язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Конституциялар ва кодекслар/ Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси/ Фуқаролик кодекси. (29-боб. 386-496 моддалар)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИ



ИККИНЧИ ҚИСМ


3-КИЧИК БЎЛИМ. МАЖБУРИЯТЛАРНИНГ АЙРИМ ТУРЛАРИ



29-БОБ. ОЛДИ-СОТДИ


1-§. ОЛДИ-СОТДИ ТЎҒРИСИДА УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


386-модда. Олди-сотди шартномаси

Олди-сотди шартномаси бўйича бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (сотиб олувчи)га мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади.

Агар қонунда қимматли қоғозлар ва валюта қимматликларининг олди-сотдисига доир махсус қоидалар белгиланган бўлмаса, уларни олиш-сотишга нисбатан ушбу параграфда назарда тутилган қоидалар қўлланади.

Ушбу Кодексда ёки бошқа қонунда назарда тутилган ҳолларда айрим турдаги товарларни олиш-сотишнинг ўзига хос жиҳатлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Ушбу параграфда назарда тутилган қоидалар мулкий ҳуқуқларни сотишга нисбатан қўлланади, агар ушбу ҳуқуқлар мазмуни ёки моҳиятидан бошқача ҳол келиб чиқмаса.

Айрим турдаги олди-сотди (чакана олди-сотди, товарлар етказиб бериш, энергия таъминоти, корхонани сотиш ва бошқалар) шартномаларига нисбатан, агар ушбу Кодекснинг бу турдаги шартномаларга доир қоидаларида бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса, ушбу параграфда назарда тутилган қоидалар қўлланади.


387-модда. Шартноманинг товар тўғрисидаги шарти

Олди-сотди шартномаси бўйича ҳар қандай ашёлар ушбу Кодекснинг 82-моддаси қоидаларига риоя қилган ҳолда товар бўлиши мумкин.

Шартнома, агар қонунда бошқача ҳол белгиланган бўлмаса ёки у товарнинг хусусиятидан келиб чиқмаса, шартномани тузиш пайтида сотувчида мавжуд бўлган товарни, шунингдек келажакда сотувчи яратадиган ёки оладиган товарни олиш-сотиш ҳақида тузилиши мумкин.

Агар шартнома товарнинг номи ва миқдорини аниқлаш имконини берса, товар тўғрисидаги олди-сотди шартномасининг шарти келишилган ҳисобланади.



388-модда. Товарни топшириш юзасидан сотувчининг мажбуриятлари

Сотувчи сотиб олувчига олди-сотди шартномасида назарда тутилган товарни топшириши шарт.

Агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотувчи сотиб олувчига ашёни бериш билан бир вақтда унга мансуб ашёни, шунингдек қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган ашёга алоқадор ҳужжатлар (техник паспорти, сифат сертификати, фойдаланиш бўйича йўриқнома ва ҳоказолар)ни топшириши шарт.


389-модда. Товарни топшириш мажбуриятини бажариш муддати

Сотувчининг товарни сотиб олувчига топшириш мажбуриятини бажариш муддати олди-сотди шартномасида белгиланади, агар шартнома бу муддатни аниқлаш имконини бермаса, у ушбу Кодекснинг 242-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ аниқланади.

Белгиланган муддат бузилган тақдирда сотиб олувчида шартноманинг бажарилишига қизиқиш йўқолиши шартномадан аниқ билиниб турса, олди-сотди шартномаси уни қатъий белгиланган муддатда бажариш шарти билан тузилган ҳисобланади. Сотувчи бундай шартномани унда белгиланган муддатдан олдин ёки бу муддат тугагандан сўнг сотиб олувчининг розилигисиз бажаришга ҳақли эмас.



390-модда. Сотувчининг товарни топшириш

мажбуриятини бажариш пайти

Башарти, олди-сотди шартномасида бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса, сотувчининг сотиб олувчига товарни топшириш вазифаси қуйидаги пайтларда бажарилган ҳисобланади:

агар шартномада сотувчининг товарни етказиб бериш мажбурияти назарда тутилган бўлса, товарни сотиб олувчига ёки у кўрсатган шахсга топшириш пайтида;

агар товар сотиб олувчига товар турган ерда берилиши лозим бўлса, товарни сотиб олувчи ихтиёрига топшириш пайтида. Шартномада назарда тутилган муддатда товар тегишли ерда сотиб олувчига топшириш учун тайёр бўлган ва сотиб олувчи шартнома шартларига мувофиқ товар топширишга тайёр эканлигидан хабардор қилинган вақтда товар сотиб олувчи ихтиёрига топширилган деб ҳисобланади. Агар товарнинг шартнома мақсадларига мослиги тамғалаш ёки бошқа йўл билан тасдиқланган бўлмаса, товар топшириш учун тайёр деб ҳисобланмайди.

Олди-сотди шартномасидан сотувчининг товарни сотиб олувчига етказиб бериш ёки товарни турган ерида сотиб олувчига топшириш мажбурияти келиб чиқмайдиган ҳолларда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, товарни сотиб олувчига етказиб бериш учун ташувчига ёки алоқа ташкилотига топшириш пайтида сотувчининг товарни сотиб олувчига топшириш мажбурияти бажарилган ҳисобланади.



391-модда. Сотувчининг сотилган мол-мулкни сақлаш мажбурияти

Мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ мол-мулкни топширишдан олдин сотиб олувчига ўтган ҳолларда, сотувчи мол-мулкнинг ёмонлашишига йўл қўймай, уни топширгунга қадар сақлаши шарт. Бунинг учун қилинган зарур чиқимларни, агар тарафларнинг келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчи сотувчига тўлаши шарт.



392-модда. Товарнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан

шикастланиши хавфининг ўтиши

Агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, товарнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан шикастланиши хавфи сотувчи товарни сотиб олувчига топшириш бўйича ўз мажбуриятини қонун ёки шартномага мувофиқ бажарган деб ҳисобланган пайтдан бошлаб сотиб олувчига ўтади.

Агар тарафлар келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, йўлда бўлган пайтида сотилган товарнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан шикастланиши хавфи шартнома тузилган пайтдан бошлаб сотиб олувчига ўтади.

Олди-сотди шартномасининг товар тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан шикастланиши хавфи у биринчи ташувчига топширилган пайтдан бошлаб сотиб олувчига ўтиши ҳақидаги шарти, агар шартнома тузилган пайтда сотувчи товар йўқолгани ёки шикастланганини билган ёки билиши лозим бўлган бўлса ва бу ҳақда сотиб олувчига маълум қилмаган бўлса, сотиб олувчи талабига кўра суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.



393-модда. Сотувчининг товарни учинчи шахслар ҳуқуқларидан

озод ҳолда топшириш мажбурияти

Сотувчи товарни сотиб олувчига учинчи шахсларнинг ҳар қандай ҳуқуқларидан озод ҳолда топшириши шарт, сотиб олувчи учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари бўлган товарни қабул қилишга розилик берган ҳоллар бундан мустасно. Бу қоидани бажармаслик сотиб олувчига харид нархини камайтиришни ёки олди-сотди шартномасини бекор қилишни ва кўрилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқини беради, сотиб олувчи бу товарга учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари борлигини билгани ёки билиши лозим бўлгани исботланадиган ҳоллар бундан мустасно.

Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар товарни сотиб олувчига топшириш пайтида унга учинчи шахсларнинг даъволари борлиги сотувчига маълум бўлган ҳолларда ҳам, агар бу даъволар кейинчалик белгиланган тартибда қонуний деб тан олинган бўлса, тегишли равишда қўлланади.



394-модда. Товарни олиб қўйиш тўғрисида даъво қилинган тақдирда

сотиб олувчи ва сотувчининг мажбуриятлари

Агар учинчи шахс олди-сотди шартномаси бажарилгунга қадар юзага келган асос бўйича товарни олиб қўйиш тўғрисида сотиб олувчига даъво қилса, сотиб олувчи сотувчини ишда қатнашишга жалб қилиши, сотувчи эса бу ишда сотиб олувчи томонида қатнашиши шарт.

Агар сотувчи башарти ишда қатнашганида сотилган товар сотиб олувчидан олиб қўйилишининг олдини олган бўлиши мумкинлигини исботлаб берса, сотиб олувчининг сотувчини ишда қатнашишга жалб қилмаслиги сотувчини сотиб олувчи олдидаги жавобгарликдан озод қилади.

Сотиб олувчи томонидан ишда қатнашишга жалб қилинган, бироқ унда қатнашмаган сотувчи сотиб олувчининг ишни нотўғри юритганлигини исботлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.



395-модда. Сотиб олувчидан товар олиб қўйилган тақдирда

сотувчининг жавобгарлиги

Олди-сотди шартномаси бажарилгунга қадар вужудга келган асослар бўйича учинчи шахслар сотиб олувчидан товарни олиб қўйган ҳолларда сотувчи сотиб олувчига у кўрган зарарни қоплаши лозим, сотиб олувчи бундай асосларнинг мавжудлигини билган ёки билиши лозим бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Олинган товар учинчи шахслар томонидан сотиб олувчидан талаб қилиб олинадиган ҳолларда тарафларнинг сотувчини жавобгарликдан озод қилиш ёки унинг жавобгарлигини чеклаш тўғрисидаги келишуви ҳақиқий эмас.



396-модда. Сотувчи товарни топширишдан бош тортишининг оқибатлари

Агар сотувчи сотилган товарни сотиб олувчига топширишдан бош тортса, сотиб олувчи олди-сотди шартномасини бажаришдан бош тортишга ҳақли.

Сотувчи хусусий аломатлари билан белгиланган ашёни топширишдан бош тортса, сотиб олувчи сотувчига ушбу Кодекснинг 331-моддасида назарда тутилган талабларни қўйишга ҳақли.



397-модда. Товарга мансуб ашёларни ва ҳужжатларни топшириш

мажбуриятини бажармаслик оқибатлари

Агар сотувчи қонун ҳужжатларига ёки олди-сотди шартномасига мувофиқ топшириши шарт бўлган (ушбу Кодекс 388-моддасининг иккинчи қисми) товарга мансуб ашёлар ёки ҳужжатларни сотиб олувчига топширмаса ёки топширишдан бош тортса, сотиб олувчи уларни топшириш учун унга оқилона муддат тайинлашга ҳақли.

Товарга мансуб ашёлар ёки ҳужжатлар сотувчи томонидан кўрсатилган муддатда топширилмаса, агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчи товардан воз кечишга ҳақли.



398-модда. Товарнинг миқдори

Сотиб олувчига топширилиши лозим бўлган товарнинг миқдори олди-сотди шартномасида тегишли ўлчов бирликларида ёки пулда назарда тутилади. Товарнинг миқдори тўғрисидаги шарт шартномада уни аниқлаш тартибини белгилаш йўли билан келишилиши мумкин.

Агар олди-сотди шартномаси топширилиши лозим бўлган товар миқдорини аниқлаш имконини бермаса, шартнома тузилмаган ҳисобланади.



399-модда. Шартноманинг товар миқдори тўғрисидаги

шартларини бузиш оқибатлари

Сотувчи олди-сотди шартномаси шартларини бузиб, сотиб олувчига шартномада белгиланган миқдордан кам товар топширган бўлса, сотиб олувчи, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ё товарнинг етишмаётган миқдорини топширишни талаб қилишга, ё топширилган товардан ва унинг ҳақини тўлашдан бош тортишга, борди-ю унинг ҳақи тўланган бўлса, тўланган пул суммасини қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.

Сотувчи сотиб олувчига олди-сотди шартномасида кўрсатилганидан ортиқ миқдорда товар берган тақдирда, сотиб олувчи бу ҳақда ушбу Кодекс 416-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда сотувчига маълум қилиши лозим. Агар сотиб олувчидан хабар олганидан сўнг сотувчи оқилона муддатда тегишли товарни тасарруф қилмаса, шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчи товарнинг ҳаммасини қабул қилиш ҳуқуқига эга.

Сотиб олувчи олди-сотди шартномасида кўрсатилганидан ортиқ миқдорда товар қабул қилиб олган тақдирда, агар тарафларнинг келишуви билан бошқа баҳо белгиланган бўлмаса, тегишли товар учун шартномада белгиланган баҳода ҳақ тўланади.



400-модда. Товарларнинг ассортименти

Агар олди-сотди шартномасига кўра товарлар тур, модель, ўлчам, ранг ва бошқа белгилари (ассортимент) бўйича муайян нисбатда топширилиши лозим бўлса, сотувчи товарларни сотиб олувчига тарафлар келишган ассортиментда топшириши шарт.

Агар олди-сотди шартномасида ассортимент белгиланмаган ҳамда шартномада уни белгилаш тартиби кўрсатилмаган бўлса, лекин мажбурият моҳиятидан товарлар сотиб олувчига ассортимент бўйича топширилиши лозимлиги келиб чиқса, сотувчи сотиб олувчига товарларни сотиб олувчининг шартнома тузиш пайтида сотувчига маълум бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқадиган ассортиментда топширишга ёки шартномани бажаришдан бош тортишга ҳақли.



401-модда. Шартноманинг товар ассортименти тўғрисидаги

шартини бузиш оқибатлари

Сотувчи олди-сотди шартномасида назарда тутилган товарларни шартномага мос келмайдиган ассортиментда топширган тақдирда сотиб олувчи уларни қабул қилишдан ва ҳақини тўлашдан бош тортишга, борди-ю уларнинг ҳақи тўлаб қўйилган бўлса, тўланган пул суммасини қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.

Агар сотувчи сотиб олувчига ассортименти олди-сотди шартномасига мос келадиган товарлар билан бир қаторда ассортимент тўғрисидаги шартларга мос келмайдиган товарлар ҳам топширган бўлса, сотиб олувчи ўз ихтиёрига кўра:

шартноманинг ассортимент тўғрисидаги шартларига мос бўлган товарларни қабул қилиш ва қолган товарларни қабул қилишдан бош тортиш;

топширилган барча товарларни қабул қилишдан бош тортиш;

шартноманинг ассортимент тўғрисидаги шартларига мос бўлмаган товарларни шартномада назарда тутилган ассортиментдаги товарларга алмаштириб беришни талаб қилиш;

топширилган барча товарларни қабул қилиш ҳуқуқига эга.

Сотиб олувчи ассортименти олди-сотди шартномаси шартларига мос келмайдиган товарларни қабул қилишдан бош тортганида ёки ассортимент тўғрисидаги шартларга мос келмайдиган товарларни алмаштиришни талаб қилганида бу товарлар ҳақини тўлашдан бош тортишга, борди-ю уларнинг ҳақи тўлаб қўйилган бўлса, тўланган пул суммасини қайтариб беришни талаб қилишга ҳам ҳақли.

Агар сотиб олувчи шартноманинг ассортимент тўғрисидаги шартларига мос келмайдиган товарларни олганидан сўнг уларни қабул қилишдан бош тортиши тўғрисида оқилона муддатда сотувчига хабар қилмаса, бундай товарлар қабул қилинган ҳисобланади.

Агар сотиб олувчи ассортименти шартномага мос келмайдиган товарларни қабул қилишдан бош тортмаса, бу товарларнинг ҳақини сотувчи билан келишилган баҳода тўлаши шарт. Сотувчи баҳони келишиш бўйича оқилона муддатда зарур чоралар кўрмаган тақдирда, сотиб олувчи товарлар ҳақини одатда шартнома тузиш пайтидаги ўхшаш вазиятларда худди шундай товарларга берилган баҳода тўлайди.

Агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ушбу модда қоидалари қўлланади.



402-модда. Товарнинг сифати

Сотувчи сотиб олувчига сифати олди-сотди шартномасига мос келадиган товарни топшириши шарт.

Олди-сотди шартномасида товарнинг сифати тўғрисидаги шартлар кўрсатилмаганда, сотувчи сотиб олувчига белгиланган мақсадлар учун яроқли бўлган товарни топшириши шарт.

Агар сотиб олувчи шартнома тузиш пайтида сотувчига товарни қандай аниқ мақсадлар учун сотиб олаётганини хабар қилган бўлса, сотувчи сотиб олувчига ушбу мақсадларда фойдаланиш учун яроқли бўлган товарни топшириши шарт.

Товар намунаси бўйича ва (ёки) таърифи бўйича сотилганда сотувчи сотиб олувчига намуна ва (ёки) таърифга мос келадиган товарни топшириши шарт.

Агар қонунда белгиланган тартибга мувофиқ, сотилаётган товар сифатига нисбатан мажбурий талаблар назарда тутилган бўлса, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган сотувчи сотиб олувчига ушбу мажбурий талабларга жавоб берадиган товарни топшириши шарт.

Сотувчи билан сотиб олувчи ўртасидаги келишувга мувофиқ қонунда назарда тутилган тартибда товарнинг сифатига қўйилган мажбурий талабларга қараганда юқорироқ талабларга жавоб берадиган товар топширилиши мумкин.



403-модда. Товар сифатининг кафолати

Сотувчи сотиб олувчига топшириши лозим бўлган товар уни сотиб олувчига топшириш пайтида ушбу Кодекснинг 402-моддасида назарда тутилган талабларга, агар товарнинг ушбу талабларга мувофиқлигини аниқлашнинг бошқа пайти олди-сотди шартномасида назарда тутилган бўлмаса, жавоб бериши ва оқилона муддат давомида белгиланган мақсадлар учун яроқли бўлиши керак.

Олди-сотди шартномасида сотувчининг товар сифатига кафолат бериши назарда тутилган тақдирда, сотувчи сотиб олувчига шартномада белгиланган муайян вақтда (кафолат муддатида) ушбу Кодекснинг 402-моддасида назарда тутилган талабларга жавоб берадиган товарни топшириши лозим.

Агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, товар сифатининг кафолати барча бутловчи буюмларга ҳам тегишли бўлади.



404-модда. Товарнинг кафолат муддатини ҳисоблаш

Агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафолат муддати товар сотиб олувчига топширилган пайтдан эътиборан ўта бошлайди.

Агар сотиб олувчи сотувчига боғлиқ бўлган ҳолатлар туфайли олди-сотди шартномасида кафолат муддати белгиланган товардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлса, сотувчи тегишли ҳолатларни бартараф этмагунча кафолат муддатининг ўтиши бошланмайди.

Агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ушбу Кодекснинг 416-моддасида белгиланган тартибда сотувчига товарнинг камчиликлари ҳақида хабар қилиш шарти билан кафолат муддати товарда аниқланган камчиликлар туфайли ундан фойдаланиб бўлмаган вақтга узайтирилади.

Агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бутловчи буюмнинг кафолат муддати асосий буюмнинг кафолат муддатига тенг ҳисобланади ва асосий буюмнинг кафолат муддати билан бир вақтда ўта бошлайди.

Товар (бутловчи буюм) алмаштирилганда кафолат муддати янгидан ўта бошлайди.


405-модда. Товарнинг яроқлилик муддати

Қонун ҳужжатларида, шу жумладан давлат стандартларида товар ўз вазифаси бўйича фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолади деб ҳисобланадиган вақт (яроқлилик муддати) белгиланиши мумкин.

Сотувчи яроқлилик муддати белгиланган товарни сотиб олувчига шундай мўлжал билан топшириши керакки, токи ундан яроқлилик муддати тугагунга қадар ўз вазифаси бўйича фойдаланиш мумкин бўлсин.


406-модда. Товарнинг яроқлилик муддатини ҳисоблаш

Товарнинг яроқлилик муддати товар тайёрланган кундан бошлаб фойдаланиш учун яроқли бўлган давр билан ёки товар фойдаланиш учун яроқли бўлиб турадиган сана билан белгиланади.


407-модда. Товарнинг сифатини текшириш

Агар қонун ҳужжатларида ёки олди-сотди шартномасида товарнинг сифатини текшириш назарда тутилган бўлса, текшириш уларда белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилиши лозим.

Давлат стандартларида, стандартлаштириш бўйича бошқа норматив ҳужжатларда товарнинг сифатини текширишга нисбатан мажбурий талаблар белгиланган ҳолларда сифат улардаги кўрсатмаларга мувофиқ равишда текширилиши лозим.

Агар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган тартибда товарнинг сифатини текшириш шартлари назарда тутилган бўлмаса, товарнинг сифати иш муомаласи одатларига ёки олди-сотди шартномаси бўйича топширилиши лозим бўлган товарни текширишнинг одатда қўлланиладиган бошқа шартларига мувофиқ текширилиши лозим.

Агар қонун ҳужжатларида, шу жумладан давлат стандартларида ёки олди-сотди шартномасида сотувчининг сотиб олувчига топшириладиган товар сифатини текшириш (синаш, таҳлил қилиш, кўздан кечириш ва ҳоказо) мажбурияти назарда тутилган бўлса, сотиб олувчининг талаби билан сотувчи унга товар сифати текширилганлигининг исботини тақдим қилиши лозим.

Сотувчи ва сотиб олувчи томонидан товарнинг сифатини текшириш айнан бир хил шартларда амалга оширилиши лозим.


408-модда. Тегишли даражада сифатли бўлмаган товарни

топшириш оқибатлари

Агар товарнинг камчиликлари сотувчи томонидан маълум қилинмаган бўлса, тегишли даражада сифатли бўлмаган товар топширилган сотиб олувчи ушбу Кодекснинг 434-моддасида назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўлади.

Товарнинг бутлилигига кирадиган қисми тегишли даражада сифатли бўлмаса, сотиб олувчи мазкур товарга нисбатан ушбу Кодекснинг 434-моддасида назарда тутилган ҳуқуқларни амалга оширишга ҳақли.

Тегишли даражада сифатли бўлмаган товарни сотган шахс уни тайёрлаган бўлмаса, товарни алмаштириш ёки унинг камчиликларини текинга бартараф этиш ҳақидаги талаблар сотувчига ёки товарни тайёрловчига қўйилиши мумкин.

Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар, агар мазкур Кодекс ёки бошқа қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, қўлланилади.


409-модда. Товарнинг сотувчи жавобгар бўладиган камчиликлари

Агар сотиб олувчи товардаги камчиликлар товар сотиб олувчига топширилгунга қадар пайдо бўлганлигини ёки шу пайтгача вужудга келган сабаблар туфайли пайдо бўлганлигини исбот қилиб берса, сотувчи товарнинг камчиликлари учун жавобгар бўлади.

Агар сотувчи сифатига ўзи кафолат берган товардаги камчиликлар уни сотиб олувчига топширгандан сўнг сотиб олувчи товардан фойдаланиш ёки уни сақлаш қоидаларини бузганлиги ёки учинчи шахслар ҳаракати туфайли ёки олдини олиб бўлмайдиган куч таъсирида пайдо бўлганини исботлай олмаса, сотувчи бу товарнинг камчиликлари учун жавобгар бўлади.


410-модда. Топширилган товарнинг

камчиликларини аниқлаш муддатлари

Агар қонунда ёки олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, товарнинг камчиликлари ушбу моддада белгиланган муддатларда аниқланган тақдирда, сотиб олувчи товарнинг камчиликлари билан боғлиқ талабларни қўйишга ҳақли.

Товарнинг кафолат муддати ёки яроқлилик муддати белгиланмаган ҳолларда, камчиликлар билан боғлиқ талаблар сотиб олувчи томонидан, агар қонунда ёки олди-сотди шартномасида бошқа муддатлар белгиланган бўлмаса, камчиликлар оқилона муддатда, бироқ товар сотиб олувчига топширилган кундан бошлаб икки йил давомида аниқлангандагина қўйилиши мумкин. Ташиб берилиши ёки алоқа ташкилоти орқали жўнатилиши лозим бўлган товарнинг камчиликларини аниқлаш муддати товар белгиланган жойда олинган кундан бошлаб ҳисобланади.

Агар товарга кафолат муддати белгиланган бўлса, товарнинг камчиликлари кафолат муддатида аниқланганида сотиб олувчи товарнинг камчиликлари билан боғлиқ талабларни қўйишга ҳақли.

Агар олди-сотди шартномасида бутловчи буюмга асосий буюмга нисбатан камроқ кафолат муддати белгиланган бўлса, сотиб олувчи асосий буюмнинг кафолат муддатида бутловчи буюмнинг камчиликларини аниқласа, бу камчиликлар тўғрисида талаб қўйишга ҳақли.

Агар олди-сотди шартномасида бутловчи буюмга асосий буюмнинг кафолат муддатига нисбатан узоқроқ кафолат муддати белгиланган бўлса, бутловчи буюмда кафолат муддатида камчиликлар аниқланган тақдирда, асосий буюмнинг кафолат муддати ўтган-ўтмаганлигидан қатъи назар, сотиб олувчи товарнинг камчиликлари тўғрисида талаб қўйишга ҳақли.

Яроқлилик муддати белгиланган товарга нисбатан, агар камчиликлар товарнинг яроқлилик муддатида аниқланган бўлса, сотиб олувчи унинг камчиликлари тўғрисида талаблар қўйиши мумкин.

Товарнинг камчиликлари сотиб олувчи томонидан кафолат муддати ёки яроқлилик муддати тугаганидан сўнг аниқланган ҳолларда, сотиб олувчи товардаги камчиликлар товар сотиб олувчига топширилгунга қадар пайдо бўлганлигини ёки бу пайтгача вужудга келган сабаблар туфайли пайдо бўлганлигини исбот қилиб берса, сотувчи камчиликлар учун жавобгар бўлади.


411-модда. Товарнинг бутлиги

Сотувчи сотиб олувчига олди-сотди шартномасининг бутлик тўғрисидаги шартларига мувофиқ бўлган товарни топшириши шарт.

Олди-сотди шартномасида товарнинг бутлиги белгиланмаган ҳолларда сотувчи сотиб олувчига бутлиги иш муомаласи одатлари ёки одатда қўйиладиган бошқа талаблар билан белгиланадиган товарни бериши шарт.


412-модда. Бут товарлар

Агар олди-сотди шартномасида сотувчининг сотиб олувчига муайян товарлар тўпламини бут ҳолида (бут товарлар) бериш мажбурияти белгиланган бўлса, бут ҳолдаги барча товарлар берилган пайтдан бошлаб мажбурият бажарилган ҳисобланади.

Агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса ва у мажбуриятнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, сотувчи бут ҳолдаги барча товарларни сотиб олувчига бир вақтда топшириши лозим.


413-модда. Бут бўлмаган товарни топшириш оқибатлари

Бут бўлмаган товар топширилган тақдирда, сотиб олувчи ўз ихтиёрига кўра сотувчидан:

харид нархини мутаносиб равишда камайтиришни;

товарни оқилона муддатда бутлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Агар сотувчи оқилона муддатда сотиб олувчининг товарни бутлаш тўғрисидаги талабини бажармаса, сотиб олувчи ўз ихтиёрига кўра:

бутланмаган товарни бут товарга алмаштиришни талаб қилишга;

олди-сотди шартномасини бажаришдан бош тортишга ва товар учун тўланган пул суммасини қайтариб беришни, шунингдек етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ва у мажбуриятнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган оқибатлар сотувчининг сотиб олувчига бут товарларни топшириш мажбурияти бузилган ҳолларда ҳам қўлланилади.



414-модда. Идиш ва ўраш

Агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ва у мажбуриятнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, сотувчи сотиб олувчига товарни идишда ёки ўралган ҳолда топшириши шарт, ўз хусусиятига кўра идишга жойлаш ва (ёки) ўрашни талаб қилмайдиган товар бундан мустасно.

Агар олди-сотди шартномасида идиш ва ўраш ҳақида талаблар белгиланган бўлмаса, товар бундай товар учун одатдаги усулда, у бўлмаганда - сақлаш ва транспортда ташишнинг оддий шароитларида бундай турдаги товарнинг сақланишини таъминлайдиган усулда идишга жойлаштирилиши ва (ёки) ўралиши лозим.

Агар қонунда белгиланган тартибда идиш ва (ёки) ўрашга нисбатан мажбурий талаблар назарда тутилган бўлса, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган сотувчи сотиб олувчига товарни ушбу мажбурий талабларга мос келадиган идишда ва (ёки) ўралган ҳолда топшириши шарт.


415-модда. Товарни идишсиз ва (ёки) ўрамаган ҳолда

ёхуд тегишли идишга жойламаган ва (ёки) тегишли даражада ўрамаган

ҳолда топшириш оқибатлари

Идишга жойланиши ва (ёки) ўралиши лозим бўлган товар сотиб олувчига идишсиз ва (ёки) ўрамаган ҳолда ёхуд тегишли идишга жойламаган ва (ёки) тегишли даражада ўрамаган ҳолда топширилган тақдирда, агар олди-сотди шартномасидан, мажбурият моҳияти ёки товарнинг хусусиятидан бошқа ҳол келиб чиқмаса, сотиб олувчи сотувчидан товарни идишга жойлаштириш ва (ёки) ўрашни ёхуд тегишли бўлмаган идиш ва (ёки) ўрашни алмаштиришни талаб қилишга ҳақли. Сотувчига юқоридаги талабларни қўйиш ўрнига, сотиб олувчи унга сифати тегишли даражада бўлмаган товарни топширишдан келиб чиқадиган, ушбу Кодекснинг 434-моддасида назарда тутилган талабларни қўйишга ҳақли.



