язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Конституциялар ва кодекслар/ Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси/ Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг олдинги таҳрири

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Фуқаролик кодексининг

олдинги таҳрири




ЎзР 20.03.2019 й. ЎРҚ-531-сон Қонунидан олдинги таҳрири



480-модда биринчи қисмининг олдинги таҳрири


Кўчмас мулкни сотиш шартномаси тарафлар имзолаган ёзма шаклдаги битта ҳужжат тарзида тузилади (ушбу Кодекс 366-моддасининг тўртинчи қисми) ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. (ЎзР 11.10.2018 й. ЎРҚ-497-сон Қонуни таҳриридаги қисм)




ЎзР 11.10.2018 й. ЎРҚ-497-сон Қонунидан олдинги таҳрири



574-модда учинчи қисмининг олдинги таҳрири


Фуқаролар ўртасида тузилган бино ёки иншоотни ёхуд унинг бир қисмини ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак. (ЎзР 30.12.2011 й. ЎРҚ-313-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)



603-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири


Фуқаролар ўртасида тузилган уй-жойни ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак. (ЎзР 30.12.2011 й. ЎРҚ-313-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)




ЎзР 26.07.2018 й. ЎРҚ-488-сон Қонунидан олдинги таҳрири



565-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири


Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак (ЎзР 07.12.2001 й. 320-II-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)




ЎзР 18.04.2018 й. ЎРҚ-476-сон Қонунидан олдинги таҳрири



190-модданинг олдинги таҳрири


190-модда. Тарих ва маданият ёдгорликларини

хўжасизларча сақлаш


Агар мулкдор ўзига қарашли тарих ва маданият ёдгорлигига хўжасизларча муносабатда бўлса ва унинг яхши сақланишини таъминламаса, зиммасида ёдгорликларни сақлаш вазифаси бўлган давлат органлари мулкдорни ёдгорликка хўжасизларча муносабатда бўлишни тўхтатиш ҳақида огоҳлантирадилар.

Агар мулкдор ушбу талабни бажармаса, тегишли органларнинг даъвосига кўра суд ёдгорликни олиб қўйиш ҳақида қарор чиқариши мумкин, бу ёдгорлик давлат мулкига ўтади. Олиб қўйилган тарих ва маданият ёдгорлигининг қиймати мулкдорга келишувда белгиланган, низо чи??ан тақдирда эса - суд томонидан белгиланган миқдорда тўланади.

Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда тарих ва маданият ёдгорлигини олиб қўйиш ҳақидаги даъво олдиндан огоҳлантирмасдан ҳам қўзғатилиши мумкин.



280-модда тўртинчи қисм 2) бандининг олдинги таҳрири


2) гаров нарсаси жамият учун тарихий, бадиий ёки ўзга маданий аҳамиятга эга мол-мулк бўлса;




ЎзР 30.12.2017 й. ЎРҚ-455-сон Қонунидан олдинги таҳрири



26-модданинг олдинги таҳрири


26-модда. Якка тадбиркорнинг ночорлиги (банкрот бўлиши)


Якка тадбиркор кредиторларнинг ўз тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ бўлган талабларини қаноатлантиришга қодир бўлмаса, бундай тадбиркор белгиланган тартибда банкрот деб топилиши мумкин.

Якка тадбиркорни банкрот деб топиш расм-русумларини амалга ошириш жараёнида унинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган мажбуриятлари бўйича кредиторлари ҳам ўз талабларини қўйишга ҳақли. Мазкур кредиторларнинг ушбу тартибда қўйилмаган талаблари якка тадбиркорни банкрот деб топиш расм-русумлари тамом бўлганидан кейин ҳам ўз кучини сақлаб қолади.

Якка тадбиркор банкрот деб топилган тақдирда унинг, кредиторларининг талаблари ушбу Кодекснинг 56-моддасида назарда тутилган тартибда қондирилади.

Суд томонидан якка тадбиркорни банкрот деб топишнинг ёки якка тадбиркор ўзини банкрот деб эълон қилишининг асослари ва тартиби қонун билан белгиланади.




ЎзР 14.09.2017 й. ЎРҚ-446-сон Қонунидан олдинги таҳрири



10-модда биринчи қисмининг олдинги таҳрири


Фуқаролик ҳуқуқлари процессуал қонунлар ёки шартномада белгилаб қўйилганидек, ишлар қайси судга тааллуқли бўлишига қараб, суд, хўжалик суди ёки ҳакамлик суди (бундан кейин - суд) томонидан ҳимоя қилинади. (ЎзР 01.08.2007 й. ЎРҚ-106-сон Қонуни таҳриридаги қисм)




ЎзР 18.04.2017 й. ЎРҚ-429-сон Қонунидан олдинги таҳрири



1104-модда биринчи қисмининг олдинги таҳрири


Товар белгисидан у рўйхатдан ўтказилганидан кейин узрли сабабсиз узлуксиз беш йил давомида фойдаланилмаган тақдирда, унинг рўйхатдан ўтказилганлиги исталган манфаатдор шахснинг талаби билан бекор қилиниши мумкин.




ЎзР 25.04.2016 й. ЎРҚ-405-сон Қонунидан олдинги таҳрири



615-модда учинчи қисм учинчи хатбошининг олдинги таҳрири


ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа фуқаролар томонидан уй-жой вайрон қилинса ёки унга путур етказилса, ижарага берувчининг талабига биноан суд тартибида бекор қилиниши мумкин.




ЎзР 11.12.2014 й. ЎРҚ-381-сон Қонунидан олдинги таҳрири



53-модда иккинчи қисм учинчи хатбошининг олдинги таҳрири


фаолият рухсатномасиз (лицензиясиз) амалга оширилган ёки қонун томонидан тақиқланган фаолият амалга оширилган ёхуд олти ой мобайнида (савдо ва савдо-воситачилик корхонаси эса - уч ой мобайнида) банк ҳисобварақлари бўйича пул операцияларини ўтказиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаган, де??он ва фермер хўжаликлари бундан мустасно, ва (ёки) давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида устав фонди таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантирилмаган тақдирда, қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда суднинг қарорига мувофиқ. (ЎзР 20.08.1999 й. 832-1-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)




ЎзР 20.04.2012 й. ЎРҚ-325-сон Қонунидан олдинги таҳрири



477-модда биринчи қисмининг олдинги таҳрири


Энергия таъминоти шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган ҳолларда энергия билан таъминловчи ташкилот ёки абонент шу туфайли етказилган ҳақиқий зарарни қоплаши шарт.




