язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қурилиш ва архитектура/ Қурилиш ва архитектура соҳасидаги бошқарув ва назорат/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.05.2018 й. 370-сон "Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

18.05.2018 й.

N 370



АРХИТЕКТУРА ВА ҚУРИЛИШ

СОҲАСИДА ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ

КЎРСАТИШНИНГ АЙРИМ МАЪМУРИЙ

РЕГЛАМЕНТЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сон Фармонига мувофиқ ҳамда архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари (кейинги ўринларда давлат хизматлари деб аталади) кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари ҳисоблансин:

давлат хизматлари кўрсатишда юридик ёки жисмоний шахсларнинг бевосита иштирок этишини талаб қиладиган тартиботлар сонини ҳамда уларни кўрсатиш муддатларини тубдан қисқартириш;

юридик ва жисмоний шахслардан бошқа давлат органлари ва ўзга ташкилотлардан олинадиган ҳужжатлар ва маълумотлар талаб қилинишини бекор қилиш;

давлат хизматлари кўрсатишда бюрократик тўсиқ ва ғовларга йўл қўймаслик мақсадида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида ўзаро яқин идоралараро электрон ҳамкорлик ўрнатиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолияти самарадорлигини, тезкорлигини ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш;

Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталини (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) давлат хизматлари кўрсатиш учун ягона ахборот майдончаси сифатида белгилаш.


2. Қуйидагилар тасдиқлансин:

Бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ;

Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 2-иловага мувофиқ;

Архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 3-иловага мувофиқ;

Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ҳамда бир вақтда объектнинг зилзилага бардошлилиги ва ёнғин хавфсизлиги бўйича лойиҳавий ечимларини экспертизадан ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 4-иловага мувофиқ;

Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш ҳақида хабарнома юбориш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 5-иловага мувофиқ;

Якка тартибда уй-жой қуришга (реконструкция қилишга) рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 6-иловага мувофиқ;

Қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 7-иловага мувофиқ.


3. Белгилансинки, ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентларга мувофиқ кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун юридик ва жисмоний шахслар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали мурожаат қиладилар.


4. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда давлат хизматлари кўрсатилишида иштирок этадиган бошқа давлат органлари:

ўн кун муддатда - давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг намунавий шакллари, бланкалари ишлаб чиқилишини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланишини;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда ҳудудий бўлинмалар, идоравий мансуб ташкилотлар ва давлат хизматлари кўрсатилишида иштирок этадиган бошқа тузилмаларнинг ЯИДХПга уланишини;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда 2018 йил мобайнида ҳар чоракда камида бир марта Давлат хизматлари марказларининг ходимлари иштирокида ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентларни амалда қўллашнинг самарадорлиги ва амалда қўлланилиши натижадорлиги даражасини оширишга йўналтирилган ўқув семинарлари ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминласинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартиботини жорий этсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги:

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг улар томонидан давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартиби бажарилиши юзасидан улар фаолияти устидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин;

ушбу қарор билан тасдиқланган давлат хизматлари кўрсатиш бўйича маъмурий регламентларнинг талабларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазоларни қўлласин.


7. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 январдаги 1-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2014 й., 1-сон, 1-модда) билан тасдиқланган Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 8-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 9-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


9. Вазирликлар ва идоралар ўзлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


10. Белгилаб қўйилсинки, давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги раҳбарлари ушбу қарорда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                              А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 18 майдаги

370-сон қарорига

8-ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 январдаги

1-сон қарори билан тасдиқланган Кўчмас мулкка

бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни

давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги

низомга киритилаётган ўзгартиришлар


1. 5-банднинг ўн тўртинчи хатбошидаги "давлат комиссияси томонидан фойдаланишга қабул қилинмаган ва уларни қабул қилиш далолатномаси тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан тасдиқланмаган" сўзлари "қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бинолар ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси асосида фойдаланишга қабул қилинмаган" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. 42-банднинг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бинолар ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси".


3. 66-банднинг иккинчи-тўртинчи хатбошилари чиқариб ташлансин.






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 18 майдаги

370-сон қарорига

9-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини

йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари

РЎЙХАТИ


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги 272-сон қарори билан тасдиқланган Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги низомнинг IV-бўлими ва 28-31-бандлари (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2006 й., 12-сон, 97-модда).


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат хизматлари марказлари томонидан якка тартибда уй-жой қуриш (реконструкция қилиш)ни амалга оширишга рухсатномаларни расмийлаштириш, лойиҳаларни ваколатли органларда бир жойнинг ўзида келишиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2009 йил 2 июлдаги 184-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2009 й., 7-сон, 53-модда).


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиботлари ва давлат назорати тизимини такомиллаштириш тўғрисида" 2011 йил 29 июлдаги 222-сон қарорига 4-илованинг 5-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2011 й. 7-сон, 67-модда).


4. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкалари бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг IV-бўлими (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2013 й., 2-сон, 13-модда), шунингдек, унга 3 ва 4-иловалар.


5. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 2014 йил 7 январдаги 1-сон қарори)" 2014 йил 3 июндаги 138-сон қарорининг 11-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2014 й. 6-сон, 56-модда).


6. Вазирлар Маҳкамасининг "Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида ер участкалари бериш тартиботларини ва қурилиш учун рухсатномалар олиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2015 йил 7 октябрдаги 285-сон қарори 3-бандининг учинчи хатбоши (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2015 й. 10-сон, 89-модда) ва унга 2-илова.


7. Вазирлар Маҳкамасининг "Шаҳарсозлик фаолияти ва қишлоқ хўжалигидан бошқа эҳтиёжлар учун ер участкалари беришнинг, бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни (фасадини таъмирлашни) келишишнинг, шунингдек объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга, турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсатномалар беришнинг умумий белгиланган тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2016 йил 9 мартдаги 70-сон қарори 1-бандининг иккинчи ва учинчи хатбошилари (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2016 й. 3-сон, 17-модда), унга 1, 2-иловалар ва 4-илованинг 3-банди.


8. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳудудий давлат бошқаруви органлари тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида" 2016 йил 24 февралдаги ПҚ-2497-сон қарори)" 2016 йил 4 майдаги 138-сон қарорига 1-илова 7-бандининг "а" кичик банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2016 й. 5-сон, 36-модда).


9. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2017 йил 1 февралдаги ПҚ-2750-сон қарори)" 2017 йил 1 майдаги 252-сон қарорининг 10-банди ва унга 1-илова 20-бандининг "а" кичик банди.


10. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 31 майдаги ПФ-5065-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 31 майдаги ПҚ-3024-сон қарори)" 2017 йил 29 августдаги 679-сон қарорининг 10-банди ва унга илованинг 26-банди "а" ва "б" кичик бандлари.


11. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 12 декабрдаги ПҚ-3430-сон қарори)" 2018 йил 22 январдаги 40-сон қарорининг 7-банди ва унга илованинг 16-банди "а" ва "б" кичик бандлари.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 24 май