҳлил қилиш, ҳудудий бошқармалар ҳамда Диагностика маркази ушбу кўрсаткичларга сўзсиз эришишни таъминлашига қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича таклифларни Инспекция бошлиғи ўринбосарига киритиш;

Инспекциянинг йиғилиш қарорлари, бошлиқ ва унинг ўринбосарининг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

ходимларнинг ҳар чораклик иш режалари ишлаб чиқилишини, уларнинг тасдиқлаш учун киритилишини, уларда кўрсатилган вазифалар ва тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

ходимлар фаолиятига оид масалалар юзасидан қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш учун Инспекция раҳбариятига киритиш;

хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлиш самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига тўлиқ мос равишда амалга ошириш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафари учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

Инспекция ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Инспекция ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги 322-сон қарори билан тасдиқланган Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик йўли билан маънавий, жисмоний ёки мулкий зарар етказилган шахсларни марказлаштирилган ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари асосида ишларни амалга ошириш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ кўриб чиқиш, жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш, шахсан қабул қилишни мунтазам равишда ўтказиш, шу жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларга бориб қабул қилишни белгиланган муддатда ва тартибда амалга ошириш.

Инспекция марказий аппарати ходимлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функционал вазифаларга ҳам эга бўлиши мумкин.


26. Қуйидагилар Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

ўз фаолиятига тегишли прогноз кўрсаткичларга сўзсиз эришишни таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Инспекциянинг йиғилиш қарорлари, Инспекция бошлиғи ва унинг ўринбосари буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

ходимларни белгиланган тартибда ишга қабул қилиш ва улар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни талабларига мувофиқ коррупция ва бошқа қонунбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларни аниқлаш, таҳлил қилиш, уларни юзага келтирувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш;

ходимлар томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Инспекция ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги 322-сон қарори билан тасдиқланган Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик йўли билан маънавий, жисмоний ёки мулкий зарар етказилган шахсларни марказлаштирилган ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари асосида ишларни амалга ошириш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ кўриб чиқиш, жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш, шахсан қабул қилишни мунтазам равишда ўтказиш, шу жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларга бориб қабул қилишни белгиланган муддатларда ва тартибда амалга ошириш.

Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функционал вазифаларга ҳам эга бўлиши мумкин.



6-БОБ. "СУВХЎЖАЛИКНАЗОРАТ"

ИНСПЕКЦИЯСИ РАҲБАРЛАРИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ

          

27. Инспекция бошлиғи:

Инспекцияга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 24-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгардир.


28. Бошлиқ ўринбосари:

мутасаддилик қилинадиган ходимлар томонидан Инспекцияга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 25-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгардир.


29. Марказий аппарат ходимлари:

марказий аппарат ходимларига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 26-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгардир.


30. Ҳудудий бошқармалар:

ҳудудий бошқармаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 27-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгардир.



7-БОБ. "СУВХЎЖАЛИКНАЗОРАТ"

ИНСПЕКЦИЯСИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ

      

"Сувхўжаликназорат" инспекцияси раҳбарияти

           

31. Инспекцияга Вазирлар Маҳкамасининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.

Инспекция бошлиғининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг тақдимномасига кўра Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


32. Инспекция бошлиғи:

Инспекция марказий аппарати ходимларини ишга қабул қилади ва улар билан меҳнат шартномасини бекор қилади;

Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари раҳбарларини Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири билан келишган ҳолда ишга қабул қилади ва улар билан меҳнат шартномасини бекор қилади;

ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган Вазирлик ҳайъати мажлисларида, йиғилишларида белгиланган тартибда иштирок этади.

Инспекция бошлиғи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


33. Диагностика маркази ўта муҳим гидротехника иншоотларининг техник ҳолати ишончлилигини диагностика қилади, жойларда ўрганади, натурада кузатув ишларини амалга оширади ва кадастрларни юритиш ишларини, шунингдек, хавфсизлик декларацияси экспертизасини амалга оширади.

Диагностика маркази фаолияти Инспекция томонидан сув хўжалиги объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар ва бошқа буюртмачилар билан тузилган шартномаларга мувофиқ бажарилган ишлар ҳамда кўрсатилган хизматлардан олинадиган даромадлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.



"Сувхўжаликназорат" инспекцияси марказий

аппарати ходимларининг ҳудудий бошқармалар

билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби

       

34. Инспекция марказий аппарати ходимларининг ҳудудий бошқармалар билан ўзаро ҳамкорлиги Инспекция бошлиғи ва унинг ўринбосари томонидан таъминланади.


35. Инспекция марказий аппарати ходимлари:

ҳудудий бошқармаларга ҳамда Диагностика марказига раҳбарият топшириқларини етказади ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади;

Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари ҳамда Диагностика марказига уларнинг бевосита фаолияти бўйича сўровлар юборади ҳамда уларнинг ижро этилишини назорат қилади;

Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари ҳамда Диагностика маркази фаолиятини текширади ва ўрганади, умумлаштиради, уни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари ҳамда Диагностика маркази фаолиятини ташкил этиш ва фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот ва ахборот материаллари, статистика маълумотлари ва бошқа маълумотларни тўплашни ташкил этади;

Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари ҳамда Диагностика маркази иш режаларини таҳлил қилади, уларнинг фаолиятини режалаштиришни такомиллаштиришга доир чоралар кўради;

Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари ҳамда Диагностика марказидан тушган таклифларни кўриб чиқади.


36. Ҳудудий бошқармалар ва Диагностика маркази:

Инспекция раҳбарияти топшириқлари бажарилиши ҳақида ахборот беради;

ўз фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисоботларни белгиланган тартибда ва муддатларда Инспекция марказий аппаратига тақдим қилади;

гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш ва сувдан фойдаланишга қаратилган таклифларни Инспекция марказий аппаратига юборади.


37. Инспекциянинг марказий аппарати, Диагностика маркази, юридик ва жисмоний шахслар ҳамда ҳудудий бошқармалар ўртасида келиб чиқадиган низоли ҳолатлар, биринчи навбатда, Инспекция бошлиғи топшириғига биноан тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда Инспекция бошлиғи ўринбосари томонидан, агар масала ҳал этилмаса, унда бевосита Инспекция бошлиғи томонидан кўриб чиқилади.



"Сувхўжаликназорат" инспекциясининг

республика ижро этувчи ҳокимият органлари,

хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи

ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар

билан ўзаро ҳамкорлиги

        

38. Инспекция ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.


39. Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари ўз ваколатлари доирасида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорлик қилади.



"Сувхўжаликназорат" инспекцияси

ҳузуридаги Экспертлар кенгаши

        

40. Инспекция ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Сув хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва бошқа ваколатли идораларнинг раҳбариятидан иборат бўлган Экспертлар кенгаши тузилади.

Инспекция бошлиғи лавозимига кўра Экспертлар кенгаши раиси ҳисобланади.

Экспертлар кенгаши таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Экспертлар кенгаши ўз ишини Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган низом асосида амалга оширади.



8-БОБ. "СУВХЎЖАЛИКНАЗОРАТ"

ИНСПЕКЦИЯСИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ, УНИНГ

ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА

УЛАРНИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


41. Инспекциянинг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий-техник таъминоти тегишлича Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг вилоят бюджетлари маблағлари ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Инспекция ходимларининг узлуксиз иш стажига - олий маълумот мавжуд бўлганда, мутахассислик бўйича лавозимлардаги, шу жумладан, раҳбарлик лавозимлари ҳамда бошқа турдаги касблардаги иш вақти киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Инспекция ходимлари моддий рағбатлантирилади.

Инспекция Жамғарма маблағлари ҳисобидан ўз ходимларини рағбатлантириш бўйича таклифларни ҳар йили 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига киритади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

           

42. Инспекция қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.


43. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

           

               

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 28 сентябрь








































































Время: 0.0094
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск