ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти / Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари / БҲХС (IFRS) /

(IFRS) 1 "Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини биринчи марта қўллаш" Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 27-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

27-ИЛОВА



МОЛИЯВИЙ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IFRS) 1 "МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТЛАРИНИ БИРИНЧИ

МАРТА ҚЎЛЛАШ"



Мақсад


1. Мазкур МҲХСнинг мақсади ташкилотлар томонидан МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисобот ҳамда ушбу ҳисобот қамраб олган даврнинг бир қисми учун оралиқ молиявий ҳисоботлар қуйидаги шартларга жавоб берадиган юқори сифатли маълумотларни ўз ичига олишини таъминлашдан иборатдир:

(a) фойдаланувчилар учун шаффоф ва тақдим қилинган барча даврлар учун қиёсланувчан;

(б) Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларга (МҲХС) мувофиқ ҳисоб юритиш учун бошланғич нуқта бўлиб хизмат қиладиган; ва

(в) олинадиган нафдан ошмайдиган сарфлар билан тайёрлаш мумкин бўлган.



Қўллаш доираси


2. Ташкилот мазкур МҲХСни қуйидагиларга нисбатан қўллаши лозим:

(a) МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботга; ва

(б) МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисобот қамраб оладиган даврнинг бир қисми учун 34-сон БҲХС "Оралиқ молиявий ҳисобот"га мувофиқ тақдим қилинадиган, агар бундай ҳисобот тақдим этилса, ҳар бир оралиқ молиявий ҳисоботга.


3. Ташкилотнинг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботи МҲХСни қўллаган ҳолда тайёрланган ва ушбу молиявий ҳисоботда МҲХСга мувофиқликнинг ошкора ва шартсиз баёноти билдирилган биринчи йиллик молиявий ҳисоботидир. Ташкилотнинг МҲХСга мувофиқ тайёрланган молиявий ҳисоботи МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисобот деб ҳисобланиши учун, ташкилотнинг, масалан:

(a) олдинги даврларнинг энг охиргиси учун тайёрланган молиявий ҳисоботи:

(i) барча жиҳатлари ҳам МҲХСга мос келмайдиган миллий ҳисоб талабларига мувофиқ тақдим қилинган бўлса;

(ii) МҲХСга мувофиқлигининг ошкора ва шартсиз баёноти билдирилмаган ҳолда барча жиҳатдан МҲХСга мувофиқ тақдим қилинган бўлса;

(iii) барча МҲХСга эмас, балки баъзиларига мувофиқлигининг ошкора ва шартсиз баёноти билдирилган ҳолда тақдим қилинган бўлса;

(iv) миллий ҳисоб талаблари билан тартибга солинмаган айрим моддалар ҳисобини юритишда баъзи алоҳида МҲХСдан фойдаланган ҳолда, МҲХСга мувофиқ бўлмаган миллий ҳисоб талаблари мувофиқ тақдим қилинган бўлса; ёки

(v) баъзи суммаларнинг МҲХСга мувофиқ аниқланадиган суммаларга солиштирмаси билан бирга, миллий ҳисоб талабларига мувофиқ тақдим қилинган бўлса;

(б) МҲХСга мувофиқ молиявий ҳисобот ташкилот мулкдорлари ёки бошқа бирор ташқи фойдаланувчиларга тақдим қилинмасдан, фақат ички фойдаланиш учун тайёрлаганда;

(в) 1-сон БҲХС "Молиявий ҳисоботни тақдим этиш" (2007 йилдаги таҳрири)да таърифланган молиявий ҳисоботнинг тўлиқ тўпламини тайёрламасдан, консолидациялаш мақсадида МҲХСга мувофиқ ҳисобот тўплами тайёрлаганда; ёки

(г) олдинги даврлар учун молиявий ҳисоботни тақдим қилмаган бўлса.


4. Мазкур МҲХС ташкилот томонидан МҲХСни биринчи марта фойдаланиш учун қабул қилганда қўлланади. У қуйидаги ҳолатларда қўлланмайди:

(a) ташкилот, олдин МҲХСга мувофиқликнинг ошкора ва шартсиз баёнотини ўз ичига оладиган молиявий ҳисоботнинг бошқа тўплами билан бирга тақдим қилган бўлиб, миллий ҳисоб талабларига мувофиқ молиявий ҳисоботни тақдим қилишни тўхтатса;

(б) ташкилот олдинги йил молиявий ҳисоботини миллий ҳисоб талабларига мувофиқ тақдим қилган ва ушбу молиявий ҳисобот МҲХСга мувофиқлигининг ошкора ва шартсиз баёноти билдирилган бўлса; ёки

(в) аудиторлар молиявий ҳисобот бўйича шартли ижобий хулоса берган бўлса ҳам, ташкилот олдинги йил МҲХСга мувофиқликнинг ошкора ва шартсиз баёнотини ўз ичига оладиган молиявий ҳисобот тақдим қилган бўлса.


4A. 2 ва 3-бандлардаги талабларга қарамасдан, олдинги ҳисобот даврларидан бирида МҲХСни қўллаган, лекин энг охирги йиллик молиявий ҳисоботида МҲХСга мувофиқликнинг ошкора ва шартсиз баёнотини билдирмаган ташкилот мазкур МҲХСни ёки 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳолардаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ, МҲҲСни ретроспектив тарзда, худди ташкилот МҲХСни қўллашда олдин узилишлар бўлмагандек қўллаши лозим.


4Б. Aгар ташкилот 4A-бандга мувофиқ мазкур МҲХСни қўллашни танламаган бўлса, ташкилот 8-сон БҲХСнинг маълумотларни ёритиб бериш талабларига қўшимча тарзда 1-сон МҲХСнинг 23A - 23Б бандларидаги маълумотларни ёритиб бериш талабларини қўллаши лозим.


5. МҲХСни амалда қўллаб келаётган ташкилотнинг ҳисоб сиёсатига киритиладиган ўзгаришларга нисбатан мазкур МҲХС қўлланмайди. Бундай ўзгаришлар:

(a) 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"даги ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришлар бўйича талаблар; ва

(б) бошқа МҲХСдаги махсус ўтиш қоидаларининг предмети ҳисобланади.



Тан олиш ва баҳолаш


МҲХС бўйича молиявий ҳолат

тўғрисидаги кириш ҳисоботи


6. Ташкилот МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботини МҲХСга ўтиш санасига тайёрлаши ва тақдим этиши лозим. Бу сана МҲХСга мувофиқ ҳисоб юритишнинг бошланғич нуқтаси ҳисобланади.



Ҳисоб сиёсати


7. Ташкилот тақдим қилган МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботи ва унинг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботида тақдим этилган барча даврлар учун бир хил ҳисоб сиёсатини қўллаши лозим. Ушбу ҳисоб сиёсати қоидалари 13 - 19 бандларда ва Б - Д иловаларда белгиланган ҳолатлардан ташқари МҲХС бўйича биринчи ҳисобот даврининг охирида амалда бўлган ҳар бир МҲХС талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


8. Ташкилот олдин амалда бўлган МҲХСнинг турли таҳрирларини қўлламаслиги лозим. Агар янги МҲХСни муддатидан олдин қўллаш рухсат этилган бўлса, ташкилот қўлланиши ҳали мажбурий бўлмаган янги МҲХСни қўллаши мумкин.

     


        

Мисол МҲХСнинг энг охирги таҳририни изчил тарзда қўллаш

Дастлабки маълумотлар

A ташкилотнинг МҲХС бўйича биринчи ҳисобот даврининг охири 20X5 йил 31 декабрь ҳисобланади. A ташкилот ушбу молиявий ҳисоботдаги қиёсий маълумотларни фақат бир йил учун тақдим этишга қарор қилди (21-бандга қаранг). Шунинг учун мазкур ташкилотни МҲХСга ўтиш санаси 20X4 йил 1 январь бошига (ёки, эквивалент тарзда, 20X3 йил 31 декабрь иш куни охирига) тўғри келади. A ташкилот олдин қўллаган Бухгалтерия ҳисобининг умум қабул қилинган тамойиллари (БҲУТ) доирасида йиллик молиявий ҳисоботини ҳар йилнинг 31 декабрь, шу жумладан 20Х4 йил ҳам 31 декабрь санасига тақдим қилган.


Талабларни қўллаш

A ташкилот 20X5 йил 31 декабрда якунланадиган даврлар учун амалда бўлган МҲХСни қуйидагиларга нисбатан қўллаши лозим:

(a) 20X4 йил 1 январь ҳолатига МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим қилишда; ва

(б) 20X5 йил 31 декабрь ҳолатига молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботни (шу жумладан, 20X4 йил учун қиёсий маълумотлар), 20X5 йил 31 декабрда якунланадиган йил учун умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботни, хусусий капиталдаги ўзгаришлар тўғрисидаги ҳисобот ва пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботни (шу жумладан, 20X4 йил учун қиёсий маълумотлар) ҳамда ёритиб бериладиган маълумотларни (шу жумладан, 20X4 йил учун қиёсий маълумотлар) тайёрлашда ва тақдим қилишда.

Агар янги МҲХСнинг қўлланиши мажбурий бўлмаса, лекин амал қилиш муддатидан олдин қўлланишига рухсат этилса, A ташкилотга ушбу МҲХСни унинг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботида қўллаш рухсат этилади, лекин талаб этилмайди.

     


      

9. Бошқа МҲХСда назарда тутилган ўтиш қоидалари МҲХСни амалда қўллайдиган ташкилотларнинг ҳисоб сиёсатига ўзгартиришлар киритишда қўлланади; улар МҲХСга ўтишда Б - Д иловаларда келтирилган ҳолатлардан ташқари, МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилотларнинг МҲХСга ўтишига нисбатан тадбиқ этилмайди.


10. 13 - 19 бандлар ва Б - Д иловаларда белгиланган ҳолатлардан ташқари ҳолларда, ташкилот ўзининг МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботида:

(a) МҲХСга мувофиқ тан олиниши талаб қилинган барча активлар ва мажбуриятларни тан олиши;

(б) агар МҲХС тан олинишига рухсат бермаса, бундай моддаларни активлар ёки мажбуриятлар сифатида тан олмаслиги;

(в) олдин қўлланган БҲУТга мувофиқ бир турдаги активлар, мажбуриятлар ёки хусусий капитал компаненти сифатида тан олинган, лекин МҲХСга мувофиқ бошқа турдаги актив, мажбурият ёки хусусий капитал компоненти бўлган моддаларни қайта таснифлаши; ва

(г) барча тан олинган актив ва мажбуриятларни баҳолашда МҲХСни қўллаши лозим.


11. Ташкилот МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботини тайёрлашда қўллайдиган ҳисоб сиёсати, унинг худди шу санага олдинги БҲУТдан фойдаланиб қўллаган ҳисоб сиёсатидан фарқ қилиши мумкин. Бунинг натижасида юзага келадиган тузатишлар МҲХСга ўтиш санасидан олдин рўй берган операция ва ҳодисаларга тааллуқли бўлади. Шунинг учун, ташкилот ушбу тузатишларни МҲХСга ўтиш санасига бевосита тақсимланмаган фойда таркибида (ёки ўринли бўлса хусусий капиталнинг бошқа тоифасида) тан олиши лозим.


12. Мазкур МҲХС ташкилотнинг МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботини ҳар бир МҲХСга мувофиқ бўлиши талабидан қуйидаги икки тоифадаги мустасно ҳолатларни белгилайди:

(a) 14 - 17 бандлар ва Б илова бошқа МҲХСнинг баъзи жиҳатларини ретроспектив қўлланишини тақиқлайди;

(б) В - Д иловалар бошқа МҲХСнинг баъзи талабларидан озод қилади.



Бошқа МҲХСни ретроспектив қўллаш

билан боғлиқ истиснолар


13. Мазкур МҲХС бошқа МҲХСнинг баъзи жиҳатларини ретроспектив тарзда қўллашни тақиқлайди. Бу истиснолар 14 - 17 бандларда ва Б иловада келтирилган.



Ҳисоб баҳолари


14. Ташкилотнинг МҲХСга ўтиш санасида МҲХСга мувофиқ ҳисоб баҳолари, ушбу ҳисоб баҳолари хато эканлигига объектив далил бўлган ҳолатлардан ташқари, худди шу санага олдинги БҲУТга мувофиқ ҳисоб баҳоларига (ҳисоб сиёсатлардаги фарқларни акс эттириш учун тузатишлар киритилганидан кейин) мос келиши лозим.


15. Ташкилот МҲХСга ўтиш санасидан кейин олдинги БҲУТга мувофиқ аниқлаган ҳисоб баҳолари бўйича маълумотлар олиши мумкин. 14-бандга мувофиқ ташкилот бундай маълумот олинишини 10-сон БҲХС "Ҳисобот давридан кейинги ҳодисалар"га мувофиқ ҳисобот давридан кейинги тузатишлар киритилишини талаб қилмайдиган ҳодисалар каби ҳисобга олиши лозим. Масалан, ташкилотнинг МҲХСга ўтиш санаси 20X4 йил 1 январь ва олдинги БҲУТларга мувофиқ 20X3 йил 31 декабрдаги ҳисоб баҳоларини қайта кўриб чиқилишини талаб этадиган янги маълумот 20X4 йил 15 июлда олинган деб фараз қилайлик. Ташкилот ушбу янги маълумотни ўзининг МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботида акс эттирмаслиги лозим (ҳисоб баҳоларига ҳисоб сиёсатидаги фарқлар юзасидан тузатишлар киритилиши талаб қилинадиган ёки ҳисоб баҳолари нотўғри эканлигини кўрсатадиган объектив далиллар бўлган ҳоллар бундан мустасно). Аксинча, ташкилот ушбу янги маълумотни 20X4 йил 31 декабрда якунланадиган йил учун фойда ёки зарарда (ёки ўринли бўлса, бошқа умумлашган даромадда) акс эттириши лозим.


16. МҲХСга ўтиш санасида ташкилотдан олдинги БҲУТларга мувофиқ худди шу санага талаб қилинмаган ҳисоб баҳоларини МҲХСга мувофиқ амалга ошириши талаб этилиши мумкин. 10-сон БҲХС талабларига мувофиқлиги бажарилиши учун МҲХСга мувофиқ бўлган ушбу ҳисоб баҳолари МҲХСга ўтиш санасида мавжуд бўлганлиги шартларини акс эттириши лозим. Хусусан, ушбу МҲХСга ўтиш санасидаги бозор нархлари, фоиз ставкалари ёки валюта курсларининг ҳисоб баҳолари ушбу санадаги бозор шартларини акс эттириши лозим.


17. 14 - 16 бандлар МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботига нисбатан қўлланади. Шунингдек, улар ташкилотнинг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботида қамраб олинган қиёсланадиган даврга нисбатан ҳам қўлланади, бунда МҲХСга ўтиш санасига ҳаволалар ушбу қиёсланадиган давр охирига ҳаволалар билан алмаштирилади.



Бошқа МҲХСнинг талабларидан озод қилиш


18. Ташкилот В - Д иловаларда келтирилган бир ёки ундан ортиқ озод қилиш ҳолатларидан фойдаланишга қарор қилиши мумкин. Ташкилот ушбу озод қилиш ҳолатларини ўхшашлиги бўйича бошқа моддаларга нисбатан қўлламаслиги лозим.


19. [Чиқариб ташланган]



Тақдим этиш ва маълумотларни

ёритиб бериш


20. Мазкур МҲХС маълумотларни ёритиб бериш ва тақдим қилиш бўйича бошқа МҲХСда белгиланган талаблардан озод қилишни назарда тутмайди.



Қиёсий маълумот


21. Ташкилотнинг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботи камида учта молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботни, иккита фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботни, иккита алоҳида фойда ёки зарар тўғрисидаги ҳисоботни (агар тақдим этиладиган бўлса), иккита пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботни ва иккита хусусий капиталдаги ўзгаришлар тўғрисидаги ҳисоботни ҳамда тегишли изоҳларни, шу жумладан ҳамма тақдим қилинадиган ҳисоботларга қиёсий маълумотларни ўз ичига олиши лозим.



МҲХС талабларига жавоб бермайдиган

қиёсий маълумотлар ва олдинги даврларга

умумлашган маълумотлар


22. Баъзи ташкилотлар МҲХСга мувофиқ биринчи тўлиқ қиёсий маълумотларни тақдим қилиш давридан олдинги даврлар учун умумлашган маълумотларни тақдим этади. Мазкур МҲХС ушбу умумлашган маълумотларни МҲХСнинг тан олиш ва баҳолаш бўйича талабларига мос келишини талаб қилмайди. Бундан ташқари, баъзи ташкилотлар олдинги БҲУТга мувофиқ бўлган қиёсий маълумотларни ҳамда 1-сон БҲХСда талаб қилинган қиёсий маълумотларни тақдим этади. Ўтган давр умумлашган маълумотларини ёки олдинги БҲУТга мувофиқ бўлган қиёсий маълумотларни қамраб олган ҳар қандай молиявий ҳисоботда, ташкилот:

(a) олдинги БҲУТга мувофиқ бўлган бундай маълумотларни МҲХСга мувофиқ эмас деб аниқ белгилаб қўйиши лозим; ва

(б) маълумотларнинг МҲХСга мувофиқлигини таъминлайдиган асосий тузатишларнинг характерини ёритиб бериши лозим. Ташкилотнинг ушбу тузатишларнинг миқдорий баҳосини келтириши талаб этилмайди.



МҲХСга ўтиш бўйича тушунтириш


23. Ташкилот олдин қўлланган БҲУТдан МҲХСга ўтиши унинг ҳисоботида кўрсатилган молиявий ҳолати, фаолиятининг молиявий натижалари ва пул оқимларига қандай таъсир кўрсатганини тушунтириб бериши лозим.


23A. 4A-бандда тавсифланганидек, олдинги даврлардан бирида МҲХСни қўллаган такшилот қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) МҲХСни қўллашни тўхтатганлигининг сабабини; ва

(б) МҲХСни қайта қўллашни бошлаганининг сабабини.


23Б. Агар ташкилот 4A-бандга мувофиқ 1-сон МҲХСни қўлламасликка қарор қилса, бундай ҳолда у МҲХСни худди уларни қўллашда олдин узилишлар бўлмагандек қўллашга қарор қилганининг сабабини тушунтириб бериши лозим.



Солиштирмалар


24. 23-бандга мувофиқ ташкилотнинг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботи қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

(a) қуйидаги саналарнинг ҳар иккаласи учун олдинги БҲУТга мувофиқ тақдим этилган хусусий капитал кўрсаткичлари билан МҲХС талабларига мувофиқ бўлган хусусий капитал кўрсаткичлари ўртасидаги солиштирмасини:

(i) МҲХСга ўтиш санасига; ва

(ii) олдинги БҲУТга мувофиқ бўлган йиллик молиявий ҳисобот тақдим этилган энг охирги давр якунидаги санага.

(б) ташкилотнинг охирги йиллик молиявий ҳисоботи қамраб олган энг сўнгги давр учун МҲХСга мувофиқ бўлган жами умумлашган даромаднинг солиштирмасини. Олдинги БҲУТга мувофиқ ўша даврда шаклланган умумлашган даромад кўрсаткичлари ёки агар ташкилотда бундай кўрсаткичлар тақдим этилмаган бўлса, унда олдинги БҲУТга мувофиқ фойда ёки зарар кўрсаткичлари бундай солиштирма учун бошланғич нуқта бўлиши лозим.

(в) ташкилот МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботини тайёрлашда қадрсизланишдан зарарни биринчи марта тан олган ёки қайта тиклаган бўлса, агар ушбу қадрсизланишдан зарар ёки қайта тиклаш суммалари МҲХСга ўтиш санасида бошланадиган даврда тан олинган бўлса, ташкилотдан 36-сон БҲХС "Активларнинг қадрсизланиши"га мувофиқ ёритиб бериш талаб қилинадиган маълумотларни.


25. 24(a) ва (б) бандларда талаб қилинган солиштирмалар фойдаланувчилар молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботга ва умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботга киритилган муҳим тузатишларни тушуна олишлари учун етарлича тафсилотларни таъминлаши лозим. Агар ташкилот олдинги БҲУТга мувофиқ пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботни тақдим қилган бўлса, у мазкур пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботдаги муҳим тузатишларни ҳам тушунтириб бериши лозим.


26. Агар ташкилот олдинги БҲУТ қўллаш доирасида йўл қўйилган хатолардан ҳабардор бўлса, 24(a) ва (б) бандларда талаб этилган солиштирмалар ушбу хатоларнинг тузатилишини ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришлардан фарқлаши лозим.


27. Ташкилот МҲХСга ўтиш пайтида ёки у МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботни тақдим қилишигача бўлган даврда ҳисоб сиёсатига киритиладиган ўзгаришларга нисбатан 8-сон БҲХС қўлланмайди. Шунинг учун, ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришлар бўйича 8-сон БҲХСнинг талаблари ташкилотнинг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботига нисбатан қўлланмайди.


27A. Агар ташкилот МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботни қамраб олган давр мобайнида ҳисоб сиёсатини ёки ушбу МҲХСда белгиланган озод қилиш ҳолатларидан фойдаланишни ўзгартирса, у МҲХС бўйича биринчи оралиқ молиявий ҳисоботи ва МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботлари ўртасидаги ўзгаришларни 23-бандга мувофиқ тушунтириб бериши лозим, ҳамда 24(a) ва (б) бандларида талаб қилинган солиштирмаларни янгилаши лозим.


28. Агар ташкилот олдинги даврлар учун молиявий ҳисоботни тақдим қилмаган бўлса, унинг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботида ушбу факт ёритиб берилиши лозим.



Молиявий активлар ёки молиявий

мажбуриятларнинг белгиланиши


29. Г19A бандга мувофиқ, ташкилот олдин тан олинган молиявий активни фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳоланадиган молиявий актив сифатида таснифлашига рухсат этилади. Ташкилот бундай таснифланган молиявий активларнинг таснифлаш санасидаги ҳаққоний қийматини ҳамда уларни олдинги молиявий ҳисоботдаги таснифланиши ва баланс қийматини ёритиб бериши лозим.


29A. Г19 бандга мувофиқ ташкилот олдин тан олинган молиявий мажбуриятни фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳоланадиган молиявий мажбурият сифатида таснифлашига рухсат этилади. Ташкилот бундай таснифланган молиявий мажбуриятларнинг таснифлаш санасидаги ҳаққоний қийматини ҳамда уларни олдинги молиявий ҳисоботдаги таснифланиши ва баланс қийматини ёритиб бериши лозим.



Ҳаққоний қийматдан шартли бошланғич

қиймат сифатида фойдаланиш


30. Агар ташкилот МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботида асосий воситалар, инвестиция кўчмас мулки, номоддий актив ёки фойдаланиш ҳуқуқидаги активлар (Г5 ва Г7 бандларга қаранг) бўйича ҳаққоний қийматдан шартли бошланғич қиймат сифатида фойдаланса, МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботининг ҳар бир сатрида кўрсатилган модда бўйича ташкилотнинг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботида қуйидагилар ёритиб берилиши лозим:

(a) ушбу ҳаққоний қийматларнинг жамланган суммаси; ва

(б) олдинги БҲУТ бўйича акс эттирилган баланс қийматларига киритилган тузатишларнинг жамланган суммаси.



Шўъба ташкилотлар, қўшма корхоналар

ва таъсир остидаги ташкилотларга инвестициялар

учун шартли бошланғич қийматдан фойдаланиш


31. Юқоридагига ўхшаш тарзда, агар ташкилот алоҳида молиявий ҳисоботида кўрсатилган шўъба ташкилот, қўшма корхона ёки таъсир остидаги ташкилотларига инвестиция учун МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботида шартли бошланғич қийматдан фойдаланса (Г15 бандга қаранг), ушбу ташкилот МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботида қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) олдинги БҲУТ бўйича баланс қиймати шартли бошланғич қиймат сифатида олинган инвестицияларнинг жамланган шартли бошланғич қиймати;

(б) шартли бошланғич қиймат сифатида ҳаққоний қиймат олинган инвестицияларнинг жамланган шартли бошланғич қиймати; ва

(в) олдинги БҲУТ бўйича тақдим этилган баланс қийматларига киритилган тузатишларнинг жамланган суммаси.



Нефть ва газ активлари учун шартли

бошланғич қийматдан фойдаланиш


31A. Агар ташкилот Г8A(б) банддаги нефть ва газ активлари бўйича озод қилиш ҳолатидан фойдаланса, у мазкур фактни ва олдинги БҲУТ бўйича аниқланган баланс қийматлари қайси асосларга мувофиқ аниқланганлигини ёритиб бериши лозим.



Тариф асосида тартибга солинадиган фаолият

учун шартли бошланғич қийматдан фойдаланиш


31Б. Агар ташкилот тариф асосида тартибга солинадиган фаолият учун Г8Б банддаги озод қилиш ҳолатидан фойдаланса, у мазкур фактни ва олдинги БҲУТ бўйича аниқланган баланс қийматлари қайси асосларга мувофиқ аниқланганлигини ёритиб бериши лозим.



Кучли гиперинфляциядан кейин шартли

бошланғич қийматдан фойдаланиш


31В. Агар ташкилот активлари ва мажбуриятларини ҳаққоний қийматда баҳолашни танласа ва кучли гиперинфляция (Г26 - Г30 бандларга қаранг) сабабли ўзининг МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботида ушбу ҳаққоний қийматдан шартли бошланғич қиймат сифатида фойдаланса, ушбу ташкилот МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботида қуйидаги икки хусусиятга эга бўлган функционал валютадан қандай ва нима учун фойдаланган ҳамда фойдаланишни тўхтатганлиги бўйича тушунтиришларни ёритиб бериши лозим:

(a) ушбу валютада операцияларини амалга оширган ва қолдиқлари бўлган барча ташкилотлар учун ишончли умумий нарх индекси мавжуд эмас;

(б) ушбу валютани нисбатан барқарор чет эл валютасига айирбошлаш имконияти мавжуд эмас.



Оралиқ молиявий ҳисоботлар


32. 23-банд мувофиқ, агар ташкилот МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботи қамраб олган давр қисми учун оралиқ молиявий ҳисоботларини 34-сон БҲХСга мувофиқ тақдим қилса, у 34-сон БҲХС талабларига қўшимча тарзда қуйидаги талабларни бажарилишини таъминлаши лозим:

(a) бундай ҳар бир оралиқ молиявий ҳисобот, агар ташкилот олдинги молиявий йилнинг қиёсланадиган оралиқ даври учун оралиқ молиявий ҳисобот тақдим қилган бўлса, қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

(i) олдинги БҲУТга мувофиқ қиёсланадиган оралиқ давр охиридаги тақдим этилган хусусий капитал кўрсаткичларининг ушбу санага МҲХСга мувофиқ тақдим этилган хусусий капитал кўрсаткичларининг солиштирмасини; ва

(ii) МҲХСга мувофқ ушбу қиёсланадиган оралиқ давр (жорий ва йил бошидан) учун жами умумлашган даромаднинг солиштирмаси. Бундай солиштирма учун бошланғич нуқта айнан ўша давр учун олдинги БҲУТга мувофиқ тақдим этилган жами умумлашган даромад ёки, агар ташкилот бундай кўрсаткични тақдим этмаган бўлса, олдинги БҲУТга мувофиқ тақдим этилган фойда ёки зарар кўрсаткичлари бўлиб ҳисобланади.

(б) (a) кичик бандда талаб қилинган солиштирмаларга қўшимча ташкилотнинг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботи қамраб олган давр қисми учун 34-сон БҲХСга мувофиқ биринчи оралиқ молиявий ҳисоботи 24(a) ва (б) бандларда келтирилган солиштирмаларни ўз ичига олиши лозим (25 ва 26 бандлар билан талаб қилинган тафсилотлар билан) ёки бундай солиштирмаларни ўз ичига олган бошқа чоп этилган ҳужжатга ҳавола қилиши лозим.

(в) Агар ташкилот ҳисоб сиёсатини ёки ушбу МҲХСда белгиланган озод қилиш ҳолатидан фойдаланишни ўзгартирса, у ҳар бир оралиқ молиявий ҳисоботдаги ўзгаришларни 23 бандга мувофиқ тушунтириб бериши ҳамда (a) ва (б) бандларда талаб қилинган солиштирмаларни янгилаши лозим.


33. Оралиқ молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар энг охирги йиллик молиявий ҳисоботдан фойдаланиш имкониятига эгалар, деган фаразга асосланган ҳолда, 34-сон БҲХС зарур минимал маълумотларни ёритиб беришни талаб этади. Лекин, 34-сон БҲХС ташкилотдан "жорий оралиқ даврни тушуниш учун муҳим бўлган ҳар қандай ҳодиса ёки операцияларни" ҳам ёритиб беришни талаб этади. Шунинг учун, МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот ўзининг олдинги БҲУТга мувофиқ бўлган энг охирги йиллик молиявий ҳисоботида жорий оралиқ даврини тушуниш учун муҳим бўлган маълумотларни ёритиб бермаган бўлса, унинг оралиқ молиявий ҳисоботи бундай маълумотларни ёритиб бериши ёки уларни ўз ичига олган бошқа чоп этилган ҳужжатга ҳавола қилиши лозим.



Кучга кириш санаси


34. Ташкилот мазкур МҲХСни, агар ташкилотнинг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботи 2009 йил 1 июлдан ёки ундан кейин бошланадиган давр учун бўлса, қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади.


35. Ташкилот Г1(м) ва Г23 бандларга киритилган ўзгаришларни 2009 йил 1 июлдан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврларга қўллаши лозим. Агар ташкилот 23-сон БҲХС "Қарзлар бўйича сарфлар" (2007 йилдаги таҳрири)ни олдинроқ давр учун қўлласа, ўзгаришлар ҳам ушбу олдинроқ даврга нисбатан қўлланиши лозим.


36. 3-сон МҲХС "Бизнес бирлашувлари" (2008 йилдаги таҳрири) бўйича 19, В1 ва В4(е) ва (ё) бандларига ўзгартириш киритилган. Агар ташкилот 3-сон МҲХС (2008 йил таҳририда)ни олдинги давр учун қўлласа, мазкур ўзгартиришлар ушбу олдинги давр учун қўлланиши лозим.


37. 27-сон БҲХС "Консолидациялашган ва алоҳида молиявий ҳисобот" (2008 йилдаги ўзгартиришлари билан) бўйича Б1 ва Б7 бандларга ўзгартиришлар киритилган. Агар ташкилот 27-сон БҲХС (2008 йилдаги ўзгаришлари билан биргаликда)ни олдинги давр учун қўлласа, мазкур ўзгартиришлар ушбу олдинги давр учун қўлланиши лозим.


38. 2008 йил май ойида эълон қилинган "Шўъба ташкилоти, биргаликда назорат қилинадиган ва таъсир остидаги ташкилотларга инвестицияларнинг бошланғич қиймати" (1-сон МҲХС ва 27-сон БҲХСга ўзгартиришлар) бўйича 31, Г1(ё), Г14 ва Г15 бандлар киритилган. Ташкилот ушбу бандларни 2009 йил 1 июлдан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврларга қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу бандларни олдинроқ даврга нисбатан қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


39. 2008 йил май ойида эълон қилинган "МҲХСни такомиллаштириш"га мувофиқ Б7 бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2009 йил 1 июлдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Агар ташкилот 27-сон БҲХСни (2008 йилдаги ўзгаришлари билан биргаликда) олдинги давр учун қўлласа, ушбу ўзгартиришлар ҳам шу олдинги давр учун қўлланиши лозим.


39A. 2009 йил июль ойида эълон қилинган "МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилотлар учун қўшимча озод қилиш ҳолатлари" (1-сон МҲХСга ўзгартиришлар) бўйича 31A, Г8A, Г9A ва Г21A бандлар киритилган ва Г1(в), (г) ва (л) кичик бандларга ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2010 йил 1 январь ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврларга нисбатан қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


39Б. [Чиқариб ташланган]


39В. 19-сон МҲХСШҚ шарҳи "Молиявий мажбуриятларни улушли инструментлар билан сўндириш" бўйича Г25 банд киритилган. Ташкилот ушбу ўзгаришни 19-сон МҲХСШҚ шарҳи билан биргаликда қўллаши лозим.


39Г. [Чиқариб ташланган]


39Д. 2010 йил май ойида эълон қилинган "МҲХСни такомиллаштиришлар" бўйича 27A, 31Б ва Г8Б бандлар киритилган ва 27, 32, Г1(в) ва Г8 бандларга ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот мазкур ўзгартиришларни 2011 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим. МҲХСни 1-сон МҲХС кучга кириш санасидан олдинги даврларда қўллаган ёки 1-сон МҲХСни олдинги даврда қўллаган ташкилотларга Г8 банддаги ўзгартиришни ретроспектив тарзда ушбу ўзгартириш кучга кирган санадан кейинги биринчи йиллик даврда қўллашга рухсат этилади. Г8 бандни ретроспектив тарзда қўллайдиган ташкилот ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


39E. [Чиқариб ташланган]


39Ё. [Чиқариб ташланган]


39Ж. 2010 йил декабр ойида эълон қилинган "Кучли гиперинфляция ва МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилотлар учун қатъий белгиланган саналарнинг бекор қилиниши" (1-сон МҲХСга ўзгартиришлар) бўйича Б2, Г1 ва Г20 бандларга ўзгартиришлар киритилган ва 31В ва Г26 - Г30 бандлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2011 йил 1 июлдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади.


39З. 2011 йил май ойида эълон қилинган 10-сон МҲХС "Консолидациялашган молиявий ҳисобот" ва 11-сон МҲХС "Биргаликдаги фаолият бўйича келишувлар" бўйича 31, Б7, В1, Г1, Г14 ва Г15 бандлар ўзгартиришлар киритилган ва Г31 банд киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 10-сон МҲХС ва 11-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


39И. 2011 йил май ойида эълон қилинган 13-сон МҲХС "Ҳаққоний қийматни баҳолаш" бўйича 19-банд чиқариб ташланган, А иловадаги ҳаққоний қиймат тушунчаси ва Г15 ва Г20 бандларга ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 13-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


39Й. 2011 йил июн ойида эълон қилинган "Бошқа умумлашган даромад моддаларини тақдим этиш" (1-сон БҲХСга ўзгартиришлар) бўйича 21-бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот мазкур ўзгаришни 2011 йил июнь ойида ўзгартирилган 1-сон БҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


39К. 19-сон БҲХС "Ходимларнинг даромадлари" (2011 йил июнда ўзгартирилган) бўйича Г1-бандга ўзгартириш киритилган, Г10 ва Г11-бандлар чиқариб ташланган ва Д5 банд киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2011 йил июнда ўзгартирилган 19-сон БҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


39Л. 20-сон МҲХСШҚ шарҳи "Очиқ коннинг қазиб чиқариш босқичидаги устки қатламни очиш сарфлари" бўйича Г32 банд киритилган ва Г1 бандига ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгаришни 20-сон МҲХСШҚ шарҳи билан биргаликда қўллаши лозим.


39М. 2012 йил март ойида эълон қилинган "Давлат томонидан берилган қарзлар" (1-сон МХХСга ўзгартиришлар) бўйича Б1(е) ва Б10 - Б12 бандлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2013 йил 1 январдан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади.


39Н. Б10 ва Б11 бандлар 9-сон МҲХСга ҳавола қилади. Агар ташкилот ушбу МҲХСни қўлласа, лекин ҳали 9-сон МҲХСни қўлламаган бўлса, Б10 ва Б11-банддаги 9-сон МҲХСга ҳаволалар 39-сон БҲХС "Молиявий инструментлар: тан олиш ва баҳолаш"га ҳаволалар деб ўқилиши лозим. Тан олиш ва баҳолаш.


39О. 2012 йил май ойида эълон қилинган "2009-2011 йиллар даври бўйича йиллик такомиллаштиришлар" бўйича 4A - ва 23A - 23Б бандлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришни ретроспектив тарзда 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ 2013 йилнинг 1 январидан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


39П. 2012 йил май ойида эълон қилинган "2009-2011 йиллар даври бўйича йиллик такомиллаштиришлар" бўйича Г23-бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришни ретроспектив тарзда 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ 2013 йилнинг 1 январидан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


39Р. 2012 йил май ойида эълон қилинган "2009-2011 йиллар даври бўйича йиллик такомиллаштиришлар" бўйича 21-бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришни ретроспектив тарзда 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ 2013 йилнинг 1 январидан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


39С. 2012 йил июнь ойида эълон қилинган "Консолидациялашган молиявий ҳисобот, биргаликдаги фаолият бўйича келишув ва бошқа ташкилотлардаги улушни ёритиб бериш: Ўтиш бўйича кўрсатма" (10-сон МҲХС, 11-сон МҲХС ва 12-сон МҲХСга ўзгартиришлар) бўйича Г31-бандга ўзгартириш киритилган. Ўтиш бўйича кўрсатма" (10-сон МҲХС, 11-сон МҲХС ва 12-сон МҲХСга ўзгартиришлар)га мувофиқ Г31 бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришни 11-сон МҲХС (2012 йил июн ойида ўзгартирилган) билан биргаликда қўллаши лозим.


39T. 2012 йил октябрь ойида эълон қилинган "Инвестиция ташкилотлари" (10-сон МҲХС, 12-сон МҲХС ва 27-сон БҲХСга ўзгартиришлар) бўйича Г16, Г17-бандларга ва В иловага ўзгартиришлар киритилган. "Инвестиция ташкилотлари"ни бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинги даврга нисбатан қўлласа, у шу даврга нисбатан "Инвестиция ташкилотилари"га киритилган барча ўзгартиришларни ҳам қўллаши лозим.


39У. [Чиқариб ташланган]


39Ф. 2014 йил январь ойида эълон қилинган 14-сон МҲХС "Кечиктирилган тариф фарқлари счети" бўйича Г8Б бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2016 йил 1 январдан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот 14-сон МҲХСни олдинги давр учун қўлласа, ўзгаришлар ҳам ушбу олдинги давлар учун қўлланилиши лозим.


39Х. 2014 йил май ойида эълон қилинган "Биргаликдаги операциялардаги улушларни ҳарид қилиш ҳисоби" (11-сон МҲХСга ўзгартириш) бўйича В5 бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2016 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Агар ташкилот 11-сон МҲХС "Биргаликдаги операциялардаги улушларни ҳарид қилиш ҳисоби"га киритилган ўзгартиришларни олдинги давр учун қўлласа, В5-бандга киритилган ўзгаришлар ҳам ўша олдинги давр учун қўллаши лозим.


39Ц. 2014 йил май ойида эълон қилинган 15-сон МҲХС "Харидорлар билан шартномалар бўйича тушум" бўйича Г1-бандга ўзгартириш киритилган, Г24-банд ва унинг тегишли сарловҳаси чиқариб ташланган ва Г34 - Г35 бандлар ҳамда унинг тегишли сарловҳаси киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 15-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


39Ч. 2014 йил июл ойида эълон қилинган 9-сон МҲХС "Молиявий инструментлар" бўйича 29, Б1 - Б6, Г1, Г14, Г15, Г19 ва Г20 бандларга ўзгартиришлар киритилган, 39Б, 39Ё ва 39У бандлар чиқариб ташланган, 29А, Б8 - Б8Ё, Б9, Г19А - Г19В, Г33, Д1 ва Д2 бандлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 9-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


39Ш. 2014 йил август ойида эълон қилинган "Алоҳида молиявий ҳисоботда улушли қатнашиш усули" (27-сон БҲХСга ўзгартиришлар) бўйича Г14 бандга ўзгартириш киритилган ва Г15А банд киритилган. Ташкилот мазкур ўзгартиришларни 2016 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинроқ давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


39АА. [Чиқариб ташланган]


39АБ. 2016 йил январь ойида эълон қилинган 16-сон МҲХС "Ижара" бўйича 30, В4, Г1, Г7, Г8Б ва Г9 бандларга ўзгартиришлар киритилган, Г9А банд чиқариб ташланган ва Г9Б - Г9Д бандлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 16-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


39АВ. 22-сон МҲХСШҚ Шарҳи "Чет эл валютасидаги операциялар ва олдиндан тўлов" бўйича Г36-банд киритилган ва Г1-бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришни 22-сон МҲХСШҚ шарҳи билан биргаликда қўллаши лозим.


39АГ. 2016 йил декабрь ойида "2014-2016 йилларда МҲХСни такомиллаштиришлар" бўйича 39К ва 39Т бандларга ўзгартиришлар киритилган ва 39Г, 39Ё, 39У ва Д3 - Д7-бандлар чиқариб ташланган. Ташкилот мазкур ўзгартиришларни 2018 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим.


39АД. [Ушбу банд кучга кирмаган ўзгартиришларни назарда тутади ва шунинг учун ушбу таҳрирда келтирилмаган.]


39AЕ. 23-сон МҲХСШҚ шарҳи "Фойда солиғини ҳисоблаш тартибига нисбатан ноаниқликлар" бўйича Д8 банд киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришни 23-сон МҲХСШҚ шарҳи билан биргаликда қўллаши лозим.


39АЁ. 2020 йил май ойида эълон қилинган "2018-2020 йилларда МҲХСларни такомиллаштиришлар" бўйича Г1(е) бандга ўзгартириш киритилган ва Г13А банд киритилган. Ташкилотлар мазкур ўзгартиришларни 2022 йил 1 январдан ёки ундан кейинги даврларга нисбатан қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот мазкур ўзгартиришни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


39АЖ [Ушбу банд кучга кирмаган ўзгартиришларни назарда тутади ва шунинг учун ушбу таҳрирда келтирилмаган.]



1-сон МҲХСнинг (2003 йил таҳрири)

ўз кучини йўқотиши


40. Мазкур МҲХС (2003 йилда эълон қилинган ва 2008 йил май ойида ўзгартирилган) 1-сон МҲХСнинг ўрнини эгаллайди.

        

           




А-ИЛОВА



АТАМАЛАР ТАЪРИФИ


Мазкур илова МҲХСнинг ажралмас қисмидир


МҲХСга ўтиш санаси

Ташкилот ўзининг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботида МҲХСга мувофиқ тўлиқ қиёсланувчан маълумотларни тақдим қиладиган энг олдинги даврнинг боши.


шартли бошланғич қиймат

Берилган маълум бир санага бошланғич қийматнинг ёки эскириш ҳисобланган қийматнинг ўриндоши сифатида фойдаланиладиган қиймат. Кейинги эскириш ёки амортизация ҳисоблашда, ташкилот дастлаб актив ёки мажбуриятни ушбу берилган санага тан олган ва унинг бошланғич қиймати белгиланган шартли бошланғич қийматга тенг деб фараз қилинади.


ҳаққоний қиймат

Хаққоний қиймат - бу баҳолаш санасида бозор иштирокчилари ўртасидаги одатдаги операцияда активни сотишдан олиниши ёки мажбуриятни ўтказиш учун тўланиши мумкин бўлган нархдир. (13-сон МҲХСга қаранг.)


МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисобот


Ташкилот МҲХСга мувофиқликнинг ошкора ва шартсиз баёнотини тақдим этган ҳолда Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида тайёрлаган биринчи йиллик молиявий ҳисобот.


МҲХС бўйича биринчи ҳисобот даври


Ташкилотнинг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботи қамраб олган энг охирги ҳисобот даври.


МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот


Ўзининг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботини тақдим этадиган ташкилот.


Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС)


Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандартлари Кенгаши (БҲХСК) томонидан эълон қилинадиган стандартлар ва шарҳлардир. Улар қуйидагилардан иборат:

(a) Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари;

(б) Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандартлари;

(в) Халқаро молиявий ҳисобот шарҳлари қўмитаси(МҲХСШҚ) шарҳлари; ва

(г) Шарҳлаш бўйича доимий қўмита (ШДҚ) шарҳлари(а).


МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботи


Ташкилотнинг МҲХСга ўтиш санасига молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботи.


олдинги БҲУТ


МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилотнинг МҲХСни қўллашдан олдин фойдаланган ҳисоб юритиш асослари.

        

(а) 2010 йилда қайта кўриб чиқилган МҲХС Фондининг Конституциясига кўра Фонднинг номи ўзгаргандан кейин МҲХСнинг таърифи ўзгарган.

         

        




Б-ИЛОВА



БОШҚА МҲХСНИ РЕТРОСПЕКТИВ

ҚЎЛЛАШДАН ОЗОД ҚИЛАДИГАН ҲОЛАТЛАР


Мазкур илова МҲХСнинг ажралмас қисмидир


Б1. Ташкилот қуйидаги озод қиладиган ҳолатларни қўллаши лозим:

(a) молиявий активлар ва молиявий мажбуриятларни тан олишни бекор қилиш (Б2 ва Б3 бандлар);

(б) хежлаш ҳисоби (Б4 - Б6 бандлар);

(в) назорат кучига эга бўлмаган улушлар (Б7 банд);

(г) молиявий активларни таснифлаш ва баҳолаш (Б8 - Б8В бандлар);

(д) молиявий активларнинг қадрсизланиши (Б8Г - Б8Ё бандлар)

(е) бириктирилган деривативлар (Б9 банд);

(ё) давлат томонидан берилган қарзлар (Б10 - Б12 бандлар).



Молиявий активлар ва молиявий мажбуриятларни

тан олишни бекор қилиш


Б2. Б3-бандда рухсат этилган ҳолатлардан ташқари, МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот 9-сон МҲХСдаги тан олишни бекор қилиш талабларини МҲХСга ўтиш санасида ёки ундан кейинги санада содир бўладиган операцияларга нисбатан перспектив тарзда қўллаши лозим. Масалан, агар МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот нодериватив молиявий активларни ёки молиявий мажбуриятларни олдинги БҲУТга мувофиқ МҲХСга ўтиш санасидан олдин содир бўлган операция натижасида тан олишни бекор қилган бўлса, у ушбу активлар ва мажбуриятларни МҲХСга мувофиқ тан олмаслиги лозим (кейинроқ содир бўладиган операция ёки ҳодиса натижасида улар тан олиш талабларига жавоб берадиган ҳолатлар бундан мустасно).


Б3. Б2 банддаги қоидага қарамасдан, ташкилот 9-сон МҲХСдаги тан олишни бекор қилиш талабларини, агар олдинги операциялар натижасида ҳисобдан чиқарилган молиявий активларга ва молиявий мажбуриятларга нисбатан 9-сон МҲХСни қўллаш учун зарур бўлган маълумотлар ушбу операцияларни дастлаб ҳисобда акс эттирилган пайтида олинган бўлса, ретроспектив тарзда ўзи танлаган санадан бошлаб қўллаши мумкин.



Хежлаш ҳисоби


Б4. 9-сон МҲХСда талаб этилганидек, МҲХСга ўтиш санасида ташкилот:

(a) барча деривативларни ҳаққоний қиймати бўйича баҳолаши; ва

(б) олдинги БҲУТга мувофиқ ҳисоботда акс эттирилган деривативлар бўйича юзага келадиган барча кечиктирилган зарарлар ва фойдани худди улар активлар ёки мажбуриятлар каби тақдим этилганда чиқариб ташлаши лозим.


Б5. Ташкилот 9-сон МҲХСга мувофиқ (масалан, кўпгина хежлаш муносабатларидаги хежлаш инструменти бўлган алоҳида чиқарилган опцион ёки соф чиқарилган опцион; ёки хежланган модда пул оқимларини хежлаш доирасида валюта рискидан бошқа рискка нисбатан нетто-позицияда бўлганда) хежлаш ҳисоби талабларига жавоб бермайдиган турдаги хежлаш муносабатларини МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботида акс эттирмаслиги лозим. Лекин, агар ташкилот олдинги БҲУТга мувофиқ нетто-позициясини хежлаш моддаси сифатида белгилаган бўлса, унда МҲХСга мувофиқ ушбу нетто позицияни алоҳида хежлаш моддаси сифатида ёки нетто позиция сифатида, агар у 9-сон МҲХСнинг 6.6.1-банди талабларига мувофиқ бўлса, белигилаши мумкин, фақат бундай белгилашни МҲХСга ўтиш санасидан кечиктирмасдан амалга ошириши лозим.


Б6. Агар МҲХСга ўтиш санасидан олдин ташкилот операцияни хежлаш сифатида белгилаган бўлса, лекин хежлаш 9-сон МҲХСдаги хежлаш ҳисоби талабларига жавоб бермаса, ташкилот хежлаш ҳисобини тўхтатиш учун 9-сон МҲХСнинг 6.5.6 ва 6.5.7 бандларини қўллаши лозим. МҲХСга ўтиш санасидан олдин амалга оширилган операциялар ретроспектив тарзда хежлаш сифатида белгиланмаслиги лозим.



Назорат кучига эга бўлмаган улушлар


Б7. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот 10-сон МҲХСнинг қуйидаги талабларини МҲХСга ўтиш санасидан бошлаб перспектив тарзда қўллаши лозим:

(a) Б94-банддаги жами умумлашган даромадни, агар бундай тақсимлаш назорат кучига эга бўлмаган улушлар бўйича салбий қолдиққа эга бўлишига олиб келса ҳам, бош ташкилотнинг мулкдорларига ва назорат кучига эга бўлмаган улушларга тақсимлаш талаби;

(б) бош ташкилотнинг шўъба ташкилотидаги назоратни йўқотишга олиб келмайдиган улушининг фоиздаги ўзгаришларини ҳисобга олиш бўйича 23 ва Б96-бандларда келтирилган талаблар; ва

(в) шўъба ташкилоти устидан назоратни йўқотишнинг ҳисоби бўйича Б97 - Б99-бандлардаги ва 5-сон МҲХС "Сотиш учун мўлжалланган узоқ муддатли активлар ва тугатилган фаолият"нинг 8А бандидаги тегишли талаблар.

Агар МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот олдинги бизнес бирлашувларига нисбатан 3-сон МҲХСни ретроспектив тарзда қўллашни танласа, у шунингдек 10-сон МҲХСни ҳам мазкур МҲХСнинг В1-бандига мувофиқ қўллаши лозим.



Молиявий инструментларни таснифлаш ва баҳолаш


Б8. Ташкилот молиявий активни 9-сон МҲХСдаги 4.1.2 банди ёки 4.1.2А банди шартларига жавоб беришини МҲХСга ўтиш санасида мавжуд бўлган далиллар ва ҳолатлар асосида баҳолаши лозим.


Б8А. Агар пул элементининг модификациялашган вақт қийматини МҲХСга ўтиш санасида мавжуд бўлган далиллар ва ҳолатлар асосида баҳолашни 9-сон МҲХСнинг Б4.1.9Б - Б4.1.9Г бандларига мувофиқ имкони бўлмаса, ташкилот МҲХСга ўтиш санасида мавжуд бўлган далиллар ва ҳолатлар асосида бундай молиявий активлар бўйича шартномада назарда тутилган пул оқимлари хусусиятларини баҳолаши лозим, бунда пул элементининг модификациялашган вақт қийматига нисбатан 9-сон МҲХСнинг Б4.1.9Б - Б4.1.9Г бандларидаги тегишли талаблар ҳисобга олинмайди. (Бу ҳолда ташкилот 7-сон МҲХСнинг 42Р бандини ҳам қўллаши лозим, лекин "9-сон МҲХСнинг 7.2.4-банди"га ҳаволани мазкур бандга ҳавола деб, "молиявий активларни дастлабки тан олиш"га ҳаволани "МҲХСга ўтиш санасида" ҳавола деб ўқилиши лозим.)


Б8Б. Агар муддатидан олдин тўлов шартларининг ҳаққоний қиймати аҳамиятсизлигини МҲХСга ўтиш санасида мавжуд бўлган далиллар ва ҳолатлар асосида баҳолашни 9-сон МҲХСнинг Б4.1.12(в) бандига мувофиқ баҳолаш амалий имконсиз бўлса, ташкилот МҲХСга ўтиш санасида мавжуд бўлган далиллар ва ҳолатлар асосида бундай молиявий активлар бўйича шартномада назарда тутилган пул оқимлари хусусиятларини баҳолаши лозим, бунда 9-сон МҲХСнинг Б4.1.12 бандида белгиланган муддатидан олдин тўлов шартлари бўйича озод қилинадиган ҳолат ҳисобга олинмайди. (Бу ҳолатда, ташкилот 7-сон МҲХСнинг 42С бандини ҳам қўллаши лозим, лекин "9-сон МҲХСнинг 7.2.5-банди"га ҳавола мазкур бандга ҳавола деб, "молиявий активларни дастлабки тан олиш"га ҳавола "МҲХСга ўтиш санасида" хавола деб ўқилиши лозим.)


Б8В. Агар ташкилот учун 9-сон МҲХСга эффектив фоиз ставкаси усулини ретроспектив қўллашнинг амалий имкони бўлмаса (8-сон БҲҲСда таърифланганидек), МҲХСга ўтиш санасига молиявий активлар ёки молиявий мажбуриятларнинг ҳаққоний қиймати сифатида МҲХСга ўтиш санасига бундай молиявий активнинг янги ялпи баланс қиймати ёки молиявий мажбуриятнинг амортизацияланган қиймати қабул қилиниши лозим.



Молиявий активларнинг қадрсизланиши


Б8Г. Ташкилот 9-сон МҲХСнинг 5.5 бўлимидаги қадрсизланиш бўйича талабларни мазкур МҲХСнинг Б8Д - Б8Ё ва Д1 - Д2-бандларни ҳисобга олган ҳолда ретроспектив тарзда қўллаши лозим.


Б8Д. МҲХСга ўтиш санасига ташкилот ортиқча сарфлар ва уринишларсиз мавжуд асослантирилган ва тасдиқланган маълумотлардан молиявий инструментларни дастлабки тан олиш санасига (ёки, 9-сон МҲХСнинг 5.5.6-бандига мувофиқ қарзлар ва молиявий кафолатни тақдим этиш бўйича мажбуриятлар бўлган ҳолатда, ташкилот кейинчалик бекор қилиш ҳуқуқисиз шартномавий мажбурият бўйича томонга айланган санага) кредит рискларини аниқлаш ва уни МҲХСга ўтиш санасидаги кредит рисклари билан қиёслаш учун фойдаланиши лозим.


Б8Е. Дастлабки тан олингандан сўнг кредит рискларида аҳамиятли ўзгаришлар содир бўлганлигини аниқлаш учун ташкилот қуйидагиларни қўллаши мумкин:

(a) 9-сон МҲХСнинг 5.5.10 ва Б5.5.24-бандлари талабларини;

(б) агар ташкилот муддати ўтган тўловлар тўғрисидаги маълумотлар асосида бундай молиявий инструментларни дастлаб тан олиш вақтидан бошлаб кредит рискларини аҳамиятли даражада ўсиши орқали қадрсизланишга тааллуқли талабларни қўллайдиган бўлса, тўлов шартномасида назарда тутилган 30 кундан ошган муддати ўтган тўловлар учун 9-сон МҲХСнинг 5.5.11-бандида белгиланганидек, рад этиш мумкин бўлган фаразни.


Б8Ё. Агар МҲХСга ўтиш санасига молиявий инструментларни дастлаб тан олиш бошланган санадан бошлаб кредит рискини аҳамиятли даражада ўсиши кузитилганлигини аниқлаш ортиқча сарфлар ва уринишлар талаб этадиган бўлса, ташкилот бундай молиявий инструментни тан олишни бекор қилишгача бўлган ҳар бир ҳисобот даври бўйича кутилаётган кредит зарарларига тенг бўлган зарар суммасида баҳоланган резервни тан олиши лозим (агар ҳисобот даври санасига молиявий инструмент паст кредит риски билан ифодаланмаса, унда Б8Е(а) банди қўлланади).



Бириктирилган деривативлар


Б9. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот бириктирилган деривативларни асосий шартномадан ажратиб олиш ва уни биринчи марта ушбу шартнома томонига айланган сана ёки 9-сон МҲХСнинг Б4.3.11-бандига мувофиқ қайта таҳлил этиш талаб этилган саналарнинг энг охирида мавжуд бўлган шартлардан келиб чиқиб бириктирилган дериватив сифатида ҳисобда акс эттириш заруриятини баҳолаши лозим.



Давлат томонидан берилган қарзлар


Б10. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот давлат томонидан берилган барча қарзларни 32-сон БҲХС "Молиявий инструментлар: тақдим этиш"га мувофиқ молиявий мажбурият ёки улушли инструмент сифатида таснифлаши лозим. Тақдим этиш. Б11 бандда назарда тутилган ҳолатлардан ташқари, МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот МҲХСга ўтиш санасида мавжуд бўлган давлат томонидан берилган қарзларга нисбатан 9-сон МҲХС "Молиявий инструментлар" ва 20-сон БҲХС "Давлат грантлари ҳисоби ва давлат ёрдами тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериш" талабларини перспектив тарзда қўллаши лозим ва давлат томонидан бозор фоизларидан паст ставкада тақдим қилинган қарзга тўғри келадиган иқтисодий наф давлат гранти сифатида тан олинмаслиги лозим. Демак, агар МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот олдинги БҲУТга мувофиқ давлат томонидан бозор фоизларидан паст ставкада тақдим қилинган қарзни МҲХС талабларига мувофиқ баҳоламаган ва тан олмаган бўлса, унда у ушбу қарзнинг олдинги БҲУТга асосан МҲХСга ўтиш санасига аниқланган баланс қийматини МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботида қарзнинг баланс қиймати сифатида фойдаланиши лозим. Бундай қарзларни МҲХСга ўтиш санасидан кейин баҳолаш учун ташкилот 9-сон МҲХСни қўллаши лозим.


Б11. Б10 банддаги талабларга қарамасдан, ташкилот МҲХСга ўтиш санасидан олдин давлат томонидан берилган ҳар қандай қарзларга, уларни акс эттириш учун зарур маълумот ушбу қарз дастлаб ҳисобда акс эттирилган пайтда олинган бўлиши шарти билан ташкилот 9-сон МҲХС ва 20-сон БҲХСнинг талабларини ретроспектив тарзда қўллаши мумкин.


Б12. Б10 ва Б11 бандлардаги талаблар ва кўрсатмалар ташкилот томонидан олдин тан олинган молиявий инструментларни фойда ва зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳолаш бўйича Г19 - Г19В бандларда изоҳланган тегишли озод қилиш ҳолатларидан фойдаланишга тўсқинлик қилмайди.


Б13. [Ушбу банд кучга кирмаган ўзгартиришларни назарда тутади ва шунинг учун ушбу таҳрирда келтирилмаган.]


Б14. [Ушбу банд кучга кирмаган ўзгартиришларни назарда тутади ва шунинг учун ушбу таҳрирда келтирилмаган.]

      

          




В-ИЛОВА



БИЗНЕС БИРЛАШУВЛАРИ БЎЙИЧА

ОЗОД ҚИЛИШ ҲОЛАТЛАРИ


Мазкур илова МҲХСнинг ажралмас қисмидир. Ташкилот қуйидаги талабларни МҲХСга ўтиш санасидан олдин тан олинган бизнес бирлашувларига нисбатан қўллаши лозим. Ушбу илова фақатгина 3-сон МҲХС "Бизнес бирлашувлари"нинг қўллаш доирасидаги бизнес бирлашувларга нисбатан қўлланиши лозим.


В1. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот олдинги бизнес бирлашувларига (МҲХСга ўтиш санасидан олдин содир бўлган бизнес бирлашувларига) нисбатан 3-сон МҲХСни ретроспектив тарзда қўлламасликни танлаши мумкин. Лекин, агар МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот 3-сон МҲХСга мувофиқ бўлиши мақсадида ҳар қандай бизнес бирлашувини қайта ҳисобласа, у кейинчалик содир бўлган барча бизнес бирлашувларини ҳам қайта ҳисоблаши ва айнан ўша санадан бошлаб 10-сон МҲХСни ҳам қўллаши лозим. Масалан, агар МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот 20X6 йил 30 июнда содир бўлган бизнес бирлашувини қайта ҳисоблашга қарор қилса, у 20X6 йил 30 июндан МҲХСга ўтиш санаси орасида содир бўлган барча бизнес бирлашувларини қайта ҳисоблаши лозим ва 10-сон МҲХСни ҳам 20X6 йил 30 июндан бошлаб қўллаши лозим.


В2. Ташкилот МҲХСга ўтиш санасидан олдин содир бўлган бизнес бирлашувида юзага келган гудвил ва ҳаққоний қиймат бўйича тузатишларга нисбатан 21-сон БҲХС "Валюта курсларидаги ўзгаришларнинг таъсирлари"ни ретроспектив тарзда қўллаши талаб этилмайди. Агар ташкилот 21-сон БҲХСни ушбу гудвил ва ҳаққоний қиймат бўйича тузатишларга нисбатан ретроспектив тарзда қўлламаса, у уларни харид қилиш объектининг активлари ва мажбуриятлари сифатида эмас, балки ўзининг активлари ва мажбуриятлари сифатида ҳисобга олиши лозим. Шунинг учун, ушбу ҳаққоний қиймат бўйича тузатишлар ва гудвил аллақачон функционал валютада ифодаланган бўлади ёки олдинги БҲУТга мувофиқ қўлланган валюта курси бўйича ҳисоботда акс эттириладиган номонетар валюта моддалари бўлиб ҳисобланади.


В3. Ташкилот ҳаққоний қиймат бўйича тузатишлар ва юзага келадиган гудвилга нисбатан қуйидаги ҳолларда 21-сон БҲХСни ретроспектив тарзда қўллаши мумкин:

(a) МҲХСга ўтиш санасидан олдин содир бўлган барча бизнес бирлашувларига; ёки

(б) В1-бандда рухсат этилганидек, ташкилот 3-сон МҲХСга мувофиқликни таъминлаш мақсадида қайта ҳисобланадиган барча бизнес бирлашувларига.


В4. Агар МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот олдинги бизнес бирлашувлардан бирига 3-сон МҲХСни ретроспектив тарзда қўлламаса, ушбу бизнес бирлашуви учун қуйидаги оқибатлар юзага келади:

(a) МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот уни олдинги БҲУТга мувофиқ молиявий ҳисоботда қандай таснифлаган бўлса (юридик сотиб олувчи томонидан сотиб олиш, юридик сотиб олинувчи томонидан қайта сотиб олиш ёки улушларни бирлаштириш сифатида), шундай таснифлашни давом эттириши лозим.

(б) МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот олдинги бизнес бирлашув доирасида харид қилинган ёки қабул қилинган барча активлари ва мажбуриятларини МҲХСга ўтиш санасида тан олиши лозим, бундан қуйидагилар мустасно:

(i) олдинги БҲУТга мувофиқ (Б2 бандга қаранг) тан олиниши бекор қилинган баъзи молиявий активлар ва молиявий мажбуриятлар; ва

(ii) олдинги БҲУТга мувофиқ харидорнинг консолидациялашган молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботида тан олинмаган ва МҲХСга мувофиқ молиявий ҳолат тўғрисидаги алоҳида ҳисоботда ҳам тан олинмайдиган активлар, шу жумладан гудвил ва мажбуриятлар (мазкур банднинг (е) - (и) кичик бандларига қаранг).

МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот барча ўзгариш натижаларини тақсимланмаган фойдага (ёки, ўринли бўлса, хусусий капиталнинг бошқа тоифасига) тузатиш киритиш орқали тан олиши лозим, бундан гудвил таркибидан олдин алоҳида ажратилмаган номодддий активни тан олиш натижасида юзага келган ўзгаришлар мустасно (қуйида (ё)(i) кичик бандга қаранг).

(в) МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот олдинги БҲУТга мувофиқ тан олинган ва МҲХСга мувофиқ актив ёки мажбурият сифатида тан олиш меъзонига жавоб бермайдиган ҳар қандай моддани МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботидан чиқариб ташлаши лозим. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот бунинг натижасида юзага келадиган ўзгаришни қуйидагича ҳисобга олади:

(i) МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот олдинги бизнес бирлашувини харид қилиш сифатида таснифлаган бўлиши ва 38-сон БҲХС "Номоддий активлар"га мувофиқ актив сифатида тан олиш мезонига жавоб бермайдиган моддани номоддий актив сифатида тан олган бўлиши мумкин. Ташкилот бундай моддани (ва агар мавжуд бўлса унга тегишли бўлган кечиктирилган солиқ ва назорат кучига эга бўлмаган улушларни) гудвилнинг бир қисми сифатида қайта таснифлаши лозим (олдинги БҲУТга мувофиқ гудвилни бевосита хусусий капиталдан чегириб ташланган ҳолатлар бундан мустасно, қуйида (ё)(i) ва (з) кичик бандларга қаранг).

(ii) МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот барча қолган ўзгаришларни тақсимланмаган фойда таркибида тан олиши лозим*.

(г) МҲХС баъзи активлар ва мажбуриятларни кейинги баҳолаш бошланғич қиймат бўйича баҳолашдан фарқли бўлган баҳолаш асосларини талаб этади, масалан ҳаққоний қиймат бўйича баҳолаш. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот бундай активлар ва мажбуриятларни ўзининг МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботида, агар улар олдинги бизнес бирлашуви натижасида харид қилинган ёки қабул қилинган бўлса ҳам, айнан шундай баҳолаш асосларидан фойдаланиши лозим. Ташкилот бунинг натижасида баланс қийматида юзага келадиган ҳар қандай ўзгаришларни гудвилга эмас, тақсимланмаган фойдага (ёки, ўринли бўлса, хусусий капиталнинг бошқа тоифасига) тузатишлар киритиш орқали тан олиши лозим.

(д) Бизнес бирлашувидан сўнг ушбу бизнес бирлашувида харид қилинган активлар ва қабул қилинган мажбуриятларнинг олдинги БҲУТга мувофиқ аниқланган баланс қиймати ушбу санада уларнинг МҲХСга мувофиқ шартли бошанғич қиймати бўлиб ҳисобланади. Агар МҲХС ушбу активлар ва мажбуриятларни кейинги баҳоланишини бошлағич қиймат асосида талаб этса, унда белгиланган шартли бошланғич қиймат бизнес бирлашуви санасидан бошлаб амортизацияни ҳисоблаш учун асос бўлиши лозим.

(е) Агар олдинги бизнес бирлашувида харид қилинган актив ёки қабул қилинган мажбурият олдинги БҲУТга мувофиқ тан олинмаган бўлса, бу унинг МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботида шартли бошланғич қиймати нолга тенг бўлишини англатмайди. Аксинча, бизнесни харид қилувчи уни молиявий ҳолат тўғрисидаги консолидациялашган ҳисоботида ушбу харид объектининг молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботида МҲХСда талаб этилиши мумкин бўлган асос бўйича тан олиши ва баҳолаши лозим. Масалан, агар бизнесни харид қилувчи олдинги бизнес бирлашувида харид объекти бўлган, харид қилинган ижара объектини олдинги БҲУТга мувофиқ капиталлаштирмаган бўлса, бизнесни ҳарид қилувчи 16-сон МҲХС "Ижара" талабига асосан молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботида капиталлаштириши талаб этилиши каби, консолидациялашган молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботида ушбу ижра объектини капиталлаштириши лозим. Шу каби, агар бизнесни харид қилувчи МҲХСга ўтиш санасида мавжуд бўлган шартли мажбуриятни олдинги БХУТга мувофиқ тан олмаган бўлса, бизнесни ҳарид қилувчи ушбу санада мазкур шартли мажбуриятни тан олиши лозим, бундан 37-сон БҲХС "Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар"га мувофиқ харид қилинадиган объектни молиявий ҳисоботда тан олиш ман қилинган ҳолатлар мустасно. Аксинча, агар актив ёки мажбурият олдинги БХУТга мувофиқ гудвил такибидан ажратилмаган бўлса, лекин уларни 3-сон МҲХСга асосан алоҳида тан олишни талаб этилиши мумкин бўлганда, ушбу актив ва мажбурият гудвил таркибида қолади, бундан харид қилинадиган объектни МҲХСга мувофиқ молиявий ҳисоботда тан олиш талаб этиладиган ҳолатлар мустасно.

(ё) МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботида гудвилнинг баланс қиймати қуйидаги иккита тузатиш киритилгандан кейинги МҲХСга ўтиш санасидаги олдинги БҲУТга мувофиқ бўлган баланс қийматига тенг бўлиши лозим:

(i) Агар юқорида келтирилган (в)(i) кичик бандни қўллаш талаб этилса, МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот олдинги БХУТга мувофиқ номоддий актив сифатида тан олинган моддани қайта таснифлаган пайтдан гудвилнинг баланс қийматини ошириши лозим. Шу каби, МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот олдинги БҲУТга мувофиқ гудвилнинг таркибидан ажратилмаган номоддий активни юқоридаги (е) банд талабига асосан тан олиши лозим, бунда ташкилот гудвилнинг баланс қийматини мос равишда камайтириши лозим (ва, агар қўллаш мумкин бўлса, кечиктирилган солиқ суммасига ва назорат кучига эга бўлмаган улушларга тузатиш киритиши лозим).

(ii) Гудвил қадрсизланишининг бирор аломати мавжуд бўлиши эҳтимолидан қатъий назар, МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот МҲХСга ўтиш санасида гудвилни қадрсизланиш тестидан ўтказиши ва қадрсизланиш натижаси бўйича хар қандай зарарни тақсимланмаган фойда таркибида (ёки, 36-сон БҲХС орқали талаб этилса, қайта баҳолаш натижасида қийматнинг ўсишида) тан олиш учун 36-сон БҲХСни қўллаши лозим. Қадрсизланиш тести МҲХСга ўтиш санасида мавжуд бўлган шартларга асосланиши лозим.

(ж) МҲХСга ўтиш санасида гудвилнинг баланс қийматига бошқа ҳеч қандай тузатишлар киритилмаслиги лозим. Масалан, МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот гудвилнинг баланс қийматини қуйидаги мақсадларда қайта ҳисобламаслиги лозим:

(i) бизнес бирлашуви доирасида тугалланмаган тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини чиқариб ташлаш (бундан харид қилаётган ташкилот тегишли номоддий активни 38-сон БҲХСга мувофиқ молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботида тан оладиган ҳоллар мустасно);

(ii) гудвил бўйича олдинги амортизацияни тузатиш;

(iii) 3-сон МҲХС бўйича рухсат этилмаган, лекин бизнес бирлашуви санаси ва МҲХСга ўтиш санаси оралиғида активлар ва мажбуриятларга тузатиш киритиш туфайли олдинги БҲУТга мувофиқ гудвилга киритилган тузатишларни қайта тиклаш.

(з) Агар МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот олдинги БҲУТга мувофиқ гудвилни хусусий капиталдан чегириш сифатида тан олган бўлса:

(i) у ўзининг МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботида бундай гудвиллни тан олмаслиги лозим. Бундан ташқари, агар у шўъба ташкилотини ҳисобдан чиқаришда ёки ушбу шўъба ташкилотига инвестициянинг қадрсизланиши ҳолларида ушбу гудвилни фойда ёки зарар таркибида қайта таснифламаслиги лозим.

(ii) Сотиб олиш товонига таъсир қиладиган шартли ҳолатларга кейинги қарорлар таъсири натижасида келиб чиқадиган тузатишлар тақсимланмаган фойда таркибида тан олиниши лозим.

(и) Олдинги БҲУТга мувофиқ, МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот олдинги бизнес бирлашуви доирасида харид қилган шўъба ташкилотини консолидация қилмаган бўлиши бўлиши мумкин (масалан, бош ташкилот уни олдинги БҲУТга мувофиқ шўъба ташкилот сифатида ҳисобга олмаганлиги ёки консолидациялашган молиявий ҳисобот тайёрламаганлиги туфайли). МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот шўъба ташкилоти активлари ва мажбуриятларининг баланс қийматларига шўъба ташкилотининг МҲХС асосидаги молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботида акс эттирилиши талаб қилинадиган суммага қадар тузатиш киритиши лозим. МҲХСга ўтиш санаси ҳолатига гудвилнинг шартли бошланғич қиймати қуйидагиларнинг фарқига тенг бўлади:

(i) бош ташкилотнинг тузатиш киритилган баланс қийматлари суммасидаги улуши; ва

(ii) бош ташкилотнинг алоҳида молиявий ҳисоботида акс эттирилган шўъба ташкилотига инвестициясининг бошланғич қиймати.

(й) Назорат кучига эга бўлмаган улушлар ва кечиктирилган солиқнинг баҳоланиши бошқа активлар ва мажбуриятларнинг баҳоланишига боғлиқ. Шунинг учун, юқорида қайд этилган актив ва мажбуриятлар бўйича тан олинган тузатишлар назорат кучига эга бўлмаган улушлар ва кечиктирилган солиқларга таъсир кўрсатади.


В5. Олдинги бизнес бирлашувлари бўйича озод қилиш ҳолатлари олдин харид қилинган таъсир остидаги ташкилотлардаги инвестицияларга, қўшма корхоналардаги улушларга ва биргаликдаги операциялар бўйича фаолият 3-сон МҲХСда келтирилган бизнес таърифига мос бўлган биргаликдаги операциялар бўйича улушларга ҳам қўлланади. Бундан ташқари, В1 бандга асосан танланган сана бундай барча харидларга ҳам тегишли бўлади.

           

           




Г-ИЛОВА



БОШҚА МҲХСДАН ОЗОД ҚИЛИШ ҲОЛАТЛАРИ


Мазкур илова МҲХСнинг ажралмас қисмидир


Г1. Ташкилот қуйидаги бир ёки бир нечта озод қилиш ҳолатларидан фойдаланиши мумкин:

(a) акцияга асосланган тўлов бўйича операциялар (Г2 ва Г3-бандлар);

(б) суғурта шартномалари (Г4 банд);

(в) шартли бошланғич қиймат (Г5 - Г8Б-бандлар);

(г) ижара (Г9 ва Г9Б - Г9Д-бандлар);

(д) [Чиқариб ташланган]

(е) бошқа валютага ўтказиш натижасида жамғариладиган курс фарқлари (Г12 - Г13А-бандлар);

(ё) шўъба ташкилотларга, қўшма корхоналарга ва таъсир остидаги ташкилотларга инвестициялар (Г14 ва Г15А-бандлар);

(ж) шўъба ташкилотлар, қўшма корхонлар ва таъсир остидаги ташкилотларнинг активлари ва мажбуриятлари (Г16 ва Г17-бандлар);

(з) таркибли молиявий инструментлар (Г18-банд);

(и) олдин тан олинган молиявий инструментларни таснифлаш (Г19 - Г19В-бандлар);

(й) молиявий активлар ёки молиявий мажбуриятларни дастлабки тан олишда ҳаққоний қиймати бўйича баҳолаш (Г20-банд);

(к) асосий воситаларнинг бошланғич қийматига киритилган, фойдаланишдан чиқаришга тегишли мажбуриятлар (Г21 ва Г21A бандлар);

(л) 12-сон МҲХСШҚ "Хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувлари"га мувофиқ ҳисобга олинадиган молиявий активлар ёки номоддий активлар (Г22-банд);

(м) қарзлар бўйича сарфлар (Г23-банд);

(н) [Чиқариб ташланган]

(о) молиявий мажбуриятларни улушли инструментлар билан сўндириш (Г25-банд);

(п) кучли гиперинфляция (Г26 - Г30-бандлар);

(р) биргаликдаги фаолият бўйича келишувлар (Г31-банд);

(с) очиқ коннинг қазиб чиқариш босқичидаги устки қатламни очиш сарфлари (Г32-банд);

(т) номолиявий объектларни сотиб олиш ёки сотиш шартномаларини таснифлаш (Г33-банд);

(у) тушум (Г34 ва Г35-бандлар); ва

(ф) чет эл валютасидаги операциялар ва олдиндан тўлов (Г36-банд);

Ташкилот ушбу озод қилиш ҳолатларини ўхшашлиги бўйича бошқа моддаларга нисбатан қўлламаслиги лозим.



Акцияларга асосланган тўлов операцияси


Г2. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот 2002 йил 7 ноябрда ёки ундан олдин улушли инструментларга тақдим этилган ҳуқуқларга нисбатан 2-сон МҲХС "Акцияларга асосланган тўлов"ни қўллаши маъқулланади, лекин талаб этилмайди. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот, шунингдек, улушли инструментларга тақдим этилган ҳуқуқлар 2002 йил 7 ноябрдан кейин ва қуйидаги (а) ва (б) бандда келтирилган саналардан қайси бири кейин келишига қараб (a) МҲХСга ўтиш санаси ва (б) 2005 йил 1 январь бўлгани ҳолда, 2-сон МҲХСни қўллаши маъқулланади, лекин талаб этилмайди. Лекин, агар МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот бундай улушли инструментларга нисбатан 2-сон МҲХСни қўллашни танласа, у фақатгина ушбу улушли инструментларнинг 2-сон МҲХСда белгиланганидек, баҳолаш санасида аниқланган ҳаққоний қийматини ёритиб берган бўлса, қўллаши мумкин. 2-сон МҲХС улушли инструментлар бўйича барча тақдим этилган ҳуқуқларга нисбатан қўлланмаган бўлса ҳам (масалан, улушли инструментлар бўйича 2002 йил 7 ноябрда ёки ундан олдин тақдим этилган ҳуқуқларга), МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот 2-сон МҲХСнинг 44 ва 45-бандларида талаб этилган маълумотларни ёритиб бериши лозим. Агар МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот 2-сон МҲХС қўлланмаган улушли инструментлар бўйича тақдим этилган ҳуқуқлар шартларини ва муддатларини МҲХСга ўтиш санасидан олдин ўзгартирган бўлса, унда 2-сон МҲХСнинг 26 - 29 бандларини қўллаши талаб этилмайди.


Г3. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот МҲХСга ўтиш санасидан олдин сўндирилган акцияга асосланган тўловлар бўйича операциялардан юзага келган мажбуриятларга нисбатан 2-сон МҲХСни қўллаши маъқулланади, лекин талаб этилмайди. Шунингдек, МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот 2005 йил 1 январдан сўндирилган мажбуриятларга нисбатан 2-сон МҲХСни қўллаши маъқулланади, лекин талаб этилмайди. 2-сон МҲХС қўлланадиган мажбуриятлар бўйича, МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот қиёсий маълумотларни, агар ушбу маълумотлар 2002 йил 7 ноябрдан олдинги сана ёки даврга тегишли бўлса, қайта ҳисоблаши талаб этилмайди.



Суғурта шартномалари


Г4. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот 4-сон МҲХС "Суғурта шартномалари"даги ўтиш қоидаларини қўллаши мумкин. 4-сон МҲХС суғурта шартномалари бўйича ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришларни, шу жумладан МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот томонидан киритилган ўзгаришларни чеклайди.



Шартли бошланғич қиймат


Г5. Ташкилот асосий восита объектларини МҲХСга ўтиш санасида ҳаққоний қиймат бўйича баҳолаши ва ушбу ҳаққоний қийматдан ўша санадаги шартли бошланғич қиймат сифатида фойдаланиши мумкин.


Г6. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот асосий восита объектларининг МҲХСга ўтиш санасида ёки ундан олдинги санада БҲУТга мувофиқ қайта баҳоланган қийматидан, агар қайта баҳоланган қиймат қайта баҳолаш санасида қуйидагилар билан умуман олганда қиёсланиши мумкин бўлса, қайта баҳолаш санасига шартли бошланғич қиймат сифатида фойдаланиши мумкин:

(a) ҳаққоний қийматда; ёки

(б) МҲХСга мувофиқ акс эттириш учун тузатилган бошланғич ёки эскириш ҳисобланган қиймат билан, масалан, умумий ёки махсус нарх индексидаги ўзгаришлар.


Г7. Г5 ва Г6-бандларда кўрсатилган танловлардан қуйидагиларга нисбатан ҳам фойдаланиш мумкин:

(a) инвестиция кўчмас мулки, агар ташкилот 40-сон БҲХС "Инвестиция кўчмас мулки"даги бошланғич қиймат моделидан фойдаланишни танласа;

(аа) фойдаланиш ҳуқуқидаги активлар (16-сон МҲХС "Ижара"); ва

(б) қуйидагиларга жавоб берадиган номоддий активлар:

(i) 38-сон БҲХСдаги тан олиш мезонлари (шу жумладан, бошланғич қийматни ишончли тарзда баҳоланиши); ва

(ii) 38-сон БҲХСда қайта баҳолаш мезонлари (шу жумладан, фаол бозорнинг мавжудлиги).



Ташкилот ушбу танловларни бошқа активлар

ва мажбуриятларга нисбатан қўлламаслиги лозим


Г8. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот, хусусийлаштириш ёки акцияларини бирламчи жойлаштириш каби ҳодиса туфайли, баъзи ёки барча активларини ёки мажбуриятларини маълум бир санага уларнинг ҳаққоний қийматида баҳолаш орқали шартли бошланғич қийматини олдинги БҲУТга мувофиқ белгилаган бўлиши мумкин.

(a) Агар баҳолаш санаси МҲХСга ўтиш санасига ёки ундан олдинги санага тўғри келса, ташкилот бундай ҳодиса натижасида баҳоланган ҳаққоний қийматлардан бундай баҳолаш санасида МҲХС мақсади учун шартли бошланғич қиймат сифатида фойдаланиши мумкин.

(б) Агар баҳолаш санаси МҲХСга ўтиш санасидан кейин бўлса, лекин МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисобот қамраб олган давр ичидаги санага тўғри келса, бундай ҳодиса натижасида баҳоланган ҳаққоний қийматлардан ушбу ҳодиса содир бўлган санага шартли бошланғич қиймат сифатида фойдаланиш мумкин. Ташкилот юзага келадиган тузатишларни баҳолаш санасига бевосита тақсимланмаган фойда таркибида (ёки, ўринли бўлса, хусусий капиталнинг бошқа тоифасида) тан олиши лозим. МҲХСга ўтиш санасида ташкилот Г5 - Г7-бандлардаги мезонларни қўллаш орқали шартли бошланғич қийматни ёки активлар ва мажбуриятларни ушбу МҲХСнинг бошқа талабларига мувофиқ баҳолаши лозим.


Г8A. Миллий ҳисоб юритишнинг баъзи талабларига кўра, нефть ва газ конини қидириш ва қазиб олиш бўйича сарфлар, қазиб олиш босқичларида катта географик ҳудуддаги барча қазилма участкаларини қамраб оладиган сарфлар марказларида ҳисобга олинади. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот олдинги БҲУТга мувофиқ бундай ҳисобни юритганда МҲХСга ўтиш санасида нефть ва газ активларини қуйидаги асосда баҳолаши мумкин:

(a) фойдали қазилмалар заҳираларини қидириш ва баҳолаш билан боғлиқ активларни - ташкилот томонидан олдинги БҲУТга мувофиқ аниқланган қийматда; ва

(б) қидириш ва қазиб олиш босқичларидаги активларни - ташкилот томонидан олдинги БҲУТга мувофиқ сарфлар маркази учун аниқланган қийматда. Ташкилот ушбу қийматни сарфлар марказининг таянч активларига ушбу санадаги заҳираларнинг ҳажмига ёки қийматига мутаносиб равишда тақсимлаши лозим.

Ташкилот фойдали қазилма заҳираларини қидириш ва баҳолаш билан боғлиқ активларни ҳамда қидириш ва қазиб олиш босқичларидаги активларни МҲХСга ўтиш санасига қадрсизланишини 6-сон МҲХС "Фойдали қазилмаларни геологик қидириш ва баҳолаш"га ёки 36-сон БҲХСга мувофиқ тестдан ўтказиши лозим ва зарур бўлганда, юқоридаги (a) ёки (б) кичик бандларга мувофиқ аниқланган қийматни камайтириши лозим. Ушбу банд мақсадларида, нефть ва газ активлари фақат нефть ва газ захирларини қидириш, баҳолаш ёки қазиб олишда фойдаланадиган активларни қамраб олади.


Г8Б. Баъзи ташкилотлар тариф асосида тартибга солинадиган фаолият доирасида фойдаланаётган ёки олдин фойдаланган асосий воситалар, фойдаланиш ҳуқуқидаги активлар ёки номоддий активларга эга бўлади. Бундай активларнинг баланс қиймати олдинги БҲУТга мувофиқ аниқланган, лекин МҲХСга мувофиқ капиталлаштирилмайдиган суммаларни ўз ичига олиши мумкин. Бундай ҳолатда, МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот ушбу активларнинг олдинги БҲУТга мувофиқ аниқланган баланс қийматини МҲХСга ўтиш санасига шартли бошланғич қиймат сифатида фойдаланишни танлаши мумкин. Агар ташкилот бирор моддага нисбатан ушбу озод қилиш ҳолатидан фойдаланса, бошқа барча моддаларга нисбатан ҳам ушбу озод қилиш ҳолатидан фойдаланиш талаб этилмайди. МҲХСга ўтиш санасига, ташкилот ушбу озод қилиш ҳолатидан фойдаланган ҳар бир модданинг қадрсизланишини 36-сон БҲХСга мувофиқ тестдан ўтказиши лозим. Ушбу банд мақсадларида, агар фаолият доирасида харидорларга ишлаб чиқариладиган товарлар ёки хизматлар учун нархларни белгиланиши сиёсати қўлланса ҳамда ушбу сиёсат тарифларни тартибга соладиган ва/ёки назорат қиладиган органнинг (14-сон МҲХС "Кечиктирилган тариф фарқлари счети"да тарифланганидек) предмети ҳисобланса, фаолият тариф асосида тартибга солинадиган фаолият ҳисобланади.



Ижара


Г9. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот МҲХСга ўтиш санасида мавжуд бўлган далиллар ва ҳолатлар асосида ушбу санага мавжуд бўлган шартномаларга 16-сон МҲХСнинг 9 - 11 бандларини қўллаган ҳолда ижара аломатлари мавжудлигини баҳолаши мумкин.


Г9А. [Чиқариб ташланган]


Г9Б. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот-ижарачи ижара бўйича мажбуриятларни ва фойдаланиш ҳуқуқидаги активларни тан олади ва қуйидаги ёндошувни барча ижара шартномаларига нисбатан қўллаши мумкин (Г9Г-бандда тавсифланган амалий жиҳатдан соддалаштиришларга мувофиқ):

а) МҲХСга ўтиш санасига ижара бўйича мажбуриятни баҳолаш. Бундай ёндашувни қўллайдиган ижарачи ижара бўйича бундай мажбуриятни ижарачи томонидан қўшимча қарзларни жалб қилиш ставкасидан (Г9Д бандга қаранг) фойдаланган ҳолда қолган ижара тўловларини (Г9Д бандага қаранг) дисконтланган қиймати бўйича баҳолайди;

б) МҲХСга ўтиш санасига фойдаланиш ҳуқуқидаги активни баҳолаш. Ҳар бир ижара шартномаси учун ижарачи фойдаланиш ҳуқуқидаги активни қуйидаги тартибда баҳолаш тўғрисида қарор қабул қилиши лозим:

(i) баланс қиймати бўйича, худди 16-сон МҲХС ижара бошланган санадан қўлланиб келаётгандек (Г9Д бандага қаранг), лекин ижарачи томонидан МҲХСга ўтиш санасига қўшимча қарзларни жалб қилиш ставкасидан фойдаланиб диконтланган ҳолда; ёки

(ii) бундай ижара бўйича МҲХСга ўтиш санасигача бўлган молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда тан олинган олдиндан амалга оширилган ёки ҳисобланган тўловлар суммасига тузатилган ижара мажбурияти суммасига тенг қиймат бўйича.

в) МҲХСга ўтиш санасига фойдаланиш ҳуқуқидаги активларга нисбатан 36-сон БҲХСни қўллаш.


Г9В. Г9Б-банд талабларига қарамасдан, МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот-ижарачи 40-сон БҲХСдаги инвестиция кўчмас мулки таърифига жавоб берадиган ва МҲХСга ўтиш санасидан бошлаб 40-сон БҲХСга мувофиқ ҳаққоний қиймат моделидан фойдаланиб баҳоланадиган фойдаланиш ҳуқуқидаги активларини МҲХСга ўтиш санасига ҳаққоний қиймат бўйича баҳолаши лозим.


Г9Г. МХҲСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот-ижарачи ҳар бир ижара шартномаси бўйича қуйидагиларни бирини ёки бир нечтасини қўллаши мумкин:

а) хусусиятлари ўхшаш ижара шартномаси портфелларига нисбатан ягона дисконтлаш ставкасини қўллаш (масалан, ўхшаш иқтисодий муҳитда ўхшаш таняч активлар тоифаси учун ижара муддатларининг қолган қисми ўхшашлиги);

б) МҲХСга ўтиш санасидан бошлаб 12 ой ичида муддати тугайдиган ижра шартномаларига (Г9Д бандга қаранг) нисбатан Г9Б банд талабларини қўллашни танламаслик; Бунинг ўрнига, ташкилот бундай ижара шартномаларини(улар тўғрисида ёритиб бериладиган маълумотлар билан биргаликда) 16-сон МҲХСнинг 6 бандига мувофиқ ҳисоб олиши лозим.

в) паст қийматга эга бўлган таянч активлар ижарасига (16-сон МҲХСнинг Б3 - Б8 бандларида тавсифланганидек) нисбатан Г9Б банд талабларини қўллашни танламаслик. Бунинг ўрнига, ташкилот бундай ижара шартномаларини (улар тўғрисида ёритиб бериладиган маълумотлар билан биргаликда) 16-сон МҲХСнинг 6-бандига мувофиқ ҳисобга олиши лозим.

г) МҲХСга ўтиш санасига фойдаланиш ҳуқуқидаги активлар қийматидан дастлабки бевосита сарфларни чегириш;

д) агар шартнома ижара муддатини узайтириш ёки тугатиш бўйича опционни ўз ичига олган бўлса, ижара муддатини аниқлаш учун олдинги давр маълумотидан фойдаланиш.


Г9Д. Мазкур стандартдаги "ижара тўловлари", "ижара", "ижарачининг қўшимча қарзларни жалб қилиш ставкаси", "ижарани бошланиш санаси", "дастлабки бевосита сарфлар", "ижра муддати" атамалари 16-сон МҲХСда белгиланган маъноларда қўлланган.


Г10.-Г11. [Чиқариб ташланган]



Бошқа валютага ўтказиш натижасида


жамғариладиган курс фарқлари


Г12. 21-сон БҲХС ташкилотлардан қуйидагиларни талаб этади:

(a) бошқа валютага ўтказиш натижасидаги курс фарқларини бошқа умумлашган даромадда тан олиш ва уларни хусусий капиталнинг алоҳида компонентида жамғариш; ва

(б) чет элдаги бўлинмани ҳисобдан чиқаришда, ушбу бўлинма бўйича бошқа валютага ўтказиш натижасида жамғарилган курс фарқлари (шу жумладан, агар қўллаш мумкин бўлса, тегишли инструментларни хежлаш бўйича фойда ва зарарларни) хусусий капиталдан, ҳисобдан чиқариш бўйича фойда ёки зарарнинг бир қисми сифатида фойда ёки зарарга қайта таснифлаш.


Г13. Лекин, МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот МҲХСга ўтиш санасига мавжуд бўлган бошқа валютага ўтказиш натижасида жамғарилган курс фарқлари бўйича ушбу талабларга риоя қилиши талаб этилмайди. Агар МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот мазкур озод қилиш ҳолатидан фойдаланса, у ҳолда:

(a) барча чет элдаги бўлинмалар бўйича бошқа валютага ўтказиш натижасида жамғарилган курс фарқлари МҲХСга ўтиш санасига нольга тенг деб қабул қилинади; ва

(б) хар қандай чет элдаги бўлинманинг кейинчалик ҳисобдан чиқарилишидан олинган фойда ёки зарар МҲХСга ўтиш санасигача ушбу бўлинма бўйича бошқа валютага ўтказиш натижасида жамғарилган курс фарқларини ўз ичига олмаслиги ва ушбу санадан кейин жамғарилган фарқларни эса ўз ичига олиши лозим.


Г13А. Г12-банд ёки Г13-бандни қўллаш ўрнига, агар бош ташкилот кўрсатилган шўъба ташкилотини сотиб олиш доирасида консолидация жараёни ва бизнес бирлашувининг таъсири учун тузутишлар киритилмаган бўлса, Г16(а)-бандидаги имтиёздан фойдаланадиган шўъба ташкилот ўз молиявий ҳисоботида барча хорижий операциялар бўйича бошқа валютага ўтказиш натижасида жамғариладиган курс фарқларини, бош ташкилотнинг МҲХСга ўтиш санасига асосланган, бош ташкилотнинг консолидацияланган ҳисоботига киритилиши мумкин бўлган баланс қийматида ўлчашни танлаши мумкин. Г16(а) бандидаги имтиёздан фойдаланадиган таъсир остидаги ташкилотлар ёки қўшма корхоналар ҳам худди шундай танловга эга.



Шўъба ташкилотларга, қўшма корхонларга

ва таъсир остидаги ташкилотларга инвестициялар


Г14. Ташкилот алоҳида молиявий ҳисоботни тайёрлаганда ўзининг шўъба ташкилотларига, қўшма корхоналарига ва таъсир остидаги ташкилотларига инвестицияларини 27-сон БҲХС бўйича қуйидагича ҳисобга олиши талаб этилади:

(a) бошланғич қиймат бўйича; ёки

(б) 9-сон МҲХСга мувофиқ; ёки;

(в) 28-сон БҲХСда тавсифланган улушли қатнашиш усулидан фойдаланган ҳолда.


Г15. Агар МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот бундай инвестицияни 27-сон БҲХСга мувофиқ бошланғич қиймат бўйича ҳисобга олса, унда ушбу инвестицияни МҲХСга мувофиқ алоҳида молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботида қуйидаги қийматларнинг бири бўйича баҳолаши лозим:

(a) 27-сон БҲХСга мувофиқ аниқланган бошланғич қиймат; ёки

(б) шартли бошланғич қиймат. Бундай инвестициянинг шартли бошланғич қиймати бўлиб унинг қуйидаги қиймати ҳисобланади:

(i) ташкилот МҲХСга ўтиш санасига унинг алоҳида молиявий ҳисоботидаги ушбу инвестициянинг ҳаққоний қиймати; ёки

(ii) ушбу санага олдинги БҲУТга мувофиқ баланс қиймати.

МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот шўъба ташкилотга, қўшма корхоналарга ва таъсир остидаги ташкилотларга инвестицияларини баҳолашда шартли бошланғич қийматдан фойдаланиб баҳолашни танласа, у ҳар бир бундай инвестициясини баҳолашда юқоридаги (i) ёки (ii) кичик бандларнинг бирини танлаши мумкин.


Г15А. Агар МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот бундай инвестицияларни 28-сон БҲХСда тавсифланганидек улушли қатнашиш усулидан фойдаланиб ҳисобга олса, у ҳолда:

(а) МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот харид қилинган ушбу инвестицияга нисбатан олдинги бизнес бирлашувлари (В илова)да назарда тутилган озод қилиш ҳолатларини қўллайди;

(б) агар ташкилот консолидациялашган молиявий ҳисоботидан олдин ўзининг алоҳида молиявий ҳисоботи учун энг олдинги даврга МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот бўлса ва

(i) бош ташкилотидан кўра кейинги санага қўлласа, ташкилот алоҳида молиявий ҳисоботи учун Г16 бандни қўллаши лозим.

(ii) шўъба ташкилотидан кўра кейинги санага қўлласа, ташкилот алоҳида молиявий ҳисоботи учун Г17 бандни қўллаши лозим.



Шўъба ташкилотлар, қўшма корхонлар

ва таъсир остидаги ташкилотларнинг активлари

ва мажбуриятлари


Г16. Агар шўъба ташкилоти унинг бош ташкилотидан кейин МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот бўлса, ушбу шўъба ташкилоти ўзининг молиявий ҳисоботида активлар ва мажбуриятларни қуйидагиларнинг бири бўйича баҳолаши лозим:

(a) агар бош ташкилот томонидан шўъба ташкилотини харид қилиш доирасидаги бизнес бирлашув натижаларини акс эттириш ва консолидациялаш мақсадида хеч қандай тузатишлар қилинмаган бўлса, бош ташкилотнинг МҲХСга ўтиш санасига консолидациялашган молиявий ҳисоботида акс эттириладиган баланс қиймати бўйича (ушбу танловдан 10-сон МҲХСда таърифланган фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда ҳисобга олиниши талаб этилгадиган инвестиция ташкилоти бўлган шўъба ташкилоти мустасно); ёки

(б) шўъба ташкилотининг МҲХСга ўтиш санасига тегишли мазкур МҲХСнинг қолган талаблари асосида аниқланадиган баланс қиймати. Бундай баланс қиймати (а) кичик бандда кўрсатилган баланс қийматидан қуйидаги ҳолатларда фарқ қилиши мумкин:

(i) ушбу МҲХСдаги озод қилиш ҳолатлари натижаси МҲХСга ўтиш санасига боғлиқ бўлган баҳолашга олиб келса.

(ii) шўъба ташкилотининг молиявий ҳисобот учун қўлланган ҳисоб сиёсати консолидациялашган молиявий ҳисобот учун қўлланган ҳисоб сиёсатидан фарқ қилса. Масалан, шўъба ташкилоти ўзининг ҳисоб сиёсатида 16-сон БҲХС "Асосий воситалар"даги бошланғич қиймат моделидан фойдаланиши мумкин, гуруҳ эса қайта баҳолаш моделидан фойдаланиши мумкин.

Қўшма корхонлар ва таъсир остидаги ташкилотларни аҳамиятли таъсир ва биргаликдаги назоратини амалга оширувчи ташкилотлардан кейин МҲХСни биринчи марта қўллайдиган қўшма корхонлар ва таъсир остидаги ташкилотлар юқоридаги каби танлаш имкониятига эга бўлади.


Г17. Лекин, агар ташкилот МҲХСни биринчи марта унинг шўъба ташкилоти (ёки таъсир остидаги ташкилоти ёки қўшма корхонаси)дан кейин қўллайдиган бўлса, унда ташкилот ўзининг консолидациялашган молиявий ҳисоботида шўъба ташкилоти (ёки таъсир остидаги ташкилоти ёки қўшма корхонаси)нинг активлари ва мажбуриятларини, консолидациялаш мақсадида бош ташкилот томонидан шўъба ташкилотни харид қилиш доирасида бизнес бирлашуви натижасини акс эттириш ва улушли қатнашиш усулини қўллаш учун зарур тузатишлар киритилганидан сўнг шўъба ташкилоти (ёки таъсир остидаги ташкилоти ёки қўшма корхонаси)нинг молиявий ҳисоботида акс эттирилган баланс қиймати бўйича баҳолаши лозим. Ушбу талабга қарамасдан, инвестиция ташкилоти бўлмаган бош ташкилот, унинг хар қандай инвестиция ташкилот бўлган шўъба ташкилотлари томонидан консолидациялаш бўйича фойдаланилган истиснони қўлламаслиги лозим. Шу каби, агар бош ташкилот МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот сифатида МҲХСни биринчи марта ўзининг консолидациялашган молиявий ҳисоботига нисбатан алоҳида молиявий ҳисоботига олдин ёки кейин қўллаган бўлса, ташкилот активлари ва мажбуриятларини иккала ҳисоботда ҳам бир хил қийматда баҳолаши лозим, бундан консолидациялаш бўйича тузатишлар мустасно.



Таркибли молиявий инструментлар


Г18. 32-сон БҲХС "Молиявий инструментлар: тақдим этиш" ташкилотдан дастлаб таркибли молиявий инструментни мажбурият ва хусусий капитал компонентларига ажратишни талаб қилади. Агар мажбурият компоненти сўндирилган бўлса, 32-сон БҲХСнинг ретроспектив қўлланиши хусусий капитални икки қисмга ажратилиши заруратини келтириб чиқаради. Биринчи қисми тақсимланмаган фойда таркибида бўлади ва мажбурият компоненти бўйича ҳисобланган жамғарилган фоизни ифодалайди. Бошқа қисми дастлабки хусусий капитал компонентини ифодалайди. Лекин, ушбу МҲХСга мувофиқ, МҲХСни биринчи марта қўллайдиган такшилот қарз мажбуриятини ифодаловчи компоненти МҲХСга ўтиш санасига қадар сўндирилган бўлса, таркибли инструментни икки компонентга ажратиш талаб этилмайди.



Олдин тан олинган молиявий

инструментларни таснифлаш


Г19. 9-сон МҲХС молиявий мажбуриятни (маълум талабларга жавоб берганда) фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳоланадиган молиявий мажбурият сифатида таснифлашга рухсат беради. Ушбу талабга қарамасдан, ташкилот МҲХСга ўтиш санасига ушбу мажбуриятлар 9-сон МҲХСнинг 4.2.2-бандида келтирилган талабларга жавоб бериши шарти билан хар қандай молиявий мажбуриятни фойда ёки зарар орқали хаққоний қийматда баҳоландиган мажбурият сифатида таснифлашга рухсат этилади.


Г19A. Ташкилот молиявий активни 9-сон МҲХСнинг 4.1.5-бандига мувофиқ МҲХСга ўтиш санасида мавжуд бўлган далиллар ва ҳолатлар асосида фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳоланадиган молиявий актив сифатида таснифлаши мумкин.


Г19Б. Ташкилот улушли инструментга инвестициясини 9-сон МҲХСнинг 5.7.5-бандига мувофиқ МҲХСга ўтиш санасида мавжуд бўлган далиллар ва ҳолатлар асосида бошқа умумлашган даромад орқали хаққоний қийматда баҳоланадиган инвестиция сифатида таснифлаши мумкин.


Г19В. Фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳоланадиган молиявий мажбурият бўйича ташкилот 9-сон МҲХСнинг 5.7.7-бандида назарда тутилган ҳисобга олиш тартиби МҲХСга ўтиш санасида мавжуд бўлган далиллар ва ҳолатлар асосида фойда ёки зарарлардаги ҳисобнинг номувофиқлигини юзага келиши мумкинлигини аниқлаши лозим.



Молиявий активлар ёки молиявий мажбуриятларни дастлабки

тан олишда ҳаққоний қиймати бўйича баҳолаш


Г20. 7 ва 9-бандлардаги талабларга қарамасдан, ташкилот 9-сон МҲХСнинг Б5.1.2A(б) бандидаги талабларни МҲХСга ўтиш санасига ёки ундан кейин амалга оширилган операцияларга нисбатан перспектив тарзда қўлаши мумкин.



Асосий воситаларнинг бошланғич қийматига киритилган,

фойдаланишдан чиқаришга тегишли мажбуриятлар


Г21. 1-сон МҲХСШҚ шарҳи "Объектларни фойдаланишдан чиқариш, атроф муҳитни қайта тиклаш ва шу каби мавжуд мажбуриятлардаги ўзгаришлар" активларни фойдаланишдан чиқариш, атроф муҳитни қайта тиклаш ёки шу каби мавжуд мажбуриятлардаги маълум ўзгаришлар ушбу мажбурият билан боғлиқ активларнинг бошланғич қиймати оширилишини ёки камайтирилишини талаб этади; ушбу активнинг тузатилган эскириш ҳисобланадиган қийматидан унинг қолган фойдали хизмат муддати давомида перспектив тарзда эскириш ҳисобланади. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот МҲХСга ўтиш санасидан олдин содир бўлган бундай мажбуриятлардаги ўзгаришларга нисбатан ушбу талабларни қўллаши талаб этилмайди. Агар МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот ушбу озод қилиш ҳолатидан фойдаланса, у ҳолда:

(a) мажбуриятни МҲХСга ўтиш санасига 37-сон БҲХСга мувофиқ баҳолаши лозим;

(б) мажбурият 1-сон МҲХСШҚ шарҳининг қўллаш доирасига тааллуқли бўлганда, мажбурият юзага келган пайтда у билан боғлиқ бўлган активнинг бошланғич қийматига киритиладиган суммани баҳолаш, унинг энг тўғри ҳисоб баҳосидан фойдаланиб, ўтган даврда ушбу мажбуриятга нибатан қўлланиши мумкин бўлган, рискни ҳисобга олиб тузатилган дисконт ставкаси(лари) асосида мажбуриятни белгиланган санага дисконтлаш орқали аниқланади; ва

(в) ушбу суммадан ва активнинг жорий баҳоланган фойдали хизмат муддатидан келиб чиқиб, ташкилот томонидан МҲХСга мувофиқ қабул қилинган эскириш ҳисоблаш сиёсатидан фойдаланган ҳолда МҲХСга ўтиш санасига жамланган эскиришни ҳисоблаши лозим.


Г21A. Г8А(б) банддаги озод қилиш ҳолатидан (олдинги БҲУТга кўра нефть ва газ конини қидириш ва қазиб олиш бўйича сарфлар, қазиб олиш босқичларида катта географик ҳудуддаги барча қазилма участкаларини қамраб оладиган сарфлар марказларида ҳисобга олиш учун) фойдаланадиган ташкилот, Г21-бандни ёки 1-сон МҲХСШҚ қўллаш ўрнига:

(a) объектларни фойдаланишдан чиқариш, атроф муҳитни қайта тиклаш ва шу каби мавжуд мажбуриятларни МҲХСга ўтиш санасига 37-сон БҲХСга мувофиқ баҳолаши лозим; ва

(б) ташкилотнинг олдинги БҲУТга мувофиқ аниқланган МҲХСга ўтиш санасига ушбу мажбуриятларнинг баҳоланган қиймати ва баланс қиймати ўртасидаги ҳар қандай фарқ тақсимланмаган фойда таркибида тан олиши лозим.



12-сон МҲХСШҚга мувофиқ ҳисобга олинадиган

молиявий активлар ёки номоддий активлар


Г22. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот 12-сон МҲХСШҚ шарҳидаги ўтиш қоидаларини қўллаши мумкин.



Қарзлар бўйича сарфлар


Г23. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот 23-сон БҲХС талабларини ўтиш санасидан бошлаб ёки ундан олдинроқ қўллашни 23-сон БҲХСнинг 28-бандига мувофиқ танлаши мумкин. Ушбу озод қилиш ҳолатидан фойдаланган санадан бошлаб, ташкилот 23-сон БҲХСни қўллайди ва ушбу санадан бошлаб ташкилот:

(a) олдинги БҲУТга мувофиқ қарзлар бўйича сарфларнинг капиталлаштирилган ва ўша санада активларнинг баланс қийматига киритилган қисмини қайта ҳисобламаслиги лозим; ва

(б) қарзлар бўйича сарфларни, шу жумладан қурилиш жараёнида бўлган квалификацияланадиган активлар учун ушбу санага ёки ундан кейин юзага келган қарзлар бўйича сарфларни 23-сон БҲХСга мувофиқ ҳисобга олиши лозим.


Г24. [Чиқариб ташланган]



Молиявий мажбуриятларни улушли

инструментлар билан сўндириш


Г25. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот 19-сон МҲХСШҚ шарҳи "Молиявий мажбуриятларни улушли инструментлар билан сўндириш"нинг ўтиш қоидаларини қўллаши мумкин.



Кучли гиперинфляция


Г26. Агар ташкилотнинг функционал валютаси олдин ёки ҳозирги пайтда гиперинфляцияли иқтисодиётнинг валютаси бўлса, унда ташкилот МҲХСга ўтиш санасидан олдин ушбу валюта кучли гиперинфляция таъсири остида бўлганлигини аниқлаши лозим. Бу МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилотга ҳамда МҲХСни олдин қўллаган ташкилотга таалуқлидир.


Г27. Агар гиперинфляцияли иқтисодиёт қуйидаги хусусиятларнинг ҳар иккисига эга бўлса, унинг валютаси кучли гиперинфляция таъсири остида бўлади:

(a) ушбу валютада операцияларини амалга оширган ва қолдиқлари бўлган барча ташкилотлар учун ишончли умумий нарх индекси мавжуд эмас;

(б) ушбу валютани нисбатан барқарор чет эл валютасига айирбошлаш имконияти мавжуд эмас.


Г28. Функционал валютанинг барқарорлашиши санасидан ташкилотнинг функционал валютаси кучли гиперинфляция таъсири остидан чиқади. Яъни бу сана, Г27-банддаги бир ёки иккита хусусиятга ортиқ эга бўлмайдиган сана ёки ташкилотнинг функционал валютаси кучли гиперинфляция таъсири остида бўлмаган валютага ўзгарган сана ҳисобланади.


Г29. Ташкилотнинг МҲХСга ўтиш санаси унинг функционал валютасининг барқарорлашиши санасига ёки ундан кейинги санага тўғри келганда, ташкилот функционал валютаси барқарорлашиши санасидан олдин эгалик қилган барча активлари ва мажбуриятларини МҲХСга ўтиш санасига ҳаққоний қийматда баҳолашни танлаши мумкин. Ташкилот ушбу активлар ва мажбуриятларнинг ҳаққоний қийматларидан МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботида шартли бошланғич қиймат сифатида фойдаланиши мумкин.


Г30. Функционал валютанинг барқарорлашиши санаси 12 ойлик қиёсий даврдаги санага тўғри келганда, қиёсий давр бундай давр учун молиявий ҳисоботларнинг тўлиқ тўплами тақдим этилган (1-сон БҲХСнинг 10-бандида талаб этилганидек) бўлиши шарти билан 12 ойдан қисқароқ давр қилиб қабул қилиниши мумкин.



Биргаликдаги фаолият бўйича келишувлар


Г31. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот 11-сон МҲХСдаги ўтиш қоидаларини қуйидаги истисноларни ҳисобга олган ҳолда қўллаши мумкин:

(a) МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот 11-сон МҲХСдаги ўтиш қоидаларини МҲХСга ўтиш санасига қўллаши лозим.

(б) МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот, мутаносиб консолидация усулидан улушли қатнашиш усулига ўтганда, инвестициянинг МҲХСга ўтиш санасига қадрсизланишини инвестиция қадрсизланишининг бирор аломати бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар, 36-сон БҲХСга мувофиқ тестдан ўтказиши лозим. Қадрсизланишнинг ҳар қандай суммаси МҲХСга ўтиш санасига тақсимланмаган фойдага тузатиш сифатида тан олиниши лозим.



Очиқ коннинг қазиб чиқариш босқичидаги

устки қатламни очиш сарфлари


Г32. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот 20-сон МҲХСШҚ шарҳи "Очиқ коннинг қазиб чиқариш босқичидаги устки қатламни очиш сарфлари"нинг А1 - А4-бандларида белгиланган ўтиш қоидаларини қўллаши мумкин. Ушбу бандларда қайд этилган кучга кириш санаси сифатида 2013 йил 1 январь ёки МҲХС бўйича биринчи ҳисобот даврининг бошланиш санасидан қайси бири кейинроқ келса, ўша сана тушунилиши лозим.



Номолиявий объектларни сотиб олиш ёки

сотиш шартномаларини таснифлаш


Г33. 9-сон МҲХС дастлаб номолиявий объектларни сотиб олиш ёки сотишга доир айрим шартномаларни фойда ва зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳоланадиган модда сифатида таснифлашга рухсат беради (9-сон МҲХСнинг 2.5 бандига қаранг). Ушбу талабга қарамасдан, ташкилотга МҲХСга ўтиш санасига мавжуд номолиявий объектларни сотиб олиш ёки сотишга доир шартномаларни 9-сон МҲХСнинг 2.5-банди талабларига мувофиқ бўлиши шарти билан фойда ва зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳоланадиган модда сифатида таснифлашга рухсат этилади ва ташкилот барча ўхшаш шартномаларни таснифлайди.



Тушум


Г34. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот 15-сон МҲХСнинг В5 бандида белгиланган ўтиш қоидаларини қўллаши мумкин. Ушбу бандлардаги "қўллашнинг дастлабки санаси" иборасини МҲХС бўйича биринчи ҳисобот даврининг бошланиши деб тушуниш лозим. Агар МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот ушбу ўтиш қоидаларини қўллашга қарор қилса, 15-сон МҲХСнинг В6 бандини ҳам қўллаши лозим.


Г35. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот тақдим этилган даврнинг энг олдинги давридан олдин бажарилган шартномаларга тегишли маълумотларни қайта ҳисоблаши талаб этилмайди. Бажарилган шартнома - олдинги БҲУТга мувофиқ ташкилот идентификация қилинган барча товарларни ёки хизматларни ўтказган шартномадир.



Чет эл валютасидаги операциялар ва олдиндан тўлов


Г36. МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот 22-сон МҲХСШҚ шарҳи "Чет эл валютасидаги операциялар ва олдиндан тўлов"ни МҲХСга ўтиш санасидан олдин дастлаб тан олинган ушбу шарҳни қўллаш доирасига кирадиган активлар, харажатлар ва даромадларга нисбатан қўллаши талаб этилмайди.






Д-ИЛОВА



МҲХС ТАЛАБЛАРИДАН ҚИСҚА МУДДАТЛИ

ОЗОД ҚИЛИШ ҲОЛАТЛАРИ


Мазкур илова МҲХСнинг ажралмас қисмидир



9-сон МҲХС бўйича қиёсий маълумотларни

қайта ҳисоблаш талабидан озод қилиш


Д1. Агар ташкилотнинг МҲХС бўйича биринчи ҳисобот даври 2019 йил 1 январдан олдин бўлса ва ташкилот 9-сон МҲХСнинг якуний (2014 йил эълон қилинган) таҳририни қўлласа, ўзининг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботидаги қиёсий маълумотлар 7-сон МҲХС "Молиявий инструментлар: маълумотларни ёритиб бериш"га ёхуд агар 7-сон МҲХСга асосан ёритиб бериш талаб этиладиган маълумот 9-сон МҲХС қўллаш доирасига тегишли бўлган ҳолатларда 9-сон МҲХСнинг якуний (2014 йил эълон қилинган) таҳририга мувофиқ бўлиши талаб этилмайди. Бундай ташкилотлар учун фақатгина 7-сон МҲХС ва 9-сон МҲХС доирасида "МҲХСга ўтиш санаси" ибораси МҲХС бўйича биринчи ҳисобот даврининг бошланишини англатади.


Д2. МҲХСга ўтишнинг биринчи йилида 7-сон МҲХС ва 9-сон МҲХСнинг якуний (2014 йил эълон қилинган) таҳририга мувофиқ келмайдиган қиёсий маълумотларни тақдим қилишга қарор қилган ташкилот:

(a) 9-сон МҲХСнинг қўллаш доирасига кирадиган моддалар бўйича қиёсий маълумотларга нисбатан 9-сон МҲХС талаблари ўрнига ўзининг олдинги БҲУТдаги талабларни қўллаши лозим;

(б) ушбу факт билан биргаликда бундай маълумотни тайёрлаш учун қўлланган асосни ёритиб бериши лозим.

(в) қиёсий даврнинг ҳисобот санасига молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот (яъни олдинги БҲУТга мувофиқ қиёсий маълумотларни қамраб олган молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот) билан МҲХС бўйича биринчи ҳисобот даври (яъни 7-сон МҲХС ва 9-сон МҲХСга мос бўлган маълумотларни қамраб оладиган биринчи даври) бошидаги молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот кўрсаткичлари ўртасидаги ҳар қандай тузатиш ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришдан юзага келган деб ҳисобга олиши лозим ва 8-сон БҲХСнинг 28(a) - (д) ва (е)(i) бандларида талаб этилган маълумотларни ёритиб бериши лозим. 28(е)(i) банд фақатгина қиёсий даврнинг ҳисобот санасига молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилган суммаларга нисбатан қўлланади.

(г) агар МҲХСнинг махсус талабларига риоя этиш, муайян операциялар, бошқа ҳодисалар ва шартлар ташкилотнинг молиявий ҳолати ва молиявий натижаларига таъсирини фойдаланувчилар тушуниши учун етарли бўлмаганда, қўшимча маълумотларни ёритиб бериш мақсадида 1-сон БҲХСнинг 17(в) бандини қўллаши лозим.


Д3.-Д7. [Чиқариб ташланган]



Фойда солиғини ҳисоблаш тартибига

нисбатан ноаниқликлар


Д8. МҲХСга ўтиш санаси 2017 йил 1 июндан олдин бўлган МҲХСни биринчи марта қўллайдиган ташкилот ўзининг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботи бўйича қиёсий маълумотларига нисбатан 23-сон МҲХСШҚ шарҳи "Фойда солиғини ҳисоблаш тартибига нисбатан ноаниқликлар"ни қўлламасликни танлаши мумкин. Бундай танловни қабул қилган ташкилот 23-сон МҲХСШҚ шарҳининг қўллашнинг кумулятив таъсирини МҲХС бўйича биринчи ҳисобот даври бошига тақсимланмаган фойданинг (ёки ўринли бўлса, хусусий капиталнинг бошқа тоифасининг) давр бошига қолдиғига тузатиш сифатида тан олиш лозим.



--------------------------------------------------------------------

*) Бундай ўзгаришлар, агар гудвил олдинги БҲУТга мувофиқ актив сифатида тан олинмаган бўлса, моддаларни номоддий активларга ёки номоддий активлардан қайта таснифлашни ўз ичига олади. Бундай ҳолат, агар ташкилот олдинги БҲУТга мувофиқ (a) гудвил бевосита хусусий капиталдан чегириб ташлаган бўлса ёки (б) бизнес бирлашувларини харид қилиш сифатида ҳисобга олмаган бўлса, юзага келади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь
































































Время: 0.2305
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск