ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти / Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари / БҲХС (IFRS) /

(IFRS) 4 "Суғурта шартномалари" Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 30-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

30-ИЛОВА



МОЛИЯВИЙ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IFRS) 4 "СУҒУРТА ШАРТНОМАЛАРИ"



Мақсад


1. Мазкур МҲХСнинг мақсади, Кенгаш суғурта шартномалари бўйича ўз лойиҳасининг иккинчи босқичини якунлагунига қадар амалда бўладиган, суғурта шартномаларини тузувчи ташкилот (мазкур МҲХСда суғурталовчи деб изоҳланган) томонидан бундай суғурта шартномалари бўйича молиявий ҳисобот тақдим этиш тартибини белгилашдан иборат. Хусусан, мазкур МҲХС қуйидагиларни талаб этади:

(а) суғурталовчилар томонидан суғурта шартномалари бўйича бухгалтерия ҳисобини чекланган даражада такомиллаштиришларни.

(б) суғурталовчининг молиявий ҳисоботида суғурта шартномалари натижасида юзага келадиган миқдорларни аниқлайдиган ва тушунтирадиган ҳамда ушбу молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларга суғурта шартномалари бўйича юзага келадиган келгуси пул оқимларининг миқдори, муддати ва ноаниқликларини тушунишга ёрдам берадиган маълумотларни ёритиб беришни.



Қўллаш доираси


2. Ташкилот мазкур МҲХСни қуйидагиларга нисбатан қўллаши лозим:

(а) суғурталовчи сифатида ўзи тузадиган суғурта шартномаларига (қайта суғурталаш шартномаларини ўз ичига олган ҳолда) ва қайта суғурталанувчи сифатида тузган қайта суғурталаш шартномаларига;

(б) ихтиёрий иштирок этиш шарти билан чиқариладиган молиявий инструментларга (35-бандга қаранг). 7-сон МҲХС "Молиявий инструментлар: маълумотларни ёритиб бериш" молиявий инструментларни, шу жумладан шундай шартларни ўз ичига олган молиявий инструментлар тўғрисидаги маълумотларни ёритиб беришни талаб этади.


3. Мазкур МҲХС суғурталовчилар бухгалтерия ҳисобининг бошқа жиҳатларини, хусусан, суғурталовчилар томонидан эгалик қилинадиган молиявий активлар ва суғурталовчи томонидан чиқариладиган молиявий мажбуриятлар ҳисоби кабиларни (32-сон БҲХС "Молиявий инструментлар: маълумотларни тақдим этиш", 7-сон МҲХС ва 9-сон МҲХС "Молиявий инструментлар"га қаранг) кўриб чиқмайди, бундан қуйидагилар мустасно:

(а) 20А-банд белгиланган мезонларга жавоб берадиган суғурталовчиларга 9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинча озод қилишга рухсат беради;

(б) 35Б-банд суғурталовчиларга белгиланган молиявий активларга нисбатан ўрнига қўйиш ёндашувини қўллашга рухсат беради; ва

(в) 45-банд суғурталовчиларга муайян ҳолатларда ўзларининг молиявий активлари бир қисмини ёки барчасини, ушбу активлар фойда ёки зарарлар орқали ҳаққоний қийматда баҳоланиши учун қайта таснифлашга рухсат беради.


4. Ташкилот мазкур МҲХСни қуйидагиларга нисбатан қўлламаслиги лозим:

(а) бевосита ишлаб чиқарувчи, дилер ёки чакана савдо ташкилот томонидан маҳсулотга бериладиган кафолатлар (15-сон МҲХС "Харидорлар билан шартномалар бўйича тушум" ва 37-сон БҲХС "Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар"га қаранг).

(б) Ходимларнинг даромадлари дастурлари бўйича иш берувчиларнинг активлари ва мажбуриятлари (19-сон БҲХС "Ходимларнинг даромадлари" ва 2-сон МҲХС "Акцияга асосланган тўлов"га қаранг) ва белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурлари орқали ҳисоботда кўрсатилган пенсия тўловлари бўйича жавобгарликлар (26-сон БҲХС "Пенсия дастурлари бўйича бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи"га қаранг).

(в) номолиявий объектдан (масалан, баъзи лицензия тўловлари, роялти, ўзгарувчан ижара тўловлари ва шунга ўхшаш объектлар) келгусида фойдаланишга ёки улардан фойдаланиш ҳуқуқига боғлиқ шартномавий ҳуқуқлари ёки шартномавий мажбуриятлари, шунингдек ижарачининг ижарага бириктирилган тугатиш қиймати кафолати (16-сон МҲХС "Ижара", 15-сон МҲХС "Харидорлар билан шартномалар бўйича тушум" ва 38-сон БҲХС "Номоддий активлар"га қаранг).

(г) молиявий кафолат шартномаларини тузувчи ташкилот илгари бундай шартномаларни суғурта шартномалари деб ҳисоблашни ошкора тасдиқлаган ва суғурта шартномаларига тегишли ҳисобга олиш тартибидан фойдаланган ва натижада эмитент бундай молиявий кафолат шартномаларига 32-сон БҲХС, 7-сон МҲХС ва 9-сон МҲХСни ёки мазкур МҲХСни қўллашни танлаши мумкин бўлган ҳолатларни истисно қилган ҳолда молиявий кафолат шартномалари. Эмитент бундай танловни шартномалар бўйича амалга ошириши мумкин, лекин ҳар бир шартнома бўйича танлов кейинчалик ўзгартирилмайди.

(д) бизнес бирлашувида тўланадиган ёки олинадиган шартли товонга (3-сон МҲХС "Бизнес бирлашувлари"га қаранг).

(е) ташкилот эгалик қиладиган бевосита суғурта шартномаларига (яъни ташкилот суғурталанувчи бўлган бевосита суғурта шартномалари). Лекин, цедент мазкур МҲХСни ўзи эгалик қиладиган қайта суғурталаш шартномаларига нисбатан қўллаши лозим.


5. Тушунишга осон бўлиши учун мазкур МҲХС суғурта шартномасини тузувчи юридик ёки назорат мақсадиларида суғурталовчи ҳисобланишидан қатъий назар суғурта шартномасини тузувчи ташкилотни суғурталовчи сифатида тавсифлайди. 3(а)-3(б), 20А-20П, 35Б-35М, 39Б-39Л ва 46-49-бандлардаги суғурталовчига барча ҳаволалар ихтиёрий иштирок этиш шартига эга молиявий инструмент эмитентига ҳам тегишли деб қараш лозим.


6. Қайта суғурталаш шартномаси суғурта шартномасининг бир тури ҳисобланади. Ўз навбатида, мазкур МҲХСдаги суғурта шартномаларига оид барча ҳаволалар қайта суғурталаш шартномаларига ҳам қўлланади.



Бириктирилган деривативлар


7. 9-сон МҲХС ташкилотдан баъзи бириктирилган деривативларни ўзларининг асосий шартномаларидан ажратишни, уларни ҳаққоний қийматда баҳолашни ва уларнинг ҳаққоний қийматидаги ўзгаришларни фойда ёки зарарлар таркибига киритишни талаб қилади. Агар бириктирилган дериватив ўзи суғурта шартномаси бўлмаса, суғурта шартномасига бириктирилган деривативларга нисбатан 9-сон МҲХС қўлланади.


8. 9-сон МҲХС талабларидан истисно тариқасида, суғурталовчи суғурталанувчининг қатъий белгиланган сумма эвазига (ёки қатъий белгиланган сумма ва фоиз ставкасига асосланган суммага) суғурта шартномасини рад этиш ҳуқуқини берадиган опционни, ҳаттоки агар ушбу опционнинг фойдаланиш нархи асосий шартнома бўйича суғурта мажбуриятининг баланс қийматидан фарқ қилса ҳам, ажратиши ва ҳаққоний қийматда баҳолаши талаб этилмайди. Лекин, агар рад этиш натижасида қайтариб олинадиган қиймат молиявий ўзгарувчидаги (масалан акция ёки товар нархи ёки индекси) ёки шартномада кўрсатилган томонга хос бўлмаган номолиявий ўзгарувчидаги ўзгаришга мос ўзгарса, 9-сон МҲХСдаги талаблар суғурта шартномасига бириктирилган "пут" опциони ёки пул маблағи эвазига бекор қилиш опционига нисбатан қўлланади. Бундан ташқари, агар бундай ўзгарувчидаги (масалан, фонд биржаси индекси муайян даражага етганда фойдаланиладиган "пут опциони") ўзгариш орқали суғурталанувчининг "пут" опционини ёки пул маблағи эвазига бекор қилиш опционини амалга ошириш имконияти ошса ҳам, ушбу талаблар қўлланади.


9. 8-банд ихтиёрий иштирок этиш шартини ўз ичига оладиган молиявий инструментни рад этиш ҳуқуқини берувчи опционларга нисбатан ҳам тенг равишда қўлланади.



Депозит компонентларини ажратиш


10. Баъзи суғурта шартномалари суғурта компонентларини ҳам, депозит компонентларини ҳам ўз ичига олиши мумкин. Баъзи ҳолатларда, суғурталовчидан қуйидаги компонентларни ажратиши талаб қилинади ёки рухсат этилади:

(а) агар қуйидаги шартларнинг ҳар иккиси бажарилса, компонентларни ажратиш талаб этилади:

(i) суғурталовчи депозит компонентини (ҳар қандай бириктирилган рад этиш опционларини ўз ичига олган ҳолда) алоҳида баҳолай олса (яъни суғурта компонентини инобатга олмасдан).

(ii) суғурталовчининг ҳисоб сиёсати бошқача тарзда депозит компонентидан юзага келадиган барча мажбуриятлар ва ҳуқуқларни тан олишни талаб этмаса.

(б) суғурталовчи депозит компонентини (а)(i) кичик банддаги каби алоҳида баҳолай олса, лекин унинг ҳисоб сиёсати депозит компонентидан юзага келадиган барча мажбуриятлар ва ҳуқуқларни тан олишни талаб қилса, ушбу ҳуқуқлар ва мажбуриятларни баҳолашда фойдаланилган усулдан қатъий назар, ажратишга рухсат этилади.

(в) суғурталовчи депозит компонентини (а)(i) кичик бандидаги каби алоҳида баҳолай олмаса, компонентни ажратиш тақиқланади.


11. Қуйида суғурталовчининг ҳисоб сиёсати ундан депозит компонентидан юзага келадиган барча мажбуриятларни тан олишни талаб этмайдиган ҳолатга мисол келтирилган. Цедент қайта суғурталовчидан зарарлар учун компенсация олади, лекин шартнома цедентга компенсацияни келгуси йилларда қайтариб тўлаш мажбуриятини юклайди. Ушбу мажбурият депозит компонентидан келиб чиқади. Агар цедентнинг ҳисоб сиёсати юзага келадиган мажбуриятни тан олмасдан компенсацияни даромад сифатида тан олишга бошқача тарзда рухсат берса, компонентни ажратиш талаб этилади.


12. Шартномани ажратиш учун, суғурталовчи:

(а) суғурта компонентига нисбатан мазкур МҲХСни қўллаши лозим.

(б) депозит компонентига нисбатан 9-сон МҲХСни қўллаши лозим.



Тан олиш ва баҳолаш


Баъзи бошқа МҲХСни қўллашдан

вақтинча озод қилиш


13. Агар бирор моддага нисбатан ҳеч қандай МҲХС қўлланмаса, ташкилот томонидан ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқишда фойдаланадиган мезонлар 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"нинг 10-12-бандларида белгиланган. Лекин, мазкур МҲХС суғурталовчини қуйидагилар бўйича ўз ҳисоб сиёсатига нисбатан ушбу мезонларни қўллашдан озод қилади:

(а) суғурталовчи сифатида тузадиган суғурта шартномалари (шунингдек, 31 ва 32 бандларда тавсифланганидек, тегишли аквизиция сарфлари ва тегишли номоддий активлар); ва

(б) қайта суғурталанувчи сифатида тузган қайта суғурталаш шартномалари.


14. Шунга қарамасдан, мазкур МҲХС суғурталовчини 8-сон БҲХСнинг 10-12 бандларидаги мезонларнинг баъзи оқибатларидан озод қилмайди. Хусусан, суғурталовчи:

(а) эҳтимолий келгуси даъволар буйича, агар ушбу даъволар ҳисобот даври охирида мавжуд бўлмаган суғурта шартномаларидан юзага келса (масалан фалокатлар резервлари ва барқарорлаштирувчи резервлари), ҳар қандай резервларни мажбурият сифатида тан олмаслиги лозим.

(б) 15-19-бандларда тавсифланган мажбурият монандлиги тестини амалга ошириши лозим.

(в) суғурта мажбуриятини (ёки суғурта мажбурияти бир қисмини) фақат ва фақат у сўндирилганда, яъни шартномада белгиланган жавобгарлик бажарилганда ёки бекор қилинганда ёки унинг бажариш муддати тугатилганда, ўзининг молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботидан чиқариб ташлаши лозим.

(г) қуйидагиларни ўзаро ҳисоб-китоб қилмаслиги лозим:

(i) қайта суғурталаш активларини тегишли суғурта мажбуриятлари билан; ёки

(ii) қайта суғурталаш шартномалари бўйича даромад ёки харажатларни тегишли суғурта шартномалари бўйича харажатлар ёки даромадлар билан.

(д) қайта суғурталаш активларининг қадрсизланган ёки йўқлигини инобатга олиши лозим (20-бандга қаранг).



Мажбурият монандлиги тести


15. Суғурталовчи ҳар бир ҳисобот даврининг охирида суғурта шартномалари бўйича келгуси пул оқимларининг жорий ҳисоб баҳоларидан фойдаланган ҳолда, тан олинган суғурта мажбуриятларининг монандлигини баҳолаши лозим. Агар ушбу баҳолаш суғурта мажбуриятларининг баланс қиймати (31 ва 32 бандларда муҳокама қилингани каби тегишли кечиктирилган аквизиция сарфлари ва тегишли номоддий активларни чегириб ташлаган ҳолда) баҳоланган келгуси пул оқимларига монанд эмаслигини кўрсатса, умумий фарқ суммаси фойда ёки зарарда тан олинади.


16. Агар суғурталовчи белгиланган минимал талабларга жавоб берадиган мажбурият монандлиги тестини қўлласа, мазкур МҲХС бошқа қўшимча талабларни қўймайди. Бундай минимал талаблар қуйидагилардан иборат:

(а) Тест барча шартномавий пул оқимлари ва даъволарни кўриб чиқиш сарфлари каби тегишли пул оқимлари, шунингдек бириктирилган опционлар ва кафолатлар натижасида юзага келадиган пул оқимларининг жорий ҳисоб баҳоларини инобатга олиши лозим.

(б) Агар тест тан олинган мажбуриятнинг монанд эмаслигини кўрсатса, умумий фарқ суммаси фойда ёки зарарда тан олинади.


17. Агар суғурталовчининг ҳисоб сиёсати 16-банддаги минимал талабларга жавоб берадиган мажбурият монандлиги тестини талаб қилмаса, суғурталовчи:

(а) қуйидагиларнинг баланс қийматини чегириб ташлаган ҳолда тегишли суғурта мажбуриятларининг(1) баланс қийматини аниқлаши:

(i) ҳар қандай аквизиция сарфлари; ва

(ii) бизнес бирлашуви ёки портфелни ўтказиш натижасида харид қилинган ҳар қандай тегишли номоддий активлар (31 ва 32-бандларга қаранг). Лекин, тегишли қайта суғурталаш активлари ҳисобга олинмайди, чунки суғурталовчи уларни алоҳида ҳисобга олади (20-бандга қаранг).

(б) (а) бандда кўрсатилган сумманинг тегишли суғурта мажбуриятлари 37-сон БҲХСнинг қўллаш доирасида бўлган тақдирда талаб қилинадиган баланс қийматидан камлигини аниқлаши лозим. Агар у кам бўлса, суғурталовчи умумий фарқни фойда ёки зарарда тан олиши ва тегишли кечиктирилган аквизиция сарфларининг ёки тегишли номоддий активларнинг баланс қийматини камайтириши ёки тегишли суғурта мажбуриятларининг баланс қийматини ошириши лозим.