ЎзР 17.09.2010 й. ЎРҚ-257-сон Қонунидан олдинги таҳрири



205-модда биринчи қисмининг олдинги таҳрири


Мулк ҳуқуқи бекор қилинганида олиб қўйилаётган мол-мулк қиймати, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, мулк ҳуқуқи бекор бўлган пайтда амал қилиб турган шу ёки шунга ўхшаш мол-мулкнинг баҳоси асосида белгиланади.



932-модда биринчи қисмининг олдинги таҳрири


Мол-мулкни суғурталаш шартномаси тузилаётганида суғурталовчи суғурта қилинаётган мол-мулкни кўздан кечиришга, зарурият бўлган тақдирда унинг ҳақиқий қийматини белгилаш мақсадида экспертиза тайинлашга ҳақли.




ЎзР 14.09.2010 й. ЎРҚ-255-сон Қонунидан олдинги таҳрири



1147-модда биринчи қисмининг олдинги таҳрири


Меросхўр ўзининг ворисликка чақирилганини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб олти ой ичида меросдан воз кечишга ҳақли. Узрли сабаблар бўлган тақдирда бу муддат суд томонидан кўпи билан икки ойга узайтирилиши мумкин.



1151-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири


Агар турган жойи аниқланиб, мерос олишга чақирилган-у, лекин ҳозир бўлмаган меросхўр ушбу Кодекснинг 1147-моддасида назарда тутилган муддат ичида меросдан воз кечмаган бўлса, қолган меросхўрлар меросни тақсимлаш ниятлари тўғрисида уни хабардор қилишлари шарт. Агар ҳозир бўлмаган меросхўр хабар қилинган пайтдан эътиборан уч ой ичида қолган меросхўрларни меросни тақсимлаш ҳақидаги келишувда иштирок этиш истаги тўғрисида хабардор қилмаса, қолган меросхўрлар ҳозир бўлмаган меросхўрга тегишли бўлган улушни ажратиб, ўзаро келишувга кўра мерос тақсимотини амалга оширишга ҳақлидирлар.




ЎзР 22.09.2009 й. ЎРҚ-223-сон Қонунидан олдинги таҳрири



96-модда учинчи қисмининг олдинги таҳрири


Қимматли қоғозлар жумласига қуйидагилар киради: облигация, вексель, чек, депозит ва жамғарма сертификатлари, банкнинг тақдим қилувчига пул бериладиган жамғарма дафтарчаси, коносамент, акция ҳамда қонун ҳужжатлари билан қимматли қоғозлар жумласига киритилган бошқа ҳужжатлар киради.



229-модда тўртинчи қисмининг олдинги таҳрири


Пул, шунингдек тақдим этувчига деб ёзилган қимматли қоғозлар инсофли эгалловчидан талаб қилиб олиниши мумкин эмас.



769-модда тўртинчи қисмининг олдинги таҳрири


Банк омонати шартномасида омонатчининг номи ёзилган омонат дафтарчаси ёки тақдим этувчига пул тўланадиган омонат дафтарчаси бериш назарда тутилиши мумкин. Тақдим этувчига пул тўланадиган омонат дафтарчаси қимматли қоғоз ҳисобланади.




ЎзР 31.12.2008 й. ЎРҚ-197-сон Қонунидан олдинги таҳрири



214-модда тўртинчи қисмининг олдинги таҳрири


Республика мулки республика бюджетига тушадиган солиқлар, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлардан, шунингдек қонунларда назарда тутилган асосларга мувофиқ бошқа тушумлар ҳисобидан ташкил этилади.




ЎзР 28.12.2007 й. ЎРҚ-138-сон Қонунидан олдинги таҳрири



590-модда матнининг олдинги таҳрири


Лизинг тўлови лизинг берувчининг лизинг объектини сотиб олиш учун қилган харажатларининг ҳаммаси ёки кўп қисми, шунингдек лизинг объектини етказиб бериш ва белгиланган мақсадда фойдаланиш учун уни яроқли ҳолга келтириш билан боғлиқ бошқа харажатлари лизинг олувчи томонидан қопланиши ҳамда лизинг берувчининг даромадидан иборат бўлади.




ЎзР 14.12.2007 й. ЎРҚ-127-сон Қонунидан олдинги таҳрири



54-модда иккинчи ва учинчи қисмларининг олдинги таҳрири


Юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки орган тугатиш комиссиясини (тугатувчини) тайинлайдилар ҳамда ушбу Кодексга мувофиқ тугатиш тартиби ва муддатларини белгилайдилар. Юридик шахсни тугатиш тўғрисидаги қарор суд томонидан қабул қилинган тақдирда, тугатиш комиссияси юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган билан келишилган ҳолда тайинланади. (ЎзР 04.04.2006 й. ЎРҚ-28-сон Қонуни таҳриридаги қисм), (Олдинги таҳририга қаранг)

Тугатиш комиссияси тайинланган пайтдан бошлаб юридик шахснинг ишларини бошқариш соҳасидаги ваколатлар унинг ихтиёрига ўтади. Тугатиш комиссияси тугатилаётган юридик шахс номидан судда иштирок этади.



55-модда биринчи қисми биринчи жумласининг олдинги таҳрири


Тугатиш комиссияси юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги маълумотлар босиб чиқариладиган матбуот органларида юридик шахснинг тугатилиши ҳамда унинг кредиторлари томонидан талабларни баён этиш тартиби ва муддати ҳақида хабар эълон қилади.



55-модда еттинчи қисмининг олдинги таҳрири


Кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш тугаганидан кейин тугатиш комиссияси тугатиш балансини тузади, уни юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки орган тасдиқлайди. Юридик шахсни тугатиш тўғрисидаги қарор суд томонидан қабул қилинган тақдирда, тугатиш баланси юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган билан келишилган ҳолда тасдиқланади. (ЎзР 04.04.2006 й. ЎРҚ-28-сон Қонуни таҳриридаги қисм), (Олдинги таҳририга қаранг)




ЎзР 14.09.2007 й. ЎРҚ-109-сон Қонунидан олдинги таҳрири



984-модданинг олдинги таҳрири


984-модда. Лотереялар, тотализаторлар ва бошқа ўйинларни

давлат томонидан ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари


Лотереялар, тотализаторлар (ўзаро бас бойлаш) ва бошқа таваккалчиликка асосланган ўйинлар ташкилотчиси - давлат, ваколатли давлат органидан рухсатнома (лицензия) олган шахслар ва ўйинларнинг иштирокчилари ўртасидаги муносабатлар шартномага асосланади. Бундай шартнома лотерея билети, патта ёки бошқа ҳужжат бериш орқали расмийлаштирилади ва иштирокчи лотерея билети қийматини тўлаган ёки ўйинда иштирок этишга бошқа тарзда ҳақ тўлаган пайтдан бошлаб тузилган деб ҳисобланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шартномани тузиш тўғрисидаги таклиф ўйинларни ўтказиш муддати ва ютуқни аниқлаш тартиби ҳамда унинг миқдори ҳақидаги шартларни ўз ичига олган бўлиши лозим.

Ўйинлар ташкилотчиси уларни белгиланган муддатда ўтказишдан бош тортган тақдирда, ўйинларнинг иштирокчилари уларнинг ташкилотчисидан ўйинларни қолдириш ёки уларнинг муддатини бошқа вақтга кўчириш туфайли етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Лотерея, тотализатор ёки бошқа ўйинларни ўтказиш шартларига мувофиқ ютган деб эътироф этиладиган шахсларга ўйинлар ташкилотчиси томонидан ютуқ ўйинларни ўтказиш шартларида назарда тутилган миқдорда, шаклда (пул ёки буюм ҳолида) ва муддатларда, агар бу шартларда муддат кўрсатилмаган бўлса, ўйинларнинг натижалари чиқарилган пайтдан бошлаб ўн кундан кечиктирмай тўланиши лозим.

Ўйинларнинг ташкилотчиси ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган мажбуриятини бажармаган тақдирда, лотерея, тотализатор ёки бошқа ўйинларда ютган иштирокчи ўйинлар ташкилотчисидан ютуқни тўлашни, шунингдек шартноманинг ташкилотчи томонидан бузилиши туфайли етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.




ЎзР 13.04.2007 й. ЎРҚ-91-сон Қонунидан олдинги таҳрири



44-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири


Юридик шахсни ташкил этишнинг қонунда белгилаб қўйилган тартибини бузиш ёки унинг таъсис ҳужжатлари қонунга мос келмаслиги юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказишнинг рад этилишига сабаб бўлади. Юридик шахсни ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан уни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.




ЎзР 05.04.2007 й. ЎРҚ-83-сон Қонунидан олдинги таҳрири



83-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири


Кўчмас мулк ер участкалари ва ер ости бойликлари, кўп йиллик дов-дарахтлар, шунингдек бинолар ва иншоотлардан иборатдир.



269-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири


Ипотека деб белгиланган мол-мулк, шунингдек гаровга қўйилган муомаладаги товарлар ҳам гаровга олувчига топширилмайди.


280-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири


Гаровга олувчининг талабини гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк ҳисобидан судга мурожаат қилмасдан қондиришга ундирувни гаров нарсасига қаратиш учун асослар вужудга келганидан кейин гаровга олувчининг гаровга қўювчи билан нотариал тасдиқланган келишуви асосида йўл қўйилади. Мазкур келишув туфайли ҳуқуқлари бузилган шахснинг даъвосига кўра бундай келишув суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.




ЎзР 16.01.2007 й. ЎРҚ-79-сон Қонунидан олдинги таҳрири



1031-модда 1-банди учинчи хатбошисининг олдинги таҳрири



эшиттириш ташкилотларининг ижролари, фонограммалари ва эшиттиришлари;



1034-модда бешинчи қисмининг олдинги таҳрири


Мутлақ ҳуқуқларни чеклашга бундай чеклаш интеллектуал мулк объектидан нормал фойдаланишга зарар етказмаган ва ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини камситмаган тақдирда йўл қўйилади.



1041-модданинг олдинги таҳрири


1041-модда. Муаллифлик ҳуқуқи билан қўриқланадиган асарлар

(муаллифлик ҳуқуқи объектлари)


Муаллифлик ҳуқуқи ижодий фаолият натижаси бўлмиш фан, адабиёт ва санъат асарларига нисбатан, уларнинг мақсади ва қадр-қиммати, шунингдек ифодаланиш усулидан қатъи назар, татбиқ этилади. Асар оғзаки, ёзма шаклда ёки уни идрок этиш имконини берадиган бошқа объектив шаклда ифодаланган бўлиши лозим.

Ёзма шаклдаги ёки моддий жисмда бошқача усулда ифодаланган асар (қўлёзма, машинкаланган ёзув, нотали ёзувлар, техника воситалари ёрдамидаги ёзув, шу жумладан аудио ёки видео ёзув, икки ўлчовли ёки ҳажмий-фазовий шаклда яратилган тасвир ва ҳоказо), ундан учинчи шахсларнинг фойдаланиш имконияти бор-йўқлигидан қатъи назар, объектив шаклга эга деб ҳисобланади.

Оғзаки ёки моддий жисмда ифодаланмаган бошқа асар, башарти у учинчи шахслар идрок эта оладиган ҳолга келган бўлса (омма олдида сўзлаш, оммавий ижрочилик ва ҳоказо), объектив шаклга эга деб ҳисобланади.

Муаллифлик ҳуқуқи эълон қилинган (ошкор қилинган, чоп этилган) асарларга нисбатан ҳам, эълон қилинмаган асарларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Муаллифлик ҳуқуқи ғоялар, концепциялар, принциплар, тизимлар, таклиф қилинаётган ечимлар, объектив мавжуд кашфиётларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Муаллифлик ҳуқуқининг юзага келиши учун асарни рўйхатдан ўтказиш ёки бошқа бирон-бир расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмайди.



1043-модданинг олдинги таҳрири


1043-модда. Асарнинг қисмлари ва ҳосила асарлар


Ушбу Кодекснинг 1041-моддасида белгилаб қўйилган талабларни қаноатлантирувчи асарларнинг қисмлари, уларнинг номи ва ҳосила асарлар муаллифлик ҳуқуқи объектларидир.

Ҳосила асарлар жумласига қуйидагилар киради:

бошқа асарларни қайта ишлаш натижасида ҳосил этилган асарлар (ишланма асарлар, аннотациялар, рефератлар, мухтасар хулосалар, шарҳлар, инсценировкалар, аранжировкалар ҳамда фан, адабиёт ва санъат соҳасидаги шунга ўхшаш бошқа асарлар);

таржималар;

материалларнинг танланганлиги ёки жойлаштирилганлигига кўра ижодий меҳнат натижаси бўлган тўпламлар (энциклопедиялар, антологиялар, маълумот базалари) ва бошқа жамлама асарлар.

Ҳосила асарларнинг яратилиши учун асос бўлган ёки улар ўз ичига олган асарлар муаллифлик ҳуқуқи объектлари бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, ҳосила асарлар муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинади.



1044-модданинг олдинги таҳрири


1044-модда. Муаллифлик ҳуқуқи объектлари

ҳисобланмайдиган асарлар ва уларга

ўхшаш фаолият натижалари


Қуйидагилар муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланмайди:

расмий ҳужжатлар (қонунлар, қарорлар, тўхтамлар ва шу кабилар), шунингдек уларнинг расмий таржималари;

расмий рамзлар ва белгилар (байроқлар, герблар, орденлар, пул белгилари ва шу кабилар);

халқ ижодиёти асарлари;

оддий матбуот ахбороти тусидаги кундалик янгиликларга доир ва жорий воқеалар ҳақидаги хабарлар;

инсоннинг бевосита индивидуал асар яратишга қаратилган ижодий фаолияти иштирокисиз, муайян турдаги ишлаб чиқариш учун мўлжалланган техника воситалари ёрдамида олинган натижалар.



1046-модданинг олдинги таҳрири


1046-модда. Асар муаллифи. Муаллифлик презумпцияси


Асар кимнинг ижодий меҳнати билан яратилган бўлса, ана шу фуқаро асар муаллифи деб эътироф этилади.

Асар биринчи марта эълон қилинганда муаллиф сифатида кўрсатилган шахс, башарти бошқача ҳол исботланмаган бўлса, асар муаллифи ҳисобланади.

Асар имзосиз ёки тахаллус остида эълон қилинган тақдирда (муаллифнинг тахаллуси унинг ким эканлигига шубҳа қолдирмайдиган ҳоллар бундан мустасно), асарда исми-шарифи ёки номи кўрсатилган ношир, башарти бошқа далиллар бўлмаса, муаллифнинг вакили ҳисобланади ҳамда муаллифнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш ҳуқуқига эга бўлади. Бу қоида бундай асар муаллифи ўз шахсини ошкор этгунича ва ўзининг муаллиф эканлигини маълум қилгунича амалда бўлади.



1048-модданинг олдинги таҳрири


1048-модда. Ҳосила асарларнинг муаллифлари


Бошқа асарларни қайта ишлаган шахслар, таржимонлар, тўпламлар ва бошқа жамлама асарларнинг тузувчилари тегишинча ҳосила асарларнинг муаллифлари деб эътироф этилади.

Ҳосила асарнинг муаллифи қайта ишланган, таржима қилинган ёки жамлама асарга киритилган асар муаллифининг ҳуқуқларига риоя этган тақдирдагина ҳосила асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланади.

Ҳосила асарлар яратувчиларининг муаллифлик ҳуқуқи бошқа шахсларнинг муқаддам фойдаланилган асарлар асосида ўз ҳосила асарларини яратишига тўсқинлик қилмайди.



1049-модда матнининг олдинги таҳрири


Асарлар яратилишини ташкил этувчи шахслар (энциклопедияларнинг ноширлари, фильмларнинг тайёрловчилари, продюсерлар ва шу кабилар) тегишли асарларнинг муаллифлари деб эътироф этилмайди. Бироқ ушбу Кодекс ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда, бундай шахслар ана шундай асарлардан фойдаланишда алоҳида ҳуқуқларга эга бўладилар.

Энциклопедиялардан, энциклопедик луғатлардан, илмий ишларнинг даврий ва давомли тўпламларидан, газеталар, журналлар ва бошқа даврий нашрлардан фойдаланишнинг алоҳида ҳуқуқлари уларнинг ноширларига тегишлидир. Бундай нашрдан ҳар қандай тарзда фойдаланилганида ҳам ношир ўз номини кўрсатишга ёки номи кўрсатилишини талаб қилишга ҳақлидир.

Бундай нашрларга киритилган асарларнинг муаллифлари, башарти асар яратишга доир шартномада бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса, тўлиқ нашрдан қатъи назар, ўз асарларидан фойдаланишга бўлган алоҳида ҳуқуқларини сақлаб қоладилар.

Аудиовизуал асар, шу жумладан фильм яратиш хусусида шартнома тузиш, башарти бундай шартномада ўзгача ҳол назарда тутилган бўлмаса, мазкур асар муаллифларининг асарни такрорлашга, уни тарқатишга, омма олдида ижро этишга, барчанинг эътиборига етказиш учун кабель орқали беришга, эфирга узатиш ёки асардан бошқа ҳар қандай тарзда оммавий фойдаланишга, фильм матнини субтитрлаш ва дубляж қилишга бўлган алоҳида ҳуқуқларининг асарни тайёрловчига ўтишига олиб келмайди. Мазкур ҳуқуқлар аудиовизуал асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддати давомида амал қилади.

Фильм тайёрловчиси бу асардан ҳар қандай тарзда фойдаланилганида ҳам ўз исми-шарифи ёки номини кўрсатишга ёхуд исми-шарифи ёки номи кўрсатилишини талаб қилишга ҳақлидир.

Фильм омма олдида намойиш этилганида мусиқа асарининг муаллифи ўзининг мусиқа асари (матнли ёки матнсиз) омма олдида ижро этилганлиги учун ҳақ олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Фильм муаллифи ва фильмга бўлган мулкий ҳуқуқнинг бошқа эгалари розилигисиз фильмнинг охирги вариантини (ёзувнинг асл нусхасини) йўқ қилиб юбориш тақиқланади.



1051-модда матнининг олдинги таҳрири


Асар муаллифига қуйидаги шахсий номулкий ҳуқуқлар тегишлидир:

муаллифлик ҳуқуқи;

муаллифлик номига бўлган ҳуқуқ;

асарнинг дахлсизлигига бўлган ҳуқуқ.

Муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқларни амалга оширишдан воз кечиш тўғрисида бирон-бир шахс билан келишуви ва муаллифнинг бу ҳақдаги аризаси ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.



1056-модданинг олдинги таҳрири


1056-модда. Муаллифнинг асардан фойдаланиш ҳуқуқи


Муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда алоҳида ҳуқуқларга эгадир.

Асарни такрорлаш ва уни тарқатиш, бошқа йўллар билан реализация қилиш, хусусан:

асарни омма олдида намойиш этиш (кўргазмага қўйиш, экспонат сифатида кўрсатиш);

асарнинг моддий жисмини ташкил этувчи нусхасини ижарага бериш;

асарни омма олдида ижро этиш;

асарни эфирга узатиш (радио ёки телевидение орқали трансляция қилиш), шу жумладан кабель ёки алоқа йўлдоши орқали бериш;

асарни техника ёрдамида ёзиб олиш;

асарнинг техникавий ёзувини эшиттириш ёки кўрсатиш, шу жумладан радио ёки телевидение орқали; асардан кейинчалик фойдаланиш мақсадида уни таржима қилиш ёки қайта ишлаш;

шаҳарсозлик, архитектура, дизайн лойиҳасини амалий рўёбга чиқариш асардан фойдаланиш ҳисобланади.

Асарга унинг объектив шаклини, ақалли асл нусхасида қандай бўлса, шу ҳолдаги шаклини қайта бериш (асарни нашр этиш, аудио ёки видеоёзувлардан нусха кўпайтириш ва шу кабилар) асарни такрорлаш ҳисобланади.

Асар нусхаларини сотиш, алмаштириш, ижарага бериш ёки улар иштирокида бошқа амалларни бажариш, шу жумладан уларни импорт қилиш асарни тарқатиш ҳисобланади.

Башарти асарнинг нусхалари қонунга асосан бошқа шахсга берилган бўлса, уларни кейинчалик муаллифнинг розилигисиз ва ҳақ тўламаган ҳолда тарқатишга йўл қўйилади, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Асардан даромад (фойда) олиш мақсадида фойдаланилганлиги ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, асар фойдаланилган деб ҳисобланади.

Асарнинг мазмунини ташкил этувчи қоидаларни (кашфиётларни, бошқа техникавий, иқтисодий, ташкилий ва шу каби ечимларни) амалий қўлланиш асардан муаллифлик ҳуқуқи маъносида фойдаланганликни англатмайди.



1058-модда матнининг олдинги таҳрири


Муаллиф ва бошқа шахсларнинг асардан фойдаланиш борасидаги алоҳида ҳуқуқларини чеклашга ушбу Кодекснинг 1059-1063-моддаларида ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.

Мазкур чеклашлар асардан нормал фойдаланилишига ўринсиз зиён етказмаган ва муаллифнинг қонуний манфаатларини асоссиз камситмаган тақдирдагина татбиқ этилади.



1059-модданинг олдинги таҳрири


1059-модда. Ўзганинг асарини шахсий мақсадларда такрорлаш


Ўзганинг чоп этилган асаридан муаллифнинг розилигисиз ва муаллифлик ҳақини тўламаган ҳолда шахсий мақсадларда фойдаланишга, башарти бунда асардан нормал фойдаланилишига зарар етмайдиган ва муаллифнинг қонуний манфаатларига путур етмайдиган бўлса, йўл қўйилади.

Ушбу модда биринчи қисмининг қоидалари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

бинолар ва шунга ўхшаш иншоотлар шаклидаги архитектура асарларидан фойдаланиш;

маълумот базалари ёки уларнинг муҳим қисмларидан фойдаланиш;

қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно қилганда ЭҲМ учун яратилган дастурлардан фойдаланиш;

китобларни (тўлалигича) ва нотали матнларни репродукция қилиш.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилганидан истисно тарзида қонунда аудио ва видеоёзувлардан шахсий мақсадларда фойдаланилган тақдирда тегишли ёзувнинг муаллифи, ижрочиси ва ишлаб чиқарувчиси тегишли ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлиши белгилаб қўйилиши мумкин.

Асарни такрорлаганлик учун ҳақ ишлаб чиқарувчилар ёки асарни такрорлаш учун ишлатиладиган асбоб-ускуналар (аудио аппаратлар, видеомагнитофонлар ва шу кабилар) ҳамда асар моддий жисмининг (аудио ва (ёки) видео плёнкалар, кассеталар, лазер дискалар, компакт дискалар ва шу кабиларнинг) импортчилари томонидан ажратмалар (фоизлар) шаклида тўланади.



1060-модда матнининг олдинги таҳрири


Қонуний эълон қилинган мусиқа асарларини расмий, диний ва дафн маросимларида бундай маросимларнинг хусусиятига мос ҳажмда муаллифнинг розилигисиз ва муаллифлик ҳақи тўламаган ҳолда омма олдида ижро этишга йўл қўйилади.



1061-модданинг олдинги таҳрири


1061-модда. Суд мақсадлари учун асарларни эркин такрорлаш


Судлов ва маъмурий иш юритиш мақсадларини кўзлаб, фойдаланиш мақсадига мос ҳажмда асарларни муаллифнинг розилигисиз ва муаллифлик ҳақи тўламаган ҳолда ижро этишга йўл қўйилади.



1062-модданинг олдинги таҳрири


1062-модда. Хизмат асарига бўлган ҳуқуқ


Хизмат топшириғини бажариш тартибида яратилган асарга (хизмат асарига) бўлган муаллифлик ҳуқуқи шу асар муаллифига тегишлидир. Хизмат асаридан топшириқ мақсади тақозо этган усулда ва топшириқдан келиб чиқадиган доирада фойдаланиш ҳуқуқи, башарти иш берувчи билан муаллиф ўртасидаги шартномада бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса, асар яратиш ҳақида топшириқ берган ва муаллиф меҳнат муносабатлари ўрнатган шахсга (иш берувчига) тегишлидир. Иш берувчи бундай фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга беришга ҳақлидир.

Иш берувчи билан муаллиф ўртасидаги шартномада хизмат асаридан фойдаланганлик учун муаллифга ҳақ тўлаш назарда тутилган ва асардан фойдаланишнинг бошқа шартлари қамраб олинган бўлиши мумкин.

Иш берувчи билан тузилган шартномадан қатъи назар, муаллиф асар тақдим этилган пайтдан эътиборан ўн йил ўтганидан кейин, иш берувчининг розилиги билан эса, ундан ҳам олдинроқ асардан фойдаланиш ва муаллифлик ҳақини олиш ҳуқуқини тўлиқ ҳажмда қўлга киритади.

Муаллифнинг хизмат асаридан топшириқ мақсади тақозо этмайдиган усулда фойдаланиш ҳуқуқи чекланмайди.



1063-модданинг олдинги таҳрири


1063-модда. Муаллифлик ҳуқуқининг

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилиши


Биринчи марта Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чоп этилган ёки чоп этилмаган бўлса-да, асл нусхаси бирон-бир объектив шаклда унинг ҳудудида турган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилади. Бундай ҳолда муаллифлик ҳуқуқи муаллифга ва унинг меросхўрларига, шунингдек фуқаролигидан қатъи назар, муаллифнинг бошқа ҳуқуқий ворисларига тегишли деб эътироф этилади. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг асари биринчи марта чет давлат ҳудудида чоп этилган ёки бирон-бир объектив шаклда ана шу давлат ҳудудида турган бўлса, бундай асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига, худди шунингдек уларнинг меросхўрлари ва бошқа ҳуқуқий ворисларига тегишли деб эътироф этилади.

Муаллифга халқаро шартномаларга мувофиқ ҳуқуқий ҳимоя берилиши пайтида асарнинг чет давлат ҳудудида чоп этилганлиги тегишли халқаро шартнома қоидаларига биноан аниқланади.

Асарни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳимоя қилиш мақсадида асарнинг муаллифи деб эътироф этиладиган шахс асар биринчи марта қайси давлатнинг ҳудудида ҳимоя қилина бошлаган бўлса, шу давлатнинг қонунларига биноан аниқланади.



1065-модда матнининг олдинги таҳрири


Муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг бутун ҳаёти давомида ва вафотидан кейин у вафот этган йилдан кейинги йилнинг биринчи январидан эътиборан эллик йил давомида амал қилади.

Ҳаммуаллифликда яратилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи ҳаммуаллифларнинг бутун ҳаёти давомида ва ҳаммуаллифлар орасида энг узоқ умр кўрган шахс вафот этганидан кейин эллик йил давомида амал қилади.

Биринчи марта тахаллус остида ёки имзосиз чоп этилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи асар чоп этилган йилдан кейинги йилнинг биринчи январидан эътиборан эллик йил давомида амал қилади.

Башарти ана шу муддат ичида имзосиз ёки тахаллус остида чоп этилган асар муаллифининг шахси маълум бўлиб қолса, ушбу модданинг биринчи қисмида айтилган муддатлар қўлланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида айтиб ўтилган муддатлар давомида муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг меросхўрларига тегишли бўлади ва мерос бўйича бир шахсдан бошқа шахсга ўтади. Айни ана шу муддатлар ичида муаллифлик ҳуқуқи муаллиф билан, унинг меросхўрлари ва кейинги ҳуқуқий ворислари билан тузилган шартнома бўйича бу ҳуқуқни олган ҳуқуқий ворисларга тегишли бўлади.

Муаллиф вафотидан кейин эллик йил ичида биринчи марта чоп этилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи асар чоп этилган йилдан кейинги йилнинг биринчи январидан эътиборан эллик йил давомида амал қилади.

Муаллифлик, муаллифнинг исми ва асарнинг дахлсизлиги муддатсиз ҳимоя қилинади.



1066-модда матнининг олдинги таҳрири


Асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин асар ижтимоий мулкка айланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳеч қачон ҳимоя билан таъмин этилмаган асарлар ижтимоий мулк ҳисобланади.

Ижтимоий мулк ҳисобланган асардан ҳар қандай шахс муаллифлик ҳақини тўламаган ҳолда эркин фойдаланиши мумкин. Бунда асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқига, муаллифлик номига бўлган ҳуқу??а ва асарнинг дахлсизлигига бўлган ҳуқу??а риоя этилиши лозим.



1067-модда матнининг олдинги таҳрири


Муаллиф ёки унинг меросхўри муаллифлик шартномаси тузиш орқали ўз асаридан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиши мумкин. Муаллифлик шартномаси учун ҳақ тўлаш талаб қилинади.

Муаллифлик шартномаси тайёр асар учун ёки муаллиф яратишни ўз зиммасига олган асар учун (буюртма шартномаси) тузилади. Асардан у ёки бу доирада фойдаланишга рухсатнома бериш тўғрисидаги муаллиф ёки унинг меросхўрлари тузадиган шартнома ҳам (муаллифлик лицензия шартномаси) муаллифлик шартномаси ҳисобланади.



1068-модда матнининг олдинги таҳрири


Муаллифлик шартномасида қуйидагилар назарда тутилиши керак:

асардан фойдаланиш усуллари (мазкур шартнома асосида бериладиган конкрет ҳуқуқлар);

асардан фойдаланишнинг ҳар бир усули учун тўланадиган ҳақ миқдори ва (ёки) тўланадиган ҳақ миқдорини белгилаш тартиби, уни тўлашнинг тартиби ва муддати.

Муаллифлик шартномасида асардан фойдаланиш ҳуқуқи қанча муддатга берилиши тўғрисида шарт бўлмаган тақдирда шартнома тузилган санадан бошлаб беш йил ўтганидан кейин, башарти фойдаланувчи шартнома бекор қилингунига қадар камида олти ой олдин бу ҳақда ёзма равишда огоҳлантирилган бўлса, шартнома муаллиф томонидан бекор қилиниши мумкин.

Муаллифлик шартномасида асардан фойдаланиш ҳуқуқи амал қиладиган ҳудуд доираси тўғрисида шарт бўлмаган тақдирда шартномага биноан берилаётган ҳуқуқнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудуди билан чекланади.

Шартнома тузилган пайтда асардан фойдаланиш ҳақидаги ҳали маълум бўлмаган ҳуқуқлар муаллифлик шартномаси мавзуси бўлиши мумкин эмас.

Асардан фойдаланганлик учун тўланадиган ҳақ миқдори тарафларнинг келишувига биноан муаллифлик шартномасида белгилаб қўйилади.

Башарти асарни нашр этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш ҳақидаги муаллифлик шартномасида ҳақ тўлаш қатъий сумма тарзида белгиланса, шартномада асарнинг энг кўп тиражи белгилаб қўйилиши шарт.

Муаллиф ёки унинг меросхўрларининг ҳақ олишга бўлган ҳуқуқни рад этиши ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Муаллифлик шартномаси бўйича берилган ҳуқуқларни шартномадаги исталган тараф шартномада бевосита назарда тутилган тақдирдагина бошқа шахсларга тўлиқ ёки қисман ўтказиши мумкин.



1074-модданинг олдинги таҳрири


1074-модда. Турдош ҳуқуқлар объекти


Турдош ҳуқуқлар саҳна асарларига, ижрога, ижронинг аудио ва видеоёзувига (ижро ёзувига), эфир ва кабель орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатув ва эшиттиришларига татбиқ этилади.



1075-модданинг олдинги таҳрири


1075-модда. Турдош ҳуқуқларнинг субъектлари


Ижро этиш ҳуқуқи ижрочиларга - артистларга, саҳналаштирувчи-режиссёрларга, дирижёрларга, шунингдек уларнинг меросхўрларига тегишлидир. Бундай ижродан фойдаланиш ҳуқуқи бошқа ҳуқуқий ворисларга ўтиши мумкин.

Ижро ёзувига бўлган ҳуқуқ ана шундай ёзувни амалга оширган шахсга ёки унинг ҳуқуқий ворисларига тегишлидир.

Трансляция қилиш ҳуқуқи кўрсатув ва эшиттиришни яратган эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотга ёки унинг ҳуқуқий ворисларига тегишлидир.



1076-модданинг олдинги таҳрири


1076-модда. Турдош ҳуқуқларнинг ҳимоя белгилари


Ижрони ёзиб олган шахс ва ижрочи ўз ҳуқуқларидан хабардор қилиш учун турдош ҳуқуқларнинг ҳимоя белгисидан фойдаланишлари мумкин, аудио ёки видеоёзувнинг ҳар бир нусхасида ва (ёки) улар сақланадиган ғилофда акс эттириладиган бу белги қуйидаги уч элементдан иборат бўлади:

айлана ичига олинган лотинча "Р" ҳарфи;

алоҳида турдош ҳуқуқлар эгасининг исми (номи);

ёзув биринчи марта эълон қилинган йил.



1077-модда матнининг олдинги таҳрири


Ижрочи қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

ижро вақтида, ижро ёзувининг нусхаларида, ижро трансляция қилинаётганда ёки такрорланаётганида унинг исми-шарифини кўрсатиш;

асарни бузиб ижро этишдан ҳимоя қилиш;

ижродан фойдаланишни амалга ошириш ёки фойдаланишга рухсат бериш.

Ижродан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидагиларга рухсат бериш ҳуқуқини қамраб олади:

ижрони эфир ва кабель орқали трансляция қилиш;

ижрони техника воситалари ёрдамида ёзиб олиш;

ёзиб олинган ижрони трансляция қилиш ва омма олдида такрорлаш;

ижро ёзувини кўпайтириш ва унинг нусхаларини тарқатиш.

Ижрочилар ўз ҳуқуқларини ижро этилаётган асарлар муаллифларининг ҳуқуқларига риоя этган ҳолда рўёбга чиқарадилар.

Ижродан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш қонун билан белгилаб қўйилади.

Хизмат топшириғини бажариш тартибида амалга оширилган ижрога (хизмат ижросига) бўлган ҳуқу??а нисбатан тегишинча ушбу Кодекс 1062-моддасининг қоидалари татбиқ этилади.



1078-модданинг олдинги таҳрири


1078-модда. Ижрони ёзиб олган шахснинг ҳуқуқлари


Ижронинг аудиоёзувини, видеоёзувини, аудио-видеоёзувини амалга оширган шахс ва унинг ҳуқуқий вориси ана шу ёзувга нисбатан алоҳида ҳуқу??а эга бўлади.

Бундай ёзувдан бошқа шахсларнинг фойдаланишига ана шу ёзувни амалга оширган шахс ёки унинг ҳуқуқий ворисининг рухсати билангина йўл қўйилади.

Ижрони ёзиб олган шахс ёки унинг ҳуқуқий вориси қуйидагиларни амалга оширишга ёки қуйидагиларга рухсат беришга ҳақлидир:

ёзувни омма олдида такрорлаш;

ёзувга тузатишлар киритиш ёки уни бошқа тарзда қайта ишлаш;

ёзувнинг нусхаларини тарқатиш (сотиш, ижарага бериш ва шу кабилар), шу жумладан чет элга бериб юбориш;

ёзувлардан нусха кўчириш; (ЎзР 15.12.2000 й. 175-II-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)


ЎзР 15.12.2000 й. 175-II-сон Қонунига мувофиқ бешинчи хатбоши олтинчи деб ҳисоблансин


ёзув нусхаларини импорт қилиш.

Башарти ижро ёзувининг нусхасига эгалик қилиш ҳуқуқи ижрони ёзиб олган шахсга тегишли бўлмаса, ёзувдан фойдаланиш, шу жумладан уни тижорат мақсадида ижарага бериш соҳасидаги алоҳида ҳуқуқ ёзувни амалга оширган шахсда сақланиб қолади.

Ижрони ёзиб олган шахснинг ҳуқуқларини чеклаш қонун билан белгилаб қўйилади.

Ижро ёзувига бўлган ҳуқуқнинг эгалари ўз ҳуқуқларини асарлар муаллифларининг ҳуқуқларини ва ижрочиларнинг ҳуқуқларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширадилар.



1079-модданинг олдинги таҳрири


1079-модда. Эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи

ташкилотнинг ҳуқуқлари


Эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилот ўз кўрсатув ва эшиттиришларидан исталган шаклда фойдаланиш ва учинчи шахсларга бундай кўрсатув ва эшиттиришлардан фойдаланиш учун рухсат бериш борасида алоҳида ҳуқуқларга эгадир.

Кўрсатув ва эшиттиришлардан учинчи шахсларнинг фойдаланиши шартнома асосида амалга оширилади. Ҳуқуқ эгаси фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

Эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотларнинг ҳуқуқларини чеклаш қонун билан белгилаб қўйилади.

Эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилот ўз ҳуқуқларини асар муаллифларининг ҳуқуқлари ва ижрочиларнинг ҳуқуқларини, зарур ҳолларда эса, ижро ёзувига бўлган ҳуқуқ эгаларининг ҳамда эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи бошқа ташкилотларнинг ҳуқуқларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширади.




ЎзР 08.01.2007 й. ЎРҚ-77-сон Қонунидан олдинги таҳрири



211-модданинг олдинги таҳрири


211-модда. Кўп квартирали уйдаги

квартира эгаларининг мол-мулки


Уйнинг бир неча квартираларга хизмат қиладиган умумий хоналари, хусусан устун ва тўсинлар, механик, электр, санитария-техника ва квартира ташқарисидаги ёки ичкарисидаги ўзга қурилмалари кўп квартирали уйдаги квартира эгаларига улушли мулк ҳуқуқи тарзида тегишлидир.

Уйнинг умумий мол-мулкига эгалик ҳуқуқидаги квартира эгалари улушининг миқдори ҳамда мазкур мол-мулкни сақлаш ва асраш бўйича харажатларни мулкдорлар ўртасида тақсимлаш тартиби уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Квартира эгаси уй-жой умумий мол-мулкига эгалик ҳуқуқидаги ўз улушини тасарруфдан чиқаришга, шунингдек бу улушнинг квартирага бўлган мулк ҳуқуқидан алоҳида тарзда бошқа шахсга ўтишига олиб келувчи ўзга ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.



219-модда номи ва биринчи қисмининг олдинги таҳрири


219-модда. Улушли мулкдаги мол-мулкка

эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш


Улушли мулкдаги мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш унинг барча иштирокчиларининг келишувига мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса - суд томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.




ЎзР 27.09.2006 й. ЎРҚ-56-сон Қонунидан олдинги таҳрири



565-модда биринчи қисмининг олдинги таҳрири


Транспорт воситасини ижарага бериш шартномаси, унинг муддатидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт. Бундай шартномага ушбу Кодекс 539-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ижара шартномаларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қоидалар қўлланмайди.




ЎзР 18.09.2006 й. ЎРҚ-52-сон Қонунидан олдинги таҳрири



1098-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири


Юридик шахснинг фирма номи унинг уставини тасдиқлаш вақтида белгиланади ва у юридик шахслар давлат реестрига киритиш йўли билан рўйхатдан ўтказилиши керак.




ЎзР 04.04.2006 й. ЎРҚ-28-сон Қонунидан олдинги таҳрири



54-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири


Юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки орган юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган билан келишган ҳолда тугатиш комиссиясини (тугатувчини) тайинлайдилар ҳамда ушбу Кодексга мувофиқ тугатиш тартиби ва муддатларини белгилайдилар.



55-модда тўртинчи қисмининг олдинги таҳрири


Оралиқ тугатиш баланси юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки орган томонидан юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган билан келишган ҳолда тасдиқланади.



55-модда еттинчи қисмининг олдинги таҳрири


Кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш тугаганидан кейин тугатиш комиссияси тугатиш балансини тузади,уни юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки орган юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган билан келишган ҳолда тасдиқлайди.




ЎзР 30.04.2004 й. 621-II-сон Қонунидан олдинги таҳрири


75-модданинг олдинги таҳрири


75-модда. Ижтимоий фондлар


Фуқаролар ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрий мулкий бадаллар қўшиш асосида таъсис этилган, хайрия, ижтимоий, маданий, маърифий ёки бошқа ижтимоий-фойдали мақсадларни кўзлайдиган, аъзолари бўлмаган ташкилот ижтимоий фонд ҳисобланади.

Фондга унинг муассислари томонидан берилган мол-мулк фонднинг мулкидир. Муассислар ўзлари ташкил этган фонднинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайдилар, фонд эса - ўз муассисларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

Ижтимоий фонд мол-мулкдан ўз уставида белгиланган мақсадлар учун фойдаланади. Фонд ўз уставида назарда тутилган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақли. Фондлар тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун хўжалик жамиятлари тузишга ёки уларда иштирок этишга ҳақлидирлар.

Фонд ҳар йили ўз мол-мулкидан қандай фойдалангани ҳақида ҳисобот босиб чиқариши шарт.

Ижтимоий фондни бошқариш ва унинг органларини шакллантириш тартиби унинг устави билан белгиланади.

Ижтимоий фонднинг уставида ушбу Кодекс 43-моддасининг тўртинчи ва бешинчи қисмларида кўрсатилган маълумотлардан ташқари қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

фонднинг органлари тўғрисидаги;

шу жумладан фонднинг фаолиятини назорат қилиб борувчи ҳомийлик кенгаши ҳақидаги;

фонднинг мансабдор шахсларини тайинлаш ва уларни озод қилиш тартиби;

фонд тугатилганида унинг мол-мулкини тақсимлаш тартиби тўғрисидаги.




ЎзР 13.12.2002 й. 447-II-сон Қонунидан олдинги таҳрири



587-модда матнининг олдинги таҳрири


Лизинг шартномаси бўйича лизинг берувчи (ижарага берувчи) бир тараф лизинг олувчи (ижарага олувчи) иккинчи тарафнинг топшириғига биноан ишлаб чиқарувчи (сотувчи) учинчи тараф билан ундан ўз маблағи ҳисобига лизинг олувчи учун мол-мулк сотиб олиш ҳақида келишиш мажбуриятини олади, лизинг олувчи эса, бунинг учун лизинг берувчига лизинг тўловларини тўлаш мажбуриятини олади.



589-моддаси учинчи қисмининг олдинги таҳрири


Лизинг объектини бевосита ўзи ишлаб чиқарувчи ҳам, шунингдек уни сотувчи ҳам ишлаб чиқарувчи деб ҳисобланади.



589-моддаси тўртинчи қисмининг олдинги таҳрири


Лизинг берувчи мол-мулкни бўлажак фойдаланувчидан сотиб олган тақдирда ёхуд лизинг берувчи келажакда мол-мулкни ишлаб чиқарувчига лизинг бўйича топшириш учун ундан шу мол-мулкни сотиб олиш мақсадида уни маблағ билан таъминлаган тақдирда бир шахснинг ўзи ҳам лизинг олувчи, ҳам ишлаб чиқарувчи бўлишига йўл қўйилади.



590-модда матнининг олдинги таҳрири


Лизинг тўлови лизинг олувчи томонидан лизинг берувчига тўланадиган ва лизинг берувчининг лизинг объектини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини ва лизинг ставкасини (лизинг берувчи оладиган фойданинг миқдори) ўз ичига оладиган пул суммасидир.



595-моддаси биринчи қисми биринчи хатбошининг олдинги таҳрири


Мол-мулк етказиб берилмаган, тўлиқ етказиб берилмаган, муддати кечиктириб етказиб берилган ёки унинг сифати тегишли даражада бўлмаган тақдирда, лизинг олувчи:



595-моддаси иккинчи қисмининг олдинги таҳрири


Лизинг шартномасининг муддати тугагач, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг объекти лизинг олувчининг мулки бўлиб қолади.



597-моддаси биринчи қисмининг олдинги таҳрири


Агар лизинг шартномасида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, фойдаланувчи лизинг тўловларини ўз вақтида тўлаши, мол-мулкдан уни етказиб бериш шартларига мувофиқ фойдаланиши, уни соз ҳолда сақлаши, ўз ҳисобидан жорий таъмирлаш ишларини бажариши, сақлаш бўйича бошқа харажатларни амалга ошириши шарт.



597-моддаси учинчи қисмининг олдинги таҳрири


Лизинг олувчи ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда, лизинг берувчи вақти-вақти билан ўзига тегиши керак бўлган тўловларни фоизи билан олиши мумкин.



597-моддаси тўртинчи қисмининг олдинги таҳрири


Лизинг олувчи ўз мажбуриятларини жиддий равишда бузган тақдирда, агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг берувчи бўлажак мунтазам тўловларни тезлаштиришни ёки лизинг объектини қайтариб олган ва зарарни ундирган ҳолда шартномани бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.