416-модда. Олди-сотди шартномаси тегишли даражада

бажарилмагани ҳақида сотувчини хабардор қилиш

Сотиб олувчи олди-сотди шартномасининг товарлар миқдори, ассортименти, сифати, бутлиги, идиши ва (ёки) ўралиши тўғрисидаги шартлари бузилганлиги ҳақида қонун ҳужжатларида ёки шартномада кўзда тутилган муддатда, агар бундай муддат белгиланган бўлмаса, шартноманинг тегишли шарти бузилганлиги товарлар хусусияти ва вазифасидан келиб чиққан ҳолда аниқланиши лозим бўлганидан сўнг оқилона муддатда сотувчига маълум қилиши шарт.

Сотиб олувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мажбуриятни бажармаган тақдирда, сотувчи бу ҳол сотиб олувчининг талабларини қаноатлантириб бўлмайдиган қилиб қўйганини ёки сотувчи олди-сотди шартномаси шартлари бузилгани ҳақида ўз вақтида хабардор қилинганида сарфлаши мумкин бўлган маблағларга нисбатан номутаносиб харажатларга олиб келишини исботласа, у сотиб олувчининг тегишли талабларини қондиришдан тўлиқ ёки қисман бош тортишга ҳақли.

Агар сотувчи сотиб олувчига топширилган товарлар олди-сотди шартномаси шартларига жавоб бермаслигини билган ёки билиши лозим бўлган бўлса, у сотиб олувчи ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган мажбуриятни бажармаганлигини важ қилиб кўрсатишга ҳақли эмас.


417-модда. Сотиб олувчининг товарни қабул қилиш мажбурияти

Сотиб олувчи ўзига сотувчи томонидан топширилган товарни қабул қилиб олиши шарт, у товарни алмаштириб беришни талаб қилиш ёки олди-сотди шартномасини бажаришни рад этишга ҳақли бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Агар қонун ҳужжатларида ёки олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчи одатда қўйиладиган талабларга мувофиқ тегишли товарни топшириш ва олишни таъминлаш учун ўзи томонидан зарур бўлган ҳаракатларни амалга ошириши лозим.

Сотиб олувчи қонун ҳужжатлари ёки олди-сотди шартномасини бузган ҳолда товарни қабул қилмаса ёки қабул қилишдан бош тортса, сотувчи шартномани бажаришдан бош тортиш ва зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.


418-модда. Товарнинг баҳоси

Сотиб олувчи товар ҳақини ушбу Кодекснинг 356-моддасига мувофиқ белгиланадиган баҳода тўлаши, шунингдек қонун ҳужжатлари, олди-сотди шартномаси ёки одатда қўйиладиган талабларга мувофиқ тўловни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳаракатларни ўз ҳисобидан бажариши лозим.

Товарнинг баҳоси унинг оғирлигига қараб белгиланадиган бўлса, агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, у соф оғирлиги бўйича аниқланади.

Агар олди-сотди шартномасида товарнинг баҳоси уни белгилайдиган кўрсаткичлар (таннарх, харажатлар ва ҳоказо)га қараб ўзгартирилиши лозимлиги назарда тутилган бўлса, аммо шу билан бирга, баҳони қайта кўриб чиқиш усули белгиланган бўлмаса, баҳо ушбу кўрсаткичларнинг шартнома тузилган пайтдаги ва товарни топшириш пайтидаги ўзаро нисбатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Сотувчи товарни топшириш мажбуриятини бажаришни кечиктириб юборганида баҳо ушбу кўрсаткичларнинг шартнома тузилган пайтдаги ва шартномада назарда тутилган товар топшириладиган пайтдаги, агар шартномада товарни топшириш пайти назарда тутилган бўлмаса, ушбу Кодекснинг 242-моддасига мувофиқ аниқланган пайтдаги нисбатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Агар қонун ҳужжатларида ёки олди-сотди шартномасида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса ва у мажбуриятнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланади.


419-модда. Товар ҳақини тўлаш

Агар қонун ҳужжатлари ёки олди-сотди шартномасининг шартларидан товар баҳосини муайян муддатда тўлаш мажбурияти келиб чиқмаса, сотиб олувчи уни сотувчи ўзига товарни ёки ушбу товарни тасарруф қилиш ҳужжатларини берганидан сўнг кечиктирмасдан тўлаши лозим.

Агар олди-сотди шартномасида товар ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчи сотувчига топширилган товарнинг тўлиқ баҳоси миқдорида ҳақ тўлаши лозим.

Агар сотиб олувчи олди-сотди шартномасига мувофиқ топширилган товар ҳақини ўз вақтида тўламаса, сотувчи товар ҳақини ва ўзганинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоизлар тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Агар сотиб олувчи олди-сотди шартномасини бузган ҳолда товарни қабул қилиш ва ҳақини тўлашдан бош тортса, сотувчи ўз ихтиёрига кўра товар ҳақини тўлашни талаб қилиш ёки шартномани бажаришдан бош тортиш ҳуқуқига эга.

Сотувчи олди-сотди шартномасига мувофиқ сотиб олувчига ҳақи тўланмаган товарлардан ташқари бошқа товарларни ҳам топшириши лозим бўлганида, агар қонун ҳужжатлари ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, у ушбу товарларни топширишни аввал топширилган барча товарлар ҳақи батамом тўлангунга қадар тўхтатиб қўйишга ҳақли.


420-модда. Товар ҳақини олдиндан тўлаш

Олди-сотди шартномасида сотувчи товарни топширишидан олдин сотиб олувчи унинг ҳақини тўлиқ ёки қисман тўлаш (олдиндан ҳақ тўлаш) мажбурияти назарда тутилган ҳолларда, сотиб олувчи товар ҳақини шартномада назарда тутилган муддатда, агар шартномада бундай муддат назарда тутилган бўлмаса, ушбу Кодекснинг 242-моддасига мувофиқ белгиланган муддатда тўлаши лозим.

Сотиб олувчи олди-сотди шартномасида назарда тутилган товар ҳақини олдиндан тўлаш мажбуриятини бажармаган тақдирда ушбу Кодекснинг 256-моддасида назарда тутилган қоидалар қўлланади.

Олдиндан тўланган суммани олган сотувчи товарни топшириш бўйича мажбуриятни бажармаган тақдирда сотиб олувчи ҳақи тўланган товарни топширишни ёки сотувчи топширмаган товар учун олдиндан тўланган суммани қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.

Агар сотувчи олдиндан ҳақи тўланган товарни топшириш мажбуриятини бажармаса ва олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, олдиндан тўланган сумма учун ушбу Кодекснинг 327-моддасига мувофиқ, товарни топшириши лозим бўлган кундан бошлаб товар сотиб олувчига топширилган ёки унга олдиндан тўлаган суммаси қайтариб берилган кунгача фоизлар тўланиши лозим. Шартномада сотувчининг олдиндан тўланган сумма учун фоизларни бу сумма сотиб олувчидан олинган кундан бошлаб тўлаш мажбурияти назарда тутилиши мумкин.


421-модда. Насияга сотилган товар ҳақини тўлаш

Олди-сотди шартномасида товар ҳақини у сотувчига топширилганидан сўнг маълум вақт ўтгач тўлаш (товарни насияга сотиш) назарда тутилган ҳолларда сотиб олувчи товар ҳақини шартномада кўрсатилган муддатда, агар шартномада бундай муддат назарда тутилган бўлмаса, ушбу Кодекснинг 242-моддасига мувофиқ белгиланган муддатда тўлаши лозим.

Сотувчи товарни топшириш мажбуриятини бажармаса, ушбу Кодекснинг 256-моддасида назарда тутилган қоидалар қўлланади.

Товарни олган сотиб олувчи унинг ҳақини тўлаш бўйича олди-сотди шартномасида белгиланган мажбуриятни бажармаган ҳолларда сотувчи топширилган товар ҳақини тўлашни ёки ҳақи тўланмаган товарни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.

Агар сотиб олувчи топширилган товар ҳақини тўлаш мажбуриятини олди-сотди шартномасида белгиланган муддатда бажармаган ва ушбу Кодексда ёки олди-сотди шартномасида бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, кечикиб тўланган сумма учун ушбу Кодекснинг 327-моддасига мувофиқ шартномага биноан товар ҳақи тўланиши лозим бўлган кундан бошлаб сотиб олувчи товар ҳақини тўлаган кунгача фоизлар тўланиши лозим.

Олди-сотди шартномасида сотиб олувчининг сотувчи томонидан товар топширилган кундан бошлаб товар баҳосига тенг бўлган сумма учун фоизлар тўлаш мажбурияти назарда тутилиши мумкин.

Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, товарни насияга сотиш у сотилган кундаги нархларда амалга оширилади.

Товар сотиб олувчига топширилган пайтдан бошлаб унинг ҳақи тўлаб бўлингунга қадар насияга сотилган товар сотиб олувчи томонидан товар ҳақини тўлаш мажбурияти бажарилишини таъминлаш учун сотувчида гаровда турган деб ҳисобланади.


422-модда. Товар ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш

Товарни насияга сотиш шартномасида товар ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилиши мумкин.

Ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан товарни насияга сотиш шартномасида олди-сотди шартномасининг бошқа муҳим шартлари билан бир қаторда товар баҳоси, тўловларнинг тартиби, муддатлари ва миқдори кўрсатилган бўлса, бундай шартнома тузилган ҳисобланади.

Агар сотиб олувчи ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган ва ўзига топширилган товар учун навбатдаги тўловни шартномада белгиланган муддатда амалга оширмаса, сотувчи шартномани бажаришдан бош тортишга ва гаров нарсасини ундириш учун назарда тутилган тартибда ундирувни товарга қаратишга ҳақли.

Товарни кредитга сотиш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган тақдирда, сотиб олувчи олинган товар улушининг ҳақи тўланган қисмини мажбуриятларни бажариш таъминоти сифатида беришга ҳақли.


423-модда. Товарни суғурталаш

Агар шартномада сотувчи ёки сотиб олувчининг товарни суғурталаш мажбурияти назарда тутилган бўлса, бироқ унда суғурталаш шартлари ва товар суғурталанадиган энг кам сумма белгиланмаган бўлса, суғурталаш шартномасида назарда тутилган суғурта пули товар баҳосидан кам бўлиши мумкин эмас.

Товарни суғурталаши лозим бўлган тараф шартнома шартларига мувофиқ суғурталашни амалга оширмаган ҳолларда бошқа тараф товарни суғурталашга ва суғурталаши лозим бўлган тарафдан суғурта харажатларини қоплашни талаб қилишга ёки шартномани бажаришдан бош тортишга ҳақли.



424-модда. Мулк ҳуқуқининг сотувчи ихтиёрида сақланиб қолиши

Олди-сотди шартномасида сотувчининг сотиб олувчига топширилган товарга мулк ҳуқуқи товар ҳақи тўлангунга ёки бошқа ҳолатлар юз бергунга қадар сақланиши назарда тутилган ҳолларда, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки у товарнинг вазифасидан ва унинг хусусиятларидан келиб чиқмаса, сотиб олувчи мулк ҳуқуқи ўзига ўтгунча товарни ўзгага беришга ёки бошқача тарзда тасарруф этишга ҳақли эмас.

Топширилган товарнинг ҳақи олди-сотди шартномасида белгиланган муддатда тўланмаганда ёки мулк ҳуқуқи сотиб олувчига ўтадиган бошқа ҳолатлар юз бермаганда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотувчи сотиб олувчидан товарни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.



2-§. ЧАКАНА ОЛДИ-СОТДИ


425-модда. Чакана олди-сотди шартномаси

Чакана олди-сотди шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган сотувчи сотиб олувчига шахсий мақсадларда, рўзғорда ёки тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиладиган товарни топшириш мажбуриятини олади.

Чакана олди-сотди шартномаси оммавий ҳисобланади.


426-модда. Товарнинг оммавий офертаси

Чакана олди-сотди шартномасининг барча муҳим шартларини ўз ичига олган ҳолда товар рекламаси, каталоглар, шунингдек товарнинг номуайян шахслар доирасига қаратилган бошқа таърифлари орқали товар таклиф қилиш оммавий оферта деб ҳисобланади (ушбу Кодекс 369-моддасининг иккинчи қисми).

Товарларни кўргазмага қўйиш, уларнинг намуналарини намойиш қилиш ёки савдо бўлаётган жойда сотилаётган товарлар ҳақида маълумотлар (таърифлар, каталоглар, фотосуратлар ва ҳоказолар) бериш, сотувчи тегишли товарлар сотишга мўлжалланмаганлигини аниқ белгилаган ҳоллардан ташқари, нархи ва олди-сотди шартномасининг бошқа муҳим шартлари кўрсатилган-кўрсатилмаганидан қатъи назар, оммавий оферта деб ҳисобланади.


427-модда. Сотиб олувчига товар ҳақида ахборот бериш

Сотувчи сотишга таклиф қилинган товар тўғрисида сотиб олувчига зарур ва тўғри ахборотни унинг мазмуни ва уни тақдим этиш усулига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган ёки одатда чакана савдода қўйиладиган талабларга мувофиқ ҳолда бериши шарт.

Сотиб олувчи чакана олди-сотди шартномаси тузилгунга қадар товарни кўздан кечириш, ўз олдида товарнинг хоссаларини текширишни ёки товардан қандай фойдаланишни кўрсатишни, агар бу ҳол товарнинг хусусияти туфайли истисно қилинмаса ва чакана савдода қабул қилинган қоидаларга зид бўлмаса, талаб қилишга ҳақли.

Агар сотиб олувчига сотиш жойида ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган товар тўғрисидаги ахборотни дарҳол олиш имкони берилмаган бўлса, у чакана олди-сотди шартномасини тузишдан асоссиз бош тортилгани туфайли ўзи кўрган зарарни тўлашни сотувчидан талаб қилишга, агар шартнома тузилган бўлса, оқилона муддатда шартномани бажаришдан бош тортишга, товар учун тўланган суммани қайтаришни ва зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Сотиб олувчига товар тўғрисида тегишли ахборот олиш имконини бермаган сотувчи товар сотиб олувчига топширилганидан сўнг товарда пайдо бўлган камчиликлар учун ҳам, агар сотиб олувчи бу камчиликлар ўзида бундай ахборот бўлмагани сабабли пайдо бўлганини исботласа, жавоб беради.


428-модда. Товарнинг сотиб олувчи томонидан белгиланган

муддатда қабул қилиниши шарти билан сотиш

Тарафлар сотиб олувчи товарни шартномада белгиланган муддатда қабул қилиб олиши шарти билан чакана олди-сотди шартномаси тузишлари мумкин, бу муддат мобайнида товар бошқа сотиб олувчига сотилиши мумкин эмас.

Агар чакана олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартномада белгиланган муддатда сотиб олувчининг товарни қабул қилиш учун келмаслиги ёки бошқа зарур ҳаракатларни амалга оширмаслигини сотувчи сотиб олувчининг шартномани бажаришдан бош тортиши деб қаралиши мумкин.

Сотувчининг товарни сотиб олувчига чакана олди-сотди шартномасида белгиланган муддатда топширишни таъминлаш борасидаги қўшимча харажатлари, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, товарнинг баҳосига қўшилади.



429-модда. Товарни намуна бўйича сотиш

Тарафлар товарни намуна (таъриф, каталог ва ҳоказо) бўйича олиш-сотиш шартномасини тузишлари мумкин.

Товарни намуна бўйича сотиш шартномаси ушбу Кодекс 431-моддасининг қоидаларига мувофиқ бажарилади.

Сотиб олувчи товар топширилгунга қадар сотувчининг чакана олди-сотди шартномасини бажаришга қаратилган ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ зарур харажатларини қоплаш шарти билан шартномани бажаришдан бош тортишга ҳақли.



430-модда. Автоматдан фойдаланган ҳолда товар сотиш

Товар автоматдан фойдаланиб сотиладиган ҳолларда автомат эгаси сотувчининг номи (фирма номи), у жойлашган манзил, иш тартиби, шунингдек сотиб олувчи товарни олиш учун амалга ошириши зарур бўлган ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотларни автоматга жойлаштириш ёки бошқача усулда сотиб олувчига тақдим қилиш йўли билан унга товар сотувчи тўғрисидаги ахборотни етказиши лозим.

Сотиб олувчи товарни олиш учун зарур ҳаракатларни амалга оширган пайтдан бошлаб автоматдан фойдаланган ҳолда чакана олди-сотди шартномаси тузилган ҳисобланади.

Агар сотиб олувчига ҳақи тўланган товар топширилмаса, сотувчи сотиб олувчига товар зудлик билан топширилишини ёки у тўлаган сумма қайтариб берилишини таъминлаши шарт. Бу мажбурият бажарилмаган тақдирда, сотиб олувчи сотувчидан етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Автоматдан пулни майдалаш, тўлов белгиларини сотиб олиш ёки валюта алмаштириш учун фойдаланилган тақдирда, агар мажбурият моҳиятидан бошқача ҳол келиб чиқмаса, чакана олди-сотди қоидалари қўлланади.



431-модда. Товарни сотиб олувчига етказиб бериш шарти билан сотиш

Чакана олди-сотди шартномаси товарни сотиб олувчига етказиб бериш шарти билан тузилган ҳолларда сотувчи шартномада белгиланган муддатда товарни сотиб олувчи кўрсатган жойга, агар сотиб олувчи товарни етказиб бериш жойини кўрсатмаган бўлса, сотиб олувчи фуқаро истиқомат қиладиган ёки юридик шахс жойлашган манзилга етказиб бериши лозим.

Агар қонун ҳужжатларида, шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки у мажбуриятнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, товар сотиб олувчига, у бўлмаганда эса - шартнома тузилганидан ёхуд товарни етказиб бериш расмийлаштирилганидан гувоҳлик берадиган квитанция ёки бошқа ҳужжатни тақдим қилган ҳар қандай шахсга топширилган пайтдан бошлаб чакана олди-сотди шартномаси сотувчи томонидан бажарилган ҳисобланади.

Чакана олди-сотди шартномасида товарни сотиб олувчига топшириш учун етказиб бериш вақти белгиланмаган ҳолларда товар сотиб олувчидан талаб тушганидан кейин оқилона муддатда етказиб берилиши лозим.


432-модда. Товар баҳоси ва унинг ҳақини тўлаш

Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки у мажбуриятнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, сотиб олувчи товар ҳақини чакана олди-сотди шартномаси тузилган пайтда сотувчи томонидан эълон қилинган баҳода тўлаши лозим.

Чакана олди-сотди шартномасида товарнинг ҳақини олдиндан тўлаш назарда тутилган ҳолларда, агар тарафлар келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчининг товар ҳақини шартномада белгиланган муддатда тўламаслиги унинг шартномани бажаришдан бош тортиши деб ҳисобланади.

Товарларни насияга чакана олиш-сотиш ҳақида тузилган, шу жумладан сотиб олувчининг товарлар ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаши шарти билан тузилган шартномаларга нисбатан ушбу Кодекс 421-моддасининг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар қўлланмайди.

Сотиб олувчи товар ҳақини бўлиб-бўлиб тўлашнинг шартномада белгиланган даврида истаган вақтида товар ҳақини батамом тўлашга ҳақли.


433-модда. Тегишли сифатли товарни алмаштириш

Сотиб олувчи ўзига ноозиқ-овқат товари топширилган пайтдан бошлаб ўн кун мобайнида, агар бундан узоқроқ муддат сотувчи томонидан эълон қилинмаган бўлса, харид қилинган тегишли сифатли товарни харид жойида ёки сотувчи эълон қилган бошқа жойларда ўлчами, шакли, ҳажми, андазаси, ранги, тўплами бошқача бўлган худди шундай товарга алмаштиришга ҳақли, бунда у нархларда фарқ бўлган тақдирда сотувчи билан зарур ҳисоб-китобни амалга оширади.

Сотувчида алмаштириш учун зарур товар бўлмаганида сотиб олувчи харид қилинган товарни сотувчига қайтариб бериш ва унга тўланган пул суммасини олиш ҳуқуқига эга.

Агар товардан фойдаланилмаган, унинг истеъмол хусусиятлари сақланган бўлса ва ушбу сотувчидан сотиб олинганининг исботи бўлса, сотиб олувчининг товарни алмаштириш ёки қайтариб олиш ҳақидаги талаби қаноатлантирилиши лозим.

Ушбу моддада кўрсатилган асослар бўйича алмаштирилмайдиган ёки қайтариб олинмайдиган товарлар рўйхати қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда белгиланади.


434-модда. Сотиб олувчига сифати тегишли даражада бўлмаган

товар сотилганида унинг ҳуқуқлари

Сотиб олувчига сифати тегишли даражада бўлмаган товар сотилганида, агар унинг камчиликлари шартнома тузиш пайтида маълум қилинмаган бўлса, сотиб олувчи ўз хоҳишига кўра:

худди шу маркадаги (моделдаги, артикулдаги) сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштиришни;

харид нархини тегишинча қайта ҳисоблаган ҳолда бошқа маркадаги (моделдаги, артикулдаги) сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштиришни;

товарнинг камчиликларини текинга бартараф этишни ёки сотиб олувчи ёхуд учинчи шахс томонидан товарнинг камчиликларини бартараф этиш учун қилинган харажатлар қопланишини;

харид нархини мутаносиб равишда камайтиришни;

кўрилган зарар ўрнини қоплаган ҳолда шартнома бекор қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Товар учун тўланган пул суммасини сотиб олувчига қайтариш вақтда сотувчи ундан товардан тўлиқ ёки қисман фойдаланганлиги, товар кўриниши йўқолганлиги ёки бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар туфайли товар қиймати қанча пасайган бўлса, шунча суммани ушлаб қолишга ҳақли эмас.


435-модда. Товарни алмаштирганда, харид нархини камайтирганда

ва сифати тегишли даражада бўлмаган товарни қайтарганда

баҳолардаги фарқни тўлаш

Тегишли даражада сифатли бўлмаган товарни сифати тегишли даражада бўлган бошқа товарга алмаштириш чоғида сотувчи товарнинг чакана олди-сотди шартномасида белгиланган баҳоси билан товарни алмаштириш ёки суд томонидан товарни алмаштириш тўғрисида қарор чиқариш пайтида мавжуд бўлган товарнинг баҳоси ўртасидаги фарқни тўлашни талаб қилишга ҳақли эмас.

Тегишли даражада сифатли бўлмаган товарни худди шундай, бироқ ўлчами, андазаси, нави ва бошқа белгилари ўзгача бўлган тегишли даражада сифатли товарга алмаштириш чоғида алмаштирилаётган товарнинг алмаштириш пайтидаги баҳоси билан сифати тегишли даражада бўлмаган товар ўрнига берилаётган товарнинг баҳоси ўртасидаги фарқ тўланиши лозим. Агар сотиб олувчининг талаби сотувчи томонидан қондирилмаса, бу баҳолар суд товарни алмаштириш тўғрисида қарор чиқарган пайт бўйича аниқланади.

Товарнинг харид нархини мутаносиб равишда камайтириш тўғрисида талаб қўйилган тақдирда товарнинг баҳосини пасайтириш тўғрисида талаб қўйилган пайтдаги, агар сотиб олувчининг талаби ихтиёрий суратда қондирилмаган бўлса, суд баҳони мутаносиб равишда камайтириш тўғрисида қарор чиқарган пайтдаги баҳоси инобатга олинади.

Сотувчига сифати тегишли даражада бўлмаган товарни қайтариб бериш чоғида сотиб олувчи чакана олди-сотди шартномасида белгиланган товарнинг баҳоси билан унинг талаби ихтиёрий суратда қондирилган вақтдаги, агар талаб ихтиёрий суратда қондирилмаган бўлса, суд қарор чиқарган пайтдаги тегишли товарнинг баҳоси ўртасидаги фарқни тўлашни талаб қилишга ҳақли.



436-модда. Сотувчининг жавобгарлиги ва мажбуриятни

асл ҳолида бажариш

Сотувчи чакана олди-сотди шартномаси бўйича мажбуриятини бажармаган тақдирда зарарни қоплаш ва неустойка тўлаш сотувчини мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод қилмайди.


3-§. МАҲСУЛОТ ЕТКАЗИБ БЕРИШ


437-модда. Маҳсулот етказиб бериш шартномаси

Маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи-сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.


438-модда. Маҳсулот етказиб бериш шартномасининг

амал қилиш муддати

Маҳсулот етказиб бериш шартномаси бир йилга, бир йилдан ортиқ муддатга (узоқ муддатли шартнома) ёки тарафлар келишувида назарда тутилган бошқа муддатга тузилиши мумкин.

Агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида унинг амал қилиш муддати белгиланмаган бўлса, шартнома бир йилга тузилган деб ҳисобланади.

Агар узоқ муддатли шартномада етказиб берилиши лозим бўлган товарлар миқдори ёки шартноманинг бошқа шартлари бир йилга ёки ундан ортиқ муддатга белгиланган бўлса, шартномада тарафларнинг бу шартларни шартноманинг амал қилиш муддати тугагунга қадар кейинги даврлар учун келишиб олиш тартиби белгиланиши лозим. Шартномада бундай тартиб бўлмаса, шартнома тегишинча бир йилга ёки шартнома шартлари келишилган муддатга тузилган ҳисобланади.

Узоқ муддатли шартнома тарафларидан бири етказиб берилиши лозим бўлган товарлар миқдорини ёки шартноманинг бошқа шартларини кейинги даврлар учун шартномада белгиланган тартибда келишиб олишни рад қилган ёки ундан бош тортган тақдирда бошқа тараф тегишли даврларда товарларни етказиб бериш шартларини белгилаш тўғрисидаги ёхуд шартномани бекор қилиш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.



439-модда. Маҳсулот етказиб бериш шартномасини тузиш вақтида

келиб чиқадиган келишмовчиликларни ҳал қилиш

Бир тарафнинг товарлар етказиб бериш шартномасини тузиш ҳақидаги таклифи шартнома лойиҳаси шаклида бошқа тарафга юборилган тақдирда, иккинчи тараф шартномани бошқа шартларда тузишга рози бўлса, лойиҳани олганидан сўнг кечи билан ўттиз кун ичида келишмовчиликлар баённомасини тузади ва уни имзоланган шартнома билан қайтаради, келишмовчиликлар баённомасини олган тараф ўттиз кунлик муддатда шартнома шартларини келишиш чораларини кўриши (имконият бўлса, бошқа тараф билан биргаликда) ёки шартнома тузишни рад этишини бошқа тарафга ёзма равишда билдириши лозим.

Маҳсулот етказиб бериш шартномаси шартлари бўйича келишмовчиликлар баённомасини олган, бироқ шартнома шартларини келишиш чораларини кўрмаган ва шартнома тузишни рад этишини ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатда бошқа тарафга маълум қилмаган тараф шартнома шартларини келишиб олишдан бош тортиш оқибатида етказилган зарарни қоплашга мажбур.


440-модда. Маҳсулот етказиб бериш даврлари

Агар тарафлар товарларни шартноманинг амал қилиш муддати мобайнида туркум-туркум қилиб етказиб беришни назарда тутган бўлсалар ва унда алоҳида туркумларни етказиб бериш муддатлари (етказиб бериш даврлари) белгиланмаган бўлса, товарлар ҳар ойда бир хил туркумларда етказиб берилиши лозим, башарти қонун ҳужжатларидан, мажбуриятнинг моҳиятидан ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб англашилмаса.

Шартномада маҳсулот етказиб бериш даврларини белгилаш билан бир қаторда товарларни етказиб бериш (ўн кунлик, суткалик, соатлик ва ҳоказо) жадвали ҳам белгиланиши мумкин.

Товарларни муддатидан олдин етказиб бериш сотиб олувчининг розилиги билан амалга оширилиши мумкин. Муддатидан олдин етказиб берилган ва сотиб олувчи томонидан қабул қилинган товарлар кейинги даврда етказиб берилиши лозим бўлган товарлар миқдорига киритилади.



441-модда. Товарларни етказиб бериш тартиби

Товарларни етказиб бериш маҳсулот етказиб берувчи томонидан товарларни шартнома бўйича сотиб олувчига ёки шартномада олувчи сифатида кўрсатилган шахсга жўнатиш (топшириш) йўли билан амалга оширилади.

Маҳсулот етказиб бериш шартномасида товарларни олувчиларга жўнатиш тўғрисида сотиб олувчининг сотувчига кўрсатмалар бериш ҳуқуқи (жўнатиш разнарядкаси) назарда тутилган ҳолларда, маҳсулот етказиб берувчи товарларни жўнатиш разнарядкасида кўрсатилган олувчиларга жўнатади (топширади).

Жўнатиш разнарядкасининг мазмуни ва уни сотиб олувчи томонидан маҳсулот етказиб берувчига юбориш муддати маҳсулот етказиб бериш шартномасида белгиланади. Агар жўнатиш разнарядкасини юбориш муддати шартномада назарда тутилган бўлмаса, у маҳсулот етказиб берувчига маҳсулот етказиб бериш даври бошланишидан камида ўттиз кун олдин юборилиши лозим.

Сотиб олувчининг белгиланган муддатда жўнатиш разнарядкасини тақдим қилмаслиги маҳсулот етказиб берувчига ё маҳсулот етказиб бериш шартномасини бажаришдан бош тортиш, ёки сотиб олувчидан товарлар ҳақини тўлашни талаб қилиш ҳуқуқини беради. Бундан ташқари маҳсулот етказиб берувчи жўнатиш разнарядкасини тақдим қилмаслик туфайли етказилган зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли.


442-модда. Товарларни олиб бориб бериш

Товарларни олиб бориб бериш етказиб берувчи томонидан уларни маҳсулот етказиб бериш шартномасида назарда тутилган транспортда ва унда белгиланган шартларда жўнатиш йўли билан амалга оширилади.

Маҳсулот етказиб бериш шартномасида олиб бориб бериш қайси транспорт турида ёки қандай шартларда амалга оширилиши белгиланган бўлмаса, олиб бориб берувчи транспорт турини танлаш ёки товарни олиб бориб бериш шартларини белгилаш ҳуқуқига эга бўлади, башарти қонун ҳужжатларидан, мажбуриятнинг моҳияти ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб англашилмаса.



443-модда. Тўлиқ етказиб берилмаган товарлар ўрнини тўлдириш

Товар етказиб беришнинг айрим даврида уни тўлиқ етказиб бермаган товар етказиб берувчи, агар товар етказиб бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, етказиб берилмаган товарлар миқдорини шартнома амал қилиш муддати доирасидаги кейинги даврда (даврларда) тўлдириши лозим.

Узоқ муддатли шартномага мувофиқ товар етказиб беришнинг айрим даврида маҳсулот етказиб берувчи томонидан тўлиқ етказиб берилмаган товарлар ўрни, агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, товарлар тўлиқ етказиб берилмаган йилнинг кейинги даврида (даврларида) тўлдирилиши лозим.

Товарлар маҳсулот етказиб берувчи томонидан маҳсулот етказиб бериш шартномасида ёки сотиб олувчининг жўнатиш разнарядкасида кўрсатилган бир неча олувчига жўнатилган тақдирда бир олувчига шартномада ёки жўнатиш разнарядкасида назарда тутилганидан ортиқ миқдорда етказиб берилган товарлар бошқа олувчиларга тўлиқ етказиб берилмаган товарлар ўрнини қоплаш учун ҳисобга олинмайди ва агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, товар етказиб берувчи томонидан тўлдирилиши лозим.



444-модда. Етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган

товарларни қабул қилишни рад этиш

Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчи, товар етказиб берувчини хабардор қилган ҳолда, етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган товарларни қабул қилишни рад этишга ҳақли. Товар етказиб берувчи билдириш хатини олгунча етказиб берилган товарларни сотиб олувчи қабул қилиши ва уларнинг ҳақини тўлаши лозим.


445-модда. Тўлиқ етказиб берилмаган товарлар

ўрнини тўлдирганда уларнинг ассортименти

Тўлиқ етказиб берилмаган товарларнинг ўрни тўлдирилиши керак бўлганида уларнинг ассортименти тарафлар келишуви билан белгиланади. Бундай келишув бўлмаганида маҳсулот етказиб берувчи тўлиқ етказиб берилмаган товарлар ўрнини тўлиқ етказиб бермасликка йўл қўйилган давр учун белгиланган ассортиментда тўлдиришга мажбур.

Бир номдаги товарларни маҳсулот етказиб бериш шартномасида назарда тутилгандан кўпроқ миқдорда етказиб бериш шу ассортиментга кирадиган бошқа номдаги тўлиқ етказиб берилмаган товарлар ўрнини тўлдириш сифатида ҳисобга олинмайди ва унинг ўрни тўлдирилиши лозим, бундай етказиб бериш сотиб олувчининг олдиндан берган ёзма розилиги билан амалга оширилган ҳоллар бундан мустасно.



446-модда. Товарларнинг сотиб олувчи томонидан қабул қилиниши

Сотиб олувчи (олувчи) шартномага мувофиқ етказиб берилган товарларнинг қабул қилинишини таъминлайдиган барча зарур ҳаракатларни амалга ошириши лозим.

Сотиб олувчи (олувчи) ўзи қабул қилган товарни қонун ҳужжатларида, маҳсулот етказиб бериш шартномасида ёки иш муомаласи одатларида белгиланган муддатда кўздан кечириши лозим.

Сотиб олувчи (олувчи) худди шу муддатда қабул қилинган товарларнинг миқдори ва сифатини қонун ҳужжатларида, маҳсулот етказиб бериш шартномасида ёки иш муомаласи одатларида белгиланган тартибда текшириши ва товарнинг аниқланган номувофиқликлари ва камчиликлари тўғрисида товар етказиб берувчини дарҳол ёзма равишда хабардор қилиши лозим.

Етказиб берилган товарлар транспорт ташкилотидан олинган тақдирда сотиб олувчи (олувчи) товарларнинг транспорт ва юк ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларга мувофиқлигини текшириши, шунингдек бу товарларни транспорт ташкилотидан белгиланган қоидаларга риоя этган ҳолда қабул қилиши лозим.


447-модда. Сотиб олувчи қабул қилмаган товарни масъулиятли сақлаш

Сотиб олувчи (олувчи) қонун ҳужжатларига ёки маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ маҳсулот етказиб берувчи топширган товарни рад этган тақдирда у бу товарнинг бут сақланишини таъминлаши (масъулиятли сақлаш) ва бу ҳақда товар етказиб берувчини дарҳол хабардор қилиши шарт.

Маҳсулот етказиб берувчи сотиб олувчи (олувчи) масъулиятли сақлашга олган товарни олиб чиқиб кетиши ёки оқилона муддат ичида тасарруф этиши шарт. Агар маҳсулот етказиб берувчи шу муддатда товарни тасарруф этмаса, сотиб олувчи товарни реализация қилишга ёки маҳсулот етказиб берувчига қайтариб юборишга ҳақли.

Сотиб олувчининг товарни масъулиятли сақлашга қабул қилиш, товарни реализация қилиш ёки уни маҳсулот етказиб берувчига қайтариб юбориш билан боғлиқ зарур харажатлари маҳсулот етказиб берувчи томонидан қопланиши лозим. Бунда товарни реализация қилишдан тушган пул суммаси, сотиб олувчига тегишли қисми чегириб қолинган ҳолда, маҳсулот етказиб берувчига топширилади.

Сотиб олувчи қонун ҳужжатларида ёки шартномада белгиланган асосларсиз маҳсулот етказиб берувчидан товарни қабул қилиб олмаган ёки товарни рад этган ҳолларда маҳсулот етказиб берувчи сотиб олувчидан товар ҳақини тўлашни талаб қилишга ҳақлидир.



448-модда. Товарларни танлаб олиш

Агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида сотиб олувчи (олувчи)нинг етказиб берувчи жойлашган ерда товарларни танлаб олиши назарда тутилган бўлса, сотиб олувчи (олувчи) ўзига топширилаётган товарларни улар топшириладиган жойда кўздан кечириши лозим. Товарларнинг шартномага номувофиқлиги аниқланганда, у бундай товарларни олишдан бош тортишга ҳақли.

Сотиб олувчи (олувчи)нинг товарларни маҳсулот етказиб бериш шартномасида белгиланган муддатда, бундай муддат белгиланмаган бўлса, товарларнинг тайёрлиги тўғрисида маҳсулот етказиб берувчининг билдириш хатини олганидан сўнг оқилона муддатда танлаб олмаслиги маҳсулот етказиб берувчига шартномани бажаришдан бош тортиш ёки сотиб олувчидан товарлар ҳақини тўлашни талаб қилиш ҳуқуқини беради.


449-модда. Етказиб бериладиган товарлар учун ҳисоб-китоблар

Сотиб олувчи етказиб бериладиган товарлар ҳақини шартномада назарда тутилган ҳисоб-китоблар тартиби ва шаклига амал қилган ҳолда тўлайди. Агар тарафлар келишувида ҳисоб-китоблар тартиби ва шакли белгиланмаган бўлса, ҳисоб-китоблар тўлов топшириқномалари билан амалга оширилади.

Агар шартномада товарларни тўпламга кирадиган алоҳида қисмлар бўйича етказиб бериш назарда тутилган бўлса, сотиб олувчи товарлар ҳақини, башарти шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тўпламга кирадиган сўнгги қисм жўнатилганидан (танлаб олинганидан) кейин тўлайди.

Агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида товарлар ҳақи олувчи (тўловчи) томонидан тўланиши назарда тутилган бўлса ва у ҳақ тўлашдан асоссиз бош тортса ёки товарлар ҳақини шартномада белгиланган муддатда тўламаган бўлса, етказиб берувчи сотиб олувчидан етказиб берилган товарлар ҳақини тўлашни талаб қилишга ҳақли.


450-модда. Идишлар ва ўраш материалларини қайтариш

Агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, сотиб олувчи (олувчи) товар келтирилган кўп марта ишлатиладиган идиш ва ўраш материалларини етказиб берувчига қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларда қайтариши шарт.

Бошқа идиш ва ўраш материаллари фақат маҳсулот етказиб бериш шартномасида назарда тутилган ҳоллардагина етказиб берувчига қайтарилиши лозим.



451-модда. Тегишли даражада сифатли бўлмаган товарларни

етказиб бериш оқибатлари

Тегишли даражада сифатли бўлмаган товарлар етказиб берилган сотиб олувчи (олувчи) маҳсулот етказиб берувчига ушбу Кодекснинг 434-моддасида назарда тутилган талабларни қўйишга ҳақли, етказиб берилган товарларнинг сифатсизлиги тўғрисида сотиб олувчидан билдириш олган маҳсулот етказиб берувчи етказиб берилган товарларни тегишли даражада сифатли товарлар билан дарҳол алмаштирган ҳоллар бундан мустасно.

Ўзига етказиб берилган товарларни чаканалаб сотадиган сотиб олувчи (олувчи), агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, истеъмолчи томонидан қайтарилган тегишли даражада сифатли бўлмаган товарни оқилона муддат ичида алмаштиришни талаб қилишга ҳақли.


452-модда. Бут бўлмаган товарлар етказиб бериш оқибатлари

Маҳсулот етказиб бериш шартномасининг шартлари, қонун ҳужжатларининг талаблари ёки товарларнинг бут бўлишига қўйиладиган одатдаги талабларни бузган ҳолда товарлар етказиб берганида сотиб олувчи (олувчи) маҳсулот етказиб берувчига ушбу Кодекснинг 413-моддасида назарда тутилган талабларни қўйишга ҳақли, маҳсулот етказиб берувчи етказиб берилган товарларнинг бут эмаслиги тўғрисида сотиб олувчидан билдириш олганидан кейин товарларни дарҳол бутлаган ёки уларни бут товарлар билан алмаштирган ҳоллар бундан мустасно.

Товарларни чакана нархларда сотаётган сотиб олувчи (олувчи), агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, истеъмолчи томонидан қайтарилган бут бўлмаган товарларни оқилона муддат ичида бут товарлар билан алмаштиришни талаб қилишга ҳақли.


453-модда. Товарлар тўлиқ етказиб берилмаган, товарларнинг

камчиликларини бартараф этиш ёки товарларни бутлаш

тўғрисидаги талаблар бажарилмаган ҳолларда сотиб

олувчининг ҳуқуқлари

Агар маҳсулот етказиб берувчи товарларни маҳсулот етказиб бериш шартномасида назарда тутилган миқдорда етказиб бермаган бўлса ёхуд сотиб олувчининг (олувчининг) тегишли даражада сифатли бўлмаган товарларни алмаштириш ёки товарларни бутлаш тўғрисидаги талабларини белгиланган муддатда бажармаса, сотиб олувчи етказиб берилмаган товарларни бошқа шахслардан олиб, уларни олиш билан боғлиқ барча зарур ва оқилона харажатларни маҳсулот етказиб берувчи зиммасига юклаш ҳуқуқига эга.

Маҳсулот етказиб берувчи товарларни тўлиқ етказиб бермаган ёки сотиб олувчининг товарларнинг камчиликларини бартараф этиш ёки товарларни бутлаш тўғрисидаги талабларини бажармаган ҳолларда сотиб олувчининг бошқа шахслардан товарлар олишга қилган харажатлари ушбу Кодекс 456-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ ҳисоблаб чиқарилади.

Сотиб олувчи (олувчи) товарларнинг камчилиги бартараф этилгунча ва улар бутлангунча ёки алмаштирилгунча тегишли даражада сифатли бўлмаган ва бут бўлмаган товарлар ҳақини тўлашдан бош тортиш, борди-ю, товарлар ҳақи тўланган бўлса, - тўланган суммани қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.



454-модда. Товарларни тўлиқ етказиб бермаганлик учун неустойка

Товарларни тўлиқ етказиб бермаганлик ёки етказиб бериш муддатларини кечиктириб юборганлик учун қонунда ёки шартномада белгиланган неустойка, агар неустойкани ундиришнинг бошқача тартиби қонунда ёки шартномада белгиланмаган бўлса, маҳсулот етказиб берувчидан шартноманинг амал қилиш муддатида мажбурият амалда бажарилгунга қадар ундирилади.


455-модда. Маҳсулот етказиб бериш шартномасини

бажаришдан бир томонлама бош тортиш

Маҳсулот етказиб бериш шартномасини бажаришдан бир томонлама (тўлиқ ёки қисман) бош тортишга тарафларнинг бири шартномани жиддий бузган тақдирда йўл қўйилади.

Маҳсулот етказиб берувчининг маҳсулот етказиб бериш шартномасини бузиши қуйидаги ҳолларда жиддий деб ҳисобланиши мумкин:

тегишли даражада сифатли бўлмаган, сотиб олувчи учун мақбул муддатда бартараф қилиб бўлмайдиган камчиликларга эга бўлган товарларни етказиб бериш;

товарларни етказиб бериш муддатларини бир неча бор бузиш.

Сотиб олувчининг маҳсулот етказиб бериш шартномасини бузиши қуйидаги ҳолларда жиддий деб ҳисобланиши мумкин:

товарлар ҳақини тўлаш муддатларини бир неча бор бузиш;

товарларни бир неча бор олиб кетмаслик.

Тарафларнинг келишувида маҳсулот етказиб бериш шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортиш ёки уни бир томонлама ўзгартиришнинг бошқа асослари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Агар маҳсулот етказиб бериш шартномасини бекор қилиш ёки ўзгартиришнинг бошқа муддати билдириш хатида назарда тутилмаган ёки тарафлар келишувида белгиланмаган бўлса, шартнома бир тараф бошқа тарафдан шартномани бажаришдан тўла ёки қисман бир тарафлама бош тортиш тўғрисида билдириш хати олган пайтдан бошлаб ўзгартирилган ёки бекор қилинган ҳисобланади.



456-модда. Шартномани бекор қилиш вақтида зарарни ҳисоблаш

Агар сотувчи томонидан мажбурият бузилганлиги оқибатида шартнома бекор қилинганидан кейин оқилона муддат ичида сотиб олувчи шартномада назарда тутилган товар ўрнига бошқа шахсдан бирмунча юқори, аммо оқилона баҳода товар сотиб олса, сотиб олувчи сотувчидан шартномада белгиланган баҳо билан унинг ўрнига тузилган битимдаги баҳо ўртасидаги фарқдан иборат зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин.

Агар сотиб олувчи томонидан мажбурият бузилганлиги оқибатида шартнома бекор қилинганидан кейин оқилона муддат ичида сотувчи товарни бошқа шахсга шартномада назарда тутилганидан бирмунча пастроқ, бироқ оқилона баҳода сотган бўлса, сотувчи сотиб олувчидан шартномада белгиланган баҳо билан унинг ўрнига тузилган битимдаги баҳо ўртасидаги фарқдан иборат зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин.

Агар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган асослар бўйича шартнома бекор қилинганидан кейин унинг ўрнига бошқа битим тузилмаган ва товарнинг жорий баҳоси мавжуд бўлса, тараф шартномада белгиланган баҳо билан шартнома бекор қилинган пайтдаги жорий баҳо ўртасидаги фарқдан иборат зарарни қоплаш тўғрисида талаб қўйиши мумкин.

Товар топширилиши лозим бўлган жойда одатда ўхшаш шароитларда бир хил товар учун ундириладиган баҳо жорий баҳо деб эътироф этилади. Агар бу жойда жорий баҳо мавжуд бўлмаса, товарни ташиш харажатларидаги фарқни ҳисобга олган ҳолда бошқа жойдаги унинг ўрнини боса оладиган оқилона жорий баҳодан фойдаланиш мумкин.

Ушбу моддада назарда тутилган талабларни қондириш ўз мажбуриятини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тарафни бошқа тарафга етказган ўзга зарарни ушбу Кодекснинг 14-моддасига асосан қоплашдан озод қилмайди.



4-§. ТОВАРЛАР ЕТКАЗИБ БЕРИШ

ТЎҒРИСИДАГИ ДАВЛАТ КОНТРАКТИ


457-модда. Давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш

Давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш бўйича давлат контракти асосида,шунингдек унинг асосида тузиладиган давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш шартномаларига мувофиқ амалга оширилади. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланадиган, давлат бюджети ва молиялашнинг бюджетдан ташқари манбалари ҳисобига таъминланадиган Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжлари давлат эҳтиёжлари дейилади.

Давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш борасидаги муносабатларга ушбу Кодекс 437-456-моддаларининг қоидалари ҳам татбиқ этилади. Ушбу Кодекс билан тартибга солинмаган муносабатларга нисбатан давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб беришни тартибга соладиган бошқа қонун ҳужжатлари татбиқ этилади.



458-модда. Давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш

юзасидан давлат контракти

Давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш юзасидан давлат контракти бўйича (бундан буён матнда давлат контракти деб юритилади) маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи) давлат буюртмачисига ёки унинг кўрсатмасига биноан маҳсулот етказиб бериш шартномаси асосида бошқа шахсга шартлашилган муддатда товарлар етказиб беришни, давлат буюртмачиси эса, етказиб берилган товарлар ҳақи белгиланган муддатда тўланишини таъминлашни ўз зиммасига олади.



459-модда. Давлат контрактини тузиш асослари

Давлат контракти давлат буюртмачисининг маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи) қабул қилган давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш тўғрисидаги буюртмаси асосида тузилади.

Берган буюртмаси маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи) томонидан қабул қилинган давлат буюртмачиси учун давлат контракти тузиш шарт ҳисобланади.

Давлат контрактини тузиш қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллардагина ва давлат контрактини бажариш туфайли маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи) кўриши мумкин бўлган барча зарарни давлат буюртмачиси қоплаган тақдирдагина маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи) учун мажбурий ҳисобланади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган зарарни қоплаш тўғрисидаги шарт давлат корхонасига татбиқ этилмайди.

Агар давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш тўғрисидаги буюртма танлов бўйича жойлаштирилса, танлов ғолиби деб эълон қилинган маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи) билан давлат контрактини тузиш давлат буюртмачиси учун мажбурий ҳисобланади.


460-модда. Давлат контрактини тузиш тартиби

Агар тарафлар келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, давлат контракти лойиҳаси давлат буюртмачиси томонидан ишлаб чиқилади ва маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи)га юборилади.

Давлат контракти лойиҳасини олган тараф кечи билан ўттиз кунлик муддатда уни имзолайди ва давлат контрактининг бир нусхасини бошқа тарафга қайтаради, давлат контракти шартлари юзасидан келишмовчиликлар мавжуд бўлса, худди шу муддатда келишмовчиликлар баённомасини тузади ва уни имзоланган давлат контракти билан бошқа тарафга юборади ёки унга давлат контрактини тузишдан бош тортишини маълум қилади.

Давлат контракти билан келишмовчиликлар баённомасини олган тараф ўттиз кун ичида келишмовчиликларни кўриб чиқиши, контракт шартларини бошқа тараф билан мувофиқлаштириш чораларини кўриши ва унга давлат контрактини келишилган таҳрирда қабул қилиши ёки келишмовчиликлар баённомасини рад этиши ҳақида хабар бериши лозим. Бу муддат тугагач, манфаатдор тараф ҳал қилинмаган барча келишмовчиликларни ўттиз кунлик муддатда суд муҳокамасига топшириши мумкин.

Давлат контракти давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш тўғрисидаги буюртмани жойлаштириш танлови натижалари бўйича тузиладиган ҳолларда давлат контракти танлов ўтказилган санадан бошлаб ўттиз кун ичида тузилиши лозим.

Агар давлат контрактини тузиши мажбурий бўлган тараф уни тузишдан бош тортса, иккинчи тараф бошқа тарафни давлат контрактини тузишга мажбур қилиш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.



461-модда. Давлат контрактини бажариш

Давлат контракти шартларига мувофиқ товарлар бевосита давлат буюртмачисига ёки унинг кўрсатмаси (жўнатиш разнарядкаси)га мувофиқ бошқа шахс (олувчи)га етказиб бериладиган ҳолларда контрактни бажариш бўйича тарафларнинг муносабатлари ушбу Кодекснинг 437-456-моддаларида назарда тутилган қоидалар билан тартибга солинади.

Агар давлат контрактида сотиб олувчиларга товарлар етказиб бериш маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи) томонидан давлат буюртмачиси белгилайдиган давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш шартномаларига мувофиқ амалга оширилиши назарда тутилган бўлса, давлат буюртмачиси давлат контракти тузилган кундан бошлаб кечи билан ўттиз кунлик муддатда сотиб олувчининг етказиб берувчи (ижрочи)га бириктирилгани тўғрисида маҳсулот етказиб берувчи-ижрочи ва сотувчига билдириш хати юборади.

Сотиб олувчи етказиб берувчи (ижрочи)га бириктирилгани тўғрисидаги билдириш хати давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш шартномасини тузишга асос бўлиб хизмат қилади.

Давлат эҳтиёжлари учун товарлар жўнатиш разнарядкаларида кўрсатилган олувчиларга етказиб берилган ҳолларда, агар давлат контрактида бошқача ҳисоб-китоб тартиби назарда тутилган бўлмаса, товарлар ҳақи давлат буюртмачиси томонидан тўланади.

Товарлар сотиб олувчиларга давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш шартномаси бўйича етказиб берилган ҳолларда, агар давлат контрактида баҳо белгилаш ва ҳисоб-китобларнинг бошқача тартиби назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчилар товарлар ҳақини давлат контрактига мувофиқ белгиланадиган баҳоларда тўлайдилар.

Давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш тўғрисидаги давлат контракти бўйича товарлар ҳақи сотиб олувчи томонидан тўланганда давлат буюртмачиси сотиб олувчининг ушбу мажбурияти бўйича кафил деб ҳисобланади.


462-модда. Давлат эҳтиёжлари учун товарлар

етказиб бериш шартномасини тузиш

Агар давлат контрактида шартнома лойиҳасини тайёрлашнинг бошқача тартиби назарда тутилган бўлмаса ёки шартнома лойиҳаси сотиб олувчи томонидан тақдим қилинган бўлмаса, маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи) бириктириш тўғрисидаги билдириш хатида кўрсатилган сотиб олувчига давлат буюртмачисидан билдириш хати олинган вақтдан бошлаб ўттиз кундан кечиктирмай давлат эҳтиёжлари учун товар етказиб бериш шартномасининг лойиҳасини йўллаши лозим.

Давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш шартномасининг лойиҳасини олган тараф кечи билан ўттиз кунлик муддатда уни имзолайди ва шартноманинг бир нусхасини иккинчи тарафга қайтаради, шартнома шартлари бўйича келишмовчиликлар бўлганда эса худди шу муддатда келишмовчиликлар баённомасини тузади ва уни имзоланган шартнома билан биргаликда бошқа тарафга юборади.

Давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш шартномасини келишмовчиликлар баённомаси билан олган тараф ўттиз кун ичида келишмовчиликларни кўриб чиқиши, шартнома шартларини бошқа тараф билан мувофиқлаштириш чораларини кўриши ва унга шартномани келишилган таҳрирда қабул қилиши ёки келишмовчиликлар баённомасини рад этиши ҳақида хабар бериши лозим. Манфаатдор тараф ҳал қилинмаган келишмовчиликларни ўттиз кунлик муддатда суд муҳокамасига топшириши мумкин.

Агар маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи) давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш шартномасини тузишдан бош тортса, сотиб олувчи маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи)ни сотиб олувчи ишлаб чиққан шартнома лойиҳаси шартларида шартнома тузишга мажбур қилиш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.



463-модда. Сотиб олувчининг давлат эҳтиёжлари учун товарлар

етказиб бериш шартномасини тузишдан бош тортиши

Сотиб олувчи бириктириш ҳақидаги билдириш хатида кўрсатилган товарлардан ҳамда уларни етказиб бериш шартномасини тузишдан тўлиқ ёки қисман бош тортиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолда маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи) бу ҳақда дарҳол давлат буюртмачисига маълум қилиши лозим ва давлат буюртмачисидан бошқа сотиб олувчини ўзига бириктириш тўғрисида билдириш хати беришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Давлат буюртмачиси маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи)нинг билдириш хатини олган кундан бошлаб кечи билан ўттиз кун ичида ё маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи)га бошқа сотиб олувчини бириктириш тўғрисида билдириш хати беради, ёки маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи)га товарларни ким олиши кўрсатилган жўнатиш разнарядкасини юборади, ёхуд товарларни қабул қилиш ва ҳақини тўлашга розилигини хабар қилади.

Давлат буюртмачиси ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган мажбуриятларини бажармаган тақдирда, маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи) ё давлат буюртмачисидан товарларни қабул қилиш ва ҳақини тўлашни талаб қилиш, ёки товарларни ўз ихтиёри билан реализация қилиб, товарларни реализация қилиш билан боғлиқ оқилона харажатларни давлат буюртмачисига юклаш ҳуқуқига эга.



464-модда. Давлат контрактининг бажарилиши ёки бекор

қилиниши муносабати билан етказилган зарарни қоплаш

Агар давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ёки давлат контрактида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, давлат контрактининг бажарилиши муносабати билан маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи)га етказилган зарар (ушбу Кодекс 459-моддасининг учинчи қисми) давлат контрактига мувофиқ товар топширилган кундан эътиборан кўпи билан ўттиз кун ичида давлат буюртмачиси томонидан қопланиши лозим.

Давлат контрактининг бажарилиши муносабати билан маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи)га етказилган зарар давлат контрактига биноан қопланмаган тақдирда маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи) давлат контрактини бажаришдан бош тортишга ва давлат контракти бекор қилинганлиги туфайли келиб чиққан зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича давлат контракти бекор қилинганида маҳсулот етказиб берувчи давлат эҳтиёжлари учун товар етказиб бериш шартномасини бажаришдан бош тортишга ҳақли. Маҳсулот етказиб берувчининг бундай бош тортиши туфайли сотиб олувчига етказилган зарар давлат буюртмачиси томонидан қопланади.


5-§. КОНТРАКТАЦИЯ


465-модда. Контрактация шартномаси

Контрактация шартномасига мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш ёки сотиш учун бундай маҳсулотни харид қиладиган шахсга - тайёрловчига шартлашилган муддатда топшириш (топшириб туриш) мажбуриятини олади, тайёрловчи эса бу маҳсулотни қабул қилиш (қабул қилиб туриш), унинг ҳақини шартлашилган муддатда белгиланган баҳода тўлаш (тўлаб туриш) мажбуриятини олади.

Агар ушбу Кодексда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса ёки у мажбурият моҳиятидан келиб чиқмаса, контрактация шартномасига нисбатан маҳсулот етказиб бериш шартномаси тўғрисидаги қоидалар, тегишли ҳолларда эса давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб беришга доир давлат контракти тўғрисидаги қоидалар қўлланади.


466-модда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчининг

мажбуриятлари

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи ўстирилган (ишлаб чиқарилган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотини тайёрловчига контрактация шартномасида назарда тутилган миқдор ва ассортиментда топшириши шарт.

Агар маҳсулот етиштирувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мажбуриятларини бажармаганлиги оқибатида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти контрактация шартномасида назарда тутилган миқдор ва ассортиментда олинмаслиги олдиндан маълум бўлиб қолса, тайёрловчи шартномани бекор қилишни ёки ўзгартиришни ва зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.


467-модда. Тайёрловчининг мажбуриятлари

Агар контрактация шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тайёрловчи етиштирувчи жойлашган ерда ундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қабул қилиши (қабул қилиб туриши) ва олиб кетишни таъминлаши (таъминлаб туриши) шарт.

Агар қишлоқ хўжалиги маҳсулоти тайёрловчи жойлашган ерда ёки у кўрсатган бошқа ерда қабул қилинса, тайёрловчи етиштирувчи томонидан контрактация шартномасига мувофиқ ва шартлашилган муддатда келтирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қабул қилишдан бош тортишга ҳақли эмас.

Тайёрловчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини олиб кетишни ёки қабул қилиб олишни таъминламаган тақдирда етиштирувчига қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг қийматини ва уни келтириш харажатларини тўлайди.

Контрактация шартномасига мувофиқ олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлайдиган тайёрловчи етиштирувчининг талабига кўра қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш чиқиндиларини тарафлар келишган нархда етиштирувчига қайтариши шарт.


6-§. ЭНЕРГИЯ ТАЪМИНОТИ


468-модда. Энергия таъминоти шартномаси

Энергия таъминоти шартномасига мувофиқ энергия билан таъминловчи ташкилот туташтирилган тармоқ орқали абонентга (истеъмолчига) энергия бериб туриш мажбуриятини олади, абонент эса қабул қилинган энергия ҳақини тўлаш, шунингдек шартномада назарда тутилган энергия истеъмол қилиш тартибига риоя этиш, тасарруфидаги энергетика шохобчаларидан фойдаланиш хавфсизлигини ҳамда ўзи фойдаланадиган энергия истеъмол қилувчи асбоб ва ускуналарнинг созлигини таъминлаш мажбуриятини олади.


469-модда. Энергия таъминоти шартномасини тузиш ва

муддатини узайтириш

Энергия таъминоти шартномаси энергия билан таъминловчи ташкилот тармоқларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уланган энергия қурилмаси, шунингдек энергия истеъмолини ҳисобга олиш ускуналари ва асбоблари мавжуд бўлган абонент билан тузилади.

Энергия таъминоти шартномасига мувофиқ энергиядан турмушда фойдаланадиган фуқаро абонент бўлган тақдирда, абонент тармоққа белгиланган тартибда амалда биринчи марта уланган пайтдан бошлаб у билан шартнома тузилган ҳисобланади.

Энергия таъминоти шартномасининг муддати тугагач, тарафлардан бири уни бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳақида ариза бермаса, у шартномада назарда тутилган муддатга ва шартларда узайтирилган ҳисобланади. Шартнома янги муддатга узайтирилганида унинг шартлари тарафлар келишувига биноан ўзгартирилиши мумкин.

Агар тарафлардан бири шартноманинг амал қилиш муддати тугашидан олдин янги шартнома тузиш ҳақида таклиф киритса, тарафларнинг ўзаро муносабатлари янги шартнома тузилгунга қадар аввал тузилган шартнома билан тартибга солиб турилади.


470-модда. Энергия миқдори

Энергия билан таъминловчи ташкилот туташтирилган тармоқ орқали абонентга энергия таъминоти шартномасида назарда тутилган миқдорда ва тарафлар келишган энергия бериш тартибига амал қилган ҳолда энергия бериши лозим. Энергия билан таъминловчи ташкилот берган ва абонент қабул қилган энергия миқдори ўлчов асбоблари кўрсаткичлари билан аниқланади.

Энергия таъминоти шартномасида абонентнинг ўзи қабул қиладиган энергиянинг шартномада белгиланган миқдорини энергия билан таъминловчи ташкилотнинг энергияни шартномада белгиланмаган миқдорда беришни таъминлаш билан боғлиқ харажатларини қоплаш шарти билан ўзгартириш ҳуқуқи назарда тутилиши мумкин.

Энергиядан турмушда фойдаланадиган фуқаро энергия таъминоти шартномасига мувофиқ абонент бўлган тақдирда у энергиядан ўзи учун зарур бўлган миқдорда фойдаланишга ҳақли.



471-модда. Энергия таъминоти шартномасининг энергия миқдори

тўғрисидаги шартини бузиш оқибатлари

Агар энергия билан таъминловчи ташкилот томонидан туташтирилган тармоқ орқали абонентга энергия таъминоти шартномасида назарда тутилгандан кам миқдорда энергия берилган бўлса, башарти қонун ҳужжатларида, шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки у мажбурият моҳиятидан келиб чиқмаса, ушбу Кодекснинг 399-моддасида назарда тутилган қоидалар қўлланади.



472-модда. Энергия сифати

Энергия билан таъминловчи ташкилот берадиган энергиянинг сифати стандартлаштириш бўйича қонун ҳужжатларида ёки энергия таъминоти шартномасида белгиланган талабларга жавоб бериши лозим.

Энергия билан таъминловчи ташкилот энергия сифатига қўйиладиган талабларни бузган тақдирда, агар қонун ҳужжатларида, энергия таъминоти шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки у мажбурият моҳиятидан келиб чиқмаса, ушбу Кодекснинг 408-моддасида назарда тутилган қоидалар қўлланади.



473-модда. Тармоқлар, асбоб ва ускуналарни сақлаш ва ишлатиш

бўйича абонентнинг мажбуриятлари

Абонент ишлатилаётган энергетика тармоқлари, асбоб ва ускуналарнинг зарур техникавий ҳолати ва хавфсизлигини таъминлаши, энергия ишлатишнинг белгиланган тартибига амал қилиши, шунингдек авариялар, ёнғинлар, энергияни ўлчаш асбобларидаги носозликлар ва энергиядан фойдаланиш пайтида келиб чиқадиган бошқа бузилишлар тўғрисида энергия билан таъминловчи ташкилотга дарҳол хабар бериши лозим.

Энергия таъминоти шартномасига мувофиқ энергиядан турмушда фойдаланадиган фуқаро абонент бўлган тақдирда, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, энергетика тармоқлари, шунингдек энергия истеъмолини ҳисобга олиш асбобларининг зарур техник ҳолати ва хавфсизлигини таъминлаш мажбурияти энергия билан таъминловчи ташкилот зиммасига юклатилади.

Энергетика тармоқлари, асбоб ва ускуналарнинг техник ҳолатига ва уларни ишлатишга қўйиладиган талаблар, шунингдек уларга риоя этилишини назорат қилиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


474-модда. Энергия ҳақини тўлаш

Агар қонун ҳужжатларида ёки энергия билан таъминлаш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, энергия ҳақи абонент амалда қабул қилган энергия миқдори учун тўланади, бу миқдор ушбу Кодекснинг 470-моддасига мувофиқ аниқланади.


475-модда. Абонент томонидан энергиянинг бошқа шахсга берилиши

Абонент энергия билан таъминловчи ташкилотдан туташтирилган тармоқ орқали қабул қилиб олган энергияни бошқа шахс (қўшимча абонент)га фақат энергия билан таъминловчи ташкилот розилиги билан бериши мумкин.

Агар қонун ҳужжатларида ёки энергия таъминоти шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, абонент томонидан энергияни қўшимча абонентга бериш шартномасига нисбатан ушбу параграф қоидалари қўлланади.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, энергияни қўшимча абонентга бериш чоғида абонент энергия билан таъминловчи ташкилот олдида жавобгар бўлиб қолаверади.



476-модда. Энергия таъминоти шартномасини ўзгартириш

ва бекор қилиш

Энергия беришдаги узилишларга, энергия беришни тўхтатиш ёки чеклашга тарафлар келишувига мувофиқ йўл қўйилади, абонентга қарашли энергетика қурилмаларининг қониқарсиз аҳволи авария хавфини келтириб чиқариши мумкинлиги ёки фуқаролар ҳаёти ва хавфсизлигига таҳдид туғдираётгани давлат энергетика назорати органи томонидан тасдиқланган ҳоллар бундан мустасно. Энергия билан таъминловчи ташкилот абонентни энергия беришдаги узилишлар, энергия беришни тўхтатиш ёки чеклаш тўғрисида огоҳлантириши лозим.

Абонент билан келишмасдан ва уни огоҳлантирмасдан, бироқ унга дарҳол хабар берган ҳолда энергия беришни вақтинча узиб қўйиш, тўхтатиш ёки чеклашга энергия билан таъминловчи ташкилот тизимида авариянинг олдини олиш ёки уни тугатиш учун кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриш зарур бўлган ҳолларда йўл қўйилади.

Энергия таъминоти шартномасига мувофиқ энергиядан турмушда фойдаланадиган фуқаро абонент бўлган тақдирда у энергия билан таъминловчи ташкилотга маълум қилиш ва фойдаланилган энергия ҳақини тўлиқ тўлаш шарти билан шартномани бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқига эга.

Энергия таъминоти шартномасига мувофиқ энергиядан турмушда фойдаланадиган фуқаро абонент бўлган тақдирда абонент ўзи фойдаланган энергия ҳақини тўламагани туфайли энергия билан таъминловчи ташкилот шартномани бажаришдан бир томонлама бош тортиш ҳуқуқига эга, бунда у шартномани бажаришдан бош тортишдан камида бир ой олдин абонентни бу ҳақда огоҳлантириши лозим.

Энергия таъминоти шартномасига мувофиқ юридик шахс абонент бўлган ҳолларда энергия билан таъминловчи ташкилот ушбу Кодекснинг 455-моддасида назарда тутилган асосларга кўра шартномани бажаришдан бир томонлама бош тортишга ҳақли, қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган ҳоллар бундан мустасно.



477-модда. Энергия таъминоти шартномаси бўйича жавобгарлик

Энергия таъминоти шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган ҳолларда, энергия билан таъминловчи ташкилот шу туфайли етказилган зарарнинг, абонент эса етказилган ҳақиқий зарарнинг ўрнини қоплаши шарт.

Агар энергия беришдаги узилишлар қувват ва энергия етишмаслиги сабабли энергия билан таъминловчи ташкилот томонидан қонун ҳужжатлари асосида истеъмолни тартибга солиш натижасида юз берган бўлса, энергия билан таъминловчи ташкилот айбдор бўлган тақдирдагина шартнома мажбуриятларини бажармагани ёки тегишли даражада бажармагани учун жавоб беради.


478-модда. Энергия таъминоти шартномаси қоидаларини

туташтирилган тармоқ орқали таъминлаш борасидаги

бошқа муносабатларга нисбатан қўллаш

Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, туташтирилган тармоқ орқали иссиқлик энергияси билан таъминлаш муносабатларига нисбатан ушбу параграф қоидалари қўлланади.

Агар қонун ҳужжатларида, шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки у мажбурият моҳиятидан келиб чиқмаса, туташтирилган тармоқ орқали газ, нефть ва нефть маҳсулотлари, сув ва бошқа товарлар билан таъминлаш муносабатларига нисбатан ушбу параграф қоидалари қўлланади.



7-§. КЎЧМАС МУЛКНИ СОТИШ


479-модда. Кўчмас мулкни сотиш шартномаси

Кўчмас мулкнинг олди-сотди шартномасига (кўчмас мулкни сотиш шартномасига) биноан сотувчи ер участкаси, бино, иншоот, квартира ёки бошқа кўчмас мулкни сотиб олувчига мулк қилиб топширишни (ушбу Кодекснинг 83-моддаси) ўз зиммасига олади.

Корхоналарни сотишга нисбатан, башарти корхонани сотиш шартномаси тўғрисидаги қоидаларда (ушбу Кодекснинг 489-496-моддалари) бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ушбу параграф қоидалари қўлланади.



480-модда. Кўчмас мулкни сотиш шартномасининг шакли

Кўчмас мулкни сотиш шартномаси тарафлар имзолаган ёзма шаклдаги битта ҳужжат тарзида тузилади (ушбу Кодекс 366-моддасининг тўртинчи қисми).

Кўчмас мулкни сотиш шартномасининг шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади.


481-модда. Кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи бошқа шахсга

ўтганлигини давлат рўйхатидан ўтказиш

Кўчмас мулкни сотиш шартномасига биноан кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқининг сотиб олувчига ўтганлиги давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтганлиги давлат рўйхатидан ўтказилгунга қадар тарафларнинг кўчмас мулкни сотиш шартномасини бажариши уларнинг учинчи шахслар билан муносабатларини ўзгартириши учун асос бўлмайди.

Агар тарафлардан бири кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтганлигини давлат рўйхатдан ўтказишдан бўйин товласа, бошқа тарафнинг талабига биноан суд мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтганлигини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор  чиқаришга ҳақли. Мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтганлигини давлат рўйхатидан ўтказишдан асоссиз равишда бўйин товлаётган тараф бошқа тарафнинг рўйхатдан ўтказиш кечикканлиги туфайли кўрган зарарини қоплаши шарт.


482-модда. Бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мулк сотилганида улар

жойлашган ер участкасига бўлган ҳуқуқ

Бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мулкни сотиш шартномасига биноан сотиб олувчига бундай кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини топшириш билан бир вақтда ушбу кўчмас мулк жойлашган ва ундан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкасининг муайян қисмига бўлган ҳуқуқлар ҳам топширилади.

Сотувчи сотилаётган кўчмас мулк жойлашган ер участкасининг мулкдори бўлган тақдирда сотиб олувчига ер участкасининг тегишли қисмига мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи ёхуд кўчмас мулкни сотиш шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқ берилади.

Агар шартномада кўчмас мулкни сотиб олувчига топшириладиган тегишли ер участкасига бўлган ҳуқуқ белгиланган бўлмаса, сотиб олувчига ер участкасининг кўчмас мулк жойлашган ва бу кўчмас мулкдан фойдаланиш учун зарур бўлган муайян қисмига мулк ҳуқуқи ўтади.

Сотувчига мулк ҳуқуқи асосида қарашли бўлмаган ер участкасида жойлашган кўчмас мулкни, агар бундай участкадан фойдаланишнинг қонун ёки шартномада белгиланган шартларига зид бўлмаса, ана шу ер участкаси мулкдорининг розилигисиз сотишга йўл қўйилади. Бундай кўчмас мулк сотилганида сотиб олувчи кўчмас мулкни сотаётган шахс ер участкасининг тегишли қисмидан қандай шартларда фойдаланган бўлса, ўша шартларда фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритади.


483-модда. Ер участкаси сотилганида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ

Сотувчига қарашли бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мулк жойлашган ер участкаси ана шу кўчмас мулкни сотиб олаётган шахсга мулк қилиб топширмаган ҳолда сотилса, ер участкасининг кўчмас мулк жойлашган ва кўчмас мулкдан фойдаланиш учун зарур бўлган қисмидан сотувчининг фойдаланиш ҳуқуқи сотиш шартномасида белгиланган шартларда сақлаб қолинади.

Агар ер участкасининг тегишли қисмидан фойдаланиш шартлари уни сотиш шартномаси билан белгиланган бўлмаса, сотувчи ер участкасининг кўчмас мулк жойлашган ва бу кўчмас мулкдан кўзланган мақсадларда фойдаланиш учун зарур бўлган қисмидан чекланган ҳолда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини сақлаб қолади.


484-модда. Кўчмас мулкни сотиш шартномасида шартнома

нарсасини белгилаш

Кўчмас мулкни сотиш шартномасида шартнома бўйича сотиб олувчига топширилиши лозим бўлган кўчмас мулкни аниқ белгилаш имконини берадиган маълумотлар, шу жумладан кўчмас мулк тегишли ер участкасида ёки бошқа кўчмас мулкнинг таркибида қандай жойлашганлигини белгилаш имконини берадиган маълумотлар кўрсатилган бўлиши шарт.

Шартномада бундай маълумотлар бўлмаса, бошқа шахсга топширилиши лозим бўлган кўчмас мулк тўғрисидаги шартни тарафлар ўзаро келишиб олмаган, тегишли шартнома эса тузилмаган ҳисобланади.


485-модда. Кўчмас мулкни сотиш шартномасида баҳо

Кўчмас мулкни сотиш шартномасида ана шу мулкнинг баҳоси назарда тутилган бўлиши лозим.

Шартномада тарафлар ёзма равишда келишган кўчмас мулкнинг баҳоси тўғрисидаги шарт бўлмаса, уни сотиш тўғрисидаги шартнома тузилмаган ҳисобланади. Бунда ушбу Кодекс 356-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган баҳо белгилаш қоидаси қўлланмайди.

Агар қонунда ёки кўчмас мулкни сотиш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ер участкасида жойлашган бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мулкнинг шартномада белгиланган баҳоси ана шу кўчмас мулк билан бирга топширилаётган ер участкаси тегишли қисмининг баҳосини ёки унга бўлган ҳуқуқни ўз ичига олади.

Кўчмас мулкни сотиш шартномасида кўчмас мулкнинг баҳоси унинг майдон бирлигига ёки бошқа миқдор кўрсаткичига қараб белгиланган бўлса, бундай кўчмас мулкнинг тўланиши лозим бўлган умумий баҳоси сотувчига топширилган кўчмас мулкнинг амалдаги миқдорига асосланган ҳолда белгиланади.


486-модда. Кўчмас мулкни топшириш

Кўчмас мулкнинг сотувчи томонидан топширилиши ва сотиб олувчи томонидан қабул қилиниши тарафлар имзолайдиган топшириш далолатномаси ёки топшириш тўғрисидаги бошқа ҳужжатга биноан амалга оширилади.

Агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотувчининг кўчмас мулкни сотиб олувчига топшириш мажбурияти бу мулк сотиб олувчига топширилганидан ва топшириш тўғрисидаги тегишли ҳужжатни тарафлар имзолаганидан кейин бажарилган ҳисобланади.

Тарафлардан бирининг кўчмас мулкни шартномада назарда тутилган шартларда топшириш тўғрисидаги ҳужжатни имзолашдан бўйин товлаши, тегишли равишда сотувчининг мулкни топшириш мажбуриятини бажаришдан, сотиб олувчининг эса мулкни қабул қилиб олиш мажбуриятини бажаришдан бош тортиши деб ҳисобланади.

Сотиб олувчининг кўчмас мулкни сотиш шартномасининг шартларига мос бўлмаган кўчмас мулкни қабул қилиб олиши, шу жумладан бундай мос келмаслик хусусида кўчмас мулкни топшириш тўғрисидаги ҳужжатда айтиб ўтилган ҳолларда ҳам, сотувчини шартномани тегишли даражада бажармаганлик учун жавобгарликдан озод қилиш учун асос бўлолмайди.



487-модда. Тегишли даражада сифатли бўлмаган кўчмас мулкни

топшириш оқибатлари

Агар сотувчи сотиб олувчига кўчмас мулкни сотиш шартномасининг кўчмас мулк сифати тўғрисидаги шартларига мос бўлмаган кўчмас мулкни топширса, ушбу Кодекс 434-моддасининг қоидалари қўлланилади, сотиб олувчининг тегишли даражада сифатли бўлмаган товарни тегишли даражада сифатли бўлган бошқа товарга алмаштириб беришни талаб қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги қоидалар бундан мустасно.



488-модда. Уй-жой биноларини сотишнинг хусусиятлари

Сотувчи сотиб олганидан кейин қонунга мувофиқ уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қоладиган шахслар яшаб турган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини сотиш шартномасининг муҳим шарти - бу шахсларнинг рўйхатини сотилаётган уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқлари кўрсатилган ҳолда тузишдан иборатдир.

Уйни, квартирани, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини сотиш шартномаси нотариал тартибда тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.


8-§. КОРХОНАНИ СОТИШ


489-модда. Корхонани сотиш шартномаси

Корхонани сотиш шартномасига мувофиқ сотувчи сотиб олувчига бутун корхонани мулкий мажмуа сифатида топшириш мажбуриятини олади, сотувчи бошқа шахсларга беришга ҳақли бўлмаган ҳуқуқ ва мажбуриятлар бундан мустасно.

Фирма номи, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва сотувчини ҳамда унинг маҳсулотини, у бажарадиган иш ёки кўрсатадиган хизматларни шахсийлаштирадиган бошқа воситалардан фойдаланиш ҳуқуқлари, агар корхонани сотиш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчига ўтади.

Сотувчининг тегишли фаолият билан шуғулланиши учун берилган махсус рухсатнома (лицензия) асосида олган ҳуқуқлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, корхонани сотиб олувчига берилмайди. Шартнома бўйича топшириладиган корхона таркибига махсус рухсатнома (лицензия)га эга бўлмагани туфайли сотиб олувчи бажара олмайдиган мажбуриятларни киритиш сотувчини кредиторлар олдидаги тегишли мажбуриятлардан озод қилмайди. Бундай мажбуриятларни бажармаганлик учун сотувчи ва сотиб олувчи кредиторлар олдида солидар жавобгар бўладилар.


490-модда. Корхонани сотиш шартномасининг шакли ва уни давлат

рўйхатидан ўтказиш

Корхонани сотиш шартномаси тарафлар имзолаган ёзма шаклдаги битта ҳужжат тарзида тузилиб, унга ушбу Кодекснинг 491-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар албатта илова қилинади ва у нотариал гувоҳлантирилиши ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Ваколатли давлат органининг қарорига биноан танлов (тендер) асосида тузиладиган корхонани сотиш шартномаси нотариал гувоҳлантирилиши шарт эмас, ушбу Кодекснинг 110-моддаси иккинчи қисмининг 2-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган талабларга риоя қилмаслик шартноманинг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади. Бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ҳисобланади, уни бажаришга йўл қўйилмайди ва унга нисбатан ушбу Кодекс 112-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар қўлланмайди.



491-модда. Сотиладиган корхона таркибини аниқлаш

ва қийматини баҳолаш

Сотиладиган корхона таркиби ва унинг қиймати корхонани сотиш шартномасида инвентаризациялашнинг белгиланган қоидаларига мувофиқ ўтказиладиган корхонани тўлиқ инвентаризациялаш асосида аниқланади.

Корхонани сотиш шартномаси имзолангунга қадар инвентаризация далолатномаси, бухгалтерия баланси, аудиторлик хулосасини, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни, шунингдек кредиторлар, улар қўяётган талаблар хусусияти, миқдори ва муддатлари кўрсатилган ҳолда корхона таркибига киритиладиган барча қарз (мажбурият)лар рўйхатини тарафлар тузган ва кўриб чиққан бўлиши керак. Номлари айтиб ўтилган ҳужжатларда кўрсатилган мол-мулк, ҳуқуқ ва мажбуриятлар, агар ушбу Кодекснинг 489-моддасидан бошқача тартиб келиб чиқмаса ҳамда у корхонани сотиш шартномасида белгиланган бўлмаса, сотувчи томонидан сотиб олувчига топширилиши лозим.


492-модда. Корхонани сотишда кредиторларнинг ҳуқуқлари

Сотиладиган корхона таркибига киритилган мажбуриятлар бўйича кредиторлар корхона сотиб олувчига топширилгунга қадар сотувчи томонидан унинг сотилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилинишлари лозим.

Қарзнинг бошқа шахсга ўтказилишига розилигини сотувчига ёзма равишда билдирмаган кредитор корхона сотилиши тўғрисида билдириш хати олган кундан бошлаб уч ой мобайнида ё мажбуриятни бажаришни тўхтатишни ёки муддатидан олдин бажаришни ва сотувчи томонидан зарар қопланишини, ё бўлмаса корхонани сотиш шартномасини бутунлай ёхуд унинг тегишли қисмини ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Корхонанинг сотилиши тўғрисида ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда хабардор қилинмаган кредитор сотувчи корхонани сотиб олувчига топширгани тўғрисида хабар топган ёки хабар топиши лозим бўлган кундан бошлаб бир йил мобайнида ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган талабларни қондириш ҳақида даъво қўзғатиши мумкин.

Корхона сотиб олувчига топширилганидан сўнг сотувчи ва сотиб олувчи топширилган корхона таркибига киритилган, сотиб олувчига кредиторнинг розилигисиз ўтказилган қарзлар бўйича солидар жавобгар бўладилар.


493-модда. Корхонани топшириш

Сотувчининг корхонани сотиб олувчига топшириши топшириш далолатномасига мувофиқ амалга оширилади, унда корхонанинг таркиби ва кредиторлар корхона сотилиши тўғрисида хабардор қилинганлиги, шунингдек топширилган мол-мулкда аниқланган камчиликлар ҳақида маълумотлар ва йўқолганлиги туфайли топшириш мажбуриятлари вужудга келиши мумкин бўлмайдиган мол-мулкнинг рўйхати кўрсатилади.

Корхонани топширишга тайёрлаш, шу жумладан топшириш далолатномасини тузиш ва имзолашга тақдим этиш, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотувчининг мажбурияти ҳисобланади ва унинг ҳисобидан амалга оширилади.

Иккала тараф топшириш далолатномасини имзолаган кундан бошлаб корхона сотиб олувчига топширилган ҳисобланади. Шу пайтдан бошлаб корхона таркибида топширилган мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан бузилиши хавфи сотиб олувчига ўтади.



494-модда. Корхонага мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши

Корхонага мулк ҳуқуқи бу ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб сотиб олувчига ўтади.

Сотиб олувчининг корхонага мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш, башарти корхонани сотиш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, корхона сотиб олувчига топширилганидан сўнг бевосита амалга оширилади.

Корхонани сотиш шартномасида корхона ҳақи тўлангунича ёки бошқа ҳолатлар юз бергунча сотувчининг сотиб олувчига топширилган корхонага мулк ҳуқуқи сақланиб қолиши назарда тутилган ҳолларда сотиб олувчи мулк ҳуқуқи ўзига ўтгунча топширилган корхона таркибига кирадиган мол-мулкни мулкий мажмуа сифатида корхона фаолиятини таъминлаш учун зарур даражада тасарруф қилишга, шунингдек ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақли бўлади.


495-модда. Корхонани камчиликлар билан топшириш

ва қабул қилиш оқибатлари

Топшириш далолатномаси бўйича сотувчи томонидан таркиби, шу жумладан топширилган мол-мулкининг сифати, корхонани сотиш шартномасида назарда тутилган талабга мувофиқ бўлмаган корхонанинг топширилиши ва сотиб олувчининг қабул қилиши оқибатлари, агар шартномадан бошқача тартиб келиб чиқмаса ва у ушбу модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган бўлмаса, ушбу Кодекснинг 393-395, 399, 402, 408, 412-моддаларида назарда тутилган қоидалар асосида аниқланади.

Корхона топшириш далолатномасига мувофиқ топширилган ва қабул қилинган бўлиб, унда корхонанинг аниқланган камчиликлари ва йўқотилган мол-мулки тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган тақдирда, агар корхонани сотиш шартномасида бундай ҳолларда бошқа талабларни қўйиш ҳуқуқи назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчи корхонанинг харид нархини тегишинча камайтиришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Сотиб олувчига корхона таркибида сотувчининг корхонани сотиш шартномасида ёки топшириш далолатномасида кўрсатилмаган қарзлари (мажбуриятлари) ҳам топширилган тақдирда, агар сотиб олувчи шартнома тузиш ва корхонани топшириш вақтида бундай қарз (мажбурият)лар борлигини билганини сотувчи исботламаса, сотиб олувчи харид нархини камайтиришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Сотувчи корхона таркибида топширилган мол-мулкдаги камчиликлар тўғрисида ёки топширилиши лозим бўлган айрим турдаги мол-мулкнинг бу таркибда йўқлиги тўғрисида сотиб олувчидан билдириш хати олган ҳолларда тегишли даражада сифатли бўлмаган мол-мулкни дарҳол алмаштириши ёки сотиб олувчига етишмаётган мол-мулкни бериши мумкин.

Агар корхонанинг сотувчи жавобгар бўлган камчиликлар туфайли корхонани сотиш шартномасида айтиб ўтилган мақсадлар учун яроқсизлиги ва бу камчиликлар ушбу Кодексга, қонун ҳужжатлари ёки шартномага мувофиқ белгиланган шартларда, тартиб ва муддатларда сотувчи томонидан бартараф қилинмаганлиги ёки бундай камчиликларни бартараф қилиб бўлмаслиги аниқланган бўлса, сотиб олувчи корхонани сотиш шартномасини бекор қилиш ёки ўзгартиришни ва тарафлар шартномага мувофиқ бажарганларини қайтаришни суд тартибида талаб қилиш ҳуқуқига эга.



496-модда. Корхонани сотиш шартномасига нисбатан битимларнинг

ҳақиқий эмаслиги оқибатлари ва шартномани ўзгартириш

ёки бекор қилиш тўғрисидаги қоидаларнинг қўлланилиши

Ушбу Кодекснинг битимларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатлари ва олди-сотди шартномасини ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги, шартнома бўйича бир ёки иккала тарафдан олинган нарсаларни қайтаришни ёки асл ҳолида ундиришни назарда тутадиган қоидалари, агар бундай оқибатлар сотувчи ва сотиб олувчининг кредиторларининг, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини жиддий бузмаса ва ушбу Кодекс 116-моддасининг қоидаларига зид келмаса, корхонани сотиш шартномасига нисбатан қўлланади.