18. Агар суғурталовчининг мажбурият монандлиги тести 16-банднинг минимал талабларига жавоб берса, ушбу тест унда белгиланган жамлаш даражасида қўлланади. Агар унинг мажбурият монандлиги тести ушбу минимал талабларга жавоб бермаса, 17-бандда тавсифланган қиёслаш бир-бирига ўхшаш рискларга эга ва ягона портфел сифатида биргаликда бошқариладиган шартномалар портфели даражасида амалга оширилади.


19. 17(б) бандда тавсифланган сумма (яъни 37-сон БҲХСни қўллаш натижаси), фақат ва фақат 17(а) бандда тавсифланган сумма ҳам ўша маржаларни акс эттирса келгуси инвестиция маржаларини акс эттириши лозим (27-29 бандларга қаранг).



Қайта суғурталаш активларининг қадрсизланиши


20. Агар цедентнинг қайта суғурталаш активи қадрсизланган бўлса, цедент унинг баланс қийматини мос равишда камайтириши ва бу қадрсизланишдан зарарни фойда ёки зарарда тан олиши лозим. Қайта суғурталаш активи, фақат ва фақат қуйидаги ҳолатларда қадрсизланган ҳисобланади:

(а) қайта суғурталаш активини дастлабки тан олишдан кейин содир бўлган ҳодиса натижасида, цедент шартнома шартларига асосан унга тегишли бўлган барча суммаларни ололмаслиги тўғрисида объектив далиллар мавжуд бўлса; ва

(б) ушбу ҳодиса цедент қайта суғурталовчидан оладиган суммаларга ишончли тарзда баҳоланадиган таъсирга эга бўлса.



9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинча озод қилиш


20А. 9-сон МҲХС молиявий инструментларни ҳисобга олиш масалаларига бағишланган ва 2018 йил 1 январдан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун амал қилади. Лекин, 20Б-банддаги мезонларга жавоб берадиган суғурталовчи учун мазкур МҲХС суғурталовчига 2021 йил 1 январдан олдин бошланадиган йиллик даврлар учун 9-сон МҲХСнинг ўрнига 39-сон БҲХС "Молиявий инструментлар: тан олиш ва баҳолаш"ни қўллашига рухсат берадиган, лекин талаб қилмайдиган вақтинчалик озод қилишни назарда тутади. 9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинчалик озод қилишни қўллайдиган суғурталовчи:

(а) мазкур МҲХСнинг 39Б-39И бандларида ёритиб берилиши талаб этилган маълумотларни таъминлаш учун зарур бўлган 9-сон МҲХС талабларидан фойдаланиши лозим; ва

(б) молиявий инструментларга мазкур МҲХСнинг 20А-20П, 39Б-39И ва 46-47-бандларида тавсифланган ҳоллардан ташқари, бошқа барча қўлланадиган МҲХСни қўллаши лозим.


20Б. Суғурталовчи фақат ва фақат қуйидаги ҳолатларда 9-сон МҲХСни вақтинча қўллашдан озод қилишни қўллаши мумкин:

(a) илгари 9-сон МҲХСнинг(2) 5.7.1(в), 5.7.7-5.7.9, 7.2.14 ва Б5.7.5-Б5.7.20 бандларидаги фойда ёки зарарлар орқали ҳаққоний қийматда белгиланган молиявий мажбуриятлар бўйича фойда ва зарарларни тақдим этиш талабларидан ташқари хеч қандай таҳририни қўлламаган ҳолатда; ва

(б) унинг фаолияти асосан суғурта билан боғлиқ бўлиб, 20-бандда тавсифланганидек, 2016 йил 1 апрелдан олдинги давр учун дарҳол йиллик ҳисобот кунида ёки 20Ё-бандда кўрсатилган кейинги йиллик ҳисобот кунида.


20В. 9-сон МҲХСни вақтинча қўллашдан озод қилишдан фойдаланган суғурталовчи ўз танловига кўра 9-сон МҲХСнинг 5.7.1(в), 5.7.7-5.7.9, 7.2.14 ва Б5.7.5-Б5.7.20-бандларидаги талабларни фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳоланадиган молиявий мажбуриятлар бўйича фойда ва зарарларни акс эттиришга нисбатан қўллаши мумкин. Агар суғурталовчи ушбу талабларни қўллашни танласа, у 9-сон МҲХСга тегишли ўтиш қоидаларини қўллаши лозим, ушбу талабларни қўллаганлиги фактини доимий равишда ёритиб беради ва 7-сон МҲХСнинг 10-11-бандларида кўрсатилган тегишли маълумотларни доимий равишда ёритиб беради (9-сон МҲХСга киритилган ўзгаришлар (2010 йилдаги таҳрири)).


20Г. Суғурталовчининг фаолияти фақат ва фақат қуйидаги ҳолатларда устувор тарзда суғурта билан боғлиқ ҳисобланади:

(а) мазкур МҲХСни қўллаш доирасидаги шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг, бунга мазкур МҲХСнинг 7-12-бандларига мувофиқ суғурта шартномаларидан ажратилган ҳар қандай депозит компонентлари ёки бириктирилган деривативларни ўз ичига олган ҳолдаги, баланс қиймати, унинг жами мажбуриятларининг баланс қиймати билан солиштирилганда аҳамиятли бўлса; ва

(б) суғурталаш билан боғлиқ барча мажбуриятлари (20Д-бандга қаранг) баланс қийматининг унинг жами мажбуриятларининг умумий баланс қийматига нисбатан улуши қуйидагиларни ташкил этади:

(i) 90 фоиздан юқори; ёки

(ii) 90 фоиздан кам ёки унга тенг, лекин 80 фоиздан юқори ва шу билан биргаликда суғурталовчи суғурта билан боғлиқ бўлмаган муҳим фаолият билан шуғулланмайди (20Е бандга қаранг).


20Д. 20Г(б) кичик бандини қўллаш мақсадида суғурта билан боғлиқ мажбуриятлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

(а) 20Г(а) кичик бандида тавсифланганидек, мазкур МҲХС доирасидаги шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятлар;

(б) 39-сон БҲХС қўлланадиган фойда ёки зарарлар орқали ҳаққоний қийматда баҳоланадиган дериватив бўлмаган инвестиция шартномаси мажбуриятлари (шу жумладан суғурталовчи фойда ва зарар тўғрисида маълумот тақдим этиш учун 9-сон МҲХС талабларини қўллаган ҳолдаги фойда ёки зарарлар орқали ҳаққоний қийматда белгиланган мажбуриятлар) (20Б(а) ва 20В бандларга қаранг); ва

(в) суғурталовчининг (а) ва (б) кичик бандларда келтирилган шартномаларни тузиши натижасида ёки ундан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариши сабабли юзага келадиган мажбуриятлар. Бундай мажбуриятларга шундай шартномалар ҳамда шу шартномалар таъминлайдиган активлар билан боғлиқ рискларни камайтириш учун фойдаланиладиган дериватив инструментлар, шундай шартномалар билан асосланадиган мажбуриятлар бўйича вақтинчалик фарқларга нисбатан кечиктирилган солиқ мажбуриятлари каби тегишли солиқ мажбуриятлари ҳамда суғурталовчининг тартибга соладиган капитали таркибиги киритиладиган чиқарилган қарз инструментлари мисол бўлади.


20Е. Суғурталовчи 20Г(б)(ii) кичик бандини қўллаш мақсадида унинг суғурта билан боғлиқ бўлмаган аҳамиятли фаолият билан шуғулланишини баҳолашда суғурталовчи қуйидагиларни кўриб чиқиши лозим:

(а) фақат даромад олиш ва харажатларни талаб қилиши мумкин бўлган фаолият турлари; ва

(б) миқдорий ёки сифат омиллари (ёки ҳар иккиси), шу жумладан, молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар суғурталовчига мурожаат қиладиган тармоқ таснифи каби оммавий маълумот.


20Ё. 20Б(б) кичик банди ташкилотдан 2016 йил 1 апрелдан кейин келувчи ҳисобот йилида 9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинча озод қилиш ҳуқуқига эга ёки йўқлигини баҳолашни талаб қилади. Ушбу санадан кейин:

(а) илгари 9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинча озод қилиш ҳуқуқига эга бўлган ташкилот, кейинги йиллик ҳисобот санасида, асосан, суғурта фаолияти билан боғлиқлигини, фақат ва фақат 20Ж-20З бандларда тавсифланганидек, ташкилот фаолиятида ўзгаришлар шу санада тугаган йиллик давр мобайнида юз берган бўлса, қайта кўриб чиқиши лозим.

(б) илгари 9-сон МҲХС қўллашдан вақтинча озод қилишни қўллашга муносиб бўлмаган ташкилотга, агар унинг фаолияти 2018 йил 31-декабргача бўлган кейинги йиллик ҳисобот санасида асосан суғурта билан боғлиқлигини, фақат ва фақат 20Ж-20З бандларда тавсифланганидек, ташкилот фаолиятида ўзгаришлар шу санада тугаган йиллик давр мобайнида юз берган бўлса, қайта кўриб чиқишга рухсат берилади.


20Ж. 20Ё-бандни қўллаш мақсадида ташкилотнинг фаолиятидаги ўзгариш қуйидагиларни акс эттирадиган ўзгариш ҳисобланади:

(а) ташқи ёки ички ўзгаришлар натижасида ташкилотнинг юқори раҳбарияти томонидан аниқланадиган;

(б) ташкилотнинг фаолиятига нисбатан аҳамиятли ҳисобланадиган; ва

(в) ташқи томонлар учун намойиш этиладиган.

Шунга кўра, бундай ўзгариш фақат ташкилот ўз фаолияти учун муҳим бўлган фаолиятни амалга оширишни бошлаган ёки тўхтатган ёки унинг фаолиятларидан бирининг ҳажмини аҳамиятли даражада ўзгартирган пайтда содир бўлади; масалан, ташкилот муайян бизнес йўналишини харид қилганда, ҳисобдан чиқарганда ёки тугатганда.


20З. 20Ж-бандда тавсифланганидек, ташкилотнинг фаолиятидаги ўзгариш жуда камдан-кам ҳолат бўлиши кутилади. Қуйидаги ҳолатлар 20Ё-бандни қўллаш мақсадида ташкилот фаолиятидаги ўзгаришлар ҳисобланмайди:

(а) ташкилот даромад оладиган ва харажатларни амалга оширадиган фаолиятга таъсир кўрсатмайдиган молиялаштириш тузилмасидаги ўзгариш.

(б) ҳатто активлари ва мажбуриятлари 5-сон МҲХС "Сотиш учун мўлжалланган узоқ муддатли активлар ва тугатилган фаолият"ни қўллаган ҳолда сотиш учун мўлжалланган деб таснифланса ҳам, ташкилотнинг бирор бизнес йўналишини сотиш режаси. Бизнес йўналишини сотиш режаси ташкилот фаолиятини ўзгартириши ва келгусида қайта баҳолашга олиб келиши мумкин, лекин молиявий ҳолати тўғрисидаги ҳисоботда тан олинган мажбуриятларга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.


20И. Агар ташкилот қайта баҳолаш натижасида 9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинча озод қилиш мезонига мос келмай қолса (20Ё(а) кичик бандга қаранг), у ҳолда ташкилотга 9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинча озод қилишни қўллашни фақат бевосита қайта баҳолашдан кейинги йиллик даврнинг охиригача давом эттиришга рухсат берилади. Шунга қарамай, ташкилот 2023 йил 1 январдан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун 9-сон МҲХСни қўллаши шарт. Масалан, агар ташкилот 2018 йил 31 декабрда (йиллик даврнинг охири) энди 20Ё(а) кичик бандини қўллаган ҳолда 9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинча озод қилиш мезонига мос келмай қолмаслигини аниқласа, у ҳолда ташкилот 9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинча озод қилишни қўллашни фақат 2019 йил 31-декабргача давом эттиришга рухсат берилади.


20Й. Илгари 9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинча озод қилишни қўллашни танлаган суғурталовчи ҳар қандай кейинги йиллик давр бошида 9-сон МҲХСни қўллаш бўйича бекор қилинмайдиган қарорни қабул қилиши мумкин.



МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот


20К. 1-сон МҲХС "Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини биринчи марта қўллаш"да таърифлангандек МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот фақат ва фақат 20Б-бандда ифодаланган мезонларга жавоб берса, 20А-бандда ифодаланган 9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинча озод қилишдан фойдаланиши мумкин. 20Б(б) кичик бандини қўллашда, МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот ушбу бандда белгиланган санада МҲХСни қўллаган ҳолда аниқланадиган баланс қийматларидан фойдаланиши лозим.


20Л. 1-сон МҲХС МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилотга нисбатан қўлланиладиган талаблар ва озод қилишларни ўз ичига олади. Ушбу талаблар ва озод қилишлар (масалан, 1-сон МҲХСнинг Г16-Г17-бандлари) мазкур МҲХСнинг 20А-20П ва 39Б-39И-бандларидаги талабларни бекор қилмайди. Масалан, 1-сон МҲХСдаги талаблар ва озод қилишлар МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот 9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинча озод қилишни қўллаш учун 20К-бандда белгиланган мезонларга жавоб бериши шарт деган талабни бекор қилмайди.


20М. 39Б-39И-бандлари талаб қиладиган маълумотларни ёритиб берадиган МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот 1-сон МҲХСдаги ушбу ёритиб бериладиган маълумотлар бўйича талаб қилинадиган баҳолашларни амалга оширишга тегишли талаблар ва имтиёзлардан фойдаланиши лозим.



28-сон БҲХСдаги махсус талаблардан

вақтинча озод қилиш


20Н. 28-сон БҲХС "Таъсир остидаги ташкилотларга ва қўшма корхоналарга инвестициялар"нинг 35-36-бандлари ташкилотдан улушли қатнашиш усулидан фойдаланишда ягона ҳисоб сиёсатини қўллашни талаб қилади. Шунга қарамай, 2023 йил 1 январдан олдин бошланадиган йиллик даврлар учун ташкилотга таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона томонидан қўлланадиган тегишли ҳисоб сиёсатини сақлаб қолишга қуйидаги тартибда рухсат берилади, лекин талаб қилинмайди:

(а) ташкилот 9-сон МҲХСни қўллайди, аммо таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона 9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинча озод қилишни қўллайди; ёки

(б) ташкилот 9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинча озод қилишни қўллайди, аммо таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона 9-сон МҲХСни қўллайди.


20О. Ташкилот таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхонага инвестицияларни ҳисобга олиш учун улушли қатнашиш усулидан фойдаланганда:

(а) агар 9-сон МҲХС илгари ушбу таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхонага улушли қатнашиш усулини қўллаш учун фойдаланилган молиявий ҳисоботда қўлланган бўлса (ташкилот томонидан амалга оширилган ҳар қандай тузатишлар акс эттирилганидан кейин), у ҳолда 9-сон МҲХС қўлланиши давом эттирилиши лозим.

(б) агар 9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинча озод қилиш илгари ушбу таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхонага улушли қатнашиш усулини қўллаш учун фойдаланилган молиявий ҳисоботда қўлланган бўлса (ташкилот томонидан амалга оширилган ҳар қандай тузатишлар акс эттирилганидан кейин), у ҳолда кейинги даврда 9-сон МҲХС қўлланиши мумкин.


20П. Ташкилот 20Н ва 20О(б) бандларни ҳар бир таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона учун алоҳида қўллаши мумкин.



Бенчмарк фоиз ставкасини ислоҳ қилиш

натижасида шартномавий пул оқимларини

аниқлаш бўйича асосдаги ўзгаришлар


20Р. 9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинчалиқ озод қилишни қўллайдиган суғурталовчи 9-сон МҲХСнинг 5.4.6-5.4.9 бандларидаги молиявий актив ва молиявий мажбуриятга нисбатан талабларни фақат ва фақат ушбу молиявий актив ва молиявий мажбуриятга оид шартномавий пул оқимларини аниқлаш бўйича асос бенчмарк фоиз ставкасини ислоҳ қилиш натижасида ўзгарганда қўллаши лозим. Мазкур мақсадда "бенчмарк фоиз ставкаси" термини 39-сон БҲХСнинг 102Б бандида тавсифланганидек бутун бозор миқёсидаги бенчмарк фоиз ставкасини назарда тутади.


20С. 9-сон МҲХСга ўзгартиришларнинг 5.4.6-5.4.9 бандларини қўллаш мақсадида 9-сон МҲХСнинг Б5.4.5 бандига ҳаволалар 39-сон БҲХСнинг ҚК7 бандига ҳавола тарзида ўқилиши лозим. 9-сон МҲХС 5.4.3 ва Б5.4.6 бандларга ҳаволалар 39-сон БҲХСнинг ҚК8 бандига ҳавола тарзида ўқилиши лозим.



Ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришлар


21. 22-30-бандлар МҲХСни аллақачон қўллайдиган суғурталовчи амалга оширган ўзгаришларга ҳам, МҲХСни биринчи марта қўллайдиган суғурталовчи амалга оширган ўзгаришларга ҳам қўлланилади.


22. Суғурталовчи суғурта шартномалари бўйича ўзининг ҳисоб сиёсатини ўзгартириши мумкин, фақат ва фақат бу ўзгариш молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларнинг иқтисодий қарор қабул қилиш эҳтиёжларига нисбатан ўринлироқ бўлса ва ишончлилигини камайтирмаса ёки оширмаса ва ушбу талабларга нисбатан ўринлилигини камайтирмаса. Суғурталовчи ўринлилик ва ишончлилик ҳақида 8-сон БҲХСдаги мезонлардан келиб чиқиб мулоҳаза юритиши лозим.


23. Суғурта шартномалари бўйича ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришларни асослаш учун суғурталовчи бу ўзгариш ўзининг молиявий ҳисоботини 8-сон БҲХСдаги мезонларга мос келишига яқинлаштиришини кўрсатиши лозим, лекин ўзгариш ўша мезонларга тўлиқ мос келишга олиб келиши талаб этилмайди. Қуйидаги хусусий масалалар батафсил кўриб чиқилади:

(а) жорий фоиз ставкалари (24-банд);

(б) мавжуд амалиётларни давом эттириш (25-банд);

(в) эҳтиёткорлик (26-банд);

(г) келгуси инвестиция маржалари (27-29-бандлар); ва

(д) эквивалент ҳисоб (30-банд).



Жорий бозор фоиз ставкалари


24. Суғурталовчи жорий бозор фоиз ставкаларини акс эттириш учун белгиланган суғурта мажбуриятларини(3) қайта баҳолаши ва ўша мажбуриятлардаги ўзгаришларни фойда ёки зарарда тан олиши учун ҳисоб сиёсатини ўзгартиришига рухсат берилади, лекин талаб этилмайди. Шу билан биргаликда, у белгиланган мажбуриятлар бўйича бошқа жорий ҳисоб баҳолари ва фаразларни талаб қиладиган ҳисоб сиёсатини жорий қилиши мумкин. Ушбу банддаги танлов суғурталовчига 8-сон БҲХС талаб қилгани каби белгиланган мажбуриятлар бўйича ҳисоб сиёсатини бошқа барча ўхшаш мажбуриятларга нисбатан изчил равишда қўлламасдан, бу сиёсатни ўзгартиришга рухсат беради. Агар суғурталовчи ушбу танлов бўйича мажбуриятларни шакллантирган бўлса, у ушбу мажбуриятлар ҳисобдан чиқарилгунига қадар барча даврларда ушбу мажбуриятларга нисбатан жорий бозор фоиз ставкаларини (ва агар ўринли бўлса, бошқа жорий ҳисоб баҳолари ва фаразларни) изчил равишда қўллашни давом эттириши лозим.



Мавжуд амалиётни давом эттириш


25. Суғурталовчи қуйида келтирилган амалиётларни давом эттириши мумкин, лекин улардан бирортаси 22-банднинг талабига мос келмайди:

(а) суғурта мажбуриятларини дисконтланмаган асосда баҳолаш.

(б) келгуси инвестиция бошқаруви тўловлари бўйича шартномавий ҳуқуқларни уларнинг бозорнинг бошқа иштирокчилари томонидан ўхшаш хизматлар учун олинадиган жорий тўловлар билан таққослаш орқали аниқланадиган уларнинг ҳаққоний қийматидан ошадиган миқдорда баҳолаш. Ушбу шартномавий ҳуқуқларнинг ҳосил бўлган пайтдаги ҳаққоний қиймати, келгуси инвестиция бошқаруви тўловлари ва тегишли сарфларнинг қиёсланадиган бозор кўрсаткичларига мос келмайдиган ҳолатларни истисно қилган ҳолда, шартномани тузиш бўйича тайёргарлик ишларига тўланган сарфларга тенг бўлиши мумкин.

(в) 24-бандда рухсат берилган ҳолларни истисно қилганда, шўба ташкилотларининг суғурта шартномалари (ва агар мавжуд бўлса, тегишли аквизиция сарфлари ва тегишли номоддий активлар) учун бир хил бўлмаган ҳисоб сиёсатидан фойдаланиш. Агар ушбу ҳисоб сиёсати бир хил бўлмаса, суғурталовчи уларни ҳисоб сиёсатини янада хилма-хил қилмаслик ва шунингдек, мазкур МҲХСнинг бошқа талабларини қаноатлантириш шарти билан ўзгартириши мумкин.



Эҳтиёткорлик


26. Суғурталовчи ҳаддан зиёд эҳтиёткорликни бартараф қилиш учун суғурта шартномалари бўйича ўзининг ҳисоб сиёсатини ўзгартириши талаб этилмайди. Лекин, агар суғурталовчи ўзининг суғурта шартномаларини аллақачон етарлича эҳтиёткорлик билан баҳоласа, у қўшимча эҳтиёткорлик киритмаслиги лозим.



Келгуси инвестиция маржалари


27. Суғурталовчи келгуси инвестиция маржаларини ҳисобдан чиқариш учун суғурта шартномалари бўйича ҳисоб сиёсатини ўзгартириши талаб этилмайди. Лекин, агар ташкилот суғурта шартномаларини баҳолашда келгуси инвестиция маржаларини, бундай маржалар шартномавий тўловларга таъсир қилмаслиги шарти билан акс эттирадиган ҳисоб сиёсатини жорий қилса, суғурталовчи молиявий ҳисоботининг ўринлилиги ва ишончлилиги камайиши бўйича рад этиш мумкин бўлган фараз мавжуд. Бундай маржаларни акс эттирадиган ҳисоб сиёсатига қуйида иккита мисол келтирилган:

(а) суғурталовчи активларининг тахминий рентабеллигини акс эттирувчи дисконт ставкасидан фойдаланиш; ёки

(б) ушбу активлар бўйича даромадларни тахминий рентабеллик даражаси бўйича прогноз қилиш, ушбу прогноз қилинган даромадларни бошқа ставка бўйича дисконтлаш ва натижани мажбуриятни баҳолашга киритиш.


28. Агар ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришларнинг бошқа жиҳатлари молиявий ҳисоботнинг ўринлилиги ва ишончлилиги ортиши келгусидаги инвестиция маржаларини киритиш натижасида молиявий ҳисоботнинг ўринлилиги ва ишончлилигини пасайтириш даражасидан юқори бўлса, суғурталовчи 27-банддаги рад этилиши мумкин бўлган фаразни инобатга олмаслиги мумкин. Масалан, суғурталовчининг суғурта шартномалари бўйича амалдаги ҳисоб сиёсати бошланишида белгиланган ўта оқилона фаразларни ва тартибга солувчи томонидан белгиланадиган чегирма ставкасини бозор шароитларига бевосита мурожаат қилмасдан ўз ичига олади ва баъзи ўрнатилган вариантлар ва кафолатларни инобатга олмайди деб тахмин қилинг. Суғурталовчи кенг қўлланадиган ва қуйидагиларни ўз ичига олган ҳисобга олиш тартибининг ҳар томонлама инвесторларга йўналтирилган асосларига ўтиш орқали молиявий ҳисоботини янада ўринли ва ишончлилиги камаймаган ҳолатга келтириши мумкин:

(а) жорий ҳисоб баҳолари ва фаразлар;

(б) риск ва ноаниқликни акс эттириш учун асосланган тарзда (лекин ҳаддан ортиқ эҳтиёткор бўлмаган ҳолда) тузатиш;

(в) бириктирилган опцион ва кафолатларни ички қийматини ҳам, вақт қийматини ҳам акс эттирадиган баҳолар; ва

(г) жорий бозор дисконтлаш ставкаси, ҳатто бу дисконтлаш ставкаси суғурталовчи активларининг ҳисобланган рентабеллигини акс эттирса ҳам.


29. Баъзи баҳолаш ёндашувларида дисконтлаш ставкаси келгусидаги фойда маржасининг ҳозирги қийматини аниқлаш учун фойдаланилади. Кейинчалик ушбу фойда маржаси муайян формула асосида турли даврлар ўртасида тақсимланади. Ушбу ёндашувларда дисконтлаш ставкаси мажбуриятни баҳолашга фақат билвосита таъсир кўрсатади. Хусусан, унчалик ўринли бўлмаган дисконт ставкаси мажбурият юзага келиши пайтида унинг баҳоланишига чекланган таъсир кўрсатади ёки умуман таъсир кўрсатмайди. Шу билан бирга, бошқа ёндашувларда дисконтлаш ставкаси мажбуриятнинг баҳоланишини бевосита белгилайди. Иккинчи ҳолатда, активларга асосланган дисконтлаш ставкасини жорий қилиш аҳамиятли таъсирга эга бўлганлиги сабабли, суғурталовчининг 27-бандда келтирилган рад этиш мумкин бўлган фаразни рад этиши эҳтимолдан йироқ бўлади.



Эквивалент ҳисоб


30. Баъзи бухгалтерия моделларида суғурталовчининг активлари бўйича амалга оширилган фойда ёки зарарлар (а) унинг суғурта мажбуриятларини ёки (б) кечиктирилган аквизиция сарфларни ва (в) 31 ва 32-бандларда акс эттирилган тегишли номоддий активларни, масалан, бир қисмини ёки барчасини баҳолашга бевосита таъсир кўрсатади. Суғурталовчига ҳисоб сиёсатини ўзгартиришга рухсат берилади, лекин талаб этилмайди, шунда актив бўйича тан олинадиган, лекин реализация қилинмаган даромад ёки зарарлар активларни баҳолашда реализация қилинган фойда ёки зарарлар таъсир кўрсатадиган тарзда таъсир қилади. Суғурта мажбуриятига тегишли тузатиш (ёки кечиктирилган аквизиция сарфлари ёки номоддий активлар), фақат ва фақат агар реализация қилинмаган фойда ёки зарарлар бошқа умумлашган даромадда тан олинса, бошқа умумлашган даромадда тан олиниши лозим. Ушбу амалиёт баъзан "эквивалент ҳисоб" деб тавсифланади.



Бизнес бирлашуви ёки портфелни ўтказиш

жараёнида сотиб олинган суғурта шартномалари


31. 3-сон МҲХСга мувофиқ суғурталовчи бизнес бирлашувида қабул қилинган суғурта мажбуриятларини ва харид қилинган суғурта активларини харид қилиш санасида ҳаққоний қиймати бўйича баҳолаши лозим. Шу билан бирга, суғурталовчига сотиб олинган суғурта шартномаларининг ҳаққоний қийматини икки қисмга ажратадиган кенгайтирилган тақдимотдан фойдаланишга рухсат берилади, лекин талаб этилмайди:

(а) суғурта шартномалари бўйича суғурталовчининг ҳисоб сиёсатига мувофиқ баҳоланган мажбурият; ва

(б) (i) сотиб олинган шартномавий суғурта ҳуқуқларининг ҳаққоний қиймати ва ўз зиммасига олинган суғурта мажбуриятлари ўртасидаги фарқни ифодаловчи номоддий актив ва (ii) (а) кичик бандда кўрсатилган сумма. Ушбу активнинг кейинги баҳолашга тегишли суғурта мажбуриятини баҳолаш билан мос келиши лозим.


32. Суғурта шартномалари портфелини сотиб олган суғурталовчи 31-бандда тавсифланган кенгайтирилган тақдимотдан фойдаланиши мумкин.


33. 31 ва 32-бандларда тавсифланган номоддий активлар 36-сон БҲХС "Активларнинг қадрсизланиши" ва 38-сон БҲХСнинг қўллаш доирасига кирмайди. Лекин, 36-сон БҲХС ва 38-сон БҲХС харидорлар руйхатига ҳамда бизнес бирлашуви ёки портфель ўтказмаси санасида мавжуд бўлган ҳолда шартномавий суғурта ҳуқуқлари ва суғурта мажбуриятларининг қисми бўлмаган келгуси шартномаларнинг кутилишини акс эттирадиган харидор билан муносабатларга нисбатан қўлланади.



Ихтиёрий иштирок этиш шартлари


Суғурта шартномаларида ихтиёрий

иштирок этиш шартлари


34. Баъзи суғурта шартномалари ихтиёрий иштирок этиш шартини ҳамда кафолатланган элементни ўз ичига олади. Бундай шартнома томони:

(a) кафолатланган элементни ихтиёрий иштирок этиш шартидан алоҳида тан олиши мумкин, лекин талаб этилмайди. Агар ушбу томон уларни алоҳида тан олмаса, у бутун шартномани мажбурият сифатида таснифлайди. Агар ушбу томон уларни алоҳида таснифласа, у кафолатланган элементни мажбурият сифатида таснифлайди.

(б) агар у ихтиёрий иштирок этиш шартини кафолатланган элементдан алоҳида тан олса, ушбу шартни мажбурият ёки хусусий капиталнинг алоҳида компоненти сифатида таснифлаши лозим. Мазкур МҲХС ушбу томон бундай шарт мажбурият ёки хусусий капитал эканлигини қандай аниқлашини белгиламайди. Ушбу томон бундай шартни мажбурият ва хусусий капитал компонентларига ажратиши мумкин ва бундай ажратиш учун изчил ҳисоб сиёсатидан фойдаланиши лозим. Ушбу томон бундай шартни мажбурият ҳам хусусий капитал ҳам бўлмаган оралиқ тоифа сифатида таснифламаслиги лозим.

(в) олинган барча мукофотларни хусусий капитал компонентига тегишли қисмларни ажратмасдан даромад сифатида тан олиши мумкин. Кафолатланган элементдаги ва мажбурият сифатида таснифланган ихтиёрий иштирок этиш шартининг қисмидаги натижавий ўзгаришлар фойда ёки зарарда тан олиниши лозим. Агар ихтиёрий иштирок этиш шартининг бир қисми ёки барчаси хусусий капиталда таснифланган бўлса, фойда ёки зарарнинг бир қисми ушбу шартга тегишли бўлиши мумкин (худди шу тарзда бир қисми назорат кучига эга бўлмаган улушларга тегишли бўлиши мумкин). Ушбу томон фойда ва зарарнинг ихтиёрий иштирок этиш шартининг ҳар қандай хусусий капитал компонентига тегишли қисмини харажат ёки даромад сифатида эмас, балки фойда ёки зарарни тақсимлаш сифатида тан олиши лозим (1-сон БҲХС "Молиявий ҳисоботни тақдим этиш"га қаранг).

(г) агар шартнома 9-сон МҲХС қўллаш доирасидаги бириктирилган деривативни ўз ичига олса, ушбу бириктирилган деривативга 9-сон МҲХС қўлланиши лозим.

(д) 14-20 ва 34(а)-(г) кичик бандларда тавсифланмаган барча жиҳатлар бўйича, агар у ушбу ҳисоб сиёсатини 21-30-бандларга мос тарзда ўзгартирмаса, бундай шартномалар бўйича ўзининг амалдаги ҳисоб сиёсатини давом эттириши лозим.



Молиявий инструментларда ихтиёрий

иштирок этиш шартлари


35. 34-банддаги талаблар ихтиёрий иштирок этиш шартини ўз ичига оладиган молиявий инструментга ҳам қўлланади. Шу билан бирга:

(а) агар томон барча ихтиёрий иштирок этиш шартини мажбурият деб таснифласа, у 15-19 бандлардаги мажбурият монандлиги тестини бутун шартномага (яъни кафолатланган элементга ҳам, ихтиёрий иштирок этиш шартига ҳам) қўллаши лозим. Ушбу томон кафолатланган элементга 9-сон МҲХСни қўллаш натижасида юзага келиши мумкин бўлган суммани аниқлаши талаб этилмайди.

(б) агар эмитент ушбу шартнинг бир қисмини ёки барчасини хусусий капиталнинг алоҳида компоненти сифатида таснифласа, бутун шартнома бўйича тан олинган мажбурият кафолатланган элементга нисбатан 9-сон МҲХСни қўллаш натижасида юзага келиши мумкин бўлган суммадан кам бўлмаслиги лозим. Ушбу сумма шартномани бекор қилиш бўйича опционнинг ички қийматини ўз ичига олиши лозим, лекин, агар 9-бандда ушбу опционни ҳаққоний қийматда баҳолашдан озод қилинадиган бўлса, унинг вақт қийматини ўз ичига олиши талаб этилмайди. Бундан ташқари, агар тан олинган мажбуриятнинг умумий миқдори кўпроқ экани аниқ бўлса, эмитент ушбу миқдорни аниқлаши шарт эмас. Бундан ташқари, агар тан олинган мажбуриятнинг умумий суммаси кўпроқ экани аниқ бўлса, ушбу томон бундай суммани аниқлаши талаб этилмайди.

(в) ушбу шартномалар молиявий инструментлар бўлишига қарамасдан, ушбу томон бундай шартномалар бўйича мукофотларни даромад сифатида тан олишни ва мажбуриятнинг баланс қийматидаги натижавий ўсишни харажат сифатида тан олишни давом эттириши мумкин.

(г) ушбу шартномалар молиявий инструментлар бўлишига қарамасдан, 7-сон МҲХСнинг 20(б)-бандини ихтиёрий иштирок этиш шартига эга шартномаларга қўлловчи томон фойда ёки зарарда тан олинган фоизлар бўйича харажатларнинг умумий суммасини ёритиб бериши лозим, лекин бундай фоиз харажатларини эффектив фоиз ставкаси усулидан фойдаланиб ҳисоблаши талаб этилмайди.


35А. 20А, 20К ва 20Н-бандларидаги вақтинча озод қилишлар ва 35Б-банддаги ўрнига қўйиш ёндашуви ихтиёрий иштирок этиш шартини ўз ичига олган молиявий инструмент эмитенти учун ҳам мавжуд. Шунга кўра, 3(а)-3(б), 20А-20П, 35Б-35М, 39Б-39Л ва 46-49-бандларидаги суғурталовчига қилинган барча ҳаволалар, шунингдек, ихтиёрий иштирок этиш шартини ўз ичига оладиган молиявий инструмент эмитентига қилинган ҳаволалар сифатида ҳам ўқилиши лозим.



Ўрнига қўйиш ёндашуви


35Б. Суғурталовчи белгиланган молиявий активларга ўрнига қўйиш ёндашувини қўллашига рухсат этилади, лекин талаб қилинмайди. Ўрнига қўйиш ёндашувини қўллайдиган суғурталовчи:

(а) белгиланган молиявий активлар бўйича ҳисобот даври охирида фойда ёки зарарни келтириб чиқарадиган сумма, суғурталовчининг ушбу белгиланган молиявий активларига 39-сон БҲХСни қўллаганида юзага келадиган сумма билан бир хил бўлиши учун, бу суммани фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромад ўртасида қайта таснифлаши лозим. Шунга кўра, қайта таснифланган сумма қуйидагилар ўртасидаги фарққа тенг бўлади:

(i) 9-сон МҲХСни қўллаган ҳолда белгиланган молиявий активлар бўйича фойда ёки зарарда тақдим этилган сумма; ва

(ii) суғурталовчи 39-сон БҲХСни қўллаганда белгиланиши мумкин бўлган молиявий активлар бўйича фойда ёки зарарда тақдим қилиниши мумкин бўлган сумма.

(б) мазкур МҲХСнинг 35Б-35М, 39Й-39Л ва 48-49-бандларида тавсифланганларни истисно қилган ҳолда, бошқа барча қўлланадиган МҲХСни молиявий инструментларга қўллаши лозим.


35В. Суғурталовчи фақатгина 9-сон МҲХСни биринчи марта қўллаганида 35Б-бандда тавсифланган ўрнига қўйиш ёндашувини қўллашни танлаши мумкин, шу жумладан дастлаб қуйидагиларни қўллаганидан кейин 9-сон МҲХСни биринчи марта қўллаганида ҳам:

(а) 20А-бандда тавсифланган 9-сон МҲХСдан вақтинча озод қилишни; ёки

(б) фақат 9-сон МҲХСнинг 5.7.1(в), 5.7.7-5.7.9, 7.2.14 ва Б5.7.5-Б5.7.20-бандлардаги фойда ёки зарарлар орқали ҳаққоний қиймат бўйича белгиланган молиявий мажбуриятлар бўйича фойда ва зарарларни тақдим этиш бўйича талабларни.


35Г. Суғурталовчи фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромад ўртасида қайта таснифланган суммани ўрнига қўйиш ёндашувини қуйидагича қўллаган ҳолда тақдим этиши лозим:

(а) фойда ёки зарарда алоҳида модда сифатида; ва

(б) бошқа умумлашган даромадда бошқа умумлашган даромаднинг алоҳида компоненти сифатида.


35Д. Ўрнига қўйиш ёндашуви молиявий активга нисбатан фақат ва фақат қуйидаги мезонлар бажарилган тақдирда қўлланиши мумкин:

(а) у 9-сон МҲХСдан фойдаланган ҳолда фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳоланади, лекин 39-сон БҲХСни қўллаган тақдирда фойда ёки зарарлар орқали ҳаққоний қийматда баҳоланмаган бўлар эди; ва

(б) у мазкур МҲХСнинг қўллаш доирасидаги шартномалар билан боғлиқ бўлмаган фаолият сабабли тутиб турилмайди. Ўрнига қўйиш ёндашувига мос келмайдиган молиявий активларга мазкур МҲХСнинг қўллаш доирасидан ташқарида бўлган банк фаолиятига тегишли активлар ёки инвестиция шартномаларига оид жамғармаларда сақланадиган молиявий активлар мисол бўлади.


35Е. Суғурталовчи ўрнига қўйиш ёндашувини қўллашни танласа, у ўрнига қўйиш ёндашуви қўлланиши мумкин бўлган молиявий активни шакллантириши мумкин (35В-бандга қаранг). Кейинчалик, у фақат ва фақат қуйидаги ҳолатларда ўрнига қўйиш ёндашуви қўлланиши мумкин бўлган молиявий активни шакллантириши мумкин:

(а) ушбу актив дастлаб тан олинган; ёки

(б) ушбу актив илгари ушбу мезонга жавоб бермаган ҳолда, 35Д(б) кичик банддаги меъзонга қайтадан жавоб бера бошлаган бўлса.


35Ё. Суғурталовчи ўрнига қўйиш ёндашувини қўллаши мумкин бўлган молиявий активларни 35Е-бандни қўллаган ҳолда ҳар бир инструмент бўйича шакллантиришига рухсат берилади.


35Ж. Ўринли бўлса, 35Е(б) кичик бандини қўллаган ҳолда, янги белгиланган молиявий активга ўрнига қўйиш ёндашувини қўллаш мақсадида:

(а) шакллантириш санасида унинг ҳаққоний қиймати унинг янги амортизацияланган қийматининг баланс қиймати бўлади; ва

(б) эффектив фоиз ставкаси шакллантириш санасидаги унинг ҳаққоний қийматига асосланган ҳолда баҳоланади.


35З. Ташкилот белгиланган молиявий активга ўрнига қўйиш ёндашувини ушбу молиявий актив ҳисобдан чиқарилмагунча қўллашни давом эттириши лозим. Лекин, ташкилот:

(а) молиявий актив ортиқ 35Д(б) кичик бандидаги мезонга жавоб бермай қолса, молиявий активни қайта шакллантириши лозим. Масалан, ташкилот ушбу активни банк фаолияти бўйича эгалик қилаётган активга ўтказганида ёки ташкилот суғурталовчи бўлишни тўхтатганда, молиявий актив ушбу мезонга ортиқ жавоб бермай қолади.

(б) ҳар қандай йиллик давр бошида барча белгиланган молиявий активларга ўрнига қўйиш ёндашувини қўллашни тўхтатиши мумкин. Ўрнига қўйиш ёндашувини қўллашни тўхтатишни танлаган ташкилот ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришларни ҳисобга олиш учун 8-сон БҲХСни қўллаши лозим.


35И. Ташкилот 35З(а) бандни қўллаган ҳолда молиявий активни қайта белгиласа, у жамғарилган бошқа умумий даромаддан фойда ёки зарарга қайта таснифлаш бўйича тузатиш (1-сон БҲХСга қаранг) сифатида ушбу молиявий активга тегишли ҳар қандай қолдиқни қайта таснифлаши лозим.


35Й. Агар ташкилот 35З(б) банддаги танловни қўллаган ҳолда ёки у энди суғурталовчи эмаслиги сабабли ўрнига қўйиш ёндашувидан фойдаланишни тўхтатса, у кейинчалик ўрнига қўйиш ёндашувини қўлламаслиги лозим. Ўрнига қўйиш ёндашувини қўллашни танлаган (35В-бандга қаранг), лекин мос келадиган молиявий активлари мавжуд бўлмаган (35Д-бандга қаранг) суғурталовчи кейинчалик тегишли молиявий активларга эга бўлганида ўрнига қўйиш ёндашувни қўллаши мумкин.



Бошқа талаблар билан ўзаро боғлиқлик


35К. Мазкур МҲХСнинг 30-банди баъзида "эквивалент ҳисоб" деб таърифланадиган амалиётга рухсат беради. Агар суғурталовчи ўрнига қўйиш ёндашувини қўлласа, эквивалент ҳисоби қўлланиши мумкин.


35Л. 35Б-бандни қўллаган ҳолда маълум суммани фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромад ўртасида қайта таснифлаш фойда солиқлари каби бошқа суммаларни бошқа умумлашган даромад таркибига киритиш бўйича аҳамиятли оқибатларга олиб келиши мумкин. Суғурталовчи бундай оқибатларни аниқлаш учун 12-сон БҲХС "Фойда солиғи" каби тегишли МҲХСни қўллаши лозим.



МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот


35М. Агар МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот ўрнига қўйиш ёндашувини қўллашни танласа, фақат ва фақат у қиёсий маълумотларини 9-сон МҲХСга мувофиқ қайта тақдим қилган тақдирда (1-сон МҲХСнинг Д1-Д2-бандларига қаранг) ўрнига қўйиш ёндашувини акс эттириш учун қиёсий маълумотларини қайта тақдим қилиши лозим.



Маълумотларни ёритиб бериш


Тан олинган суммаларни тушунтириш


36. Суғурталовчи суғурта шартномаларидан келиб чиқиб ўзининг молиявий ҳисоботида тан олган суммаларни идентификациялайдиган ва тушунтирадиган маълумотларни ёритиб бериши лозим.


37. 36-бандга мувофиқ суғурталовчи қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(а) суғурта шартномалари ва тегишли активлар, мажбуриятлар, даромад ва харажатлар бўйича ўзининг ҳисоб сиёсати;

(б) суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган тан олинган активлар, мажбуриятлар, даромадлар ва харажатлар (ва агар у бевосита усул ёрдамида пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этса). Бундан ташқари, агар суғурталовчи цедант бўлса, у қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(i) қайта суғурталашни сотиб олишда фойда ёки зарарда тан олинган даромад ва зарарлар; ва

(ii) агар цедент қайта суғурталашни сотиб олишда пайдо бўладиган даромад ва зарарларни камайтирса ва амортизация қилса, давр учун амортизация ва давр бошида ва охирида амортизация қилинмаган қолган суммалар.

(в) (б) кичик бандда тасвирланган тан олинган суммаларни баҳолашга энг катта таъсир кўрсатадиган фаразларни аниқлаш учун амалга ошириладиган жараён. Қўллаш мумкин бўлган тақдирда, суғурталовчи ушбу фаразларни миқдорий равишда ёритиб бериши лозим.

(г) молиявий ҳисоботга аҳамиятли таъсир кўрсатадиган ҳар бир ўзгаришнинг таъсирини алоҳида кўрсатиб, суғурта активлари ва суғурта мажбуриятларини баҳолаш учун фойдаланилган фаразлардаги ўзгаришларнинг таъсири.

(д) суғурта мажбуриятлари, қайта суғурталаш активлари ва агар мавжуд бўлса, кечиктирилган аквизиция сарфлари ўзгаришининг солиштирмалари.



Суғурта шартномаларидан юзага келадиган

рискларнинг характери ва даражаси


38. Суғурталовчи ўзининг молиявий ҳисоботи фойдаланувчиларига суғурта шартномаларидан юзага келадиган рискларнинг характери ва даражасини баҳолашга имкон берадиган маълумотларни ёритиб бериши лозим.


39. 38-бандга мувофиқ суғурталовчи қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(а) суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган рискларни бошқариш бўйича унинг мақсадлари, сиёсати ва жараёнлари ва ушбу рискларни бошқариш усуллари.

(б) [Чиқариб ташланган]

(в) суғурта риски тўғрисидаги маълумотлар (қайта суғурталаш орқали рискни камайтиришдан олдин ҳам, кейин ҳам), шу жумладан қуйидагилар:

(i) суғурта рискига таъсирчанлик (39А-бандга қаранг).

(ii) суғурта рискининг концентрациялари, шу жумладан менежмент концентрацияларни қандай белгилаши ва ҳар бир концентрацияни (масалан, суғурта ҳодисаси тури, географик ҳудуд ёки валюта) аниқлайдиган умумий хусусиятни тавсифлаш.

(iii) олдинги ҳисоб баҳоларига нисбатан ҳақиқий даъволар (яъни даъволар билан ишлаш). Даъволар билан ишлаш тўғрисидаги маълумотлар дастлабки талаблар пайдо бўлган даврга қайтади, чунки уларда даъволар миқдори ва муддати тўғрисида ҳали ҳам ноаниқлик мавжуд, лекин ўн йилдан ошмаслиги лозим. Суғурталовчи, одатда, бир йил ичида тўловлар миқдори ва муддатлари тўғрисида ноаниқлик бартараф қилинадиган даъволар учун ушбу маълумотни ёритиб бериши талаб этилмайди.

(г) агар суғурта шартномалари 7-сон МҲХС доирасида бўлса, 7-сон МҲХСнинг 31-42-бандлари талаб қиладиган кредит риски, ликвидлик риски ва бозор риски тўғрисида маълумот. Лекин:

(i) агар бунинг ўрнига тан олинган суғурта мажбуриятлари натижасида келиб чиқадиган нақд пул оқимининг тахминий вақти тўғрисида маълумот берилса, суғурталовчи 7-сон МҲХСнинг 39(а) ва (б) кичик бандларида назарда тутилган муддат бўйича таҳлилларни тақдим этиши талаб этилмайди. Бу молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда тан олинган суммаларни ҳисобланган муддатлари бўйича таҳлил шаклида бўлиши мумкин.

(ii) агар суғурталовчи ички шароитга нисбатан таъсирчанликни бошқариш учун муқобил усулдан фойдаланса, масалан, ички қиймат таҳлили, у ушбу таъсирчанлик таҳлилидан 7-сон МҲХСнинг 40(а) бандидаги талабни қондириш учун фойдаланиши мумкин. Бунда суғурталовчи 7-сон МҲХСнинг 41-бандида назарда тутилган маълумотларни ҳам ёритиб беради.

(д) агар суғурталовчи бириктирилган деривативларни ҳаққоний қийматида баҳоламаган бўлса ва бу ундан талаб қилинмаган бўлса, асосий суғурта шартномасида мавжуд бўлган бириктирилган деривативлардан келиб чиқадиган бозор рисклари тўғрисидаги маълумотлар.


39А. 39(в)(i) кичик бандига мувофиқ суғурталовчи (а) ёки (б) кичик бандни қуйидагича ёритиб бериши лозим:

(а) агар ҳисобот даври охирида асосланган тарзда мумкин бўлган тегишли риск ўзгарувчисидаги ўзгаришлар юз берган бўлса, фойда ёки зарар ва хусуий капиталга қандай таъсир қилишини кўрсатадиган таъсирчанлик таҳлили; таъсирчанлик таҳлилини тайёрлашда фойдаланиладиган усуллар ва таҳминлар; ва фойдаланилган усуллар ва фаразлардаги олдинги даврдаги ҳар қандай ўзгаришлар. Лекин, агар суғурталовчи бозор шароитларига нисбатан таъсирчанликни бошқариш учун муқобил усулдан фойдаланса, масалан, ўрнатилган қиймат таҳлили, бу талабни ушбу муқобил таъсирчанлик таҳлили ва 7-сон МҲХСнинг 41-бандида талаб қилинадиган маълумотларни ёритиб бериш орқали ушбу талабга жавоб бериши мумкин.

(б) таъсирчанлик тўғрисидаги сифатли маълумотлар ва суғурталовчининг келгусидаги пул оқимлари миқдори, муддати ва ноаниқлигига жиддий таъсир кўрсатадиган суғурта шартномалари шартлари ва маълумотлари.



9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинча озод қилиш

тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериш


39Б. 9-сон МҲХСдан вақтинча озод қилишни қўллашни танлаган суғурталовчи молиявий ҳисоботнинг фойдаланувчиларига қуйидагилар учун имкон бериш мақсадида маълумотларни ёритиб бериши лозим:

(а) суғурталовчи вақтинча озод қилишни қўллаш учун қандай тартибда мос келишини тушуниш; ва

(б) вақтинча озод қилишни қўллайдиган суғурталовчиларни 9-сон МҲХС қўллайдиган ташкилотлар билан қиёслаш.


39В. 39Б(а) бандга мувофиқ суғурталовчи 9-сон МҲХСдан вақтинча озод қилишни қўллаётганлиги фактини ва қандай қилиб суғурталовчи 20Б(б)-бандда белгиланган санада 9-сон МҲХСдан вақтинча озод қилиш мезонларига мос келиши тўғрисида хулоса чиқарганини ёритиб бериши лозим:

(а) агар мазкур МҲХСнинг қўллаш доирасидаги шартномалардан юзага келадиган мажбуриятлар баланс қиймати (яъни 20Д(а) бандида тавсифланган мажбуриятлар) барча мажбуриятларнинг умумий баланс қийматининг 90 фоизидан кам ёки тенг бўлса, мазкур МҲХСнинг қўллаш доирасидаги шартномалардан юзага келадиган мажбуриятлар (яъни 20Д(б) ва 20Д(в)-бандларда тавсифланган мажбуриятлар) бўлмаган суғурта билан боғлиқ мажбуриятларнинг характери ва баланс қийматлари;

(б) агар унинг суғурта билан боғлиқ мажбуриятларнинг умумий баланс қиймати унинг барча мажбуриятларининг умумий баланс қийматига нисбатан фоизи 90 фоиздан кам ёки тенг бўлса, лекин 80 фоиздан юқори бўлса, суғурталовчи суғурта билан боғлиқ бўлмаган аҳамиятли фаолият билан шуғулланмаслигини қандай аниқлаганини, шу жумладан қайси маълумотларни инобатга олганлигини; ва

(в) агар суғурталовчи 20Ё(б) бандни қўллаган ҳолда қайта баҳолаш асосида 9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинча озод қилиш мезонига мос келса:

(i) қайта баҳолаш сабабини;

(ii) унинг фаолиятида тегишли ўзгариш содир бўлган санасини; ва

(iii) унинг фаолиятидаги ўзгаришнинг батафсил изоҳини ва ушбу ўзгаришнинг суғурталовчининг молиявий ҳисоботига таъсирининг сифат тавсифини.


39Г. Агар 20Ё(а) бандни қўллаган ҳолда, ташкилот ўз фаолиятининг асосий қисми суғурта билан боғлиқ эмас, деган хулосага келса, у 9-сон МҲХСни қўллашни бошлашдан олдин ҳар бир ҳисобот даврида қуйидаги маълумотларни ёритиб бериши лозим:

(а) энди 9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинча озод қилиш мезонларига мос келмаслиги фактини;

(б) унинг фаолиятида тегишли ўзгариш юз берган санани; ва

(в) унинг фаолиятидаги ўзгаришнинг батафсил изоҳини ва ушбу ўзгаришнинг ташкилот молиявий ҳисоботига таъсирининг сифат тавсифини.


39Д. 39Б(б) бандга мувофиқ суғурталовчи қуйидаги молиявий активларнинг иккита гуруҳи бўйича ҳисобот даврининг охирига ҳаққоний қийматни ва ушбу даврдаги ҳаққоний қиймат ўзгариши миқдорини алоҳида ёритиб бериши лозим:

(а) 9-сон МҲХСдаги савдо учун мўлжалланган таърифига мос келадиган ёки ҳаққоний қиймат асосида бошқариладиган ва самарадорлиги баҳоланадиган ҳар қандай молиявий активларни (9-сон МҲХСнинг Б4.1.6-бандига қаранг) ҳисобга олмаган ҳолда фақат асосий қарз тўловлари ва асосий қарз қолдиғи бўйича фоиз тўловларидан (яъни 9-сон МҲХСнинг 4.1.2Б ва 4.1.2А-бандларидаги шартларга жавоб берадиган молиявий активлар) иборат бўлган белгиланган саналарда пул оқимларини ҳосил қиладиган шартнома шартларига эга бўлган молиявий активлар.

(б) 39Д(а) бандида белгиланганлардан ташқари барча молиявий активлар; яъни қуйидаги ҳар қандай молиявий актив:

(i) фақат асосий қарз тўловлари ва асосий қарз қолдиғи бўйича фоиз тўловларидан иборат бўлган белгиланган саналарда пул оқимларини ҳосил қиладиган шартнома шартларига эга бўлган;

(ii) 9-сон МҲХСдаги савдо учун мўлжалланган таърифига мос келадиган; ёки

(iii) ҳаққоний қиймат асосида бошқариладиган ва самарадорлиги баҳоланадиган.


39Е. 39Д-банддаги маълумотларни ёритиб беришда суғурталовчи:

(а) агар суғурталовчидан 7-сон МҲХСнинг 29(а) бандини қўллаган ҳолда молиявий активнинг ҳаққоний қийматини ёритиб бериш талаб этилмаса (масалан, қисқа муддатли савдо дебиторлик қарзи), ушбу молиявий активнинг 39-сон БҲХСни қўллаган ҳолда баҳоланадиган баланс қийматини унинг ҳаққоний қийматига асосланган тарзда яқинлаштирилган қиймати деб ҳисоблаш мумкин; ва

(б) молиявий ҳисобот фойдаланувчилари молиявий активларнинг хусусиятларини тушуниши учун зарур бўлган тафсилотлар даражасини инобатга олиши лозим.


39Ё. 39Б(б) бандга мувофиқ суғурталовчи 39Д(а) бандда тавсифланган молиявий активларига боғлиқ аҳамиятли кредит риски жамланмаларини ўз ичига оладиган кредит риски очиқ позицияси тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериши лозим. Суғурталовчи ҳисобот даври охирига ушбу молиявий активлар бўйича камида қуйидаги маълумотларни ёритиб бериши лозим:

(а) 7-сон МҲХСда таърифланган кредит риски рейтинги даражалари бўйича 39-сон БҲХСни қўллаган ҳолдаги баланс қийматлари (амортизацияланган қийматда баҳоланадиган молиявий активларга нисбатан ҳар қандай қадрсизланиш бўйича тузатишдан олдин).

(б) 39Д(а) бандда тавсифланган, ҳисобот даври охирида паст кредит рискига эга бўлмаган молиявий активлар учун, 39-сон БҲХС қўллаган ҳолдаги ҳаққоний қиймат ва баланс қиймати (амортизацияланган қийматда баҳоланадиган молиявий активларга нисбатан ҳар қандай қадрсизланиш бўйича тузатишдан олдин). Маълумотларни ёритиб бериш мақсадида 9-сон МҲХСнинг Б5.5.22-банди молиявий инструмент бўйича кредит риски паст деб ҳисобланишини баҳолаш учун тегишли талабларни тақдим этади.


39Ж. 39Б(б) бандга мувофиқ суғурталовчи молиявий ҳисоботдан фойдаланувчининг тегишли ҳисобот даври бўйича гуруҳнинг консолидациялашган молиявий ҳисоботида тақдим этилмаган гуруҳ таркибидаги ташкилотга тегишли 9-сон МҲХС бўйича барчага очиқ бўлган маълумотни қандай олиши мумкинлиги тўғрисида маълумотни ёритиб бериши лозим. Масалан, бундай 9-сон МҲХС бўйича маълумот гуруҳ таркибидаги 9-сон МҲХСни қўллаган ташкилотнинг барчага очиқ бўлган индивидуал ёки алоҳида молиявий ҳисоботидан олиниши мумкин.


39З. Агар ташкилот 20Н-банддаги 28-сон БҲХСнинг баъзи талабларидан озод қилишни қўллашни танлаган бўлса, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


39И. Агар ташкилот таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхонага инвестицияларни улушли қатнашиш усулидан фойдаланган ҳолда ҳисобга олишда (масалан, 20Н(а) бандига қаранг) 9-сон МҲХСдан вақтинча озод қилишни қўлласа, ташкилот 12-сон МҲХС "Бошқа ташкилотлардаги улушларни ёритиб бериш" орқали талаб қилинадиган маълумотларга қўшимча равишда қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(а) ташкилот учун муҳим бўлган ҳар бир таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона бўйича 39Б-39Ж-бандларида тавсифланган маълумотларни. Ёритиб бериладиган суммалар ташкилотнинг бу суммалардаги улушидан кўра улушли қатнишиш усулидан фойдаланган ҳолда (12-сонли МҲХСнинг Б14(а) бандига қаранг) ташкилот амалга оширган ҳар қандай тузатишларни акс эттиргандан кейинги таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхонанинг МҲХС бўйича тузилган молиявий ҳисоботига киритилган бўлиши лозим.

(б) алоҳида олганда муҳим бўлмаган барча таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона бўйича жамланган ҳолда 39Б-39Ж-бандларда тавсифланган миқдорий маълумотларни. Ёритиб бериладиган жамланма суммалар қуйидагича бўлиши лозим:

(i) ушбу суммалардаги ташкилотнинг улушига тенг бўлиши лозим; ва

(ii) таъсир остидаги ташкилот бўйича бу суммалар қўшма корхоналар бўйича ёритиб берилган суммалардан алоҳида ёритиб берилиши лозим.



Ўрнига қўйиш ёндашуви тўғрисида

ёритиб бериладиган маълумотлар


39Й. Ўрнига қўйиш ёндашувини қўллайдиган суғурталовчи молиявий ҳисобот фойдаланувчиларига қуйидагиларни тушуниш имконини берадиган маълумотни ёритиб бериши лозим:

(а) ҳисобот давридаги фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромад ўртасида қайта таснифланган жами сумма қандай ҳисобланганлигини; ва

(б) ушбу қайта таснифлашнинг молиявий ҳисоботга таъсирини.


39К. 39Й-бандга мувофиқ суғурталовчи қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(а) ўрнига қўйиш ёндашувини қўллаш фактини;

(б) суғурталовчининг молиявий активлар синфи бўйича ўрнига қўйиш ёндашувини қўллаган молиявий активларнинг ҳисобот даври охиридаги баланс қийматини;

(в) мазкур МҲХСнинг қўллаш доирасидаги шартномалар тузадиган юридик шахсдан ташқарида эгалик қилинадиган ҳар қандай белгиланган молиявий активларнинг изоҳини ўз ичига олган ҳолда ўрнига қўйиш ёндашуви бўйича молиявий активларни белгилаш учун асосни;

(г) ҳисобот даврида фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромад ўртасида қайта таснифланган умумий сумманинг молиявий ҳисобот фойдаланувчиларига, қуйидагиларни ўз ичига олган ҳолда, ушбу сумманинг қандай ҳосил бўлишини тушунишига имкон берадиган тарздаги изоҳни:

(i) 9-сон МҲХСни қўллаган ҳолда белгиланган молиявий активлар бўйича фойда ёки зарарда тақдим этилган суммани; ва

(ii) суғурталовчи 39-сон БҲХСни қўллаганида, белгиланган молиявий активлар бўйича фойда ёки зарарда тақдим қилиниши мумкин бўлган суммани.

(д) 35Б ва 35Л-бандларда тавсифланган қайта таснифлаш таъсир кўрсатган фойда ёки зарарнинг ҳар бир моддаси бўйича таъсирини; ва

(е) агар ҳисобот даври мобайнида суғурталовчи молиявий активларнинг белгиланишини ўзгартирган бўлса:

(i) ўрнига қўйиш ёндашувини қўллаган ҳолда янгидан белгиланган молиявий активларга доир ҳисобот даврида фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромад ўртасида қайта таснифланган сумма, (35Е(б) бандга қаранг);

(ii) агар молиявий активлар қайта белгиланмаган бўлганда, ҳисобот даврида фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромад ўртасида қайта таснифланган бўлиши мумкин бўлган сумма (35З(а) бандга қаранг); ва

(iii) қайта белгиланган молиявий активлар бўйича ҳисобот даврида жамғарилган бошқа умумий даромаддан фойда ёки зарарга қайта таснифланган сумма (35И-бандга қаранг).


39Л. Агар ташкилот таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхонага инвестицияларни улушли қатнишиш усулидан фойдаланган ҳолда ҳисобга олишда ўрнига қўйиш ёндашувини қўлласа, ташкилот 12-сон МҲХС томонидан талаб қилинадиган маълумотларга қўшимча равишда қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(а) ташкилот учун муҳим бўлган ҳар бир таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона бўйича 39Й-39К-бандларда тавсифланган маълумотларни. Ёритиб бериладиган суммалар ташкилотнинг бу суммалардаги улушидан кўра улушли қатнишиш усулидан фойдаланган ҳолда (12-сонли МҲХС нинг Б14(а) бандига қаранг) ташкилот амалга оширган ҳар қандай тузатишларни акс эттиргандан кейинги таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхонанинг МҲХС бўйича тузилган молиявий ҳисоботига киритилган бўлиши лозим.

(б) алоҳида олганда муҳим бўлмаган барча таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона бўйича жамланган ҳолда 39Й-39К(г) ва 39Й(е)-бандларда тавсифланган миқдорий маълумотлар ва 35Б-бандда тавсифланган қайта таснифлашнинг фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромадга таъсирини. Ёритиб бериладиган жамланма суммалар қуйидагича бўлиши лозим:

(i) ушбу суммалардаги ташкилотнинг улушига тенг бўлиши лозим; ва

(ii) таъсир остидаги ташкилот бўйича бу суммалар қўшма корхоналар бўйича ёритиб берилган суммалардан алоҳида ёритиб берилиши лозим.



Кучга кириш санаси ва ўтиш қоидалари


40. 41-45-бандларидаги ўтиш қоидалари МҲХСни аллақачон қўллаётган лекин мазкур МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилотга ҳам МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилотга ҳам қўлланади.


41. Мазкур МҲХС ташкилотлар томонидан 2005 йил 1 январь ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўлланиши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллаш маъқулланади. Агар ташкилот мазкур МҲХСни олдинроқ давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


41А. 2005 йил август ойида эълон қилинган "Молиявий кафолат шартномалари" (39-сон БҲХС ва 4-сон МҲХСга ўзгартиришлар) бўйича 4(г), Б18(ё) ва Б19(е) бандларига ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2006 йил 1 январдан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллаш маъқулланади. Агар ташкилот ушбу ўзгаришларни олдинроқ давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим ва бир вақтнинг ўзида 1-сон БҲХС, 39-сон БҲХС, 7-сон МҲХС ва 32-сон МҲХСШҚга(4) киритилган тегишли ўзгартиришларни қўллаши лозим.


41Б. 1-сон БҲХС (2007 йил таҳрири) бўйича МҲХСда фойдаланилган атамаларга ўзгартириш киритилган. Шунингдек, у бўйича 30-бандга ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот мазкур ўзгартиришларни 2009 йил 1 январь ёки ушбу санадан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Агар ташкилот 1-сон БҲХС (2007 йил таҳриридаги)ни олдинги давр учун қўлласа, мазкур ўзгартиришлар ушбу олдинги давр учун қўлланиши лозим.


41В. [Чиқариб ташланган]


41Г. [Чиқариб ташланган]


41Д. 2011 йил май ойида эълон қилинган 13 сон МҲХС "Ҳаққоний қийматни баҳолаш" бўйича А иловадаги ҳаққоний қиймат таърифига ўзгартириш киритилган.


41Е. [Чиқариб ташланган]


41Ё. 2014 йил май ойида эълон қилинган 15-сон МҲХС "Харидорлар билан шартномалар бўйича тушум" бўйича 4(а) ва (в), Б7, Б18(ж) ва Б21-бандларига ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 15-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


41Ж. 2014 йил июл ойида эълон қилинган 9-сон МҲХС бўйича 3, 4, 7, 8, 12, 34, 35, 45-бандларга, А иловага ва Б18-Б20-бандларга ўзгартиришлар киритилган ва 41В, 41Г ва 41Е-бандлар чиқариб ташланган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 9-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


41З. 2016 йил январь ойида эълон қилинган 16-сон МҲХС бўйича 4-бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 16-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.



Маълумотларни ёритиб бериш


42. Ташкилот мазкур МҲХСнинг 37(а) ва (б) бандларида ҳисоб сиёсати ва тан олинган активлар, мажбуриятлар, даромадлар ва харажатлар (ва агар бевосита усул фойдаланилса, пул оқимлари) тўғрисида талаб қилинган ёритиб бериладиган маълумотларни истисно қилган ҳолда, 2005 йил 1 январдан олдин бошланадиган йиллик даврларга тааллуқли қиёсий маълумотларга мазкур МҲХСнинг маълумотларни ёритиб бериш талабларини қўллаши талаб этилмайди.


43. Aгар 35-банднинг муайян талабини 2005 йил 1 январдан олдин бошланган йиллик даврлар учун қиёсий маълумотларга нисбатан амалий қўллаш имконсиз бўлса, ташкилот ушбу фактни ёритиб бериши лозим. Бундай қиёсий маълумотларга нисбатан мажбурият монандлиги тестини қўллаш (15-19-бандлар) баъзан амалий жиҳатдан имконсиз бўлиши мумкин, аммо бундай қиёсий маълумотларга нисбатан 10-35 бандларнинг бошқа талабларини қўллаш имконсиз бўлиши эҳтимолдан йироқ бўлади. 8-сон БҲХСда "амалий қўллаш имконсизлиги" атамасининг маъноси тушунтирилган.


44. 39(в)(iii) кичик бандини қўллашда ташкилот мазкур МҲХСни қўллаган биринчи молиявий йил тугашидан беш йил олдин содир бўлган даъволарнинг ривожланиши тўғрисида маълумотни ёритиб бериши талаб этилмайди. Бундан ташқари, агар ташкилот мазкур МҲХСни биринчи марта қўллаганида, мазкур МҲХСга мос келадиган тўлиқ қиёсий маълумотни тақдим этадиган дастлабки давр бошланишидан олдин содир бўлган даъволарнинг ривожланиши тўғрисида маълумот тайёрлаш амалий жиҳатдан имконсиз бўлса, ташкилот ушбу фактни ёритиб бериши лозим.



Молиявий активларни қайта таснифлаш


45. Суғурталовчи суғурта мажбуриятлари бўйича ҳисоб сиёсатини ўзгартирганда, 9-сон МҲХСнинг 4.4.1-бандига қарамасдан, унга молиявий активлар фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳоланиши учун уларнинг бир қисмини ёки барчасини қайта таснифлашга рухсат берилади, лекин талаб қилинмайди. Суғурталовчи мазкур МҲХСни биринчи марта қўллаганда ҳисоб сиёсатини ўзгартирса ва 22-бандда рухсат берилган ҳисоб сиёсатининг кейинги ўзгартиришини амалга оширса, ушбу қайта таснифлашга рухсат берилади. Қайта таснифлаш ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш ҳисобланади ва унга 8-сон БҲХС қўлланади.



4-сон МҲХСни 9-сон МҲХС билан қўллаш


9-сон МҲХСни қўллашдан вақтинча озод қилиш


46. 2016 йил сентябр ойида чиқарилган 9-сон МҲХС "Молиявий инструментлар"ни 4-сон МҲХС "Суғурта шартномалари" (4-сон МҲХС га ўзгартиришлар) билан қўллаш бўйича 3 ва 5-бандларга ўзгартириш киритилган ва 20А-20Й, 35А ва 39Б-39И-бандлар ва 20, 20Й, 20М ва 39А-бандлардан кейинги сарлавҳалар киритилган. Ташкилот белгиланган мезонларга жавоб берадиган суғурталовчиларга 9-сон МҲХСдан вақтинча озод қилишни қўллашга рухсат берадиган ушбу ўзгартиришларни 2018 йил 1 январдан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўллаши лозим.


47. 39Б-39И-бандлари талаб қилган маълумотларни ёритиб берадиган ташкилот ушбу ёритиб бериладиган маълумотлар бўйича талаб қилинадиган баҳолашларни амалга оширишга доир 9-сон МҲХСдаги ўтиш қоидаларидан фойдаланиши лозим. Ушбу мақсад учун дастлабки қўллаш санаси 2018 йил 1 январдан ёки ундан кейин бошланадиган биринчи йиллик даврнинг боши деб ҳисобланиши лозим.



Ўрнига қўйиш ёндашуви


48. 2016 йил сентябр ойида эълон қилинган 9-сон МҲХС "Молиявий инструментлар"ни 4-сон МҲХС "Суғурта шартномалари" (4-сон МҲХС га ўзгартиришлар) билан қўллаш бўйича 3 ва 5-бандларга ўзгартиришлар киритди ва 35А-35М ва 39Й-39Л бандлар ва 35А, 35Й, 35Л ва 39И бандларидан кейинги сарлавҳалар киритилган. Ташкилот суғурталовчиларга белгиланган молиявий активларга ўрнига қўйиш ёндашувини қўллашга рухсат берувчи ушбу ўзгартиришларни 9-сон МҲХСни биринчи марта қўллаганида (35В-бандга қаранг) қўллаши лозим.


49. Ўрнига қўйиш ёндашувини қўллашни танлаган ташкилот:

(а) ушбу ёндашувни 9-сон МҲХСга ўтишда белгиланган молиявий активларга нисбатан ретроспектив равишда қўллаши лозим. Шунга кўра, масалан, ташкилот 9-сон МҲХСни қўллаган ҳолда аниқланадиган белгиланган молиявий активларнинг ҳаққоний қиймати билан 39-сон БҲХСни қўллаган ҳолда аниқланадиган уларнинг баланс қиймати ўртасидаги фарқга тенг суммани жамғарилган бошқа умумий даромаднинг бошланғич балансига тузатиш сифатида тан олиши лозим.

(б) ташкилот ўрнига қўйиш ёндашувини акс эттириш учун, фақат ва фақат 9-сон МҲХСни қўллаган ҳолда қиёсий маълумотни қайта тақдим қилса, қиёсий маълумотни қайта тақдим қилиши лозим.


50. 9-сон МҲХС, 39-сон БҲХС, 7-сон МҲХС, 4-сон МҲХС ва 16-сон МҲХСларга ўзгартириш сифатида киритилган 2020 йил август ойида эълон қилинган "Бенчмарк фоиз ставкасини ислоҳ қилиш - 2-фаза" бўйича 20Р-20С бандлар ва 51 банд киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2021 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинроқ давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 51 бандда белгиланган ҳолатлардан ташқари ҳолларда 8-сон БҲХСга мувофиқ ретроспектив тарзда қўллаши лозим.


51. Ташкилот мазкур ўзгартиришларни қўлланишини акс эттириш учун ўтган даврларни қайта ҳисоблаши талаб этилмайди. Ташкилот олдинги даврларни қайта акс эттириши фақат агар бундай акс эттириш кейинги маълумотларсиз имкони бўлса, мумкин бўлади. Агар ташкилот олдинги даврларни қайта акс эттирмаса, ташкилот олдинги баланс қиймати ва йиллик ҳисобот даври бошидаги баланс қиймати ўртасидаги фарқни ўзгартиришларни дастлабки қўллаш санасидаги йиллик ҳисобот даврининг бошланғич тақсимланмаган фойдасида (ёки агар ўринли бўлса, хусусий капиталнинг бошқа компонентида) тан олиши лозим.

          

           




А ИЛОВА



АТАМАЛАР ТАЪРИФИ


Мазкур илова МҲХСнинг ажралмас қисмидир.

         

        

цедент

Қайта суғурталаш шартномаси бўйича суғурта полиси эгаси.


депозит компоненти


9-сон МҲХС бўйича дериватив сифатида ҳисобга олинмайдиган, лекин агар у алоҳида инструмент бўлганида 9-сон МҲХСнинг қўллаш доирасига кирадиган шартномавий компонент.


бевосита суғурта шартномаси


Қайта суғурталаш шартномаси бўлмаган суғурта шартномаси.


ихтиёрий иштирок этиш шарти


Кафолатланган тўловларга қўшимча қуйидаги тўловларни олиш учун шартномавий ҳуқуқ:

(а) умумий шартномавий тўловларнинг аҳамиятли қисми бўлиши мумкин бўлган;

(б) миқдори ёки муддати шартномага асосан суғурталовчининг ихтиёрида бўлган; ва

(в) шартномага кўра қуйидагиларга асосланадиган:

(i) муайян шартномалар гуруҳини ёки муайян турдаги шартномаларнинг бажарилишига;

(ii) эмитент эгалик қиладиган активларнинг муайян гуруҳи бўйича реализация қилинган ва/ёки реализация қилинмаган инвестиция даромадлари; ёки

(iii) шартномани тузган компания, фонд ёки бошқа ташкилотнинг фойда ёки зарари.


ҳаққоний қиймат


Хаққоний қиймат - бу баҳолаш санасида бозор иштирокчилари ўртасидаги одатдаги операцияда активни сотишдан олиниши ёки мажбуриятни ўтказиш учун тўланиши мумкин бўлган нархдир. (13-сон МҲХСга қаранг.)


молиявий кафолат шартномаси


Маълум бир қарздор қарз инструментининг асл ёки ўзгартирилган шартларига мувофиқ тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлиги сабабли у кўрган зарарни қоплаш учун бошқа томондан маълум тўловларни амалга оширишни талаб қиладиган шартнома.


молиявий риск


Белгиланган фоиз ставкаси, молиявий инструментлар нархи, товар нархи, валюта курси, нархлар ёки ставкалар индекси, кредит рейтинги ёки кредит индекслари ёки бошқа ўзгарувчиларнинг бир ёки бир нечтасида эҳтимолий келгуси ўзгариш риски, шартноманинг бирор томонига хос бўлмаган номолиявий ўзгарувчиси.


кафолатланган тўловлар


Суғурталовчининг шартномавий ҳуқуқи билан боғлиқ бўлмаган шартсиз ҳуқуққа эга муайян суғурта қилдирувчи ёки инвесторга тўланадиган тўловлар ёки бошқа нафлар.


кафолатланган элемент


Ихтиёрий иштирок этиш шартини ўз ичига оладиган шартномага киритилган кафолатланган тўловларни тўлаш мажбурияти.


суғурта активи


Суғурталовчининг суғурта шартномаси бўйича соф шартномавий ҳуқуқлари.


суғурта шартномаси


Содир бўлиши номаълум бўлган келгусидаги муайян ҳодиса (суғурта ҳодисаси) суғурта қилдирувчига салбий таъсир кўрсатса, суғурта қилдирувчига унинг ўрнини қоплашга келишиш орқали бир томон (суғурталовчи) бошқа томон (суғурта қилдирувчи)дан аҳамиятли суғурта рискини қабул қиладиган шартнома. (Ушбу таъриф бўйича кўрсатма учун Б иловага қаранг.)


суғурта мажбурияти


Суғурталовчининг суғурта шартномаси бўйича аниқ шартномавий мажбуриятлари.


суғурта риски


Молиявий рискдан фарқланадиган, шартномага эгалик қилувчидан суғурталовчига ўтказиладиган риск.


суғурта ҳодисаси


Суғурта шартномаси билан қопланадиган ва суғурта рискини амалга оширадиган содир бўлиши номаълум бўлган келгусидаги ҳодиса.


суғурталовчи


Суғурта шартномаси бўйича суғурта ҳодисаси юз берган тақдирда суғурта қилдирувчига товон пули тўлаш мажбуриятини олган томон.


мажбурият монандлиги тести


Келгуси пул оқимларини кўриб чиқиш асосида суғурта мажбуриятининг баланс қиймати оширилиши (ёки тегишли кечиктирилган аквизиция сарфларининг ёки тегишли номоддий активларнинг баланс қиймати пасайтирилиши) зарурлигини баҳолаш.


суғурта қилдирувчи


Суғурта ҳодисаси содир бўлган тақдирда суғурта шартномаси бўйича компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган томон.


қайта суғурталаш активлари


Цедентнинг қайта суғурталаш шартномаси бўйича соф шартномавий ҳуқуқлари.


қайта суғурталаш шартномаси


Бир суғурталовчи (қайта суғурталовчи) томонидан бошқа суғурталовчига (цедентга) цедент томонидан тузилган бир ёки бир нечта шартномалар бўйича зарарни қоплаш учун тузилган суғурта шартномаси.


қайта суғурталовчи


Қайта суғурталаш шартномаси бўйича суғурта ҳодисаси юз берган тақдирда, цеденга компенсация қилиш мажбуриятини олган томон.


Алоҳида компонентларга ажратиш

Шартнома компонентларини худди улар алоҳида шартномалар бўлгани каби ҳисобга олиш.

             

             




Б ИЛОВА



СУҒУРТА ШАРТНОМАСИНИНГ ТАЪРИФИ


Мазкур илова МҲХСнинг ажралмас қисмидир.


Б1. Ушбу илова А иловадаги суғурта шартномасининг таърифи бўйича кўрсатма беради. Унда қуйидаги масалалар кўриб чиқилади:

(а) "содир бўлиши номаълум бўлган келгусидаги ҳодиса" атамаси (Б2-Б4-бандлар);

(б) натура шаклидаги тўловлар (Б5-Б7-бандлар);

(в) суғурта риски ва бошқа рисклар (Б8-Б17-бандлар);

(г) суғурта шартномаларининг намуналари (Б18-Б21-бандлар);

(д) аҳамиятли суғурта риски (Б22-Б28-бандлар); ва

(е) суғурта риски даражасининг ўзгариши (Б29 ва Б30-бандлар).



Содир бўлиши номаълум бўлган

келгусидаги ҳодиса


Б2. Ноаниқлик (ёки риск) суғурта шартномасининг моҳияти ҳисобланади. Шунга кўра, суғурта шартномаси бошланганда қуйидагиларнинг камида биттасида ноаниқлик мавжуд:

(а) суғурта ҳодисаси содир бўлиши;

(б) у қачон содир бўлиши; ёки

(в) агар у содир бўлса, суғурталовчи қанча тўлаши керак бўлиши.


Б3. Баъзи суғурта шартномаларида, ҳатто шартнома бошланишидан олдин содир бўлган ҳодиса натижасида зарар юзага келса ҳам, суғурта ҳодисаси шартнома муддатлари мобайнида кўрилган зарар ҳисобланади. Бошқа суғурта шартномаларида бўлса, ҳатто натижавий зарар шартнома муддати тугаганидан кейин юзага келса ҳам, суғурта ҳодисаси шартнома муддатлари мобайнида кўрилган зарар ҳисобланади.


Б4. Баъзи суғурта шартномалари аллақачон содир бўлган, лекин молиявий таъсири ҳали ҳам ноаниқ бўлган воқеаларни қамраб олади. Бунга бевосита суғурталовчига суғурта қилдирувчилар томонидан аллақачон билдирилган суғурта даъволарини каноатлантириш билан боғлиқ зарарларни қоплайдиган қайта суғурталаш шартномаси мисол бўла олади. Бундай шартномаларда ушбу даъволарнинг якуний нархини аниқлаш суғурта ҳодисаси ҳисобланади.



Натура шаклида тўловлар


Б5. Баъзи суғурта шартномаларида тўловларни натура шаклида амалга ошириш талаб этилади ёки уларга рухсат берилади. Мисол тариқасида суғурталовчи суғурта қилдирувчига товон тўлаш ўрнига бевосита ўғирланган нарсани алмаштириб бериш ҳолатини келтириш мумкин. Бошқа мисол сифатида суғурталовчи шартномаларда кўзда тутилган тиббий хизматни кўрсатиш учун ўз касалхоналари ва тиббиёт ходимларидан фойдаланиш ҳолатини келтириш мумкин.


Б6. Хизмат кўрсатиш даражаси содир бўлиши номаълум бўлган ҳодисага боғлиқ бўлган баъзи бир белгиланган пуллик хизмат кўрсатиш шартномалари мазкур МҲХСда суғурта шартномаси таърифига жавоб беради, лекин баъзи мамлакатларда суғурта шартномалари сифатида тартибга солинмайди. Мисол тариқасида хизмат кўрсатувчи муайян ускунани бузилгандан кейин таъмирлаш бўйича шартномасини келтириш мумкин. Белгиланган хизмат ҳақи кутилган носозликлар сонига асосланади, лекин маълум бир машинанинг қачон ишламай қолиши ноаниқ бўлади. Ускунанинг нотўғри ишлаши унинг эгасига салбий таъсир кўрсатади ва шартнома шартларига кўра ускунанинг эгасига компенсация берилади(нақд пулдан эмас, балки натура шаклида). Бошқа мисол сифатида хизмат кўрсатувчи томон белгиланган йиллик тўлов эвазига автомашиналар йўлда бузилиб қолганда хизмат кўрсатиш ёки машинани яқин атрофдаги гаражга олиб боришни таъминлайдиганг хизмат кўрсатиш шартномасини келтириш мумкин. Иккинчи шартнома ҳатто хизмат кўрсатувчи томон носоз қисмларни таъмирлаш ёки алмаштиришга келишмаса ҳам суғурта шартномаси таърифига жавоб бериши мумкин.


Б7. Б6-бандда тавсифланган шартномаларга мазкур МҲХСни қўллаш, бундай шартномалар мазкур МҲХСнинг қўллаш доирасидан ташқарида бўлганда, қўлланиши ўринли бўлган МҲХСни қўллашдан кўра оғирроқ бўлмайди:

(а) Аллақачон содир бўлган носозликлар ва бузилишлар учун жиддий жавобгарликлар бўлиши эҳтимолдан йироқ.

(б) Агар 15-сон МҲХС қўлланганда, хизмат кўрсатувчи хизматни харидорга тақдим қилганда (ёки шу пайтда) (бошқа белгиланган мезонларни ҳисобга олган ҳолда) даромадни тан олган бўларди. Ушбу ёндашув хизмат кўрсатувчига (i) агар ушбу шартномалар бўйича амалдаги ҳисоб сиёсати 14-бандда тақиқланган амалиётларни тақазо қилмаса, уни қўллашни давом эттиришга ва (ii) 22-30-бандларда рухсат берилса, ҳисоб сиёсатини такомиллаштиришга рухсат берадиган мазкур МҲХС бўйича ҳам қўлланади.

(в) хизмат кўрсатувчи томон хизматларни кўрсатиш бўйича шартнома мажбуриятини бажариш таннархи олдиндан олинган даромаддан ошиб кетмаслигини кўриб чиқади. Бунинг учун у мазкур МҲХСнинг 15-19-бандларида тавсифланган мажбурият монандлиги тестини қўллайди. Агар мазкур МҲХС ушбу шартномаларга татбиқ этилмаган бўлса, хизмат кўрсатувчи провайдер шартномаларнинг оғирлигини аниқлаш учун 37-сон БҲХСни қўллайди.

(г) Ушбу шартномалар бўйича мазкур МҲХСдаги маълумотларни ёритиб бериш талаблари бошқа МҲХС томонидан талаб қилинган маълумотларнинг ҳажмини сезиларли даражада ошириш эҳтимоли кам.



Суғурта риски ва бошқа рисклар

ўртасидаги фарқ


Б8. Суғурта шартномасининг таърифи мазкур МҲХСда шартнома эгасидан суғурталовчига ўтказиладиган молиявий рискдан ташқари риск сифатида тавсифланадиган суғурта рискини назарда тутади. Суғурталовчини аҳамиятли суғурта риски бўлмаган молиявий риск таъсири остида қолдирадиган шартнома суғурта шартномаси ҳисобланмайди.


Б9. А Иловадаги молиявий риск таърифи бир қатор молиявий ва номолиявий ўзгарувчиларни ўз ичига олади. Ушбу ўзгарувчилар таркиби маълум бир минтақадаги ер қимирлаши бўйича йўқотиш индекси ёки маълум бир шаҳардаги ҳарорат индекси каби шартнома томонларига хос бўлмаган номолиявий ўзгарувчиларни ўз ичига олади. Бунда шартнома томонининг активга зарар етказадиган ёки йўқ қиладиган ёнғин содир бўлиш ёки бўлмаслиги каби шартнома томонига хос бўлган номолиявий ўзгарувчилар бундан мустасно. Бундан ташқари, агар номолиявий активнинг ҳаққоний қиймати нафақат бундай активларнинг бозор нархларидаги ўзгаришларни (молиявий ўзгарувчига), балки муайян номолиявий активнинг ҳолатини (номолиявий ўзгарувчи) ҳам акс эттирса, бундай номолиявий активнинг ҳаққоний қийматидаги ўзгариш риски молиявий риск ҳисобланмайди. Масалан, агар маълум бир автомобилнинг қолдиқ қийматининг кафолати кафилни автомобилнинг жисмоний ҳолатидаги ўзгаришлар рискига дучор қилса, бу риск молиявий риск эмас, суғурта риски ҳисобланади.


Б10. Баъзи шартномалар суғурталовчини аҳамиятли суғурта рискидан ташқари молиявий рискга ҳам дучор қилади. Масалан, кўплаб ҳаёт суғуртаси шартномалари ҳам суғурта қилдирувчиларга минимал рентабеллик даражасини (молиявий риск яратади) кафолатлайди, ҳам баъзи пайтларда суғурта қилдирувчининг ҳисобварағидаги қолдиқдан (ўлим риски кўринишидаги суғурта рискини келтириб чиқарадиган) аҳамиятли даражада ошиб кетадиган ўлим содир бўлгандаги тўловларни ваъда қилади. Бундай шартномалар суғурта шартномалари ҳисобланади.


Б11. Баъзи шартномалар бўйича суғурта ҳодисаси нархлар индексига боғлиқ бўлган миқдорни тўлашга олиб келади. Суғурта ҳодисасига боғлиқ бўлган тўлов аҳамиятли бўлиши шарти билан бундай шартномалар суғурта шартномалари ҳисобланади. Масалан, ҳаёт бўлиш шартли аннуитет суғурта рискини ўтказади, чунки тўлов ноаниқ ҳодиса - рентанинг олувчиси тирик қолишидан келиб чиқади. Нархлар индексига боғлиқлик ҳам дериватив ҳисобланади, лекин у суғурта рискини ҳам ўтказади. Агар натижада суғурта рискини ўтказиш муҳим бўлса, бириктирилган дериватив суғурта шартномасининг таърифига жавоб берса, бу ҳолда уни алоҳида компонентларга ажратиш ва ҳаққоний қиймат билан баҳолаш талаб этилмайди (мазкур МҲХСнинг 7-бандига қаранг).


Б12. Суғурта рискининг таърифи суғурталовчининг суғурта қилдирувчидан қабул қиладиган рискини англатади. Бошқача айтганда, суғурта риски - бу суғурта қилдирувчидан суғурталовчига ўтказилган аввалги риск ҳисобланади. Шундай қилиб, тузилган шартнома асосида юзага келган янги риск суғурта риски ҳисобланмайди.


Б13. Суғурта шартномасининг таърифи суғурта қилдирувчига салбий таъсир кўрсатилишини назарда тутади. Ушбу таърифга кўра суғурталовчининг тўлови нохуш ҳодисанинг молиявий таъсирига тенг миқдор билан чекланмайди. Масалан, ушбу таъриф, суғурта қилдирувчига зарар етказилган эски активи ўрнига янгисини алмаштириш учун етарли бўлган суммани тўлашни назарда тутадиган "эскини ўрнига янгиси" усулида қоплашни рад этмайди. Шу каби, таъриф ҳаётни суғурталаш бўйича муддатли шартномага биноан тўловни марҳумнинг қарамоғида бўлганларга етказилган молиявий зарар билан чекламайди ва ўлим ёки бахтсиз ҳодиса натижасида етказилган зарарни аниқлаш учун олдиндан белгиланган миқдорларни тўлашни истисно қилмайди.


Б14. Баъзи шартномалар, агар муайян ноаниқ ҳодиса рўй берса, тўловни талаб қилади, лекин суғурта қилдирувчига тўловнинг дастлабки шарти сифатида унга салбий таъсир кўрсатишини талаб қилмайди. Бундай шартнома, ҳатто эгаси шартномани асосий рискини камайтириш учун ишлатса ҳам, суғурта шартномаси ҳисобланмайди. Мисол учун, агар суғурта қилдирувчи базавий номолиявий ўзгарувчини хежлаш учун деривативдан фойдаланса ва у ташкилот активидан келиб чиқадиган пул оқимлари билан боғлиқ бўлса, бундай дериватив суғурта шартномаси эмас, чунки тўлов активдан тушадиган пул оқимларининг қисқариши суғурта қилдирувчига салбий таъсир кўрсатиши ёки кўрсатмаслигига боғлиқ эмас. Аксинча, суғурта шартномасининг таърифи ноаниқ ҳодисани ва унинг суғурта қилдирувчига салбий таъсири шартнома бўйича тўловни амалга ошириш шарти эканлигини англатади. Ушбу шартноманинг дастлабки шарти суғурталовчидан ҳодиса ҳақиқатан ҳам салбий таъсир кўрсатганлигини текширишни талаб қилмайди, лекин суғурталовчи ушбу ҳодисанинг салбий таъсир кўрсатганига ишонч ҳосил қилмаса, тўловни рад этишига имкон беради.


Б15. Шартнома муддатининг узайиши ёки қисқариши риски (яъни контрагент шартномани нархлашда суғурталовчи кутганидан олдин ёки кейинроқ шартномани бекор қилиш риски) суғурта риски эмас, чунки бунда контрагентга тўлов содир бўлиши номаълум бўлган ва келгусида контрагентга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳодисага боғлиқ эмас. Шу каби, харажатлар риски (яъни суғурта ҳодисалари билан боғлиқ харажатларга эмас, балки шартномада хизмат кўрсатиш билан боғлиқ маъмурий харажатларнинг кутилмаган ўсиш риски) суғурта риски эмас, чунки кутилмаган харажатларнинг кўтарилиши контрагентга салбий таъсир кўрсатмайди.


Б16. Шунинг учун, суғурталовчини тугатиш риски, шартнома муддатининг узайиши ёки қисқариши риски ёки харажатлар рискини юзага келтирадиган шартнома, агар у шунингдек суғурталовчини суғурта рискига дучор қилмаса, суғурта шартномаси ҳисобланмайди. Лекин, агар ушбу шартнома бўйича суғурталовчи бундай рискнинг бир қисмини бошқа томонга ўтказиш учун иккинчи шартнома ёрдамида бу рискни камайтирса, иккинчи шартнома ушбу бошқа томонни суғурта рискига дучор қилади.


Б17. Суғурталовчи суғурта қилдирувчидан алоҳида шахс бўлган тақдирдагина суғурта қилдирувчидан аҳамиятли суғурта риски қабул қилиши мумкин. Ўзаро суғурта ҳолатида, ўзаро суғурта ташкилоти ҳар бир суғурта қилдирувчидан рискни қабул қилади ва уларни ўзида жамлайди. Суғурта қилдирувчилар бирлаштирилган рискларни эгалари сифатида, уларни ўз зиммаларига олишларига қарамай, суғурта шартномасининг моҳияти бўлган рискни қабул қилишган бўлади.



Суғурта шартномаларига мисоллар


Б18. Аҳамиятли суғурта рискини ўтказиш шарти бўйича суғурта шартномаси бўлган шартномаларга қуйида мисоллар келтирилган:

(а) мулк ўғирланиши ёки унга зарар етишидан суғурта қилиш.

(б) маҳсулот ишлаб чиқарувчининг жавобгарлиги, касбий жавобгарлик, фуқаролик жавобгарлиги ёки ҳуқуқий харажатлардан суғурта қилиш.

(в) ҳаёт суғуртаси ва олдиндан тўланадиган дафн маросимлари дастурлари (ўлим юз бериши аниқ бўлсада, ўлим қачон юз бериши ёки ҳаёт суғуртасининг айрим турлари учун ўлим, суғурта билан қопланадиган муддат ичида қачон содир бўлиши ноаниқ бўлади).

(г) умрбод аннуитетлар ва пенсиялар (яъни содир бўлиши номаълум бўлган келгусидаги ҳодиса учун товон пули тўлайдиган шартномалар - аннуитет олувчи тирик қолиши - аннуитет олувчи ёки пенсионерга таъминланмаслиги уларнинг ҳаёт давомийлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳаёт тарзи даражасини таъминлашдир).

(д) ногиронлик ва тиббий ёрдам.

(е) кафиллик мажбуриятлари, содиқлик мажбуриятлари, мажбуриятларни бажариш кафолатлари ва тендерлар бўйича мажбуриятлар (яъни, бошқа томон шартнома мажбуриятини бажармаган тақдирда, масалан, бино қуриш мажбуриятини қоплайдиган шартномалар).

(ё) маълум бир қарздор қарздорлик воситасининг асл ёки ўзгартирилган шартларига биноан белгиланган муддатда тўловни амалга оширмаганлиги сабабли эгасига етказилган зарарни қоплаш учун маълум тўловларни амалга оширишни назарда тутадиган кредит суғуртаси. Ушбу шартномалар турли хил ҳуқуқий шаклларга эга бўлиши мумкин, масалан, кафолат, аккредитивнинг айрим турлари, кредит бўйича дериватив шартномаси ёки суғурта шартномаси. Лекин, ушбу шартномалар суғурта шартномаси таърифига жавоб беришига қарамай, улар 9-сон МҲХСда молиявий кафолат шартномаси таърифига жавоб беради ва мазкур МҲХС эмас, балки 32-сон БҲХС(5) ва 9-сон МҲХС қўлланиш доирасига киради (4(г) бандига қаранг). Шунга қарамай, агар молиявий кафолат шартномалари томони илгари бундай шартномаларни суғурта шартномалари деб ҳисоблашни аниқ тасдиқлаган бўлса ва суғурта шартномаларига тааллуқли бухгалтерия ҳисобидан фойдаланган бўлса, ушбу томон бундай молиявий кафолат шартномаларига 32-сон БҲХС(6) ва 9-сон МҲХСни ёки мазкур МҲХСни қўллашни танлаши мумкин.

(ж) маҳсулот кафолатлари. Ишлаб чиқарувчи, дилер ёки чакана савдо ташкилоти томонидан сотиладиган товарларга бошқа томондан берилган маҳсулот кафолатлари мазкур МҲХСнинг қўллаш доирасига киради. Лекин, бевосита ишлаб чиқарувчи, дилер ёки чакана савдо ташкилоти томонидан берилган маҳсулот кафолатлари унинг қўллаш доирасига кирмайди, чунки улар 15-сон МҲХС ва 37-сон БҲХСнинг қўллаш доирасига киради.

(з) эгалик ҳуқуқини суғурталаш (яъни, суғурта шартномаси тузилаётганда аниқ бўлмаган ерга нисбатан эгалик ҳуқуқида камчиликлар аниқланишидан суғурта қилиш). Бундай ҳолда, суғурта ҳодисаси бу камчиликнинг ўзи эмас, балки эгалик ҳуқуқидаги нуқсонни аниқланиши ҳисобланади.

(и) саёҳат вақтига суғурталаш (яъни суғурта қилдирувчиларга саёҳат пайтида кўрган зарарлари учун нақд ёки натура шаклида компенсация қилиш). Б6 ва Б7 бандлар ушбу турдаги баъзи шартномаларни муҳокама қилади.

(й) агар муайян ҳодиса облигация эмитентига салбий таъсир кўрсатадиган бўлса, облигация эмитентига асосий қарзнинг, фоизнинг ёки ҳар иккаласининг маълум қисмини таъминлайдиган халокат облигациялари (агар ушбу ҳодиса аҳамиятли суғурта рискини келтириб чиқармаса, масалан, агар бу ҳодиса фоиз ставкаси ёки валюта курсидаги ўзгариш бўлса).

(к) суғурта своплари ва шартнома томонига хос бўлган иқлимий, геологик ёки бошқа физик ўзгарувчиларнинг ўзгариши асосида тўловни талаб қиладиган бошқа шартномалар.

(л) қайта суғурталаш шартномалари.


Б19. Қуйида суғурта шартномаси бўлмаган моддаларга мисоллар келтирилган:

(а) суғурта шартномасининг ҳуқуқий шаклига эга бўлган, аммо суғурталовчини аҳамиятли суғурта рискига дучор қилмайдиган инвестиция шартномалари, масалан суғурталовчининг ўлим риски катта бўлмаган ҳаёт суғуртаси шартномалари (бундай шартномалар носуғуртавий молиявий инструментлар ёки хизмат кўрсатиш шартномаларидир, Б20 ва Б21 бандларга қаранг).

(б) суғуртанинг ҳуқуқий шаклига эга бўлган, лекин суғурта қилдирувчи томонидан суғурта қилдирилган зарарнинг бевосита натижасидан келиб чиққан ҳолда суғурталовчи томонидан келгуси тўловларга тузатиш киритувчи бекор қилинмайдиган ва мажбурий механизмлар орқали, барча аҳамиятли суғурта рискини, суғурта қилдирувчига қайтарадиган шартномалар, масалан, баъзи молиявий қайта суғурталаш шартномалари ёки баъзи бир гуруҳ шартномалари (бундай шартномалар одатда носуғуртавий молиявий инструментлар ёки хизмат кўрсатиш шартномалари ҳисобланади, Б20 ва Б21-бандларга қаранг).

(в) ўз-ўзини суғурталаш, бошқача қилиб айтганда суғурта билан қопланиши мумкин бўлган рискни сақлаб қолиш (суғурта шартномаси мавжуд эмас, чунки бошқа томон билан келишув мавжуд эмас).

(г) агар муайян ноаниқ келгуси ҳодиса содир бўлса, тўловни талаб қиладиган шартномалар (масалан, лотерея шартномалари), лекин шартномада олдиндан белгиланган шарт тўлов бўйича эканлиги сабабли, бу ҳодиса суғурта қилдирувчига салбий таъсир кўрсатиши талаб этилмайди. Лекин, бу ўлим ёки бахтсиз ҳодиса муайян ҳодиса натижасида етказилган зарарни баҳолаш учун олдиндан белгиланган тўловни истисно қилмайди (шунингдек, Б13 бандга қаранг).

(д) бир томонни суғурта рискига эмас, балки молиявий рискка дучор қиладиган деривативлар. Чунки улар фақат бир ёки ундан ортиқ белгиланган фоиз ставкаси, молиявий инструмент нархи, товар нархи, валюта курси, нарх ёки ставка индекси, кредит рейтинги ёки кредит индекслари ёки бошқа ўзгарувчилардаги ўзгаришлар асосида ушбу томондан тўловлар амалга оширишини талаб қилади, фақат бу ўзгарувчи шартнома томонига хос бўлмаган номолиявий ўзгарувчи бўлиши лозим (9-сон МҲХСга қаранг).

(е) қарздорнинг белгиланган муддат ичида тўловларни амалга оширмаганлиги сабабли, зарар кўрмаган бўлса ҳам, тўловларни талаб қиладиган кредит билан боғлиқ кафолатлар (ёки аккредитив, кредит шартномаси ёки кредит суғуртаси шартномаси).

(ё) шартнома томонига хос бўлмаган иқлимий, геологик ёки бошқа физик ўзгарувчига асосан тўловни талаб қиладиган шартномалар (одатда об-ҳаво деривативлари деб тавсифланади).

(ж) шартнома томонига хос бўлмаган иқлимий, геологик ёки бошқа физик ўзгарувчига асосан облигация эмитентига асосий қарзнинг, фоизнинг ёки ҳар иккаласининг маълум қисмини таъминлайдиган ҳалокат облигациялари.


Б20. Агар Б19-бандда тавсифланган шартномалар молиявий активлар ёки молиявий мажбуриятларни келтириб чиқарадиган бўлса, улар 9-сон МҲХСнинг қўллаш доирасига киради. Бошқалари қатори, бу шартнома томонлари баъзан депозит ҳисоби деб аталадиган ҳисобдан фойдаланишни англатади, бу қуйидагиларни ўз ичига олади:

(а) Бир томон олинган тушумни даромад сифатида эмас, балки молиявий мажбурият сифатида тан олади.

(б) ошқа томон ушбу тўланган тўловни харажат сифатида эмас, балки молиявий актив сифатида тан олади.


Б21. Агар Б19-бандда тавсифланган шартномалар молиявий активлар ёки молиявий мажбуриятларни келтириб чиқармаса, 15-сон МҲХС қўлланади. 15-сон МҲХСга мувофиқ, ташкилот олиши кутилаётган тўлов миқдорида келишилган товар ёки хизматни харидорга ўтказиш орқали бажариш мажбуриятини бажарганда (пайтда) даромад тан олинади.



Аҳамиятли суғурта риски


Б22. Шартнома, фақат агар у аҳамиятли суғурта рискини ўтказадиган бўлса, суғурта шартномаси ҳисобланади. Б8-Б21-бандларда суғурта риски муҳокама қилинади. Қуйидаги бандларда суғурта рискининг аҳамиятлилигини баҳолаш муҳокама қилинади.


Б23. Фақат ва фақат тижорий моҳиятга эга бўлмаган сценарийларни (яъни операциянинг иқтисодий кўрсаткичларига сезиларли таъсир кўрсатмайдиган) истисно қилган ҳолда, суғурта ҳодисаси ҳар қандай сценарийда суғурталовчи аҳамиятли қўшимча тўловларни тўлашига сабаб бўлиши мумкин бўлса, суғурта риски аҳамиятли бўлади. Агар тижорий моҳиятга эга бўлган сценарийларда аҳамиятли қўшимча тўловлар тўланиши мумкин бўлса, суғурта ҳодисаси эҳтимолдан йироқ бўлса ҳам ёки шартли пул оқимларининг кутилган (яъни эҳтимоллиги бўйича тортилган) жорий қиймати қолган барча шартномавий пул оқимларининг кутилаётган жорий қийматининг кичик қисмини ташкил қилса ҳам, аввалги жумладаги шарт бажарилади.


Б24. Б23-бандда тавсифланган қўшимча тўловлар суғурта ҳодисаси юз бермаса (тижорий моҳиятга эга бўлмаган сценарийлар бундан мустасно) тўланадиган суммадан ошиб кетадиган суммаларни назарда тутади. Ушбу қўшимча суммалар даъволарни кўриб чиқиш ва даъволарни баҳолаш сарфларини ўз ичига олади, лекин қуйидагилар бундан мустасно:

(а) суғурта қилдирувчидан келгуси хизматлар учун ҳақ олиш имкониятининг йўқолишини. Масалан, инвестиция билан боғлиқ бўлган ҳаёт суғуртаси шартномасида, суғурта қилдирувчининг ўлими суғурталовчи инвестицияларни бошқариш бўйича хизматларни ортиқ амалга ошира олмаслигини ва бунинг учун ҳақ олмаслигини англатади. Лекин, худди ўзаро фонд бошқарувчиси мижознинг мумкин бўлган ўлими билан боғлиқ ҳолда суғурта рискини ўз зиммасига олмагани каби, суғурталовчининг бу иқтисодий зарари суғурта рискини акс эттирмайди. Шу сабабли, инвестицияларни бошқариш бўйича келгуси тўловларнинг потенциал йўқотилиши, шартнома асосида қанча суғурта риски ўтказилганини баҳолашда аҳамиятли ҳисобланмайди.

(б) шартномани бекор қилиш ёки рад қилишда амалга оширилиши мумкин бўлган сарфлар харидорнинг ўлими сабаб амалга ошмаслигини. Шартнома ушбу тўловларни вужудга келтирганлиги сабабли, ушбу тўловлардан воз кечиш суғурта қилдирувчига олдин мавжуд бўлган риск бўйича компенсация қилмайди. Шу сабабли, улар суғурта шартномаси орқали канча суғурта риски ўтказилишини баҳолашда ўринли ҳисобланмайди.

(в) шартнома эгасига жиддий зарар етказмайдиган ҳодиса билан боғлиқ бўлган тўловни. Масалан, томон бир миллион валюта бирлигини тўлашини талаб қиладиган шартнома ва актив жисмоний зарар кўриши орқали эгасига бир валюта бирлигининг аҳамиятли бўлмаган иқтисодий зарарини келтириб чиқарди дейлик. Ушбу шартномада шартнома эгаси суғурталовчига бир валюта бирлигидан йўқотишга тенг аҳамиятли бўлмаган рискни ўтказади. Шу билан бирга, шартнома, агар ушбу ҳодиса содир бўлса, томон 999,999 валюта бирлигини тўлаши лозим бўладиган, суғуртага оид бўлмаган рискни келтириб чиқаради. Томон шартнома эгасидан аҳамиятли суғурта рискини қабул қилмаслиги сабабли, ушбу шартнома суғурта шартномаси ҳисобланмайди.

(г) эҳтимолий қайта суғурталаш бўйича тўловлари. Суғурталовчи буларни алоҳида ҳисобга олади.


Б25. Суғурталовчи суғурта риски шартномасининг аҳамиятини молиявий ҳисоботлардаги(7) муҳимлилиги бўйича эмас, балки шартномалар бўйича баҳолайди. Шу сабабли, ҳаттоки агар бутун шартномалар гуруҳи учун аҳамиятли йўқотишларнинг минимал эҳтимоли мавжуд бўлса ҳам, суғурта риски аҳамиятли бўлиши мумкин. Ушбу шартнома бўйича баҳолаш шартномани суғурта шартномаси сифатида таснифлашни осонлаштиради. Лекин, нисбатан бир хил кичик шартномалар тўплами барчаси суғурта рискини ўтказадиган шартномалардан иборат деб ҳисобланса, суғурталовчи ушбу гуруҳ ичидаги ҳар бир шартномани аҳамиятсиз суғурта рискини ўтказадиган нодериватив шартномалар мавжудлигини аниқлаш учун текшириб кўриши талаб этилмайди.


Б26. Б23-Б25-бандларга кўра, агар шартномада ўлим учун нафақа омон қолиш учун тўланадиган суммадан ошиб кетган бўлса, агар ўлим учун қўшимча нафақа аҳамиятсиз бўлмаса (бутун шартнома гуруҳига нисбатан эмас, балки шартномага нисбатан баҳоланганда), бу шартнома суғурта шартномаси ҳисобланади. Б24(б) бандда таъкидланганидек, шартномани бекор қилиш ёки рад қилишда харажатлари мижознинг ўлими сабаб амалга ошмаслиги, агар бундай ҳолат суғурта қилдирувчига олдин мавжуд бўлган рискни компенсация қилмаса, баҳолашда инобатга олинмайди. Шу каби, суғурта қилдирувчининг қолган умри давомида мунтазам равишда тўланадиган суммани тўлайдиган аннуитет шартномаси, агар ҳаёт давомийлигида тўланадиган тўловларнинг умумий суммаси аҳамиятсиз бўлса, суғурта шартномаси ҳисобланади.


Б27. Б23-банд қўшимча тўловларга ҳавола қилади. Ушбу қўшимча тўловлар, агар суғурта ҳодисаси олдинроқ содир бўлса ва тўлов пулнинг вақт қийматини ҳисобга олиб тузатилмаган бўлса, тўловларни муддатидан олдин тўлаш талабини ўз ичига олиши мумкин. Бунга мисол сифатида ўзгармас суммага амалга ошириладиган ҳаёт суғуртасини мисол қилиб келтириш мумкин (бошқача қилиб айтганда, суғурта қилдирувчи вафот этганида товон пули тўлаш бўйича муддати чекланмаган ўзгармас вафот этиш тўловини амалга оширадиган суғурта). Суғурта қилдирувчининг ўлиши аниқ, лекин ўлим санаси ноаниқ. Суғурталовчи, ҳаттоки бутун шартномалар гуруҳида умумий зарар мавжуд бўлмаса ҳам, суғурта қилдирувчилар эрта вафот этган алоҳида шартномалар бўйича зарар кўради.


Б28. Агар суғурта шартномаси депозит компоненти ва суғурта компонентига ажратилса, суғурта рискини ўтказиш аҳамияти суғурта компонентига нисбатан баҳоланади. Бириктирилган дериватив орқали ўтказиладиган суғурта рискининг аҳамияти бириктирилган деривативга нисбатан баҳоланади.



Суғурта риски даражасидаги ўзгаришлар


Б29. Баъзи шартномалар суғурта рискини кейинчалик суғурталовчига ўтказса ҳам, улар суғурта рискини суғурталовчига шартнома бошланганда ўтказмайди. Масалан, белгиланган инвестиция даромадини таъминлайдиган ва суғурта қилдирувчига сўндириш муддати келганда инвестиция бўйича тушумларни суғурталовчи томонидан янги аннуитетлар учун ҳисобланган жорий қийматлар асосида ҳаёт бўлиш шартли аннуитетни сотиб олиш учун фойдаланиш ҳуқуқини берадиган шартнома, деб қарайлик. Шартнома ҳуқуқ амалга оширилгунга қадар суғурталовчига ҳеч қандай суғурта рискини ўтказмайди, чунки суғурталовчи ҳуқуқдан фойдаланилган пайтда суғурталовчига ўтказиладиган суғурта рискини акс эттирувчи аннуитет нархини белгилашда эркин бўлиб қолади. Лекин, агар шартнома аннуитет ставкаларини белгиласа (ёки аннуитет ставкаларини белгилаш асосини белгиласа), шартнома суғурта рискини эмитентга шартнома бошланган санада ўтказади.


Б30. Суғурта шартномаси талабларига жавоб берадиган шартнома барча ҳуқуқлар ва мажбуриятлар тугамагунча ёки амал қилиш муддати тугагунига қадар суғурта шартномаси бўлиб қолади.



-----------------------------------------------

1) Тегишли суғурта мажбуриятлари бу суғурта мажбуриятлари (ва сотиб олиш билан боғлиқ кечиктирилган аквизиция сарфлари ва тегишли номоддий активлар) бўлиб, улар учун суғурталовчининг ҳисоб сиёсати 16-банднинг минимал талабларига жавоб берадиган мажбурият монандлиги тестини талаб қилмайди.


2) Кенгаш 2009, 2010, 2013 ва 2014 йилларда 9-сон МҲХСнинг кетма-кет таҳрирларини эълон қилган.


3) Ушбу бандда суғурта мажбуриятлари 31 ва 32-бандларда муҳокама қилингани каби тегишли кечиктирилган аквизиция сарфлари ва тегишли номоддий активларни ўз ичига олади.


4) Ташкилот 7-сон МҲХСни қўллаганда, 32-сон БҲХСга ҳавола 7-сон МҲХСга ҳавола билан алмаштирилади.


5) Ташкилот 7-сон МҲХСни қўллаганда, 32-сон БҲХСга ҳавола 7-сон МҲХСга ҳавола билан алмаштирилади.


6) Ташкилот 7-сон МҲХСни қўллаганда, 32-сон БҲХСга ҳавола 7-сон МҲХСга ҳавола билан алмаштирилади.


7) Шу мақсадда, бир вақтнинг ўзида ягона контрагент билан (ёки ўзаро боғлиқ томонлар ўртасида) тузилган шартномалар ягона шартнома ҳисобланади.

            

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь







































































Время: 0.2230
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск